ЖАҲОНГИР МУҲАММАД: ВАТАН МАНСИЗ, МАН ВАТАНСИЗ

II-қисм

ҚАРАШЛАР

ЭЪТИҚОД
Эътиқод кураш қуроли, яшаш учун, ҳаёт учун, кураш учун кураш қуроли.
Эътиқодсиз одам ўрмон жонзоти.
Эътиқодли одам хафли одам, эътиқодсизлар учун.
Эътиқод учун севмайдилар…
Эътиқод учун қопадилар, қамайдилар, ўлдирадилар…
Эътиқод қанча-қанча гуноҳсизларнинг қотили.
Қотилни ичимизга қамаб қўйганмиз.
Қани энди ҳамманинг ўз шахсий қотили бўлса?!

ШОИРЛАР
Яхши ё ёмон шоир йўқ. Шеър бу бу қалб. Қалбнинг яхши ё ёмонлигини ўлчайдиган диагностика – аниқлаш маркази йўқ, ҳали ва бўлмайди ҳам.
Халқ тан олган шоирлар бор. Улар халқ айтолмаган дардни айтолганлари учун халқ тан олган шоирлардир.
Халқ тан олгандан сўнг халқ дардини била туриб индамай кетган шоирлар ҳам бор. Улар халққа ва ўзларига хиёнатчидирлар.
Хиёнатчи шоир унвони йўқ. Аммо халқ назаридан қолиш бор. Бу номни кўпроқ отлари чиққандан кейин подшоҳни “севиб” қолган сарой шоирлари оладилар.
Ажаб?! Подшоҳ ўлдирувчидир. Унинг қиличи шеър нималигини билмайди. Бошнинг ҳам фарқи йўқ унга.
Ажаб?! Бу шоирлар нега ўз бошларини кундага қўйдилар? Халқдан, унинг дардидан чарчадиларми?
Халқдан, унинг дардидан чарчаш, қочиш мумкин, лекин подшоҳдан қочиш қийин.
Назаримда, улар шоирликдан чарчаганга ўхшайдилар.
Сарой соҳибига қуллуқ қилганлар шоирликни Тангрига топширганлардир.
Улардан хафа бўлманг, улар бахтсиздирлар…
Уларни эслаб туринг, нима бўлганда ҳам бир вақт шоир эдилар.

МАРДИКОР
Мардикор – мард, эркак иши.
Мардикор – социализм вужудидаги оғриқ.
Мардикор – инсоният келажагининг ибтидоси…
Яшаш учун меҳнат қиламиз, яхши меҳнат қиламиз, бироқ яхши яшамаймиз. Боиси меҳнат қадри, меҳнат қийматини билмаймиз.
Меҳнат қийматини билиш ўзликни билишдир.
Социализм меҳнатнинг қиймати энг қадрсиз бўлган давр.
Коммунистик режим ҳар қанча уринмасин, инсон мафкураси ва ўзи атрофида ҳар қанча тўсиқлар яратмасин, меҳнат қийматини билганлар бор эди.
Уларни жамиятнинг энг кейинги одамлари деб ҳисоблашарди.
Улар – мардикорлар синфи.
Талабалик, ёшлик йилларида мардикорлар синфида таҳсил олганлар бугун мухолифатда.
Уларнинг устидан кулганлар ҳокимиятда. Шу боис ҳам демократия, янги тузум гапга, сафсатага айланиб қолмоқда.
Мардикор- онгли шахс. У меҳнати қанча туришини ҳисоблай олади. Меҳнатини арзонга сотмайди. Сифатсиз меҳнат қилолмайди.
Мардикор – интизомли шахс. Унинг бошида калтак кўтариб туриш керак эмас. Унга ишни белгилаб берсангиз, бас. Ўз-ўзини интизомга бўйсундиради.
Мардикор – халқчил шахс. Сиз билан эркин тортиша олади. Ўз фикрини асослашни билади. Муштлашувга, савашга бормайди. Унинг мақсади ва манфаати бунга йўл қўймайди.
Мардикор – жасоратли шахс. У енгил ишни эмас, оғир ишни танлайди. Шунга яраша ҳақ талаб қилади, куннинг қадрига етади.
Албатта, бу биз орзу қилган жамиятнинг ибтидоси. Интиҳоси қандай бўлади?
Бу саволга жавоб беришдан олдин, “Мен мардикорман” деб хаёлдан кечиринг. Ҳа, ўзингизни ўзингиз ҳақорат қилгандек туюлади.
Демак, оддий ҳақиқатни англамоқ зарур.
Ибтидосиз интиҳо бўлмайди. Қолган гаплар ёлғон …

МУРОСА
Кучли ва кучсиз рақиблар ўртасида муроса йўли борми? Ўртада энг ёрқин чизиқ ғалаба ё мағлубият чизиқларидир.
Кучли томон муросага бориши мумкин. Бу ҳийла муросаси ё муроса ҳийласи.
Муроса учун ўртага тушувчилар бор, уларни на кучлилар ва на кучсизлар манфаати қизиқтиради. Улар учинчи, яъни ўз манфаатлари нуқтаи назаридан иш кўрадилар.
Кучлилар уларни кучсизларнинг дўсти ҳисоблайди ва кечирмайди. Кучсизлар эса сотқинликда айблайди ва кечирмайди. Муроса аслида икки тарафнинг иши, учинчи тараф ортиқча.
Муроса кучлари тенг бўлган тарафлар ўртасида яшай олади.
Кучлар бир тарафга оғган заҳоти муроса ўлади…

АМОЗОНКА
Узоқ замонда, олис томонда, гўзал бир юртда ёлғиз аёллар яшашаркан. Уларни амозонкалар дейишаркан.
Шоҳлари – аёл.
Шоирлари – аёл.
Чавандозлари, сипоҳлари – аёл.
Аёллар нега эркаклардан кечган эканлар ўшанда?
Эркакларнинг эр эмаслиги …
Эркакларнинг эрксизлиги …
Эркакларнинг хоинлиги уларнинг кўнгилларини оғритдимикан?
Замонлар кечиб амозонкалар бир ўлкада – пахтазор ўлкасида пайдо бўлди. Амозонка …
Фақат: шоҳлари – эркак …
Шоирлари – эркак …
Чавандозлари, сипоҳлари ҳам.
Амозонкалар улардан кечиб пахта далаларини ватан қилганлар.
Қозонганлари хасталик. Даҳшатли хасталик … Малҳамсиз хасталик …
Қизиқ, дунёнинг сирли учлиги бор. Амозонкалар мамлакати учинчи марта қай кўринишда пайдо бўларкин?
Агар улар тирик қолсалар!

ШАХС
Ўзининг ўзлигини англовчи …
Ўзининг ўз фикрини асословчи ёки ўзгартира олувчи …
Ўзининг ўз қарашини ўлдиришга қодир …
Ўзининг ўз дунёсига ҳукмдор киши Шахс бўла олиши мумкин.
Фақат ўз жонидан кеча билсагина.
Жонини севар экан махлуқ бўлиб қолаверади. Жон унинг ўз мулки эмас. Жон унга берилган омонат. Омонатни эса севмайдилар, ундан керагида фойдаланиб, сўнг эгасига қайтарадилар.
Жондан эса шахс деган мулкни қозониш учун жонни севиш эмас, ишлатмоқ талаб этилади. Шахс бўлиш имконияти йўқ эмас. Шахс бўлмаслик имконияти эса мавжуд.

ШУҲРАТ
Шуҳрат касалликми? Шуҳрат орзу, илинжми? Балки мақсаддир?
Назаримда, шуҳрат пулга ўхшайди. Ҳамма пулни, пулдорни, пулга меҳрни қоралайди тил учида. Аслида, пулни севадилар, пулдорни ҳурмат қиладилар, пулга меҳр қўядилар.
Пулни қора меҳнат эвазига …
Қора мансаб эвазига …
Қора ишлар эвазига қозониш мумкин.
Шуҳрат-чи?
Қора меҳнат…
Қора мансаб…
Қора ишлар… эвазига келади.
Пул фоний экан, шуҳрат ҳам фонийдир.
Пул боқий экан, шуҳрат ҳам боқийдир.

ҲОЗИРЖАВОБ БОЙЎҒЛИ
Бойўғли тепаликдан оёғи остидаги харобаликка боқиб роҳатланаётганди. “Пир-р” этиб ёнига читтак қўнди.
– Менинг салтанатимда нима қилиб юрибсан? – ўдағайлади мезбон.
– Бойўғли ака, беш йил олдин бу ерлар обод эди, ё мен адашиб қолдимми?
– Адашмадинг, – керилди бойўғли, – беш йил бурун бу ерда мен йўқ эдим.

ҲАЙКАЛЛАР
Лойдан…
Оғочдан…
Темирдан…
Ва Одамдан тикланади ҳайкаллар…
Болакайлар лойдан…
Дарвешлар оғочдан…
Ўқимишлилар ранго-ранг темирлару ганчдан ясайдилар ҳайкалларини. Қолганлари сиғинишади ҳайкалларга, дину Худони тарк этиб.
Одам ҳайкалларни эса сайлайдилар, танлайдилар одамлар ичидан одамлар… Сўнг сиғинадилар унга.
Ҳайкаллар юраксиз, қалбсиз, қонсиз вужуд.
Ҳайкаллар юраксиз, қалбсиз, қонсиз вужудларнинг ёлғон худоси…

ТАРИХ
Энг ростгуй ва энг ёлғончи донишманд – тарих.
Сен ростгўй бўлсанг, ҳақиқатни сўзлайди у.
Ёлғончи бўлсанг сени алдайди.
Унинг эртакларисиз яшай олмайсан, қулоқларинг битиб қолишидан қўрқасан.
Ростгўй бўлсанг, ўзинг ёлғон тарихга айланасан ҳақиқатни тинглайвериб.
Ёлғончи бўлсанг, рост тарихга айланасан ёлғонни ўрганавериб.
Биринчи йўлни танлаш ҳуқуқи йўқ. У мажбурийдир ростгўйларга.
Иккинчи йўлни танлаш ҳуқуқи бор. У ихтиёрийдир ёлғончиларга.
Бу ҳам тарихнинг ҳукми.

ЭРКИНЛИК
Бутун дунёни бирлаштирувчи ягона дин бор. Бу эркинлик дини.
Уни сақлаб қолиш учун кураш боради диндорлар ичида.
Уни йўқотиш учун жанг боради динсизлар жабҳасида.
Эркинлик динининг душманлари кўп. Улар тиш-тирноқларигача қуролланганлар, кучлидирлар. Енгиб бораётирлар, фақат, фақат, эътиқод чалажонлигидан.
Бу динни истагувчилар бир қадар оз.
Бироқ ғолиб келмоқдалар эътиқод бутунлигидан.
Эркинлик динига киришдан чўчиётган учинчи тоифа ҳал қилади қолганини.

ШОҲ
Дунёда икки мутлоқ озод этилмайдиган қул бор. Бири ота ва она. Улар фарзандларининг қулларидирлар. Болаларининг ташвиш, дардлари бошларида ҳукмрон. Ташвиш, дард сарҳадсиздир. Ота-онани бу қулликдан Тангри ҳам озод қилмайди. У дунёда ҳам уларни фарзанд ташвиши, дарди тинч қўймайди.
Иккинчиси шоҳдир. У ўз ўзининг қулидир.
Айтган гапи, сўзи унга ҳукмрон.
Ташлаган ҳар бир қадами унга ҳукмрон.
Қилган-қилмаган ишлари унга ҳукмрон.
Тахтсизлик ҳам уни бу қулликдан озод эта олмайди.
Айтган гапи, сўзи, ҳар бир қадами қилган-қилмаган ишлари қиличини ялонғочлаб тураверади.
Қиличли ҳукмрон уни қабрда ҳам таъқиб этаверади.
Шоҳ бўлишдан аввал буни ўйлаб кўрармиканлар?
Бу саволим, ота бўлишдан аввал ўйлаб кўрармиканлар, дегандек мантиқсиз туюлади ўзимга.

ДЎСТ
Тасодиф сенга кимнидир дўст айлайди.
Тақдир сенга кимдир дўст этади.
Ўзинг ўзинга кимнидир дўст деб биласан.
Тасодиф топиб берган дўст тасодифдан йўқолади.
Тақдир инъом этган дўстни тақдиринг қочиради.
Ўзинг топган дўстинг ё хоинлик қиладию ё ишончингни ўғирлайди ё ўзингни тарк этади.
Сен йўлаб кўрдингми?
Бу дунёда дўст борми? Албатта бор.
Энг содиқ дўст ўзинг.Ўзинг-ўзингни тарк эта олмайсан.
Энг содиқ дўст ғаминг, дардинг. Улар сени тар этмайдилар.
Энг содиқ дўст сен яратган дунё.
У ҳатто сендан кейин ҳам сенга содиқ бўлиб қолади.

УМР ЙЎЛДОШИ
Аёл … заифа дейдилар.
Аёл … сочи узун ақли калта, дейдилар.
Аёл … унинг айтганини тескарисини қил, дейдилар.
Аёл… уни қамчи остида сақла, дейдилар.
Аммо ҳамма эрлар заифанинг олдида заиф бўладилар.
Сочи узун ақли калтадан маслаҳат оладилар.
Унинг айтганини тескарисини эмас, айнан ўзини қиладилар.
Уни қамчи остида тутганлар, қамчи остига тушадилар.
Нима бу? Инкорни инкор қилишми?
Ё ҳақиқатдан қочиб, ҳақиқатга йўлиқишми?
Аслида аёл эрининг гуноҳ ташувчисидир.
Гуноҳ эса кўп ва оғир. Уни кўтариб кўрмаганимиз учун қанчалигини ҳам билмаймиз.
Хайриятки, кўтариб кўришга уринмаймиз, нақд шарманда бўлардик.

ХАЛҚ
Халқ … ким учундир тўда ё оломон.
Ким учундир қалқон. Яна ким учундир Миллат, Ватан, ифтихор, она тимсоли.
Халқ бугун билан яшайди. Аладасалар ишонади. Сўнг таҳлил қилади. Фақат бироз кечикади таҳлилида. Бироқ таҳлил мутлоқ ҳақиқат хирмонида соврулади.
Халқ… Кимлардир уни бошқаришни истайдилар, калтак билан.
Кимлардир уни озод этмоқ истайдилар.
Калтакни унга бериб.
Кимлардир унинг улуғ ва буюклигини ўзига англатмоқ истайдилар, ўзлари англамасалар-да.
Ҳамма ҳолатда ҳам халқ муҳораба маркази .
Марказга интилиш ғалабага, марказдан узоқлашиш мағлубиятга олиб келади.
Халқ ҳаммасини кўриб туради…
Эшитиб туради…
Билиб туради…
Индамайди. Бу унинг оддийлигидан. Оддийлик эса буюкликнинг қоясидир. Қолаверса, У кўп гапириб тортишиб ўтирмайди.
Энг охирида бир марта гапиради.
Ана шу бир гап уни ё миллатга ё оломонга айлантиради.
Миллатлар бор. Демак, улар ўз гапларини айтган халқлардир.
Оломонлар бор. Улар ўз гапларини айтишни кутиб турган халқлардир.

ҚАРТА
Улфатлар қарта ўйнайдилар.
Кимдир ютади, кимдир ютқазади.
Ютганлар қувонадилар, куладилар ютқазганлар устидан.
Ютқазганлар жим, асабларига тегирмон тоши осилган.
Яна ўйнайдилар.
Яна шу аҳвол.
Кимдир ўзини ақлли ҳисоблайди, бировни аҳмоқ санаб.
Кимдир барибир ютаман, дейди ҳирсини ҳовучлаб.
Шўрлик туз ва “урувчи” қарталар эса дарров унут бўладилар, чунки улар мустақилдирлар. Доим бир одамга ён босишни истамайдилар.

ПАРДА
Деразанинг пардаси…
Юрак пардаси…
Юз пардаси…
Деразанинг пардаси йиртилса, тикиш мумкин.
Хотира бу воқеани дарров унутади.
Юрак пардаси йиртилса, битиши мумкин, тахмондаги тўшаклар йиқилиб туравериш дардидан енгил тортадилар фақат.
Хотира унутади бир куни.
Юз пардаси йиртилса-чи? Тикиш мумкинми?
Мумкин. Игнаси бардош, ипи йиллар …
Битиб кетгани билан хотира унута олмайди пардаси йиртилган юзни…

СОЧ
Қизалоқнинг сочи…
Жамалаклар осилади тортқилаб ўстиргали …
Ўсгандан сўнг патихавериб сил қилади қизни.
У ё азоблар билан гўзалликни аралаштириб яшайверади ё кесади сочни.
Кесилган сочни авайлаб ё ток остига кўмадилар, ё девор ёриғига қўйиб, устидан сувайдилар.
Гўзалликнинг вафот этган бўлагин…
Ўғлон сочи … ўсаверади, кесаверадилар …
Бу ҳам гўзалликнинг рамзи …
Фақат қайчилангани сартарошнинг оёқлари остида қолади.
Вақт келиб соч манзилини ташлаб кетса-да, ўрнини ақллилик рамзига айлантириб кетади.
Соч умрга қиёс…
Ўстирамиз, кесамиз…
Яна ўстирамиз, кесамиз…
Манзилини ташлаб кетганда ялтироқ, тақир жой қолади кўпинча. Фарқ шунда.

ҲУСНИХАТ
Дафтар варақлари оқ…
Уни гоҳида мазмун тўлдиради, гоҳида мазмунсизлик.
Гоҳида шеърлар шерик бўлади унинг оқлигига қора ҳарфлар билан, гоҳида рақамлар эгаллайди сатҳини.
Биров ўқийди ё йўқ.
Инсон чеҳраси, юзи ҳам саҳифадек оқ бўлади аввалига. Йиллар ижод қилади, балки шеър ёзар, балки рақам. Ҳамма ўқий олмайди.
Чунки болакай варақни чизиб ташлаганидай, йиллар ҳам кўпинча бу икки саҳифани чизиб-чизиб ташлайдилар.
Мавҳум чизиқлар…
Йилларнинг қўлини тутиб ёзишга, чизишга биров эмас ўзимиз ўргатамиз.
Муаллимга боғлиқ ҳуснихат ҳамма вақт ….

ТОБУТ
Ҳовли. Саҳар уйдан чиқиб тоза ҳаво қўйнига шўнғийсан. Енгил тортасан. Фикрингда юлдузлар чақнайди. Ерни чопиш, экиш ҳақида ўйлайсан.
Нураган деворни суваш кераклигини режалаштирасан.
Ҳовлининг тўридан ўғлингга атаб икки хонали бўлса-да, уй солмоқ истайсан. Меъморга ўхшайсан бу дамда.
Ҳовлидаги дарахтларни тартибга келтирмоқни кўнгилга туясан. Боғбонсан шу дамда.
Дарвозани ранглаш хаёлингдан кечади.
Йўлакларга тош тўшасаммикан, дейсан…
Хуллас, ҳовли ўйлатади, фикринг ижодда.
Кўп қаватли, кўп ё оз хонали бетон уйда-чи?
Саҳар уйғонасан бўғиқ ҳавода. Истар-истамас телевизор қулоғини бурайсан. Ҳатто юз юваётганингда жумраклардан оққан сув ҳам тўрт томонга сачраб асабларингни синайди.
Ҳар кун шу ҳол. Тўрт тараф девор. Фикрингда ҳам тўрт томон девор. Қафасга тушиб қолганга ўхшайсан. Тафаккуринг нолон ижодсизликдан…
Ёзда бўғиласан иссиқ остида. Иссиқ – эзғилайди сени.
Нега ҳовлини тарк этиб бу жойга келдинг?
Энди бу савол хаёлингга келмайди. Савол йўлларини ҳам қисиб ташлаган деворлар.
Қочолмайсан, деворлар қўймайдилар, чунки сени шунга маҳкум этганлар. Бу эса сиёсат. Мен сиёсатга аралашмайман.
Балки кўп қаватли уй деразасидан тобутни арқон билан тушириш сиёсат эмасдур?

МАҚСАД
Аввал автобусни яратдилар. Автобус эркинлик кўчасидан кетди.
Сўнг трамвайни яратдилар. Трамвай темир йўл қулига айланди.
Боши қотган яратувчи троллейбусни ихтиро қилди.
Троллейбус симга осилиб қолди. Гоҳида “қўл”ларини “дор”дан узгани билан яна маҳкам ушлайди қайтадан. Ў ҳам қуллик кўчасидан кетди.
Балки ихтирочининг мақсади шулдир? Ахир тартиб бор бу юришда. Арздод ҳам кам.
Лекин, Тангри биз одамларни яратишда бу мақсадни кўзламаганди-ку?!

САҲРО
Саҳро жизғанак…
Қум ловуллайди. Ўтинчи бобо Қуёш чарчоқ билмайди.
Саҳро сарғайиб ётади. Лекин кўксида ҳаёт бор.
Илондан тортиб қумурсқагача саҳрони севади, уни тарк этмайди. У билан бирга.
Бизнинг кўксимиз саҳрога айланса, ҳатто илон ҳам, қумурсқа ҳам севмайди. Тилка-тилка айлайди. Нега?
Назаримда ўтинчи бобонинг тафтига бардош бера олмаганимизда сабаб. Бардоши синиқларни қумурсқалар ҳам писанд этмайдилар. Илон ҳақида эса гап бўлиши мумкин ҳам эмас.

СОТҚИН
Сотқин бўлиб туғиладилар сотқинлик тўшагида…
Сотқин бўлиб ўладилар сотқинлик тўшагида сотқинлар.
Сотқинни тарбиялаш, қалтис йўлдан қайтариш мушкул. Бу унинг ҳаёт тарзи.
Дунёда сотқинлар партияси, сотқинлар синфи тузилса, улар дарров дунёда ҳукмронликни қўлга олардилар. Сотқинга ишонмайдиган, унинг тузоғига илинмайдиган одам йўқ.
Улар фуқаролар урушини бошламайдилар.
Танклар олиб кирмайдилар майдонларга.
Одамларни ўққа тутмайдилар.
Улар кўнгил мулкида уруш бошлайдилар.
Кўнгил мулкига танкдан оғирроқ замбараклар олиб кирадилар. Улар кўнгил болаларини бешигида бўғадилар.
Ҳолсизлик бошланади дунёда. Улар эса ҳокимиятни оладилар қўядилар.
Бундан Худо асрасин.
Бундан Худо асрай олармикан?
Ахир сотқинлар Тангрига қарши бош кўтарган шайтон лаъйиннинг жигаргўшалари.
Айб биздами? Раҳмонга эмас, шайтонга мойилмиз.
Шу боис дўстимиздан ажраламиз, севгимиздан ажраламиз, юртимиздан ажраламиз, иймон-эътиқоддан ажраламиз.

