ЯҚИН МОЗИЙ

МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ ВА ҲУР МИЛЛАТ

Инсон онги, тафаккури, эътиқоди шаклланишида мафкура суғорувчи ирмоқлар бўлиб хизмат этади.

Инсон ҳатти-ҳаракатидан камолотига қадар катта бир борлиқ мағзи мафкурага боғлиқ. Шу сабабдан минг йиллар давомида ана шу борлиққа ҳукмронлик қилиш учун курашиб келинди.

Узоқни қўйиб турайлик, ҳали саҳифаси сарғаймаган яқин тарихимизда бу борада қанча синовлар ўтказилди. Одамларни коммунистик мафкура доирасига солиш туфайли манқуртлаштириш ва осон бошқариш учун мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Бу ёвуз мафкура туғруқхонада янги туғилган чақалоққа уч кун қоришиқ сут беришдан тортиб, дунёдан кўз юмган кишини митинг билан кўмишгача  бориб етди. Тан оламизми, йўқми, ҳақиқат шуки, бу мафкуранинг  домига тушмаган ёки унинг “хасталиги” юқмаган одам оз.

Ўзбекистон ҳукумати буни яхши билади. Шу боис ҳам янги бир мафкура яратишдан эскисини “миллий мафкура” деб номлаб ушлаб туришни афзал кўрди.

Дарвоқе, янги мафкура зарурми? Агар зарур бўлса, нима учун?

Бизнинг назаримизча, миллий мафкура мутлоқ зарур. Айримлар эътироз билдиришлари мумкин. Жуда катта ва бой тарихимиз қатида онгимиз, эътиқодимиз, тафаккуримизни шакллантириш учун нафақат ирмоқ ҳолида, балки уммон ҳолида мафкура мавжуддир, дея. Ва улар хақдирлар.

Аммо бугун бизга юз эллик йил давомида босқинчилар тарафидан сингдирилган мафкурадан қутулиш, халос бўлиш учун мутлоқ янги мафкура лозим. Даволанмасдан туриб, хаста аҳволда спорт билан шуғулланиш мумкин эмаслигидек, онгимиздан заҳри-қотилни улоқтирмасдан тарихимизни мукаммал ҳолида қайтара олмаймиз.

Бугун биров “Сен туркийзабонсан” деса, эртага бошқа бири “Сен янги бир миллатсан” деса, ишониб кетаверишимиз ана шундан.

Хўш, янги мафкура қандай бўлиши керак? Тўғри, бу бир кишининг қараши билан яратилмайди. Биз бундан икки йил аввал ҳукуматга еркин фикрловчи зиёлилар иштирокида зирва ўтказиб, бу хусусда бир тўхтамга келиш керак, деган таклиф билан чиққан эдик.  Ўзимизнинг фикр- мулоҳазаларимизни ҳам тақдим этгандик. Бироқ…  .

Вақт кечиб бораяпти. Ҳукумат ҳам, биз ҳам бебаҳо дамларни бой бераяпмиз. Бу аҳволда, Худо кўрсатмасин, яна советлар бирлигига ўхшаган фалокат ўртага чиқса, халқимиз орасида унга қарши бош кўтарганлардан, уни қўлловчилар кўпроқ чиқади. Чунки онгимизни ҳали ўша заҳарли ирмоқ суғориб турибди. Бугун Ўзбекистонда мафкура яратмоқчи бўлаётган олимларнинг аксарияти ҳам ҳали эскисининг домидадир. Ва улар янги бир мафкура ярата олмасликларини бугунги сиёсат исботламоқда. Биз қараб турмасдан ўз мафкурамизни яратишни бошламоғимиз лозим.

Мафкурамиз “Ҳур, демократик давлат ва ўзлигини англаган миллат учун” деб номланишини истардим.

Унинг амалга ошириш дастурини “Етти эм” деб номлаган бўлардим. Бу эмлаш, даволаш маъносидан ташқари,  етти қисмли “М” ҳарфи билан бошланувчи ва ҳар бири яна етти қисмга бўлинувчи дастурни англатади.

Биринчиси: – МУҲАББАТ.

Тангрига муҳаббат –  банда бандага эмас, улуғ ва ягона Тангрига бўйсўниши;

Ватанга муҳаббат –  инсон юртни, заминни ўз вужудининг манбаи деб англаши;

Миллатга муҳаббат –  халқнинг ўтмиши, бугуни, келажаги, қадри, обрўси унинг ўзига тегишли эканлигини англатиш;

Ота-онага муҳаббат –   ўз шажарасини билиш, падари-бузруквори ва волидасининг ҳаётда эканликларида ва ундан кейин ҳам дил тўрида сақлашни унутмаслик;

Устозга муҳаббат –  таълим-тарбия берган, тўғри йўл кўрсатган, илмга бошлаган кишиларнинг қадрига етиш;

Табиатга муҳаббат –  атроф – муҳит мусаффолиги, гўзаллиги, тозалиги бировлар учун эмас, унинг учун ҳам яратилганини ҳис қилиш;

Ёрга муҳаббат –  вафодорлик, содиқлик, баркамоллик, хиёнатдан йироқ бўлиш руҳини сингдириш.

