ЖАҲОНГИР Муҳаммад: ПАНЖАРАЛАР

ШЕЪРЛАР

Биттаси ҳалқум деб,
Халқини қоқлайди.
Биттаси “Халқим” деб,
Ўзини оқлайди.

Биттаси “Сан! Сан!” деб,
Ботирни отади.
Биттаси “Ман! Ман!” деб,
Ёлғонни сотади.

Биттаси “Бош-ман!” деб,
Бигизин санчади.
Биттаси “Тошман!” деб
Бошингни янчади.

Биттаси аср деб,
Қийноқдан йиқади!
Биттаси қаср деб,
Қабрга тиқади.

***
Ҳар гапда Худони ўртага
қўярлар,
Фаришта мисоли кўриниб одамга.
Миқ этсанг
Шу заҳот кўзингни ўярлар,
Итлари акиллаб жар солар оламга.

Кейин талайдилар даврага олиб,
Суякларинг бир-бир кемирадилар.
Миқ этма!
Мақтагил!
Иблислар ахир,
Мақтов билан семирадилар!

Вашингтон, 8 Июл, 2005 йил.
***

НЕГА?

Нега бири икки бўлмас,
Ўзбекнинг?
Нега дили нурга тўлмас,
Ўзбекнинг?
Нега йўли тўғри йўлмас,
Ўзбекнинг?
Ўзингдан сўраб кўр!

Нега юки норли эмас,
Ўзбекнинг?
Нега ўғли орли эмас,
Ўзбекнинг?
Нега сўзи корли эмас,
Ўзбекнинг?
Ўзингдан сўраб кўр!

Ишонгани ёлғон нега
Ўзбекнинг?
Қайнатгани ёвғон нега
Ўзбекнинг?
Юрагида афғон нега
Ўзбекнинг?
Ўзингдан сўраб кўр!

Қаҳрамони итмиш нега
Ўзбекнинг,?
“Хоин”лари кетмиш нега
Ўзбекнинг?
Истиқболи битмиш нега
Ўзбекнинг?
Ўзингдан сўраб кўр!

Нега ҳақ гап оҳи бугун
Ўзбекнинг?
Нега қондир моҳи бугун
Ўзбекнинг?
Нега шайтон шоҳи бугун
Ўзбекнинг?
Ўзиндан сўраб кўр!

Нега эли абгор бўлган
Ўзбекнинг?
Нега эри ўлмай ўлган
Ўзбекнинг?
Нега ери гўрга тўлган
Ўзбекнинг?
Ўзингдан сўраб кўр!

***

ЎЗБЕКИСТОН
Ислом Каримовнинг фармони ила “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлган шоир Абдулла Ориповга “бағишлов”

Юртим сенга юзландим бугун,
Лек юзингни кўрмадим, асло.
Дардинг дарё шоирлар нечун,
Маддоҳликдан бўлмишлар расво.
Улар шеърдан, миллатдан йироқ,
Вужуд хароб, қолмаган ори,
Кўкрагида олтиндир бироқ,
Битилмаган тарихдир бори,
Фақат ожиз қаламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Юравердинг адолат излаб,
Тополмадинг барибир ҳақни,
Бугун ёлғон, ўтмишни ўзлаб,
Гўр Амирда енгарсан вақтни.
Россия, деб Ватаним маним,
Олимжонлар югуриб елди,
Ғафур Ғулом русни оғайним,
Московни-чи, Макка деб билди.
Яқин тарих қадамим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Тарихинг бор, тарихинг йўқдай,
Шоҳга қараб ёзилган китоб.
Ўз ўзинга отилган ўқдай,
Оқ саройда сукунат – хитоб.
Кўз боғлагич жодугар-мубҳам,
Бир зот босмиш тахтни ўликдай.
Не, не сувлар оқди ҳали ҳам,
Элнинг қонин эмар зулукдай,
Ўшал баттол душманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Эрк илмидан агар сўз кетса ,
Аҳли сарой тошга айланар,
Эврил Турон, Шовруқ Бек десам,
Дилдаги қон ёшга айланар.
Бошим қўйсам саждага нохос
Кўзим очдим Жаслиқ –зиндонда.
Отам тори узилган бир сўз,
Онам сочи қолмиш кулдонда,
Ерда қолган, о, таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўз олдимдан ўтар миршаблар,
Кўз-кўз этиб муштин, қуролин.
Зулмат бугун кундуз ҳам шаблар,
Тополмасман нурнинг чиройин.
Америка – сеҳрли диёр,
Қучоқ очиб дейди: “Келгин, кел!”.
Ўз юртини тарк этиб илк бор,
Гуррос гуррос оқиб кетар эл,
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўп дамонгир кўрган бу дунё,
Ҳаммасига гувоҳ гўр тоши.
Лекин, маккор зулм аҳли аро
Жуда ноёб бундай юртбоши.
Неча йилким тахту арконни,
Босиб ётар юҳо тизлари,
Ота қўли етмаган донни,
Чошлаб олди унинг қизлари.
Қолган-қутган сомоним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Юҳоларга очганман саваш,
Лекин бир бор сўрашим қарздир,
Мансабдорга бош эгиб яшаш,
Халқим сенга не сабаб фарздир?
Ахир сенсан бир бурда нонин,
Ўзи емай ҳокимга тутган.
Ахир сенсан, анинг ёлғонин,
Асалдайин қийналмай ютган,
Она халқим, жим-таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Бош устингда қиличин тутган,
Бегонамас, ўз ранги-оланг.
Сарҳад бўйлаб душмандай кутган,
Ёғий боланг, лаънати боланг.
Чегара не ҳатто уйингда,
Ушлаб бердинг туққан инингни,
Таҳлика деб билган кунингда,
Хаспўшладинг асл динингни,
Дўзах бўлган гулшаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Сенга бойлик битмишдир-сукут,
Қон ютсанг ҳам, ичсанг ҳам шароб.
Улуғ Тангри унутдир унут,
Топинганинг Ислом ё Шароф.
Чора истаб Олий мажлисдан
Ҳаволарга учди унларинг,
Фармон олиб шайтон- иблисдан,
Овоз берар вакил-қулларинг,
Куйиб битган ул шаъним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Моҳтоб қизлар ярим яланғоч,
Болдирларда титрар ой нури.
Иффатлига очмаслар қучоқ,
Садоқатнинг йўқдир ғамхўри.
Ёлғон авлод ёлғон онгида,
Ўзлигингни кашф айладинг сен.
Мустақиллик туғар тонгида,
Аро йўлни боз сайладинг сен,
Мункиб қолди саманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Нотинч асли бу кўҳна олам,
Қайда уруш, қайда ал омон.
Аммо сенинг кулбангда мотам,
Ўз туққанинг ваҳший оломон.
Қоним оқди Паркентда маним,
Кумушконда ўқ отилган чоғ
“Фарғонани босди,- деб,- ғаним”,
Ўз бўғзингга тортганда пичоқ,
Дала-тошлар кафаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Қорли кузда, мен сени кўрдим,
Пахтазорда жон берган болам.
Фарёд билан фарёдни ўрдим,
Бош устингда йиғлаган у дам.
Кеча кундуз тер тўккан деҳқон,
Бир мири ҳам йўқ киссасида.
Мардикорлик , дарбадарлик шон,
Фоҳишалик йўл қиссасида,
Кечди, умри маҳзаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Ташлаб кетди, “Ман-Ман!” дерларинг,
Қуёш отли нуринг балқмади,
Тобутларда қайтди эрларинг,
Энди “Бирлик”, “Эрк” ҳам қалқмади.
Балки Эврил Турондек ёниб,
Юз ўгириб кетарман мен ҳам.
Балки Озод, Эркиндек тониб,
Бир юлдузга етарман мен ҳам,
Фармони зар, маъданим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Зиёлилар талон тарождир,
Зиёсидан айро тушган халқ.
Ё савдогар, ёки фаррошдир,
Бу не кўргу, бу қандайин ҳақ.
Бир болангман одатни буздим,
Тикка қараб қўйдим кўзингга.
Кишанларнинг ҳалқасин уздим,
Кимга айтай айтгум ўзингга,
Ухлаб ётган сан таним маним,
Ўзбекистон ватаним маним.

Сен мудрасанг завол қўйнида,
Дерлар: “Шоҳи халқига мосдир”.
Дор ўзидан арқон бўйнида,
Осий эрни осмоқлик хосдир.
Йўқ, йўқ, воз кеч, ғолиб бўл, ўктам,
Ўзлигини таниган – халқдур.
Оёққа қалқ, озод бўл ўлкам,
Агар сенда бор бўлса ғурур,
Шунда дерман, масканим маним,
Ўзбекистом ватаним маним.

Вашингтон-2004

***

ПАНЖАРАЛАР

Тарихимнинг қатларига из- из бўлиб санчилган,
Дор оғочнинг қаватига эгиз бўлиб санчилган,
Юрагимнинг қалъасига бигиз бўлиб санчилган,
Панжаралар,
Панжаралар!
Истиқболим, манглайинга байроқ бўлиб санчилган,
Ҳақни айтсам биқинимга бармоқ бўлиб санчилган,
Тафаккурим сўқмоғига қайроқ бўлиб санчилган,
Панжаралар,
Панжаралар!
Шоҳу миллат орасига посбон бўлиб санчилган,
Зиндон ва эрк деворига ҳижрон бўлиб санчилган,
Бу не кўргу, кўзларимга мужгон бўлиб санчилган,
Панжаралар,
Панжаралар!
Зулм-денгиз соҳилига маёқ бўлиб санчилган,
Бешигимда атрофимга таёқ бўлиб санчилган,
Тобутимнинг тўрт бурчига оёқ бўлиб санчилган,
Панжаралар!
Панжаралар!

Вашингтон 2002 йил

***

БУ МЕНИНГ ҲАҚҚИМ

Ҳаётда хатолар бўғди бўйнимдан,
Тузатмоқ ўрнига тепдинг Сен нуқул.
Умр сизиб кетди бир кун қўйнимдан,
Тобут кўтаришга келдинг Сен, шукур!
Энди ўтсанг магар қабр бошимдан,
Қўл очсанг дуога бу Сенинг ҳаққинг..
Аммо хато топма қабр тошимдан,
Хато билан ётмоқ , бу менинг ҳаққим.

Вашингтон, 2002 йил.

***

БУ ДУНЁ…
Худони сўкдилар қасдингдан дод дея,
Ҳушёру аслида мастингдан дод дея.
Бу дунё зулматдир у дунё зулматдир,
Зулмкор дастингдан дод дея
Худони сўкдилар.
Шоирни сўкдилар ўроғинг йўқ дея,
Нуқта-ю ундов кўп, сўроғинг йўқ дея,
Бу дунё зулматдир, у дунё зулматдир,
Қўлингда чироғинг йўқ дея,
Шоирни сўкдилар.
Деҳқонни сўкдилар қаламинг йўқ дея,
Наҳотки ичингда аламинг йўқ дея,
Бу дунё зулматдир, у дунё зулматдир,
Қўлинда бир шаъминг йўқ дея
Деҳқонни сўкдилар.

Мени ҳам сўкдилар Ватанни сотди деб,
Юртбоши шаънига бўҳтонни отди деб,
Бу дунё зулматдир, у дунё зулматдир,
Ҳижратнинг бағрида ётди деб,
Мени ҳам сўкдилар.

Вашингтон, 2002 йил

***

НИҚОБ
Ҳар кимнинг ўз ниқоби бор:
Ёлғончилик, Жўмардлик…
Биров учун ниқобдир ор,
Биров учун номардлик.
Вашингтон, 2003 йил.

***

ОСМОН…
Осмон палто кийиб олган
Юм-юм йиғлайди.
Осмоннинг кўз ёшларидан қоч-қоча
Палто кийиб оламан,
Фақат юм-юм йиғлай олмайман.
Кўз ёшим ёноғимдан пастга тушмайди,
Ҳатто чумолини палто кийишга мажбурлай олмайман..

Вашингтон, 2002 йил
***

ЮРАК

Юрак торайиб кетар,
дунё тор каби,
Қўллар осмонга етар,
гўё дор каби.
Осилиб қоламан
бўйнимда арқон,
Олам оёқ остида-
гўё ғор каби.

Вашингтон, 2002 йил

***

ЙЎЛИМ
Йўлим тўғри десада илон,
Излари шарманда қилади.
Рост жойини олсада ёлғон.
Ҳамма ёлғонлигин билади.

Вашингтон, 2002 йил

***
…ЭМАС
Майса бўлсам,
Ям-яшил бўлайин
Қовжироқ тикан эмас.
Йўл остида қолсам,
Келин кечсин устимдан
Занжирли карвон эмас.
Устимда болалар югурсинлар-
Ҳам қочган ҳам қувлаганлар.
Аскарлар- ОМОН эмас.
Ғишт қилсангиз мени
Мактаб қуринг
Ҳибсгоҳ, зиндон эмас.
Нафасим тутмай қолса,
Сукут сақланг,
Йиғламоқ армон эмас.
Қалам ясанг мендан
Шеърлар ёзсин севги устунларига,
Ўлимга фармон эмас.
Қўйинг, ҳозирча яшайин мен
Дафна япроқларида
Бу жаҳон жаҳон эмас.

Вашингтон, 2002 йил

***

НА ЗАМИН
Япроқлар титроғи
Шамолнинг бағрини эзмайди.
Юрагим титроғин
На Осмон, на Замин сезмайди.
Майсалар йиғлайди
Оёқлар босишдан безмайди.
Боғимда олтин куз
На инсон, на ҳайвон кезмайди.

Вашингтон, 2002 йил

***
МУНОЖОТ
Асрларнинг жангоҳидан келганим эмас,
Мунгларимга йиллар ғамин кўмганим эмас,
Тарих учун дард селига чўмганим эмас,
Мен бугуннинг фарёд-додиман,
Мен бугуннинг муножотиман!
Мен далада йиғлай-йиғлай ўсмас боламан,
Ман Жаслиқда инграй -инграй тинмас ноламан,
Мен Боймирза, Олмон элда ўлиб қоламан,
Мен бугуннинг фарёд додиман,
Мен бугуннинг муножотиман!
Мен Самандар, Мурод Жўра, Эврил Туронман,
Мен зиндоннинг шаҳодати Шовруқ-жаҳонман,
Мен қабрида исён қилган Эмин Усмонман,
Мен бугуннинг фарёд додиман,
Мен бугуннинг муножотиман!
Мен зулматга бошин эгган Самарқанд, Шошман,
Фарғонанинг кўзларида Наманган ёшман,
Мен Оролнинг изларида ҳўнграган тошман,
Мен бугуннинг фарёд додиман,
Мен бугуннинг муножотиман!
Мен сабрман, мен тоқатман азобли йўлда,
Мен бардош, мен чидамман қиличим қўлда,
Мен адолат ташнасиман қақраган чўлда,
Мен бугуннинг фарёд додиман
Мен бугуннинг муножотиман!
Эркин Воҳид, Абдуллани тарк айлаган фиғон селиман,
Бош кўтармас бу қулларни тарк айлаган фиғон селиман,
Салтанатмас халқ дардини арк айлаган фиғон селиман,
Мен бугуннинг фарёд додиман
Мен бугуннинг муножотиман!

Вашингтон, 2002 йил

***

ЯНГИ ЙИЛ ОҚШОМИДА

Яна бир йил ортда қолди кўзларида ёш,
Жаслиқда ингранган маҳбус ноласи.
Яна бир йил ўтиб кетди кўтармасдан бош,
Онаси саргардон, сарсон боласи.
Яна бир йил кўролмадик биз,
Мустақил кунларнинг ёруғ юзини.
Аммо умид ўлмас, келажак шаксиз,
Адолат барибир айтар сўзини.
Яна бир йил кесилди зулм тахтидан,
Мункайиб қолмоқда таёғи билан.
Биз эса қайтмадик, эзгу аҳдидан,
Нурафшон кунларнинг маёғи билан.
Яна бир йил бардош ўтида,
Ҳақнинг ҳақ сўзига қулоқ тутдик биз,
Гарчи зулм яшар коинотида,
Лек уни бақодан улоқтирдик биз.

Вашингтон, 2002 йил

***

Чегаранинг нарёғидан
Укам боқар, омон ёр,
Аму дарё дард доғида,
Бўзлаб оқар омон ёр.

Вашингтон, 2002 йил

***

Рамазоннинг хислатидир ҳайитлик,
Боболарнинг нусратидир ҳайитлик,
Гоҳо қанддир, гоҳида пул, гоҳо ҳеч,
Фоний дунё сувратидир ҳайитлик.

Вашингтон, 2002 йил

***

“Пулни севма,-дединг,- у қўлнинг кири!”,
Қўлимиз топ-тоза, йўқдир ҳеч мири.
“Пул ҳаром,-дедилар,- пул душман, пул макр”,
Камбағал ожизмиз пулсизлик пири.
Дедилар: “Болага пул йўлин очманг,
Ғариб деб дўстлару улусдан қочманг!”,
Бола ишсиз бугун, дўсту ёр ночор,
Дунё шу эрур, деб дашномлар сочманг.
Пулни топган дунёни топмиш аслида,
Пулдорнинг омади чопмиш аслида,
Ғариб ғарибликни севгани боис,
Ит недир, эшак ҳам қопмиш аслида.
Пул экан шуҳрату истиқлол йўли,
Одам одам эмас, одамдир пули.
Ишонмай, теграмга боқиб кўрдим-ки,
Пулдор Тангрининг ҳам суюкли қули.

Лос Анжелес, 2003 йил.

***

КИМГА ЯХШИЛИК ҚИЛДИМ
Тун кечар деб тонг кутдим, ғафлат замонлик келди,
Бетараф кундуз десам, ёғий томонлик келди,
Замин асли кўшкида айланармиш тескари,
Кимга яхшилик қилдим, ундан ёмонлик келди.
Қучоқ очиб мен томон нокас камонлик келди,
Даври девона бугун даври сомонлик келди,
Бошим узра қиличин ўйнатаркан золимлар,
Мен кутмаган бегона элдан омонлик келди.
Вашингтон, 2003 йил.

***

ЎЗБЕК ЎЗИН ЎЗИ ЕР

Тошканди эсанг магар,
“Қозоқ”, деган ном олдинг.
Самарқандда туғилсанг гар,
Бас, Тожик бўлиб қолдинг.

Аҳли Фарғона бўлсанг,
“Анди”, дерлар тап тортмай.
Хоразм элда ўлсанг,
Юз бурарлар гап отмай.

“Бухоролик ман” десанг,
“Жугут”, дейдилар бешак.
Асли қишлоқдан эсанг,
Отинг қўярлар “Эшак”.

Наманган гар ватанинг
“Хунаса”, деб сўкарлар.
Ҳукм бўлса айтганинг,
Олдингда тиз чўкарлар.

Қора қирғиз ёт унсур,
Жиззах Гулистон учун.
Туркманнинг юзи қурсин,
Қарши, Андижон учун.

“Ё қўнғирот ё найман”,
Дерлар ул юклик учун.
“Ё эроний, ё ҳайман”,
Ҳақорат турклик учун.

Фитна уруғин сепиб,
Ука душман акага.
Дўсти дўстини тепиб,
Кўнгил берар такага.

Айрилганни айиқ ер,
Бўлинган ем бўрига.
Ўзбек ўзин ўзи ер,
Тош қалар сўнг гўрига.

Вашингтон, 2003 йил.

***

Оёқларим тилкалаган на тикан, гул ёрдир,
Изларимдан қон оқизған на ёғий, дўст ёрдир,
Баҳоналар ичра юздим, Худовандни билмадим,
Вужудимдан жон сиздирган на қилич, Ҳақ ёрдир.
Вашингтон, 2003 йил.

***

Ўз элингда ёт бўлмоқ ўлим қадар
Ўзга элда от солмоқ ўлим қадар
Бу дунёда не осон? Жавоб йўқ,
Ўз-ўзингга мот бўлмоқ, ўлим қадар..

Вашингтон, 2003 йил.

****

ДАРД
Қуёш чиққан куни бошингда,
Булут ўғирлайди бу нурни.
Ой кулиб келаркан қошингга,
Зулмат юлиб олар бу дурни.
Нафас оларкансан қувончдан,
Қайғу пайдо бўлар эшикда.
Умид сув ичаркан ишончдан,
Ғусса уйғонади бешикда.
Роҳатга қовушган кунингда,
Ўрмалаб келади ташвишлар
Орзуга ташиган йўлингда,
Тўсиққа айланар ёз, қишлар.
Барини елкангга ортасан,
Улоқтир, йўқ бўлиб кетмас-ми?
Мени ҳам ортингдан тортасан,
Ўз дардинг ўзинга етмас-ми?

Вашингтон, 2003 йил.

***

Томошага қаратмиш Тангри,
Мудроқ қалбни уйғотмоқ учун.
Мўъжизалар яратмиш Тангри,
Сени менга кўрсатмоқ учун.

Вашингтон, 2003 йил.

***
Кириб борар эдинг шоҳнинг ёнига
Оёғин ўпгандай.
Бир кун тегиб қолдинг жонига.
Бу дунё қўпгандай.
Чўкиб борар эдинг гирдоб тубига
Хасдан нажот сўраб
Гирдоб бўғар эди тортиб домига
Хасни сенга ўраб.
Дод солдинг ёрдамга келди ким?
Қўлимни узатдим ачиниб.
Мени итқиладинг сувга, жим,
Ўзинг тирик қолдинг қашиниб.

Вашингтон, 2003 йил.

***

НЕТТИМ МЕН!
Мен ухлаб қолибман боз қўлларингда,
Кўзингда дард алам
Менга қоронғу,
Югуриб юрибман қум, йўлларингга,
Изингда не қадам,
Менга қоронғу.
Сочларинг тарасанг тош тароғингда,
Толаман…
Саргардон…
Ҳўп, ҳайда, ҳайда.
Боз ўлиб қолибман кўз қароғингда
Йиғлашга ё мужгон,
Ё мардум қайда?
Аслида мен тирик, сен жонсиз Ватан
Жонингни кўксингдан юлиб кетдим мен.
Сени ҳам ўлдириб,
Ўзим ҳам бетан,
Билмайман…
Билмайман…
Неттим мен.

Вашингтон, 2003 йил.

***

Бор эмиш, йўқ эмиш бир шоҳ бор эмиш,
Нон емас, гўшт емас, олтин ер емиш.
Пора келтирсалар доллар ё сўмда,
Йўқотинг,
Келтиринг олтин дер эмиш.
Тишлари олтинмиш, узук олтиндан,
Исму шариф битик тузук олтиндан,
Соати олтинмиш, тўхтамас асло,
Белида камари чўзук олтиндан
Кийган тўни, киймаган дўпписи олтиндан.
Теннис ўйнаганда ўртада тўпписи олтиндан,
Меҳмон кутар эмиш олтин қасрда,
Совға-ю саломнинг лўпписи олтиндан.
Олтиндан қасрлар иншо этибди,
Узатган жойига қўли етибди,
Вақт келиб Жабборнинг фармони ила,
Бутун олтинларин ташлаб кетибди.
Боқий эл қалбида қололмабди у,
Дилларда қасрлар сололмабду у,
Дунё олтинларин йиғибди-ю лек,
Олтин дуоларни ололмабди у.

Вашингтон, 2003 йил.

***

Одамлар ал-омон,
Одамлар шафиқ,
Одамлар оломон,
Орзулар дордир.
Ҳаммани дўст дема,
Кимдир норафиқ,
Ҳатто Тангрининг ҳам
Душмани бордир.

Вашингтон, 2003 йил.

***

ТОБУТ
Тобут ҳам ўзича қўяр йўталиб,
Бир ёнда одамлар бир ёнда лаҳат,
Не не жасадларни кўрди кўтариб,
Кимнинг кимлигини билолмай фақат.
Тобут ҳам тарихдир ўз дунёсида,
Гоҳида елкада, гоҳи чанг босган.
Уйқуга кетганда шум рўёсида,
Баъзан ўз-ўзини дорларга осган.
Тобут ҳам титрайди туҳмат дастидан,
“Силкиниб борар” деб айтсалар магар.
Тобут тош қотади ўлим шастидан,
Одамлар силкинар, елка силкинар…
Тобут ҳам ўлади ўз маконида,
Уни кўтаргувчи тобут топилмас.
Ё ёнар ё ётар ўз арконида
Кафан не устига бўз ҳам ёпилмас.

***

Баъзан бошимни унутиб,
ёшимни унутиб,
Сену ўйлайман.
Баъзан рўёни унутиб,
Дунёни унутиб
Сени ўйлайман.
Баъзан сўзимни унутиб,
Ўзимни унутиб,
Сени ўйлайман.
Баъзан йўлимни унутиб.
Ўлимни унутиб
Сени ўйлайман.
Бегоналик шунақа,
Девоналик шунақа,
Баъзан бегонаман,
Баъзан девона.

Вашингтон, 2002 йил

***
БУЮК ДАРА
Ўзбек онасига ўхшайди замин,
Тепкилар зарбидан моматалоқдир,
Ҳатто ўз эрига айтганда ғамин,
Олгани ҳақорат ё уч талоқдир.
Дард сели сингимиш соч ўрмонига,
Вужуди титроқда, қони қародир,
Хуршид ҳам ниш урар қалб вулқонига,
Юраги ўпирилган Буюк Дарадир.
Саҳро ухлаб ётар мангу бир рўё,
Уммон сукунатнинг сассиз боласи,
Тоғларнинг келбати ўлгандай гўё,
Буюк Дара бугун дарднинг ноласи.

Лос Анжелес, 2003 йил

***

ХОТИРА
Хотиранинг дарёси қуриб борар йил сайин,
Болалик соҳиллари Орол бўйига ўхшар.
Дўстим сени қидирсам овозинг бунча майин,
Кўзларинг хира тортган, сочларинг тонги маҳшар.

Хотиранинг дафтари сарғаймиш хўп сукутда,
Ёшлик куй, хазонмиш шамолга тоб беролмас.
Дўстим сени қидирсам дуторнинг тори битта,
Иккинчиси узилган боғлашга қўл етолмас.

Хотиранинг шуъласи сўниб қолганми, билмам,
Балки дардни елкалаб, алам бошлаб келибман.
Дўстим сени қидирсам кўзимда ёшим, кулмам,
Табассум сувратини сенга ташлаб келибман.

Вашингтон, 2003 йил

***
САДОҚАТ
Садоқат юлдузга ўхшайди,
Йиқилар кўшкидан ногаҳон.
Садоқат ҳур қизга ўхшайди,
Умрининг сўнггида бемакон.
Садоқат гиламга ўхшайди,
Оёқлар остида поёндоз.
Садоқат мум-шамга ўхшайди,
Соясин ёритар жуда соз.
Садоқат мотамга ўхшайди,
Қабрнинг устида тош-китоб,
Садоқат оламга ўхшайди,
Бағрида садоқат йўқ ҳисоб.

Вашингтон, 2003 йил

***

ШИКОЯТ
Ҳуррият наздингда саҳрои кабир,
Шукурки тириксан, қуллик не демак.
Қафасда ётсанг ҳам бу эмас жабр,
Жабр сенинг учун қолмоқ бе емак!.
Кишаннинг асрори тек сенга аён,
Тилло занжир каби бўйнингда доим.
Зулмнинг ваҳшати элгадир шоён,
Ҳақни демоқ сенга қиёмат-қойим.

Адолат истаган тентак ё ғариб,
Файзулло, Акмалга ҳайкал қўйгансан.
Мактабда ёлғонни куйлатавериб,
Болангни кўзини ўзинг ўйгансан.

Суюкли шоҳинг ким, асл ғуломдир,
Ватаннинг кўксини кемириб, тилган.
Энг буюк шоиринг Ғафур Ғуломдир,
Русни оға, ўзни яҳудий билган.

Онанг ёқавайрон, боланг-чи юпун,
Еганинг заққуму ёққанинг тезак,
Ўтмишни қопламиш қоронғу тутун,
Келажак боғига отганинг кесак.

Мансаб сенинг учун сажданинг фасли,
Пулдорнинг айтгани мисли оятдур.
Шундайкан, ёзмоқ не, ёзганим асли,
Ўзимдан ўзимга бир шикоятдур.

Вашингтон, 2003 йил

***

ХУДОГА ШУКУР
Яхши жонин берса ўлим аҳдида,
Худо Раҳмат қилсин, дейдилар.
Ёмон жонин берса бир кун нақдида,
Худо раҳмат қилсин, дейдилар.
Золим айрилиб кетаркан тахтидан,
Ё, Раб, шукур, шукур, дейдилар.

Вашингтон, 2003 йил

***

ТУШИМДА
Тушимда туш кўрсам
Музлаб қолибман.
На оташ, на бир чўғ ва на ҳарорат
Сенинг ҳузурингда титраб турибман.
Тушимда туш кўрсам
Гуллар излабман.
На гулзор, на чаман ва на каромат
Сенинг кипригингдан узиб юрибман.
Тушимда туш кўрсам,
Ўлиб қолибман.
На жаннат, на дўзах ва на аросат
Сенинг кўзларингда сузиб юрибман.

Вашингтон, 2003 йил

***

МАГАР…
Магар сен қафасни севмасанг,
Қафасда сайрайсан не сабаб?
Душманга эврилиб, дўстингга
Қайроқни қайрайсан не сабаб?
Не сабаб ноҳақни ҳақ дейсан,
Манфаат чашмасин кўрганда?
Не сабаб қарз олиб нақд дейсан,
Дардингни майдалаб ўрганда?
Пул бўлса қардошинг бегона,
Минг йиллик андиша бир пулдир.
Меҳр қолиб, зулмни ягона
Тан олган бечора сен-қулдир.
Қуёшга ҳам тортасан парда,
Моҳтобнинг юлдузи ёр дея.
Ҳақ айтилса қиласан зарда,
Зулматнинг кундузи бор дея.
Магар сен адолат қумсасанг,
Эркингни сотасан не сабаб?
Магар сен курашни истасанг,
Туну кун ётасан не сабаб?

Вашингтон, 2003 йил.

***

Йилда бир байрамда гул бўлган она,
Қолган ўн икки ой қул бўлган она,
Ташвиш чақмоғидан ёнғинлар чиқиб,
Зулматнинг кафтида кул бўлган она.
Мардлари кетганда тул бўлган она,
Бозордан бозорга пул бўлган она,
Дардлари тегирмон тошидан оғир,
Юкларнинг остида дул бўлган она,
Сенинг
Унинг,
Менинг Онамдир.

***
Мани қадримға етганларни
Қадриға етгум бугун.
Мани хўрлаган гар Ватан эрса,
Юз буриб кетгум бугун!

***

Ўзбекни ит ейдими?
Йўқ!
Еганинг кўрмадим,
Ўзбекни бит ейдими?
Йўқ!
Еганинг кўрмадим.

Унда не ер Ўзбекни-
Ахир у тугаб борар?
Ўзбек бир-бирин ейди,
“Йўқ!”
Деганин кўрмадим.

***

Оламни сен сўрардинг,
Энди қулдирсан бешак.
Эшакни сен минардинг,
Энди устингда эшак.

Вашингтон, 2008

***
Навбатда турасан
туғилмоқ учун.
Навбатда турасан
сўнг, ўлмоқ учун.
Бу дунё, у дунё
навбат қашқари.
Эл деб курашмоқ
Навбатдан ташқари.

22 Ноябр, 1989 йил.

***

Жоним берайин десам,
Жоним ширин.
Кўксим ёрайин десам,
Юрак яширин.
Кўзим берайин десам,
Кўр юролмайман.
Сўзим берайин десам,
Қул бўлолмайман.

29 Ноябр, 1989 Самарқанд.

***

”Шайтон қўшиқлари” туркумидан

ЖИМ ЮР!

Бойлик муродинг экан-
Жим юр!
Мансаб дил ёдинг экан-
Жим юр!
Жим юр-
Очлик, хасталик билан.
Жим юр-
Дунё асталик билан.
Жим юр-
Алдасалар тинимсиз,
Жим юр-
Бошпанасиз, қўнимсиз.
Жим юр-
Чиқма бошлиқ измидан.
Жим юр-
Раиятнинг изидан.
Жим юр-
Юртни талаб кетсалар.
Жим юр-
Орқангга гар тепсалар.
Жим юр-
Ўғлинг Афғонда ўлса,
Жим юр-
Боланг болангни сўйса.
Жим юр-
Иллатингдан сўйлама.
Жим юр-
Миллатингни ўйлама.
Жим юр-
Санга Ватан даркормас,
Жим юр-
Бу элда сен саркормас.
Жим юр-
Дўстинг арзон сотилса.
Жим юр-
Эл деганлар отилса.
Жим юр-
Жим юрмасанг ўласан,
Жим юр-
Шунда подшоҳ бўласан!

16 Январ, 1991 йил, Тошкент.

Кураш
Мозийнинг муҳрли ёдида битик,
Гўрўғли султоннинг отида битик,
Беҳистун тошларин қатида битик,
Қуш каби элатнинг патида битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!

Тўмарисдан ёдгор узукда битик,
Оқсоқ бобом шаъни-Тузукда битик,
Йўл боши Йилдириб кўзўкда битик,
Ойдин кун, моҳитоб сузукда битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!

Забонсиз, забунсиз қирғоқда битик,
Ватанли, беватан сайғоқда битик,
Турк бўлиб тарқлаган тарқоқда битик,
Бўйнимда илондай арқоқда битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!

Қатағон кетганлар қабрида битик,
Гунг бўлиб юрганлар сабрида битик,
Ақли донишларнинг табрида битик,
Етим болакайнинг абрида битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!

Сўзимда сўнмаган ул шоним битик,
Ҳеч қачон ўлмаган имоним битик,
Йўлларда битмаган дармоним битик,
Ва лекин кўксимда армоним битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!

6 Март, 1993, Самарқанд.

Аскар боламга

Тўлқин қирғоғига уриб қайтади,
Дов-дарахт кўкариб, қуриб қайтади,
Оймомо олисда, юриб қайтади,
Сайёҳ карвонини буриб қайтади,
Сен қайтмадинг.

Фалак кажрафтордир, давр қайтади,
Қор-қиров боссада, савр қайтади,
Адолат истасанг жабр қайтади,
Бардош енгилади, сабр қайтади,
Сен қайтмадинг.

Сочлар соғинганда шамол қайтади,
Замин йўқотгани жамол қайтади,
Тупроққа қоришиб камол қайтади,
Жавоб мингта бўлсин, савол қайтади,
Сен қайтмадинг.

Фарёдлар чекиниб, қувонч қайтади,
Етти букилса ҳам, ишонч қайтади,
Дул-дул от йиқилса, қулон қайтади,
Наврўзгул қовжираб, гулонч қайтади,
Сен қайтмадинг.

Мени тилкалаган фиғон қайтади,
Киприкни шол этиб, гирён қайтади,
Юракни силкитиб қо-он қайтади,
Бўғизда бўғилиб жо-он қайтади,
Сен қайтмадинг.

16 Март, 1990, Тошкент

Қатағонла топилган шон сеники!
Сен тахтдасан,
Мухолифат меники,
Элни тобе кўрмоқ-
Сифат сеники!
Ватан дарди сўнгсиз –
Бу йўл меники,
Қиличинг ол,
Икки қўлим сеники!
Минбарлардан айтар
Сўзим меники,
Майли ўйгил,
Қора кўзим сеники!
Армонларим ҳам
Бардошим меники,
Зулфиқорла кесгин
Бошим сеники!
Буйсунмаслик тақдир-
Имон меники,
Қатағонла топилган шон сеники!
Зулмат аро адашган
Халқ меники,
Ёлғонлардан бичилган ҳақ сеники!
Оллоҳ қарзи-
Бир зарра жон меники,
Тангри қўйса,
Ўлдир – имкон сеники!
Чарх айланар
Музаффар кун меники,
Шаршаралар ютажак ун сеники!

1993 йил 13 Феврал.

One Response

  1. […] 27.Панжаралар […]

Comments are closed.