“КИШТ”
Университетда бирга ўқиган дўстлардан икки нафари Назарабекда қурилиш ётоқхонасида туришарди. У ерга улар билан шатранж (шаҳмат) ўйнаш учун бориб турардим. Бир куни унча-бунча одамга енгилмайдиган ошнамни мот қилдим. У бирдан шаҳмат доналарини сочиб юборди ва тахтани тизасига бир уриб синдириб ташлади. Шундан кейин орамизда бошланган совуқлик ҳеч йўқолмади. Шу нуқта дўстликнинг битиш нуқтасига айланиб қолганидан афсусландим. Орани тузатишга кўп уриндим, аммо салом-алигимиз илгариги самимият нуқтасига қайтмади.
Шаҳмат қоидаси – бир томон мот қилдими, икинчи томон мағлубиятни тан олиб, ғолибни қутлайди ва навбатдаги ўйинга бошланади. Ҳаётда ҳам шундай. Бир нарсада ютқаздингизми, мардларча тан олиб, хатони таҳлил қилиб, ўйинга қайта кириш керак.
Бизда эса ҳаётнинг мана шу қонуни бузилган кўринади.
Чунки бизнинг ҳаётда ҳамма нарса мотдан кейин бошланади. Мот бўлган томон шаҳмат тошларини улоқтиради, тахтасини синдиради, рақибини ғирромликда аблайди ва ҳоказо.
“Балки қаердадир хато қилган бўлсам керак?”
“Аспни бекордан-бекорга қурбон қилдимми?”
“Сипоҳни яхши ўнатмадим, шекилли?”
“Фил туриб қолди, уни ҳаракатга келтирмадим, балки шу мағлубиятга бошлагандур?”
“Руҳ-чи, руҳ, у вазифасини бажардими?”
“Вазирни алмаштириб юборганда энг катта хатони қилдимми ёки?”
“Балки пиёдаларни асрамасдан майдонни очиб юбордимми?”
“Ёхуд бутун хаёлим “кишт” дейишда бўлиб қолдими?”
Мағлуб бундай саволларни ўзига бериши учун аввало мағлублигини тан олмоғи керак. Лекин…
Ривоят׃ Искандарга қарши Ҳиротда жанг қилаётган икки паҳлавон-Меҳмон ва Мезбон учрашиб, кучларни бирлаштириш режасини тузишибди. Кейин Меҳмон׃
-Кеча менга Ҳинддан янги шатранж олиб келишди, тошлари фил суягидан қилинган, бир ўйнайлик,-дебди.
-Душманимиз жуда кучли,-дея Меҳмон Отни олдинга сурибди.
-Биргалашиб тор-мор қиламиз, у босқинчини,-деган Мезбон Филни ишга солибди.
Анчадан кейин Меҳмон׃
-Душманга мана бундай қилиб “Кишт” деймиз,-дебди-да Мезбонга мот қўйибди.
Мезбон Меҳмонни кузатиб қўйиб, мот бўлганидан қийналиб, ухламай чиқибди. У Меҳмон ғирром экан, бунинг устига менга душман дея киноя қилди, деб ўйлаб чиқибди. Асабларини идора эта олмай, интиқом руҳига таслим бўлибди ва белгиланган пайтда жангга қўшилмабди.
Якка жангга кирган Мезбон сипоҳларини йўқотиб, мағлуб бўлибди. Бир неча кундан кейин Меҳмоннинг уйига келибди.
-Нега келмадинг?-дея сўрабди ундан.
-Душманга мана шундай қилиб “Кишт” деймиз,-деган жавоб олибди.
-Биз “Кишт”га “Кишт” деб жавоб қиламиз,-деган Меҳмон ёпиниб турган сипоҳга ишора қилибди. Сипоҳ ниқобини олиб ташласа, Искандар экан.
-Ҳар иккалангизни ҳам аслида мен мот қилдим.-дебди Искандар уларнинг кўксига қилич санчар экан,- Ўша шатранжни мен юборгандим…
2006.
ЖМ.
Filed under: Kundalik |
Leave a Reply