Жаҳонгир Муҳаммад׃ Фикр ирмоқлари (5)

ЯХШИЛИК ҲАҚИДА

*Ўзига яхшилик қилганларни унутиб, ўзи яхшилик қилганларни эслайдиган одам разолат ботқоғига ботган одамдир.

*Ўзи ўзгаларнинг яхшилиги эвазига яшаб юрган одам ўзига яхшилик қилганлар ва қилаётганларнинг ўзгаларга ҳам яхшиликларини мен туфайли қилмоқдалар ва бу менинг яхшилигим деса у қалби сўқир болиб қолган одамдир.

*Ҳамма ундан юз ўгирса ва у мен яхшилик қилган одамлар мендан юз ўгирдилар деб аюҳаннос солса, у ақли жойида бўлмаган одамдир.

*Бир кун келиб эслаш учун қилинадиган яхшилик аслида ёмонликдир.

*Ҳамма сизга ёмонлик қилаётган бўлиб туюлса, руҳий хасталарни даволайдиган табибни изланг.

*Ёмонлик ва яхшилик эгизаклардир, агар уларни ажрата олмасангиз ўзгалардан эмас, ўзингиздан ўпкаланг.

*Бир умр ёмонлик қилиб келган одам ҳам ”Мен бир умр яхшилик қилиб келдим“, дер экан, аммо ҳеч қачон ”Ёмонлик ҳам қилдимку” демайди.

*Ёмонлик қилган одам ёмонлиги ошкор бўлса, ёшлик қилдим, адашдим, хато қилдим дейиши мумкин экану лекин ёмонлик қилдим демас экан. Бу ҳам худбинликнинг суврати.

* ”Мендан яхшилик кўрганларнинг ҳаммаси менинг душманим бўлиб чиқдилар” дегувчи одам манфаатпараст ва ўзини илоҳий деб билгувчи шаккокдир.

*Кимгадир ёмонлик бўлиб кўринган нарсалар кимгадир яхшилик бўлиб кўриниши ёки яхшилик белгиси ҳам бўлиши мумкин.

*Нима яхшию нима ёмон, ким яхшию ким ёмон, деб хулоса чиқариб юрган одам ҳали нима яхшию нима ёмон ва ким яхшию ким ёмонлигини билмаган одамдир.

*Яхшилк қилдим деган одам билан ёмонлик кўрдим деган одамнинг ўхшашлиги ҳар иккаласининг ҳам яхшилик қилмаганидадир.

%d bloggers like this: