ЯҚИН МОЗИЙ

КИМГА АЙТАЙ ДАРДИМНИ?

* Шикоят ё арз ёзмаган киши борми?

* Сансалорлик кимга фойда, кимга зиён?

* Етмиш тўрт йилнинг етмиш тўрт миллион вагон қоғози.

* Хўш қандай қонун керак бу хусусда?!

1. “МАВЗОЛЕЙ,  ЛЕНИНга…”

Қизиқ. Инқилобдан аввал ариза, шикоят ёзилганмиди? Кимга , ким томонидан, нима ҳақда? Ким ўқигану ким текширган? Дунё устивор бўлибдики, адолат ва адолатсизлик, ҳақ ва ноҳақлик, нур ва соя, ҳавас ва ҳасад ёнма-ён. Шартсиз – қайтсиз айтиш мумкинки, арз, шикоят ёзиш ўктабир инқилобидан кейин ўз шоҳсупасига кўтарилди. Йиллар кечаверган сайин бутун мамлакат шикоят текширувчи улкан корхонага айланиб борди.

Кимдир шикоят ёзиб ҳалқни барҳақ айлади. Яна кимдир шикоят битиб эл – улус олдида юзи шувут бўлди. Бошқа биров арзнома текшириб рўзғорини бутлади, киссасини қаппайтирди. Хуллас, Ойша момонинг чор деворидан то Ленин ётган мақбарагача шикоятхонага айланди.  ( Гапим жиддий – мавзолейга ёзилган шикоятни тақдир тақозоси билан ўзим текширганман, бу хусусда қуйида тўхталаман. – Ж.М.)  Кейин сарҳад сакраш бошланди:”ООНга ёзаман!” (ООН – БМТ). “Ёзаман…, ёзаман!”… Хайриятки, космосга қатновнинг иложи йўқ…

Аслида бирор кишини нега ёздинг дейишга на ҳаққимиз бор, на асосимиз? Чунки ҳали ҳеч ким онасидан аризачи бўлиб  туғилган эмас. Ҳар қандай шикоятчини бу ишга жамият мажбурлайди.

“Совет Ўзбекистони” ( ҳозирги “Ўзбекистон овози” ) рўзномасида ишлардим. Марказқўмдан бир шикоят беришибди, “Мухбир юборинглар” деб. Қарасам, хат Московга, Ленинга ёзилган. Отахон Мойбулоқ (Самарқанд вилояти)нинг мошин йўли бормаган тоғ қишлоғида яшарканлар. Бордик.

– Кимсанлар? – дедилар.

– Аризангиз бўйича келувдим.

– Қайси бир аризам, ёзавериб кўз нурим тўкилди, ҳаммаси мелисага, пуркурорга тушади. Улар мени пўвиска билан чақириб, “қайтиб ёзманг” деб жўнатишади. Сенинг газетингга уч йил олдин ёзувдим. Ўшанда ҳам пуркурор чақирганди. Энди ўзинг келдингми?

– Мана, мавзолейга, Ленинга ёзган экансиз?

– Сени Ленин юбордими? Тирилибди-да-а?

Отахоннинг бутун вужуди кинояга тўлиб кетган экан.  Ҳаммасини тўкиб сола бошлади.

– Улим, бу узоқ йилги, аввалги гап.  Ёзавериб бу ёғимдан – нарёғим яқин қолди. Кейинги вақтда принсип учун ёзардим. Ҳеч қандай давом йўқ. Хайрият, бу қишлоққа ҳам биров келаркан…

2. ИЗТИРОБ

Дард нима?  Тиббий дард бор. Малҳами гоҳида аниқ, гоҳида мавҳум. Ижтимоий дард бор. Малҳами аниқ. Бироқ давоси мушкул. Бугун қалб дарди, халқ дарди… деган калималар, ҳар лаҳзада, ҳар қадамда эшитилади. Ўзим ана шу ҳақда гапира бошлаганимга оз эмас, кўп эмас, қарийиб йигирма йил бўлди. Аввалига талабалар даврасида, сўнг рўзномаларда, ундан кейин халқ ўртасида, ойнаи жаҳонда, Олий Кенгашда ва ниҳоят…

Самарқанд вилоят “Ленин йўли” рўзномасида ишлардим. 1983 йил эди. Бир мақолада “қўшиб ёзиш”, “кўзбўямачилик” сўзларини ишлатибман. Вилоят фирқа қўмитасига тушунтириш  беришга тўғри келди.  Нима эмиш, бўҳтон, уйдирма эмиш. Орадан кўп ўтмай рўзномалар ана шу сўзлар билан тўлиб кетди, бошидан “тирноғи”гача. Мени тартибга чақирган одамнинг ўзи ҳам маърўзасини шу калималар билан бошлаб, шу билан тугатадиган бўлди. Яқинда ўша одам катта минбардан туриб, тағин бўҳтон, уйдирма хусусида сўзлади. Не синоат?  Яна “  қўшиб ёзиш” деган сўзларни ёзсак, танбеҳ оламиз шекилли?  Наҳотки чархпалак бу дунё?  Наҳотки бир айланиб келаверади?  Наҳотки шу қадар тез айланади бу чархпалак?!

Самарқандда кекса бир журналист бор.  Аҳмад Нарзиқулов дейишади у кишини. Ўз йўли, ўз фалсафаси бор одам. Шу зотнинг қизиқ гаплари ёдимга тушади: “Раҳбарлар мусиқачи, қўшиқчи, ҳалқ эса ўйинчи, хўш, журналистлар-чи? Улар қарсакчилар!”  Дарвоқе, қарсакчи учун барибир, “Муножот”ми, “Лазги”ми, барибир қарсакни ураверади”. Ўйланиб қоламан, наҳотки шунча йил қарсак чалиб келдим?

Юзлаб одамлар ҳузуримга келишади. Ҳаммаси дард билан, нажот истаб келади. Ҳунграб йиғлаган нуронийлар, нола чеккан оналар, сочларини тутамлаган аёллар. Яримта бўлиб қолган йигитлар… Ҳаммасига ёрдам беришга уринганман ва уринаяпман. Кўплари хурсанд, айримлари эса…

Ойида бир маротаба қабул ўтказаман. Мен учун энг оғир кун бу. Одамлар, дардманлар кўп.  Ҳар бири билан камида ярим кун суҳбатлашиш зарур. Ноиложликдан гапини бўласан. У эса ранжийди. Ҳали бир воқеа даҳшатидан ўзингга келмасингдан, иккинчисини эшита бошлайсан. Шундайлари борки, ҳамма ишингни қўйиб, шуғулланишинга тўғри келади.

“Биз бир-биримизни севамиз. Олти йилдирки боламиз бўлмаяпти. Шароитимиз бор. Бола олайлик десак, пул сўрашаяпти. Пулимиз йўқ!” Аёл йиғлай бошлайди. Ортида турган эркакнинг ҳам киприклари ҳўл бўлади. Хўш, нима қилиш керак?  Вилоят соғлиқни сақлаш бўлими мудирига учрашаман. Бағри кенг бу одам ёрдамга ошиқади. Масалани ҳал қиламиз. Одамлар эшитишади. Кейинги қабулда яна фарзандга зор оила соҳиблари келишади. Кўзларида мунг.  Улар умид билан келишган. Яна бош қўшмаса бўлмайди…

“Боламни ҳақиқатгўйлиги учун ишдан ҳайдади. Кўзим очиқлигида бир ишнинг бошидан тутсин дейман. Ёрдам бермасанг ночормиз”.  Отахоннинг эгнида яғир кийим. Боласи эски этикни илдирган. Ноиложликдан у идорага бораман, бунисига бораман, охири иш жумҳурият вазири орқали битади.  Енгил тортаман. Одамлар эшитишади…

Уй сўраган ногиронлар сон-саноқсиз. Ҳар бирига ёрдам бермасликка ҳаққинг йўқ. Аммо имкон тополмайсан. Фақат биттасини мисол келтираман. Улуғ Ватан урушининг ногирони  Хуррам Қаҳрамонов кўксида “Қизил юлдуз” ва яна кўплаб орден ва медаллар.

– Урушдан келсам ватанимни, уй-жойимни бузиб юборишибди,  – дейди у. Анча йиллар ўғлим билан Қашқадарёда яшадим. У вафот этгач, 1973 йил яна Жомбойга қайтиб келдим. Тоғамнинг улиникида яшайман. Ёшим бир жойга етди. Шовқин-сурон қулоққа ёқмайди. Қолаверса, иссиқ-совуқ деган гап бор. Уй солишга кучим йўқ.  Колхоз қуриб берган билан ким иситадию, ким қарайди? Шаҳардан бир кулба берса. Шу ерда ҳаловатимни топсам…

Ишонинг, ишонманг, бу муаммони ярим кун муҳокама қилдик. Охири ҳамма масъулиятни мен бўйнимга оладиган бўлдим. Шаҳар ижроқўми иложини топиб уй берадиган бўлди. Хўш, шу пайтгача уй сўраб келганларга ва бундан кейин келадиганларга нима дейман? Тўртта боласи билан кўчада қолган бевага ҳам уй зарур-ми?  Саккизта боласи билан бир хонада яшаётган аёлга-чи?  Бу дардларнинг малҳами қайда? Нега бундай аҳволга тушиб қолдик? Ёки дунё азалнинг касалими бу?

Суд маҳкамаси ёнидан ўтганмисиз? Худди чумолининг уясига ўхшайди. Иши тушган одам (аввало ҳар бир бандаи мўминни шу қийноқдан асрасин)  бу идорага етмиш етти марта қатнамаса мени ҳар нима деяверинг. Бирида қозини райкомга чақиришган, бирида оқловчининг ё боласи, ё онаси хаста, бирида қораловчи келмайди… . Хуллас, баҳонанинг нархи қиммат эмас.

Хўш, арзчи нима қилсин? Кимга борсин?  Ёзгани ўзига қайтаверса, депутат улгурмаса,

3. НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Дарвоқе, ўтган йиллар бизни фақат масала қўйишга ўргатди. Талаб қилардик, масала қўярдик.  Ҳал қиладиган зот йўқ эди. Оқибатда таклиф киритишни унутдик.  Камина юқорида зикр этган муаммо бугунги куннинг энг катта масалаларидан биридир десам муболаға қилмайман.  Тахминий ҳисоб – китобларга ( депутат сифатида илтимосим юзасидан бу хусусда кичик тадқиқот ўтказилди) қараганда ўтган йили жумҳуриятда ҳаракатда бўлган шикоят, арзнома, мурожаатлар киши бошига 1,5 тадан тўғри келибди.  (Оғзакилари ҳисоб эмас. – Ж.М.) Демак, 35 миллионта шикоят , арз битилган. Қанчадан қанча киши банд бўлган бу билан. Аммо ўрганиб чиқадиган бўлсак, шу 35 миллионнинг 30 миллиони бу йилга яна кўчган.

Хўш, рўзнома, ойномаларга қанча хат келади. Улар охир оқибатда текшириб чоп этишади. Уни яна кимдир ҳал қилиши керак. Қабулга келган бир киши столга ўнлаб рўзномаларни, ойномаларни ёяди. Масала ҳалигача ечимини топмаган. Қанча мухбир овора, қанча текширувчи… . Худди шундай аҳволдаги юзлаб корхоналарни мисол келтириш мумкин. Ноиложликдан текширишади. Одамларга малҳам бўлайлик дейишади. Кейинги вақтда ёзувчилар уюшмаси, янги тузилган ҳаракат ва расмий – норасмий партияларга ҳам оқиб кела бошлади бу “дарё”. Фуқаролар янги жойни эшитса зора ўша ерда адолат бўлар, масала ечилар, деб ўйлашади.

Ҳаёт давом этмоқда, умр ўтмоқда. Мен бу масалани бир ёқлик қилиш бўйича ўз таклифларимга эгаман. Биринчидан, кўп мамлакатлардаги сингари суд идораларини кенгайтириб ҳамма масалани ўша ерда ҳал қилмоқ зарур. Аммо биз ҳамма мамлакатларга ўхшамаймиз. Уларда ғишт, шифер, чўп… сўраб ё оломай шикоят ёзишмайди. Уларда ўғрилик, порахўрлик ҳам бошқа тарзда. Хуллас, ҳеч кимга ўхшамайдиган бўлиб қолдик, бу етмиш тўрт йилда. Ҳатто томдан чакка ўтса ҳам шикоят ёзишга мажбурмиз.

