Яхши одамлар (6)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор.Муаллиф.

ЧЎЛПОННИНГ СИНГЛИСИ

Уни ҳеч ким “Татар хола” демасди. Чунки бошқа “Татар хола” бор эди. Унинг ҳужжатдаги исми “Сония” бўлсада, талаффузда “и” тушиб қолиб, “Соня”га айланиб кетганди. Паканагина, чеҳраси айлана, кўзлари бироз қисиқ, юзлари лўппи Соня опа ўзига хос бир дунё эди.

У орада девори йўқ “деворбир” қўшнимиз бўлиб, фақат бизнинг ҳовлимиз сатҳи уникидан сал баландроқ эди, холос. Унинг уйи қишлоқда ҳамманикидан ажралиб турарди.

Амаким урушдан қайтиб, колхозга раис бўлганларида, Самарқанд шаҳридаги Ҳисобчилар тайёрлаш техникумининг раҳбари-Нарзиқул поччалари:
-Бизда бир татар қиз бор, жуда билимли, аммо ҳеч кими йўқ, шуни ишга олиб, уй қилиб берсангизлар қандай бўларкин?- деб қолибдилар.

Кейинчалик амакимнинг айтишларича, Соня опанинг отаси жадидчи бўлган экан. У шоир Чўлпоннинг таниши экан ва шоир уни “мавлоно” деб чақираркан. У тўнғич фарзандига Чўлпон деб исм қўйган.

Бир кун уни уйидан олиб кетишгани бўйича, қайтиб келмабди. Онаси хасталаниб, оламдан ўтибди. Чўлпон Қозон шаҳридаги қариндошлариникига кетибди. Соняни Нарзиқул почча ўқишга олиб келибди.

Амаким Соняни колхозга ишга таклиф қиладилар. Унга ўй қуриб беришни ваъда қиладилар. У ўз уйининг лойиҳасини ўзи чизиб берган. Уй жуда замонавий бўлиб, ошхонасидан ҳожатхонасигача ичкарида жойлашгани учун аввалига қишлоғимиздагиларга ёқмаган. Хоналари ҳам кичкина, умуман тўртбурчак қутини эслатарди. Одамлар “клетка” дейишарди. Аммо ана шу “клетка” уйга бора-бора кўпчилик ҳавас қилган.

Бу ҳовли қишлоғимиздаги қўлбола маданият маркази бўлиб, ҳовлининг гули-гулзори ҳам худди каштага солинган нақш каби эди.

Ҳар кун оқшом бизлардан биттамиз Соня опанинг уйига бориб ухлардик. У жуда меҳрибон эди. Лекин бирор нарсадан жаҳли чиқса, татарча гапирарди. Айни пайтда қошиқ-вилкани қандай ушлаш кераклиги, сувни қултумлаб ичишгача ўргатган менга. Агар сувни бир ҳўплашда ичиб юборганимни кўриб қолса, татарча гапиришга ўтарди. Шунинг учун уйига боргим келмасди. Аммо онам навбат қилиб қўйгандилар ва истасак-истамасак биттамиз боришимиз шарт эди.

Соня опа бизнинг кўнглимизни олиш учун оқшомга махсус овқатлар пишириб қўярди. Унинг овқатлари авропача бўлгани учун бизга ёқмас, ўзимизнинг қовурилган картошкани ундан устун кўрардик. Менга фақат у пиширадиган қуймоқ ёқарди. Аммо совиб қолса, худди хамирга ўхшарди. Унинг ўзи “Қуймоқни иссиғида ейиш керак”, дегани билан барибир уникида тунаганимда, эрталаб қўярда-қўймай мактабга бериб юборарди. У дарс қилишга ёрдамлашар ва кийимларимни дазмол қилишни ўргатарди. Менга эса бу ёқмасди. Уйда онам қилардилар-да бу ишни. Шунинг учун уникига мактаб кийимларини олиб бормасдим. У бир ҳатлаб бизникига ўтардида, ўзи кўтариб келарди.

-Онанг касалманд, бу ишларни ўзларинг қилишни ўрганинглар, у бечорани бунча қийнайсизлар,-дерди кейин.

Онам оғир бетоб бўлиб олти ой касалхонада ётганларида у ҳар оқшом бизнинг уйга келар ва ярим тунда ким ухлаб қолмаган бўлса, ўшанинг ҳамроҳлигида ўз уйига ўтарди. У ҳеч қачон бошқа жойда тунаб қолмаган.

У жуда тозакор ва жуда ҳалол инсон эди. Колхозда ҳамма унинг тўғрисўз эканлигини билиб қолганди. Баъзиларга бу ёқмасди. Қайси бир бригадир ёки табелчи ҳисоб-китобни бошқачароқ қилган бўлса, татарчалаб сўкиб, қоғозларни унинг бошига отиб юборганини гапиришарди.

Соня опа кийинишда ҳам авропача кийинар ва уйидан колхоз идорасигача бўлган икки юз метрлик йўлни худди шаҳарда сайр қилган каби оҳисталик билан, ҳеч кимга қарамай босиб ўтарди. Биз улғайиб ўз сўқмоқларимиз бўйлаб кетганимиздан кейин Соня опа қишлоқда бир етим қизни фарзандликка олди. Уни боқиб, ўқитиб, турмушга узатди.

Унинг Қозон шаҳридаги опаси йилда бир марта Самарқандга келарди. У ҳар келганида деворга осиладиган ёзувлар келтирарди. Ҳаммаси арабчада. Биттасида “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”, бошқа биттасида “Бир мезарки ташлариндан яш дамлар” деб ёзилган экан. “Буни Чўлпон ёзган” дер эди. Мен ўшанда опаси ўзи ёзар эканда, деб ўйлардим. Орадан ўн йиллар ўтиб билдимки, бу шоир Чўлпоннинг Боку шаҳрига борганда ёзган шеъридан бир мисра экан.

Бизнинг қишлоқ Самарқанддан Панжакентга қараб борадиган йўл бўйида жойлашган бўлиб, шаҳар чегарасига икки километр, Регистонга эса тўрт километр узоқликда эди. Биз дарс бўлмаган пайтлари “Ўттизинчи” автобусга чиқардик ва ўн тийин тўлаб, Регистонга борардик. Регистонда Навоий кинотеатри бор эди. Бир куни ўша ерда Соня опани кўриб қолдим. У меҳмонга келган опасини айлантириб юрган экан.
-Ҳа, улим, дарсдан қачип юрипсенми?-деди у менга.

Ундан қўрқардим, дарс масаласида кечирмас эди. Лекин шу куни онамдан сўраб боргандим. Буни унга айтсам ҳам барибир опаси билан сафарини кесиб, мени уйга олиб келди. Уйга келгач, онам:
-Шундай катта колхоз бўлса, шуларга битта кинотеатр қуриб бермайсизларми?-деб қолдилар. Гаплари менга ёққанини сездилар, шекилли, менга қараб жилмайиб қўйдилар.

Соня опанинг талаби билан колхозда кинотеатр қурилди. Бизнинг дарвозадан чиқиб, йўлни кесиб ўтилса бас, кинотеатр. Аммо ёзги. Нима қипти? Ўзимизнинг кинотеатр бор эди ва биз дарсдан қочмасдик. Хуллас, Соня опа қишлоғимизга замонавий маданиятнинг элчиси бўлиб келганди.

У Меҳринисо деган опамни ўз касбига қизиқтирди ва опам Халқ хўжалиги олийгоҳини битиргач, Соня опа ўрнини унга бўшатиб, нафақага чиқди. Бугун ўша Ўзбекистон номи билан аталган колхоз йўқ. Лекин Соня опани ҳалигача эслашади.

Биз уни “опа” десакда, у бизни фарзандим деб биларди. Унинг “улим” деган ўша бир сўзида дунёнинг катта маъноси ётганини эса энди англайман. Ҳечдан кўра кеч!

Жаҳонгир Маматов.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: