Жаҳонгир МАМАТОВ׃ Ўзбеклар ва ўзбеклар

БИРИНЧИ КИТОБ

Ўқиганда қаердадир агар ўзингизни ёки сиз таниган, билган бирор кишини “кўриб” қолсангиз, демак бу китоб асар ҳолига етибди, агар бу ердагиларнинг ҳаммаси сизга бегона бўлса, у ҳолда меҳнатим зое кетибди. МУАЛЛИФ.

1. ЗЕҲНИЯТ ёки КИРИШ ЎРНИДА

Мазкур китобнинг илк қисмини эълон қилишим билан, айниқса, Америкадаги танишлар орасида қизғин муносабат билдириш бошланди. Муносабат билдиришнинг турли йўллари бор.

Масалан, орқаворотдан гап-сўзлар қилиш.”Кўрдингизми, нималарни ёзибди, танбеҳ бериб қўйиш керак!” ёки ” Бунақа нарсаларни ёзиб нима қилади, кимга кераки бор?” тарзида хат йўллаш ёки муаллифнинг ўзига нафрат сочиш… Кўпинча ўзини авлиё санаш ва бор нарсани ҳазм қила олмаслик бунга сабаб бўлади.

Мени эса, бошқа нарса ўйлатди. Озми-кўпми Америкада яшаяпмиз. Баъзилар эса, 20-25 йилдан бери яшаяптилар. Американи оёқда ушлаб турган нарса инсон ҳуқуқлари борасида унинг Конституциясига қўшилган ўнта ўзгармас қўшимчадир. Шундан биринчиси сўз эркинлиги ҳақида. Шунга кўра истаган одам истаган гапини айта олади ва ёза олади. Истаган одам унга жавоб ёзади. Аммо бировнинг исмини қўйиб, сени ўлдираман, деб ёзса бу иш билан табиийки, полиция шуғулланади. Бировнинг исми-шарифини келтириб шахсини ҳақорат қилса, сўкса бу фуқаровий тарзда судда исботланиши керак.

Шулардан келиб чиқсак, менинг диққатимни тортган нарса “Нега бу ҳақда ёзади?” деб шикоят қилган одам бўлди. Ўзбекистонда бўлса тушунарли. Аммо Америкада бўлиб, Американи тушуна олмаслик бу- зеҳниятда темир қолип мавжудлигини кўрсатади.

Америкада бир ёзувчи ёки бир журналистга “Нега буни ёздинг?” дэсангиз “Сен нега нафас олдинг” деб масхара қилади. Бошқача айтганда, ёзиш ҳуқуқига ҳеч ким, ҳатто президент ҳам раҳна сололмайди. Американинг энг катта ютуғи бу! Аммо маълум бир мақсадларда пул сарфлаб, маълум бир нашрларга эга бўлганлар, турли йўллар билан ўз сиёсатларини юргизадилар. Бу бошқа гап.

Америкада яшаб унинг демократиясини қабул қила олмаслик баъзиларнинг зеҳниятида мавжуд. Бундайлар ҳеч қачон демократия нималигини билмай ўтиб кетадилар. Бу китобни ёзарканман, уларга дарс бўлар деган мақсадни олдимга қўйганим йўқ. Балки америкалик бўла оламаётганимиз(америкалик бўла олмаслик дер эканман демократ, инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш, эркин фикр ва сўз эркинлиги, адолатни тушуниш каби қадриятларни ўзимизга сингдира олмасликни назарда тутаяпман) сабабларини ўрганишни кўзладим. Бу эса, бугунга эмас, келажакка керак бўлишини билганимдандир.

Зеҳният ҳар бир инсоннинг, ҳар бир миллатнинг кўзгусидир. Шу боис ҳам зеҳниятга назар ташламоқ ўзликка назар ташламоқдир.

2.ОРАДАГИ ДЕВОР

Хорижда яшаётган ва ўзини ўзбек деб атаётган(бу муҳим, чунки Афғонистон орқали келганлари ўзларини афғон ҳам деб атайдилар) кишилар Ўзбекистондан хорижга чиққанлар билан қўшилиб кета олмаётганлари бугунга келиб, сир бўлмай қолди. Бунинг бир қанча сабаблари кўринмоқда,

Биринчидан, маданият ва анаъналардаги фарқлилик. Замон ва макон таъсирида бу борада ўзгаришлар юз берган.Ўзбекистонда яшаганлар руслар орқали сизган Ғарб маданиятидан таъсирланган бўлсалар, Афғонистондагилар эса, ўша ерда яшаган ва кўпчиликни ташкил қилган халқлар таъсиридан четда қолмаганлар.

Иккинчидан, тил, алифбодаги ўзгаришлар таъсири. Ўзбекистондагилар гарчи ўзбек тилидаги мактабларга соҳиб бўлсаларда амалда алифбонинг бир неча карра ўзгариши гирдобида қолдилар. Афғонистондагилар эса, ҳатто ўз тилларидаги мактабни тасаввур ҳам қила олмадилар.Хорижга келиб ўзбек тили орқасидан кун кўрганлари эса, “О” билан “А”нинг фарқига бориш у ёқда турсин, Ўзбекистондан келганларнинг устидан кулишарди. Ўзбекистондан келганлар эса, уларнинг талаффузларига ҳайрон қолишарди. Замон ва макон бир оила фарзандларини ана шундай бошқа-бошқа одам қилиб қўйганди.

Ва учинчидан, ватан ҳақидаги тушунчалар. Ўзбекистондан ҳижрат қилганлар бугунги мавжуд режимдан норози бўлсалар, хорижда яшаб келганлар Ўзбекистон билан алоқани сақлаш мақсадида мавжуд режим билан ҳамкорлик қилишга уринардилар.

Ана шу жиҳатлар орадаги девордир ва қандайдир маъракаларда бир орага келмасалар, хориждаги ўзбеклар ҳатто бир – бирларини кўрмай ҳам яшамоқдалар.

3. ИККИ КАРРА “ХОИН”ЛАР

Шўролар босқинининг илк даврларида ёки иккинчи Жаҳон уруши йилларида хорижга чиққанлар қўшалоқ “хоин”лардир. Албатта, бу қўштирноққа олганимиз каби кўчма маънода. Чунки уларни Совет Иттифоқи, жумладан Ўзбекистон ҳам “хоин”лар, деб келди. Қарангки, уларнинг ўзлари ҳам бир-бирларини “хоинлар”, дер эканлар. Албатта орқаворотдан.

“Бу одам аввал шўроларга ишлади. Кейин АҚШ разведкасига. Энди эса, Каримовга ишлаяпти. Асл хоин шу бўлади”

“Ана уни яхши танийсиз-ми, отаси ҳам ўзи ҳам коммунистлар билан алоқада бўлган. Улардан пул олиб бизни сотиб турган.”

“Бу одам олим эмас. Ёзганларини ҳеч ким тан олмайди. Тарих бу илм. Бу одамники эса, қуруқ гап. У асли ўзи яшаётган давлатга сотилган. Бўлмаса, коммунистлар ёмон экан, нима бугунги ҳукумат ҳам ёмон-ми?”

Бундай гапларни деярли ҳар кун эшитиш мумкин. Бугун ўзбек мухолифатининг хориждаги вакиллари бир-бирларини (CНБчи) МХХчи, деб айблашар экан, бу касал янги эмаслигини таъкидламоқчимиз. Ҳали вақт келиб улар ҳам қўшалоқ “хоин” бўладилар. Буниси олдинда.

4. КЕЙИНГИЛАР

Юқорида аввал ҳижрат қилган ўзбеклар ва бугун тақшқарига чиққанлар нима сабабдан бирлаша олмаганлари сабабларини келтирдик. Хўш кейин чиққанлар ўз ораларида нега бирлаша олмайди, нега тарқоқ ва юзкўрмас бўлиб кетдилар. Менга кўра бунинг ҳам бир қанча сабаблари бор.

Биринчидан, кейин чиққанларнинг аксарияти мухолифат билан ва ёки мухолиф қараш билан боғлиқ. “ЭРК” ва “БИРЛИК” ташкилот сифатида тобора кичрайиб, кўринмас нуқтага айланиб борсада унинг раҳбарлари ўртасидаги келишмовчилик кучланиб бораверди. Улар бошқаларни ҳам, жумладан ўзларини тарк этган собиқ сафдошларини ҳам бу ботқоқа тортишга уриндилар. Баъзан туҳмат ва баъзан фитна билан хориждагиларнинг орасига қутқу солдилар. Бу ҳолат, бу келишмовчилик бошқаларнинг ҳам ўртасига совуқлик туширди.

Иккинчидан, отдан тушса ҳам эгардан тушмаслик касали уларни ажратиб, парчалаб юборди. Ҳамма ўзини ақлли, бошқаларни ахмоқ, деб ўйлаши билан бирга, “Бирлик” ва “ЭРК”миз деганлар очиб қўйган ва бошқарган интернет саҳифаларидаги меҳмонлар китоби, форумлар орқали бир-бирига иғво ва туҳматлар қилиш билан овора бўлдилар. На меҳмондорчиликнинг ва на меҳмоннинг иззати қолди. Бу Каримов режимига ҳам қўл келди. Режим одамлари ҳам бу саҳифалардан яхшигина фойдаландилар.

Тўртинчидан, ўзбеклар қачон бирлашган эдилар-ки, энди бирлашсинлар, деган ёт қараш ҳаммаларига сингиб кетган.

Ва бешинчидан, дунёдаги барча мухолифларни бир-бирига мухолиф қилгани каби пул бизникиларни ҳам бир-бирга душман қилди. Сен кўп олдинг ва мен кам олдим, деган анъанавий айбловлар уларни асосий мақсад ва ҳаракатларидан устун келди.

Буларнинг ҳаммаси эса, бир бўлиб, хориждаги ўзбекларни Ўзбекистондан узиб, хорижликларга айлантирди ва улар ўзлари яшаган мамлакатларининг оддий фуқароларига айланиб қола бошладилар. Энди улар тилда ҳар қанча ватанпарвар бўлсаларда, амалда хорижликлар эдилар. Келажакда ҳам улар Ўзбекистонга фақат меҳмон бўлиб, ҳа, фақат меҳмон бўлиб бориб келишларини ҳозирданоқ қўрқмай айтавериш мумкин.

5. ЭГАРДАГИЛАР

Илгари хорижга чиққанлар орасида танилган, кўзга кўринганлари доим ўзаро муштлашмаган бўлсалар ҳам орқаворотдан доим бир-бирларини хоин ёки ахмоқ, деб айблаб юрганларини юқорида таъкидладик. Ҳатто ўладиган кунларида ҳам бир-бирларини кечирмай ўлиб кетмоқдалар. Улар Туркистон учун биргалашиб курашиш ҳақида кўп гапирсаларда аслида айри-айри, якка-якка тарзда курашни афзал кўрганлар. Ёки курашмоқдаман, деб ўзларини овутганлар. Асосий куч-қувватлари бир-бирларини ёмонлашга сарф бўлган.

Масалан, оқсоқоллардан бири билан гаплашиб қолсангиз: у ҳаммани қутқазган, у ҳаммага яхшилик қилган, ҳаммани иш билан таъминлаган, фақат унинг бир ўзигина Туркистон озодлиги учун курашган, Ўзбекистонни у мустақил қилган… олмониялик Боймирза Ҳайит унинг учун дунёдаги энг ёмон одам, АҚШлик Эргаш Булоқбошини гўрида ҳам тинч қўймайди…

Бошқалар билан гаплашсангиз, бунинг аксини эшитасиз.

Карвоннинг боши шундай бўлгач, давомидан нима истайсиз, дегим келади-ю лекин ҳали давоми давом этмоқда-да.

6. МЕҲМОНДОРЧИЛИК

Бугун Виржиниада яшаётган акахоннинг ҳикояси: “Биз Америкага келганимизда Вашингтон штатининг пойтахти Сиатле(Seattle) шаҳрида яшай бошладик. Маҳаллий дўстларимиздан бири меҳмонга таклиф қилди. Бу бизнинг Америкада илк меҳмонга боришимиз эди. Кун бўйи тайёргарлик кўриб катта ҳаяжон билан бордик. Мезбон эса, ҳали тайёргалик ҳам кўрмаган экан. Анча вақт остонада қолдик. У уй кийимида бамайлихотир чиқиб келар экан, нега қараб турибсизлар, киринглар, деди. Биз ичкарига кириб қаерда ўтиришни кўзлай бошладик.

-Нега қараб турибсизлар, ўтиринглар,-деди у.

Мен столнинг нариги четидаги ўриндиққа ўтирдим. Мезмон менга ажабланиб қаради-да׃

-Бу ердан тур, бу менинг жойим,-деди.

Ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Секин жойимдан қўзғаламан, деганимга ҳам қарамай кела солиб, худди ўриндиқнинг устида олтин бору у қуриқ қолгандай ўтириб олди. Менга қаерга ўтиришимни кўрсатмади ҳам. Ўтириши билан мен дўконма дўкон юриб танлаган ва махсус қоғозларга ўратган ҳадяни шарақлатиб оча бошлади. Очди-ю׃

-Бундан тўлиб кетган уйим, гаражга чиқариб қуйганман. Олиб кет, балки ўзингга керак бўлиб қолар,-деди.

Ўрнимдан турғизгани бир шапалоқ ургандай бўлган бўлса, энди буниси тепгандан ҳам ошиб тушди. Бадбахт, ёқмас экан, меҳмон чақириб нима қиласан, аҳволинг шу бўлса, деб ўйларканман:

-Нега қизариб-бўзариб кетаяпсан, бирор ишингни унутдингми, истасанг бориб кел, ёки телефон қил,-деди-да қўлига газетани олиб ўқий бошлади. Мен кетишимни ҳам кетмаслигимни ҳам билмасдим.

Хуллас, шундан кейин меҳмонга чақиришса бормасданоқ “Раҳмат” деб қўядиган бўлдик.”

Узоқ суҳбатларимиздан кейин билдимки, мезбон асли ҳақиқий америкалик эмас, балки отаси ва онаси Югославиядан келган экан.

7.ДАРСДА

Ўзбек тилидан дарс берар эканман, маданиятлар ўртасидаги ана шундай фарқлиликлар ҳақида гаплашсак, талабам׃

-Америкада ҳар жойда ҳар хил, мамлакатнинг ичкарисига кириб борсангиз сизларнинг маданиятдаги каби меҳмондорчилик, иззат икром бор, -деди.

Дарҳақиқат, беш бармоқ бир бўлмаганидек, муҳожирлар мамлакатида ҳам ҳамма ҳар хил эди. Масалан, шу талабамнинг ўзи ҳам. Мен дарс берган жойда синфда талаба бир ёки икки нафар бўларди. Тилни тез ўрганиш учун улар якка тартибда дарс олишни истардилар. Мен тушлик овқатни уйдан олиб келардим. Тушликка чиқишимиз билан у келиб овқатимга қараб турарди, ўзбекчилик ёддан чиқармиди,

-Қани марҳамат,- дейишим билан у менинг овқатимни ей бошлайди. Мен эса, ийманиб қараб тураман. Кейин овқатни кўпроқ олиб келадиган бўлдим. У олдин мен билан овқатланади, кейин эса, кўзини лўқ қилиб ўзиникини ей бошлайди. Берса ҳам кўнглим тортмайдию лекин индамагани алам қилади. Ҳа, эртага кўрасан, деб қўяман, лекин эртасига “марҳамат” деб юборганимни ўзим билмай қоламан. Маданиятлар ҳақида гаплашганимизда эса, у Американинг ичига борсангиз худди сизга ўхшаб, қани бизнинг овқатдан ҳам татиб кўринг, дейдиганлар кўп, дейди.

Олти ой ана шундай ўтди. Ёлғон бўлмасин , охирги кунлар эди, у бир олмани икки бўлиб ярмини менга узатди. Хурсанд бўлиб кетдим. Олиб ейман дэсам, пўсти арчилмагани у ёқда турсин ювилмаган ҳам экан. Дўконда ёпиштирилган ялтироқ қоғозчасини кўриб, буни ювиб келай, кейин ейман, деб ташқарига чиқиб кетдим. Олмасини улоқтириб синфга қайтиб кирганимда у׃

-Бекорга овора бўлдингиз, домлажон, мен буни ювиб, кейин сотишадиган дўкондан олганман,- деди.

-Ўзбекистонда ҳам мамлакатнинг ичига борсангиз олмани ювиб, кейин сотадиганларни кўриб қоласиз,-дедим киноя билан. Лекин кинояни тушунадиган бормиди?

Аммо одатларимизни ўргангандан кейин бу талабам манзират ва ўзгага ҳурматни ўзбекдан ҳам ўтказадиган бўлди.

8. ГЎШТ ОЛАРКАН

Каримжон Америкага келганда боши айланиб қолди. Дўконга борса гўштнинг юз хил нархи бор. Масалан, мол гўшти калла қисмидан дум қисмига қадар турли-турли баҳоларда сотилар экан. Ҳаммасининг ўз номи ва ўз баҳоси бор. Бунга “тиши” ўтмаслигини тушунди-да энг арзонини қидирди. Арзони қийма гўшт экан. Нархи 1 доллар 58 сент. Келган мамлакатидаги нарх билан солиштирди. Арзон тушгандай бўлди. Демак, қимматроғини олсам, бўлади, деб ўйлади у. Хуллас, ўртачасидан бирини танлади. Лекин гўштнинг оғирлиги тахминидан енгилга ўхшарди.

Бу қисталоқлар тарозидан урган кўринади, деб бошқаларига қаради. Бу ҳамммасидан ҳам уриб қолишганга ўхшайди деб ўйлади. Бориб жанжал қилай дэса, тил билмайди. Олмаса, бугун меҳмон келадиган. Дардини ичига ютиб, олиб келди. Кечқурун Америкада анчадан бери яшайдиган ўзбеклар хуш келдингизга келишди. У׃

-Американинг ҳам ўзимиздан фарқи йўқ эканку,- деди,- Бизда қассоблар яшириб уришади, бу ерда эса истаганини ёзиб яна очиқ қўйишар экан.

-Ундай бўлиши мумкин эмас. Бу ерда бир грамм уриб қолса, харидор дарҳол судга бериб, дўконни шарманда қилиш у ёқда турсин, бир қоп пулини ҳам тортиб олади. Буни махсус қидириб юрганлар бўлади. Шу сабабдан бу ишлар жуда қаттиқ назорат остида бажарилади ва ҳеч ким уриб қолишга журъат қилолмайди,-деди меҳмон.

Каримжон у дэса, бу дейишди, бу дэса, у дейишди. Кўрсатай дэса, хотини гўштни қозонга солган. Кейин бир зумга ташқарига чиққан бўлди-да уйининг ёнидаги дўкондан гўшт олиб келди.

-Мана буни тортиб кўринглар, балки дўконни судга берадиган одамлар келмай қолгандир,-деди у киноя билан.-Шу икки кило чиқадими?

-Йўқ,- дейишди меҳмонлар.-Бу икки паунд. Бир килодан ҳам озроқ. Бир паунд эса, 453 грамм.

Меҳмонлар ўзининг устидан қаҳ-қаҳ отиб кулишларини кутган Каримжон яна бир ажбаланди.Улардан бири:

-Бу кунларни биз ҳам яшаганмиз,-деди.- Бу ерда ҳамма нарса биздагига тескари. Ҳеч қаерда нарсалар килолаб сотилмайди, литрлаб, метрлаб ўлчанмайди.

-Тағин машина олсангиз Ўзбекистондаги каби соатига 80 километр тезликда ҳайдайман, деб ўйламанг. Бу ерда тезлик ҳам мил ҳисобида. 55 атрофида ҳайдасангиз Ўзбекистондаги 80 билан баравар бўлади,-деди меҳмонлардан бири. Бошқаси илова қилди:

– Ҳали кўрасиз бу ерда ўғлингизни уйлантирганда ҳам солиқ тўлайсиз.

Лекин бу солиқлар охир оқибатда яна сизга қайтади.

9.ҚАРЗГА БОТГАН ЎҒИЛ

Салимбек Америкага жойлашгач, отасини меҳмонга чақирди. Жуда кўп қийинчиликлардан кейин ота аранг етиб келди. Ўғлининг ҳаёти яхшилиги, данғиллама уйи, бир нечта машинаси борлигидан севиниб кетдими ёки йўл оғирлик қилдими, бирдан юрак хуружига учради. 9-11 га сим қоқишди. Икки дақиқага қолмай “Тез ёрдам” етиб келди. Ҳар эҳтимолга қарши ўт ўчирувчилар, полиция ходимлари ҳам келганди. Бу бир қоида. Отани госпиталга олиб кетишди. Дарҳол амалиётга олдилар. Ўғилни эса, дўхтирлар сўроқ қиларди.

-Отангизнинг суғуртаси борми?

-Йўқ, у киши меҳмон бўлиб келганлар.

-Меҳмон бўлиб келадиган одамга олдиндан суғурта олиш керак.

-Билмасам.

-Ўзингзининг суғуртангиз борми?

-Бор эди, яқинда ишни алмаштирдим. Бу ерда олти ой ишласам, кейин суғурта беришар экан.

Хуллас, сўроқ ярим тунгача давом этди. Бошлиқларига телефон қилган дўхтирлар Салимбекнинг ҳужжатларидан нусха олишдию индамай қўйишди. Икки кундан кейин отани жавоб беришди. Юрак амалиётидан кейин ҳам икки кунда жавоб беришларига у ҳайрон бўлмади. Чунки ўзи кўричак бўлганда амалиёт эрталаб ўтган бўлса, тушдан кейин уйига жўнатишганди.

Отасини уйда сақлади, яна дўхтирларга кўрсатишига тўғри келди. Шу орада госпиталдан қоғоз келди. 70 минг доллар тўлаши керак экан. Яна тавсия қилишибди׃агар қийналсангиз ойма-ой тўланг ва бир йилда узинг дея. Акс ҳолда иш молия тарихи марказига ҳавола қилинар экан.

Молия тарихи маркази бутун америкадагиларнинг молиявий тарихларини яратади. Агар уй оламан дэсангиз, банкдан пул оламан дэсангиз, машина харид қиламан дэсангиз, хуллас, баъзан йўталаман дэсангиз ҳам шу жойга мурожаат қилишади. У ердан эса, бу кишининг қарзи бор, деган маълумот келдими, тамом, бир нарса қила олмайсиз. Сиз билан тиржайиб хайр – маъзур қилишади.

Молия марказидаги қарз миқдори эса, кўпайиб бораверади, жаримаси, фойизи билан. Ора-сира сизга хат ҳам келиб туради. Жуда мулойимлик билан ёзилган хат. Агар қарзингизни тўлай олмаётган бўлсангиз, биз орада воситачилик қиламиз, деган. Қарздан ўлиб ҳам қочиб бўлмайди. Ўша куни уй жойни, молк мулкни олиб қўйишади. Салимбекнинг иши ҳозир судда.

Биринчидан, отасининг визаси ўтиб кетибди.

Иккинчидан, отасини чақирганда қўл қўйган қоғозларда суғуртасини ҳам оламан, деган жойи бор экан. Ҳукуматни алдаган бўлиб чиқаяпти.

Учинчидан, қарзи масаласи. Судга адвокат олган экан. Унинг ҳам пулини тўлолмай юрганмиш.

10.КАСАЛ БЎЛГАНДА

Каримжон касал бўлганидаги воқеани ҳикоя қилиб берди: “Америкага келганимнинг илк ҳафтаси эди, чамамда, ҳароратим ошиб кетди. Дўхтирга бордик. Суғуртанг борми, деб сўради. Йўқ, дедик. Ўйлаб кўрдида, бир жойга телефон қилиб, қўлимизга адрес берди.

-Борсангизлар у қабул қилиши мумкин,- деди.

Менинг жаҳлим чиқди. Аҳволим оғирлашиб бораётганини амаллаб тушинтирган бўлдим. Унинг эса, фақат “Money”- “пул” деган сўзини тушунардим, холос.

Кейин шу ердан илгари келган ўзбеклардан бирига телефон қилдим. У ишда экан. Хотини билан гаплашдим. У ҳам инглизча билмайман, деди. Лекин тушинтириб берди. Америкада ё суғурта бўлиши керак экан, ёки катта пулингиз. Бизни олиб келган ташкилот бир ой ичида суғурта қилиб бериши керак экан. Ўшанда дўхтирга борсам, бўлар экан. Унгача ўлиб қоламанми, дедим-да пул олса олсин, деб ҳалиги дўхтир берган адресга бордим.

Ветнамлик дўхтир экан, дарров қабул қилди. Оз-моз русча ҳам билар экан. Ҳароратимни ўлчаб 101 бўлибди, юқори, деди. Эсим чиқиб кетай деди. 41 бўлса одамга бир кор-ҳол бўлади, дейишганини эшитгандим. Балки термометри бузуқдир?! Яна бир марта ўлча, дедим. У термометрни қўлтиғим остига эмас, оғзимга қўйди. Балки шунинг учун 101микан? Оғзимдан олиб қўлтиғим остига қўйдим. Дўхтир кулди. Унга нега куласан, дэсам:

-Сен яқинда келганга ўхшайсан,-деди у ярим русча қилиб.- Сизларда целсияда ўлчанади бизда эса, фарангейтда . Агар 101 дан 30ни ажратсанг 71 бўлади. Уни иккига бўлсанг 36,5 бўлади. Унга икки қўшсанг 38,5 бўлади. Бу эса, сенинг ҳароратинг, деди. Бу бироз тахминий ўлчов, аммо мен сенга бунинг графигини бераман, деб қўлимга бир қоғоз тутқизди.. Сувга муз солиб ичиб туришимни, агар ҳароратим жуда ошиб кетса, ваннага муз солиб ичига кириб ётишимни айтиб, дори ёзмасдан анчагина пулимни олиб, чиқариб юборди.

Ёдимга раҳматли онам келдилар, ҳароратим ошиши билан кўрпага ўраб, иссиқ сақлардилар. Ҳеч совуқ нарса бермасдилар. Дўхтир келиб томоғинг оғрибди, совуқ ичма, деб бир укол қилиб кетарди, бас. Америкада эса, тескариси экан. Одам ўша, касаллик ўша, аммо қолган нарса ҳаммаси бошқа…”.

Каримжон бошқалар Америкага келсалар олдиндан шароитни ўрганиб, кейин келишларини, бизникилар эса, борганда кўрамиз, билан шу куйга тушишларини илова қилди. Балки шундайдир…

11.АЛИФБО ВА ҲАҚИҚАТ

Каримжон юқоридаги каби машмашаларга чек қўйишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса аввал инглиз тилини ўрганишим керак деган фикрга келди. Коллежлардан бирига борди. Олти ой ҳар куни икки соатдан ўқиса, қарийб минг доллар тўлаши керак экан. Ўзбекистондаги имкониятларни ўйлаб, ичи ёнди. Оқар сувнинг қадри йўқ, деганлари шу бўлади. Унга инглиз тилини ўрганиш учун қулай шароитлар чиққанди. Лекин у Америкага борсам, дарров қўшилиб кетаман ва ўрганаман, деб хаёл қилганди.

Мана уч ойдан бери шу ерда ва ҳалига қадар икки калима ўрганган эмас. Бу ердаги ўзбекларга қараса аксарияти ўн йиллар давомида ҳам ўрганишмаган. Ўзлари айбдор, деб ўйлади. Ўқисалар ўрганар эдилар. Ўқимагандан кейин нима бўларди? У пулни санаб берди-да синфга борди. Америкадаги инглиз тили ўзига хос бир мўжиза эканини у синфда англади. Ўқитувчи бошқа сўзни ёзарди ва бошқача ўқирди. У аввалига руслар ҳам “о”ни “а” деб ўқирдилар, ўрганиб кетгандик, буни ҳам ўрганамиз деб ўйлади. Лекин қийин бўлди. Ўқитувчи тахтага “enough” деган калимани ёзди ва Каримжонга,

-Ўқи, деди. У қийналиб׃

-Инак, -дедию ўзи ҳам ҳайрон қолди. Инак деган сўзни қишлоғида эшитганди. Бошқа жойда сигир дейишарди. Ўқитувчи яна ўқитди. У яна оғзини тўлдириб “инак” деди. Учинчи мартасида хатосини сезиб қолгандай бўлди. Вой каллаварамей, “г”ни “к” қилиб ўқиб юборибманку? У энди “инаг” деб ўқиди. Ўқитувчи, бошини чайқади-да тушунтира кетди,

-Бу испан ёки рус тили эмаски, қандай ёзилса шундай ўқийсизлар. Бу “инаф” деб ўқилади.

Каримжон “ёппирай” деб ёқасини ушлаб қолди. Бу қандай қилиб “инаф” деб ўқилади? Бу ерда “ф” ҳарфи йўқ-ку. Хуллас, “инаф” дегани “етар” дегани эканини ўрганиб олибдию аммо ёзишида ҳозирга қадар хато қилар экан.

Кейин қараса бу асосан шунақа экан, деярли ҳамма сўзлар бошқа ёзилиб, бошқа ўқилади, бошқача талаффуз қилинади. Масалан битта “А” ҳарфини уч жойда уч хил талаффуз қилишга тўғри келади. Ёки “C” ҳарфини бир жойда “К” деб ўқиш керак, бошқа жойда “C” деб. “И” ҳарфини бир жойда “И” деб ўқисангиз, иккинчи жойда “Ай” деб ўқишингиз керак ва қайси ҳолатда қандай ўқилади, деган қоидалар ҳам йўқ ва борлари ҳам ҳаётга тўгри келмайди, одамларнинг огғзига қараб ёдлашингиз керак. Нега бундай, дэса, ҳеч ким жавоб беролмайди. Бу ерда халқ муҳофазакор. Бор нарсаларни йўқотишни, ислоҳотни истамайди. Бир пайтлар битта “ф” ҳарфини ислоҳ қилайлик, деган президент оз қолсин халқ душмани, деб эълон қилинган экан.

Хуллас, Каримжон бошқа ҳамюртлари қатори “осон” йўлини топди. Ўрганмасликка, касал бўлмасликка, машина минмасликка қарор қилди. Лекин…

12.ОРИЙ

Отаси Андижон тарафлардан Афғонистонга ўтган ва ўзи қарийб 20 йилдирки Америкада яшаётган бир ўзбекнинг уйида меҳмонда бўлдим. Агар Туркистонликлар тўпланишса ё тожикча ва ёки туркча гапиришларидан хуноб бўлиб, ўзбекча гапирайлик, деб юрадиган бу одам анчагина зиёли ҳам эди.

-Биз орийлармиз деди,-деди у менга.

-Қандай қилиб? Орий дегани ҳинд- европалик дегани эмасми?- ажабландим мен.

-Йўқ, бу ғарбликларнинг тушунчасида, бизда эса, орий деган олий ирқ мансуби дегани…

-Олмонлар ҳам ўзини орий, деб ҳисоблаган.

-Олмонлар яҳудий бўлмаган ҳамма халқларни ҳам орийлар, деб аташган. Аммо биз орийлармиз. Фақат чўл савдолиси Шайбонийхон Самарқандни босиб олиб, Бобурийларни қувғин қилгач, биз бу номни йўқотдик. Ғарбда орий деган калимага изоҳ берилар экан, Ҳинд-Европа маъносида Бобурийлардан бошланадиган ва Эронга қадар узанган заминни назарда тутадилар,-дея тушунтирган бўлди у.

Мен эса, Тожикистондан мисол келтирдим. Олимларини бир томонга қўйинг, сиёсатчиси Имомали Раҳмонов ҳам, “Тожиклар-тарих кўзгусида” деб номланган ва 1996 йилда уч тилда нашр этилган китобида тожик дегани орий деганидир, дейди, демак биз ҳам тожик бўлиб чиқамизми, Садриддин Айний ҳам тожикларни орийлар, деб ёзади, -дедим.

-Раҳматли Айний фақат Самарқанд эронийлари орийлардир дегувчи, эди,- деди худди Айнийни яқиндан танигандек.-Аммо унинг мақсади асл келиб чиқиши турк бўлган ва Бобурни Шайбонийдан ҳимоя қилиш учун Самарқандга келган эронийларни ҳам тожикларга яқинлаштириш эди. Ваҳоланки, бу эронийлар, Шоҳ Исмоил ҳукмрон бўлган Хуросондан, бугунги Эроннинг Озарбайжон ва туркманлар яшайдиган қисмидан келишганди.

-Хўп бу бошқа масала, лекин бугун биз орийлармиз, дэсак, устимиздан кулишмайдими?- дея сўрадим мен.

-Бугун Ўзбекистонда кимнинг кимлигини аниқлаб бўлмайди. Ўзбекистон номини Ленин берган, Туркистонни парчалаган. Биз бугун ё Темурни тан олишимиз ёки Шайбонийхонни. Темурни тан олсак орийлигимизни тан олган бўламиз. Шайбонийхонни тан олсак, орийлигимиздан воз кечиб чўл бадавийси бўламиз.

Бу суҳбатни радио учун ёзгандим аммо радиога бера олмадим. Чунки мени ирқчиликда айблаган бўлардилар.

13.ЎЗБЕКСОТАРЛАР

Мустақилликнинг ўнинчи йиллиги нишонлангандан сўнг орадан бир ой ўтиб шу ибора пайдо бўлди. Гап шундаки, АҚШда 2001 йил 11 Сентябрда учқичлар билан Америка рамзлари ҳисобланган биноларга ҳужум қилингандан кейин жилови тортилган эркинликлардан бири бу ерда ғайриқонуний юрган муҳожирларни ушлаш бўлди.

Ушла-ушла борар экан, матбуотда бир хабар пайдо бўлди. Ўзбекистонлик бир эр-хотин ёш-ёш ўбекларни олиб келиб, Америкада сотишар экан. Сотиш деганда табиийки қул каби сотиб юбориш эмас, балки уларни қулдан ҳам баттарроқ шаклда сотиш, яъни уларнинг вужудлари ҳисобига пул қилиш билан шуғулланишар экан. Полиция визаси ўтиб кетган фоҳиша қизлардан айримларини ушлагач, ипнинг учи эгаларига, яъни эр-хотинга борган ва улар ҳам қўлга олинган. Эр-хотин олий маълумотли бўлиб, инглиз тилини яхши билишгани учун ва қизлар билишмаганидан фойдаланиб уларнинг устидан пул қилар экан.

Умуман мана шундай “хизмат”ларнинг жуда кўп тури тарқалиб қолганди. Масалан, Ўзбекистондан илгари Америкага келган бир киши мен ширкат очганман, сизлар ишлайсизлар, деб ўнлаб ёшларни олиб келар, уларга энг оғир ишларни қилдириб соатига 1-2 доллардан тўлар экан. Аслида эса, бу иш ғайри қонуний. У одам бу ишни ўзим қилаяпман, деб соатига 15-20 доллардан олгани ҳолда бечора юртдошларига ўн баравар кам ҳақ тўлар экан. Яна оғзини тўлдириб ватанга хизмат қилаяпмиз, дейишига қойил қоласиз.

Алданганлар нима қилишсин, кимга шикоятга боришади? Боришса, ўзларини қамайди. Чунки визалари ўтган, ғайриқонуний ишлаб юрибдилар ва ҳоказо.

Қўлга тушган эр-хотин ҳақида ёзган журналист “Ўзбексотар ўзбеклар” деган иборани ишлатганди. Уни ўқиган ўзбекистонлик бир танишим эса,:

-Нима қипти, Бухорода чет элга жўнатаман, деб пулини олиб, ўзларини бўлаклаб ташлаган воқеа бўлди, Тошкентда мушук гўштини еганлар ўртага чиқди, пул учун ота-онасини сўйганлар ҳам бўлди, уларнинг олдида бу ҳеч нарса эмас-ку,- деди.- Бу ҳам мустақиллик “шарофати”. Балки ҳақиқий мустақил бўлиш учун шундай кўчалардан ўтишимиз керакдир?

Мени эса, бу воқеада кўпроқ Америкага келган, қорни тўқ одамлар ўз миллатидан бўлган бечораларни сотишгани, яъни ўзбексотар ўзбекларга айланишгани ўйлантирарди.

14.ИШТОНСИЗ…

Иштонсизнинг тиззаси йиртиққа кулганига қара, деган гапни кўп эшитгансиз. Ёки аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ, дейдилар. Хуллас, бу каби гаплар бежиз айтилмаганини ҳам биласиз.

Бунга яна бир мисол. Америкага 20 йил олдин Саудия Арабистони орқали келганлардан бири жон жаҳди билан ҳаммани динга даъват этар, ҳар кимдан бир кофирлик белгиси топган бўлиб гап қиларди.

“Фалончининг қизи яланғоч юрганмиш, мусулмонликни ҳам бир пул қилди бу бадбахтлар!”

“Ана унинг ўғли инглизга уйланганмиш, суф сандай мусулмонга!”

“Агар Америка овқатларидан қўядиган бўлсаларингиз давраларингизга бормайман!”

“Собиқ мудиримни биламан, ҳар кун ичмаса ухлай олмайди, ҳамма вақт оғзидан ичкилик сасиб туради!”

Булар унинг луғат хазинасидан зарралар, холос.

Бир куни Ўзбекистондан машҳур бир хонанда билан раққоса келадиган бўлди ва маҳаллий ўзбекларга сизлар уларга бир жой қилиб беринглар ва улар сизларга концерт қўйиб беради, дейишибди. Бир маъракада шу гап очилиб қолди. Ҳалиги одам׃

-Бизнинг ота-боболаримиз концертсиз ўтган, агар сизлар шунга рози бўлсаларинг, мана-мен кетдим, -деб маъракани ташлаб кетди.

Уйнинг эгаси׃

-Нимага бу гапни очдингизлар, энди ким дуо ўқийди?- деб турганди дарҳол мулла ҳам топилди ва иш битди.

Орадан икки ой ўтгач, бир тўйга бордик. Ярим яланғоч бир қиз тўйнинг бошидан охирига қадар ўртадан чекинмасдан ўйнади.

Биз билан ўтирганлардан бири׃

-Отасининг гапи қиличдаю боласига пичоқдай ҳам таъсир қилмайди. Ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатса яхши бўларди,-деди.

Мен у кишинг ўзлари тўйга келмадиларми?- деб сўрадим.

-У кишининг қоидалари бўйича тўйни ҳам мусиқасиз ўтказиш керак экан,-деди ҳалиги киши.

Менинг эса, ёдимга қизи америкаликка тўйсиз тегиб олган бир кишиниг гапи тушди:

-Фалончиниг ўғли америкаликка уйланибди. Эртага тўймиш. Худо инсоф берсин одамларга!-деганди у.

15.ВАҚТ

Америкада яшаётган ўзбекларнинг қайси бири билан гаплашсангиз, “Америкалик бўлиб қолдик” дейди. Бу эса, борди-келдига, кўнгил очар ўтиришларга, тўйларга вақт қолмаяпти дегани.

Кимдир қарзларини тўлаш учун етти кун ишлаши керак. Бу ерда истаган вақтда ишхонадан чиқиб кетолмайсиз, тўғриси истаган вақтда кета оласиз, аммо ё маош ололмайсиз ва ёки ишдан қувиласиз. Бунинг устига иш соатлари сизга кўра эмас, ишхонага кўра тузилади. Кимдир ярим тунда ишга борса, кимдир ярим тунда ишдан келади. Дам олиш куни бўлганларнинг шу кунга тўпланган ташвишлари кўп бўлади.

“Америкада ҳамма нарса бор, аммо қидирсанг ҳеч нарса йўқ” деган иборани тез-тез эшитасиз. Бу эса, дам олиш кунлари дўконма-дўкон юриш, керакли нарсанинг ҳам яхшисини, ҳам арзонини қидириш керак дегани. Ҳам яхши, ҳам арзон нарса кам. Яхши бўлдими қиммат бўлади. Яна ўша гап: вақт пул. Уни йўқотган сайин пулни ҳам йўқотаверасиз.

Меҳмон чақирсангиз унинг вақти сизга тўғри келмайди, сизники унга. Яна ҳар ким ҳар ерда яшайди. Орада 50-60 километр масофа бор. Қолаверса, ўзбеклар диний турмушлари жиҳатидан ҳам бўлинишган. Биттаси ичкилик ичса, иккинчиси намоз қилади. Иккаласи ҳам бир-бирини кўрса, итни кўргандек ғижинади. Ўзига тўғриси бўлса, нима қиламан шулар билан вақт ўтказиб, дейди-да денгиз соҳилидаги уйлардан кирага олиб қўяди ва бўш вақти бўлди, дегунча хотинини олиб, ўша ёққа кетади. Тўй-маъарака ҳам ана шундан келиб чиқиб, қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.

Шунга қарамай Ўзбекистондагидан яхши шекилли, ҳамма бу томонга келаман, дейди.

16.ХУДОГА ШУКУР

“Бирлик”нинг меҳмонлар саҳифасида миттигина саҳна асари пайдо бўлди. Менга ёқди. Шу кундаги манзарини чизиб беришга уринганди муаллиф. Лекин муаллиф асл исмини яшириб, исмини “Биров” деб ёзганди. Мана ўша асар:(Айнан нусха)

21. Наме: Биров ,

Сиёсий Томоша

Ер: Узбекистон

Иштирокчилар:

Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Полат, Ҳизби таҳрирчилар, Исломий ҳаракатчилар, оломон…

Каримов: Мен Узбекистонда бугундан эътиборан демократия эълон қилдим. Ҳозир ҳаммага алфавит тартибида сўз бераман. Сўз А. Пўлатга.

А.Пўлат: Бирликни биз тузганмиз. М. Солиҳ сотқин. Агар у хоинлик қилмаганда…

М.Солиҳ: Шаллалқилик қилма…

Оломон ичидаги Бирликчи ва Эркчилар орасида тортишув ва низо бошланади…

Каримов: Жим, жим бўлинглар. Сўз М. Солиҳга…

М.Солиҳ: Бирликни биз тузганмиз. Биз 90 йилда ҳукумат билан муроса тарафдори эдик. Бирликчилар радикал эдилар…

А. Пўлат: У пайт муроса сотқинлик эди энди эса, биз муроса тарафдоримиз.

Оломон яна нотинч.

Каримов яна оломонни тинчитади. Сўз Исломий ҳаракатчиларга׃

ЎИҲ вакили: Биз аввал шариат ўрнатамиз.

Ҳизби таҳрирчилар: Йўқ аввал ҳалифат ўрнатилиши керак.

Оломон ичидан “Аввал шариат”, “Аввал ҳалифат” деган қичқириқлар. “Сен хоин”, “Сен шаллақи”, “Аввал шариат”, “Аввал ҳалифат” дея бақир-чақир ва тўс тўполон. И Каримов асабийлаша бошлайди. Милициа оломонга уқ отади. Оломон қоча бошлайди.

Саҳна ёпилади.

И. Каримов: Сўз олганларнинг ҳаммасини ушланглар, қамоққа тиқиб ақлини киргизиб қўйинглар…

Май 28, 2002 ат 00:54:29 (МСД)

Саҳифадан айнан олганим учун хатоларини ҳам тузатмадим. Бу эълон қилингач, ўша куниёқ электрон адресимга номаълум бир кишининг номига очилган адресдан мактуб келди ва юқоридагини ёзишда мени айблаган киши бир кун албатта жазоимни олишимни ҳам таъкидлаганди. Кейин “Бирлик” да ўша нарса қайтадан саҳифага қўйилиб, орқасидан қийидаги хат пайдо бўлди.

6. Наме: Ўшлик

Сиёсий Томоша -муалифига 5-5-5-5 баҳо. Мавзуни ўрганиш учун унинг қаҳрамонлари Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлат ва ИДУ лидери Амир Тоҳир Форуҳ билан ҳамтавок бўлишни ўзи кифоя қилмаслиги кўриниб турибди ,қачонлардур уларга сафдош бўлганлигингиз маҳсули бўлганлиги билиниб турибди. Сизнинг қаламингизга мансуб бўлган яннги цнарийларни кутамиз ҳурматлик “ЖБИРОВ” жаноблари.

Май 29, 2002 ат 18:35:22 (МСД)

Услубидан танидим, бу илгари барча танқидий гапларни мендан кўриб юрадиган бир танишимиз эди. У менинг бадиий нарса ёзолмаслигим ҳақида орқадан кўп гапирганини эшитардим. Мана энди тан берибди. Худога шукур. Бундан кейин мухолифат ҳақида ўз имзоим билан ёзганларимдан ташқари ёзиладиган барча имзосиз бадиий асарлар ҳам менга тегишли, билиб қўйинглар! Ҳар ҳолда энди мени плагиаторликда(кўчирмачиликда) айблайдиганлар ҳам топилиб қолар. Бунисига ҳам олдиндан шукур! Чунки ҳаётда бундан юз, минг марта ёмонроқ воқеалар содир бўлади-да.

17.ЖАННАТДА ЯШАГАНЛАР

Америкадаги қариндошлариникида уч ой яшаб қайтган 82 ёшли Ўғилой момонинг радио мухбирига:

-Мен жаннатда яшаб келганимни билмай қолибман,- деган гапи оғиздан-оғизга кўчиб юрди. Буни эшитган америкалик ўзбек аёллардан бири:

-Биз бу ерда элликда эгилиб, олтмишда олиниб, етмишга етолмасдан юрибмиз,-деди.-Аммо Наманганнинг Косонсойидан келган момо 82 ёшда бўлсалар ҳам бизлардан соғлом эдилар. Асл жаннат-Ватан. У ердан келганлар егулук тополмаймиз, дейишади. Нима қиласиз, егулик қидириб. Мана биз озолмай гарангмиз.

Дарвоқе, Америкадаги энг ёйғин касаллардан бири семизликдир. Аёл зоти борки, ташвиши озиш. Хаёлидаги нарса диет. Ҳатто озиш учун диет қилиб, озиш касалига йўлиқиб ўладиганлар кўпайиб қолди. Озиш учун овқат емай қўйгандан кейин вужуд бир кун келиб овқатни инкор этар ва умр ҳам шу ерда битар экан.

Дўхтирларнинг ҳозирги кундаги энг катта ташвиши болалар ўртасида семиришининг авж олгани. Овқатлар арзон ва маззали бўлгани сайин болалар семириб кетишмоқда. Бу эса, турли касалликлар ва умрнинг қисқариши деган гап. Шу сабабдан ҳам Ўғилой момо келганда бу ердагилар унга ҳавас қилишган. У эса, бу ердагиларга ҳавас қилди:

-Тавба, бирортасидан бугун гўшт йўқ, гурунч етмади, ёғ тамом бўлди,-деган гапни эшитмадим,- дейди у.

Шунақа дунё. Жаннатда ҳам камчилик бор, агар ростдан ҳам Америка жаннат бўлса. Балки жаннатда эмас, жаннатдагиларда камчилк бордир… Биз бўлмаган жойлар биз учун жаннатмикан? Ростдан ҳам жаннатда яшаб қаерда яшаганимизни билмай юрган бўлмайлик, тағин?!

18. “МУСУЛМОН”

Р. Америкага келганда кўрдики, диний эркинликлар бениҳоя. Диний ибодатларга шўнғиб кетиши у ёқда турсин аста-секин динни тарғиб қилувчи муллага ҳам айланиб қолди. Боши очиқ юрадиган хотини ва қизлари ҳам ҳижобга ўрандилар.

Ўғли тил чиқарган кундан эътиборан, Қуръонни ёдлата бошлади. Қаерда бир йиғин бўлса ва қандай масала муҳокама қилинишидан қатий назар у гапни албатта, Худога олиб бориб тақар, номоз ўқимаганларни энг ёмон одамлар деб атар, улардан нафрат қилишини очиқ ифода этарди.

2001 йил 11 Сентябр воқеларидан кейин мусулмончиликнинг йўллари хира тортди. Ҳеч ким очиқчасига сен мусулмонсан, деб камситмасада “мусулмон” деган сўз “террорист” калимаси билан қарийб тенглашиб қолди. Ишга олишлардан тортиб, мактабларга қадар кўринмас бир қўл мусулмонларни бармоғи билан кўрсата бошлади.

Р. илгари шиаларни ҳақорат қилиб юрар эди. Энди эса америкаликлар билан гаплашганда аста-секин ўзининг шиа деб айта бошлади. Бир куни телевидениелар энг кўп террористлар шиалар ичидан чиқаётганини айтиб қолди.

У энди вақтинчалик шиа бўлганини ҳам унутди ва ота- боболарим Бухородан, яҳудий бўлганлар ва маҳаллий зулмлардан қўрқиб мусулмончиликни қабул қилганлар, деганини эшитиб қолдик. Аммо ҳеч ким унинг олдинги гапларини юзига солмади.

Яшаш учун кураш. Илгари жияни яҳудийга ўйланиб қўйгани учун ундан воз кечганди. Энди эса, энг яқин одами жиянидир. Эртага бир кун яҳудийларни ёмонлаш бошланса у нима қилар экан?

Ҳар ҳолда исмини Роналд фамилиясини Рейган қилиб ўзгартириб олса керак?Аммо кўринишини нима қилади? Америкада унинг ҳам йўли бор. Ҳозир сочини бўяган эркаклар, юзини амалиёт қилган кишилар шунчалик кўпайиб кетдики…

19.ШОҚОЛАМУН

У Тошкентда фақат француз коняги ичарди.

-Бу ҳам бир маданият,- дерди.

Туркияга келганда миллиятчига айланиб қолди. Чунки у таржима қилган бир китоб миллиятчилар ўртасида машҳур ва миллиятчилар Ўзбекистондан келганларга алоҳида ҳурмат билан қарар эканлар. Бунинг устига улар ҳукуматда ҳам эдилар. У Ўзбекистонни йўқотиб, буюк Туркистон қуриш ҳақида ваъз айтиб юрди.

Вақт кечиб, ҳукумат диндорларнинг қўлига ўтди. Бизнинг сиёсатчи вақтни қочирмасдан дарҳол ўмрага бориб келди. Намоз ўқий бошлади. Кеча миллиятчиларга қўшилиб туркчилик, деб юрган бўлса, энди умматчилик дейдиган бўлди. Ваҳобийликни орзу қила бошлади. Ўзбекистонда исломий давлат қуриш ишқига тушди.

Унинг “бахти”га ҳарбийлар бир йилда диндорларни тахтдан олиб ташладилар ва коммунистлар ҳокимиятни қўлга олдилар. Бизнинг сиёсатчи яна арақ магазинига югурди. Газеталарга суҳбат бериб, доим орзу қилгани ғарб байналминали эканлиги, Ўзбекистонни ҳам шундай кўриши ҳақида гапира бошлади. У буқаламунни ҳам доғда қолдирди.

Бир кун Туркия унга тор бўлгач, Америкага келмоқчи бўлди. Шу пайтга қадар Американи сўкиб ёзиб юрган одам бирданига мақтай бошлади. Ҳатто махсус курсларга бориб инглизчани ўрганди. Бирданига у яна Американи сўкиб ёза бошлади. Гап нимадалигини билмай юргандим. Яқинда эшитсам, у Америкага келмоқчи бўлган ва унга виза ҳам, бошпана ҳам беришмабди.

Буқаламун шароитга қараб мослашса, бизнинг шоқоламун эса, шароитга қараб мослашиш давридан ўтиб, шароитни ўзига мослашишини истайдиган даражага етиб келди. Аммо шароит кимларгадир мосланиши қийин бўлгани учун шоқоламунга ҳам осон бўлмайди.

20.”АЛВИДО, ДЎСТ”

1984 йилнинг биринчи Декабр куни уйимиз ёниб кетганда келган одам кўзига ёш олганди.

“Ҳамма нарсасидан айрилди, шўрликлар, энди нима қилишади?”

“Бундай куннни ҳеч кимнинг бошига солмасин, энди қандай қилиб оёққа туришади?”

“Уй-жойсиз яшаш мумкинми?” каби гаплар бир неча марта қулоғимга чалинган унинг оғзидан.

Бошқаларнинг бошига шундай офатлар келганда сочларини юлиб йиғлашганини кўп кўрганман. Яъни бу оддий одатга айланган. Уй-жой – Ватан. Уй-жойдан айрилиб қолиш эса, ватандан айрилиб қолишдек оғир қабул қилинади. Қолаверса Ўзбекистонда уй-жойлик бўлиш осон эмаслиги, бир умр меҳнат қилиб уй жойли бўлингани учун ҳам у қарийб ҳаёт билан тенг мавқега келиб қолган.

2002 йилнинг Апрел ойида АҚШда Мериланд штатининг бир туманида кўплаб уй-жойларни тўфон гирдоби силиб кетди. Бечоралар, энди нима қилишади, деб ўйлай бошладим. Топган пулини уй-жойи учун тўлаб юрган одамларга биздагидан ҳам оғир тушса керак, деб ўйладим. Эртасига уйини тўфон гирдобга тортган бир аёлнинг телевидениедаги гапи мени ҳайратга туширди. Мухбир ундан “Бу уйда 20 йилдан буён яшаган экансиз, шунча йиллик тарихингиз, тўплаган нарсаларингиз ҳам бир онда йўқ бўлди, хаёлингиздан нима ўтмоқда?” деб сўради. Кекса аёлнинг юзида ҳеч қандай азият белгиси йўқ эди.

-Биринчидан, Худога шукур, тирик қолдим. Худонинг суйган бандаси эканман,-деб жавоб берди, ҳатто бироз жилмайган қиёфада.- Агар уйим қолиб, мени олиб кетганда, балки мен учун фожиа бўлиши мумкин эди. Аммо у ҳам Худонинг иродасида. Уй-жойни суғурта қилганман. Янгисини қуриб беришади. Уйим эскириб қолгани учун бу Худонинг менга бир кароматидир. Акс ҳолда қариган чоғимда эски уйнинг муаммолари билан банд бўлардим-да. Машинани ҳам янгисини оламан. Суғурта уни ҳам қоплайди. Уйдаги ҳамма нарсаларим ҳам суғурта қилинганди. Ҳатто албомларга қадар суғурта қилиб қўйгандим. Қариган кунларимда ёнғин-понғин чиқиб қолса, қийналиб юрмай деб суғуртага бош ургандим.

Аёл шундай деб бирдан жиддийлашди. Кўзларининг остига бирдан ғам чўккандек бўлди.

-Энг кўп ачинганим, бу гулларимдир. Тўфон гулларимни ҳам юлиб кетди. Уларни бирор-бир суғурта тиклаб беролмайди. Мен ўз истагимга кўра дўконма-дўкон юриб, олиб келиб ўтқазгандим. Анча меҳнатимга куйдим. Лекин уларни ҳам тиклаб оламан… Аммо ана у йиқилган дарахтни қандай тиклайман? Йигирма йилдан буён бу дарахт ҳам бир дўстга айланиб қолганди,-деди.

Аёлнинг кўзларида ёш ҳалқаланди..

Мухбир эса, махсус хизматчилар шохларини кэсаётган дарахтнинг ёнига бориб, “Алвидо дўст” деди…

21.ЖАВОБ

“Бирлик” саҳифасининг “меҳмонхона”сига қуйидаги хатни 2002 йилнинг ёз кунларида юз кунда юз марта жойлаштириб жавоб сурашди. Саҳифада фақат Муҳаммад Солиҳ билан Абдураҳим Пўлатов ўртасида жанжал бораётганди. Шундай кезда бу икки кишининг жанжали эмас, дея бошқа одамнинг номини ҳам аралаштириш жанжалчиларга хос эди. Нима бўлганда ҳам мен жавоб бермадим. У саҳифага ёзмайман, деб сўз берганим учуни жавобни бу китобга киритдим. Демак, аввало, хат: (Хатоларини тузатмадим, услубларини яшириш учун баъзан атайлабдан хато билан ёзишади)

“1997 йилда Пулатовнинг онаси улгани муносабати билан Пулатовнунг уйига борганбмиз. Мен(мени Пулатов хам Маматов хам билади), Жахонгир Маматов, Тоҳир Юлдошев, Зайниддин Асқаров, Абдурахим Пулатов бирга марҳума хотирасига дуо қилдик. Шундан кейин номоз қилмоқчи булиб, жоиномоз сурадик. Пулатов хотинига “фалончахон жоиномозни келтиринг” деди. Фалончахон хам “адаси бизда жоиномоз нима қилади?” деб эрини шарманда қилди. Кейин майли намозни шундай хам қиламиз, хуш, қибла қаерда деб суради бош мехмонимиз Тоҳир Юлдош. Пулатов акамиз типирчилаб қолди, энди қиблани тополмай шарманда булганди. Ундан кейинги сукутни бузган жана Пулатов акамиз булди. У деди; Майли улган улди, келинг энди сиёсат ҳақида гаплшайлик, бирлашган мухолифат қилиш учун нима шартлар бор, деб қолди.Тоҳир ижирганиб қуйди. қайтайлик бу ердан деган имо қилди. Жахонгир анча чаққон, дарров гапни олиб қочди. Уйга қайтганда хам Жахонгир “шу коммунист Пулатовни қойинг, исломи ҳаракат билан бирлашувимнизни қандаи қиламиз” деган сухбатга бошлади. Энди бу саитдаги Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги гийбатларни уқиб, ажабо бу одамларда инсоф борми деб уйлайман. Одам зоти шунча ёлгончи буларканми деб уйлайман. Агар бу гапимга эътироз қилмоқчи булса, Пулатов билан Маматов чиқиб шу ердан десин: Худо урсин, шундай гап булмади, десин. Мен кечирим суражман улардан”

Бу хат ёзиларкан, менинг Тоҳир Йўлдош билан Истанбулда учрашганимиз ҳақида ёзганларимга мослашга ҳаракат қилинган. Лекин Абдураҳим Пўлатовнинг онаси ўлганда Истанбулдаги барча ўзбеклар фотиҳага келган, фақат Пулатов билан жанжал қилиб юрганлар келишмаганди. Улар Пўлатов билан ўртадаги жанжални мусулмончиликдан, одамгарчиликдан устун қўйишганди. Бу ҳам уларнинг хусусий иши.

Лекин юқоридаги хат уни ёзган одамнинг диндан ҳам бехабар эканлигини кўрсатади. Исломда “Уйингда жойнамоз бўлмаслиги гуноҳ” деган қоида йўқ ва ёки, “Уйингда жойнамоз бўлсин” деган фарз ҳам йўқ. Бунинг устига Тоҳир Йўлдошлар “ваҳобийлик” тарафдори бўлгани учун намоз ўқийдиган жой муҳим эмас, балки намозни ўқиш муҳим, деган қарашни ҳимоя қиладиганлардан. Зотан дунёдаги аксар мусулмонлар намоз пайти бўлганда жойнамоз қидирмайдилар. Ваҳобийлар жойнамозни Эрон зодагонлари ёки Турк султонлари ўйлаб топган, деб ҳисоблайдилар. Шунинг ўзи ҳам хат бошқа мақсадда ёзилганини, яъни мени Тоҳир Йўлдошга яқин қилиб кўрсатишга ва бу билан ёмонотлиқ қилишга уринилганини кўрсатади.

Хатнинг остида бу гаплар ёлғон бўлса, қасам ичиш талаб қилинган. Бу гаплар рост бўлса, нега муаллиф ўз исмини яшириб “Маматов ва Пўлатовни таниган мусулмон” деб имзо чекди?

Бақара сурасининг 224 Оятида׃”Яхшилик қилиш, тақводор бўлиш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсувчи бўлган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз! Аллоҳ эшитувчи, билгувчидир”, дейилади. 225 Оятида׃”Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки дилларингиз билан қилган нарсангиз (қасамингиз) билан жазолайди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалийм зотдир” дейилади.

Яъни дилда бўлган ҳақиқат муҳимдир.

22.ҚЎЛБОЛА АЛИФБО

“Америка овози” радиосига келганимда мени дастлаб ҳайратга солган Ўзбек бўлимида қўлланилган алифбо бўлди. 1998 йилнинг охири эди ва Ўзбекистонда ҳали кирил алифбоси кучда. Аммо лотин ҳам чучмомо каби ўсиб чиқаётган кунлар. Радиода эса, учинчи бир алифбони кўрдим. Дунёнинг бирор жойида бунақа алифбо қўлланилмас эди.

Ўзбек бўлими очилганда бу антиқа алифбо ўйлаб топилган экан. Яни бу ердаги 8-9 ҳарф туркчада ҳам ва эски ўзбек алифбосида ҳам йўқ. Нега, нима мақсадда бундай қилинганини ҳеч ким изоҳлаб беролмайди. Аммо тахминлар кўп. Алифбони “ясаганлар” эса, аллақачон оламдан ўтишган.

Бўлим мудирига:

-Ўнгимизда учта тўғри йўл бор. Ўзбекистонда қўлланилаётган кирил, янги қабул қилинган лотин ёки Туркиядаги алифбо. Нега шулардан бирини танлаш мумкин эмас?- дедим.

-Кирилни бу ерда ҳеч ким билмайди,- деди у,- Янги лотин эса ҳозиргача уч марта ўзгарди. Яна ўзгариши мумкин. Туркия алифбосини қабул қилолмаймиз, чунки бўлимимиз ўзбек бўлими!

Унинг важлари тўғри. Лекин радиодаги антиқа талаффуздан қутулиш учун ҳам алифбони ўзгартириш керак эди. Масалан, радио алифбосида “Олма”, “Алма” деб ёзилади. Яъни “О” ҳарфи ўрнида “А” ишлатилади. Рус сўзлари қўлланилганда эса, “О” ҳарфи “Ў” ўрнида қолаверади. Шунинг учун ҳам ўқиганда “О”-ни “А”деб ўқиб кетилади. Натижада “бошқа”сўзи “башқа”, “шоҳид” калимаси “шаҳид” “бўлиб кетаверади”. Нима қиламиз, камина ҳам шу алифбони ўргандим. Бир кун уйда радиони эшитсам, “Фаластиндаги жангларда тўрт киши шоҳид бўлди,” деб ўқиб юборибман.

23. УЧИНЧИ ОДАМ

Радиода хабарлар ёки мақолалар ўқилганда тайёрлаган киши “учинчи одам” бўлиши “қонунлаштирилган” экан. Бўлимда журналист йўқлиги, кўпчилик тилни шу ерда ўргангани, мустақил мақола ёзадиган киши анқонинг уруғига айлангани боис шундай қоида ўрнатилган. Бир куни хабарларни тузатар эканман, шундай сатрга кўзим тушди:

“Бугун Шарқий Тиморда Жаҳон ташкилотининг 4 нафари ўлдирилган. Бу ҳақда радиомиз мухбири шундай деб айтган.”

Мен бу сатрларни:

“Бугун Шарқий Тиморда БМТ нинг тўрт нафар ходими ўлдирилгани маълум қилинди. Бу ҳақда радиомиз мухбири шундай деди:…” шаклида тузатдиму бошим балога қолди.

Биринчидан, БМТ эмас Жаҳон ташкилоти дейилса тўғри бўлар эмиш.

Иккинчидан, нафар калимасидан кейин ходими, деган сўз ортиқча экан.

Учинчидан, “деди” деб тузатиб сиёсий хатога йўл қўйган эмишман. Яъни мухбир менга ҳеч нарса айтмаган, мени танимайди ҳам, у хабарлар бўлимига айтган эмиш.

– Ҳов барака топгур, дунёда юзлаб жаҳон ташкилоти бўлиб, ҳар бирининг ўз номи бор. Тўрт ташкилот эмас, тўрт киши ўлдирилган. Кейин мухбир хабарни бизга эмас, тингловчига айтмоқда. Биз эса, етказиб бермоқдамиз. Бу ерда “учинчи одам” ортиқча. Воситачилк эмас, бевоситалик муҳим, бунинг устига ўзбек тилида нафар “та” манъносини беради, яэни саноқни кўрсатади,- деганим билан мени эшитадиган қайда.

Лекин бўлим мудири бу борада мени қўллагани учун тузатишларимни қабул қилганлар ютиб кетди. Ўзбекчалари анчагина тузалиб қолди.

Ҳа, баъзан фойда кўрсак ҳам манфаатимизга ишлаган одамга душман кўзи билан қараймиз. Ўзбекмиз-да!

24. ИСТАСАМ КУЛАМАН…

Гапни қитиқласанг гап туғади, дейдилар. Ёдимга яна бир воқеа тушди. Радиога ишга ўтаётган кунларим эди. Ўзини мухолифатнинг “отаси” деб ҳисоблаб юрган бир “ошнамиз” мени ишга олмасликларини, агар олган бўлсалар Ўзбекистон мавзуида менга ишонмасликларини талаб қилганди. Орадан икки кун ўтиб унинг жияни ва укаси имзоси билан яна бир хат келибди. Бу сафар бошлиқ:

-Қизиқ сиз бу ерга болаларингизни боқиш учун ишга ўтаяпсиз, Америкада бировнинг устидан шикоят ёзишмайди, айниқса иш масаласида. Агар бировнинг бировда даъвоси бўлса маҳкамага боради,- деди.

Кўнглимдан “Тақсир, ахир биз америкалик эмас, биз ўзбеклармиз” деган гап ўтдию унга айтмасдан кулимсираб қўйдим. Унинг олдинги сафар нега кулимсираганини ҳам тушунгандай эдим. Лекин шундай булса ҳам нега кулганини сўрадим.

-Бу ер Америка, Политбюро эмас, қачон шуни тушунишса ишлари олдинга кетади-деди у.

У гарчи Афғонистонда улғайган бўлсада шўролар даврида шикоят ёзиш бизникиларнинг қон-қонига сингиб кетганини тушуниб қолганига қойил қолдим.

Лекин у менинг нега кулимсираганимни сўрамади. Кейин билсам Америкада бу ҳам сўралмас экан. Бу ҳам хусусий масалага кирар экан: яъни истасам куламан!..

25.“МУХОЛИФАТЧИ”

Радиода анча йиллардан бери ишлаб келган Раъно опа мухолифатнинг бир қаноти- “ЭРК” ҳақида ёзар ва суҳбатларни ҳам ўша томондагилар билан ўтказарди. Бошлиқ мувозанатни сақлаш учун мендан кўпроқ мухолифатнинг иккинчи қанотидан интервью олишни сўрарди. Раъно пенсияга кетар экан, унга ҳазиллашдим:

-Бундан кейин мақолаларингизни мухолифатнинг газетасига юбориб турсангиз, улар нашр этиб турадилар.

Унинг жаҳли чиқди.

-Мен мухолифат аъзоси эмасман. Қолаверса, Сиз менга бунақа гапларни айтманг,- деди у.

-Бугунга қадар мухолифатнинг бир қанотини четлаб келганингиз учун шундай хулоса қилдим-да,- дедим.

-Олдин нариги қаноти ҳақида ёзардим, кўп ёзардим. Бир куни Пўлатовлар билан билан айтишиб қолдик. Шундан кейин жиғига тегиш учун бу қанот ҳақида ёза бошладим,-деди у самимият билан.

Нима деб қўйганини бирдан англади шекилли, жаҳли чиққан одам энди кула бошлади ва:

-Нима қиласиз ўзбеклармиз-да, шу ерда ҳам ўзбекчилик қилиб юрибмиз!-деди.

26. МИЛЛИЯТЧИ

Америкага келганимни эшитган бир ўзбек меҳмонга чақирди:

-Биласиз-ми, сиз Америкага яқинда келдингиз. Сиз ватанпарвар бўлганингиз учун сизга яхшилик қилмоқчиман. Бу ерда битта миллиятчи, ватан учун жонини ҳам бериб юборадиган битта одам, битта қаҳрамон аёл бор, нима гапингиз бўлса у билан маслаҳат қилинг. У менга дугона-опа. Ундан ёрдам олинг, унга ёрдам беринг, у билан дўст бўлинг, бошқаларига қулоқ солманг, ҳаммаси хоин,- деди мезбоннинг миллиятчи номи билан танилган аёли.

Бир кун ўша мақталган аёл билан кўришиб қолдик. Интернетда Туркия газеталарини очиб, ўқиб ўтиргандим, менга ҳам кўрсатинг деб, қолди. Унга кўпроқ миллиятчи руҳдаги газеталарни очгандим׃

-Йўқ мен “Жумҳурият”ни ўқийман”, -деди.

Туркияга келган кунларимизни эсладим. Бир киши:

-Бу ерда эҳтиёт бўлинг, кимнинг кимлигини ўқиган газетасига қараб билишади. Коммунист сўлчилар ҳеч қачон “Ўртадўғи” ёки “Туркия”ни ўқимайдилар, улар учун “Жумҳурият” муқаддас ҳисобланади,-деганди…

Мақталган бу унинг ака-укалари коммунист бўлгани ҳақида кўп гапиришар, мен эса, ҳар ким ишонганига эътиқод қилади, деб қўяверардим. Ҳали ҳам шу фикрдаман. Айниқса, Америкага келгандан кейин бу фикрим яна ҳам мустаҳкамланди. Америкаликлар ўзга қарашларни ҳам ҳурмат қиладилар.

Мени ўйлантиргани эса, гўёки менга яхшилик қилмоқчи бўлиб айтилган гаплар эди.

Аммо ордан кўп ўтмай ҳалиги яхшилик қилмоқчи бўлган аёл телефон қилиб дугона опасини ҳақоратлаб қолди׃

-Сотқинга қўшилиб сиз ҳам сотқин бўлдингизми?-деди.

-Нима қилибман?

-Ўшанинг гапига кириб бизни мажлисга чақирмабсизлар-ку!

Ў ўпкалаган мажлисини мен ўтказганим йўқ эди. Зотан гап бунда эмас,гап ўша аёлнинг дугона-опасига қарашида׃кеча қаҳрамон, бугун сотқин!

27.ЛАЁҚАТЛИ

Радиода менга таҳрир ишлари топширилар экан, кўп йиллардан буён ўзбек бўлимида ишлаган бир киши “Бу ишларга кеча келган лаёқатсиз одамни нега тайинлайсизлар” деб раҳбарият билан жанжал қилди.

Барибир бу ишни менга юклашди. Аслида бу иш менга ортиқча юк эди. Бошқа вазифаларимни енгиллатмаган ҳолда таҳрир ишларини ҳам юклашгани учун у эмас мен жанжал қилишим керак эди, аслида.

Аммо Ўзбекистондаги тингловчилар кўз олдимга келгани учун бу ишга рози бўлдим. Эртасига ўша одам таржима қилган бир хабарни кўрар эканман “Ўзбекистонда чеченларнинг лагерлари бўлиб, ки Россия бу жойларни тўп бўрон қилмоқчи” деган сатрни ўқиб, аввал ҳайратландим ва кейин “Ўзбекистон” калимасини “Афғонистон” қилиб тузатдим. Бир неча дақиқадан сўнг у жанжал кўтарди.

-Мен бу одамни лаёқтасиз деган эдим, мана исботи, у нафақат лаёқатсиз, балки жосуслик ҳам қилмоқда,-деди.

Унинг қўлида хабарнинг инглизча матни бўлиб, унда ҳам “Ўзбекистон” деб ёзилган экан.

-Ёзган одам адашган,-дея вазиятни тушинтирган бўлдим унга.

– Сен инглизларни ҳали ахмоқ деб ўйлайсанми?- дея у шикоят қилиш учун чиқиб кетди.

Анчадан кейин аъло кайфиятда кириб келди:

– Теппадагилар (хабарлар бўлими тепадаги қаватда эди-ЖМ) ҳам дунёда нима бўлаётганидан бехабар. Оз қолсин бу хабар 52 тилда ўқиб эшиттириларди. Бир нечтасида берилибди ҳам. Тўхтатдик ва тузатдик. Ҳаммаси раҳмат айтиб қолди. Уларга хатоларини исботлаб бердим,- деди у гўё орадан ҳеч нарса ўтмагандек.

Ҳа, бу масалада у анча лаёқатли эди.

28.”ХУДОГА ТОПШИРДИМ !”

Бирор кишидан ва ёки бирор нарсадан жиғибийрон бўлсам, раҳматли Анбар бувим: “Болам шу гапга ҳам ота гўри қозихонами, Худога топширдим, деб қўй. Раббим ўзи чорасини кўради” дердилар. Шу боис бировдан бир ёмонлик келса, “Худога топширдим” деб қўярдим.

Америкага келганимдан кейин радиода ёши саксонга қараббораётган афғонистонлик ўзбекдан шу гапни эшитиб, гарангсираб қолдим. У хайрлашиб кетар экан, “Худога топширдим!” деди. Унга нима ёмонлик қилдим экан, деб ўйлаб юрдим. Эртасига ҳам шу гапни такрорлагач,

-Кечирасиз сизга бирор ёмон гап айтиб қўймадимми?- деб сўрадим.

Бу сафар энди у гарангсираб қолди. Кейин бувимнинг гапларини айтиб бердим. У эса ажабланиб “Бизда бу гап яхши маънода айтилади” деди.

Ҳа, демак у Аллоҳга омонат, маъносида ишлатган экан.

Биз маданиятлар ўртасидаги фарқлар ҳақида кўп гапирамиз. Бу эса, Жайхуннинг у соҳилида улғайган ўзбек билан бу соҳилдан келган ўзбекнинг англайишдаги фарқлари эди. Чунки ундан ҳар сафар “Худога топширдим” деган калималарни эшитсам, гарчи у буни ижобий маънода ишлатган бўлсада кўнглимда бир оғриниш сезардим.

29.”ИЛОҲИМ, ҲЕЧ КИМ ЭШИТМАСИН…”

Радидодан пенсияга чиқиб кетган С. тиним билмай ишлаб юрадиган аёл эди. Бир кунда бир нечталаб мақолаларни ҳам таржима қилиб қўяберарди ва вақт ўтиб, эскириб, кўпи фойдаланилмасдан қолиб ҳам кетаверарди. –

Бир кун балки бўлимда ҳеч ким қолмаса ишлатилар, деб тайёрлаб қўяманда,- дерди у ажабланган одамга.

