Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (9)

СЎЗ ҲАҚИДА

*Бир сўз бузган дунёни минг сўз туза олмаслиги мумкин.

*Ҳақ сўз дор тагида бўйинга илинган арқонга ўхшайди. Айтмасанг бўғиласан, айтсанг ҳам бўғиласан.Танлов ўзингда. Айтиб қол.

*Баъзан қиличдан қўрқмаганлар ҳам сўздан қўрқадилар.

*Мендан эмас, сўзимдан қўрқадилар, лекин менинг ўзимни ўлдиришга уринадилар, чунки сўзимнинг олдида заифдирлар.

*Сўз маҳлиё этади, сўз асир этади, сўз ўлдиради, сўз тирилтиради, лекин сўз худоликка даъвогар эмас.

*Сўзим, кўзларингга кириб ухласам, совқотмасмидим?!

*Сўз севгим, бахтим, тахтим, аҳдим ва нақдим!

*Мазмун излаймиз, бемазмун сўзлардан
Мазмун тополмаган каби мазмундор сўзлардан!

*”Бу ёзган сўзларингизни ит ҳам ўқимайди” деб қаҳр сочдингиз. Ит ўқимаса ҳам сиз ўқибсиз, сиз озиқланибсизку! Лекин қани эди итлар ҳам ўқиганда…

*Сукут ва сўзлаш танловида сўзлашни танлардим. Сўзлаб қолмасак, зотан сукут кутиб турибди, абадий сукут!