ЯҚИН МОЗИЙ

1.СЎЗ МУЛКИ ЖАҲОНГИРЛИГИГА ДАЪВОГАР

2.КУНДАГА ҚЎЙИЛГАН БОШ

3.КИМГА АЙТАЙ ДАРДИМНИ?

4.“ҚАЛЪА ИЧИДАН ОЛИНАДИ”

5.“ЛАМБАДА” ёки БЕҲАЁ ЎЙИН

6.МАРАТУЛАР

7….ОТТИРАДИ

8.ЛИДЕРЛАРНИНГ ЎРНИ ВАТАНДАДИР

9.МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ ВА ҲУР МИЛЛАТ

10.РЕВОЛЮЦИОН ЭМАС, ЭВОЛЮЦИОН…

11.ВАТАНГА ҚАЙТИШ ҲАҚИДА

12. ОНА ТИЛИМ

Ўнг сўз ўрнида

СЎЗ МУЛКИ ЖАҲОНГИРЛИГИГА ДАЪВОГАР

Битилмаган бир қоида бор: шогирдлар устоз ҳақида ёзишса ярашади. Неча йилларки, ана шу анъана давом этиб келмоқда. Жумладан, мен ҳам кўп азизларнинг улуғ йўллари, ҳаётни безаган умрлари, сизу бизга сабоқ бўлган дунёлари хусусида кўп ёзганман. Аммо шогирдим ҳақида илк бор қўлга қалам олишим.

Бунинг сабаблари анча. Аввало шогирд мисоли фарзандинг каби  дил риштаси. Ота-боболаримиз ўғил – қизларни мақташнию кўз-кўз қилишни олижаноб иш деб ҳисобламаганлар. Қолаверса, мақтов туфайли шогирдни талтайтириб қўймасмиканмиз деган истиҳола бор. Хуллас, кўзга кўринмас хитой деворлари-ю, андиша ва минг ўй-хаёллар у ҳақда дадил бир сўз айтишга йўл қўймас эди. Назаримда, энг асосийси ҳақиқий шогирдсизлик ҳамда унинг , яъни толиби шогирднинг келажагига шубҳа билан қараш ҳисобланган.

Ҳа, замон ҳам, макон ҳам, тарих ҳам минглаб оқпадар шогирдлар бўлгани ва борлигидан гувоҳлик беради. Ҳаётлигида устозим деб, сўнг унинг пок юзига қора чаплаганларни ким билмайди? Устозининг қабрига қарамай ўтган, бошқаларга қўшилиб уни ҳақоратлаган, ўзгалар билан бир тараф туриб, бузургини ер билан яксон қилиш учун қўл кўтарганлар озми? Балки шунинг учун ҳам устозлар кўп ҳолларда чурқ этмай, дунёдан индамайгина, ҳеч бўлмаганда, шогирдлари ҳақида икки оғизгина на у ёқлик, на бу ёқлик сўз айтиб кетгандирлар? Хуллас, бу мушоҳадаларимда ҳаётда кўрганларим, эшитганларим, билганларимнинг бир бўлагини ифодаладим.

Ҳа, шогирд ҳақида чўчимай, иккиланмай, шубҳаланмай сўз айтиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бироқ мен шогирдим тўғрисида дадил гапириб келаяпман ва бугун у ҳақдаги фикирларимни қоғозга туширдим. Чунки у талтайиб кетмаслигига, ишонч ва умидларимни поймол этмаслигига асосим бор!  Бу асослар – йиллар!  Бу асос – ҳар кунлик суҳбатлару баҳслар, соғинчлар!

… Бир куни газета саҳифасининг қораламасини  ўқиб ўтирган эдим, эшик “шиқ” этиб очилди-ю, қорасоч бир йигит мўралади-да, яна эшикни ёпиб қўйди. Орадан анча вақт ўтиб бу ҳол боз такрорланди. Мен ишимни, яъни сатрларни ҳижжалаб ўқишда давом этавердим. Эшик учинчи марта очилганда:

– Нима гап? – дедим.

– Мен Маматов Жаҳонгир…- дея олди ҳалиги йигитча етти марта ютиниб.

– Нима гап?

– Тошкентдан Самарқандга келдим, ишга олсангиз!

Редаксияга ишга қабул қилиш мураккаб. агар унинг кимлигини, қалами қандайлигини билмасангиз, бу мураккаблик ўн карра кучаяди. Бунинг устига, бутун фикри-зикрим сабил саҳифада. Жуда жиддий ҳужжатни эълон қилаётган эдик. Редаксияда ишчи кучи етарли эмас. Навоий вилояти тузилиб, баъзиларни янги ташкил этилган газета редаксиясига юборганмиз. Шу боис “хабар олиб туринг” деб жавоб қилдим. Йигитча шув этиб қизарди-да, шарт бурилиб чиқиб кетди.     Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас саҳифада ширин бир лавҳани ўқиб қолдим. Жомбойда бунақа ёзадиган йўқ эди, редаксияда яхшилаб таҳрир қилишибди-да, деб ўйладим. Икки кундан кейин яна шу имзога кўзим тушди. Энди унинг публисистикаси саҳифада турар эди. Албатта, унча-мунча қалам уришга тўғри келди. Аммо унинг нимасидир бор эди.Муаллифни чақиртирдим, келмади. Сўнг масъул котибга буюрдим:

– “Самарқанд ери саҳовати”ни шу йигитга топширинг, қани қандай ёритади?

– У сал осмонда шекилли, чақиртирганингизда келмадику…

– Нима иш қилар екан?

Улуғбек номли совхозда директор муовини, ўзи ТошДУнинг журналистика факультетини битирган.

– Ундай бўлса, у ерда нима қилади?

– Тошкентда кечки бўлимда ўқиб, кундузи газеталарда ишлаган экан, “Тошкент ҳақиқати”, “Қишлоқ ҳақиқати”, кейин радио… Ҳалиги “Табаррук замин” программасини шу йигит тайёрлар эди.

– Ҳа-ҳа, биламан, эсимга тушди, нега “осмон”да юрибди?

– Иш сўраб келган экан. ”Кўзойнакнинг юқорисидан қараб “йўқ” дедилар” дея ранжибди.

– Уни дарров ерга туширамиз қўямиз!

Шундай дедим-ую унинг катта бир мақоласи остидаги имзога “Ленин йўли” газетасининг Жомбойдаги муваққат мухбири” деб қўшиб қўйдим. Қаламкашга бир дунё бойлик эмас, бир оғиз ширин сўз кифоя.  У редаксияда пайдо бўлди. Анча суҳбат қурдик. Фикирлари тиниқ, мулоҳазаси дуруст.

– Душанба кунидан қишлоқ хўжалиги бўлимига келиб ишлайверинг, – дедим унга.

“Хўп” деб чиқиб кетди-ю, келмади. Сўнг Жомбойга оиласи билан кўчиб борганини, иши яхши эканлигини рўкач қилди. Мен унга деярли ҳар куни топшириқ бераман. У эса “қани ким енгилади” деб ўйласа керак, эррталаб мақолани ҳозирлаб келади. Хуллас, нафақат менга, ҳайъат аъзоларига ҳам унинг чаққонлиги, топқирлиги маъқул тушди.

– Мана буйруқ, бўлимни қабул қилинг, – дедим бир куни.

– Райком жавоб бермаяпти, – деди.

Жомбой ноҳия партия комитетига хат ёздим. Жавоб бўлмади. Кейин биринчи котибга қўнғироқ қилдим. “Ўзимизга керак” деди. Иккинчи хатга ҳам жавоб олинмагач, вилоят партия комитетига мурожаат қилдим. Шундан кейин жавоб беришди.

Бу воқеани батафсил эслашимнинг боиси бор. Олдинги йили казо-казолардан бири Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ўша кездаги иккинчи котиби В.П.Анишчев номига унинг ҳақида бўҳтоннома уюштиради. Ана шу узундан узун хатда, жумладан, шундай дейилади: “У ошна оғайнигарчилик туфайли Жомбойга бориб партияга ўтди, сўнг бирданига вилоят газетасида бўлим мудири бўлди, олти ой ўтмай, партия турмуши бўлимига бошлиқ этиб қўйишди.

Бўҳтон хатни тўрт ой текширишди. Бу пайтда у жумҳуриятда иқтидорли қаламкаш сифатида танилган ва Самарқандда дами анча ўткир шахсларнинг “думи”ни босган эди. Шу боис ”ундан бир нарса топиш ва калишини тўғрилаб қўйиш” вазифа қилиб олинган эди. Афсуски, у “Ленин йўли” газетаси редаксиясида КПСС аъзолигига қабул қилингани, редаксияда ошна оғайнигарчилик бир тийин эканлиги, бу ерда қалам қандайлиги иш беришини рақиблар билардилар. Тўғри, Жомбойда уни партия аъзолигига номзодликка қабул қилишган. У бригадир эмас, катта совхознинг кўзга кўринган раҳбарларидан эди. Бунинг устига, бу лавозимда ишлаётганлар вилоят партия комитети номенклатурасида турардилар. Қолаверса, улуғбеклик коммунистлар унинг қобилиятига, меҳнатига қараб баҳо беришган. Шу сабабдан текширувчилар КПСС Устави талабларига тўла риоя қилинган дея хулоса чиқаришга мажбур бўлдилар.       Яқинда унинг кундалик дафтари қўлимга тушди. Бир неча йиллардан буён қидириб юрган нарсаларим ана шу дафтардаги сатрларга жо бўлган эди. Мана сиз ҳам бироз кўз югуртиринг, энг аввало самимиятни илғаб оласиз.

Самарқанд шаҳридан Панжакент кўчаси бўйлаб Ургут тарафга тўрт километр чамаси юрилгач “Обимашҳад” деган ёзувга кўзингиз тушади. Шу ердан анча пастликда булоқлар сувини жамлаб Обимашҳад ариғи оқади. Ариқ ёқасида тарихи минг йилларга бориб тақаладиган “Пулимурғоб” қабристони бор. Унинг бир четида ёнма-ён уч қабр турибди. Мен учун жуда азиз зотларнинг жасади шу ерга қёйилган. Сағана тошларидан бирида шундай ёзувларни ўқийсиз:

“Бувим қайда” деса неварангиз гоҳ,

Сув бўлиб оқаман, қалбимда зорим,

Номи Мунаввару, ўзи эса,    оҳ…

Дардларга қул бўлган онаизорим!

Ҳали мен дунёга келмасимдан олдин онам оғир дардга учраганлар. Оққон касали у зотни йилдан йил “сўриб” борди. У кишини жуда яхши эслайман. Ёлғиз ўғил бўлганим учунми, беш қизларини койиб, мени аярдилар.

Бир куни синф раҳбаримиз уйга келди. Онам билан нималарнидир гаплашди. Билсам, директор “Медал учун 350 сўм керак, харажати бор” деганмиш…”

Унинг гувоҳномасида фақат аъло баҳолар, аммо олтин медал беришмади. У ноҳақликка илк бор шунда тўқнаш келди. Лекин адолатсизликка қарши курашувчан бўлишини тасаввурига сиғдира олмас эди. Онадан айрилдию отадан айрилди. Етимлик азобини тортди. Тошкентга келиб ҳам ўқиди, ҳам ишлади. Қишлоқдан чиққан бу йигитга на ошнаси, на оғайиниси ёрдам қилди. Уни яхши одамлар, инсонпарвар кишилар қаватларига олишди. Меҳнатдан, айниқса энг заҳматли иш – газета ишидан қочмади. Кимдир уни сургундаги захматдан ҳам оғир деган экан. Ҳақ гап!

Хуллас, у “Совет Ўзбекистони” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири этиб тайинлангач, ярқ этиб кўзга ташланди. Мен шунда меҳнатларим зое кетмаганини англадим. Унинг қалами обдон чархлангунча, феъли журналист халқига мослашгунча, устозлик меҳрини аямадим, десам мақтаниш бўлмас.

Самарқандда уни деярли ҳамма танийди. Кимдир “Совет Ўзбекистони” да босилган ўткир мақолалари, фелъетонларини, яна кимдир “Қишлоқ ҳақиқати”да чоп этилган публисистик чиқишлари, ижтимоий очеркларини, яна биров “Муштум”даги ҳарбу зарбларини, “оинаи жаҳон”даги кўринишларини,”Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” нинг Самарқандга бағишланган кўрсатувини билади. Ҳамма-ҳаммасида унинг далиллиги, қатъияти, журъати кўзга ташланади.   Ҳали мухбирлар партия ходими ҳақида мулоҳазали мақола ёзишни орзу қилишганда, у бир неча райкомлар фаолиятини биринчи котиби билан қўшиб фош этиб ташлаганини биламиз.

Масалан, “Совет Ўзбекистони”да босилган “Иштихонда ишчанлик етмайди” мақоласини яхши эслайман. Адолатсизлик, ноҳақлик хусусидаги “Ҳомийлар”, “Ҳақиқатнинг кўзи кўр эмас”, “Бир коммунист тақдири”, “Таъқиб”, “Суд”, “Қаро кўзим келу…”, “Бўҳтон” сингари мақола ва фельетонларида ўнлаб кишиларнинг ташвишларига шерик бўлди, дардларига малҳам қидирди. Туҳмат туфайли қамалиб кетган бир неча киши унинг чиқишларидан кейин партияга, ишига тикланди, қанча одамларнинг ҳақиқатга ишончи ортди, айни пайтда ноодиллар аёвсиз танқид остида қолдилар. Бундай кезда журналистга жуда қийин. Бизда ҳали ҳам “мен айбдорман” дейдиган мард оз. Шу боисдан Жаҳонгир Маматовга осон кечмади. Унинг устидан бўҳтонлар битишди, қўрқитишди, аммо у чекинмади.

Кўп одамлар мендан илтимос қилишган: “Шогирдингизга айтинг, шуни ёзмасин!” Айтсам ёзмаслигини, сўзимни икки қила олмаслигини биламан. Аммо бирор марта ҳам унга “фалончини ёзма”деб айтмаганман. Бу аввало ўзимнинг виждонимга хилоф бўлса, қолаверса, ижодкорнинг фикрини, қарашини, курашини синдириш керак эмас, аксинча унга мадад бўлиш зарурлигини ўз ҳаётимдан яхши биламан.             Мен Жаҳонгирни атайлаб ажратиб кўрсатаётганим йўқ. Жомбойликлар ишонч билдириб 293-сайлов округидан унинг номзодини Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига кўрсатишди. Улар хато қилишмаганини таъкидламоқчиман, холос.

Кўзбўямачилик, қўшиб ёзиш ҳақида 1984 йилдан эътиборан гапира бошладик. Лекин Самарқанд вилояти “Ленин йўли” газетасининг 1983 йилги саҳифаларини варақласангиз, кураш эртароқ бошланганини сезасиз. Мен Жаҳонгирнинг “Намоз ботир” деган очеркини ҳамон эслайман. У қўшиб ёзиш қурбони бўлган жомбойлик бир пахтакорнинг қисматини 1983 йилда жуда қатъият билан газета саҳифасига олиб чиққан эди. Буни жомбойликлар яхши хотирлашса керак. Биз ўзига ўзи ўт қўйган аёллар ҳақида энди гапира бошлаганимизда “Қишлоқ ҳақиқати” унинг “Аянчли қисмат” сарлавҳали ижтимоий очеркини босган.

Бугун мен шодман: одамлар шогирдимга ишонишди. Бу менинг ҳам орзуим эди. Жаҳонгир ана шу масъулиятни ҳис этади, нафақат жомбойликларга, балки бутун Самарқандга астойдил хизмат қилади. Чунки унинг қалбида дарди бор, бу – ноҳақликка, адолатсизликка қарши кураш дарди, оддий одамларни бахтиёр кўришга умид дарди! Худди ана шу нарса унинг сайловолди дастурида ҳам ифодасини топган.        Мен ҳеч иккиланмай унга ишончли вакил бўлдим. Адолатсевар жомбойликларни 18 феврал куни Жаҳонгир Маматов (Жаҳонгир Муҳаммад) номзодини қўллаб овоз беришга даъват этаман!

Аҳмаджон Мухторов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқарувининг раиси, СССР Олий Советининг аъзоси.

«Ёш ленинчи» (Туркистон) газетаси- 1990 йил 6 январ 5-(13441)

КУНДАГА ҚЎЙИЛГАН БОШ

ёки мустақилликнинг машаққатли йўллари хусусида сўз

МОЗИЙГА МУРОЖААТ

Сайхун ва Жайхун ўраб турган бу заминнинг “пешонаси шўр” экан. Нега дейсизми? Ахир қайси юрт бу қадар кўп азият чеккан, бу қадар кўп талофат берган, бу қадар кўп қони тўкилган? Уч карра тили, етмиш етти марта қўли кесилган бу юртнинг тақдири ҳақида ҳали ҳеч ким аниқ тасаввурга эга эмас ва ҳали бери бу қусур барҳам топмаслиги аниқ.

Кимлар босиб олишни орзу қилмади ва кимлар босиб олмади? Жангу жадалсиз ўтган йили борми бу юртнинг?  Гоҳида Машриқ тарафдан, гоҳида Мағриб ёндан отлар дупури келиб турди, ўқлар ёғилди бошига. Баъзан Спитамен бўлиб кўкдан ёғилган ўққа кўксини қалқон қилди ўғлонлари. Баъзан Муқанно бўлиб ловуллаган оловга кирди жигарбандалари.  Темур Малик бўлиб ёғийга ёпирилди. Жалолиддин Мангуберди бўлиб саманда сакради саркардалари. Соҳибқирон Темур ҳазратнинг ҳам кўксига қонли из бўлди ёвнинг шум ниятлари.

Бироқ олов ичида, жанг қуршовида, ўқлар остида юксалишдан тўхтамади бу юрт. Улуғ Сино бўлиб кўкарди, Беруний, Ал-Хоразмий бўлиб тафаккур дарахтига айланди, Ал-Фароб, Фарғоний ва Мирзо Улуғбеклар бўлиб дунё илмхонасига йўл солди, Мир Алишер, Заҳириддин Бобур бўлиб куйлади, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий,  Ат-Термизий, Хўжа Аҳрори вали бўлиб одоб – аҳлиқ салтанатини устувор этди. Чўлпону  Усмон, Фитрату Қодирий бўлиб жонини жабборга берди бу юрт.

Нева соҳилида уйғонган Пётрнинг тушларига бу юртнинг олтинлари кирди. Екатеринадан тортиб, инқилоб қиличидан йиқилган Романовларга қадар ва сўнг Брежневгача ҳам,  бу юртнинг тиллолари, бойликлари, маҳнат учун яралган “олтин қўллари” тинчлик бермади.

Биз бугун мустақиллик ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало, юртимизни кимлар ва нима учун босиб олишганини англаб етишимиз керак. Таассуфки, ҳали болаларимиз “ихтиёрий қўшилганмиз” дея сабоқ олишмоқда. Ҳали генерал губернатор Кауфманнинг “Элни тиз чўктириш учун унинг маданиятини яксон қилиш керак”  деган “пурҳикмат” сўзларини фарзандларимиз билишмайди. Скоблев, Черняев деган зотларнинг қиличидан оққан қон доғлари тарихимизнинг чанг босган саҳифаларида кўринмасдан қолаётир. Регистон мадрасасида отиб ташланган талабалар руҳи қарийб бир асирдирки, осмонимиз узра чирқиллаб юрибди.

Эндигина Қодирий дафтарини очдик. Усмон мустақиллик учун занжирланганини билдик, холос.  Бироқ,  мозий узоқ  ва яқин ўтмиш ҳали қоронғулик ичра мағлуб бўлиб турибди. Ҳали нур ёритган эмас бу кенгликни.

Мустақил жумҳуриятнинг фозилу-фузалолари илм нури ила бу оламни ёритажакларига ишончим комил. Шу боис ўзим “тишим ўтадиган” кунлардан сўз очмоқчиман. Зеро, бугун тўла мустақиллик ўзи келмаслигини ҳар биримиз идрок этишимиз ва ҳар биримиз у ҳақда ўз сўзимизни айтишимиз шарт.

ДОҲИЙ ДАҲОСИ

Кимки оламдан ўтмасин, уни ерга топширар эканмиз, қабристонда “У қандай одам эди?” деган савол берилади. Ҳамма “яхши эди” дейди. Бу улуғ ҳикмат.  Чунки у дорил фанодан дорул бақога кетди. Энди уни қайтариб ололмайсиз. Уни ҳақорат қилсангиз бошингизга кулфат ёғилади. Уни сўроққа тутаман десангиз тилингиз тошга айланади.  Аммо “Доҳий тирик!” деган гап қонимизга сингиб кетган. Қолаверса, жасадини ҳали ҳач ким ерга топширган эмас.

Мен Ленинни сўроққа тутиш ёки айблашдан йироқдаман. Фақат ошкоралик кунларида очиқча гапириш учун ул зотни эслаш жоиз деб ўйлайман. Негаки, бугун биз Октябр инқилобидан буён мустақиллик учун курашимизни яшириб келганимизни тан олмоқ учун ҳам уни эслаш зарур. Болаликдан тилимиз Ленин деб калимага келди. Ҳатто эр-хотин муносабатларида ҳам ленинча назариялар яратилди. Болалар Ленин руҳида тарбияланди. Унинг коммунизмга элтувчи асарлари хонадонларимиз бойлигига айланди. Шу даражага келдики, Ленин ролини ижро этган артистларнинг кўксига олтин нишон тақиш таомилга кирди.   Бу зотнинг номи берилмаган маскан қолмади.

Бу унинг айби эмас. Бу бизнинг, қолаверса, бизни қулликда сақламоқчи бўлган улуғ ленинчиларнинг ишлари ва балки қилмишларидир. Ахир Лениннинг тўла асарлар тўплами ҳам чала бўлиб чиқди-ку?!  Юртларни босиб олиш,  мустамлакани кучайтириш хусусидаги  “асарлар” шу пайтгача яшириб келинган экан-ку?!  Яқинда ошкор этилган мана бу сатрларни бир ўқиб кўринг-а,  таржима қилишга қўл бормайди:

“… Постараться наказать  Латвию и Эсландию военним образом ( например “на плечах” Балаховича перейти где либо гранитсу хоть на 1 версту и повесить 100 – 1000 их чиновников и богачей) …”.

“Даҳо”нинг бу асарлари яқинда партия архивидан  топилди. Ҳатто , Ҳиндистон, Корея, Афғонистон, Инглизистон, Эрон, Туркия, Гретсияда ҳам ана шундай йўллар билан ҳам қўзғолон кўтаришни башорат қилган эканлар. Мўғулистонга қўзғолон учун пул ва отряд жўнатиш ҳақида кўргазмалар берган, Фин тўполонларига 10 миллион сўм “ёрдам” юбортирган эканлар. Марказий матбуотда эълон қилинган бу ҳужжатларга разм соларканман, ҳозиргача улуғ доҳий  васиятларига қанчалик содиқ қолингани ҳақида ўйлайман.  Узоққа бормайлик. Паркент воқеаларини эсланг. Бу хусусда кўп гапирилган, аммо кам ёзилган. СССР Ички ишлар вазирлигининг махсус дивизияси вакили М.П. Салютин имзо чеккан бир ҳужжатдан мисол келтираман:

1990 йил 2 март. соат 13.05. Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Волков СССР Ички ишлар қўшинлари раҳбариятига қўнғироқ қилиб Паркентга 100 ҳарбий машина юборишни, бу ерда учинчи март куни рухсат этилмаган митинг бўлиши эҳтимоли борлигини ва оммавий тартибсизлик бошланиб кетиши мумкинлигини айтди”.

Дарҳол қўшин Паркентга қараб йўл олди.  ( Кейинчалик Ўзбекистон Олий Кенгаши комиссияси бу ҳаракат мутлақо нотўғри бўлганини аниқлайди. – Ж.М.). Бўкада оммавий қирғиннинг олди олинди. “Даҳо”  васиятига содиқ, айни пайтда Ўзбекистонни қўлдан чиқариб юбормасликка аҳд қилган зўравонлар ташвишга тушдилар. Энди, нима бўлса ҳам Паркентда олов ёқиш керак эди. Бунга қандайдир даражада эришдилар ҳам. Аммо кутилган натижа бўлмади. Ўзбекистон ёнмади. Сўнг каттароқ оператсияга киришилди. Энди иш Ўшда бошланди. Бу сафар Ўрта Осиёга олов қўйилиши керак эди. Охир оқибатда тағин уларнинг режалари барбод бўлди.

Бугун “мустақиллик ўзи келмайди, унинг учун курашиш керак”  деган гапларни кўп эшитамиз.  Ҳа, курашиш керак. Биз нафақат курашдик,  балки бу йўлда қон ҳам тўкдик. Фарғонада йиқилган йигитлар, Қўқонда ўққа тутилганлар, Паркентда шаҳид бўлганлар, Ўшда жон берганлар – булар мустақиллик учун қурбон бўлганлардир.  Мустақиллик майдонида қад кўтаражак “Озодлик” ёдгорлиги ана шуларнинг ҳаммасини мужассам айламоғи керак.

Энг даҳшатлиси шундаки, Ленинниг куч ишлатиш ҳақидаги башоратлари КПСС Марказий Комитетининг иккинчи одами,  Бош котиб ўринбосари Ивашконинг иш столидан ҳам топилди.  Мана сизга жумбоқнинг калити. Бу ёғини тушуниб олиш учун донишманд бўлиш талаб этилмайди.

АДАШГАНЛАР, АДАШМАГАНЛАР

Сафар учрашувларида кекса бир отахон қизиқ савол бердилар:

– Болам,  оз эмас, кўп эмас, саксонни қоралаб қўйдим. Сен менинг саволимга фақат тўғри жавоб бер. Чунки сен эшитган, ўқиган, мен эса барини кўрганман. Қани айтчи, инқилобдан нима орттирдик?

Ўйланиб қолдим. Ҳеч нарса дейишга ҳаққим йўқ. Чунки қаршимда тирик тарих, гувоҳ турибди. Кўп нарса йўқотдик, деганларнинг  гапини такрорласаммикан?  Балки орзуларимиз етти етим бўлиб қолганини гапирсамми? Бир лаҳзада ҳаёлимда ана шу сингари ўн саккиз минг савол айланди. Жавоб эса юракда экан.

– Сайлаш ҳуқуқини орттирдик. Аммо шуни ҳам баъзан раҳбарнинг алдов-қалдовига алмаштирдик, баъзан лоқайдлик йўлига қурбон қилдик, баъзан кимгадир, нимагадир сотдик…

Ана шунинг учун ўнгланмаяпмиз. Чунки бу ҳуқуқ ўзимизнинг  қисматимиз, онамизнинг тақдири, отамизнинг армони, боламизнинг истиқболи эди. Биз эса буни гоҳ англаб, гоҳ англамай топтадик. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон эди. Ўзимиз уни менсимасдик, қўш қўллаб манфаатпарастларга топшириб қўйдик…

Жавобим чўзилиб кетди. Аммо отахон индамай қўлини фотиҳага  очди:

Илоё худо менинг гуноҳларимни авф этсин. Мен энди ким учун, нима учун овоз беришимни биламан. Фақат менинг овозим билан Ўзбекистон ўнгланармикан?  Тангридан ўтинчим шуки, менга ўхшаганларнинг  кўксига Ўзбекистон учун овоз бериш ҳукмини солсин!

Бу қуруқ ва қизил гапларга ўхшайди.  Йўқ, бу оддий ҳақиқат. Халқимизнинг кўзини боғлаб қўйишган, тилини “қўрғошинлаб” ташлашган эди. Шу боис унга оқ ҳам қора рангда кўринар, дилидаги гапи ўзининг шахсий мулки бўлиб қолаверарди. Унинг яккаю ягона эрки – сайловдаги овозини юлиб олиб катта минбарлардан гапирадиган ўғил – қизлари ҳам гунг ва кар эдилар. Улар гапирардилар, лекин асосан ўргатилган , ёзиб берилган, тўқилган, ўйлаб топилган бўларди бу гап. Улар эшитардилар, бироқ халқ дардини,  аламини эмас, кўпгина юқоридаги тўраларнинг “ҳикматларини”. Аммо бугун халқнинг кўзи очиқ,  дилидагини гапиряпти. Зеро, қаердаки сўз тирик экан, демак ўша ерда ҳали ҳаёт бор.

Аммо отахоннинг “Фақат менинг овозим билан” деган титроқ саслари, ҳамон қўлоқларим остида. Бу жумбоқ замиридаги маънони Ўзбекистон Олий Кенгаши биринчи сессиясида англадим. Жумҳурият тақдири муҳокама бўлаётган чоғда “Фақат икки дақиқа сўз беринг, Ўзбекистон тақдири билан боғлиқ таклифим бор!” дея раисга хат ёздим,  сўз ололмадим.  Нима демоқчи эдим.

“Азиз дўстлар! Биродарлар фақат бир ёқлама мустақиллик ҳақида ўйласак, хато қиламиз. Аввало бизга иқтисодий мустақилликни эркин фикрлашимиз учун, мафкуравий, маънавий, ахлоқий мустақиллик зарур. Шу боис ҳам иккаласини  ёнма-ён муҳокама қилайлик. Бизнинг қадриятларимиз, маданиятимиз, пок аҳлоқимиз  бўронга учраб таназзулга юз тутмоқда. Қачонгача мажбурий “тарбия” таъсирида бўламиз? Бугун мафкуравий  бўрон йўлларини ёпайлик…”.

Раислик қилувчи сўз бермагандан кейин депутатларга мурожаат қилдим.

– Фақат бир дақиқа сўз беринглар, жумҳурият тақдири билан боғлиқ таклифим бор!

“Вақт кетяпти”, “ Бу аҳволда қачон уйга қайтамиз“,  “Йўқ бермаймиз…”.  Шу дақиқада халқ билан юзма-юз бўлмаган, бир мавзедан фақат ўз номзодини қўйиб, одамларни танловсиз сайловга рўбарў қилган ва сайлов эмас, сийлов нашъасини сурган “фарзандлар” нафасини сездим.

Индамасдан кета олмас эдим. Президент ҳузурига  бордим. Таклифимнинг маъносини шарҳлаб бердим:

– Нега олдинроқ менга айтмадингиз, – деди у.

Гп шундаки, шу нафас сессия охиригача ҳукмронлик қилганди.  Исташса, муҳокамага чек қўйишди, исташса, саволларни бўғишди. Ниҳоят, сессия якунланаётган кунда бу яна ҳам ёрқинлашди.

Бир кун аввал жумҳурият дарди – ҳарбийга чақирилувга доир масала элни титратди. Кимдир ёниб сўзлади, кимдир тутаб, кимдир йиғлаб гапирди, кимдир лоқайдлик билан. Қарор ҳеч кимни қониқтирмқди. Шу сабабдан эрталаб яна шу масалага  қайтиш  зарурати ўртага қўйилди.

Ким учундир темир тобутларнинг ичида ётган жасадлар бегона, аммо даладаги иш муҳим!  Ким учундир тинч кунларда армиядан кўз қароси,  жигарбанди – ўғлининг ўлигини олиб келган отанинг,  онаизорнинг бўзлашлари ҳеч нарса эмас, аммо далага бориб буйруқбозлик қилиш зарурат.

Рим файласуфи Эпиккетнинг сўзлари ёдимга тушади: “Одам пулсиз, уйсиз, ер-мулксиз қолса садқаи сар – буларнинг ҳаммаси унга тегишли эмас. Инсоннинг ўз ҳақиқий мулки – қадр-қимматини йўқотиши ачинарлидир”. Ҳа, бу мулкни сақлаб қолиш керак. Бунга эришмасак “ адашганлар” сафига қўшилиб кетамиз. Юрт дарди, эл-улус дардидан йироқ қоламиз. Ҳаёт эса барибир ўз ҳукмини чиқаради.

Аммо ана шу адашганлар қисқа вақтда мустамлакадан мустақиллик эълон қилишгача йўлни босиб ўтдилар. Уларга ишонгим келади. Уйғонаётган юртга; уйғонаётган ўғлонларга ишонгим бор. Фақат улар энди яна кўзларини юммасликлари, юрт тақдири ҳал бўлаётганда пинакка кетмасликлари зарур. Акс ҳолда буюк мустақиллик, эндигина кўкара бошлаган демократиямиз, ҳали бугун кўзи очилаётган булоқ – ошкоралик қўлимиздан кетади.  Буни истамайдиганлар кўп. Ўзбек элини манқуртлар элига айлантириш умидида жон фидо қилаётганлар оз эмас.

Шу пайтгача кўп адашдик.  Энди адашиш – ҳалокат.  Бугун – синов, тарихий синов даври. Синов даврида адашганлар дўзахнинг анг оловли ҳилқатларига тушган каби азоб чекишлари аниқ. Худо ўзи асрасин адашмоқдан!

КУЧ АДОЛАТДАДУР! “

Яқинда ўзини дунёга устун деб юрган сиёсатдонлардан бири “Россия суверенитет ҳақида ҳаракат бошлади-ю, ҳамма унга эргашиб қолди” деб ёзди. Бироқ мустақиллик учун бизда кураш бошланганда  шу зот туғилмаган эди. Намоз Ботирдан тортиб чўлу биёбонларда, тоғу- тошларда жон берган минглаб Мадаминбеклар нима учун жон бердилар?  Тўғри, ҳали биз ўзимиз уларни англай олмаяпмиз. Бироқ бу бор, бўлади!

Кейинги йилларда дардимиз ичимизда эди. Илк марта сайловлар арафасида камина ҳам очиқчасига гапирдим. Сайловолди дастуримнинг биринчи талаби этиб, халқ иродасини ифодалаб Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш масаласини қўйган эдим. Етилган масалалар – жамият чириб битгани, эл-улус қулга, манқуртга айланиб қолаётгани, дунёнинг энг мазлум ўлкаси бизнинг юрт экани ва хуллас, жамики дардларимиздан фақат мустақиллик туфайли халос бўлишимизни ёзгандим.

Юқорида айтганимиздек, Олий Кенгашнинг бирирнчи анжуманида мустақиллки деган сўз кўпларни чўчитиб юборди. Аммо ўша чўчиганларнинг юраги ҳам мустақиллик, деб тепаётгани юзларидан аён эди. Сўнгра бу муҳим масала Олий Кенгаш Раёсатида кўтарилди… . Кўплаб депутатлар Ўзбекистон Олий Кенгашининг II сессиясида “Мустақиллик декларатсияси” қабул қилиниши учун қаттиқ турдилар. Унга эришиш учун олиб борилган жанг алоҳида ёзилажак катта мавзу… .

(Мазкур мақоламга қуйидаги сатр қўшилган׃“Маълумингиз, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг розилиги ва қўллаб қувватлаши билан “Мустақиллик декларацияси” II сессияда эълон қилинди” . Бу сатр бутун мақоланинг руҳига зид ва ҳатто қўшилган жойи ҳам жуда ўринсиз эди-ЖМ).

Тасаввур қилинг, қанча асаб торлари узилди, қанча юрак-томирларида тугун пайдо бўлди. Шундан кейин ҳам мустақиллик ўз-ўзидан келди, деб айтишга асос қоладими?

Назаримда асосий кураш ҳали олдинда.

Зеро, етмиш йиллик давр тафаккуримизни заҳарлади, фикримизни занжирбанд айлади, шу боис бугун икки дарё оралиғидан чиқиб жаҳонни лол қолдира олмаяпмиз. Шу сабаб ҳали ҳам бандага бандамиз.

Етмиш йиллик давр қўлимизга кишан солди. Шу боис маънавияти юксак, санъаткор, меъмор халқнинг қўллари фақат “оқ олтин” яратишга ярайдиган бўлиб қолди. Самарқанд, Хива, Бухоро орзуга айланди. Жаҳон бозорини ҳайратга соладиган маҳсулотимиз ҳам йўқ ҳисоби. Ҳали кишан парчаланмаган, ҳали қўллар ўз ҳолига қайтмаган.

Етмиш йил оёғимиз боғлаб қўйилди. Оқибат дебсинишни ўргандик. Юриш, югуриш ёдимиздан чиқди. Жойимизда айланиб турибмиз, ҳайҳот!

Етмиш йил… еримиз ўлди, ҳаво заҳарланди, сув ифлос бўлди, вужудимиз камқонли бўлди, сариқ касаллиги миллат хасталигига айланди, Орол қуриди, обидалар емирилди, санъат сайқал топмади, ахлоқ айниди, диёнат, имон, эътиқод унутилаёзди… . Мана бизга истиқлол кунида қолган мерос. Мана бизнинг яқин келажагимиз, мана бизнинг кураш, жанг майдонимиз.

Ҳа, ҳали бошимиз кундада. Бошни даст кўтариш учун ана шу ваҳий, оғир мерос – қонли қилични синдирмоқ керак. Бу эса куч талаб қилади. Ҳазрат Темур “Куч адолатдадур!” дегандилар. Демак, энг аввал адолат йўлини, ҳамжиҳатлик йўлини танлашимиз, зарур экан. Ўшандагина бошимиз узра ярақлаб турган қилични улоқтирамиз.

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Ушбу мақола “Ўзбекистон овози” 1991 йил 5 ноябр сонида “Нуқтаи назар” рубрикаси остида чиққан мақола.

КИМГА АЙТАЙ ДАРДИМНИ?

* Шикоят ё арз ёзмаган киши борми?

* Сансалорлик кимга фойда, кимга зиён?

* Етмиш тўрт йилнинг етмиш тўрт миллион вагон қоғози.

* Хўш қандай қонун керак бу хусусда?!

1. “МАВЗОЛЕЙ,  ЛЕНИНга…”

Қизиқ. Инқилобдан аввал ариза, шикоят ёзилганмиди? Кимга , ким томонидан, нима ҳақда? Ким ўқигану ким текширган? Дунё устивор бўлибдики, адолат ва адолатсизлик, ҳақ ва ноҳақлик, нур ва соя, ҳавас ва ҳасад ёнма-ён. Шартсиз – қайтсиз айтиш мумкинки, арз, шикоят ёзиш ўктабир инқилобидан кейин ўз шоҳсупасига кўтарилди. Йиллар кечаверган сайин бутун мамлакат шикоят текширувчи улкан корхонага айланиб борди.

Кимдир шикоят ёзиб ҳалқни барҳақ айлади. Яна кимдир шикоят битиб эл – улус олдида юзи шувут бўлди. Бошқа биров арзнома текшириб рўзғорини бутлади, киссасини қаппайтирди. Хуллас, Ойша момонинг чор деворидан то Ленин ётган мақбарагача шикоятхонага айланди.  ( Гапим жиддий – мавзолейга ёзилган шикоятни тақдир тақозоси билан ўзим текширганман, бу хусусда қуйида тўхталаман. – Ж.М.)  Кейин сарҳад сакраш бошланди:”ООНга ёзаман!” (ООН – БМТ). “Ёзаман…, ёзаман!”… Хайриятки, космосга қатновнинг иложи йўқ…

Аслида бирор кишини нега ёздинг дейишга на ҳаққимиз бор, на асосимиз? Чунки ҳали ҳеч ким онасидан аризачи бўлиб  туғилган эмас. Ҳар қандай шикоятчини бу ишга жамият мажбурлайди.

“Совет Ўзбекистони” ( ҳозирги “Ўзбекистон овози” ) рўзномасида ишлардим. Марказқўмдан бир шикоят беришибди, “Мухбир юборинглар” деб. Қарасам, хат Московга, Ленинга ёзилган. Отахон Мойбулоқ (Самарқанд вилояти)нинг мошин йўли бормаган тоғ қишлоғида яшарканлар. Бордик.

– Кимсанлар? – дедилар.

– Аризангиз бўйича келувдим.

– Қайси бир аризам, ёзавериб кўз нурим тўкилди, ҳаммаси мелисага, пуркурорга тушади. Улар мени пўвиска билан чақириб, “қайтиб ёзманг” деб жўнатишади. Сенинг газетингга уч йил олдин ёзувдим. Ўшанда ҳам пуркурор чақирганди. Энди ўзинг келдингми?

– Мана, мавзолейга, Ленинга ёзган экансиз?

– Сени Ленин юбордими? Тирилибди-да-а?

Отахоннинг бутун вужуди кинояга тўлиб кетган экан.  Ҳаммасини тўкиб сола бошлади.

– Улим, бу узоқ йилги, аввалги гап.  Ёзавериб бу ёғимдан – нарёғим яқин қолди. Кейинги вақтда принсип учун ёзардим. Ҳеч қандай давом йўқ. Хайрият, бу қишлоққа ҳам биров келаркан…

2. ИЗТИРОБ

Дард нима?  Тиббий дард бор. Малҳами гоҳида аниқ, гоҳида мавҳум. Ижтимоий дард бор. Малҳами аниқ. Бироқ давоси мушкул. Бугун қалб дарди, халқ дарди… деган калималар, ҳар лаҳзада, ҳар қадамда эшитилади. Ўзим ана шу ҳақда гапира бошлаганимга оз эмас, кўп эмас, қарийиб йигирма йил бўлди. Аввалига талабалар даврасида, сўнг рўзномаларда, ундан кейин халқ ўртасида, ойнаи жаҳонда, Олий Кенгашда ва ниҳоят…

Самарқанд вилоят “Ленин йўли” рўзномасида ишлардим. 1983 йил эди. Бир мақолада “қўшиб ёзиш”, “кўзбўямачилик” сўзларини ишлатибман. Вилоят фирқа қўмитасига тушунтириш  беришга тўғри келди.  Нима эмиш, бўҳтон, уйдирма эмиш. Орадан кўп ўтмай рўзномалар ана шу сўзлар билан тўлиб кетди, бошидан “тирноғи”гача. Мени тартибга чақирган одамнинг ўзи ҳам маърўзасини шу калималар билан бошлаб, шу билан тугатадиган бўлди. Яқинда ўша одам катта минбардан туриб, тағин бўҳтон, уйдирма хусусида сўзлади. Не синоат?  Яна “  қўшиб ёзиш” деган сўзларни ёзсак, танбеҳ оламиз шекилли?  Наҳотки чархпалак бу дунё?  Наҳотки бир айланиб келаверади?  Наҳотки шу қадар тез айланади бу чархпалак?!

Самарқандда кекса бир журналист бор.  Аҳмад Нарзиқулов дейишади у кишини. Ўз йўли, ўз фалсафаси бор одам. Шу зотнинг қизиқ гаплари ёдимга тушади: “Раҳбарлар мусиқачи, қўшиқчи, ҳалқ эса ўйинчи, хўш, журналистлар-чи? Улар қарсакчилар!”  Дарвоқе, қарсакчи учун барибир, “Муножот”ми, “Лазги”ми, барибир қарсакни ураверади”. Ўйланиб қоламан, наҳотки шунча йил қарсак чалиб келдим?

Юзлаб одамлар ҳузуримга келишади. Ҳаммаси дард билан, нажот истаб келади. Ҳунграб йиғлаган нуронийлар, нола чеккан оналар, сочларини тутамлаган аёллар. Яримта бўлиб қолган йигитлар… Ҳаммасига ёрдам беришга уринганман ва уринаяпман. Кўплари хурсанд, айримлари эса…

Ойида бир маротаба қабул ўтказаман. Мен учун энг оғир кун бу. Одамлар, дардманлар кўп.  Ҳар бири билан камида ярим кун суҳбатлашиш зарур. Ноиложликдан гапини бўласан. У эса ранжийди. Ҳали бир воқеа даҳшатидан ўзингга келмасингдан, иккинчисини эшита бошлайсан. Шундайлари борки, ҳамма ишингни қўйиб, шуғулланишинга тўғри келади.

“Биз бир-биримизни севамиз. Олти йилдирки боламиз бўлмаяпти. Шароитимиз бор. Бола олайлик десак, пул сўрашаяпти. Пулимиз йўқ!” Аёл йиғлай бошлайди. Ортида турган эркакнинг ҳам киприклари ҳўл бўлади. Хўш, нима қилиш керак?  Вилоят соғлиқни сақлаш бўлими мудирига учрашаман. Бағри кенг бу одам ёрдамга ошиқади. Масалани ҳал қиламиз. Одамлар эшитишади. Кейинги қабулда яна фарзандга зор оила соҳиблари келишади. Кўзларида мунг.  Улар умид билан келишган. Яна бош қўшмаса бўлмайди…

“Боламни ҳақиқатгўйлиги учун ишдан ҳайдади. Кўзим очиқлигида бир ишнинг бошидан тутсин дейман. Ёрдам бермасанг ночормиз”.  Отахоннинг эгнида яғир кийим. Боласи эски этикни илдирган. Ноиложликдан у идорага бораман, бунисига бораман, охири иш жумҳурият вазири орқали битади.  Енгил тортаман. Одамлар эшитишади…

Уй сўраган ногиронлар сон-саноқсиз. Ҳар бирига ёрдам бермасликка ҳаққинг йўқ. Аммо имкон тополмайсан. Фақат биттасини мисол келтираман. Улуғ Ватан урушининг ногирони  Хуррам Қаҳрамонов кўксида “Қизил юлдуз” ва яна кўплаб орден ва медаллар.

– Урушдан келсам ватанимни, уй-жойимни бузиб юборишибди,  – дейди у. Анча йиллар ўғлим билан Қашқадарёда яшадим. У вафот этгач, 1973 йил яна Жомбойга қайтиб келдим. Тоғамнинг улиникида яшайман. Ёшим бир жойга етди. Шовқин-сурон қулоққа ёқмайди. Қолаверса, иссиқ-совуқ деган гап бор. Уй солишга кучим йўқ.  Колхоз қуриб берган билан ким иситадию, ким қарайди? Шаҳардан бир кулба берса. Шу ерда ҳаловатимни топсам…

Ишонинг, ишонманг, бу муаммони ярим кун муҳокама қилдик. Охири ҳамма масъулиятни мен бўйнимга оладиган бўлдим. Шаҳар ижроқўми иложини топиб уй берадиган бўлди. Хўш, шу пайтгача уй сўраб келганларга ва бундан кейин келадиганларга нима дейман? Тўртта боласи билан кўчада қолган бевага ҳам уй зарур-ми?  Саккизта боласи билан бир хонада яшаётган аёлга-чи?  Бу дардларнинг малҳами қайда? Нега бундай аҳволга тушиб қолдик? Ёки дунё азалнинг касалими бу?

Суд маҳкамаси ёнидан ўтганмисиз? Худди чумолининг уясига ўхшайди. Иши тушган одам (аввало ҳар бир бандаи мўминни шу қийноқдан асрасин)  бу идорага етмиш етти марта қатнамаса мени ҳар нима деяверинг. Бирида қозини райкомга чақиришган, бирида оқловчининг ё боласи, ё онаси хаста, бирида қораловчи келмайди… . Хуллас, баҳонанинг нархи қиммат эмас.

Хўш, арзчи нима қилсин? Кимга борсин?  Ёзгани ўзига қайтаверса, депутат улгурмаса,

3. НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Дарвоқе, ўтган йиллар бизни фақат масала қўйишга ўргатди. Талаб қилардик, масала қўярдик.  Ҳал қиладиган зот йўқ эди. Оқибатда таклиф киритишни унутдик.  Камина юқорида зикр этган муаммо бугунги куннинг энг катта масалаларидан биридир десам муболаға қилмайман.  Тахминий ҳисоб – китобларга ( депутат сифатида илтимосим юзасидан бу хусусда кичик тадқиқот ўтказилди) қараганда ўтган йили жумҳуриятда ҳаракатда бўлган шикоят, арзнома, мурожаатлар киши бошига 1,5 тадан тўғри келибди.  (Оғзакилари ҳисоб эмас. – Ж.М.) Демак, 35 миллионта шикоят , арз битилган. Қанчадан қанча киши банд бўлган бу билан. Аммо ўрганиб чиқадиган бўлсак, шу 35 миллионнинг 30 миллиони бу йилга яна кўчган.

Хўш, рўзнома, ойномаларга қанча хат келади. Улар охир оқибатда текшириб чоп этишади. Уни яна кимдир ҳал қилиши керак. Қабулга келган бир киши столга ўнлаб рўзномаларни, ойномаларни ёяди. Масала ҳалигача ечимини топмаган. Қанча мухбир овора, қанча текширувчи… . Худди шундай аҳволдаги юзлаб корхоналарни мисол келтириш мумкин. Ноиложликдан текширишади. Одамларга малҳам бўлайлик дейишади. Кейинги вақтда ёзувчилар уюшмаси, янги тузилган ҳаракат ва расмий – норасмий партияларга ҳам оқиб кела бошлади бу “дарё”. Фуқаролар янги жойни эшитса зора ўша ерда адолат бўлар, масала ечилар, деб ўйлашади.

Ҳаёт давом этмоқда, умр ўтмоқда. Мен бу масалани бир ёқлик қилиш бўйича ўз таклифларимга эгаман. Биринчидан, кўп мамлакатлардаги сингари суд идораларини кенгайтириб ҳамма масалани ўша ерда ҳал қилмоқ зарур. Аммо биз ҳамма мамлакатларга ўхшамаймиз. Уларда ғишт, шифер, чўп… сўраб ё оломай шикоят ёзишмайди. Уларда ўғрилик, порахўрлик ҳам бошқа тарзда. Хуллас, ҳеч кимга ўхшамайдиган бўлиб қолдик, бу етмиш тўрт йилда. Ҳатто томдан чакка ўтса ҳам шикоят ёзишга мажбурмиз.

Менинг назаримда ҳозирча мавжуд бўлган “коммунистик” шароитлардан келиб чиқиб, бунинг чорасини кўриш керак. Нуқтаи назарим жиҳатидан таклиф қиламан:

Жумҳуриятда ё парламент, ё Президент қошида Назорат Қўмитаси тузиш керак. Унга Олий Кенгаш Раиси  ёки, Президентнинг ўзи раҳбарлик қилиши керак.

Яъни:

1. Назорат Қўмитасининг вилоят, ноҳия ва қишлоқларда бўлимлари ишлайди ва улар фақат ўз раҳбариятига бўйсунади.

2. Қўмита фуқаролар талаблари билан боғлиқ Республика ҳудудидаги жамики идоралар фаолиятини ўрганиш, шулар юзасидан Олий Кенгашга, Президентга, тегишли ташкилотларга таклиф киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

3. Ўзбекистон қонунлари, Президент фармонлари, Олий Кенгаш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарор, фармойишлари, Инсон ҳуқуқлари декларатсияси талабларига риоя қилинмаган ҳолда Қўмита юқорида зикр этилган ҳужжатлардан келиб чиқиб, узил-кесил хулосалар чиқаради.

4. Қўмита қошида аҳолининг кайфияти, талаби, таклиф-эҳтиёжларини ўрганувчи илмий-тадқиқот маркази ишлайди ва у Олий Кенгаш, Президент учун ҳар ойлик ёки ҳафталик ҳисобот, таҳлил тайёрлайди. Бу ҳужжатни вақти вақти билан оммалаштиради.

5. Қўмита махсус нашр чиқаради. Унда фуқароларнинг арз, шикоятлари тақдири ёритиб борилади.

6. Қўмита қошида депутатлар кенгаши тузилади. Қўмита бўлимлари, ходимлари фаолияти асосан депутатлар томонидан ўрганиб борилади.

7. Республикадаги барча идоралар, муассалар, ташкилотлар шикоят ва арз текширишдан озод қилинадилар.

8. Қўмита жиноий ишлар, судга оид масалалар ҳақидаги арз-шикоятларни назорат остига олади ва ижроси таъминланишини кузатади.

9. Қўмита Республика вазирликлари, идора ва ташкилотларининг назорат-тафтиш бошқармаларини ўзида бирлаштиради. Уларнинг ишини ташкил қилади ва юритади.

10. Ўзбекистон Халқ Назорати Қўмитасининг фаолияти, базаси мазкур Қўмитага қўшиб берилади.

11. Фуқароларнинг арз-шикоятлари ҳал этилиши муддатлари узил-кесил белгиланади ва унга риоя этиш таъминланади… .

Албатта, буни давом эттириш, тўлдириш мумкин. Назаримда ана шу хусусдаги Қонунни тайёрлаш вақти етган. Буни тезроқ амалга оширсак, энг аввало шу пайтгача қайта-қайта такрорлаб келаётганимиз  тартиб-интизом қарор топади. Қанча маблағ ва асаб толалари тежалиши ҳақида тўхталмаса ҳам бўлади.

