ЯҚИН МОЗИЙ

ЛАМБАДА

ёки БЕҲАЁ ЎЙИН

Бразилия ўрмонларида яшаган ҳиндулар “ламбада” рақсини эллик йил таъқиқлашди. Лекин замон зайли билан бу рақс уларнинг миллий ифтихорига айланди.

Дарвоқе, сиёсат ҳам санъат дейишади. Аслида санъат ҳам сиёсатдир. Сиёсат санъат эканлиги сезилиб қолганда, емирила бошлайди. Санъат ҳам сиёсатлиги билиндими ”оёғи синади”. Санъатнинг гўзал бир бўлаги – рақс, ўйин. Сиёсатнинг ҳаром бир бўлаги – ўйин. Бири театр, томоша саҳнасида, кичик давраларда ҳукм сурса, иккинчиси  жуда ўлкан саҳнада – мамлакат, дунё саҳнасида “жилва” қилади.

Ламбада сўзи “таъқиқланган рақс” деганидир. Бу рақс беномус, ҳирсли бўлгани учун ҳиндулар уни таъқиқлашганди. Нимаики таъқиқланса, унга қизиқиш, ёлғон эҳтиёж ошади. Кишининг ҳирсларини қўзғаб, уни оний хаёллар гирдобига ғарқ қиладиган бу рақсни ҳиндулар қироличаси севиб қолади ва унинг истеъдодли ижрочисига айланади.  Қиролича товусдек товланиб, иффат сарҳадларини бузиб, хиром этар экан, унга бутун миллат қўшилди. Вақт ўтиб, бир замонлар таъқиқланган рақс оммавий ўйинга айланди.

Ҳиндулар яшаган ўрмонларни йўқотиш бошланганда улар исён қилдилар. Исён бостирилди.  Фақат қиролича ўз рақси, ўйини билан катта саҳналарга етиб борди. Раққоса ўрмонни сақлаш ҳаракатини бошлади. “Ламбада” эса яшин тезлигида дунёга тарқалди. Ҳиндулар бу ўйинни миллий ифтихор, миллий санъат дея, фахрландилар. Раққосанинг фарёдини Америка ҳукумати эшитди ва ўрмонни сақлашга киришди. Бу нафсониятларига тегиб, ўрмонни йўқотишга киришганлар унга ўт қўйдилар.

Ҳиндулар кўчманчилик сўқмоқларига сочилдилар.

Ҳа, одамлар яшаб, воқеалар кечиб ўтаверадилар. Ўйинлар эса йўқолмайди.

Бугун бизнинг юртимиз саҳнасида – ҳам сиёсат, ҳам санъат саҳнасида ифтихорга айланган ҳаёсиз ўйинлар кўпайиб кетди.  У “ламбада” ни  эслатади.

“Ламбада” рақси инсон юрагининг тубидаги энг нозик туйғуларни яланғоч қилиб кўчага чиқаради, унинг ҳирс-ҳаяжонини қўзғаб, ақлни, идрокни бегона хаёллар оёғи остига ташласа, кишини ожиз жонивор ҳолига солишга хизмат этса, бизнинг сиёсатдаги “ламбада”  бундан юз карра разилроқ мақсадларга хизмат қилади. У ёлғон, алдов сеҳри билан инсонларни ўзлигидан, кимлигидан, орияти, диёнати, номусидан ажратишга мўлжалланган. Бу “истеъдод”нинг айрим саҳналарига назар солайлик:

Ўзбекистоннинг янги Конститутсияси қабул қилинган сессия арафасида мамлакатда террор бошланган, диктатура қулоч ёзганди. Мухолифат қатағонга олинган, қувғин, сургунлар бошланганди. Сессия ҳам ана шу руҳ, ана шу кайфиятда ўтди. Бош қонун деярли муҳокамасиз қабул қилинди. Шу куни кечқурун президент пойтахтнинг  “Наврўз” кошонасида миллатвакилларига, сарой аъёнларига зиёфат берди.

Зиёфат оқшоми президентнинг кўзларидаги таҳлика йўқолмаганди. У шу куни қандайдир нохуш хабар олгани сезилиб турарди. Сессияга киришда депутатларни лазерли махсус ускуналар ёрдамида “божхона”дан ўтказишди. Аёл депутатлардан бирининг сумкасидан темир кулдон чиқиб қолди. Ярим соат сўроқ қилишди. Биз кулдик: “Агар кулдон билан кимнингдир жонига  қасд қиладиган бўлса, демак япон мактабида ўқиган”.

Зиёфат залида меҳмонлардан қўриқчилар кўпроқ эди. Сигарет чекмоқ учун жойимдан қўзғалгандим, йигирмага яқин йигит мен томонга ўтди. Ёнимга Миллий Хавфсизлик хизмати қўмитасининг  раиси Ғулом Алиев келди.

– Ғулом ака, “қўйлар ҳам чўчқа ҳолига” тушибди-ку? – дедим зиёфат олдидан махсус аравачалар устида чўчқага ўхшаб ётқизилган, боши ва оёғи кесилмасдан пиширилган қўйларга шаъма қилиб.

– Бугун шод-ҳуррамлик, шунақа гапларнинг ўрнимас, – деди Ғ. Алиев. Сездимки, суҳбатимиз ёзиб олинмоқда. Чунки Ғулом ака билан ён қўшнимиз. Яккама-якка қолганда тузумдан, президентдан норозилигини айтарди. Бу ҳам балки “ламбада”дир?  Ҳар ҳолда, ўйинни самимий ўйнарди. Президентнинг хафақонлигидан кўпчилик фойдаланмоқ истарди.  Масалан, ҳурматли шоиримиз Шукрулло халқи-мардумнинг ўртасида президентни оз деганда ўн марта чўлпиллатиб ўпдилар. Президент қўл қовуштириб турар, Шукрулло ака эса “илиқ” гаплар билан унинг кўнглига сув сепардилар.

Бирдан Олмахон Ҳайитованинг жарангдор овозлари янгради. Ўртага Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзов чиқди. У ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг муовини Эркин Самандаров Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги тантанасида бирга рақсга тушиб, президентдан ташаккурнома олишганди. Маркс Жуманиёзов қарсаклар оғушида гоҳ қош учириб, гоҳ ўтириб-туриб ўйнарди.

Одамларнинг кўзи президентда эди. У заҳарли жилмайиб турарди. Бу жилмайишни ташаккурнома деб англашди шекилли, бирин  кетин вилоят ҳокимлари рақсга туша бошладилар.   Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов рақсга уста эмас экан.  Депутат Ойгул Маматованинг жозибадор ўйини бу қусрни ёпиб юборди. Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоровнинг “бадани”да бор экан, анча вақт давра айланди. Ҳатто, бир қўли билан қошини юқори кўтариб, президентга қараб “ҳунар” ҳам кўрсатди. Хуллас, ҳоким раққослар мусобақаси президентнинг хижил кўнглини ёзди.

Навбат миллатнинг гули ва ақли бўлмиш ижодкорларга келди. Тўғрироғи, президент сўзни аввал Саид Аҳмадга, сўнг Одил Ёқубовга берди.

Саид Аҳмад микрофонни икки қўллаб ушлаганча даврага бир назар солдиларда юракларини очдилар.

– Мен ҳам мустақиллик учун курашганлардан бириман, – деди у киши. – Советлар империясида мустақиллик ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто фикрлаш ҳам қўрқинчли эди. Лекин биз юрагимиздаги бу дардни асарларимизга сингдирдик. “Келинлар қўзғолони”ни ёзарканман, дилимда шу мақсад эди. Марказ зулмидан озод бўлиш ғояси асаримнинг бошидан охиригача чекинмайди. Бу асарда ўн беш мустамлака жумҳуриятнинг дарди, ташвишларрини беришга интилдим. Бош қаҳрамонларимнинг ҳар бири бир жумҳуриятнинг образидир…

Даврада ўтирганлардан бири “Ўзбекистон ким экан?” деб шивирлади. “Соттихон бўлса керак” дегандим, ёнимиздагилар кулиб юборишди.  Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.

– Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, Яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

Саид Ахмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:

– Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш,  дарди оғир эди.  Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди.  Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…

Балки вақт кечиб адибларимиз “Ўшанда мен образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деган гапни айтишлари мумкин. Ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки “ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради.

– Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор, – дея давом этди О. Ёқубов. – Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу сабаб, Сиз Ислом ака, ундайларга эътибор ҳам берманг.  Халқ уларга аллақачон баҳо бериб бўлган. Шундай деймизу, аммо улар асабни эговлаб, катта ишлар ва мақсадлар йўлида тўсиқ  бўлишгани аянчлидир…

Сўнг Ортиқ Отажонов президентга “бир капгир” мақтов ёғдириб, қўшиқ бошлади. Даврага раислик қилаётган Наманган вилояти ҳокими, президент ибораси билан айтганда “оқсоқол” Бургутали Рапиқалиев ишораси билан ўртага яна ҳокимлар чиқдилар. Рақс тугагач, Каримов “икки улуғ адиб” шарафига қадаҳ кўтаришни буюрди.