ИМПЕРИЯ
Болакай тобора кўпроқ ейишни истайди.
Бола тобора кўпроқ ейишни истайди.
Ўсмир тобора кучлироқ бўлишга интилади.
Талаба кўпроқ, кўпроқ ўқишни эмас, тезроқ манзилга етишни орзу қилади.
Кўпчилик тобора кўпроқ пул топиш, кўпроқ ва каттароқ жойга эгалик қилиш ишқида яшайди.
Оила бошқа оилалардан яхшироқ яшашга, улардан яхшироқ кийинишга уринади.
Қабила бошқа қабилалардан баланд бўлиш учун курашади.
Улус тобора кенгайишни истайди.
Давлат бошқа давлатларни ўзига қаратмоқ ва шу аснода империяга айланишни сиртдан мўлжаллайди.
Бу – торликдан кенгликка, қафасдан дунёга чиқиш фалсафаси.
Бу – Худога шериклик фалсафаси.
Бу – дунёдан тўймаслик фалсафаси.
Ҳар уч фалсафада ҳам жон бор.
Бироқ, ўз қобиғида қолиш юксалишдан тўхташ, камолотдан чекинишдир. Бу ҳам фалсафа. Шу маънода империя қуришга интилган халқларга ҳавасим келади. Улар ўзликларини англаганлар ва ўзларини улуғ ҳисоблайдилар.
Биз эса уларни қоралаймиз, қоралаш билан оворамиз. Вақт кутмайди. Бир куни мағлуб бўламиз.
Бунинг ўрнига кенгликка интилиш қоидасини тинглаш эмас, ақалли бузмасликка уринсак бўлмасмикан?!
Ўз Империяси сари интилмаган халқ қайси бир империянинг таркибига кириб қолганини ўзи ҳам билмайди.
Боланинг қўлини тутманг, у империяга интилмоқда…

ЧИГИТ
Чигит – уруғ. Улкан хирмонларнинг уруғи.
Чигит – умид. Яхши кунларнинг умиди.
Чигит – нажот. Тўкин-сочин яшамоқ нажоти.
Чигит -кафан. Бу дунёни тарк этганларнинг либоси.
Чигит – азоб. Азобдан бошқа нарсани билмаганларнинг азоби.
Чигитсиз яшаётганлар ҳам кўп.
Умидсиз, нажотсиз, кафансиз қолганлари йўқ.
Фақат азобдан йироқлар.
Чигитсиз яшолмайдиганлар бор. Умидсиз, нажотсиз, кафансиз қоладилар баъзан.
Бу дунё танлов.
Бу дунё зўрлик. Ким танловни танлайди…
Ким зўрликни…
Бу ҳам чигитга боғлиқ. Танловчининг чигитига…

ОЛТИНЧИ ПАЛАТА
Чехов деган машҳур ёзувчининг машҳур “Олтинчи палата” ҳикояси бор.
Девонахонанинг “олтинчи палата”сидаги жиннилар тақдири ҳақида ёзилган.
Ленин деган машҳур кимсанинг машҳур гапи бор׃ “Бу дунё олтинчи палатадир”.
Бу дунёни “Олтинчи палата”га айлантирмоқ истагида айтилган гап. Бир қисмини айлантирди ҳам.
“Олтинчи палата” кичик палаталарга бўлинди, олтинчи палата бўлмаслик учун.
Кейин яна бир Елцин деган одам “Олтинчи палата”ни тикламоққа киришди.
Аммо “Олтинчи палата”нинг ойналари синган, эшиклари қўпорилган, дўхтирлари иш ташлашга кетганлар.
Энди “Олтинчи палата”да фақат мажлислар ўтказилмоқда, ҳужжатлар имзоланмоқда деразаларни, эшикни тиклаш учун.
“Олтинчи палата”нинг собиқ хасталари эса ташқарида навбат кутиб турибдилар.
Балки “Олтинчи палата”ни ёзгани учун ўша машҳур Чеховни тақдирламоқ, мукофотламоқ масаласи навбатдагиларнинг гурунгида бош масаладир?
Балки “Олтинчи палата”дан қочган камина ҳали тузалмагани учун шундай хаёлларга бораётгандир?
Балки менинг ҳам “Олтинчи палата” ҳақидаги гапим машҳур бўлиб кетар. Ажабмас?!
Ахир “Олтинчи палата”дан олганим ёлғиз орзу -да!
Зотан, “Олтинчи палата”да орзудан бошқа нарсага ҳаққим йўқ эди.

ТЕННИС
Теннис столининг икки тарафида икки ўғлон, ўртада шар-тўп.
Шар тарсакки еб бориб келаверади. Қочмоқ, қутилмоқ истайди. Иложини тополмайди.
Сарсон шар ер шарига ўхшайди. Икки четда икки жаҳонгир.
Ер айланаверади. Қуёш ва ой – бири кучли, бири кучсиз жаҳонгирлар унинг тақдирини ҳал қиладилар. Ишқилиб, “қўл”ларидан тушиб кетмасин!

ГУГУРТ
Бир қутининг ичида юзлаб “одамчалар” қамалган. Ҳаммасининг боши чақмоқ, олов.
Мустақил ҳолда ёнсалар, қутичадан ташқарида ёнсалар бир нав.
Қутича ичида биттаси ёнса, ҳаммаси ловуллаб кетади.
Ташқаридан таъсир бўлмаса, ўз соатларини кутиб ётаверадилар.
Ҳа, ташқи таъсирдан асрасин каллали одамчаларни …

АРОСАТ
Аросат – яхши ва ёмон орасидаги илон йўли.
Аросат – аниқ ва ноаниқликнинг бели.
Аросат – бешик ва тобут ўртасидаги бўшлик.
Аросат – курашдан курашсизликка, курашсизликдан курашга қўйилган ҳолсиз қадам.
Аросат- ҳаммани ва ҳар кимни адаштирадиган жангалзор.
Яхши ва ёмон орасидаги илон йўлидан тез-тез ўтамиз. Гоҳида оёғимиз қаваради, гоҳида дилимиз эзилади. Гоҳида бу йўлни сезмай ҳам қоламиз.
Аросатни сезмаслик мумкин…
Аросатни унутиш мумкин эмас.
Аниқ ва ноаниқликнинг хипча белини тутмаган қўл йўқ. Гоҳида қўлимиз куяди, гоҳида роҳат олади.
Аросатни сезмаслик мумкин эмас…
Аросатни унутиш мумкин.
Башик ва тобут ўртасидаги бўшлиқда кезамиз.
Мазмунли – мазмунсиз. Мантиқли – мантиқсиз.
Аросат шамол бўлиб, изғирин бўлиб, жазирама бўлиб, саррин бўлиб ёнимизда юради.
Аросатдан қочиш мумкин эмас…
Аросатни енгиш мумкин.
Курашдан курашсизликка, курашсизликдан курашга қўйилган ҳолсиз қадамга илинган аросатни баъзан кўрамиз, баъзан кўрмай қоламиз.
Аросатни кўриш шарт.
Аросатни кўрмаслик ўлим.
Ҳаммани ва ҳар кимни адаштирадиган жангалзорда вужудимиз тилинган, қон сизиб чиқиб, зардоб оққан юракдан.
Шундан кейин ҳам аросатни англамаслик аросатга айланишдир.
Аросатга айланиш эса яхши ва ёмон, аниқ ва ноаниқлик, бешик ва тобут, кураш ва курашсизлик орасида дунёга халақит бериш, ҳаётни ҳолсизлантириш, камолотга ғов бўлишдир.
Аросатга айланмаслик эса мушкул, жуда ва жуда мушкул.
Танла!

ОЛОМОН
“Қачон халқ бўласан, эй, сен оломон!” Коммунистик ғояларга шилта бу сатрни машҳур бир шоир ёзган.
Ҳа, бу ҳақорат!
Одамларнинг онгли бир қисмини ҳақорат қилиш.
Оломон – одамларнинг энг онгли қисми.
Оломон – одамларнинг халқ бўлган қисми.
Оломон – бошқарилишни истамайдиган, бошқаришни истайдиган халқ.
Оломон – эътиқоди, фикри, дунёқараши яқин, уйғонган кишиларнинг бирлиги.
Оломон – ҳақсизлик, адолатсизликка исён.
Оломон ҳамма гапга қарсак чалишни, қўл кўтаришни истамайди. Унинг эътирози ёрқин.
Қарсак чалади – ҳақ учун …
Қарсак чалади – эътиқоди учун…
Оломон ғалаба қилиши мумкин. Бу унинг енгилиши.
Оломон мағлуб бўлиши мумкин. Бу унинг ғолиблиги.
Ғалабага эришса, у ишонган одам уни ё сотади, ё отади, ё хароб этади, ё ундан узоқлашади.
Мағлуб бўлса, бир қисми қирилади, қонга бўялади, бироқ қонхўрнинг қўли қонга ботганини исботлайди.
Исбот – мутлоқ ғалабадир!
Миллат бўлиш учун оломон мактабини ўтамоқ лозим.
Оломон мактаби очлик, изғирин, жазирама, ўқ-оловдан қўрқмаслик – жасорат мактаби.
Оломон мактаби – алдовга, ёлғонга, хиёнатга қарши ишонч, диёнат, ўзликка даъват мактаби.
Қайдасан оломон – миллатга айланаётган эрк.
Мен сенга, ҳа, сен онгли оломонга қўшилишни истайман.
Сени бошқариш мумкин эмас, дейдилар. Шунинг учун ҳам сенга қўшилишни истайман …
Бошқариш мумкин – подани…
Бошқариш мумкин эмас ОЛОМОНни …

МАВҲУМЛИК
Дунёнинг энг оғир юки мавҳумликдир.
Мавҳумлик ўлимданда, дарбадарликданда, етимликданда оғир. Ўлим – аниқлик.
Дарбадарликнинг ниҳояси бор.. Кимдир эшигини очади.
Етимликнинг иссиқ кунлари бўлади.
Бошингни силайдиган қўл топилади.
Мавҳумликнинг на сарҳади, на кўриниши, на эшиги ва на қўли бор.
Мавҳумлик ўзингни йўқотганингда …
Калла қолиб бошдан ажралганингда …
Қайиқ чўкиб кетиб, уммон ўртасида қолганингда ҳукмронликни бошлайди.
Ўзини йўқотган одам ўзини топиши мумкин агар аввалдан ўзи бор бўлса …
Бошини йўқотган одам бошини топиши мумкин, агар аввалдан боши бор бўлса…
Денгиздан қутилиб чиқиши мумкин, агар халоскори топилса…
Бироқ мавҳумлик маккор шоҳ. Ҳийлагар.
Ўз қулини озод этмаслик учун курашади. Ўз қулини на сотади, на инъом этади. Ундан фақат жанг, кураш йўли билан халос бўлиш мумкин. Бу кураш беомондир, жонни, қонни талаб қилади. Яккаю-ягона мантиқ – мавҳумлик қўлига тушмаслик…
Яъни ўз-ўзини …
Ўз бошини …
Ўз халоскорини йўқотмаслик.

МИЛЛАТ
Миллат – юксак тоғлардан юксалган алп қоядир. У тоғларга қараганда хуршидга, ойга яқин.
Қуёш тафтини энг аввал сезади, қуёш тафтида энг аввал куяди…
Миллат – мусаффоликданда юксак қоядир.
Уни йиқита олмайдилар. Уни парчалашлари мумкин.
Бироқ йўқолмайди. Парчаланса-да, бўлакларга бўлиниб яшайди.Миллат беш бармоқли муштдир:
Бошмалгоғи – алифбоси …
Кўрсатгич бармоғи – тили…
Ўрта бармоғи – кучи …
Ўрта бармоқнинг жуфти – давлати …
Чимчалдоғи – сарҳади …
Алифбосини ўғирласалар, бошмалдоқсиз мушт бўлиб…
Тилини кессалар, кўрсатгичсиз мушт бўлиб …
Кучини синдирсалар, ўртаниб, ўртаниб …
Давлатини, сарҳадини олсалар бармоқларсиз мушт бўлиб яшайверади.
Унинг кафти заминдир. Унинг кафти муштдир.
Кафти бору бармоқлари йўқ миллат мушт ейди мудом ўзи мушт уролмай.
Кафти бору бармоқлари йўқ миллатнинг алами, қайғуси, умиди бармоқларидир.
Шу боис у бармоқлари учун курашади, уни авайлайди, асрайди…
Милат – воҳид бирликдир.
Миллат одамларсиз миллат бўлолмайди. Милатсиз одамлар бўлиши мумкин.
Миллат Ватансиз бўлолмайди. Ватан миллатсиз бўлиши мумкин.
Миллат шансиз, шарафсиз бўлолмайди. Шан, шараф миллатсиз бўлиши мумкин.
Миллат – чақалоқ учун она кўкраги..
Миллат – болакай учун ота меҳри…
Миллат- йигит учун танҳо муҳаббат…
Миллат – одам учун, инсон учун муқаддас оила.
Миллатфурушлар бор …
Ҳароми болалар бўлганидай, миллатбилмаслар бор.
Ташландиқ болалар бўлганидай, миллатсевмаслар бор…. Оқпадар болалар бўлганидай …
Агар миллатнинг куни уларга қолса, қоя қораяди, мушт синади, оила хароб бўлади.
Хайриятки, миллат уларга тобе эмас. Миллат мутлоқ мустақилдир. Уни тобе қилиш мумкин эмас. Уни севиш, уни севдириш мумкин. Уни ёндириш мумкин эмас, уни деб ёниш мумкин.
Тангри кўкдаги муҳаббат бўлса, миллат ўздаги муҳаббатдир. Бу икки худолик эмас, яккахудоликдир!

БАҲС
Баҳс – ҳурфикрлик маҳсули.
Баҳс – фикрсизлик маҳсули.
Баҳс – ўжарлик маҳсули.
Ҳурфикрли одамлар ҳақиқатни қидириб баҳс майдонига тушадилар.
Ҳурфкирли одамлар ҳақиқатни ҳимоя қилиб баҳс майдонига тушадилар.
Ҳар икки ҳолда ҳам ҳақиқат билан қоладилар майдонда.
Фикрсиз одамлар ҳақиқатни тан олмай баҳс майдонига кирадилар.
Фикрсиз одамлар ҳақиқатни билмай баҳс майдонига тушадилар.
Ҳар икки ҳолда ҳам ҳақиқат олдида лол қоладилар.
Ўжар одамлар ҳақиқатни билиб унга қарши майдонга отланадилар.
Ўжар одамлар ҳақиқатдан енгилиб ҳам майдондан чиқмайдилар.
Ҳар икки ҳолда ҳам ҳақиқат ожиз.
Сиёсат баҳс майдонидан йироқ экан, у ҳақиқатга яқинлашмай ўтади.
Ҳаёт баҳс майдонини сиғдирмас экан, у ҳақиқатниннг орзуманди бўлиб қолаверади.
Инсон баҳс майдонида мардона енгилиб, мардона ғолиб келишни ўрганмас экан у ҳақиқатнинг нафратига дучор бўлаверади.
Ҳақиқат – ойдинликдир.
Баҳс унинг қуёши.

ТОШ
Ернинг бағри, вужуди куйиб, қотган бўлаги тошдир. Одамда ҳис бор, туйғу бор, вужудида қон бор. Тошда на ҳис, на туйғу ва на қон бор.
Одам тарихга гувоҳликка ё ўтади ё ўтмайди.
Тош эса тарихнинг энг боқий гувоҳидир.
Одам мансабда турганда унга сохта сиғинувчилар топилади.
Дунёнинг маълум бир қисмида тошга чиндан сиғинадилар.
Одамнинг манглайидаги битиклар узоқ яшамайди.
Тошдаги битиклар мангудир.
Одам ўзини тошдан устун санаб уни оёқ остига солди. Тош чидади.
Ундан ҳайкаллар ясаб довуллар остида қолдирди. Тош чидади.
Уни отиб бировнинг бошини ёрди. Қонга беланган тош чидади.
Ундан қасрлар солди, гунг тош чидади.
Чидам уни мутлоқ ғолибликка олиб келди.
Одам фоний дунёдан боқийликка кечар маҳали у ҳукмронликни қўлга олди. Қабр тошига айланди.
Ҳукмрон бўлиб ҳам садоқатини йўқотмади.
Туйғусиз, ҳиссиз, қонсиз тошнинг ўз фалсафаси бор.
У туйғули, ҳисли, қонли одамларда оз учрайдиган садоқат фалсафасидир.

ЯХШИЛИК
“Яхшилик қил ташла денгизга, билса балиқ билар, билмаса Холиқ”, дейдилар.
Яхшилик ўзи нима?
Кўзларимни юлиб хаёлимдаги пирларимга мурожаат қиламан.
Яхшилик нима?
Яхшилик – сен юрагингдан бир парча узиб узатган нур.
Юракнинг яхшиликка айланган қисми янгиланади, яшаради…
Яхшилик – дунё сендан безиб қолган пайтда унинг кўзидан сизиб чиқадиган томчи…
Яхшилик – сен жуда кўп олган ва жуда оз тарқатган бойлик…
Яхшилик – энг оддий ва энг мушкул иш. Қанча кўп бажарсанг, шу қадар оддий, қанча оз бажарсанг, шу қадар мушкул бўлиб бораверади…
Яхшилик – сени Тангри яратганда елкангга юклаган вазифа…
Яхшилик – сен тез унутадиган, сени эса унутмайдиган хотира…
Пирларимнинг жавоблари яна уйга толдиради.
Наҳотки, яхшиликни унутган бўлсам? Наҳотки, бировга яхшилик қилмаган бўлсам?
Кўз олдимдан кечмишим кечаверади…
Яхшилик қилганингни ўйлаш яхшилик кушандасидир!
Ички овоз ўйларимни кесади. Хулоса қиламан.
Яхшилик – умримнинг энг гўзал кечмиши, фақат уни кўриш учун ортга қайтсам, йўқотаман. Демак, уни олдиндан излашим керак!

МАНФААТ
Кейинги вақтда ҳаётни ҳам, жамиятни ҳам, сиёсатни ҳам манфаат билан боғлаб баҳолайдиган бўлдилар.
Манфаат мақсаднинг ўрнини эгаллагани ташвишлидир.
Манфаат мақсад бўлиши мумкин.
Мақсад манфаат бўлолмайди.
Алпинистлар қояларга, чўққиларга интиладилар.
Иплари узилади, қайтмайдилар…
Умидлари узилади, қайтмайдилар …
Умрлари узилади, қайтмайдилар …
Баъзан қояни, чўққини забт этадилар.
Қандай манфаат кўрадилар? Асаблари емирилганими, дўстлари музлаб қолганими? Вужудлари, қалбларидаги жароҳатларми?
Бу ерда фақат мақсад бор, манфаат эмас.
Мақсад учун ҳамма нарсани қурбон бериш мумкинлигини алпинистлар исботлайилар бизга…
Агар сиёсат манфаат асосига қурилса, у кимнинг манфаатига хизмат қилади?
Агар умр манфаат асосига қурилса, у кимнинг ё кимларнинг манфаатига айланади.
Америка манфаати деган тушунча бор амриқоликларда…
Россия манфаати деган тушунча бор урусиятдагиларда…
Хўш, биз бу йўлдан борамизми?
Туркистон манфаати бор туркларда… Шундайми?
Балки Туркистон мақсади бордир туркларда?
Балки Туркистон улуғлиги…
Турон бирлиги…
Бахт-саодат мақсади бордир?
Гап шундаки, манфаат қурбон талаб қилади.
Қурбонлар мажбурийдир …
Мақсад қурбон талаб қилади, қурбонлар ихтиёрийдир …

ҚЎЙ

Қўй йилида туғилганман. Шунданми, қўй ҳақида ўйлайман баъзан.
Қўй қўтонда яшаса-да эркинман, деб ўйлайди.
Фақат боғлаб қўйсалар семирмайди, бўғилади.
Яйловга, озодликка чиқарадилар. Чунки “қўйнинг ризқи, гўшти туёғида” деган гап бор.
Яйловда у албатта, ўз тўдаси билан юради. Тўдабоши қаёққа бошласа, кетаверади сувга ҳам, ўтга ҳам… Қўй-да!
Агар бировини сўйсалар, бошқаси пичоқни кўрса, қон ҳидини сезса, сесканиб, қўрқиб тураверади. Ҳаёти издан чиқади, гўё: на хўрак ейди, на сув ичади…
Қўй беозор, ажойиб жонивор. Лекин унга ўхшашдан Худо асрасин!

СИЁСАТ
Цезар ва Клеопатра кунларидан бошлаб сиёсатни фоҳишага ўхшатадилар.
Фоҳишанинг ўз эҳтиёжи бор.
Биринчиси – иқтисодий эҳтиёж.
Иккинчиси – жисмоний эҳтиёж.
Учинчиси – маънавий эҳтиёж.
Фоҳиша кимнинг пули, бойлиги кўп бўлса, аввал ўшанинг тўшагига ётишни истайди. Фоҳиша ким кучли, бақувват бўлса, у билан тонг оттиришни истайди. Фоҳишанинг ҳам қалби бор. Унинг қалби ширинсухан, ақлли, идрокли кишиларга талпинади.
Ҳар уч ҳолда ҳам фоҳиша фоҳишалигича қолаверади. Дунё фақат фоҳишалардан иборат бўлмаганидек тоза, ҳалол, покиза сиёсатни истовчилар ҳам йўқ эмас. Агар улар тоза, ҳалол, покиза йўлдан қайтмасалар умр йўлдошлари фоҳишага айланмаганидек, сиёсатлари ҳам булғанмайди.
Дарвоқе, сиёсат нима?
Сиёсат – мақсаднинг сўз ва иш бирлигидир. Бу тарозининг бир палласи оғса, мақсад емрила бошлайди. Сўз палласи оғир келса, сиёсат ёлғонга … Иш палласи оғир келса, сиёсат зулмга айланади.
Сиёсат – Қуёш ва Ой орасидаги муносабат ва муросадир. Қуёш нури Ой борлигини исботловчи ҳақиқат. Ой борлиги Қуёшнинг буюклигини намойиш қилувчи кўзгу. Ойга нур бердим, дея Қуёш ҳарчанд кек сақламасин, нурини кесолмайди. Ойга нур бериш унинг хоҳиши эмас.
Сиёсат ҳам ана шу даражага кўтарилганда, яъни нур бериш унинг табий ҳолатига айланганда, у фоҳиша деган ҳақоратдан қутилади.
Сиёсат бугун сиёсатчилар учун ҳам қурол, ҳа қалқон.
Сиёсат сиёсатчи учун қурол, халқ учун қалқон бўлсагина сиёсат бўла олади.
Отанинг болага бақириши…
Биров ҳақоратлаганда жим туриш…
Юқорининг қуйини таҳқирлаши…
Қуйининг қуллуқ қилиб туриши…
Алдов, ҳийла, найрангни ҳам баъзан сиёсат дейдилар.
Шу боис ҳам аввал сиёсатни бу балчиқдан тортиб олиш, тозалаш шарт. Осон иш эмас.
Фоҳишага уйланиб, уни садоқатли хотинга айлантиришга унча-мунча одам журъат қилолмаганидек, бу ишни гарданига оладиган оз топилади.
Аввалига уни тушунмайдилар. Бироқ унинг собиқ фоҳишаси, унинг сиёсатини тушунмаганларни тушунишга мажбур этади.
Бу келажак. Ҳали сиёсат фоҳишадир!

ОШКОРАЛИК
Мактабда ўқиганимда “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган ленинча “доно” гапга эътироз билдириб, ёмонотлиқ бўлгандим.
Дорилфунуннинг биринчи дарсидаёқ “Аввал сиёсат, кейин иқтисод” деб қўйганим учун бир йил қарз топшириб юрганман.
Ошкоралик нима ва унинг бу гапларга қандай дахли бор?
Ошкоралик – онгдаги зангни ювувчи зилол сув.
Ошкоралик – одамни манқуртлик хасталигидан асровчи дармон.
Ошкоралик – одамнинг эрки, ҳуқуқини таъминловчи дарслик.
Узоқ йиллар “аввал иқтисод, кейин сиёсат” деб одамларни қорин билан ўйлашга мажбур этишди.
Оддий мантиқ унутилди. Нега бош юқорида? Нега қорин бошдан юқорида эмас? Иқтисод қорин ва вужуднинг эҳтиёжи бўлса, ошкоралик миянинг, онгнинг озуқасидир.
Онгни бир умр оч сақлаш мумкин эмас. Шу боис ёлғон тўлдириб турадилар. Ёлғон химикатларга ўхшаб онгни заҳарлади. Заҳарланган онг занг қучоғида қолди. Уни тозалаш мумкин. Фақат ошкоралик орқали.
Ҳайвоннинг фақат қорин ташвиши бор.
Одамнинг эса қорин ташвишидан олдин онг ташвиши ҳам бўлмоғи зарур.
Қорин тўймаса, онг ишлайдими, деган соддалар кўп.
Қоринни тўйғазиш керак, деган фикр пайдо бўлиши учун онг керакми аввал?!
Ахир, инсон кўчада ўсиб ётган ўт-алафни еб кетаверса, унда онгга ҳожат қолмасди.
Ошкораликдан қўрқадилар.
Чунки фикрловчи кўрсатилган йўлга қадам ташлашдан олдин “Қаерга олиб боради?” деб сўрайдилар. Сўроқларга жавоб бериш осонми, подани бошқаргандек бир ёлғон билан ҳаммани бошлаб кетавериш осонми? Демак, ошкораликнинг душманлари кўп.
У ўзи келади, деганлар хато қилишади. Ошкоралик берилмайди, олинади. Олиш учун ҳам онг мусаффолиги керак. Демак, очликдан қўрқмаслик, очлик орқали тозаланиш шарт, уни ҳамма бажара олмайди. Ўз жонига ачинмаганлар уддасидан чиқади, бунинг.
Бундайлар озчилик!
Бироқ, дунёда ҳамма бурилишларни кўпчилик эмас, озчилик амалга оширган.
Ошкоралик ҳам кўпнинг мулкига айланиши учун озчиликни кутиб турибди…

МАНСАБ
Мансаб салбий тушунчами, ижобийми?
Аслида ижобий тушунча бўлмоғи керак. Лекин уни салбий тушунчага айлантирдилар, мансабдорлар.
Ижобий томонлари кўп, мансабдор учун. Одамлар қуллуқ қиладилар… Давраларнинг тўри уники…
Бирданига ақлли, насиҳатгўй одамга айланади… Турмуш икир-чикирларидан қутулади.
Булар ҳаммаси шира. Мансаб курсисининг шираси. Гап бу стулга ўтиргунча. Ўзи ёпишиб олади. Шу боис ҳам мансабдор анча босиқ, оғир юрадиган бўлади. Орқасига стул ёпишган-да! Нима қилсин, шўрлик?
Мансаб олинмайди берилади аслида.
Аслида мансабни оладилар…
Мансаб берилганда, ишонч ва масъулиятни кўтарадиган шахсга берилади.
Мансаб олинганда, одам бойлиги ва ўзини гаровга қўйиб олади уни.
Шу боис мансабдан кетган кишига кулиб боқадилар, уни масхара қиладилар ортидан.
Мансаб халқнинг мулки. У қачон мансабни бериш йўлига ўтса, мансабдор унга хизмат қилади. Ҳозирча мансабдор мансабни оляпти, шу боис ундан ўпкалаш, уни масхара қилишнинг ҳожати йўқ.
Вақт келади, одамлар мансабдан қочадилар, халқ мансабни кимга беришдек мушкул муаммо олдида қолади. Ўшанда олувчилар чиқса, мансаб ўз обрўсига қайтади. Унга қадар мансаб курсисини шилимшиқ ширадан тозаламоқ талаб этилади.
Мансабга ихтиёрий келиш ва ундан ихтиёрий кетишнинг бундан бошқа талаби ҳам бор. Мансабнинг ўзи ҳам мансаб курсисидан тушмоғи керак.

БИЗ
Ўғизхон юртини ёғий ўради. Тинчлик, осойишни истаган Ўғизхон сулҳ истади.
Душман ундан Ғиротни, дул-дулни сўради. У рози бўлди. Беклар ташвишда қолдилар.
Сўнг душман ундан суюкли ёрини сўради. У рози бўлди. Беклар ғазабга тўлдилар.
Сўнг душман ундан ерини, юртини сўради. Беклар индамадилар. У ҳам ташвиш, ҳам ғазаб билан жангга кирди. Ғолиб чиқиб отини ҳам, номусини ҳам сақлаб қолди.
Бизнинг шоҳга айёр ёғий аввал ёрини берди.
Ҳеч ким парво қилмади.
Сўнг отини берди. От тахт белгиси… Ҳамма шод бўлди.
Эвазига еримиз ва мулкимизни олди. Ҳамма индамай тураверди, тинчлик, осойишни истаб…
Чунки шоҳ Ўғизхон эмас, биз эса Ўғиз кимлигини ҳатто билмас эдик.

ЮЛДУЗЛАР
Юлдуз ва байроқ…
Қадимда Византияни душман қуршаб олибди. Ҳарчанд уринмасин, истеҳкомни ёриб кира олмабди. Шунда ҳийла ишлатилибди. Ер ости йўли ковлаб, тунда шаҳарга энди кира бошлашган маҳали бутун жониворлар ваҳимага тушиб, итлар акиллаб, мушуклар миёвлаб халқни бедор этишибди.
Уйғонган халқ ҳийлани англаб, душман йўлини тўсибди.
Кейин билишса, ўша пайт кўкда ойнинг ўроғига юлдуз тўғри келиб қолган экан. Бу ғайриоддий тасодиф фалокат белгиси экан. Буни англаган жониворлар ваҳимага тушибди.
Оний муҳорабада ғолиб чиққан византликлар байроқларига ой ва юлдузни рамз қилиб олишибди.
Кўп ўтмай улар туркларга қул бўлишибди.
Усмонлилар ҳам ғалаба рамзи, дея байроқларига ой ва юлдузни тақишди.
Шу-шу уларнинг ҳам бошларида қора булут айланаверди.
Ой ва юлдуз байроқларни безайверди, фалокат келаверди.
Ҳатто Октябр тўнтаришидан кейин шўроларнинг ҳам ишқи ой ва юлдузга тушди.
Шу асосда улар ўроқ-болға бирлиги деган ғояни илгари суришди. Бу ҳам фалокат бошлаб келди.
Биз байроғимизда бир ойнинг ўроғига ўн икки юлдузни жойладик. Мақтовлар, қарсаклар, зиёфатлар аро…
Ишқилиб, юртимдан фалокат узоқ бўлсин!
Шундай дейману, бу байроқ остида содир бўлаётган қонли, ташвишли, аянчли воқеалар юрагимнинг бир бўлагини узиб кетаверади…

УЧ НУҚТА
Дунёнинг таянч нуқтасини топиб берсанг, уни чаппа қиламан, деган экан қадимги олимлардан бири.
Инсон маънавиятининг таянч нуқтаси борми? Бор дегувчилар топилади.
“Социализм даврида унинг маънавиятини чаппа қилишди-ку!” дейди улар. Чаппа қилишга етмиш йил уринишди. Тебратишди, эсанкиратишди, бироқ бутунлай чаппа қилишолмади. Ёзувимизда кўп нуқта, яъни уч нуқта ишлатамиз.
Айтолмаган гапимиз: …
Тушинтира олмаган ҳаяжонимиз: …
Ўзимиз қўрққан фикримиз: …
Топа олмаган жавоҳиримиз: …
Давомийликни ана шу нуқталар осонгина ифодалайдилар.
Назаримда инсон маънавий оламининг уч нуқтаси бор.
Туғилиш. (Нуқта ҳам тўғри ҳам кўчма маънода).
Яшаш. (Нуқта ҳам тўғри ҳам кўчма маънода).
Ўлим. (Нуқта ҳам тўғри ҳам кўчма маънода).
Уч нуқта уч таянч. Шу боис ҳам ағдариш мумкин. Иккинчи ва учинчи нуқталар рақобатда. Иккинчи учинчисини енга олмайди. Аммо енгиши мумкин.
Учинчи иккинчини енгиши мумкин.Бироқ енга олмайди, агар у жангга кирса.
Яшаш ва ўлим кураш майдонига кирсалар туғилиш сўзидан сўнг кўп нуқта, яъни уч нуқта пайдо бўлади.
Туғилиш …
Туғилиш ва яшаш курашга кирсалар ўлим сўзидан сўнг уч нуқта пайдо бўлади.
Ўлим …
Ўлимдан кейинги нуқталар замирида жангдан қайтмаган туғилиш ва яшаш нуқталари бор.
Мана сизга таянч нуқталари …
Ағдариб кўринг-чи, эплай олармикансиз?!

ПОЕЗД
Кетаверади … “тақа-тақ”, “тақа-тақ”.
Келаверади … “тақа-тақ”, “тақа-тақ”.
Уйдан қабристонга қараб тўлиб кетаверади … “тақа-тақ”, “тақа-тақ”.
Қабристондан уйга қараб бўшаб келаверади … “тақа-тақ”, “тақа-тақ”.
Биз эса йўловчилармиз …

ХАЗИНА
…Амир Темур ҳазратлари узоқ йиллик жангга кетаётганларида устозлари Мир Сайид Баракадан сўрадилар:
– Самарқандда ҳам куч қолдирсакми?
– Албатта, Самарқандда хазина қолади, – жавоб бердилар устоз…
… Урусият ҳукмдорлари Туркистонга юриши авжга минган маҳали амир Олимхон тилло қидирувчи хорижий мутахассисларни йўқотишни буюрди.
– Бу қандай бўларкан, амирим? – деди Қушбеги.
– Бу дуруст бўлғай. Юртнинг хазинасига ўзгалар эмас, шу юрт эгалик қилиши керак, – деди амир …
Хазина – мулк, юрт ва халқ мулки …
Хазина – авайлаб-асраладиган бойлик …
Хазина- сиёсатни ушлаб турадиган устунлардан бири …
Дарвоқе, ўғри ўз хазинасини ҳеч қачон уйида сақламайди.
Тўғри учун ўз хазинасини бошқа ерда сақлаш эҳтиёжи йўқ.
Давлат ўз хазинасини давлатмандлар, хазинабонлар ҳимоясига беради ўз давлатида.
Хазина давлатдан ташқарида турса, у давлатнинг эмас ташқарининг хазинасидир.
Халқ ўз хазинасини ўз ерида сақлай олмаса, у хазинасиз халқдир.

САМАРҚАНД
Сочлари оқарган, сийраклашган, пешонаси, юзлари ажинга тўлган бир муштдеккина бўлиб, остонада ўтирган она …
Сочлари – Зарафшон ва Дарғом…
Ажинлари – Ипак йўлидан тортиб, мен билган-билмаган сўқмоқлар…
Ўзи – Самарқанд.
Остонада жангга кирган Афросиёбни…
Оловга бош суққан Муқаннани…
Ўтрорда хасталанган Амир Темурни…
Ҳиротга қайтиб кетган Мир Алишерни …
Ҳинд сори юзланган мирзо Бобурни…
Шаҳардан ташқарига чиққан Муҳаммад Тароғайни…
Туркияга йўл солган Али Қушчини …
От миниб чиқиб кетган Муҳаммад Жаҳонгирни…
Яна қанча-қанча ўғилларининг йўлига кўз тиккан Она!
Уларнинг ҳар бири онанинг кўз қароғи.
Бугун она ғариба.
Онамнинг бу ҳоли ўртади мени.
Ота Туркистонни қайтармоқ истади кўнгил…
Самарқанд-пойтахти Сароймулкхоним бўлишини истади кўнгил …
Самарқанд …
Нетайки, мен ҳам кетиб қолдим.
Ҳа, мен у буюк ўғилларининг олдида зарраман.
Бироқ она учун буюги ҳам, ўжари ҳам ўғил…
Мени ҳам кутаяпсан муштипар онам, остонада бир мушт бўлиб…

БЕШИК
Бешик – мен соғинган қўшиқ:
“Алла-ё, алла-ё, ёлғиз болам, алла”.
Бешик – сарпўш оралиғидан мўралаган нур.
Ташқарининг сирли ойдинлиги.
Бешик – қўлларим, оёқларимни дорга тортган ип.
Қўйдек юввош бўлиб қолганимнинг ибтидоси…

ТОЛ
Бу дунёга келдинг бирор дарахт ўтқазмоқ учун.
Қўлингдан ҳеч иш келмаса тол ўтқаз.
Ўғлингнинг бешигига ярайди-ку!
Ҳеч нарсага ярамаса ҳам, кетар чоғида тобутингга ярайди-ку!
Дарвоқе, тол ўтқаздим-ми?

МУҲАББАТ
Муҳаббат – Аллоҳга муҳаббат …
Мени дорулфанода қийноқларга, синовларга солиб, дорулбақода Ҳақ висолига етказувчи ёғду.
Муҳаббат – ота-онага муҳаббат …
Висолидан бенасиб қолган дардим.
Муҳаббат – Ватанга муҳаббат …
Айрилиқлар оловида жизғанак бўлган вужудим.
Муҳаббат – Ёрга муҳаббат…
Кўнгил осмонида кезиб юрган ой.
Муҳаббат – ҳаётга, яшашга муҳаббат …
Чап елкамда ўтирган шайтон.
Муҳаббат – фарзандга муҳаббат …
Мени қул айлаган ҳукмдор подшоҳ.
Муҳаббат – ўзимга муҳаббат …
Бошим узра ярақлаган зулфиқор қилич.
Муҳаббат – Менинг озодлигим …
Мени қуршаб олган занжирлар …
Кундан-кунга маҳкамроқ қисадилар,
Тарсиллаб отилиб кетмасайди қоним …

ИНТИЗОМ
Интизом озодлик, эркинлик маданиятидир.
Инсон ички дунёсида “Мен” деган иккинчи, балки биринчи одами яшайди. Ана шу “Мен”нинг ташқи одам устидан, унинг ҳатти-ҳаракатлари, онгнинг сасини эшитмай қолган вужуди устидан ғалабаси интизомдир.
Инсон ўз-ўзига бўйсунса, у онг йўлидан юради. Онг қулликка бўйсунмас, озодликка ташна ҳосиладир. Унинг озуқаси, унинг шаъни озодликдир.
“Мен” ҳаракатларимизга муносабат билдириб туради. Эшитиб турамиз, парво қилмаймиз.
Эшитиб, парво қилмаслик маданиятсизликдир. Ташқарида шунга ўргандик.
Кимнидир ҳақ сўз учун калтаклашди. Бизга нима?
Юқоридагиларга ойдин бўлса керак?!
Кимнидир қамашди … кимларнидир отишди …Ватанни сотишди … Кўникиб қолдик.
Оқибатда ички “Мен”ни эшитмасликка кўникдик.
Биз кўникишимиз мумкин. Бироқ “Мен” кўника олмайди.
“Мен” қадр, эътиқод, диёнат, умид, кураш, виждон ва умр бирлигидир.
Бу бирликдан кечиш мумкин…
Бу бирликдан қутилиш мумкин эмас.
“Мен”га қулоқ тутсак, унинг машаққатли йўлидан юрсак энг интизомли шахсга айланамиз.
Шахс ўз ичида кучли интизомга эга. Бу интизом озодлик, эрк, ҳалоллик, қатъият, ишонч интизомидир.
Биз “Мен”га, унинг амрига бўйсунишга ўрганмас эканмиз ташқи қуллик интизомига бўйсуниб яшайверамиз.
Яшаш билан яшашнинг фарқи бор. Аслида бу гапни яшаш билан яшашнинг фарқига етган одамга айтишим керак.

МЕҲМОН
Бу дунёда ҳаммамиз меҳмонмиз …
Ана шу меҳмончилик аро яна меҳмондорлик ва меҳмончиликлар бор …
Меҳмон отангдан улуғ, дейдилар. Бироқ отанг ҳам меҳмон. Демак, у ҳам меҳмондан улуғ.
Меҳмон …
Қалбга меҳмон бўлиш …
Уйга меҳмон бўлиш …
Юртга меҳмон бўлиш …
Бировнинг қалбида мудом меҳмон бўлиб қолиш қийин.
Бировнинг уйида мудом меҳмон бўлиб қолиш азоб.
Ўзганинг юртида мудом меҳмон бўлиб қолиш фожиа.
Улуғлар дейдилар:
“Қалбингдаги меҳмонни асрашга ўрган”. Бу Кайковуснинг сўзлари.
“Уйингдаги меҳмонни ранжитма. Ўзинг ранжишинг учун йўл очасан.” Бу Хўжа Аҳрори Валининг сўзлари.
“Юртиндаги меҳмонга иззат-икром кўрсат. Ноз-неъматдан кам этма. Отангга кўрсатган кароматни унга ҳам кўрсат. Ў – меҳмон. Уйингга, юртингга мезбонлик қилолмайдиган меҳмон”. Бу Мустафо Камол Ота Туркнинг сўзлари.
Қалбимдаги меҳмон қалбимни сўраса …
Уйимдаги меҳмон мезбонликни сўраса …
Юртимдаги меҳмон юртимга эгалик қила бошласа-чи?
Унда у на меҳмон, на мезбон, балки душмандир!
Душман билан курашмоқ лозим. Бу сенинг эмас унинг даъватидир.
Сенда эса бир оқил имконият қолади, у ҳам бўлса кураш усулини танлаш имконияти.
Бу усулни танлашда заррача хато қилсанг қалбданда, уйданда, юртданда ажраласан.
Ҳаммамиз бу дунёга меҳмонмиз. Баъзан бу дунёга мезбонлик қила бошлаймиз. Билмаймизки, бу ҳолда дунёнинг ҳам бизга қарши бир йўли қолади…
Кузатиб қўйиш йўли…

МУҚАННА

Ў, Муқанна!
Сени “Бир кўз” дедилар!
Сени “Ҳийлагар, сеҳргар, маккор” дедилар!
Сени “Хотинбоз, ақлдан озган, бадбахт” дедилар!
Сени … ҳақорат “китоби”нинг барча сўзлари билан атадилар!
Нега?!
Ватанни, юртни севганинг учунми?!
Ўзингни билганинг, дунёни билганинг, одамларни англаганинг учунми?!
Босқинчига, қилич кўтарган жаллодларга қарши бош кўтарганинг учунми?!
Ў, Муқанна!
Сени кишанлаб Балхга судраб кетдилар!
Зиндонда калтакландинг!
Озод бўлиб ҳам тинмадинг! Нега?!
Ислом динига қарши эдингми?!
Йўқ, сен ўзингни Одам деб билдинг, Инсон деб билдинг! Буюк ва улуғ Муҳаммад, Мусо, Исо ҳам сен каби одам эканлигини идрок қилдинг.
Уларнинг қудрати, руҳини ўзингда пайдо этмоқ истадинг!
Сени севдилар кўплар …
Сени севмоққа қўймадилар кўплар …
Юзлаб паҳлавон, алпомиш турклар сени йўлбошчи деб билдилар!
Сени ҳукмдорлар, босқинчилар таъқиб эттилар.
Ўн тўрт йил жон олиб, жон бердинг!
Ў, Муқанна, Ватанга бу қадар муҳаббатни, бу қадар иродани қайдин топдинг?
Енгилиб ҳам енгилмадинг!
Ҳафталаб ёниб турган олов тандирнинг ичига солдинг ўзингни!
Ватан деб Ватанда жизғанак бўлган ў, Муқанна!
Жасадинг, жизғанак жасаддан-да қўрқдилар,
Тандирдан тортиб олиб бошингни уздилар!
Ватан учун, эл учун бундан-да оғирроқ куйиш, ёниш мимкинми?!
Не-не мансабу вазифалар, тиллою бойликларни инъом этдилар, олмадинг!
Ватанни мансабга, вазифага, тиллога, бойликларга алмаштириш, Ватанни сотишдан оловда жизғанак бўлмоқ афзаллигини исбот этдинг ў, Муқанна!
Сендек Ватанни, халқини сева олган мардданда диндорроқ топилармикан?!
Динни пеш қилиб Ватанни сотганлар қанча?!
Динни улуғлаб одамни одам билмаганлар қанча?!
Худони Холиқ билиб, Худо йўлидан чиққанлар қанча?!
Ў, Муқанна бошинг узилгандан сўнг ҳам юзлаб наршахийлар тинмадилар!
Сенга қўшиб минг-минг улусни “хоин”, “талончи”, “бузуқ”, “кўзбўямачи” деб атадилар!
Кеча, бугун ҳам халқим, юртим ҳақорат ботқоғида.
Маккага бориб ҳожи бўлиб келганлардан баъзилари юртни, элни сотиб юрибдилар.
Балки сен шундайлардан ҳазар қилиб, хоинлар, хиёнаткорлардан ҳазар қилиб юзингни беркитиб юргандирсан Ў, Муқанна!
Бу улуғ Туркистонда, бу улуғ Туронда сен каби юртсевар алп пайдо бўлса эди, гарчи динсиз бўлса-да, унга қойил қолардим.
Ўз Ватанини яратмоқ, ўз халқини улуғламоқ, ўз дини, эътиқодини пайдо этмоқ гуноҳ эмас, ҳақорат қилманг уни!
Ҳамма ҳам Муқанна бўлолмайди!
Ҳамма ҳам Муқаннадек Ватан учун оловга киролмайди!
Ҳамма ҳам Муқаннадек эътиқоди учун умрини қул қилолмайди!
Ў, Муқанна!
Сени туққан она, сени туққан Ватан, сени туққан халқ ўлмасдир! Сен тирик экансан…
Сен тириксан! Оқ кийимда, мусаффо либосда озодлик, эркинлик илоҳийси бўлиб яшаб юрибсан дилларда.
Фақат, бу диллар ўзларидаги куч Муқанна эканлигини билмайдилар.
Фақат, бу диллар Муқанна дейишдан қўрқадилар…
Фақат, бу диллар Муқаннага айланиб қолишдан қўрқадилар…
Ў, Муқанна, олов ичра ёнаётган Ватаним!
Ў, Муқанна олов ичра ёнаётган таним!

ДАРД
Тузалмас ва тузаладиган дард – ухлаб ётган халқ.
Шунинг учун тузалмаски, у ухлаб ётибди …
Шунинг учун тузалажакки, у уйғонажак …

УМР
Умр – энг осон ва энг қийин жумбоқ.
Шунинг учун осонки, уч ҳарфдан иборат.
Шунинг учун қийинки, на боши ва на охирини ҳеч ким тополмайди.

УЙҚУ
Энг одил ва энг жоҳил подшоҳ уйқудир.
Шунинг учун одилки, кўрпасига ўзингиз ётасиз.
Шунинг учун жоҳилки, умрнинг ярмини берсангиз ҳам кифоят қилмайди.

АСАБ
Авайлайман десанг емрилади.
Авайламасанг чиниқади.
Худди болангга ўхшайди.

ХАЁЛ
Хаёл – ўрмон. Кирсанг чиқа олмайсан.
Хаёл – саҳро. Кирсанг адашасан.
Хаёл – олов. Кирсанг ёнасан.
Кирмасанг, киришга мажбур қилади.

ХОЛ
Хол – вужуднинг ўлик қисми. Бироқ ўлик бўла туриб, вужудни гўзал қилиб кўрсатишга хизмат қилади.
Биз – борлиқнинг тирик бир қисмимиз. Тирик бўла туриб, борлиқни йўқотишга хизмат қиламиз.
Балки шунинг учун биз хол ҳақида кўп ёзамиз, борлиқ эса биз ҳақимизда оз ёзади…

ВАҚТ
Вақт – фариштаи Раҳмондир. Ўнг елкангда юрак уришини санайди…
Вақт – фаҳиштаи шайтондир. Чап елкангда юрак уришини санайди…
Фаришти Раҳмон юрак тўхтаб қолмасин, деб чўчиб санайди.
Фаҳиштаи Шайтон юрак тўхтамаётганидан чўчиб санайди.
Сен эса санашни ҳам билмайсан…

ЭШИК
Эшик очилади, ташқарига чиқасан.
Эшик ёпилади, гуноҳларингни яшириб.
Эшик очилади, ичкарига кирасан.
Эшик ёпилади, гуноҳларингни яшириб.
Тақиллатиб ёпма эшикни, шундай ҳам гуноҳларинг икки томондан тақиллатиб турибди эшикни …

БОШ
Бош … кўтарилади гуноҳсизликдан.
Бош … эгилади гуноҳкорликдан.
Бош … кўтарилади ғурурсизликдан.
Бош … эгилади ғурурдан.
Бош … кўтарилади ғурурдан.
Бош … эгилади ғурурсизликдан.
Бош … кўтарилади бошсизликдан.
Бош … эгилади бошсизликдан.
Шароитга қараб яшаш Бошдан юқмадимикан бизга?!

КЎЗГУ
Кўзгуга қарайсан …
Кўзингни кўрасан …
Оғзингни кўрасан …
Тишингни кўрасан …
Қошингни кўрасан …
Бироқ ўзингни кўролмайсан.
Чунки, ўзингни аллақачон ўзинг еб қўйгансан.

ФАЛСАФА
Бўри: Эрк кучдадир!
Инсон: Куч эркдадир!
Тангри: Эрк ҳам, куч ҳам мендадир!

ИМЗО
Инсоннинг шахсий қонуни, қилмиши ва ҳукми имзодир.
Имзо – инсонни бошлаб ва қувиб юргувчи гувоҳ.
Имзо – тақдир манглайига тортилган хат…

САВОЛ
Кафан учун эҳтиёж ошиб кетавергач, бу қадар кўп пахта эка бошладиларми?
Бу қадар кўп пахта эка бошлаганларидан сўнг кафан учун эҳтиёж ошиб кетдими?!

БОЗОР
Бозор – пулнинг одамдан ҳам, неъматлардан ҳам қадри ошиб кетадиган жой …
Бозор – дунёни барпо қилган ва яксон ҳам қилгувчи куч …
Бозор – диёнат ва алдов, омонат ва хиёнат, қадр ва манфаат харид қилинадиган ва сотиладиган қўшма корхона…
Пули бор ҳам боради бозорга, пули йўқ ҳам.
Уларни бозор дарров фарқлайди.
Пули борлар неъматларни тутиб, ажратиб кўрадилар. Пули йўқлар узоқроқда туриб нархини сўрайдилар. Гуё нархни харид қилишга келгандай…
Дунё ҳам бозор гуё. Пули бор ҳам келади, пули йўқ ҳам.
Пули бор дунёнинг яқинига боради, унга эгалик қилади.
Пули йўқ эса олисдан нархини суриштириб ўтиб кетади.

АЛДАНГАНЛАР
Бу дунёда алданмаганлар борми? Бор. Улар алдовчилардир.
Демак, икки қутб – алданганлар ва алданмаганлар.
Учинчи қутб ҳам мавжуд: ҳам алданиб, ҳам алданганлар. Буларга ҳам ачинасан, ҳам раҳминг келади.
Шунинг учун ачинасанки, улар алданишдан роҳатланиб бошқаларни ҳам алдадилар.
“Менинг оғам рус бўлур” деб ёзган улуғ шоиримиз мана бу сатрларни ўқиган, балки ёд билган десам хато қилмайман:
“1881 йилда руслар Амир Темур томонидан Қутбу Чордаҳум мозори устида солинган кошинкор гўзал ва юксак бинони милтиқ дориси билан тубидан учиртириб буздилар ва қабр ерини Тупроққурғон деб аталган қалъага киргиздилар”
Буюк Қутбнинг суяклари сочилиб қолди…
“Россия, Россия менинг Ватаним” деб ёзган шоиримиз Самарқандда ўқиб юрган кезларидаёқ, мана бу сатрларни билар эди:
“Руслар Самарқандни босиб олар эканлар генерал-губернатор “Халқни, миллатни йўқотиш учун унинг маданиятини оёқ ости қилиш керак” дея амр берди. Мадрасалар қулай бошлади. Регистонда мадраса ичида таҳсил олаётган 26 талаба жойида отиб ташланди”.
Ў, бундай мисоллар, таққослар қанча кўп. Ёзаверсанг қўлинг қалтирайди, дилинг эзилади, асабларинг чатнайди.
Ғафур Ғулом …
Ҳамид Олимжон …
Абдулла Қаҳҳор …
Ойбек ва бошқа ўнлаб муаллимлар, устозлар, ақли арқонлар сизни Тангри раҳмат қилсин! Сиздан ранжимайман, сиздан ранжимоқ ўзимдан ранжимоқдир.
Фақат сизнинг тақдирингиз замондошларимга дарс бўлмагани мени ранжитади.
Улар ҳам алданиб, алдамоқдалар миллатни.

У
Саҳна томоша маркази …
Саҳна -ўз қиёфасини яширишга мажбур ўзга қиёфалар машваратгоҳи …
Саҳна – дунёнинг кичрайтирилган кўриниши …
Саҳна – улуғ истеъдод соҳиблари ва буюк маккорларнинг даргоҳлари …
Саҳна – ҳамма ўз-ўзини фош қилувчи сарҳадсиз минбар.
Бу саҳнага не-не подшоҳлар чиқмадилар, Рамзесдан Ислом Каримовга қадар!?
Ўз қиёфаларини яшириб, ўзга қиёфада яшадилар.
Олқишлар ва қарсаклар йиртиб юборди сохта қиёфаларини.
Бу саҳнага қанча-қанча фозилу олимлар чиқмадилар!?
Олқишларсиз ва қарсакларсиз қайтиб тушдилар олқишлар ва қарсаклар уммонига.
Бу саҳнага қанча-қанча бечоралар, косиблар чиқмадилар!?
Олқишлар ва қарсакларсиз тарк этдилар саҳнани.
Бу саҳнада бугун ҳам улуғ томошалар рўй бермоқда.
Умримиз томоша билан кечмоқда.
Қўлларимиз қарсак урмоқдан яра, тилимиз олқишламоқдан лол бўлиб қолмайди.
Биз ўзимиз ҳам саҳнадамиз.
Фақат бизга қарсак урмоқ вазифаси юклатилган.
Шунисига ҳам шукур, бош ролни ижро этиш топширилганда нима қиладик?
Нима қилардик?
“Ўйнайверардик”, дейди балки У. Ваҳоланки, У шундай ҳам бош роллардан бирини ўйнамоқда эди.
Фақат қарсак урувчилар орасидаги бош ролни.
Буни билдирмасликка уринади. Саҳнанинг асосий талаби ҳам шу.
Демак, У орамиздаги энг истеъдодли ўйинчидир.

ҲАЙДАЛИШ
Ҳайдалган кетади.
Кетмаслиги мумкин ҳайдалиш учун яна.
Ҳайдалган қайтиб келмайди.
Келиши мумкин ҳайдалиши учун яна.
Ўзбекистон мустақиллиги масаласини кун тартибига қўйганимизда бизни халқ душманлари дейишди.
Орадан йил кечиб Жумҳуриятлар Иттифоқидан ҳайдалдилар.
Аразлаб кетишди ҳайдалганлар.
Кўп ўтмай Мустақил Давлатлар Ҳамкорлиги баҳонасида қайтишди.
Яна кўп ўтмай Иқтисодий Иттифоққа бирлашишди. Ҳатто мустақилликни бериб ҳам рубл “ҳовли”сида яшашни исташди.
“Чаққон” Ўзбекистон эди.
Лирик чекиниш: Пойтахт Шошнинг “Наврўз” кошонаси. Президент Ислом Каримов янги Конституцияга бағишлаб зиёфат берди.
Сўзга ёзувчи Саид Аҳмад Ислом Каримовни кўкка “кўтариб” қўйганларидан сўнг дедилар:
“Мен ҳам мустақиллик учун курашганман. “Келинлар қўзғолони”да ўн беш жумҳуриятнинг марказга қарам бўлганини акс эттирганман. Вақт оғирлиги учун мақсадимни ўраб – чилмаб айтганман”.
Даврада ўтирганлардан бири:
– Ўзбекистон ким экан-а? – деб қолди.
Мен секингина “Соттихон” деган эдим, кулгу кўтарилди, – “Фақат “Ўзбекистон” деган калимангиз ўрнига Ислом Каримов десангиз тўғри бўлғай”.
Ҳамманинг нафаси ичига тушди. Жимлик. Жимликни “Жимжитлик”нинг муаллифи бузганларича алланарсаларни гапирардилар …
Дарвоқе, ҳайдалиш ҳақида: қайтиб келганлар бирданига “рубл” ҳовлисидан яна ҳайдалдилар…
Ҳайдалишлар халқнинг азоб-уқубати, хор-зорлиги йўлига айланди.
Шу орада президентлар Каримов ва Назарбоев Олмаотада учрашиб Баёнот беришди:
“Ҳамма гапга қарамай, Биз Россия билан иқтисодий Иттифоқда қоламиз”.
“Ҳамма гап” ибораси бироз янглиш, “Ҳайдалиш” бўлиш керак эди.
Ҳайдалганлар қайта-қайта қайтиб келаверишлари мумкин яна ҳайдалишлари учун.
Агар қачондир ўз юртлари, ўз Ватанлари, ўз ҳовлилариданда ҳайдалишни бўйинларига олган бўлсалар …
Балки ҳайдалишнинг ҳам лаззати бордур?!

БАХТ ҚУШИ
Миллат вакили этиб сайланган куним Самарқанд Тиббиёт Олийгоҳи ректори профессор Субҳонқул Орипов сим қоқдилар:
-Жаҳонгир, бошингизга бахт қуши қўнди. Энди у сизни катта мансабларга етаклаб боради…
Бахт қуши …
У бошга қўнса ва мансабга етакласа, демак у бахтсизлик қуши.
Чунки ҳар қандай кўтарилишнинг йиқилиши, қайтиб тушиши ҳам муқаррар.
Бироқ менинг бошимга тушган ўша қушнинг номини билмайман.
Биламанки, у ҳар кун, ҳар соат юрагимни чўқилаб бир бўлагини узиб ейди.
Бу оғриқ, бу изтиробдан нолимайман.
Юрагим ўсиб, янгиланиб бораётганини сезаман.
Юрагимда бошқа бир қуш пайдо бўлганга ўхшайди.
У “Ватан, Ватан” деб қичқиради.
Балки шулдир бахт қуши. Агар шундай экан, бахт қуши бошга эмас юракка қўнади.
У мансабга эмас, азоблар сари етаклайди.
Заро, бахт дегани азоб дегани эмасми?!

ПАШША
“Подшоҳ” сўзи “пошшо” сўзининг уруслашганидир.
Балки “пошшо” сўзи “пашша” сўзидан олингандир?
Пашша эркинликни яхши кўради.
Ўз эркинлигини …
Пашша ҳамма жойни ўз мулки деб билад…
Пашша истаган, истамаган ерга қўнади…
Подшоҳ-чи? Айнан ўхшашлик.
Эркинлиги, ҳамма жойни ўз мулки деб билиши, тўғри келган жойга қўниши кўпинча ўлимига сабаб бўлади пашшанинг.
Ўз ажали билан ўлган подшоҳлар оз…
Шу боисмикан, пашшани ўлдиришганда ҳеч ким азият чекмайди, ҳатто пашшаларнинг ҳам парвойига келмайди…

АЁЛ ҚАЛБИ

Дунёдаги сир-синоатлар, тиллолару бойликлар, тахту мансаблар, жинояту жиноятчиликлар, қувончу шодликлар, ғаму ташвишлар, ҳузур ҳаловатлар, қулфу эшиклар калити аёл қалбидир.
Шу боис уни ўғирлайдилар, сотадилар, топтайдилар, чил-чил этадилар.
Аёл қалбини забт этишнинг жамики қабиҳ усулларини ишга соладилар.
На илож, бунга аёлларнинг ўзлари йўл қўядилар.

ЖИНОЯТ
Жиноят – инсоннинг ўз сарҳадини бузиши…
Жиноят – инсоннинг бошқа бир инсон сарҳадига тажовузи…
Жиноят – одамлик ояти унут бўлиб, жинлар оятига майл кучайганда содир бўладиган воқеа.
Жиноят – жазонинг бошланиши…
Жиноят – жин оят…
Одам нега жиноят қилади?
Бу ақллилик белгисими ё ақлсизлик?
Жиноят ақлга эмас, онгга боғлиқ тушунча. Онгнинг маълум бир сўқмоқларида сусткашлик, чекиниш, депсиниш рўй берса, инсон жиноятга қўл уради.
Одам нега жиноят қилади?
Бу жазосизлик белгисими ёки жазога пеш чиқишми?
Жиноят гуноҳ ва гуноҳсизликни ажратиб турувчи чегара.
Бу чегарани бузган одам жиноят майдонига тушади.
Худди шу жойдан жазо бошланади.
Жазосиз жиноят йўқ.
Жазо жиноятнинг марказида қилич яланғочлаб туради. Ундан қочиш мутлоқ мумкин эмас.
Вужуд ундан қочса, онг тутилади…
Онг ундан қочса, қалб тутилади…
Қалб ундан қочса, умр тутилади…
Жазодан эмас, жиноятдан қочишни ўйлаш мантиқлидир.
Чунки жазога нисбатан жиноят бир қадар ожиз, кучсиз.
Инсон жиноятни мағлуб этиши мумкин, жазо эса инсонни мағлуб этажак.
Жиноятдан қочиш ғолиблик, жазодан қочишга уриниш мағлублик.

ЙЎЛОВЧИ
Унинг икки дарди бор:
Автобусда ўтирмоқ учун жой олиш.
Манзилга тезроқ етиш.
Гарчи кун бўйи ўтирса-да, гарчи манзилда уни биров кутмаётган бўлса-да!
Бу нафақат автобусда, балки ҳар ерда…
Инсон ҳаётда ўрин излайди, манзилга шошади…
Гарчи ўлим кутиб турган бўлса-да!
Наилож, йўловчи бўлишга маҳкуммиз,
Йўловчи этиб яратилганмиз!

ЎЗИМ ҲАҚИМДА

…Жуда ёш эдим, раҳматли Анбар бувимнинг уйларида қолардим. Неваралари кўп бўлса-да, негадир мени танлагандилар. Уйларида доим пишган нўхат борлигидан ҳам мени жуда севганларини тушунаман, чунки тилим чиққан кундан бошлаб “нанна” дер эканман, бу эса нўхат дегани.

Етти ёшда эдим, бувимни хастахонага олиб кетишди. Кўричак хасталигидан кўз юмдилар. Айрилиқ нима эканлигини ўшанда сезганман. Саҳарга қадар остонага термулиб ухлай олмагандим. Эшик билан остона орасида бир қарич очиқ жой бор эди. Ташқаридан икки меҳрибон кўз қараб тургандек туюларди. Ерда ётардик. Шу боис кўзларим ташқарига қадалганди. Негадир бу манзарани унута олмайман. Балки илк маротаба ўшанда ташқарида фақат қўрқинч эмас, муҳаббат ҳам борлигини ҳис қилганимдандир.

Ақл-ҳушим кира бошлаган пайтда Мунаввар онаизоримни йўқотдим. Қабрлари нурга тўлсин. Орадан беш йил ўтиб аскарликка кетдим. Отамни ўлдиришди. Менга хабар етганда, қабр совуганди. Аллоҳ раҳмат айласин!

Шундан кейин бир инсоннинг саксон йилига оғирлик қиладиган азоб-уқубат, қийинчиликни бир неча йил ичида кўрдим.

Уйланганимдан кейин умр йўлдошим билан йигирма маротаба кўчдик десам муболағаси йўқ. Аввалига уйсизлик, кейин қувғин, сўнг уйимизнинг ёниши, ундан кейин яна сургун ва Ватандан олисдаги кунлар.

Бошимга кўп нарса тилимдан ва қаламимдан келди. Ноҳақлик, адолатсизликни кўрсам, бўғзимга бир нарса тиқилиб “гуп” этиб портлайди, яъни бор гапни айтиб юборган бўламан. Шу боис мени шоҳдан тортиб, бирга кураш йўлига кирган сафдошларим ҳам севишмаса керак. Чунки уларнинг кимликларини орқадан эмас, юзларига айтганман.

Кейин эса бошимга кўп нарса ўжарлигим ва ўзимни ҳурмат қилишимдан келди. Фикримдан қайтмадим, ишонганимни исботлашга уриндим, қул бўлмадим. Хушомадгуйлик қилолмадим. Ваҳоланки, шоҳ ҳам, гадо ҳам хушомадни ёқтиради.

Учинчидан эса, ички бир ҳисдан кўп куйдим. Биров алдаётгани, ёлғон гапираётгани, ўйин қилаётганини сезиб қоламан. Сезиб, индамасдан чорасини кўриш гўзал. Аммо менда бу пайтда тилим ва қаламим ишга тушади. Нафратимни яшира олмайман…

Оқибат шуки, бу сатрларни Ватандан олисда ёзиб ўтирибман. Аммо пушаймон эмасман. Бири-биридан гўзал тўрт фарзандим бор. Умр йўлдошим билан ризқимиз, нонимиз бутун экан. Зор бўлмадик, бошимизни эгмадик. Лекин тинимсиз меҳнат қилдик.

Раҳматли онам “Болам, пешонанг тор, доим меҳнат қиласанми-я!” дердилар. Ҳа, меҳнатим енгил эмас. Кўзларимнинг нури билан нон топаман.

Бугунга қадар “Самарқандни титратган 525 кун” (қисса), “Кундага қўйилган бош” (публицистика), “Қотмаган қон” (қисса), “Қувғин” (роман), “Шаҳидлар мозори” (мансура), “Тонг” (очерклар), “Сўкағон раис”(ҳажвиялар), “99 нур” (Муножот), “Сарой ўйинлари” (кундаликлар) асарларини ёздим.

Ўжарлигимдан бўлса керак, кимгадир мақола ёзишни, кимгадир фелъетон қандай бўлишини, яна кимгадир ҳажвия қандай битилишини “кўрсатиб” қўймоқчи бўлиб, жуда кўп қоғозларни тўлдирдим. Қўлингиздаги китоб эса кимгадир эмас, ўзимга ва умр йўлдошимга ёзилганди. Аммо сизнинг ҳам “насибангиз” бор экан.

Ҳозирча сўйланадигани шу. Қолгани кейинги китоблар учун…

Кўришгунча.

Ашгабат – 1994.

“Ватан мансиз, ман ватансиз”
1994 йил, Туркия, Истанбул
“Турон” вақфининг нашриёти.

2 Responses

  1. […] “Ватан мансиз, ман ватансиз” 1994 йил, Туркия, Истанбул,… […]

  2. […] 30.Ватан мансиз… […]

Comments are closed.