Жаҳонгир Муҳаммад: Ҳавзи қулқулум

ҲАВЗИ ҚУЛҚУЛУМ

Кундалик китоб

Муаллифдан׃ Ҳавзу қулқулум деган иборанинг икки маъноси бор.

Биринчиси, бу афсонавий тубсиз ҳовузнинг номи. Баъзи манбаларда бу ҳовуз қудуқ ҳам дейилади. Туби йўқ қудуқ…

Иккинчиси эса, халқда мечкай, тўймас одамларни шундай дейишади.

Зотан тўймаслик ҳамма балоларнинг дебочаси.

Овқатга тўймаслик,  пулга тўймаслик, мансабга тўймаслик…

Қонхўрнинг қонга тўймаслиги…

Ёлғончининг ёлғонга…

Иғвогарнинг иғвога тўймаслиги…

Шулар эмасми инсонлар ва жамиятларнинг ажали?

Хуллас, бу тўймас дунё- ҲАВЗИ ҚУЛҚУЛУМга ана шу мантиқ билан боқамиз.

БЛОГ

14 Июл, 2009 йил

Демократик Ўзбекистон Конгресси раислигини шоиримиз Юсуф Жуманинг ўғли Алишерга топширганимдан кейин биринчи бўлиб Баҳодир Чориев телефон қилди׃

-Ака, хафа бўлдим, деб айтайинми ёки табриклайинми? –деди у.

-Табрикланг!,-дедим.- Энди мустақилман. Энди яна кўпроқ ижод қилишга йўл очилди.

Шундай дедиму бошқа бир масъулиятни бўйинга олганимни кейин тушундим. Демак яна янги нарса ёзишим керак.

Шундай деб турсам шогирлардан бири теелфон қилди׃

-Ака биз асарларингизнинг асосий қисмини  “Жаҳоннома”га (www.jahonnoma.com) га  тўплаб бўлдик. Уни энди сиз бир блог тарзида юритсангиз зўр иш бўларди-да,-деди у.

Хўп дедим. Лекин бир нарса ёдимга тушди. Ҳали блог деган сўз  она тилимизга кириб келмаган пайтларда мен “Блоггер кузатади” деган рукн ташкил қилганимда ўзини ўзбек деб юрган биттаси мени “У ким бўлибди, бор йўғи бир блоггер!” деб мени кулдирганди.  Давр мен томонда эканини кўрсатди. Бугун унинг ўзи ҳам блоггер. Бугун нафақат оддий одамлар, балки дунёнинг энг кучли президентлари, олимлари, адиблари ҳам блоггер ва  ўз блоглари бор.

Мана кеча АҚШнинг ўтган сайловда президентликка номзод бўлган сенатори Жон Маккейн ҳам блог очибди ва биринчи куниёқ ўқувчиларининг сони бир миллионга етибди. Табиийки, бизда ҳали кунига бир миллион одамнинг интернетга  кириши муаммо.  Лекин шундай замон келади.

Ажабмас, менинг бу кундалик-китобим ўша кунларда “Яқин тарихга Жаҳонгир Муҳаммад кўзи билан назар” рукнида миллионларнинг мулкига айланса?

Яхши ният ёрти мол!

СОАТИГА 12 СЕНТ

15 Июл, 2009 йил

Бугун эрталаб ишхонамизда бир киши ҳузуримга келиб׃

-Китобларингиздан биридаги сана Америкада ги сана ёзилишга мос тушмаганини кўрдим,- деб қолди.

Дарҳақиқат, рақамлаганда бизда олдин кун, кейин ой ёзилади. Масалан бугунни 15-7 тарзида ёзамиз. Америкада олдин ой ёзилади ׃ 7-15 шаклида. Баъзан бу ҳам муамммо чиқариши мумкин. Лекин менинг китобимда матн ҳам инглизча, ҳам ўзбекча берилгани учун сана ёзилиши аслида қандай бўлса шундай қолганини тушунтирган бўлдим.

Кейин хабарларни ўқидим.

Миллиардер Бернард Мейдов (Bernard Madoff) судхўрлик қиламан, деб одамларни 70 миллирддан зиёдга қув туширгандан кейин қамоққа олинганди ва унинг Ню Йоркдаги молиявий империясига барҳам берилганди.

Яқинда суд унга 150 йиллик қамоқ жазоси берди. 72 ёшли собиқ миллиардерга қамоқда ҳожатхоналарни тозалаш ишини беришибди ва бунга соатига 12 сент ҳақ тўлашар экан. Бу ҳам унинг қарзларини қоплашга кетса керак?

Юқорида бизда сана ёзилиши бошқача дедим. Аслида ҳама нарса бошқача. Агар Америкага ўхшаганда халқнинг бутун бойлигини совурган Каримов аллақачон қамоқда ўтирган бўларди.

Каримов ўлиб қутулиб кетар? Лекин бир кун келиб қизлари Гулнора ва Лола суд қилинса ва қамалса, уларга ҳам Мейдов каби жазо берилишини истаган бўлардим. Шундай қилинса, менимча бу келажакдаги бошқа малика, шаҳзодаларимизга ҳам сабоқ бўлармиди?

ҚАБРИСТОНДАГИ ЯЛАНҒОЧЛАР

16 июл, 2009 йил

Бугун эрталаб қизиқ бир хабарга кўзим тушди. Индиана штатининг шимолида полиция ходими қабристонда қип яланғоч ҳолда югуриб юрган бир одамни ушлабди.

51 ёшдаги бу одам мозорга куёвининг қабрини зиёрат қилгани келгани, бундан олдин спорт ўйинига қатнашгани учун кийимлари ҳўл бўлгани, қуритиш учун чиқаргани каби баҳоналарни айтибди. Анқовга арпа ҳам баҳона!

Менинг эса хаёлимдан “У балки гўрдан чиққандир?” деган гап ўтди ва дарҳол бу ерларда кийим билан кўмишларини эслаб бу фикрдан қайтдим.

Кейин кеча кечқурунги телефонлару электрон адресимга келган хатларни эсладим. Ҳаммаси менинг Демократик Ўзбекистон Конгресси раислигини ўз ихтиёрим билан Алишер Юсуфжон ўғлига топширганим ҳақида.

Айримлар хурсанд. Бечора халқимиз. Қонунсизлик, субутсизлик, ўз сўзида турмаслик уни шу қадар ранжитганки, оддий бир қоидага риоя қилишни кўрганда ҳам севиниб кетади.

Айримлар эса бироз ранжиган. Уларга׃

-Мен илк кундан бошлаб айтганман ва бу ҳақда бир неча марта ёзган ҳам эдим, бу ишни ёшлардан бирига топшираман деб. Айниқса, Низомда белгиланган муддатдан бир кун ҳам ортиқ раислик қилмайман. Биз демократияни ёймоқдамиз. Демак, буни амалда ҳам исботлашимиз керак. Бугунга келиб ДЎКда бу шни бажара оладиган ёшлар жуда кўп. Ҳар бир ёш бу ишга қодир. Фақат уларга ишониш ва уларни дастаклаш керак, – каби гапларни айтганимдан кейин гапни бошқа томонга буришади.

Гап айланиб албатта 20 йилдан бери аравани қуруқ олиб қочганларга тақалади.

-Лидер энг аввало ўзига, сўзига ишониши керак. Агар бирорта ташкилот орқали лидер бўлиб турган бўлса ва бу ташкилот раҳбарлигидан кетишга қўрқса, у Ислом Каримовнинг нусхаси. Кучли одам якка бошига ҳам ўзини кўрсата олади. Кучли одам миллатнинг дарди ҳисобига сиёсатни бизнесга айлантирмайди,-деб мавзуга нуқта қўяман.

Ҳозир эса кечаги кун ва бугунги воқеаларни эслар эканман, ҳалиги, қабристонда яланғоч югуриб юрган киши воқеаси хаёлимга келаяти.  Бу негадир “яланғоч шоҳ” иборасини эслатади…

Мамлакат қабристон… “Яланғоч шоҳ” Ислом Каримов югуриб юрибди…

Яна бир қанча “қабристонлар” бор… ҳувиллаб қолган… тарк этилган…лекин уларда ҳам “яланғоч шоҳ”лар югуриб юришибди!

ПАЙҒАМБАРНИНГ “ЎҒЛИ”

17 июл, 2009 йил

Бугунги хабарларда Коннектикут шататида полиция 24 ёшли Рубен Васкес (Ruben Vasquez) деган одамни болаларни калтаклагани боис ушлагани айтилади. “Ҳар куни қанчадан қанча одам ушланади, нима қипти?” дейишингиз мумкин.

Гап шундаки, у ўтган ва қайтган болаларга, унга парво қилмаган тарбияли одамларга озор берар, уларни ҳақоратлар, қўлига тушган нарсасини уларга отар экану лекин доим унинг қўлида “Библия” ва “Мен Исо пайғамбарнинг ўғлиман” деб бақириб юрар экан.

Кўз олдингизга ким келди? Ҳа, яшанг! Сиз каби менинг ҳам кўз олдимга Абдураҳим Пўлатов келди.

Унинг бошқа иллатлари ҳақида кўпчилик кўп нарса ёзмоқда. Ҳали кўп нарса ёзилади ҳам. Чунки унинг ҳам миллатга қарши қилган анчагина кирдикорлари бор.

Мен бугун унинг чаласавод сиёсатчи бўлгани, ҳаммага арқон ўриб бераман деб ўзига ип эшолмагани борасида битта кичик мисол келтирмоқчиман.

Хабарингиз бор, Обама маъмуриятининг юқори лавозимли вакили – АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Уилям Бёрнс (William Burns) бундан беш кун олдин Тошкентда бўлди. Шу ҳақда Баракатсиз “Ҳаракат” да ёзар экан, Абдураҳим Пўлатов бу одам АҚШ Давлат Котибининг ўринбосари эмас, у бор-йўғи бошқарма бошлиғи деб узундан узоқ “дарс берди”. Билмаганлар бу одам ақлли экан деб қойил қолишларини тасаввур қилган-да!

Ош дамлаб, диплом сотиб олган коммунист профессорларнинг ҳаммаси ҳам билимсиз эмас эди. Ёки улар “билимсизлигим билиниб қолмасин” деб панада юришарди. Абдураҳим Пўлатов эса ўпкасини қўлтиқлаган, шунинг учун шармандаси чиқиб қолмоқда.

АҚШда ҳам, бошқа мамлакатлардаги каби Давлат Департаментида битта биринчи ўринбосар лавозими бор. Буни Deputy Secretary деб аташади ва бу халқаро миқёсда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозими билан тенг. Ўзбекистонда ҳам худди шундай лавозим бор. Буни билиш учун Суқроти ҳаким ёки анқои политолог бўлиш керак эмас!

Қолаверса, Давлат котибининг бир нечта ўринбосари лавозими мавжуд. Бу мақомни Under Secretary деб аташади ва халқаро стандартлар ҳамда биздаги тизим бўйича вазир ўринбосари даражасига тенгдир.

Демак, Ўзбекистонга Абдураҳим Пўлатов зўр бериб уқтиргани каби Бошқарма бошлиғи эмас, балки Давлат котиби ўринбосари (Вазир ўринбосари) бориб келди.

Шунга ҳам шунча гапми, дейишингиз мумкин. Бу муҳим. Чунки бу ҳам Пўлатовнинг сиёсатни ва айниқса, давлат қурилишини билмаслигини кўрсатади. Билмаса билмабди-да дейсизми? Унда “Мен Исо пайғамбарнинг ўғлиман!” деб бақирмасин-да!

ЖАННАТНИНГ “ЖИЯН”И

19 июл, 2009 йил

Таклиф қилишганди, кеча субҳидамда Ню Йоркка бордим.

Корейслар ажабтовур бир марказ қуришибди. Қасрлар мажмуаси бўлган қалъа. Ичида бир томонда шаршаралар. Чўмиладиган жойлар. Массаж оладиган бўлимлар. Иккинчи томонда ҳар бирининг ҳарорати бошқасидан фарқ қиладиган ўнлаб иссиқ ва совуқ хоналар. Бирига кирсангиз музлайсиз, бошқасига кирсангиз ёнасиз. Бирида тош, бошқасида туз…

Шу қалъанинг ичида конференция заллари, ресторандан тортиб, ухлаб дам оладиган жойларга қадар муҳайё. Чапанича қилиб айтганда “жаннатнинг жиянини” яратиб қўйишибди.

Гап бунда эмас. Гап шундаки, дўнёга тарқалиб кетган ўзбекистонликларнинг зиёлилари бу жойни йигирма тўрт соатга ижарага олишибди. Асосан турли соҳа олимлари… Мавзу маданият, илм, сиёсат…

Шу ерда ўзбекистонлик йирик бир олим билан танишдим. Ўзи ёш аммо дунёнинг энг кучли олимларидан бири. Тошкентда ишласада, бир оёғи Лондонда. Иккинчиси Ню Йоркда экан. Унинг қисмати кундаликнинг бугунги ҳикоясига асос бўлди. Маълум сабабларга унинг кўра исмини келтирмайман.

-Россияда ўқиб, докторликни ҳам ўша ерда ёқладим,-деди у суҳбатимиз асносида.- Академик бўлдим. Илм бобида бир қанча китоблар чоп этдим. Дунё тан олди. Кунларнинг бирида Ўзбекистонда жуда катта мавқега эга бўлган киши “Бас, энди Ватанга келиб хизмат қилинг” деб қолди. Гапини икки қилмасдан бордим. Москвадаги каби йирик тадқиқот марказини очдим.

Тадқиқотлар туфайли четдан Ўзбекистон хазинасига ҳам, марказда ишлайдиганларга ҳам, ўзимга ҳам катта даромад кела бошлади. Пул топдингизми кўз тиккан кўп бўлар экан. Ҳали миршаби, ҳали маликасининг элчиси, ҳали мафияси дегандай ҳолимизга қўйишмас эди.

Секин аста ҳов тепалардан ҳам бизга кўз тикканлар чиқа бошлаганини сездим. Чунки текшир-текширнинг кети узилмайди. На ишда, на уйқуда ҳаловат бор. Келажакка ишонч қолмади. Оиламни Лондонга кўчирдим. Топган пулимни ҳам ўша ёққа юбораман. Чунки Тошкентда сақлашнинг иложи ҳам, имкони ҳам йўқ. Шунча кучли олим бўлсам ҳам ҳаётимдан мамнун эмасан. Жажжи-жажжи болаларим мендан узоқда. Меҳнат қилиб топган пулимга кўз тикканлар саноқсиз.  Мен шундай бўлсам, оддий одамлар қандайлигини ўзингиз  тасаввур қилаверинг…

Бу одам гапирар экан кўзларида оғир ҳазинлик бор эди. Негадир у кулмас, доим жиддий, бош эгиб ўтирарди. Гапирганда ҳам атрофга аланглаб қўйиб, товушини тобора пасайтириб гапирарди. Бу қўрқувнинг аломати эди. Ўзбекистондаги қўрқувнинг Ню Йоркдаги сояси.

Қанча-қанча ўзбеклар четга чиқиб нон қидириб юришибди. Бу фавқулодда истеъдодли олим эса четга пул юбормоқда. Оиласига. Ўзининг келажагига.

Мен уни айблай олмайман. Ҳар қандай оила бошлиғи ўзи ва болаларининг келажагини ўйлаши шарт. Ўз оиласи ва болалари ҳақида ўйламаган одам халқи ҳақида ҳам ўйламайди. Чунки унинг оиласи шу халқнинг бир бўлаги.

Унинг каби олимлар ва зиёлилар кўп экан.

Оилалари четда, ўзлари ичкарида.

Қанчалаб ишбилармонлар, ҳатто вазирлар, ўринбосарлари…

Мана сизга дунёнинг гуллаб яшнаётган ўлкаси деб мадҳ этилаётган Ўзбекистон ҳаётидан яна бир манзара.

Бу оғир ҳикоядан кейин яхши гап шуки, тўпланган зиёлиларнинг кўплари миллатнинг келажаги ва мамлакатнинг истиқболи хатарли тус олаётгани ва уни қутқазиш ҳақида қайғурганлари мени қувонтирди.

Ярим тунда Ню Йоркдан қайтар эканман, ана шундай ҳам маҳзун, ҳам келажакка йўналган умидбахш бир руҳ оғушида эдим…

Негадир кўкда ой кўринмасди…

Балки булутлар уни бекитган ва мен кўра олмаётгандирман?

ЎЗГАРМАГАН ОДАМ

20 июл, 2009 йил

Вашингтондан анча узоққа кўчдик.  Пойтахтга уч соатлик йўл. Бу ҳақда мавриди келганда ёзарман. Ҳозир гап бошқа мавзуда. Бугун саҳар ташқарига чиқсам ўрмон уйқуда. Дарахтлар миқ этмайди, лекин ҳаво салқин. Қушларнинг эса шовқини тинмайди. Ҳаммаси ҳар турли сайрайди. Айниқса қарғанинг жуда хунук сайраши оламни бузиб юборгандек бўлди. Менимча, ҳатто қаердадир ухлаб ётган тулки ҳам уйғониб кетди-ёв…

Табиатнинг ҳар бир турланиши бир дарс. Бу ҳолат  мени ўйга чўмдирди.

Маълумки, фан томонидан исботланган ҳақиқат бор. У ҳам бўлса инсон фитрати умр бўйи бир хилда қолмаслиги. Фитрат турли-туман сабаблар туфайли ўзгариб боради. Масалан, кучли характерлар емрилиши ёки заиф характерлар кучайиб бориши мумкин.

Баъзан жуда золим оталарнинг оила муҳитига қараб юмшаганига гувоҳ бўламиз. Баъзан эса, жуда золим диктаторларнинг дунёвий босим остида демократия томон эгилганини кўрамиз.

Табиийки, уларнинг айримлари ўзларини ўйин қилаяпман, бу вақтинча, шароитга қараб бир қадам орқага ташлаб, кейин икки қадам илгари одимлайман, деб овутишлари мумкин. Аммо кўплари ўзлари алданиб қоладилар ва ўзгариш сари кетиб қолганларини билмайдилар.

Лекин нега Ислом Каримов 20 йил давомида ўзгармади деган савол хаёлимда айланди. Бу фандаги исботлаган ҳақиқатага тескарими ёки фан қолдирган жуда оз эҳтимолга кирган шахсми? Менимча бунинг сабаблари кўп. Шундан фақат учтасини мисол келтирмоқчиман:

Биринчидан, Ислом Каримов демократия, эркинлик нима эканлигини яхши билади ва бундан жуда қўрқади. Буни ўзининг ажали деб билади. Жуда кўп золимларни супуриб ташлаган демократия уни жуда осонлик билан қулатишини ва зиндонга тиқишини фаҳмлайдиган  ақлга эга.

Иккинчидан, Ислом Каримов озгина юмшоқ бўлгани учун Москвага қочиш мажбуриятида қолган Акаев, Ғарбнинг таъсири остида эркинлик томон жуда оз бўлсада одимлаган Кучма, халқнинг қонини тўкмасликка қарор қилган Шеварднадзе ва уларга қадар ҳам то Элчибейгача шундай йўлларни  танлаганларнинг қисмати нима бўлганлигини биладиган даражада айёр одам.

Учинчидан, унинг баъзан ўзгаришга томон одим отишга уринганида дарҳол ортга қайтишига кўмаклашадиган муҳит мавжуд. Бу МХХ, ИИВ, маддоҳлар ва “Ўзбек мухолифати” номидаги баъзи кучлардир.

1997-1998 йилларда у ваколатларининг бир қисмини Бош вазирга юклаб ўзи мазза қилиб дам олиб юрадиган президент бўлмоқчи эди.   Ёки у 2003-2004 йилларда Ғарб билан ўйин қилиш баҳонасида қадамба-қадам ортга кетишга мажбур бўлаётган эди. Аммо кўзлари мудраши билан уни сергаклантириб қўядиган муҳит, уни уйғотадиган қора қарғаларнинг сайраши унинг учун “аспирин” ролини ўтади. Бу “аспирин” унинг қонини суюлтириб, юрак хуружидан асраб келмоқда.

Ана шундай жуда кўп омиллардан келиб чиқиб, инсон фитратининг ўзгармай қолиш сабабини аниқлаш мумин. Бу эса инсоннинг жазосиз қолиши билан боғлиқ.

Жазонинг турлари кўп: юзига қараб танқид қилиш, огоҳлантириш, ишончсизлик билдириш, ҳайфсан эълон қилиш, хатолари ва қилмишлари учун ҳисобга тортиш, ишдан олиш, суд қилиш… ва ҳоказо ва ҳоказо. Ислом Каримов ана шуларнинг ҳаммасидан четда қолди ва қолмоқда? Унинг ўзгармаслигининг асосий сабаби мана шунда.

Хаёлга ботиб анча юриб қўйибман. Ҳали ишга боришим керак. Тез юрар поездда уч соатлик йўл- яна қанча хаёллар ва хулосалар момоси…

ТОЙЛОҚМИ ЁКИ ТАЙЛОҚ?

21 июл, 2009 йил

Самарқанд вилояти Тойлоқ туман маҳкамаси…(Би-би-си).

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туман судида…(“Озодлик”)

Бугунги инглизча хабарларга кўз ташлар эканман, АҚШ олимларининг янги бир хулосаси мени ўйлатди. Уларга кўра, она ҳомилдорлик пайтида қанча кўп чанг ютса, унинг боласи шунча кўп ақлий заиф бўлармиш. Бир қанча ва бир неча йиллик текширувлардан кейин шундай хулосага келишибди. Дод деб юборгим келди, ахир ўзбекнинг оналари ҳар куни, ҳар соатда, ҳар сонияда ютгани чанг-ку!

Бугунга келиб Ўзбекистонда ақлий заифлик, чаласаводлик ёшлар орасида оммавий тус олмоқда. Мактабда “Ислом ота” деб юрганларни бир томонга қўйинг, ҳатто шаҳарда онаси камроқ чанг ютганлар ҳам бугун лоқайд.  Озгина изланиш, озгина ўқиш ҳам уларга оғирлик қилади. Шунинг учун ўнга қаранг хато, чапга қаранг хато.

Ана шу кайфият билан ўзбекча хабарлардан биридаги “Тойлоқ”  деган сўзга кўзим тушиб қолди.

Маълумки, таниқли журналист Дилмурод Саййиднинг суди муносабати билан Самарқанд вилоятининг Тайлоқ тумани номи хабарларда тез-тез учраб қолмоқда. Баъзилар бу туманнинг номини “Тойлоқ” деб битишмоқда.

Ўзбек тилида “тойлоқ” деган сўз бор ва бу кичкина той, яъни тойчага нисбатан ишлатиладиган калимадир. Бошқа тиллардаги каби Ўзбек тилида ҳам болаларни эркалаш учун турли ҳайвонларга қиёс бериш мавжуд. Тойчоқнинг синоними тарзидаги ана шу “тойлоқ” калимаси асосан эркатой болаларга нисбатан ҳам қўлланилади. Балки шундан келиб чиқиб, Тайлоқ туманининг номини “Тойлоқ” деб ёзишмоқдами? Билмадим.

Нима бўлганда ҳам бу, менимча, икки жиҳатдан хато.

Биринчиси, биз жуғрофий номларни ёзганда улар қандай қабул қилинганига риоя этишимиз керак.  Бу туманнинг расмий номи Тайлоқдир. Илгари бу ерда Тайлоқ посёлкаси мавжуд бўлгани учун Самарқанд тумани иккига бўлиниб,  ярмига шу ном берилганди.

Иккинчи жиҳати шундаки, Тайлоқ посёлка бўлмасидан олдин у ердаги қишлоқнинг номи ҳам шундай аталган ва у ерда асосан тожик миллатига мансуб халқ истиқомат қилган. Шундан келиб чиқилса, форсийда (тарихий шеъриятимизда ҳам кўп учрайдиган-Ж.М.)  ”Тай” сўзи бор. Бу сўз “ўтадиган жой” маъносини беради ва Тайлоқ ҳақиқатдан ҳар томонга ўтадиган чорраҳа бўлган.

Ургутга, Панжакентга, Равонак ва Сочакка худди шу жой орқали ўтилган. Бу жойлардан “келадиган йўллар” Тайлоқда битта нуқтага бирлашган ва 12 километрдан сўнг Самарқанду шарифга етган. Шу боис Тайлоқ калимасининг ўзаги “Тай” бўлгани мантиққа яқиндир.

Табиийки, келажакда тарихчилар бу туманнинг тарихини батафсил ўрганадилар. Лекин биз ўзимизча уни “Тойлоқ” қилиб юбормаслигимиз керак. Юз йиллардир Тайлоқ бўлган ва биз бир кунда уни “Тойлоқ”қа алмаштириб юборишимиз  шундай ҳам чаласаводликка маҳкум этилаётган авлодларни янада чалғитиш бўлади.

ЎЗБЕККА НИМА БЎЛМОҚДА?

22 июл, 2009 йил

Бугун руслар эълон қилган маълумотга кўра, ўзбекистонликларнинг Москвадаги қилган жиноятлари 25 фойизга ўсибди.

Аслида дунёда ҳар кун, ҳар дақиқа минглаб жиноятлар бўлади. Лекин улардан баъзи бирларигина матбуот саҳифасига чиқади ва айримларигина эл-улусни ларзага солади. Чунки бундай жиноятлар, айниқса қотилликлар инсон мафкурасига мутлоқ зид бўлгани ва ҳатто тасаввур қилиш қийинлиги билан ажралиб туради.

Биз бугунга қадар ҳамюртларимизга нисбатан қилинган жиноятлар ҳақида кўп ёздик. Аммо улар қилган жиноятлар сабабларини ҳали ҳеч ким таҳлил қилган эмас. Улардан гарчи жуда озлари бўлсада, нон излаб борган жойларида ваҳшийлик қилишлари бизнинг маданиятимизга хос эмас.

Бундайларнинг сони бармоқ билан саноқли бўлсада, уларнинг қилмишлари бошқалар учун қимматга тушмоқда ва бир қатор мамлакатларда ўзбекларни ваҳший деб танишмоқда. Муносабат ҳам шунга яраша шаклланмоқда.

Келинг, аввал дунё матбуоти саҳифаларига тушган шундай қотилликлардан баъзиларини эслайлик ва кейин фикримизни давом эттирайлик.

Норвегияни ларзага солган қотиллик…

Ўзбекистонни тарк этиб, бу мамлакатга келган ва бошпана олишга уринган, аммо ололмай маҳаллий аёллардан бирига уйланган Баҳодир Мирзаолимов 2007 йилнинг 1 Май куни қотилликда айбланиб қамоққа олинганди.

У ҳомиладор хотинини ва унинг 7 ёшли жиянини аввал зўрлаб, кейин ўлдирганликда айбланган.

Шунингдек, унга хотинининг 10 ёшли қизини зўрлаш, қийнаш ва калтаклаш айби ҳам қўйилган.

Бошга санчилган болта…

Самарқанд шаҳрининг Садтепа даҳасидан бўлган 22 ёшли Темур Эргашев тирикчилик мақсадида Россияга борган. У ҳамюртлари билан бирга Белебеев туманидаги ғишт заводида ишлаган.

Бошқирдистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, завод хўжайини бу ерда ишлаётган ўзбекларнинг паспортларини олиб қўйиб, иш ҳақларини бермаган.

Натижада 2007 йил август ойида иш берувчи билан Темур Эргашев ўртасида жанжал чиққан. Чунки Темур иш берувчидан паспортини ва иш ҳақини сўраган. Иш берувчи эса бермаган. Темур болтани олиб аввал дастаси билан уни бир неча марта уриб, кейин уни ўн марта чопган. Сўнгра юзининг ўртасига болтани санчиб, чиқиб кетган. Бу не даҳшат!

Шаҳватхонада оққан қон

Чехия. Ўзбекистоннинг тўрт фуқароси, полиция тарқатган маълумотга кўра, Прага шаҳрида украин тилида сўзловчи қиз ва йигитнинг бўйнига пичоқ тортган. Қизни аввал зўрлашган, кейин ўлдиришган.

Прага полицияси матбуот вакили ваҳший қотиллик 2008 йил, февраль ойининг сўнгги кунида содир этилганини, гумондор шахслар эса 12-14 март кунлари ушланган.

Қотиллик 29 февралнинг тонготар пайтида шаҳвоний хизмат клубида содир этилган. 22 ёшли украин қиз зўравонлик оқибатида ўлган. Қизни ўлдирган ўзбеклар 32 ёшли украин кишини ҳам пичоқлашган.

Ўз биродарининг қотили

2007 Апрел. Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Жаркент шаҳрида ичкиликбозликдан сўнг ўзбекистонлик бир меҳнат муҳожири иккинчисини болта билан чопиб ўлдириб,  воқеа жойидан қочиб кетган..

Жаркент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идораларининг билдиришича, улфатчилик вақтида келиб чиққан ўзаро жанжал қурбони бўлган ўзбекистонликнинг ёши 25 да бўлган.

Бундан аввал ҳам Олмаота вилояти ички ишлар департаменти вилоятнинг Каменский туманидаги хусусий уйларнинг бирида эркак ва аёл кишининг жасадини аниқлаганини билдирганди. Қозоғистонлик эр-хотиннинг қотиллари Ўзбекистоннинг 3 фуқароси бўлиб чиққани хабар қилинганди.

Ана шундай мисолларни жуда кўп ўқийдиган бўлиб қолдик.

Ваҳшийлик қилган ўзбеклар деярли ёшлар бўлиб, улар масалани ҳуқуқий ёки музокарлар йўли билан ҳал этилиши мумкин ҳолларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятлар содир этмоқдалар. Бу жиноятлар оддий эмас, балки инсон психологияси, зеҳнияти тубида кескин ўзгаришлар бўлаётганини ҳам кўрсатади.

Ўзбекистонда ёшлар мутлақо давлат мафкураси назоратида бўлгани учун юз бераётган бундай жиноятларга ҳукумат ҳам масъулдир…

УНУТУВЧАНМИЗ

23 июл, 2009 йил

Поездда хабарларни ўқиб келар эканман, биттаси диққатимни тортди. 74 ёшли эвангелист Тони Аламо (Tony Alamo) 8 ёшлик бир қизни хотинликка олибди ва уни бир неча марта зўрлабди ҳам.

Ҳозир бу Худонинг балоси қамоқда ва Арканзасда суд қилинмоқда.

Бу хабар бундан бир неча ой олдин худди шундай воқеа Саудия Арабистонида ҳам юз берганини эслатди.

Демак, гап аблаҳнинг ватани ва динида эмас, унинг калласида деган гап тўғри экан-да!

Тез юрар поезд учиб кетмоқда. Шунчалар тезки, кўриб қолганингиз одамлар нима билан банд эканлигини ҳатто илғаб қололмайсиз.

Умр ҳам шундай, бир қарасангиз ёнингиздаги одамнинг бу дунёдан кетганга 20 йил бўлибди. Қўл очиб дуо қилиб қўясиз ёки бир хатм туширасиз…

Хотира ҳам шундай… Жуда унутувчан…

Айниқса бизникиларнинг хотирасига нимадир бўлган׃

Этик кийса, чориғини унутади…

Отга минса пиёдани…

Тахтга минса, халқни…

Сайланса, сайлаганни…

Зиндондан чиқса, зиндондагини…

Мукофот олса, тақдим қилганни…

Қўлига пул кирса, уни берганни…

Шаҳарга кетса, қишлоқни…

Четга кетса, Ватанни…

Унутади ҳар қандай яхшилик қилганни…

Лек танқид қилганни унутмас асло!

Балки шунинг учунмикан бизда асосан мақтов босган юртни.

Мақтов босган юрт худди моғор босган нонга ўхшайди…

Ана шу фикрлар билан Вашингтонга етиб келдим. Компютеримни сумкамга солар эканман, шу сумкани Ёдгор Турлибековга ҳадя қиламан деб унутганим ёдимга тушди. Унутувчанмиз дедим-ку!

Бу ҳақда насиб этса эртага ёзаман!

ЁДГОР ТУРЛИБЕКОВ

24 июл, 2009 йил

Кеча айтиб бермоқчи бўлганим ҳикояга ҳам Тангрининг изни бор экан, мана вақти келди:

Вашингтонда буюк шоиримиз Юсуф Жумани озод қилиш учун унинг оиласи пикетга келган кун эди. Мен Канадада эдим.  Уйга қайтаётиб, телефоним жиринглади׃

-Жаҳонгир ака, керак бўлган пайтда қаёқларда юрибсиз?

Гулнора Олтиеванинг фиғони ошганди.  Эрталабга етиб боришимни айтдим. Чунки олдинда ўн соатлик йўл бор эди ҳали. Уйга ярим тунда келдик.  Йўлда кофе ичавериб, уйқунинг “белини” синдирган эканмиз, кўз илинмади. Ухламай ош дамладик. Кўпнинг оши яхши бўлади, деб бежиз айтишмайди. Тошкентча, мазаси оғиздан кетмайдиган ош бўлди.

Ошни кўтариб, пикет қилаётганлар олдига борсак,  ҳатто шиорлари ҳам ёзилмаган экан. Гулнорахоннинг фиғони шундан кўкка ўрлаган.

Аввал жой топиб, машинамни жойлаштираман, десам биттаси туртиб кетди. Вашингтон жиннихонадек гап. Бу ерга машинада келиш ақлли иш эмаслигини билсамда, баъзан шунга мажбур қоламан. Келдингизми, ё туртиб кетишади ёки орадан ҳафта ўтмай жарима қоғози боради. Ҳар қадамда суратга оладиган ускуна қўйилган ва баъзан қоидага риоя қилсангиз ҳам суратга тушиб қолаверасиз. Шаҳарнинг асосий даромади шу бўлгандан кейин сизни баргнинг учига илиб қўйса  ҳам бир нима дея олмайсиз.

-Худонинг ишларидан ўргилай,-дедимда,  пиктчиларга кўмакчи бўлиш учун шошилдим.

Кечқурун уларни уйга бошладим. Ёдгор аканинг қўлтиғида битта халтачага ўралаган компютери бор эди.

Буни умр йўлдошим ҳам пайқаган экан׃

-Уйда битта янги сумка бор, компютер солиб юрадиган, шуни отахонга ҳадя қилсангиз,  хурсанд бўлиб, эслаб юрадилар,-деди.

Компютерга қараб турганимизни сездилар, шекилли, Ёдгор ака׃

-Қаёққа борсам, бу компютеримни  қўлтиқлаб юраман,-дедилар.

Узоқ суҳбатлардан кейин ётиб ухладик. Саҳар нимадир “тиқ –тиқ” эта бошлади.

Секин зиналардан иккинчи қаватга тушсам, Ёдгор ака компютерни очиб, нимадир ёзаяптилар.

72 ёшли инсон. Ҳар битта ҳарфни битталаб қидириб, битталаб ёзмоқдалар. Содда қилиб айтганда катта бир мақолани ҳарфлаб ёзмоқдалар.

-Нима ёзаяпсиз?-десам.

-Ислом Каримов ҳақида бир нарсалар,-дедилар.

Шу ёшда шунчалик шижоат ва шунчалик матонат. Аслида бу киши ёзмасалар ҳам биров бир нарса демайди. Лекин қалблари нотинч. Миллатни ва мамлакатни ўйлайдилар. Бу  у кишнинг уйқуларини бузади.  Нимадир қилмоққа, юракларидаги ҳайқириқни айтмоққа интиладилар…

Суҳбатимиз нонушта пайти яна қўр олди… Кейин Гулнорахон ташқарига чиқиб олдилар. Мен Жавҳарга тил ўрганиши учун китоб қидириш билан овора бўлиб қолдим. Соатга қарасак, кечикиб қолибмиз, шошиб машинага миниб, жўнаб кетибмиз, сумкани бериш ёдимдан кўтарилибди…

Ман энди бу сумкани ўзим кўтариб юрибман. Бу энди Ёдгор аканинг менга ҳадяси. Чунки ҳар кун бу сумкага қарасам, у киши ёдимга тушадилар-да!

ПРЕЗИДЕНТНИ ТИЗ ЧЎКТИРГАН КУЧ

26 июл, 2009 йил

Бугун телевизор кўришга вақтим бор. Қайси канални қўйсам, ҳаммасида битта гап…

Дарвоқе бир неча кундан бери Америка матбуотининг асосий масаласи Президент ва миршаб “баҳси”дир. Бу воқеа аслида халқ бошқаруви-демократиянинг қудратини намойиш этган яна бир ҳодиса эканлиги учун ҳам бугун дунё матбуотидан тушмай қолди. Бунинг ўзбекларга, Ўзбекистонга жуда катта сабоқ бўладиган жойи бор.

Ўзбекистонда миршаб дедингизми тамом кайфиятингиз бузилади. Америкада эса халқ миршаб(police)ларни ҳурмат қилади, қадрлайди. Чунки у ҳукуматнинг ёки президентнинг миршаби эмас, халқнинг посбони. Албатта Ўзбекистонда миршаблар ичида ҳам яхши одамлар учрагани каби Америкада ҳам миршаблар ичида разолатга ботганлари топилади. Беш бармоқ бирдек бўлмагани каби ҳамма нарсанинг икки томони бор. Лекин демократияларда масала борасида тарозининг оғир(кўпчилик) томонига қараб хулоса қилинади.

Гап бунда эмас.

Аввал воқеани мухтасар тарзда ҳикоя қилиб берай.

Кунларнинг бирида Ҳарвард Олийгоҳи профессори қора танли Гейтс (Henry Louis Gates) сафардан уйига келса, эшиги очилмайди. У адвокатининг шофери билан эшикни бузади. Буни узоқдан кўрган қўшнилардан бири Камбридже (Cambridge ) полициясига сим қоқади.

Тафсилот профессорга кўра бошқа, полицияга кўра бошқа. Профессор оқ танли сержант Кроули (James Crowley) унинг уйига келиши ва уни вақтинчага қамоққа олишини қора танли бўлгани зуғум- ирқчилик дея фарёд солади. Сержант эса уни қамоққа олганида қора танли миршаб ҳам ўша ерда бўлганини айтади. Америкада полицияга бўйинсунмаслик учун ҳам қамоққа олиш мумкин. Хуллас, гап ким ҳақ, ким ноҳақлигида ҳам эмас, зотан текширув ҳали битмаган.

Гап шундаки, воқеани бутун Америка Президент Обамадан эшитди. У Камридже полициясини ахмоқона иш қилганликда айблаб, қоратанлиларга давом этиб келаётган зуғумнинг бир кўриниши эканлигини айтди.

Маълум бўлишича, ирқчиликка қарши ном чиқарган профессор Гейтс Президентнинг ошнаси экан.

Яна маълум бўлишича, ирқчиликка қаршилиги билан танилган сержант Кроули қоратанлиларнинг яқин дўсти ва ирқий камситилишнинг душмани экан.

Президентнинг Матбуот конференциясидаги чиқишдан кейин қоратанлилар ирқчилик ҳақида чиқишлар қилиб, сержантнинг истеъфосини сўрай бошладилар. Ундан профессордан кечирим сўрашни талаб қилинди. У эса қонунларни бузмгани, кечирим сўрамаслиги, аксинча президент ўзидан кечирим сўрашини талаб қила бошлади. Уни бошқа миршаблар, (уларнинг орасида қора танлилари ҳам бор) қўллай бошладилар.

Ҳатто Обамани президент қилган сўлчи матбуот ҳам оёққа турган эди ва Президентнинг қовун тушириб қўйгани соат сайин очилиб борарди. Айниқса унинг олисдаги маҳаллий воқеани умуммамлакат муаммосига айлантиргани кўпчиликка ёқмаётганди.

Буни Обама ҳам тушунди, шекилли, шартта матбуот ҳузурига чиқиб ортга қадам ташлади. Мен сержантга телефон қилдим, у фавқуллодда аъло даражали миршабдир деди. У энди воқеада ҳар икки томон ҳам ҳаддидан ошган бўлиши мумкин деди. Лекин унинг миршаб билан суҳбати сир туртилди. Миршабнинг авзойидан маълум бўлишича, у сержантдан узр сўраган. Бу энди қоратанлиларни ғазаблантирди. Президент профессорга ҳам телефон қилганини эълон этди. Ҳар иккаласини Оқ уйга меҳмонга даъват қилди.

Агар Ўзбекистонда шундай воқеа юз беранда сержантнинг ўрни Жаслиқда бўларди.

Бу воқеада аслида профессор сержантга раҳмат айтиши керак эди. Негами?

Бир кун қизимга чек ёзиб бериб, банкдан нақд пул олишини айтдим. У банкка борса, пул беришмабди. Қизим авзойи бузилиб менга телефон қилди. Мен банкка телефон қиламан деб турсам, банк ходимаси сим қоқди.
-Қизингизга чек ёзиб берганмидингиз?
-Ҳа…
-Қанча суммага?
-Шунчага…
-Лекин имзоингиз бошқа.
Шунда мен хато қилганимни тушундим. Тўлов чекларига бошқа ва муҳим ҳужжатларга бошқа имзо қўйишим ёдимга тушди. Бу ерда адашган эканман. Банк ходимасига:
-Раҳмат сизга, сиз аслида бизни ҳимоя қилаяпсиз,- дедим.
Кейин қизимга ҳам унга раҳмат айтиб қўйишини тайинладим.

Тўғрида, биттаси менинг номимдан чек ясаб, пул сўраб келиши мумкин.

Демак, банк ходимаси менинг муҳим ҳужжатлар учун қўядиган махсус имзоим билан солиштирган. Отасига раҳмат!

Юқоридаги воқеада ҳам миршаб аслида профессорнинг уйини асраш учун келган. Профессор сафарда бўлган, кимлардир унинг эшигини бузишган. Кимдир полицияга сим қоққан. Сержант профессорнинг уйига келганда олим миршабни хуш қаршилаб, ҳужжатларини кўрсатиб, унга раҳмат айтиб юборса, олам гулистон эди. Лекин у шундай қилмаган ва сержант билан жанжал кўтаргаан ва бақириб чақирган… Бу ёғини билмайман, бошқалар ҳам билмаса керак…

Лекин қора танли профессор қора танли президентни ҳам уялтирди.

Бошқача айтганда уни оддий сержант олдида тиз чўктирди.

Йўқ, ундай эмас, аслида демократия президентни тиз чўктирди.

Йўқ, ундай ҳам эмас, хато қилганини англаган лидер тиз чўкди…

Бу билан Президентнинг обрўйи тўкилмади. У демократияга, халқ йўлига бўйсунди ва бундан кейин бу сабоқни унутмаса керак.

Қани эди, Каримовдан тортиб бошқа президентлар, қироллар, шоҳлар, амирлар… шундай қила олсалар…

Қани эди, ўзини лидер деб юрганлар хатоларини мана шундай тузата билсалар…

Қани эди ҳар биримиз хатоимизни мана шундай тузата билсак…

Демак, бизда бизни шундай қилишга мажбурлайдиган куч йўқ! Кучсизмиз! Жуда ҳам кучсиз…

Бугун дам олиш куни телевизор кўриб, ана шулар ҳақида ўйладим…

ИМКОНИЯТ

27 июл, 2009 йил

Бугун ишга бормадим.

Кеча кечқурун Юсуф Жуманинг аёли Гулнора Олтиева телефон қилиб БМТга хат ёзмоқчи эканлигини айтиб, шундай хатни қоралаб беришни сўради. Эртага жўнатаман деб ваъда бердим. Аммо озгина тобим қочгандек эди ва бир нарса ёзишга ҳолим бўлмади.

Бугун эрталабдан ваъда қилинган хатни қораладим-да ҳаво олиш учун ташқарига чиқдим. Чунки улуғ шоиримизнинг кечинмаларини мен ҳам қайтадан яшагандек- уларни эслаб, миллат ва мамлакат учун курашнинг оқибати наҳотки доим шундай тугаса деб азобли ўйлар гирдобида қолдим.

Ҳар сафар шундай, Юсуф Жума ҳақида бир нарса қораладимми, эзилиб кетаман. Унга золимнинг муносабати тушунарли, лекин золимга қаршиман, миллат томонидаман, деганларнинг муносабати тушунарсиз қолаверади…

Ташқарида қуёш дунёни ёндирмоқда. Дунё худди Жаслиққа ўхшайди…

Бунинг устига уч кундир туни билан тинмай ёмғир ёғди. Ёзнинг жазирамасида ёққан бундай ёмғир ҳавонинг намлигини ошириб юборди ва ташқарида юриш қийин бўлиб қолди.

Ўрмонга томон ўтдим. Бу ерда янги йўл очилгани учун йиқитилган дарахтлар ўрнига янгилари экилган. Туни билан ёмғир ёққанига қарамай яна машинада сув олиб келиб, арчасимон ниҳоллар суғорилмоқда. Бир киши қовжираб қолган ниҳол остига сув қуймоқда. Унга гап қўшдим:

-Бу бутунлай қуриб қолибди, суғоргунча синдириб ташлаган, янгисини эккан яхши эмасми?

– Йўқ, бунга имконият бериш керак,- деди у.

Бу гапда катта фалсафа бордек туюлди менга. Бу фалсафани бошқа бир мисол кучлантириб тургандек эди.

Қайси бир йили олдинги уйимиз олдига бир туп гул кўчати ўтқаздим. Лекин қуриб қолди ва очилиш ўрнига баргларини ҳам тўкди. Бир кун шохларини ушлаб кўрсам, қирсиллаб сина бошлади. Бир зумда синдириб ташладим. Тагидан қўпориб ташламоқчи эдим, нимадир бўлиб, ёдимдан кўтарилибди.

Кейинги йил ўша гул илдизидан қайтадан униб чиқди ва роса гуллади. Шунда қўпориб ташламаганимга мамнун бўлдим.

Она табиат ана шундай доим бизни нималаргадир ўргатади. Фақат табиат эмас, атрофимиздаги одамлар ҳам…

Ҳар қадамда янги фалсафа…

ЧОЙЧАҚАЛИК ИШ

28 июл, 2009 йил

Бугун ҳам ишга боролмадим.

Бизда уйдан ишлаш деган гап бор. Технология асрида яшаганимиз учун баъзан шундай ҳам бўлади. Ёмон томони бундай ҳолда кун бўйи компютерга боғланиб қоласиз. Бирор жойга чиқа олмайсиз.

Танаффус олганимда ҳовлига чиқдим. Ҳовли катта. Лекин бир нарса экишнинг фойдаси йўқ. Ҳамма нарса дўконда, арзон ва сифатли. Шунинг учун кўм-кўк майса экиш одат.

Уч тун тинмай ёмғир ёққани учун майсаларнинг бўйи икки қаричдан ошибди. Машинани ишга солиб, ўриб чиқдим.

Болаликда бунча жойни ўроқ билан бир кун ўрардик, бу ерда эса бир зум…

Лекин ўрилган майсаларнинг ҳидини яхши кўраман. Шунинг учун ҳовлида анча вақт айланиб қолдим.

Кейин уйга кириб, ишларимни бажариб ўтирсам, телефон жиринглади ва ватандан келган Комил исмли укамиз мени кўриб кетмоқчи эканлигини айтди. У бизни ҳали ҳам Вашингтонда яшайди деб ўйлар экан. Уйга таклиф қилсак, кечқурунга билети борлигини ва Портланд шаҳрига учиб кетишини айтди.

Мен Америкага келганимда Портланд шаҳрида яшагандим. Бугун энди Портланд биздан жуда узоқда. Тошкент ва Пекиндек гап. Демак, Комил у ёққа кетса, кейин бир неча йилда ҳам кўришишга имкон бўлмайди.

Ишхонага телефон қилиб, ишни ярмидан уздимда, йўлга чиқдим.

Маълумки, Ўзбекистонда “гринкард” ўйнаб АҚШда яшаш ва ишлаш ҳақини қозониб келаётганлар кундан кунга кўпаймоқда. Уларнинг орасида зиёлилардан  фермерларгача, олимлардан шоирларгача бор.

Танишимиз Комилжон ҳам шундайлардан бири. У сиёсатдан узоқ. Ўзбекистонда ўзининг ошхонаси бор экан, сотиб келибди. Уни Вашингтон яқинидаги яхши ресторанлардан бирига таклиф қилдим.

У биринчи галда овқатларнинг нархига қараб Ўзбекистон билан солиштириб чиқди-ю:

-Қарийб бир хил-ку? Бу ерда арзонгарчилик экан!-дея ҳаяжонини яшира олмади.

-Бунинг чойчақаси ҳам бўлади,-дедим мен.

-У энди ихтиёрий нарса бўлса керак?

-Бизда ихтиёрий эмас. Мажбурий ҳолга келган. Еган овқатингизнинг 20 фойизи атрофида чойчақа берасиз… Менюда бошқа нарх, тўлаганингиз бошқа.

Инсон фитрати қизиқ. Биз талабалик йилларимизда трамвайга 3 тийин беришга эринардик, аммо шу манзилга бориш учун таксига уч сўмни шарақлатиб берардик. Қайтимини сўраб ҳам ўтирмасдик. Ваҳоланки, ўша қайтимини трамвайга йигирма марта тўлаш мумкин бўлса ҳам….

Ана шундай суҳбатлардан кейин Комил Америкада ишни нимадан бошлашини сўради.

-Оз-моз инглизчангиз бор экан, менимча чойчақаси бўлган ишдан бошлашингиз керак,-дедим.-Кейин қолганига йўл очилади.

-Чойчақаси нима ҳам бўларди,-деди у ҳали Ўзбекистондаги кайфият билан.

-Энг яхши топадиганлар ҳозир чойчақа оладиганлардир!

-Йўғе? Чойчақа берсангиз кўпи билан 5-10 доллар берасиз…

-Ками билан 5-10 доллар!

-Энг кўп қанча бергансиз?

-Ҳмм… Масалан, яқинда Андижонда ўлганларни хотирладик. Ресторанда 16 кишига жой қилдиргандим, ўзимиз, оила аъзоларимиз ва дўстларимиз билан 30 га етиб қолдик.

-Демак минг доллар?

-Шу атрофда…

-Чойчақаси 200 доллар!-деди Комил топағонлик қилиб.

-Ана сиз ҳам америкалик бўлдингиз!-дедим кулиб.

-Ошхонани шу ерда очиш керак экан!-деди у севиниб.

Кейин бирдан ўйланиб қолди.

-Ҳа сизни қўрқитиб қўйдим, шекилли?

-Билмасам, балки бу ерда ресторанларга бормасмиз… ёки меҳмонларни доим уйда кутармиз…

-Америкага хуш келибсиз!-дедим унга.

Чунки Америкада уйда меҳмон кутиш ресторанда кутишдан ҳам ташвишли эканлигини у ҳали билмайди-да. Яхшиси бу ҳақда гапирмасликни афзал билдим. Акс ҳолда умидларига соя тушиши мумкин-да!

Овқатланиб бўлиб, мен ҳисобни сўрадим ва у:

-Мен тўлай қолай,- деб чўнтагини ковлай бошлади.

-Сиз меҳмон, биз Портландга борсак, Сиз тўлайсиз!.

Официант ҳисоб-китоб қилиб келганда, Комилжон менга илтижо билан юзланди:

-Бўлмаса чойчақасини мен тўлай!

Роса кулишдик. Мен унга изн бермадим. Чўнтагидан чиқаргани 20 долларлик қўлида қолди. У негадир ўша пулга қараб турарди. Менимча, у чойчақалик ишга қизиқиб қолгандек эди.

Эсингизга келди-а? Ўзбекистонда кимлар чойчақали иш қилардилар ва қандай яшардилар?

Эсингизга келмаган бўлса, эртага гаплашамиз, насиб этса, албатта!

БОШИНГГА НЕ КЕЛСА, НАФСИНГДАН КЎР!

29 июл, 2009 йил
Кеча чойчақалик иш ҳақида гаплашаётган эдик. Бугун ҳам шу мавзуни давом эттирамиз.
Совет даврида бир латифа бўларди. Бир киши обкомнинг биринчи секретари бўлиб келибди ва қабул куни энг аввало ишсизларни чақирибди.
-Қандай иш берай сизга?- деб сўрабди у рус кишидан.
-Фарқи йўқ, фақат ойлиги яхши бўлса бас,-деб жавоб қилибди у.
Кейин раҳбар саволини ўзбекка берибди.
-Фарқи йўқ, минадиган машинаси бўлса бас, галстуги ва маошини ўзим топиб оламан!-деб жавоб қилибди ўзбек.
Обкомнинг биринчи секретари кейин навбат кутиб турган яҳудийга юзланган экан у׃
– Акомилло, менга маошли ёки машинали иш керак эмас, қандай иш бўлса ҳам, фақат чойчақаси бўлса бас,-дебди.
-Бизда чойчақали иш бўлмайди-ку?
-Ундай бўлса, биз камтарин каминамиз, бирорта чақали иш бўлсин!

Шунда раҳбар ёрдамчисига чақали ишлар рўйхатини олиб келишни буюрибди.
Пойафзал тозаловчи, сув сотувчи, чиптафуруш… Лекин ҳаммаси банд. Шунда вилоят раҳбари׃
-Бирор жойга курси қўйиб беринглар, пойафзал тозаласин, бечоранинг рўзғори қимирлаб турсин,-дебди.
Ёрдамчисининг ранги-рўйи оқариб кетибди.
-Нима гап? Нега ранги рўйинг оқарди?
-Пойафазл тозаловчиларнинг жойлари иккинчи котибга оид. Бу жойларни у киши тақсимлайдилар ва у кишининг тирикчилиги шундан…
-Ҳмм…Бўлмаса минерал сув сотадиган жойлардан биттасини беринглар унга!
-Унда сизнинг рўзғорингиз нима бўлади?

Бундай латифалар бежиз ва бесабаб эмас эди. Чунки кунда келиб турган чақалар олтинларга айланиб кетганини ҳамма биларди.

Совет Иттифоқидан Америкага кўчган яҳудийлар бу ерда ҳам ишнинг кўзини билишларини кўрсатдилар. Улар чақали жойларда ишлаб, тезда оёққа туриб олдилар ва энди улар катта-катта жойларнинг раҳбарлари. Келаётган ўзбеклар эса уларнинг мардикорлари.

Бугун ишга келаётиб, ана шулар ҳақида ўйлар эканман, ёдимга бир воқеа тушди.

Апрел ойининг охирида Лос-Вегасга боргандик. Илгари бу шаҳарни маънавий бузилган шаҳар деб айтишарди. Аммо кейинги йилларда бу жой оилавий дам оладиган масканга айланди.

Биз у ерга асосан дунёда тенги йўқ цирк (Cirque du Soleil) театрларини томоша қилишга боргандик. Бу цирк-театрлар баъзан кўчиб юриб ҳам турли мамлакатларда томоша кўрсатадилар. Аммо шундайлари борки, уларни фақат ва фақат Лос- Вегасда кўра оласиз, холос.

Уларни таърифлаб бўлмайди, фақат томоша қилиш ва инсоннинг нималарга қодирлигини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаш мумкин.

Шу ерда минглаб одамлар оддий ишларни қилиб, катта пул топиб юрибдилар. Ўзбеклар ҳақда гап кетса, ўзбекларни ҳам билишар экан. Бир эр-хотин ўзбекистонликлар бу ерда бир неча йил одамфурушлик билан шуғулланган эканлар. Яъни ўз ватанидан қизларни олиб келиб, бу ерда пуллашган. Бир кун қўлга тушиб, иккаласи ҳам умрбодга қамалиб кетибди. Улар чақани, чойчақани эмас, бирданига жарақ- жарақ долларни тўплашни хаёл қилишган-да!

Шуни айтадилар, “Бошингга не келса, нафсингдан кўр!” деб.

Шу билан кечаги гапга бугун нуқта қўйсак бўлади.

Дарвоқе, бугун жуда бир қизиқ хабар ўқидим. Келинг, уни эртанги мавзуга “хамиртуриш” сифатида сақлайлик!

УЗР, БУГУНГИ МАВЗУ ЎЗГАРДИ

30 июл, 2009 йил

Бугун иш жуда кўпайиб кетди. Ҳафта охирлашаверса, доим шундай бўлади.

Кундалик ёзишга ҳам қўл тегмади. Бунинг устига бугун Дилмурод Саййидни ўн икки ярим йилга қамашганини эшитиб, жуда хафа бўлдим. Гапнинг очиғи суд чўзилганидан балки мустақиллик байрами олдидан уни ҳам, Юсуф Жумани ҳам озод қилишар деган умид билан юргандим. Ҳали ҳам бу умидимнинг бир бўлаги ўлган эмас, балки умумавф эълон қилинар ва адл сўз соҳиблари озодликка чиқарлар? Шундай дейману, золимнинг зулмидан қутулиш осон эмаслигини ўйлаб яна кайфиятим бузилади.

Шу сатрларни битиб, энди сизга кеча ваъда қилганим гапни  ёзаман деб турсам,  ҳуқушунос укамиз Бобуржон Холиқназар телефон қилиб қолди.

-Ризо ака ҳақ гапни ёзибдилар,-деди у.

-Ҳа, Ризо Обид доим ҳақ гапни ёзадилар.

-Ҳақиқатдан ҳам  кундалик қизиқарли бўлиб бормоқда…

Шу гапдан тушундимки, Ризо Обид кундаликларим ҳақида нимадир ёзган. Бобуржоннинг сўзларига қулоқ тутиб, айни пайда “Замондош” сайтини очсам, “Янги китоб хамиртуруши” деган мақолага кўзим тушди.

Суҳбатдан кейин мақолани ўқидим ва бу масъулиятни яна ҳам оширишни талаб қилишини тушундим.

Қувғиндаги дўстим ва ижоддаги сафдошимнинг оддийгина кундаликларим ҳақида ёзган мақоласини такрор ўқийман:

“Таниқли адиб Жаҳонгир Муҳаммад Кундалик китоб сифатида эълон қила бошлагани “Ҳавзи қулқулум”ни аввалига ҳажвий бир асардай қабул қилиб, гапнинг очиғи уни бекорчиликдан зерикканда эрмак учун ўқиладиган асар дея ҳафсаласизлик билан бошладим.

Тўғри, асарда ҳазил-мутойибага моҳирона йўғрилган ҳаётий лаҳзаларга ҳам ўрин берилган, бироқ кейинчалик “Ҳавзи қулқулум” номи ўзига муносиб чуқур мазмунли, ўқиган сайингиз мутоаладан ўқувчини толиқтирмайдиган ғоят қизиқарли ва ибрат оладиган жиҳатлари кўп асарлигини эътироф эта бошлайсиз.

Китобда ҳаётнинг ҳамма қирралари худди қуёш нурлари билан ярқ этиб кўрсатилгандай сермазмун таассурот ола бошлайсиз.

Масалан асардаги мухолифат йўлида бутун умрини фидо этган Ёдгор Турлибеков ҳаётининг бир қатраси акс эттирилиши инсоннинг қандайхислатли бўлиши муҳимлиги ва ўша қаҳрамонга нисбатан эса илиқ ҳурмат ҳиссини уйғотади.

Табиатни асраб авайлаш мавзуси-ю ундан ибрат олинадиган ҳаётда кишиларга имконият бериш каби сабр ҳамда бағрикенглик, ёки банкдаги “ишон, бироқ ҳушёр бўл” каби фалсафий мулоҳаза ҳамда мушоҳадалар кишини бир томондан ўйга толдирса, иккинчи томондан “ҳа- я, чиндан ҳам шундай” дея ҳаёт йўлига илк одимнида белгилашга ёрдам бериши мумкин асардан ҳаётий йўлланма, қўлланма сифатида фойдаланса бўлади.

Энг асосийси асардаги қаҳрамонлар бугунги кунимизда яшаб турган кишилардир.Улар орасида оддий пойафзал тозаловчидан тортиб то мамлакат Президентигача бор.

Асар муаллифи Жаҳонгир Муҳаммад ўзи ёзганидай ҳар бир воқеада “хамиртуруш” меъёри сақланган.Бу эса ўқувчиларда “Ҳавзи қулқулум” асарини ўқий туриб, унинг ҳеч тугамай давом этиши истагини юзага келтиради.

Асар ҳақида оддий бир ўқувчи сифатида илк таассуротларимизни баён этар эканмиз, “Ҳавзи қулқулум”ни ўқишни бошқа замондошларга ҳам тавсия этамиз, чунки у ҳар бир кишининг ҳаётида сабоқ берувчи бир ҳамроҳ- дўст бўлиб хизмат қилиши аниқ.

Жаҳонгир Муҳаммаднинг янги китоби ҳам унинг замонавий адабиётдаги  сара асарлари қаторидан ўрин олишига шубҳа йўқ.

Ризо Обид (http://www.rizobek.ucoz.ru/news/2009-07-30-3570)

Раҳмат дўстим Ризобек! Бугунги каби эзилиб ўтирган пайтда шундай илиқ сўзлар айтганингиз учун Яратган сиздан ажрини кам қилмасин!

Албатта, бундан  кейин ҳам кундаликлар давом этади ва айтганингиз каби бизнинг хатоларимиз ва ютуқларимиз, бизнинг кўрган-кечирганларимиз ҳамда билган-билмаганларимиз кимгадир заррача фойда келтирса, кимдир бундан ниманидир олса ёки ўрганса – мурод шудир. Агар шу муродга етсак, биз бахтиёрмиз.

Демак, Ризо Обид бугунги кундаликнинг мавзуини ўзгартириб юборди ва кеча ваъда қилинган нарсани эртага (албатта дея олмайман, чунки ҳамма нарса менинг қўлимда эмас, Эгасининг қўлида ва яна ўзгариши ҳам мумкин-Ж.М.) ёзишга ҳаракат қаламан.

УНС

31 июл, 2009 йил

Тилимиз жуда бой. Бир сўзнинг бир қанча синонимлари бор. Биз  дўстлик деган калимани кўп ишлатамиз. Аммо айни маънони янада самимийроқ англатадиган унс деган сўз ҳам бор. Бу ота-боболаримиз ҳали “дўст” деган сўзни билмаганларида ҳам “унс” калимасини ишлатганлари учун ҳам самимийроқ.

Гапнинг индаллосидан бугунги мавзуни англаб олдингиз-а?  Мана бу ўқиганим қизиқ хабар эса, уни янада ойдинлаштиради.

Икки киши касалхонада, битта палатага тушиб қолишибди. Улар аслида битта маҳалладаги қўшнилар экан. Лекин биттаси кўчиб келганда машинаси йўлни бекитиб қолибди ва иккинчиси полиция чақирибди. Шу билан ораларига совуқлик тушиб, гаплашмай қўйишибди.

Иккаласи ҳам бир-бирини танигандай бўлар ва бир-биридан нимадир сўрамоқни истар, лекин ҳеч бири “чегара”ни бузишга азм қила олмас экан. Шу зайл йиллар ўтиб кетаверибди.

Ниҳоят палатада “чегара” бузилибди ва улар гаплашиб, аниқласалар, иккаласи  ҳам 1960 йилда биргаликда, битта учқичда АҚШдан Вьетнам урушига боришган ва биттаси ярадор бўлганда иккинчиси қутқарган экан…

Бу хабарни ўқиб, жуда қийинчилик билан топилган дўстларни жуда осонлик билан йўқотиш мумкинлиги ёдимга тушди.

Бундан 4 йил олдин турли сайтларда, кўпроқ  muslimuzbekiston.com сайтида Олимжон Тошниёзов ва Миллат Жумаевлар имзоси билан рус тилида ёзилган, кучли таҳлилга эга бўлган мақолаларни ўқий бошладим. Жуда саводли ёзилган бу мақолалар Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни демократик қарашда таҳлил қилиб берар ва сизни чуқур ўйга толдирар эди. Кейинчалик билдимки, Миллат Жумаев имзоси билан ёзадиган йигитнинг  исми-шарифи Худойқул Ҳафизов экан.

Улар билан танишдик, улар мен бошқрган Демократик Ўзбекистон Конгрессига аъзо бўлишди ва  биргаликда  бизнинг сайтга ҳам таҳлилий мақолалар ёзиб юришди.

Кунларнинг бирида ярим тунда телефоним жиринглади׃

-Сизга қамоқхонадан телефон бўляти. Қабул қиласизми? Қабул қилсангиз сизнинг ҳисобингиздан бўлади ва албатта суҳбат  магнит лентасига ёзиб олинади,-каби огоҳлантириш эшитилди.

Сохта телефон қилиш билан пул оладиганлар ҳақида эшитганим учун қабул қилмадим. Қолаверса, бундай телефон илк бор келганди. (Кейинчалик кўп келгани учун қамоқдан қилинадиган телефонни энди ажарта оламан.-Ж.М).  Ўшанда ўйланиб қолдим. Балки танишлардан бири қамоққа тушган бўлса-чи?  Иккинчи саволга вақт қолдирмай телефон яна жиринглади ва қабул қилишимни айтдим.

-Ассалому алайкум… Жаҳонгир ака, бу мен Худойқулман… қамоқдан телефон қилаяпман…

Унинг овоз титраётган эди. Мен ҳам ҳайратда қолдим. Қамоқ… Нега?

Гап шунда эканки, Худойқул ва Олимжон ўзлари билан бирга яшаган бир рус кишининг туҳматга таянган кўрсатмасига биноан терроризмда айбланиб, ваҳималар билан қамоққа олинибдилар ва уларни Ўзбекистонга депортация қилишмоқчи экан.

Улар АҚШга келганда нотаниш кимсаларнинг гапига ишониб, олган ҳужжатлари сохта чиққани ўлганнинг устига тепган бўлибди.

Хуллас, дарҳол АҚШ ҳукумати идораларига, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилиб уларни ҳимоя қилишга киришдик.  Мақолаларини тўплаб, таржима қилиб жўнатдик. Халқаро ташкилотлар уларнинг ҳимоясига адвокат ҳам олишди.

Энди менинг телефоним ҳар куни жиринглайди ва׃

“Бу Стиллватер, МН 55082 қамоқхонаси…” деб бошланадиган огоҳлантиришни эшитаман…

Худойқулнинг Ватанда умр йўлдоши, митти-митти болалари қолган… У оиласига ёрдам қилиб турган… Кун ора сим қоққан.. У ёқда улар хавотирда…

Бир иложини топиб, акаси билан, кейин укаси билан алоқа ўрнатдик. Уларга ҳам қийин. Ҳар куни мендан бир янги гап эшитишни истайдилар. Қамоқдан янги гап келиши қийин.. Кунлар, ойлар ўтиб бораверди ва  Худойқул менинг ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Оилада ҳам ўтирсак-турсак унинг болаларини, қариндошларини гапирадиган, ўйлайдиган  бўлиб қолдик.

Ниҳоят дастлабки судларда улардан терроризм айби олиб ташланди, аммо уларнинг иммиграция қоидаларини бузганликлари иккинчи айб сифатида турарди. Лекин ишлари жиноят судидан муҳожират маҳкамасига ўтди. Суд уларнинг ишларини айри-айри кўриб чиқишга олди. Жумладан, Худойқул Ҳафизов 2006 йилнинг бошида озодликка чиқди. Севинчимнинг чеки йўқ эди. У менинг қадрдон дўстимга айланиб қолганди.

Бир куни у сайтларга қуйидаги хатни ёзди:

“Ҳаммаларингизнинг хабарларингиз бор, бундан бир неча ой муқаддам тақдир тақозоси ва баъзи мунофиқ шахсларнинг сай ҳаракати натижасида мен АҚШ федерал хизмати ходимлари томонидан ҳибисга олинган эдим.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб ниҳоят озодликка чиққанимни сизларга хабар қилмоқчиман.

Албатта ортда қолган 6 ой муддат ҳаётимдаги энг мураккаб ва бахтсиз давр бўлса керак – деб уйлайман. Инсон ўзининг ҳақлигини ва ҳақиқатни исботлаши ҳар доим ва ҳар қандай жамиятда мураккаб жараён бўлиб келган ва менимча яқин келажакда шундай бўлиб қолаверади. Лекин бундай шароит бизни ҳақиқат учун курашишдан бездирмаслиги керак.

Ушбу давр давомида ўзларининг беминнат ёрдамлари ва маслаҳатлари билан доим мени қўллаб-қувватлаб турган Жаҳонгир акага фурсатдан фойдаланиб алоҳида миннатдорчилик изҳор қилмоқчиман. Ниҳоят биргаликда қилган ҳаракатлар зое кетмади.

Яна бир бор менинг тақдирим учун хайриҳоҳ бўлганларингиз ва маънавий қўллаб-қўвватлаб турганларингиз учун ҳаммаларингизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ҳаммаларингизга соғлик-саломатлик, бахт ва омад тилаб,

Ҳурмат ва эҳтиром ила,

Ҳудойкул Ҳафизов (мақолаларимни Милат Жумаев номи билан ўқиб келгансизлар).

03/24/2006

Шундан кейин у билан унсий суҳбатлар қисқа муддат давом этди, охирги марта у билан Нью Йоркда кўришдик. Дорихонада ишлаётганини айтганди. Бир кун мен телефонимни алмаштирганда ундаги номерларини йўқотдим. Шу билан унси барҳамга йўлиқдик. Электрон адресига бир икки хат ёздим, жавоб келмади.

Олимжон Тошниёзовдан ҳам у қамоқдан чиққандан кейин икки марта хат олдим, жавоб ёздим ва шундан бери жимлик…

Бугун қаерда экан улар? Балки мен яшаётган шаҳарнинг бир четида ва мен нафас олаётган ҳаводан нафас олиб юришгандир ва мен бундан бехабардирман?

…Дам олиш кунларингиз яхши ўтсин!

ОРЗУ ОРОЛЛАРИ

2 Август, 2009 йил

Мактабда жуғрофия дарсларидан бирида ўқитувчимиз ривоят айтиб берганди. Унга кўра, пайғамбарлардан бири Худога мурожаат қилиб, у дунё ҳақида авомга ишоратлар берилгани билан баъзи одамларда шубҳа борлигини ва шунинг учун ёрдам қилишни сўрабди.

Шунда Худо бутун атрофи шаффоф сув билан ўралган, бир томонида тинмай олов қайнаб турадиган, иккинчи тарафида тўхтамай қор ёғадиган, учинчи томонида эса давомли ёмғир қуядиган ва тўртинчи томонида қуёш чарақлаб турадиган бир жойни яратибди. Бу ердаги қушларни, дарахтларни, гулларни дунёнинг бошқа жойида топиш мумкин эмас экан. Худо шу жойга элчилар юбориб, у дунёнинг бир лаҳзасини кўрганларини одамларга айтиб берсинлар дебди.

Мен ўша кезлари мақола ва шеърларим газеталарда чиқиб турар ва бундай гапларга жуда қизиқар эдим. Балки саволларим сабаб бўлибми муаллим бу жойнинг номи Ҳавайи (Гавайи) ороллари эканлиги ва у ерга фақат журналистлар бора олишни айтганди.

Шу-шу бу меннинг орзуимга айланган эди. Туркияда яшаганимда бормоқчи бўлдим. Лекин Туркия ҳукумати учун биз бегона эдик. Ҳужжат беришмади. Кейин Америкага келганимда бу жой АҚШнинг бир штати эканлигини ва боришим осон бўлганидан, орзуим амалга оша бошлаганидан қувондим.

Аммо қувончим узоқ чўзилмади. Оила аъзоларим билан билан бирга бу ороларга бориб бир ой саёҳат қилишимиз 30 минг доллар атрофида эканлигини билиб, демак орзуим орзулигача қолар экан-да деб ўйлагандим.

Чунки топган пулим, гарчи икки жойда ишлаб, яхши топсамда уйга ва болаларнинг ўқишига кетарди.

Бир куни афғонистонлик ўзбек танишим:

-Бу ерда ҳар ким ўзи учун яшайди. Қизларни ўқитмоқдасиз. Улар бировнинг мулки. Турмушга чиқдими, қўлингиздан кетади. Сиз пулни нотўғри жойга сарфлаяпсиз,- деди.

Лекин болаларни ўқитиш ва уларга олий маълумот бериш ҳам орузимиз эканлиги ва бу зеҳниятни буза олмаслигимни айтгандим, у жилмайиб қўйганди. Дарвоқе, иқтисод орқага кетиб, унинг омади ҳам орқага тепди. Қийин аҳволга тушди ва буҳрондан чиқиш учун Афғонистонга таржимон бўлиб кетди.

Менга омад кулиб боқди десам бўлади. Қизларимдан бирини докторликка ўқитгандим, у болалар доктори бўлди ва болалар шифохонасида ишлай бошлади. У дастлабки маошларини тўплаб, мен орзу қилган Ҳавайи ороллари саёҳатига йўлланма сотиб олибди ва буни менинг туғилган кунимга ҳадя қилди.

Шундай қилиб, болаликдаги орзуим 55 ёшга қадам қўйганимда амалга ошадиган бўлди.

“Гугл”(Google)дан қидириб қарасам, Ҳавайига биз турадиган жойдан машина билан йўлга чиқилса, саккиз кун қурикликда ва саккиз кун кемада юриб етиб бориш мумкин экан. Лекин учқич 12 соатда етказди.

Агар харитани олиб, АҚШ-Япония ва Австралия нуқталарини бирлаштириб учбурчак чизсангиз, ўртадаги нуқталар Ҳавайи бўлади.

Тинч океанинг ўртасида жойлашган Ҳавайи сакизта оролчадан ташкил топган архипелагдир.

Гарчи АҚШнинг эллигинчи штати ҳисоблансада, бу ерга киришдан олдин декларация тўлдириш талаб этилади. Яъни бу оролларга бирор бир ҳайвон, ўсимлик, озиқ-овақт олиб баришингиз ва олиб чиқишингиз мумкин эмас.

Мен АҚШнинг эркин фуқаросиман деб Ҳавайи қонунларини менсимай, мушугини олиб борган бир ҳарбий етти йилдан бери судма-суд сарсон экан. Мушугуни олиб қўйишган ва ўзига ҳар куни 300 доллардан жарима солишган.

Албатта, бу хабарни эшитган одам тасодифан чамадонимга бирор жонивор кириб қолмадими деб ҳам бот-бот текширади.

Давоқе нега бу қадар зулм?

Бу ҳақда кейинги кунлардан бирида ёзарман! Чунки бу ерда вақтни фақат ёзиш билан ўтказиш ҳам ақлли иш эмас. Чунки ҳар дақиқа битта янгилик, битта мўъжизадан бехабар қолиш мумкин-да!

“АЛОҲА!”…”МАҲАЛО!”

8 Август, 2009 йил

АҚШда ҳар бир штатнинг тахаллуси бор. Масалан, Нью Йоркни “Империя” (The Empire State), Виржиниани “Қадимги ҳукмдор” (The Old Dominion) ёки “Президентларнинг волидаси” (Mother of Presidents), Невадани “Кумуш” (Silver) дейишади ва ҳоказо. Баъзиларининг эса 4-5 тадан ҳам тахалллуси бор.

Ҳавайини “Алоҳа” (Aloha State), “Тинч океанинг жаннати” (Paradise of the Pacific) ёки “Камалак” деб аташади. Машина номерларида эса расман “Алоҳа штати” деб ёзилади.

Аслида бу сўз Ҳавайи тилига оид бўлиб, ҳам “Салом” ва ҳамда “Хайр” деган маъноларни ташийди. Шунинг учун ҳам энг кўп ишлатиладиган калимадир.

Шу сўзни ҳар қадамда бот-бот эшитасиз ва ўзингиз ҳам беихтиёр такрорлайсиз.

Чунки бу сўз табассум, хушмуомалалик ва ҳурмат уйғотади. Бу худди “сим-сим” деган каби сизга ҳар қандай эшикни очаверади ва ҳар қандай мушкулотнинг калитидир.

Бу сўздан кейин энг кўп ишлатиладиган иккинчи қудратли калима бу “Маҳало”дир. ”Раҳмат” дегани. Қаерга борманг қулоқларингиз остида шу икки сўз баланд овозда, ўзига хос ифода билан такрорланаверади.

“Ҳонолулу”- Ҳавайининг пойтахти. Бу шаҳарниг дунё тарихида жуда катта ўрни бор. Иккинчи жаҳон урушининг тақдири бу жой билан боғлиқ ва бу мавзу алоҳида тўхталишга молик. Шунинг учун ҳам кейинга қолдирамиз.

Ҳавайи пойтахтини томоша қилишда бизни олиб юрган машина шофери маҳалий халқдан бўлиб, кекса ёшда ва исми Напи. У ўз шаҳри тарихини жуда ҳам яхши билар ва ҳар бир воқеани ўзига, авлодларига, оиласи тақдирига боғлаб гапириб берарди.

Модомики бугунги ҳикоямиз сўзлар билан бошлангани учун Напи амакидан эшитиб, ҳайрон бўлиб қолганимиз баъзи калималарга тўхталмоқчиман.

-Бизнинг бу оролимизнининг номи Оҳу…

Бу сўз дарров диққатимни тортди. Харитага қарасам унинг ёзилиши Оаҳу- (Oahu) шаклида экан. Лекин икки унли кетма – кет келганда биринчиси талаффуз қилинагани учун Оҳу дейиларкан.. Бу сўз ҳали хаёлимдан кўтарилмаган ҳам эди, Напи амаки қушлар ҳақида гапира бошлади׃

-Бу ердаги қушларни дунёнинг бошқа бирор жойида кўрмайсиз.

У шундай деб машинани йўл четига олди ва бизга худди ўзимизнинг булбулга ўхшаб кетадиган қушни кўрсатди ва унинг сайроқи эканлигига урғу берди. Кейин׃
-Бу қушнинг номи булбул!-деди.
-Нима?
-Булбул!
Қизиқмасдан илож қанча? Худди мўъжизани кўргандек қушни ҳар томондан томоша қиламиз. Ўзимизнинг булбул-да! Лекин Тинч океанинг ўртасида!

Напи амакининг ҳикояси бирдан ҳазин тус олади׃

-Қушларни ҳамма севади. Муҳофазаси ҳам алоҳида эътиборда. Масалан, Алало деган қарға тури йўқола бошлади. Бу ташвишнинг олдини олиш учун АҚШ ҳукумати 14 миллион доллар ажратди ва бугун бу қушнинг турлари ҳам кўпайиб қолди. Лекин Ҳавайида 1,3 миллион нафар одам яшайди. Шунинг учдан бир қисми японлар ва яна шунча қисми америкалик ва европаликлардир. Бу ерда филлипинлар ва хитойлар ҳам анча. Лекин бир пайтлар бу ернинг асл халқи бўлган биз – бугун аҳолининг аранг бир фойизини ташкил қиламиз. Агар ана у кичкинагина одам тирик бўлганда биз бундай йўқолиб кетмасдик.

У шундай деб сарой олдидаги ҳайкалга ишора қилди.

-Бу шоҳаншоҳ Буюк Камеҳамеҳадир (Kamehameha). У 1758-1819 йилларда яшаган ва Ҳавайи қироллигини қурган. Осон бўлмаган. Куч ишлатган. Қон тўкилган. Жуда кўп одамлар ўлган ва шундай кейин улар куч билан битта давлатга бирлаштирилганлар…

Бу қирол ҳақида шундай афсоналар тўқилганки, унинг тақдири еттинчи осмон билан боғлаб қўйилган. Унинг бир нечта туғилган куни бор ва ҳаммаси байрам қилинади. Ҳавайини мустақил қиламиз деганлар ҳар йили унинг ҳайкали пойида митинглар ўтказишади.

Лекин илгари мутлоқ мустақил бўлган ороллар бирлаштирилгандан кейин яккаҳокимлик ҳукм сурган ва қиролият емрилиб бу ороллар дунё мамлакатларининг қўлидан-қўлига ўтиб, охири АҚШ мулкига айланган.

Мени ўйлантирган нарса шу бўлдики, бундан 20 йилча олдин Ўзбекистон халқи демократияни қабул қила оладиган даражада эди. Аммо ўтган йиллар давомида халқнинг бу фитрати деярли ўлдирилди. Бу атайлаб қилинди. Мамлакат боши берк кўчага олиб кириб қўйилди. Бугун золим шоҳнинг ўрнига битта демократни ўтқазиб қўйсангиз, бу мамлакатнинг тақдири нима бўлишини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Менимча ҳамма золимлар буни тушунганлар ва ўзларидан кейин ана шундай даҳшатли манзарани қолдирганлар.

Ким билади, балки Каримов ҳам ўзидан кейин ҳайкаллари қўйилиши ва уни “Буюк” деб аташлари учун замин ҳозирлаётган бўлса-чи? Унинг халқ аҳволини эмас, шаҳарларни обод қилишгагина эътибор қилаётгани ҳам шундан дарак эмасми?

Саёҳатда ҳам сиёсатга ўтиб кетдик. Наилож, мен ҳам ким учундир золим ва ким учундир қаҳрамон бўлган Камеҳамеҳа ҳайкали ёнида суратга тушдиму юрагимда ҳазин бир савол ўрмалади׃ Азал-азалдан золимлардан кейин уларнинг соясини улуғлашни одамзот қаердан ўрганди экан?

Ало-о-о-о-ҳа!

ЖУМА

14 август, 2009 йил

Бугун жуда эрта уйғондим. Ҳали саҳарликка ҳам анча бор. Балконга чиқдим. Уммон гувиллаб турибди. Кўкда ойдинлик аломатлари бўлмаса ҳам бир-икки киши соҳилда юрибди. Бу ерда уйқуси қочган одам ҳар тунда учраб туради.

Мен эса кўрган тушимни ўйлаб ўтирибман. Жумага ўтар кечаси Юсуф Жумани туш кўрибман. Балки унинг ўғли Алишерга сим қоққандим ва Жаслиқдан бирор хабар бўлиб-бўлмаганини сўрагандим, шуни ўйлаб ётган бўлсам керак, деб ўйлайман.

Деразам остида шовуллаётган уммонга термулиб ўтирибману кўз олдимдан кўрган тушим филм каби ўтмоқда׃

Юсуф Жума билан Ҳавайининг Ваикики соҳилларида юрган эканмиз.

“Мен ҳам сизни туғилган кунингиз билан табрикламоққа келдим…”

“Раҳмат. Ҳали унгача анча бор… Жаслиқни бутунлай тарк этдингизми?

“Тарк этаман…”.

“Эсингиздами, Сиз намойишларни бошлаб юбормасдан олдин гаплашгандик. Алишер билан бирга эдингиз. Узоқ гаплашдик. Машрабни қутқардик, лекин Сизни қутқаришимиз қийин бўлади” деган эдим. Ўшанда мен Сизга “Яратган ҳар кимга вазифа беради, Сизга балки сўз айтиш, юракларни ва тафаккурларни уйғотиш вазифасини бергандур? Балки намойиш қилиб кўчаларга чиқишни бошқаларнинг вазифаси қилиб қўйгандур? Балки сиз сўзингизни эркин айтишингиз учун ҳижрат қилишингиз керакдур?” деганимда мендан бироз ранжигандек бўлдингиз. Ундай бўлса, оилангизни чиқариб юборинг, бу зулм остида қолиб кетмасин, дедим. “Бу гапни болаларимга айтдим, лекин улар “Ота сиз қаерда бўлсангиз биз ҳам ўша ердамиз” дейишмоқда, деб унамадингиз. Балки Сиз ҳақ эдингиз ўшанда. Чунки мен ҳам кетсам, ким қолади, деб ўйлаётган эдингиз”.

“Ҳа. Ҳамма кетиб қолаверса, ким курашарди?

“Кураш… Нима учун? ”

“Жаҳонгир ака, шу савол сиздан чиқаятими? Ахир бу миллат учун биз курашмасак ким курашади?”

“Лекин бу миллат сизнинг ёнингизда турмади…”

“Бутун миллатни курашчи бўл деб айта олмаймиз-ку?”

“Мен ҳам айта олмайман. Аммо бу миллатнинг гуллари-чи?”

“Бу гуллар ҳам сувсиз қолиб, сўлиган!”

“Мана Сиз Каримовга “Кет!” дея байроқ кўтардингиз, лекин Сизга ҳеч ким қўшилмади.”

“Одамларнинг бардоши битган, зулмга қарши бош кўтарадиган каби эди. Мен плакат кўтариб, кўчама-кўча юрганимда улар менга қўшилиб кетишларига умид қилгандим. Бўлмади.”

“Оддий одамларни қўйиб туринг. Ўшанда ҳатто “Озодлик”, “Би-Би-Си”, “Америка овози” радиолари ҳам ўзини четга тортди. Мухолифатман деганлар ҳам ўзини панага олди. Бу ёқда биз уларни сўқирлар дея айблай бошлаганимиздан кейингина тамшаниб қўйишди. Таъна-дашномли мақолаларни тинимсиз ёза бошлаганимиздан кейингина орада битта хабар берадиган бўлишди. Барака топсин, агар Ризо Обид мени қўллаб турмаганда, Нидои Мазлум бўлмаганда балки мен ҳам чарчаб қолишим мумкин эди.”

“Мана ҳозир чарачаб қолганга ўхшайсиз. Шунинг учун келдим, нимагалигини билмоқчиман”.

“Чарчаганим йўқ… Энди бошқа ишларга бел боғладим.

Бундан 15-17 йиллар олдин Ислом Каримов ҳақида гапириш, уни танқид қилиш жаҳаннамга тушишдек гап эди. Мухолифатнинг мана-ман деган танқидчиси ҳам унинг номини айтишга қўрқиб, “Ҳукумат” деб танқид қиларди. Мен қатағонларга қарамай уни танқид қилавердим. Ўшанда ҳатто радиоларда ишлайдиганлар менга “тузини ошириб юбораяпсиз” дейишарди. “Тузи ошган” танқидларим бир нечта китобга айланди. Кимлардир устимдан кулишди. Кимлардир менга ачинишди. Лекин менинг мақсадим бор эди. Одамлар онгига “Мана бу одам танқид қилмоқда-ку, биз-чи?” деган фикрни жойлаш эди. Албатта, Сиз каби жасоратли инсонлар билан биргаликда буни жойладик ҳам.
Кейинги бир неча йилдирки, одамлар очиқ исмларини ёзиб, Каримовни танқид қиладиган, ҳатто уни ошириб сўкадиган ҳам бўлишди. Демак, қўрқув синдромини синдиришда нимадир қила олдик.
Иккинчиси, мухолифатнинг “даҳо”лари ҳақида гапириш мумкин эмас эди. Гапирдингизми, сизни иғвогар, МХХ хизматчиси, хоин деб эълон қилишарди. 1990 йилларнинг ўрталарида уларни танқид қилган одамни-мени “миллатнинг душмани” деб аташганди. Яъни ўзларини миллат деб билишганди. Уларни танқид қилиш-миллатни танқид қилиш деб ёзишарди. Ўшанда мен очиқ исмимни қўйим ёзардим ва баъзилар аноним тарзида фикр айтишарди. Уни ҳам мендан кўришарди. Бу синдромни ҳам синдирдик.

Мана кейинги йилларда уларни очиқ танқид қиладиганларнинг саноғи йўқ. Демак, бу ҳам натижа. Сиз ҳам нафақат Каримовни, балки мухолифат “даҳо”ларини ҳам осмондан узиб, ерга ёпиштирганингиз учун улар Сизнинг номингизни унуттиришга ҳаракат қилишди. Асарларингизни кўрмасликка олдилар. Ҳаракатларингиздан кўз юмдилар. Лекин биз уларга баҳо беришни Сизнинг тақдирингиз билан боғлаб қўйганимиздан кейингина Юсуф Жуманинг дўстига айландилар. Бугун энди Жаҳонгир Муҳаммад ёки Ризо Обиднинг дашномларисиз ҳам улар Сизнинг номингизни баралла айтишга мажбурлар. Айтмасалар хароб бўлишларини англадилар. Бу ҳам натижа. Демак, нималарнидир ўзгартираяпмиз.

Худди ана шундай йўлимизда давом этаверамиз. Бизни сўкишлари, камситишлари, бизга туҳмат, иғво ёғдиришлари мумкин. Бугунга қадар буни кўп кўрдик. Лекин охир оқибат биз айтган йўлга кирдилар ва кирадилар. Битта асов отни қантариш нақадар машаққат, ҳалики бу инсон!

Бугун бу кураш жабҳасида Сизнинг ўрнингиз сезилиб қолди. Жаслиқни ташлаб бутунлай бу томонга келинг!”

“Бутунлай келаман, аммо сизларни Ватанга қайтариб олиб кетиш учун!”

“Мен биз ижод аҳлининг вазифамиз лидер бўлиш, президент бўлиш ёки байроқ кўтариб халқни майдонга етаклаш, деб билмайман. Бизнинг вазифамиз одамларни ана шуларга илҳомлантириш, ўз кучига ишонтириш ва ўз ҳаққи учун ўзи курашишга ўргатишдир. Бу лидерликдан ҳам, байроқ кўтаришдан ҳам қийин иш.”

“Деҳқонча қилиб айтганда, ҳар ким қўлидан келганини қилиши шарт демоқчисизда!”

“Ҳа, гапнинг деҳқончаси шу! Ҳар ким ўзига юкланган вазифани билиши, идрок этиши ва шуни бажариши керак демоқчиман”…

Юсуф Жума хаёл сурганча уммоннинг Қуёш ёрита бошлаган нурли уфқи томон одимлайди. Мен эса бирдан сергак тортаман ва нега доим ўзим гапирдим, нега уни эшитмадим, балки унинг менга айтадиган жуда муҳим гаплари бор эди ва мен бунга имкон бермадим, деб ўзимни қийнай бошлайман…

Бу-ку тушда. Зотан тушимда эмас, ўнгимда ҳам шундай бўлади. Бу фитратимдаги хато эканлигини биламан ва тузатишга уринганим билан тузата олмайман. Фақат гапириш эмас, одамларни тинглаш, улардаги фикр бойлигини териб олиш ҳам маҳорат.

Начора, ҳамманинг ҳам камчилиги бўлади, мен ҳам мустасно эмас!

Дарвоқе, эртага уммон остига саёҳатимиз бор ва яна мулоҳаза қилишга фурсат бўлади.

УЧИНЧИ ДУНЁ

15 август, 2009 йил

Бугун саҳарлаб соҳилга чиқдим. Уммонга термулсангиз дунёнинг нақадар кенглигини ҳис этасиз ва инсон фикрлаши ҳам шу қадар кенгликка талпинади. Хаёлимдан ажиб гаплар ўта бошлайди.

Адолатли шоҳ ўзини ўлдиради. Золим эса атрофдагиларни. Адолатли шоҳ тахтда оз қолади. Золим эса кўп. Жуда қизиқ-а? Адолатли шоҳни атрофидагилар ўлдирадилар ёки четга суриб ташлайдилар. Эсингиздами, Абулфайз Элчибей қон тўкмайман деганда Ҳайдар Алиев унинг устидан кулди ва бир фитна билан адолатли шоҳни суриб, тахтни эгаллаб олди. Озарбайжон Алиевлардан энди қутилиши амри маҳол.

Кўраяпсизми, фикр уммонининг тубига бораверсангиз тортаверади. Унинг туби йўқ. Тополмай қийналасиз, эзиласиз, балки янги нарсалар – “марваридлар” топарсиз ҳам.

Ер юзида яшаймиз. Кўзимиз ҳар куни одамларни кўради ва энг кўп одамлар ҳақида ўйлаймиз. Улар ё у ёққа, ё бу ёққа юрадилар, юраверадилар… Яъни ирмоқ каби оқадилар… Нари борса дарё каби. Уларга термулавериб, фикр ҳам ирмоққа айланади. Нари борса дарёга !

Учқичда учганда кўк юзини кўрамиз. Аммо унинг кенглигини тасаввур қила олмаймиз. Чунки унга тор жойдан қараймиз. Осмон кўзимизга сиғмай қолади, қамаштиради, чарчатади… Фикр ҳам чарчоқдан узилиб қолади.

Уммон эса бошқа. Унинг шиддати бор. Фикрни уйғотадиган зилзила – бу шиддат. Унинг саси бор. Фикрни ухлатмайдиган сас бу! Унинг бағрида ҳаёт бор, дунё бор! Учинчи дунё бу! Бизнинг дунёмизга ўхшамган дунё!

Балки шунинг учун ҳам оламнинг кўп қисмини уммон ташкил этади? Бу унинг буюклигиданми ёки буюклиги унинг катталигиданми?

Зеро уммон ташлаб кетган жойларгина бизнинг дунё!

Булар хаёлдан ўтаётгани бежиз эмас. Чунки бугун ҳаётимда бугунга қадар юз бермаган воқеа бўлади. Уммон остига – учинчи дунёга саёҳат қиламиз.

Ҳа, уммон остини кўриш одатий эмас. Кўпинча ғоввослар ва шу соҳанинг олиму мутахассисларига насиб этади бу. Ҳарбийда хизмат қилганларнинг ҳам айримлари ойлаб сув остида бўладилар. Биз эса қуруқликда судраламиз. Гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга…

Гапнинг индаллоси, бизнинг йўлланмамиз доирасида сув ости кемаси(Submarine)да Тинч океани остига саёҳат ҳам бор эди.

Бизни олдин Атлантис(Atlantis) кемасида уммоннинг ўрта қисмига олиб боришаркан қулоғимизга қуйишди׃
-Сув остидаги босим ва қон босими каби ташвишлар ҳам бўлиши мумкин…
-Уйингиздагидек гап…
-Ҳаво совутгичи ишлаб туради…
-Кема ичида ўзингизни ер устидаги каби ҳис қиласиз…
-Озгина сув ости босимини сезишингиз мумкин, холос…
-Уммон касали-чайқалмани ҳис қилишингиз мумкин ва ҳоказо.

Кейин нималарга риоя этишимиз ҳақида гапиришар экан, шундай ёнгинамизда уммон остидан “лўп” этиб, сув ости кемаси юзага чиқди.

Сув ости кемасидаги одамлар нарвондан кўтарилиб, бизнинг кемага ўтишар экан, бу ёқда сабмариннинг мухтасар тарихини ҳам эшитасиз ва асрлардир одамлар умон қаърига тушиб-чиққанларини билиб, тушиб чиқаётганларни кўриб, кўнглингиз таскин топади.

Илк бор инглиз олими Вилям Боурне сув остига тушадиган кема ясаш мумкинлигини 1550 йилда ёзган ва қандай бўлишини чизган ҳам экан. Шундан кейин одамлар бу ғояга қизиқиб қолиб, турли кўринишдаги сув ости кемаларини ясай бошлаганлар ва ҳарбий мақсадларда қўлланганлар. Лекин бугунга келиб, оддий одамлар ҳам бу кемаларда уммон остига тушиб чиқмоқдалар.

-Қўрқманглар бугунга қадар 12 миллион одам тушиб чиқди ва ҳеч кимга жиддий бир нарса бўлган эмас!

“Жиддий нарса” юз бермаган бўлса ҳам содир бўлган экан дейишингиз аниқ. Аммо Американи таниган бўлсангиз, бу гапдан дарҳол таскин топасиз.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, келган пайтларимиз эди. Тиббий назоратдан ўтишга бордик. Навбат машина билан юракнинг суратини оладиган жойга келганда қўлимга қоғоз тутқазишди. “Тишим ўтгани” қадар ўқиб кўрсам, “агар бу ерда ўлиб қолсам, ўзим айбдор” деган жойига қўл қўйишим лозим экан. Қўл қўймадим.

-Ундай бўлса қабул қилмаймиз,- дейишди…

Кейин “Бир ҳол юз бериб ўлсам, ўзимдан” деган сатрнинг остига имзо чекишга ўрганиб кетдик. Буниси ҳам майли. Дўхтир бир дори ёзиб берса, бу доридан одам ўлиши ҳам мумкинлигини айтиб қўяди. “Даволайдиган бўлсанг, ўлдирадиган дорини нега берасан?” дейдиган одам йўқ. Чунки бу қонун талаби, келиши мумкин бўлган зарарни айтиб қўйишлари шарт. Телевизорда бир дорини реклама қилади ва охирида бу дорининг жигарни чиритиши, юракни инфаркт қилиши, буйракни ишдан чиқариши каби бир талай зарарларини санайди. Реклама қилганинг нимаси-ю одамларнинг юрагини ҳовучлатиб қўйганинг нимаси? Қонун талаби. Амри қонун-вожиб!

Амалиётга кираётган беморга ҳам ўлишинг мумкин, агар ўлсанг дуо ўқиб қўйиш учун муллами, руҳонийми, равинми, кимни чақирайлик деб ҳам қоғозга имзо оттиришади.

Ана шуларни эшитиб юрган бўлсангиз сув ости кемасида унчалик жиддий бўлмаган воқеалар юз берганини эшитиб, парво ҳам қилмайсиз.

Аммо кимдир “Россияда сув остида кемасида 96 киши ўлганди”, деб қолса жавоб тайёр:

-У Россияда…

Хуллас, томга қўйилган норвон каби махсус зинадан пастга тушиб, жойлашгач, худди 35 қаватлик бинонинг лифти бир зумда сизни олиб тушгани каби кема ҳам дарҳол уммон қаърига шўнғийди.

Қулоқда озгина босим ҳис қилмасангиз бутун хаёлингиз уммонда. Миллионлаб сузиб юрган рангли балиқлар.

Хаёлингизда кечган саволни уққан каби саёҳатбоши гапириб туради׃

-Бунақа балиқларни фақат ва фақат уммон остида кўриш мумкин!

Бирдан қий чув кўтарилди. Нима гап? Уммонда ҳўкиздек тошбақалар сузиб юрган эмиш.

Кейин номларини умримда эшитмаганим ва эслаб қололмаганим сув ҳайвонлари деразанинг ёнида айланишади.

-Ўнгда сув ости дархти, бу фақат Ҳавайида учрайдиган дарахт ва унда садафлар ўсади!

Ҳақиқатдан ҳам қаерга бормайлик шу дарахтнинг суратини кўрамиз. Ҳукумат идораси бўладими, ресторан ёки дўконми, Ҳавайи сувенирларими, хуллас, ҳамма жойда шу суратни кўрасиз.

Дарҳақиқат дунёдаги садафнинг асосий қисми Ҳавайидан чиқар экан.

Бизни ана шу дарахтдан қандай қилиб садаф олинади ва қандай қилиб зумрад кўзли тақинчоқлар тайёрлайдиган заводга олиб боришганда бунга ўзимиз ҳам иқрор бўлдик. Ҳар бири бир неча минг доллар турадиган тақинчоқлардан мингта эмас, ўн мингта эмас, миллионтасини кўрганингиздан кейин табиийки бу жой-хазинаю садаф бандаргоҳи эканлигини англайсиз.

Уммон остига саёҳатни ҳикоя қилиб бериш қийин. Менимча уни яшаб кўриш керак. Агар шундай саёҳатга борган бўлсангиз ёки сизга ҳам насиб этиб бир кун уммон остига тушсангиз, учинчи дунёни кўриш туйғуси қандай эканлигини ўзингиз идрок этасиз.

Мен эса ҳали кейинчалик ҳам учинчи дунё ҳақида, жумладан бу ерда ҳатто ранглар рангини йўқотиши каби баъзи нарсалар ҳақида ёзаман…

КАЗИНО

3 сентябр, 2009 йил

Китобларимда Ислом Каримовни қўрқув бошқариши борасида жуда кўп мисоллар келтирганман. Бу мустақилликнинг илк йилларидан бошланган ва  ҳуқуқ тартибот соҳаси раҳбарлари уни бирор хабар билан қўрқитиб, доим уч қуённи уриб келишган. Бу билан, ўзларини ишлаётган қилиб қўрсатадилар, штат ва маошларини оширадилар ва жамиятни “ёт унсурлардан” тозалаб турадилар.

Буни Ислом Каримов сезади, аммо ўзига ҳам маъқул келгани учун сезмасликка олади. Унинг бу одатини обдон ўрганган Россия ҳам  уни “алдаш” эвазига иш битириб келди. Масалан, Андижон воқеаларини демократик Ғарб ташкил қилди дея АҚШ ҳарбийларини Хонободдан қувдиришга эришгани каби.

Тошкентда август ойида юз берган воқеалар ҳақида турли хабарларни бир жойга териб чиқсангиз, эски ўйин давом этаётгани ва фақат ҳужумчилар алмашганини кўрасиз.

Бу воқеалар юз берганда мен таътилда эдим ва келиб хабарларни ўқиб чиқиб, унинг парда ортидаги воқеаларни кўргандек бўлдим. Воқеалар худди яхлит филмга ўхшайди ва фақат хаёлингизда унга “Баҳорнинг ўт етти лаҳзаси” филмидаги мусиқани  қўшсангиз шиддатлироқ тус олади…

Эзгулик: Пресс-релиз- №33, 12.09.2009)׃

-16 июлида “Кўкалдош” мадрасаси директорининг маънавият ишлари бўйича ўринбосари Аброр Аброров Сергелидаги уйи йўлагида куппа-кундузи сўйиб кетилди.

-31 июль оқшомида Тошкент шаҳар Бош имом хатиби Анвар Турсунов Янгиободдаги ўз ҳовлисида чавақланди.

-9 август кечаси Ўзбекистон Ички ишлари вазирлигининг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бош бошқармаси зобити Ҳасан  Асадовни хонадонида отиб ўлдиришди.

UzA.uz (18 August 2009):

Ўзбeкистoн прeзидeнти бугун Oқсaрoйдa AҚШ Қурoлли кучлaри Мaркaзий Қўмoндoнлиги қўмoндoни Дeвид Пeтрeусни қaбул қилди…

Бу хабрда айтилмаган бўлсадa лекин учрашувда АҚШнинг Тошкентдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ричард Норланд ҳам қатнашган эди. Салолдинроқ Каримов АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйичаўринбосари Уилям Бёрнесни қабул қилганида ҳам элчи ҳозиру нозир эди. INTERFAX.RU(24 август).

Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шарномаси доирасида 26 августда бўладиган ҳарбий машқларда қатнашмаслигини билдирди. Илгарироқ Ўзбекистон Россиянинг Қирғизистонда очаётган ҳарбий базасига ҳам қарши чиққан эди.

Harakat.net. (25 август)׃

Ислом Карим Тошкент ва Самарқанддаги югурдакларини ноқулай аҳволда қолдириб, Сурхандарёга от солибди. Аввалдан белгиланган кун тартиби бўйича, Президент Ислом Карим бугун пойтахт марказидаги Форумлар саройининг, сўнгра Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида қатнашиши керак эди. Лекин режимбоши эрта тонгдан фавқулодда қарорини ўзгартириб, Сурхондарёга от солган экан. Тошкент ва Самарқандда эса унинг келишига мўлжалланган тадбирлар режаси барбод бўлди ва хизматкорлар ўнғайсиз ҳолда қолди, дейди мухбиримиз.

Harakat.net. (28 август, 18:50)׃

Бундан икки соат аввал пойтахт марказида янги қад кўтарган “Ўзбекистон” форумлар саройининг очилиш маросими ўтказилди ва унда Президент Ислом Карим иштирок этди. Дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган анжуманнинг дабдабаси куннинг биринчи ярмидаёқ бошланганди. Саройга яқин “Ўзбекистон” ва “Ле-меридиан” меҳмонхоналари, Ўзбекистон Радио уйи ва “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси, Халқаро Вестминстер университети бинолари аввал одамлардан тозаланиб, пойтахтнинг Амир Темур хиёбони қисмида автомобиллар ҳаракати тўхтатилди. Ён-атрофдаги барча бинолар устида снайперлар, яқин орадаги бинолар ён-верида махсус қуролланган отрядлар пайдо бўлди. Фавқулодда хавфсизлик чоралари кучайтирилган мазкур очилиш маросими аслида бундан икки кун аввал бўлиши лозим эди. Ўша куни ҳам атрофдаги биноларда ишлайдиган ишчиларга дам олиш соатлари эълон қилинган, тўғрироғи мажбурий равишда иш тўхтатилганди. Лекин Ислом Карим кутилмаганда Термезга кетган ва ташкилотчилар ҳамманинг олдида ўнғайсиз аҳволда қолганди.

Uznews.net

Ўзбекистон 1 сентябрда Мустақиллик кунини нишонлаш ва пойтахт Тошкентнинг 2200 йиллиги муносабати билан 10 сентябргача Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ўртасидаги чегараларини ёпишга қарор қилди.

UzA.uz (29 август)׃

Ислом Каримов Оқсаройда АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ричард Норландни қабул қилди…

Uzmetronom.com (29 август)׃

Ричард Норланднинг кутилмаганда қабул қилиниши ортида турган тахминлардан бири у Ўзбекистон ҳукуматини ағдаришга уринган террористик кучлар ҳақида қандайдир маълумотни тақдим этган бўлиши мумкин.

Дарвоқе, элчининг АҚШ байроқлари ҳилпираб турган машинаси Оқсаройни тарк этиши билан Ўзбекистон ИИВ, МХХ ва Мудофаа Вазирлиги махсус кучлари Тошкентнинг “Кўкча” масжиди томон йўл оладилар.

Gorizont.uz (30 август)׃

Ўзбекистон Республикаси ИИВ га яқин манбадан хабар беришларича, жорий йилнинг 29 август куни тахминан соат 18.30 ларда 1-шаҳар шифохонаси атрофидаги “Кўкча” масжиди яқинида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан махсус операция ўтказилди. Турар-жой массивидаги икки қаватли хонадонлардан бирида текширув ўтказиш чоғида қуролланган икки киши аниқланган ва …отишма вақтида ҳар икки жиноятчи йўқ қилинган. Ўша манба маълумотларига кўра, йўқ қилинган шахслар сўнгги вақтларда Тошкентда содир этилган қатор оғир жиноятларга алоқадор бўлганлар.

Ozodlik.org. (01.09.2009):

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида айтилишича, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Денисов Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳомжон Неъматовни қабул қилган.

Rian.ru: (01.09.2009)׃

Ислом Каримов республика мустақиллигининг 18 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ўзини тутиб тура олмай турган жойида рақсга тушиб кетди. Аввалига у ярим соат давомида стадион бўйлаб айланиб рақсга тушди. Шундан кейин у зинопоядан юқорига югуриб чиқди ва стадионнинг юқори қисмига чиқиб, элчи ва бошқа дипломатларни  рақсга тушишга мажбур қилди.

Юқоридагиларга фақат шуни илова қилиш мумкинки, бу сафар ҳам олдинлариюз бераган каби воқеалар бўш жойда содир бўлган эмас. Телефон сўзлашувлари ва интернет ёзувлари қайд этиб бориладиган бугунги кунда ҳеч бўлмаса оғизда давлат тўнтариши ёки инқилоб қилишга уринадиганларнинг ҳаракатлари кимгадир қўл келиши турган гап. Бу сафар ҳам балкишундайлардан фойдаланишган бўлишлари мумкин. Буни ҳам яқин вақтлардабилиб оламиз.

Хуллас, сиёсат катта ўйин. Бу ўйинни билмаган ёки яхши ўйнай олмаган одам  унга кирмаслиги керак.  Чунки рақибининг ўйинчоғига айланади.  Бу эса қанчадан қанча одамларнинг ўлимига ёки қамалишига сабаб бўлади.

Бизда сиёсатни казино деб ўйлашади ва “Албатта ютаман!” деб кирган одамнинг сон-саноғи бўлмайди. Ҳамма ёқ шовқин-сурон. Бир тийин– икки тийиютиб қолганга қарсаклар ва бақир чақирлар. Лекин миллионларни ҳов тепадаги қиморбоз теради. Август воқеалари ҳам бунинг бир далили.

АФҒОНБОШИ
19 сентябр, 2009 йил

Кеча кечқурун “Си-Эн-Эн”(CNN)да Ҳамид Карзай билан суҳбатни кўрдим. У инглиз тилини дари ва паштун тиллари каби билади. Америкада яшаган ва демократияни ҳам кўрган. Аммо…

Ёдимга бир воқеа тушди. Америкага келиб, бу ерда ўн йил яшаган бир афғонистонлик ҳар куни эрталаб ўрмон-боққа қатнар экан. У болалар ўйнаши учун сақлаб қолинган ўрмон-боғни ҳожатхонага айлантириб юборибди.

Охири ўша ерда яшайдиганлар полицияга шикоят қилишибди.

Миршаблар ундан?

-Уйингда ҳожатхона йўқми?-деб сўрашса, у׃

-Бор, лекин унинг ичида сув, бизга “сувга сийиш мумкин эмас” деб ўргатишган!-дебди.

Бунинг демократияга алоқаси йўқ. Лекин зеҳниятга алоқаси бор. Карзайнинг гапларини эшитиб, унинг Америкада яшаб, демократиянинг “д” ҳарфини ҳам ўрганмаганини англадим.

Аслида АҚШ ҳукуматидагилар унинг номзодини танлаганда Афғонистондаги турли гуруҳларни ўзаро жанжалларига аралашмай, бир четда турганига урғу беришганди. У ҳаммани бирлаштириш учун йўл топа олади, деб умид этишганди.

Лекин хато қилишганди. Улар минтақани билишгандир? Лекин у ердаги одамларнинг зеҳниятини билмаганлар.

Афғонистонда аксарият демократиядан қурол ва пулни устун қўйган. Шунинг учун ҳам улар ўтган саккиз йиллик уруш давомида демократияни эмас, АҚШ ва дунё берган қурол ҳамда пулни олдилар. Кетган қуроллар ва пулларни тўпласа, Ҳимолай тоғлари қадар бўлади.

Тахтга минган афғон (худди шу минтақанинг бутун тарихи давомида бўлгани каби-Ж.М.), халқини эмас, ўзини ўйлайди. Унга демократия ҳам, дин ҳам халқни алдаш учун такрорлаб туриладиган гап. Буни Карзай мисоли ҳам кўрсатиб турибди. Афғонистондан бутун дунёда чиқадиган гиёҳванд моддалар савдосининг бошида унинг укаси Аҳмад Вали Карзай туради. Буни билмаган одам йўқ. АҚШ газеталарида ҳатто махсус хизматларнинг бу борадаги ҳисоботлари ҳам эълон қилинганди. Афғонистоннинг ўзида ҳам уни “мафиянинг отаси” дейишади.

Ҳамид Карзай ғирт ёлончи ҳам экан.. У кечаги суҳбатида ўйламай-нетмай “Бутун афғон халқи менинг ортимда, менга овоз берди, аммо халқаро ташкилотлар менга туҳмат қилмоқдалар” деб айтди. Ахир Карзай ҳокимиятининг ҳудуди саккиз йил давомида Кобулдан нарига чиққан эмас-ку!

Агар бутун халқ унинг ортида турга бўлса, у ҳолда унинг рақиби Абдулло Абдуллоҳга овоз берганлар ким? Саккиз йилдан бери Карзайни “АҚШнинг қўғирчоғи” деб унга қарши уруш қилаётганлар ким? Балки халқ деганда Карзай ҳам ўзини тушунадиган бўлиб қолдими? Бу саволларнинг охиргисига ”Ҳа” деб жавоб қилиш мумкин. Демак, бу диктатор зеҳнияти, золимнинг зеҳнияти. Ўзини халқнинг ўрнига қўйиш фақат ва фақат халқни бир тийинга олмаган раҳбарнинг ишидир.

Яна бир қанча омиллар борки, уларни санаган билан ҳеч нарса ўзгармайди. Лекин Карзайнинг “Бугун Афғонистонда демократия ғалаба қилди” деган гапи жуда кулгили бўлди. Менимча, Афғонистонда демократиянинг “д” ҳарфи ҳам йўқ. У ерда ҳали ҳам қабила ёки уруғ бошлиғи нима деса, одамлар шуни қиладиган ҳол. Маҳаллийчилик ҳали ҳам энг юқори нуқтада. Миллатчилик ирқчилик кўринишини олган. Агар ўзбек ёки туркман деган сўзни айтсангиз, улардан “ваҳший” деган жавобни оласиз. Бу фақат Афғонистонда эмас, 20 йиладн бери четда яшайдиганлар орасида ҳам ҳукмрон бўлган муҳит.

Бу йил август ойида ўтган президентлик сайловида қарийб 6 милион одам овоз берибди. Халқаро ташкилотларга кўра, шунинг бир миллиони сохта экан. Ҳаммасини назорат қилиш учун жуда кўп кузатувчи керак эди. Бунинг иложи йўқ.. Аммо кузатувчилар бўлган ҳамма жойда сохтагарчилик очиқдан-очиқ қилингани кузатилган. Ҳатто видеога олаётганини билган ҳолда бир киши даста-даста блютенни сайлов қутисига ташлаганини ойнаи жаҳонда ўзим кўрдим.

“Сохтагарчилик ҳамма мамлакатларда бўлади ва текшириб чиқилади. Бу демократия талаби. Лекин бу сохтагарчиликлар қайта сайловга асос бўлмайди. Зотан бизда қайта сайлов ҳақида қонун ҳам йўқ,-” деди Карзай мағрур оҳангда.

Мана сизга Афғон демократияси ва мана сизга ўзини демократ деган Президент.

Мана сизга дунёнинг саккиз йиллик уринишлари самараси.

Айни пайтда телевидениеда юзини ўраб олган бошқа бир киши “Бизга босқинчининг демократияси керак эмас. Демократия динимиз душмани! Демократлар бизнинг душманимиз”, деб айтаётган эди.

Ваҳоланки, агар унинг гаплари самимий бўлса, унинг орзусига етиштирадиган йўл демократиядир. Мана шу оддийгина ҳақиқатни, мана шу оддийгина мантиқни англай олишмайди ёки англаб туриб рад этишади.

Демак, улар демократияни рад этиш билан ўзларини ҳам рад этмоқдалар.

Дарвоқе, “Си-Эн-Эн”да Ҳамид Карзай билан суҳбат давом этар экан, экран остидан “югурик” ёзув ўта бошлади׃ “Афғонистон пойтахтида кучли портлаш. Олти аскар қурбон бўлган ва камида 40 киши яраланган…

Ҳамид Карзай эса, “Мен демократия элчисиман, мен тинчлик элчисиман”, деяётган эди…

Бу сизга нималарнидир эслатмайдими?

Ҳа, минтақада яна бир Алиев, яна бир Каримов пайдо бўлибди. Уни афғонбоши десакмикан?

Афғондан узилиб қолган афғонбоши…

ҲАЙИТ

22 Сентябр, 2009 йил

Кеча Бобур Маликов билан ҳайитлашиб, унга тафаккуримда айланаётган бир гапни айтиб бердим.

Ҳар қандай ёмон нарсанинг ҳам яхши, ҳар қандай яхши нарсанинг ҳам ёмон томони бўлади деганлар.

Бундан ўн йил олдин АҚШга келганимизда илк ҳайитда бир икки киши сим қоқмаган бўлса, биров бормисан, йўқмисан, деб сўрамаган эди. Бу жуда оғир ботганди ўшанда. Айниқса, Туркияда ҳайитни ўн кунлаб нишонлашга ўрганиб қолган бизлар учун бу сафар байрамни Американинг бир бурчида, ёлғизликда ўтказиш қийин кечганди-да.

Бугунги кун ўлчови билан қарасам, ана шу ҳодисанинг ортида жуда катта шўъла бор экан.

Гап шундаки, орадан ўн йил ўтиб, икки кундирки, телефонларим тинимсиз жиринлайди, электрон почтамдаги хатларга жавоб беришга улгурмайман.

Туркиядан бир танишимнинг ўғли телефон қилди. Унга׃
-У ерда қийналмаясизларми, турклар ҳам жон-жигарларимиз,-дедим.
-Қийналиш нимаси? Бутун қишлоқ шу ердамиз. Бир ҳафта иш йўқ. Байрам қилаяпмиз.
-Бутун қишлоқ?
-Ҳа, қишлоғимиздан кимни соғинган бўлсангиз ҳаммаси шу ерда…

Кейин Кореадан бир таниш телефон қилди׃
-Ёлғиз эмасмисиз у ерларда?
-Бутун шаҳар шу ерда. Самарқанддан кимни кўрмоқчи бўлсангиз, шу ерга келаверинг!

Ҳар беш дақиқада Нью Йоркдан телефон. Ҳали у таниш. Ҳали бу қариндош.. Телефонимнинг хотирасига қарасам, кечадан бери бу шаҳардан телефон қилганларнинг сони элликдан ошибди.

-Нью Йорк деган шаҳар қолмаган. Бутун Ўзбекистон шу ерда. Бруклинга келсангиз, кўчаларда фақат ўзбекча гапни эшитасиз,-дейди яқинда яшил кард ютиб келган бир жиян.

Айни мазмундаги гапни Мадриддан, Московдан, Санк Петербургдан, Астанадан телефон қилганлардан ҳам эшитаман.

Бир томондан хурсанд бўламан ва иккинчи томондан юрагим орқага тортиб кетади. Ватанда ким қолди?

Илгари ёзганларимда “Биз кетишга мажбур қолдик, сизлар кетмангизлар” дер эдим. Аммо кейин бу фикрим эскирди. Уларнинг ҳам яхши яшашга ҳақлари бор деган фикр олдинги қарашларимни емирди.

Буни Бобур Маликовга айтиб берсам, у киши аввалига кулди ва кейин сукутга чўмди.

-Айни ҳол менда ҳам,-деди у.-Жуда кўплар  билан ҳайитлашмоқдамиз.

Ажаб? Шу пайтга қадар, ким билан гаплашсак, “Биргалашиб ҳайит қиладиган кунларга етайлик” дер эдик. Фаришталар омин деганга ўхшайди. Кошки ” Ватанда биргалашиб ҳайит қиладиган кунларга етайлик” десак бўлар экан.

Ҳали ҳам кеч эмас! Ватанда биргалашиб ҳайит қиладиган кунларга етайлик! Омин!

ЙЎҚОЛГАН СИМВОЛ

23 сентябр, 2009 йил

Шу кунларда вақтим бўлганда Дaн Браунниг “Йўқолган символ” деган китобини ўқияпман. Жуда қизиқ ёзилган ва аллақачон унинг олдинги асарлари каби бу ҳам баҳс-мунозаралар уйғотмоқда. Фақат сирли масонларгина эмас, ҳатто ҳукумат ҳам бу мунозара ичида. Жумладан, биринчи бўлиб, АҚШ Марказий Разведка бошқармаси баҳсга қўшилди, лекин китобдаги фактларни рад этмади.

Зотан китоб шу идорнинг асрори билан бошланади׃

“1991йилда бир ҳужжат МРБ сейфига қулфланди. Ҳужжат ҳали ҳам ўша ерда. Унинг сирли матнида номаълум ер ости жойи ҳақида гап боради. Ҳужжатда жумладан, шундай ибора бор׃ Бу нарса ўша орада кўмилган…” .

Бу сатрларни автограф ўрнида берган муаллиф ўқувчини бир зумда китобнинг ичига бошлаб кетади.

АҚШда ҳар кимнинг ўзи бориб турадиган ёки ўзи аъзо бўлган дўкони бўлади. Биз мана 10 йилдирки, Костко (Costco) деган дўконга аъзомиз. Ҳамма нарсани шу дўкондан оламиз. Кийим кечакдан озиқ-овқатга қадар. Машинанинг бензинидан балонларигача. Уйнинг томидан гаражнинг эшигигача… хуллас нима истасангиз бор. Ҳам сифатли, ҳам нархи ёмон эмас. Фақат аъзолик бадали тўлаб турасиз. У қадар кўп эмас. Уни ҳам харид миқдорига қараб қайтиб беради.

Мен “Йўқолган символ” китобини ҳам шу дўкондан олдим. Олдиму ўша жойнинг ўзида ўқишга бошладим. Лекин ҳалигача тугатганим йўқ. Вақт етмай қолмоқда. Бугун ана шу ҳақда ўйларканман, раҳматли Аҳмаджон Мухторов ёдимга тушди.

Бу улуғ зот ҳақида яқинда Абулфайз Баротов ва ундан олдинроқ Абулқосим Мамарасулов жуда кўп нарсаларни ёзгандилар. Бу одам кунига 16-17 соат мақола ёзарди ва таҳрир қиларди, кейин қайта-қайта ўқиб ҳам берарди. Ана шу ишнинг орасида тинмай китоб ҳам ўқирди. Ҳатто ярим тунда уйига қайтаётганда ёки саҳарлаб ишга келаётганда ҳам машинада қўлида китоб бўларди.

Бир куни хонасига кирсам, одатдагидек китоб ўқимоқда. Бош муҳарриримиз эди. Китобни маълум бир жойга етказишини кутмоқчи эдим. У киши ўқиётган саҳифасида битта бармоғини сақлаб китобни ёпган бўлдида, менга қаради ва׃
-Ватанабени ўқиганмисиз?,-деди.
-Йўқ,-деб жавоб қилдим.
-Унда ҳозир қайси китобни ўқияпсиз.?
Мен шу яқинда Анатол Франснинг “Пингвинлар ороли” китобини ўқиб битирганимни айтдим.
-Ким дедингиз?
-Жак Анатол Франсуа Тибо…
-Бу ана у Горкийнинг танқидига учраган ёзувчи эмасми?
-Ўша!
-Китоб нима ҳақида?
-Буржуа инқилоблари ҳақида сатирик тилда ёзилган асар. Дунёга фалсафий назар билан қарашни ўргатадиган китоб…

Эртасига эрталаб Аҳмаджон ака менинг хонамга кириб келди ва қўлидаги китобни столим устига қўйди׃
-Мен битирдим. Навбат сизга.

Китоб япон ёзувчиси Ватанабенинг “Иссиқ ёмғир” деган асари эди.

Раҳмат айтдим.

Кейинги кун Аҳмаджон ака яна менинг хонамга кириб келди׃
-Ватанабени тугатдингизми?
-Эллик саҳифасини битирдим.
-Бунақасига кетмайди. Китобни бугун қайтаришингиз керак эди. Бўпти, эртага оларман,-деб чиқиб кетди.

Эртасига у киши кириб келганда мен китобни ўқиб битирганимни айтиб, қайтиб бердим. У киши эса׃
-Буни ўқиб чиқдим. Кучли китоб экан,-деди Анатол Франснинг китобини кўрсатиб.-Энди Банопартнинг пўстагини қоққан китобини ҳам ўқимоқчиман…

Мен бўлсам, шу кунларда ўқишга бошлаганим жуда қизиқ китобни битиришга вақт топа олмаяпман деб шикоят қилиб ўтирибман.

Рамазон байрами кунлари бу одамнинг номи бекордан бекорга хаёлга келмаган бўлса керак? Зулмнинг қурбони бўлган Аҳмаджон ака Мухторовнинг жойи жаннатда бўлсин, Ўзбекистонда бунақа журналист, бунақа ибрат соҳиби яна қачон туғилади, фақат Худога аён.

ИНОМЖОН ТУРСУНОВ

25 сентябр, 2009 йил

Бугун эрталаб электрон почтамни очасам, собиқ депутат танишимнинг мактуби ва у мустақиллик учун кураш йилларида топган дўстларимиздан бири-Ўзбекистон халқ депутати бўлган Иномжон Турсуновнинг тўсатдан оламдан ўтгани ҳақида ёзибди.

Вужудим ларзага келди. Сафдошинг, дўстингни йўқотиш ҳар доим оғир. Жойи жаннатда бўлсин! Тангри уни махфират айласин! У миллати учун куйиб ёнган курашчи, адиб эди.

Мен Иномжонни 1990 йилдан бери танирдим. Илк бор уни Ислом Каримовни сессияда президент этиб тайинлашаётган куни пайқадим. Жуссаси кичик бир йигит ўртадаги микрофон олдида оёқда туриб гапира бошлади. Унинг қўлида бир даста қоғоз бор эди. Унинг товуши нозик бўлсада ўша кезда зални титратиб юборганди.

-Сизлар кимни президентликка сайлаяпсизлар? Бу одам қўшиб ёзишга аралашган. Мана ҳужжатлари…

У жуда катта рақамларни айта бошлади ва Анишчев бошчилигидаги Москва “десантлари” уни сақлаб қолганини айтди.

Ўша кезда бундай гапларни айтиш катта жасорат талаб қиларди ва баъзилар учун бу қўрқинчли эди, шунинг учун ҳам залдаги кўпчиликнинг дами ичига тушди.

Раислик қилувчи дарҳол микрофонни ўчирди. Иномжоннинг товуши эшитилмай қолди. У кейин президиум томонга қараб юрди ва қўлидаги ҳужжатларни раислик қилувчига узатди.

Аммо ўша кунлари у турган Тошкент меҳмонхонасига бостириб кирган миршаблар уни дўппосладилар. Муттаҳамликни қарангки, жуссаси кичкина бу йигитни миршабларни урди деб айблашди. Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик!

“ИАК” деб номланган ҳужжатли китобимда Иномжон Турсуновнинг номи жуда кўп марта такрорланади. Масалан׃

“…Кейинчалик Каримовнинг Қашқадарё вилоят партияси биринчи котиби бўлган пайтида қўшиб ёзиш, кўзбўямачиликлардан бошлаб яна бошқа жиноятларига қадар ҳужжатларни Олий кенгаш ҳайъатига тақдим этган халқ депутати Иномжон Турсунов қамалди”.

“…Фарғоналик депутат, драматург Иномжон Турсуновни Тошкент меҳмонхонасида миршаблар дўппослаганини эшитганимизда дарҳол қўмитанинг мажлисини чақирдик. Аммо Эркин ака:

-Бу масаланинг бизга дахли йўқ, қонунчилик қўмитаси кўриши керак,-дедилар.

-Улар ҳам кўришсин, аммо биз ҳам ўз муносабатимизни билдиришимиз зарур,-дедим мен.
Қўмита тўпланадиган кун Эркин аканинг умр йўлдоши Гулчеҳра опа телефон қилиб:

-У киши касал бўлиб қолдилар… акангизни эҳтиёт қилинглар,-деди.

Мажлисга мен раислик қилдим ва матбуот воситаларидан вакиллар чақириб масалани ёритишни сўрадик. Лекин кечқурун телевидение ҳам, радио ҳам, эртасига газеталар ҳам қўмита мажлиси ўтгани ҳақида хабар берган бўлсаларда Иномжон Турсунов масаласини четлаган эдилар. Мен Радиотелевидение қўмитаси раиси Ганжа Ёқубовга телефон қилдим:

-Эркин акам билан гаплашсангиз бўлармиди, кеча хабарни у кишининг ўзлари таҳрир қилиб берганлар,-деди у.
-Кеча у киши ишга чиққанлари йўк-ку?!-ажабландим мен…

-Бунинг учун ишга чиқишнинг кераги йўқ, уйдан туриб ҳам рухсат бериш мумкин…,- деди Ганжа Ёқубов ва курашимиз осон кечмаслиги ҳақида гапирди ҳамда телевидениеда “депутат минбари” рукнини ташкил қилиш ҳақида таклиф қилди. Шундан билдим-ки, у одам ҳам ислоҳотлар тарафдори ва хабарни таҳрир қилиш унинг ташаббуси эмас.”

Хуллас, Иномжонни қамашди. У бизнинг “Ташаббус” депутатлар гуруҳнинг аъзоси эди. Гуруҳимиз унинг озодлиги учун кўп курашди. 1991 йилдаги 7 –сессияда ҳам бизни ғазабга келтирган омиллардан бири Иномжон Турсуновнинг олти ойдан бери судсиз-терговсиз қамоқда ётгани ва энди Шовруқ Рўзимуродовни ҳам ҳибсга олишгани бўлганди.

Иномжон бир неча йил қамоқда ётиб чиққандан кейин ўзи аъзоси бўлган “Эрк” партияси ичида демократия ўрнатиш учун курашди. Кейин инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида курашини давом эттирди. Иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан жуда оғир кунларни бошидан кечирди.

Мана энди тўй қилиб, элга ош бераман, деб юрган кунлари унинг юраги бирдан уришдан тўхтади.

У жисман бизни тарк этди. Аммо унинг руҳи бизнинг, миллатимизнинг қалбида, хотирасида абадий яшайди. Чунки у шу миллатнинг озодлиги, ҳур келажаги учун курашган паҳлавондир.

Халқнинг паҳлавонлари абадий!

ПЎЛАТНИНГ МИСИ ЧИҚДИ

29 сентябр

Бугун “Узметроном” сайтида бир хабарга кўзим тушди. Унда ёзилишича, Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳрида бир неча йиллар ҳокимлик қилган Абдураҳмон Пўлатов (сайт унинг исм – шарифини янглиш берган у Пўлат Абдураҳмонов-ЖМ) АҚШга қочиб кетибди. Унинг устидан очилган жиноят иши бўйича унга шу пайтга қадар ўзлаштирган пулларини қайтариб бериш талаби қўйилгач, у жуфтакни ростлаб юборган.

Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайланганда (тайинланганда-Ж.М.) мазкур идоранинг Маҳаллий ва Енгил саноат бўлими мудири бўлган Пўлат Абдураҳмонов пленумда асосий маърузачилик қилган. Рус тилида чиройли гапирадиган бу чиройли (“чиройли” бу унга Ислом Каримов берган лақаб-Ж.М.) одам Каримовни шунақанги мақтаганки, ҳатто Ислом Абдуғани ўғлининг кўзларига ёш келган экан.

Каримов ҳокимиятга келиб, илк қилган ишларидан биттаси Пўлат Абдураҳмоновни мақтай-мақтай Самарқанд вилоятига раҳбар этиб тайинлади. Ўша мажлисда мен ҳам бор эдим. У пайтда “Совет Ўзбекистони” газетасининг вилоят бўйича мухбири эдим.

Кўп ўтмай сайлов кампанияси бошланди. Жомбойликлар Ўзбекистон халқ депутатлигига менинг ҳам номзодимни кўрсатишди. Шунда “Обком”нинг идеология бўйича котиби Фароғат Шукурова телефон қилиб, Пўлат Мажидович мен билан учрашмоқчи эканлигини айтди. Бордим. Кабинетида МХХнинг вилоят бўйича бошқармаси бошлиғи ҳам ўтирибди. Қуюқ салом-аликдан кейин Абдураҳмонов менга׃

-Сайловда бизнинг рўйхат бўйича Жомбойдан бошқа одам депутат бўлиши керак,- деди.

-Демократия… Агар сизнинг одам сайланса, мен ҳам уни табриклайман,-дедим.

Бу гапим уларга ёқмади.

Мен ўша кезда газетада керак бўлса Абдураҳмоновни ҳам, МХХ раҳбарини ҳам танқид қила оладиган шароитда эдим. Чунки ошкоралик даври эди ва биз журналистларга эркинлик текканди. Шунинг учун ҳам Абдураҳмонов׃
-У ёқда бош муҳаррирингиз билан гаплашиб қўйишлари мумкин. Ишингизни йўқотманг, ёш йигитсиз,- деди.

Хуллас, гапимиз қовушмади. Абдураҳмонов менга қарши кураш йўлини топган бўлди. Жомбойда менинг номзодим кўрсатилган округдан яна учта номзодни кўрсатишди. Мақсадлари овозларни бўлиб юбориш ва иккинчи турда ўзларининг одамини ғалаба қозонтириш эди. Бунинг устига “обком”нинг иккинчи котиби ва ташкилий ишлар бўлими мудири менинг устимдан уюштирилган шикоятларни текшириш учун Тошкентдан махсус текширувчилар таклиф қилишди. Текширувчилар орасида фақат битта ўзбек бор эди – ўша кезда Марказкомда ишлаган Аҳмаджон Мелибоев. Қолганлари рус эди.

Кейин Марказий телевидение Москва – Тошкент телекўприги шаклида менинг чиқишимни “Время” дастурида берди. Ўша куни Абдураҳмонов менга телефон қилиб, Каримов уни жуда қаттиқ койиганини ва бу ишга нуқта қўйиш кераклигини айтди.

Хуллас, ҳеч нарса қила олмади. Мен сайловнинг биринчи турида тўрт номзод бўлишига қарамай 96 фойиз овоз олдим.

Агар бугун Пўлат Абдураҳмоновни АҚШда учратиб қоладиган бўлсам, унга қуйидаги саволларни берган бўлардим׃

-1991 йилда мен Каримовнинг “Бу халқнинг онасини…” деб сўккан гапини ошкор қилганимдан кейин менга қарши тергов бошланган ва Самарқанддан Тошкентга бир кунда ўнлаб қораловчи телеграммалар жўнатилганди. Шуни Каримов “Жўнат?” деб буйруқ берганми ёки бу ўзингиздан чиққан ташаббусмиди?

-1992 йил 3 январда ЭРК партиясига идеология бўйича котиб ва газетанинг Бош муҳаррири этиб сайланганимдан кейин Жомбойга менга қарши уйдирмалар тайёрлаш, мени депутатликдан чақириб олиш учун илтимосномалар ташкил қилиш учун ўринбосар ва мудирларингизни ўзингиз юборган эдингизми ёки Каримов уларни юбор деган эдими?

-1993 йил 17 Апрелда мени қамашганда жомбойлик отахон ва онахонлар шикоят учун Тошкентга борамиз деб йўлга чиққанларида уларни ушлатиб, калтаклатган ҳам Каримовмиди ёки автобусларнинг олдини тўсган “Волга”да сиз ўтирганмидингиз?

-Менинг қариндошларим, ҳатто 20 йил олдинги синфдошимни ушлатиб, қаматиб, тишларини синдиришганда ҳам бу амалиётга Каримовнинг ўзи раҳбарлик қилганмиди ёки унинг сояси сифатида сизми?

-Умр йўлдошим вилоят прокурори ҳузурига борганда у “Агар мен аралашсам, менинг оилам ҳам сизнинг кунингизга тушади” деганда сиз нега ўша прокурор ёки айни гапни айтган ёрдамчингиз каби бўла олмадингиз? Чунки сиз менинг умр йўлдошимга “Ҳали бошингга кўп иш соламиз” дегансиз. Сўзингизда турдингиз, умр йўлдошимни ҳам суд қилдириб, унга икки йил жазо бердирдингиз. Ўшанда у шу кунлар сенинг ҳам бошингга тушсин, деган экан. Сизни шу қарғиш тутмадими?

-Сиз Каримов аблаҳ экан, яхшиликларимни билмади деб юрган экансиз. Наҳотки сиз одамларни қийратиш, оилалари билан йўқотиб юборишни яхшилик деб биласиз?

-Сиз Самарқанд аҳлига жуда кўп зуғм қилдингиз. Қачон гуноҳларингиз учун тавба қиласиз, жаноб Абдураҳмонов! Қачон бош эгиб халқдан узр сўрайсиз! Балки сизни бош эгдириш учун (агар АҚШга келганингиз рост бўлса) АҚШнинг маҳкамасига тортишимиз керакдир?

РАЗОЛАТ
30 Сентябр

Биз Туркиядан Америкага келганимизда ахлоқсизлик фарқи яққол кўрингани ҳақида илгари ёзгандим. Турк матбуоти ва Истанбул ҳаётидаги очиқ ахлоқсизликни Америкада кўрмайсиз. Аммо Ҳолливуд бундан истесно. “Ҳолливуд сўлчилари” бу ерни ҳам разолат ботқоғига айлантиришга уринмоқдалар ва Лос Анжелес каби жойларда бунга эришмоқдалар ҳам.

Шукрки, ахлоқсизликка қарши олдин қабул қилинган қонунларни таг-туби билан қўпора олмаятилар. Ҳозир бутун бошқарув уларнинг қўлларида бўлгани билан халқ бунга йўл бермаяти.

Эркинлик ниқоби билан ахлоқсизлик разолатини қонунлаштириш ғояси Америкага Авропадан ташиб келинмоқда ва сингдирилмоқда. Америкадаги сайловлар пайтида бутун Авропанинг сўлчилари оёққа туриши ҳам шундан. Уларнинг мақсадлари Америкада ҳам гомосексуализм, лезбиянлик, баччавозлик, гиёҳвандлик каби иллатларни эркинлик сифатида қонунан ҳимоя қилинган қадриятга айлантиришдир.

Бунинг ёрқин мисоли разолат империясининг теппасига чиққан кинорежиссёр Роман Поланский воқеасидир. У яқинда Швейцарияда ҳибсга олинди ва АҚШ га экстрадиция қилиниши сўралмоқда.

Гап шундаки, бу “бойларнинг бойи” деб ном чиқарган кимса АҚШда яшаб Ҳолливуд разолатини суғориб юрган кезлари 13 ёшли қизни наркотик билан маст қилиб, зўрлаган. Буни судда ўзи ҳам тан олган. Пуллари ва тарафдорлари қонун олдида ип эшолмай қолгач, у АҚШдан қочган ва Франция фуқаролигини олган.

Ахлоқсиз бу кимса дунёга ахлоқдан дарс бериб юргани, аниқроғи дунёга ахлоқсизликни ёйиб юргани кишини ажаблантиради. Унга ҳатто Оскар мукофотини ҳам беришган.

Шу йилнинг 27 сентябр куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрига ҳам у мукофот олишга борган ва АҚШ томонидан қидирувда бўлгани учун ушланган.

АҚШда жиноятнинг эскириш муддати йўқ. Айниқса, Поланский содир этган ахлоқсиз жиноятни қонун кечирмайди.

Мени ҳайратга солгани Андижон қатлиоми каби воқеаларда оёққа қалқмаган Авропа ахлоқсиз кимса учун оёққа турди. Франция Маданият вазири Миттеранга кўра, бу воқеа Американинг қўрқинчли юзини намойиш қилган эмиш. Тавба!

Бунга ҳатто Франция президенти Саркози, ҳам қўшилди ва Обамадан ўз кучини ишга солиб, Поланскийни авф этишни сўради. Яна бир қанча мамлакатларнинг раҳбарлари, жамоат арбоблари, инсон ҳуқуқлари учун курашчилар ҳам баёнотлар бера бошладилар. Юсуф Жума, Мамадали Маҳмудов каби асл ижодкорлар учун эмас, ахлоқсизлик куйчиси учун! Ҳоливудда эса сўлчиларнинг намойишлари ва уларнинг Обамага “Биз сени шунинг учун сайлаганмидик” каби ҳайқириқлари…

Агар Обама бу разолатни авф этса, бу унинг шармандаи шармисор бўлганидир. Чунки кучли қонун кучсиз қонунга айланади. Қонунлар ўлкасининг қадамба қадам енгилиши бошланади. Ана ўшанда демократия дегани АҚШда ҳам ахлоқсизлик билан тенг бўлиб қолади.

ОЗОДА, ГУЛНОРА, РАЪНО, МУҚАДДАС…

2 Октябр, 2009 йил

Ҳар қандай ота ўз фарзандларидан бири унинг касбини қўлидан олишини, ундан кейин давом эттиришини истайди. Яъни издошим бўлсин дейди. Лекин бу нарса одамларнинг, халқнинг ҳисобига, зарарига, эл-юрт манфаатларига зид бўлмаслиги керак. Бундай ҳолда бу ўша кишининг залолатига айланади.

Тўрт фарзандим бор ва улардан бири журналистикани битирмоқда. Яъни менинг изимдан бормоқда. Аслида мен бошқаларидан кутгандим, лекин бунисидан келди. Буниси кучли рассом бўлади деб ўйлардим. Чунки у чизган расмлар мени доим ҳайратга солади.

У ўзининг бу қобилиятини ҳам четга сурмай компютер дизайни бўйича ҳам ўқимоқда. АҚШда битта олийгоҳдан бирданига иккита диплом олиш имконияти бор. Бундай ҳолдан ота сифатида фахрланаман.

Лекин мен президент бўлсам, бунинг устига халқ севмаган раҳбар бўлсам ва фарзандларимдан бирини ўз ўрнимга тайёрласам, бу менинг қабиҳ қобилият соҳиби эканлигимни кўрсатади.

Худди мана шунинг учун ҳам Ҳайдар Алиев деган ном мен учун қабиҳлик рамзидир. У одам ҳеч қачон халқини севмаган. У халқни қул, манқуртлар тўдаси деб ҳисоблаган. Шунинг учун ўз ўрнига бу тўдадан бирор кишининг чиқишини истамаган. У одам унинг кирдикорларини очиб ташлашидан, ўзининг шайтон эканлиги очилиб қолишидан қўрққан.

Гарчи сайлов билан келган бўлсада, мен Бушни ҳам ёқтирмас эдим. У отаси президент бўлгани учунгина шу мавқега эришди, ўзининг эса бу мақом даражасида қобилияти йўқ деб ҳисоблардим. Кеннедилар ҳақида фикрим салбий бўлган ва шундай қолади. Яъни президентлик мақоми сулола ишига айландими, бунинг Саудия Арабистони, Иордания, Сурия ва бошқа яккаҳоким мамлакатлардаги сулолалар томонида ишғол қилинган бошқарувлардан-зулмдан фарқи қолмайди.

Мусулмон давлатларида кўп ҳолларда бошқарув битта оиланинг измида бўлган. Бизнинг заминда ҳам асрлар давомида подшоҳлик ва амирлик отадан болага ўтиб келган ва бу иллат ҳали ҳам қонимиздан кетмаган.

Иллат бор жойда ундан қўрқув ҳам бўлади. Бугун Гулнора Каримованинг калта ақли билан катта жойларни эгаллаши, Дарига Назарбоеванинг ўтмас қалами билан Қозоғистонни якқалам қилиши халқда қўрқув ўйғотгани бежиз эмас. Бу ўша эски кунлар қайтиши олдидан пайдо бўладиган инстинкт.

Мана энди бунга Тожикистон хумкалласи Имомали Раҳмоннинг қизи ҳам қўшилди. Ў ўз қизи-Озода Раҳмон(ова)ни Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинлабди. Агар отаси тахтда бўлмаганда Озода кимнингдир хонадонида озодалик билан банд бўлар эди. Унинг қобилияти ҳаминқадар.

Агар бу уч ”малика”да ҳақиқатдан ҳам замонавий сиёсий қобилият, сиёсий истеъдод бўлганда оталарининг зулмига зид дастур билан чиқардилар, уларга мухолиф бўлардилар. Халқ томонида туриб, золимнинг зулмини енгиб чиқсалар тахт уларга муборак бўлсин дер эдик.

Дарвоқе, бунга қарши чиқадиганлар ҳам кўп орамизда.

Отанинг сиёсатига қарши чиқиш мумкинми? Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма деймиз-ку!

Гулнора, Дарига, Озодаларнинг калтабин оталари бир нарсани ўйламаяптилар, Шарқда Тўмарис каби қўрқмас, жасоратли аёлларни севишади ва уларга эргашадилар, Гулнора, Дарига, Озода каби бўяб қўйилган қўғирчоқларга эмас.

Яна дарвоқе… Бир пайтлар “Бизда тахтга эшакни чиқариб қўйса ҳам унга бош эгишади” деб ёзган эдингиз, булар ҳам тахтга минишса уларга ҳам бош эгиб кетаверишади, дейишингиз мумкин.

Гап шундаки, эшакда юк кўтариш қобилияти ва ҳанграш учун овоз бор. Буларда эса ўша ҳам йўқ.

ЗАР ЗОРМОНДА

7 Октябр, 2009 йил
Ўзини даҳо ҳисоблаган анқов бир “зот” менинг танишимга:
“Жаҳонгирнинг қўлидан нима ҳам келарди, ёзишдан бошқа” дебди.

Мен ҳеч қачон бу одамга раҳмат айтган эмасман, лекин худди манa шу гапи учун раҳмат айтмоқчиман. Чунки у ҳеч қачон ҳеч нарсани ва ҳеч кимни тан олмаган. У фақат ўзинигина тан оладиган одам. Дунёнинг энг буюклари ҳам у айтган йўлдан юрармиш, ҳатто. Ҳар ҳолда у шундай деб ўйлайди. Шундай одам менинг қўлимдан фақат ёзиш келишини тан олган бўлса, демак унга раҳмат айтиш шарт-да!

Зотан, мен доим ҳар ким ўз қўлидан келган ишни қилиши керак, деган гапни айтаман. Менинг қўлимдан келгани ёзиш. Буни баъзан қойиллатсам, баъзан қойиллата олмайман. Лекин ёзишни ташламайман. Ташлаган куним қўлимдан келган ишни қилмаган бўламан. Агар ҳамма қўлидан келган ишни қилмай қўйса, дунё олтинчи палатага айланиб кетади.

Масалан, Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг қўлидан келгани пенсияга чиқиб, кўк чойни ичиб, хаёл суриб, ёшларга маслаҳат бериб ётиш. 72 ёшли одамнинг қўлидан бошқа нима иш келади? Лекин у қўлидан келмаган ишни қиламан деб бутун мамлакатни ботқоққа ботириб ўтирибди.

Унинг қизи Гулнора қўлидан келмаган ҳамма ишни синаб кўрмоқда. Ашула айтишдан модел бўлишгача. Ҳатто Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ҳам бўлиб кўрди. Ваҳоланки, у қўлидан келган ишни қилса, ҳам ўзига фойда, ҳам атрофдагиларга.Масалан, ундан яхши магазинчи чиқади. Уни ишга олган дўкондор мазза қилади. У ҳам яхши сотади, ҳам харидорни кўпроқ топади. Ҳатто ашуласини минғиллаб ҳам хародорларнинг кўнглини овлаши мумкин. Лекин қаёқда…?

Ёки Бош вазир деб айтиладиган Шавкат Мирзиёев битта чорвачилик фермасини олиб, фақат чўчқа боқса-ку, қойиллатади. Эртадан кечгача ашула хиргойи қилиб югурса, озгина “вес” ҳам ташлайди ва умрига умр қўшилади.

Бугун ўлиб, эртага тирилиб турадиган Тоҳир Йўлдош ҳам қўлидан келмаган ишни қиламан деб оламни бузди. Фалончини супуриб ташлайман, писмадончини йўқотиб юбораман, деди. Ўзбекистон нима, бутун Марказий Осиёни халифатлаштираман деди. Лекин кимга фойда бўлди? Диктаторларга.

Лекин баъзилар бировни ҳақоратламай, сўкмай, бегуноҳ одамларни ўлдирмай, жаҳолатга юз тутмай қўлларидан келганини қилмоқдалар. Одамларни маърифатга, тинчликка, илмга чорламоқдалар. Бугун натижаси бўлмаса, эртага бўлади. У ҳам шундай қилиши мумкин эди, аммо…

Эсимдан чиқмайди, Озарбайжонда 1992-1993 йилда одам қаҳат қолгандай Искандар Ҳамидов деган жангарини ички Ишлар вазири этиб тайинлашди. Элчибейнинг демократия даври эмасми, мухолифатдан биттаси телевизорда уни танқид қила бошлади. Вазир телевидениега бостириб кириб, мухолифини студияда дўппослади. У Элчибейнинг демократиясини халқ наздида ўша куни ўлдирганди.

Мана Юсуф Жума қўлидан келган ишни қилади. Шеър ёзади. Ёзганда ҳам ҳама ёқни ларзага келтириб ёзади. Шунинг учун ҳам мухолиф шеърият тирик.

Хуллас, мисол келтираман деса мисол деган жонивор қалашиб ётибди. Аммо уни ўқиганлар топилар, лекин уққанлар бўлмайди. Чунки кўпчилик қўлидан келмайдиган ишни тутади, ушлаган жойимдан узаман дейди. Мана шунинг учун дунёни расволик зарпечаги чирмаб олмоқда.

Дарвоқе, “печак”нинг олдида “зар” деган қўшимчаси бор. Ҳамма гап ана шу зар зормондада.

Зар зормонда-зўр зормонда!

ЮЛДУЗ ВА ЮЛДУЗНИ УРМОҚЧИ БЎЛГАНЛАР

9 Октябр, 2009 йил

Бугун Нобел қўмитасининг кулгили қарори ҳақида ёзаман деб тургандим, қарасам Интернет шундай ҳам бу борадаги танқидий фикрлар ва мулоҳазалар билан тўлиб кетибди. Айниқса, инглиз тилида ёзадиганлар аллақачон ҳамма гапни айтиб, Нобел қўмитаси Тинчлик борасида Обамани ғолиб деб эълон қилишини савол остига қўйиб улгуришибди.

Демак, байроқни илиб кетишибди деб турсам, электрон почтамга “Эзгулик” жамиятидан хат келди. Хатга Ислом Каримовни мақтаб қаҳрамон бўлган ва 1999 йил 16 феврал воқеаларининг эртаси куни “Алматов, буларнинг бошини сапчадек узиб ташланг!” деб қўлга олинган диндорларни кўрсатган шоир Абдулла Ориповнинг оиласи билан боғлиқ прес-релиз илова қилинган экан.

Абдулла Ориповнинг юқоридаги гаплари ўша кезда Ўзбекистон телевидениеси орқали ҳам кўрсатилган ва кейин 1999 йил воқеалари ҳақида ҳужжатли филмга ҳам киритилган. Бу ҳужжатли филм архивимда сақланган ва баъзан бирор сабаб билан уни кўрсам, халқ шоирининг бу гапи менга Каримовнинг “Керак бўлса, икки юз кишини отиб ташлаймиз” деган ҳайқириғини эслатади.

Дарвоқе, гап бошқа мавзуда эди. Гап “Эзгулик” жамияти юборган ҳужжат ҳақида. Унда жумладан шундай дейилади׃

“Кейинги пайтларда ҳукумат амалдорларининг фарзандлари содир этаётган қонунбузарлиг-у, жиноятлар билан боғлиқ миш-мишларга қулоқларимиз кўникиб қолди. Бироқ йирик жамоат арбоблари, юриш туриши-ю, хулқи билан кишиларга идеал бўлувчи шахсларнинг фарзандларидан ола чиқса ғалати туюларкан. Ўтган йилги релизларимизда Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ўғли Хуршиднинг бир қатор коррупцион жиноятларни содир этганликда айблангани хусусида айтгандик. Афсуски, гал элимизнинг ардоқли адиби Абдулла Ориповга келган кўринади. Бир томондан қонунларимизда биров бировнинг айби, жинояти учун жавобгармас, дейилади, лекин барибир шарқликмиз-да, фарзандларнинг ноқобиллиги одамга оғир ботаркан.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Абдулла Орипов тарбиялаган қизнинг дастидан бир эмас, икки эмас, нақ 12 нафар фуқаро мурожаат қилди. Ўтган йиллардагини ҳам ҳисобга олсак, бу рақам 20 нинг қорасини тортади. Шикоятчиларга кўра, шоирнинг таниқли тележурналист қизи Юлдуз Орипова кўпчиликка фириб бериб, уларнинг пул ва бошқа товар моддий бойликларини алдов йўли билан ўзлаштирибди. Буни қарангки, офисимизга келган шикоятчиларга илк саволимиз “Абдулла акага учрашмадингларми?” бўлди. Ўзларини ҳақоратланган каби ҳис қилган шикоятчилар “У киши дардимизни эшитмади ҳам, аксинча, уйидан ҳайдаб солди” дейишди. Сўнг расмиятчиликка ўтилди, эшитинг.

Юлдуз Орипова ўзининг Самарқанд вилояти Булунғур тумани ХТБга қараши тил ўргатиш маркази директори Нодира Хўжаёрова воситасида Тошкент шаҳар Бобур кўчаси 87/1-б-уйда яшовчи педагог Шофозил Ғойибназаровдан 25 000 АҚШ доллари, Булунғур тумани Соҳибкор ф/й.да яшовчи Саъдин Ибрагимовдан 8500 АҚШ доллари, қибрайлик Ғанишер Иргашевдан 2000 АҚШ доллари, чирчиқлик Муҳаббат Диловаровадан 2500 АҚШ доллари (ва ҳоказо) миқдоридаги пулларни талабаларни олий ўқув юртларига киритиш баҳонаси билан олиб, қайтариб бермаётир…”

Аввало бу мавзуни кўтаргани учун “Эзгулик”ка раҳмат. Модомики, гап бизнинг ўзбеклигимиз ва ахлоқий нормалар ҳақида бораётган экан, шу ҳужжат баҳонасида бир нарсани айтмасдан иложимиз йўқ.

Бугун баъзилар пора берганларнинг ҳаммасини бечоралар дейишади. Бечоралари ҳам бордур? Лекин фалон-фалон миқдорда долларни топиб берган одамни бечора дейиш қийин.

Пора бермаса олийгоҳга кира олмайди, ҳамма жойда фақат пора билан кирилади ва айб асосан пора олувчиларда дейдиганлар ҳам бор.

Лекин бутун халқ пора бермаса, улар кимни ўқитадилар? Талаба бўлмадими, улар ишларидан айриладилар-ку? Қолаверса, пора бермаганга йўл йўқ, деган гапга қўшила олмайман.

1972 йил. Мактабни битириш арафаси. Синф кураторимиз Зикриёева уйимизга келиб онамдан 300 сўм сўради.
-Мени директоримиз Бадриддин Зайниев юбордилар. Ўғлингиз мактабнинг энг аълочи ўқувчиси. Лекин “Олтин медал” учун РайОНО шунча харажати бор деяётган экан,-деди у.

Раҳматли онам рози бўлдилар. Аммо мен жанжал қилдим. Чунки оиламизнинг аҳволи менга аён эди. 42 ёшли онам камқонли касали билан оғриган ва бу лейкомия саратонига айланган эди. Йилда олти ой касалхонада даволанардилар.

Хуллас, ҳалиги пулни биз бермадик ва баҳолари мендан бироз орқада бўлган синфдошим Рафиқ Аҳадов (у кейинчалик Йўл қурилиши олийгоҳида ўқиб, бу соҳада ишламади, балки миршаб бўлди-ЖМ)нинг отаси берибди. У доктор эди. Яхши топарди.

Ўша йили онам вафот этдилар. Биз иқтисодий жиҳатдан жуда қийин аҳволда қолдик. Лекин мен ТошДУга ўқишга кирдим. Раҳматли профессор Очил Тоғаев (асли қашқадарёлик-ЖМ) бу ерга “танкаси” бўлмаганлар ҳам ўқишга киради, деб ёзган очеркимни ўқиб бергани эсимдан чиқмайди.

Демоқчиманки, пора бермасдан ҳам яшаш мумкин. Шунинг учун менимча, бундан кейин халқимизга масаланинг ана шу томонини ҳам кўрсатишимиз керак. Яъни, порахўр, ярамас юлдузлар ҳақида гапиришимиз шарт ва айни баробарида юлдузни урмоқчи бўлганлар ҳақида ҳам сўз юритиш пайти келган. Гарчи бу кўпчиликка ёқмайдиган мавзу бўлсада…

АЛИХЎЖА… ВАЛИХЎЖА

15 Октябр, 2009 йил

Мана Обаманинг АҚШ президенти этиб сайланганига 20 кундан кейин бир йил бўлади. Нима ўзгарди?

1992 йил. Ўзбекистонда демократик мухолифат қатағонга олинган пайт. Бугун ўзини катта сиёсатчиман деб юрган бир киши дунё сиёсатини сув қилиб ичиб юборган каби тутиб׃

-Ёзиб қўйинг! Бугун 1992 йилнинг бешинчи ноябр куни. Бир кун олдин дунё тарихида улкан воқеа юз берди. 12 йиллик танаффусдан кейин демократлар ҳокимиятга келдилар. Билл Клинтоннинг АҚШ президенти этиб сайланиши бу дунёда демократиянинг ғалабасидир… , -деди.

Инсон бировнинг гапини қисқа пайт тинглаб тургач, орада хаёли бир зум бўлсада мавзудан бошқа ёқларга кетади. Мен ўшанда бу одам мендан ҳам чаққонлик қилиб мен унга айтаман деган гапни менга айтмоқда деб ўйлагандим. Чунки мен ҳам айни шу фикрда эдим. Бугун шу ҳақда ўйласам, ўша кезда нақадар содда ва дунё сиёсатидан нақадар узоқда эканмиз. Бу худди қамоқдаги одамнинг тунда туйнукдан кўринган юлдузни иссиқлик деб мамнун бўлгани каби ҳол эканлигини ўшанда англамаганмиз. Қараб турсам кеча ҳам, бугун ҳам ўша ҳол.

Буш сайланган кунларда у Россияга босим ўтказади, Каримовнинг икки оёғи бир этикка тиқилиб қолади, деб умид қилган ким эди-биз ўзбеклар!

Обама ҳали сайланмасдан туриб, унинг Ўзбекистонга тегадиган ёрдамини оғиз кўпиртириб айтиб, унинг тарафдориман деб жар солганлар ким эди- биз ўзбеклар!

Ўзбекларнинг Обама сайлангандаги қувончлари эсингиздами?

У ёғини қўйиб туринг, Обамага Нобел мукофоти берилганда ҳам унга телеграммалар йўллаган ва ана энди унинг Ўзбекистонга ёрдами тегади деб қувонган ҳам биз ўзбеклар!

Агар Обаманинг фақат гапларига Нобел мукофоти берилган бўлса, Буш ҳам гап айтишда ундан қолишмаганди. Эсингиздами, дунёга демократияни ёямиз деб миллионларни сарфлаган Буш эди. Шу баҳонада Украина, Гуржистон ва Қирғизистон каби мамлакатларда инқилоблар ҳам қилинди.

Обама сайлов олди дастурининг беш-олтита масаласи бор эди׃

У президент бўлса, 6 ойда Гуантанамони ёпаман деганди. Кейин бу муддатни бир йилга узатди. Ҳали ёпилмади.

Хитой хафа бўлади, деб Нобел мукофоти лауреати Далай Ламани қабул қилмай Оқ Уй остонасидан қайтариб юборди, уйғурлар ҳақида гап ҳам йўқ, Бирманинг жаллод ҳарбийлари билан эса алоқаларни тиклади.

Бир пайтлар жуда катта шовқин суронларга сабаб бўлган телефонларни тинглаш, электрон мактубларни ўқиш, қийноқлар қўллаш каби ҳолатларга барҳам бераман деган эди. Аммо ҳаммаси яшамоқда! Гуллаб яшамоқда.

Унинг ўзи кескин тарзда танқид қилиб келган ва инсон ҳуқуқларини чеклаган ҳужжат деб айтган-“Патриот Акт” номи билан тарихга кирган қонуннинг муддатини яна узайтиришни Конгрессдан сўради ва бу сафар ҳеч қандай жанжалсиз бу ҳал этилди. Ваҳоланки, Буш пайтида демократларнинг ўзлари бу ҳужжатга вақтинчалик деб умр беришган эди.

Ироқдан чиқиб кетамиз дейилганди… Ҳали Ироқда…

Афғонистонда стратегияни мутлоқ ўзгартирамиз дейилганди. Аммо мана бир йилки, Бушнинг йўли давом этмоқда.

Обама барча диктаторлар билан очиқ диалог қиламиз ва уларнинг ички ишига аралашмаймиз, деган эди. Ана шуниси бажарилмоқда. У Чавез билан юзма-юз гаплашди. Кубага йўл очди. Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқларини четга сурган ҳолда музокаралар юритмоқда.

Куни кеча Тошкентда бўлган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк׃
-Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали ноҳарбий юкларни Афғонистонга ташишга кўмаклашаëтгани ва терроризмга қарши кураш амалиётларимизни қўллаб-қувватлаëтгани учун мен Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга президентимиз Барак Обаманинг миннатдорчилигини етказдим,- дея баралла айтди.

Менга хат ёзган бир йигит “Гап Обамада эмас, гап Конгрессда” деб ёзибди. Бушнинг охирги йиллари Конгрессда демократлар ҳукмрон эдилар ва бугун ҳам шундай. Бундай ҳолат демократлардан чиққан Президент учун-жаннат! Истаган ишни қила олади.

Бошқа бир танишим эса, ”АҚШнинг сиёсатини президентлар ўзгартира олмайдилар” деб ёзибди. Агар шундай десак, у ҳолда Бушни оқлаб қўйган бўламиз-ку! Нега энди АҚШнинг сиёсатини Буш ўзгартира олди, лекин Обама ўзгартира олмаяти? Балки Нобел мукофоти етишмай турган эди, мана энди шунинг кучи билан ўзгартиради, дейдиганлар ҳам топилмоқда.

Дарҳақиқат, бунда жон бор. Шу мукофотни олиши билан Обама гейлар-яъни биржинсли жуфтлар анжуманига борди ва уларга ҳам аёл-эркак ўртасида қурилган оила каби имкониятлар берилиши учун курашда улар билан бирга эканлигини айтди. Конгрессдан биржинсли жуфтлардан қурилган оилаларни ҳам анъанавий оилалар билан тенглаштириш ва уларга барча имтиёзларни беришни талаб қилди. Нобел қўмитасида қарор олган беш киши ютиб чиқди, уларни сайлаган Норвегиянинг сўлчи парламенти ҳам ютиб чиқди. Амрикада ўзгаришлар бошланди…

Яна бир танишим “Обама қора танлиларнинг вакили сифатида президент бўлганининг ўзи Нобелга лойиқдир” деб айтди. Унга ёзган жавоб хатимда агар шу мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, у ҳолда Нобел мукофотини унга эмас, уни сайлаган сайловчиларга бериш керак эди, дедим ва у фикримга қўшилди. Лекин Обама қора танлиларнинг вакили эмас, унинг она томони оқ танлилардан. Кечагина маълум бўлдики, унинг умр йўлдоши Мишел Обаманинг ҳам катта бобоси оқ танли бўлган экан.

Шунинг учун ҳам Обамага қора танлиларнинг вакили деб эмас, қони қоришиб кетан Американинг тимсоли деб қарамоқ керак. Бу ерда ирқнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу ерда мантиқнинг аҳамияти бор.

Ёзилмаган китобга Нобел берилгандан кейин бу китобнинг ёзилишини, чоп этилишини кутишимиз ва ундан кейин бир хулосага келишимиз керак.

Ҳозирча аниқ бўлгани׃ Буш Каримовнинг тахтдаги умри узайишига билвоста ҳисса қўшган бўлса, Обама эса бевосита ҳисса қўшмоқда… Яъни униси диктаторларни тан олмай, буниси тан олиб дегандай!

Хуллас, Алихўжа-Валихўжа!

ҚЎЛ ЎПИШ

16 Октябр, 2009 йил

Бугун бир хабарга кўзим тушди. Тожикистон Ислом маркази қошидаги Уламолар кенгаши айрим намозхонларнинг дин пешволари қўлини ўпишига доир ишини қоралаб, қўл ўпишни тақиқлаш ҳақида фатво берибди.

Қизиғи шундаки, бу фатвони шарҳлаган Уламолар кенгаши раҳбари жума намозларидан сўнг айримлар уламоларнинг қўлини ўпишга уриниши оқибатида ноқулай вазиятлар вужудга келаётгани учун шундай қилишганини айтган.

Биз доим ўзимизни ўзимиз танқид қиламиз. Лекин мақтанадиган одатларимизни пайқамаймиз. Масалан, тожикистонликлардан тортиб туркияликларга қадар биздан ўргансалар бўладиган одатларимиз ҳам бор.

Туркияга илк борганимда, бизни миллиятчи ҳаракат лидери Алпарслон Туркаш қабул қилганди. Турк дунёсининг ҳар турли бурчакларидан келганлар саф тортиб, унинг қўлини ўпа бошладилар. Мен унга яқинлашганимда, ҳурматини бажо келтириб, кўришмоқ учун икки қўлимни узатдим. У:

-Сен ўзбексан!-деди ва мени бағрига босди.

Демак, у бизда қўл ўпиш одати йўқлигини ва ҳурмат қилган одамни бағрига босиш одати борлигини билар экан.

Орадан бир неча йил ўтиб, Туркияда яшай бошлаганимизда, Қурбон байрамида Турк дунёси вақфининг раиси Турон Ёзғон кўп қатори бизни ҳам оилавий тарзда байрамлашмага таклиф этти.

Туркияда, айниқса байрамларда катталарнинг қўлини ўпиш авжига чиқади.

Мен Турон Ёзғонга фарзандларимни таништирар эканман, у олти ёшли қизчамга қўлини узатди. Қизчам ҳайрон (Мен ўзим бировнинг қўлини ўпмаганим учун болаларимга ҳам буни ўргатмаганман-ЖМ), унинг қўлини ўпиш ўрнига кўришган каби ушлади.

-Ҳа ўзбек,-деб у қизчамнинг сочини силаб қўйди.

Кейин Америкага келганимизда, бу ердаги ўзбеклар орасида қўл ўпиш ҳолларини кўриб ажабландим. Вақт ўтиши билан кўрдимки, Туркия орқали келганлари ана шу одатни ўрганишган экан. Аммо қолганларида йўқ эди.

Ҳар қандай жиҳатдан олиб қаралганда ҳам бундай одат инсонийликка зид! Бу шахсга сиғинишнинг жирканч бир кўриниши.

Демак, мақтайдиган, мақтанадиган асл зарларимиз ҳам бор ва бировнинг қўлини ўпмаслик ана шулардан бири.

Ҳозир тумовнинг турли-туман хиллари кўпайган ва телевидениенинг қайси каналини очсангиз, хабарларда шу ҳақда гап боради. Хабар ўқилар экан, қарши чоралардан бири сифатида қўлни тез-тез ювиб туриш ва инсон вужудига яқинлашадиган микробларнинг энг кўпи қўлда бўлишини айтишади.

Дарҳақиқат, бизнинг ишхонамиз жойлашган бинога кираверишда қўлингизни артиш учун махсус, нам салфеткалар қўйилган. Бор йўғи бир неча қаватдан сўнг идорамизга кираверишда яна қўйилган. Саломатлик муассасаларининг талаби шундай.

Бу ҳам кўрсатадики, қўлни ўпадиганлар айни пайтда ифлос микробларга талпинадилар.

“МЕН”ЛАР

20 Октябр, 2009 йил

Бугун бир нарсани кашф қилдим. Шу пайтга қадар одамнинг икки ”мен”и бўлади -ички ”мен” ва ташқи ”мен” деб ўйлар эдим. Бугун саҳарлаб йўлда келар эканман, ички ”мен” битта эмаслигига, балки инсон тафаккури остида бир қанча ”мен”лар борлигига ишонч ҳосил қилдим.

Ҳаво бугун совуқ. Куз шундай бўлса, қиш нима бўлар экан?

Об-ҳавони эшитаман деб радио “қулоғи”ни бурайман.

Обама маъмуриятининг мухолифат минбарига айланган FoxTVга қарши бошлатган кампанияси ҳақидаги хабарлар. Худди ўзимизники каби ҳол. Ёзганлари бизга ёқмаган сайтларни “шу ҳам сайт бўлдими, бу аслида сайт эмас”, деб камситганимиз каби ҳукуматнинг мана-ман деган казо-казолари бошқа ТВларга чиқиб, “FoxTV ҳам минбар бўлдими, у аслида хабар манбаи эмас”, каби гапларни айтиб, уни обрўсизлантиришга уринишаётганини гапиришмоқда. Одам ҳамма жойда одам экан-да!

Бу хабарларни тинглар эканман, тафаккурдаги иккинчи ”мен”нинг диққати йўлда. Олти қаторли йўл ва минглаб машинлар… Тезлик соатида 120 км.дан юқори. Бундай пайтда эҳтиёт бўлмасангиз, бир туртки билан осмону фалакка “учиб” кетиш ҳеч нарса эмас. Бир марта “учиб” кўрганмиз. Худонинг ўзи асрасин бундай “учиш”лардан.

Шундай шароитда тафаккур остида бошқа бир “мен” одатдагидек шеърий мисралар битади. Ёнидагиси уни шарҳлайди, хулосалар ясайди. Яна бири – Котиб. Ўша хулосаларни хатга туширади.

Мана булар ана шу Котибнинг эслаб қолганлари…

“Кўзларингга кириб ухласам,
Совқотмасмидим!”
Бу-совқотган одамнинг гапи! Менинг гапим!
Бу-“кўзларинг иссиқ – меҳрли” демоқчи бўлган одамнинг гапи!
Бу-нега сени ташлаб кетдим, сенсиз ҳаётим музликка, совуқ ваҳшатга айланди, деган дарвешнинг гапи!
Бу- шоирнинг шунчаки эҳтиросли сатридир балки?
Ахир биз, мазмун излаймиз, мазмунсизликдан!
Ахир биз, мазмун тополмаймиз мазмунликлардан!

“Шуҳратнинг тоғидан қулаган куни
Ўлгани унинг!”
Бу-унинг шуҳрат топганига ишора…
Бу-унинг шуҳрат чўққисига етганидан даракдир балки?
Бу унинг золимга, яланғоч шоҳга, иқтидор касалига айлангани ҳақидаги шунчаки гапдир?
Балки, бу ундан умидни узинг, у одамлик водийсидан ҳайвонот ўрмонига бош суққанига анча бўлди деган ишорат.
Лекин кимга фойдаси тегади бу гапларнинг?
Кимнинг ҳам шуҳрат тоғидан қулагиси бор?
Бўлмаган тоғ, бўлмаган шуҳрат!
Ахир ёлғон эмасми, бу дунё асли?

“Қуёш қандай бўлса, моҳи ҳам шудир
Халқи қандай бўлса, шоҳи ҳам шудир!”
Бу-халқни Қуёшга бензаган инсонинг гапи!
Бу шоҳни Ой дея безамоқ истаги балки?
Балки, ҳамма айбни халққа юклаш касали…
Балки, золимдан енгилган қўрқоқнинг баҳонаси бу!
Қўлидан иш келмас кимсанинг ҳикоятидир?
Лекин Ой Қуёшдан нур олиб зулматни ёритгувчидир!
Золимчи?
Халқни зулмат билан ўраб олгувчи!

“Курашмоқ истайсан майдон йўқ,
Гарчи майдонга айланиб кетган бу дунё!”

Курашмоқдан курашга айланган инсоннинг ноласидир бу!
Курашмасдан саҳрога айланган кимсанинг собит сўзлари!
Майдонда майдон излаган сўқирнинг аянчли ҳоли…
Қиличсиз полвоннинг хаёл юҳоси!
Илинчсиз одамнинг ички дунёси!
Курашмоқ аслида яшамоқ демак,
Демак яшамоқдан маҳрум қолганмиз!

Шу ерга етганда ички ”мен”-Котибдан кўчирмага нуқта қўяман. Чунки у тобора умидсизлик томон кетмоқда. Мен эса умид сари юриб ўрганганман. Демак, ”мен”ларнинг ҳам фарқи бор ҳатто!!

ЗЎРДАН ЗЎР БОР

21 Октябр, 2009 йил

Ғирромликда шимолдаги қўшнисига етиб қолган Ҳамид Карзай бебурдлик ва иккиюзламачиликда ҳам уларга яқинлашиб қолибди.

Кечагина сайловларни “адолатни ўтди, ҳаммаёқни бузаётган ғарбликлар, халқ менинг орқамда” деб турган Афғонистоннинг ғайриқонуний бу президенти энди икки оёғи ва боши билан битта этикка кирди. Тор келса шундай бўлади, дейишади-ку!

Ҳар ҳолда уни бу мансабга қўйган генераллар сени қаердан топган бўлсак, ўша ерга жўнатиб ҳам қўйиш қўлимиздан келади, деб унинг қулоғига шипшитган кўринадиларки, у сайловнинг иккинчи турига рози бўлди. Бунгача у кўнмай келаётганди ва демак, уни зўрлашди! Зўрдан ҳам зўр бор-да!

Мана энди рози бўлдигина эмас, ҳатто Афғонистон сайлов комиссиясининг мамлакат президентлиги учун иккинчи давра сайловлари 7 ноябрда бўлади, деб қилган эълонини қутлади ҳам. Ё, тавба!

Кечагина сайлов ҳақиқат эди, бу ҳақиқат ҳимояси учун жонимни беришга тайёрман, деб турган одамнинг комиссия қарори “қонуний ва конституцияга мосдир,” дегани сизга кимни эслатмоқда? Ҳа, ўзимизнинг Алдаркўсаларни!

2009 йилнинг 7 ноябр натижалари бўйича балки унинг рақиби Абдулло Абдулло ютар? Қийин масала. Балки унинг ўзи қолар?! Буни вақт кўрсатади. Лекин менга қизиқ туюлгани демократиянинг “д” ҳарфини ҳам ўргана олмаган кимсаларнинг мана шундай турфа тусларга киришларидир.

Нима бўлганда ҳам Афғонбошининг бошини эгишди. Қолган “…боши”ларнинг бошлари қачон эгиларкин? Уларни эгадиган куч бормикан? Гап ана шунда!

НЕГА МЕНДАН ҚЎРҚАДИЛАР?

27 Октябр, 2009 йил

Кеча кечқурун бир киши телефон қилиб, қизиқ гап айтиб қолди. Баъзилар менинг “Озодлик” радиоси ўзбек бўлимига раҳбар бўлиб қолишим(?)дан қўрқиб, унинг олдини олиш учун махсус хатлар ташкил қилиб юришган экан.

У шу гапни айта туриб:

-Нега сиздан бу қадар қўрқишади?- деб қолди.

Унга жавоб бериш ўрнига мавзуни бошқа томонга буриб юбордим. Лекин бу савол қулоқларим остида айланаверди ва жавоб қилиш керак деган хулосага келдим.

-“Демократиянинг сўнгги куни”. Каримов томонидан Ўзбекистондаги демократия учқунларининг ўлдирилиши.

-“Ислом лашкарлари”. Ўзбекистонда режим томонидан яратилган қўрқув ва террор илдизлари.

-“Оқсаройдаги қора ишлар”. Ислом Каримовнинг собиқ қудаси Абдурауф Мақсудий билан суҳбат.

-“Каримовнинг халқдан яширилган сирлари”. Диктаторнинг собиқ куёви Мансур Мақсудий билан мулоқот.

-“Қашшоқ халқнинг бой маликаси”. Гулноранинг сирлари.

-“Ривоятдан қўшиққа”.  Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари…

-“Юсуф Жума минбари”! Миллий шоирнинг асарлари-эфирда!

-“Каримовни яқиндан билганларнинг хотиралари”.

-Ўтган йилларда юз берган қонли воқеаларни нега МХХга боғлашади? Гувоҳлар ва фактлар.

-Ўзбекистонда юз берган воқеаларда Туркия ва Россия махсус хизматларининг қўли.

-“Зайниддин Асқаровни нега гапиртиришди?” Парда орқасидаги гаплар.

Мухолифат жабҳаси:

-Орқаворотдан эмас , юзма-юз гаплашинг. Микрофонлар очиқ.

-Нега мухолифатни мақтаса-ҳақиқат, танқид қилса – туҳмат. Таҳлил.

-Мухолифат ижодкорларининг эркин минбари. Сиёсат ва адабиёт.

Ўзбек зеҳнияти:

-Нега бирлаша олмаймиз?

-Нега мақтовга қулмиз?

-Нега танқидга душманмиз?

-Нeга…? Нега…? Нега..? Саволлар ва жавоблар. Радиокўприк.

Мен “Озодлик”ка раҳбар бўлиб қолсам(?), булар хамир учидан патир… Чунки буларни аллақачон – “Америка овози”да ишлаганимда  “Озодлик”нинг юздан бир имконияти билан амалга оширганман. Бошлиқ сифатида эмас, оддий муҳаррир сифатида. Ўшанда ҳамма бу радиони эшитадиган бўлгани сир эмас ва ҳатто Каримовнинг ўзи ҳам “океан ортидан келаётган овозлар” деб титроқ овоз билан гапирадиган бўлиб қолганди.

Мен кетгандан бери бу мавзуларнинг биттасига ҳам қайтилган эмас.

Шуларни кўз олдига келтирганлар агар фалакнинг чархи тескари айланиб кетиб(!), мен “Озодлик”ка бориб қолсам(?), юқоридаги мавзуларга қўшимча:

-Сарой қуллари. Озод Шарафиддинов, Саид Аҳмад, Эркин Самандаров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Хайриддин Султонов кабилар мисолида радиофелъетонлар.

-Саройдаги сирларни у дунёга олиб кетманг. Жўрабеков, Алматов, Тўлаганов, Йўлдошев, Убайдуллаев, Усмонхўжаев, Нишонов, Халилов ва бошқалар билан суҳбатлар.

-Диктаторга содиқлар. Мустафоев, Иноятов, Мирзиёев кабилар мисолида таҳлил минбари.

-Постингларда эмас, радиорингда жанг қилинг. Мухолифат намояндаларининг очиқ минбари. Жонли баҳслар.

-Қандай дастурингиз бор ва халққа нима берасиз? Мухолифман деган инсонларга эркин минбар.

-Ўзбекистон тарихининг ўчирилган саҳифалари. Гувоҳларнинг кундаликлари.

-Каримов томонидан ўлдирилганлар китоби. Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Эмин Усмон ва бошқа минглаб тақдирлар ҳақида.

-”Қамоқда чиритаман”. Бу гапнинг муалифи Каримов зиндонга отган инсонлар қисмати.

-”Керак бўлса 200 кишининг пешанасидан отаман!” Отилганлар рўйхати.

-Билмайин босдинг тикканни… Диктаторнинг диктатор бўлишига ва саҳнада бунча йилар қолишига кимлар ёрдам бергани ҳақида.

-Дин демократияга душманми? Демократия динга душманми? Баҳслар.

-Гулноранинг изидан… Битта мухбирнинг Гулнора Каримованинг хориждаги изидан юриши ва унга тинимсиз бериладиган саволлари.

-Икки юзли сиёсат. Ғарбнинг Каримовга хушомади ва бунга омил бўлган сабаблар.

-Ўзбекнинг олтинлари қани? Иқтисодий таҳлиллар.

Ва ҳоказо ва ҳоказо… шу каби мавзуларни кўтаришим мумкинлигини олдиндан тахмин қила оладиганлар бор ва шунинг учун ҳам уйқулари келмайди. Чунки бу мавзуларни интернет саҳифаларида жуда кўп кўтардим. “Озодлик” эса бунга журъат эта олмади.

Менимча уларнинг нега қўрқишларини озгина бўлсада жавоблантира олдим. Бошқа гаплар ҳам бор. Бир кун мавриди келганда улар ҳақида ҳам гаплашамиз.

ТЎЙЛАР МУБОРАК!

29 Октябр, 2009 йил

Кеча Жамшид Бек телефон қилди. Ўғли Турон Бек эртага икки ёшга тўлади. Уни қутладик. Туроннинг ҳақиқий бек йигити бўлсин!

Гап орасида Жамшид׃

-Баҳодир аканинг Ўзбекистонга бориши ҳақида ҳатто уни кўрарга кўзи бўлмаган “Озодлик” ҳам ёзди. Лекин сиз нега фикрингизни айтмаяпсиз?-деб қолди.

Унгача ҳам шу йўналишда бир неча мактуб олгандим. Бугун эрталаб электрон почтамни очсам, ижодкор дўстларимдан бири “Буни кўрдингизми? деб Алибой Йўляхшиев ёзган мақоладан бир парча жўнатибди.

“Биламизки, Б.Чориев қочоқлик мақоми олган буюк мамлакатда, у билан бир қаторда Муҳаммадбобир Маликов, Жаҳонгир Маматов ва бошқа шулар каби ўзбекистонлик сиёсий жабҳада таниқли мухолифат аъзолари яшашадилар. Наҳотки Баҳодирбек Ватанига қайтаётиб ўшандай ҳурматли ватандошлари, юртдошлари ҳисобланган кишилар билан ҳам бир дақиқа сўзлашмаган, уларнинг олдидан ўтиб, хайр-маъзур ҳам қилмаган бўлса? Шундай бўлганига ишониб бўладими? Шундай бўлгандир деб ишонишга менда юрак урмайди. Агар Б.Чориевнинг ҳеч бир шартсиз Ватанга қайтиш қароридан ўша ҳурматли кишилар хабардор бўлсалар ва ҳатто унинг бу юришини фақат сукут сақлаш билан (чунки сукут ҳам ризолик аломатидир) маъқуллаган бўлсалар ҳам улар уни қўллаган ҳисобланадилар. Шундай бўлган ҳолда, Америкадаги ўзбекистонлик мухолифат аъзоларининг ҳеч бўлмаганда бир қисмининг умумий фикрига асосан Б.Чориев ватанга қайтиш қарорига келган ҳисобланади. Демак, ана ўша умумий фикр нимага асосланганини оммага очиқ тушунтирилса ёмон бўлмасди. Балки ўша фикр ҳақиқатдан тўғридир, уни оммалаштиришга арзийдигандир. Ўша Ватанга ҳеч бир шартсиз қайтиш фикрлари ҳақиқатан умумга фойдали бўлса, нега ундай фикрлар очиқ ўртага ташланмайди? Нега улардан бошқалар ҳам фойдаланиш йўли ёпиқ қолади? Аммо кўриб турибмизки, ҳозирча воқеанинг ўшандай бўлганига ҳеч қандай ишора йўқ. Демак, Б.Чориев Ватанга қайтиш қарорига келишида мен юқорида исмларини тилга олган ҳурматли шахслар ҳеч бир шаклда аралашмаган деган хулосага келиш мумкин бўлмоқда”.(Янги дунё).

Дарҳақиқат шундай. Баҳодир Чориевнинг Ўзбекистонга боришини ундан эмас, бошқалардан эшитгандим. У йўлга отланганда эса, электрон почтамга Баёноти келди. Кейин уни Тошкентда ушлашди деган гап тарқалди. Сўнг Интернетда мана бу хабар пайдо бўлди׃

“Кеча Қашқадарёдан янги хуш хабар олдик Баҳодиржон ота-онасининг уйида ва унинг узоқдан кузатиш албатта борлиги аниқ, лекин кеча у маҳалласидаги бир қариндошининг тўйига ҳам чиқиб кўрган. У бемалол қариндош уруғлари ва маҳалладаги таниш билишлар билан мулоқотда бўлган. Лекин маҳаллий органларнинг кузатуви барибир сезилиб турган. Мен унинг отаси уйидаги телефон орқали шахсан ўзим гаплашдим. “Бирдамлик” харакат аъзоси Турлибеков Ёдгор”. (Бирдамлик).

Баҳодирни қачондан бери танийман?

Бундан беш йил олдин Москвадан, Баҳодир Чориевдан хат олдим. Унгача уни шахсан танимас эдим. Лекин радиода ишлаганимда “Тошкентда Баҳодир Чориев деган қашқадарёлик бир фермер “Каримовнинг истеъфосини талаб қиламан”, деган ёзувли футболкани кийиб, метрога борганда ушлашибди” деган хабарни олдим. Бу борада бир қанча эшиттиришлар қилгандик ўшанда. Кейин уни калтаклаб кетишганда, ўғли йўқолганда ҳам Тошкентдаги мухбирларимиз орқали бу масалани батафсил ёритиб боргандик.

Балки шундан хабардор бўлса керак-ки, у менга хат ёзиб, Америкага келмоқчи бўлганини айтганди. Мен унга ҳаммага айтадиган гапимни ёзгандим: ”Агар ижтимоий ёрдам олиб яшамоқчи бўлсангиз, Норвегия ёки Швецияга боринг. Америкада тузукроқ яшайман десангиз, жуда қаттиқ ишлаш керак”.

У ишдан қочмаслигини айтиб жавоб қилди.

Америкага келиши билан менга сим қоқди:

-Эртага йўлга чиқаяпман, бориб сиз билан кўришиб келмоқчиман!

У умуман инглиз тилини билмас эди. Бизникига келар экан, йўлда “йўқолиб қолди”. Телефон қилмаган жойим қолмади. Маълум бўлишича, у минган автобус йўлда бузилган ва бунинг устига у мен айтган бекатда эмас, бошқа жойда тушиб қолган экан.

Уни амаллаб топиб олдим.

-Мен Америкага вақтинча келдим. Бола-чақаларни ҳам олиб келсам, кейин қайтиб кетаман,-деди.

-1998 йилда айни гапни Абдураҳим Пўлатов ҳам айтган эди. У “2000 йилда қайтаман” деган эди, аммо мен унга қайтмайсиз, ҳали салом бераман, деган эдим, мана ҳалига қадар қайтган эмас, қайтмайди ҳам,-дедим.
-Аммо мен тўрт йилда қайтаман!-деди Баҳодир.-Оиламни олиб келиб, тинч жойга жолаштирсам, бас, қайтаман!
-Жуда нари борса, вақтинчага борасиз, аммо ортга қайтиб келасиз ёки қайтариб юборишади,-дегандим мен.

У деҳқончиликни, бизнесни балки яхши билар, аммо сиёсатдан хабари йўқ эди. Мен унга кўп нарсани тушунтиришга уриндим. Баъзиларини олди, баъзиларини олмади. Жуда кўп ишни хом қилди.

Масалан, у ҳар байрамда намойишлар қилаяпмиз, фалон жойда фалон минг одам чиқади, каби баёнотлар берганда, бу ёлғончилик, бу ҳукуматга фойда, десам, у “Бу нарса ташкилотни танитишига ёрдам бериши”ни айтарди.

Ёки, бир неча йил олдин хорижий радиоларга қарши очлик қилиб, Вашингтонга келганди. Мен унга бунинг фойдаси бўлмаслигини тушинтиришга жуда кўп уриндим, аммо у қабул қилмади. “Сиздан битта илтимосим, менга инглизчада шиор ёзиб берсангиз, бас” деб оиласи билан келиб, очлик бошлади. Мен ноқулай вазиятда қолдим ва уни қўллаб туришга мажбур бўлдим.

Унинг бошқа бўш ишлари ҳам кўп эди. Масалан, пул билан ҳамма нарсани қилиш мумкин деб ўйларди. Ҳамма бизнесменлар ҳам шундай деб ўйлайдилар. Лекин дунёда шундай ишлар борки, тоғдай пулнинг ҳам кучи етмайди, сиёсат билан ҳал қилиш мумкин.

У муҳожирликни ҳам бизнесга айлантириб юбормоқда, деган хабарлар кела бошлагач ва у ДЎК билан фаолиятини узиб қўйгач, унинг номини ДЎК фаоллари рўйхатидан чиқардик. Буни унинг юзига айтдим ва бирга ҳаракат қила олмаслигимизни таъкидлаб, орани уздим.

Йиллар ўтиб, Юсуф Жума оиласи АҚШга келганда, Гулнора Олтиева:

-Баҳодир мендан “Опа бизни яраштириб қўйинг” деб илтимос қилмоқда,-деди.

Мен унга бизни кимдир орага тушиб яраштирадиган даражада уришмаганимиз, унинг хатолари учун орани узганимни айтдим.

Кўп ўтмай Баҳодир телефон қилди ва мендан узр сўради.

Шу билан телефонда гаплашиб турдик. У мендан Ризо Обид билан орасини тузатиб беришни сўради. Бу ҳам йўлга қўйилди.

У машинасида Американи айланиб юрар экан, тез-тез телефон қилиб турадиган бўлди.

Бир куни ”Озодлик”ка қарши яна намойишга чиқишларини айтди. Мен унга доим бу радиодагиларнинг фаолиятини танқид қилиб туришимни эслатиб, АҚШ шароитида намойишларнинг фойдаси бўлмаслигини тушунтиришга кўп уриндим. Бўлмади. Айниқса унинг эфирдан 10 минут вақт сўраши каби кулгили талаби амалга ошмаслигини англатишга ҳаракат қилдим. Радиода ишлаганим учун ҳам бу борада озми-кўпми билишимни айтсам ҳам қулоқ осмади. Шундан кейин мен ўзимни ундан яна узоқ тута бошладим.

У ҳам қайтиб телефон қилмай қўйди.

Кейин билсам, у Ўзбекистонга борадиган бўлибди. Буни Айдаҳодан эшитдим. Ўзбекистонга бориб, қайтган бир киши билан учрашишга борган экан, хабар ўша ёқдан келди. Балки ўша учрашув уни руҳлантирган бўлса не ажаб?!

Мен Баҳодирнинг нега телефон қилмай юргани сабабини орага яна “деди-дедичилар” кирган бўлса керак деб ўйлардим. Лекин билдимки, у агар бу гапини менга айтса, хато қилаяпсан, деган жавобни олишини билган.

Агар у мен билан маслаҳат қилганда, бу ҳаракатнинг унга, сиёсатчи бўламан деган кишига ҳар томонлама зиён етказишини англатган бўлардим

Биринчи вариант׃ Бир баҳона топиб қамашади. Бу ҳолатда сиздан қаҳрамон ясаб қўйишларини ҳам билишади. Чунки ҳукумат сизнинг ташкилотингизни жиддийга олмайди. Фалон жойда фалон минг одам намойишга чиқади деган қуруқ гапларни эшитавериб, сизни жиддийга олмай қўйган.

Иккинчи вариант: Пўлат Охунов билан бўлган каби аввалига индамай қўйишади ва кейин уй қамоғида тутиш ёки чегарага олиб келиб қувиб юбориш. Бу ҳам сизга обрў келтирмайди. Ҳукумат сизни қамамай чиқариб юборди ва жиддий мухолифатчи эмассиз, деган гаплар очиқдан очиқ айтилади. Ҳатто сизни атайлаб чиқариб юборди дейишса ҳам бунга кўпчилик ишонади.

Учинчи вариант׃ Сизни озгина тазйиққа оладилар ва сиз қочиб чиқасиз . Бу сафар одамлар нега ана у қашқадарёлик ҳеч ким танимайдиган битта фермер қайтиб борганда, ушлаб, қамаб қўйишдию нега шунча шовқин қилиб юрганингиз билан сизга индашмади, дейишади. Баъзилар эса, сизнинг мақсадингиз қайтиб бориб мухолифатчилик қилиш бўлмаган, бунга имкон йўқлигини ахмоқ ҳам билади, сиз бир бориб, ота-онангизни кўриб келмоқчи бўлгансиз, ҳам деб айтадилар.

Хуллас, ҳар қандай вариантда ҳам бу сиёсатчи учун мағлубият деган бўлардим. Шунда у менга бундан 15 йил олдин ёзганим׃ “Лидерларнинг ўрни ватандадир” деган мақоламни эслатиши мумкин эди. Агар ўқиган бўлса, табиийки! Агар ўқиган бўлса ва ҳақиқатдан ҳам ўзини лидер деб ҳисоблаб, ўзи радиолардан бирига айтгани каби “Ватаннинг қамоғи ҳам Ватан” дегани гапи самимий бўлса, у ҳолда Баҳодир баҳодир экан! У ҳолда Баҳодирга баҳодирлик муборак! Агар баҳодирлик қамоқда ўтиришдан иборат бўлса…

Дарвоқе, унинг Ўзбекистонга қайтиши ортида қандайдир кучлар бор деган гапларга асло ишонмайман! Чунки бугун ўзбек мухолифатчилари ичидан кимнидир жиддий оладиган, кимгадир ишонадиган кучнинг ўзи қолмади. Хориждагиларни қўяверинг, ҳатто Ўзбекистонда ҳам…

Лекин ишонаманки, мен унга бундан беш йил олдин айтган гап исботини топади. Яъни у барибир АҚШга қайтиб келади. Нима бўлганда ҳам мен унинг бола-чақаси бошига тезроқ, эсон-омон қайтишни тилайман. Унинг Дадахон деган паҳлавонсифат ўғилчаси ва қолган фаразандлари – унинг халқи, унинг бирдамлиги- олис бир ўлкада лидерсиз қолишини истамасдим!

Ушбуни ёзиб, эълон қиламан, деб турганимда вақтинча Қозоғистонда бўлган ёш бир сиёсатчидан хат келиб қолди׃
“Баҳодир Чориев қаршиликсиз Ўзбекистонга кириб, тўйларда юрибди, у раҳбари бўлган “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўйича раиси Дилором Исоқова эса қаршиликсиз Брюселга келиб, андижонликлар, диндорлар билан бирга Каримов режими ҳақида кескин баёнотлар бермоқда. Балки ростдан ҳам нималардир ўзгараётгандир?”

Менимча, ҳеч нарса ўзгараётган эмас. Мана кўрасиз…Эски тос, эски ҳаммом!

СИЁСАТНИ БИЛАМИЗМИ, ЎЗИ?

5 ноябр, 2009 йил

Бугун бир сайтга назар солсам, баъзилар 20 йил илгари бўлгани каби бугун ҳам “Ўзбеклар демократияга тайёрми ёки йўқми?” деган мавзуни “чайнаб” юришибди. Бугунга келиб бу масалага бот-бот қайтишдан олдин, менимча “Биз сиёсатни биламизми, ўзи?” деган саволга жавоб бериш керак.

Бундан роппа-роса бир йил олдин “Биз умуман сиёсатни билмас эканмиз, ўтган йилларда сиёсатнинг “с” ҳарфини ҳам ўрганмабмиз-ку” деган фикр ҳар куни, ҳар соатда фикримда чақмоқ қаби чизиқ чизарди.

Гап шундаки, сиёсатга кирган ҳар қандай киши бир неча манфаат билан юзма-юз келади.

1.Шахсий манфаат.

2.Миллат ва мамлакат манфаати.

3.Дўстлар ва шериклар манфаати.

4.Дунё манфаати.

Аслида сиёсатга кирмаган одамнинг ўзи йўқ ҳисоби. Сайловга бориб овоз бердингизми- бу сиёсат! Сайлов ҳақида, ҳукумат ҳақида, амалдорлар борасида, ҳатто автобуснинг вақтида келмагани хусусида очиқ фикр юритдингизми, демак сиёсатга кирдингиз.

Маълумки, собиқ президент Буш жуда ёмон раҳбар эди. Буни айтмаган одам қолмади. Унинг муддати битиб, саҳнадан кетаркан, унинг ўрнига кураш бошланганда бизникилар, бир неча киши истисно, Обама номзодини қўллай бошладилар. Ҳатто уни ёқлаб овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлсалар ҳам унинг номзодини қўллаб, хушнудлигидан ухламай тонг оттирганларини айтганлар бўлди.

Ўзини дунёнинг олд сиёсатчисиман деб ўйлаган баъзи бечора “лидерлар” эса оз қолсин яланғоч ҳолда кўчага югуриб чиқадиган каби севиниб, бақириб юрдилар. Тарафсизлиги нолга тенг бўлиб қолган ва тарафкашлик эталонига айланган ўзбек тилидаги хорижий радиоларда ҳам ҳар куни Обамачи ўзбекнинг севинчли садоси бор эди.

Фақат икки-уч кишигина онда-сонда Маккейн номзоди ҳақида гапирарди. Маккейн кекса, қолаверса, у республикачилар партиясининг номзоди эди. Бизникиларни бу эмас, балки у сайланиб қолса, Ироқ ва Афғонистонда, ўзлари яшаб турган жойларда Буш сиёсати давом этади деган хавотирлар чўчитарди. Яъни юқорида санаганимиз манфаатларнинг биринчиси – Шахсий манфаат ишлаётганди. Чунки Буш сиёсати туфайли дунёда мусулмонларга жуда қийин бўлиб қолганди ва ҳар бир киши шахсий манфаатидан келиб чиқиб, Обаманинг ваъдаларига ўзини ишонтирганди. Буни тушуниш мумкин.

Қолаверса, Дўстлар ва шериклар манфаати ҳамда Дунё манфаати ҳам бу ерда кечарли. Буни ҳам тушуниш мумкин. Лекин “миллат ва мамлакат манфаати ҳақида ўйлаяпман” деганларнинг аксарияти Обамани қўллаганларини тушуниш қийин эди. Менинг ҳафсаламни пир қилган нарса ана шу бўлган.

Чунки миллат ва мамлакат ҳақидаги иддаолар самимий бўлганда бу ҳатто Шахсий манфаатга зид бўлса ҳам Маккейн номзодини қўллашган бўлишарди.

Америка тарихида Ўзбекистон деган ўлканинг муаммосини биладиган ва Каримовнинг ҳақиқий баҳосини берган саноқли сиёсатчилардан бири Жон Маккейн эди. Унинг Каримов билан ҳисоб- китоби бор. Каримов уни Ўзбекистондан қувган ва у бундай таҳқирни унутмаганди. АҚШда Андижон воқеаларини ҳам дадил кўтарган ва ўзбек сиёсий маҳбусларининг бир қанчасини исма-исм билган ҳам Маккейн эди.

Маккейннинг сайланиши чет элларда яшаётган биз ўзбекларнинг шахсий манфаатимизга балки зид, лекин Ўзбекистон ва ўзбек халқи манфаатига мос эди. Менинг назаримда бу дунё манфаатига ҳам мос келарди. Чунки Обама тажрибасиз. Қоп-қоп ваъдалар беравериши аммо уруш йўлини ўзгартиришга кучи етмаслиги кўриниб турганди. Айниқса, унинг “диктаторлар билан диалог бошлайман” дегани ҳам бизни ўйлатиши керак эди!

Мана орадан бир йил ўтиб, обамачиларнинг тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Кечагина Обама деб бақириб юрганар бугун аллақачон уни баралла танқид қилишмоқда. Бугун улар ҳақли. Лекин бир йил олдин улар сиёсатни билмасликларини кўрсатиб қўйгандилар. Обама маъмурияти Ўзбекистондаги инсон ҳақларидан кўз юмиб ҳам бизникиларнинг сиёсатни билмаслигини кўрсатган бўлди.

Ўзини мухолифатчиман деб юрган баъзи “доно”лар шахсий манфаатини миллат ва мамлакат манфаатидан устун қўйиб, диктаторга қучоқ очиш сиёсати “яхши бўлди ва мана Ўзбекистонда сиёсат юмшамоқда” дейишга қадар боришмоқди. Бу энди разолат. Қип-қизил масхарабозлик! Ўзбекистонда мухолифларга қарши сиёсат юмшаганмиш. Бу латифасини боласига айтса, у ҳам унинг устидан кулади!

Қолаверса, Обаманинг дунё манфаатлари борасида Бушдан ошиб тушаётганини кўриб турибмиз.

Бундан бир неча кун олдин ана шу Обамадан хат олдим. У мендан оралиқ сайловида қатнашиб, Виржиния губернаторлигига у қўллаган номзод – демократик партия номзодига овоз беришни сўраётганди. У 600.000 минг кишига ана шундай хат йўллабди. Ўзи бир неча марта Виржинияга келиб учрашувлар ўтказди ҳам. Аммо Виржиния уни қўлламади – 2008 йилда уни қўлллаганлар 2009 йилда қўлламадилар. Ҳа, сиёсатни билмаганлар бу ерда ҳам кўп экан ва улар ўз хатоларини кўриб қолдилар. Бир йилдан сўнг…

Бу эса сиёсатни билмаслик АҚШда ҳам биздаги каби экан-ку, деган хулосага олиб келиши мумкин. Лекин мен бунга қўшила олмайман. Чуни Виржинияда овозлар Обамага кетиши учун 2008 йилда асосан хориждан келиб доимий яшаётганлар ва уларнинг фарзандлари муҳим рол ўйнадиар. Вержиния сайловининг тақдирини унинг шимолий қисмида яшаган ҳиндлар, хитойлар, корейслар, афғонлар, форсийлар, туркийлар, испанлар, африкаликлар ва бошқа муҳожирларнинг янги авлоди ҳал қилганди.

Сайловда кимгадир овоз бериш ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи ва бунинг учун уни айблашга бировнинг ҳаққи йўқ. Шу қаблалмилоддан қолган қоидадан келиб чиқиб, мен ҳам ҳеч кимни айблай олмайман, балки уларнинг қарашларини ҳурмат қиламан. Аммо бундай ҳолдан асабимни эговлаган турли саволларга жавоб топгандай бўламан. Жумладан, “Биз сиёсатни биламизми, ўзи?” каби саволга ҳам.

АЛВИДО БАРНО! АЛВИДО РУХШОНА!

6 ноябр, 2009 йил

Бугунги тонгни даҳшатли хабар билан қарши олдим! Миллатпарвар адиб Дилмурод Саййиднинг умр йўлдоши Барно ва қизи Рухшона Навоийга, уни кўрмоққа бораётганда, Сирдарёда автоҳалокатга учраб вафот этишибди. Жойлари жаннатда бўлсин ва Дилмуродга бардош берсин, дейману юрагимдаги вулқон тинмайди.

Бу не кўргулик?

Бу не даҳшат?

Шу йилннг 14 сентябр куни Барно Жуманова деган аёлдан хат олдим. Ўқиб кўрсам, Дилмуроднинг умр йўлдоши экан. Унинг мактуби жуда дардли ва кимсасиз саҳрода қолган кишининг фарёди каби эди. Мен қачондир бу мактубни эълон қилишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Лекин бугун биз кимдан ажралганимиз ва нега ажралганимизни идрок этиш учун бу мактубни эълон қилаяпман.

“МУҲТАРАМ ЖАҲОНГИР МУҲАММАД! Мен турмуш ўртоғим Дилмурод Саййиднинг 11 сентябрдаги апелляция судига бориб, қаттиқ тушкунликка тушдим. Чунки ноҳақ чиқарилган ҳукм қонуний топилиб, ҳеч бир асоссиз ўз кучида қолдирилди. Ундан ташқари Дилмурод аканинг ҳам гаплари юрагимни эзди. Уларнинг аҳволи яхши эмаслиги, озиб-тўзиб кетганлигидан ҳалигача ўзимга келолмаяпман. Энг таъсир қилгани, уларнинг менга айтган қуйидаги гаплари бўлди:

“Барно, мен бу ерда нима бўлишим ноаниқ, ҳалитдан баҳона билан, арзимас сабабни рўкач қилиб, НАРУШЕНИЯ ёзишди. Тўғрисини айтсам, бу ердан тирик чиқишимга ишонмайман. Овқат масаласи муаммо, дори-дармон умуман беришмайди. Бир ёқда соғлигимга путур етиб бўлди. Ҳатто юрагим ёмон бўлганда ҳам биринчи ёрдам беришга шошилишмади. Бу ҳол Тайлоқ туман ВУТИсида ҳам бўлганди. Мен Тайлоқ туман ВУТИси бошлиғига ариза билан мурожаат қилганим учун уйдан келтирилаётган овқатни умуман бердирмай қўйишувди.

Ҳозир Каттақўрғон турмасида ҳам бундан баттар бўлса баттарки, яхши эмас. Энди сендан ягона илтимосим, қизимиз Рухшонага яхши қара, уни ҳеч нимага зориқтирма. Мабодо менга бирор нима бўлса, менинг йўқлигимни билдирма. Бу гапларни ҳеч кимга айта кўрма, орамизда қолсин. Ойимнинг кўнгилларига ҳам қаранглар, хафа қилманглар. Мен Худонинг олдида ҳам, бандасининг олдида ҳам ҳақман! Шунинг учун қаддингни тик тутиб юр, ҳеч қачон йиғлама. Бу гапларни ҳар эҳтимолга қарши айтиб қўяяпман, чунки эртага нима бўлишини худо билади. Ўртамизда яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса, мени кечир, мен ҳам сендан розиман…”

МУҲТАРАМ ЖАҲОНГИР АКА! Бу гаплардан кейин баттар сиқилдим. Адолатнинг йўқлиги, ғаразгўйлик юртимиз раҳбарларига, хусусан, суд, ҳуқуқ тартибот органларига теккан касал эканлиги мени бир томондан эзса, иккинчи томондан турмуш ўртоғимнинг касаллигидан сиқиляпман.

Қолаверса, ҳозир ҳеч қаерда ишламаяпман. Қаерга иш излаб борсам, бошида ишга қабул қилишади ва… кимлигимни қаерлардандир, кимлардандир эшитиб, тайёрлаган ҳужжатларимни қўлимга қайтариб беришади. Шунинг учун моддий томондан имкониятларим чегараланган. Тахминан май ойларида “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамиятга турмуш ўртоғим номига ёрдам тариқасида 2.500 АҚШ доллари келганлигини адвокат Суҳроб Эргашев телефон орқали айтувди. Кейин Васила Иноятова билан боғландим ва у менга оилавий ёрдам сифатида икки юз доллар берди. Кейин дори учун яна икки юз доллар берди. Мен судга қатнашга деб ёрдам сўраганимдан кейин 360 000 сўм пул берилди. Ўша пулдан 300 доллар пулни адвокат (аслида ҳамма ишни расво қилган одам!) Ҳасан Маҳбубовга В.Иноятова берган.

Суд жараёнларига қатнаганда, пул масаласида жуда қийналдик. Ёрдам пулини суриштиришга мажбур бўлдим. Лекин 2.500 доллар пул келди деганлар бор-йўғи минг доллар келганини, менга хато айтишганини гапириб, узр сўрашди.

Ундан кейин Ҳусниддин исмли йигит ва адвокатимиз Руҳиддин Комиловнинг ҳаракатлари билан менга қайсидир чет эл ташкилоти (номи эсимда қолмади!) 1060 доллар пулни ўз қўлимга беришди.

Шундан бери ўша пулни сиқимлаб ишлатаяпману, аммо шунинг ҳам таги кўриниб қолаяпти. Бизда мелиса билан дўхтирга ишинг тушмасин, деган гап бор. Ростдан ҳам бу гап тўғри экан. Бориш-келиш, у-бу нарса бериш, сарсон-саргардонликда қўлимдаги пуллар сочилиб кетаяпти. Турмуш ўртоғим учун нимаики олиб борсак, қамоқхона мелисалари ярмини беришади ёки умуман беришмас экан. Берилган нарсаларни рўйхат қилиб киритсам, рўйхат йўқолди, дейишади. Шикоят қилишга чўчийман, чунки Дилмурод ака ўшаларнинг қўлида. Бунинг охири нима бўлади, билмайман. Шунинг учун ўйлаб-ўйлаб, Сизга мурожаат қилишни маъқул топдим.

ЖАҲОНГИР АКА! Сиз ҳақингизда орқаворотдан ҳам фақат яхши гаплар эшитганман, яхши инсон сифатида танийман. Дилмурод ака ҳам Сизни тўғрисўз инсон деб ҳурмат билан тилга олардилар. Қолаверса, ўзим ҳам самарқандликман, юртдош сифатида ҳурмат қиламан, газеталарда чиққан мақолаларингизни кўп ўқиганман. Айниқса, Сиз мустақиллик кунида Олий Минбардан туриб, баттол Каримовга қарата “Ўзбекистон онангизнинг маҳрига тушган эмас!” деган сўзларингизни умрбод эсимдан чиқармайман.

Фалакнинг гардишини қарангки, Сиздек тўғрисўз, мард, жасур, фидойи инсонлар чет элларда юришибди. Қодир Худойим тарозининг палласини тенг яратади. Албатта, бунинг ҳам жавоби, савоби, мукофоти бор, насиб қилса. Бир кунмас бир кун Сиз юртимизга қайтиб, Ватан ичида савобли ишларингизни давом эттирасиз, деган умиддаман. Айнан шуларни ҳисобга олиб, Сизга мурожаат қилишни, маслаҳатингизни олишни маъқул топдим. Йўқчилик жўмарднинг қўлини боғлайди, деганлари ҳаққи рост. Мен ҳам ўз ғуруримни синдириб, мабодо иложи бўлса, турмуш ўртоғим учун Сиздан маънавий ва моддий кўмак беришингизни, ҳеч бўлмаса, ўз маслаҳатингизни аямаслигингизни қаттиқ илтимос қиламан. Бизга ёрдам беришни истаганлар бўлса, улар билан боғланишимга амалий кўмак беринг, илтимос. Қаттол КАРИМОВ қатағонининг бир қурбони сифатида СИЗ мени тўғри тушунарсиз, деган умиддаман.

Сизга чексиз эҳтиром ва самимий ишонч билан Дилмурод САЙЙИДнинг турмуш ўртоғи Барно Жуманова”.

Бу мактубни ўқиб жуда эзилдим ўшанда. Умр йўлдоши ҳам Дилмурод каби истеъдодли қаламкаш экан деб ўйладим. Унга жавоб ёзарканман таскин берадиган сўзлар топа олмадим. Унинг мактубини эълон қилиб, оиласига ёрдам тўплашни ҳам ўйладим. Лекин оғзига кучи етмаганлар буни ҳам бошқа томонга буриб, қамоқдаги одам устидан пул қилишмоқда дейишдан қайтмасликларини ўйладим. Хуллас, ўз шахсий имкониятимни кўриб чиқиб, имкон қадар ёрдамимни юбордим. Бугунги коррупцияга ботган Ўзбекистон шароитида бу жуда оз нарса эди. Лекин Барно буни жуда катта ёрдам деб қабул қилди׃

“Ассалому алайкум мухтарам Жахонгир Мухаммад! Юборилган нарсани олдим, илтифотинигиз ва мехрингиз учун яна бир бор рахматлар айтаман. Сизни ва оила аъзоларинигизни якинлашиб келаётган Муборак Рамазон хайит байрами билан чин дилдан табриклайман. Доимо мурод ва максадингизга етинг, болаларингизнинг рохатини куринг. Хаммамизни Аллох узи ярлакасин. Дилмурод ака хакида бериб бораётган материаллар учун миннатдорчилик билдираман.

Самимий хурмат билан Барно. 19 сентябр”.

Мана бугун электрон почтамнинг архивида қолган ана шу хатларни ўқирканман, изтиробнинг қиличи мени парчалаётгандек… Мен ушбуни кўзда ёш билан ёзаяпман, ёнимда умр йўлдошим йиғлаб турибди…

Ҳамдардлигимизни кимга айтайлик?

Ҳамдардлигимизмни кимга билдирайлик?

Дилмурод Саййидгами? У ахир зулмнинг зиндонида. Уни руҳан синдирган Каримов зулми бугун уни жисмонан ҳам букди…

Миллатим, халқим деган буюк инсоннинг бошида бу қадар оғир дардлар бўларканми-а?

Эй,  золим Каримов!  Бугуноқ Дилмурод Саййидни зиндонингдан чиқар,  у севгили ёрининг, дунё қадар азиз Рухшонасининг жонсиз жасадларини сўнгги бор  кўрсин! Сўнгги бор бағрига боссин! Уларнинг қабрини қучоқлаб йиғласин! Балки ўшанда у тирик қолади! Бўлмаса, унинг ҳам қотилисан, ЗУЛМ!

ҲАЛОКАТ ОРТИДАГИ САВОЛЛАР

10 ноябр, 2009 йил

Раҳматли амаким “Ётишдан олдин каравотнинг оёқларини, машинага минишдан олдин баллонларини текшириб кўр”, дер эдилар. Буни кимдир шубҳаланиш касали ҳам дейиши мумкин. Аммо шубҳаланмасангиз ҳақиқатни топа олмайсиз ва кўзингиз очилмайди.

Дилмурод Саййид оиласининг бошига келган фожеани бир неча кунки унута олмаяпман. Савол устига савол қўшилмоқда. Бу саволларни аввал адиб Ризо Обид билан ўртоқлашдим. У ҳам ўйланиб қолди. Кейин ҳуқуқбон Ёдгор Турлибеков билан… У ҳам “Ҳа..я” деб қолди. Сўнг бошқалар билан ҳам гаплашдим. Қолганлар ҳам саволларим қуруқ шубҳа эмаслигини айтишди. Шунинг учун ҳам бугун улар ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Автоҳалокат пайшанба куни тушдан сўнг содир бўлди.

Барно Жуманованинг ҳужжатларига кўра, у Тошкентда яшайди. Демак, миршаблар дастлаб Тошкентга хабар беришлари керак. Унинг кекса отаси эса, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги олис бир қишлоқда истиқомат қилади. Уни топгунча камида бир-икки кун кетади. Лекин…

“Кеча кечқурун (воқеа куни-ж.м.) соат 10.30 ларда Дилмурод Саййиднинг хотини Барно Жуманованинг отаси телефон қилиб¸ Сирдарë вилояти Оқ олтин туманида автоҳалокатга учраб¸ Барно Жуманова ва унинг қизи (оламдан-ж.м.) ўтганлиги тўғрисида маълумот берди…,-деди Руҳиддин Комилов”. (“Озодлик”. 6-ноябр).

Раҳматли Барно Жуманова отасининг якка қизи бўлган, Рухшона эса унинг бирдан бир невараси. Бундай пайтда ҳар қандай ота даҳшат ичида қолади, ўзини йўқотади ва фикрларини жамлаб олгунча кунлар ўтади орадан…

Бунинг устига  автоҳалокатдан кейин дастлабки текширув учун кетган вақт, тергов очилиши учун  ҳужжатларни ҳозирлаш, ҳалок бўлганларнинг кимлигини аниқлаш, воқеа жойидаги текширув, медицина экспертизаси хулосаси… ва  ҳоказо-ҳоказолар учун кетган вақтни тасаввур қилсангиз  савол туғилаверади.

Хабарни бунча тез Булунғурнинг чанг кўчаларидан аранг етиб бориладиган қишлоғига ким етказди? Наҳотки, Ўзбекистонда миршаблар шунча тез ишлайдилар?  Америка филмларидаги каби ”супер миршаблар” борми ёки?

Шу куниёқ воқеа жойига етиб келган кекса ота дарҳол Тошкентдаги адвокатга  қандай телефон қилди?  Фарзанди ва неварасидан ажралган одамнинг дарҳол адвокатга телефон қилиш хаёлига келадими ёки унинг ёнида “шу номерга сим қоқинг” деган,  балки номерни териб берган одам бормиди?

Одатда тергов идораларидан хабар чиқиши жуда қийин. Лекин бу воқеа ҳақида эртасигаёқ улар етарли қадар маълумот сиздиришгани ва ҳатто “Нексия” машинасининг шофери ургутлик эканлигини ҳам билдиришгани сизни ўйлатмадими? Ёки Ўзбекистон ДАН ходимлари шу қадар илгарилаб, воқеа ҳақида шунча тез маълумот берадиган бўлиб қолганларми? Агар шундай бўлса, бирор жойда ҳалокат юз берганда ҳафталаб хабар ололмаган одамлар туҳматчи эканларда-а?

Суд-мед экспертизаси Ўзбекистонда шунча тез ўтказиладимики, марҳумлар воқеадан 24 соат ҳам ўтмай дафн қилинди?

Ўзбекчиликда бундай пайтда қишлоқ оқсоқоллари ҳукумат идорасига бориб, илтимос қиладилар, “Барака топгурлар, оила бошлиғи қамоқда, бир кунга бўлса ҳам жавоб беринглар, хотини ва боласини ўзи кўмсин, қабрларига тупроқ ташласин”… Йўқ, бунақа гап йўқ. Худди кимдир пешанага таппоча ўқталиб турган каби марҳумларни дарҳол кўмишди. Нега?

Воқеа содир бўлган кундан бери Барно Жуманованинг отаси авария тасодиф эканлигини бот-бот урғуламоқда. Худди унинг ёнида биров ўтириб шу гапни айтинг деяётган каби. Ахир ҳар қандай инсон ҳам энг аввалло шубҳага боради-ку? Айниқса, куёви таниқли журналист, ҳукумат унга туҳмат уюштириб, зиндонбанд этган бўлса? Бунинг устига ”паспортини олиб кел” деб қизини қамоққа чақиришган бўлишса?

Дарвоқе, мен билган Ўзбекистонда паспорт деганини суддан олдин, терговдан олдин олиб қўйишарди. Тергов қилинаётган одамнинг кимлигини аниқлаш учун энг аввало унинг ҳужжати олинади, ахир? Ёки Ўзбекистон судлари кимлиги аниқланмаган одамларни суд қилаверадими? Ҳатто бирор сабаб билан олиб қўйишмаган бўлишса ҳам қамоқ маъмурияти паспорт талаб қилганини мен 55 йиллик ҳаётимда илк бор эшитиб турибман… Сиз эшитганмисиз?!

Мен бу ҳалокатни ҳукумат уюштирган деган хулосадан йироқман. Булар тасодифдир, балки? Аммо битта воқеада тасодифлар шу қадар кўпки, улар савол устига савол қалаштиради.

Ҳукумат одамлари Барно Жумановани кузатиб юришган ва  ҳалокат юз бериб, улар нима қилишларини билмай, воқеани апал-тапал тинчитиб юбормоқчи бўлишдими? Кўринмас куч ҳаракат қилганга ўхшамаятими, сизга?

Ҳукумат бу воқеа жамиятдан норози одамларни бир жойга жамлашидан қўрқдими? Ундай бўлса нега хабарни бунча тез чиқаришди?

Ўзбекистонда ҳамма нарса шунчалик назорат остидами?  Бунга ҳам ишона олмайман!

Гумон қилишга ҳаққим йўқ, аммо савол беришга ҳамма каби менинг ҳам ҳаққим бор.  Жавоб эса йўқ. Худди ҳар доимгидагидек…

Дарвоқе, даҳшатли бу воқеа сизда ҳеч қандай савол уйғотмадими?

Хўш,  автоҳалокат тасодифлигига урғу берган Би-Би-Си, “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари-чи? Улар нега бундай саволларга жавоб изламаётирлар? Энди бу ҳам савол!

МУНОСАБАТ
11-ноябр, 2009 йил

Таниқли журналист Дилмурод Саййиднинг оиласи бошига тушган фожеа уйғотган саволларни кеча ёзгандим. Шу муносабат билан электрон почтамга бир қанча хат келди. Жумладан, жиззахлик ҳуқуқбон Бахтиёр Ҳамро ҳам муносабат билдирибди. Унга бефарқ қолмагани учун миннатдорчилик изҳор этган ҳолда битикларидаги баъзи хатоларни тузатмай, “ипидан игнаси”га қадар қандай бўлса, шундайлигича келтираяпман׃

“Жахонгир ака, хозир бирор вокеа муносабати билан алохида авто улов ажратиб хабарлар айтилмайди. Каватли уйимиз ёнида мултони (лули) бир кули билан ахлатхонани титкилаётгани, иккинчи кули билан эса кул телефонида ким биландир сухбатлашаяганини гувохи булганман. Бунинг устига, хозир, муштдай болаларнинг купчилигада кул телфони бор.

Тахмин килсак тахминлар купдир. Автохалокатда, ДАН ходимлари Рахматли Барнони машинанинг тагидан олиб чикканда кул телефони чиккан булиши ва улар кунгирок килган булиши мумкин, ёки, касалхонага олиб борганда кимдир, кул телефонидаги ёзувлардан келиб чикиб дадасига ва бошкаларга кунгирок килгандир. «Нексия» русумли машина чикилса, Булунгурдан 1,5 соатда етиб келади. Майли 3 соат хам кетди дейлик. Дадаси келган, курган, вокеа кандай руй берганлигини хакида маълум даражада билган.

Бундай фожеа утгандан сунг албатта жиноят иши очилади ва хакда хам билан булиши мумкин. Дилмуроднинг адвокатига, ва бошка шу иш билан боглик инсонларга, улар хар доим богланиб турганлиги учун барча вокеа жараёнларини Барнонинг дадаси айтган булиши мумкин. Вокеа кундузи соат 10-30 ларда (ёки тушдан кейин) руй берган, кечгача улар «Озодлик» ка етказган. Шу куни ва эртаси, бу иш билан каттик шугулланган «Эзгулик» ташкилоти хабар таркатган.

Энди, паспорт масаласиди: Ака, сир эмас, бу хукумат паспортсиз хам ким канча одамларни камаб юборишди. Масалан, углим Ихтиёрни хам паспортсиз суд килиб юборди. Терговчи неча марта сураганига карамасдан, паспорт олиб бориб берилмади. Терговчига «Сиз шахси аникланмган шахсни тергов килаяпсан» деганман.

Жахонгир ака, «Бу вокеадан нарози одамлар бир жойга жамланишдан («жамлашдан» деб ёзгансиз) куркдими? деб ёзибсиз. Бу хукумат, аллакачонлардан бери нарози одамларни тан олмай куйишган.

Шу билан бирга, Узбекистон ичкарисидаги фаолият олиб бораётган мухолифатнинг салохиятини Андижон фожеасидан кейин булиб утган тозалашлардан сунг умуман тан олмай куйган. Бу хакда, узингиз Баходир Чориевнинг ватанга кайтиши хакида ёзган маколангизда чиройли килиб келтиргансизку?

Бундай фожеа руй берганда албатта тезликда экспертиза утказилади. ДАН ходимлари учун, машинанинг эгасини топиш кийин иш эмас. Чунки, хар бир блок постда кайси машина, кай вактда утганлиги узулксиз кулда руйхатга олинади. Якиндан бошлаб эса, Тошкентга хар бир кириш блок постларда видео кузатув жихозлари урнатилди.

Хозир, умуман бунга анча булди, яъни Узбекистон фукароларининг деярли хаммаси, бирор жойга чикканда паспортини олиб чикишади. Шундан келиб чикиб холок булганларнинг хаммасидан паспортлари чиккани аникдир. Оксоколлар хакида ёзибсиз.

Бунга, бир-икки кун илгари булиб утган вокеани айтиб куя колай. Махалламизда, ун чоглик баккуват ёшлар тупланиб турибди. Мен утиб бораяпман. Бир барзанги маст келдида, халиги йигитларнинг бирини «Каердансан, тагинг каердан чиккан ва хакозалар» деб роса хакорат килди. Ёнидаги ёшлар эса жим. Ёшимдан келиб чикиб «Отанг яхши, онанг ёхши, куйинг ука, яхши одамнинг углисизку, куйинг бу ёшларни, уз йулида кетаверсин?» дедим. Онам хам, отам хам колмади. Роса мени хакроат килди. Мен, мастдан умуман хафа булмадим. Аксинча ёшлардан, вокеани жимгина кузатиб турганидан хафа булиб кетдим.

Юкоридаги фикрларимдан келиб чикиб, булиб утган фожеани тасодиф деб уйлайман.

Бахтиёр Хамро.
10 ноябрь 2009 йил.
Жиззах шахри.”

Бахтиёр Ҳамрога фақат ёзувимдаги у хато деган жумла стилистик жиҳатдан тўғри эканлигини таъкидламоқчиман. Мен “Ҳукумат бу воқеа жамиятдан норози одамларни бир жойга жамлашидан қўрқдими?” деб ёзганман. Бу жумла иқтибос тарзида олинганда нотўғри кўчирилган.

Бошқа хатлар ҳам олдим. Улардан ҳам бирини келтираман. Буниси ҳам русча ҳарфли компютерда ёзилган, шекилли, “ҳ” ўрнига “х” каби ҳарфлар тушган ва Бахтиёр Ҳамронинг мактубида сақлаб қолганим каби бунда ҳам уларни тузатмасликни лозим топдим.

“Ассалому алайкум Жахонгир ака.
Согликларингиз яхшими?

Халокат ортидаги саволларни укиб жуда хам таъсирландим. Гапнинг очиги мени хам шу савол халокат хакида эшитганимдан бери кийнайди. Факат купчилик уюштирилган булиши мумкин деган тахминимни “кандай килиб?” деб енгиб юбораётганига индамай келаётган эдим.

Агар уюштирилган булса, унинг ортида ким турипти, Жомбой катталарими? Зеро, хукумат учун Дилмурод ака жуда хам майда масаламикан, дейманда. Аммо Жомбой учун, мана шу суд, унинг кетидан бошланган овозалар уларнинг куп ишларига зарба бердида. Мен негадир шу томонни уйлаябман…

Саволлар тугри куйилган, менда хам шу саволлар кайнаяпти, эх…
Самимий хурмат билан, Иброҳим Ҳакимов.

Демак, ёзганларим икки хил акс-садо берди. Бу табиий.

Лекин мутлақо ҳукумат тарафини олиб ёзилган хатлар ҳам бор.

Гарчи кечаги ёзувимда׃ “Мен бу ҳалокатни ҳукумат уюштирган деган хулосадан йироқман” жумласи мавжудлигига қарамай ҳукуматпараст бир киши исмини яширган ҳолда “Наҳотки ҳукумат олтита бегуноҳ инсонни қурбон қилади?“ деб ёзибди.

Эҳ, биродар, наҳотки, Андижон унут бўлди?

ҚИЁМАТ ҚИЁФАСИ
18-ноябр, 2009 йил

Кеча ҳафтанинг энг катта воқеасига айланган ва кўпчиликнинг оғзидан тушмаётган “2012” филмини бориб кўрдим. Филм бугунгача кўп гапирилган қиёматнинг расмини, қиёматнинг қиёфасини чизган׃
Одамнинг одамийлиги муз каби эригани…
Одамнинг ҳайвонлиги қон билан бўғилгани…
Умрнинг тилоғочдай узунлиги…
Умрнинг сополакдай улоқтирилиши..
Муомаланинг суйри каби ўзгариши…
Манфаатнинг ливатгардай турланиши…
Даҳшатнинг рўдапо оёқлари…
Ваҳиманинг учалатой сояси…
Рўйинатан, маккор табиат…
Заминнинг унгурларга айланиши…
Бойликнинг қазна каби бир пул бўлиши…
Миллионларнинг қудрати тийинга тобе бўлиб қолгани…
Мансабдорнинг қандала ҳоли…
Мансаб ибодатхонасининг қулаши…
Қасос, интиқом, ўч олишнинг интиҳоси…
Қаримтанинг ибтидоси…
Жонни сақлаш учун курашнинг қулғуна хасталиги каби нафратли башараси…
Бошпаналарнинг тегирмон чанглари орасида қолган теганага айланиши..
Азм миноралар, ҳайбатли бинолар, шамолнинг ўйнаши бўлган оғочларнинг хасдай ҳоли…
Палпиз нокасларнинг бирин-кетин чоҳга қулаши..
Фосиқ кимсаларнинг тубанликка учиши…
Умид ниҳолининг қилич бўлиб зулматга санчилиши..
Ернинг юҳолиги… юҳонинг лов-лов ёниши…
Сувнинг очофатлиги… очофатнинг кўкка ўрлаши ва қанотлари қайрилиб йиқилиши…
Осмоннинг томошабинлиги… томошабиннинг юзлари қозон куя каби қорайиши..
Оқ уйларнинг қора уйлар билан баробар кул бўлиши…
Пулига, пуштига ишонганларнинг ишончи шам каби шамолда сўниши..
Одамларнинг дўзахга гуруҳ-гуруҳ бўлиб киришлари…
Одамнинг одамдан юз буриши…
Одамнинг одамликдан аросатга кўчиши…
Одамнинг аърофдаги қисмати…
Одамнинг одамга айланиши…
Ҳаром дунёнинг ниҳояси…
Ҳаромга аралашган янги дунёнинг туғилиши…

Хуллас, машҳур кино устаси Роланд Еммирих (Roland Emmerich) охират кунини инсон боласининг кўз олдига кетиришга уринган. Муболоға ва қусурларни бир четга қўйганда филмнинг инсон боласига берадиган ўгити катта.

Баъзилар қиёмат куни 2012 йилнинг 31 декабрида келади деб ишонадилар. Филм шу ишончга таянган. Аммо унда дунё битса ҳам ҳаёт битмайди, янги дунё, янги кун бошланади… эскиликнинг ҳаромлари қўйнида!

Лекин Ўзбекистон деган жойда қиёмат 1991 йилнинг охиридан бошланиб, ҳалига қадар битмаган ва қиёматнинг расми, қиёмат қиёфаси кўзларнинг ўнгида…

Балки бир кун бошқалар учун қиёмат бошланганда, ўзбек элда янги кун туғилар… эскиликнинг ҳаромлари қўйнида!

Би-Би-Си Ўзбек хизмати
19-ноябр, 2009 йил

Бугун ўқиб қолдим, 30-ноябрда Би-Би-Сининг Ўзбек хизмати ташкил топганига 15 йил бўлар экан. Вақт шунча тез ўтиб кетибди. Мен ўшанда Туркияда эдим. Таниқли адиб Ҳамид Исмоил мазкур хизматни энди тетепоя қилдираётган эди. Бир куни у Истанбулга сим қоқиб, ҳамкорликка даъват этди.

Ўша кезда “Озодлик”да “Жаҳонгир Муҳаммад” номи билан чиқиб турар эдим. Шу боис Би-Би-Си учун “Муҳаммад Турон” деган тахаллусни танладим. Вазифам асосан Туркиядаги муҳим хабарларни узатиш ва Лондондан сим қоқишганда ҳар куни рўй берган воқеаларни шарҳлаб туриш эди.

Ёзганларим ёқди шекилли, шартнома тузишди ва Истанбулда иқтисодий жиҳатдан оёққа туриб олишимда бу хизматдаги фаолиятим муҳим рол ўйнади. Чунки у пайтда “Озодлик”дан бериладиган қалам ҳақи оила харажатларини қопламасди. “Озодлик”даги чиқишларимни асосан шахсий, сиёсий қарашларим билан чеклашга интилардим. Би-Би-Си Ўзбек хизматида эса ҳамкор-мухбир, шарҳловчи бўлганим учун ўз сиёсий қарашларимни чегаралашга мажбур эдим.

Деярли ҳар куни битта, баъзан эса иккиталаб материалим эфирга кетарди. Соат фарқи бўлгани учун ярим тунда ҳам, тонгда ҳам материал узатишга тўғри келарди. АҚШга жўнаб кетгунимга қадар – тўрт йил ҳамкорлик қилдим. Меҳнат оғир эди. Лекин ҳузурбахш меҳнат эди. Ҳар кун бўлмаса ҳам кун ора Лондондагилардан мақтов эшитиб турардим.

Ҳамид Исмоилнинг самимияти доим мени руҳлантирарди. Бўлимда ишлаган Дилором Иброҳим, Шоҳида Ёқуб ва бошқаларнинг бирор бир жойда қандайдир муҳим воқеа юз бериб, шарҳлайдиган одам топа олишмаса, “Жаҳонгир ака сиз бизнинг ўт ўчирувчимизсиз” деб, ҳазил қилиб, сим қоқишлари менга илҳом берарди. Уларга шу нарсадан хабарсизман демаслик учун тинмай ўқирдим ва изланардим. Анчагина ёзганларим Би-Би-Сининг бошқа хизматларига ҳам “ўтиб” кетган. Хабарлардан олдин юрганим учун Ҳамид Исмоилнинг ширали сўзларини кўп эшитганман.

Масалан, бир куни икки туркияликни Саудия Арбистонида ўлимга ҳукм қилишди. Мен бу ҳақда хабар тайёрлаб, бу воқеага Туркия ҳукумати бефарқ қарамаслиги, бу ҳатто икки мамлакат муносабатларини жуда ёмон нуқтага олиб бориши, Саудия Арабистони уларни барибир озод этажагини ҳам шарҳ сифатида илова қилгандим. Материал эфирга кетди. Орадан бир неча кун ўтиб, Туркия ва Саудия орасида шу масалада келишмовчилик бошланди. Анқара керак бўлса, Саудия Арабистонига нисбатан энг кескин чораларни кўришга ҳозир эканини билдирди. Саудия ортга чекинди ва маҳбусларни озод этди. Воқеа дунё матбуотида, жумладан Би-Би-Сида ҳам бош мавзуга айланди. Шунда Ўзбек хизмати бу ҳақда бир неча кун олдин материал бергани ўртага чиқди. Ўшанда Би-Би-Сининг бир нечта хизматларига суҳбат беришга тўғри келганди. Шундан воқеалар бир неча марта бўлган.

Хуллас, Би-Би-Си Ўзбек хизматидаги тўрт йиллик фаолиятим журналистлик тарихимда энг лаззатли саҳифалардир дея оламан.

Яна бир воқеани албатта айтишим ва Би-Би-Сига раҳмат дейишим керак. “Америка овози”да ишлардим. Опаларим ва синглимни қамашди. Ўшанда Би-Би-Си Ўзбек хизматининг истеъдодли журналисти Паҳлавон Содиқ битта савол билан Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғини “тўрга туширган”ди. (“Генералнинг иқрори”). Генералнинг иқрори туфайли АҚШ Тошкентга босим қилиб, опаларим ва синглим озод этилгандилар. Журналистнинг мана шундай қудратли кучи ҳам мавжуд!

АҚШда Шукрон байрами бор. Жуда катта байрам. Бу байрам мамлакатга илк бор муҳожир бўлиб келганларнинг ерли аҳолига шукрон айтишлари билан боғлиқ. Бу йил ана шу байрам 26-ноябрга тўғри келмоқда. Лекин деярли бир ҳафта байрам қиламиз. Би-Би-Си Ўзбек хизмати ташкил топганининг 15 йиллиги эса ана шу байрамнинг давомига уланмоқда.

Шундай экан, менга ўша кезларда қайишган дўстларга шукрон айтаман ва у ердаги барча азизларни – олдиндан бўлсада чин дилдан самимий қутлайман. Бундан кейинги ишларига омад тилайман!

Би-би-си саволларига жавоб

30 Ноябр, 2009 йил

Би-би-си меҳмони – таниқли журналист Жаҳонгир Муҳаммад bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчилари саволларига жавоб берди.

Жаҳонгир Муҳаммад 1955 йилда Самарқанд вилоятида туғилган.

1980 йилда оила қурган. Тўрт фарзанди бор. Умр йўлдоши тилшунос.

1973-1979 йилларда Тошкент Давлат Университети Журналистика куллиётида ўқиган ва 1981 йилгача тилшунослик ва журналистикада этика бўйича илмий изланишлар олиб борган.

Жаҳонгир Муҳаммад журналистик фаолиятини 1973 йилда “Тошкент ҳақиқати” газетасида корректорликдан бошлаган.

Қайта қуриш йилларида ошкоралик муаммолари ҳақида ёзилган “Қуръон ва Қурол”, “Ёнаётган аёл”, “Ёпиқ эшикнинг очилиши” каби туркум таҳлилий очерклари Ўзбекистонда журналистга шуҳрат келтирган.

1990 йилда Жаҳонгир Муҳаммад Ўзбекистон Халқ депутати этиб сайланган.

1990-1993 йилларда у Ўзбекистон Олий кенгашида Ошкоралик қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Жаҳонгир Муҳаммад унга нисбатан сиёсий босимларнинг кучайиши ортидан 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этди.

Бугунга қадар Жаҳонгир Муҳаммад асарлари АҚШ, Туркия, ва Озарбайжонда чоп этилган.

Лекин журналист унинг асарлари Ўзбекистонда таъқиқланганини айтади.

Айни пайтда Жаҳонгир Муҳаммад Қўшма Штатларда Халқаро тилшунослик марказида катта илмий ходим вазифасида ишлаб келмоқда.

У тилшунослик борасида АҚШда нашр этилган тўртта китобнинг ҳам муаллифидир.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги “Дараклар” дастурида тинглай оласиз.


Темуржон, Буюк Британия: Жаҳонгир ака, Андижон 2005 йил воқеаси ҳақида Сизнинг холис фикрингизни билмоқчи эдим.

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Аввало савол йўллаган барча-барчага чин дилдан самимий миннатдорчилигимни билдираман. Савол йўллаганларни ҳаётга, жамиятга, дунёнинг оқимига бефарқ бўлмаган, лоқайд бўлмаган инсонлар деб биламан.

Демак, Темуржоннинг Андижон масаласидаги саволига жавобан шуни айтишим керакки, бу борада ҳали энг муҳим нуқталар яширин, энг муҳим гаплар айтилган эмас. Мен ҳозир “Андижон” номли тарихий бир роман ёзаяпман. Шу китобда Андижон дунёда демократия ва диктатура, манфаат ва манзилат, дин ва дунёвийлик, инқилоб ва инқироз, Ғарб ва Шарқ анъаналари тўқнашувининг эпицентри бўлганини кўрсатишга уринганман. Яқин орада бу китобни эълон қилиш ниятим бор.

Жаҳонгир Аҳмедов, Ўзбекистон: Нима деб ўйлайсиз, Ислом Каримовнинг иккала қизини норасмий сиёсатга аралашиб юришлари Ўзбекистон учун фойдаси борми?

Жаҳонгир Муҳаммад: Бу масалада жуда кўп ёзганман. Биз истаймизми, истамаймизми, ҳокимиятни босиб олган диктаторларнинг болалари мамлакатни ўзларининг томорқалари деб билганлар, билмоқдалар. Лекин ҳар қандай ҳолда бу уларнинг разолати, шармандали якуни билан битган. Уларнинг сиёсатга бурун суқишлари ҳеч қачон халққа фойда келтирмаган ва бу уларнинг ўз нафсларини қондириш йўлидаги эрмакларидир.

Наргиза Мирсаидова, Туркия: Жаҳонгир ака, фараз қилиб кўринг: агар имконият туғилганида келажакда Ўзбекистон президентлигига ўз номзодингизни қўйиб, мабодо сайловда ютиб чиққанингизда ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ўрнида қандай ислоҳотлар олиб борган бўлур эдингиз? Ўзбекистон Республикасининг кейинги президентлигига қайси шахс номзодини қўллаб-қувватлаган бўлардингиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Мен ҳеч қачон бундай орзу қилмаганман ва бугун ҳам бундай орзуим йўқ. Лекин мамлакатда ислоҳотлар қилиш ёки мамлакатни қандай қутқариш ҳақида доим ўйлаб юраман. Биласиз, диктаторлар нафақат рақибларини, балки уларнинг фикрларини ҳам йўққа чиқаришга уринадилар. Мана биз 20 йилдан бери демократия деб курашдик. Бугун шундай нуқтага келдикки, эртага диктатор ўлиб-нетиб қолса, бирданига тўла демократия ўрнатилса, Ўзбекистон деган давлат дунё харитасидан учиб кетиши мумкин. Атайлабдан шундай ҳолга келтирилди.

Шунинг учун энди бундай шароит туғилганда демократияни, ислоҳотларни қадам-бақадам амалага ошириш керак бўлади. Биринчи галда матбуотга эркинлик берилиши ва иккинчи навбатда эркин сайловлар ўтказилиши, кейин қадам-бақадам қолган соҳаларни ҳам ислоҳот қилиб бориш керак.

Айниқса, иқтисод масаласида ҳушёр бўлиб иш қилинмаса, мамлакат ва халқ бундан ҳам баттароқ хонавайрон бўлади. Чунки иқтисодий ислоҳотлар аввалига халқни қийин аҳволга туширади ва ундан кейингина секин-аста ўнглайди. Халқ эса ана шу ўнгланиш даврига бардош бера олмаслиги мумкин.

Ислоҳотларга киришишдан олдин халқ билан ҳукумат орасидаги ишончни тиклаш лозим. Яъни халқ ҳукумат учун эмас, ҳукумат халқ учун ишлашини исботлаш керак. Халққа очиқ, юзма-юз мурожаат қилиб, унинг барча ҳуқуқлари таъминланиши, милиция ва судлар ҳукуматни эмас, халқни ҳимоя қилиши, бу борада шахс диктатураси эмас, балки қонунлар диктатураси ҳукмрон бўлишини нафақат сўзда, балки амалий ҳаракат билан ҳам кўрсатиш лозим.

Президентдан тортиб, оддий тракторчигача қонун олдида баравар бўлиши шарт. Ҳукумат раҳбарлиги, ҳокимлик, сенаторлик, депутатлик…- буларнинг ҳаммаси халққа хизматкорлик деб номланиши ва хизматкор бўлишни чин дилдан истаганларгина бу соҳаларга киришлари лозим. Бу соҳалар имтиёзлар манбаига айландими, демак, коррупция зарпечаги қоплайди ҳамма ёқни, ислоҳот бугунги каби исловотга айланиб кетади.

Аслида Ўзбекистонда ислоҳот қилиш қийин кечмайди. Бошқа давлатлардаги диктатуралардан кейин ислоҳотлар оғир кечгани уларда қонуний замини ҳозирлаш узоқ вақт олгани билан ҳам боғлиқдир. Ўзбекистонда эса жаҳон талабларига мос тушадиган қонунлар яратилган. Аммо уларнинг ижроси нолга тенг. Ҳукумат чиқарадиган қонун ости қарорларни бекор қилиб, мавжуд Конституция ва қонунлар ижросини йўлга қўйсангиз, Ўзбекистон жуда тез ва яхши томонга ўзгаради.

“Ўзбекистон Республикасининг кейинги президентлигига қайси шахс номзодини қўллаб-қувватлаган бўлардингиз?” деган саволингизга жавобим: Тили билан дили, сўзи билан амали бир бўлган, шахсий манфаатини халқ манфаатидан устун кўрмаган, ҳақиқатдан ҳам халққа хизмат қилишни истаган, демократияни фақат гапда эмас, ҳар кунги одимлари билан кўрсата олган, мансабга тиш-тирноғи билан ёпишмайдиган, керак пайтида мансабдан кеча оладиган, танқидни иғво ва шантаж деб тушунмайдиган, бошқаларга ҳам қулоқ соладиган, меҳрибон ва виждонли шахснинг номзодини қўллаган бўлардим. Шундай одамлар борми? Бор. Лекин номларини айтсангиз, бугунги шароитда уларни тезда йўқотишлари ёки ёмонотлиқ қилишга уринишлари мумкин.

Нигора Озоджонова, Барселона, Испания: Жаҳонгир ака, фақат танқидимни тўғри қабул қиласиз деган умиддаман, илтимос сиздан. Жаҳонгир ака, шахсан мен сизни эркин демократ сифатида жуда ҳурмат қиламан! Лекин шахсий веб-саҳифангизни ва мақолаларингизни ўқиб англадимки, сиз ҳалиям мозийга қараб иш кўраётганга ўхшайсиз. Доимо Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилавериб чарчамадингизми? Нуқул танқид қилавермасдан ўз шахсий ғоя ва таклифларингиз билан чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бериш вақти келмадимикан?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Раҳмат танқидингиз учун. Лекин мозийга қараб келажакни кўриш мумкин. Мозийга юз ўгирсангиз бу келажакка ҳам юз ўгириш бўлади. Бугунга қадар мавжуд ҳукуматни фақат танқид қилмадик. Балки ғоя ва таклифларни ҳам айтдик. Буларни Қатағон(2005.Савол-Жавоб) , 2006 йил (Савол-Жавоб) , Ҳайқириқ (2007. Савол-Жавоблар) китобларида кўришингиз мумкин. Аммо диктатор бундай фикрларга қулоқ солмайди. Чунки бундай ғоя ва таклифларни у охир оқибатда ўзининг йиқилишига замин яратади деб тушунади. Яъни катта шубҳа билан қарайди.

Бундан ташқари диктатура ва демократия икки қутбдир. Бири бирига зид. Шунинг учун бизнинг оддийгина таклифларимиз ҳам катта танқид бўлиб кўринади. Каримовдан кейин келадиган раҳбар, агар истаса, унга чин дилдан ёрдам беришга ҳозирмиз. Демократик дунёда яшаб ортирган тажрибаларимиз унга қўл келиши мумкин. Агар у׃

-Президентлик мангу эмаслигини тушунган инсон бўлса,

-Шахсий манфаатдан халқ ва мамлакат манфаатини устун қўя олса,
-Халққа эркин сўзлаш, эркин сайлаш, эркин ишлаш, эркин яшаш ҳақларини чин дилдан кафолатлаш нияти бўлса биз унинг ёнидамиз.

Ўшлик нонвойчи: Жаҳонгир ака, сизни мухолифатдаги мавқеингиз учун ҳурмат қиламан. Аммо, баъзида, четдаги ўзбек мухолифати вакиллари ўзаро баҳамжиҳат бўлмасдан, бир-бирларининг шахсига тегиш даражасида ҳақорат қилишларини тушуна олмайман. Сизнинг ҳам шу каби фикрларингизни ўқиганман. Ўзаро бирлаша олмаган ўзбек мухолифати 27 миллионлик халқни бирлаштира оладими?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Албатта, биз бир-биримизни ҳурмат қилишни ўрганмасак, халқ бизни ҳурмат қилмайди. Бугунга келиб, кўпчилик буни англаб қолди. Баъзилар эса англай олмаяптилар. Яъни улар ўзларини ислоҳ қила олмаятилар. Ўзини ислоҳ қила олмаган киши бошқаларга таъсир қила олмайдиган мавқега тушиб қолади. Буни кўриб турибмиз. Ўзимга келсак, ҳеч кимнинг шахсини ҳақорат қилганим эмас. Доим журналистик талаблар доирасида, далиллар билан ёзганман ва бошқалардан ҳам шундай жавобни кутганман. Лекин афсус..

Бирлашиш ҳақида… Бу борада кўп уриндик. Мен ўзим 1991, 1992, 1994, 2005 йилларда бу хусусда бевосита, амалий таклифлар билан чиқдим. Лекин баъзан бошида, баъзан бир бирлашишга бир қадам қолганда ҳаракатларимиз пучга чиқарилди. Хуллас, бунга қарийб 20 йил вақтимиз кетди. Бўлмади. Аммо бўлмайдиган нарсанинг ўзи бўлмайди. Балки келажак бунинг уддасидан чиқар. Гапингиз мутлоқ тўғри, ўзаро бирлаша олмаган куч халқни бирлаштиришга қодир бўлолмайди.

Жамшид Содиқ ўғли, Лондон: Мухолифатни бирлашиши учун қандай ишлар олиб бормоқдасиз? Умуман мухолифатнинг бирлашишига қандай қарайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Бу саволга юқорида қисман жавоб бердим. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, манфаатлар муштараклиги пайдо бўлса бирлашишнинг турли кўринишлари ҳам туғилади. Демак, бугунгача манфаатлар муштарак бўлмади. Оғизда ҳамма диктатурага қарши бўлгани билан қандайдир шахсий манфаатлар бундан устун келдики, бирлашиш бўлмади. Лекин бир кун сиёсий манфаатлари уйғун бўлганлар бошқа-бошқа кимликлари ва ташкилотларини сақлаб қолган ҳолда битта сиёсий платформада албатта бирлашадилар.

Акбар Раҳмонов, Қўшма Штатлар: Жаҳонгир ака, кўпгина порахўр амалдорларнинг чет элга қочиб бориб, демократ бўлиб олганларига гувоҳ бўлдик. Умуман ҳақиқий демократлар ва амалидан эрта айрилган амалдорларни ажратиш вақти келмадими?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Кимнинг кимлигини кўрсатадиган кўзгу бу вақтдир. Биз порахўр деган одам балки соф одам бўлиши ёки биз соф деган одам аслида ашаддий порахўр чиқиши мумкин. Буни кўп кўрдик. Биз гувоҳи бўлмаган ва қўлимиз билан ушламаган бўлсак, гумон билан бировни айблай олмаймиз. Гумон иймондан айиради. Агар ўша собиқ амалдор четга қочиб чиқиб золим режимнинг кирдикорларини далиллар билан фош этса, отасига раҳмат. Лекин битта уйга бекиниб ўтирса ва орада бир “мен қочиб чиққанман” хиргойисини қилса, ундайлар ўз ўзларидан унут бўладилар.

Васила Мирсаидова, Буюк Британия: Жаҳонгир ака, Ўзбекистонда эркин ва озод демократик, фуқаровий жамияти қуриш учун биринчи галда қандай ишларни олиб бориш шарт ва зурур деб ҳисоблайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Юқорида айтганим каби, жумладан:

-Сиёсий партиялар тузиш ва фаолият эркинлиги,
-Эркин сайловлар,
-Эркин матбуот,
-Эркин сўзлаш,
-Эркин меҳнат,
-Қонунлар ҳукмронлиги,
-Ноҳукумат ташкилотларнинг кучли пойдевори,
-Замонавий технология, хусусан интернет эркинлиги таъминлансагина демократик, фуқаровий жамият қуриш мумкин.

Асадбек Асадов, Лондон: Жаҳонгир ака, Ўзбекистонда Исломий давлатми ёки эркин ва озод демократик давлат қурмоқ керак деб ўйлайсиз? Сиз қайси жамиятни қўллаб қувватлайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Албатта мен демократик, озод давлат тарафдориман. Мафкура масаласида эса, 1997 йилда “Мафкура ва мафкурасизлик ёки тўрт тарзли сиёсат” деб маоқла ёзганман. Бу бир неча тилларда, жумладан инглиз тилида ҳам чоп этилган. Ўша мақоламга бир назар ташлашингизни тавсия қилган бўлардим. (http://turonzamin.org/2007/11/05/1-164/)

Омон Файзулла ўғли, Туркия: Нега ҳозирги кунда Юсуф Жумадек буюк миллат шоирлари етишиб чиқмаяпти Ўзбекистондан?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Юсуф Жумадек миллатимизнинг буюк шоири олдинги замонларда эмас, бугунги замонимизда етишиб чиқди. Лекин биз уни қадрлай олмаяпмиз. Уни ардоқлай олмаяпмиз. Миллатнинг минг йилда бир туғиладиган бундай шоири золимнинг зиндонида. Уни озод қилиш учун бош кўтариб, сўзимизни ҳар кун, ҳар соатда айтмаяпмиз. ЮСУФ ЖУМАГА ОЗОДЛИК! Бу ҳайқириқни ҳамма жойда, ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа такрорласак, миллатимизнинг виждонини золим зиндонидан қутқарамиз.

Володя Зуфаров, Россия: Сиз Ўзбекистон презденти Ислом Каримовнинг ашаддий танқидчиси ҳисобланасиз.. Сиз президент Каримовни “кучли диктатор,” деб ҳам атадингиз. Хўш, диктатор Каримовнинг шу даражага етишишига сиздай Ўзбекистон парламентининг собиқ депутатлари айбдор эмасмикан? Унинг ўз ўрнида ҳалигача қолишига балким сиз каби инсонлар замин яратмадимикан?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Қисман ҳақсиз Бу борада китобларимда кўп ёздим. Ҳатто аниқ исмлар ҳам келтириб ёздим. Масалан “ИАК” китобида. Ҳозир уни такрорлашга ҳожат бўлмаса керак. Биргина 1991 йилдаги 7-сессияда бизни қўллаб қуваталaшганда эди Ўзбекистоннинг бошига бунча балолар келмаган бўларди.

Бўстон: Ўзбекистон учун ечим нима? Битта Каримов кетиши билан иш битмайди. Халқ ҳам, очиғи ўзгарган. Ўзбекистонга қайтиш ниятларингиз борми?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Ўзбекистон учун ечим демократик йўлдир. Демократия бу мафкура эмас. Бу халқнинг ўз-ўзини идора қилиш усулидир. Халқ ўзини ўзи бошқарса, у ўзига энг маъқул йўлни ва мафкурани танлай олади.

Каримов кетиши билан кўп нарса ўзгармайди. Аммо баъзи нарсалар ўзгаради. Ўша кунларда Ўзбекистонга қайтиш ниятим бор. Орзу ва умид бизни бугунга қадар ушлади, ўша кунлар ҳам насиб этсин!

Абдулла,Тошкент: “ИАК” номли асарингизда Ўзбекистонда, хусусан сиёсат ва жамиятда сиз эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида ёзган эдингиз. Мана орадан анча пайт ўтди. Сиз кутган нарсалардан қайсилари амалга ошди ва қайси тахминларда адашган бўлиб чиқдингиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Ўзбекистон учун мен кутган кўп нарсалар амалга ошмади. Агар инсон боласи кутган нарсаларнинг ҳаммаси амалга ошганда эди, бу дунё мутлоқ бошқача бўларди. Мен адашган тахминлардан энг каттаси золимнинг зулмати шунчалик узоқ қолаётганидир. Мен унинг бунчалик туришини тахмин қилган эмасман.

Рухшона: Журналистларнинг танқиддан ўз манфаатлари йўлида шантаж мақсадида фойдаланишига қандай қарайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Биласизми, биз ҳали танқидга ўргана олмадик ва ҳазм қила олмаймиз. Шунинг учун ҳам танқидни иғво, шантаж деймиз, танқид қилувчини эса ёмонотлиққа чиқарамиз. Агар бировнинг шахсига тегмай, туҳмат қилмай, далиллар билан танқид қилса, бу жамиятнинг фойдаси. Танқид қилинган одам биринчи галда нуқсни ўзидан излаши ва топа олмаса маданият билан жавоб бериш керак. Журналист ҳам одам. У ҳам хатолардан мустасно эмас. Аммо у хато қилмасликка уринган одам бўлиши керак.

Ўзбек Турон, Тошкент, Ўзбекистон: Ҳурматли Жаҳонгир Муҳаммад. Мустақил бўлганимизга 19 йил тўлган бўлса-да, ўзбеклар ҳанузгача исмлардаги руслардан қолган қўшимчалардан ( – ов, – вич, – на) фойдаланиб келадилар. Ўзбеклар ўзлигига қайтса, ота-боболари қандай аталган бўлса, шундай аталса бўлмайдими?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Гап исмда эмас, гап жисмда, инсоннинг жисмида. Ўзбекчилик дегани исмнинг қандай ёзилиши билан белгиланмайди. Ким боласига қандай исм беради ва ким исм-шарифини қандай ёзади бу унинг хусусий иши. Бунга бизнинг аралашишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир инсоннинг ўз шароитидан келиб чиқиб қиладиган ишлари бор. Кимдир ҳужжатларини қайтадан ўзгартириб чиқишга имкон тополмайди. Яна кимнингдир бошқа сабаби бор. Бугун русча деб ( – ов, – вич, – на) ларни тақиқласак, эртага навбат форсача исмларга келмайдими? Кейин араблардан келган бошқа исмларни ҳам ўзгартирамизми?

Бир пайтлар Туркияда ҳаммага туркча исм олишни мажбур қилишган. Бугунга келиб у ерда бу катта муаммодир. Кимнинг кимлигини билишолмайди. Одамлар ўз тарихлари, ўз шажараларини аниқлай олмай қийналмоқдалар.

Бугун жамиятда бунданда муҳим бўлган масалалар бор ва олдин ана ўшалар билан шуғулланиш керак. Агар жамият эркин бўлса, одамларга қулайлик берса табиийки улар ўз истаклари билан истаган номларни оладилар ва истаганлари қадар ёзадилар. Авлодлар алмашавергач, номлар ҳам замонга мослашиб бораверади.

Бугун сабабларини билмасдан исм-шарифларида қўшимча бўлганларга зулм қилмаслик керак деб ўйлайман. Яъни бир пайтлар исм-шарифларга қўшимчалар золимлар томонидан мажбурий тарзда қўшилган ва биз ҳам ўша золимларнинг даражасига тушиб буни мажбурий тарзда қилмайлик…

Озод, Тошкент: Ўзбекистон шароитида Ўзбекистон ичида нима қилиш керак?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Бу савол жуда умумий. Ким нима қилиши керак? Журналистми? Мухолифатчими? Ҳукумат мулозимими? Шунинг учун саволингизни демократия учун нима қилиш керак, деб қабул қилдим.

Бу ерда тарихдан машҳур ташкилот ҳужжатида бундан қарийб икки юз йил олдин илгари сурилган бир талабни эслаш ўринлидир. Ўшанда улар ўз ташкилотларига аъзо бўладиган одамларга “Агар сен туфли тозалайдиган бўлсанг, душманнинг туфлисини ялтиратиб қўймасанг, шунинг ўзи ҳам катта хизмат” дейишган.

Бизда туфли тозалайдиганлар оз, аммо диктатуранинг туфлисини ялтиратиб қўядиганлар жуда кўп. Депуталикка рўйхатга олишмаса, “Буни пошшомиз билмайдилар” деб жар солишади. Ҳокимликдан бўшатишса, “Буни президентимиз билмайдиларда” деб оҳ уришади. Дуо ўқишса “Пошшо Аллоҳнинг ердаги сояси” деб қўлларини юзларига тортишади ва ҳоказо.

Бугунги Ўзбекистон шароитида Ўзбекистон ичида ҳеч бўлмаса диктатурага малайлик қилмаслик, унинг туфлисини ялтиратиб қўймаслик ҳам демократия учун, озод келажак жуда катта хизмат.

Аброр Ниёзов, Ўзбекистон: Жаҳонгир ака, “буюк келажак” ўзи нима ва у қачон келади?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ 1992 йилнинг бошида Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида Ислом Каримов жаноблари Талабалар шаҳарчасида юз берган воқеалар ҳақида гапирар эканлар, олти ой муддат сўрагандилар, бизни буюк келажак кутаётганини айтиб, олти ойда жаннатни қуриб беришни маълум қилгандилар.

Ўшанда у киши жаҳаннам сўзини адашиб жаннат деб юборган, шекилли, мана орадан 18 йил ўтди, лекин буюк келажак деган тушунча анқонинг уруғи ҳақидаги афсонага ўхшаб қолди. Афсоналар чиройли, диққат тортар бўлади. Эшитиб, ишониб, оғзингиз очилиб қолади. Аммо афсонани эшитиш бор, кўриш йўқ. Биз энди афсоналарнинг маҳлиёси бўлиб қолишдан чекинишимиз керак. Тарки одат амри маҳол бўлмасин-да!

Хуллас, кимдир биз учун эмас, бизнинг ўзимиз биз учун истасак, ўзимизга яхши келажакни яратишимиз мумкин.

Муҳаммад Фазлиддин ўғли, Покистон: Мен асли афғонистонлик ўзбекман. Би-би-сини доим тинглаб бораман. Жаҳонгир ака, сиз президент Каримовни кўп танқид қилиб келасиз. Хўш, мана шахсан Афғонистондаги воқеа ва ҳодисалардан хабарингиз жуда яхши бўлса керак. Мен шахсан тинч ва барқарор Ўзбекистон мамлакатига жуда ҳавасим келади. Тинчлик бўлган жойда яшаш мен учун армон бўлиб қолмоқда. Жаҳонгир ака, жаноб Каримов олиб бораётган сиёсат (у ўз давлатини тинч, уриш-жанжалсиз бошқариб келмоқда) наҳотки шунинг ўзи буюк иш бўлмаса?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Дўстим, Швецияда ҳам тинчлик. Америка ва Норвегияда ҳам тинчлик. Украина ва Қирғизистон ҳам Афғонистонга айланган эмас. Финляндияда ёки Болтиқ бўйи давлатларида қон тўкилаётгани йўқ. Олис Канадада ҳам одамлар тинч ва эркин яшамоқдалар.

Сиз айтган гап худди ёш болани “ухла, ана қўшнимизнинг боласини алабўжи ўғирлаб кетибди, агар ухламасанг сени ҳам олиб кетади” деб қўрқитиш учун айтиладиган гапга ўхшаб қолмоқда. Лекин сизни тушунаман. Урушлар ва қон тўкилишлар даҳшатини яшаганлар учун тинч диктатура шароити ҳам жаннат бўлиб кўринади.

Биз ҳам тинч ва барқарор келажак истаймиз. Бугунги сиёсат эса бугунги муваққат тинчликни таъминламоқда. Сувнинг усти тинч, аммо таги нотинч бир вазият вужудга келтирилган. Биз кабиларнинг ҳам мақсади Ўзбекистон келажаги Афғонистонникидек бўлиб қолмасин деган мақсаддир. Яъни шу нуқтада сиз билан фикримиз жуда яқин. Шунинг учун ҳам курашнинг қуролли йўлини танлашни эмас, бали курашнинг демократик йўлини танлашни тарғиб қилиб юрибмиз. Бу узоқ йўл, аммо Афғонистон йўлидан яқинроқ йўлдир.

Акмал Сидиқов, АҚШ: Ҳаммага маълумки, ҳозир Ўзбекистонда авторитар тузум мавжуд. агар Каримов ҳукумат тепасидан кетса, бу тузум давомийлиги сақланиб қоладими ёки тугатилиши мумкинми?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Шу кеча кундузги шароитдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу тузум аввалига сақланиб қолади. Бир муддат. Лекин режим қадам-бақадам бузилади. Тарих миллион марта исботлаган нарса бу׃ золимдан кейин тахт қулайди. Чунки золим ўзини асраш учун тахтини емирган бўлади. Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий потенциали бу режимни узоқ кўтара олмайди. Буни Каримовнинг ўрнига келадиган одам қанча тез тушунса, бу мамлакат учун ҳам, миллат учун ҳам, унинг ўзи учун ҳам шунча яхши бўлади…

Савол-жавобларнинг радиоверсияси BBCUzbek

ОБАМА УРУШИ
1-декабр, 2009 йил

Бугун АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон масаласида бир неча ойдан бери тортишилаётган баҳсга нуқта қўяди. У сайлангунга қадар урушга қарши эди ва Ироқ ҳамда Афғонистонга кетаётган маблағ сарфини тўхтатиш Американинг ички яраларига малҳам бўлишини айтиб, урушга барҳам бериш муддатларини ҳам айтганди. Бу унга сайловда зафар олиб келганди. Лекин Оқ уйни эгаллагандан кейин ваъдалар ортидан эмас, салафининг ортидан эргашди.

У дастлаб Афғонистонга қўшимча равишда 17 минг аскар юборди. Мана энди яна 30 минг. Бу рақамни ҳали унинг ўзи шахсан эълон қилмаган бўлса ҳам аллақачон матбуотга сизиб бўлди.

Оқ уй матбуот вакилининг айтишича, Обама бу борада Давлат котиби Клинтон, мудофаа вазири Гейтс ҳамда Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жоунс билан якдил. Хабарларга қараганда, вице президент Байден эса қарши.

Обама бугун кечқурун Ню Йорк штатидаги Вест Поинт ҳарбий академиясидан туриб бутун америкаликларга қиладиган мурожаатида Афғонистонга қўшимча 30 минг атрофида аскар юборишини ва бу унинг “Урушдан чиқиш стратегияси“ эканлигини эълон қилмоқчи.

Кеча унинг айни масалада Франция президенти Саркози, Британия бош вазири Браун, Россия президенти Медведев ва бошқалар билан ҳам гаплашгани айтилмоқда. Обамани қўлллаганини кўрсатиш учун Британия бош вазири Браун Афғонистонга қўшимча 500 нафар аскар юборилишини билдирди ҳам.

Қўшимча 3 минг юбориладими ёки 30 минг юбориладими, фарқи йўқ. Бу – уруш давом этишининг ишорати. Оти “Чиқиш стратегияси” бўладими, бошқача аталадими, амалда бу Буш сиёсатининг давоми бўлади. Лекин энди бу ёғига Бушнинг уруши эмас, балки Обаманинг уруши деб аталади. Чунки у Бушнинг меъросини ўз гарданига юклади. Бу унга ҳам шуҳрат олиб келмайди, балки бор шуҳратини ҳам яксон қилади.

Айниқса, ўзининг демократлар партияси ичида унинг сўзларига ишонганлар, унинг шуҳратига сиғинганлар учун бугун синов кунидир. Улар адашганларини қандай ҳазм қиладилар, кўрамиз׃ мардона туриб хато қилдик, дейдиларми ёки иккиюзламачилик билан “Обаманинг бошқа йўли йўқ” эди дейдиларми?

Танқид қилиш осон. “Нима қилиш керак эди?” дейишингиз турган гап. Халқ Обамани Бушнинг сиёсатига қарши эканлиги, 16 ой ичида аскарларни уйга қайтиб олиб келишни ва урушга кетаётган пулни Американинг ўзига сарфлашини ваъда қилгани учун сайлади. Оғирми, енгилми, зафарми, мағлубиятми, фарқи йўқ, у сайловчилар талабига ва ўз сўзига, ўз ваъдасига содиқ қолиши керак. Акс ҳолда “демократия” дегани Америкада ҳам “алдов” деган тушунча билан алмашади.

РАНГСИЗ ЙИЛ

31 декабр, 2009 йил

Мана яна бир йил ортда қолди. Бу йилнинг залворли қувончлари бўлмади. Майда-чуйда қувончлар эса катта ғамларнинг остида эзилиб кетди. Юсуф Жума, Эврил Турон, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев каби фидойилар бу йил ҳам зиндон ичида қолдилар.
Ўзбекистонда ҳали эркинлик йўқ!
Ҳали ҳам зулм тахтни ишғол этган!
Султонлар роҳатда…
Миллат азобда…
Шоҳнинг дилларида ҳамон ёлғон дарахтлари ўсмоқда!
Ростнинг бўйи каллакланган, кесилган…
Элнинг қозонида ёвғон қайнамоқда!
Рисқнинг йўли бекилган…
Болакайнинг бармоқларини чаноқлар тилган…
Ёшларнинг умри элчихоналар ёнида…
Мардикорлик кўчаларида тўкилган!
Бошларнинг ақлдори чопилган,
Ақлсизроғи эшакка тескари минган.
Кимдир йиғламоқда гирён-гирён,
Кимдир тўй қилишдан бўшамайди.
Дунёнинг кўзлари кўр бўлган…
Ўтмиш ўлган, келажак чала жон!
Бу фақат 2009 йилга хос эмас.
Балки тугаётган ўн йилликнинг ҳам, ундан олдинги ўн йилликнинг ҳам бўёқлари бу.
Рангсиз бўёқлар…
Нега рангсиз?
Чунки қора рангдан безиб кетдик деганлар кўпайди.
Истасангиз қизил рангга бўянг бу йилларни худди ҳар йилга битта ном берган каби!
Фарқи йўқ! Ранглар ҳам ўзгартира олмас бу йилларни, бу йўлларни!
Фақат умид қайта қурар бу йўлларни.
Сизни умид тарк этмасин, умид Сизни янги йўлларга бошласин! Янги йилларга бошласин!
Саодат салтанати – эркинлик шамоли кўксингизда тахт солсин!

УНИНГ БИТТА МАНФААТИ БОР

1 январ, 2010 йил

Таниқли адиб, ўз сўзи ва ўз услубига эга қаламкаш дўстим Ризо Обидни туғилган куни билан самимий қутлайман!

Ризо Обид бугун битта сўз айтиб, эртага бошқа гап айтадиган ижодкор эмас. Унинг ҳар доим ўткир, қайтмас сўзи бор! Ўз услуби бор. Ўз йўли бор! Бошқаларга ўхшамаган овози бор!

Ризо Обид кимгадир ёки кимнингдир кучига эмас, ўз сўзига, ўзининг кучига ишонган инсон. Бундайлар ҳаётда жуда кам учрайдилар. Шоҳни кўрса бош эгадиган, мансабдорга қуллуқ қиладиган, фойданинг йўлига мақтов тўшайдиганлар вижиллаб кетган бугунги замонда табиийки Ризо Обид кабилар жуда оз.

У менга қайси бир жиҳатлари билан бошқа бир дўстим – Юсуф Жумани эслатади.

Ўжар! Бу ўжарлик мен ва сизга эмас, ўзи ўзига ўжарлик! Агар ижодкор ўзи ўзига ўжар бўлмаса сўзини бой бериши мумкин! Ўзи ўзига ўжар бўлмаган ижодкор ўзини бой бериши мумкин! Сўзини ва ўзини бой берган эса ижодкор эмас, шунчаки илҳомнинг ортидан қувиб юрадиган капалак! Унга ҳавас қилишлари, уни севишлари, уни мақташлари мумкин, аммо у барибир капалак. Юраги йўқ ўжарликни ташийдиган! У гулдан гулга қўнади… қўними йўқ унинг!

Қўнимли инсон бўлиш ҳам жуда қийин. Юсуф Жума каби Ризо Обид ҳам қўнимли инсон.

Биз кўпинча одамлар ундай бўлиши, бундай бўлиши керак деймиз. Бу одамларни ўзимизга мослаш дегани. Ваҳоланки, ҳар кимнинг ўз дунёси бор. У ана шу дунёси билан тирик. Кимки уни бошқа дунёга мослайдиган бўлса, демак уни маҳв этишга азм қилган бўлади. Мен шахсан Ризо Обиднинг дунёсини ҳурмат қиламан.

Қаранг, Ризо Обид бирор жойдан грант олмайди, бировга бош эгмайди, бировдан пул сўрамайди, бир бурда нонини олтинлардан устун кўради – аммо Ватанни унутмайди, ҳар кун, ҳар соат Ватан ҳақида қайғуради! Менимча Ватанга ҳақиқий хизмат мана шу! Унинг хизматлари ортида у кутган катта манфаат битта-Ватаннинг озодлиги! У ана шу манфаатига қовушсин ! Ўшанда унинг бахти бус-бутун бўлади.

Мен замондош, ижодкор дўстимни бахти бус-бутун бўлган саодатли кунларда ҳам бугунгидек ўз сўзига содиқ ва ўз – ўзига ўжар кўришни истайман.

Тангри сизни ҳам бу дунёда юзга юзлашган отангиз каби ардоқлаб, узоқ умр билан сийласин! Туғилган кунингиз муборак, дўстим!

Муҳтарам ўқувчиларимга!

3 Апрел, 2010

Мана 11- мартдан бери сиз учун ҳеч нарса ёза олмадим. Шундан бери менга сим қоққан ёки электрон мактуб йўллаб нима гаплигини суриштирган барча дўстларга чин қалбдан миннатдорчилик билдираман.Уларга жавоб ёза олмаганим учун узр сўрайман.

Инсон иссиқ жон дейдилар. Бир тиббий амалиёт кечиришига тўғри келди. Алоҳга айтганимиз, ёққан томонимиз бор экан, мушкулимизни осон қилди, шукур саломатлигимни бутунлай қайтиб берди. Ҳозир тузалиб қолдим ва мана шу сатрларни ёзиш имконига эгаман.

Деярли ҳар куни мендан хабардор бўлиб дўстлардан, бош учимда тунларни тонгга улаган умр йўлдошим ва фарзандларимдан буни бошқа таниш-билишларга айтмай туришларини илтимос қилдим. Чунки уларни ҳам ташвишга ва ноқулай аҳволга қўймалсик ниятида ҳамда ватандаги яқинларимни ваҳимага солмасик учун шундай қилдим.

Аммо таниқли адиб Ризо Обид каби ҳар куни касалхонага телефон қилиб, менинг руҳимни кўтариб турган кўплаб инсоний фазилатга соҳиб қадрдонларга миннатдорчилик билдираман. Уларга қуллуқ!

Шу орада “Туронзамин” бошловчиси Бобур Холиқназар ҳам сафарга кетиб, сайтга киришнинг техник имкони бўлмади.  “Туронзамин” ҳам янгиланмай қолди. Лекин унда шундай ҳам ўқиш учун кўп нарса тўпланган. Шунга қарамай мана энди бу “камчилик”нинг ҳам ўрнини тўлдирадиган пайт келди.  Яқин кунлардан эътиборан сайтларимиз янгиланиб боради ва қисқа вақтга узилган мулоқотимиз тикланади.

Ҳаммага сиҳат саломтлаик тилайман! Аллоҳ доим қўллаб-қувватласин ва мўъжизаси насиб этсин!

“ЛОЛА”НИНГ БАҒРИ ХУН
ёки Инқилоб инқиллаб қолганда

7 Апрел, 2010

Инқилоб хроник-давомли касалга айланмаслиги керак. Агар халқ ёки унинг бир гуруҳи инқилоблар орқали ҳокимиятни қўлга киритиши одат, анъана тусига кирса, бу мамлакат қон кўлига айланади.

Қирғизистонда илк “Лола” инқилоби юз берганда севинган эдим. Чунки бу – халқнинг ўз озодлигини ўз қўлига олиши эди.

Шундай бўлди ҳам. Қирғиз халқи демократиянинг энг муҳим элементларини ҳаётга жорий этди. Сайлов, сиёсий партиялар, сўз эркинлиги борасида илгарилаб кетилди.

Ҳар қандай ҳукумат бўғувчидир. Баъзилари қонуний йўллар балан, баъзилари эса яккаҳокимлик балан буни амалга оширади..

Демократия қачонки қонунлар диктатурасига айланаса, у эмин-эркин яшай олади. Бўлмаса ўлади ёки ўлдирилади.

Кўпчилик политологларга ёқмайдиган Юлия Тимошенкога мен қойил қолдим. У яқинда Украина президентлик сайловида ютқазди. Инқилоб йўли билан қўлга олинган бошқарув эркин сайлов йўли билан бой берилди. Демократия тотли бодом данаклари билан тўлдирилган халта эмаски ундан доим оғизга ёқадиган нарса чиқса. Унинг аччиқ томонлари ҳам кўп ва шунга чидай биладиганлар унга соҳиб чиқа оладилар. Тимошенко биринчилардан бўлиб буни тушунди ва “мен тарафдорларимни майдонга чақирмайман” деди. Баъзилар “У тарафдорлари озлигини ва ютқазишини билган, ютишини сезганда чақирарди” дейишлари мумкин. Лекин ҳамма гап мана шу билишда, англашда. У ўша озчиликни чақириб ҳам демократиянинг қотилига айланиб қолиши мумкин эди. Мана шуни англаб шу йўлга бормаганига қойил қолган эдим.

Қирғизистонда “Лола” инқилобидан кейин Бақиевларни ҳокимиятга олиб келган Москва ёки Вашингтон эмас. Инқилобчиларнинг ўзлари. Сайловларда ҳам уларни сайлаган ўша инқилобчилар. Бу ҳукумат уларнинг ишончларини оёқ ости қила бошлади. Бу ҳам бор гап.

Демократик йўллар билан яшашга ўтиш керак эди. Шунча халқни кўчага олиб чиқиш имкони бор экан, демак уларни сайловга олиб чиқиш керак эди. Америкада Обама миллионлаб қора танлиларни сайловга олиб чиқди. Лекин бугун уларнинг баъзилари ундан норози. Лекин демократик кураш йўлидан бормоқдалар. Сайлов билан сўз айтмоқдалар. Кетма-кет икки штатдаги сайловда Обама тарафдорини мағлубиятга учратишди ва унга ўз “сигналларини” беришди׃ “Ўзингни ўнгла!”. Демократия мана шундай яшаши керак.

Бундан бир неча йиллар олдин қора танлилар Вашингтонга бир миллон одамни тўплашганди. Ўша норозилик Оқ уй ва Конгресснинг остонасида ўтганди. Деярли ҳар ой минг-минглаб одамлар намойишга тўпланадилар. Улар жуда катта куч ва биноларга босиб киришлари ҳеч нарса эмас. Лекин буни қилмайдилар. Чунки уларнинг мақсади демократияни ўлдирмоқ эмас, балки уни асраш.

Ҳа, англаганингиз каби биз ҳали демократия нималигини билмаймиз. Худди ислом нималигини англамаганлар исломий давлат қураман деб қўлга қурол олганлари каби бугун демократик инқилоб учун ҳам қўлга қурол олинмоқда. Бу онгнинг жамиятдан орқада қолиши ёки ўзиб кетиши ҳолида юз берадиган ҳол. Яъни нормал ҳол эмас.

Шунинг учун ҳам қирғизларнинг бу сафарги ”инқилобидан” севинмадим, балки хафа бўлдим. Қон тўкилмаслиги керак эди. Бақиевлар келиб кетувчилардир. Лекин демократия сақлаб қолиниши керак.

Хўш, бу бошқарувни ағдариб ташладингиз ва ўрнига янгисини ўрнатдингиз. Нима, унинг мухолифати бўлмайдими? Бўлади ва бугунгидан ҳам кучлироқ. У ҳам айни йўлни танласа-чи? Кейингиси ҳам… ундан кейин ҳам…Бу “қилич билан келган қилич билан кетади” деган хроник касалга айланмайдими? Ёки бу нарса авторитар режим орзусини ва ўзини пайдо қилади ҳамда кучлантиради.

Демак, демократияни орзу қилиш ва ўрнатиш баробарида уни яшатишни ҳам билиш керак экан! Мана шуниси осон кечмайди. Айниқса, бизда – ҳар биримизнинг қонимизда, руҳимизда якккаҳокимлик зарпечаги ўралиб турган минтақaларда.

БУ ҲАМ ТАСОДИФДИР?

7 Апрел, 2010

Беш-олти йил аввал халқ ҳаётини ўзгартиришни кўзлаб қилинган инқилоблар “АҚШ томонидан амалга оширилмоқда” дея саросимага тушган Россия бу ёйилиб кетаётган ҳаракатдан фойдаланиб қолишга урингани 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин акс садо берганди.

АҚШда Путин каби зўравон Буш маъмурияти кетиб, ўрнига Медведов сингари бўшалангроқ кўринган Обама келиши билан Россия “ерга урилган” мавқеини тиклаб олиш учун киришди. Дастлаб Гуржистонда ҳарбий ўйин юз берди. Гуржиларнинг катта қисми бу ўйинни англаб қолди. Гарчи бутун Гуржистонни бўлмасада Россия Абхазия ва Жанубий Осетияни Тбилисидан “ажратиб олди”. Вақти келганда бу икки “мушт”ни ишга солиши турган гап.

Гуржистон масаласида Авропа оёққа тургани Россиянинг иштасини бироз бўғди. Шунинг учун бир қадам орқага ташлаб, икки қадам олдинга юрди.

Инқилобларнинг яна бир маркази-Украинадаги сайловларда Кремл ўз одамини ҳокимият тепасига олиб келишга эришди. Украиналиклар қон тўкилишидан чекиниб туришга ақллари етди. Лекин барибир Русия Украина “от”ини Кремл “қозиғи”га боғлади. Бу эса унга куч берди ва навбатдаги нуқтага кўз тикди.

Қирғизистонда иш осон кечиши Кремл корчалонларига аён эди. Чунки Бақиев командаси боши билан ифлослик ботқоғига ботганди. Икки ой Россия телевидениеси бу ботқоқ “сатҳи”ни очиш билан шуғулланди. Ҳар куни Бақиевларнинг қилмишлари ҳақидаги “портловчи” чиқишларни сериаллар каби томоша қилган қирғизлар ғазаб уловига миниб олдилар.

Москва бир ҳамла билан ёқилғи маҳсулотлари танобини тортишга эришди. Ота-бобоси газ ва электрсиз ҳам “Манас”ни ёзган халқни газ ва электр нархи ошгани кўчаларга олиб чиқди. Халқни ҳалқум бошқара бошлади. Минг машаққат билан олинган демократия қонга ботирилди. Москва мамнун. Бу инқилоб “эшаги” ҳам Кремл қозиғига боғланди.

Ана шу воқеалардан кейин Польша президенти ва оиласи бошига тушган ҳалокат ҳам турли туман ўйлар уйғотииш табиий. Эсингизда бўлса, Лех Качинский ҳоким экан Варшавадаги кўчалардан бирига Жавҳар Дудаев исмини берганди (Путин президентлиги пайтида!), кейин президент бўлиши билан берган баёнотида керак бўлса Путиннинг ўзи мени кўришга келсин каби гапларни айтганди. У айни пайтда Хатин қатлиоми учун Путин Россияси узр сўрашини кун тартибидан туширмай келаётган лидер эди.

Бу ҳам тасодифдир, худди Гуржистонга танклар киргани каби?

Бу ҳам тасодифдир, худди Украина президентининг юзи куйдирилгани, сайланмай туриб Януковичнинг қутлангани каби?

Бу ҳам тасодифдир, 2005 йилда инқилобда воқеалар олисдаги Ўшда бошланиб, кейин Бишкекка кўчгани, 2010 йилда эса Таласда талатўп қилиниб Бишкекда давом этгани каби?

Бу ҳам тасодифдир, марказнинг диққатини олисдаги бир нуқтага-Абхазия, Қирим, Ўш, Таласга- тортиб кейин ёшларни пойтахт кўчаларига олиб чиқиш каби?

Бу ҳам тасодифдир, Абхазия ва Жанубий Осетия лидерлари, мана энди Бишкекда давлат тўнтариши қилганлар вакили ҳам дарҳол Кремлда қабул қилиниши каби?

Балки бу ҳам тасодифдир, худди Андижондаги халқни “қуролли қўзғолончилар” деб айблаб, Бишкекдагиларни “тузум ва раҳбарият дастидан эзилган бечоралaр” дейилгани каби?

Агар шундай бўлса, нега бу тасодифлар бунча кўп?

Дунёнинг қора сиёсати тасодифлар ниқобини кийиб олдими?

One Response

  1. […] 32.Ҳавзи қулқулум […]

Comments are closed.