Иккинчиси:  – МАКТАБ.

Ота-она мактаби –  болага ташқи дунё ва инсоният билан муносабаат, илмга ташналик, жамиятдаги ўрни борасида ота-онанинг масъулияти ва улар учун бу борада қўлланмалар яратиш;

Болани боғчалардагина эмас уйда ҳам тарбиялаш бўйича ҳукумат ижтимоий дастурини ҳозирлаш;

Илм мактаби –  муаллимларнинг масъулиятларини ошириш баробарида уларнинг шароитларини яратиш, хусусий мактабларга ижозат бериш ,  дарсликларни янги мафкура дастури асосида  ҳозирлаш;

Жамоа мактаби –  маҳаллалар, қишлоқлар кенгашлари, зиёлилар масканлари ишини аниқ йўлга қўйиш, тарбия ўчоқлари яратиш ҳаракатларини ҳукумат томонидан қўллаш;

Ибрат мактаби – матбуотда, радио, телевидениеда, жамоат ташкилотларида миллий ғурур, ўзликни англаш, инсон номига муносиб бўлиш, ошкора фикр билдира олиш борасида изчил иш олиб боришни ташкил қилиш;

Ҳаёт мактаби –  қаҳрамонлар, ватанпарварлар, хоинлар, сотқинлар ҳаётидан китоблар, филмлар тайёрлаш, кундалик матбуотда бунга ўрин бериш;

Дунё мактаби – бутун дунё тарихи, илми хулосалари асосида тарбиявий иш юритиш;

Ҳар бир кишининг ўз мактаби –  хусусий тажрибалар, ташаббуслар, изланишларни рағбатлантириш ва кенг ёйиш.

Учинчиси: – МАЪРИФАТ.

Боланинг маърифати ёки маърифатли бола – динни, адабиётни, одобни, билимни ўргатиш;

Маърифатли йигит-қиз – тарихни, миллатни, ғурурни, ўзликни-менликни, юртни, халқни ўйлаш руҳини сингдириш;

Маърифатли одам – эшитиш ва фикрни баён қила олиш маданиятини ўргатиш;

Маърифатли инсон – баҳс қила олиш, ҳақиқат, диёнат учун собит курашчини вояга етказиш;

Маърифатли шахс – жамоани, юртни, халқни тўғри йўлдан бошқара олувчи йўлбошчиларни тайёрлаш;

Маърифатли тузум – халқ хоҳиш-истаги асосида ҳаққоният пойдевори билан қурилган тузумни яратиш;

Маърифатли жамият –  дунёга ибрат бўладиган жамиятни қуриш.

Тўртинчиси:  –  МАДАНИЯТ.

Шахс маданияти – ўз тарихий анъаналаримиз асосида хусусий маданиятимизни тиклаш;

Жамоа маданияти –  ўзаро муносабатларда меҳр-муҳаббат, ҳурмат эҳтиром руҳини вужудга келтириш;

Раҳбар маданияти – жамоага, халққа бош бўлган кишиларда халққа, жамоага нисбатан ҳурмат – муқаддас туйғу эканлиги мажбуриятини пайдо қилиш;

Турмуш маданияти – яшаш учун яшашни ўргатиш;

Шаҳар, қишлоқ маданияти – озодалик, ободонлаштириш, обидаларни асраш, қурилишда дид , санъат, ижодкорлик, кутубхоначилик, китобсеварлик ва ҳакозо соҳаларда аниқ дастурли иш юритиш;

Юрт маданияти – юртга келган меҳмонларга,  ўзга халқлар тарихи, урф-одати,  анъаналарига ҳурмат кўрсатиш;

Дунёвий маданият – жаҳоннинг қаерида бўлмасин, ўзи ва юрти маданиятли эканлигини намойиш этиш учун уларнинг маданиятини ўрганиш.

Бешинчиси:  –  МИЛЛИЙЛИК.

Миллий тил – ўз она тилини мукаммал билиш.

Миллий шуур – ўз миллати, тарихи, ўтмиши, бугунидан фахрланиш.

Миллий ғурур – миллатига, юртига таъна тошлари отилганда , хуруж қилинганда, хавф пайдо бўлганда ўз сўзини айта олиш, ўз қудрати, иродасини кўрсатиш;

Миллий тимсол –  ўз юртининг байроғи, мадҳияси ва бошқа тимсолларини ўз тимсоли деб билиш.

Миллий ўрду – аскарликда хизмат қилиш ифтихорини уйғотиш.

Миллий анъана –  ўз халқи, урф-одатлари, анъаналарини билиш, унга риоя қилиш, қадрлаш.

Миллий бойлик –  ер ости, ер усти бойликлари, илм-фан, адабиёт – санъат, тарих – маданият бойликларини асраш, улардан фахрланиш ҳисси қонда, жонда бўлиши учун бу хусусдаги тарбия механизмини яратиш лозим.

Олтинчиси: –

МАТБУОТ. Эркин  матбуот – оммавий ахборот воситаларини сиёсий назоратдан озод этиш.

Хусусий матбуот –  якка шахсларнинг нашрларини қўллаш.

Жонли матбуот –  радио, телевидение фаолиятини  янги мафкурани устивор этишга руҳлантириш.

Матбуот матбааси – барча нашрларнинг матбаачилик, китоб чиқариш фаолиятларини дастаклаш.

Матбуот этикаси –  нашрлараро маданиятни рағбатлантириш.

Хабар алмашиш – оммавий-ахборот воситаларининг дунёга чиқиши ва дунё матбуотининг юртга киришига йўл очиш.

Матбуот сўзи –  ҳукуматнинг матбуот сўзини ўрганиш ва ундан хулосалар, таҳлиллар  чиқариш, фойдали жиҳатларни ҳаётга тадбиқ этиш бўлимини ташкил этиш.

Еттинчиси: – МУНОСАБАТ.

Кундалик воқеаларга муносабат – кишининг бефарқлигини йўқотиш.

Давлат, ҳукумат ишларига муносабат – ҳар бир одам давлат, ҳукумат ўзи томонидан қурилганини, бунинг учун масъул эканлигини;

Ўтмиш, бугун, келажакка муносабат – кечаги кун аждодлари, бугун ўзи ва эртага авлодлари яшайдиган заминда нима бору нима қолаётганига жавобгарлиги;

Яратилган ва йўқотилган янгиликка муносабат – яратилажак ҳар бир нарса унинг ҳаётида из қолдиражагини сезиш;

Дунёнинг одимига муносабат –  дунёнинг бир бўлаги менман туйғусини яратиш;

Тақдирларга муносабат –  “мен четдаман” руҳини йўқотиш;

Ўз – ўзига муносабат –  ютуқларини кўра олиш, нуқсонларини англай билиш қобилиятини яратиш.

Кўриниб турибдики, мафкура жамиятнинг энг мураккаб масаласидир. Унинг ҳар бир бўлагини алоҳида тайёрлаш ва кўпчилик бўлиб маълум дастурларга айлантириш, ижро механизмларини яратиш лозим.

Албатта, менинг таклифларим кимгадир жўн, кимгадир мураккаб туюлиши мумкин. Кимдир унинг ичида илгари ҳам айтилган гаплар бор, дейиши мумкин. Бу табиий. Мен ҳам коммунистик мафкура сарҳадидан четда ўсган эмасман. Қолаверса, ёвуз мафкуранинг “кўзбойлағич” ваъдалари кўп эди. Улар фақат гап ҳолида яшарди.

Энди мустақилмиз. Ватанимиз, миллатимиз тақдири, келажагига жавобгармиз. Буни тўла маънода англашимиз учун ҳам янги мафкура керак бўлиб турибди.

Бугун АҚШда тўқсон миллион ўсмир ёзишни, ўқишни билмайди, бугун Олмонияда сон-саноқсиз ўсмир ҳаё нималигини билмайди, бугун Русияда минг-минг ёш Ватан нималигини билмайди, бугун бизда ҳам ёзишни, ҳаёни, Ватанни билмаганлар сафи кенгаймоқда. Булардан хулоса қилишга мажбурмиз. Чунки бизнинг ўтмишимиз, тарихимиз, тобонимиз муҳаббат, мактаб, маърифат, маданият, миллийликдан иборатдир. Ва бу жаҳон тарихида  – давлат қуришдан тортиб фалсафа яратишгача ҳамма соҳада ўлмас кашфиётлар, пойдеворлар яратиш билан ўзига маскан солди.

Дунё юксалишининг икки ренесанси – уйғониши бизда бошланган. Шундай экан, учинчи уйғониш ҳақида уйлаш гарданимизга тушганини ҳис қилмоғимиз керак.

Янги бир мафкура дастурини яратиш,  уни ҳамма бирлашиб амалга ошириши туфайлигина бунга эришиш мумкин. Зеро, мафкура инсонни улуғ Тангри, буюк табиат, чексиз борлиқ, номаълум келажак билан боғловчи йўлдир.

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

“ЭРК”  газетаси, 1994 йил апрел.

One Response

  1. […] 9.МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ ВА ҲУР МИЛЛАТ […]

Comments are closed.

%d bloggers like this: