ЖАҲОНГИР Муҳаммад: Нурнома

nurnomaТАНГРИНИНГ ГЎЗАЛ ИСМЛАРИГА МУНОЖОТ

ТАНГРИ

Тангри, Сенга юз минг юлдуз Қуёш бўлиб топинар,
Тангри, Сенга дарё-денгиз кўз ёш бўлиб топинар,
Менинг севгим олам аро гарчи зарра, қабул эт,
Тангри, Сенга не-не улус бир бош бўлиб топинар!

АР-РАҲМОН

Ўзинг асра дўст кўринган мубталодан, ё, Раҳмон!
Ўзинг асра юзи тиниқ ич балодан, ё, Раҳмон!
Марҳаматинг қудратига сиғиндим мен, ё, Раҳмон!
Ўзинг асра ҳар қазою ҳар балодан, ё, Раҳмон!

АЛ-МАЛИК

Тахти олий ҳукмдори, арш-моҳларим, ё, Малик!
Сенга аён осийлигм, дил оҳларим, ё, Малик!
Банда бандаси бўлмай бандангдурман, ё, Малик!
Ўзинг кечир маҳкамада гуноҳларим, ё, Малик!

АЛ- ҚУДДУС

Севги Сенинг камолингдир , ё, Қуддус!
Нафас Сенинг шамолингдир, ё, Қуддус!
Муҳаббатим изҳорига сўз лолдир,
Жаннат Сенинг жамолингдир, ё, Қуддус!

АС-САЛОМ

Ҳақсизликдан қоним музлар, ё, Салом!
Кимдир бунга малҳам излар, ё, Салом!
Ер юзида дармон йўқдир бу дардга,
Шифо бергин хаста бизлар, ё, Салом!

АЛ-МЎМИН

Нетайки мен вафоси йўқ бу жаҳонни, ё, Мўмин!
Юраклардан суғуриб ол бу камонни, ё, Мўмин!
Бир қулингман, фарёдимга қулоқ сол.
Қалб боғида боқий айла гул- иймонни, ё, Мўмин!

Ал-МУҲАЙМИН

Ё, Муҳаймин, қалби поклар султони Сен!
Ё, Муҳаймин, дорул бақо имкони Сен!
Ё, Муҳаймин, осойишнинг аркони Сен!
Ё, Муҳаймин, хайру эҳсон макони Сен!

АЛ-АЗИЗ

Ё, Азиз, Сенга таваккул айладим,
Ё, Азиз, равшан йўлингни танладим,
Ё, Азиз, руҳни синовга шайладим,
Ё, Азиз, Сенсиз ҳаётда найладим!

АЛ-ЖАББОР

Ватанимни обод кўриш муродимдир, Ё, Жаббор!
Улус дарди бўғзимдаги фарёдимдир, Ё, Жаббор!
Мен борман-ми, мен йўқман-ми, билинмас,
Лек миллатим бахти кулса, руҳ шодимдир, Ё, Жаббор!

АЛ-МУТАКАББИР

Тупроқ эдим, хоки сорман, ё, Мутакаббир!
Сен олдингда хору зорман, ё, Мутакаббир!
Недан ўзни унутайин, бош устимда нигоҳинг,
Қарзни олсанг хоби ёрман, ё, Мутакаббир!

АЛ-ХОЛИҚ

Умид Сендан, бир фаришта юборақол, ё, Холиқ,
Инсофсизлар қилмишини дафтарга сол, ё, Холиқ,
Тили бошқа, дили бошқа муллати-мушрикларни,
Тилин кесиб, қиёматда қозонга сол, ё, Холиқ!

АЛ-БОРИ

Онам мени кутганида кўнгил зори Сен эдинг!
Ёрим бола кутганида дилда Бори, Сен эдинг!
Болам бола кутганида мададкори бўл Ўзинг,
Неварамнинг неварасин Худо ёри, бўл Ўзинг!

АЛ-МУСАВВИР

Кўзни чиздинг қош остидан кўк осмонни кўрсин деб,
Лабни чиздинг қўлга олгач, нур Қуръонни ўпсин, деб,
Умр бердинг бу дунёда фаросатга тўлсин, деб,
Зурёд бердинг ўлганида роҳат билан ўлсин деб!

АЛ-ҒАФФОР

Ўзинг тингла дил оҳимни, ё, Ғаффор,
Кечир қилган гуноҳимни, ё, Ғаффор,
Сақла дўзах азобидан, ё, Ғаффор,
Жаннатдан бер даргоҳимни, ё, Ғаффор!

АЛ-ҚАҲҲОР

Бўйнимда илон экан, орзуларим, ё, Қаҳҳор,
Қалбимда нолон экан, орзуларим, ё, Қаҳҳор,
Бу дунё орзуларин тарк айладим, ё, Қаҳҳор,
Сенингла шодмон экан, орзуларим, ё, Қаҳҳор!

АЛ-ВАҲҲОБ

Ҳақ йўлида хасталарга хастаман, ё, Ваҳҳоб,
Зулм қўлида ёнганларга бастаман, ё, Ваҳҳоб,
Жоҳил бўлсак, илму эҳсон бағишла, ё, Ваҳҳоб,
Жиҳод излаб фақат Сенга сасдаман, ё, Ваҳҳоб!

АР-РАЗЗОҚ

Сен яратган дунё боғдир, ё, Раззоқ,
Саховатинг юксак тоғдир, ё, Раззоқ,
Душманга хор, дўстларга зор айлама,
Дастурхонга неъмат ёғдир, ё, Раззоқ!

АЛ-ФАТТОҲ

Гулни севдим, тиканидан қон ютдим, ё, Фаттоҳ,
Элни суйдим, жимлигидан ўҳ, куйдим, ё, Фаттоҳ,
Ҳақ йўлида ҳақларимдан ажралиб, ё, Фаттоҳ,
Сени севдим, дардларимни унутдим, ё, Фаттоҳ!

АЛ-ОЛИМ

Жоҳил аҳли иш бошида золим бўлди, ё, Олим,
Қўлларида ўғирланган молим бўлди, ё, Олим,
Адолатнинг шамчироғин сўндирмагил, ё, Олим,
Охиратнинг аҳкомида олим бўлди, ё, Олим!

Ал-КОБУД

Ризқу рўзни Сендан олдим, ё, Кобуд,
Тортиб олсанг ночор қолдим, ё, Кобуд,
Буйруғингдан чиқмай асло, ё, Кобуд,
Қалбга фақат Сени солдим, ё, Кобуд!

АЛ-БОСИТ

Осмон оёқ остида Сен учун, ё, Босит,
Замин оёқ остида Биз учун, ё, Босит,
Сен истасанг осмонни парам-парча этасан,
Бизни эса бу замин ютар бир кун, ё, Босит!

АЛ-ҲОФИД

Мен ғарибнинг ҳолига кулар кимлар, ё, Ҳофид,
Аммо киприк остида нурлар имлар, ё, Ҳофид,
Қўл силтайман дунёга, сендан мадад оламан,
Гарчи атроф айлана тикан симлар, ё, Ҳофид!

АР-РОФИ

Қулингга бир мансаб ато қил, ё, Рофи,
Тахтинга ирфонни мато қил, ё, Рофи,
Эҳсоннинг йўлида гадо қил, ё, Рофи,
Иймондан тойганда адо қил, ё, Рофи!

АЛ-МУЪИЗ

Ё, Муъиз! Бу не’мат, бу шараф дарёси Ўзинг,
Ё, Муъиз! Кўнгил гулшанининг ризоси Ўзинг,
Ё, Муъиз! Борлиқ ухлаганда рўёси Ўзинг,
Ё, Муъиз! Олам уйғонганда зиёси Ўзинг!

АЛ-МУЗИЛ

Ё, Музил! Иймонни отганлар кўпайиб кетди.
Ё, Музил! Зиллатга ботганлар кўпайиб кетди.
Ё, Музил! Ишламай ётганлар кўпайиб кетди.
Ё, Музил! Исмингни сотганлар кўпайиб кетди.

АС-САМИЙ

Ё, Самий! Саслар долғасида ярақлаган дур,
Ё, Самий! Сукунат сатҳида кезгувчи ҳузур,
Ё, Самий! Фикр осмонини қуршаб олганлар,
Ё, Самий! Қалбим уришини ўзинг тинглаб кўр!

АЛ-БАШИР

Ё, Башир! Савобу гуноҳим ўзингга аён,
Ё, Башир! Яшириб ёзсам-да сен учун баён,
Ё, Башир! Дунёлар мулкида ғолибсан-шоён,
Ё, Башир! Сендан қоча-қоча кетарман қаён!

АЛ-ҲАКАМ

Ё, Ҳакам! Ҳақиқат изладим дорул фанода,
Ё, Ҳакам! Кўзларим боғланиб гули раънода,
Ё, Ҳакам! Билмадим адолат асли маънода,
Ё, Ҳакам! Сенинг амрингдаман, боқий самода!

АЛ-ОДИЛ

Ё, Одил! Қайга борсам кўрдим юраклар яро,
Ё, Одил! Ёна-ёна қирмизи қоним қаро,
Ё, Одил! Ўзинг шавқат фармонини ўқигил,
Ё, Одил! Бош тутайлик одилсизликлар аро!

АЛ-ЛАТИФ

Умри дароз, ризқу фароғ  бер, ё, Латиф,
Зулмат аро йўлда чароғ  бер, ё, Латиф,
Насибамни майда-майда тергали,
Ўзинг қадоқ қўлга яроғ  бер, ё, Латиф!

АЛ-ХАБАР

Гуноҳ қилдик кундузлари, қора парда- девор қилдинг, ё, Хабар,
Гуноҳ қилдик биз тунлари, Хуршид ила ошкор қилдинг, ё, Хабар,
Қаҳринг Сенинг раҳминг экан, раҳминг огоҳ этгувчи сас,
Билмаганни охиратда тилим-тилим, абгор қилдинг, ё, Хабар!

АЛ-ҲАЛИМ

Ё, Ҳалим, кўнглима шавқатни сол,
Ё, Ҳалим, йўлима ҳурқатни сол,
Гуҳоҳ этсам марҳаматинг аяма,
Ё, Ҳалим, умрима шавкатни сол!

АЛ-АЗИМ

Уммон зарра, Сен азимсан, ё, Азим,
Осмон зарра, Сен азимсан, ё, Азим,
Мен милт этган учқундирман, ё, Азим,
Жаҳон зарра, Сен азимсан, ё, Азим!

АЛ-ҒАФУР

Бу дунёнинг ҳар куни нур-ёз эмас, ё, Ғафур,
Адолатсиз шотилари хўп соз эмас, ё, Ғафур,
Синовингда билиб-билмай йиқилдим,
Махфират қил, гуноҳларим кўп, оз эмас, ё, Ғафур!

АШ-ШОКИР

Шукр Сенга, бандага қул бўлмадим, ё, Шокир,
Шукр Сенга, ниҳол экан сўлмадим, ё, Шокир,
Неъматингни ҳар лаҳзада ҳис этдим, ё, Шокир,
Шукр Сенга, ўлиб туриб, ўлмадим, ё, Шокир!

АЛ-ОЛИ

Аркинг аркида йўқдирки адад, ё, Оли,
Қўлни очсак ўзинг мадад, ё, Оли,
Қиёс излаб қиёсингни топмадим,
Олий Сенсан, олий абад, ё, Оли!

АЛ-КАБИР

Ё, Кабир, азмингда илму мурват бўлолсайдим,
Ё, Кабир, назмингда шеъру-шуҳрат бўлолсайдим,
Йўқ, ожизман, мунавварлик Сенга хос,
Ё, Кабир, наздингда қули ибрат бўлолсайдим!

АЛ-ҲАФИЗ

Отам-онам қабрин нурла обод қил, ё, Ҳафиз,
Руҳларини жаннатингда дилшод қил, ё, Ҳафиз,
Осий дунё ўтганларни унутар, ё, Ҳафиз,
Боқий элда улар номин Сен ёд қил, ё, Ҳафиз!

АЛ- МУКИТ

Ориятни баланд туттим, хорландим, ё, Мукит,
Хосиятни баланд туттим, зорландим, ё, Мукит,
Ҳийла-найранг тузоғини севмадим, ё, Мукит,
Оқибатда жаннатингга чорландим, ё, Мукит!

АЛ- ҲОСИБ

Сув балоси, олов балосидан қўрқдим, ё, Ҳосиб,
Чув балоси, алдов балосидан қўрқдим, ё, Ҳосиб,
Ҳабияллоҳ-ул-Ҳосиб, ўзинг асра,
Қув балоси, ҳийла балосидан ё, Ҳосиб!

АЛ-ЖАЛИЛ

Масканимга шамол келди, ё, Жалил,
Машрабимга камол келди, ё, Жалил,
Сенинг номинг зикр этсам, қай маҳал,
Мансабимга жамол келди, ё, Жалил!

АЛ-КАРИМ

Тунлар тонгга уланар,  “Ё, Карим!” десанг,
Мазлум шуур ҳурланар, “Ё, Карим!” десанг,
Йўлинг етиб Дорулбақога,”Ё, Карим!” десанг,
Руҳинг қайта нурланар, “ Ё, Карим!” десанг!

АР- РОҚИБ

Олам аро бе рақибсан, ё, Роқиб,
Биз таъзимда, бе таъқибсан, ё, Роқиб,
Гуноҳимиз ҳаддан ошиб кетган кун,
Азоб учун ўт ёқибсан, ё, Роқиб!

АЛ-МЎЖИП

Сабр биздан, қадр Сендан, ё, Мўжип,
Садр биздан, адр Сендан, ё, Мўжип,
Хиёнатга қулинг муҳтож қолганда,
Қабр биздан, жабр Сендан, ё, Мўжип!

АЛ-ВОСИ

Мен ишонсам, ишонганим сотди, ё, Воси,
Дўстим пойлаб юрагимдан отди, ё, Воси,
Фақат Сенга инондим сўнг, ё, Воси,
Қалбим ҳаёт таъмин тотди, ё, Воси!

АЛ-ҲАКИМ

Ҳикмат излаб умр кечди, ё, Ҳаким,
Хотирадан излар ўчди , ё, Ҳаким,
Ва билмадим, ҳикмат Сенда, ё, Ҳаким,
Кўзбоғимни ажал ечди, ё, Ҳаким!

АЛ-ВАДУД

Қалам қолиб, қилич тушди қўлима, ё, Вадуд,
Душман эмас, дўстлар чиқди йўлима, ё, Вадуд,
Иймон суви келгач кўнгил чўлима, ё, Вадуд,
Ҳаёт надир, бошни урдим ўлима, ё, Вадуд!

АЛ-МАЖИД

Ё, Мажид, Сен азаматлар азамати,
Ё, Мажид, Сен кароматлар каромати,
Магар Сенинг улуғлигинг кўролмасам,
Ё, Мажид, мен маломатлар маломати.

АЛ-БОИС

Не-не зўрлар, зўравонларни кўрдим, ё, Боис,
Не-не чўллар, йўл-равонларни кўрдим, ё, Боис,
Кучсизу заррадирлар пули сиротнинг олдида,
Сендан қўрққан қалб-шодонларни кўрдим, ё, Боис!

АШ- ШОҲИД

Бўҳтондан чиқмади бошим, ё, Шоҳид,
Андуҳдан сўнмоқда Қуёшим, ё, Шоҳид,
Фарзандлар доғида ёндирма, фақат,
Аршингга етганда ёшим, ё Шоҳид!

Ё, ҲАҚ

Ҳақ йўлида ноҳақ бўлганлар қанча, ё, Ҳақ,
Ҳақ йўлида барҳақ бўлганлар қанча, ё, Ҳақ,
Ўзларини Қуёш деб оқибатда бир куни, ё, Ҳақ,
Қонга ботиб шафақ бўлганлар қанча, ё, Ҳақ!

АЛ-ВАКИЛ

Оғоч бўлдим, дор бўлмадим, ё, Вакил,
Судралдим гоҳ, мор бўлмадим, ё, Вакил,
Таваккални Сенга қилдим, ё, Вакил,
Ғариб эдим, хор бўлмадим, ё Вакил!

АЛ-ҚОВИЙ

Кўкка боқдим тилсим кўрдим, ё, Қовий,
Ўзни омий қил сим кўрдим, ё Қовий,
Таълимотинг чашма янглиғ симиргач,
Сир калитин гулсум кўрдим, ё, Қовий!

АЛ-МЕТИН

Сен метинсан, мен турғунман, ё, Метин,
Сен иноят, мен туйғунман, ё, Метин,
Туйнугингдан кириб бордим қасрингга,
Сен лутфсан, мен уйғунман, ё, Метин!

АЛ-ВАЛИЙ

Одамлар орасидан дўст излабман бефойда, ё, Валий,
Умидларим сув бўлиб оқиб кетдилар сойда, ё Валий,
Ҳақиқий дўст-Сен кирдинг ҳувиллаган қалбимга, ё, Валий,
Орзуларим чинма-чин юксалдилар бир жойда, ё Валий!

АЛ-ҲАМИД

Ал-ҳамидуллоҳу Раббил аъламин, ё, Ҳамид,
Сен покиза, Сен ҳафизау аъламин, ё, Ҳамид,
Сенга сано айтмоқ қарзу муборак, ё, Ҳамид,
Ҳамд ёзмаса синсин қўлда қаламим, ё, Ҳамид!

АЛ-МУҲСИЙ

Тонгда турдим, бош устида Сен эдинг, ё, Муҳсий,
Хаёл сурдим, бош устида Сен эдинг, ё, Муҳсий,
Хоҳ тун эди, хоҳ кун эди- дунё кездим-
Қайда юрдим, бош устида Сен эдинг, ё, Муҳсий!

АЛ-МУБДИЙ

Билмам лоймидим, пахсазаннинг оёғида, ё, Мубдий,
Билмам оймидим, чўпонларнинг таёғида, ё, Мубдий,
Одам бўлдим Сенинг кароматингдан, ё, Мубдий,
Билмам не хат бор пешонамнинг нарёғида, ё, Мубдий!

АЛ-МЎБИД

Асл сўроқ ҳузурингда туришдир, ё, Мўбид,
Асл юриш кўпригингда юришдир, ё, Мўбид,
Жаннатингдан бенасиб қолганларга, ё, Мўбид,
Асл азоб дўзахингда куйишдир, ё, Мўбид!

АЛ-МУҲЙИ

Айро тушдим сокин қишлоқ – онамдан, ё, Муҳйи,
Айро тушдин жўшқин шаҳар – отамдан, ё, Муҳйи,
Азобларим зардоб бўлиб оқдилар, ё, Муҳйи,
Айро тушдим фоний дунё – оламдан, ё, Муҳйи!

АЛ-МЎМИЙТ

Ўлим надир, ўлим Сенинг қарзингдир, ё, Мўмийт,
Ҳаёт надир, ҳаёт Сенинг дарсингдир, ё, Мўмийт,
Фаришталар хизматида мунтазир, ё Мўмийт,
Одам надир, одам Сенинг фарзингдир, ё, Мўмийт!

АЛ-ҲАЙЙ

Билмадим бу дунёда неткинчимиз, ё, Ҳайй,
Дунё ўрмон, балки биз ўтинчимиз, ё, Ҳайй,
Абадият мулкининг соҳибисан, ё, Ҳайй,
Сен яшайсан, биз эса ўткинчимиз, ё, Ҳайй!

АЛ-ҚАЮМ

Садаф тишни терганингдай дунё тиздинг, ё, Қаюм,
Савоб гуноҳ орасида бизни туздинг, ё, Қаюм,
Истаганда бор аялдинг, ёр айладинг, ё, Қаюм,
Истаганда барчасини қайта буздинг, ё, Қаюм!

АЛ-ВОЖИД

Қоча-қоча қайга қочиб бораман, ё, Вожид,
Одил йўлда уруғ сочиб бораман, ё, Вожид,
Юрагимга чўғ оловни солдинг Сен, ё, Вожид,
Ёна-ёна эшик очиб бораман, ё, Вожид!

АЛ-МАЖИД

Бойликлардан узоқда бой эдим, ё, Мажид,
Йўлимга рақиб чиқса ёй эдим, ё, Мажид,
Давлатим бўлмасада шарафимни сақладинг,
Дарё лойқа, мен-тиниқ сой эдим, ё, Мажид!

АЛ-ВОҲИД

Биз на олову на тутун, ё, Воҳид,
Сен воҳидсан-бир бутун, ё, Воҳид,
Бирлаштиргин қулларингни ё, Воҳид,
Биз тарқоқмиз, зор-юпун, ё, Воҳид!

АС-САМАД

Сен муҳтож эмассан, мен муҳтожман, ё, Самад,
Мен гултож эмасман, сен гултожсан, ё, Самад,
Сен менга гултожу мен Сенга муҳтожу
Бу дардим гар шоҳ эса, ман хирожман, ё, Самад!

АЛ-ҚОДИР

Юрагимда ҳасратим бор, содири Сен, ё Қодир,
Шууримда нусратим бор, нодири Сен, ё, Қодир,
Миллатимга ўғил бўлиб, хизмат айламоқ учун,
Бу дунёда фурсатим бор, қодири Сен, ё, Қодир!

АЛ-МУҚТАДИР

Тахту Сулаймонни нетай, тахтинг олдида, ё, Муқтадир,
Бош олиб қайга кетай, шаҳдинг олдида, ё, Муқтадир,
Еру кўкда қудрат Сенсан, Ўзинг қўлла, ё, Муқтадир,
Мен муродимга етай, аҳдинг олдида, ё, Муқтадир!

АЛ-МУҚАДДИМ

Ё, Муқаддим, мансаб бердинг ҳўл бўлди дудоқларим,
Ё, Муқаддим, сасинг тинглаб, лов ёнди қулоқларим,
Ё, Муқаддим, сироти мустақиймда Сени ёдлаб,
Ё, Муқаддим, оғмадим- тутиб турди оёқларим!

АЛ-МОҲИР

Нур Каъбаи мукаррамим осмондир, ё, Моҳир,
Мадинаи Мунавварим достондир, ё, Моҳир,
Тепиб турар кўкрагимнинг ичида, ё, Моҳир,
Самарқанду мўътабарим сарсондир, ё, Моҳир!

АЛ-АВВАЛ

“Ё, Аввал!”, деганди бобомнинг бобоси,
“Ё, Аввал!”, отамнинг қалб уриш садоси,
“Ё, Аввал!”, умримнинг ибтидо, адоси,
“Ё, Аввал!”, қул бор-ки, бу сўзнинг гадоси!

АЛ-ОХИР

Қайдан келиб яна кетурмиз қаён, ё, Охир,
Соати етганда қиласан аён, ё, Охир,
Боқийлик ярашар зотингга танҳо,
Аввалу Охирдан Ўзингсан шаён, ё, Охир!

АЗ-ЗОҲИР

Етти мулким ўз ўрнида, Сен моҳирсан, ё, Зоҳир,
Тафаккурим дарёсида, Сен ҳозирсан, ё, Зоҳир,
Муҳаббат не, билмоқ истаган банда, ё, Зоҳир,
Сени севсин, кўнгул Зуҳра, Сен Тоҳирсан, ё, Зоҳир!

АЛ-БОТИН

Ақл чашма, Сен тубида кўзисан, ё, Ботин,
Дилим булбул Сен тилида сўзисан, ё, Ботин,
Руҳим Сенсиз яшай олмас бир лаҳза, ё, Ботин,
Руҳим иймон, Сен илмида Ўзисан, ё, Ботин!

АЛ-ВОЛИЙ

Ё, Волий, ёшга сиҳат, кексаларга умр бер,
Ё, Волий, баҳсга ақл, юракларга сабр бер,
Ё, Волий, ғарибларнинг бурда нонин олдилар,
Ё, Волий, разолатга ботганларга жабр бер!

АЛ-МЎТАОЛИ

Шубҳа дилни кемиради, ё, Мўтаоли,
Гумон элни емиради, ё, Мўтаоли,
Сендан қайтган нобакорлар нобакори,
Динсизликдан семиради, ё, Мўтаоли!

АЛ-БАРР

Яхшиликни хайру эҳсонингдан олдим, ё, Барр,
Мурувватни меҳру осмонингдан олдим, ё, Барр,
Ёмонликни маълун шайтондан олди ким,
Омонликни илму урфонингдан олдим, ё, Барр!

АТ-ТАВВОБ

Тавба чоғи ҳилу ҳилдим, ё, Таввоб,
Гуноҳимни аққол билдим, ё, Таввоб,
Ўзинг кечир, остонангда тиз чўкдим,
Тавба қилдим, тавба қилдим, ё, Таввоб!

АЛ-МЎНТАҚИЙМ

Дарра азоблари не эмиш, ё, Мўнтақийм,
Арра азоблари не эмиш, ё, Мўнтақийм,
Бошига келганлар англади, ё, Мўнтақийм,
Зарра азобларинг не эмиш, ё, Мўнтақийм!

АЛ-АВФУВ

Хўп гуноҳга тўлдим ман, авф этармисан, ё, Авфув?
Минг пушаямон бўлдим ман, авф этармисан?
Игна яшар юрагимнинг остида, зардоб йиғиб, ё, Авфув,
Оҳ, қийналиб ўлдим ман, авф этармисан, ё, Авфув?

АР-РАУФ

Ё, Рауф, дарёлар қуриб битарди дардим тегирмонида,
Ё, Рауф, қоялар нураб кетарди дардим селимонида,
Хайрият, Сен, бардошдан томиримга қон қуйдинг,
Ё, Рауф, билмам дунё нетарди дардимнинг тўфонида!

МОЛИКУЛ-МУЛК

Моликул-Мулк, Сен бадавлат, мен молсиз,
Моликул-Мулк, Сен басавлат, мен ҳолсиз,
Моликул-Мулк, Сен неъматингдан улуш бердинг,
Моликул-Мулк, Сен сахийсан, мен хасис!

ЗУЛ-ЖАЛОЛИ ВАЛ-ИКРОМ

Ё, Зул-Жалоли вал-Икром,
Дардли борки, Сен акром,
Оғир кунда Сенга сиғиндик,
Сиҳат яшаш қил инъом!

АЛ-МЎҚСИТ

Саҳар уйғонаман дилимда номинг, ё, Мўқсит,
Саждага борганда йўлимда номинг, ё, Мўқсит,
Вақт ила савашиб келади оқшом, ё, Мўқсит,
Уйқуга кетаман тилимда номинг, ё, Мўқсит!

АЛ-ЖОМИЙ

Бор айладинг осмонни, ё, Жомий,
Бор айладинг инсонни, ё, Жомий,
Осмон учун Қуёшни, Инсон учун, ё, Жомий,
Ёр айладинг Қуръонни, ё, Жомий!

АЛ-ҒАНИЙ

Йўқдан борман-Сенинг улкинг, ё, Ғаний,
Нафас олсам, Сенинг мулкинг, ё, Ғаний,
Китобингни кўзга суриб, лабга босдим, ё, Ғаний,
Комил руҳим-Сенинг хулқинг, ё, Ғаний!

АЛ-МЎҒНИЙ

Ким камбағал, ким бойдир, ё, Мўғний,
Ким юлдузу ким ойдир, ё, Мўғний,
Фармон Сендан келадур, ё, Мўғний,
Ким камону ким ёйдир, ё, Мўғний!

АЛ-МОНИЙ

Муродига етмаса қазоси ўзидадир, ё, Моний,
Айби муқаррар бўлса жазоси Ўзингдандир, ё, Моний,
Тавбасига таянса, нияти саҳиҳ экан, ё, Моний,
Муроди ҳосил бўлар, сазоси ўзидадир, ё, Моний!

АД-ДОРР

Ҳам фонийда, ҳам боқийда норинг бор, ё, Дорр,
Ҳам заминда, ҳам осмонда ёринг бор, ё, Дорр,
Сен истасанг ғазабингдан кимса қочиб қутулмас,
Ҳам бешикда, ҳам тобутда доринг бор, ё, Доор!

АН-НОФИ

Яхши истаб, ёмон бўлдим, ё, Нофи!
Ранги-рўйи сомон бўлдим, ё, Нофи!
Қўлларимни кўкка очиб, ё, Нофи!
Ҳукминг ила омон бўлдим, ё, Нофи!

АН-НУР

Оғочмидим, ёна-ёна кул бўлдим, ё, Нур,
Олтинмидим, сўна-сўна пул бўлай, ё, Нур,
Мунаввар нур қучоғида яралдим, ё, Нур,
Инсон бўлай, Сенга содиқ қул бўлай, ё Нур!

АЛ-ҲОДИЙ

Ҳидоятсиз кўча-куйда дол эдим, ё, Ҳоди,
Қомат алиф аслида бир зол эдим, ё Ҳоди,
Лутфинг ила шайтонлардан қутулдим, ё, Ҳоди,
Бугун инсон, кеча асли лой эдим, ё, Ҳоди!

АЛ-БАДИЙ

Бир томчидан мукаммал жон яратдинг, ё, Бадий,
Бир донадан насиба-нон яратдинг, ё, Бадий,
Қулларингга ишонч сели ёғдириб, ё Бадий,
Ҳар бирини халифа-хон яратдинг, ё, Бадий!

АЛ-БОҚИЙ

Ёмондан доғ, яхшидан боғ қолдирдинг, ё, Боқий,
Гулдан тикан, уммондан тоғ қолдирдинг, ё, Боқий,
Сен буюрсанг фоний бақо бўлғувси, ё, Боқий,
Инсондан нур, шайтондан зоғ қолдирдинг, ё, Боқий!

АЛ-ВОРИС

Ўтмишим Сен, келажагим ҳам Ўзинг, ё, Ворис,
Ҳадаф олиб елажагим ҳам ўзинг, ё, Ворис,
Кимса мендан ҳисоб сўраб толмасин, ё, Ворис,
Мен ҳисобни беражагим ҳам Ўзинг, ё, Ворис!

АР-РАШИД

Замин тунга бўялганда, Сен келасан, ё, Рашид,
Кўзим кунга бўялганда, Сен келасан, ё, Рашид,
Йўл йўқотиб синганимда чил-чил бўлиб,
Қалбим хунга бўялганда, Сен келасан, ё, Рашид!

АС-САБР

Сабр таги олтин, дейди боболар, ё, Сабр,
Сабр сўнгдан олдин, дейди боболар, ё, Сабур,
Сенинг сабр салтанатинг уммондир, ё, Сабр,
Сабр ҳақдин олгин, дейди боболар, ё, Сабр!

АЛ-АҲАД

Сени икки, деган тилллар лол бўлар, ё, Аҳад,
Сени йўқдир, деган илм фол бўлар, ё, Аҳад,
Сен Воҳидсан, лам ялид валам юлад,
Сени хаёл деган кимса мол бўлар, ё, Аҳад!

АЛЛОҲ

Аллоҳ, Сени севолдим, гўзал тано керакмас,
Аллоҳ, Сенга сиғиндим, мансаб мано керакмас,
Аллоҳ, Сени куйладим, ўзга маъно керакмас,
Аллоҳ, Сенга интилдим, дорулфано керакмас!

Истанбул, 1995 йил.

Advertisements