Менинг шахсий таклифларим бировга ёқиши, бировга ёқмаслиги мумкин. Кимдир бу улкан муаммони бошқача ҳал этиш йўлларини билар. Хуллас, нима бўлганда ҳам бугун унга нуқта қўйиш шарт. Бардош косаси тўлиб, тошиб, тўкилишини кутиб ўтирмайлик.

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ  (МУҲАММАД),

Ўзбекистон Республикаси Президент девонининг халқ депутатлари билан ҳамкорлик шўъбасининг мудири, Ўзбекистон Республикаси халқ депутати.

“Ҳалқ сўзи” ,1991 йил 15 октябр

ХХХХХХ

“Халқ сўзи” газетасининг 1991 йил 10 декабрь 238-сонида “Мустақиллик қисмати ҳақида сўз” рукнида чоп этилган мақола׃

“ҚАЛЪА ИЧИДАН ОЛИНАДИ”

ОДАМЛАР, эл-улус дардидан кўз юмган ўғил – оқпадар, юрт шаъни учун бош кўтармаган ўғил – сотқин, хоин, бахти қаро, волидаси, миллатига хизмат қилмаган ўғил – қўлсиз, оёқсиз, гунг, кар, кўр, қалби сўқир– мажруҳдир!…

Одамлар, эл-улус дардини англаб, юрт ташвишини тушуниб, онаизор аламини англаб, миллат қайғусини кўриб курашга отланишга ожизлик қилган, ўзида куч топа олмаган ўғил эса ўлик, яъни тирик мурдадир!…

Инсон дунёга бир марта келади. У яшаб ўтгач, ким бўлганлигини сағана тошидан билиш мумкин. Бу тошда ё саккизта рақам ва унинг исми – шарифи, икки қатор айрилиқ сатри, нари борса , бир шеър битилар. Аммо одамлар қалбида, юрт дафтарида унинг таржимаи ҳолига ажратилган ўрин анча каттароқ ва кенгроқдир. Бу ерда тоштарош ёки марсия ёзувчи шоир  ҳам ожиз. Чунки қалб дунёсининг қаерида  кимнинг жойи бўлиши жумбоқ . Юрт дафтарининг қайси саҳифасида ким ҳақида ёзилажаги сир. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳақиқат ёзулгусидир. Таассуфки, жуда кўп жой ва жуда кўп саҳифа бўш. Демак, қанча – қанчамизга фақат совуқ сағаналар тарих, холос…

Одам нима учун туғилади-ю, нима учун ўлади ва у нима учун яшайди? Буни англаб етган зот пайғамбардир, англаб етмаган зот эса одамдир!

КУНДАЛИКЛАРДАН.

УЧИНЧИ ОЛОВ

Бирлашмаган халқ, миллат оломонга айланади, бўронлар остида қолади, шунда ҳам бирлашмаса, ёлғиз кимсаларга айланади, бўрилар қўршовида қолади, шунда ҳам бирлашмаса, у йўқолиб, йўқ бўлиб кетишга лойиқ.

ШУ сатрларни ёздим-у ўйланиб қолдим. Кўз ўнгимдан олис тарих Ўта бошлади. Минг йил нари ва минг йил берида ҳам бирлашганлар омон қолишган. Қанча – қанча элатлар тарқоқлик туфайли йўқ бўлиб кетганлар. Агар одамлар уят жойларини ёпишни ҳали англаб етмаган ўша ибтидоий жамоа даврида бирлашмаганларида бугун ер юзида фақат ҳайвонлар яшармидилар?!

Мен тарихнинг илк саҳифасидан бошлаб варақламоқчи эмасман. Фақат бугунги мустақилликка дахлдор кунларига бир лаҳза назар солгим келади, Улуғ Темур даврида ўлкамизга келган юрткезар Клавихо, Шайбонийхон кунларида ташриф буюрган инглиз савдогари Женкинсонларни бир ёққа қўяйлик. Гарчи мустақил юртимизга уларнинг ҳайрат тўла битиклари туфайли совуқ назарлар тушган бўлса-да!  Имомқулихону Иван Хохловнинг ҳам гўрларига ғишт қалаб ўтирмайлик. Гарчи бирлари ўрислар подшоси Михаил Фёдоровичга бизга вакил юборинг, деб илтимос қилган ва иккинчиси 1619 йилда Хива, Бухоро, Самарқандга келиб икки йил ахборот тўплаган бўлса-да. Ҳатто Пётрга совға – саломлар йўллаб, “Бизни қўшиб олинг!” дея ялинган Шоҳниёз хоннинг руҳини чинқиратмоқчи эмасмиз. Бундайлар бўлган. Кеча ҳам бор эди. Бугун ҳам топилади. Эртага ҳам уруғига ўт тушмайди.

Фақат шуни айтиб ўтишим шартки, ўша замонларда ҳам миллат қайғуси, юрт дарди билан ёнган одамлар бўлган. Қанча бобокалонларимиз юртимизга ёт кимсалар кириб келиши олдини олишган. Шу сабаб ҳам, руслар бир неча юз йил давомида бу “чегара”ни бузолмадилар. Сўнг инглизлар бузмоқчи бўлдилар. Бирин – кетин айғоқчию элчилари юртимизга қатнай бошладилар. Бёрнс деган зот Бухорода пайдо бўлди. Эббот деган капитан Хивага келди. Майор Вольф ҳам Бухорога йўл олди. Стоддарт, Конолли деган “меҳмонлар” билан бирга қолганлари ҳам зиндонга ташланди, ўлимга рўбарў қилинди. Айримлари қочиб қутулдилар.

Мустақил юрт, озод заминга жирканч ўйлар билан қадам қўйганлар ўз жазоларини олдилар. Тарихимизнинг бу саҳифалари ҳақида ҳали кўп ёзилажак. Шундан кейин рус давлатининг  қанчадан-қанча олтинтопарлари тақдир биёбонларида жон бердилар. Юрт туйғуси баланд бўлган ана шундай даврда нега бирдан чекиниш, зил кетиш, таслим бўлиш юз берди? Назаримда, рақиб бизнинг энг нозик жойимизни топган кўринади. Яъни қалъани ичидан олиш осонлигига имон келтирган бўлса керак. Ахир Искандар Зулқарнайн қандай қилиб  Самарқандни олганини эсланг, Муқанна нима учун олов даҳшатига ўзини урди?!

Тоғлари олтин , боғлари кумуш, замини кон, юрти кучга макон жойни нима қилиб бўлса-да олиш керак эди. Очкўз ва очофат генерал Черняевнинг  Тошкентга кириб келишини биласизми? Ўрис подшо бу шаҳарни куч билан эмас, ҳийла билан олиш керак деб буйруқ берган эрса-да, генерал иккаласини ҳам ишлатди.

Тошкент сарҳадида ўттиз минг сипоҳий турарди. Жанг деярли бўлмади. Зангота, Ниёзбек, Чинозда дарров таслим бўлишди.  Душманнинг аскари икки минг нафарга ҳам етмас эди. Черняев шаҳарга йўл олди. Бу орада Туркистоннинг ўзида ҳам ички курашлар бошланиб кетганди. Тошкент шаҳри ёшлари жангга отланишганда оқсоқоллар орага тушишди. Ўз фарзандларини, келажакни боғлаб беришди улар.

Ана шу даҳшат, ана шу мерос бугунгача давом этаяпти. Эсингиздами, мустақиллик дея бирлашган юртсеварларга, мустақиллик тарафдорларига қанча оқсоқоллар панд-насиҳат ўқигандилар. Икки – уч йил аввалги рўзномаларни варақласак қанча-қанча ношондорлар, казо-казолар бош эгишга даъват қилишганини ўқиб оласиз. Мустақиллик дея чиққанда уларга отилган тошлар-чи? Охир оқибатда улар андишага боришмагани, оқсоқолларга қуллуқ қилиб чекиниб кетишмагани ўзини оқлади.

Туркистон қон ичида, олов ичида қолган ўтган асрда қанча боболаримиз эшиклар очиб берилиши учун хизмат қилдилар. Туркистонни қиличдан ўтказган генерал – губернатор К.П.Кауфманнинг “яшин тезлиги”да Самарқанд, Каттақўрғон, Зирабулоқ, Бухорони босиб олишини ёдга келтиринг. Ахир амир Музаффариддин ҳимояга отланиш  ўрнига Кауфман билан тил бириктирмаган эдими? Бечора халқдан қанча-қанча ўлпон териб беришда жонбозлик қилмадими?  Бухоро, Хива, Қўқон…

Хайриятки, Абдураҳмон офтобачи сингари улуғлар атрофига бирлашган ғазавотчилар ҳақида ўйласанг, дилинг таскин топади.

Инқилобдан кейин Туркистон иккинчи марта олов ичида қолди. Яна ўша шаҳарлар, қишлоқлар вайронага айланди, ёниб кул бўлди. Энди фақат Кауфманнинг ўрнида Фрунзе ўзининг қонхўр ўтмишдоши сингари тез босиб ололмади юртни. Ҳар қадамда, ҳар сонияда қаршиликка учради. Шунда у ҳам қалъани олиш учун ичкаридан ҳаракат қилиш “қоида”сини ишга солди. Сотқинлар қаҳрамон бўлдилар, қаҳрамонлар сотқин! Юрт эса вассал, мустамлака! Миллат вакилларинининг озодлик учун йигирма йиллик курашлари, бирлашолмаганлари туфайли жуда чўзилиб кетган курашлари талофот билан, офат билан, замоннинг ақли янчиб ташланиши билан тугади.

Негадир биз бугун ана шулардан хулоса чиқариб оломаяпмиз. Фарғона воқеалари илдизига қарамадик. Паркент фожеасига юзаки муносабатда бўлдик. Кейин Ўшдаги оловнинг гулханини ёққанларга сўзимизни айтмадик. Ҳали ҳам бу чўғ ўчган эмас, у тутаб турибди. Нохосдан ловуллаб кетиши ҳеч гап эмас.

Ҳа, мен “учинчи олов”дан  хафдаман. Негаки, биз мустақилликни ҳимоя қилиш, асраб қолиш учун бирлаша олмаяпмиз. Тарқоқлик кимларгадир қўл келиб қолишидан чўчийман. Орамиздан чиқиб қолмасин дейман мустақилликнинг кушандалари…

Наҳотки, наҳотки ҳаммаси ўтмишга юз тутса, наҳотки тарих чархпалаги тағин аввалгидек айланса?! Наҳотки орзуларимиз орзулигича қолади?

АЛҲАЗАР !

…Ўзбекистон мустақил бўлиши керак! Ўшандагина кун сайин емирилаётган, чўкиб қолаётган тоғларимизнинг она заминимизнинг армонини англаймиз! Ўшандагина менинг ғарибгина сайлов мавзеим – Жомбой деҳқони, заҳматкаши ўз мулкига, ўз сўзига эга бўлади. Ўшандагина Жомбойнинг қолган 80 фоиз жойи ҳам газлашади. Ўшандагина Жомбой болалари бир сменада ўқийдилар. Ўшандагина Жомбойда замонавий ҳаммомлар, истироҳат боғи, маданият саройи қурилади. Ўшандагина жомбойликлар дўконлардан истаган нарсаларини топадилар, болалари чойга нон ивитиб ейишдан холос бўладилар. Ўшандагина ҳаётдан бевақт кўз юмган онаизорлар , ота-онасининг умиди бўлиб туғилган ва армони бўлиб жон берган гўдаклар ҳаётини сақлаб қолишга имкон бўлади. Ўшандагина ногирон волидалар, бемор – бечоралар дардига малҳам топилади. Ўшандагина…

(Сайловолди дастуримдан, 1989 йил)

ОЛИЙ КЕНГАШНИНГ саккизинчи сессияси ишини тамомлади. Менинг эса на уйқумда ҳаловат, на ишимда натижа, на ўйларимда тиниқлик бор. Қалбимда ғашлик, кўнглимда адолатсизликка, бебурдликка, виждонсизликка, имонсизликка қарши ғалаён Юрагим гоҳида санчади, гоҳида ғижимланади, гоҳида муштга айланади. Гоҳида хаёллар гирдоби ғарқ айлайди, гоҳида умидсизлик уммони оёғимдан тортади, гоҳида илтижо нидоси бўғзимга тиқилади.

“Алҳазар!” дейман, юртни сотганлар, элни сотганлар, қутлуғ заминни сотганлардан алҳазар!

“ Алҳазар!” дейман, зимдан, орқаваротдан иш тутганлар, дунёни писир-хисирларга, миш-мишларга кўмганлар халқ дардини ўз манфаати учун қурбон қилганлардан алҳазар!

“Алҳазар!” дейман, оғзининг боғичини йўқотганлар, орият, диёнат, имон, эътиқоддан бебаҳра қолганлар, падару волидаси, устозу шогирдини оёқ ости қилганлардан алҳазар!

“Алҳазар!” дейман, кўзингга лўқ термулиб ёлғон сўзлагувчи, борлиғини бўҳтон мағзавасига ботириб олган, одам эканлигини унутган умрини туҳмат йўлларига сочган кимсалардан алҳазар!

Ҳа, қалбим тўфон, вужудим тўфон! Қалбим олов,  бу олов ичида борлиғим ёнди. Туҳматдан, бўҳтондан, бу балои азимни ўйлаб топган бахти қарога нафратдан ловуллаб ёнди вужудим.

Худога минг карра шукур қиламан, мени рост сўзлаш, дилимдагини яширмасдан, қўрқмасдан, қалтирамасдан, ялтоқланмасдан бор гапни кишининг ортидан эмас, юзига айтиш туйғусидан бенасиб қолдирмаганига.

Биз Олий Кенгашнинг VII сессиясига тайёргарлик кўрар эканмиз, ғаразлик, фитна ва иғво деган чаёнлар кўнглимиздан, йўлимиздан узоқда эди. Мақсад – ошкоралик. Мақсад – қувғинлар, “деди-деди”ларга чек қўйиш. Мақсад – мустақилликни асраб қолиш. Кимлардир ана шу соф туйғуларда аждахо комини кўрдилар. Қалъамизнинг ичига нифоқ уруғини сочмоқчи бўлдилар.  Ҳали сессия бошланмасдан олдин марказий ойнаижаҳон орқали “Ўзбекистонда Олий Кенгаш ишлаяпти. Депутатлар Президент истеъфосини талаб қилишмоқда” дея  хабар тарқалганда юрагим шув этди.

“Бизга қарши уюштирилган фитна бу!” – Кўнглимдан ўтган ана шу фикрни Олий Кенгаш раисига ҳам, депутат биродарларимга ҳам айтдим. Кечга томон ойнаижаҳон орқали кечирим сўрашди. Ёлғонга зарба берилди.

Аммо орадан уч кун ўтиб, сессиямиз иш бошлаганда гап чиқиб қолди: “Ойнаижаҳонда бу хабарнинг пешонасида 30 сентябрь куни берилсин, деган кўрсатма турган экан!” Ҳамманинг фиғони кўкка ўрлади. Демак, кимлардир ўта ғаразли мақсадни кўзлашган. Бироқ кейинчалик комиссия ҳам, марказий ойнаижаҳон раҳбарияти ҳам иқрор бўлишича, ўша хабар “манглай”ида ҳеч қандай белги йўқ экан. Даҳшатли жойи шундаки, марказий ойнаижаҳон раҳбари имзоси билан келган хат комиссия аъзолари ўртасида ғойиб бўлди.

Оқибатда VIII сессияда тағин шу гап такрорланди. Кўраяпсизми, қандайдир мантиқ бор бу ерда. Охиригача етмаган масала сессияга олиб чиқилса, тағин ҳужжатлар ғойиб бўлса, сўнг одамларни қўзғаган аввалги гап такрорланса…Томошанинг муаллифи ким бўлса ҳам жуда усталик билан ишлаган.

Бу томоша эмас, дегувчилар топилади. Хўш, унда айтингчи, нега бўлмаса тўйдан олдин ноғора чалиниб депутатларнинг қулоқларига “Эшитдингизми, ҳалиги хабарни фалончи берган экан” деган гап тарқатилди? Бир киши эмас, ўн киши эмас, юзлаб ноибларга ана шу иғво етказилди. Ўша муаллиф бир кишини бадном қилиш баҳонасида жанжал чиқариши керак эди. Улар тағин қалъа ичида ур-йиқит бошламоқчи эдилар. Бунга кечагина кўкрак кериб юрган казо-казолар дастёрлик қилган бўлишса ажаб эмас.  Улар қанча одамларни ёмонлайвериб, “қулатиб” ғолиблик шарбатини ичган эдилар. Бирдан тарих чархпалаги чаппа айланди. Президент “Мен ёлғиз эканман, суянган тоғим йўқ экан, атрофимдагилар пусиб қолишди” деб очиқ айтди. Энди чўрткесарлар Президент атрофига келишса, уларнинг кўйлаклари чокидан сўкилиши ёки йиртилиши мумкин, яланғоч зот эканликлари аён бўлади. Ётиб қолганча отиб қолиш керак! Ана шу ният шимол ва шарқни бирлаштирганга ўхшайди.

Бу не даҳшат?!  Шахсий манфаат йўлида юртни қурбон қилишгача боришади. Бу иллат қачонгача бўйнимизга илон бўлиб ўралади?!

Назаримда, ҳаммасига – қўл силтаб кетишдек одатимиз сабабчи. Бир масаланинг ечимини топмай, охирига етмай бошқасига тармашамиз. Виждон билан, имон билан иш юритиб, оқни оққа қорани қорага ажратиш керак.

Ўшанда нафақат туҳматчи ўз жазосини топади, балки Ўзбекистонга, юртимизга доғ тушираётган, ўз элини, миллатини сотаётган кимсалар номи ҳам аён бўлажак!

Ўшанда эл кимга “Алҳазар!” дейишини яна бир карра англаб олажак!

Ўшанда бу ўйин ортидаги кимсаларнинг мақсадлари фош этилажак!

МУНОСАБАТ

Кишига “Сен улуғ!” деган гап қайта-қайта уқтирилса, у ўз улуғлигини нафақат англайди, балки улуғликка муносиб яшашга одатланади. Агар кишига “Сен ахмоқсан!” деган гап қайта-қайта уқтирилса охир оқибат у ахмоқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳа, кўп нарса муносабатга боғлиқ.

(КУНДАЛИКДАН)

Мактабда бир муаллимимиз “Карл Маркс кўп тилларни билган, аммо араб тилини ўргана олмаган. Уни тилсим деб атаган” дерди. Ўқитувчимиз бу билан араб тилига обрўйига обрў қўшаяпман, деб ўйлаган бўлса ажаб эмас?!

Негадир болаликда эшитганим, – бу сўзлар менга тинчлик бермайди. Чунки, Маркс арабларни ҳурмат қила олмас эди. Бунга унинг ҳаётий, тарихий зарурати, унинг асл миллати, авлодларининг асрий орзулари йўл бермасди. У арабларга қаҳр-ғазаб билан қарашга маҳкум эди.  Унинг мафкураси ана шундай ҳукмронлик қилар эди. Шу сабабли унда араб тилига беписандлик руҳи яшарди.

Маълумки, киши ҳурмат қилмаган, тан бермаган, севмаган тилини ўрганиши жуда оғир кечади.

Рўзнома таҳририятида бўлган йиғилишда узоқ йиллар давомида ўзбек матбуотида ишлаган рус аёли луқма ташлади:

– Бу ерда нима гаплар бўлаяпти, менга қоронғу…

Шоиримиз Эркин Воҳидов ўз таъбирлари билан айтганда, буни андавалаб ўтолмадилар.

-Мана мен олти ойдан бери инглиз тили тўгарагига қатнаяпман, – дедилар. – Ҳозир икки киши инглиз тилида сўзлашса, унча-мунча илғаб оламан. Энди ўзбек тилини ҳам ўрганишга чинакам киришилса, қоронғулик йўқоладию қолади…

Назаримда давлат тили ҳақидаги қонунимизда белгиланган саккиз йил ҳам ана-мана демай ўтади, лекин кўплар ўз тилларида гапираверадилар, биз ҳам уларга ўз тилларида жавоб қиладиганга ўхшаймиз. Чунки тилимизга ҳам, ўзимизга ҳам беписанд қараш ўларнинг қонунларига сингиб кетган.

Уч-тўрт йил олдин фирқа қўмиталарида асосан рус тили куллиётларини битирганлар ишларди. Ақл-идрок, тафаккур, қобилият, ташкилотчилик эмас, тил билиш асосий мезон эди. Оқибатда жумҳуриятимизда қобилиятли кишилар четга чиқиб қолдилар. Мустамлака учун худди шу керак эди. Айтилган гапни ўйлаб кўрадиганлар эмас, индамай бош силкитадиганлар, қўл кўтарадиганлар сулоласи шу зайл пайдо бўлганди.

Эсингиздами, сал бош кўтарсак, қанча дашномлар эшитардик. “Биз инқилоб қилганмиз!” , “Биз маданият олиб келдик!”, “Биз..”.

Хайриятки, бугун инқилобнинг мақсадлари очилиб қолди. Бироқ ўша “Биз…” руҳи ҳали-бери сўнадиганга ўхшамайди.

Тилимизга муносабат ҳам ана шундан. Қонун қабул қилингандан буён икки йил ўтибди аллақачон.  Ўзбек тилини биладиганлар кўпайиш ўрнига камайиб кетмоқда.

Олий Кенгашда ишлаганимда “Оммавий ахборот воситалари ҳақида” қонун лойиҳасини ўзбек тилида ёздим. Бу Олий Кенгашда ёзилган биринчи қонун лойиҳаси эди. Уни рус тилига ўгириш бир йилга чўзилди. Шунда ҳам на маъниси, на мазмуни қолди. Оқибатда лойиҳа ланж, дея бошимизда қанча калтаклар синди.

Яқинда муҳим бир ҳужжатни ўзбек тилида тайёрладим. Рус тилига ўгириш керак бўлиб қолди. ЎзТАГ ( қачон ўзгарган бу ном?) директори Эркин ака Ҳайитбоевга мурожаат қилдим.

Кечга томон бир аёл кириб келди.

– Машинка, машинистка борми, икки минутда ўгириб ташлайман, – деди у.

Хурсанд бўлдим. Шоша -пиша айтганларини муҳайё қилдим. Икки дақиқа икки соатга чўзилди.

– Нима гап? – дедиму, балога қолдим.

– Бу ҳужжат тили эмас, – бақира кетди у. – Рўзномада ишни уддалай олмаган одамлар мана шунақа идораларга кириб олиб, ҳаммани сарсон қилишади…

Котиба қиз ҳайрат ва ҳайронлик билан жилмайиб турарди. Менинг ҳам кулгим келди. Тилимизнинг хазинасидан икки – уч сўзни ҳужжатга қўшгандим. Таржима қилолмай ҳалак бўлди. Икки саҳифалик нарса ўн олти саҳифага айланди. Аммо паст тушгиси йўқ.

Эрталаб Эркин акага “раҳмат” айтдим. Унинг ярасига туз сепиб қўйибман шекилли, машаққатларидан “ бир бош” тинглашга тўғри келди.

Кейин рўзномалардан бирида ишлайдиган таржимонга топширдик. У хамирдан кесак қилиб берди. Охир – оқибат ўзимизнинг қўлбола тилмочлар ишга киришдилар.

Ана шундай аҳвол ҳамма жойда бирдек, десам муболаға бўлмайди. Албатта, бу билан тилни ўрганишга жиддий киришган уч-тўрт кишини ҳам битта қанорга солиб юбормоқчи эмасман. Умуман гап бошқа ёқда.

Бугун Ўзбекистоннинг энг олий даргоҳларидан тортиб, энг қуйи идораларигача тўла ўзбек тилига ўтиш керак. Бугун биз ўзимизнинг бирлигимиз, сўзда қатъийлигимиз, мустақилликка содиқлигимиз билан ўша “Биз… ” деган муносабатни синдиришимиз лозим.

Ҳеч қачон дўқ-пўписа, мушту калтак билан бир нарсага эришиб бўлмайди. Жанжаллару ур-тўполонлар ҳам ҳеч вақо бермайди. Фақат фикран тан олиш, қойил қилиш, ҳурмат қилиш тўфайли тилимизни ўрганишлари тезлашиши мумкин.. Уларда беписандлик муносабати пайдо бўлиши шахсий айблари эмас. Бу “олий ирқчилик” мафкурасининг, ленинча мафкуранинг асоратидир!

“…Кейинги йилларда республикада “тозаловчилар” кўпайиб кетди. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам муҳим жойлар уларнинг қўлида. Самарқанд вилоят партия комитетида, вилоят ижрокомида, вилоят халқ назорати комитетида, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармасида шундай “меҳмонлар” бошқарув калитларини ушлаб турибдилар. Уларнинг “шарофатлари” билан Самарқанд вилоятида кадрлар тизими ишдан чиқди.. Жиноятчилик пасаймади, аксинча ўсди. 1987 йилда содир қилинган жиноятлардан 314 таси, 1988 йилда 639 таси, ўтган йили эса мингдан зиёди очилмасдан қолди. 1987 йилда бедарак йўқолганлардан 79 киши, 1988 йилда 93 киши, ўтган йили юздан зиёди топилмади. Улар ана шундай “тартиб” ўрнатдилар.

Савол туғилади: наҳотки ерли халқ орасидан бирор ҳалол прокурор ёки халқ назорати комитети раиси топилмаса? Ё улар бошқа республикаларга кетиб қолдилармикан?! Эҳтимол, Арманистон пойтахти прокуратураси, Гуржистон пойтахти ички ишлар бошқармасини бошқараётгандирлар?!”

(Сайлов олди дастуримдан, 1989 йил).

Бизга мустақиллик нима учун керак бўлиб қолганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Жумҳурият миқёсида мисоллар том-том китоб бўлар. Мен мақола сўнгида ўзим сайланган мавзега доир саккизта рақамни келтирмоқчиман. Бу халқимиз бошида чақилган “ёнғоқ”ларнинг миллион-миллион халтасидан бир ҳовуч, холос.

Жомбой ноҳиясида қайта қуриш бошланган, 1984 йилда бир гектар ердан 29,9 сентнер пахта олиш режа қилиб қўйилган. Амалда 20,2 сентнер бўлди. Ҳа, одамлар қамалиб кетишди, режа эса қолди. У тағин қамоқхоналарга даъват бўлиб яшайверди. 1985 йилда озгина пасайди – 28,5. Амалда 19,8. 1986 йилда тағин ошириб қўйишди – 29,2. Халқ қийналиб, аранг 19,4 га етказди. 1987 йилда 29,2 – 19,4; 1988 – 25,5 – 22,4, 1989 – 27,3 ва ҳоказо. 1991 йилда режа етмиш фоиз атрофида қолди.

Даҳшатлиси шунда эдики, экилган навнинг толадорлиги 28-29 бўлгани ҳолда, 31-32 қилиб режа қўйилди. Бу халққа қарши жиноят эди. Уни моҳирлик билан “ижро” этишда ўзимизнинг дастёрлардан фойдаланишди. Ниҳоят мусатақилликка эришганимиздан кейин, Жомбойни, унинг заҳматкаш элини бу азоблардан халос этиш ҳақидаги депутатлик сўровимга имзо чекилди. Энди Жомбойда ҳам ўзгаришлар бўлажак, энди Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлажак!

Фақат, қалъани ичидан олишга интилаётганлардан худо сақласин. Улар ҳар нарсага қодир, улар пасткашлик, жиноят, маддоҳлик, қабиҳлик…  мактабларини ўташган. Қалъанинг ташқарисида кимнинг кимлиги аён. Ким билан жанг қилиш ҳам аниқ. Ичкарида эса…

Жаҳонгир Маматов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган журналист.

Муаллифнинг 14 йилдан кейинги изоҳи:

Бу мақолани ёзганимда Ўзбекистон президенти ва халқ депутатлари орасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўлимининг раҳбари эдим. Ўшанда ёзганларим бугун учун ҳам кечарли ҳолда тургани ҳаётимизда ўзгариш бўлмаганининг исботидир.

Фақат икки ўзгариш бор:

1. Менинг Жомбой қишлоқ хўжалиги ҳақидаги депуталик сўровим юзасидан ҳукумат қарорига Мирсаидов имзо қўйган ва  кейин Каримов ҳам розилик берганди, унга ҳам бечора халқнинг азобини тушунди дея раҳмат айтгандим. Аммо орадан бир йил ўтиб буни менга ўз вазифасини(!) суиистеъмол қилган ва Мирсаидов билан тил бириктирган деб айб қилиб қўйишди.

2.Ўша кезда Ўзбек тилини ўрганиш ҳақида ваъз айтиб юрган Эркин Воҳидов эса бугун Россия тилининг буюк аҳамиятидан гапирмоқда ва сенатда Ўзбекистон ва Россия яқинлашувининг  меъморларидан биридир.


ЛАМБАДА

ёки БЕҲАЁ ЎЙИН

Бразилия ўрмонларида яшаган ҳиндулар “ламбада” рақсини эллик йил таъқиқлашди. Лекин замон зайли билан бу рақс уларнинг миллий ифтихорига айланди.

Дарвоқе, сиёсат ҳам санъат дейишади. Аслида санъат ҳам сиёсатдир. Сиёсат санъат эканлиги сезилиб қолганда, емирила бошлайди. Санъат ҳам сиёсатлиги билиндими ”оёғи синади”. Санъатнинг гўзал бир бўлаги – рақс, ўйин. Сиёсатнинг ҳаром бир бўлаги – ўйин. Бири театр, томоша саҳнасида, кичик давраларда ҳукм сурса, иккинчиси  жуда ўлкан саҳнада – мамлакат, дунё саҳнасида “жилва” қилади.

Ламбада сўзи “таъқиқланган рақс” деганидир. Бу рақс беномус, ҳирсли бўлгани учун ҳиндулар уни таъқиқлашганди. Нимаики таъқиқланса, унга қизиқиш, ёлғон эҳтиёж ошади. Кишининг ҳирсларини қўзғаб, уни оний хаёллар гирдобига ғарқ қиладиган бу рақсни ҳиндулар қироличаси севиб қолади ва унинг истеъдодли ижрочисига айланади.  Қиролича товусдек товланиб, иффат сарҳадларини бузиб, хиром этар экан, унга бутун миллат қўшилди. Вақт ўтиб, бир замонлар таъқиқланган рақс оммавий ўйинга айланди.

Ҳиндулар яшаган ўрмонларни йўқотиш бошланганда улар исён қилдилар. Исён бостирилди.  Фақат қиролича ўз рақси, ўйини билан катта саҳналарга етиб борди. Раққоса ўрмонни сақлаш ҳаракатини бошлади. “Ламбада” эса яшин тезлигида дунёга тарқалди. Ҳиндулар бу ўйинни миллий ифтихор, миллий санъат дея, фахрландилар. Раққосанинг фарёдини Америка ҳукумати эшитди ва ўрмонни сақлашга киришди. Бу нафсониятларига тегиб, ўрмонни йўқотишга киришганлар унга ўт қўйдилар.

Ҳиндулар кўчманчилик сўқмоқларига сочилдилар.

Ҳа, одамлар яшаб, воқеалар кечиб ўтаверадилар. Ўйинлар эса йўқолмайди.

Бугун бизнинг юртимиз саҳнасида – ҳам сиёсат, ҳам санъат саҳнасида ифтихорга айланган ҳаёсиз ўйинлар кўпайиб кетди.  У “ламбада” ни  эслатади.

“Ламбада” рақси инсон юрагининг тубидаги энг нозик туйғуларни яланғоч қилиб кўчага чиқаради, унинг ҳирс-ҳаяжонини қўзғаб, ақлни, идрокни бегона хаёллар оёғи остига ташласа, кишини ожиз жонивор ҳолига солишга хизмат этса, бизнинг сиёсатдаги “ламбада”  бундан юз карра разилроқ мақсадларга хизмат қилади. У ёлғон, алдов сеҳри билан инсонларни ўзлигидан, кимлигидан, орияти, диёнати, номусидан ажратишга мўлжалланган. Бу “истеъдод”нинг айрим саҳналарига назар солайлик:

Ўзбекистоннинг янги Конститутсияси қабул қилинган сессия арафасида мамлакатда террор бошланган, диктатура қулоч ёзганди. Мухолифат қатағонга олинган, қувғин, сургунлар бошланганди. Сессия ҳам ана шу руҳ, ана шу кайфиятда ўтди. Бош қонун деярли муҳокамасиз қабул қилинди. Шу куни кечқурун президент пойтахтнинг  “Наврўз” кошонасида миллатвакилларига, сарой аъёнларига зиёфат берди.

Зиёфат оқшоми президентнинг кўзларидаги таҳлика йўқолмаганди. У шу куни қандайдир нохуш хабар олгани сезилиб турарди. Сессияга киришда депутатларни лазерли махсус ускуналар ёрдамида “божхона”дан ўтказишди. Аёл депутатлардан бирининг сумкасидан темир кулдон чиқиб қолди. Ярим соат сўроқ қилишди. Биз кулдик: “Агар кулдон билан кимнингдир жонига  қасд қиладиган бўлса, демак япон мактабида ўқиган”.

Зиёфат залида меҳмонлардан қўриқчилар кўпроқ эди. Сигарет чекмоқ учун жойимдан қўзғалгандим, йигирмага яқин йигит мен томонга ўтди. Ёнимга Миллий Хавфсизлик хизмати қўмитасининг  раиси Ғулом Алиев келди.

– Ғулом ака, “қўйлар ҳам чўчқа ҳолига” тушибди-ку? – дедим зиёфат олдидан махсус аравачалар устида чўчқага ўхшаб ётқизилган, боши ва оёғи кесилмасдан пиширилган қўйларга шаъма қилиб.

– Бугун шод-ҳуррамлик, шунақа гапларнинг ўрнимас, – деди Ғ. Алиев. Сездимки, суҳбатимиз ёзиб олинмоқда. Чунки Ғулом ака билан ён қўшнимиз. Яккама-якка қолганда тузумдан, президентдан норозилигини айтарди. Бу ҳам балки “ламбада”дир?  Ҳар ҳолда, ўйинни самимий ўйнарди. Президентнинг хафақонлигидан кўпчилик фойдаланмоқ истарди.  Масалан, ҳурматли шоиримиз Шукрулло халқи-мардумнинг ўртасида президентни оз деганда ўн марта чўлпиллатиб ўпдилар. Президент қўл қовуштириб турар, Шукрулло ака эса “илиқ” гаплар билан унинг кўнглига сув сепардилар.

Бирдан Олмахон Ҳайитованинг жарангдор овозлари янгради. Ўртага Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзов чиқди. У ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг муовини Эркин Самандаров Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги тантанасида бирга рақсга тушиб, президентдан ташаккурнома олишганди. Маркс Жуманиёзов қарсаклар оғушида гоҳ қош учириб, гоҳ ўтириб-туриб ўйнарди.

Одамларнинг кўзи президентда эди. У заҳарли жилмайиб турарди. Бу жилмайишни ташаккурнома деб англашди шекилли, бирин  кетин вилоят ҳокимлари рақсга туша бошладилар.   Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов рақсга уста эмас экан.  Депутат Ойгул Маматованинг жозибадор ўйини бу қусрни ёпиб юборди. Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоровнинг “бадани”да бор экан, анча вақт давра айланди. Ҳатто, бир қўли билан қошини юқори кўтариб, президентга қараб “ҳунар” ҳам кўрсатди. Хуллас, ҳоким раққослар мусобақаси президентнинг хижил кўнглини ёзди.

Навбат миллатнинг гули ва ақли бўлмиш ижодкорларга келди. Тўғрироғи, президент сўзни аввал Саид Аҳмадга, сўнг Одил Ёқубовга берди.

Саид Аҳмад микрофонни икки қўллаб ушлаганча даврага бир назар солдиларда юракларини очдилар.

– Мен ҳам мустақиллик учун курашганлардан бириман, – деди у киши. – Советлар империясида мустақиллик ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто фикрлаш ҳам қўрқинчли эди. Лекин биз юрагимиздаги бу дардни асарларимизга сингдирдик. “Келинлар қўзғолони”ни ёзарканман, дилимда шу мақсад эди. Марказ зулмидан озод бўлиш ғояси асаримнинг бошидан охиригача чекинмайди. Бу асарда ўн беш мустамлака жумҳуриятнинг дарди, ташвишларрини беришга интилдим. Бош қаҳрамонларимнинг ҳар бири бир жумҳуриятнинг образидир…

Даврада ўтирганлардан бири “Ўзбекистон ким экан?” деб шивирлади. “Соттихон бўлса керак” дегандим, ёнимиздагилар кулиб юборишди.  Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.

– Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, Яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

Саид Ахмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:

– Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш,  дарди оғир эди.  Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди.  Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…

Балки вақт кечиб адибларимиз “Ўшанда мен образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деган гапни айтишлари мумкин. Ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки “ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради.

– Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор, – дея давом этди О. Ёқубов. – Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу сабаб, Сиз Ислом ака, ундайларга эътибор ҳам берманг.  Халқ уларга аллақачон баҳо бериб бўлган. Шундай деймизу, аммо улар асабни эговлаб, катта ишлар ва мақсадлар йўлида тўсиқ  бўлишгани аянчлидир…

Сўнг Ортиқ Отажонов президентга “бир капгир” мақтов ёғдириб, қўшиқ бошлади. Даврага раислик қилаётган Наманган вилояти ҳокими, президент ибораси билан айтганда “оқсоқол” Бургутали Рапиқалиев ишораси билан ўртага яна ҳокимлар чиқдилар. Рақс тугагач, Каримов “икки улуғ адиб” шарафига қадаҳ кўтаришни буюрди.

Стол устидаги шишалар аллақачон бўшаб қолгани учун баъзи аъёнлар бўш қадаҳларни кўтариб, буйруқни бажардилар.

Вақт келиб, улар ҳам ўзларини оқлашлари учун имкон бўлади. Яъни: “Биз ўшанда фикрларга қўшилмаганимиз учун бўш қадаҳни кўтаргандик”, дея. Уларни ҳозир ҳам айбламоқчи эмасмиз. Улар “ламбада” асирлари.  Асир эса буюрилганни бажаришга маҳкум. Асирлар суд қилинмайдилар.

Қўшиқ айтиб турган Ғуломжон Ёқубовга президент  ниманидир ишора қилди. У куй оҳангини ўзгартириб, Каримовга Мустақиллик куни ёқиб қолган насиҳат – қўшиғини бошлади.  Шу пайт унинг ёнида ҳофиз Шерали Жўраев пайдо бўлди.

Шерали Жўраев ҳақида шу  кунлари турли миш-мишлар тарқалганди. “Каримов уни телевизордан, радиодан олиб ташлабди”. “ У ҳажга борганда президентни Худосиз дебди”. Бу гапларда жон бор эди. Ростдан ҳам Каримов бир мажлисда ТВ “катта”сига Шерали Жўраевни кўрсатмасликни буюрганди.

Ҳофиз  ҳамкорининг қўлидан торни олиб: ”Мен Ўзбекистон гимнини ёзганман, шуни ижро этаман”, деди. Президент бошини қуйи солиб, ёнидаги маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга нимадир деди. Унинг ранги оқади. Ҳар ҳолда жавоб қилди. Назаримда, у  “Шерали Жўраев рўйхатда йўқ эди”, деб қутулди.

Қўшиқ тугагач, ”об-ҳаво” бузилаганини сезган аъёнлар қарсак чалмадилар. Ҳофиз енгил куй чалиб, ўтирганларни рақсга “даъват” этди. Ҳамма жим.

Балки Шерали Жўраев “ламбада” муҳитини бузмоқ истагандир?  Аммо у халқимизнинг севимли хонандаси эди. Мен унга хайрихоҳ  мухлис сифатида ачиндим.  У бир қўшиқ айтиб атрофига минг-минг одамни тўплаши мумкин. Шу бир ҳовуч “раққос”лардан обрў олиш жуда зарурми?  Унинг “ламбада”га қўшилмоқ истагида ўзини хор қилганини тушуна олмадим. Унинг санъатига ҳурматим борлиги учун ҳам шу лаҳзада бу “ихтиёрий” таъзимини тушуна олмадим.

Кўп ўтмай бу “нохушлик”ни президент унутди ва ўзи рақсга тушди. Жувон депутатлар, ҳокимлар уни қуршаб олдилар. “Ламбада” авжига чиқди…

Зиёфатдан чиқар эканман, ёнимга Дадахон Ёқубов келди:

– Аслида бу ерда раислик қилиш иккаламизнинг ишимиз эди. Лекин қовун тушириб юрибсиз-да, – деди.

Индамадим. Зиёфатга мени мажбурлаб олиб келган дўстларим Ўзбекистон халқ депутатлари Насрулло Сайид ва Имом Файзини  эшик ёнида кутиб турдим. Кечагина қучоқлашиб кўришадиган аъёнлар кўрмасликка олиб ўтиб кетардилар. Сал нарироқда эса Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари мендан кўзларини узмай турардилар.

– Бош қонун қабул қилингач, президент казо-казоларни тўплаб, мухолифатни бутунлай йўқотишни буюрибди, – деди Насрулло.

– Унда кимга президентлик қилади? Бутун бир халқ унга мухолифатда-ку, – дедим.

-Халқ вакилларию сафдошларингиз  – ёзувчиларни  кўрдингиз-ку, – деди Имом Файзи.  – Каримов шуларга президентлик қилади.

“Наврўз” кошонасидан қайтарканмиз, кўнгил хира эди, чунки “ламбада” энди бошланган, яшин тезлигида вилоятларга, туманларга тарқалиши аниқ эди.  Бу ҳам майли. Лекин ўрмонга ўт кетганди. Ўрмон ичида минг-минглаб гуноҳсизлар азоб ўтида қоврилаётган эдилар. Кўнгилга ана шу ёнғиннинг қора дуди хира солганди…

Жаҳонгир МУҲАММАД

1992 йил. Декабр.

“ЭРК” газетасининг 1994 йил, 16 Май, 5(104) сонидан

“Марату”ларнинг фожеа кунлари якиндир

“Кувгин” романи муаллифи, хурматли Жахонгир Мухаммадга.

Азиз, хамфикримиз, Жахонгир Мухаммад, ассаломуалейкум.

Сизнинг “Харакат” журналида босилган “Кувгин” романингизни укиб чикдик. Бу роман Сизга булган хурматимиз, мухаббатимизни юз чандон оширди. Ташаккур, миллатимз, халкимиз бахти учун Сиз ва Сизга ухшаш мужохид йигитлар омон булсинлар.

Сиздан бир илтимосимиз бор:

“Кувгин”нинг “Харакат” журналининг 1997 йил 3-4 сонларидаги 38-, 39-, 40-, 52- ва 53- бетларида “Маратов-Марату” образи келтирилган. Ушбу шахс уйлаб топилмаган инсон булса, унинг исми, фамилияси хамда бошка шунга ухшаш фактларни факс ёки хат оркали бизга юборсангиз. Утиниб илтимос киламиз, бу фактлар биз учун жуда мухимдир.

Биз, куйида имзо чекканлар Узбекистон Шахс Хукукларини Химоя Килиш Кумитасининг Наманган вилоят булимида расман руйхатдан утган холда ишламокдамиз. Рахбаримиз: Кумита раиси Зохидов Марат Тешаевич. Бу образ Зохидов М.Т.га ухшашлигига шубхамиз кам. Аммо, хозирда Зохидов М.Т. билан бир муаммога икки хил караш билан узаро зиддиятларимиз “Миртемир-Марату” келишмовчиларига якинлашиб колган. Шахсий зиддиятлар булса майли эди, аммо Зохидов М. “харакати” билан Узбекистонда инсон хукуклари масаласи оксамокда. Агар Зохидов ва Маратов шахслари бир киши булиб, романда келтирилган фактлар хакикий булса, бу – дахшат, биз келажакда уз фаолиятимиз ва кураш йуналишини аниклаб олишимиз керак. Биз кандай килиб бу Кумитага (чунтак кумитага) кириб колганимиз сабабини билмокчи булишингиз табиий. Бу кумитага уз харакатимиз келажагига ишонганимиздан ва Сиз ва биз таниган энг кузга куринган лидерлар тавсияси ва стратегия ва тактикани кузда тутган холда кадам куйганмиз.

Наманганда кулма-кул булиб укилаётган “Кувгин” келажакда очик холда юзлаб-минглаб нусхада китоб килиниб, Узбекистонда укувчиларга таркатилгач, “Шайтанат”дан узиб кетишини ва унинг муаллифи Сизга Оллох Таолодан мустахкам соглик тилаб:

Узбекистон Шахс Хукукларини Химоя Килиш Кумитаси
Наманган Вилоят булими раиси
Махамадали Корабой

Узбекистон Инсон Хукуклари Жамияти
Наманган вилояти булими раиси
Ахматхон Абдулла

30 апрель, 1998 йил

Узбекистон шахс хукукларини химоя килиш кумитаси Наманган вилояти булими раиси Махамадали Корабой ва Узбекистон инсон хукуклари жамияти Наманган булими раиси Ахмадхон Абдулла сингари мухтарам биродарларимиз “Кувгин” романи хаккида самимий миннатдорчилик билдирар эканлар, айни пайтда бир катор вокеаларнинг зохир булиб-булмаганини сурашган, баъзи образларнинг кимнингдир прототипи эканлигини тилга олишган. Ана шундай саволлар хар куни окиб келаётгани боис бу хусусда батафсил фикр юритишга карор килдик.

Аввало шуни айтиш керакки, узбек романчилиги хамон каси бир дорулфунуннинг ботаника богидаги тадкикотчиларнинг изланишларига ухшаб колмокда. Романнависларимиз дарахтнинг бир барги чап томонга кимирлашини уч сахифа, унг томонга эгилишини яна уч сахифа ва урнига кайтишини камида икки сахифа тасвирлашга урганишган. Бундай холни шуролар даврида тушуниш мумкин эди. Романнавислар ана шу баргнинг кимирлаши оркали ё бирор бир фикр айтишга уринишлари ёхуд сахифаларни тулдириб, роман хажмини кенгайтиришган булишарди. Чунки табиат хаккида хар канча ёзиш мумкин эди. Хатто бунинг учун табиатни мухофаза килиш кумиталаридан мукофот олишарди.

Турк романчилигида Умар Сайфиддин утган асрдаёк араб жимжимадорлиги асосига курилган романчилик услубини бузиб, уз асарларини халк тилига якинлаштирган ва янги турк романчилигинининг тамалини куйганди. Биз эса бугун узимизни мустакил, дея жар солишга одатланган кунда хамон ёлгон романлар гирдобида колаётибмиз. Роман халк тилига, ва халкка якин булиши учун унинг хаётини тасвирлаши ва унга кузгу ролини уйнаши керак. Кун буйи каро мехнатдан эзилиб кайтган инсон шалоланинг тиник сувида юзларини чайгандан сунг ойнага бокаркан, узининг бугунги мубтало куни ва эртанги орзулари хаккида хаёлга чумгандек, романни укигандан кейин сунг хам дарин туйгулари жумбушига келиши керак.

Ана шундай фикр анча вактдан бери калбимни тирнагани учун “Кувгин” романини жимжимадор услуб ва ижобий хамда салбий кахрамонлар кураши доираси атрофида эмас, балки хаётда хакикатан юз бераётган ва купчилигимиз курмай колаётган, балки купчилигимиздан яширилаётган вокеалар, ходисалар сукмоги олиб борадиган урмонни тасвирлашга уриндим.

Кейинги йилларда халкимиз хаётида жудда катта вокеалар юз бериши мумкин эди. Жумладан у бундан бир неча йил мукаддам олдин хур булиш нуктасига келган эди. Бу кур-курона келиш эмас эди. Минг-минг инсонлар майдонларда, кучаларда уз хурриятлари учун хайкирдилар. Миллионлаб инсонлар эса уз орзу умидлари билан уларнинг харакатларига кушилдилар. Аммо киска вактда, ха, мисли курилмаган жуда киска вактда миллионларнинг харакати, умид орзулари, келажаклари улдирилди. Нега? Бу ишни четдан келганлар эмас узимизнинг орамиздан чикканлар амалга оширдилар. Нега?

Халкимиз минг-минг фидойи углонларни етиштирар экан, нима сабабдан хоинларнинг хам бошини тебратди?! Уз хузур халоватини уйламаган ва миллатининг дарди билан яшаганларнинг боши кундага куйилар экан, нима сабабдан кони окизилаётган бегунох инсонни эмас, балки килич кутарган жаллодни куллади?! Бу адашишмиди?! Бу сукирликми?! Бу ёлгонлар гирдобида гарк булишми?! Бу уз келажагини улдиришми?

Хуллас, бу кандай бир хол эди-ки, миллион-миллион инсонлар бирданига оркага чекиниб, хоинларнинг йулига поёндоз солдилар. Бу кандай бир хол эди-ки, миллатнинг гули хисобланган зиёлилар-ойдинлар уз миллатининг душманига айландилар?

Ибтидоий жамоа даврида каби халкимизга рост деб ёлгон едирилди. Ибтодоий жамоа даврида одамлар ёлгон ва ростнинг фаркига борабошлаган эдилар, лекин биз “ривожланган мустакиллик” даврида ёлгон ва ростни ажратолмадик. Нега? Романда ана шу саволларга жавоб изладим.

Романнинг учинчи китоби чет элга чекинган мухолифатнинг ва мухолифат байроги остида мухолифатчи булиб куринган, хар кадамда Ватани (агар хакикатдан хам Ватанини бор хисобласа), мухолифат номи хисобига (“соткин” калимасининг сийкаси чикди) кун кечирган “кузга куринган” кишиларнинг фаолияти хаккида суз боради.

Тугри, хар бир инсоннинг хар бир одимини когозга тушириш мушкул. Шу боисдан уларнинг эгизак туйгулар, эгизак карашлардаги шерикларини топиб, бирлаштирган холда укувчига такдим этиш анча осон. “Кувгин” романида бу коида хам бироз четга сурилган. Чунки бу роман аслида кундаликлардан иборат эди. Факат у чоп этилар экан, исмлар, характерлар бироз узгартирилди, холос. Бугун кахрамонлар – хоин деб эълон килинган, хоинларга кахрамон унвони берилган утиш кунидир. Шундай мусибали кунга келишимизга Ислом Каримов ва унинг атрофида гирдикапалак булганлар канчалик айбдор булсалар, узимиздан чиккан ”Марату”лар хам шу кадар жавобгарлардир. Кимнингдир куркоклиги кимнингдир асл хоинлиги ва яна кимнингдир “илонлиги”, яна кимнингдир шохона хаётга ташналиги бошимизни шу кунга олиб келди. Биз бугун ва ёхуд эртага уларнинг кимлигини таниб олишимиз керак. Менинг максадим узим таниганларни сизга таништиришдир. Мамнун булган жойим шундаки, купчилигини сиз хам танир экансиз. Романнинг сунг сахфаларида “кахрамонларим”нинг асл исм-шарифларини хам укийсиз, деган ниятим бор.

Марат Зохидов масаламига келсак, бу шахс мустакиллик учун кураш даврида хам, хозир хам номенклатуранинг атрофида суркалиб, унинг хизматини килиб юрган киёфалардан биридир. Бир кугирчокни мажаклаб эзиб ташлашга хеч ким журъат этмайди. Балки купчилик уни севади. Болалар хам, катталар хам уни уз майилларига караб уйнатадилар. Марат Зохидовнинг ана шундай кугирчоклардан битта фарки бор, у хам булса унинг жонлилигидир.

Озарбайжон президенти Абулфайз Элчи-бейга “КГБнинг руйхатини ошкор этинг”, дейишганда “Жуда куп дустларимизнинг исми-шарифи чикиб колса-чи?” деган андиша билан бу ишга кул урмаганди. Окибатда огир кунлар яшади.

Бизнинг хам элчибейларимиз иктидорга келганда битта-ю битта талабимиз булади, у хам булса жосуслар руйхатини эълон килишдир. Биз уларни улдиришни талаб килмаймиз, биз уларнинг суд килинишини хам истамаймиз, факат уларнинг кимлигини уртага куймок истаймиз, холос. Ана ушанда Маратулар орамизда куп булганидан юрагимизни гижимлаб колмасак булгани. Аммо шу нарса аникки, уша кун “Маратулар”нинг фожеа кунидир. Аллох Таоло хар биримизни уша кунга етишга ва уша кунни куришга муяссар этсин!
АКШ, Портланд
Май, 1998 йил

Агар «инкилоб киламан» деб минг одам чикса, Каримов минг одамни оттиради!

Бугун мен аник биламан, агар «инкилоб киламан» деб минг одам чикса, Каримов минг одамни оттиради, 2000 одам чикса, 2000 одамни оттиради. Парламент минбаридан туриб, биз тинчлик учун керак бўлса 200 кишини отамиз, деган эди Каримов. Тинчлик деганида, у ўзининг шу курсисини, ўзининг вазифасини назарда тутган эди.

Энди албатта конун зарурликка зарур. Чунки бугун мана демократик давлат кураяпмиз, деб жар солишаяпти. Шундай экан, хеч бўлмаса ўша жар солишаётганига яраша бу ёгини хам мослаш керак. Лекин конун бўлгани билан бир нарса ўзгарадими Ўзбекистонда?

Мана бугун матбуот хакида конун бор. Агар у конунларни олиб карасангиз, матбуотга хамма эркинликлар берилган. Лекин амалда хеч кандай эркинлик йўк. Чунки бу ўша системадан келиб чикади. Чунки Ўзбекистонда диктатура ва диктатура шароитида хамма нарса ўша 1 кишига бўйсундирилади.

Мен 100 фоиз аминманки, мана шу АКШ элчихонаси каршисида ўтказилган шу пикетни бостириш Ислом Каримовнинг изнисиз бўлмаган. Масалан, Алматов ёки бошка одам бунга хеч кандай журъат эта олмайди. Факат ўша президентдан буйрук олиб бу ишни килишган.

Чунки бугун агар биз бошка мамлакатларга карайдиган бўлсак, милиция конун химоячиси, халкнинг химоячисидир. Колаверса, милиция бу мамлакатларда хукуматга бўйсунмайди. Балки ўша махаллий халк томонидан сайланган кенгашларга бўйсунади. Ўша ерда туриб улар умумий конунларни химоя килади. Ўзбекистонда агар шундай бўладиган бўлса, табиийки, хокимият Каримовнинг кўлидан чикиб кетган бўлади.

Бугун агар улар конун кабул киладиган бўлсалар, кайси бир маънода бу конунларни дунё стандартларига мослашлари керак. Агар мослайдиган бўлсалар, улар бу милициянинг кандайдир ваколатларини ёки милицияни кандайдир бошкаришни махаллий хокимиятга хам беришларига тўгри келади. Бундан эса, табиийки, диктатор кўркади ва хокимият кўлимдан чикиб кетади, деб ўйлайди. Шунинг учун хам, мана шунча йилдан буён милиция хакидаги конун кабул килинмаяпти…

…Аввало шуни айтиш керакки, бугунги тортишувимиздан 2 та нотўгри хулоса чикаяпти.

Биринчи, мен олдинига сўзимни бошладим конун керак деб ва тугатдим конун керак деб. Бу ерда ўша мухокама килувчиларнинг диккатини битта нарсага тортмокчи эдим, хамма нарсанинг илдизи каерда? Илдизи диктатурада ва диктаторда. Мана шунга эътибор каратмокчи эдим.

Бунинг учун мен матбуот хакидаги конунларни бир ўрнак сифатида келтирдим.

Иккинчиси, биласизми, Сталиннинг оркасидан хам, Бериянинг оркасидан хам минглаб одамлар йиглаган. Улар жуда яхши эди деб уларга сигинишган ва уларнинг оёгини ўпганлар бўлган.

Лекин нахотки шунчалик хотирамиз яхши эмаски, биз Паркент вокеаларини унутдик? Паркентда 63 киши отилган эди ва бунинг бошида Зокир Алматов турган эди. Ўшанда у Тошкент вилоятида ишлар эди ва Паркентдаги вокеаларда бош эди.

Шундан кейин уни Ислом Каримов яхши кўриб, уни Тошкентга олиб келганди. Нахотки биз талабалар шахарчасида юз берган вокеаларни унутдик? У ерда талабаларни бугун худди сиз радиода кўйиб берганингиз каби чинкиртириб уришган ва худди шундай калтаклашганди.

Ва ундан кейин Наманганда бўлди шундай вокеалар. Фаргонада бўлди…

Шундай вокеалар бугунгача давом этиб келмокда. Бу ўша диктатуранинг хусусиятини, диктатуранинг нималигини кўрсатадиган нарса.

Яъни биз бу ерда айтаяпмизки, гўёки шу пайтгача Каримов яхши эди-ю мана шу вокеа юз бериб колди, мана энди Каримов бундан хулоса чикариб олиши керак. Йўк, Каримов бундан олдин хам бундан беш баттарини килиб келган эди ва бу нарса хеч нарса эмас уларнинг олдида. Каримов учун хеч нарса эмас. Биз учун табиийки, бу жуда катта фожеа.

Каримов Паркентда тўгридан-тўгри буйрук берган: “Отинглар!” деб. 63 киши отилган. Канча ёш-ёш йигитларнинг умри хазон бўлиб кетди. Шу нуктаи назардан айтаяпман, Каримов учун бу хеч нарса эмас.

Бугун мен аник биламан, агар инкилоб киламан деб минг одам чикса, Каримов минг одамни оттиради, 2000 одам чикса, 2000 одамни оттиради. Парламент минбаридан туриб, биз тинчлик учун керак бўлса 200 кишини отамиз, деган эди Каримов. Тинчлик деганида, у ўзининг шу курсисини, ўзининг вазифасини назарда тутган эди.

Шунинг учун хам биз билишимиз керакки, бу бўлаётган нарсалар – хаммаси диктатуранинг хусусияти. Диктатура йўколмас экан, хеч нарса бўлмайди. Факат демократия шароитида конунлар яхши ишлаши мумкин. Лекин табиийки, энди бугун биз талаб киладиган даражада эмас. Аммо талаб килиб боришимиз керак. Милиция хакида хам конун бўлса, кайси бир маънода халкаро микёсларда буни тортишиш мумкин.

Лекин мен нима учун бу конуннинг бўлмаётганини сўзимнинг бошида айтдим. Бу конун бўладиган бўлса, Каримов хокимият кўлимдан кетиб колади, деб кўркади. Шунинг учун хам бу конунни амалга ошириш учун ёки парламентга олиб кириш учун изн бермаяпти.

Орадан 5 кун утиб Андижон катлиоми юз берди.

2005 йил, 8-9 май кунлари “Озодлик” радиоси оркали берилган “Курултой” (мавзу- Ўзбекистонда милиция тўгрисидаги конун зарурми?) эшиттиришидан сўзма- сўз .

Бундан 15 йил олдин ҳам…

Муаллифдан: Менга “Сиз ҳукуматга интилаяпсиз” дея ўтган йил (2005) келган бир-икки хатга жавобан “Мен президент бўлишни эмас, президентлар етиштиришни истайман” деб жавоб қилган эдим, яъни лидерликни даъво қилмаганимни бот-бот таъкидлагандим. Чунки лидерларнинг ўрни Ватанда бўлиши керак деган қатъий ишончга эгаман.

Бундан 15 йил олдин ҳам, бундан 9 йил олдин ҳам ва бугун ҳам шу фикрдаман. Худди шунинг учун ҳам умуммухолифат ўзига лидерни мамлакатнинг ичидан танлаши керак деган ғояни илгари суриб келмоқдаман. Фақат шу йўл бутун мухолифатни ва лидерлик даъвосидаги якка шахсларни битта платформада бирлаштириши мумкин. Акс тақдирда мухолифат бугунга қадар бўлганидек, кучга айланмай қолаверади.

Давр ўзгариб ҳамма Ватанга қайтса, ана унда ким хоҳласа мустақил равишда майдонга чиқиши ва халқнинг  “бозори”га ўз “моли”ни қўйиши мумкин. Бугун эса аввало “харид” қуввати ўлдирилган халқнинг ўзини қутқазиш керак. 9 йил олдин ёзилган қуйидаги мақоламдаги фикрларим бугун ҳам кучида. Шу кетишда яна 9 йилдан кейин бу мақолани қайта чоп этиш эҳтимоли кучаяётгани дилимга оғриқ беради.

ЛИДЕРЛАРНИНГ ЎРНИ ВАТАНДАДИР

Совет Иттифоқи вайронага айланганда харобалар остидан бир қатор миллий ҳаракатлар, демократик ташкилотлар бош кўтарди. Баъзилари ҳукуматга қадар етиб олиб, сўнг мухолифатга айландилар, айримлари ҳукуматдан айрилиб, мухолифат йўлини танладилар, яна бир гуруҳлари мухолифат ўлароқ аста секин унутила бошладилар. Келажакка қараб соғлом одимлар отиш учун бу ҳаракат ва ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш, хулосалар чиқариш муҳимдир.

Бу жуда кенг қамровли мавзу.  Биз унинг бир бўлаги, яъни ҳаракат лидерлари масаласини қуйидаги суҳбатимизга бош мезон ўлароқ танладик ва бу борадаги қаноатимизни ҳукмингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Ҳар қандай ҳаракат ва ташкилотнинг тақдири унинг лидерига боғлиқдир.

Ҳақиқий лидерлар саҳнадан кетсалар ҳаракатлар, партиялар ҳам саҳнадан тушиб, билакс йўқолиб кетганини тарих кўп кўрган.

Лидерликни даъво қилганлар эса халқнинг чашмасидан қайнаб чиққан ҳаракат ёки партияларнинг  ортидан югуриб ўзларини ҳам, атрофдагиларни ҳам маҳф этадилар. Чунки лидерлик даъво қилинмайди, лидерлик мулк каби сотиб ҳам олинмайди. Лидерлик халқ томонидан ёки халқнинг маълум бир қисмини тамсил этган кишилар томонидан йўлбошчиликка лойиқ бўлган ИНСОНларга берилади. Тўғрироғи, ишониб топширилади. Бу нуқтаи назардан лидерлик омонатдир. Халқнинг омонати.

Лидерлар ҳақида сўз юритар эканмиз замонамизда модага айланган масалани, яъни бевосита Ватандан четда туриб ҳаракатга, партияга, ташкилотга раҳбарлик қилиш масаласини ўйлаб кўрмоқчимиз.

Маълумки, ҳар қандай ташкилотнинг ўрни уни етиштирган халқнинг ичидадир. Агар у мухолифатда бўлса, халқнинг мағзига айланади. Ташқарида туриб мухолифатда бўлиш, шу нуқтаи назардан кураш эмас, иддаодир.

Мухолифат лидери Ватаннинг чегарасидан четга чиқиб кетгани – у ҳоҳ мажбуран чиқариб юборилган бўлсин ёки жонини қутқариш учун шу йўлга бош уришни ўзига эп кўрган бўлсин фарқ этмайди – унинг кураши иддаога айланганини исботловчи далилдир, яъни у миллатини эмас, ўзини тушуниш сарҳади томон одимлади.  Лидерлар эса ўзини тушунишни инкор қиладилар. Қолаверса, Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларнинг айни маънога эга икки статуси бор: биринчиси мужоҳидликю иккинчиси, қочоқлик (қочоқлик калимаси мултожилик ёки бошқа бир давлатдан паноҳ топиш маъносида).  Иккинчи таъбир кўпроқ ичкаридагилар томонидан салбий маънода ҳам қўлланилади. Ҳар икки ҳолда ҳам бу тушунчалар замирига лидерлик сиғмайди. Уни мажбуран киритиш мумкин. Аммо вақт ўтиши билан бунинг сунъийлиги ўртага чиқади.

Узоққа бормайлик, Озарбайжонда Абулфайз Элчибей, Ўзбекистонда Шукрулло Мирсаид, Қримда Мустафо Жамилўғли… ва бошқа ўнлаб лидерлар ҳозир маънавий ҳамда моддий исканжаларга қарамай ташқарига кетмадилар. Улар ичкарида исканжа, ташқарида эса комфорт бор деб тушунардилар. Лекин исканжани танладилар. Чунки мухолифат лидерига ҳукумат исканжа кўрсатиши халқни фикрлашга ундашини, уйқудаги виждонларни уйғотишини улар яхши билардилар.

Мухолифат лидерининг қамоқда ўтириши халқнинг озодлик руҳини жасорат билан бойитади.

Мухолифат лидерининг ўлдирилиши халқнинг қўлида байроқ, ҳукуматнинг юзида қора кўланка бўлади.

Дарвоқе, ҳаёти ўзига эмас, миллатига бағишланганини даъво қилган ва исботлаган кишилар лидерлардир. Қолганлар эса лидер ҳавосига ошиқ ҳавасмандлар.

Мухолифат лидерлари ўлкаларини тарк этиб, ташқарида туриб мужодала беришни мақсад қилсалар, халқ кураш ва жасорат руҳидан маҳрум бўлади. Чунки узоқдагининг буғдойидан яқиндагининг сомонига кўз тикишга мажбур қилинади. Бу вазият лидерсизликка олиб келади. Лидерсизлик эса янги лидерларни етиштиради.

Ўлкасидан ташқаридаги лидерлар ожизланадилар, ҳукуматга “тиш”лари ўтмайди. Бундан асабийлашиб, бир-бирини айблаш, бўлиниш, парчаланиш каби ғавғолар гирдобига ғарқ бўладилар. Ёлғизлик ва тарк этилиш булути бошларидан кетмай қолади. Ва умрлари турли иддаолар, хотиралар, нари борса ўзлари ҳақида китоб ёзиш билан ўтади. Ўлка учун охирги даражали кучга айланадилар. Агар улар лидерликни даъво қилмасдан бундай фаолиятга чекинсалар ва билим, ижод йўли билан курашларини давом эттирсалар, бу оддий инсоний ҳол. Аммо ҳам Ватандан кетиб, ҳам лидерликни даъво қилишни тушуниш қийин.  Бу фикр лидерларни қувғин этиб , роҳат қилиб ўтирган диктаторларга ёқиши аниқ. Чунки уларга мухолифат ҳақидаги, айниқса мухолифатдаги лидерлар ҳақидаги ҳар қандай танқидий гап уларни мумиёдек эритиб юборади (Кўзингиз ойдин, диктатор ва диктаторчалар!).

Аммо бу бизга фикрларимизни очиқ ёзишга монеъ бўлолмайди. Лидерлар ва мухолифат масаласи нафақат бугун, балки доим муҳимдир. Бугунги ҳолнинг кўринишлари Совет Иттифоқи даврида ҳам мавжуд эди. Ўшанда турли сабабларга кўра ўлкаларини тарк этган мухолиф лидерлар ва бошқача фикрловчи кишилар дунёнинг турли бурчакларида яшашга мажбур бўлганлар. Кўпчиликлари ё ёзувчига ёки тарихчига айландилар. Лидерлик ҳавосини тарк этиб, шу йўл билан миллатлари ва Ватанларига хизмат қилдилар.

“Лидерларни асраш керак, бундай инсонлар халқ учун керакли” деган гапларни ҳам эшитганмиз. Лидерни асраш керак! Халқни-чи?! Халқни ким асрайди?  Аслида лидерлар халқни асрамоқ учун кўкрак кериб майдонга чиқмаганмидилар? Улар ўзларини асрашга чекинсалар, бу табиийки, уларнинг инсоний ҳақларидир , лекин халқ лидеридан маҳрум бўлади. Бу масаланинг фалсафий жиҳати. Хаётий жиҳати шундаки, бирор бир лидерни қамаб қўйишса, дунё оёққа қалқади. Ҳалқаро ташкилотлар унинг муҳофазасига отланишади. Уни асрайдилар. Бунинг минг-минг мисоли бор. Аммо оддий бир курашчи озодлик, ҳуррият йўлида қамалиб кетиши, ўлдирилиши ва ҳеч ким бундан хабардор бўлмаслиги мумкин. Бугун ҳам қамоқларда шундай инсонлар бор. Улар танилмагани сабаб халқаро ташкилотларга хабар қилинмаган. Шу боис оддий одамларнинг қўрқишга ҳаққи бор, лидерларнинг эса қўрқишга ҳақлари йўқ!

Ҳар ким ҳам лидер бўла олмайди. Ҳар ким ҳам лидерликни даъво қила олмайди.

Масалан, Озарбайжон миллий озодлик ҳаракатининг лидери Абдулфайз Элчибей бир неча марта қамоқда ўтирди, бир неча марта калтакланди. Ҳатто оғзини йиртишди. Лекин у чекинмади. Чет мамлакатлар унинг қўлига “яшил карт” тутқазганда ҳам қабул этмади. Озарбайжонда президентлик даврида қон тўкилиши олдини олиш мақсадида Бокуни тарк этиш мажбуриятида қолди. Тайёрагоҳдан осмонга кутарилган учоқ Туркияга қараб йўл олганини билиб, қаттиқ ғазабланди. Ва учоқ осмонда йўл ўзгартириб Нахичеванга учди, яъни у Ватан чегараларидан четга чиқишни истамади. “Президентликни ташлашим мумкин, лекин Озарбайжонни ташлаб кета олмасдим”, деганди у…

Бошқа мисол. Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистонда висе-президент эди. Диктатурани эмас, демократияни истаб истеъфо берди. Маънавий қувғинга дучор бўлди. Газета саҳифаларида ўзи, умр йўлдоши ҳақида уйдирма фелъетонлар бостирилди. Сўнг тергов, суд, жазо. Бу ҳам етмагандек, суиқасд ўзига, ўғлига, қариндошларига. Аммо мухолифатдан чекинмади. Бошқа мухолифат ҳаракат ва партиялар таъқиқланар экан, у партия тузди. Яна таъқиб, яна тонготар терговлар, ўғирлаб кетиб калтаклаш, тўҳмату бўҳтонлар… . Лекин у четга кетмади…

Шу ўринда “Бирлик” лидерларидан бўлган Абдураҳим Пўлатга ҳақ бермоқ лозим. У ўзини енга олди, бир одим орқага чекиниб, Шукрулло Мирсаидни лидер деб таниди. Шукрулло Мирсаид  Ўзбекистон Демократик мухолифат кучларини мувофиқлаштирувчи кенгаш раислигини қабул қилар экан, аввалига уни тан олган Муҳаммад Солиҳ ўн икки соатдан кейин фикридан қайтди.  Бугун у ҳамма жойда ўзини Ўзбекистоннинг яккаю ягона лидери деб таништиришга интилмоқда. Аммо дунё жамоатчилиги, қолаверса ўзбек халқи Шукрулло Мирсаидни мухолифат лидери ўлароқ кўрмоқда. Ва тўғриси ҳам шудир.  Шукрулло Мирсаид лидерлик синовидан ўтгани боис унга ишонилди. У ҳар қанча қувғинларга қарамай, барча мухолифат кучларининг табиий лидери сифатида даъвомизга содиқ турибди.  Балки М.Солиҳ бу ҳақиқатни тан олиб, четдаги фаолиятини ўз статуси даражасида давом эттирганда, бугун бошқа фаолият кўрсатмасдан фақат ўз китобларини чоп эттириш билан овора эканлигини оқлаш ва ҳатто уни қутлаш ҳам мумкин эди. Чунки ўзини лидер ҳисоблаб, Ватанга, миллатга келтирган зараридан бир шоир сифатида кўрсатган хизматининг қадри баланд бўларди. Ҳали ҳам кеч эмас, балки бу ҳақиқатни идрок этар ва ўзини хизматга сафарбар қилар?!

Қрим татар халқининг лидери Мустафо Жамилўғли эса Совет Иттифоқи пайтида беш марта қамалди. Калтакланди. Сибирга сургун қилинди. Бир куни машҳур Андрей Сахаров унга: “ Истасанг, Америкага юборайлик”, – деди. У эса: “Мен кетсам, ким курашади?”- деб жавоб берди. Сахаров унга: “Зотан сендан шу жавобни кутгандим”, – деди. У ўн етти йиллик қувғин, сургунлардан кейин Қримда экан, душманлар телефон қилдилар унга:” Чиқиб кет! Акс ҳолда ўлдирамиз!”. У эса : “Ватанда ўлмоқ шарафдир!” дея жавоб берди.

Ҳа, у лидер эди. Лидер учун ўлим таҳлика эмас.

Лидерлар ўлсаларда курашдан тўхтамасликларини тушунган инсонлардир.

Лидери бор халқнинг уфқи ёруғдир. Бу маънода ўзбек халқининг ҳам эртанги куни ойдин. Чунки у билан ёнма ён, жафо ва ситамларни биргаликда тортаётган лидери бор. У бугун мухолифатда. Эртага эса ўнлаб лидерлар етишиб чиқиши учун йўл очажагига умид қиламиз. Балки ўшанда лидерлар ҳақида ёзиш учун қўлимизга қайтадан қалам олармиз.

“МУСТАҚИЛ ҲАФТАЛИК”, ижтимоий – сиёсий газета, 1997 йил март ойидаги сонидан:

Бу аҳволда, Худо кўрсатмасин, яна советлар бирлигига ўхшаган фалокат ўртага чиқса, халқимиз орасида унга қарши бош кўтарганлардан, уни қўлловчилар кўпроқ чиқади.(1994 йил апрел).

МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ ВА ҲУР МИЛЛАТ

Инсон онги, тафаккури, эътиқоди шаклланишида мафкура суғорувчи ирмоқлар бўлиб хизмат этади.

Инсон ҳатти-ҳаракатидан камолотига қадар катта бир борлиқ мағзи мафкурага боғлиқ. Шу сабабдан минг йиллар давомида ана шу борлиққа ҳукмронлик қилиш учун курашиб келинди.

Узоқни қўйиб турайлик, ҳали саҳифаси сарғаймаган яқин тарихимизда бу борада қанча синовлар ўтказилди. Одамларни коммунистик мафкура доирасига солиш туфайли манқуртлаштириш ва осон бошқариш учун мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Бу ёвуз мафкура туғруқхонада янги туғилган чақалоққа уч кун қоришиқ сут беришдан тортиб, дунёдан кўз юмган кишини митинг билан кўмишгача  бориб етди. Тан оламизми, йўқми, ҳақиқат шуки, бу мафкуранинг  домига тушмаган ёки унинг “хасталиги” юқмаган одам оз.

Ўзбекистон ҳукумати буни яхши билади. Шу боис ҳам янги бир мафкура яратишдан эскисини “миллий мафкура” деб номлаб ушлаб туришни афзал кўрди.

Дарвоқе, янги мафкура зарурми? Агар зарур бўлса, нима учун?

Бизнинг назаримизча, миллий мафкура мутлоқ зарур. Айримлар эътироз билдиришлари мумкин. Жуда катта ва бой тарихимиз қатида онгимиз, эътиқодимиз, тафаккуримизни шакллантириш учун нафақат ирмоқ ҳолида, балки уммон ҳолида мафкура мавжуддир, дея. Ва улар хақдирлар.

Аммо бугун бизга юз эллик йил давомида босқинчилар тарафидан сингдирилган мафкурадан қутулиш, халос бўлиш учун мутлоқ янги мафкура лозим. Даволанмасдан туриб, хаста аҳволда спорт билан шуғулланиш мумкин эмаслигидек, онгимиздан заҳри-қотилни улоқтирмасдан тарихимизни мукаммал ҳолида қайтара олмаймиз.

Бугун биров “Сен туркийзабонсан” деса, эртага бошқа бири “Сен янги бир миллатсан” деса, ишониб кетаверишимиз ана шундан.

Хўш, янги мафкура қандай бўлиши керак? Тўғри, бу бир кишининг қараши билан яратилмайди. Биз бундан икки йил аввал ҳукуматга еркин фикрловчи зиёлилар иштирокида зирва ўтказиб, бу хусусда бир тўхтамга келиш керак, деган таклиф билан чиққан эдик.  Ўзимизнинг фикр- мулоҳазаларимизни ҳам тақдим этгандик. Бироқ…  .

Вақт кечиб бораяпти. Ҳукумат ҳам, биз ҳам бебаҳо дамларни бой бераяпмиз. Бу аҳволда, Худо кўрсатмасин, яна советлар бирлигига ўхшаган фалокат ўртага чиқса, халқимиз орасида унга қарши бош кўтарганлардан, уни қўлловчилар кўпроқ чиқади. Чунки онгимизни ҳали ўша заҳарли ирмоқ суғориб турибди. Бугун Ўзбекистонда мафкура яратмоқчи бўлаётган олимларнинг аксарияти ҳам ҳали эскисининг домидадир. Ва улар янги бир мафкура ярата олмасликларини бугунги сиёсат исботламоқда. Биз қараб турмасдан ўз мафкурамизни яратишни бошламоғимиз лозим.

Мафкурамиз “Ҳур, демократик давлат ва ўзлигини англаган миллат учун” деб номланишини истардим.

Унинг амалга ошириш дастурини “Етти эм” деб номлаган бўлардим. Бу эмлаш, даволаш маъносидан ташқари,  етти қисмли “М” ҳарфи билан бошланувчи ва ҳар бири яна етти қисмга бўлинувчи дастурни англатади.

Биринчиси: – МУҲАББАТ.

Тангрига муҳаббат –  банда бандага эмас, улуғ ва ягона Тангрига бўйсўниши;

Ватанга муҳаббат –  инсон юртни, заминни ўз вужудининг манбаи деб англаши;

Миллатга муҳаббат –  халқнинг ўтмиши, бугуни, келажаги, қадри, обрўси унинг ўзига тегишли эканлигини англатиш;

Ота-онага муҳаббат –   ўз шажарасини билиш, падари-бузруквори ва волидасининг ҳаётда эканликларида ва ундан кейин ҳам дил тўрида сақлашни унутмаслик;

Устозга муҳаббат –  таълим-тарбия берган, тўғри йўл кўрсатган, илмга бошлаган кишиларнинг қадрига етиш;

Табиатга муҳаббат –  атроф – муҳит мусаффолиги, гўзаллиги, тозалиги бировлар учун эмас, унинг учун ҳам яратилганини ҳис қилиш;

Ёрга муҳаббат –  вафодорлик, содиқлик, баркамоллик, хиёнатдан йироқ бўлиш руҳини сингдириш.

Иккинчиси:  – МАКТАБ.

Ота-она мактаби –  болага ташқи дунё ва инсоният билан муносабаат, илмга ташналик, жамиятдаги ўрни борасида ота-онанинг масъулияти ва улар учун бу борада қўлланмалар яратиш;

Болани боғчалардагина эмас уйда ҳам тарбиялаш бўйича ҳукумат ижтимоий дастурини ҳозирлаш;

Илм мактаби –  муаллимларнинг масъулиятларини ошириш баробарида уларнинг шароитларини яратиш, хусусий мактабларга ижозат бериш ,  дарсликларни янги мафкура дастури асосида  ҳозирлаш;

Жамоа мактаби –  маҳаллалар, қишлоқлар кенгашлари, зиёлилар масканлари ишини аниқ йўлга қўйиш, тарбия ўчоқлари яратиш ҳаракатларини ҳукумат томонидан қўллаш;

Ибрат мактаби – матбуотда, радио, телевидениеда, жамоат ташкилотларида миллий ғурур, ўзликни англаш, инсон номига муносиб бўлиш, ошкора фикр билдира олиш борасида изчил иш олиб боришни ташкил қилиш;

Ҳаёт мактаби –  қаҳрамонлар, ватанпарварлар, хоинлар, сотқинлар ҳаётидан китоблар, филмлар тайёрлаш, кундалик матбуотда бунга ўрин бериш;

Дунё мактаби – бутун дунё тарихи, илми хулосалари асосида тарбиявий иш юритиш;

Ҳар бир кишининг ўз мактаби –  хусусий тажрибалар, ташаббуслар, изланишларни рағбатлантириш ва кенг ёйиш.

Учинчиси: – МАЪРИФАТ.

Боланинг маърифати ёки маърифатли бола – динни, адабиётни, одобни, билимни ўргатиш;

Маърифатли йигит-қиз – тарихни, миллатни, ғурурни, ўзликни-менликни, юртни, халқни ўйлаш руҳини сингдириш;

Маърифатли одам – эшитиш ва фикрни баён қила олиш маданиятини ўргатиш;

Маърифатли инсон – баҳс қила олиш, ҳақиқат, диёнат учун собит курашчини вояга етказиш;

Маърифатли шахс – жамоани, юртни, халқни тўғри йўлдан бошқара олувчи йўлбошчиларни тайёрлаш;

Маърифатли тузум – халқ хоҳиш-истаги асосида ҳаққоният пойдевори билан қурилган тузумни яратиш;

Маърифатли жамият –  дунёга ибрат бўладиган жамиятни қуриш.

Тўртинчиси:  –  МАДАНИЯТ.

Шахс маданияти – ўз тарихий анъаналаримиз асосида хусусий маданиятимизни тиклаш;

Жамоа маданияти –  ўзаро муносабатларда меҳр-муҳаббат, ҳурмат эҳтиром руҳини вужудга келтириш;

Раҳбар маданияти – жамоага, халққа бош бўлган кишиларда халққа, жамоага нисбатан ҳурмат – муқаддас туйғу эканлиги мажбуриятини пайдо қилиш;

Турмуш маданияти – яшаш учун яшашни ўргатиш;

Шаҳар, қишлоқ маданияти – озодалик, ободонлаштириш, обидаларни асраш, қурилишда дид , санъат, ижодкорлик, кутубхоначилик, китобсеварлик ва ҳакозо соҳаларда аниқ дастурли иш юритиш;

Юрт маданияти – юртга келган меҳмонларга,  ўзга халқлар тарихи, урф-одати,  анъаналарига ҳурмат кўрсатиш;

Дунёвий маданият – жаҳоннинг қаерида бўлмасин, ўзи ва юрти маданиятли эканлигини намойиш этиш учун уларнинг маданиятини ўрганиш.

Бешинчиси:  –  МИЛЛИЙЛИК.

Миллий тил – ўз она тилини мукаммал билиш.

Миллий шуур – ўз миллати, тарихи, ўтмиши, бугунидан фахрланиш.

Миллий ғурур – миллатига, юртига таъна тошлари отилганда , хуруж қилинганда, хавф пайдо бўлганда ўз сўзини айта олиш, ўз қудрати, иродасини кўрсатиш;

Миллий тимсол –  ўз юртининг байроғи, мадҳияси ва бошқа тимсолларини ўз тимсоли деб билиш.

Миллий ўрду – аскарликда хизмат қилиш ифтихорини уйғотиш.

Миллий анъана –  ўз халқи, урф-одатлари, анъаналарини билиш, унга риоя қилиш, қадрлаш.

Миллий бойлик –  ер ости, ер усти бойликлари, илм-фан, адабиёт – санъат, тарих – маданият бойликларини асраш, улардан фахрланиш ҳисси қонда, жонда бўлиши учун бу хусусдаги тарбия механизмини яратиш лозим.

Олтинчиси: –

МАТБУОТ. Эркин  матбуот – оммавий ахборот воситаларини сиёсий назоратдан озод этиш.

Хусусий матбуот –  якка шахсларнинг нашрларини қўллаш.

Жонли матбуот –  радио, телевидение фаолиятини  янги мафкурани устивор этишга руҳлантириш.

Матбуот матбааси – барча нашрларнинг матбаачилик, китоб чиқариш фаолиятларини дастаклаш.

Матбуот этикаси –  нашрлараро маданиятни рағбатлантириш.

Хабар алмашиш – оммавий-ахборот воситаларининг дунёга чиқиши ва дунё матбуотининг юртга киришига йўл очиш.

Матбуот сўзи –  ҳукуматнинг матбуот сўзини ўрганиш ва ундан хулосалар, таҳлиллар  чиқариш, фойдали жиҳатларни ҳаётга тадбиқ этиш бўлимини ташкил этиш.

Еттинчиси: – МУНОСАБАТ.

Кундалик воқеаларга муносабат – кишининг бефарқлигини йўқотиш.

Давлат, ҳукумат ишларига муносабат – ҳар бир одам давлат, ҳукумат ўзи томонидан қурилганини, бунинг учун масъул эканлигини;

Ўтмиш, бугун, келажакка муносабат – кечаги кун аждодлари, бугун ўзи ва эртага авлодлари яшайдиган заминда нима бору нима қолаётганига жавобгарлиги;

Яратилган ва йўқотилган янгиликка муносабат – яратилажак ҳар бир нарса унинг ҳаётида из қолдиражагини сезиш;

Дунёнинг одимига муносабат –  дунёнинг бир бўлаги менман туйғусини яратиш;

Тақдирларга муносабат –  “мен четдаман” руҳини йўқотиш;

Ўз – ўзига муносабат –  ютуқларини кўра олиш, нуқсонларини англай билиш қобилиятини яратиш.

Кўриниб турибдики, мафкура жамиятнинг энг мураккаб масаласидир. Унинг ҳар бир бўлагини алоҳида тайёрлаш ва кўпчилик бўлиб маълум дастурларга айлантириш, ижро механизмларини яратиш лозим.

Албатта, менинг таклифларим кимгадир жўн, кимгадир мураккаб туюлиши мумкин. Кимдир унинг ичида илгари ҳам айтилган гаплар бор, дейиши мумкин. Бу табиий. Мен ҳам коммунистик мафкура сарҳадидан четда ўсган эмасман. Қолаверса, ёвуз мафкуранинг “кўзбойлағич” ваъдалари кўп эди. Улар фақат гап ҳолида яшарди.

Энди мустақилмиз. Ватанимиз, миллатимиз тақдири, келажагига жавобгармиз. Буни тўла маънода англашимиз учун ҳам янги мафкура керак бўлиб турибди.

Бугун АҚШда тўқсон миллион ўсмир ёзишни, ўқишни билмайди, бугун Олмонияда сон-саноқсиз ўсмир ҳаё нималигини билмайди, бугун Русияда минг-минг ёш Ватан нималигини билмайди, бугун бизда ҳам ёзишни, ҳаёни, Ватанни билмаганлар сафи кенгаймоқда. Булардан хулоса қилишга мажбурмиз. Чунки бизнинг ўтмишимиз, тарихимиз, тобонимиз муҳаббат, мактаб, маърифат, маданият, миллийликдан иборатдир. Ва бу жаҳон тарихида  – давлат қуришдан тортиб фалсафа яратишгача ҳамма соҳада ўлмас кашфиётлар, пойдеворлар яратиш билан ўзига маскан солди.

Дунё юксалишининг икки ренесанси – уйғониши бизда бошланган. Шундай экан, учинчи уйғониш ҳақида уйлаш гарданимизга тушганини ҳис қилмоғимиз керак.

Янги бир мафкура дастурини яратиш,  уни ҳамма бирлашиб амалга ошириши туфайлигина бунга эришиш мумкин. Зеро, мафкура инсонни улуғ Тангри, буюк табиат, чексиз борлиқ, номаълум келажак билан боғловчи йўлдир.

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

“ЭРК”  газетаси, 1994 йил апрел.

One Response

  1. […] 25.Яқин мозий […]

Comments are closed.