Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (12)

ЛИРИК ЧЕКИНИШ

*Қуёш севиб нур бағишлар Ой жонига,
Моҳтоб эса тунда қочар Ер ёнига.

*Оқшом ханжарини санчди Қуёшга,
Қуёш қонга ботиб, бош қўйди тошга.

*Ошиқ оқшом мастдур гўшагида,
Яланғоч кун ухлар тўшагида.

*Зулмат ухлар саҳар қўйнида,
Қўллари оқшомнинг бўйнида.

*Қоронғу бостириб келади,
Нурдан қоча-қоча…

*Бой бой бўлай дейди,
Камбағал ўлай дейди.

*Яланғоч бандалар навбатда,
Ҳаммомга қийиндир, албатта.

*Дақиқалар аскар мисоли
Қиличини яланғочлаган
Шаҳид тушар орқама-орқа…

*Йўлим тўғри десада илон,
Излари шарманда қилади.
Рост жойини олсада ёлғон.
Ҳамма ёлғонлигин билади.

*Ҳали кузга қадар ёз бор,
Умидинг жўжалардан бўлса…

*Ҳар кимнинг ўз ниқоби бор:
Ёлғончилик, Жўмардлик…
Биров учун ниқобдир ор,
Биров учун номардлик.