ЯҚИН МОЗИЙ

Бундан 15 йил олдин ҳам…

Муаллифдан: Менга “Сиз ҳукуматга интилаяпсиз” дея ўтган йил (2005) келган бир-икки хатга жавобан “Мен президент бўлишни эмас, президентлар етиштиришни истайман” деб жавоб қилган эдим, яъни лидерликни даъво қилмаганимни бот-бот таъкидлагандим. Чунки лидерларнинг ўрни Ватанда бўлиши керак деган қатъий ишончга эгаман.

Бундан 15 йил олдин ҳам, бундан 9 йил олдин ҳам ва бугун ҳам шу фикрдаман. Худди шунинг учун ҳам умуммухолифат ўзига лидерни мамлакатнинг ичидан танлаши керак деган ғояни илгари суриб келмоқдаман. Фақат шу йўл бутун мухолифатни ва лидерлик даъвосидаги якка шахсларни битта платформада бирлаштириши мумкин. Акс тақдирда мухолифат бугунга қадар бўлганидек, кучга айланмай қолаверади.

Давр ўзгариб ҳамма Ватанга қайтса, ана унда ким хоҳласа мустақил равишда майдонга чиқиши ва халқнинг  “бозори”га ўз “моли”ни қўйиши мумкин. Бугун эса аввало “харид” қуввати ўлдирилган халқнинг ўзини қутқазиш керак. 9 йил олдин ёзилган қуйидаги мақоламдаги фикрларим бугун ҳам кучида. Шу кетишда яна 9 йилдан кейин бу мақолани қайта чоп этиш эҳтимоли кучаяётгани дилимга оғриқ беради.

ЛИДЕРЛАРНИНГ ЎРНИ ВАТАНДАДИР

Совет Иттифоқи вайронага айланганда харобалар остидан бир қатор миллий ҳаракатлар, демократик ташкилотлар бош кўтарди. Баъзилари ҳукуматга қадар етиб олиб, сўнг мухолифатга айландилар, айримлари ҳукуматдан айрилиб, мухолифат йўлини танладилар, яна бир гуруҳлари мухолифат ўлароқ аста секин унутила бошладилар. Келажакка қараб соғлом одимлар отиш учун бу ҳаракат ва ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш, хулосалар чиқариш муҳимдир.

Бу жуда кенг қамровли мавзу.  Биз унинг бир бўлаги, яъни ҳаракат лидерлари масаласини қуйидаги суҳбатимизга бош мезон ўлароқ танладик ва бу борадаги қаноатимизни ҳукмингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Ҳар қандай ҳаракат ва ташкилотнинг тақдири унинг лидерига боғлиқдир.

Ҳақиқий лидерлар саҳнадан кетсалар ҳаракатлар, партиялар ҳам саҳнадан тушиб, билакс йўқолиб кетганини тарих кўп кўрган.

Лидерликни даъво қилганлар эса халқнинг чашмасидан қайнаб чиққан ҳаракат ёки партияларнинг  ортидан югуриб ўзларини ҳам, атрофдагиларни ҳам маҳф этадилар. Чунки лидерлик даъво қилинмайди, лидерлик мулк каби сотиб ҳам олинмайди. Лидерлик халқ томонидан ёки халқнинг маълум бир қисмини тамсил этган кишилар томонидан йўлбошчиликка лойиқ бўлган ИНСОНларга берилади. Тўғрироғи, ишониб топширилади. Бу нуқтаи назардан лидерлик омонатдир. Халқнинг омонати.

Лидерлар ҳақида сўз юритар эканмиз замонамизда модага айланган масалани, яъни бевосита Ватандан четда туриб ҳаракатга, партияга, ташкилотга раҳбарлик қилиш масаласини ўйлаб кўрмоқчимиз.

Маълумки, ҳар қандай ташкилотнинг ўрни уни етиштирган халқнинг ичидадир. Агар у мухолифатда бўлса, халқнинг мағзига айланади. Ташқарида туриб мухолифатда бўлиш, шу нуқтаи назардан кураш эмас, иддаодир.

Мухолифат лидери Ватаннинг чегарасидан четга чиқиб кетгани – у ҳоҳ мажбуран чиқариб юборилган бўлсин ёки жонини қутқариш учун шу йўлга бош уришни ўзига эп кўрган бўлсин фарқ этмайди – унинг кураши иддаога айланганини исботловчи далилдир, яъни у миллатини эмас, ўзини тушуниш сарҳади томон одимлади.  Лидерлар эса ўзини тушунишни инкор қиладилар. Қолаверса, Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларнинг айни маънога эга икки статуси бор: биринчиси мужоҳидликю иккинчиси, қочоқлик (қочоқлик калимаси мултожилик ёки бошқа бир давлатдан паноҳ топиш маъносида).  Иккинчи таъбир кўпроқ ичкаридагилар томонидан салбий маънода ҳам қўлланилади. Ҳар икки ҳолда ҳам бу тушунчалар замирига лидерлик сиғмайди. Уни мажбуран киритиш мумкин. Аммо вақт ўтиши билан бунинг сунъийлиги ўртага чиқади.

Узоққа бормайлик, Озарбайжонда Абулфайз Элчибей, Ўзбекистонда Шукрулло Мирсаид, Қримда Мустафо Жамилўғли… ва бошқа ўнлаб лидерлар ҳозир маънавий ҳамда моддий исканжаларга қарамай ташқарига кетмадилар. Улар ичкарида исканжа, ташқарида эса комфорт бор деб тушунардилар. Лекин исканжани танладилар. Чунки мухолифат лидерига ҳукумат исканжа кўрсатиши халқни фикрлашга ундашини, уйқудаги виждонларни уйғотишини улар яхши билардилар.

Мухолифат лидерининг қамоқда ўтириши халқнинг озодлик руҳини жасорат билан бойитади.

Мухолифат лидерининг ўлдирилиши халқнинг қўлида байроқ, ҳукуматнинг юзида қора кўланка бўлади.

Дарвоқе, ҳаёти ўзига эмас, миллатига бағишланганини даъво қилган ва исботлаган кишилар лидерлардир. Қолганлар эса лидер ҳавосига ошиқ ҳавасмандлар.

Мухолифат лидерлари ўлкаларини тарк этиб, ташқарида туриб мужодала беришни мақсад қилсалар, халқ кураш ва жасорат руҳидан маҳрум бўлади. Чунки узоқдагининг буғдойидан яқиндагининг сомонига кўз тикишга мажбур қилинади. Бу вазият лидерсизликка олиб келади. Лидерсизлик эса янги лидерларни етиштиради.

Ўлкасидан ташқаридаги лидерлар ожизланадилар, ҳукуматга “тиш”лари ўтмайди. Бундан асабийлашиб, бир-бирини айблаш, бўлиниш, парчаланиш каби ғавғолар гирдобига ғарқ бўладилар. Ёлғизлик ва тарк этилиш булути бошларидан кетмай қолади. Ва умрлари турли иддаолар, хотиралар, нари борса ўзлари ҳақида китоб ёзиш билан ўтади. Ўлка учун охирги даражали кучга айланадилар. Агар улар лидерликни даъво қилмасдан бундай фаолиятга чекинсалар ва билим, ижод йўли билан курашларини давом эттирсалар, бу оддий инсоний ҳол. Аммо ҳам Ватандан кетиб, ҳам лидерликни даъво қилишни тушуниш қийин.  Бу фикр лидерларни қувғин этиб , роҳат қилиб ўтирган диктаторларга ёқиши аниқ. Чунки уларга мухолифат ҳақидаги, айниқса мухолифатдаги лидерлар ҳақидаги ҳар қандай танқидий гап уларни мумиёдек эритиб юборади (Кўзингиз ойдин, диктатор ва диктаторчалар!).

Аммо бу бизга фикрларимизни очиқ ёзишга монеъ бўлолмайди. Лидерлар ва мухолифат масаласи нафақат бугун, балки доим муҳимдир. Бугунги ҳолнинг кўринишлари Совет Иттифоқи даврида ҳам мавжуд эди. Ўшанда турли сабабларга кўра ўлкаларини тарк этган мухолиф лидерлар ва бошқача фикрловчи кишилар дунёнинг турли бурчакларида яшашга мажбур бўлганлар. Кўпчиликлари ё ёзувчига ёки тарихчига айландилар. Лидерлик ҳавосини тарк этиб, шу йўл билан миллатлари ва Ватанларига хизмат қилдилар.

“Лидерларни асраш керак, бундай инсонлар халқ учун керакли” деган гапларни ҳам эшитганмиз. Лидерни асраш керак! Халқни-чи?! Халқни ким асрайди?  Аслида лидерлар халқни асрамоқ учун кўкрак кериб майдонга чиқмаганмидилар? Улар ўзларини асрашга чекинсалар, бу табиийки, уларнинг инсоний ҳақларидир , лекин халқ лидеридан маҳрум бўлади. Бу масаланинг фалсафий жиҳати. Хаётий жиҳати шундаки, бирор бир лидерни қамаб қўйишса, дунё оёққа қалқади. Ҳалқаро ташкилотлар унинг муҳофазасига отланишади. Уни асрайдилар. Бунинг минг-минг мисоли бор. Аммо оддий бир курашчи озодлик, ҳуррият йўлида қамалиб кетиши, ўлдирилиши ва ҳеч ким бундан хабардор бўлмаслиги мумкин. Бугун ҳам қамоқларда шундай инсонлар бор. Улар танилмагани сабаб халқаро ташкилотларга хабар қилинмаган. Шу боис оддий одамларнинг қўрқишга ҳаққи бор, лидерларнинг эса қўрқишга ҳақлари йўқ!

Ҳар ким ҳам лидер бўла олмайди. Ҳар ким ҳам лидерликни даъво қила олмайди.

Масалан, Озарбайжон миллий озодлик ҳаракатининг лидери Абдулфайз Элчибей бир неча марта қамоқда ўтирди, бир неча марта калтакланди. Ҳатто оғзини йиртишди. Лекин у чекинмади. Чет мамлакатлар унинг қўлига “яшил карт” тутқазганда ҳам қабул этмади. Озарбайжонда президентлик даврида қон тўкилиши олдини олиш мақсадида Бокуни тарк этиш мажбуриятида қолди. Тайёрагоҳдан осмонга кутарилган учоқ Туркияга қараб йўл олганини билиб, қаттиқ ғазабланди. Ва учоқ осмонда йўл ўзгартириб Нахичеванга учди, яъни у Ватан чегараларидан четга чиқишни истамади. “Президентликни ташлашим мумкин, лекин Озарбайжонни ташлаб кета олмасдим”, деганди у…

Бошқа мисол. Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистонда висе-президент эди. Диктатурани эмас, демократияни истаб истеъфо берди. Маънавий қувғинга дучор бўлди. Газета саҳифаларида ўзи, умр йўлдоши ҳақида уйдирма фелъетонлар бостирилди. Сўнг тергов, суд, жазо. Бу ҳам етмагандек, суиқасд ўзига, ўғлига, қариндошларига. Аммо мухолифатдан чекинмади. Бошқа мухолифат ҳаракат ва партиялар таъқиқланар экан, у партия тузди. Яна таъқиб, яна тонготар терговлар, ўғирлаб кетиб калтаклаш, тўҳмату бўҳтонлар… . Лекин у четга кетмади…

Шу ўринда “Бирлик” лидерларидан бўлган Абдураҳим Пўлатга ҳақ бермоқ лозим. У ўзини енга олди, бир одим орқага чекиниб, Шукрулло Мирсаидни лидер деб таниди. Шукрулло Мирсаид  Ўзбекистон Демократик мухолифат кучларини мувофиқлаштирувчи кенгаш раислигини қабул қилар экан, аввалига уни тан олган Муҳаммад Солиҳ ўн икки соатдан кейин фикридан қайтди.  Бугун у ҳамма жойда ўзини Ўзбекистоннинг яккаю ягона лидери деб таништиришга интилмоқда. Аммо дунё жамоатчилиги, қолаверса ўзбек халқи Шукрулло Мирсаидни мухолифат лидери ўлароқ кўрмоқда. Ва тўғриси ҳам шудир.  Шукрулло Мирсаид лидерлик синовидан ўтгани боис унга ишонилди. У ҳар қанча қувғинларга қарамай, барча мухолифат кучларининг табиий лидери сифатида даъвомизга содиқ турибди.  Балки М.Солиҳ бу ҳақиқатни тан олиб, четдаги фаолиятини ўз статуси даражасида давом эттирганда, бугун бошқа фаолият кўрсатмасдан фақат ўз китобларини чоп эттириш билан овора эканлигини оқлаш ва ҳатто уни қутлаш ҳам мумкин эди. Чунки ўзини лидер ҳисоблаб, Ватанга, миллатга келтирган зараридан бир шоир сифатида кўрсатган хизматининг қадри баланд бўларди. Ҳали ҳам кеч эмас, балки бу ҳақиқатни идрок этар ва ўзини хизматга сафарбар қилар?!

Қрим татар халқининг лидери Мустафо Жамилўғли эса Совет Иттифоқи пайтида беш марта қамалди. Калтакланди. Сибирга сургун қилинди. Бир куни машҳур Андрей Сахаров унга: “ Истасанг, Америкага юборайлик”, – деди. У эса: “Мен кетсам, ким курашади?”- деб жавоб берди. Сахаров унга: “Зотан сендан шу жавобни кутгандим”, – деди. У ўн етти йиллик қувғин, сургунлардан кейин Қримда экан, душманлар телефон қилдилар унга:” Чиқиб кет! Акс ҳолда ўлдирамиз!”. У эса : “Ватанда ўлмоқ шарафдир!” дея жавоб берди.

Ҳа, у лидер эди. Лидер учун ўлим таҳлика эмас.

Лидерлар ўлсаларда курашдан тўхтамасликларини тушунган инсонлардир.

Лидери бор халқнинг уфқи ёруғдир. Бу маънода ўзбек халқининг ҳам эртанги куни ойдин. Чунки у билан ёнма ён, жафо ва ситамларни биргаликда тортаётган лидери бор. У бугун мухолифатда. Эртага эса ўнлаб лидерлар етишиб чиқиши учун йўл очажагига умид қиламиз. Балки ўшанда лидерлар ҳақида ёзиш учун қўлимизга қайтадан қалам олармиз.

“МУСТАҚИЛ ҲАФТАЛИК”, ижтимоий – сиёсий газета, 1997 йил март ойидаги сонидан:

Бу аҳволда, Худо кўрсатмасин, яна советлар бирлигига ўхшаган фалокат ўртага чиқса, халқимиз орасида унга қарши бош кўтарганлардан, уни қўлловчилар кўпроқ чиқади.(1994 йил апрел).

2 Responses

  1. […] 8.ЛИДЕРЛАРНИНГ ЎРНИ ВАТАНДАДИР […]

  2. […] 5.““Ламбада” ёки беҳаё ўйин 6.Маратулар 7…Оттиради 8.Лидерларнинг ўрни ватандадир 9.Мустақил давлат ва ҳур миллат 10.Революцион эмас, […]

Comments are closed.