Менинг назаримда ҳозирча мавжуд бўлган “коммунистик” шароитлардан келиб чиқиб, бунинг чорасини кўриш керак. Нуқтаи назарим жиҳатидан таклиф қиламан:

Жумҳуриятда ё парламент, ё Президент қошида Назорат Қўмитаси тузиш керак. Унга Олий Кенгаш Раиси  ёки, Президентнинг ўзи раҳбарлик қилиши керак.

Яъни:

1. Назорат Қўмитасининг вилоят, ноҳия ва қишлоқларда бўлимлари ишлайди ва улар фақат ўз раҳбариятига бўйсунади.

2. Қўмита фуқаролар талаблари билан боғлиқ Республика ҳудудидаги жамики идоралар фаолиятини ўрганиш, шулар юзасидан Олий Кенгашга, Президентга, тегишли ташкилотларга таклиф киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

3. Ўзбекистон қонунлари, Президент фармонлари, Олий Кенгаш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарор, фармойишлари, Инсон ҳуқуқлари декларатсияси талабларига риоя қилинмаган ҳолда Қўмита юқорида зикр этилган ҳужжатлардан келиб чиқиб, узил-кесил хулосалар чиқаради.

4. Қўмита қошида аҳолининг кайфияти, талаби, таклиф-эҳтиёжларини ўрганувчи илмий-тадқиқот маркази ишлайди ва у Олий Кенгаш, Президент учун ҳар ойлик ёки ҳафталик ҳисобот, таҳлил тайёрлайди. Бу ҳужжатни вақти вақти билан оммалаштиради.

5. Қўмита махсус нашр чиқаради. Унда фуқароларнинг арз, шикоятлари тақдири ёритиб борилади.

6. Қўмита қошида депутатлар кенгаши тузилади. Қўмита бўлимлари, ходимлари фаолияти асосан депутатлар томонидан ўрганиб борилади.

7. Республикадаги барча идоралар, муассалар, ташкилотлар шикоят ва арз текширишдан озод қилинадилар.

8. Қўмита жиноий ишлар, судга оид масалалар ҳақидаги арз-шикоятларни назорат остига олади ва ижроси таъминланишини кузатади.

9. Қўмита Республика вазирликлари, идора ва ташкилотларининг назорат-тафтиш бошқармаларини ўзида бирлаштиради. Уларнинг ишини ташкил қилади ва юритади.

10. Ўзбекистон Халқ Назорати Қўмитасининг фаолияти, базаси мазкур Қўмитага қўшиб берилади.

11. Фуқароларнинг арз-шикоятлари ҳал этилиши муддатлари узил-кесил белгиланади ва унга риоя этиш таъминланади… .

Албатта, буни давом эттириш, тўлдириш мумкин. Назаримда ана шу хусусдаги Қонунни тайёрлаш вақти етган. Буни тезроқ амалга оширсак, энг аввало шу пайтгача қайта-қайта такрорлаб келаётганимиз  тартиб-интизом қарор топади. Қанча маблағ ва асаб толалари тежалиши ҳақида тўхталмаса ҳам бўлади.

Менинг шахсий таклифларим бировга ёқиши, бировга ёқмаслиги мумкин. Кимдир бу улкан муаммони бошқача ҳал этиш йўлларини билар. Хуллас, нима бўлганда ҳам бугун унга нуқта қўйиш шарт. Бардош косаси тўлиб, тошиб, тўкилишини кутиб ўтирмайлик.

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ  (МУҲАММАД),

Ўзбекистон Республикаси Президент девонининг халқ депутатлари билан ҳамкорлик шўъбасининг мудири, Ўзбекистон Республикаси халқ депутати.

“Ҳалқ сўзи” ,1991 йил 15 октябр

Advertisements

One Response

  1. […] 3.КИМГА АЙТАЙ ДАРДИМНИ? […]

Comments are closed.

%d bloggers like this: