ЖАҲОНГИР МАМАТОВ: Анкабут (Сиёсий латифалар)

Сиёсий латифалар

Анкабут (ўргимчак, тортонак) ўзи тўқиган тўрни дунё ва ўзини бу дунёнинг мутлақ ҳокими деб билса керакки,   марказга ўзидан бошқани яқинлаштирмайди.  Бечора  билмайдики бир куни ўзи тўқиган тўрга ўз оёғидан осилиб ўлади.

Муаллиф.

 

1.“ХУДОНИНГ ИШИ”

-Чет элдан бир гуруҳ журналистлар келган, қабул қиласизми?-дея сўради маслаҳатчи Алдаркўсадан.

-Ўзларинг тинчитиб юборларинг…

-Биз ҳамма саволларига жавоб бердик. Аммо биттасига жавоб тополмадик.

-Қандай савол экан?

-Сизни қачон кетади деб сўрашмоқда.

-Мана сенлар жавоб беролмабсизлар. Мен ҳам жавоб беролмайман. Бу Худонинг иши, биз бандалар унинг ишига аралаша олмаймиз.! (6-9-2007).

 

2.АРВОҲЛАР

Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилейини нишонлаш учун бу шаҳарга келган Алдаркўса маслаҳатчидан сўради׃

-Нима, бу арвоҳлар шаҳрими?

-Йўғе, бу ерда арвоҳ нима қилсин?

-Агар арвоҳ бўлмаса, нега бу ерда битта ҳам одам йўқ!

-О.. демак, арвоҳларни кўриб, қочиб кетишган бўлишса керак. (6-9-2007).

 

3.ЮБИЛЕЙЛАР

-Ҳар куни битта жойда юбилей ўтказаяпсиз, тинчликми?-дея сўради сафардан қайтган Алдаркўсадан хотини.-Хива, Бухоро, Қарши, Термиз, Шаҳрисабз, Марғилон..

-Юбилей дегани тўй, ҳар биримизни тўйга етказсин! Кейинги пайтда Худога жуда ишониб қолдим. Ётаман-тураман Худо дейман. Худонинг хохиши билан энди Қўқон, Андижон, Наманган, Ахсикентнинг юбилейини қиламиз.

-Лекин ёшингиз етмишга етди, етмиш-кетмиш деганлар…

-Унақа гапларга ишонсанг “саксондан сакраб ўтиш”, “тўқсон билан тўқнашиш”, “юз билан юзлашиш” деганлари ҳам бор экан. Мана, кейинги нутқимда бу ҳақда маслаҳатчим шуни ёзиб қўйибди!

-Лекин пешонангизда нимани ёзиб қўйибди?

-Нима ёзибди? Ким ёзган? Кимнинг мени пешонамга ёзишга ҳаққи бор! Онасини кўрсатаман! Ойна қани? (6-9-2007).

 

4.ДАЪВАТ

Зерикиб ўтирган Алдаркўсага׃

-Қандай янгиликлар бор экан?-деди хотини.

-Янги ҳайвонот боғи  очилишига  даъват қилишган.

-Қанақа ҳайвонлари бор экан?

-Дунёдаги энг ваҳший ҳайвонларни бир жойга йиғишмоқда.

-Борадиган жой қидираётган эдингиз. Қани, кетдик! (6-9-2007).

 

5.ҚИРҒИНБАРОТ

-Америкаликлар янги қурол ихтиро қилиб, “Бу шу пайтгача ишлаб чиқарилган ҳамма қирғинбарот бомбаларнинг онаси” деб аташган эди. Мана энди руслар ўзлари тайёрлаган янги қуролни “Бу шу пайтгача бўлган ҳамма қирғинбарот бомбаларнинг отаси” деб аташмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Биз ҳам ўзимизникини яратайлик.

-Бўлди… Номини нима деб қўямиз?

-“Она”си бор… “Ота”си бор. Демак, бизники қирғинбарот қуролларнинг қизи! (14-9-2007).

 

6.ҚАЛАМПИР

-Абдулла Қаҳҳорнинг 100 йиллигини нишонлаш ҳақида ўзингиз қарор чиқардингиз. Лекин нега ҳайкалини очишга бормадингиз?-дея сўради хотини Алдаркўсадан.

-Боргим келмади-да..

-Ҳаммага аччиқ қалампир қўйиб юрган дейишади. Тили аччиқ экан, балки шундан…

-Нима қипти, ёзувчи одам, тили аччиқ бўлади…

-Ундай деманг, дадаси, бугунгилар эшитиб қолишлари мумкин…

-Парво қилма, бугунгиларнинг тили ширин, шундай бўлгандан кейин қалампирлари ҳам ширин-да!

-Еб кўргандек гапирасиз-а?! (17-9-2007).

 

7.НАРСА

-Мана сайлов кампаниясини эълон қилмоқчимиз, лекин ўзингиз қолмасангиз бўлмайди,-деди Алдаркўсанинг ҳузурига кирган маслаҳатчиларнинг онабошиси.

-Нима учун?

-Агар сиз кетсангиз келадиган одам бизни еб юборади…

-Нима, ейишга бошқа нарса йўқми?

-Ҳар ҳолда…

-Алихўжа, Валихўжа эмасми? Мен қолсам ҳам сизларни ейман!

-Йўғе…

-Ўзларинг айтиб турибсанлар-ку, ейишга бошқа нарса қолмади деб! (18-9-2007).

 

8.ТАШАББУС

-Сайлов кампаниясини бошладик, бу сассиқ чолларнинг пенсиясига қўшимча қўшиб бердик, лекин ўзларидан билиб номзод кўрсатиш ҳақида ташаббус билан чиқмаятилар….-дея шикоят қилди сайлов комиссиясининг раиси Алдаркўсага.

-Уларга пенсияни ким берди?

-Сиз…

-Ҳа, биз бердик. Демак, ташаббусни ҳам ким бериши керак?

-Биз…

-Унутма одам етмишга етдими фақат олишга ярайди. (18-9-2007).

 

9.ГЎЗАЛ

-Сайловолди пропагандасини четдан бошлатдик. Мана бугун сиз ҳақингиздаги тарғиботни фергана.ру бошлаб берди,-деди маслаҳатчи А. Хўжаев номидан Интернетда эълон қилинган йиғиндини Алдаркўсанинг столи устига қўяркан.

Уни қараб чиққан Алдаркўса׃

-Бунинг ҳаммаси мен айтган гаплар-ку! Нутқларимдан цитаталар келтиришдан бошқа гап йўқ-ку бу ерда? Бу қанақасига пропаганда бўлсин?-деди.

-Сиз ҳақингизда ўзингиздан бошқа ҳеч ким қойил қилиб гапириб беролмайди-да! Ҳар ким ўз сўзи билан гўзал!

-Ундай бўлса нега ўзимни гўзал қилиб кўрсатиш учун эмбрион укол олиб овора бўлаяпман? (19-9-2007).

 

10.НОМЗОДЛАР

-Сайловни эълон қилиб, балога қолдик,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Нима бўлди яна?

-Э, қаланғи ҳам, қасанғи ҳам номзод бўлмоқда. Бу кетишда 27 миллион одамнинг ҳаммаси номзод бўлади, шекилли?!

-Қўй, индама,  бўлаверсин, иложини топсанг ўзинг ҳам бўл!

-У ҳолда сизга ким овоз беради?

-Эсингдан чиқдими, олдинги сайловда номзод кимга овоз берганди? (19-9-2007).

 

11.БИРОВ…

-Халқ қайси соҳадан норози?-дея сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Нафақалар…Тиббиёт…

-Тўхта! Тўхта! Ҳаммасини қайта қурамиз, аммо биттадан бошла. Дарҳол Фармон тайёрла. Тиббиёт соҳасида маошларни оширамиз. Янги ускуналар берамиз. Даволашни бепул қиламиз. Бу соҳага миллирад-миллирад пул ажратамиз.

-Менимча буни ёзиб, бугуноқ эълон қилиш керак?

-Нега?

-Ўзингиз  халқ норози бўлган ҳамма соҳаларни қайта қурамиз дедингиз. Сайловгача эса оз қолди. Ҳар битта соҳани қайта қуришни ҳар куни эълон қилиб борсак ҳам кун етмай қолади.

-Ундай бўлса иккитадан эълон қил!

-Лекин бажарилиши қандай бўлади?

-Буни сендан биров сўраятими?  (19-9-2007).

 

12.АСЛИДА

Сайловда номзодларни беш-олтита қилиб юборсакмикан?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Йўғ-е. Унда арча байрам бўлиб кетади.

-Яхши эмасми? Сайлов янги йил олдидан. Бунинг устига Қорбобо ўртада, ҳаммага кўриниб, хўрозқанд улашиб туради…

-Хўрозқандга интилганлардан биттаси соқолингизни юлиб олса, бесоқол кўриниб қолмайсизми?

-Нима, аслида соқоллиман-ми? (20-9-2007).

 

13.ЛЕКИН…

Путин телефон қилиб Алдаркўсани табриклади.

-Нима билан?,-ажабланди Алдаркўса.

-Қайта сайланганингиз билан-да!

-Ҳали номзодимни қўйганим йўқ-ку.

-Сайлов қачон ўтишини эълон қилдингиз, бас-да!

-Лекин одамлар қўзғалиб қолса нима қиламан.

-Унақа , лекин-пекин  деб юрманг.

-Йўғе, Москва турганда Пекин дейман-ми? (20-9-2007).

 

14.АЛДАРКЎСАНИНГ

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ

 

1.Агар мен номзод бўлсам׃

-Би-Би-Си радиосининг ўзбек бўлимини қайта очаман.

-“Озодлик”ни ҳам қайтариб олиб келаман.

-Мухолифатга ўзига яраша жой бераман.

2. Агар мен президент бўлсам׃

-Би-Би-Сини яна ўзимизга ишлатаман.

-“Озодлик” ҳар доимгидек бизнинг минбаримиз бўлиб қолаверади.

-Ҳаммаёқни жаннат қилганим учун мухолифат деган нарса бўлмайди. (21-9-2007).

 

15.ҚАЕРГА?

-Путин ҳақида карикатура чоп этгани учун “Саратовский репортер” деган газетани ёпишаётган экан,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Кўрдингми, сенга олдин ҳам айтган эдим, у ўзини пайғамабардек ҳис қилмоқда.

-Лекин оз қолди, яқинда кетади.

-Йўқ, у билан ўйнашиб бўлмайди, у яна қайтиб келади.

-У пайтда биз кетган бўламиз.

-Калланг жойидами қаерга кетган бўламиз, қаерга!?

-…

-Сендан сўраяпман, қаерга, айт иблис, қаерга, қаерга?

-Уфф.., ўша “қаерга”дан “қа”сини олиб ташланг, билиб оласиз! (21-9-2007).

 

16.ЗОНА

-Россия эркин иқтисодий зона ташкил қилмоқчи. Биз ҳам кирамизми?-деб сўради маслаҳатчи Алдаркўсадан

-Ахмоқ бўлдингми?

-Ўзингиз кирамиз деган эдингиз-да.

-Йўқ! Сени киритаман. Ана, Гвардейская кўчасида юқори лавозимли давлат амалдорлари учун янги зона қураяпман. (23-9-2007).

 

17.ИНСОФ

– Нега сиз эркинликка йўл бермаяпсиз? Қачонгача диктатор бўлиб ўтирасиз?-деб сўради хорижлик журналист Алдаркўсадан.

-Ким айтди сизга буни? Агар мен диктатор бўлиб ўтирсам, истаган одам чиқиб, мен президент бўламан, деб дастурини тарқатар эдими? Ана атрофга қаранг, аллақачон йигирмага яқин одам президент бўламан, деб юрибди. Бирортасини қамадим-ми?

Урдим-ми? Сўкдим-ми, инсоф билан гапирингда.

-Лекин олдин сизга муқобил номзод бўлган одам сизга овоз берган бўлса ҳам сайловдан кейин уни йўқотиб юбордингиз-ку?

-Биров унга номзод бўлсин деган эдими? (24-9-2007).

 

18.КЕЙИНГИ

-Нью Йоркда нима гап? -деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Бизга алоқаси йўқ. БМТ ҳаво кирланиши масаласини муҳокама қилмоқда. Бизда эса ҳаво топ-тозза.

-Туркманистоннинг янги раҳбари ҳам борибдими? Уни Вашингтонга ҳам чақиришибди-ми?

-Ҳа, биласизку, ўлиб кетган Туркманбошини охирида бир тийинга ҳам олмай қўйишганди. Энди буниси озгина демократик қадам ташлаганди,  дарҳол унга каромат кўрсатишмоқда.

-Аммо биз ҳам демократик одимлар отаяпмиз, мана сайловни эълон қилдик, лекин шунга қарамай бутунлай тескари бўлиб олишди.

-Бутунлай эмас… менимча бизнинг ҳам кейинги раҳбарни албатта Вашингтонга чақиришади.

-Ундай бўлса, сайловдан кейин борар эканмиз-да! (24-9-2007).

 

19.ЙЎЛДОШ

-Ҳар битта номзодга биттадан мушук ҳадя қил, ёнларида олиб юришсин,-деди сайлов кампаниясига чиққан Алдаркўса ўзи билан ёнида олиб юрган маслаҳатчисига.

-Нега?

-Артистлар йўлдош бўлсин дея ёнларида мушук олиб юрадилар. Президентлар эса ёнларида ит олиб юрадилар. Шуни ҳам билмайсанми? (26-9-2007).

 

20.ПАЛИДТЕХНОЛОГ

-Сиёсатчи ўзини мақташи мумкинми, йўқми?-деб сўради маслаҳатчи Алдаркўсадан.

-Мустақилликнинг 16 йиллиги муносабати билан ўқиган докладимга шаъма қилаяпсанми?

-Йўқ, Сизнинг моҳир политтехнолог бўлиб қолганингизга шаъма қилаяпман.

-Сен тилни биласанми, ўзи? Полит ёзилгани билан палид дейилади, палидтехнолог!

-Палид?

-Ҳа, ҳа, палид!

Ўзбек тилини билмаганлар учун изоҳ׃

1. Палид- жуда ҳам кир нарса.

2. Палид-ярамас, қабиҳ, аблаҳ одам. (27-9-2007).

 

21.ЙЎҒ-Е!

Буни қара, ҳалиги йўқолиб кетган мулланинг хотини, ўғли, невараси ҳалокатга учраб, оламдан ўтибди,-деди қариб қолган Алдаркўса маслаҳатчисига.- Тангри ҳам ҳаддан ошганларни ёқтирмайдими, дейман.

 -Ўтганларни ўзи раҳмат қилсин. Лекин Тангри яхши одамларни тезроқ чақириб олади дейишади.

-Ундай бўлса, нима, мен ёмон одам бўлдим-ми?

– Йўғ-е, аслида уларни эмас, сизни чақириши керак эди. (28-9-2007).

 

22.БИРМА ЎРНАГИ

-Баъзилар “Бирма ўрнаги -Ўзбекистонга” деб бақир-чақир қилмоқдалар,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Бирма?

-Ҳозирги номи Мянмар, Бирма бу олдинги номи…

-Номи билан нима ишим бор? У ерда нима гап?

-У ерда диндорлар билан демократлар бирлашиб, ҳукуматга қарши намойишлар қилишмоқда. Ҳукумат эса уларни танклар билан бостирмоқда.

-Сайлов олдидан ҳамма истак-талабларни жойига келтиришимиз керак. Шуни истаётган бўлсалар, марҳамат,  вазирга айт, танкларни кўчага олиб чиқсин! (29-9-2007).

 

23.ИТФЕЪЛ

-Буни қаранг, қизиқ нарсани ёзишибди,- деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Нимани ёзишибди?

-Ким доим қайси ҳайвоннинг гўштини еса, феъли ўшанақа бўлиб қоларкан. Одамларимиз қўй гўштини севади. Қўйдек ювош. Доим чўчқа, товуқ гўштини еганларга қарасангиз ҳам ўхшашлик топасиз.   Ҳатто ит гўшти…

-Дарвоқе ит гўшти деганингга ёдимга тушди. Қўйлиқда ажойиб ресторан бор эди. Ит гўштидан оқат қиларди. Дунёдаги энг ширин гўшт, деб борган эдик. Шунга ҳам 15 йил бўлибди. Жа, ёқиб қолганди, ҳалиям ўша ресторан жойида турганмикан?

-Ўрнида бошқа нарса қуришган?

-Нега доим менга бир нарса ёқиб қолса йўқотасанлар? Ҳайвонлар, итдан тарқаганлар, сен итлар одам бўлмадинглар, нега шундай ресторанни йўқотасанлар?!

-Э, йўқотганимиз йўғ-е, ўша пайтнинг ўзидаёқ таг-туби билан саройга кўчириб келтиргандик! (30-9-2007).

 

24.КУРАШ

-Номзодларни кўпайтириб нима қиласиз?-дея сўради Путин Алдаркўсадан.

-Ўзимнинг иштиёқим йўқ, халқ бўлса зериккан, сайловда кураш бўлишини истамоқда, шунинг учун партия раислари курашсинлар деб уларга йўл очиб бердим.

-Наҳотки кетишга қарор қилдингиз?

-Кетиш эмас, кураш деяпман.

-Тушундим, лекин қолиш учун курашмоқ керак!

-Бизда кетиш учун курашилади…(1-10-2007).

 

25.ЎЙИН

-Матбуотни кузатаясан-ми?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Ҳа, ҳамма газеталаримиз сизни мақтаб турибди

-Э, ўзимининг сариқ чақага арзимайдиган қоғозларни сўраётганим йўқ. Интернетда нима гап? Одамларни энг қизиқтираётган нарса нима?

-Сайловда қандай ўйин кўрсатасиз? Бугун ҳаммани қизиқтираётган савол мана шу.

-Одамларга ўйин бўлса, бас. Олдинги ўйинларим жуда ёққанга ўхшайди. Бўпти сайловда ҳам  “Лазги”га ўйнаймиз. (2-10-2007).

 

26.МУНОСАБАТ

Маслаҳатчи ҳовлиқиб Алдаркўсанинг ҳузурига кирди׃

-АҚШ Эронни бомбардимон қилиши мумкин деган гаплар тарқалди ва ҳамма бунга ўз муносабатини билдирмоқда. Биз нима қиламиз?

-Биз.. айтиб бўладими, биттаси адашиб бу ёққа тушиб қолса-чи? Тезда хавфсиз бир жойдан бункер қурилишини бошла! (2-10-2007).

 

17.ЙЎҒОН ГАПЛАР

-Бўлажак президентларинг бугун матбуот конференцияси қилмоқчи эдилар, нима бўлди?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Ўтди. Келган мухбирларнинг биздаги эркинлик ва демократияга оғизлари очилиб қолди. Айниқса номзодчалар “Бизнинг ўртада борлигимизнинг ўзи – демократия” деганлари мухбирларга мойдек ёқиб кетди.

-Кўрдингми, сен бўлсанг уларни қамаб қўймоқчи эдинг.

-Агар ҳозир ҳам чизган чизиғимдан ташқарига чиқишса қамаб қўяман!

-Ҳа, нима бўлди, сен ҳам номзодмисан? Гапларинг бунча йўғон-йўғон, худди ҳўкизнинг оғзидан чиқаётган каби…

-Ўзингиз қўрқмай мени номимдан гапиравер дегандингиз-ку! (3-10-2007).

 

28.ҚЎШ ҲЎКИЗ

-Менинг номзодимга муносабат қандай бўлмоқда?-деб сўради Алдаркўса Бош вазирдан.

-Қайси бирига?

-Қайси бири билан нима ишим бор? Мен ўзим ҳақимда гапираяпман.

-Ўзингиз? Сиз- бизнинг номзод, сиз ҳақингизда биз гапирамиз.

-Хўп гапир!

-Табриклайман, яна етти йилга қолдингиз!

-Лекин сен яна етти йилга қололмайсан!

-Нега…?

-Чунки аравани торта олмаяпсан.

-Биргалашсак тортамиз, ўзингиз аравани қўш ҳўкиз яхши тортади дейсиз-ку?!

(4-10-2007).

 

29.ЎША ПАЙТДА

-Дада, эшиттингизми, Пиночетнинг хотини ва беш боласи устидан жиноий иш очишибди,-деди қизи Алдаркўсага.

-Пиночет тирикми ҳали?

-Ўлиб кетди-ку, лекин оиласини тинч қўйишмаяти.

-Нега тинч қўйишмайди?

-Банкдаги ҳисобларидан 24 миллион доллар пул топилибди.

-Парво қилма. Биринчидан, сени пулинг уларнинг ҳаммасиникидан кўп. Иккинчидан, сеники банкда эмас. Учинчидан, мен тирик.

-Лекин ўлганингиздан кейин нима бўлади?

-Ҳозир шунақа гапларнинг вақтими? Бор, буни ўша пайтда гаплашамиз. (5-10-2007).

 

30.ВАЗИФА

-У дунёда ҳам бу ердаги каби табақаланиш борми?-деб сўради Алдаркўса муфтийдан.

-Албатта-да, Боқийга қабул қилишдан олдин  Фонийдаги ҳамма нарсага қаралади. Айниқса Тангри томонидан берилган вазифалар қандай бажарилгани синчиклаб кўриб чиқилади. Агар бажарилмаган бўлса дўззахга юборилади.

-“Сизга бу вазифа Тангрининг инъоми” деб айтган эдингиз. Гапингиз бежиз эмас экан-да. Демак, у дунёда ҳам мана шундай ўринга эга бўлиш учун бу вазифани охирги дақиқагача бажаришим керак! (6-10-2007).

 

31.САФ

-Братан, сиз бу ерда қилиб юрибсиз?-дея сўради Лукашенко Алдаркўсадан.

-Бу кишига Раҳмон таклифнома юборган, хабарингиз йўқмиди,-деди Путин Алдаркўсанинг ўрнига жавоб қилиб.

Лукашенко яна Алдаркўсага яқинлашиб׃

-Сиз партиялардан номзодлар чиқарганингизга ўзингиз бу йил номзод бўлмайсиз, ниҳоят одамлар сафига қўшиласиз, деб ўйлагандим-да,- деди.

Яна Путин жавоб бериб қолмасин деган Алдаркўсага дарҳол׃

-Э, йўқ, Сизларнинг сафингизда қолишга қарор қилдим,-деди. (6-10-2007).

 

32.САЙЛОВДАН КЕЙИН

-Мухолифатдан ҳам битта номзодни рўйхатга олсакмикан?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Қанақа мухолифат? Ҳаммасини қувиб юбордик, деган эдинг-ку?

-Ҳа, ораларига одамларимизни суқиб, борган жойларида ҳам  парчалаб ташладик…

-Ахмоқ, шуни бекор қилибсан. Уларни парчалаш эмас, бирлаштириш керак эди.

-Нега?

-Ўшанда катта кучга эга бўлардик ва улар бошпана топган мамлакатларда ҳам сайловларни назорат қилишни қўлга олардик, ҳукуматларига таъсир ўтказардик.

-Озчилик… Бунга кучлари етмайди.

-Куч бўлиш учун неча миллион керак? Сайловдан кейин жўнатамиз!

-Доллардан-ми?

-Йўқ, дорлардан… (7-10-2007).

 

33.ЎЗИНГИЗ…

-Афғонистонда ўзбеклардан бир нечасини ўлдиришибди?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Қандай ўзбеклар? Нега ўлдиришади? Янги борган мардикорлар эмасми? Сайлов олдидан керакмиди шу?!

-НАТО бомбардимони натижасида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 16 та одами ўлибди.

-Шундай демайсанми…Тоҳир ҳам ўлибдими?

-У Афғонистонда эмас-ку?

-Сен қаёқдан биласан?

-Ўзингиз айтган эдингиз…(8-10-2007).

 

34.САЛОМГА АЛИК

Тожикистондан хафа бўлиб қайтган Алдаркўса ҳамма маслаҳатчиларини тўплаб׃

-Ўнг қулоқларинг билан ҳам, чап қулоқларинг билан ҳам эшитиб олларинг,-деди.- Имомали келганда уни кутиб олишга Ташқи ишлар вазирлигининг қоровулини чиқарасизлар. Кузатишга эса ҳеч ким чиқмасин. Ҳар қадамда уни камситасизлар. Шундай қиласизлар-ки эшакка тескари миндирилганини ҳар дақиқада ҳис қилсин,-деди.

-Нега? Тинчликми?

-Қандай салом бўлса, ўшандай алик! (9-10-2007).

 

34.ТАРБИЯ

-Яна номзод бўлдингиз. Жонингизга тегмадими, бўлди-да битта жойда шунча ишлаганингиз,-деди Алдаркўсага хотини.

-Ахмоқвой, сен ёшлигингда ота-онангдан тарбия олганмисан?

-Бу гапга уларнинг нима алқоаси бор?

-Мана менинг ота-онам ҳар ёққа сакрамасдан, битта жойда қимирлмай ишлаган одам камол топади деб тарбия беришган. (9-10-2007).

 

36.МОЛБОҚАР

Алдаркўса янги ишга олинган хизматчисидан хафа бўлди׃

-Сен ўзи ишни биласанми, қишлоқи экансан-ку? Қарсангчи, ҳатто қайси овқатни қаерга қўйишни ҳам билмаймасан. Пиширган нарсангда мазза деган нарсанинг ўзи йўқ. Гўштни шундай қайнатиб олиб келибсан. Ҳе, қишлоқи! Молбоқар! Сени қаердан топишди? Қаерда ишлар эдинг?

-Ресторанда эдим. Қаёқдан билай, бу тузук иш деб келсам, молбоқарлик экан. (10-10-2007).

 

37.СОЛАНА ВА САЛЛАНА

-Сен ҳадя қилган  қўшиқни эшитиб ўтирибман! Лекин жа… ёқди.

Нурсултон шундай дея қўшиқни баландлатди.

-Биз томона қиё боқиб,

Галар саллана, саллана…

Алдаркўса шартта ўрнидан туриб, рақсга тушиб кетди.

Нурсултон секин унинг ёнига бориб׃

-Авропадан Марказий Осиёга келган меҳмон Солана шаънига қўшиқ чиқарибсан, зўр, мана ўйнаб ҳам бердинг, лекин нега у сени четлаб ўтди?-деди.

-Калланг борми, у Солана, биздаги сўз эса “салла…на!”.

-О… энди тушундим… сенга салла келтириб, “Салла! На” деб сени мусулмон қилишмоқчи! (10-10-2007).

 

38.ДАМ ОЛИШ

-Рамазон ҳайитини 12-Октябрда қиласизми?-деди шайх Алдаркўсага.

-Йўқ! Сиз-чи?

-Биз 12-да. Чунки уламолар шу кунни тавсия қилишди, шунинг учун ҳамма шу куни байрам қилади.

-Ҳамма билан нима ишимиз бор! Мен фармон чиқараман ва дам олиш куни 13-да бўлади.

-13-да?

-Ҳа, чунки 13 рақами яхши эмас. Шу куни уйда ўтиришни истайман. (10-10-2007).

 

39.ҲУР ҚИЗЛАР

Хотин қизлар қўмитасининг ташаббуси билан Давлат мукофотини олган аёлларнинг асарлари бир китобга тўпланиб, “Ҳур қизлар” номи билан нашр этилди. Қўмита раиси китобдан биттасини Алдаркўсага деб олиб келди. Котиб йигит Алдаркўсанинг ҳузурига кириб׃

-Раиса опа келдилар,-деди.

-Бу ерга нега келибди?

-“Ҳур қизлари”ни олиб келибдилар.

-Ҳмм…Бўпти… айт, битта-битта олиб кирсин! (11-10-2007).

 

40.ҒОЛИБЛАР

-Россиянинг Краснодар ўлкасида ўтказилган ёш ДАН чилар конкурсида бизнинг болалар ғолиб чиқди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Қанақа конкурсда?

-МДҲ ўлкалари ўртасида йўл ҳаракатлари билимдонлари, ёш назоратчилар кўригида биринчиликни эгалладик.

-Уларнинг ҳам йўл ҳаракатлари қоидалари бизникига ўхшаган эканми?

-Йўқ, бутунлай бошқа, ҳар бир мамлакат ўзича қоида яратиб олган.

-Унда бизнинг болалар қандай ғолиб чиқишди?

-Мардикор ота-оналарига қўшилиб бориб келавергандан кейин, йўл қоидалари ёд бўлиб кетган-да! (11-10-2007).

 

41.СОЯ

-Жуда ҳам ишлагингиз келса, бошқа ишга ўтинг, зерикмадингизми бу ерда?-деди хотини Алдаркўсага.

-Ниҳол битта жойда кўкаради?

-Сиз кўкариб, қари дарахтга айландингиз-ку!

-Нима, мазза қилиб соямда ётиш ёқмаятими?

-Менга эр керак, соя эмас! (12-10-2007).

 

42.ОВОЗ

-Комиссия ҳамма партиялар ва битта мустақил номзодга сайловда қатнашишга изн берди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.


-Комиссия изн бера олмайди, изнни мана мендан оласизлар.


-Тўғри сиздан, лекин расмият учун, номигагина комиссиядан ҳам…


-Ундай бўлса, нега ҳаммасига сайловга киришга изн бердингизлар, нега?


-Сизга овоз беришлари учун…


-Нима, менга олти киши овоз берадими?


-Истасангиз яна бир-икки кишига кўпайтирамиз. (13-10-2007).

 

43.ОНА ТИЛИ

-Хозяин, почему халққа кейинги етти йил ҳақида она тилида эмас, урус тилида мурожаат қилдингиз?-деди Алдаркўсанинг хотини.


-Мен шу халқнинг отаси эканлигимни тан оласанми?


-Ҳа, одамларнинг ҳаммаси тан олиб турибди-ку?


-Шундай экан, сени бир хурсанд килгим келдида мамаси. Агар мен бу халқнинг отаси бўлсам, сен онаси, сенинг тилингда мурожаат қилдимю (14-10-2007).

 

44.ЗИЁРАТ

-Бир Туркманистонга ўтиб келмоқчиман,-деди Алдаркўса хотинига,- Биласан, қўшничилик минг йилчилик дейдилар.

-Ҳа, илгари ҳам Туркманбоши билан гаплашганда унга ён қўшни. жон қўшни дер эдингиз. Бечора бевақт кетди. Балки уни зиёрат ҳам қилиб келарсиз?

-Унга шундай деганим билан, у жуда ахмоқ. калондимоғ одам эди. Шунинг учун ҳам унинг ёнига бормасдим.

-Бу сафар борақолинг! (16-10-2007).

 

45.ТОШ ОТИШ

Алдаркўса янги Туркманбоши билан эски Туркманбоши мақбарасини зиёрат қилиб юрган эди, оломонга кўзи тушди.

-Булар бу ерда нима қилишмоқда?

-Улар бу ерга сиғиниш учун келадилар…

Шу пайт одамлар Алдаркўсани кўриб қолиб, унга тош ота бошлашди.

-Одамларингни йиғиб олсанг-чи!

-Уларга парво қилманг, улар ўзларини ҳажда. Арафат тоғида  деб ҳисоблашмоқда. (17-10-2007).

 

46.ҚАРЗ

-Қалай, юборган артистларим сизга ёқдими?- дея сўради Алдаркўса янги Туркманбошидан.

-Раҳмат, ҳаммаёқ байрам бўлиб кетди, олдингининг ўлимидан кейинги азани бутунлай унутишимизга ёрдам берди.

-Ҳа баракалла, ана шундай бир-биримизнинг кўнглимизни овлаб туришимиз керак.
-Бу бўйнимиздаги қарз, сиздан кейин ўлкангизга албатта артистларимизни юборамиз… (18-10-2007).

 

47.ЭРКАКЛАР

-Эшитдингизми қўшни бугун Беназир Бхутто Покистонга қайтибди. Саккиз йиллик муҳожиратдан кейин ватанига қайтиб, мухолифатга лидерлик қилар экан,-деди Туркманбоши Алдаркўсага.

-Йўғ-е?!

-Ҳа… Аммо қойил, мард экан, аёл бошига шу ишни қилибди.

-Қўйинг қўшни шу ҳақда гаплашмайлик.

-Қўрқманг, биздан унақа лидер чиқмайди! Бизда ҳамммаси эркаклар.(18-10-2007).

 

48.БУТУНЛАЙ…

-Биз ўзимизни машиналарни ишлаб чиқармоқдамиз ва дунё бизга қойил қолмоқда,-деди Алдаркўса Туркманбошига.

-Бизнинг Аҳалтекин отларимиз ҳам бутун дунёга тарқалди, ҳамма қойил қолмоқда.

-Нима? Қандай отлар?

-Аҳалтекин отлар…

-Ярми аниқ, аммо “Аҳал” дегани нима?  “Бутунлай” деганими?(18-10-2007).

 

49.ШУБҲА

Алдаркўса хотинига ўдағайлади:

-Янги Туркманбоши ёш, келишганда-а? Бир дақиқа ҳам ундан кўзингни узмадинг? Унга кўз тикдингми?

-Ўлинг-е! Қариган чоғимда ҳам тинч қўймайсиз? Менинг кўзим унда бўлгани билан унинг кўзи сизда…

-Ўзим ҳам унда бир гап бор деб ўйладим-а?

-Унда эмас, сизда бир гап бор! (20-10-2007).

 

50.ЁШ ЎЛЛИ

Туркманистон сафаридан қайтгандан кейин Алдаркўсанинг кўнгли ҳеч ёришмади.

-Нега бунча хафасиз, дадаси?-деб сўради ундан хотини.

-Нимага хурсанд бўлай?

-Сафарингиз яхши ўтди, ҳатто орден олдингиз…

-Ўшандан кўнглим хира-да. Яна сен ярага туз сепгандай эсимга солдинг.

-Хурсанд бўлинг, бу ҳаммага ҳам берилмайди, фақат ёшуллиларга, қариларга берилади.

-Нима, мени “қари туллак”ка чиқармоқчими у?

-Уф… у ҳам сизни ўликлар сафига қўшиб қўймоқчи!

(21-10-2007).

 

51.МОЙ

-Мамлакатда ёғ етишмай қолди, одамлар норози, Бош вазирдан сўрасам, буйруқ сиздан келганини айтди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Ўзинг ёғни сайлов кунига сақлаб қўяйлик, ош дамлаймиз демаганмидинг?

-Лекин унда зиғир ёғи ҳақида гаплашган эдик…

-Мен учун фарқи йўқ, ҳаммаси бир нарса?

-Шунақами, сиз ҳамма нарсани ейишингизни билмас эканман…(23-10-2007).

 

52.ҲЎКИЗЛАР

-“Ҳаво йўллари” ширкати жуда катта зарар кўраётган эканми?-деди хотини Алдаркўсага.

-Ҳа, чет элликлар учқичларимизга минмай қўйишибди…

-Нега минмайди?

-Мен эшакка миниб олганимни кўриб, улар ҳам учқичга эмас, эшакка минамиз деб туриб олишганмиш. Агар  эшакни уларга берсам, кейин ўзим нима қиламан?

-Нима қилардингиз? Атрофингизни ҳўкизлар билан ўраб олгансизку, шуларга минасиз!(23-10-2007).

 

53.”ИМЗО”

Нега вақтларингни сарфлаб имзо тўплаб юрибсизлар?- деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Сайлов бундан кўра осонроқ тушади. Овоз варақаларини истасанг чоп этаверасан, истасанг куйдирасан, истасанг ҳожатхонага қўясан.


-Лекин одамларни ҳам алдаб қўяйлик дегандик. Имзолар ҳақиқий, ҳамма бунга ишонади, чунки ўзлари имзолашмоқда.


-Менга ҳақиқий-пақиқийси эмас, натижаси керак. Натижага эса миллионта эмас, битта имзо қўйилади!


-Ундай бўлса, ўзингиз қўясизми?


-Хабаринг йўқми, сайлов ҳақида гап бошланмасдан олдин унга қўйиб қўйганман! (24-10-2007).

 

ЧОП-ЧОП

-Мана яна бир марта маошларни ошириб қўйдим. Одамлар байрам қилишаётгандир?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Ҳа, ҳамма бозорларга чопиб қолган…

-Ундай бўлса бозорлар тўлиб тошгандир?

-Лекин қандай чопиб киришса, шундай чопиб чиқишмоқда.

-Наҳотки чоп-чоп бошланди?

-У ёғи тинчлик, фақат чоптириб қўйдингиз! (24-10-2007).

 

МИРЗУЛМ

-Мана Миршаблар кунини ташкил этдик ва биринчи марта улар бу кунни байрам қилмоқдалар. Узундан узоқ табрикномани олиб келдинг, унга ҳам қўл қўйиб бердим, аммо шу миршаб дегани нима ўзи, шуни тушуна олмаяпман?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Мир бу Aмир дегани, шаб эса қоронғулик, зулм дегани.

-Унда нега мирзулм дейишмaган?

-Мирзулм битта бўлади, улар эса кўпчилик….(24-10-2007).

 

ШАЙ

-Байрам қандай ўтди?-дея сўради Алдаркўса миршаббошидан.

-Раҳмат. Яхши ўтди. Соянгизда…

-Демак йигитларинг бундан кейин ҳам соямда туради?

-Албатта, ҳаммаси шай…

-Қуроллари ҳам шайми?

-Шай! (25-10-2007).

 

МАСЛАҲАТ

-Чет элга одам жўнатмасак хазинамизнинг таги кўриниб қолади, жўнатсак маҳмадана бўлиб қайтишмоқда, ҳаммага ақл ўргатиб, ҳақ талаб қиладиган бўлишмоқда,-деди вазири аъзам Алдаркўсага.

-Қайтиб келмас қилиб жўнат!

-Лекин қабул қиладиганлар ҳам уста бўлиб кетган.  Асосли ҳужжат талаб қилишмоқда.

-Шу ҳам муаммо бўлдими? Мана, масалан, бизни танқид қилишсин, бизга қарши намойишга, пикетга чиқишсин, биз ёмон кўрган одамларни номзод кўрсатиб, имзо тўплашсин, интернетда биз ҳақимизда жаллод деб ёзишсин.

-Биз деганингиз сизми?

-Йўқ, сен! (26-10-2007).

 

ЎЗИ…

-Хотин нега “вақ-вақ”лаб қолдинг?-деди Алдаркўса хотинига.

-Босгандан кейин қурбақа ҳам “вақ” дейди-да.

-Қурбақани ким ҳам босар эди?

-Ўзингиз босиб турибсиз-ку? (26-10-2007).

ҚАРАБ ТУРСИН

 

-“Фидокорлар” қурултойини ўтказдими?- дея сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.


-Ҳа, фидокор Турсунов номзод.


-Шошмаларинг, Турсунов қараб турсин!


-Ертўла туйнугидан-ми? (29-10-2007).

 

ҲАҚИҚИЙ…

-Шу Америка клонлаштиришни бошлади-ю ҳамма ўзининг ҳақиқий эканлигига урғу беришга ўтди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Қандай?

-Масалан, “Ҳақиқий мухолифат…”,  “Ҳақиқий союз…” , “Ҳақиқий журналист …”, “Ҳақиқий ватанпарвар…”

-Тўғрида, мана мен ҳам ҳақиқий президент! (30-10-2007).

 

ОШХЎРЛИК

-ШОСнинг мажлисида бирор бир ҳужжат имзоланадими?-деб сўради Алдаркўса Бош вазирдан.

-Ўзингиз мен қатнашмайман, қаламларни синдириб қўйинглар, дегандингиз, шундан кейин яхшиси умуман қалам ишлатмасликка келишиб олдик.

-Унда йиғилиб нима қиласизлар? Шундай ҳам хазинамиз қуриб кетмоқда!

-Ошхўрлик… Кейин ҳадялар алмашамиз…

-Ҳмм…Унда қатнашмасам бўлмас экан! (1-11-2007).

 

ОРТИҒИ БИЛАН

 

Алдаркўса Оқпошшонинг вазири аъзамини қабул қилди:

-Ҳа, кечикиб қолдингиз?

-Учқич кечикди.

-Тинчликми?

-Қайси кун Ҳарбий вазиримиз бизнинг ахлатларни бу томонга ташиш ҳақида сиз билан шaртнома қилиб кетган экан, шунга биноан кўп юклашибди, учиш қийин бўлди.

-Лекин вазирингиз менинг ҳақимни бермай кетди.

-Ортиғи билан олиб келдим дедим-ку! (2-11-2007).

 

ЯНГА
-Нега “Урусларга раҳмат, биздаги заводидан 30 та учқич сотиб олди” деб ёздинг? -деди Алдаркўса вазирига.


-Ҳа, энди…


-Завод бизники бўлмаса ҳам жой ва ишчилар биздан-ку?
-Йўғ-е, бизникилар Урусиятда. Заводда эса ҳурматли урусларимиз ишлашмоқда.


-Нега уруслар деган сўзга бунча урғу бериб қолдинг?


-Сиз элликта отиб думалаб ётганда ҳокимият янгамга ўтиб қолмоқда-да (4-11-2007).

 

ТОВАРЛАР

Бугун Алдаркўса ўз қароргоҳида Дубай амирини қабул қилди.

-Ака, сиздан илтимос, шу учқич рейсларни кўпайтирсак,-деди амир Алдаркўсага.

-Шундай ҳам энг кўп рейс Дубайгаку, ука!

-Тўғрику-я, лекин амира опам юбораётган товарларга эҳтиёж жуда ошиб кетган-да! (5-11-2007).

 

Ё, ПАРВАРДИГОР! 

 

Алдаркўса бугун ЎЛДП қурултойига кириб келиши билан кўзи биринчи қаторда ўтирган бошқа номзодга тушди. Уни  ёнига чақирди ва:

-Сен бу ерда нима қилаяпсан, бу нарса ўйин планида йўқ эди-ку?-деди.

-Бор эди, авж парда деган қисми шу нуқтадан бошланади.

-Менга ёқмаяпти, кет!

-Ё, Парвардигор!

-Нега “парвардигор”лаб қолдинг?

-Жуда ҳам хурсанд бўлганимдан, ахир ўйиндан чиқиб кет, дедингиз-ку?!

-Мен бу ердан чиқиб кет, дедим, ўйиндан эса фақат ўлган чиқиши мумкин.

-Ё, Парвардигор! (6-11-2007).

 

РОЗИ?

-Тавба қилдим, қаёққа қарамасанг, мeни “Рози!”, “Рози бўлди!” деб ёзишмоқда! Нега жавоб қилмайсизлар!-дея ўдағайлади Алдаркўса маслаҳатчига.

-Нима деб жавоб ёзайлик?

-Тўғрисини ёзларинг, бор гапни ёзларинг, мен ўзим рози бўлмадим, мана айтчи, рози бўлдим-ми, ахир сизлар кўпчилик бўлиб мени зўрладиларинг-ку! (6-11-2007).

 

ҚИЙНОҚЛАР

-Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бизни қийноқлар мунтазам амалга оширилаётган жой деб БМТга ёзиб берибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Икки кишини ишдан ҳайда, керак бўлганда чора кўрганимизни билдириб қўясан!

-Лекин ўзизмининг одамлар ҳам шу гапни айтишмоқда-да!

-Ундай бўлса, сайлов дастуримга кирит: “Мени сайласангизлар қийноқларни тўхтатаман”. (7-11-2007).

 

“МИЛЛАТНИНГ ОТАСИ”

-Дунёда қандай янгиликлар бор?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Россияда Путинга “Миллатнинг отаси” деган ном бериш учун кaмпания бошланибди.

-Кўрдингми, ҳатто Россия ҳам жуда масалаларда биздан анча орқада! (6-11-2007).

 

ХУДОГА БОҒЛИҚ

-Бу кетишда яна қанча тахтда ўтирасиз?,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Сен нима деб ўйлайсан?

-Бир умр ўтирсангиз менга яхши-да. Мен ҳам сизнинг соянгизда кунимни кўриб юраман.

-Бошқалар нима демоқда?

-Мухолифлардан биттаси радиога чиқиб, сизнинг “ҳокимиятда қолиш муддатингизни яна неча йил яшашингиз белгилайди, деганмуш…

-Тезда уни топиб орден бер! У бизнинг одам экан. Жуда тўғри гапни айтибди, менинг қанча ҳокимиятда қолишим қанча яшашимга боғлиқ. Қанча яшашим эса, Худога боғлиқ! Ҳақиқатни айтадиган одам топилди-я, отасига раҳмат, ўзимизга ўхшаган художўй одам экан! (8-11-2007).

 

ХАБАРСИЗ

-Эркинжон сени уриб кетибдиларми?-деди Алдаркўса укасига.

-Йўғ-е?

-Мана Марат аканг ёзган.

-Унақа гап йўқ-ку!

-Яширганингга ўлайин-ми? Ёки мен урмай қўйганимни эшитиб,  бошқалар уриб кетаяптими, урдиришга ўрганиб қолдинг, шекилли!? (9-11-2007).

 

 

КЎРАМИЗ…

-Нурсултон сайловда овозларнинг 91 фойизини олганини эълон қилганди, биз ундан орқада қолсак бўлмас,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Ким сенга биз орқада қоламиз, деб айтди!

-Лекин бу сафар номзодлар кўпайиб кетди, ҳар биттаси икки фойиздан олганда ҳам Нурсултоннинг орқасига тушиб қоламиз.

-Кўрамиз, бу ўша кунги вазиятга боғлиқ, ё орқасига тушамиз, ё  олдига! (9-11-2007).

 

ТУР

Тиниқ сувли уммонга келиб қолган қурбақа тинмай “вақ-вақ” қила бошлади.

-Кимсан, отинг нима?- деб сўради бошқа қурбақалар.

-Ўзим қурбақа…отим Алдарчик…

-Бу ерга қаердан келиб қолдинг?

-Кўлмакда яшар эдим, қуриб қолди, кейин бошим айланиб, очликдан ўлай деб юргандим, олдимдан уммон чиқиб қолди…

-Бу ердан йўқол, уммонни ҳам қуритасан! Сен қурбақа эмас, қуриқбақасан!

-Унда мен “қур-қур” дейишим керакми ёки “вақ-вақ” дейишим керакми?

-Наҳотки ўзинг бехабарсан? Сени туринг бошқа, сувга кирсанг “вақ-вақ”дейсан, ерда юрганда “қур-қур” дейсан.

 

ЯНГИ ДАВР

-Бир-иккита партияни рўйхатдан чиқариб ташла,-деди Алдаркўса Сайлов комиссияси раисига.

-Қайсиларини чиқарсам экан?

-Ҳм… масалан, “Фидокорлар” ва “Миллий тикланишни”!

-Бу партияларни ўзингиз тузган эдингиз?

-Қолганларини ким тузган? Унутма, янги липберар… э… либерал даврга ўтаяпмиз ва бу даврда фидокорлару миллий тикланишга ўрин йўқ! (13-11-2007).

 

 

СЎМ

-Долларнинг бозори касод бўлди. Энди менга “евро”дан олиб кел,-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Ҳамма ёқда доллар бор, аммо “евро” йўқ…

-Ундай бўлса, доллар ишлатишни тўхтат, қарабсанки ҳаммаёқни “евро” босади.

-“Евро” одамларга унча таниш эмас, одамлар бирдан сўмни жамғаришга бошлашса, нима қиламиз?

-Қаники шундай бўлса, қишда газ муаммосидан қутулардик, ҳамманинг совуқдан ўлмаслик учун ёқадиган бир нарсаси бўларди! (13-11-2007).

 

ОШ

-Авропа Иттифоқи санкцияларни олти ойга музлатди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Нега умуман олиб ташламади?

-Унча аҳамияти қолмади. Олти ойдан кейин яна бир  келиб кетишади. Битта ошда!

-Ошимни еб кетиб, бекор қилишмаса-чи?

-Э, нима деяпсиз, хўжайин, сизни ошингиздан кейин ҳаммаси автоматически бекор бўлади! (13-11-2007).

 

БИР ХИЛ

-Қурманбек бугун Японияга борибди,- деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Борган бўлса нима қилай?

-Халқ ичида “Бизники нега унақа жойларга бормаяти?” деган гаплар юрибди-да.

-Ҳали яқинда Кореяга боргандим-ку!

-Япония билан Кореяни тенглаштириб бўладими?

-Нега бўлмасин? Oдамлари бир хил-ку?! (14-11-2007).

 

 

КЎРЛАР ЖАМИЯТИ

-Кўрлар жамияти ўзининг 75 йиллигини нишонламоқда. Шунга номингиздан битта табрикнома юборсакмикан?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Неча йиллигини?

-75..

Aқлингни едингми? Ҳали яқинда 16 йиллигини нишонлаган эдик-ку! (14-11-2007).

 

ТИРИК ТАНА

-Мана ўлим жазосини ҳам бекор қилдингиз, энди қўрқмасдан пенсияга чиқиб, умрингизни қолган қисмини уйда ўтказсангиз ҳам бўларди,-деди хотини Алдаркўсага.

-Лекин ўлим жазосини нима билан алмаштирганимизни биласанми?

-Ҳа, ўқидим, бир умрлик қамоқ жазоси билан!

-Шуни билсанг,  нималар деб валдираяпсан?

-Э… сиз яна битта умр яшамоқчимисиз? Ёки Худонинг Конституциясини ҳам четлашнинг йўлини топдингизми?

-Топсам ҳам сенга айтмайман!

-Нега айтмайсиз?

-Чунки яна менга дум бўлиб, ликиллаб юрасан!

-Агар шу думингиз ликилламаса, ўлик танага айланган бўлардингиз! (15-11-2007).

 

МУСТАҚИЛЛИК

-Кеча ўз нутқида Имомали Раҳмон “Тожикистон бошқалар қўлида қўғирчоқ эди” деган гапни айтди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Энди-чи?

-Энди мустақил экан!

-Бу чўпчакни тажрибамдан кўп нарсани биладиган – менга эмас, холасига айтсин! Тожикистон номига мустақил бўлиши мумкин, аммо Имомали мустақил эмас! Уруснинг қўлида қул-ку!

-Йўғ-е мана яқинда отини ўзгартиб олди-ку, ҳатто!

-Мен ҳам истасам эшагимни алмаштириб олишим мумкин! (16-11-2007).

 

ЁЛҒОНЧИЛИК

-ЕХҲТни сайловга таклиф қилмасак нима бўлади?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

Aна у санкцияларни яна тиклашади!

-Лекин сайлов эркин бўлмади, деб кетишса-чи!

-Бир амаллаб оғизларидан илиқ гап чиқарамиз!

-Оғизларидан илон чиқса чиқади, аммо илиқ гап чиқмайди! Улар бизга ўхшаб ёлғончи эмас!

-Ўзингизни бунча пастга урманг, хўжайин, улар ҳам ёлғончиликда биздан қолишмайдилар!  Мана, Россия сайлов олдидан уларга виза бермай қўйганди, улар бўлсалар “биз бош тортдик” деб жар солишмоқда!

-Шуни олдини олиб “Биз бош тортдик” десак-чи?

-Европaга боришданми? (17-11-2007).

 

БАЙРОҚ

-Бугун Байроқ куни бўлгани учун бир нарса сўрамоқчи эдим,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Сўра!

-Байроқдаги 12 та юлдуз ниманинг рамзи?

-Отангга балли! Ўзгартириш эсимдан чиқиб кетибди! Тезда қонун лойиҳаси тайёрлаб юлдузлар сонини 14 тага етказ.

-14 тага?

-Ҳа, бу йил сайлансам, бу янги қонун бўйича  биринчи марта бўлади, демак яна бир марта сайланишим мумкин. Ҳаммаси 14 йил…

-Лекин кейин нима қиламиз?

-Уф… бунча ахмоқона саволлар берасан! Нима қилардинг? Дард қиласан, бало қиласан, кафан қиласан! (18-11-2007).

 

ТЕМБОЛЕЕ!

 

Маслаҳатчи  кундалик янгиликлар ҳақида Алдаркўсани хабардор қилар экан, деди:

 -Урусиятдаги ишбилармон Усмонов “Менинг президентликка иштиёқим йўқ”, дебди.

-Путин ўз ўрнига одам тайинлаб бўлгандан кейин, бунақа дейдиганлар кўпайиб қолди. Путиннинг ўрнида ўтириш учун жуда катта орқа керак!

-У Путиннинг эмас, сизнинг ўрнингизни назарда тутган!

-Темболе! (18-11-2007).

 

КОБЗОН

Коммунист ашулачи Иосиф Кобзонга мамлакатимизга келиб, концерт қўйиши учун рухсат бермаганингизга ўзи ҳам жуда хафа ва бошқалар ҳам буни катта гап қилишмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.


-Бошқалар мени қизиқтирмайди, лекин у парикли чолнинг ўзи нима дебди?


-Сизни эски коммунист дебди.


-Раҳмат унга, бор гапни айтибди.


-Унда нега рухсат бермадингиз?


-Концертларни хўжайини опанг эканлигини яхши биласан. Шундай экан, қоидани билсин, уни босиб ўтиб, менга келмасин! (18-11-2007).

 

ҚУЛДОРЛИК

-Мамлакатимиз келажагини қандай кўрасиз?-деб сўради маслаҳатчи Алдаркўсадан.

-Қироллик…

-Қироллик ва демократия бир-бирига мос тушмайди-ку!

-Нима, сен ҳам Нурсултонга ўхшаб насронийлик олийгоҳи профессори бўлдинг-ми?  Ўзлигингни бил! Биз қаерга қараб сажда қиламиз? Арабистонга!

-Унда нега қироллик режимига ҳозирдан ўтиб қўя қолмаймиз?

-Санлар тарихни ҳам билмайсанлар, аввал қулдорлик, кейин қироллик! (23-11-2007).

 

САЙЛОВДАН КЕЙИН

-Номзодларга сайловдан кейин иш берамизми?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Ҳа, биттасини Мажлисга, иккинчисини Сенатга раис қилиб қўямиз.

-Учинчисини-чи?

-Уни мухолифатга раҳбар этиб тайинлаймиз!  Кейин унга Бош вазирликни берамиз!

-Бош вазирни нима қиламиз?

-Бўш вазир!

-Демак улкан ўзгаришлар бўлар экан-да!

-Ҳа, халққа нон-туз берма, буни чет элдан ҳам топади, керак бўлса сени ҳам боқади, унга улкан ўзгаришлар қилиб берсанг, бас!

-Зўр халқимиз бор-да! Бир умр у билан ёнма-ён яшаш насиб этсин!

-Шошма, сайловдан кейин! (24-11-2007).

 

ГУНОҲЛАР

-Дадаси бир ҳажга бориб-келсангизмикан? – деди хотини Алдаркўсага.

-Ақлинг жойидами, ҳажда нима қиламан?

-Ёшингиз бир жойга етиб қолди, гуноҳларингизни ювиб келсангиз бўлармиди? Жуда ёмон тушлар кўраяпман-да!

-Сабр қил, кейин бира тўла бораман! Ҳозир бориб-келсам, сайловдан кейин яна боришим керак бўлади? (26-11-2007).

 

НАВОИЙ  ТОМОН

-Оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолдингиз,  бугун йўл бўлсин?-деди хотини Алдаркўсага.

-Афғон томонга бориб келдим. Худога шукур! Энди Навоий томонга бораяпман.

-Қайси Навоий? Алишер Навоийми?

-Ҳа, нима, мингта Навоий бормиди?

-Менимча бекорга уринаясиз, унинг ёнида сизга жой бўлмаса керак?! (28-11-2007).

 

МУ- ҚОБИЛ

Вилоятдан тили осилиб қайтган Алдаркўса маслаҳатчидан сўради׃

-Нариги номзодларнинг учрашувлари тинчми, одамларда норозилик йўқми?

-Бор, одамлар жуда норози!

-Тезда ўша норозиларни ушлаб қамоққа тиқ!

-Бердисини айтгунча ўлдириб юборасиз-а, хўжайин. Улар сизга қарши чиққан номзодлар борлигидан норози.

-Қайси номзод менга қарши чиқди?

-Қарши эмас, муқобил демоқчи эдим…

-Муқобилинг нимаси?

-Қобил номзод дегани.

-Унда “му”сини нега қўшасан?

-Ўзингиз бизни “му”-“му”латиб қўйгансиз-да… (29-11-2007).

 

АВФУ НОУМУМ

-Авфу умум ҳақидаги ҳужжатни қабул қилдик, энди кимларни қамоқдан қўйиб юборишни ўзингиз ҳал қилиб берсангиз?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Биринчидан, авфу умум эмас, авфу ноумум. Чунки амнистия ҳаммага тегишли бўла олмайди. Иккинчидан, ҳозир бировни қўйиб юборсак, сайлов куни тартиббузарлик қилиши мумкин.

-Одатимизга кўра, Конституция куни олдидан …

-Бўпти, қабул қилингани ҳақида хабар беравер, аммо қолган гапни сайловдан кейин кўрамиз.

-Ундан кейин туғилган кунингиз бор…

-Шошадиган жойи йўқ, ўшандан кейин кўриб чиқамиз.

-Кейин Наврўз байрами келиб қолади.

-Ҳа, ундан кейин 13-май ҳам бор. Яхшиси кимнинг чиқиб – чиқмаслигини келаси йил шу пайтда кўрамиз, унгача ё Афанди ўлади, ё эшаги. (30-11-2007).

 

ТАЖРИБА

Алдаркўса Оқ пошшога сим қоқди:

-Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, сайловда Сизнинг тарафдорларингиз ютиб чиққани билан табриклайман!

-Қаёқдан билдинг менинг тарафдорларим ютганини?

-Тажримабдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, биздан кетган овозлар юз фойиз сиз томонга бўлганини шахсан ўзим кўриб чиқдим.

-Сендан келадигани уммондан томчи ҳам эмас.

–Тажримабдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам,  томчида қуёш акс этади.

-Кимнинг қуёши?

–Тажримабдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, иккаламизники.

-Иккаламизники қандай қилиб битта томчига, битта жойга сиғади?

-Тажримабдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, биттамизники олдидан, иккинчимизники орқасидан! (2-12-2007).

 

ЙИРТИҚ ОҒИЗ

Алдаркўса бугун Қорақалпоқ элида эди.

-Бугунга келиб ҳеч ким “Орол!”  демайдиган бўлди. Бу жуда катта ўзгариш. Эсингиздами, бундан 16-17 йил олдин ҳамма “Орол!”, “Орол!”, дер эди. Матбуотда ҳам “Орол!”, чет элдагиларнинг ҳам топган гапи -“Орол!”, ҳатто менинг ҳам оғзимда “Орол!” эди, -деди у сайловчиларга қарата.

-Шундай катта Орол оғзингизга қандай сиққанди?-деб сўради бир йигит.

Бундан Алдаркўсанинг жаҳли чиқди ва ׃

-Шу гапинг учун ҳозир оғзингни йиртиб қўяман, кейин йиртиқ оғизга нима сиққанини ўзинг кўрасан!-деди.  (3-12-2007).

 

МАЛЪУН АКАДЕМИЯСИ

Бугун Алдаркўса Хоразмда ўз мухлислари билан учрашди. Мухлислари уни роса мақташди. Кейин у׃

-Бу ерда ўн аср муқаддам ташкил этилган Маъмун академияси Шарқнинг энг йирик илм-маърифат масканларидан биридир. Хоразм воҳасидан етишиб чиққан Абу Мусо ал-Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди сингари буюк боболаримиз билан халқимиз ҳақли равишда фахрланади,-деб Хоразмдан қайтар экан у маслаҳатчига юзланди׃

-Ўн аср олдин Маъмун академияси ташкил этилган экан, мана бугун биз гапириб юрибмиз, 10 аср кейин биз яратган академия ҳақида ҳам гапиришлари турган гап. Лекин бизнинг академияни қандай аташар экан-а?

-Менимча, Малъун академияси деб аташса керак! (4-12-2007).

 

КИРДИ-ЧИҚДИ

Алдаркўса ўпкани қучоқлаб югуриш марафонининг Самарқанд бекатига етиб келди.  Нафасини ростлаб олиб, сайловчиларга юзланди׃

-Аввало сизга мамлакатимизнинг кирди-чиқдилари ҳақида гапирсам… Кейин чет элга кетиб қолиш туфайли кўпайган кирди-чиқдилар ҳақида тўхталсам.. Ундан кейин… Ҳа, дарвоқе, сайлов куни байрам қилинглар, ўзингизни кирди-чиқди ишларингиз билан банд бўлинглар, овора бўлиб сайлов участкасига бориб, вақтингизни  сарфлаб юрманг,-деди.

-Бораман, битта ярим адашиб келиб қолганга “Қани ичкарига чиқинг!”, “Қани ташқарига киринг!” деб тураман,-деди бир сайловчи.

-“Ичкарига чиқинг!” эмас, ичкарига киринг , “Ташқарига киринг!” эмас, ташқарига чиқинг бўлади,- деб тузатди уни ёнида турган ўғли. Отасининг жаҳли чиқди ва׃

-Эй, жўжахўроз, кирди-чиқдини сен яхши биласанми ёки ул зотми?-деди. (5-12-2007).

 

…ЁШЛАР ЙИЛИ

Алдаркўса 2008 йилни “Ёшлар йили” деб эълон қилди. Уйига келгач, хотини ундан хафа бўлди׃

-Биз қариб қолдикда-а, назарингизни ёшлардан айирмайсиз?

-Унақа дема, мен ҳам қариб қолдим, етмишнинг ўзи бўладими?

-Нега бўлмаса келаси йилни “Ёшлар йили” деб эълон қилдингиз?

-Йўғ-е?!

-Яна иккиюзламачилик қилаяпсизми? Ўзим телевизорда кўрдим, шундай дедингиз.

-Ана холос, бу ҳам қариликнинг аломати. Нутқимдаги “ёшлар” сўзидан олдинги “кўз” деган сўз тушиб қолибди. Келаси йил “Ёшлар йили” эмас, “Кўз ёшлар” йили бўлади. (7-12-2007).

 

 

РАМЗ

-Оқ пошшо ўзидан кейин бўладиган президент кимлигини эълон қилди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Ким экан?

-Медведев…

-Унинг плани бошқа эди, нега бу жўжахўрозни танладийкин?

-У билан 17 йилдан бери ишлар экан.

-Гап бунда эмас. Мана мен сен билан 18 йилдан бери ишлайман.

-Менимча гап унинг фамилиясида.

-Фамилиясида?

-Биласиз, Россиянинг бутун дунёдаги рамзи айиқ. Медведев дегани айиқнинг ўғли дегани…

-Бўлмаса биз ҳам шунақасини қидиришимиз керак.

-Қидириб нима қиламиз? Ҳозир фамилияни ўзгартириш одатга айланди. Фамилиянгизни ўзгартириб қўя қолсак-чи?

-Тўхта? Дунёда бизнинг рамзимиз нима ўзи?

-Совет даврида қўй эди. Ҳозир эшак… (7-12-2007).

 

АҚЛИ ЖОЙИДА…

Амриқо вакили Алдаркўсанинг ҳузурига кирди׃

-Таниқли ва истеъдодли шоир Юсуф Жумани йўқ қилибсиз деган гаплар юрибди…

 -Бу ерда мендан таниқли ва мендан истеъдодли одам йўқ. Шунинг учун менга қарши чиқса, ким бўлишидан қатъий назар йўқ қиламиз.

-Лекин уни йўқ қилолмайсиз!

-Нега экан?

-Чунки унинг ўрни халқнинг дилида. Бугунга қадар халқнинг дилига сиз йўл тополмадингиз, энди топармидингиз?

-Агар халқ дилидагини йўқотиш учун менга топширмаса, ўзини ҳам унга қўшиб йўқ қиламиз.

-Халқнинг дилидагини оламан деганлардан биттаси Саддам эди, дорга осилди.

-Бизда дорга осиш деган гап йўқ. Биз ҳатто ўлим жазосини ҳам бекор қилганмиз.

-Халқнинг дилидагини қаёқдан биласиз?! Халқ балки сизни ўлдирмасдан Юсуф Жумаларнинг ёзувлари орқали жазоламоқчидир?

-Қандай қилиб?

-Юсуф Жума тутиб турган плакатни кўрдингизми, уни ҳар бир ақли жойида бўлган одам ўқиб, ўзига хулоса чиқариши керак!

-Мен ўқимайман!  (13-12-2007).

 

АНЪАНАЛАР

 

-Баъзи волоятларда газ ўрнига кўмир ва ўтин қўлланишга ўтилаяти эканми?-деб сўради бир журналист Алдаркўсадан.

-Бу менинг сайлов дастуримдаги асосий масалалардан бири. Уни ҳозирданоқ бажаришга киришдим. Сайловдан кейин, Худо холаса, ҳамма вилоятларда кўмир ҳам эмас, ўтинга ўтамиз.

-Нега ахир?

-Биз Шарқмиз ва ўзимизга хослигимиз бор. Биз энди Ғарб томонидан бузилган ёки унуттирилган  миллий анаъаналаримизни тиклаймиз! (14-12-2007).

 

ПАХТА

-Афғонистонда бир неча вилоятда аёллар айни вақтда ташқарига чиқиб, Тангiрга фарёд қилиб, тинчлик сўрашибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Бу ҳам аслида исён. Улар ҳукуматга қарши исён қилишган. Юрагимиздагини ҳукуматдагилар эшитсин дейишган. Бу жуда ёмон касаллик, тез тарқалади.

-Ундай бўлса олдини олиб қўйишимиз керак экан.

-Ҳа, айниқса ҳукуматдагилар учун чора олиш керак, бир икки тонна қулоққа тиқадиган пахтадан тайёрлаб қўй!

-Ўзи-ку қулоқларига қўрғошин қуйилган…

-Нима қипти? Энди пахта қўясан! (15-12-2007).

 

ЮЛДУЗ ВА ҚУЁШ

-Туркия президенти Абдуллоҳ Гул Қозоғистонни «минтақанинг юлдузи» деб атабди, биз ҳам уни ошга чақирсакмикан?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Эсингдами, президент Демирал бизни «минтақанинг қуёши» деган эди. Буниси қўшнимизни жуда ҳам камситиб юборибди.

-Лекин қуёш юлдузнинг бир парчаси-да.

-Бекор айтибсан! Узоқдаги юлдуздан нима фойда? Яқиндаги қуёшда ҳамма гап.

-Бу гапни айтган Демирал қачонлардир пенсияга чиқиб кетган, ахир!

-Нима қипти? Зато қуёш пенсияга чиққан эмас! (16-12-2007).

 

ЯХШИ ХАБАР

-Путин агар Медведев унинг ўрнига сайланса, у Бош вазир бўлишликка рози экан,-деди Бош вазир Алдаркўсага.

-Ким айтди?

-Ўзи..

-Ўзи мен қолиб, сенга телефон қиладими?

-Йўғ-е, бу гапни у жуда катта мажлисда айтди ва мен телевизорда кўрдим.

-Ундай бўлса, бу яхши хабар! Етти йилдан кейин нима қилишимизни биламиз, энди!

-Бўлмаса мен ҳам ҳозирданоқ тайёргарликни кўраверайинми!

-Ҳа! Кафан олиб қўйишни ҳам унутма!

(17-12-2007).

 

ЯНГИ САЙТ

Алдаркўсани ҳайит билан табриклаган Оқ пошшо унинг эркатойи Гогошани ҳам қутлади.

-Қўшиқларингизни эшитдим…

-Раҳмат!

-Шеърингизни ҳам ўқидим…

-Қуллуқ!

-Суратларингизни ҳам кўрдим…

-Яшанг!

-Ҳаммаси ўртада! Ажойиб вебсайт очибсиз!

-Истасангиз, дарҳол етиб боришим ва Сизга ҳам очиб беришим мумкин! (20-12-2007).

 

“ИСТЕЪФО БЕР, КЕТ!”

 

-Энг золим шоҳлар ҳам шоирларни зиндонга солмаган экан. Сиз бўлсангиз сайловдан олдин шундай ишга қўл урибсиз, яна келиб-келиб энг зўр шоирни қамабсиз,-деди хотини Алдаркўсага.

-У менга “ИСТЕЪФО БЕР, КЕТ!”  деб туриб олган бўлса,  нима қилишим керак?

-Бир шоир “ИСТЕЪФО БЕР, КЕТ!” дегани билан кетиб қолармидингиз?

-Унга қўшилиб бутун халқ ҳам “ИСТЕЪФО БЕР, КЕТ!”  деса нима бўлади?

-Ҳеч нарса…

-Ҳеч нарсалигини қаёқдан биласан?

-Кўриб турибман-ку!

(20-12-2007).

 

ЧЕГАРАЛАР

-Қўшни давлатлар билан чегараларни ёпиб қўйдик, энди қачон очамиз?- деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Кўпга ёпмадик. Сайлов ўтсин.  Бир ҳафтадан кейин очамиз.

-Шу орада баъзи дипломатлар келмоқчи бўлишса, нима қиламиз?

-Улар истисно.

-Чегаранинг икки томонида қариндош-уруғлар яшашади. Шу кунларда бирортаси ўлиб-нетиб қолса-чи?.

-Айт,  ўлмай турсин! (21-12-2007).

 

ҚИЁМАТ САЙЛОВ

-Мана ниҳоят муродингизга етдингиз, эртага кўп номзодли сайлов ҳам бўлар экан?-деди хотини Алдаркўсага.

-Ким сенга айтти сайлов бўлади деб?

-Ана, газеталарингиз, телевизўрингиз, маддоҳларингиз, номзодларингиз айтиб туришибди-ку?!

-Нима, уларнинг ёлғон гапиришларини билмайсанми?

-Ўзи бу мамлакатда рост гапирадиган одам борми, эртага нима бўлади ўзи?

-Бунча “эртага”, “эртага”лаб қолдинг, эртага мен ўламан, сен ўласан, ҳамма ўлади, хурсандмисан шундай десам?

-Бўлмаса эртага қиёмат экан-да!

-Йўўўқ, қиёмат сайлов! (22-12-2007).

 

ЎЗИМНИКИ

Алдаркўса овоз бериш варақларини битта-битта текшириб чиқдида, кейин хотинига׃

-Кимга овоз бердинг?-деди.

-Кимга берадим? Сизга-да!

-Ҳа ёлғон гапирмай ўл!

-Нега ёлғон гапирар эканман?

-Чунки бу ерда менга фақат битта овоз берилган варақани топдим, холос.

-Ўша меники бўлиши керак.

-Бекор айтибсан! Ана  бир четига белги  қўйгандим, у ўзимники! (23-12-2007).

 

ОЛТИНЛАР

-Дунё Олтин заҳиралари кенгаши ҳисобот эълон қилди. Қирғизларнинг хазинасида бор-йўғи икки ярим тонна олтин бор экан,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Бошқаларида-чи?

-Ҳаммасидан ҳам тожиклар кулгили вазиятда. Уларнинг давлат хазинасида бир ярим тонна бор экан, холос.

-Қозоқларда-чи?

-Уларда 62 тонна.

-Ўлсин ҳаммаси, кўрдингми, олтинни ҳам Худо бизга берган! Дарвоқе биз ҳақимизда нима деб ёзишибди?

-Маълумот ололмадик,- дейишибди.

-Ололмайдиям! Нима, биз ахмоқми-ки, олтинни Давлат хазинасида сақлайлик! (24-12-2007).

 

КАТТА ВОҚЕА

-Қайта сайланганингиз жуда катта воқеа бўлди. Шу муносабат билан журналистларнинг қутловлари ва бир қанча саволлари бор экан, бир учрашув ташкил қилсак, шунга нима дейсиз?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Қанақасига катта воқеа бўлсин? Менинг сайланишим олдиндан маълум эди-ку!

-Тўғрику-я, лекин журналистлар ҳол-жонимга қўйишмаяти-да.

-Бўлмаса уларга ўз тилларида дарс бериб қўй! Журналистикада шундай қонун бор: ит одамни тишласа воқеа эмас, агар одам итни тишласа ана унда катта воқеа!

-Сиз камтарлик қилаясиз, лекин катта воқеага сабаб бўлдингиз! (25-12-2007).

 

ГАП ЙЎҚ

Алдаркўса табрикларни бир-бир кўриб, карзинага ташлар экан, маслаҳатчисига қараб׃

-Бушдан келган табрик қани?-деди.

-Ундан ҳали келмади.

-Нега келмайди?

-Америкада  Ийсо алайҳисаломнинг туғилган кунини байрам қилишмоқда ва ҳамма шу билан банд экан.

-Қачон тугайди бу байрам!

-Ҳар ҳолда янги йилга уланиб кетади.

-Шу орада икки энлик табрик ёзишга вақт тополмайдими?

-Вақт-ку топар, аммо гап тополмаётган бўлса керак.

-Нега гап тополмайди?

-Ахир биз ўтказган бу сайловга гап йўқ-да! (26-12-2007).

 

ҚАСАМ

-Қасамёд маросимига тайёргарликни бошлайликми?-деб сўради маслаҳатчи Алдаркўсадан.

-Қанақа маросим?

-Қасамёд маросими!

-У нима дегани?

-Қасам ичиб, сўз берасиз.

-Нега менинг хабарим йўқ, қачондан бошлаб “Қасам” чиқара бошладинглар?

-Гап арақ ҳақида эмас…

-Тутуриғинг борми? Ҳозиргина ўзинг айтдинг-ку “Қасам” ичиб, сўз берасиз деб! (28-12-2007).

 

 КИТОБ

-Қасамёд маросимида нима қилиш керак?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Қўлингизни китобнинг устига қўйиб, Конституцияга риоя қиламан деб қасам ичасиз.

-Китоб? Қанақа китоб?

-Муқаддас китоб.

-Муқаддас китоб шарт эмас, бир ками муқаддас китобга қўл қўйиб, қасам ичиш қолувди, ана у  шакафда турган “КПСС тарихи”ни бахмалга ўраб қўявер, ҳўўўв 16 йил олдинги каби! (29-12-2007).

 

ЁД ва ЁТ

-Бошқа гап қуриб қолганмиди? Нега энди қасамёд дейишган?- деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Ичган қасамни ёдда сақлаш учун шундай дейишган-да.

-Ундай бўлса биз қасамёд маросими эмас, қасамёт маросими ўтказамиз.

-Бу нима деганингиз, хўжайин?

-Қара? Ўз тилингни ҳам билмайсан, “ёд” билан “ёт”нинг фарқига ҳам бормайсан!

-“Ёт” дегани шу ўзимизнинг “Ёт!” деганими?

-Сени фикринг бузуқ-да. “Ёт”нинг бошқа яхши маънолари ҳам бор! Масалан, ”ёт” дегани “бегона” дегани ҳам. Демак “қасамёд” эмас, “қасамёт” билдинг-ми! (30-12-2007).

 

ҚУТЛОВ

-Ўлим ҳукмини бекор қилганингиз билан чин дилдан қутлайман,-деди океан ортидан келган меҳмон Алдаркўсага.

-Истаганимда бекор қиламан, истаганимда йўқ. Сизга нима?

-Энди қўрқмасдан келиб-кетиб юравераман-да!

-Ундай бўлса, мени сайловда ютганим билан ҳам қутланг!

-Илтимос, ўлим ҳукмини қайтадан жорий қилсангиз! (4-1-2007).

 

ҲАЙКАЛ

-Кеч бўлса ҳам бир амаллаб етказиб келдим,-деди олмон элчиси Алдаркўсага ўз президентининг табригини узатар экан.

-Сизларда ҳам президент борми?

-Ҳа, энди йўлига. Аслида бизда Бош вазир иқтидорнинг эгаси, у халқ томонидан сайланади. У  ҳақиқий сайлов нималигини билгани учун ҳам бу масалага жиддий қарайди. Президент эса  ҳайкал.

-Нима? Нима дедингиз?

-Ҳай Кал! (5-1-2007).

 

ХАЛҚНИНГ ОЛДИДА

-Янги Туркманбоши Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари Декларациясининг қабул қилинганига 60 йил тўлишини катта тўй қилмоқчи,-деди Вазири аъзам Алдаркўсага.

-Сен нега бу масалаларга бош қўшаяпсан?

-Ўзингиз «Мендан кейин нима қилмоқчисан?» деб савол берганингиз учун жавоб бердим-да…

-Демак, мендан кейин сен ҳам тўй қилмоқчисан?

-Халқдан орқада қолсак бўлмас!

-Ундай бўлса тез олдинга ўт! Қани йўқол кўзимдан! Тезроқ юр, сени ўрнинг халқнинг орқасида эмас, унинг олдида! (6-1-2007).

 

АЙБ

-Гуржистондаги сайловда яна Саакашвиллининг ўзи сайланибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-На бунча “сак” “ак”- “ак”лаб қолдинг? Ҳокимият қўлида бўлгандан кейин сайланади-да!

-Аммо у сайловдан олдин вазифасидан истефо берганди. Бунинг устига номзодлар ҳам анчагина экан.

-Сенга ақл кирмади-кирмади-да. Сиёсат деган нарсани ҳеч ўрганмадинг. Номзодлар ҳам анчагина миш. Нима қипти? Мен ҳам бир тўда номзодни майдонга ташламадим-ми?

-Аммо у ердаги номзодлар норози ва сайлов сохта ўтган деб бақиришмоқда.

-Бу энди сенинг айбинг, сен ҳам бир-икки кишини бақиртирсанг бўларди!

-Хўжайин, кейин сиз мени бақиртирардингиз-да! (7-1-2007).

 

ВАЪДА

-Қасамёд маросимига келасизми?-деди Оқ пошшога сим қоққан Алдаркўса.

-Ўша кун жуда ҳам бандман-да!

-Сиз келмасангиз маросимнинг файзи бўлмайди-да!

-Биласиз-ку менинг ҳамма кунларим олдиндан банд қилиб қўйилган.

-Бир йилдан кейин бўлса ҳам бирор кун топилар, бўш кунингизни айтсангиз маросимни ўшанга мослар эдик.

-Мендан хафа бўлманг, маросимларингиз кўп ва ҳали олдинда қанчаси бор, ҳозир Қасам қисмига боролмасам ҳам, кейин албатта Ёд маросимига бораман. Бу – қасам! (8-1-2007).

 

БЕҚАСАМ

-Туғилган кунимда нима ҳадя қилмоқчисан?-деди Алдаркўса хотинига.

-Кўнглингиз нима истаяти?

-Мени кўнглимга қарама, ўзингни кўнглинг нима истаса ўшани қил, хотин.

-Менга қолса устингизга беқасам ёпардим.

-Уни ўлганимда ҳам ёпасан. Ҳозир бошқа ҳадя қуриб қолдими? Бунинг устига биласан, беқасам сенга ярашади, менга эмас.

-Нима деяпсиз, дадаси, беқасам беқасамга  жуда ҳам ярашади-да! (8-1-2007).

 

ЭҲТИЁЖ

-Нега ҳамманг орқа билан чиқиб кетишни одат қилдиларинг?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Илгари одамлар шоҳларнинг ҳузурига олди билан кириб, орқаси билан юриб чиққан. Ўзингиз ҳамма тарихий анъаналаримизни тиклайлик деган эдингиз…

-Лекин олдинги шоҳлар сенга ўхшаганларни тепиш учун оёқларини кўтара олишмаган…

-Тўғри айтасиз, хўжайин, жуда қизиқ, чунки олдинги хизматкорларнинг орқасини эҳтиёт қилиш эҳтиёжи ҳам бўлмаган. (9-1-2007).

 

ГУЛ

-АҚШ президенти Яқин Шарқ сафари олдидан Гулни қабул қилганда..,-дея сўз бошлаган маслаҳатчининг гапини Алдаркўсага шартта бўлди׃

-Ким мендан сўроқсиз унга гул юборганди? Сайловда ютган у эмас, менман! У  менга гул юбориши керак!

-Узр хўжайин, Гул деганда Туркия президентини назарда тутгандим.

-Шунақа демайсанми? Илгари Тансу Чиллар дегани бор эди. Ана уни гул деса бўларди. Жуда ҳам гўзал эди, қараб ҳуснига тўймас эдинг, буниси қанақа экан?

-Тансу хоним Бош вазир эди. Буниси президент, бунинг устига эркак!

-Нима қилибди эркак бўлса?! (10-1-2007).

 

НУСХА

-Интернет орқали китоб алмаштириш ҳақида конференция ўтказибсизларми?-дея сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Бу ҳақда сиздан рухсат олгандим…

-Бекор айтибсан. Агар рухсат олганингда мен “Қандай қилиб Интернет орқали китоб алмаштириш мумкин, почта ҳам Интернетга кўчдими?” деб сўраган бўлардим.

-Почта жойида. Биз дунё кутубхонлари билан китоб аламаштиришни ўйлаяпмиз. Интернет орқали ўзимизнинг нусхани юборамиз, улар ҳам бизга ўзларидаги нусхани юборадилар.

-Бизга ҳеч қанақа нусханинг кераги йўқ. Нусхаларимиз тўлиб ётибди. Юборсанг юборавер, аммо бу томонларга келтирма.

-Гап у сиз айтган одамлар… э.. нусхалар ҳақида эмас,  китоб нусхалари ҳақида…

-Фарқи нима? У ҳам нусха,  бу ҳам нусха! (11-1-2007).

 

КЕЛАЖАК

Алдаркўсага қасамёд маросимида ўқилган матнни маслаҳатчига такрор ўқиди:

-«Халқимга астойдил хизмат қилишга, Конституция ва қонунларга амал қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга тантанали равишда қасам ичаман»…Сўнг׃

-«Ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш» дегани менга ёқмади,- деди..- Қанақа ҳуқуқ, қанaқа эркинлик?

-Ўтган даврга кўз юминг, хўжайин!

-Ҳалиям ахмоқ, мен ўтган даврни эмас, келажакни назарда тутаяпман! (16-1-2007).

 

ЎЗИШ

-Американинг “Ҳеритаж” жамғармаси дунё давлатларида иқтисодий эркинлик бўйича йиллик ҳисобот чиқарди, -деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Бизга нечанчи ўринни берибди?

-162 давлат ичида бизга 130-ўрин…

-Кўрдингми, ўзлари ҳам бизга тан бера бошладилар?!

-Лекин…

-Нимаси лекин? Биздан кейинда яна 32 та давлат бор. Биз 16 йил олдин мустақил бўлиб, 32 та давлатдан ўзиб кетибмиз. Йилига иккита давлатни орқда қолдирибмиз. Шу кетишда ана мана демай қолганларидан ҳам ўзамиз! (18-1-2007).

 

ТЕПКИ

-Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Фридум Ҳоус инсон ҳуқуқлари ташкилотининг йиллик ҳисоботида бизни “ёмонларнинг ёмони” ва “репрессив давлат”лар қаторига киритишибди.

-Кимнинг ҳисоботида? Қанақа думнинг? Қанақа хаоснинг?

-Фридум Ҳаус…

-Ҳа-а… Ҳалиги орқасига тепиб юборгандик, ўшами?

-Ўша..

-Қаттиқ тепган эканмиз, алами ичида экан…

-Лекин уларни энг охирида тепгандик!

-Тепкининг зарби охирдагига тушади! Ҳали ҳам оғриб юрган бўлса керак?! Дарвоқе МДҲ бўйича кимларни китишибди?

-7 та давлат  “эркин эмас”лар рўйхатида,  4 таси “қисман эркин”лар ичида. Биз энг охирида… (19-1-2007).

 

ҚУДРАТ

-Бутун дунёда иқтисод таназзулга юз тутмоқда – нархлар тушмоқда, харид камаймоқда, миллий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари орқага кетмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Кўрдингми, қайси кун Худо биз томонда десам, юзингни буриштиргандинг!

-Лекин…

-Лекин-пекинингни пишириб е! Биз қайси йўлдан кетсак, албатта бир кун келиб, дунё ҳам ўша йўлдан кетади, мана санга Худонинг қудрати!

-Бу вақтинча дейишмоқда-да!

-Дунёда ҳамма нарса вақтинча! Ҳатто барча одамлар ҳам!

-Э, ундай деманг, сиз вақтинча эмас-ку?!

-Ҳалиям… (22-1-2007).

 

СОЛИШТИРИШ

-Ҳамма ёқда мудофаага энг кўп пул сарфлаётганимиз ҳақида ёзишмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Россиядан ҳам кўп сарфлаяпмизми?

-Йўқ!

-Хитойдан кўпми?

-Йўғ-е!

-Нима, Америкадан кўпми?

-Йўқ…

-Кўрдингми, ҳамма саволимга “Йўқ!” деб жавоб қилаясан!

-Лекин тенг тенги билан, дегандай бизни қўшниларимиз билан солиштиришмоқда.

-Билиб қўй, тенгни тенглар билан, тезакни тезаклар билан солиштириш керак! (24-1-2007).

 

ЕВРО

-Ўтган йили қанча одам ташидинг? -деб сўради Алдаркўса Ҳаво йўллари раҳбаридан.

-2 миллион!

-Бекор айтибсан!

-Ўлай агар…

-Мамлакатдан 4 миллион одам чиқиб кетган бўлса, сан қандай қилиб 2 миллион ташиган бўласан? Қолган икки миллионни қаерга урдинг? Бир доллардан бўлганда ҳам икки миллион доллар бўлади!

-Қанақа доллар? Биз Еврога ўтганмиз-ку, хўжайин! (25-1-2007).

 

ОДАТЛАР

-Мана шу Қонунга ҳам қўл қўйиб берсангиз,-деди маслаҳатчи Адаркўсага.

-Яна қанақа Қонун?

-ЮНЕСКОнинг Номатериал маданий бойликларни муҳофаза қилиш конвенциясига аъзо бўлганимизни тасдиқловчи Қонун…

– Номатериал маданий бойликлар деганинг нимаси?

-Бу-одатлар, ифодалар, билим, тажриба каби бойликларни муҳофаза қилиш…

-Демак менинг оригинал сўкишларим ҳам жаҳон миқёсида муҳофаза қилинадиган бўлибди-да, шундайми?

-Лекин бу ҳужжатда сўкиниш ҳақида гап йўқ.

-Ахмоқ, эшак, итдан тарқаган! Ўзинг ҳозир “одатлар” деган сўзни айтинг-ку! Нега тонасан энди, ҳароми! (26-1-2007).

 

ГЎР

-Дунёда қандай янгиликлар бор? Асосийларидан гапир,-деди Алдаркўса маслаҳатчисига.

-Би-Би-Сининг айтишича, “Афғонистон шимолий-шарқидаги Қундуз вилоятида яшовчи касалманд ва қашшоқ оила ночорлик туфайли қўл боласини қўшнисига сотган”.

-Қанчага сотибди?

-10 доллар миқдоридаги битта хонага…

-Жуда яхши сотибди. Қимматга. Лекин шу ҳам хабар бўлдими? Ана бизга келсин, керак бўлса бепул олади! Улар хабар қаердалигини ҳам билишмайди.

-Бизга келолмайди-да!

-Нега?

-Келолмайдиган қилиб қўйганмиз! Эсингиздами, “ғинг-ғинг”лаб қолишганди.

-Ҳали ҳам шу аҳвол-ку? Давоси йўқми?

-Гўр тузатади!

-Гўр! Янги дўхтир чиққан-ми? Дарҳол бу ёққа олиб кел! (28-1-2007).

 

УМИД БЕРАДИГАН ГАПЛАР

-Қўшма Штатларда жойлашган Ҳюман Райтс Уотч деган ташкилот чоп этган янги ҳисоботда айтилишича, 2007 йилда мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар, фуқаролик жамияти фаолларига қарши босим кўрсатган эмишмиз,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Миш-мишдан бошқа гап ҳам борми?

-Бу ташкилотга кўра, бизда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш йўлида бирорта ҳам мазмунли иш қилинмаган эмиш.

-Сенга ҳадеб бу ташкилотнинг айтганини қайтар деяётганим йўқ, миш-мишдан бошқа гап ҳам борми деб сўраяпман?

-Бор, бор…Тожикистонда битта мухолифатчи вафот этганмиш.

-Ёши нечада эмиш?

-55 да эмиш…

-Ҳа, яхши! Мана яхши гаплар ҳам бор экан-ку?! Бундан кейин ҳам менга кайфиятимни бузмайдиган, умуман хурсандчилик келтирадиган, умид берадиган гаплардан гапир!

-Африкада битта золим 72 ёшида ўлибди!

-Ахмоқ, ўлса ўлар, бизга нима алоқаси бор?

-Ўзингиз умид берадиган гаплардан гапир деганингиз учун айтдим-да!(1-2-2007).

 

ПРЕЗИДЕНТ

-Шоирни қамаб қўйибсанлар, ким билан гаплашсам шуни эсалатиб, қулоғимни қоматга келтирмоқда,-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Гуноҳи оғир.

-Лекин мана хатлар, мақолаларни қара, бутун дунёда худди бошқа масала йўқдек ҳаммасида шу гап!

-Гуноҳи оғир-да, хўжайин! Айтишга тилим айланмайди, ҳатто!

-Нима қилибди?

-Халқни сўкиб юрибди…

-Ундай бўлса чиқармаларинг! У  ақлдан озиб, ўзини президент деб ҳис қилиб қолибди! (2-2-2007).

 

ИШОНЧ

-Генерал нима деди?- деб сўради Оқ пошшо Алдаркўсадан.

-Қайси генерал?

-Ўзингни гўлликка урмасанг-чи?  Ана у – океаннинг нарёғидан келиб кетди-ку! Яна оғиз-бурун ўпишишга бошлаяпсанми?

-Сиз кетаяпсиз.  Ўрнингизга келадиган бола сиз бўлиши қийин. Шундай пайтда мен ўзимни ҳимоя қилиш учун нимадир қилишим керак-да?!

-Ундай бўлса, тез бу ёққа етиб кел!

-У ерда нима қиламан?

-Гаплашиб оламиз!

-Гап-гап билан,  лекин ўртада қоғоз бўлмаса қийин. Биласиз мен қоғозга ишонаман!

-Mен  эса Худога ишонаман! Келавер! (2-2-2007).

 

БИР ХИЛ

-Мана сиз билан олди-бердимиз 13 фойизга кўпайибди,-деди Оқ пошшо Алдаркўсага.

-И-е, мендаги маълумот бошқачароқ-ку?

-Нега бошқача бўлади?

-Сиз айтгандан анча кўп!

-Бўлиши мумкин,  Сиз ахир қўшиб ёзиш даврининг қаҳрамонисиз!

-Бизда унақа-бунақа даврлар йўқ, доим бир хилмиз.

-Мен ҳам шуни айтаяпман-да! (5-2-2007).

 

ОЛИЙ ТИЛАК

-Учинчи срок ҳам қолишингизни истар эдим,-деди Алдаркўса Оқпошшога.

-Нимани истардингиз?

-Учинчи срок ҳам қолишингизни…

-Мени ўзингизга мухолиф деб ўйлаяпсизми?

-Йўғ-е! Сиз менинг дўстимсиз-ку! Мен фақат яқин дўстларим ва танишларимга шундай олий тилак билдираман!

-Шунинг учун ҳам улар биринчи ва иккинчи сроклари битганига ҳам қарамай сизнинг олий тилагингиз бўйича яна учинчи срокка қолишмоқда экан-да! (6-2-2007).

 

АМИР

-Амир Олимхон олтинларини олиб қочиб кетган деб юришганди, мана ҳужжатлар топилди, олмослару олтинларни Бухорони бомбардимон қилган руслар олиб кетишган экан,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Амир Олимхонинг аҳмоқ бўлган-да!

-Нега?

-Нега бўларди? Ўша бойликларни русларга ўзи олиб бориб бериши керак эди.

-Йўғ-е! Русларнинг оёғини ялаши керак эдими?

-Сен ҳам аҳмоқ экансан, агар шундай қилганда Афғонистонга қочиб кетмаган, дарбадарликда, 64 ёшида кўзи кўр бўлиб, “Ватан!”,  “Ватан!”  деб ўлиб кетмаган бўларди!

-Ҳа, тушундим! У шундай қилганда етмишдан ошганда ҳам амир бўлиб ўтираверарди! (7-2-2007).

 

ВАКОЛАТ

-Дарё жуда ҳам қалин музлаган. Баҳор келиши билан кўп жойни сув босиши мумкин,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Вилоят раҳбари қаёққа қараб ўтирибди?

-У тошқиннинг олдини олишга қаратилган махсус қарор чиқарди.

-Қарорни мен чиқараман, у эса бажаради. Қачондан бери менга ширк келтирадиган бўлди? Дарҳол бориб жазосини бер, тағин ошини ема, бошини е!

-Хўжайин бу ахир сизнинг ваколатингизга киради-ку! (8-2-2007).

 

ПУЛЛАР

-Ҳамма жойда нутқингизни муҳокама қилишмоқда,-деди урус хотини Алдаркўсага.

-Кимнинг ҳаққи бор менинг нутқимни муҳокама қилишга? Нимасини муҳокама қилишади?

-2007 йил декабр ойида маошлар 210 АҚШ долларига тенг бўлди деб айтибсизку, шу гапингиз шов-шув бўлиб кетди.

-Аблаҳларга хазинага киримни ҳеч қаерга ёзмаларинг деган эдим. Ҳаммасини қайд этишибди. Нима қилай? Балансни тўғирлаш учун ҳар битта одамга тақсимлаб қўя қолдим.

–27 миллионни 210 га кўпайтирсак жуда катта пулку бу? Қаерда шунча пул?

-Қаерда бўларди, онангникида! (8-2-2007).

 

ОҚПАДАР

-Бугунги байрам билан сени ҳам табриклайман,-деди Алдаркўса хотинига.

-Яна қанақа байрам?

-Бобомиз Алишер Навоийнинг туғилган куни.

-Яна ошхўрлик қилар экансиз-да?

-Давоми ҳам бор! Бир неча кундан кейин Мирзо Бобур, ундан сўнг Амир Темур бобомнинг туғилган кунлари!

-22 апрелда ҳам битта бобонгизни туғилган кунлари бор!

-Ленинни айтаяпсанми? У сени бобонг-ку?

-Сизнинг бобонгиз бўлмай қолдими? Неварангиз ҳам ўзингизга кетибди-да!

-Неварамга нима қипти?

-Бобосидан тониб юрибди…

-Қани бу ёққа чақир! Вой оқпадар-ей! (9-2-2007).

 

ҲУНАР

-Уч-тўрттасини қамоқдан чиқариб юборганимизга иштаҳалари очилиб қолди, яна кўпроқ талаб қилишмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Менга қуллуқ қилиб хат ёзганини чиқариб, хорижга жўнатавер, нонхўр камаяди.

-Лекин ёзишмаяти-да. Бунинг устига қамоқда туриб ҳам “Халифалик қурамиз!” дейишмоқда.

-Бўлмаса чиқарма! Чириб кетишсин!

-У ҳолда бу ёқдагиларга нима деймиз?

-Эски ҳунарни қўлла,  ҳукуматни ағдаришга чақирувчи баёнот тарқат! “Пақ-пуқ”лар ҳақида ҳам ўйлаб қўй!

-Шундай қилсам, маслаҳатчилардан баъзилари…

-Вой уларнинг онасини! Ундай бўлса, “Саройда тўнтариш эҳтимоли бор” деган гап тарқат, ҳаммасининг онасини кўрсатамиз! (11-2-2007).

 

АНЪАНА

-Мухолифатчилардан биттаси ёшларга йўл берамиз,- деб айтибди деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Бекор айтибсан, ўлса ҳам айтмайди.

-“Озодлик”дан ўзим эшитдим, биттаси “Отилиб чиқадиган ëшлар бўлса, биз уларнинг орқасига ўтамиз” деди.

-Ахлоқий бузуқ экан-ку, “орқасига ўтамиз” деган бўлса! Аниқ шундай деди-ми? Шу гапни радиода бердими?

-Ўлай агар шундай деди. Қулоғимга ишонмай сайтидан ҳам текшириб кўрдим, ана сайтида турибди׃ “Отилиб чиқадиган ëшлар бўлса, биз уларнинг орқасига ўтамиз!”

-Э, тўхта-тўхта! Бу гапни унга 15 йил олдин мен айтган эдим-ку! (12-2-2007).

 

САБИЛ

-Ҳаётимиз зимистон бўлиб кетди, қачон баҳор келади?- деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-И-е, менга савол берадиган бўлиб қолдингми ҳали?

-Йўқ, келаётган хатлардаги асосий гап шу эканлигини айтмоқчи эдим.

-Нима, баҳор келишини ҳам мендан сўрашадими?

-Ахир сиз бўлмасангиз ҳаёт бутунлай тўхтаб қолади-ку, ҳамма нарса сизга боғлиқ?

-Ҳмм.. ундай бўлса жавоб ёз!

-Нима деб ёзай?

-Савол нима эди ўзи?

-Сабил қолгур қиш яна қанча этади?

-Сабил қолгунча! (14-2-2007).

 

ИТ

-Оқпошшо тахтни Айиқбойга топширгач, ўзи Бош вазир бўлиб қолишини расман эълон қилди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Кўрдингми, Оқпошшо ҳам менинг йўлимга юради. Унга мендан ибрат олиб, яна менга ўхшаб Пошшо бўлиб қолавер, дегандим, дарров йўлини топди.

-Лекин Пошшо Пошшода! У эса  Бош вазир!

-Жиннимисан, оқ ит, қора ит ҳаммаси бир ит! (14-2-2007).

 

ЖЎНАТИШ

Хоразмга борган Алдаркўса ўзини жўнатиб қўйиш учун аэропортга чиққан янги ҳокимга׃

-Нега исминг Оллоберган,-деди.

-Билмасам..

-Дадангни исми ҳам Оллоберган-ку!?

-Ёшулли, ўзгартирайликми?

-Диндормисанлар?

-Йўғ-е?!

-Қара, агар ўша сени ва отангни берганга бўйсунадиган бўлсанг, кейинги келишимда сени ўша томонга жўнатиб қайтаман.

-Ундай деманг, ёшулли, менинг бир умрлик орзуим сизга мана шундай яқин бўлиш эди, илтимос, бечора бу қулингизни сиздек он ҳазратни жўнатиб қўйиш бахтидан бенасиб этманг! (16-2-2007).

 

БИЗГА НИМА?

-Косово ўз мустақиллигини эълон қилгандан кейин жуда кўп ўлкалар дарҳол янги мамлакатни тан олдилар, биз нима қиламиз?-деди вазир Алдаркўсага.

-Агар жуда кўп ўлкалар тан олган бўлишса, биз нега қараб турибмиз?

-Оқпошшо тан олмадилар-да!

-Дарҳақиқат, Косовонинг бизга нима қизиғи бор?

-У ерда асосан мусулмонлар яшашади.

-Ундан бўлса, темболее, уни мусулмон мамлакатлари тан олсин, бизга нима? (18-2-2007).

 

ҲАЛИ ЭРТА

-Папичка, мана буни ўқидингизми?-деди қизи Алдаркўсага.

-Нимани?

-Фидел Кастро “Мен давлат кенгаши раислиги ва бош қўмондонлик лавозимларига даъвогарлик қилмайман ва бу вазифаларни қабул ҳам этмайман” деб ёзиб истеъфога кетибди.

-Ёши нечада экан?

-Саксон бирда!

-Шошмасанг ҳам бўлади, қизим, ҳали 11 йил бор экан! (19-2-2007).

 

ПАРАД

-Амриқонинг “Парад” деган журнали 2008 йил диктаторлари рўйхатини эълон қилибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Ҳар йили  эълон қилишади. Қани кимлар бор бор экан, ўқи-чи?

-1.Ким Чен Ир, Шимолий Кореа.

2.Умар ал-Башир, Судан.

3.Тан Шве, Бирма.

4.Қирол Абдулла, Саудия Арабистони.

5.Ҳу Жунтао, Хитой.

6.Роберт Муғабе, Зимбабве.

7.Саййид ал-Ҳумайни, Эрон.

8.Парвез Мушарраф, Покистан.

9.Ислом Каримов, Ўзбекистон.

-Тўхта, тўхта! Илгари Туркманбоши ҳам шу рўйхатда эди. Энди эса унинг номи йўқ-ку?

-У ўлиб қутулди?

-Ҳа, булардан ўлиб қутулмасанг қутула олмайсан! Лекин қутулишнинг бошқа йўли йўқми?

-Хўжайин, энг ақлли гапларни доим ўзингиз айтасиз. Менимча ҳам энг яхши йўл шу! (19-2-2007).

 

БАРАК

-Америкадаги сайлов пойгаси қандай кетмоқда?- деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-Республикачилардан Маккейн олдинда, демократлардан эса Барак.

-Ҳиллари нима бўлди?

-Ҳозирча орқада, одамлар Баракни исташмоқда. Лекин биласиз, барак дегани чучвара. Америкаликлар чучварани хом санаяптилар.

-Қўй, хом санашсин. Ана у Маккейнни нима қиласан, бу Барак эса биз билан учрашмоқчи. Вашингтонга сени ҳам олиб бораман, Баракка барак пишириб берасан!

-Улар овқатни хом ейишади, Баракка хом барак олиб борсангиз яхшироқ. (20-2-2007).

 

БЎШ ВАЗИР

-Ма, буни олиб қўй,-дея Алдаркўса Бош вазирнинг аризасини маслаҳатчига берди.

-Фармонни тайёрлаб, эълон қилайликми?

-Калланг жойида-ми, ҳамма нарсанинг қоидаси бор! Аввал мажлис чақиришинг керак, уни расман бўшатишимиз керак, ўрнига одам тайинлашимиз лозим, агар унгача у касалхонага ётиб олмаса, уни ҳам бир жойга тайинлаймиз.

-Бўлмаса, Бош вазир ўрни Бўш вазир ўрни бўлиб турар экан-да!

-У ўрин ҳамма вақт бўш ўрин! Қачон у ўринда ишлаган одам мана бу – менинг ўрнимга келса, ўшанда бир нарса ўзгаради.

-Демак, ҳали бери бир нарса ўзгармас экан-да! (21-2-2007).

 

ЎҚИШ

Бугун МДҲ рабарларининг Московдаги машваратига Алдaркўсани ҳам таклиф қилишди. У ўзини машварaтда яхши тутишга ва Оқпошшо гапирганда яна қовун тиширмасликка ҳаракат қилди. Мажлисда Ғарбни уруш билан қўрқитиб қўйиш масаласидан кейин Оқпошшо Алдаркўсанинг таклифига тўхталди:

-Мана Алдарчик ҳар йилни бир ном билан номлайди. Биз ҳам шу тажрибани олиб, МДҲда 2008 йилни  ЎҚИШ йили деб эълон қилсак,-деди.

-Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш!-деб юборди Алдаркўса.

Путин унга киноя қилди:

-Нима деяпсан, Алдарчик, бу ахир ахмоқ Лениннинг гапи-ку!

-Ҳар даврнинг ўз Ленинлари бор!-жавоб қилди Алдаркўса. (22-2-2007).

 

ТАҚИРБОШ

Московдаги мажлисда Қирғиз Оқпошшога шикоят қилди:

-Тақирбошлар бу ерга келган қирғизларни ўлдирмоқда, бир чорасини кўринг ахир!

-Биздан ҳам ўлганлар бор!-деди Қозоқ.

-Биз эса саноғида ҳам адашиб кетдик! Жуда кўп одамларимизни ўлдиришмоқда,-дея арзини айтди Тожик.

-Сен нега индамай ўтирибсан?-деди Оқпошшо Алдаркўсага.

-Нима ҳақда гапираяпсизлар ўзи?

-Сен ҳақингда Тақирбош,-деди Қозоқ. (22-2-2007).

 

 

ҲУРМАТ

Алдаркўса бугун Корейс пошшонинг қасамёд тантанасида қатнашди. У биринчи қаторда ўтирган эди. Ўтган ҳам, қайтган ҳам унга таъзим қилар, мухбирлар ҳам фақат уни суратга ола бошладилар. Бундан севиниб у қаддини кўтариб, мағрурланиб ўтирар, мухбирлар суратга олганда эса, махсус жилмайиб қўярди. Тантана тугагач, у маслаҳатчига׃

-Ҳурматни кўрдингми?-деди.

-Ҳа, бу ёқда шунча катталар турганда, ҳамма оддий котибга таъзим қилди.
-Каллангни единг-ми? Қачондан оддий котиб бўлиб қолдим?

-Сизни айтаётганим йўқ, ана у океан нарёғидан келиб сизнинг орқангизда ўтирган Давлат котиби-аёлни айтаяпман.

-Ҳмм. Шунақами… бўлмаса видеоларни ўзимизда кўрсатганда ва суратларни чоп этганда, орқамни ретуш қилиб, тозалаб қўйларинг! (25-2-2007).

 

ҚЎШМАЧИ

-Кореядан бекор қайтмайлик. Нимадир иш қилган бўлиб қайтайлик,-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Жуда тўғри айтасиз, хўжайин, бу ёғини ўйлаб қўйганман.

-Нимани ўйлагансан?

-Қўшма корхона тузиш ҳақидаги ҳужжатни сиз имзолайсиз…

-У оддий бир вазирнинг иши, қолаверса қўшмачиларнинг иши!

-Хўжайин, бу иш айнан сизнинг ишингиз! (25-2-2007).

 

ИТХЎРЛИК

-Одамлар “Кореяга макаронхўрликка бориб келди” деб мазах қилишмаса бас,-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Макаронхўрлик деса гўрга, аммо итхўрликка дейишмасин-да.

-Йўғе..Қаёқдан билишади?

-Эсингиздами, илгари Қўйлиққа бориб турганимиз ҳақида гап-сўз чиққанди.

-Қўйлиқдаги ресторанни ёпиб қўй, дегандим-ку.

-Ёпиб қўйганман. Лекин шундан кейин бу ёққа кўп қатнаб қолдик-да!

-Унда бўлса очиб қўй! Еганимни томоша қилишсин! (26-2-2007).

 

БИРИНЧИ

-Россия Муҳожирлар идорасининг маълумотига кўра, у ердаги муҳожирларнинг энг кўпи биздан экан,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Қанча экан?

-Ҳамма муҳожирларнинг 17 фойизи ва биз биринчи ўринда.

-Иккинчи ўринда ким?

-Хитой…

-Ана кўрдингми, дунёнинг энг ктта давлати – Хитойдан ҳам олдиндамиз! Душманларимиз куйиб ўлсин! (26-2-2007).

 

ЎРИН (1)

Сафардан қайтган Алдаркўса кабинетида ўтирганда боши айланиб, қўллари қалтираб қолди. Дарҳол дўхтирни чақирди.

-Дўхтир, негадир лиқиллаб кетаяпман!

Дўхтир унинг қон босимини ўлчади, юрак уришини санаб кўрди ва׃

-Отдайсиз хўжайин,-деди.

-Унда нега лиқиллаяпман?

-Менимча, ўтирган ўрнингиз лиқиллаб турибди. (28-2-2007).

 

ЎРИН – (2)

Алдаркўса маслаҳатчини чақирди.

-Сафардан қайтгач,  бу ерга ўтириб лиқиллаб қолдим. Дарҳол дўхтирни чақирсам отдайсиз деди. Мана бу ўрин лиқиллаётган экан. Қарагин-чи, буни нима қиламиз?

Маслаҳатчи Алдаркўсани ўрнидан турғазиб, ўзи ўтирди.

-Қани лиқилламаяпти-ку?!

Адаркўса ҳайратланиб дарҳол жойига қайта ўтирганди яна лиқиллай бошлади.

-Кўрдингми ?

-Кўрдим!  Ҳмм…Бу ўринда бошқа одам ўтириши керак экан! (28-2-2007).

 

ЎРИН – (3)

 

-Бутун дунёда васият ёзиб қолдириш одат тусига кирган. Ҳар эҳтимолга қарши ҳатто ёшлар ҳам ёзиб қўядилар. Менимча сизнинг ҳам васиятингизни ёзиб қўйишимиз керак,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Ёз, мен ўлсам мана шу лиқиллаб турган ўрин билан бирга кўмларинг.

-Ундай қила олмаймиз?

-Нега экан?

-2005 йилда бу ўринни аукционга қўйган эдингиз.

-Аукцион эмас. Ким ошдига..

-Ҳа, ўша ким ошдида уни руслар сотиб олганди.

-Мен ҳам шуни айтаяпман. У дунёга қарздор бўлиб кетишни истамайман.

-Унда нима қиламиз?

-Нима қилардинг, шу ўрин билан бирга Урусиятга кўмасан-да! (29-2-2007).

 

ЎРИН – (4)

-Бу дунё ўткинчи, мана шу ўрин кимларни кўрмаган, кимлардан қолмаган. Ҳали сизлардан ҳам, мендан ҳам қолади. Битта ифлос ўрин деб тили қисиқ,  муттаҳам бўлмай ҳалол яшаш керак,-деди Алдаркўса  кабинетига тўпланган вазиру вузарога.

-Бу ўрин сиздан бошқа ҳеч кимни кўрмаган,-деди улардан бири пичирлаб. Аммо қулоғи динг Алдаркўса буни эшитиб қолди ва унга бақирди׃

-Нима дединг, муттаҳам?

-Бу ўринда илгари ҳеч ким ўтирмаган ва бундан кейин ҳам ҳеч ким ўтирмайди, демоқчи эдим.

-Нега экан?

-Хўжайин, ўзингиз бу ўрин ифлос дедингиз-ку! (1-3-2007).

 

ЎРИН-(5)

Алдаркўса янги тайинланган Оқпошшога телефон қилди:

-Димка, Сизни чин дилдан қутлайман!

-Биринчидан, Димка эмас, Дмитрий, иккинчидан, ҳали расмий натижалар эълон қилингани йўқ!

-Лекин натижа қандайлигини мен олдиндан биламан!

-Тўғрику-я, дастлабки натижалар ҳам шундай, аммо мен барибир Марказий сайлов комиссиясининг расмий натижасини кутаман.

-Ўша комиссия бизнинг иш услубимизни ўрганиб кетганди-да!

-Ҳм… Ундай бўлса, Сен қачон бўшатасан?

-Кимни?

-Ўринни-да!

-Ўрин? Қайси ўрин? Фамилияси нима? (2-3-2007).

 

ЎРИН – (6)

-Кенжа Туркманбоши келаяти, уни  кутиб олиш ҳақида ҳам ўйла,-деди Алдаркўса маслаҳатчига.

-Албатта, карнай-сурнай билан кутиб оламиз.

-Кўп ҳам ошириб юборма, айни пайтда у жўжахўрозга  ўз ўрнини ҳам кўрсатиб қўйишимиз керак, мана мендай одам ҳам ўз ўрнимни биламан.

-Албатта, хўжайин, биз ҳам биламиз! Сизнинг ўрнингиз Ҳайдар Алиев, олдинги Туркманбоши каби тажрибали инсонларнинг ёнида! (3-3-2007).

 

ЎРИН – (7)

-Мана бу ўрин кўзимга жуда ҳам ёмон кўринаяти, бунинг устига эскирганми, қанақадир ҳид ҳам келиб турибди,-деди Алдаркўса маслаҳатчига ўзи ўтирган ўринни кўрсатиб.

-Соқол олгандан кейин атир сепишдими?

-Доим сепишади.

-Ҳм.. Кўзойнакни тозаладингизми?

-Бўлмасачи, уни ҳар кун тозалашади.

-Бўлмаса, бу ўринни тозалаш керак. (3-3-2007).

 

ЎРИН – (8)

-Қозоқлар Мустафо Чўқаев ҳақида филм олишибди?-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-У ким бўлди?

-Боймирза Ҳайитнинг ошнаси…

-У филмни ман эт, зинҳор базинҳор кўрсатма! Уларнинг ҳаммаси аблаҳ немисларга сотилган. Ватан хоинларига бизда ўрин йўқ? Керак бўлса шундай деб газеталарга ҳам ёз!

-Келиб-кетиб юрган немис ошналаримиз хафа бўлишлари мумкин-да!

-Хафа бўлмайди, бу ўринда вазият тескариси, улар бизга сотилган. (4-3-2007).

 

ЎРИН – (9)

-Сиёсий маҳбуслардан ҳали яна кўпчилиги қамоқларда, уларни қачон озод қилмоқчисиз?-деди авропалик вакил Алдаркўсага.

-Кўпчилик эканлигини сиз қаёқдан биласиз?

-Маълумотларга кўра…

-Қанақа маълумотлар? Мана ҳамма маълумот менда. Мен планлашириш идорасидан чиққанман ва ҳамма нарсани планли тартибда юритаман. Биласизми нега КПСС сеъздларига беш минг нафар делегат сайланган?

-Йўқ?

-Ана кўрдингизми, билмайсиз. Чунки Кремлдаги мажлислар залида беш минг кишига ўрин бўлган. Зал лиммо-лим бўлиб туради. Ошиб ҳам кетмайди, кам ҳам бўлмайди. Буни сизлар тушуна олмайсизлар. Бизнинг бутун ҳаётимиз, сиёсатимиз шундай. Ҳатто қамоқларимиз ҳам. Ошиб кетдими, амнистия эълон қиламиз, бўшаб қолдими, дарҳол тўлдирамиз. Ҳамма гап у ердаги ўринда! Мана ҳозир яна бир қанча ўрин бўшаган! (5-3-2007).

 

ЎРИН- (10)

-Декабр ойида маошлар фалон долларга тенг деганингиздан кейин бозорларда нархлар туша бошлади, бу хазинага тушумни ҳам камайтирмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Бўлмаса маошларни яна эски ҳолига қайтариб қўямиз.

-Бунинг иложи бормикан?

-Нега бўлмасин? Битта фармон билан ўрнига туширамиз. Маошларни ошириш ҳақида Фармон чиқарсак бас! Гулдур гуп,  пилдир пис! Нарх-наво бир кунда кўтарилиб кетади.

-Ҳа-я, шунга ҳам каллам ишламабди.

-Сеники ишламайдиям! Фақат менга ўхшаб ўрнига чиқиб олган одамгина калласини ишлата олади. (6-3-2007).

 

КУТИШ

Алдаркўса  энди уйқудан уйғонган ҳам эдики, маслаҳатчи телефон қилиб қолди. Бунга Алдаркўсанинг жаҳли чиқди:

-Каллаю саҳарлаб нега телефон қилаяпсан? Сенларнинг дастларингдан тинчлик борми ўзи?

-Кечирасиз, биласиз-ку бекорга безовта қилмайман. Фавқулодда вазият чиқиб қолди.

-Нима бўлди яна?

-Туркманбоши келиб қолди…

-Нима?

-Туркманбоши…

-Ахмоқмисан, ҳали у дунёдан ҳеч ким қайтиб келмаган.

-Бу шу дунёдагиси, вақтидан олдин келиб қолди.

-Кутсин!

-Лекин…

-Нима лекин? Kим бўлибди буниси? Керак бўлса, наригиси тирилиб келса ҳам кутсин!

-Униси ўша ёқда кутиб тургандир! (10-3-2007).

 

МУҚАДДАС НАРСА

-Америкадаги энг катта шаҳарнинг ҳокимини фоҳишалар билан ушлашибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Нима қипти? Шу ҳам хабарми?

-Бутун Америка шу ҳақда гапирмоқда. Бутун дунёда ҳам шуни ёзишмоқда.

-Уларда муқаддас нарсанинг ўзи қолмади. Илгари президентини ҳам ушлашган эди.

-Ҳа, Худога шукурки, биз ўша томонларда эмасмиз! (11-3-2007).

 

ЗАИФЛАР

-“Brookings Institution” ривожланаётган дунёда мамлакатларнинг заифлик ўрни рўйхатини эълон қилибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Биз нечанчи ўринда ?

-35-чи.

-Тожикистон-чи?

-42…

-Қирғизлар?

-73…

-Қозоқлар-чи?

-89-чи.

-Ҳа, яша, ана фарқни кўраяпсан-ми? Санларга жаннатни ваъда қилган эдим. Мана ўша кунлар ҳам келди. Ҳаммадан олдиндамиз. Ҳали яна ҳам олдинга ўтамиз! Бу рўйхатда биринчи ва иккинчи ўринда ким экан?

-Сомали ва Афғонистон…

-Нима?

-Чунки рўйхат энг заифлардан бошлаб тузилган-да! (12-3-2007).

 

ҚИЗ

Зерикиб ўтирган Алдаркўса маслаҳатчисини чақириб, ундан сўради׃

-Кеча бир янгилик айтгандинг, натижаси нима бўлди?

-Қайси янглик эди?

-Ана у-чи, Америкада раҳбарлардан биттаси фоҳишалар билан қўлга тушгани.

-У ишдан кетди. Айтганимдек, Худога шукр-ки, биз у ёқларда эмасмиз.

-У ёқда бўлсак нима қипти? Балки сенга қийин бўларди? Аммо менга эмас! Чунки меникиларнинг орасида фоҳишаси йўқ, ҳаммаси дуркиллаган қиз!

-Қиз? Наҳотки?! Ё товба! (12-3-2007).

 

 

One Response

  1. […] 15. Анкабут (Сиёсий латифалар) […]

Comments are closed.