Ишга ҳам ҳаммадан олдин келарди ва хабарларни таржима қилиб чиқарди. Ҳамма келган вақтда эса, хабарлар янгиланарди ва у қайтадан ишга киришарди. Бир сўз билан айтганда жуда ҳам жонсарак эди.

Радиога ишга келган кунларим эди, у билан бирга хабарларни ўқиш учун студияга кирдик. Чиқарканмиз у:

-Худойим, илоҳим бугун ҳам ҳеч ким эшитмаган бўлсин,-деди.

Ажабланиб қолдим ва нега бундай дейишини сўрадим.

-Биз бу ерга ишга келганимиздан бери ҳар куни студияга киришда ҳам, чиқишда ҳам шундай дуо қиламан. Эшитса устимиздан кулишади-да. Эшитмаганлари маъқул,- дедию хандон отиб кулди.

Нега кулди билмайман, аммо эшитишмагандир, деб пенсия чиқиб кетди.

30.МОЗОР

АҚШга Афғонистондан келганлар Мозори Шариф номини қисқа қилиб “Мозор” деб гапиришади. Бир кун хабарларда ҳам шундай деб ёзган ҳамкасбимга бу ҳолда янглиш маъно чиқиб қолади, дедим.

– Биз халққа яқин бўлишимиз керак,- деди у.- Ҳар бир нарсага шубҳа билан қарайвериш яхши эмас.

Мен барибир “Мозори Шариф” деб тузатдим.

Орадан бир йил ўтиб, (2001 йил, 16 Октябр-ЖМ) ББC радиосининг ўзбекча эшиттиришини тинглар эканман, Тошкентдан Лондонга бориб ишлаётган журналист ўқиган хабар диққатимни тортди.

У “Абдурашид Дўстимнинг аскарлари Мозорга кирди” деди. Яъни Дўстум аскарлари Мозори Шарифга кириб боргани ҳақидаги хабар эди.

Демак, бундай дейиш учун афғонистонлик ёки ўзбекистонлик бўлишнинг аҳамияти йўқ экан, деган фикр кечди хаёлимдан.

31.АНАЪНА

Чет элларда яшаган ўзбеклар орасида бир – бирини жосус деб айблаш анънага айланганини юқорида айтдим. Албатта, бунда жон бўлган. Совет даврида КГБ чет элдаги ҳар бир “ватандош” билан алоқа қилишга уринган. Шу боис ҳам бир-бирини йўқ ерга айблаш анъанага айланган.

Мен радиога келганимда СССР парчаланиб кетганига қарийб ўн йил бўлса-да юқоридаги анъана яшаётганди.

Узоқ йиллар радиода ишлаб, келган У. бир куни бошлиқнинг ҳузурига кириб:

– Мен бу одам билан гаплашиб кўрдим. У Ўзбекистон президенти Каримовни менга ёмонлади. Ислом Каримов русларга қарши турган қалқон. Шу боис бу одам КГБ тарафидан Каримовга қарши кураш учун юборилган бўлиши мумкин,- дебди.

Бошлиқ бу гапни менга айтар экан, “Биз бу гапга ишонармидик…” деди-да кулди. Унинг кулиши ҳам анъанага ўхшаб туюлди.

32.”ЧАП КЎЗИМ”

Биз чап кўзнинг учишини ёмонликка ва ўнг кўзнинг учишини яхшиликка йўйишга ўрганганмиз. Умуман чап деганда ёмонни ва ўнг деганда яхшини идрок этишга одатланганмиз. Радиодаги бўлим мудирим Нусратилла ака қўнғироқ қилган экан жавобан сим қоқдим.

-Чап кўзим учиб турганди, сиз телефон қилсангиз керак, деб тургандим,- деди у.

Кўнглимга хиралик чўкди. Ўйлаб юргунча ўйлаб айт деганларига амал қилиб, “чап кўзим учиб турганди”-ни биз қандай англашимизни айтдим. У хижолат тортди. Қачон гаплашсак қайта-қайта узр сўрайдиган бўлди. Бир кун ундан:

-Сиз улғайган Мозори Шарифда бу гап қандай англамга келади?- деб сўрадим.

-Эсимни танигандан буён дўстлар телефон қилганда бир-биримизга шундай деймиз. Яни сен телефон қилишингни кутиб тургандим, деган маънода. Мана энди Ўзбекистондан келганларга айтмайдиган бўлдик,- деди.

33.ТАЪҚИБ

-Биз Афғонистонда фақат уйда ўзбек тилида оз – моз гапирар эдик.Тузукроқ гапиришни эса, радиога келиб ўргандик,-дея бир ҳикояни гапириб берди ҳамкасбим Абдулманнон Кескин.- Аввалги мудирларимиз Туркия орқали келган эдилар ва уларнинг таъсирида ўзбекчамиз турк ва ўзбек шевасининг қоришиғи бўлди.

Биз Ўзбекистон ўзбекчасида ёзсак ҳам улар Туркия туркчасига мослаб тузатишарди. Аста секин ўзимиз ҳам шунга мосланиб қолдик. Масалан, таъқиб калимасини бизга “хабардор бўлиб туриш” маъносида ўргатишган. Туркияда шундай экан.

Бир куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Тешабоев билан учрашдик. У киши қандай истаклар бор, деб сўрадилар учрашувда. Мен шўъбамиз номидан сўз олиб, Сизларнинг фаолиятингиздан бехабармиз. Сизни таъқиб этишни истаймиз, дедим. Элчи хахолаб кулди-да, “Бизни таъқиб этишини очиқ айтаётган одамни илк бор кўраяпман, деди-да, бироз тин олиб, “Бу сизнинг вазифангиз, таъқиб этаверинг” деб қўшиб қўйди.

Ўшанда ҳеч нарсани тушунмадим, аммо Ўзбекистонга борганда билдимки “таъқиб” калимаси бошқа англамга келар экан. Изза бўлдим. Чунки бир неча йил давомида бу калимани радиода “кузатиб, хабардор бўлиб бориш”, маъносида ишлатиб келдикда…

Абдулманнон ака аслида бекорга изза бўлган. Чунки гап у кишида ёки лаҳжаларда эмас. Таъқиб калимасининг бир неча маъноси бор. Ўзбекистондаги ўзбеклар унинг биринчи маъноси – зимдан кузатиш ва иккинчи маъноси- монелик қилиш қилиш англамларини кўп ишлатамиз. Тешабоев ҳам ҳамин қадар-ўзбекчадан инглизчани яхши биладиган одам.Ваҳоланки,таъқиб қилмоқ дегани диққат билан кузатмоқ маъносига ҳам эга.

34.ИЗЛАШ

Фахриддин Умаров ижро этган “Изларман” ашуласи доим қулоқларим остида. Баъзан ўзимча “Ўшал барнони изларман…” дея хиргойи ҳам қилиб юраман. “Америка овози”да таржима этилган бир хабарни таҳрир қилаётгандим. “АҚШ президенти Россияга тинчлик сиёсатини изламоқда” деган сатр диққатимни тортди. Россия билан АҚШ ўртасида яқин алоқалар мавжуд ва ўша кездаги президент Клинтон Россия раҳбари Борис Елцинни ҳар томондан қўллаб-қувватлаётганди. Бирдан хаёлимга “изламоқ” калимаси Туркияда “давом эттирмоқ” англамига келиши тушди-да уни тузатиб қўйдим.

Аммо “муаллиф” хабарларни эфирга узатишда яна “излаш” деб ўқиганини эшитиб қолиб, унга ўртадаги фарқни тушунтирган бўлдим. Аммо унинг хабарларида бу калимани ҳар кун тузатишдан мен чарчамадим ва эфирга уни “излаш” деб ўқишдан у толмади.

Ушбу сатрларни ёзган куним ҳам радиода у “А–ҚЕ-ШЭ маъмурияти Афғонистондаги террорист группаларга қарши ҳужум сиёсатини изламоқда” деди. Аммо алллақачон АҚШ Афғонистондаги ҳужумини авжга чиқарган эди.

35.МАНФААТ

Ўзбек бўлими ташкил топган кунидан бери беш-олти марта ёпилиб очилган. Конгресс пул берса очилади. Пул бермаса ёпилади. Мен ишлаган даврда ҳам икки марта шундай бўлди. Биринчиси пайтида ёши пенсияга келиб ҳам кетмай юрган бир опа׃

-Менга алам қиладигани ишимни йўқотиш эмас, шунча тилларда эшиттириш бўлгани ҳолда нега келиб-келиб Ўзбекчани ёпишлари,- деб ачиниш билан сўз юритди.- Майли бизни кетказишсин, лекин Ўзбекчани сақлаб қолишсин. Халқимизнинг номи бу ердан йўқолмасин!-деди.

Ҳар кун такрорланиб турди бу гап.

Кўп тортишувлардан кейин бўлимни ёпадиган эмас, балки эшиттириш вақтини ва бир неча кишини қисқартирадиган бўлишди. Бўлимда энг кейин келган мен эдим. Қонунга кўра энг кейин келган одамнинг штати қисқаради. Бирор-бир эътирозсиз қисқартиришга тушадиган бўлдим. Ҳатто радио директори ҳам аралашиб ҳеч нарса қила олмади. Лекин инсон ҳуқуқлари масаласини ёритишда ўрнак бўлди дея мукофот беришди. Бошқаларни қонун талаб қилгани каби, неча йил ишлаганига қараб етган даражаси кимники юқори бўлса, ўшаларни қолдиришга ва ўзгаларни бошқа пастроқ ишларга ўтказишга қарор қилишди.

Ҳалиги опа яна жаҳл билан:

-Фалончини бошқа ишга ўтказмоқдалар. Адолат йўқ. Нега дастурни сақлаб қолишди, бўлмаса? Ёпиб ташлашсин эди, ҳаммамиз бошимизга тушганини кўрардик…- деди.

Унга ҳеч ким “Ўзингиз нега пенсияга чиқмай юрибсиз?” деб айта олмасди. Айтса балога қоларди, бу дискриминация деб судга берарди. Шунинг учун юмшоқ қилиб׃

-Нима бўлса ҳам Ўзбек бўлими қолди. Келажакда яна кенгайиши мумкин. Сиз айтган одам кўчада қолган эмас. Ўзингиз “Биз кетсак ҳам бўлим қолсин”, деб юрган эдингиз,- дедим.

-Тўғри, лекин бир иш топилса, сиз аввал ўз яқинингизни ўйлайсизми ёки бошқаларними? Мен ҳам ўзимга яқинроқ одам ҳақида қайғураяпман,- деб жавоб қилди у.

Бу бизнинг ватанпарварлигимиз! Фалончи унинг жияни эди-да!

36.ҚАРЗ

Ўзбекистонда бир умр пул тўплаб, кейин бир нарсалар сотиб олсангиз Америкада ҳамма нарсани қарзга олиб, бир умр тўлаб юрасиз.

Айниқса уй-жой қимматга тушади. Қарзнинг фойизи уйнинг пулидан икки-уч марта кўпга мол бўлади.

Бир танишимиз катта ҳовли сотиб олди. Жуда қимматга. Бола чақаси билан бирга топган пули шу уйнинг қарзига кетади. Бунинг устига Ўзбекистондан келган одамни уйига такиф қилади. Дўстлари “У уйини кўз-кўз қилиш учун шундай қилади” деб юришади.

Нима бўлганда ҳам меҳмондорчилик энди унга қимматга тушмоқда. Чунки келган меҳмонлар икки-уч ойлаб унинг уйида қолишмоқда. Бири кетса, иккинчиси келади. Аслида меҳмон кутиш яхши. Лекин Америка шартлари бошқа-да.

Ишга бормадингми, ҳайдаласан. Ҳайдалдингми, уй пулини тўлай олмайсан. Ойма-ой тўлай олмадингми, уйсиз қоласан.

Меҳмонларни эса, олиб юриш учун вақт керак. Асосий транспорт хусусий машина бўлгани учун уларга шоферлик қилишинг керак.

Танишимнинг оиласида ҳамма ишлайди. Дам олиш кунлари ҳам ишлашади. Акс тақдирда уйга пуллари етмайди. У меҳмонлар билан асосан кечқурун шаҳар айланавергач, ишдан қолиб, аввал маошдан, кейин ишдан айрилди.

Яқинда эшитишимча у уйини сотувга қўйибди…

37.ПРОФЕССОР

Ўзбекистондан хорижга кетган ўртамиёна бир домла жуда тез профессор бўлиб олди. Ўзбекистондан кетиб хорижда профессор бўлгач, табиийки Тошкентда бу номни олиш учун тупроқ ялаб юрган минглаб олимлар учун мўъжиза эди. Бошқалар ҳам ҳайрон эдилар:

“Шундай қобилиятли олимни танимаган эканмиз-да” деганлар ҳам бўлди. Аммо унинг “ҳ” билан “х” нинг фарқига етмаслигини, “ҳўкиз”ни “хўкиз”, “ҳуррият”ни “хуррият” деб ёзишини билган ҳамкасблари “У ҳойнаҳой ўзбек тили профессори бўлиб олгандир-да!” деб киноя қилишди ва масхаралаб кулиб ҳам юришди.

Хорижда оддий мактабда дарс берган ва умуман бирор жойда дарс бераётган одамни профессор дейишади. Бизнинг ҳамшаҳар ҳам ўзини “профессор” деб эълон қилар экан, аслида хато қилган эмас. Фақат хорижни билмаганлар уни янглиш тушундилар, холос.

38.ДОКТОР

Ўзбекистонда ҳеч ким телефон гўшагини кўтарса “Доктор фалончиман ” демайди. Аммо Туркияда фан докторларининг уйига ва ёки иш жойига қўнғироқ қилсангиз “Доктор фалончи эшитади…” дейишади.

Озъбекистондан Туркияга кўчиб келган бир киши ҳали бу ерда яшашга изни бўлмагани ҳолда қисқа вақтда “доктор” бўлиб олди. Уйига телефон қилсангиз “Доктор…. эшитади” деган жавобни оласиз.

Ўзбекистондан келган ҳар бир киши туркияликлар учун азиз. У билан газетадагилар ҳам қизиқишади, йиғинларга такилиф этишади. Дўстимиз ҳатто газеталарга ҳам “доктор..” имзоси билан интервьюлар бера бошлади. Тез орада у “Доктор фалончи” номи билан машҳур бўлди. Катта-катта давраларда фан докторлари билан баҳслаша бошлади. Аслида у ҳеч кимни алдаган эмас. Чунки Ўзбекистонда ҳам у доктор эди. Фақат оддий доктор яъни шифокор эди.

39.АКАДЕМИК

Бошқа бир ўзбек “профессор” ҳалиги “доктор” дўстимиз каби йўл тутишни истамади. Ундан юқорироқ бўлишни ва буни расмийлаштиришни истади. Ўзбекистонда қирқ йил ҳукуматда ишлаган эди. Отахони билан келишмай қолгач, хорижга йўл олди.

Кетиш арафасида аввалига фан доктори дипломини сотиб олди .Қарасаки оддий табиблар чет элда фан доктори бўлиб юришибди. Шунинг учун озгина кўпроқ сарфладида академик унвонини сотиб олди.

Мамлкатда бу номини ишлатиб юрмади. Чунки академик деганлари олимлиги-ю кашфиётлари билан танилган киши бўлиши кераклигини у яхши биларди. Уни эса, Ўзбекистонда пора берганлар ва орқасидан қувиб юрганлар танишарди, холос.

Шу сабабдан бу дафтарни хорижга келгандан кейин очди. Аммо тарвузи қўлтиғидан тушиб кетди. Бу ерда академик деган сўз Тошкентдаги маънони англатмас экан. Умумий билим, деган маънони берар экан. У бир икки кун сарфлаган пулига куйдию кейин докторлик унвонини ишлатишга киришди.

Шўрлик бу ерда ҳам қовун туширди. Чунки олган дипломи қирқ йил ишлаган соҳасига тескари эди. Бунинг устига дипломни энг қийин соҳадан олган экан, оддий саволларга ҳам жавоб беролмай қизариб бузариб юрди.

Айтишларича ҳозир у олган дипломлари қайси соҳада бўлса ўша соҳа бўйича бир нарсалар ўрганишга уринаётган, лекин кексайиб қолгани, саломатлиги ҳам яхши бўлмагани учун бу иш оғир кечаётган экан.

40.ШАРҲЛОВЧИ

Сиёсат нималигини унчалик ҳам тушуниб етмаган ўзбеклардан бири шарҳловчилик қилмоқчи бўлди. Шарҳловчи деганлари узоқроқни кўрадиган бўлиши керак. У эса, ўз оёқ остини кўра олмаслардан эди. Шу боис ҳам ҳар бир шарҳи ё латифага ёки заҳарханда кулгига айланди. Америка Усама бин Ладен гуруҳига ҳужум очган кунлар эди. “Озодлик” радиосидагилар қўлбола шарҳловчидан сўрашди:

-Мана қарийб бир ойдирки Америка террорга қарши уруш эълон қилди. Энди Афғонистонга ҳужум қилмоқчи. Воқеаларни яқиндан кузатган бир киши сифатида бу ҳужумлар қачон бўлишини тахмин қила оласизми?

-Бу яқинда бўлмайди. Америка 1990 йиллар бошида Ироққа ҳужум қилганда ҳам узоқ вақт тайёрланиб, кейин қисқа вақтда ишни битирган эди. Ҳозир Американинг ўша пайтдаги қўмондалари яна иш бошида. Шунинг учун Афғонистонга уруш бошланиши ойлар эмас, балки камида бир йил вақт олади. Буни ишонч билан айта оламан,- деб жавоб қилди.

Дунёнинг ишларини қаранг, шарҳловчи бу гапни айтган куннинг эртасига худди унга қасд қилгандек Америка Афғонистонга ҳужумга ўтди.

Ҳали ҳам бундай шарҳлар давом этмоқда. Эшитувчиларга ҳазил мутойиба ҳам зарур-да! Аммо бизнинг қўлбола шарҳловчи аллақачон фолбинлик даъвосини бошлатган.

41.ТАРЖИМОН

Лондонга келган бир ўзбек университетда инглиз тилини ўқиди, деган диплом олган эди. Аммо бу ерда анча вақт иш тополмай юрди. Ишга ўтишга борганда ёнида ўғлини ёки қизини олиб борар, улар таржимонлик қилар эдилар.

Ҳар ҳолда ишга олувчи бир дипломга ва бир жажжи таржимонларга қараб ажабланиб қолса керакки, унга “Бораверинг, бир кун телефон қиламиз сизга” деб жавоб берарди.

Авваллари у ростдан ҳам телефон қилиб қолишар дея таржимонлик учун болаларини навбати билан мактабдан қолдириб юрди. Кейинчалик ишга олишмаганларининг сабабини ўзи ҳам тушунди, шекилли, ўзбек тилидаги радиолардан иш қидирди. Инглизчаси яхши деб ўйлашди ҳар ҳолда сиёсий воқеалар ҳақида ундан хабарлар ола бошладилар.

Тасодифан бир хабарини эшитиб қолдим. “Сун нашрининг ходими Сибир язвасига учради. Партизанларча ҳаракат қилган текширувчилар..”.

Ўзимни кулгидан тўхтата олмадим. Чунки биринчидан бу машҳур нашр ва Sun- “Сун” ёзилгани билан “Сан” ўқилади ва айтилади. Бу айни пайтда “Қуёш” калимасининг инглизчаси ва машҳур газетанинг номи бўлгани учун ҳам деярли ҳар дақиқада эшитиш мумкин бўлган сўз.

“Бипартизан” (Bipartisan-) калимаси “Иккипартиявийлик” дегани бўлиб, масалани ўрганиш учун иккипартиявий асосда тафтиш бошланди, деган хабарни бизнинг билимдон “партизанлик билан” деб таржима қилганди.

Нима дейсиз, айб унда эмас, балки шу куни болаларининг имтиҳони бўлиб мактабдан олиб қолишга журъат этмаган бўлса, ана шу савоби юқоридаги гуноҳини ювиб кетса ажаб эмас?!

42.ТЎЙ

Ўзбекистонда порахўрлик билан пул йиғиб хорижга қочган бир кишининг қизига муҳожиратдаги ўзбеклар элчи қўйишди. Тезда тўй тараддуди бошланди. Ҳали Ўзбекистондаги каби кайфиятда юрган ва хорижнинг нималигинианглаб етмаган бу одам ўзбекчилик қилиб данғиллама тўй бошлатди.

Энг йирик ресторан танланди(кошки арзон бўлса, Ўзбекистондаги юзта ресторанни қўшсангиз ҳам бундан арзонга тушади), таниган танимагани-ҳамма тўйга хабар қилинди.

Гастролда юрган ўзбек созандалари таклиф этилди, махссус ошпазлар чақириб миллий таомлар пиширилди ва ҳоказо.

Тўй ўтди ва ҳалиги одам олиб келган барча пулларини тўлаш баробарида қарзга ҳам ботди. Аммо хориж Ўзбекистон эмаски, биров қарз берсин. Тўйга келганлар ҳам тўйдан кейин уни танимадилар. У ҳамма нарсасини сотиб камбағаллар яшайдиган ғариб маҳаллага борди ва ҳукуматга ёрдам сўраб бош урди. Уни бир черковга боғлаб қўйишди.

Энди ҳеч қачон тўй қилмасликка қасам ичиб, аранг кун кўриб юрибди.

Ҳа, дарвоқе куёв-чи, куёв ёрдамга келмаяптими? Хорижда бу савол ҳам кулгили. Ҳар ким ўзинг учун ўл етим, қоидасига амал қилинади бу ерда.

43.ОРЗУГА АЙБ ЙЎҚ

Янги келган ўзбеклардан бири чойга даъват қилди. Бориб гаплашиб билсак, у АҚШдан сиёсий бошпана сўраган, аммо ўзи мухолифатга қарши курашган зот экан. Меҳмончиликни калта қилиб қайтар эканмиз׃

-Катта йўлга қандай қилиб чиқамиз, деб сўрадим.

У чўнтагидаги бир варақни чиқариб йўл йўналишини чизди ва қоғозни менга берди. Уйга келгач, қарасам орқасида унинг сиёсий бошпана олганда судда қилган нутқи ёзилган экан. Товуқни думсизлиги шарманда қилади деб шуни айтсалар керакда.

“Ўзбекистон президенти мени ўзининг яккаю ягона рақиби деб билади ва шунинг учун қувғин қилмоқда. Менга сиёсий бошпана берсангиз, мен вақтинча бу ерда яшайман, чунки халқим келажакда мени албатта, чақириб олиб президент қилади. Ўшанда мен бу яхшилигингизни унутмаган ҳолда АҚШ билан муносабатларни яхшилайман, икки давлат ўртасида қардошлик кўпригини қураман, Ўзбекистоннинг катта табиий бойликлари, яъни хазинаси АҚШ каби меҳрибон давлатга ҳам очиқ бўлади…” деганди у жумладан нутқида.

Бир куни нутқи ёзилган қоғозни қайтариб бериш ниятида гап очгандим, у мендан хафа бўлди. Худди мен унинг сирини, яни президентлигини ўғирлаб қўйгандек менга душман назари билан қарай бошлади. Ўшандан бери ҳамма жойда мени ёмонлаб юрар экан. Ҳар ҳолда ўша нутқим ҳақида айтиб қолса, ишонишмасин, деб шундай қилса керак.

Лекин кўриб турибсиз, исмини ёзмадим. Чунки орзуга айб йўқ дейдилар.

44.МУХОЛИФАТ НИМА?

Ана шундай саволни тез-тез беришади. Бунга ҳар кимнинг жавоби ҳам ҳар хил бўлади, бу табиий ҳол.

Расмийроқ тилда жавоб берадиган бўлсак, мухолифат – ҳукуматни бошқариш, жамиятни халқнинг хохиш иродаси бўйлаб йўналтириш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланишни таъминлаш учун алтернатив дастурга эга бўлган ва буни амалга ошириш учун курашга қарорли уюшган кучдир.

Буни расмий тилдан содда тилга ўгирадиган бўлсак, мухолифат мамлакатни бошқаришга қодир бўлган даъвогардир.

Унинг президент бўладиган лаёқатли лидери, мамлакатни бошқара оладиган малакали кадрлари ва бошқарув дастури бўлиши керак.

Бугун ичкарида ва ташқарида ўзини мухолифат деб атаётган гуруҳлар ёки гуруҳчаларда ана шундай пойдевор борми?

Ана шу саволни ёши саксонга бориб қолган ва шўроларга қарши курашган эски мухолифатчига қаратгандим, у׃

-Бизнинг авлод ҳам ўзи саноқли бўлганҳолда учгами, тўртгами бўлинган эди,-деди.-Кимлардир Вали Қаюмхон томонида эдилар. Кимлардир Булоқбоши тарафида, яна кимлардирБоймирза Ҳайитни қўллаган ва ҳоказо.Яна бир нечта “лидер”лар бор эдилар. Ҳаммамиз чет элларда қолиб кетдик. Сизларнинг авлод ҳам бизнинг йўлимиздан бормоқда. Наҳотки мухолифат дегани ватангадо дегани билан тенглашиб қолса?! Шундан асрасин! Ана шундан хулоса ясанг, пойдевор борми йўқми?

45.КАРИМОВНИНГ ДАСТУРИ

Ичкарида президент Ислом Каримовнинг ҳеч қандай дастури бўлмаганидек у тузиб қўйган қўғирчоқ партияларда ҳам дастур йўқ. Президент дастур, дея олдинга сурган беш тамойил қоғозда қолиб кетди ва мамлакат Ислом Каримовнинг хохиш, истак ва кайфиятига қараб бошқарилмоқда.

Хўш, дастур бўлмаса ҳам бошқариш мумкин экан, мана мамлакат йиқилмай турибдику, деган савол туғилади.

Ўзбекистон бугун оёқда турган бўлса, бу энг аввало халқимизнинг бардоши кучли бўлганидандир.

Иккинчидан эса, халқни алдаб келишмоқда. Масалан, Совет иттифоқи қулар экан Шахназарян бошчилигидаги гуруҳ қотил Гдлянлар қўли билан минглаб ўзбек бошқарувчиларини қамоққа тиқди. Каримовга кейинчалик уларни оқлайсан ва улар сенинг қулларинг бўлишади, деб ўргатишди.

Дарҳақиқат, Каримов уларни оқлаб ишларига тиклади ва ўз ибораси билан айтганда “ҳар ерда ўз одамлари” бўлишига эришди. Бу тажриба фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа бир қатор совет жумҳуриятларида ҳам тадбиқ этилди. Бугун ҳам айни тажриба давом этмоқда. Йил давомида одамлар ноҳақ айблаб қамоқларга тиқиладилар ва Мустақиллик куни олдидан президент уларни оқлайди.

Бу билан президент адолатли, бошқалар эса, зулмкор, деган кўриниш беришга уринадилар. Бугун Ислом Каримовнинг бу дастури ишламоқда. Ҳатто чет элда ҳам.

Бир маъракада Афғонистон орқали келган ўзбеклардан бири гапимни бўлди׃

-Ука эркинлик деб ҳамма нарсани гапиравериш одобдан эмас. Ислом акамиз қилаётган ишларни биз кўриб, ўқиб турибмиз. Биз ҳам Интернет деган нарсани биламиз. Мана, муборак мустақиллигимиз олдидан ҳамма қамалганларни озод қилдилар. Бундай ишга ҳатто Клинтон ҳам боролмайди. Қани келинглар, Ислом акамизни бир дуо қилайлик…

46. АЛДАШНИ БИЛАДИ

Юқоридаги каби ёзилмаган бир қатор дастурлар ўн йилдан буён фаол ишлаётганини айтиш керак. Масалан, халқнинг маошларини ошириш ҳақидаги фармонга президент имзо қўяди, орадан кўп ўтмай нархларни ошириш ҳақидаги ҳужжатни эса, Бош вазир имзолайди. Тўғрироғи бу ҳужжат унга измолатилади.

Бугун Ўзбекистонда кўпчилик ҳуқуқ тартибот идоралари ишидан норози. Шикоят билан Каримовга бораман, деб уринганлар сон мингта. Халқ (ҳар ҳолда кўп қисми) нега ҳалига қадар парда орқасида Каримовнинг ўзи турганини англаб етмаяпти. Чунки одамлар олдида яна бир дастур томошаси ўйналмоқда.

Мажлисларда президент ҳукумат аъзолари ва бошқа раҳбарларни жуда қаттиқ уришади ва бу телевидение орқали халққа кўрсатилади. Каримов қийналиб кетган раҳбар ролини шундай усталик билан ўйнайдики, буни кўриб турган деҳқон “Вой бечора президентимиз, ёлғизланиб қолибдику!” дейди.

Кечагина ўзи ишга тайинлаган бир раҳбар ёқмай қолса, уни шундай ёмонлаб ишдан оладики, томошабин деҳқон” атрофидагилар ўғри, муттаҳам бўлса у нима қилсин” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолади.

Ҳа, содда ўзбекни қандай қилиб алдашни билишади.

Ўзбекистонга бориб келиб юрадиганбир ўзбек ана шу ҳақда гапириб қолди. Ҳар қанча уринсам ҳам бефойда.

-Мен эшитганимга эмас, ўз кўзим билан кўрганимга ишонаман,-деди у.- бечора Ислом акамиз Жўрабеков, Алимов, Алматов деган одамларнинг дастидан бир иш қилолмай қолибдилар. Шунинг учун у кишини айблайвериш инсофдан эмас.

-Диктатура шароитда бошқаларнинг ўрни йўқ…

Гапим чала қолди. Ҳалиги одам мавзуни бошқа томонга буриб юборди.

47.КАШФИЁТ

Илгари одамларнинг қиёфалари, характерлари ёки ҳаракатларида турли ҳайвонларга ўхшашликлар борлиги ҳақида ўқиган эдим. Баъзиларга шунга қараб лақаб ҳам қўйишганини билардим. Мажлисларда шу ёдимга тушса, ҳайъатда ўтирган “Ҳўкиз”, “Қўй”, “Туя” ва “Бойўғли”ларга термулиб, жилмайиб қўярдим.

Яқинда Америкада бир кашфиёт қилдим. Одамларнинг мева-сабзавотларга ўхшаганлари ҳам бўлар экан ва бу уларнинг ўзликларига сингиб, кундалик гап-сўзларида ҳам ифодасини топар экан.

Америкада яшайдиган У. кимдан ранжиса ўшани “Шолғом” деб сўкар экан. Бундай қараб турсам, ўзининг сочлари тўкилган, ёзи ҳам худди шолғомдек думалоқ ва ярим қизил бўлиб қолган. Биров ҳақида салбий гап очса, худди шолғомдек қизара бошлайди. Фақат бошига шолғомнинг “думи”ни қўйиб, фараз қилсгангиз, бас, кўз олдингизда Олой бозорида қараб-қараб, ўтиб кетганингиз, “Қишда шамоллаганда ейиш керак, балки мошхўрдага солармидик” деганингиз шолғомлар келади.

Бошқа бир танишим, рақиблари ҳақида гап кетса, “Қалампир” деб қўяради. Унга ҳам зеҳн солсам ўзи қалампирга ўхшар экан. Боши теппасидан пастга, тумшуғига қараб ингичкалишиб борган ва чанаси қалампирнинг учига ўхшаб қолган. Ё, тавба, Худонинг қудратини қаранг, ким ўзи нимага ўхшаса бошқаларни ўшанга ўхшатишга ҳаракат қилар экан. Қалампирнинг “ҳунарлари” ҳақидаги гаплар ёдимга тушса, танишимнинг ҳам ҳамма ёғингизни ачитиб юборадиган қилиб айтадиган аччиқ-аччиқ гапларини эслайман.

Ўзбекистондан Америкага келиб қолган бир жувон ўзини жуда билимдон ва бошқаларни ахмоқ деб ўйласа керак, ким билан гаплашмасин орқасидан камситувчи оҳангда׃

-Туршак, инглиз тилини ҳам билмайди-я,-деб қўярди.

Айтишларича, у жаҳли бурнининг учида бўлганлардан экан ва бировдан хафа бўлса ҳам унинг орқасидан гапирганда “Туршак” дер экан.

Яқинда уни бир мажлисда учратиб қолдим ва тикилиб турсам…раҳматли бувимнинг туршаклари ёдимга тушди. Уйимиз ёнидаги ўрикнинг остига тушганларини териб, пуфлаб-пушлаб офтобрўяда қуритар эдилар. Кейин орасидан довучча ҳолида қуриб қолганларини териб, улоқтирар эдилар. Бу ёшлигида муриб қолган жувон ўша довучча туршакларни эслатди. Ё, Парвардигор, дедим, бунча мўъжизанг кўп экан.

Ҳалиги жувон ёш бўлишига қарамасдан юзлари буришган, ичидаги қандайдир нафрати пешанасига уриб, қошларининг теппаси тиришиб қолган эди. Унинг бу туриши туршаксеварларга ёқиб кетар балки?! Лекин улар ҳам унинг довучча-туршак эканлигини, тишлаганда тишни синдириши мумкинлигини билганларидан кейин юз буриб кетсалар ажаб эмас?!

Мана сизга кашфиёт. Бунинг кашфиёт эканлигига қўшилишингиз учун ўзингиз кундалик ҳаётингизда қайси мева ва сабзавотларнинг номини кўпроқ ишлатишингизга эътибор қилинг ва сўнгра бориб ойнага тикилинг. Ёки атрофингиздагиларни кузатиб, ораларидан “Гилос”, “Олма қоқи”, “Шафтоли”ларни топишингиз мумкин.

Тополмасангиз ёки бошқаларга нисбатан бундай сўзларни ишлатмасангиз, демак сиз янги ўзбеклардан бирисиз.

48. ДЕМОКРАТЛАР

Ислом Каримов ё референдум ёки сайлов ўйини ўтказиб ўз президентлик муддатини мана кўп йилдан буён давом эттириб келаяпти. Ҳар ҳолда Аллоҳнинг иродаси билан ўртага тобут тушмаса (ўлимини тилаётганимиз йўқ, баъзилар учун яшаш ҳам жазо) бу иш давом этаверади.

Хўп, буни-ку ўзбекча қилиб айтганда “Худо урган” экан, уни танқид қиладиган демократларга нима бўлган?

Масалан, Эрк партияси уставида (агар ҳозир сиртдан ўзгартириб қўйишмаган бўлишса) раис ҳар тўрт йилга сайланади ва икки мартадан ортиқ сайланишга ҳаққи йўқ дейилган эди. Шундай талаб “Бирлик”ка ҳам қўйилган. Аммо раислари Каримов каби жиловни маҳкам тутишган. Баъзан қурултой ҳам қилдик ёки қурултой қилишга имкон йўқлиги учун мажбуран раис бўлиб юрибмиз дейишади.

Наҳотки, демократия баҳоналар қўрғони бўлса? Ёки буларнинг ҳам демократлиги Каримовники каби-ми?

Ҳар ҳолда шундан бўлса керак-ки Каримов умрбод президентлик ҳақида одим ота бошлаган кунларда улар миқ этмадилар.

Каримов ичкарида, улар эса хорижда…

Бу ҳақда ўйлашга эса Туркия орқали келиб АҚШда яшаётган Абдуҳаким аканинг мана бу сўзлари сабаб бўлди׃

-Ҳали Ислом ака қизини ўз ўрнига қўйиб кетса ажабланмайман. Мухолифатдагилар ҳам ўз ўринларига болаларини қўйиб кетсалар бунга ҳам ажабланмайман. Чунки бугун демократияни карнай қилиб, кун кўриш учун мусиқа чаладилар. Фақат Ўзбекситонда эмас….бошқа жойларда ҳам ана шунақа׃“ҒАТ”- “ҒАТ”.

49. АМИР ОЛИМХОН ХОНАДОНИДА ТЎЙ

Бу йил қиш оғир келди. Муз остидан чучмомолар аранг бош кўтарган каби одамлар ҳам баҳорда тизза бўйи қор кечиб чарчоқ кўрпасига ёпингандилар. Шундай кезда бу ҳолатнинг ҳамма нарсага таъсири бўлади. Ҳатто тўйга ҳам. Рақсга тушаётган қизларнинг Америкага хос бўлмаган ҳолда баҳорни акс эттирган кўйлаклар кийганлари, соқоли сабза урмаган ўсмирлар ҳам куёвларга қиёсан костюмларига гул тақиб олганлари, кекса момолар эса бошларига қалин рўмол эмас, балки ҳарир матолар ташлаганлари… хуллас , ҳаммаси диллар баҳорга ташналигидан дарак эди.

Пойтахт Вашингтоннинг шундайгина биқинида Пентагон шаҳарчасидаги ҳашаматли меҳмонхонлардан бирининг тўйхонаси 2003 йилнинг 12 Апрелида ўзига хос равишда иккига ажратилган эди. Бир томонда бухороликлар (асли келиб чиқишлари Бухоро амирлиги ҳудудига кирган жойлардан бўлганлар) ва иккинчи томонида Афғонистон жанубидан келганлар…

Ўртада Амир тахти каби кўшк. Тахтда келин билан куёв. Кўёв Амир Олимхоннинг кенжа невараси Тамим ва келин Қандаҳор собиқ ҳокимининг қизи Рўё…

Таним “Америка Овози” радиосида ишлайди. Афғонистонга дастур узатадиган бўлимида. Шу ерда Амир Олимхоннинг кенжа қизи Шукрия Олими- Раад ҳам узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатади. У илгари Ҳиндистонга дастур узатадиган Ўрду бўлимида диктор бўлган бўлса, ҳозир Дари бўлимида ишлайди. Шукрия Олими куёвнинг холаси бўлади. Радиода Амир Олимхон хонадонига куёв бўлган ўзбек журналисти Нусратуллоҳ Лаҳееб ҳам ишлайди. Шу боисдан ҳам тўйда радиодан меҳмонлар ҳам ўзига хос бир гуруҳ эди. Жанубий ва Марказий Осиё идорасининг раҳбари, филология фанлари доктори Муаззам Сиддиқий ва илгари ўзбек бўлимини бошқарган Абдулла Чиғатой, АҚШдаги туркистонликлар жамиятининг илк раисларидан бири бўлган Неъмат Бегиш ва ҳоказо.

Бугун Ўзбекистонда улуғланаётган Файзулла Хўжаевчиларнинг талаблари билан коммунист руслар Бухорони бомбардимон қилган, қонга ботирган 1920 йилнинг биринчи сентябридан кейин Амир аввал Сурхондарё ҳудудларига ва кейин Афғонистонга ўтиб кетган, 1944 йилда 64 ёшида (1880-1944) оламдан ўтганди. Шуни айтиш керак-ки, Амир Олимхон туркий қавмларнинг энг йирикларидан бири бўлган манғитлар сулоласига мансуб эди. Шўролар тарихида отаси Амир Абдулъаҳадхондан кейин Бухоро тахтига ўтирган Олимхон пайтида русларга қарамлик кучайгани ёзилади. Аммо унинг руслар томонидан ҳужумга маъруз қолгани ҳам сир эмас. Тарихнинг бу зиддияти келажакда ҳақиқий тарихни ёзадиганларга ҳавола.

Маълўмки, Амирнинг бир қанча хотини бўлгани айтилади. Дарҳақиқат, тўйга келган-кетганларни Абдулла Чиғатой таништириб турар экан, чалкашиб кетдим. Кейин Нусратуллоҳ аканинг ёрдамида аниқлаб олдим. Чунки бу ҳам Ўзбекистон тарихининг ёзилмаган оқ саҳифаларини тўлдириш учун хизмат қилса не ажаб?!

Саид Амир Олимхоннинг хотини (ёки хотинларидан бири) Сабо ая 93 ёшда эканлар. Бизнинг ёнимизда ўтиргандилар. Шукрияхоннинг онаси. Улар биргаликда яшар эканлар. Шукрияхоннинг бир ўғли ва бир қизи бор экан, эри Азимжон оламдан ўтган экан.

Амирнинг Хурсанда деган хотинидан бўлган қизи Шожон ҳам шу ерда. У тўй боши. Шожон аянинг турмуш ўртоғи Сайид Ислом оламдан ўтган эканлар.

Амирнинг қизи Шожон аядан Нуржаҳон, Фатҳия, Симо, Нафиса, Назифа, Ҳасина деган қиз неваралари ва Аслам, Салим, Тамим деган ўғил неваралари бўлиб, кенчаси уйланаётган эди.

Ҳамкасбимиз Нусратулла Лаҳееб Амирнинг невараси Фатҳияга уйланган, унинг болалари, бошқача айтганда Амирнинг чеваралари Назоҳат, Фариҳа, Фаридун ҳам шу ерда.

Саид Амир Олимхоннинг Султона деган хотинидан валиаҳд ўғли Умархон тўйга кириб келар экан, кўпчилк унинг ҳузурига ошиқди. Валиаҳднинг ҳаракат ва одимларида ҳали ҳам амирона услуб сақланиб қолгани қизиқ эди. Кўриниб турибдики, Амирнинг Америкадаги хонадони унинг уч хотини билан боғлиқ.

Амирнинг хос соқчиси Ҳасан шоҳнинг ўғли Муҳаммадшоҳ (Шукрия Олими билан сут эмишган) ҳам даврда…

Амир хонадонининг бир қисми Канадага узанган экан. Зотан келин ҳам канадалик.

Тўйнинг охири яқинлашиб келар екан, Бухоро, умуман Шарқ анъаналарига хос удумлар бошланди. Келиннинг қўлига ҳино қўйишдан, чимилдиқ тортиб келин ва куёвга ширинлик едиришу ойнага қаратишга қадар…

Худди оғир қиш чекиниб баҳор кириб келганидек, Амир хонадони ҳам узоқ йиллик сарсонгарчиликлардан кейин энди бир орага келган, қайта бошдан баҳорни яшаётгандек эди.

…Тарих кимгадир ёқиши ёки кимгадир ёқмаслиги мумкин.

Тарих ўз мустақиллигини сақлагандагина тарих бўла олади. Унга зуғм қилиш, уни ўз хохишига қараб ёздириш унинг умрини емиради ва бир кун келиб тарих қайтадан ёзилади. Ана шу қайта ёзиладиган тарихда оқнинг ҳам, қоранинг ҳам, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ўрни бўлмоғи шарт. Ўшандагина у тарих бўлади.

Хорижга, ҳижратга кетган ҳар бир ўзбекнинг тақдири Ўзбекистон тарихининг бир саҳифасидир. Амир Олимхон хонадонининг ҳикояси эса яна ҳам кенгроқ ўрин тутмоғи керак бу тарихда.

50.ДУШМАНЛАР

“Америка овози”да ишлаганлардан икки нафари узоқ йиллардан бери бир-бирларини кўрсалар юзларини бужмайтирмасдан, бир нималар деб пичирламасдан ўтолмас эканлар.

Битта хонада ишлайдилар. Икки бурчакдан ўтиришади. Бир-бирининг юзини кўрмаслик учун ўртадаги девор-тўсиқ пастлик қилади, шекилли, тўсиқ устига алламбалоларни териб ташлашган. Ким билан бирор мавзуда гап бошлашмасин, албатта, охир оқибатда нариги бурчакдагини ёмонлаб қўйишарди.

Бир-бирини ёмонлаб туришса ҳузур қилишар, ёмонлашга улгуришмаса хасталаниб қолишаради.

Ана шу зайл қарийб 20 йил бир жойда ишлабдилар.

Мен ишга келган кунларим бурчакдагилар вақт топишлари билан қулоғимга шивирлашарди. Индамай эшитиб, индмай кетаверардим. Бурчакдагилар ҳам мен индамай гапларини эшитгани учун мени мақтаб юришарди.

Бир куни бўлимда битта ўринни қисқартирадиган бўлишди. Раҳбарлар мени сақлаб қолишмоқчи бўлишибди деган гап чиқиб қолди.

Кутилмаган воқеа юз берди. Бурчакдагилар бирданига опоқ-чапоқ бўлиб қолдилар. Девор-тўсиқ олиб ташланди. Уларни кўрган одам бир – бирларига меҳрибончилик қилишларига қараб қувониб кетарди.

Кўп ўтмай бу дўстликнинг сири очилди. Улар биргалашиб шикоят ёзган эканлар. Кимлардир қонунларни бузмоқчи ва янги келган одамни сақлаб қолмоқчи деб. Бунинг имкони йўқ эди. Мен ҳам билардим, бошлиқлар ҳам.

Менинг штатим қисқарди.Кетаркан, майли мен туфайли неча йилдан буён душман бўлганлар дўстга айландилар, деб ўзимни овутган бўлдим.

Аммо янглишган эдим. Яна штат очилиб мени чақиришганда келиб кўзларимга ишонмай қолдим. Мен кетишим билан яна бурчакдагилар девор-тўсиқ ўрнатишибди ва устига эски нарсаларини териб, бир-бирларига юзларини бужмайтириб юрадиган бўлишибди.

51.БОШЛИҚ

Бир жойда узоқ муддат бошлиқ бўлишнинг шартларидан бири қўл остингдаги одамларни бирлашишга қўймаслигинг керак. Бу фалсафа фақат Ўбекистонда ҳукмрон десам бошқа жойларда яшаган ўзбеклар орасида ҳам кенг ёйилган экан. Радиода бизнинг бошлиқ афғонистонлик ўзбеклардан эди. Яхши одам. Ишининг кўзини билади. Аммо бўлимдагиларни бир – бирига ёмонлаб турарди.

-Бундай ҳолда,- дейди у ўз иш услуби ҳақида очиқча гапириб-, уларда бирлашиб туриб сенга қарши курашиш истаги йўқолади. Улар душманни сендан эмас, ўз ораларидан излайдилар.

Лекин бировни бировга ёмонлашда ҳам уста бўлиш керак экан. У гапни очиқ айтмайди. Ана у иккитадан биттаси бугун келиб, мана буни кўрсатди, деб сиз ҳақингизда ўзи қидириб топган камчиликни ўртага қўяди. Албатта буни унинг ўзи қидириб топганини ўш пайтда билмайсиз.

-Лекин эътибор қилманг, мен унга қўл силтаб юбордим. Иш бор жойда камчилик бўлади-да. Парво қилманг,-дейди мулойимлик билан у. Шу билан ўзини сизга яқин ҳам қилиб кўрсатади. Истанг истаманг, сизда унга нисбатан хайрихоҳлик пайдо бўлади.

Аслида ростдан ҳам парво қилмайдиган камчилик бўлса ҳам барибир парво қиласиз. Ўз ёғингизга ўзингиз қоврилиб юраверасиз.

“Бошлиқлик-маҳорат” деганлари шу бўлса керак-да. Биз бўлимда ҳаммамиз ўз орамизда бир-биримиздан ранжиб юрсак-да ҳар биримизни алоҳида олганда бошлиқ билан муносабатимиз яхши эди.

Яъни ҳар биримиз уни ўзимизга дўст деб ҳисоблардик. Ҳатто алдаб турганини билсак-да.

Демак, бошлиқлар ҳам биздан, яъни бизнинг орамиздан чиққан кишилар.

Биз ўшанда иккига бўлиниб парчаланиб кетдик…

52. БУ ҲАМ БИР “ХИСЛАТ”

Кўп халқларда бир нарсани ваъда бериб қўйишса, агар уддасидан чиқа олмаслар, буни бажара олмадим деб узр сўрайдилар. Бунинг учун биров-бировни уриб ўлдирмайди. Бизда эса, бажара олмасак, ўзимизни еб-кемирамиз. Ёки бу масалани яширишга, унуттиришга уринамиз. Яъни ҳеч нарса бўлмагандек билмасликка оламиз. Бунинг илдизи узоқда бўлса керак.

“Ваъда вафоси билан”.

“Ваъдани бердингми, бажар”.

“Айтилган сўз, отилган ўқ”.

“Йигитнинг сўзи ўлгани-ўзи ўлгани”…

Жуда кўп шунга ўхшаш гапларимиз бор. Балки иллатларимиз илдизи шунданмикан? Билмадим. Лекин бугун шахслар у ёқда турсин, партиялар, ҳаракатлар ҳам бу иллатнинг қурбони. Қуш уясида кўрганини қилади.

2002 йилнинг 11-14 март кунлари Ислом Каримов Вашингтонга келди. Сафар арафасида “Бирлик” Оқ уй ёнида пикет қилишини эълон этди. Кейин “ЭРК” пикетни “Бирлик” эмас, биз қиламиз деб чиқди. Ўртада роса тортишув бўлди.

Ҳамма билиб турарди, “Бирлик” ва “ЭРК” деб гапираётганлар 2-3 киши эди, холос. Шу боис ҳам натижага қизиқиш катта бўлди.

Каримов келган куни “ЭРК” сайтида қирғиз хабарлари бор эди, Пикет ҳақида гап йўқ эди. “Бирлик”нинг форумида эса, “Пикет нима бўлди?”, деган саволлар кўпайиб кетди. Кейин танқид бошланди. Ёзувлардан бири қизиқ эди.

Тарихчи тахаллуси билан ёзган одам, “2002 йилнинг 12 Март куни “Бирлик” ва “ЭРК” қолдиқлари учун мотам кунидир” деб ёзди.

Унга жавоб ёзган яна бир одам эса, “Бу Пўлатовлар ва М. Солиҳнинг битган кунидир, деб ёзди.

Аслида “Бирлик” ҳам, “ЭРК” ҳам бизга маълум бир сабабларга кўра, масалан одам тўплай олмаганимиз учун пикетни қила олмадик, деб ёзса олам гулистон эди. Ёки олдинроқ Пикет қолдирилгани ҳақида маълум қилишлари мумкин эди. Лекин йигитнинг сўзи ўлгани-ўзи ўлгани эмасми, лом-мим дейишмади. Аксинча, пикет бўлиши ҳақидаги барча ёзувларни олиб ташлаб, сайтларини тозалаб қўйишди. Бу ҳам бир “хислат”!

“Ҳукумати қандай бўлса, мухолифати ҳам ўшандай-да”, деб ёзган бир ўқувчи жуда ва жуда ҳаққа ўхшайди.

53.ТУРЛАНИШ

Хорижда яшаётган бир опахонннинг ёшликдаги дугонаси келганда у уни ҳар куни меҳмонга олиб бориб мақтар, бу дунёдаги энг азиз кишим, деб айтар эди. Кунлар ўтиб дугонасининг қизини укасининг ўғлига олиб берди. Қудалар апоқ-чапоқ бўлиб, дугоналарнинг орасига қора мушук оралади.

Опахон ҳамма жойда ўз укасини айблай бошлади, “келини ҳали Ўзбекистондан келиб тил ўрганган эмасу институтда ўқияпти деб ёлғон гапиради” дерди.

Дугонаси ҳақида ҳам энг ёмон одам ҳақида айтиладиган гапларни гапириб юрди. Орадан олти ой ўтиб қудаларнинг ораси бузилди.

Энди опахон дугонасини мақтаб юрибди яна. У дугонасини кўкларга кўтариб мақтаркан, у олтин қиз етиштирганини айтарди.

Бир ҳафталик ташвиқотдан кейин опахон радио бўлими бошлиғига учраб “келинимиз университетда ўқияпти” деди ва уни ишга олишни илтимос қилди.

Уни ўзингиз қоралаб юрган эдингиз, энди мақтаяпсизку, деган саволларга, одам тош эмаску, одам ўзгариб туради деб жавоб берарди.

Ҳа, одам ўзгариб, турланиб турар экан. Бунинг ёрқин мисоли унинг ўзи эди.

54.ТАСОДИФ

Ўзбекистондан келган меҳмонлар иккита совға олиб келишган экан. Бири хонанда Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари ёзилган CД(диск), иккинчиси эса, ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари битилган касета.

Дискда президентга ҳамду сано ўқиган сарой фидокорининг тўплами. Диск қутисининг ҳам ичи, ҳам ташқарисида унинг суврати. Ёзувлар ҳам зарҳал. Овознинг техник сифати ҳам юксак. Ўзбекистонда ҳар куни кундан тунга қадар такрор ва таркрор бериладиган қўшиқлар. Эшитсангиз кўнглингиз бузилади. “Ватан сотқинлари”, “элфурушлар”, “президент халқнинг отаси”, “шоду хуррамликлар” ва ҳоказо гаплар. Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойинг боласи гапирсин деганларидек, Юлдузнинг оғзи қийшиқ бўлмаса ҳам, бойга яқинлиги сезилиб турарди.

Касетада эса, Дадахон Ҳасаннинг Туркистон ва Ўзбекистон ҳақида ёзилган ва басталанган янги қўшиқлари. Туркистон бирлигини унутганлар, Ўзбекистонни мардикор бозорига айлантирганлар, зулм занжирини тутганлар, халқнинг оғир аҳволи ҳақида. Касетадаги ёзув сифати паст. Ўзбекистонда бир марта ҳам эшиттирилмаган қўшиқлар.

Бу икки ҳадя балки тасодиф эмас, солиштириш учун атайлаб берилган ҳам бўлиши мумкин.

Аммо мени ҳайратга соладигани халқимиз ҳар иккисини ҳам бирдай эшитавериши эди.

55.ЗИДДИЯТ

“ЭРК”сайтида шундай баёнот берилди:

“Каримов қандай “мухолифат” билан гаплашмоқчи

05.04.2002

ББC хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзининг “мухолифат” билан музокаралар олиб боришга таёрлигини айтган. Аммо худди бундан 7 йил илгари бўлганидай, фақат “экстремистик” бўлмаганлари билан гаплашажагини таъкидлаган. Каримов “экстремизм”да айбламай, 1996 йилдан бери Ўзбекистонга таклиф қилинаётган “мухолифатчи”лар эса,, ҳаммага маълум – булар “Бирлик”чи ака-ука Пўлатовлардир.

Аммо негадир бу шахслар Каримовнинг таклифини рад қилиб, Ўзбекистонга қайтишни истамаяптилар. Каримовнинг улар билан қиладиган бу сафарги “мулоқоти” ҳам аввалгиларидай якунланиши турган гап, чунки, бу “мухолиф”ларда Ўзбекистонга қайтишга рағбат йўқ”.

Айни гапни Муҳаммад Солиҳ айни кун “Озодлик” радиосидан ҳам гапирди. Энди Каримовнинг гапига қаранг׃

(Айнан сўзма-сўз): “Мухолифат деб сўраяпсиз. Ман мухолифатни, айтайлик ҳаммасини бир кўз билан қарамайман. Яъни, ҳақиқий мухолифат бўлса, мана шу юртни, Она-Ватанни агар келажагига ҳиссса қўшмоқчи бўлса, лекин уни фикри, зикри ёки қарашлари, сиёсий қарашлари ёки мана шу иқтисодий масала бўйича олиб борадиган ислоҳотларни бошқача олиб бориш деган таклифларни бизлар инобатга олмасдан, улар билан келишмасдан қилаётган бутун ҳаракатларимизни агар танқидий кўз билан қарайдиган бўлса, бизлар тайёрмиз. Бу нуқтаи-назардан мана шу масала бўйича бизлар бўлиниб кетган бўлсак ёки уларни қарашлари бизага айтайлик бугун қабул қилинмаётган бўлса, яна бир марта буларни кўриб, мана шу ислоҳотларни ҳозир янги поғонага кўтариш масаласида, уларни айтайлик таклифларини олишга, жорий қилишга ҳам тайёрмиз. Агарки улар очиқ юз, очиқ кўз билан, чеҳра билан бу ёққа келсин, мен ўзим қабул қилишга тайёрман. Феврал ойидаги портлаш, террористик акцияларда қатнашган одамларни, ёки халифат қурамиз деган қарашларга, интилишларга агар берилаётган мухолифат десангиз, мен уларни мухолифат дейишга тилим бормайди. Шу нуқтаи-назардан, мен Сиздан илтимос қилмоқчи эдимки, агар “Озодликъ орқали шуни бермоқчи бўлсангиз, мани жавобимни, мана шу масалага алоҳида урғу бериб, алоҳида эътибор бериб, тўғри тушунтириб берсангиз”.

Каримовнинг бу гаплари 2002 йилнинг 4-5 Апрел кунлари “Озодлик”, ББC ва “Америка Овози” радиоларининг Ўзбек тилидаги эшиттиршларида берилган.

Худди, Муҳаммад Солиҳ, ҳа, биз 1999 йил воқеаларига аралашганмиз, Ислом давлатини истаймиз, халифалик қурмоқчимиз, фалончилар эса, йўқ деяётган, буни тан олаётган кишига ўхшаб қолмоқда.

56. ЯНА ЗИДДИЯТ

“ЭРК” веб саҳифасида яна бир баёнот берилди ва буни ҳам Муҳаммд Солиҳ “Озодлик”да айнан ўқиб берди׃

“КАРИМОВНИНГ МУДДАТИ ЯНА ИККИ ЙИЛГА УЗАЙТИРИЛДИ

05.04.2002

Ўзбекистон Олий Кенгашинининг бугун якунланган сессияси келгуси Президентлик сайловларининг аввал белгиланганидай, 2005 йилда эмас, 2007 йилда бўлажаги ҳақдаги қонунни қабул қилди. Яний, бошқача айтганда, Каримовнинг президентлик муддати яна 2 йилга узайтирилди.

Президентлик муддатини 7 йилга узайтириш учун ўтказиладиган Референдум олдидан И.Каримов бутун дунёни “бу референдумнинг менинг президентлик муддатимга ҳеч алоқаси йўқ, бу келажак президентлар учун қилинаяпти”, деб алдашга урунган эди.

Илгарии ҳам бир марта Каримовнинг президентлик муддати узайтирилган ва ўшанда ҳам, у “агар менинг муддатими узайтирсанглар, номзодимни бошқа президентликка қўймайман”, деб ёлғон сўйлаган эди.

Шундай қилиб, агар Каримов 2007 йилгача президентлик қиладиган бўлса, ушбу 15 йиллик президентлик муддатининг том ярми мутлақо ноқонуний (нолегитим) бўлади. Бундай кишилар қонун тили билан айтганда, “узурпатор” деб аталиб,дунё практикасида ҳокимият узурпацияси учун қаттиқ жазолар белгиланган”.

Баёнот шу, хўп нима бўлибди дейсизми?

Гап шундаки, Муҳаммад Солиҳнинг аксарият даъволарида у Ислом Каримовнинг 1991 йилда сохта овозлар билан ҳокимиятни олганини ёзиб келган. Бу ерда эса, у “ушбу 15 йиллик президентлик муддатининг том ярми мутлақо ноқонуний (нолегитим) бўлади” деб олдинги сайловларни легитим деб билмоқда. 15 йилнинг том ярми қонунсиз дер экан референдумлар билан сайланишни айтмоқда, бу ҳолда олдинги сайловлар қонуний бўлган деган хулоса чиқади ва яна ўз-ўзи билан зиддият.

57. АДВОКАТ

Нигора Ўзбекистонда адвокат эди. Эридан ажралган ва уч боласи билан яшарди. Топгани оиласига етарди. Аммо қизини узатиш вақти келганда у маҳалладаги бойваччалардан орқада қолишни истамади. Баъзилари чет элга кетиб, “яшили” дан олиб келаётгани унга ҳам “илҳом” берди. Осилсанг баланд дорга осил, деган гапга амал қилиб Америкага бориб, ишлаб қайтмоқчи бўлди. Паспорту виза ишлари учун беш минг доллар қарз олди. Америкага келиб, кўрдики, доллар дарахтларнинг остида сочилиб ётган эмас экан. Доллар хазон ҳам эмаски, уни супуриб олиб кетса?!

Оилаларда чўрилик қилишга мажбур бўлди. Аммо фақат харажат қилган пулини тўплаб олиши учун бир йил керак бўлди. Кейин яна бир оз ишлаб, қўшимча пул билан қайтишни ўйлади.

Бу орада виза муддати ўтиб кетди. Шунча одам юрибдику мен ҳам юравераман, деди. Бир куни қўлга тушиб қолди. Виза муддати ўтгани учун АҚШдан чиқариб юборишар-да деб ўйлади. Аммо унга Ўзбекистонда виза олиб берганлар ишни сохта қилишган экан. Олти ой деганда қўлидаги пулларини тўлаб аранг қамоқдан чиқди. Бу орада Америкадаги адвокатлар қанчалик бойлигини ҳам кўриб, дард устига чипқон дегандек эзилгандан эзилди.

Тошкентга қайтганда соғлиғини ҳам йўқотганди. Аммо даҳшатлиси кейин бошланди. Беш минг доллар бу орада фойизи билан ўн мингга чиқди ва қарз берганлар охир оқибатда унинг ҳовлисини олишди. У ҳозир болалари билан синглисиникида яшаётган экан.

Шуни айтсалар керак, туяқушнинг ортида югурган товуқнинг ҳолига вой, деб. Аммо адвокат товуқ эмас… Балки бу ерда билганини билмаган, ўқиганини уқмаган қозиғини йўқотар, деган гап тўғри келиши мумкин.

Балки у шунчаки адашаган ҳам бўлиши мумкин.

58.ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ

Ўзбекситонда машҳур бўлган аёл журналистлардан бири ҳам доллар ишқига тушибми, Америкадан борган ўзбек “акахон”ининг гапларига ишонибми, хаёллар мамлакатига келди.

У аввалига ўзбек “акахон”нинг уйида чўрилик қилишга мажбур бўлди. Кейин ундан пулини ҳам ололмади. Бошқа ўзбеклар орага тушиб ишлаганларининг бир қисмини ўндириб беришди. Яхшиямки у инглиз тилини билар эди. Бошқа бир жойдан иш топди. Иши юришиб кетди.

Ўзбеклардан инглизлар яхши экан, деб оғзини тўлдириб гапириб ҳам юрди. Аммо отасини ўлдирганни бир ойда унутиб, “ҳап сеними” деб қўйганимни бир умр унутмайман, деган гапни ёдидан чиқарганди.

Бир куни муҳожирлар идорасидан келиб уни текширишди ва визасининг муддати ўтгани учун паспортига АҚШ га қайтиб киритилмасин, деган муҳрни уриб чиқариб юборишди. Энди уни АҚШга олиб келган ўзбек акахон мақтаниб юрибди, ўзим олиб келдим, ўзим жўнатиб юбордим.

Маълум бўлишича у виза муддати тугашини кутиб юрган ва вақт келиши билан муҳожирлар идорасига телефон қилиб айтган экан. Ана шунақа, ишонмагин акангга, аканг сотар яканга, деганлар.

Аммо бу сафар таниқли журналистни “акахони” яканга ҳам эмас, якансиз-пакансиз шунчаки сотиб юборди.

59. “БОЛАМ-А, БОЛАМ!”

Саиднинг отаси Термездан Афғонистонга ўтиб кетган экан. У оилали бўлгач,Америкага олти боласи билан келди. Америкада бир боласи бўлганларнинг фиғони фалакда бўлган бир пайтда Саидни кўришганда унга қанчалик ачинишганини тасаввур қилиш қийин эмас. Саид аввалига оилани ўзи билганидек бошқарди. Болаларини истаса сўкар, истаса урар, истаса суяр эди. Вақт ўтиши билан болалари мактабдан янгиликлар топиб кела бошладилар:

-Ота-оналар болаларини уриши мумкин эмас экан,- дейишди улар.

-Бекор айтибди ўқитувчиларинг,- жавоб қилди Саид.

-Агар ота-оналар болаларини урса, улар дарҳол полицияга телефон қилиши керак экан, -деди болалар.

-Ўқитувчингни падарига лаънат, -деди Саид ва мактабга борди.

-Болаларим оиладан узоқлашаяти,- деди у,- бизнинг йўлимизга юришлари учун сизлар ҳам ёрдам қилсангизлар дегандим.

-Кечирасиз, биз уларга ўз йўлларини кўрсатишга уринаяпмизу сиз бўлсангиз тескарисини талаб қилаяпсиз. Болалар мустақил бўлишлари керак, ўшанда мамлакат ҳам мустақил бўлади.

-Саид бошини деворга урса қон чиқмас ҳолга тушди. Болалари “ғиди-биди” қилишганда яна ураверди.

Бир куни ўғли 9-11 рақамини терганди, уйининг олдига бир зумда уч-тўртта полиция ҳамда ўт очиришва тез ёрдам машиналари шовқин-сурон билан етиб келди. Қамоққа кетишдан аранг қутулиб қолди.

-Дада, агар яна уришсангиз чиқиб кетишим керак экан,-деди ўғли орада таржимонлик қилиб,- ота-онаси билан келишмаганлар учун махсус уй бор экан. Ҳамма нарсани бепул беришар экан.

-Керак бўлса яна ураман, деди Саид,- мани қамайди деган эдинг, олиб кетишмадику!

-Мен урганлари йўқ, урмоқчи бўлдилар ,-деб айтдим,-деди боласи.

Энди Саид жаҳли чиққанда “Болама-болам”, деган ашулани хиргойи қиладиган бўлди.

Охир оқибат ёши бир жойга етганда болалари уни уйидан қувишибди. Яқинда уни катта бир дўконда кўриб қолдим. Икки йилдирки ўзи тенги бир қора танли чол билан яшаётган экан.

-Отам 103 кирган. Мен отамдан ўтаман,-деди у.-Ҳар куни мана шу ерда икки соат тўхтамасдан у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юраман. Саломатлигим мустаҳкам.

Оиласи ҳақида сўрагандим׃

-Улар ўз йўлига мен ўз йўлимга. Ҳар ким ўзи учун яшаши керак!-деди ва шахдам қадам ташлаб йўлида давом этди.

60. ЎЗ УСТИДАН КУЛИШ

Кавсар опа ва Умар ака …Бу оила Туркия орқали кўчиб келган ўзбеклардан. Улар

икки қизидан фақат битта нарсани илтимос қилардилар.

-Ҳамма айтганингизни қиламиз, машина ҳам олиб берамиз, ўқишингзига пул ҳам берамиз, фақат, бир кун америкаликни етаклаб келманглар,- дейишради улар.

Қизларнинг каттаси университетни битирар экан, бир куни малла бир йигитнинг қўлидан ушлаб уйига олиб келди.

-Шу йигит билан тўй бўлмоқчимиз,- деди қизи.

Умар аканинг оёғи ердан узилгандек гурсиллаб йиқилди. Кавсар опа ҳам унга қараб туриб йиқилиб қолди. Анчадан кейин ўзига келган Умар ака қизини оқ қилди. Қизи оқ қилгани нима эканлигини тушунмади ҳам. Уни уйдан қувишди. Ёшлар чиқиб кетишди ва оила қуриб яшай бошладилар. Бир йилга бормасдан оила юрмади. Ажралдилар. Қиз кўчада қолди. Ота-онада, нима қилишсин, уйга олиб келишди. Бир кетиб икки бўлиб қайтганди қиз. Неваралари ҳам маллавой.

Кавсар опа ҳали ҳам ҳеч кимга гап бермайди. Давраларнинг тўрини эгаллаб олади. Яқинда қизи ҳақидаги юқоридаги гапларни оғзини тўлдириб латифа қилиб айтиб берди.

-Қизим бир муддат бошимизни ерга қаратдинг-а- деса,м,- Мам, менку чиқиб келдим, бошқаларнинг қизи ҳали ҳам бирга яшаб юрибди, деб ҳазил қилади, жувонмарг бўлмағур. Аммо боласи бирам ширинки асти қўяверасиз. Сенга америкаликка тегма, деб 20 йил гапирдик, лекин қулоғингга оламдинг, десам׃

-Нега, олдим-ку, у йигит америкалик эмас, канадалик эди,- дейди.

Америка шунақа, ўз устидан кулишни ҳам ўргатади.

61.”ТУРКИЯГА КЕТАМАН!”

Кавсар опа билан Умар ака Америкага келган кунларидан буён мана 20 йилдир-ки доим ғарб ҳаётидан шикоят қилар ва пенсияга чиқдик-ми Туркияга кетамиз дер эканлар. Орада икки марта кетиб қолибдилар ҳам.

Биринчисида, Умар ака Истанбулда автобусга миниб тиқилинчда бўғилиб ўлишига оз қолгач, дарҳол сафар халтасини орақлаб қайтиб келишган экан.

Иккинчисида, Кавсар опа бозорлик қилиб қайтаётганда сумкасидан ҳужжатларию пулларини олиб қочишибди. Миршабларга боришса, ” Сизлар курдмисизлар?” деб сўрашибди.More…

-Нима деяпсиз, биз асл турклармиз,- дейишган экан׃

-Асл турклар қачондан бери курдларнинг лаҳчасида гапирадиган бўлишди?-деб арз-додларига қулоқ ҳам солишмабди.

Шундан кейин яна Америкага қайтиб шу ерда ҳужжатларни қайтадан тиклашибди. Яқинда Умар ака пенсияга чиқди. Кавсар опанинг ҳам пенсияга чиқишини кутмоқда. Кейин Туркияга кетар эканлар.

-Бутунлай кетамиз.- дейишаркан билганлар ҳазиллашиб:

-Буларнинг “бутунлай” деганлари “бир неча кунга” деган маънони англатади,- деб киноя қилиб юришибди.

62.ОЁҒИ ва ҚЎЛИНИ СИНДИРДИ

Умар ака хотини ўзидан 20 йилга ёш эканидан ҳаётда кўп қийналди. Мана яна қийналиб юрибди. У пенсияга чиқди, энди хотинини кутиши керак. Кавсар опанинг ёши пенсия эшигига келганда Умар ака нариги дунёлик бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳар кун жанжал. Кавсар опа ишни ташлаб кетгиси келмайди. Пенсияга етиб борса мўмайгина пул олиб яшайди. Қариганда эрсиз қолиб кетиши аниқ. Кимнинг қўлига қарайди? Америкада болалардан умид йўқ. Катта хизмат қилишса қариялар уйига олиб бориб қўйишади.

Эри унга маслаҳат берди׃

-Ногиронлик пенсиясига чиқсанг бўлмайдими?

-Соппа-соғман-ку, қандай қилиб чиқаман, бу ер Туркия эмаски, ришват бериб ишни битирсак.

Хуллас, йўлини топишди. Кавсар опа ишхонасида ўзини зинапоядан пастга ташлаб юборди. Қўли ва оёғи синди. Худди ўйлаганидек оёғи тиззасидан синди. Тиззасига туз тўплангани учун битиши қийин бўлади-да. Амалиёт қилишди. Оғрияпти, деб яна дўхтирга борди. Дўхтирлар ҳайрон. Нега оғрийди? Охири яна амалиёт қилишди. Кавсар опанинг эса, шикояти битмас эди. Ногиронликка чиқиши учун дўхтирлар қоғоз бермас, у ҳам ўжарлигидан қолмас эди, бир кун ишхонасидан қоғоз келди. Унда “Ишга чиқмаганингизга олти ойдан ошиб кетгани учун биз сизни бўшатишга мажбур бўлдик” дейилган эди.

Оёғу қўлнинг сингани фойдага қолди, деган гап шундан кейин ўртага чиқди.

63.МАТОНАТХОН

Хорижда туғилиб ўсган Матонатхон бир қарашда Ўзбекистон, ўзбеклар учун жонини ҳам беришга тайёрдек кўринади. Агар уйига меҳмон бўлиб борсангиз ёки бирор жойда учратиб қолсангиз, дарҳол сўроққа тутади:

-Укажон, Ватан учун нима қилаяпсиз? Фалон жойда фалон нарса бўлибди, шуни ёздингиз-ми? Фалон куни фалон жойда тадбир бор экан, албатта боринг, иложи бўлса сўзга чиқинг, – дейди.

Аммо ўзи бундай тадбирлардан узоқ юради. Бир куни у билан Ислом Каримов ҳақида гаплашиб қолдик.

– Қўйинг шу ҳақда гаплашмайлик, бу дунёда ҳеч ким абадий эмас, Худо унинг ҳам жонини олади бир кун, бизникини ҳам…-деди.

-Мен уни ўлдирайлик, деяётганим йўқ, аксинча узоқ яшасин, қилмишлари Ўзбекистонни қаерга етаклаганини ўз кўзи билан кўрсин,-дедим.-Бутун умр саробга ишонганини, зулмнинг охири войлигини ўз кўзи билан кўриб кетсин, шунинг учун ҳам унга узоқ умр тилаб юраман.Фақат бу одам миллатнинг ҳам, мамлакатнинг ҳам йўлига тўғаноқ бўлганини биз айтмасак, ким айтади?

– Кўп ҳам ундай эмас, Ўзбекистонга бормаганингизга анча бўлган, олдин бир бориб кўринг, Тошкентни гулдай қилиб юборганлар, ана қасрлару мана қасрлар, Ғарбдан ҳеч қолишадиган жойи йўқ. Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқарган енгил машиналар кўчаларда ғизиллаб қатнамоқда. Бозорларда ҳамма нарса бор. Биров ундай, биров бундай, ҳамма жойда ҳам етишмовчилк бўлади. Бунинг учун пошшони айблаш керак эмас. У бир ўзи, нима ҳам қилсин, бечора. Қўлидан келганини аямаяпти.

-Янги латифани эшитмадингиз-ми,- дея унинг гапини бўлдим.

-Қанақа латифа экан?

-Каримов, Акаев ва Назарбоев чой ичиб ўтиришган экан. Каримов “Мана мен жуда кўп қурилишлар қилдим, ўзимизнинг енгил машинани чиқрадим…” деб бутун ободонгарчиликарни бир – бир санаб, мақтаниб, кейин Акаев ва Назарбоевдан “Қани, сизлар нима қилдингизлар?” деб сўрабди. Улар бир оғиздан “Сиз каби унақа ишлардан қила олмадик, аммо ҳар бир қозоқ ва қирғзининг уйига олтитадан ўзбекни мардикор қилиб боғладик” дейишибди…

-Ҳа, нима бўпти,- деди опа,-ҳар ким истаган жойида ризқини теради. Кеча қозоқ ва қирғизлар ўзбекнинг мардикори бўлса, бугун ўзбек уникига борибди. Меҳнатнинг уят жойи йўқ.

-Чегараларни ёпиб ташлади. Миналар тўшади. Қанча одам ўлиб кетмоқда. Бунинг устига ичкарида ҳам маҳаллийчиликни ривожлантирди. Каримов мамлакатни шундай ҳолга солдики, ундан кейин вазият жуда ёмон бўлади. Ҳатто парчаланишга бориши мумкин,- дея унга тушунтиришга уриндим.

-Сизлар шунақа ният қилсангизлар парчаланиши ҳам мумкин. Мана биз мустақил бўлсин, деб ният қилдик, бўлди. Яхши ният қилинг, ука!-деди у буйруқ оҳангида.

-Агар ҳамма нарса ниятга боғлиқ бўлганда эди-ку кўп нарсалар бошқача бўларди,- деб, бегуноҳ одамларни қамаб юбораётгани, ҳатто болалари учун ота-оналарни, қариндошларини ҳам қамаётгани, ўн гулидан бир гули очилмаган йигитлар қамоқларда ўлдирилаётгани, мустақиллик учун курашганларни хор-зор қилгани, одамлар иқтисодий гирдоб ичига тушиб қолгани, аёллар мардикорлик қилишаётгани, эрлар иш қидириб дунёга сочилиб кетгани, ҳатто тобутни кўтариш ҳам аёлларга қолгани, жамият чириб битаётгани, мамлакатнинг бутун бойликлари бир ҳовуч одамларнинг қўлига ўтиб қолгани каби фактларни гапириб берсам, у пинагини бузмай:

-Фақат қорани қидирманг ука, яхшилари ҳам бор. Мана менинг акам, укам, жиянларим ўн йилдан бери бориб келадилар. Тошкентдан уй ҳам олдилар. Мен ҳам битта уй олиб қўйдим. Ер ҳам сотиб олдик. Дўконлар очдик. Биров мушугимизни пишт, деяётгани йўқ,-деди.

Мен бир қанча одамлар Ўзбекистонда иш бошлаб, топган тутганларидан айрилиб қайтганларини айтдим.

-Уларни танийман. Баъзилари сизга ўхшаб “нега ану бундай эмас, манабу ундай эмас” деган-да, четдан бординг-ми, нима қиласан ички масалага аралашиб? Баъзилари эса, ўша ердагиларга бир нарса бериб турмаган. Фақат ўзини ўйлайдими? Уларга ҳам бир нарса бериб турсин-да! Яна бир гуруҳи эса, пошшонинг олдинги қудаларига яқин бўлган одамлар. Уларни гапига ишонманг, Тошкентга боринг, Ислом отани бир мақтаб қўйинг-да ишингизни битириб кетаверинг, ҳеч ким сизга бир нима демайди, мана мени айтди, дейсиз. Мени ҳатто элчихонага чақириб, у бу нарса бериб, тарқатиб туринг, президентимизни танитиб туринг, дейдиган бўлишди. Зиёфатларга, кечаларгаҳам чақириб турадилар. Лекин ҳаммасидан кўз юмсангиз ҳам тинчликни шу одам қойим қилганидан кўз юмманг, ука!

-Тинчликни у одам жарнинг ёқасига олиб келганди. Америкаликлар сақлаб қолди,-дедим мен бироз эътирозли оҳангда.

– Американгиз бекордан-бекорга бир иш қилиб бермайди!

Энди тортишувга нуқта қўймоқчи эдим, аммо гапим ичимда қолмасин, дедим-да айтиб қўя қолдим׃

-Бир кун нон-туз тотган уйга қирқ кун салом бер, деганлар. Сизга бошпана берган, бутун авлодларингиз билан кўчада қолганингизда ўлимдан сақлаб қолган, бирингизни икки қилган, бугун Ўзбекистонда қаторлаштириб уйлар сотиб олишингизга имкон яратаган шу Америка-ку! Нега унда қасамёд қилиб, фуқаро бўлгансиз, Ўзбекистонда олам гулистон бўлса, нега кўчиб кетмайсиз ?

Матонат опа жаҳл билан қўл силтаб׃

-Сизни ҳам сотиб олибди булар,-деди-да кетиб қолди.

-Ҳа, сотилмаган битта сиз қолгансиз!

Аммо у бу гапимни эшитмади.

64.УЧИНЧИ ОДАМ

Америкада биринчи китобим чиққан кунлар эди. Бир куни уйга уч нафар танишим келиб қолишди. Уларга китобимни кўрсатдим.

-Бу жудда катта воқеа,-деди улардан бири.- Келганингизга энди тўрт йил бўлдию инглиз тилида, яна илмий китоб чиқаришингиз, бу ўз мамлакатингизда қадрингизга етмаганлари учун Аллоҳнинг сизга кўрсатган бир кароматидир. Бу ана у сафсата сотиб юрган дўстларингиз учун ҳам бир тарсаки. Умрларини миш-миш, иғвога сарфлаганларича ана шундай қоладиган ишлар қилсаларку бугунга қадар анча олдинга кетган бўлардик. Мен сиз билан фахрланаман, шундай ҳамюртимиз борлигидан қувонаман…

-Унинг бу қадар мақташидан ноқулай аҳволга тушдим. Чунки бу қадар осмонга кўтарадиган эмас, балки камтарона бир иш қилгандим, холос. Уни ҳам америкалик бир олим билан биргаликда қилганмиз. Кошки кўрсатмасайдим, деб ўйладим. У эса, яна узоқ гапирди ва китобни иккинчи меҳмонга узатди.

-Қутлайман,-деди у қўлига шоколад олган боладай қувониб.- Бу китобдан бизга ҳам берсангиз, болаларимизга ибрат қилиб кўрсатар эдик. Биз Афғонистондан келганлар нима учундир илм-фанга унча эътибор бермадик. Ўзбекистондан келганлар эса, бу борада анча дуруст. Уларнинг болалари ҳам унча – бунча танилиб қолишмоқда. Ўзлари эса, сизга ўхшаб мана шунақа ишлар қилмоқдалар.

-Кўп ҳам ундай эмас,-дея эътироз билдиришга оғиз жуфтлаган эдим, у׃

-Шундай,-дея гапимни кесди-да китобни у учинчи меҳмонга узатди.

У негадир қўлига қабр тошини олгандек ранги оқариб кетди. Индамай китобга қараб ўтираверди. Китоб унинг қўлида тобора оғирлашиб бораётган ва у эса, чўкиб кетаётгандек эди. Ошхонадан умр йўлдошимнинг “чой тайёр!” деган гапини эшитиб, ўрнимдан туриб, унинг ёнига бордим.

-Келган меҳмонга аввал китоб эмас, чой берадилар,-деди умр йўлдошим.

У тўғри айтаётганди. Аммо иш-ишдан кечганди. Меҳмонлар олдига дастурхон ёзилиб, чой олиб келинганда ҳам учинчи одам китобни тиззасида олиб ўтирар ва лом-мим демасди. Дастурхонга ош келганда у индамай ўрнидан турди-да китобни жавонга қўйди. У ҳатто “Табриклайман” ҳам демагани диққатимни тортди. Олдинги икки кишининг гапларидан ранжиди, шекилли, деб эътибор бердим. У икки соат давомида у ҳеч гапга ҳам қўшилмади. Меҳмонлар кетиш олдидан мени яна бир табриклашар экан, учинчи одам тумшуғини осилтирганча ташқарига чиқдию бирдан олтин топгандек юзига ёруғлик югурди.

-Кеча Америкага яқинда келган Олимжон деган йигит ишга кириш учун таржимаи ҳолини юборибди. Ҳар эҳтимолга кўра ҳаммага тарқатиб қўймоқдаман, балки иш топилса, хабар қиларсизлар, дебди. Аммо қойил қолдим. Америкага келганимга йигирма йилдан ошдию биринчи марта бунақа пишиқ ёзилган таржимаи ҳолни кўрдим. Жуда билимли бола экан.Талантига қойил қолдим,-деди.

У балки мени ранжитмоқчи бўлиб бу гапни айтгандир, лекин мен хурсанд бўлдим. Чунки ўша йигит илтимос қилиб келганда таржимаи ҳолини мен ёзиб бергандим-да.

65. РОҲАТОЙ

Тошкентда Роҳатой тошдан сут соғиб оламан, деса, шуни уддасидан чиқадиган деб айтишар экан. У мелисада ишлаган эрини ҳам доғда қолдириб, учта боласини ҳам олиб, ҳали қизларнинг болдирини кўрмаган йигитча билан Америкага қочиб келибди. Унинг Ўзбекистон паспорти ҳам, Америкадан олган “грин карди”(яшил картаси) ҳам бор экан. Истаса унисини ишга солади, истаса бунисини. Бу ерда у бир жойга ишга ўтди. Бошлиқ қариб қолган бўлса ҳам кўнгли ёшлардан эди. У билан бирга ресторанларга бориб, бирга чекиб, бирга ичиб юрди. Ишдан кейин ҳам иккаласи қолар ва ора бир кун Роҳатой мукофот олар эди.

Мажлисларда бошлиқ уни мақтаб, “Роҳатой нафақат инглиз тилини, балки рус тилини, ўзбек ва ҳатто тожик тилини ҳам билади. Муштарийларимиз унинг фаолиятига катта баҳо беришмоқда. Шунинг учун унга мукофот ҳам бердик, маошини ҳам оширдик”дерди. Роҳатойнинг инглиз тилида “олма теришни” “сувда чўмилиш” деб гапиришини, эси ҳам бироз кирди-чиқди эканлигини билганлар эса, мийиғларида кулиб қўярдилар.

Иши юришмаган куни бошлиқнинг ҳузурига кириб оёғининг теппа болдирларини кўрсатиб қўйган Роҳатой кўзи ўйнаб қолган бошлиқнинг қўлини меҳр билан ушлаб, иягини силаб, елкасини массаж қилиб қўярди. Бошлиқ дарҳол ишни ўзи битириб келар ва Роҳатойнинг елкасига бир қоқиб қўярди. Бу эса, “Қарздорсиз, бугун ишдан кейин қоласиз”дегани бўларди.

Шу зайл иккаласининг ҳангомаси оғизларга тушди. Аммо бир кун бошлиқ тўсатдан Роҳатойни бўшатиб юборди. Ҳамма ҳайрон эди. Кейин билиб қолишса ҳангомалар бошлиқнинг хотинининг қулоғига етиб қолибди. Американинг Ўзбекистондан яна бир фарқи шуки, бундай ҳолда хотин ишхонага келиб, “кундоши”нинг сочини юлмайди.

Бошлиқнинг хотини эрига учта шарт айтибди׃

1.Уйдан чиқиб кетиш.

2.Ишдан бўшаш.

3.Уни ишдан ҳайдаш.

-Шу биттасини танла,-дебди.

Шунақа, Роҳатой Америкада тошдан сут соғиб ололмади…

66. ЯНА РОҲАТОЙ

Роҳатой пихини ёрган экан, бўш келмади. Дарҳол худди олдинги каби “учар” одам бошлиқ бўлган бошқа бир идорага ишга кирди. Бу идорада бошлиқнинг олдинги “ҳангомаси”, эндиги душмани ҳам ишларди. Аммо у қариб, қуйилиб қолган, сигарет чеккандан нафрат қилар, ароқ ичганни юзига қарамас, эркаклар билан пана-панада писир-хисир қиладиганларни эса, очиқдан-очиқ шикоят қиларди. Бошлиқ унинг пати юлиниб, попуги пасайиб қолган, деб парво қилмади.

Роҳатой эса, бошлиқнинг у ёқ-бу ёғини ушлаб қўйиб, ишини битириб кетаверди. Бошлиқнинг хотинига эса, ҳадя ташиб, уни ҳам массаж қилиб, кўнглини олиб турди. Ҳадянинг пулини эса, бошлиқ идорада мукофот билан “тўлаб “ турди. Шу зайл уларнинг китоблари ширин ҳикоялар билан тўлиб бораверди.

Кўпчиликнинг ҳайрон бўлгани бошлиқнинг олдинги “нозанини” янгиси билан жуда қалин эканлиги эди. Улар шунчалик апоқ-чапоқ эдиларки, булар бир-бирларининг ич-кийимларини ҳам алмашиб кийиб кетаверадилар, деган гап тарқалди. Ҳар ҳолда орқаворотдан бошлиқнинг ҳам астар-аврасини ағдариб туришса керак, биргаликда.

Лекин бу ишнинг сири олдинги хоним нафақага кетадиган кунлар очилиб қолди. У бошлиқлар ва ходимлар муносабатини назорат қиладиган идорага бориб, ҳамма гапни айтиб берибди ва бошлиқни Роҳатой билан ишдан кейин кабинетда бир-бирларига кабутарлардек ёпишиб ўтирган ҳолатларида ушлатибди. Иккалсини ҳам ишдан ҳайдашди.

Олдинги хоним хайрлашиб кетар экан׃

-Ўзбекистондан келиб Америкада бизга дарс берадиганини ана шундай “мулла” қилиб қўядиган кучимиз бор,- деди.

Роҳатой эса :

-Билмасам, мактабда дарсларимни қилиб келмаган куни, аълочи болалардан бирининг оёғини ушлаб қўйсам, бас, дарров уй вазифаларини кўчиришга берарди, у ҳам беш олган, мен ҳам беш олган бўлардим. Америкада эса, бу тажриба оқсаб қолмоқда,-деб нолиганмиш ҳатто ўшанда.

Лекин бу ҳикояни олдинроқ айтиб берган танишим яқинда яна меҳмонга келганда, Роҳатой яна бир идорага ишга ўтганини айтди. Лекин бу сафар тажрибаси қўл келаётганмиш. Американи оз-моз тушуниб қолганим учун, охири бахайр бўлсин, деб қўйдим мен.

67. АҲАД АНДИЖОН

Туркияга келиб иқтисодй жиҳатдан қийналиб қолганимда таниш бўлиб қолганимиз, таниқли доктор ва жамоат арбоби Аҳад Андижонга телефон қилдим. У׃

-Эртага эртлаб “Ихлос холдинг” ёнида учрашайлик,-деди.

-Қаердалигини билмайман,-дедим

-Бўлмаса соат тўққизда Еминону деган жойга келинг, ўша ерда кутаман,-деди.

Мен айтилган жойга ҳамма вақт камида 15-20 дақиқа олдин етиб боришга одатланганман. Бу жойга ярим соат олдин келдим. Қарасам Аҳад ака (У мендан беш ёшга катта-ЖМ) кутиб турган экан. Биргаликда юқорига қараб юрдик. Кўп ўтмай “Ихлос холдинг” биноси ёнига келдик. (Бугун мазкур холдинг биноси шаҳар марказидан ташқарида, у пайтда марказда, ёпиқ бозорнинг биқинида эди).

Бизни мазкур холдинг раҳбари ва соҳиби Анвар Ўраннинг маслаҳатчиси Навзот Ёлчинтош деган одам кутиб турган экан. Ҳамма уни “Хўжа” дер экан. Аҳад ака ҳам унга шундай мурожаат қилди.Хўжа мулозимат мактабининг маҳоратли устаси экан, бизни жуда илиқ қаршилади. Аҳад ака мени бироз мақтаган бўлиб, Навзот Хўжадан газетага ишга олишни илтимос қилди.

Хўжа мени олиб қолиб, Аҳад акани ташқарига қадар кузатиб қўйди.

-Ўзбеклардан чиққан даҳо у,-деди қайтиб келиб.-Бунақа жарроҳ Туркияда битта. Ҳув ўша Бошқонлар ҳам амалиётни фақат Аҳад Бейгаишонади.

Мен қувониб кетдим. Бир ўзбек ҳақида шундай гаплар эшитиш ҳақиқатдан ҳам қувонарли эди.

У ёқ-бу ёқдан анча гаплашиб ўтирдик, кофе, кейин кетма-кет чой ичган бўлдик. Бир пайт Хўжанинг котиби׃

-Келдилар,-деди.

Хўжа мени Анвар Ўраннинг ҳузурига олиб кирди. Анвар Ўран мамлакат ичидаги кичик бир мамлакатнинг раҳбари эди. Ўзининг завод-фабрикалари, банк тизими, газета, журнал, телевидение (ТГРТ), радиоси бор ва Бош вазирлар унинг оёғига келадиган бир раҳбар эди.

-Бу миллатвакили (Туркияда депуталикдан кетган бўлсангиз ҳам номингизга миллатвакили сўзи қўшиб айтилар экан-ЖМ) бўлмиш қардошимизни Аҳад Бейнинг ўзлари бошлаб келдилар. Ул зотнинг ишлари кўп бўлганини билганим учун куттирмадим,-деди Хўжа ва Анвар Ўранга муддаони тушунтирди.

-Андижонданмисиз?-деди Анвар Ўран турклар каби сенсираб эмас, балки сизлаб.

Бунинг ўзи унинг бизнинг одатларни қанчалик яхши билишини кўрсатар эди. Мен ҳайрон эдим. Хўжа фақат Аҳад Бей деб айтди. Андижон деган гапни айтмади. Аммо Анвар Ўран дарҳол англади. Мен унга Самарқанддан эканлигимни айтдим.

-Мотрудий ҳазратларининг макониданмисиз?-дея Анвар Ўран ўрнидан туриб айланиб мен томонга келди ва қучоқлашиб кўришди.-Зап бизга керак одам экансиз. Биз Самарқандда Мотрудий ҳазратларининг уй-музейини яратмоқчимиз. Қимматли маслаҳатингиз керак бўлади. Биз собиқ шўролар ўрнидага ўлкаларга ҳам очилмоқчимиз. Сизни яратаганнинг ўзи юборди, Аҳад Бейга ҳам шукронимизбор.

Кейин Хўжага юзланиб׃

-Бугундан бошлаб, истасалар Туркия газетасида, истасалар ТГРТда , истасалар сизнинг ёнингизда ишласинлар,-деди.

Мен Туркия газетасини танладим. Лекин ўша кун ўзбек бўлганимга ифтихор қилдим. Аҳад Андижоннинг ватандоши бўлганимдан ғурурландим. Газетада ишлаган йилларимдаана шу ғурурга содиқ қолишга интилдим ва уч ярим йилдан кейин АҚШга кетишимда Хўжа Аҳад Андижон номига ҳам миннатдорчилик билдирди.

Аҳад ака билан кўп мулоқотлар қилганмиз. Камтар, кўнгли очиқ одам. Қулоқлаштириш даврида Аҳад аканинг ота-бобосининг мол-мулки тортиб олинган ва отаси уч фарзандини олиб, 1932 йилда Афғонистонга ўтган. У пайтда Аҳад Андижон чақалоқ бўлган экан. Кейин Туркияга кўчиб келишган. Ўзбеклар ўрнашган Адана шаҳрида бир муддат туриб Оқ Шаҳарга кўчишган. Аҳад ака Истанбул дорилфунунида тиббиётни ўқиб, шу ерда диссертациясини ёқлаб фан доктори, профессор бўлган.

У президент Тургут Ўзалнинг маслаҳатчиси, Она ватан партияси раис ўринбосари ва миллатвакили, Туркий жумҳуриятлар бўйича Давлат вазири, Ҳукуматнинг матбуот котиби бўлган. Умр йўлдоши ҳам доктор. Икки фарзанди бор.

Аҳад Андижон узоқ вақт “Туркистонликлар” жамиятининг раиси бўлган ва минтақа ҳақида жуда кўп илмий, ижтимоий ва сиёсий мавзулардаги асарлар муаллифидир.

Мен хорижга келиб танишган, яхшилигидан баҳраманд бўлганим, дўстлашганимдан ифтихор туйганим ўзбеклардан бири Аҳад Андижондир ва ҳалига қадар бошқа ўзбекларнинг ҳам унинг каби бўлишини орзу қилиб юраман.

68. МАНФААТ

Радиога келганимда мени ҳайратга солгани бу ерда қалам ҳақи берилмаслиги бўлганди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бу радио ҳақида тасаввурим ҳам йўқ эди. Баъзан эшитиб қолсам, дарҳол ўчирар эдим. Уйғурча деб ўйлардим. Аммо русчаси анча довруқ қозонган эди.

Хуллас, бир кун мухолифатдаги танишларимдан бири шу радиога интервью беришимни сўради.

-Аммо олдиндан айтиб қўяй, қалам ҳақини ўзлари ўзлаштиришади, сизга беришмайди, мен жуда кўп гап очдим ҳам бўлмади…,-деди у.

Ҳалиги танишим бепул хизмат жонига тегиб, мени тавсия қилган экан. Гапнинг очиғи мен ҳам ўшанда унга ва кейин менга ҳам қалам ҳақи беришмаганидан ранжигандим. Чунки биз ҳамма вақт ёзганимизга қалам ҳақи олардик ва бу қонуний қоида эди.

Радиога келганимдан кейин ким билан суҳбат уюштирмайин хаёлимдан қалам ҳақи ҳақида гап очса нима дейман деган гап ўтарди. Баъзан ҳаммадан олдин “Бу ерда қалам ҳақи берилмас экан” деган гапни айтиб қўядиган бўлдим.

Бошлиқлар билан тортиша-тортиша ҳеч бўлмаса ҳамкорларга қалам ҳақи бериш масаласини ҳал қилдик.

Энг кўп ва энг хўп ёзадиган Гулчеҳра Нуруллаева эдилар.

Опа ҳар доим ловуллаб турган нурли аланга, шўъладор гулхан эдилар ва совуқдан қақшаган ҳар қандай одам бу оловнинг тафтида ўзига келарди. Гулчеҳра опа нафақат улкан шоира, буюк истеъдод соҳибаси ва айни пайтда унча-бунча журналистни мот қилиб қилиб қўядиган ва катта ҳарфлар билан ёзиладиган ЖУРНАЛИСТ ҳамдир.

Опанинг ёзган ҳар бир асари, айтган ҳар бир сўзи, топган ҳар бир мавзуси фавқулодда муҳим ва дилларга яқин, халқ дардининг кўзгўзи бўлгани учун мени ром этарди.

Лекин эндигина бу соҳага қадам қўйган ва бунда ҳам тахаллус билангина ёзадиган бир “ҳамкор” доим опани иғво қила бошлади. Ўзбекистонда жуда муҳим воқеалар бўлаётгани ва опа буни ёритмаётганидан шикоят қилиб хатлар юборар ва суҳбатларимизда ҳам буни албатта қистириб ўтар эди. Ўзи эса жуда қўрқоқ. Гарчи тахаллус билан ёзса ҳам бир марта Каримов номини тилга олган эмас. Мен суҳбатлар пайтида гапни олиб бориб Каримовга боғлар эдим, аммо у “ҳукумат” дейишдан нарига ўтмас эди. Гулчеҳра опа эса акси, ҳамма балонинг илдизи Каримовда эканлигини дангал айтиб қўя қоладиган жасоратли журналист.

Бу бола кейин бошлиқлар наздида опани ёмонотлиқ қилишга уринди. Охири Гулчеҳра опанинг қалам ҳақини кесадиган бўлишди.

-У ҳолда мен ўз маошимдан юбораман,-дедим бошлиққа.

Бошлиқ хаёлга ботиб қолди ва бир зумдан кейин ҳалиги болага телефон қилди.Бироз гаплашгандан кейин теелфон дастасини деворга тутиб турди.

-Гулчеҳра опанинг ўрнига хотинимни олинг деб сўраяпти,-дедида телефон гўшагини жойига қўйди.

Кўз олдим қоронғулашиб кетди.

69.ТАРИХЧИ ОЛИМ

У билан бир гаплашган одам унинг билими қандайлигини дарҳол ҳис қилиб оларди. Аммо унинг безбетлигига қойил қолиш керак. Ҳар бир айтган гапи ёлғон бўлиб чиқаверса ҳам яна тиржайиб бошқасини айтаверарди. У ҳамма жойда ўзини тарихчи олим, деб таништириб юрган экан. Бир икки гаплашиб кўрдим, тарих у ёқда турсин, Турон, Туркистон, Ўзбекистонни фарқлай олмайди.

Бир куни менга телефон қилди:

-Сиз шу нарсаларни яхши биласиз, ишхонамизда сўрашган эди, билмадим, эртага билиб келаман, деб айтдим. Туркистон деганлари бугунги Туркманистонми, ёки бошқа жойми? Кимдир Туркистон Қозоғистонда бўлган, деб айтувди-да,-деб сўради.

Кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмадим деганларидек, нафасимни ичимга ютиб унга тушунтириб берган бўлдим.

-Йўғ-е,-деди у.- шу Қозоғистондаги Туркистон аввал ҳам шу бўлган бўлса керак. Илгари одам ҳам кам бўлган, жойлар ҳам кичик бўлган. Туркистоннинг ичига бугунги Марказий Осиё ҳам кирса, Афғонистоннинг, ҳатто Хитойнинг бир бўлаги кирса… Йўқ, бунга ҳеч ким ишонмайди!- у одатдагидек ўз “билимдонлигини” кўрсата бошлади.

-Ишонмасангиз ишонманг, лекин бу тарих,-дедим мен.

Кейин Шарқий ва Ғарбий Туркистон ҳақида гапириб бердим.

– Ҳа, майли, бир айтиб кўрай-чи,-деб телефон гўшагини қўйди у.

Эртасига телефон қилиб׃

-Сиз Мозори Шариф Жанубий Туркистонда деган эдингиз, лекин нотўғри айтибсиз, Шимолий Туркистонда экан. Ҳатто афғонлар бу жойни “шамол”дер эканлар,-деди.

Кулиб юбордим ва׃

-Агар Покистон томонда турган бўлсангиз Мозори Шариф шимолда бўлади, агар Ўзбекистон томонда бўлсангиз жанубий Туркистонда бўлади,-дедим.

-Жойнинг номи ҳам шунақа ўзгарадими?-дея ажабланди у.

Бу Ўзбекистондан келган “тарихчи олим” эди. Менимча у ҳаммани тарихчиман, деб лақиллатиб юрганди ёки диплом сотиб олган эди ёки меннинг тарихдан ҳеч хабарим йўқ.

Бунинг қизиғи йўқ экан. Чунки у Америкага келиб ўзига муносиб ишни топганди.

70. КИМДИР СУЛТОН…

Истанбулдан Америкага кетадиган кунларимизда Зайтунбурни маҳалласида истиқомат қиладиган ўзбек танишларга “хайр-хўш” дейиш учун борсам, Америкада яшаб қайтган бир киши билан таништиришди. Гаплашиб тургандик, икки аёл келиб қолишди, унинг сингиллари экан.

Табиийки, табиб табиб эмас, бошига тушган табиб, деб бундай кезда уларга қулоқ тутасиз. Чунки Америкадаги ҳаёт бизга мутлоқ нотаниш бўлгани учун ҳар қандай одамнинг ҳам айтганлари қизиқ эди.

-Истанбула гелмакла бир янглиш ёпмишсин, қардашим, деди,- ҳалиги киши.- Шимди, Амрикая гетмакла икинжи катани япиюрсин. Балалар ўз эна тилларини кайб етиюрлар, юқатиюрлар, ватандан айрилиб қолажаклар…

Унинг ўзи ҳам на ўзбекча, на туркча, балки уйғурчага яқин бир аралаш тилда гапирмоқда эди. Лекин она тилининг аҳамияти, бу тилни сақлаб қолиш муҳимлиги ҳақида анча насиҳат қилди.

Гапи тўғри эди. Биз Истанбулга келганда болаларнинг кичиклари, экизлар 5 ёшда эдилар. Улар мактабга бориб Туркия туркчасида ўқидилар ва биз уйда ҳар қанча ўзбекча гапирмайлик, улар Туркия туркчасида жавоб қилар эдилар. Бунинг олдини олиш мушкул эди. Аммо ўзбек тилини тўла тушунар эдилар. Катталари эса, ўзбекчани ҳам йўқотмаган ҳолда туркчани ҳам ўргандилар. Лекин ўзбекча гапирганда Туркия туркчасининг таъсири сезилиб турарди.

Ҳалиги одам, Америкага борсак, болалар издан чиқиб кетишини, душманга айланишини, бошқа бир маданиятнинг хизматчиси бўлишини узоқ тушунтирди.

Америкага келиб кўрдик-ки, вазият кўп ҳам ҳалиги одам айтгандек эмас экан. Бу ердаги мактабларда болаларга ўз маданиятини сақлаб қолишга йўл кўрсатилар ва болалар қайси мактабларда ўқиган бўлсалар ҳаммасида муаллимларнинг талаби билан Ўзбекистон бурчаги ташкил қилишди, миллий кийимлардан олиб бориб қўйишди, Ўзбекистон ҳақида махсус лойиҳалар тайёрлашди, китобдай келадиган ҳикоялар ёзишди.

Америка мактаби болаларимизга Ўзбекистонни биздан ҳам кўпроқ севдирди. Улар ўзбек бўлганларидан фахрланишар, турли маросимларда ўзбек куй- қўшиқларини эшиттиришар ва бошқаларда ҳам қизиқиш уйғотишарди. Ўзбекчалари ҳам ривожланиб қолди. Улар ўзлари қизиқиб ўзбек алифбосини ўргана бошладилар. Бир сўз билан улар ҳам, биз ҳам манун эдик.

Яқинда Туркиядан келган бир кишига бизга насиҳат қилган одамнинг гапларини айтсам, у кулди-да:

-Зап одамига учраган экансиз,-деди.- У оила деган нарсадан нафрат қилади. Оёғи гўрга етиб қолди, уйланган эмас, боласи йўқ. Аммо бировларнинг боласи ҳақида гапиришни ёқтиради, масхара қилади, кулади. Унинг сингиллари ҳам умуман турмушга чиқмадилар. Улар ҳам акаларига ўхшаб бошқаларнинг болаларини гапиришдан бўлак ишлари йўқ. Уларга сен аввал бир болани вояга етказ, ана ундан кейин маслаҳат бер, дейдиган мард йўқ,-деди.

Дунё шунақа, қўлидан иш келмаган одам ишини билганнинг устидан кулади, порахўр, ўғри ўз йўлига тўғри юрган одамни ҳақорат қилади, оила нима, бола нималигини билмаган “яккалар” эса, ўз ҳолига эмас, бошқаларнинг ҳолига куладилар, олмани қандай қилиб иккига бўлиб ейиш кераклигидан дарс бермоқчи бўладилар, бир сўз билан айтганда, кимдир султон элнинг базмида, кимдир султон ўзин наздида!

71.ҲОЖИМУРОД ҲОЛВАЧИ

Яқинда, яни 2004 йил, Май ойининг охирида Ҳожимурод ака 86 ёшда оламдан ўтдилар. Асли Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридан бўлган бу одам қизил империя истилоси пайтида Ватанни тарк этиб, Афғонистонга ўтган ва умрининг охирги йилларида Америкада яшаган эди.

Мен Виржиниа штатига кўчиб келган кунларимда бу ердаги ўзбекларни бирлаштириб бир ташкилот тузиш ҳаракатини бошладик. Йиғилишларимиздан бирида ёнимга новча бир одам келиб ўтирди ва:

-Салом Жаҳонгиржон,-деди ширин бир овозда.

Кейин ўзининг кимлигини айтиб, “Ўғлимни биласиз, у “Озодлик” радиосда ишлаган эди, Усмон Мурод, шунинг отасиман” деди ва ўғлини ҳам ёнига чақирди. Усмон Мурод билан телефонда кўп гаплашган эдик. Аммо кўришмагандик. Шу баҳонада у билан ҳам кўришдик.

Ҳожимурод ака билан суҳбатимиз қовушди. У Ўзбекистонда қийналаётган бечораларга жуда ачинадиган одам экан. Тез-тез бориб келишига қарамасдан Каримов режимини қўрқмасдан ёмонлаши билан ўз тенқурларидан ажралиб турар эди. Тўғри сўз ва ҳамма гапни одамнинг юзига айтадиган киши экан. Кейин ҳам қаерда бир маърака бўлса у ёнимга келиб ўтирар ва Ватан ҳақида маълумот олишга қизиқар ёки ўзи эшитганларини айтиб берарди.

Бир куни “Америка овози” даги ҳамкасбим Абдул Маннон Кескин бир рўмолчага ўралган ва Самарқандда “Соч ҳолва” дейиладиган Кунжит ҳолвадан келтирди ва:

-Буни сизга Ҳожимурод ака бериб юбордилар,-деди.

-Ватанга бориб келибдилар-ми?-деб сўрадим.

-Йўқ, у киши қандолат ва ҳолва пишириб турадилар. Афғонистонда дўконлари бор эди, бу ерда ҳавас учун пишириб, яқин дўстларига тарқатадилар,-деди Абдул Маннон ака.

Ҳожимурод акани охирги марта Абдул Маннон Кескиннинг уйида кўрдим. Абдул Маннон аканинг Саудия Арабистонида бир қардоши оламдан ўтгани муносабати билан тўпланган эдик. Ҳожимурод ака энди Ўзбекистонга бориб-келган эканлар. Ёнимга келиб ўтирдилар ва:

-Самарқанддан салом,-дедилар. Кейин Ургутга борганларини, у ердан жиянлари билан Самарқанд шаҳрига келаётганда мен ҳақимда гапирсалар улар мени таниганини айтиб қолдилар.

-Жаҳонгир яшаган жойга олиб бор дедим,-дея у киши уйимизнинг ёнидаги дарахтларнинг қанақа эканлигига қадар айтиб бердилар ва:

-Жиянларим, “У кишининг яқинларини сўроқлаб кирсангиз бизга гап тегади” дегани учун, уларга жаҳл қилиб, уйингизни ёнида у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юриб, қайтдим,-дедилар.

Ўшанда у киши:

-Ҳар сафар Ватанга жон таслим қилиш учун бориб, тирик келаяпман,-деб ҳазиллашгандилар.

Охирги марта боришларидан олдин мачитга кириб “Мени дуо қилинглар, Ватанда жон берайин” деб кетган эканлар. Орзуларига етиб 86 ёшда Ватанда жон бердилар. Лекин Усмон Муроднинг ота васиятини бажариш учун қилган интилишлари зое кетиб, қолган фарзандлар ва қариндошларнинг талаби билан майитни Америкага олиб келишди.

Яқинда бир покистонлик Стаффорд деган жойдан ер сотиб олиб мусулмонларнинг мозорини ташкил этибди. Американинг Жануб ва шимолини боғлайдиган 95 рақамли шоҳ йўли бор. Вашингтондан жанубга қараб юрсангиз 140 рақамли кириш жойидан чапга қайрилиб 4-5 километр юрсангиз ана шу қабристон чиқади. Ҳожимурод ҳолвачини шу ерга кўмар эканлар қабр бошида уч марта “У қандай инсон эди?” деб сўралди ва кўпчилик кўзда ёш билан “Яхши одам эдилар” деди. Ҳа, Ҳожимурод ака ошини ошаб, ёшини яшашга муяссар бўлган яхши одам эди.

72.ОЗОДЛИК ВА ЗИНДОН

Ҳамкасбимнинг ҳикояси:

“Америка овози”нинг анча йиллар илгари раҳбари бўлган Қ. вафот этиб қолди. У пайтларда жамоамиз бутунлай тарқоқ эди. Нима қилишни билмай бошимиз қотди. Ғассол ҳам йўқ, ҳатто бирортамиз жаноза қандай ўқилишини ҳам билмаймиз. Суриштириб, покистонлик бир кишини топиб, марҳумнинг уйига бордик. Хотини ниятимизни эшитиб, авзойи бузилиб:

-У бир қанча йил аввал бизнинг динимизга ўтиб, насроний бўлган. Шунинг учун ўзимиз хохлаган каби кўмамиз, -деди.

Шундай ҳам қилишди. Тўрт бурчак қилиб қазилган, атрофи бетон билан мустаҳкамланган чуқурга тобут билан бирга кўмишди. Жуда ҳазинлик ва кўзда ёш билан кузатдик.

Раҳматли ҳаёт эканида динини ўзгартиргани ҳақида ҳеч нарса демаган, назаримизда бир мўмин-мусулмон бўлиб юрарди. Шунинг учун уни қабрга қўйишларини кутиб, ҳамма кетиб бўлгандан кейин қабр бошида жаноза ўқиб қайтдик.

Кейин кўрдикки, ҳамма ана шундай қабрга қўйилар ва соғлиқни сақлаш тизими ўзимиздаги каби лаҳат ковлаб, жасадни ерга қўйишга рухсат бермас экан.

Буни образли қилиб айтсак, бизда тириклигингда қамоқдаги каби ҳаёт кечирсанг ҳеч бўлмаса ўлгандан кейин эркинлика қовушасан. Бу ерда эса, тириклигинда эркин бўлиб, ўлгандан кейин қути ичига ҳабс этиласан.

Танлов, ҳар ким истаганини танлайди.”

73. ХАТИЧА ОПА ИБРАТИ

1998 йилнинг 28 феврал куни биз оиламиз билан Туркиядан АҚШнинг Орегон штатига келдик.У ерда олти ой чамаси яшагандан кейин Виржиния штатига кўчдик.Орадан кўп ўтмай бир куни телефон жиринглади. Олсам, қўнғироқдай, жарангдор овозли бир аёл. Унинг ўзбекчаси соф адабий тилда эканлиги мени ҳайратга солди.

-Мен Эргаш акангизни аёлиман,-деди у.

Эргаш Шермат-Булоқбоши ҳақида кўп эшитган эдим. Туркистон озодлиги учун курашган сиймолардан бири. У ”Америка овози” радиосида ҳам ишлаган. Биз АҚШга келишимиздан олдинроқ оламдан ўтганди.

-Агар ҳафта охирида келиним билан биргаликда келиб бир пиёла чойимни ичсангизлар мени бағоят мамнун этардингизлар, бу менинг сизларга “Хуш келдингиз!” деганим бўлади. Акангизни руҳини ҳам шод қилган бўласизлар. Туркистондан келган ҳар бир одам у кишининг бир пиёла чойини ичмасдан кетмас эди…

Айтилган вақтда айтилган жойга бордик. Машҳур меҳмонхоналардан бирининг ошхонаси…Борсак, МуҳаммадБобир Маликов ва Абдураҳим Пўлатов ҳам оилалари билан ўша ерда экан.

Ёши етмишга томон одимлаётганига қарамасдан Хатича опа чаққон, ҳаракатчан, тетик. Ҳар бир кишининг кўнглини топишга интилар ва турмуш ўртоғининг Туркистон армони ҳақида гоҳ тўлқинланиб, гоҳ изтиробга чўмиб, гоҳ умидларини бизларга, кейинги авлодларга боғлаб гапирарди.

Эргаш ака оламдан ўтгандан кейин опа унинг энг яқин дўсти Боймирза Ҳайит ва бошқаларнинг ҳолидан ҳам хабар олиб турар экан.

У шу ёшида аэропортда ишлар ва тез-тез Туркияга ҳам бориб келар, суҳбатига қулоқ солсангиз ҳақиқий турк миллиётчиси эди…

Ошхонадаги зиёфатдан кейин опа уйига чорлади ва бир пиёла чой ичиб, Эргаш аканинг хотирасига дуо айтиб қайтдик. Кейин ҳам ҳайитлар ва байрамларда опа уйига таклиф қилиб турди. Доим суҳбат Туркистон, Эргаш Шермат-Булоқбоши ҳақида эди.

Мен ҳар доим унинг ўзбек тилини бу қадар чиройли гапиришига маҳлиё эдим. Бир кун ши ҳақда сўз очдим.

-Эргаш акангизга турмушга чиққанимда ўзбек тилини билмас эдим. Тожик эдим, у киши билан яшаб ўзбек бўлдим. Беш болам билан бирга аёл қилиб олдилар ва менга муаллим, устоз бўлдилар. Ука гап қонда эмас, гап мана бу ерда,-деб опа бошини кўрсатди.-Қанча-қанча ватандошларимиз бор, қонлари ўзбек бўлгани билан Ўзбекистонни ўйламайдилар, Туркистонни ўйламайдилар…

-Ўзбек тилини билмайдилар,-деб қўшиб қўйдим мен.

74. ТОШКЕНТЛИК КЕЛИН

“Бир кун Тошкентдан келин бўлиб тушган Нигора бизникига меҳмонга келди,- деб бир воқеани ҳикоя қилиб берди Раъно деган кекса бир аёл.- У бир-икки кун шу ерда қолди.

Эри телефон қилиб׃

-Ойим Канададан келиб ўтирибдилар, қайтмайсизми?- деб сўради.

Бечора эр ҳам ундан қўрқса керак, юмшоқ супурги бўлиб гапирарди. У эрини жеркиб берди ва׃

-Мен эртага бораман, ойингиз хўржин-халтасини кўтариб кетган бўлсин,-деди.

-Невараларини кўрмаганларига олти ой бўлди, қўйинг бир икки кун турсинлар,-деди шекилли эри.

-Мен ойингизни чақирганим йўқ, қандай келган бўлса шундай кетсин, невара керак бўлиб қолибди-да. Агар эртага мен борганимда шу ерда бўлса полиция чақириб, қамоққа тиқтириб қўяман,-деди.

Бу суҳбатдан кейин унда сўрадим:

-Нигорахон, ораларингдан бирор қора мушук ўтганми?

-Тошкентдан ойижоним келсалар ёқтиришмабди. Шунинг учун мен ҳам оёқларини уздим.

-Аммо полиция чақираман, деган гапларгача бориш шартмикан?

-Ростдан ҳам чақираман. Эртага борганимда агар уйда бўлса, сочимни ёйиб, юзимни юлиб, кўйлагимни йиртиб, кейин полицияга телефон қиламан. “Урди” деб айтаман, инглизчани ҳам билмайдики, “урмадим”, деса?

Нигоранинг бу гапидан қўрқиб кетдим ва меҳмонга таклиф қилганимга ҳам пушаймон бўлиб, кетаман деганида севиниб кузатдим.

Бориши билан телефон қилди:

-Келгунимга қадар йўқолиб кетган экан!- деди у мамнун бир оҳангда…”

Раъно опа ҳикоясини тугатаркан, “Биз келин бўлганимизда қайнонамиз “Ўл” десалар ўлиб, “тирил” десалар тирилиб юрганмиз” деди.

75. ҲАСАД

“Америка овози”да ҳамкорлар кўпайиб қолган пайт эди. Мен адабий муҳаррир эдим.

-Ҳамкорларга мустақиллик бериб кўрайлик, уларга ўз истеъдодларини кўрсатишга имкон берайлик,-дедим бир кун раҳбаримиз Нусратилла Лаҳебга.

-Уларга сиз масъулсиз, қандай ишлатсангиз шундай ишлатаверинг, натижа яхши бўлса, бас,-деди у.

Шунда мен ҳар бир ҳамкорнинг ўзи бутун бошли эшиттиришни мустақил равишда тайёрлаши, унинг дастури ҳеч қандай таҳрирсиз эфирга узатилиши ҳақида бир лойиҳа ҳозирладим. Бундай дастурга 200 доллар қалам ҳақи белгиланди. Лекин юборилган дастурлар шунчаки вақтни ўлдириш учун ва пулни олиш учунгина тайёрланаётгани аён бўлди.

Биргина Гулчеҳра Нуруллаева техник имкониятлари бўлмагани учун узрини айтди ва беш дақиқалик материал билан ҳам тингловчини бир соат ўйлатадиган масалаларни ёритишда давом этаверди.

Қолганлар орасида бир соатлик дастурни мусобақа шаклига ўтказдик вакимники энг яхши деб топилса бериладиган ҳақни икки бараварга ошириш кўзда тутилди.

Наманганлик ҳамкоримиз Ризо Обид юборган дастурни эшитиб, унинг фавқулодда ибратли эканига амин бўлдим.Дастлаб ҳамкасбим Раъно Ҳабибни чақирдим. “Вақтим зиқ” деб турган опа дастурни охирига қадар ҳайрат билан тинглади. Кейин Абдулманнон Кескинва Нусратилла Лаҳебни чақирдим. Улар ҳам тинглаб, қойил қолганларини айтдилар.

Бир соатлик дастур ҳақиқий радио асари бўлганди. Унда долзарб мавзудаги фелъетон,жойлардаги иқтисодий турғунликнинг илдизи бориб режимбошига тақалиши ҳақидаги таҳлил,суҳбатлар, адабииёт, санъат, маданият мавзулари ва ҳатто юморга қадар бор эди.

Дастурни эфирга узатдик. Жуда кўп мактублар келди ва кейин талабларни ҳисобга олиб яна такрорладик.

Бўлимдаги мажлисда Ризо Обидга алоҳида миннатдорчилик билдириш ва ҳамкорларнинг пешқадами эканлигини расман ёзиб юборишни таклиф қилдим. Агар у рози бўлса, уни Тошкентга таклиф этиб, ҳамкорларга раҳбар қилиб қўйиш ҳам сўз мавзуси бўлди.Бу ҳали шунчаки таклиф эди.

Аммо…

Совет даврида бировни бадном қилиш учун “ароқхўр”, “хотинбоз”деб ёзишса, бас, ишдан қувиларди ёки ишга олинмасди. Бу зеҳният ўлмаган экан. Мажлисимизнинг эртасидан бошлаб Ризо Обид ҳақида ана шундай хатлар кела бошлади. Ҳам имзоли, ҳам имзосиз.

Хуллас, ҳаммаёқ қоришиб кетди. Бўлим мудири ҳар куни камида иккита хатни олиб келиб, столим устига қўяди ва “Ўзингиз жавоб беринг” дейди. Шундай бўлди-ки, баъзи гапларга ўзимиз ҳам ишониб қола бошладик.

Мен билмасдан истеъдодли ижодкорга, халқ жонкуярига зарарқилиб қўйган эдим. Унингбоши бўҳтонлардан, ҳаёти ташвишлардан чиқмай қолди.

Баъзан яхшилик қиламан деб ёмонлик ҳам қилиб қўяди, киши.Буни кимдир тўғри тушунади, кимдир йўқ. Лекин Ризо Обид мени тўғри тушунгани учун унга ҳурматим беқиёс.

Демоқчиман-ки, ўзбекнинг ўзлигини ўлдириб келаётган ҳасаддан қутулмасак, диктатура деган қора зулматдан қутулиш осон кечмайди.

76. ВЕБМАСТЕР

Солижон Нью Йоркда компютер курсини битириб Интернетда веб саҳифа қилишни ўрганди. Америкада ҳар бир хонадон, ҳар бир ташкилотда Интернет бўлгани ва барча идоралар бу тармоқда ўз саҳифаларини очганлари боис “Вебмастер” деган касб ҳам пайдо бўлган.(Буни ўзбекча қилиб саҳифаловчи ҳам дейиш мумкин. Аммо Интернет калималари бутун дунёда ўз ҳолича ишлатилаётгани боис биз ҳам вебмастер деб ишлатсак хато бўлмайди деган қарашдаман).

Солижон бир корхонага вебмастер бўлиб ишга ўтди. Бир қарашда бу оддий, техник ишга ўхшайди. Аммо СолижонАмерикада анчадан бери яшаётган бўлсада зеҳнияти советчасига ишларди.

Масалан, Ўзбекистонда одамлар баъзанҳисобчига қуллуқ қилганларини эслаб қолди, шекилли,қўлида катта имкониятлар борлигидан боши осмонга етди. Ўзини салкам бошлиқ деб ҳисоблади. Чунки интернет ҳар бир идоранинг юрагига айланган Америкада бу “юракни” назорат қилувчи шахс, табиийки катта имкониятларга эга.

Дейлик, у ташкилотда ишлаганларнинг ҳаммасига келадиганмактубларни назорат қилиши мумкин. Ҳамманинг қўлланадиган “ном” ва “пассворд”( “калит”ўлароққўлланиладиган махфий калимаси)ниўрганиб олди. Бу ҳам етмаганидек,келадиган хатларни олдин ўзи кўриб чиқиши учун умумий бир номга боғлаб ҳам қўйибди.

Гарчи Америкада бировнингшахсий дунёсига бурун суқиш жиноят ҳисоблансада у ишни ўзбекча қилиб, ҳамманинг “сир”ини ўрганиб юраверибди. Бундай бўлишини бировнинг хатини ўқишни энг пасткашлик деб қабул қиладиган Америкада ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган.

Солижон аста-секин бошлиққа келадиган мактубларни ҳам ўзназоратига олди. Бутун идорага келадиган умумий мактублар учун умумий адресни ҳам ўз ҳисобига тўғрилаб қўйди. Мактуб ҳамманинг номига келади, аммоу ўчириб қўяди ва кераклисини керакли одамга ўтказиб юборади. У шу зайл баъзи одамларни ҳам қўлга ола бошлади. Бошлиқнинг сирларини аста-секин уларнинг қулоғига шипшитиб турадиган, бошлиқнинг ўзига ҳам йўл кўрсатадиган, у йўғида эса, идорага раҳбарлик қиладиган, америкача айтганда “муҳим шахс”га айланди.

Энди у аста-секин бошлиқнинг ўрнига кўз тика бошлади. Бунинг учун мутлоқ ўзига тобе одамлар керак эди. Дастлаб, илгари ўзи билан “ош-қатиқ” бўлган бир жувонни ишга жойлаштирди. Унинг қўлидан бир вақо келмаса ҳам Солижон орқали ахборотга эга эди ва бошлиққа “мен сизнинг одамингизман” деяСолижондан “олган” баъзи гапларни шипшитиб тургани боис у ҳам муҳим одамга айланди.

Солижоннинг бошлиқни йўқотиш учун яна икки-уч ана шундай содиқ одамга эҳтиёжи бор эди. Бошлиққа яна икки кишинирўпара қилди. Аммо улардан бири Солижон билан “ош-қатиқ” ейишни жиддий деб ўйлаган экан-ми,унинг бошқалар билан муносабатини кўриб, ундан айниб қолди. Бунинг устига унинг компютердан ҳам хабари бор экан. Бошлиқни огоҳлантириб турди, аммо бошлиқ энди Солижондан итдан қўрққандай қўрқадиган бўлиб қолганди. Чунки ҳамма сирларининг калити унда эди-да.

Бошлиқдан иш чиқмаслигини билган жувон шу ерда ишлаганлардан бирига юрагини очиб қолди. У ҳам компютерни яхши тушунар ва Солижоннинг ишларидан шубҳаланиб юрар экан. Солижонни мактубларни яширган пайтида ушлади, Солижон қўрққаниданназоратни бўшаштириб қўйди. Бошлиқойлаб олмаган эски хатларини ҳам бир кунда олишига қарамай Солижонга бир нарса демади.

Бир куни бошлиқни ёмон вазиятга туширган Солижон эндиўзи курсига ўтираман дегандауни махсус идорадан келиб қўлга олишди. Чункиушлаганига қарамай бошлиқ чора кўрмаганидан шубҳаланган ходим вазиятни махсус идорага билдирган экан.

Айтишларича, Солижон энди қамоқда саҳифаловчи экан, фақат вебмастер эмас, балки ахлат қутиларидан терилган қоғозларни саҳифаловчи бўлиб ишлаётган экан.

77. БИР СЕВГИ АФСОНАСИ

Ризвон хола билан тасодифан танишиб қолдик. Аяхон узоқ йиллардан бери Америкада яшасаларда бу ердаги ўзбеклар билан бор-келди қилмаганлари боис кўпчилик билан таниш ҳам эмас эканлар.

Бир куни сабабини айтиб қолдилар:

-Мен турмуш ўртоғим раҳматли бўлгач, бутун кучимни болаларимни ўқитишга сарфладим. Ҳафтада етти кун ишладим ва уларни оёққа қўйдим, бунинг устига мен замонавий аёллардан эдим. Болаларим ҳам замонавий бўлиб етишдилар. Бир-икки ҳамюртлар билан борди-келди қилсам, камсита бошладилар. Намоз қилмаганимизни юзимизга солишди. Ҳатто болаларимни кофир ҳам дейишди, устидан кулишди. Бугунга келиб, қараб турсам, менинг ҳамма болаларим етишган, Тангрисига чин дилдан ишонган, олий маълумоти, виждонли, катта-катта ишларнинг эгаси. Ўша танишларимизнинг болалари ҳали ҳам тунги клубларда юришганини эшитиб қоламан. Клубнинг ёнига қадар бошини ўраб келармиш-да кейин эса, ҳаммаёғини очиб оларкан. Бунинг устига ўша танишларим одамга тақинчоқларига қараб баҳо беришар экан, мен тақинчоқ олиш ўрнига болалаларимнинг ўқишига пул тўпладим. Хуллас, бугунга келиб ҳамюртлар мени унутишган, мен эса, уларни. Тангира эса, улардан кўпроқ мен ишонсам керак. Чунки уларнинг таши бошқа ва ичи бошқа.

Хола очиқ кўнгил, дунёга ҳушёр назар билан қарайдиган аёл экан. Унинг гаплари самимий, юракдан айтилгани сезилиб туради. Болалари ва неваралари ҳам фавқуллодда тарбияли эканлигини кўрдик. Кунларнинг бирида холага,

-Қандай қилиб Америкага келиб қолдингиз?,-дедим.

Аввал кулдилар, кейин юзларида маҳсун бир ўйчанлик пайдо бўлди.

-Ҳеч кимга айтган эмас эдим, аммо укажон сизга айтаман, бу ҳам балки бир асарингизга сабаб бўлар,- дедилар ва афсонавий тарихларини ҳикоя қилдилар.- Мен Ўзбекистонда замонавий, илмни ардоқлаган бир оилада ўсдим. Олийгоҳни битириш арафасида курсдошларимдан Л. исмли бир йигит менга севги изҳор қилди. Дунёнинг иши экан, мен ҳам уни севиб қолдим. Бизнинг севгимизнинг олдида ҳамма афсоналар кучсиздай эди. Биз шу қадар бахтиёр эдик-ки, иккаламиз ҳам тўйимизни орзиқиб кутардик. Ўша кунларда дугоналаримдан бири “Биласанми, Л. сил касалига йўлиқибди” деб қолди. Мен содда ҳам бу гапни Л.ни яхши таниган бошқа дугонамга маслаҳат учун айтибман. У эса, Л.ни яхши кўрар экан ва дарҳол ёнига бориб “Ризвон сени сил деяпти, суриштириб юрибди” деб айтибди.

Шу кундан бошлаб ёруғ дунё мен учун зулматга айланди. Л. мен билан гаплашмай қўйди. Йўлидан чиқсам юзини тескари буриб кетадиган бўлди. Менинг севгим эса, алангаланиб борар эди. Онамнинг бўйинларига осилиб ҳўнгир-ҳўнгир йиғлар эдим. Тунлари ухламай чиқардим. “Қўй болам, кўз ёшларинга арзимайду у” деб онам овутган бўлардилар, мен эса, баттар йиғлар эдим ва юрагимнинг ярмини йўқотиб қўйган каби азият чекар эдим. Ўзбекистон тор, зах бир кулба каби мени ўзидан итқита бошлади. Кунлар тегирмон тоши бўлса, соатлар калтак ва дақиқалар мушт бўлиб мени дўппослар эдилар гўё. Азиятларим аста-секин исёнга айланди ва Ўзбекистонни тарк этдим. Ўшанда, яъни бундан 45 йил аввал мен ҳақимда кўп гаплар тарқатишди. Чет элда уни сотиб юборишибди, деганларини эшитдим. Кўчада савдогарлик қилаяпти, ҳам дейишибди. Аммо менинг бахтим кулган экан, яхши бир одамга турмушга чиқдим ва йўлимни йўқотмадим. Тез-тез Тошкентга бориб туриш имконим ҳам бўлди.

Агар ўшанда Л. хато қилмаганда, ёки мен хато қилиб дугонамга кўнгил ёрмаганимда бугун Америкада бўлмас эдим. Аммо бу ҳам Тангрининг инояти. Болаларим, невараларим ёруғ кунларда яшамоқдалар. Шуни айтсалар керак-да, ёмонлик эшигидан кирсанг, яхшилик эшигидан чиқасан деб. Ҳар бир ёмон куннинг ортидан яхши кун келар экан. Билмадим, Л.нинг ҳаёти қандай бўлди? Ўшанда жуда қаттиқ ранжиган эканман-ми ёки жуда қаттиқ ёнган эканман-ми, уни ҳеч суриштирмадим ва доим эсламасликка уриндим. Мана энди орадан 45 йил ўтиб сизга айтим бердим… Қаранг, укажон, севгининг афсонаси ўлмас экан!

78.ТЎЙ ДИПЛОМАТИЯСИ

Америкада тўй ўтказиш ҳам осон иш эмас. А. ўғлини уйлантирадиган бўлди ва Тошкентдан келиб хизмат қилиб юрган бир қизни ўғлига унаштирди. Улар никоҳдан ўтиб, анча бирга яшаб юришди. Бир куни тўй бўлиши ҳақида гап тарқалди. Маълум бўлишича, асли А. тўй ҳам қилмоқчи эмас экан. Келиннинг визаси ўтиб кетгани боис “Фалончига турмушга чиқдим” деб ҳужжатларини расмийлаштиришга топширган экан, ҳукумат идорасидагилар тўйнинг видео тасмаси ва расмларини талаб қилишибди. Шу боис кичкина бўлса ҳам тўй ўтказмоқчи бўлишибди. А. яқин дўстлари, танишларига Интеренет орқали хат ёзиб, тўйга таклиф қилибди.Тўйдан кейин у антиқа воқеаларни гапириб икки хатни менга кўрсатди. Хат қўшни маҳаллада яшайдиган ўзбек дўстидан экан.

“Ассалому алайкум. Қалай яхши юрибсизларми? Тўй ташвишлари чарчатмаяптими? Таклифномани Интернет орқали олгандан кейин ёшларга бахт тилаб, икки савол ёзгандим, жавоб келмагани учун ҳар ҳолда бошқа хатлар билан қўшилиб, ўчиб кетган бўлса керак, деб бу сафар уччала электрон адресингизга ҳам юбордим. Америкачилк нуқтаи-назаридан саволларни тўғри қабул қиласиз, деган умиддаман.

1.Бизнинг оилада тўйга бориши мумкин бўлга 7 киши бор ва сизларнинг имкониятларингиз қандай, ҳар бир оиладан неча кишидан таклиф қилмоқдасизлар?

2.Маълумки, Америкада ҳадялар рўйхати бир дўконга берилади ва тўйга борувчилар ўша жойда ҳадяларнинг бирортасини танлаб, пулини тўлаб кетадилар. Сизлар ҳадялар учун бирор бир дўконда регистрация очганмисизлар?

Бу хатга А. қуйидагича жавоб қилибди:

“Ва алайкум ассалом, ҳурматли …! Ўзларингиз тинч ва саломатмисизлар? Биз, шукр, яхшимиз. Кеч жавоб ёзаётганим учун узр. Ўзингиз тушунганингиздек тўй ташвишлари – барчамизни бошимизга доим мана шундай хурсандчилик ташвишлари бўлсин! Биринчи марта тўй қилиш, айниқса, ҳар ҳолда ҳали ҳам ярим “бегона юртдалигимиз, яқинларимиз, жигарларимизнинг кўпчилиги узоқдалиги – осон эмас экан. Ҳам ташкилий, ҳам моддий томондан (охиргиси – мени ҳозирги вазиятим яхши эмаслигининг натижаси). Саволларингиз ўринли – фақат Америкада эмас, балки Ўзбекистонда ҳам мени назаримда ўринли саволлар. Вазиятимиз, имкониятларимиздаги ноаниқлик ҳам кеч жавоб бераётганимга сабаб бўлди. Қолаверса, тўйимизга ҳали 2 ҳафта бор.

1. Вазиятимиз ва имкониятларимиздан келиб чиқиб, Сизни оилангиздан 2 кишини кутаяпмиз.

2. Куёв ва келин ҳеч бир дўконда регистрация қилишмади. Ёшлар ҳали тузукроқ жойга эга бўлгунча анча кўчишлари мумкин. Шунинг учун, уй жиҳозлари ё кийимга унчалик қизиқиш билдиришмаяпти. Натижада, ҳозир бу ердаги уйғур дўстларимизда кенг тарқалган одатни афзал кўрдик. Агар ким ёшларга бирор совға ё ёрдам беришни лозим топса ва бунга имкони бўлса, чек ёзиш ё “каш”- нақд пул беришини маъқул кўрдик. Буни бизга тўй ўтказишимиз учун берилган ёрдам деб тушунамиз. Чеклар менинг ёки ўғлимнинг номига бўлгани маъқул. Саломлар билан, ҳали тўйгача ҳам хабарлашиб турармиз деган ишонч билан А.”

А.нинг бу хатига нариги маҳаллада яшаётган дўстидан дарҳол жавоб келибди:

“Сизнинг қийин шароитингизни ҳисобга олиб, 140 долларлик чек юбордим ва тўйда биз учун ажратилиши кутилаётган икки кишилик ўринни ҳам қисқартириб, ҳар ҳолда 20 доллар тежалади, бу пулни ҳам ёшларга ҳадя қилишингизни сўрайман”.

Шунақаси ҳам бўлади.

79. ТОПИШМОҚ

Чет элга келганимдан бери бу топишмоққа жавоб тополмайман. Тўғри, хаёлга ҳар турли жавоблар келади, умумий хулосалар ҳам чиқариш мумкин, аммо бу жавоблар дилни қониқтирмайди.

Бугун Ўзбекистонда аксарият кўпчилик Каримов режимидан норози. Ҳатто Президент девонида ишлаб бу режимдан норози бўлганлардан баъзиларини биламан. Вазирлар Маҳкамаси, МХХдан тортиб ИИВ таркибида ҳам бу режим ўзгаришини жону дили билан истаганлар бор. Халқ эса Каримовни очиқчасига ошириб сўка бошлади.

Бу режимга мухолиф бўлганлар унинг илдизлари ҳақида чуқур тасаввурга эгадирлар. Улар ўз фикрларини ичкарида ҳам, ташқарида ҳам айтишдан чўчимайдилар. Ичкарида айтишга чўчиганлар эса, чет элларга чиқиб кетганда бу юракларида зардобга айланиб қолмаслиги учун дардларини айтишгаимкон қидирадилар.

Бу бор гап. Топишмоқ эса шуки, ичкарида мухолиф бўлиб юрган одам ташқарига кетиб, бир муддатдан кейин Каримовнинг ва режимининг адвокатига айланиб қолишидир. Олдинига битта шундай одамни билардим.У ақлини еган деб юрар эдим. Баъзилар эса уни Каримовнинг “овчарка”лари сафига қўшиб қўйишганди.

Лекин кузатсам ўзини мухолифатчиман деб юрганлардан бири мен ҳақимда уйдирма ёзар экан ана ўша одамнинг кимлигини айтиб, унга жабр қилганимни иддао этди. Сен ҳам унинг бири экансан деб индамай қўйдим.

Яна кузатсам, унга хорижий радиоларда ҳам бир-икки тарафдор топилди. Ҳатто уни яхши одам деб ёза бошлаганлар ҳам бўлди.

Балки унинг яқин орада Ўзбекистонга қайтиб қолишидан манфаат кутганлар бордир, десангиз, йўқ, у қайтмасликка қарорли ва буни очиқ айтади.

Балки ҳукумат билан алоқаси бор, шундай фойдаланиб қоламан, деганлар бўлиши мумкин? Йўқ. Ҳукумат уни сариқ чақага ҳам олмайди.

Балки бу ҳам зеҳният билан боғлиқ муаммодир?

Балки бу жуда оддий иллат ва жавоби ҳам жўндир?!

Балки ўзбеклар орасида оз бўлсада шундайлари ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлар?!

Хуллас, нима бўлганда ҳамбу мен учун топишмоқлигича қолмоқда.

80. АБДУРАҲИМ УЧҚУН

Шоир, ёзувчи ва таржимон Абдураҳим Учқун 2003 йилнинг 31 декабрида Саудия Арабистонида 77 ёшида оламдан ўтди.

Ватан дардила бўлдим дарбадар йиллар кўролмайман,

Паришонман анинг ҳажрида бир ерда туролмайман,

Тутуб ғурбат ғубори чеҳрайи зоримни зард этмиш,

Дилим хунобдур ким жўй борида юволмайман.

Ана шундай деб нола қилган марҳум Абдураҳим Учқун ватандан узоқда юрган йилларида доимо соғинч дардида яшади. Бу унинг шеърлари ва ёзган асарлари, шунингдек, таржима қилган китобларида ўз аксини топган.

У таржима қилган рисолалар кўпроқ Марказий Осия ва туркий қавмларнинг тарихи, анъаналари, дунёда қолдирган изларига билан боғлиқ эди.

-Абдураҳим Учқун билан биринчи бор 1983 йилда Покистоннинг Карачи шаҳрида танишгандим,-дея ҳикоя қилиб берди “Америка овози”да бирга ишлаган ҳамкасбим Абдулманнон Кескин.- У киши Афғонистон советларнинг босқинчилигига учрагандан кейин кекса бўлганларига қарамай, бир неча бор бу ўлкага сафар қилиб, айниқса, Афғонистоннинг шимолида туркистонликларнинг ташаббуси билан тузилган жабҳалардаги йигитларга, Амир Темурнинг ҳаёти акс этган ва ўзлари форсчадан ўзбекчага таржима қилган китобларидан ўқиб бериш билан аскарларни мужодала майдонига тайёрлашда қўшган ҳиссаларини бошқалардан кўп эшитганмиз.

Абдулманнон ака яна қуйидагиларни гапириб берди׃

-Абдураҳим Учқун ҳаётининг сўнги кунларини Саудиа Арабистонининг Тоиф шаҳрида ўтказди. Шу ерда у кўплаб асарларини яратиб, таржима ишларини ҳам ўз ташаббуси билан амалга оширди. Унинг ёзган асарлари “Ғурбат ноласи”-юз бетлик шеърлар мажмуъаси, “Ақоиди Зарурия ва Муҳиммотуддин”-Исломий ақидатнинг савол ва жавоб тариқасида тайёрланган изоҳи, “Юз ҳикматли сўз”- дин ва халқ орасидаги ҳикматли сўзлар, “Ҳофиз шеъриятидаги урфон ва тасаввуф истилоҳлари” ва бошқалардан иборат.

У киши “Тажвид” ёки Қуръони Каримни тўғри ўқишга борасида илмий дастурни ҳам таржима қилганлар. ”Мен Жаҳонкушо Темур” асарини ҳам форсчадан ўгирганлар ва бу асар Амир Тимур соҳибқироннинг қилган юришларию ҳаёти ҳақида мукаммал ҳикоядир. Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ авлодларининг Ҳиндистондаги 350 йиллик салтанатининг тарихи асарини ҳам Урду тилидан таржима қилганлар ва бу асар 650 бетлик ажойиб бир китобдир.

“Ваҳий нима? Қуръон мўжизаси”-бу араб тилидан таржима қилинган 92 саҳифалик қўлланма бўлиб, Афғонистоннинг русларга қарши кураши даврида ёзилган ўрду тилидаги рисоланинг таржимасидир. Буни ҳам ўзлари кўпайтириб ўқувчиларга тақдим этгандилар.

Абдураҳим Учқун ўз ортида кўп асарлар қолдирди. У ҳижрий 1305 йилда Қўқонда дунёга келиб, 1307 йилда ота-онаси биланҳижратга кетган.

Ўзбекистон, ўзбек халқи ана шундай улуғ фарзанди бўлганини билиши ва уни хотирлаши керак.

Дарвоқе, сиз шундай ўзбек ўтгани ҳақида билармидингиз?

81.ОРЗУ

“Ташқарида туриб ичкаридаги одамларни намойишларга чақириш маънавиятсизлик” деган гапим баъзиларга оғир ботди.

Биродар, мард бўлсанг, бор, халқнинг олдига туш! Қамалишдан қўрқасанми? Калтаклашларидан, қийноққа солишларидан қўрқасанми?Айтган ҳужжатларига қўл қўймасанг ота-онангни, яқинларингни дўззах азобига солишларини ўйлаб юрагинг орқага тортадими? Шундай экан, бошқага нега буни раво кўрасан?

Ўзи хавфсиз жойда турган одам бошқаларни таҳликали, ҳатто ўлим билан юзма-юз бўлиши мумкин бўлган жойга чақиришини бошқача қандай ифодалаш мумкин?..

“Доим чет элларга кетиб қолиш йўлини излаган, орқасидан ўлим қувмаган, ҳатто устидан бирор бир иш очилмаган ҳолда имконини пойлаб чет элга кетворган одамнинг Ватанимни озод қиламан деб фарёд чекиши самимий эмас” деган гапим ҳам кимларгадир ёқмади.

Менга “Ёрдам қилинг, оиламни олиб кетай, бу жой менга ватан бўлмайди” деб хатлар ёзган, Ватанда туриб Ватаннинг дардидан кўз юмган ва мақсади фақат пул топишдан иборат бўлган кимса чет элга чиқиб олиб, буюк ватанпарвар бўлиб жар солишини бошқача қандай айтиш мумкин?

У халқни уйғотиш керак деб дод солади. Биродар, кечагина халқнинг ёнида эдинг. Ухлаб ётган экан, бундай туртиб уйғотсанг бўлмасмиди? Энди чет элдасан, ўртада овоз ўтмас девор,минг дод сол, халқ эшитмайди. Овозинг ўзингга қайтиб келади.

Агар чет элга келиб, кўзинг очилган бўлса, унда қайтиб кет, сенга орқага йўл очиқ-ку!

“Диктатура- бу бутун ҳомкимият битта шахснинг қўлида тўпланиб қолишидир, асосий айб Каримовда, унинг шахсида” деган гапим ҳам айримларга ёқмади.

Мени “антикаримовчи” дейишди. Лекин “Айбнинг бир қисми Каримовда, бир қисми ҳукуматда, бир қисми мажлисда” дедингизми у ҳолда Ўзбекистонда демократия деганингиз бўлади. Ё диктатура денг, ё демократия. Диктатура дедингизми, демак айб Каримовда бўлади. Бу икки карра икки тўрт дегани каби-ку! Балки сизга беш керакдур?!

Балки бундай гапларни “хамирга ўраб” ёки “пардоз андоз” билан айтиш зарурмикан? Мана шундай қила олмаслигим балки хатоимдир? У ҳолда умрим хатолардан иборат…

Қани эди, бутун ўзбекларнинг умри-сўзи бугунги каби “ютуқлар”, “оламшумул муваффақиятлар”, “юртбоши яратган порлоқ кунлар”дангина эмас, менинг хатоларимдан ҳам иборат бўлганда…Бу энди орзу!

82. ТУРКИСТОН ЧИНОРИ

Бугун 2002 йилнинг 14 Августи… Боймирза Ҳайит билан узоқ гаплашдик… У киши ҳақида нимадир ёзиб қўйгим келди….

Боймирза Ҳайит Туркистон тарихининг 20 асрдаги чинорларидан биридир. Яна ҳам аниқроқ айтсак чиноридир. Чунки Туркистоннинг 20 аср биринчи ярмидаги тарихини ёритишда унга тенг келадиган бошқа олим йўқ. Ўша даврда йўқ эди ва ҳалига қадар йўқ ва бундан кейин ҳам бўлиши даргумон. Агар у ҳақиқатни ёзмаганда Советлар даврида унга қарши 2000 дан зиёд бўҳтон мақола битилармиди?

Уни “Ватан хоини” дедилар. Бу калима ўз мазмунини йўқотди ва ватансевар англамига келди. Чунки Ватанини Боймирза Ҳайит каби кучли севадиган бошқа одам бўлмагани ва “Ватан хоини” калимаси доим унга қарата айтиб турилгани учун ҳам бу ибора ўз мазмумини ўзгартирди.

Боймирза Ҳайитга қиёсан “Ватан хоини” демак бу ватансевар англамига келади. У ана шундай калималар мазмунини ўзгартира оладиган ҳаёт яшади.

Уни туҳматчи дедилар. Буни оддий инсонлар эмас, Совет даврида энг машҳур олимлар, адиблар, давлат арбоблари такрорладилар.

Туҳматчи калимаси ҳам унга нисбатан айтилганда ўз илдизидан айрилиб ҳақиқатгўй англамини акс этди.

Чунки у бир умр ҳақиқатни ёзди. Бугунга қадар ҳали советлар “босмачилар” деб тамға қўйган Туркистон миллий озодлик ҳаракати ҳақида Боймирза Ҳайитдан ўтиб тушадиган тарих ёзган одам йўқ.

Ундан қўрқдилар. Совет даврида шўролар яширган қилмишлари ошкор қилингани учун ундан қўрқдилар.

Мустақиллик йилларида эса шўролар бошқа қиёфада турланганларини у билгани учун яна ундан қўрқдилар. Қолаверса мустақиллик учун курашган у эди, аммо сув келтирган хору кўза синдирган азиз бўлди.

Боймирза Ҳайитни муҳожирликда ҳам севмаганлар бор эди. Кимдир уни “Юзаки тарихчи”, деди. Ваҳоланки, бу гапни айтганларнинг ўзлари Туркистон тарихи масаласида кўзлари кўр, қалблари сўқир эди. Умрларини фақат валдираш билан ўтказдилар. Кимлардир энди уларнинг номларини ҳам Боймирза Ҳайит номининг ёнига қўйишга интилмоқда. Олтиннинг ёнига сариқ чақани қўйган билан олтин хазинаси бойимайди. Олтин олтиндир, сариқ чақа эса сариқ чақадир.

Шўролар таъсирида қолган баъзи муҳожирлар Боймирза Ҳайитни сева олмадилар, ардоқлай олмадилар, унинг ҳаётидан, асарларидан нуқс қидиришга уриндилар. Лекин пишқириб оқаётган дарёнинг йўлини хас билан тўсишга уринишдек гап эди бу.

Боймирза Ҳайит қуруқ валдираш ёки мақатнишлар билан эмас, ўзининг камтарона меҳнати, ўлмас асарлари билан ўзига ҳайкал қўйди. Ўзбекистондаги тўралар Боймирза Ҳайитни Ватанга киритмасак унинг номини унуттирамиз дедилар. Бу қўлларидан келмади.

У иккиюзламачилик қилиб сохта мустақилчиларни мақтамади.

У сўзбўямачилк қилиб мансабфурушларга хизмат қилмади.

У хаста ва тўшакка михланган кунларида Ватанга қайтаман, деди, аммо Ватанни онасининг маҳрига тушган каби ўзининг шахсий томорқаси қилиб олганлар яна унга йўл бермадилар. Лекин бу билан Боймирза Ҳайит номини кўнгиллардан ўчира олмадилар. Бизнинг кўнгилларимиз унинг учун Ватан бўлгай!

У умр бўйи ҳақиқатани билди, ҳақиқатни таниди ва ҳақиқатга хизмат қилди. Шу боис ҳам унинг номи ҳақиқат калимаси билан тенг.. Шунинг учун у бугун, эртага ҳам, ундан кейин ҳам Туркистон тарихининг устуни, чинори ўлароқ қолаверади.

83. УЧҚУННИНГ АЛАНГАСИ

Шоир Абдураҳим Учқун ҳақида АҚШга келганимдан кейин эшитган бўлсам, яна бир шоир Эргаш Учқун ҳақида эса, Туркияда яшаганимда эшитган эдим. У кишиниг шоирлиги, шоир бўлганда мулки Туронни қалам билан забт этишга интилгани мени ҳайратга солганди.

“Америка овози” иш бошлагач, бир куни Эргаш акани қидириб йўлга чиқдим. Нью Жерсей штатининг жуда олис бир гўшасида яшар эканлар. Деворсиз ҳовлилари жуда катта эди. Уйнинг олдида ва орқасида би неча гектар ерлари бўлиб, олдинги қисмда деҳқончилик замини ва орқа томонда ўрмонзор эди.

Уйга етиб боргунча узун йўлакнинг икки томони гулу гулзорга айлантирилган. Гуллар ортида эса, сабзавотнинг деярли ҳамма турини кўриш мумкин. Бу Ўзбекистон учун оддий ҳолат. Аммо Америкада сабзавот етиштиришдан уни сотиб олиш арзон тушгани учун ҳам кўпчилик ҳовлисини кўм-кўк ажириқзор ҳолида сақлайди. Эргаш ака бу одатни бузган эди.

Қолаверса, у киши 1927 йилда туғилган ва кексалигига қарамай ҳамма ишни ўзи қилар экан. Тўртта ўғиллари аллақачон улғайиб, ўз йўлларини топиб кетишган. Фақт кенжаси у киши билан яшасада спорт билан шуғуллангани учун асосан сафарларда бўлар экан. Асли туркиялик бўлган умр йўлдоши Туркон хоним ўзбекча чой дамлар келиб, у кишга мадад бўлар ва Эргаш ака заҳматли деҳқончиликни ўзлари уддалар эканлар.

Уйга киришингиз билан диққатингизни девордаги дутор ва танбурлар тортади.

-Буларни ким чалади?-сўрайман ундан.

Эргаш ака жавоб ўрнига дуторни олиб шунақа чалдики, худди уммонингшовиллаши ичкарига кириб келгандек бўлди.

Унинг қўллари дутор торларини шу қадар шиддат билан чертарди-ки худди симлар ҳўнграб-ҳўнгарб йиғлаётгандек эди.

Бирдан унинг ўзи йиғлай бошлади. Кўзларидан дув-дув оқаётган ёш дуторни ҳўл қиларади…

Унинг кўз ёшлари ҳайқириққа айланди..

Овозининг ўткирлиги зулфиқордай эди׃

Энам!

Энажоним!

Туркистоним, Туроним!

Элни боссин соғинчларим, гирёним!

Бундай Яратганданистеъдод олган зот билан ёнма-ён ўтириш ҳам бир шараф эди. Унинг шеърлари, достонлари тинглаб тонг бўзариб қолганини сезмабман.

У Афғонистон деган сўзни деярли ишлатмайди. Жанубий Туркистон дейди.

Таржима ҳолини мухтасар қилиб айтиб берди׃

-Шоҳимардонқул ўғли Эргаш Учқунман..

1927 йилнинг 21 февралида туғилганман. Майманада. Ўзбек тилини Машрабдан ўргандим. Уйимизда фақат Машрабнинг китоби бор эди-да!

1938-1944 йилларда мактабга қатнадим. Кейин Кобул дорилфунунида кимё ва билогияни ўқидим. 1957 йилда мактабда мудир эдим ва Афғон ҳукуматининг турк қавларига зулмидан норози бўлганим учун қувғинга учрадим. Покистон, Эрон ва сўнгра Туркияга келдим. Аданада муаллимлик қилдим. Туркон хоним билан оила қурдик. 1974 йилда Америкага келдик. Яқинда яна Туркияга кўчиб кетаман…

Американинг сиёсатидан норози эканлигини бот-бот айтади. “Туркий қавмларга ёрдам бермаяпти” дейди. Қизиқ, бошқалардан ёрдам кутиш фақат бизнинг авлодга хос эмас экан. Истеъдод соҳиблари ҳар доим кучлилар кучсизларга қайишсин деб нола қилгани ҳам балки бир анъанадир?

Худди унинг танқидини эшитган каби 2001 воқеаларидан кейин Оқ уйга, Давлат департаментига таклиф этиб маслаҳат солишди. Афғонистон борасида. Нима деди, нима дедилар билмайман. АммоТуркияга кўчиб кетди.

Суриштирсам, саксонга яқинлашиб қолган бу зот оғир хаста экан, гапдан қолибдилар…

-Буюк истеъдод берибсан, саломатлик ҳам бер,-дея дуо қилдим.

Қўлимдан бошқа нима ҳам келсин!

84. ҚАЙТГАНЛАР ҚАҲРАМОНЛАРДИР!

Ғазнавий зулми даврида бош олиб чиқиб кетганлар Авропа остонасига қадар етиб боришди ва Усмонли, кейин Туркияни қуриб ўша ёқларда қолиб кетишди. Қайтишмади.

Шайбонийхон дастидан Афғонистонга кетган Бобур Мирзолар Ҳиндистонга қадар боришди ва ўша ёқларда қолиб кетишди. Қайтишмади.

Рус истилоси даврида чиқаб кетганлар “Бугун қайтамиз, эртага қайтамиз, Туркистон мустақил бўлса қайтамиз, Ўзбекистон мустақил бўлса қайтамиз” дея ўзларини алдашди. Қайтишмади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ҳам орзулари сароблигича қолди.

Кечаю кундуз Ғарбни қарғаб (нонини еб тузлугига тупуриб) юрадиган, оиласи билан Каримовнинг оёғини ўпадиган бир оилага Тошкентда уй-жой ҳам қилиб беришди, қайтишмади.

Каримов қатағони пайтида чиқиб кетганлар ҳам қайтмайдилар.

Яқинда Америкада беш йил ўқиб Тошкентга бориб, кейин бутунлай АҚШга қайтиб келган бир йигит билан гаплашдим. У шундай ҳикоя қилиб берди:

“Ака бу ердалигимда Ватан ҳар куни тушимга кирарди. Асал қовунлари, ширин тарвузлари, ташна босар сувлари, тўйимли нонлари, меҳмондўст одамлари, гўзал қизлари, гаштакчи йигитлари… хуллас, чанг кўчалари, тўйларию куйларига қадар соғинардим. Тезроқ ўқишим битсаю қайтсам дер эдим.

Ўша кун етиб келганда ўзимни бургутдек ҳис қилдим. Жаннатга бораётгандекбир ҳиссиёт билан бордим Ватанга. Лекин тарвузим қўлтиғимдан тушди. Ҳамма нарса ўзгарган эди. Ҳатто суви ҳам менга бегона эди. Ичсам ичгим келмасди. Нонини есам, тавба қилдим, худди кесак тишлаган каби бўлардим. Бу ернинг суви, бу ернинг нонига ўрганган эканман. Қовунидан есам заҳарландим, тарвузидан есам заҳарландим…

Тўйлар ҳам бошқача, йўллар ҳам бошқача, ҳатто одамлар ҳам бошқача, жамият бутунлай бузилган, ахлоқ издан чиққан, одамгарчилик тамом бўлган, телевидение ҳам бошқа, газеталар ҳам, хабарлар ҳам бошқа, ҳатто…

Ҳар қадамда ўзимни камситилган ҳис қилдим. Миршаблар ҳар куни йўлда тўхтатиб дўқ урганда бу ерда беш йилда бир марта ҳам полицияга ишим тушмаганини эсладим, одамлар автобусда туртиб кетганда, бу ерда мен билмай туртиб юборган одам мендан узр сўраганини хотирладим…яшай олмадим, иш ҳам йўқ эди. Пора бермасангиз иш йўқ. Пора берсангиз кейин ўғирлик қилишингиз керак. Мен эса ҳалол меҳнат қилиб яшашга ўрган эдим. Хуллас, Ватан менга бегона эди.

Шунда мен илгари кетганлар нега қайтмаганларини англадим. Қайтганлари ҳам қисқа вақт меҳмон бўлиб яна кетиб қолишганини тушиндим…”

Бундай аччиқ ҳикояларни бир кишидан эмас, кўплардан эшитмоқдаман.

Ўз уйим, ўлан тўшагим, деган гап бор. Кетганлар қаерлардадир ўз уйларини қурдилар. Ўша ернинг тилини, маданиятини, шароитини ўргандилар. Меҳнат қилиб, ҳалол яшаш, меҳнатларига яраша ҳақ олиш мумкинлигини кўрдилар.

Энди ўзлари қайтсалар ҳам болалари қайтмайди. Болалари қайтмади-ми тарихий Ватан уларга торлик қилади ва яна ортга йўл оладилар.

Бир кетгандан кейин қайтиш осон эмас. Қайтиш бу қайта туғилиш, ҳамма нарсани қайта бошлаш демакдир. Бу эса табиатнинг қонунларига зид. Ҳамма ҳам табиатнинг қонунларини бузиб яшашга қодир эмас.

Қайтганлар қаҳрамонлардир! Қаҳрамонлар эса жуда оз, ҳатто бармоқ билан санарли даражада оз бўлади. Бугунга қадар эса ҳали бундай қаҳрамонлар чиқмади.

85. ҲАВАС ВА ҲАЗАР

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшаб, ижод этган Асадулло Ортиқов (Яккабоғли) ўзбек журналистикасининг бир исёнкор овози эди. У Ўзбек журналистикаси тарихида икки жиҳати билан ўчмас из қолдирди.

Биринчиси, унинг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос услуби бор эди.

Иккинчиси эса, у фавқулодда камтар, камсуқум, ўз манфаатини ўйламайдиган, ростгўй, адолатпеша қаламкаш эди.

Унинг хориждагиўзбек радиоларидан янграган деҳқончилик, фермерлар ҳақидаги туркум фелъетонлари Каримов режимининг башарасини очганди. Унинг бу режимга астойдил хизмат қилган Ўткир Ҳошимов, Абдулло Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби маддоҳлар ҳақидаги жуда кўплаб мақолалари ҳам асло эсдан чиқмайди. Улардаги Абдулла Қаҳорчасига янги топилмалар ва деҳқончасига содда ифодалар ҳамда дилларни ларзага солгувчи давомли саволлар ўқиган ёки эшитган одамнинг бир умр ёдига муҳрланиб қоларди.

Мен “Америка овози”да ишлаган пайтларимда уни тез-тезқидирардим. Чунки унинг янги-янги асарларини ўқигим, эшитгим келарди. Маълум кунларда у Яккабоғдан Қаршидаги ҳамкоримизнинг уйига ташриф буюрар ва биз телефон орқали дардлашардик. У халқнинг охир аҳволидан дод деб фикр юритарди.

У билан ўтказган ўнлаб суҳбатларим радиожурналистикадаги ўзига хос бир тарих, десам, муболаға қилмайман.

Унинг бошига Каримов режими кўп ишларни солди. Кунларини милиция, суд остонларига боғлаб қўйди. Ортидан кузатишди, таъқиб этишди, калтаклашди, асоссиз қамашди, оиласи, фарзандларини қувғин этишди ва буларнинг ҳаммаси унинг соғлиғини емирди.

Уни ҳатто Қаршида ва Тошкентда даволанишга қўймадилар.

Касалхонада ҳам таъқиб этдилар, заҳарладилар. Четга чиқиб даволанмоқчи эди, аммо муттаҳамлар, каззоблар, Каримовинг “латта”ларига очилган йўл, ўзбек халқининг дардини елкалаган алпомиш журналистга очилмади.

Қашқадарёдан қандай қаламкашлар чиққан эди, десалар Абдулла Орипов кабиларни ҳазар билан, Асадулло Ортиқов сингариларни эса ҳавас билан тилга оладиган кунлар келишига ишонаман.

86. МУСТАҚИЛЛИК

Америкагакелганимдақўлимгаижтимоийтаъминотҳужжатиниберишди.Дўконданмаҳсулотолаётганимиздабирчол-кампирҳайратбиланқарабтурганинисездим. Уларпулгавабизбепулолаётганэдик. Ўзимнитекинхўрҳисэтдим. Чункиҳаётимдавомидаҳечкимгақарамҳамбўлмаганманваҳечкимнингҳақиниҳамемаганимучунтекингаовқатолишниҳазмқилаолмадим.

Дарҳолижтимоийтаъминотданқутулишйўллариниқидирдим. Биржойдаишласангизватопишингизоилангизгаетарлибўлса, буёрдамкесиларэкан. Иштопдимваўзимниўзимўнглашгакиришдим. Иккиойгақолмайтоғелкамдантушди.

Бунинг бошқа муҳим жиҳати ҳам бор эди. Бир умр ҳам ижтимоий таъминотда яшаш мумкин. Аммо бу таъминот жуда минимал эҳтиёжни қоплайди. Сизнинг дилингиздаги орзуларни эса кўтармайди. Қийин шароитларда бўлган яқинларингиз ёки сафдошларингизга ёрдам қўлини чўзишни истасангиз, уй-жой, янги машиналар олишни хохласангиз ёки яхши ҳордиқ чиқариш, олис сафарларга бориш режаларингиз бўлса, буларнинг биттаси ҳам ижтимоий таъминот халтасига сиғмайди.

Бунинг устига кимларгадир ёки миллатга хизмат қилиш иддаонгиз бўлса, ўзингизни тузатиб олишингиз керак. Чунки ўзини оёққа қўя олмаган ва ўзини тузата олмаган одам бошқалар ҳақида гапириши кулгили бўлади. Ўзи мустақил бўла олмаган одам мустақиллик ҳақида гапирса, сиёсий латифага айланади.

Зотан мустақил бўлиш учун, миллатга хизмат қилиш учун энг яхши ва самарали йўл аввало қаерда бўлмасин оёққа туриб олишдир.

87. АДОЛАТ ТАРАФИДА

Назир Ражабов ҳақида илк бор 1970 йилларнинг охири 1980 йилларнинг бошида у Бухорода (у асли ромитанлик-ЖМ) ёнғинга учраган бир йирик корхона биносини қайта тиклаш лойиҳасини тайёрлаб, СССР Давлат мукофотини олганда эшитгандим.

Кейин у жуда ёш бўлишига қарамасдан жуда катта вазифаларда ишлади, Қурилиш вазири бўлди, Наманган вилоят партия қўмитасининг биринчи котиблигидан Самарқанд вилоят партия комитетининг биринчи котиблигига ўтказилганда уни бевосита танидим. У янгича фикрлайдиган, ташаббускор, тиниб-тинчимас, адолат томонида маҳкам турадиган, адолатсизликка чидай олмайдиган бир раҳбар эди.

Илгари Самарқандда худди ана шундай бир раҳбар бўлган-Владимир Николаевич Қодиров. Уни 43 ёшида заҳарлаб ўлдиришган.(Болалар уйидан чиққан халқпарвар Қодиров ҳақида ёзган китобим ошкоралик йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида давомли ўлароқ эълон қилинганди-ЖМ).

Менга Қодировни эслатган Назир Ражабовнинг тақдиридан ҳам қўрқардим. Коммунистик режим пайтида ҳам халқ томонида бўлган саноқли раҳбарлар етишган, лекин уларни тезда йўқотишган. Ўғрилар, милиция, мафия, ҳатто партиянинг ичидагилар ҳам Назир Ражабовга қарши эдилар.

У адолатпеша раҳбар бўлиш билан бирга адабиётсевар ҳам эди. Машраб шеърларини тўлалигича ёддан биладиган, Навоий асарлари борасида ҳаммани ҳайратга солиб, лол этадиган бир инсон эди. Мен ёзган юзлаб фелъетонлар бўйича у текширишлар ўтказдириб, бегуноҳ қамалган юзлаб одамларни озодликка чиқарган, букилган ҳақиқатни тиклаганди.

Аммо бир кун қўрққаним бўлди. Вилоят партия қўмитаси биносига келсам, ҳамма саросимада. Идеология котиби Фароғат Шукурованинг хонасига борсам, у ҳунграб йиғлаб ўтирибди.

-Назир акани қўлига кишан солиб олиб кетдилар,-деди у.

Кейин Назир ака ҳикоя қилишича, уни қурилиш машинасининг бетон қориштириладиган қутиси ичига ташлаб, айлантира-айлантира бир жойга олиб бориб, у ердан Москвага етказиб, зиндонбанд этишган.

Унга қўлланилмаган қийноқнинг ўзи қолмаган. “Спорт билан шуғулланганим жисмонан ва Навоий ҳамда Машрабни ёддан билганим маънан мени қутқазди” деган эди у. Қийноқлардан ҳар куни ҳушидан кетиб, ҳушига қайтган.

Биз Самарқандда “Назир Ражабовни озод қилиш ва ўз иш жойига тиклаш қўмитасини” туздик.

Ислом Каримов келиб, уни роса мақтади, бирга ўқиганлиги ва ватанпарварлигини, миллатпарварлигини, ҳақиқатни ҳимоя қилувчи инсонлигини айтиб, “Мана қамоқдан чиқди, Москвадан оқлангани ҳақидаги қоғозни олиб келиши билан жойига тиклаймиз” дея Самарқандда “биринчи”ликка Пўлат Абдураҳмоновни тайинлади.Назир акатўққиз ой деганда оқланди. Аммо Каримов сўзида турмади. Мирсаидов ва Жўрабековни Самарқандга қайта-қайта юбориб, Назир ака ҳақида уни ёмон отлиқ қиладиган тарғибот юрғизди ва ўзи келиб яна Абдураҳмоновни қайта тайинлаб кетди.

Назир ака Каримовнинг қаршиликларига қарамасдан 1990 йилда Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланди. Аммо Каримов унга нисбатан оғир зуғумни бир кун ҳам тўхтатмади. Уни ҳатто Бухорода ўзи илк бор ишлаган қурилиш ташкилотида ҳам ишлашга қўймади.

Кейин унинг Москвага кетиб қолгани ҳақида эшиттим ва бу ташкилотчи ҳамда адолатсевар одамнинг бундан сўнгги тақдири ҳақида бошқа маълумотга эга эмасман.

Адолат томонида турган ўзбекларга ҳар қандай даврда ҳам осон бўлмаган.

88.ЦЕНЗУРА

Бугун 2002 йилнинг 24 февралида интернетдаги “ЭРК” саҳифасини ўқиб ҳайратланиб қолдим. Баҳодир исмли киши Муҳаммад Солиҳнинг мақоласига муносабат билдирган ва унга таҳририятдан берилган жавобда шундай сатрлар бор эди:

“1992 йилда Парламентда Каримовни олиб ташлашга бўлган ҳаракат чоғи Муҳаммад Солиҳ тутган нейтрал позицияни назарда тутаётган бўлсангиз, бунинг ташқаридан кўринмайдиган сабаблари бор. Бу-иккита кланнинг, аниқроғи битта кланннинг (чунки, у пайтда ҳали Каримов ёлғиз эди, унинг клани йўқ эди) коммунист номенклатурачилардан иборат битта кланнинг Каримовни олиб ташлаб, ўзи ҳокимиятни қўлга олишга бўлган урунишдан бошқа нарса эмас эди, ҳатто Каримов тарафининг ҳали “шаклланмагани” ва бундан келиб чиққан ҳолда, ташқи таъсирга, яний, ҳақиқий мухолифат кучлари тарафидан ўтказилиши мумкин бўлган таъсирга нариги гуруҳдан кўра (ҳали шаклланиб улгурмагани туфайли) анча лояллигидан Каримов тараф Муҳаммад Солиҳ учун анча мақбулроқ эди. Алабатта, бундай жиҳатлар кўчадаги оддий одам кўзига кўринмайди.”

Шу куни “Бирлик”нинг саҳифасида мана бу ёзув пайдо бўлди:

“Ниҳоят катта воқеа юз берди. Муҳаммад Солиҳ 1991 йилда Каримовни қўллаганини кеч бўлса ҳам тан олди. Бунинг учун унга раҳмат айтиш керак”.

Кўп ўтмай эса, “Бирлик”да“эркчи”ларга деб ёзилган мана бу ёзувни ўқидим:

“Вебларингизда шундай цензура ўрнатган ҳолда Каримовни танқид қилишга ҳақларинг йўқ. Эртага ҳукуматга келсаларинг бу аҳволда нима булади? Сизларни халқимиз қувиб чиқариб туғри қилган. Ўзларинг ҳам билмайсизлар кимликларингизни. Ҳеч булмаса Бирликдан урганиб цензурани йўқ қилинглар кейин Каримовни танқид қилинглар. Менимча ЭРК цензураси Каримовнинг цензурасидан ҳам ёмон. Танқид қилсанг сукиб жавоб беришади. Фикрингни ёзсанг сен ахмоқ, биз ақлли дейишади.Узларига ёқмаса олиб ташлашади. Фақат Муҳаммад Солиҳни мақтасанг чиқаришади. Менимча энг катта фожеалари ҳам шунда булса керак”.

Шунақа, баъзан ўйлаб юрганларинг кўз ўнгингда пайдо бўлади. Демак, бу ёзув муаллифи ўзини цензурага учраган деб билмоқда. Лекин назоратсиз Интернет ҳам иғво, ҳақорат, бўҳтон уясига айланиб кетмоқда.

Юқоридаги муаллиф ўз исмини ёзмаган.Шундан келиб чиқиб, балки ўз номи билан ёзганларнинг битикларини эълон қиламиз ва уларга цензура қўлланилмайди деган шарт қўйиш керакмикан?

Диктатура режими ҳақида ёзганда номини яширганни тушуниш мумкин, лекин мухолифат ҳақида ёзган одам нега исмини яширади?

89. ЙЎҚОЛИШ

АҚШда бир куни докторга борсам, фамилиясининг ортида “ов” қўшимчаси борэкан.

-Русчани биласизми?-деб сўрадим.

-Дадам оз-моз билардилар, бувим ва бобом яхши билардилар, улар рус бўлганлар,-деди.

Унинг “улар” дейиши аввалига мени таажжубга солди. Аммо кейин тушундим. У шу ерда туғилган, унинг Ватани шу ер ва шу заминнинг асл фуқароси у.

У энди ўзини тўла америкалик деб билади ва фақат бобоси ва бувисини россиялик эканини айтади.

Маълумки, ҳар қандай ғалабанинг ортида йўқотиш ва йўқолишлар бўлади.Марказий Осиёда мустақиллик туфайли вужудга келган янги давлатларда сиёсат бугунги кунга қадар бўлганидек давом этса, озчиликка айланган халқларнинг аста-секин ассимиляция бўлиб, асосий халқ таркибига сингиб кетишига олиб келади.

Масалан, юқоридаги мисолдагидек, АҚШга келган муҳожирларнинг биринчи авлоди ўзлигини сақлайди. Иккинчи авлод ўзлиги ҳақида маълум тушунчага эга бўлади. Учинчи авлод эса тўла америкаликка айланади. Бунда тил асосий омил бўлиб хизмат қилади. Худди шундай Авропа давлатларида ҳам бобоси турк ёки армани бўлганини айтадиган, аммо турк ёки арман тилини мутлоқ билмайдиган шведлар, ҳолландлар, инглизлар жуда кўп.

Марказий Осиёда Ленин сиёсати туфайли сунъий равишда ясалган Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон жумҳуриятларидаСовет даврида бошқа номдаги халқлар ўзликларини сақлаш учун қисман ҳуқуқларга эга эдилар. Мактаблари бор эди ва битирсалар қўшни жумҳуриятга бориб ўқиш ва яшаш имкониятига эга эдилар.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида буни сақлаб қолишга уринилди. Аммо вақт ўтган сайин чегаралар сиёсати, иқтисодий қийинчилик, сунъий равишда пайдо қилинган миллатчилик, тўқима миллий факура озчиликка тушиб қолган халқларни мажбурий ассимиляцияга олиб бормоқда.

Марказий Осиё бирлигини англашда бугунги сўқирлик давом этса, айниқса ўзбеклар катта йўқотишга дуч келадилар. Бугун Марказий Осиёда 50 миллион атрофида ўзбек бор. Шунинг қариб ярми Ўзбекистондан ташқарида. Афғонистонда бўлганлари деярли бошқа халқ таркибига сингиб кетиш жараёнига кирганлар.

Икки-уч авлод бугунги сиёсатни бошидан кечирса, Тожикистондаги ўзбеклар ўзлари билмаган ҳолда тожикка айланадилар. Яшаш учун кураш уларни шунга мажбур қилади. Қозоғистонда қозоққа ва Қирғизистонда қирғизга айланиб кетадилар. Чунки бу мамлакатларда ўзбек тилида ўқисалар олийгоҳларга кириш чекланади, иш топиш мушкуллашади, кун кўриш оғирлашади, миллий таҳқир кучаяди ва ҳоказо. Уларга Ўзбекистонга келиб ўқиш ва яшаш бегона давлатга келиш каби бўлади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё бирлиги фавқулодда муҳим масала. Аммо бу энг сўнгги муммо даражасидан теппага чиқмаяти.

Мустақилликдан кейин қўшни давлатлардан Ўзбекистонга ўқишга ёки яшашга келганлар золим сиёсат туфайли деярли фуқаролик ололмадилар. Улар чет элларга чиқиб кетдилар ва кетмоқдалар. Уларга жуда қийин. Ўзликларини энг тез йўқотадиганлар ана шулар бўлади.

Масалан, яқинда АҚШга келган Н. билан гаплашдим. У Ўзбекистонни ватан деб юрибди ва имкон бўлганда қайтишини айтди.

Н. Тожикистон фуқароси эди. Ўзбекистонга келиб яшади. Фуқаролик ололмади. Чет элдан бошпана топди. Лекин у билмайдики, агар у ҳаётлигида Марказий Осиё бирлиги вужудга келмаса, у Ўзбекистон учун бегона. Ҳатто режим алмашиб қолганда ҳаму қайтиб борса, унга Тожикистон фуқароси дея мурожаат қилишади. Ўзбекистонда фуқаролик олиш учун қонунларда белгилаб қўйилганидек узоқ йиллар кутишга мажбур бўлади. Ўзи туғилган Ватани-Тожикистон ҳам уни қабул қилмайди ёки айни талабни қўяди. Бу орада болалари она тилини йўқота бошлайдилар. Болаларининг болалари эса бошпана берган давлатнинг асл фуқаросига айланадилар.

Хуллас, буюк йўқолиш биринчи босқичга кирди. Уни тўхтатишнинг биттаю бита йўли Марказий Осиё бирлиги (Туркистон, Турон)ни устивор этишдир. Афсуски тескариси бўлмоқда.

…500 дан зиёд улкан асарлар яратган ва замонавий дунёда энг истеъдодли адиб деб эътироф қилинган Айзек Азимовни ҳамма америкалик, инглиз ёзувчиси дейди. Ўзи ҳам шундай деган. Унинг келиб чиқиши ҳақида гап кетганда Россияда туғилган дейишади. Фақат нимадир бўлиб, ота-онаси тилга олинганда у асли фарғоналик эканлиги айтилади, холос…

90. ЭЪТИРОФ

Истеъдодли ва заҳматкаш журналист Аҳмад Исмоиловнинг сўнгги иш жойи “Тошкент ҳақиқати” газетаси эди. У оламдан ўтганда жуда кўп журналистлар қатори мен ҳам кўзимда ёш билан уни мангу йўлга кузатиб қолганман.

1974 йилда Тошкент Давлат университетининг Журналистика факултетида ўқиган пайтимда, иқтисодий шароитим оғирлашиб, иш қидириб қолдим. 17-18 ёшли, тажрибасиз йигитни ким ҳам ишга оларди? Сарсон бўлганимни ва қийин шароитга тушганимни кўрган мен яшаётган уйнинг эгаси Илёс ака қўшни маҳаллада истиқомат қиладиган журналист Расул Раҳмонов билан таништирди. У менга эртага туш пайти Навоий театри ёнига боришимни уқтирди. Эртасига борсам у бир ўрта бўйли, кулча юзли, ҳайли семиз одам билан фаввора ёнида гаплашиб турган экан. Салом бериб, узоқроқда тўхтадим. Расул ака у одамга бир нарсалар дегандан кейин у менга яқинроқ келиб:

-Битта савол бераман, жавобинг ёқса, ишга олиндинг, бўлмаса ўзингдан кўр,-деди.

Шошиб қолдим. Бунинг устига Расул ака:

-Бу киши Аҳмад Исмоилов бўладилар, эшитган бўлсанг керак,-деди.

Аҳмад Исмоилов номини кўп эшитганим, ҳар куни “Тошкент ҳақиқати” газетасининг тўртинчи саҳифасида унинг номига кўзим тушиб тургани учун довдираб қолдим.

-Қани айт-чи, журналист дегани ўзи ким?-деди Аҳмад ака.

Ўқишга кирган йилим биринчи дарсда домламиз Мухтор Худойқулов шу мавзуга яқин эркин иш ёздирган эди ва мен “Журналист-давлат арбоби”деб ёзганим ёдимга тушди ва шундай дедим.

Аҳмад ака бироз ўйлаб турди-да, кейин Расул акага қараб:

-Кўрдингиз-ми, ёшларнинг фикри хазина бўлади,-деди ва менга юзланиб:

-Бориб Эътибор опангга айт, сени ишга олдим, иш соатларингни ўқишингга мослаб, режалаб қўйсин,- деди.

Эътибор опа газетанинг Корректура бўлимида раҳбар экан. Шу билан “Тошкент ҳақиқати”да ишлай бошладим. Бу масканда Соат Мусаев, Назармат, Эргаш Муҳаммедов каби жуда кўплаб журналистлар, адиблар ҳам худди Аҳмад ака каби менга қучоқ очиб, иш ўргатишган.

Аҳмад ака чапақай эди. У бир қарашда мақоланинг қандайлигини билиб оладиган маҳоратга эга эди. Чап қўллаб, қизил қалам билан қўйган сарлавҳалар ҳаммани ҳайратга соларди.

Бир куни у мени чақириб:

-Ёшлардан бирортаси билан корректурада ўтириб тур, бироздан кейин Шароф ака келадилар, у киши ўзлари гап қўшмагунча гапирма,-деди.

Биз ишлаётган кўп қаватли бино янги бўлиб, Шароф Рашидов зиёратга келаётган экан. Биз 14 қаватнингйўлакбошидагихонада-корректурада гранкаларни ўқиб ўтиравердик. Рашидов ва ҳамроҳлари бизнинг хонага киришди. Биз бош кўтармасдан ишимизни қилавердик.

-Ассалому алайкум,-дея Рашидов келиб бизлар билан кўришди ва бино ҳақида сўради.

Рашидовни кузатиб қўйишгач, Зариф ака деган ҳазилкаш журналист келиб, бизнинг қўлимиздан ўпди ва:

-Қани ҳамма бу олтин қўллардан ўпсин!,-дея ҳазил қилди.

Орқадан Аҳмад ака келиб қолди ва:

-Давлат арбоблари ҳам шунақа ҳазил қилади-ми?-деди.

Мен унинг киноясини тушунмадим. Кечга томон у мени чақириб:

-Табриклайман, мана бунга қара!-деди.

Биринчи саҳифанинг хомакисида “ЖУРНАЛИСТ-ДАВЛАТ АРБОБИ” деган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзилганди. Кейин билсам, ўшанда Расул Раҳмонов билан Аҳмад ака Шароф Рашидовнинг нутқи ҳақида гаплашаётган ва менинг гапим уларга маъқул бўлгач, нутққа қўшишган экан. Рашидов журналистлар даргоҳини зиёрати баробарида мажлисда бу нутқни ирод қилгач, ҳамма газеталарда бу гап сарлавҳага айланиб кетди. Аҳмад ака доим шу ҳақда гапириб юрди.

Унинг бир одати бор эди. Ёшларга катта пул бериб, кичик бир нарса олиб келишни буюрар эди ва қайтимини олмас, “Эртага бошқа нарса буюрман” дер эди. Эртага эса бошқа пул берарди.

У ёшларнинг ғурурига тегмайин, деб шу йўл билан уларни иқтисодийжиҳатдан дастаклар эди. Умуман у ёшларни жуда қўллайдиган одам эди.

Айтишларича, Шароф Рашидов “Қизил Ўзбекистон” газетасида бош муҳаррир бўлганда, Аҳмад ака масъул котиб экан. Ўшанда Рашидов у кишини “Пулнинг қадрига етмайдиган одамсиз” деганини эшитганлар бор экан. Лекин ҳаммада ҳам ана шундай хислат бўлавермас экан,у пулнинг қадрига етмаса ҳам одамларнинг қадрига етадиган журналист, давлат арбоби эди.

“Тошкент ҳақиқати” газетаси Аҳмад Исмоилов бош муҳаррир бўлган йиллари Ўзбекистондаги энг ўқимишли, энг саводли нашр эди. Буни барча журналистлар чин дилдан эътироф этишарди.

91.ШОҲНИНГҒУЛОМИ

Уни Каримов узоқ вақт ўйнатди. ЗолимшоҳузоқйилларРустам Шоғуломовнинг қўли билан матбуотни бўғиб келди. Айтиш керакки, Рустам Шоғуломов шоҳнингбошқағуломларига нисбатан анча “ташаббускор” ва фитнакор эди. Шу боис ҳам Каримов уни доим панада ушлашга ҳаракат қилди.

Ҳали талабалик йилларимда “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлар эдим. Бир куни лифтда бир олифта одамни кўриб қолдим. У яп-янги костюмини елкасига ташлаб олган, қўллари чўнтагида эди.Лифтга икки-уч аёл чиқди. У улардан бирини бағрига босиб эркалата бошлади.Елкасидаги костюми эса тушиб кетди.

У бир менга, бир костюмига қаради-да новча бўлса ҳам аранг эгиллиб, костюмини йиғиштириб олар экан:

-Қаерда ишлайсан?- деди сенсираб, камситган оҳангда.

Мен ҳам бу маданиятли кўринган маданиятсиз одамга “Сен-чи?” демоқчи эдиму лекин тилим айланмади. Ким билади, “КГБ –МГБ” ми деб ўйладим.

Кейин билсам, “Ёш ленинчи” газетасининг муҳаррири экан. Ҳаммани сенсирар экан. Ўшанда мен қаерда ишлаганимни айтгандан кейин, индамай қўйганди. Танишларимнинг айтишларича, унинг фақат бизнинг муҳаррир Аҳмад Исмоиловга “тиши ўтмас, қолганларни эса оёғининг учида кўрсатар экан.

У муҳаррир бўлган йилларда “Ёш ленинчи” дунёдаги энг ўлик газета эди. Акаси Ислом Шоғуломов Ўзкомпартия Марказий Комитети босмахонасининг директори бўлгани учун унинг пичоғи доим мой устида, эркатой муҳаррир эди. Лекин бир кун улар Раъно Абдуллаеванинг домига илиндилар ва ишдан олиниб, “урилдилар”.

Дунёнинг ишини қаранг, Абдуллаева Қашқадарёга борганда у ерда биринчи котиб бўлган Каримов билан соғлиқни сақлаш масаласида тортишиб қолади. Ўзкомпартиянинг Москвадан “тозалаш” учун юборилган иккинчи котиби Анишчев Абдуллаеванинг оёғини кесишга уриниб юрган пайт бўлгани боис буни эшитиб, Каримовни ишгасолади.“Наврўзнингкушанадаси” дебномолган Абдуллаевани қаматиб юборишади.

Каримов Ўзкомпартияга биринчи котиб бўлиши билан Абдуллаева ишдан олган одамларни вазифасига тиклади. Улар қаторида Рустам Шоғуломов ҳам бор эди. Шу билан Каримов ўзига содиқ “тўда” яратиш ҳаракатини бошлаганди.

Шундан кейин Рустам Шоғуломов унга хизмат қилиб, Ўзбек матбуотининг ўқ илдизларини йўқ этди ва халқнинг маънавий қашшоқликка итқитишда Каримовнинг ўнг қўли, ғуломи бўлиб хизмат қилди.

Мустақилликдан кейин жуда кўп нарса ўзгарди. Масалан, содиқ ит бир куни ўз эгасини қопиши мумкин, деган гап бор эди. Аммо бу ибора ўзгариб, эгаси бир кун содиқ итини қопиши мумкин деган мазмун касб этди.

Зотан Каримовўнучйилэнгунгаматбуотжаллодлигинибажариббергансодиқғуломи Шоғуломовниҳамбиркункўчагаҳайдади.

Демак, шоҳнингғуломлариҳамабдийэмаслар!

92.КОШКИ, АЙТМАСАЙДИМ !

Туркияда яшар эдик. 1996 йил эди. Собиқ сафдошлардан бири телефон қилиб қолди.

-Сен фалончига қарши мақола ёзибсан!,- деди на салом, на алик, дўриллаган овозда.

-Мақола ёзганим йўқ, лекин келажакда унинг кимлиги ҳақида бир китоб ёзиш ниятим йўқ эмас,- дедим.

-Туҳмат қилишни кўрсатиб қўяман сенга. Биз биттасининг отидан китоб чиқараяпмиз. Шундай қилиб ёзамизки, сен ҳеч қачон бош кўтариб юра олмайсан, билдингми!

-Билганингни қилавер, фақат унутма, туҳмат қилган албатта қўтир бўлади,- дедим-да телефон гўшагини қўйдим.

Раҳматли бобом шундай дер эдилар.

Орадан йиллар ўтди. Улар чиқарган китобда ростдан ҳам менга туҳматлар қилишди.

Аммо ёлғонлигини ўзлари билинтириб қўйишганди. Шу боис қисқа жавоб билан кифояланиб бу дафтарни ёпгандим.

Яқинда қамоқдан чиққан инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг суҳбатини ўқиб қолдим. Унинг айтишича, ўша одам қамоқда қўтир бўлибди. Кўнглимда “Кошки айтмасайдим” деган ўкинч каби юкли бир ҳис пайдо бўлди.

93 .ЖЎМРАК ва ЖАМИЯТ

АҚШда ўз уйинг бўлмаса бир ташвиш, ҳар ой катта миқдорда ижара тўлайсан. Ўз уйинг бўлса, яна бир ташвиш. Банкдан олинган қарзни тўлайсан. Бир-икки ой тўламасанг, уйингдан ажраласан. Тўлаган тақдирингда ҳам ташвишлар битмайди. Йиллар ўтавериши билан эса ташвишлар ортаверади.

Уйимиз янги. Бугунга қадар муаммо чиқмаган эди. Аммо энди баъзи кичик ташвишлар чиқмоқда. Масалан, яқинда ҳаммомхонадаги қўл ювадиган жўмракнинг остидан сув оқа бошлади. Ишхонамиздаги бир жувоннинг гапини эсладим׃

-Бундай ишларга мен пул бермайман. Дўконда жуда арзон туради, оламан, ўрнатаман, усталар эса ўн баравар қилиб олишади,-деганди у.

Дарҳақиқат, бу соҳа усталари Америкадаги энг бой тоифа ҳисобланади. Яъни энг кўп пул қилишади. Битта жўмракни алмаштириш учун 200-300 доллар олишади. Ваҳоланки, бу ишни беш дақиқада бажаришади.

Мен жўмракни ўзим алмаштиришга қарор қилдим.

Шанба куни эрталаб чаққон бўлиб ишга киришдим. Эртароқ бошладим, чунки болалар уйғонгунга қадар битириб қўйишни режаладим-да.

Уйимиз уч қаватлик. Бузилган жўмрак учинчи қаватда. Сувни бекитадиган жой эса, биринчи қаватда. Сувни бекитиб, теппага чиқсам, калитлар тўғри келмайди. Бир амаллаб очишга қарор қилдим. Бўлмади. Кейин HomeDepoт деган хўжалик моллар дўконига бориб жўмракнинг янгисини сотиб олдим. 42 доллар экан. Қайтиб келиб, ўрнатаман десам тўғри келмади. Эскисининг номини ёзиб олдимда, дўконга қайтиб бордим ва 42 долларликни топширдим.

Хайриятки, дўкон уйимизга яқин ва ҳамма нарсани қайтиб олаверади. Дўконни айланиб бизникига ўхшаганини топдим. 79 доллар экан. Олдингисидан чиройлироқ.

Шу пайт дўконда саволларга жавоб бериб юрадиган киши келиб қолди. У билан гаплашсам׃

-Буларнинг ҳаммаси стандарт,- деди.

Шунда мен олдингисини олиб келиб топшириб хато қилганимни тушундим. Фақат иккита қўшимча боғловчи қувурчалардан олсам иш битар экан. Лекин қўлимдаги ёқиб қолганди ва уни олиб келдим. Эскисини очаман десам калит етишмади. Битта калит учун яна дўконга бораман-ми дедим-да, куч ишлатдим. Девордаги пластик қувурга уланган жойдаги босим жиҳози синиб кетди.

Уни очиб олдимда шишаларга солиб сотиладиган Starbucks кофедан ичиб, асабимни жиловлаб, яна ҳалиги дўконга бордим. Баъзи нарсаларнинг отини билмасангиз ҳам қийин. Шунинг учун менга керакли Х-жиҳозни ўзим билан олиб келгандим. Бирор киши унинг нималигини билмади, десангиз. Охири дўконнинг бош иш юритувчисини чақиртирдим. У билағон экан׃

-Бундай нарса бизда бўлмайди,-деди у.

Мен ҳамма нарса бўлади дея мақтаб юрганим бу дўконда ҳам бўлмайдиган нарса бор экан-а, дея ажабландим. Ҳалиги одам менга бундай нарсаларни қаердан сотиб олишни айтди ва яқиндаги шундай дўконнинг адресини берди. Мен илгари фақат автомашиналар қисмларининг махсус буюртма дўкони бор деб ўйлар эканман, буни қаранг-ки ҳатто жўмрак қисмларининг ҳам махсус дўкони бор экан. У ерга келсам, буюртма оладиган киши қўлимдаги жиҳозни ярим соат десам муболаға бўлади, аммо 10 минут томоша қилди.

-Вов,-деди кейин.- Бу нима экан ўзи, номини биласизми?

-Тақсир номини билганимда ўзини олиб келармидим?

-Мен шу ерда 15 йилдан бери ишлайман, аммо бунақа нарса кўрмаганман. Бу қаерга ўрнатилган экан?

Унга тушунтириб берсам׃

-Сиз “Пулте” қурган уйларда яшасангиз керак. Улар ҳатто ҳамма жиҳозларни ҳам ўзлари яратадилар. Бу ҳам бизнес. Сизни ўзларига боғлаб қўядилар. Уларга ёзинг, юборишади,-деди.

Ҳафсалам пир бўлиб машинамга ўтириб, Озоданинг “Ойдай тўлин-тўлин..” қўшиғини тинглаб, ўйга ботдим. Сувни бекитганман. Қувурлар очиқ. Қандай қилиб 2-3 ой кутаман. Уста чақирсаммикан?

Шунда ёдимга биринчи қаватдаги хонага душ ўрнатган асли афғонистонлик Абдуманннон ака деган танишим келди. У ўшанда пластик қувурлар чиққани зўр бўлгани ва уларни бир-бирига елимлаш жуда қулайлигини роса мақтаганди. Иш жуда осон битганини ўзим ҳам кўргандим.

Шунинг учун қувурдан бошлаб бу ёғига ҳамма нарсани алмаштираман, деган қарорга келдим. Ортга қайтгим келмади ва бошқа кўчадаги Lowes деган каттароқ хўжалик моллар дўконига бориб, пластик елим ва унга боғланадиган босим жиҳозини сотиб олдим. Қиммат эмас, 12 доллар бўлди. Қайтиб келиб иш бошласам, елим ушламади. Унинг қўлланмасини ўқиб чиқдим. Унда қувурга елимдан олдин дастлабки тозалагич модда суртилади дейилган экан. Аламимни яна қўшиқдан олиб, баландлатиб қўйиб, дўконга қайтиб бордим. Ҳалиги нарсани олиб қайтиб келсам, мен асли елимнинг бошқа турини олган эканман. Яна қайтиб боришимга тўғри келди. Керакли рангли елимни топиб, касса ёнига келсам ҳамён уйда қолиб кетган экан. Падарига лаънат!

Бу орада болалар уйғонган ва вақт тушдан ўтиб бўлганди. Икки марта эски жўмракни ўрнатиб, ҳар нарсага тўлдириб сув олиб қўйдиргандим.

Умр йўлдошим болаларни олиб, озиқ овқат дўконига кетишганди. Телефон қилсам, хайрият қайтиб келишибди. У ҳамёнимни олиб келди ва кичкина бир қутидаги рангни иккита машина билан олиб келган бўлдик.

Ҳамма ишни битириб жўмракни ўрнатаман десам боғловчи қувур калталик қилди. Яна бориб келдим, десангиз. Ташқарида қоп қоронғу бўлган бир пайтда ишни битирдим. Сувни очишга юрагим бетламади. Чунки эрталабдан бери неча марта очган бўлсам доим ҳар томонга сув отилиб кетаверди-да.

Хуллас, сувни очдим. Ташқарида қоронғу, менинг дилим ёруғ. Уйда байрам. Ҳамма мени қутлай бошлади.

Бажардим!

Жўмракка қараб туриб׃

-Беш минутлик иш экан,-дедим.-Шунга 12 соат сарфлабман-а?

Уйдагилар менга жилмайиб қарашди.

Лекин зарар қилмадим. Ҳам иқтисодий ва ҳамда маънавий фойда қилдим.

Бундан кейин бундай юмушни беш дақиқада бажараман. Чунки энди нима қилишни биламан-да!. Ўргандим. Ҳатто кейинги шанба куни ҳамма жўмраклардан уй қурувчилар ўрнатган босим жиҳозларини олиб ташлаб, дўконларда бўлганини қўяман. Бу ҳам мустақиллик!

…Жўмрак бузилса, уста чақирмай ҳам бир амаллаб тузатиш мумкин, аммо жамият бузилган бўлса-чи? Тузатиш осон бўлмайди. Бунинг устига бу жамиятга бегона эсангиз, ҳеч қачон ҳукуматда ишламаган ва бошқариш нима эканлигини билмасангиз, тажрибасиз бўлсангиз вой ўша жамиятнинг ҳолига. Айниқса бу жамият устабузармонлар қўлида хонавайрон қилинган бўлса?!

94. БАЧКАНАЛИК ВА МАДАНИЯТ

1992 йилда Озарбайжон президенти Абулфайз Элчибей Кремлда Борис Елцин билан учрашар экан, Кремлни ларзага солди. У русларнининг оғзини ланг очиб қўйиб, ўз она тилида гапира бошлади. Елцин аввалига нима бўлганини тушуна олмади. Кейин масалани англаб етди шекилли, мийиғида кулиб, атрофидагиларга қаради. Улар елка қисиб турардилар. Ўшандагина Кремл корчалонлари мустақил бир давлат раҳбари билан учрашаётганларини ҳис этгандилар.

Бир эслаб кўрингчи, бугунга қадар Ислом Каримов Кремл у ёқда турсин, ҳар бир лидернинг ўз она тилида гапириши қадрланадиган БМТ минбари ёки бирор бир олий даражадаги учрашувда ўзбек тилида гапирдими? Гапирган эмас. Гапирмайди ҳам. Доим рус тилида гапириб келди. Чунки у ўзбек халқини менсимагани каби унинг тилини ҳам менсимайди.

Конституцияда “Ўзбек тили-давлат тили” деб ёзиб қўйилган. Аммо мамлакатни ишғол қилиб олган Каримов тўдаси Конституцияни оёқ ости этиб, рус тилини давлат тили сифатида сақлаб қолмоқда. Буни ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

1991 йилнинг охирида Каримов Туркияга боришга тайёргарлик кўраётганди. Якшанба куни эди. Мени ҳам уйдан чақириб келишди. Икки фармон лойиҳасини ёзиб беришимни сўрашди. Кейин Каримов чақирди.

-Мана шу китобни олиб боринг деб менга беришди,-дея турк шоири Юнус Эмронинг ўзбек лаҳжасига ўгирилган китобини кўрсатди. Кейин китобни столнинг устига отди. Бу менга оғир ботди. Шу боис китобни қўлимга олмаслик билан унга жавоб берган бўлдим.

Шунда у:

-Нима дейсиз? Нима қилиш керак-ки, туркларни қойил қилиб қайтсак,-деди.

Хаёлимга келган гапни айтдим:

-Уларга ўзбек тилида гапириш керак!

1988 йилда бир ой Туркияда бўлиб, у ердагиларнинг ўзбек тилига ошуфталикларини, улар биз совет даврида турк тилининг бош бўғини ҳисобланган ўзбек тилини унутиб юборганмиз деб ўйлашларини сезган эдим. Буни ўша йили эълон қилинган “Ёпиқ эшикларнинг очилиши” туркум очеркларимда ҳам ёзгандим.

Ҳар ҳолда “Ўзбек тилида гапириш керак” дейишимга шу сабаб бўлган бўлса керак. Лекин ўш кезда Каримов, ўзбек тилида чала-чулпа гапириб, масхара бўлиб юргани маълум эди ва бундай гап унга қаттиқ ботишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. У бирдан қизарди ва:

-Бундай қилсак бачканалик бўлади,-деди.

Энди бу гап менга оғир ботди ва дарҳол жавоб қилдим:

-Ўз она тилида гапириш бачканалик бўлса, рус тилида гапиришни нима деймиз?

-Рус тили бўлмаганда биз одам бўлмасдик,-деди Каримов ва гапни “УзТАГ”нинг номини “ЎзА” қилиб ўзгартириш ҳақидаги таклифимга буриб юборди.

Ўшанда мен Каримов ўзбек тилини пухта билмагани учун жаҳли чиқди деб ўйлаган эдим. Бугунга қадар ўтган давр исботладики, у ўзбек тилида гапиришни бачканалик ва рус тилида гапиришни маданият деб билар экан. Бу нарса ўша кезда ҳам унинг шуурида турган. Шу боис ҳатто Истанбулда туркий жумҳурятлар Зирвасида Назарбоев, Туркманбоши, Акаев ўз тилларида гапирганларида ҳам Каримов рус тилида нутқ ирод қилганди ва Туркияда бу шармандалик дея баҳоланганди…

Ҳа, Каримов жаноблари учун ўзбек тилида гапириш бачканалик, рус тилида гапириш маданият. Агар мен ўз хулосамда адашган бўлсам, у буни ҳали ҳам тузатиши мумкин: Кремлда бир марта ўзбекча гапирса олам гулистон, Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган бўлади! Чунки тили мустақил бўлмаган миллатнинг мамлакати мустақил бўла олмайди!

Бу ҳаммамиз билиб қолганимиз Каримов. Лекин қолганларга, Каримовни танқид қилиб юрган ўзбекларга нима жин урган? Нега ҳалига қадар русча гапирадилар, русча ёзадилар? Ёки ўзбек дегани рус тилида гапириб, рус тилида ёзади деганими?

95. ХАЛҚНИНГ ТИЛИ ВА ХОТИННИНГ ТИЛИ

Оврўпа тадбиркорлар конфедерациясининг йиғлишида унинг раиси Эрнест Сейер француз бўлгани ҳолда инглиз тилида гапиргани учун президент Жак Ширак ўрнидан туриб, норозилик билдирди ва ўзи билан бирга Иқтисод ҳамда Ташқи ишлар вазирларини ҳам олиб, йиғилишдан чиқиб кетди.

Буни кимдир эски рақобатнинг давоми деса, яна кимдир Ширакнинг ўжарлиги деди.

Президент ўжар бўлиши керак. Аммо бу ўжарлик ўз миллатининг тилига ҳурматсизликка йўналган ўжарлик, эмас, балки ўз миллатининг тилини юксалтиришга қаратилган бўлса, бу унинг хислатига айланади. Акс ҳолда бу унинг иллати бўлиб қолади.

Ўз тилини четга суриб, рус тилида гапиришни афзал кўрган одамнинг ўз халқи ҳақида қайғуришига сиз ишонасизми? Мен ишонмайман.

Бир куни АҚШдаги ёшлар билан учрашув ўтказдик. Негадир ҳамма рус тилида гапирар эди. Агар инглиз тилида гапирганда ҳам буни изоҳлаш мумкин эди. Ҳа энди Америкага келган, шу ерда ўқиб, шу ерда қолиб кетишга қарор қилган ва фикрини инглиз тилида очиқроқ айтади дейиш мумкин-да.

Мен “Кечирасизлар, бироз миллатчиман” дедимда атайлаб ўзбекча гапирдим. Баъзиларга бу таъсир қилди ва баъзилар парво ҳам қилмай яна русча гапиравердилар. Айтишингиз мумкин, улар элитанинг болалари ва рус тилидаги мактабларни битиришган деб. Йўқ, улар бечора халқнинг болалари ва бу ерга бир бурда нон илинжида келганлар. Айб уларда эмас, айб режимда.

Демак, рус тилини давлат тилига айлантирган Каримов режими бечора халқнинг болаларини ҳам шунчалик руслаштириб юборибдики улар Америкага келиб ҳам шу тилда гаплашиб юрибдилар. Бу бизнинг энг катта миллий фожиамиздан бир шингил.

Бир пайтлар, кимдир, “Президентимиз халқнинг тилида эмас, хотинининг тилида гапиришни афзал кўради”, деган эди. Бу ҳазил гап эди. Аммо ҳақиқат шуки, Каримов ўз халқининг она тилини эмас, балки ўз хотинининг она тилини улуғлади.

Ўтган йилларда ўзбекнинг мамлакат ичида ва мамлакат ташқарисида ҳам болалари ўзбек тилида гапира олмайдиган ва ёза олмайдиган даражага тушдилар. Бу Каримовнинг “улкан хизмати”дир.

Ҳа, ўз тилини байроқ қилиб кўтара олмаган халқ кимнингдир ёки кимларнингдир қули бўлиб қолишга маҳкум. Бу гапнинг исботини бугун амалда кўриб турибмиз.

96.БИРЛАШИШ

Энг кўп гапирилган, энг кўп ёзилганва энг оз натижага эришилган жабҳа бу.Мухолафатга айланган мухолифатни қўйиб турайлик. Четга чиқиб ватангадо бўлганлар-чи?

Дастлаб Тукияда, кейин АҚШда Ватандан чиқиб кетган ўзбекларнинг бошини бир жойга қовуштириб бир халқаро жамият тузиш ҳақидакўп уриниб кўрганмиз. Тўғри, ҳар икки ҳолда ҳам гап фақат ўзбеклар ҳақида борган эмас, Туркияда Туронзаминдан чиқиб кетганларнинг маданий жамияти ҳақида ўйлаган бўлсак, Америкада туркистонликлар иттифоқи борасида бош қотирилган эдик.

Лекин Нью Йорк атрофида яшаётганларнинг “Туркистонликлар жамияти” мавжудлиги учун бизнинг ҳаракатларимиз билан бошланган уриниш Вашингтон атрофидаги туркистонлик-америкаликлар жамиятини тузиш билан чекланди. Келишув нуқтасини топиш мушкул бўлди. Ҳар ким ўзига бек ва ўзига хон.

Масалан, низомга инсон ҳақлари масаласини қўшайлик десангиз бир гуруҳ одамлар “Ўзбекистонга бориб келишимиз қийинлашади” деб қарши бўлишган. Маданий алоқалар масаласи кўтарилганда баъзилар “Ота-бобомиз раққоса ўйнатмаган, бу иш бизга қолдими?” дейишган, айримлар эса бундай жамиятни диний томонга буриб юборишга ҳаракат қилишган ва ҳоказо.

Хуллас, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнаши мумкин, лекин икки ўзбек бир орага келолмайди, деганлари каби бу иш юрмаган. Бунинг устига ана унинг келиб чиқиши тожик, мана буники афғон, бу ўзбек эмас, у турк эмас каби манфур иддаолар чиққан.

Кейин эса “Бирлик” веб саҳифасининг “Меҳмонлар китоби” орқали хориждаги ўзбекларнинг орасини бузиб юбориш учун Ислом Каримов ҳам қила олмаган даражада бузғунчилик қилинди. Қолган-қутган муносабатларга ҳам дарз кетди.

Лекин булар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Тарих бўйи ҳеч ким бизнинг бошимизни қовуштира олмаган, аксинча жуда осонлик билан орамизини бузишган. Доим ички низолар бизни хароб этган.

Худди ана шу боис ҳам бирлашиш ҳақидаги ҳаракатни тўхтатмаслик ва қон-қонимизга сингиб кетган тарихий иллатдан қутулиш чораларини топишимиз зарур.

Менимча, демократик тамойиллар учун ёки маданий, ижтимоий ривожланиш йўлида бирлашиш мумкин. Чунки бундай қадриятлар умуминсоний бўлиб, кўп одамни ўзига жалб эта олади.

Бу фақат бир кишига боғлиқ нарса эмас. Кўпчилик бўлиб киришмоқ керак. Бошқача айтганда низомини ёзиб, шундай ташкилот туздик, фалончи президенти деган билан иш юрмайди. Ҳамма ўйлаб кўриб бу йўналишда нима қила олишини ўртага қўйса ана ўшанда бир нарса бўлиши мумкин.

Аслида бу ҳаммадан қандайдир қурбонлик талаб қиладиган нарса. Лекин биз қурбонликка қўй сўйиб ўрганган халқмиз, бирлашиш йўлидаасоссиз иддаоларимиз, мантиқсиз ўжарликларимиз,беҳуда уринишларимизни қурбон қилишни ўлим билан баравар деб биламиз. Ҳамма бало мана шунда!

97.ИСТАК

Менда баъзан ”Америкага келган ўзбеклар сиз билан учрашишдан қўрқмайдиларми?” деб сўрашади.

Мен ҳам кўплар қатори бир оддий одамман, ҳар ҳолда қўрқинчли бўлмасам керак.

Бу масаланинг бир томони, бошқатомони эса шу-ки, мен халқимга, Ватанимга, инсониятга қарши бирор жиноят қилган эмасман ва бирор жинояти учун қочиб юрган одам ҳам эмасман.

Бугунга қадар виждонимга қарши ва виждонимни қийнайдиган бирор номақбул ҳаракатга ҳам қўл урганим йўқ. Виждоним буюрганини айтганим, халқ ва ватанга яхшилик келадиган йўлга томон одимлаганим учун кимларгадир ёқмадим. Қувғин этишди, тўҳмат қилишди, қора чапламоқчи бўлишди. Аммо вақт кўрсатди-ки, мен жиноят, қабиҳлик, адолатсизлик томонида эмас, балки адолат, ҳақиқат, ростгўйлик томонида турган ва шу йўлдан ҳеч қайтмасдан, иккиланмасдан ўз сўзимни айтиб келаётган бир оддий фуқаро эканман.

Ҳамма вақт одамларга жиноий йўлни эмас, қонуний йўлни тавсия этиб келдим. Ҳамма вақт диктатурани эмас, диемократияни ёқладим. Бундан кейин ҳам шундай бўлади ва буни билганларнинг баъзилари мен билан учрашишга қўрқадилар ва баъзилари қўрқмайдилар.

Илгарилари “Учрашиб қолсак, кейин ҳукумат авлод-аждодимиз билан қиритиб юборади” деб мулоҳазага борганлар бўлган ва бугун ҳам бор. Қўрққан ҳатто ўз соясидан ҳам қўрқади. Менга бир киши доим “Нега ундай қилмайсиз? Нега бундай қилмайсиз?” деб хат ёзади. Аммо ўзи бир нарса ёзиш у ёқда турсин, ҳатто менга исмини очиқ айтишдан ҳам қўрқади. Албатта, бундайлар билан учрашишга менда ҳам хохиш йўқ.

Бугунга қадар мен учрашган ўзбекларнинг ҳаммасини терговга тортиш, қувғин қилиш билан шуғулланганда ҳукуматнинг бошқа ишга вақти қолмаган бўларди. Қолаверса, кейинги пайтда менга Ўзбекистондан очиқ мактуб ёзаётганлар жуда кўпайиб кетгани ва Америкага келаётган ўзбеклар мен билан учрашишга интилаётганлари бу одамларда ички қўрқув синмаса ҳам синиш томон бораётганини кўрсатади.

Яқинда бир тележурналист йигит келди. Унинг қайтиб кетгандан кейин ёзган электрон хатидан бир парча келтирмоқчиман, бу кўп нарсани ойдинлаштиради:

“Ватанга яхши етиб келдим. Ҳаммаси жойида. Фақат қайтишим билан бу ердаги муҳитга яна қайта мослашишим жуда қийин бўлди, рости. Чунки Ўзбекистонда айтарли ўзгариш бўлмаган, халқнинг аҳволи аввалгидан-да хароблашган, иқтисодий қийинчиликлар ҳамон давом этяпти. Келиб кўрдимки, одамлар мавжуд тузумдан ниҳоятда норози, сабр косалари тўлиб бораётир. Ҳозирда 2 та одам йиғилса, дарров сиёсатдан гап очилади ва очиқчасига ёзғиришаётганига гувоҳ бўляпман. Оддий қишлоқ одамидан тортиб, манаман деган олим-у зиёлиларгача—ҳамма-ҳамма мавжуд режимдан ниҳоятда норози ва буни яширмайдилар ҳам. Хуллас, вазият тобора издан чиқиб боряпти.

Майли, бу гаплар сиз учун янгилик эмас. Ватандан узоқда бўлсангиз-да буларни мендан яхшироқ биласиз. Сизни яқин келажакда Ватанда кўришни Худодан сўраймиз, барчамиз. Шу жабрдийда халқнинг аҳволини ўз кўзингиз билан кўриш насиб этсин, илойим.

Сиз билан учрашиб, уйингизда меҳмон бўлганим ҳақида дадамга айтдим. Аввалига қўрқиб кетдилар, кейин жудаям хурсанд бўлдилар. Жаҳонгир Маматовдай одам билан учрашибсан, зўр иш бўпти, фақат буни ҳеч кимга айтма, деб қаттиқ тайинладилар. Кейин сиз ҳақингизда гапириб кетдилар. Билдимки, ҳали ўзбек халқи сизни жуда яхши эсларкан, эслагандаям миннатдор бўлиб, ҳақиқатгўй одам эдилар, деб хотирларкан.

Мен қаттиқ ишонаманки, вазият шундайлигича қолиб кетмайди. Ҳали ҳақиқий маънодаги дориломон кунлар албатта келади”.

Буни қайси бир ўзбек истамайди дейсиз.

98. ИЛДИЗ

Ўзбеклар бир-бирларини кечира оладиларми? Буменинг юрагимни ёндирган саволлардан бири. Гап фақат ўзбекликда эмас. Менимча, бунинг жуда чуқур илдизлари бор. Бу ҳолатни араб, форс, дари, паштун ва ўрду тилида гаплашадиганларда ҳам кўрдим. Энг қизиғи, улар яшайдиган мамлакатларда эмас. Балки улар келиб яшаётган демократия диёрида уларнинг демократияни ҳазм қилишлари нақадар қийин кечишини кўриб, ҳайратландим.

20-25 йилдирки, Америкага келиб, ҳалига қадар танқид эшитганда диркиллаб қоладиган бу одамларни кўриб ўзимизнинг ўзбекларимиз ҳақида ўйладим. Минг афсуски, Ғарбнинг ҳавосидан нафас олаётган ўзбекларимизнинг аксарияти ҳам шу аҳволда. Аммо Туркия турклари ҳақида бу ҳақда узил-кесил бир гап айта олмайман. Улар демократик танқидни ҳазм қилишда бошқа мусулмон қавмларга нисбатан анча илдам.

“Америка овози”да бир араб бошлиғимиз бор эди. 30 йилдан бери Америкада экан. Демократияни англаган деб ўйлабман ва кўпчиликнинг олдида танқид қилдим уни. Шу қадар душманга айландики, мана орадан 4-5 йил ўтиб ҳам яқинда бир мажлисда кўриб қолсам, ҳали қовоғидан қор ёғади.

Ғарбда яшаб юрган ўзбекдан истаган бирини танқид қилиб кўринг, камчилигини айтиб кўринг, дарров сизни “иғвогар” дейди. Бу ҳам майли, бир умрлик душманингизга айланади.

Америкага келиб, ўқиб, шу ерда таҳсил олган бир “қаламкаш” ўзбекни жуда асосли камчиликлари учун орқаваротдан эмас, очиқ, ўз номим билан танқид қилгандим. Орадан йиллар ўтди. Ҳалига қадар у орқаваротдан мени ҳаммага “иғвогар” деб юргани майли, турли форумларда ҳам турли тилларда тинмай ёзади, бўҳтон ёғдиради.

Ваҳоланки, орқаваротдан гапириш ёки имзосиз ёзиш иғвогарлик эканлигини ва ўзи шу куйга тушганини ҳам билмайди, шўрлик!

Бундай мисоллар сон мингта. Ҳатто исмини айтмай, умумий танқид қилсангиз ҳам, ўзига олиб, сизга қилич қайрайдиган “демократларимиз” қанча…

Шунинг учун демократия ҳақида гапириш ва демократ бўлишнинг орасида ер билан осмон қадар фарқ бор.

Менимча, бу нарсанинг илдизи жуда чуқур ва бу илдизни кўра олмасак, топа олмасак ҳали бери руҳимизни сариқпечакдек ўраб тураверади.

99. РИВОЯТ ВА ҲАҚИҚАТ

Бир подшонинг уч ўғли бор экан. Ворис танлаш учун уларни синовга солибди. Катта ўғлини чақириб;

-Мана бу ҚОНУН,-дея бир китобни кўрсатибди,-унинг ҳар бир ҳарфига риоя қилишинг керак, агар риоя қилмасанг тахтдан, бойликларингдан айрилиб зиндонга кетасан, мана бу ҳам ҚОН+УН, яъни қон ва ун дебди,-икинчи томондаги нарсаларни кўрсатиб,-Қон зулм рамзи, ун бойлик рамзи. Танлаганинга қараб мен хулоса қиламан…

Ҳар уччала ўғил ҳам ҚОН ва УНни танлашибди.

Подшо хафа бўлиб ўтриган экан, маслаҳатчиси:

-Хафа бўлманг, фарзандда бўлмаса ота нишони, унда бордур бировнинг қони, болаларингиз сиз танлаган йўлни танладилар,-дебди.

-Сен ҳали менга шундай дейдиган бўлдингми?-дея шоҳнинг жаҳли чиқибди.

-Чунки сиз тахтни бирор ақлли одамга эмас, ўз болаларингиздан бирига бермоқчисиз, ана у ўзингиз ёздирган ҚОНУНда эса тахт энг ақлли одамга насиб этгай деб битилган,-дебди.

-Мен сени дўст деб юрсам, душман экансан,-дея шоҳ ҚОНУНни бир четга улоқтириб, жаллодни чақирибди.

Шунда маслаҳатчи:

-Мана кўрдингизми, яна ҚОНУНни эмас ҚОН+УНни танладингиз, мен эса ҚОНУНни танлагандим, майли мени ўлдиртиринг,-дебди.

Подшо ҳукмидан қайтмай маслаҳатчини жаллоднинг қўлига топширибди. Шу зайл орадан вақт ўтиб, подшо ўлиб, ҚОН ва УН унинг авлодларига меърос бўлиб қолибди. Улар биринчи галда ўз оталарини гўрба-гўр қилиб, кейин халқни талабдилар.

Айни шу вазиятни бугун ҳам кўриб турибмиз. ҚОН ва УНни танлаган Каримов ўзи ёздирган ҚОНУНларни бир четга улоқтириб, тахтни ҳам ўзи каби зулмдорга қолдирмоқчи.

Ҳуқуқшуносликда қўлланиладиган лотинча бир ибора бор׃ дура лекс, сед лекс (Dura lex, sed lex), бу қонун қаттиқ, лекин риояқилиш учун дегани. Риоя қилинмас экан, Конституция ва қонунларда ўзбек тили борасида нега бу қадар гаплар ёзилди? Бу энди мунофиқлик масаласи. Чунки ҚОН ва УН ҳукмронлиги учун мунофиқлик деган замин керак!

100. ЁРДАМ

“Ёрдам” калимаси Америкада ва Ўзбекистонда икки хил маъно ташийди.

Ўзбекистонда бир телефон қилиб, ўқишга киритиб қўйиш, ётоқ билан таъминлаш, имтиҳонлардан ўтмаганда домласига таъсир қилдириш каби тушунчалар ҳам “ёрдам”га киради.

Америкада эса “ёрдам” деганда биров нон-сувсиз, оч қолса уни бир муддат озиқ-овқат билан таъминлаш, янги кўчиб келган одамга қўлланилган кийим-кечак, мебел, товоқ-қошиқ тўплаб бериш, машинаси бўлмаса манзилига олиб бориб қўйиш тушунчаларини ўз ичига олади.

Бу нарса бу ердагиларнинг маданиятидан эмас, балки турмуш талабидан келиб чиқади.Чунки бу ерда одамлар якка, мустақил шахс сифатида етишган ва ўзининг аксар муаммоларини ўзи ҳал этишади.

Аммо Афғонистон, Туркия ва Ўзбекистондан келиб бу ерда яшаётганлар сизга ёрдам беришни истайдилар, лекин турмуш талабларива бугунга қадар “ёрдам” берганларидан эшитган дашномлари уларнинг қўлларини “боғлаб” қўйган.

Шу боис уларнинг ёрдамлари ҳам мен санаган даражада бўлади. Агар турмуш талабларидан беш-тўрт доллар орттирсалар турли мамлакатлардақийин вазиятларда қолиб кетган қариндошлари, танишларига кўмаклашишга интиладилар.

Яқинда бир йигит келди. Интернетдан институт адресини топиб, ўқишга кирибди. Келса унга ётоқхона беришмабди. Бунинг устига “Ўқиш учун йилига фалон доллар берасан”, дейишибди. У ҳатто бу ерда овқатланиш учун қанча пул кетишини ёки транспорт харажатини ҳам назарга олмаган. Визаси бўйича ишлаши мумкин экан. Аммо турар жой олиши учун ижтимоий суғурта ҳужжати талаб қилишади. Бу ҳужжатни олишга камида 15 кун кутиши керак. Муаммоларичида қолди.

Ҳам унинг жасурлигига ҳавасинг келади, ҳам унинг муммолар билан юзма-юз қолганига раҳминг келади. Бир муддатдан кейин оёққа туриб олди, лекин у омадли экан, уни тасодифлар қутқазди.

Аммо бошқа одам ҳеч кимни танимаслиги ёкиҳеч кимни топа олмаслигива кўчада қолиши, ёмон йўлларга кириб кетиши ҳеч гап эмас. Шу боис келар экан, бу масалаларни ҳал этиб, кейин йўлга чиқиш керак.

Бу биринчидан, иккинчидан эса кўчадан келган тасодифий бир одамгаҳамма ҳам эшик очавермайди. Кимдир уни жосус деб ўйлаши, яна кимдир бирор радикал диний гуруҳга аъзо дебхаёл қилиши мумкин ва ҳоказо. Айниқса, бугун Америкада бу масалага жиддий эътибор берилади.

Қисқа муддатли виза билан келиб бу ерда қолиб кетадиганларга эса ҳозир ҳеч ким ёрдам бермайди. Улар ўз келажакларини хароб қиладилар. Чунки уларнинг иши қонунларга хилоф ҳаракат вабу ерда қонунни бузиш оғир оқибатларга олиб келади. Қонунни бузиб қўйганбўлсангиз танишингиз ҳатто президент бўлса ҳам орага кира олмайди. Ана шунақа гаплар!

Яна ҳам кўпроқ нарса билишни истасангиз “Ўзбеклар ва ўзбеклар”нинг кейинги икки китобини ўқинг.

БИРИНЧИ КИТОБ ТУГАДИ.

Вашингтон-2000-2005 йиллар.

Advertisements

4 Responses

  1. […] ҳам кўпроқ нарса билишни истасангиз менинг “Ўзбеклар ва Ўзбеклар” китобимга назар […]

  2. […] ҳам кўпроқ нарса билишни истасангиз  “Ўзбеклар ва Ўзбеклар” китобимга назар […]

  3. […] Жаҳонгир Маматов. Ўзбеклар ва ўзбеклар 83. УЧҚУННИНГ АЛАНГАСИ […]

  4. […] Жаҳонгир Маматов. Ўзбеклар ва ўзбеклар 83. УЧҚУННИНГ АЛАНГАСИ […]

Comments are closed.

%d bloggers like this: