Хотира

Қабрнинг устида йиғламоқ учун

Мўғилистонда танк қўшинларида хизмат қилардим. 1977 йилнинг 23 феврал куни байрамни нишонлаш учун машқлардан казармага қайтдик.

Бир неча кунлик машқлардан кейин энг катта ҳадя хатлар эди. Дадамдан хат келган экан.

Дадам 47 ёшда, ўзлари хат ёзмас эдилар. Ўша пайтда бу менга жуда катта ёш кўринарди. Энди англасам, бу ҳали йигитлик даври экан. Лекин нима учундир дадам доим опаларим ёки сингилларимдан бирига айттириб хат ёзардилар.

Бу сафар танидим. Ўзларининг хати. Ўз қўллари билан ёзганлар. Ўн кунлар олдин юборган эканлар. Байрам куни етиб келибди. Хат жуда ҳам самимий ёзилган ва раҳматли онамнинг жуда ёш -42 да оламдан ўтганлари дадамнинг кўнгилларини жуда оғритган экан.

«Онанг бўлганда биргалашиб бориб, сени кўриб келармидик. Мен вақтим йўқ десам ҳам у «Қани йўлга тушинг» дея аллақачон мени олиб борган ва Монголия деган жойни ҳам кўриб келган бўлардик. Аммо онанг бизни ташлаб кетди…»

Бу гаплар дилимни ўртаб юборди. Кўзда ёш билан қайта-қайта ўқидим. Continue reading

Мушоҳада

ЖАННАТ ВА ЖАҲАННАМ

Шарқ фалсафасида Ер, Сув, Олов ва Шамол тўрт қудратли куч сифатида талқин этилади.

Олов золим диктатор…Одамни, оламни ёндириши мумкин, лекин Сув ва Шамолга қолганда лол, Ерга ўтадиган тиши йўқ.

Ер Сувни симиради, Оловни кемиради, Шамолни чевиради… Аммо Ер оёқлар остида. Доим тепки ейди.

Лекин фалакнинг гардиши, давроннинг гаврони билан Оловнинг кучи Ерга ўтса, Ер жаҳаннамга айланади, жизир-жизир ёнади.

Шамол-Ҳаво. У Оловни сўндириши, Сувни ўйнатиши мумкин, аммо унинг Ерга таъсири оз. Ҳаво ва Сув бирлашса жаннатга айланади.

Ер камтарлик рамзи. Хокисорлик тимсоли. Балки шунинг учун ҳам доим тепки ер!

Йўқ, у охир оқибатда ўзини тепганни ҳам ер!

Олов-жаҳаннам. Тушдингми, бағрида ёнасан, кулга айланасан. Continue reading

Мулоҳаза

ДИКТАТОРЛАР ВА ДЕМОКРАТЛАР

Бугун дунёдаги жуда кўп мамлакатларни диктаторлар бошқаришмоқда. Бу айниқса, мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда кўпроқ.
Кимлардир диктаторларни тинч, инқилоб йўли билан ағдариш мумкин деб ҳисоблайдилар. Улар босиб ўтилган тарихдан мисоллар келтирадилар ва яқин тарихга назар ташлаб, Гуржистон, Украина ва Қирғиз инқилобларини мисол келтирадилар.

Аслида охирги бу уч мамлакатда золим диктатор эмас, мўътадил яккаҳоким раҳбарлар ҳокимият теппасида эдилар.

Диктаторларни бир неча гуруҳга ажратиш мумкин, жумладан׃

1. Айёр ва золимлар. Судан, Шимолий Корея, Бирма, Зимбабве, Ўзбекистон ва бошқа шу каби давлатларни ана шундай қаттоллар бошқаришмоқда.

2.Замонасозлар. Покистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Хитой ва ҳоказо мамлакатлар “теппа”сида шундай диктаторлар ўтиришибди.
Диктаторлар йилдан-йилга айёрлашиб кетмоқдалар. Хавф қайси томондан келишини олдиндан тахмин қилиб, чорасини кўрмоқдалар ва бу борада ҳаммадан ҳам айёрликларини намойиш этмоқдалар. Continue reading

Сиёсий латифалар

“ДЕНГИЗ”ЧИ

-Ислом Каримовни денгиз деб шеър ёзиб юрган шоир бор эди, шу кўринмай қолди, тинчликми?,-деб сўради бир мухолифатчи иккинчисидан.
-“Денгизчи”ни сўраяпсизми? Ҳали хабарингиз йўқми?
-Нима гап? Хабарим бўлганда сиздан сўрармидим?
-У ўша денгизга ғарқ бўлиб кетди. Continue reading

Бошқа дунё

5.ДУОХОНЛИК

Харидни катта қилишимизнинг яна бир сабаби бор эди. Уйда ҳар куни меҳмон бор. Реней билан Шёрли инглиз тили ўргатиш учун келишса, Ҳайдар ва  Сергей машина ҳайдашни ўргатиш учун келишади. Қўшниларни ҳам таклиф қиламиз. Уйга меҳмон келдими, қозон қайнаши шарт. Қозон қайнадими, дастурхон неъматларга тўлиши лозим. Ўзбекнинг азалий одати бу.

Аммо америкаликда бундай одат йўқ. Масалан, инглиз тилини ўргатишга келган одамни ҳам иш билан келди, деб ҳисоблайди ва нари борса бир стакан сув таклиф қилади.  Ўзбекда эса бировдан муттаҳам бўлиб қолмаслик туйғуси кучли. У бизга яхшилик қилмоқдами биз ҳам қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Бу – хислат. Continue reading

Воқеа ва ривоят

“КИШТ”

Университетда бирга ўқиган дўстлардан икки нафари Назарабекда қурилиш ётоқхонасида туришарди. У ерга улар билан шатранж (шаҳмат) ўйнаш учун бориб турардим. Бир куни унча-бунча одамга енгилмайдиган ошнамни мот қилдим. У бирдан шаҳмат доналарини сочиб юборди ва тахтани тизасига бир уриб синдириб ташлади. Шундан кейин орамизда бошланган совуқлик ҳеч йўқолмади. Шу нуқта дўстликнинг битиш нуқтасига айланиб қолганидан афсусландим. Орани тузатишга кўп уриндим, аммо салом-алигимиз илгариги самимият нуқтасига қайтмади.

Шаҳмат қоидаси – бир томон мот қилдими, икинчи томон мағлубиятни тан олиб, ғолибни қутлайди ва навбатдаги ўйинга бошланади. Ҳаётда ҳам шундай. Бир нарсада ютқаздингизми, мардларча тан олиб, хатони таҳлил қилиб, ўйинга қайта кириш керак.

Бизда эса ҳаётнинг мана шу қонуни бузилган кўринади.

Чунки бизнинг ҳаётда ҳамма нарса мотдан кейин бошланади. Мот бўлган томон шаҳмат тошларини улоқтиради, тахтасини синдиради, рақибини ғирромликда аблайди ва ҳоказо. Continue reading

Лекин…

ДАВЛАТБОЙ

Қишлоғимизда бир девона бор эди. Исми Давлат. Кимдир уни Давлатбой деса, кимдир Давлат девона дерди. Шунинг ўзи унга икки хил муносабат бўлганини кўрсатади.

Давлатбой мактабда ўқимагани учун саводсиз бўлса-да “Лайло” деган қўшиқни ёддан билар ва ярим тунга қадар кўчаларда айтиб юрарди.

Отаси Эшон ака маҳалла раиси эди. Ўғлига янги уст-бош олиб берса ҳам барибир Давлатбой жулдурини кияр, ҳовлисида алоҳида хона қилиб бергани билан у кўча куйда саргардон эди.

Агар биров унга дўқ урса׃

-Ҳали кўрасан, отим Давлат, бир обком бўлсам- давлат бўлсам, онангни кўрсатаман! – деб жавоб қиларди.

“Обком” дегани ўша кезда вилоят партия комитети дегани эди, яъни бугунги ҳокимлик мақомига тенг идора, маҳаллий давлат эди. Шунингдек, халқ орасида ана шу маҳаллий давлатнинг биринчи котибини ҳам “обком”, “обкомбобо” дейширади. Continue reading

Ишоратлар

ЯРАТГАННИНГ ИНОЯТИ

Сунбула келдими, Америка табиатида мўъжиза кунлар бошланади. Дарахтларнинг барглари сап-сариқ, қип қизил, кўм-кўк ва биз сўз билан ифода этолмайдиган даражада ажиб рангларда товланиб эртаклар диёрини яратади. Шундай кезларда қалин ўрмонлар билан қопланган тоғлар яқинига борсангиз, табиатнинг гўзаллиги қаршисида лол қоласиз.

Мен севган бир тоғ бор-Шенан тоғ. Бизнинг уйдан анча узоқларда. Шаҳар атрофида яшаганимиз учун ўша тоғ бағрига бориб келиш анча вақт олади. Ҳар доим ҳам у томонга йўлим тушмайди. Лекин ҳар куни бир бориш истаги кўнглимни тарк этмайди. Куз тушдими ҳеч қандай сабаб бўлмаса ҳам ўша томонга қараб кетгим, ўша тоғ бағридан ўтган йўллардан уфқ остонасига қараб етгим келаверади. Continue reading

Хотира сўқмоқлари

ҲАВАС ВА ҲАЗАР

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшаб, ижод этган Асадулло Ортиқов (Яккабоғли) ўзбек журналистикасининг бир исёнкор овози эди. У Ўзбек журналистикаси тарихида икки жиҳати билан ўчмас из қолдирди.

Биринчиси, унинг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос услуби бор эди.

Иккинчиси эса, у фавқулодда камтар, камсуқум, ўз манфаатини ўйламайдиган, ростгўй, адолатпеша қаламкаш эди.

Унинг хориждаги ўзбек радиоларидан янграган деҳқончилик, фермерлар ҳақидаги туркум фелъетонлари Каримов режимининг башарасини очганди. Унинг бу режимга астойдил хизмат қилган Ўткир Ҳошимов, Абдулло Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби маддоҳлар ҳақидаги жуда кўплаб мақолалари ҳам асло эсдан чиқмайди. Улардаги Абдулла Қаҳорчасига янги топилмалар ва деҳқончасига содда ифодалар ҳамда дилларни ларзага солгувчи давомли саволлар ўқиган ёки эшитган одамнинг бир умр ёдига муҳрланиб қоларди.

Мен “Америка овози”да ишлаган пайтларимда уни тез-тез қидирардим. Чунки унинг янги-янги асарларини ўқигим, эшитгим келарди. Маълум кунларда у Яккабоғдан Қаршидаги ҳамкоримизнинг уйига ташриф буюрар ва биз телефон орқали дардлашардик. У халқнинг охир аҳволидан дод деб фикр юритарди. Continue reading

Номалар…ҳангомалар…

 ЎЗ УСТИДАН КУЛИШ

Кавсар опа ва Умар ака … Бу оила Туркия орқали кўчиб келган ўзбеклардан. Улар

икки қизидан фақат битта нарсани илтимос қилардилар.

-Ҳамма айтганингизни қиламиз, машина ҳам олиб берамиз, ўқишингзига пул ҳам берамиз, фақат, бир кун америкаликни етаклаб келманглар,- дейишради улар.

Қизларнинг каттаси университетни битирар экан, бир куни малла бир йигитнинг қўлидан ушлаб уйига олиб келди.

-Шу йигит билан тўй бўлмоқчимиз,- деди қизи.

Умар аканинг оёғи ердан узилгандек гурсиллаб йиқилди. Кавсар опа ҳам унга қараб туриб йиқилиб қолди. Анчадан кейин ўзига келган Умар ака қизини оқ қилди. Қизи оқ қилгани нима эканлигини тушунмади ҳам. Уни уйдан қувишди. Ёшлар чиқиб кетишди ва оила қуриб яшай бошладилар. Бир йилга бормасдан оила юрмади. Ажралдилар. Қиз кўчада қолди. Ота-онада, нима қилишсин, уйга олиб келишди. Бир кетиб икки бўлиб қайтганди қиз. Неваралари ҳам маллавой. Continue reading

Бунақаси жуда кўп

“ДОКТОР”ЛАР

Ўзбекистонда ҳеч ким телефон гўшагини кўтарса “Доктор фалончиман ” демайди. Аммо Туркияда фан докторларининг уйига ва ёки иш жойига қўнғироқ қилсангиз “Доктор фалончи эшитади…” дейишади.

Ўзбекистондан Туркияга кўчиб келган бир киши ҳали бу ерда яшашга изни бўлмагани ҳолда қисқа вақтда “доктор” бўлиб олди. Уйига телефон қилсангиз “Доктор…. эшитади” деган жавобни оласиз. Continue reading

Бўлган воқеа

САИД БОБО

Саиднинг отаси Термездан Афғонистонга ўтиб кетган экан. У оилали бўлгач, Америкага олти боласи билан келди. Америкада бир боласи бўлганларнинг фиғони фалакда бўлган бир пайтда Саидни кўришганда унга қанчалик ачинишганини тасаввур қилиш қийин эмас. Саид аввалига оилани ўзи билганидек бошқарди. Болаларини истаса сўкар, истаса урар, истаса суяр эди. Вақт ўтиши билан болалари мактабдан янгиликлар топиб кела бошладилар:

-Ота-оналар болаларини уриши мумкин эмас экан,- дейишди улар.

-Бекор айтибди ўқитувчиларинг,- жавоб қилди Саид.

-Агар ота-оналар болаларини урса, улар дарҳол полицияга телефон қилиши керак экан, -деди болалар.

-Ўқитувчингни падарига лаънат, -деди Саид ва мактабга борди. Continue reading

Бошқа дунё

4. Пост Меридиан

Мерит бизни Реней, Шёрли деган аёллар ва Вен деган оқсоқол билан таништириб қўйди. Реней ва Шёрли уйимизга келиб инглизча сўзларни ўргата бошлашди. Вен эса шоферимиз, қаёққа борамиз десак, хизматда. Баъзан уйига ҳам меҳмонга олиб боради. Уйи тоғнинг тепасида, дарахтлар орасида. Хотини билан ёлғиз яшайди. Хотини ҳам унинг ўзига ўхшаган меҳмондўст.

Бир куни Вен бизни ҳукумат идорасига олиб борди. Бир қанча қоғозларни тўлдирдик. Камбағаллар рўйхатига киритишди. Озиқ-овқат харид қилишимиз учун купонлар тўпламига ўхшаган китобча беришди. Бу пул ўрнини босар экан. (Ҳозир унинг ўрнига пластик карта беради-ЖМ). Ҳар бир кишига 120 доллардан ҳисоблаб, 720 долларлик купон берди. Шунча пулга озиқ-овқат харид қилишимиз мумкин экан. Continue reading

Шунақаси ҳам бўлади

РОҲАТОЙ

Тошкентда Роҳатой тошдан сут соғиб оламан, деса, шуни уддасидан чиқадиган деб айтишар экан. У мелисада ишлаган эрини ҳам доғда қолдириб, учта боласини ҳам олиб, ҳали қизларнинг болдирини кўрмаган йигитча билан Америкага қочиб келибди. Унинг Ўзбекистон паспорти ҳам, Америкадан олган “грин карди”(яшил картаси) ҳам бор экан. Истаса унисини ишга солади, истаса бунисини. Бу ерда у бир жойга ишга ўтди. Бошлиқ қариб қолган бўлса ҳам кўнгли ёшлардан эди. У билан бирга ресторанларга бориб, бирга чекиб, бирга ичиб юрди. Ишдан кейин ҳам иккаласи қолар ва ора бир кун Роҳатой мукофот олар эди.

Мажлисларда бошлиқ уни мақтаб, “Роҳатой нафақат инглиз тилини, балки рус тилини, ўзбек ва ҳатто тожик тилини ҳам билади. Муштарийларимиз унинг фаолиятига катта баҳо беришмоқда. Шунинг учун унга мукофот ҳам бердик, маошини ҳам оширдик”дерди. Роҳатойнинг инглиз тилида “олма теришни” “сувда чўмилиш” деб гапиришини, эси ҳам бироз кирди-чиқди эканлигини билганлар эса, мийиғларида кулиб қўярдилар. Continue reading

Ҳазил ўрнида

КАШФИЁТ

Илгари одамларнинг қиёфалари, характерлари ёки ҳаракатларида турли ҳайвонларга ўхшашликлар борлиги ҳақида ўқиган эдим. Баъзиларга шунга қараб лақаб ҳам қўйишганини билардим. Мажлисларда шу ёдимга тушса, ҳайъатда ўтирган “Ҳўкиз”, “Қўй”, “Туя” ва “Бойўғли”ларга термулиб, жилмайиб қўярдим.

Яқинда Америкада бир кашфиёт қилдим. Одамларнинг мева-сабзавотларга ўхшаганлари ҳам бўлар экан ва бу уларнинг ўзликларига сингиб, кундалик гап-сўзларида ҳам ифодасини топар экан.

Америкада яшайдиган У. кимдан ранжиса ўшани “Шолғом” деб сўкар экан. Бундай қараб турсам, ўзининг сочлари тўкилган, ёзи ҳам худди шолғомдек думалоқ ва ярим қизил бўлиб қолган. Биров ҳақида салбий гап очса, худди шолғомдек қизара бошлайди. Фақат бошига шолғомнинг “думи”ни қўйиб, фараз қилсгангиз, бас, кўз олдингизда Олой бозорида қараб-қараб, ўтиб кетганингиз, “Қишда шамоллаганда ейиш керак, балки мошхўрдага солармидик” деганингиз шолғомлар келади. Continue reading

Шунчаки…

БИР СЕВГИ АФСОНАСИ

Ризвон хола билан тасодифан танишиб қолдик. Аяхон узоқ йиллардан бери Америкада яшасаларда бу ердаги ўзбеклар билан бор-келди қилмаганлари боис кўпчилик билан таниш ҳам эмас эканлар.

Бир куни сабабини айтиб қолдилар:

-Мен турмуш ўртоғим раҳматли бўлгач, бутун кучимни болаларимни ўқитишга сарфладим. Ҳафтада етти кун ишладим ва уларни оёққа қўйдим, бунинг устига мен замонавий аёллардан эдим. Болаларим ҳам замонавий бўлиб етишдилар. Бир-икки ҳамюртлар билан борди-келди қилсам, камсита бошладилар. Намоз қилмаганимизни юзимизга солишди. Ҳатто болаларимни кофир ҳам дейишди, устидан кулишди. Бугунга келиб, қараб турсам, менинг ҳамма болаларим етишган, Тангрисига чин дилдан ишонган, олий маълумоти, виждонли, катта-катта ишларнинг эгаси. Ўша танишларимизнинг болалари ҳали ҳам тунги клубларда юришганини эшитиб қоламан. Клубнинг ёнига қадар бошини ўраб келармиш-да кейин эса, ҳаммаёғини очиб оларкан. Бунинг устига ўша танишларим одамга тақинчоқларига қараб баҳо беришар экан, мен тақинчоқ олиш ўрнига болалаларимнинг ўқишига пул тўпладим. Хуллас, бугунга келиб ҳамюртлар мени унутишган, мен эса, уларни. Тангира эса, улардан кўпроқ мен ишонсам керак. Чунки уларнинг таши бошқа ва ичи бошқа. Continue reading

Бошқа дунё

3. Мерит

Дунёдан узилиб қолдим. Интернет йўқ. Телефон билан кўнгилга равшанлик инмайди. Истанбулда профессор Темур Хўжа ўғлидан илтимос қилиб, АҚШда жойлашган халқаро ташкилотларга хат ёздириб олгандим. Мазмуни шу эдики, билган тилларимда бирор юмуш бўлса, ишга олишса. Орегонга келгач билдимки, қанча кўп ташкилотга “заказной” хат юборсам, шунча кўп пул керак. Ҳали кўзимиз ҳам, қарашимиз ҳам турк лирасидан долларга ўрганмаган. Бир долларлик ҳам жигарнинг парчаси. Шундай пайтда ҳатто хат жўнатиш оғир тушар экан.

Орада “Америка овози”га телефон қилиб тураман. Асли наманганлик бўлган ва Афғонистонда яшаган, мана энди америкаликка айланган Абдулманнон Кескин ҳали Туркияда эканлигимдаёқ “Америкада биров бировга ёрдам бермайди, ҳар ким ўз оёғида туради” деб гапнинг дангалини айтганди. Лекин у кишининг ўзи ҳаммага ёрдам қиладиган одам эканлигини кейинчалик ўргандим. Continue reading

Янги китобдан боблар

БОШҚА ДУНЁ

2. “Жет лаг”

Бир жойда тўхтадик. Тун оққани учунми атроф қўрқинчли эди. Уйлар  армия казармасини эслатади. Ҳар бир уйда олтитадан квартира. Шулардан биттасини Мерит биз учун ҳозирлабди. Ичкарига киришимиз билан Мерит қизимни чақирди ва бизга квартирани “таништирди”׃ Учта ётоқхонаси бор, битта катта зал ҳамда ошхона. Залда мўрили печка ўрнатилган бўлиб унга ўтин ташлаб ёқиларкан. Мерит балконга бошлаб:

-Сизлар учун ўтин ҳам жамғариб қўйдим,-деди.

Биз Америкага келдикми ёки адашиб Мексикага ўтиб кетдикими, деб ўйлаб қолдим. Наҳотки уйни ўтин ёқиб иситамиз? Атрофга аланглаб, охири деворнинг бир четидан ҳаво келадиган жойни кўриб қолдим. Кейин билимдонлик қилган каби сўрадим: Continue reading

Muallifga maktublar

„O’zbeksotar“ni o’qib

Assalomu alaykum Jahongir aka, oradan birmuncha vaqt o’tgandan so’ng yana maqolalaringizdan bahramand bo’layotganimizdan juda xursandman.

„O’zbeksotar“larni o’qib bu holat hozirda O’zbekistonda deyarli ayb hisoblanmay qolganini aytib o’tmoqchi edim.

Maqolangizni o’qib qishlog’imizdagi Xudoyqul aka (ismi biroz o’zgartirilgan) esimga tushdi.

Anchayin qo’li kalta, mahallada to’y ma’rakalarga birov aytsa birov aytmaydigan, deyarli o’rni bilinmaydigan odam edi. Faqatgina yerni haydash kerak bulganda u kishi eslanardi. Continue reading

Янги китобдан боблар

БОШҚА ДУНЁ

Кириш ўрнида

Табиб табиб эмас, бошига тушган табиб, дейдилар. Бир пайтлар Америка мутлақо бошқа дунё эди, бугун эса бу мамлакатнинг пасту баландини сўранг, имкон қадар айта оламан.

Дарвоқе, “Американи Колумб очгани билан ҳар ким уни ўзича кашф этади” деган гап бор. 1990 йиллардан кейин Америкага келган ўзбеклар орасида қисқа вақтда оёққа туриб, бу ерда Ўзбекистондагидан яхши яшай бошлаганлардан бириман, десам муболаға бўлмас. Стевен (фамилияси эсимда қолмаган) деган америкалик бир профессор 1999 йилда  бизга қисқа фурсат  дарс берганда “Оёққа туришинг, америкалик ўрта синф сафига қўшилишинг учун камида ўн йил керак” деган эди. Бу лоф экан. Чунки бу ерга ҳеч нарсасиз келиб, икки йилда оёққа туриш мумкин. Continue reading

Мулоҳаза

ЎЗБЕКСОТАРЛАР

Мустақилликнинг ўнинчи йиллиги нишонлангандан сўнг орадан бир ой ўтиб шу ибора пайдо бўлди. Гап шундаки, АҚШда 2001 йил 11 Сентябрда учқичлар билан Америка рамзлари ҳисобланган биноларга ҳужум қилингандан кейин жилови тортилган эркинликлардан бири бу ерда ғайриқонуний юрган муҳожирларни ушлаш бўлди.

Ушла-ушла борар экан, матбуотда бир хабар пайдо бўлди. Ўзбекистонлик бир эр-хотин ёш-ёш ўбекларни олиб келиб, Америкада сотишар экан. Сотиш деганда табиийки қул каби сотиб юбориш эмас, балки уларни қулдан ҳам баттарроқ шаклда сотиш, яъни уларнинг вужудлари ҳисобига пул қилиш билан шуғулланишар экан. Полиция визаси ўтиб кетган фоҳиша қизлардан айримларини ушлагач, ипнинг учи эгаларига, яъни эр-хотинга борган ва улар ҳам қўлга олинган. Эр-хотин олий маълумотли бўлиб, инглиз тилини яхши билишгани учун ва қизлар билишмаганидан фойдаланиб уларнинг устидан пул қилар экан. Continue reading

Изоҳлар бўлимидан

Аммо сизни ҳам баъзи кимсалар айблади, бошлиқ Жаҳонгир ака эканда деди…

“Топқир ва толмас ёшлар”га муносабат

Ассалому Алейкум Ҳурматли Жаҳонгир ака! Аввало ўзиздан сўрасак яхшимисиз, аҳли оила ҳамма тузукмисизлар!

Ҳурматли Жаҳонгир ака одамни жуда ҳам уялтириб мартабамни кўтардингиз, сизнинг олдизда жуда ҳам ҳижолат бўлиб кетяпман.Сизни нек суханларингиз учун минг бора таъзимлар билан котта раҳматлар айтиб,шу баҳона бир ойдан мени қийналаётган гапни оммани олдида сизга айтиб ўтмоқчиман:

Бу саҳифани очишга сабабчи бўлган четда ўзизга маълум,мухолифат деб узларини мартаба баланд,супер-савия ва супер-Уламо Уюшмалари ўта даражада одамни сўроқсиз 4-та тоифага ажратиб қўйиб, сайтларида хоҳлаганича Каримовни баҳона қилиб олганлари диктатор, қуруқ гаплари билан халқни,айниқса ёшларни чалғитмокдалар.

Ҳа Каримов Диктатор бўлса қил қиладигон ишни қуруқ гапирмасдан десангиз,руббоиййлар ёзиб одамни ажратиб жосусга чиқариб ташайдилар…

Мен ҳам уларга энг савияси паст хақиқий Каримовчи ва МХХчи лақабига эга бўлиб улгурдим,фақат ойлигимни Каримов эмас,қумшувоқларим бермоқда. Continue reading

Янги китоб

Саҳродан садо

Австрияда яшаётган таниқли ўзбек шоири Ёдгор Обиднинг яна бир китоби босмадан чиқиб, қўлимизга етиб келди.

Бу китоб  шоирнинг 200 атрофидаги шеърларини жамлаган.

Китобнинг нусхалари АҚШ Конгресси кутубхонасига ҳам тақдим этилди.

Ушбу китоб интернет орқали ҳам сотувга чиқарилган. Қуйида китобга ёзилган ўнг сўзни ўқишингиз мумкин.

Шашти баланд шоир

Бир куни Ёдгор ака билан Ҳазар денгизининг соҳилида суҳбатлашиб бораётгандик, у киши тўлқинларнинг соҳилга урилиб, кейин ортга қайтишига тикилиб қолдилар.
-Бунда ҳам катта фалсафа бор-а, Ёдгор ака,- дедим мен. Continue reading

Топқир ва толмас ёшлар

Бугунги мардикор ким? Ўз ватанида ўз ишини тополмaган, ўз ҳақини ололмаган ва ўзга юртларда сарсон-сaргардончиликка юз тутган мардумдир.

Уларнинг кўпчилиги Урусиятда. Кимлардир баъзиларини рус тилини билмасликда айблайдилар. Лекин уларнинг айримлари ўзбек тилини ҳам эплаб гапира олмайдилар ёки эплаб ёза олмайдилар. Бу уларнинг айби эмас, бу ўзбек жамиятини шу куйга солган золим режимнинг айби. Чунки ёппасига ёйилган иллат учун шахслар айбланмайди, балки тузум бошқарувчилари масъул тутилади.

Хуллас, бугунги мардикор гапирганда ва ёзганда имловий хато қилади, аммо фикр айтишда мерган. Бу гапга ишонмасангиз “мардикоршунос ва мухолифатолог” Максим Назаров тартибга солаётган МАРДИКОРШУНОС интернет журналига бир назар ташланг.

Бу сайтни кўриб мардикорлар орасида ҳам кулиш, ҳажвни севадиганлар, дунёдаги воқеаларга ўз муносабати шаклланган ва энг асосийси келажакка бефарқ эмаслари борлигини кўрасиз. Continue reading

Ёшлар майдони

Омад, Шавкат Муҳаммад!

Шавкат Муҳаммаднинг услуби Абдулла Қодирийнинг Жулқунбой тахаллуси билан ёзган ҳажвлари ва фелъетонларидаги услубга ўхшаб кетади. Кутилмаган иборалар ва кутилмаган фикрлар… Ҳаммаси янги ва илгари эшитмагансиз. Эшитгансиз, лекин атрофдаги одамлардан, aммо сатрларга сингиб кетган саслардан эмас.

Шавкат Муҳаммад янги сўзлар ва фикрларни сатрларнинг орасига жойлаб, тотли “сандвич” қилиб, мухлисларига тақдим этади. У уруснинг гапини ўзбекчалаштириб, “девор”ларни “шпакловка” қилиб юборади. Кўнглингиздан ўтиб турган гапларни шартта айтади қўяди. У билан баҳслаша олмаганлар уни ҳақоратлай бошлайдилар. Руҳи касал ва қалби сўқир одамлар шундай иш тутадилар. Уларга бешикда теккан касал бу! Тобутга солиб кетадилар.

Кўпчиликнинг эса Шавкат Муҳаммадга қойил қолмасдан иложи йўқ. У ўз ҳақиқатини айтади ва бунга қойил қолмаслик мумкин эмас.

У тўғри келган одамни танқид қилавермайди. Ўз аравасини тортиб юрган одам билан кимнинг иши бор. Агар бир вазифани бўйнига олиб, ваъдани бериб, бажармаётган бўлса унинг тепкиси келиши аниқ. Continue reading