Яхши одамлар (9)

Амаким Ҳамроқул Муртазоев

“РАИС БОБО”

Амакимни “мулло” дердик. Ҳақиқатдан ҳам мулло одам эдилар, раҳматли.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлганлари учун ҳам Горбачев замонида у кишидан:
-Немисларга асир тушиб, кейин Туркистон озодлиги учун курашчига айланганлар ҳақида биласизми?-деб сўрадим.
-Мен ҳам асир тушганимда Туркистон озодлиги учун курашчига айлантириб қўйишарди,-дедилар одатларига кўра ним кулги билан. Кейин менинг қизиқишим жиддийлиги учун фикрларини ётиғи билан тушунтирдилар.-Шуни билки, асир тушиш ихтиёрий бўлмайди ва бўлмаган ҳам. Кимки шундай деса, “бекор айтибди”нинг ўнтаси уники. Кимнинг ҳам душманга асир тушгиси келади? Бир томони ватанпарварлик. Continue reading

Яхши одамлар (8)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

Қаҳҳор

Қаҳҳор болаликдаги энг яқин дўстим, қариндошлигимиз ҳам бор: унинг дадаси менинг дадамга амаки ўғил.

Қаҳҳор билан мактабда бир синфда ўқиганмиз. Ўн йил битта партада ёнма-ён ўтириб таҳсил олдик.

Биз энди мактабга қатнай бошлаган пайтда унинг онаси (у “ая” дерди) касал бўлиб қолди. Қаҳҳорнинг аяси шаҳардан келин бўлиб тушганди. Шаҳарнинг Боғишамол минтақасидан кўп келин олишарди.

Келин келди Боғишамол дапасидан,
Уни кўриб куёв чиқди капасидан… Continue reading

Яхши одамлар (7)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

РУБОБА

У ҳаммани сенсираб гапирарди, ҳамма ҳам уни сенсирарди. У одамлардан ҳазар қилади, шунинг учун уларни сенсирайди, одамлар ҳам унга ўзига яраша муомала қиладилар, деб ўйлардим. Катта бўлганимдан кейин англадимки, хулосам хато экан. Рубоба янга озарбайжон бўлгани учун уларнинг маданиятида фақат ғирт бегоналарни сизлашиб, қолганларни сенсираб гапириш анъана экан. Биз эса буни тушунмай уни камситиб, сенсирар эканмиз. Continue reading

Яхши одамлар (6)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор.Муаллиф.

ЧЎЛПОННИНГ СИНГЛИСИ

Уни ҳеч ким “Татар хола” демасди. Чунки бошқа “Татар хола” бор эди. Унинг ҳужжатдаги исми “Сония” бўлсада, талаффузда “и” тушиб қолиб, “Соня”га айланиб кетганди. Паканагина, чеҳраси айлана, кўзлари бироз қисиқ, юзлари лўппи Соня опа ўзига хос бир дунё эди.

У орада девори йўқ “деворбир” қўшнимиз бўлиб, фақат бизнинг ҳовлимиз сатҳи уникидан сал баландроқ эди, холос. Унинг уйи қишлоқда ҳамманикидан ажралиб турарди. Continue reading

Яхши одамлар (5)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор.Муаллиф.

ТОЖИК ХОЛА

Бизнинг қишлоқни салкам байналминал қишлоқ деса бўларди. Ён қўшнимиз Соня опа-татар. Унинг ёнида уч хонадон – Саид, Воҳид, Восе акалар-тожик. Воҳид аканинг мен тенги Рафиқ деган ўғли бор эди. Яқин дўстим эди у.

Рафиқ яшаган ҳовлининг қаршисида колхознинг гаражи бор эди. Ҳозир бу гаражнинг ўрнида минг кишилик тўйхона қурилибди. Соҳиби Рафиқнинг укаси Равшан. Continue reading

Андижон сабоқлари

Яхши одамлар (4)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор.Муаллиф.

МУКАРРАМ

Она томонимда ҳам, бобо томонимда авлодлардан авлодларга ўтган олтинлар бўлган. Онамнинг оналари кўзадаги олтин тангаларни санаб ўтирганларини дадам кўриб қолганларида:

-Буларнинг ҳаммаси сеники,-дер эканлар.

Лекин бувим касалхонада тўсатдан вафот этганларидан кейин бу олтинларни топа олишмаган. Бувим катта қилган ва уйлантириб қўйган бир киши бор эди. Уни онам “укам” дердилар, биз “тоға” дердик. Онаси уни туғганда вафот этган экан. Исми Ғулом эди. Жуда меҳнаткаш, камтар, камсухан, бутун қишлоқнинг юмушини бажариб юрадиган ажойиб инсон эди. Умр йўлдоши ҳам мени ўз ўғли каби севарди. Унинг мен тенги ўғли бўлиб исми Фарҳод. Биз бирга ўсган чин дўст. Валламат, мард йигит. Continue reading

Яхши одамлар (3)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

“ХУДОНИНГ ЭЛЧИСИ”

Самарқандда у пайтда шаҳар (“Городской”), вилоят (“Областной”) ва республика (“Республиканский”) касалхоналари бор эди.

Онам 1963 йилда вилоят касалхонасида ётганларида бирдан юраклари ҳаракатдан тўхтаб қолган. Дўхтирлар ўлди деб “Морг”( жасадлар сақланадиган жой)га жўнатишган. Шу орада касалхонани ҳафтада бир келиб кўрадиган Нина Игнатевна онамни суриштирган.

Мен бу дўхтирнинг фамилиясини аниқ билмайман. Ёдимда қолгани “Нина Игнатевна”. У дунёнинг энг буюк одами, ўлганларни тирилтира оладиган қудратга соҳиб бир сиймо ўлароқ хотирамга муҳрланган. Continue reading

Яхши одамлар (2)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

Мунаввар    

“Самарқанд шаҳридан Панжакент кўчаси бўйлаб Ургут тарафга тўрт километр чамаси юрилгач “Обимашҳад” деган ёзувга кўзингиз тушади. Шу ердан бир неча метр пастликда булоқлар, чашмалар сувини жамлаб Обимашҳад ариғи оқади. Ер остига “ўрамлаб” кетаётган бу ариқ ёқасида тарихи минг йилларга бориб тақаладиган “Пулимурғоб” қабристони бор. Мен учун жуда азиз зотларнинг жасади шу ерга қўйилган. Сағана тошларидан бирида шундай ёзувларни ўқийсиз:

“Бувим қайда” деса неварангиз гоҳ,
Сув бўлиб оқаман, қалбимда зорим,
Номи Мунаввару, ўзи эса, оҳ…
Дардларга қул бўлган онаизорим! Continue reading

Яхши одамлар (1)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

МУНАВВАР

Онам бувимнинг кенжа қизи. Онамнинг икки опаси бўлиб, бирининг исми Кимё, иккинчисиники Сокина.  Аслида Сокина исмини Кимё холамга бериш керак эди. Чунки Кимё холам дунёдаги энг сокин инсонлардан бири – мингта гапга битта жавоб берадиган ва жуда секин ҳаракат қиладиган аёл эди. Шунга қарамай турмуш ўртоғи вафот этиб, бева ҳолида колхозда кетмон чопиб, пилла тутиб, икки фарзандни катта қилган. Continue reading

Оналар куни

7 май, 2011 йил

Эртага Америкада Оналар куни. Шу байрам билан умр йўлдошимни қутлар эканман, менинг ёзганларимга назар ташлайдиган барча оналарга ҳам бахтли кунлар тилайман, фарзандларингиз бахтини кўринг, юртингиз бахтини кўринг, қўшганингиз билан қўша қариб, яхши кунларнинг соҳиби муҳтарамаси бўлиб юринг, дейман.

Ўйлаб кўрсам, Ўзбекнинг онаси ҳақида бундан ўн йил олдин ёзганим ҳали ҳам кучида экан. Балки ўқимган бўлишингиз мумкин деб  бу ерга кўчириб қўйдим:

ЎЗБЕКНИНГ ОНАСИ

Ўзбекистонда ҳар йилнинг бир оти бор. Кейинги уч йил эса оналар номи билан боғлиқ эди. Бу йиллар оналарга нима берди? Ўзбекнинг онаси бир йил тугаб иккинчи йил бошланаркан қай аҳволда? Continue reading

Ким кимга ва қачон қўшилиши мумкин?

6 Май, 2011 йил

Савол йўллаган бир ўқувчим, “Ўзбекистонда халқ оёққа турса кучишлатар идораларининг раҳбарлари халқ томонига ўтиши мумкинми? Ким кимга қачон қўшилиши мумкин?” деб сўрабди.

Худди шундай саволлар 2005 йилнинг бошларида ҳам кўп маротаба янграган. Андижонда 13-майда юз берган қонли воқеалардан бир ҳафта олдин бундай саволга “Озодлик” радиоси орқали ”Агар “инқилоб қиламан” деб минг одам чиқса, Каримов минг одамни оттиради!” деб жавоб қилгандим. Шундай бўлди ҳам. Ҳозир ҳам жавобим айни. Чунки Каримовнинг менталитети ўзгармаган. Ўшанда ҳам кучишлатар идоралари раҳбарлари халқ томонига ўтмаган, бугун ҳам ўтмайди. Нега? Continue reading

Ҳодисот: Асаб!

5 Май, 2011 йил
Ҳар йили апрел ойининг охирги дам олиш оқшоми “Оқ уй”да фаолият кўрсатадиган мухбирлар жамиятининг йиллик анжумани бўлади. Мана ўн йилдирки, буни қолдирмай томоша қиламан. Чунки бу расмий анжуманлик қолипидан чиқиб, сиёсий сатира, сиёсий юмор, сиёсий аския кечасига айланган. Ҳатто президент ҳам келиб ўзини, оиласини, атрофдагиларни сатира йўли билан танқид қилади. Continue reading

Ҳодисот: Замон, замон, бизнинг замон…

4 May, 2011 йил

Кеча шогирдларимдан бири “Фейсбук”(Facebook)да ўзига “жой очганини”, ҳамма ўша ёқда эканлигини айтиб, мени ҳам ўша томонга “кўчишга” чақирди.

-Жоним билан “кўчар”диму лекин у ёқда “яшаш” учун вақт етмайди-да,- деб жавоб қилдим.

У энди нафақат бу ижтимоий сайт, балки “Твиттер” (Twitter)га ҳам “кириб” туришимни маслаҳат берди. Раҳмат айтдим.

Аслида бу сайтларга бундан бир неча йил олдин “кириб”, кейин “эски ўйимга кўчиб кетгандим”. Чунки у пайтда у ерда ҳали бизникилар йўқ эди. Continue reading

Ҳодисот:Йўқлик

3 Май, 2011 йил

Маълумки, кўп одамлар айтган гапларини қилмайдилар. Бу нарса улар оддий, кўп қатори фуқаро эканликларида бошқаларга унчалик зарар келтирмаса ҳам бир мамлакатга раҳбар бўлиб қолганларида улкан зиёнга айланиши мумкин. Чунки уларнинг айтган гаплари сиёсатга кўчади ва одамларнинг тақдирини ҳал қилади.

Узоққа бормайлик, бугундан гапирайлик. Бугун умумжаҳон матбуот эркинлиги куни. Бу гап осмондан тушиб қолган эмас, 1993 йилда БМТ буни махсус резолюция билан эълон қилган. Бунга рози бўлиб, имзо отганлар орасида Ўзбекситон ҳам.

Мана 1994 йилдан бери шу кун – Матбуот эркинлиги куни. Ўзбекистон режимининг отаси бунга рози бўлганда “Ҳа, нима қипти, бир йилда бир марта эркинлик берсам берибманда” деб ўйлаган ҳам бўлиши мумкин. Лекин шу  бир кунлик эркинлик ҳам йўқ. Демакки, шуни ҳам ўйламаган. Continue reading

Ҳодисот: Катта ўйинлар

2 Май, 2011 йил

Бин Ладен шундайгина Исломободнинг биқинидаги кошонода яшаганини ҳеч ким билмаган деган гапга ўзбекнинг беш ёшли боласи ҳам ишонмайди. Бунга америкаликлар ҳам ишонишмайди. Шунинг учун ҳам улар доим Покистон раҳбарларига буни таъна қилишарди. Телевизорда “Муттаҳам, пулни олаяпсан, аммо душманимизни қўйнингда илон қилиб асраб ўтирибсан” дейишган.Бу гапдан ўша кездаги президент Парвез Мушарраф дод деб юборган ва “Бин Ладен балки Вашингтондадир?” деб бақирганди. Continue reading

Ҳодисот:Чақириқлар

1 Mай, 2011 йил

1 Mай… Болаликда бу кунни ухламай кутардик.

Биринчидан, янги кийим киярдик, иккинчидан, шаҳар сайлига чиқардик. Ана одам, мана одам.

Кимлардир гердайиб параднинг олдинги қаторларида борарди.

Кимлардир охирги қаторда ва олдингиларга ҳавас билан қараб ўша томонга талпинарди.

Параднинг икки томонига автобус ва юк машиналари терилган. Хотин-халаж, бола-чақа уларнинг устига чиқиб олишган.

Бир томонда рангли тухумларни уриштирганлар…
Бошқа томонда “фокус-мокус” кўрсатганлар…
Яна бир ёқда сувга, музқаймоққа, кинога навбат кутишлар…
Бошқа ёқда “качели-карусел” … Continue reading