Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (13)

АРАЛАШ

*Одам ўзига ўзи қарши юрганда тезроқ ўлиб кетади. Чунки жанг аёвсиз бўлади.

*Футболни оз одам ўйнайди, кўз одам севади,
Сиёсатни кўп одам ўйнайди, оз одам севади.

*Ким учундир шуҳратнинг тоғидан қулаган куни ўлган кунидир.

*Курашга майдон йўқ дейсиз, ахир бутун дунё майдонга айланиб кетган-ку?!

*Кимки сиёсатни пул учун эмас, қалбининг амри учун қилса, у ҳақиқий сиёсатчидир!

*Зарар келтиришга интилган одам яхшиликни ёйиш учун маош олиб ишлаганда ҳам зарар келтираверади.

*Таппончани гўзаллик учун тақиб юрмайдилар

*Жуда мағрурланиб кетсангиз уммон соҳилига боринг, нақадар зарралигингизни ҳис этасиз. Ҳа-я, бизда уммон йўқ-ку!

*Ўзингизни зарра ва ожиз ҳис этсангиз, осмонга осилган баланд тоғларга чиқинг, кўнглингиз мағрурликка тўлади. Лекин бизда бундай баланд тоғлар ҳам йўқ ҳисоби.

Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (12)

ЛИРИК ЧЕКИНИШ

*Қуёш севиб нур бағишлар Ой жонига,
Моҳтоб эса тунда қочар Ер ёнига.

*Оқшом ханжарини санчди Қуёшга,
Қуёш қонга ботиб, бош қўйди тошга.

*Ошиқ оқшом мастдур гўшагида,
Яланғоч кун ухлар тўшагида.

*Зулмат ухлар саҳар қўйнида,
Қўллари оқшомнинг бўйнида.

*Қоронғу бостириб келади,
Нурдан қоча-қоча…

*Бой бой бўлай дейди,
Камбағал ўлай дейди.

*Яланғоч бандалар навбатда,
Ҳаммомга қийиндир, албатта.

*Дақиқалар аскар мисоли
Қиличини яланғочлаган
Шаҳид тушар орқама-орқа…

*Йўлим тўғри десада илон,
Излари шарманда қилади.
Рост жойини олсада ёлғон.
Ҳамма ёлғонлигин билади.

*Ҳали кузга қадар ёз бор,
Умидинг жўжалардан бўлса…

*Ҳар кимнинг ўз ниқоби бор:
Ёлғончилик, Жўмардлик…
Биров учун ниқобдир ор,
Биров учун номардлик.

Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (11)

ДЎСТЛИК ҲАҚИДА

*Дўстинг нега сени сотганини таҳлил қилдингми? Чунки дўст танлашни билмайсан. Хафа бўлма, бошқалар ҳам билмайдилар.

*Агар сен дўстингга дўст бўлишни уддалай олсанг у ҳам уддалайди.

*Йиқилганингда кўтарадиган дўстлар оз, аммо ўлганингда (тобутингни) кўтарадиган дўстлар кўп.

*Мени менга мақтагандан қўрқаман.

*Агар менга дўст бўлсанг, мени менга эмас, душманимга мақта.

*Менга отилган тошга кўкрагини керган дўстимга жоним садаға.

*Ёлғиз қолсангиз ўкинманг, ойнага қаранг, энг яқин дўстингиз бор.

*Хотиним дўстимдир. Чунки у мени чин дилдан севади, мендан нафрат қилмайди.

*Умид дўстларни жипслаштиради, умидсизлик айиради!

*Дўстини эгоист деб айблаш эгоистликдан келиб чиқади.

*Менга тақлид қилманг, мендан ўзиб кетинг, дўстим!

Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (10)

ТИЛ ҲАҚИДА

*Ўзга тилда дод солмоқ ихтиёрдир,
Она тилни ёд олмоқ ифтихордир.

*Тилни сунъий тарзда тозалай олмайсиз, чунки у сизга бўйсунмайди.

*Тилни бойитишингиз мумкин, бунга изн беради, чунки у ҳам камбағал.

*Инсонга миллати ё мансабига қараб эмас, ўз тилини билишига қараб баҳо берсангиз, адашмайсиз.

*Тилга хизмат қилиш бу маданиятга, маънавиятга, мамлакатга ва миллатга хизмат қилишдир.

*Агар тил бўлмаганда одамлар акиллаб юрган бўлардилар.

*Она тилини она билан бирга ташлаб кетсангиз, демак ўгай боласиз.

*Она тили фақат она билангина гаплашиш даражасига тушса, бу мустақилликка жаноза ўқиш яқинлигидан даракдир.

*Дунёни қуролсиз забт этишни истасангиз, тилларни ўрганинг!

*Тил билганим учун мағрурлигимни сақлаб қолдим.

Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (9)

СЎЗ ҲАҚИДА

*Бир сўз бузган дунёни минг сўз туза олмаслиги мумкин.

*Ҳақ сўз дор тагида бўйинга илинган арқонга ўхшайди. Айтмасанг бўғиласан, айтсанг ҳам бўғиласан.Танлов ўзингда. Айтиб қол.

*Баъзан қиличдан қўрқмаганлар ҳам сўздан қўрқадилар.

*Мендан эмас, сўзимдан қўрқадилар, лекин менинг ўзимни ўлдиришга уринадилар, чунки сўзимнинг олдида заифдирлар.

*Сўз маҳлиё этади, сўз асир этади, сўз ўлдиради, сўз тирилтиради, лекин сўз худоликка даъвогар эмас.

*Сўзим, кўзларингга кириб ухласам, совқотмасмидим?!

*Сўз севгим, бахтим, тахтим, аҳдим ва нақдим!

*Мазмун излаймиз, бемазмун сўзлардан
Мазмун тополмаган каби мазмундор сўзлардан!

*”Бу ёзган сўзларингизни ит ҳам ўқимайди” деб қаҳр сочдингиз. Ит ўқимаса ҳам сиз ўқибсиз, сиз озиқланибсизку! Лекин қани эди итлар ҳам ўқиганда…

*Сукут ва сўзлаш танловида сўзлашни танлардим. Сўзлаб қолмасак, зотан сукут кутиб турибди, абадий сукут!

Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (8)

ЖУРНАЛИСТЛАР ҲАҚИДА

*Журналистларни уч тоифага бўлиш мумкин׃

1.Ўз жонига қасд қилганлар. Улар туғма қобилиятга эга бўладилар ва журналистликдан адиб, арбоб даражасига етадилар. Сўз сеҳрини ўзлари ҳам ҳис этадилар ва ўқувчига ҳам ҳис эттирадилар. Ёзганлари воқеага айланади, эсда қолади, ўлмайди.Улар умрларини ёзганларига бағишлайдилар.

2.Чалажон журналистлар. Улар журналистика билан чекланиб қолган ижодкорлардир. Ўз истеъдодларини қандай қилиб ишга солишни билмай юрадилар, ёзганлари чалажон бўлгани каби ўзлари ҳам чала жондек ички бир қийналиш билан яшаб ўтадилар. Continue reading

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Фикр ирмоқлари (7)

ЖУРНАЛИСТИКА ВА ТАРАФКАШЛИК
*Тарафкашлик – Ўзбек тилидаги ахборот воситаларининг бугунги энг катта фожиаси.

*Тарафкашлик шахсга сиғинишнинг бешигидир.

*Тарафкашлик-маҳаллийчиликка ўйнаш.

*Агар бир миллатнинг журналистлари тарафкаш бўлсалар, билинг-ки бу миллат кўп зарар кўради.

*Ахборот воситасида ишловчи шахс тарафкашлик қилса, бу унинг журналист даражасига кўтарилмагани, ҳатто маошини ҳалол қилиб олмаганига шорадир.

*Тарафкашлик қонида бўлган киши журналистлик эмас, аравакашлик қилса, ўзига ҳам, миллатига ҳам фойда.

*Ўзига ёққанини кўриб, ёқмаганини кўрмасликка олиш журналистнинг тубан кетишидир.

*У кўриб кўрмасликка олган воқеаларни халқ кўриб туришини ҳис этмаслиги унинг ички “мени” ўлганидан дарак. Continue reading