Стол устидаги шишалар аллақачон бўшаб қолгани учун баъзи аъёнлар бўш қадаҳларни кўтариб, буйруқни бажардилар.

Вақт келиб, улар ҳам ўзларини оқлашлари учун имкон бўлади. Яъни: “Биз ўшанда фикрларга қўшилмаганимиз учун бўш қадаҳни кўтаргандик”, дея. Уларни ҳозир ҳам айбламоқчи эмасмиз. Улар “ламбада” асирлари.  Асир эса буюрилганни бажаришга маҳкум. Асирлар суд қилинмайдилар.

Қўшиқ айтиб турган Ғуломжон Ёқубовга президент  ниманидир ишора қилди. У куй оҳангини ўзгартириб, Каримовга Мустақиллик куни ёқиб қолган насиҳат – қўшиғини бошлади.  Шу пайт унинг ёнида ҳофиз Шерали Жўраев пайдо бўлди.

Шерали Жўраев ҳақида шу  кунлари турли миш-мишлар тарқалганди. “Каримов уни телевизордан, радиодан олиб ташлабди”. “ У ҳажга борганда президентни Худосиз дебди”. Бу гапларда жон бор эди. Ростдан ҳам Каримов бир мажлисда ТВ “катта”сига Шерали Жўраевни кўрсатмасликни буюрганди.

Ҳофиз  ҳамкорининг қўлидан торни олиб: ”Мен Ўзбекистон гимнини ёзганман, шуни ижро этаман”, деди. Президент бошини қуйи солиб, ёнидаги маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга нимадир деди. Унинг ранги оқади. Ҳар ҳолда жавоб қилди. Назаримда, у  “Шерали Жўраев рўйхатда йўқ эди”, деб қутулди.

Қўшиқ тугагач, ”об-ҳаво” бузилаганини сезган аъёнлар қарсак чалмадилар. Ҳофиз енгил куй чалиб, ўтирганларни рақсга “даъват” этди. Ҳамма жим.

Балки Шерали Жўраев “ламбада” муҳитини бузмоқ истагандир?  Аммо у халқимизнинг севимли хонандаси эди. Мен унга хайрихоҳ  мухлис сифатида ачиндим.  У бир қўшиқ айтиб атрофига минг-минг одамни тўплаши мумкин. Шу бир ҳовуч “раққос”лардан обрў олиш жуда зарурми?  Унинг “ламбада”га қўшилмоқ истагида ўзини хор қилганини тушуна олмадим. Унинг санъатига ҳурматим борлиги учун ҳам шу лаҳзада бу “ихтиёрий” таъзимини тушуна олмадим.

Кўп ўтмай бу “нохушлик”ни президент унутди ва ўзи рақсга тушди. Жувон депутатлар, ҳокимлар уни қуршаб олдилар. “Ламбада” авжига чиқди…

Зиёфатдан чиқар эканман, ёнимга Дадахон Ёқубов келди:

– Аслида бу ерда раислик қилиш иккаламизнинг ишимиз эди. Лекин қовун тушириб юрибсиз-да, – деди.

Индамадим. Зиёфатга мени мажбурлаб олиб келган дўстларим Ўзбекистон халқ депутатлари Насрулло Сайид ва Имом Файзини  эшик ёнида кутиб турдим. Кечагина қучоқлашиб кўришадиган аъёнлар кўрмасликка олиб ўтиб кетардилар. Сал нарироқда эса Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари мендан кўзларини узмай турардилар.

– Бош қонун қабул қилингач, президент казо-казоларни тўплаб, мухолифатни бутунлай йўқотишни буюрибди, – деди Насрулло.

– Унда кимга президентлик қилади? Бутун бир халқ унга мухолифатда-ку, – дедим.

-Халқ вакилларию сафдошларингиз  – ёзувчиларни  кўрдингиз-ку, – деди Имом Файзи.  – Каримов шуларга президентлик қилади.

“Наврўз” кошонасидан қайтарканмиз, кўнгил хира эди, чунки “ламбада” энди бошланган, яшин тезлигида вилоятларга, туманларга тарқалиши аниқ эди.  Бу ҳам майли. Лекин ўрмонга ўт кетганди. Ўрмон ичида минг-минглаб гуноҳсизлар азоб ўтида қоврилаётган эдилар. Кўнгилга ана шу ёнғиннинг қора дуди хира солганди…

Жаҳонгир МУҲАММАД

1992 йил. Декабр.

“ЭРК” газетасининг 1994 йил, 16 Май, 5(104) сонидан

One Response

  1. […] 5.“ЛАМБАДА” ёки БЕҲАЁ ЎЙИН […]

Comments are closed.

%d bloggers like this: