ЖАҲОНГИР МАМАТОВ: Самарқандни соғиниб

jm3.jpgДЕВОН

1.ЎЗЛИГИМ

Ўзлигим

Ўзбегим, деб йиғладим,
Сенга топинар экан.
Ўзбегим, деб йиғладим,
Бошим чопилар экан.

Ўзлигим деб ҳайқирдим,
Довул, бўрон эсса ҳам.
Ўзлигим деб ҳайқирдим,
Қилич бошни кесса ҳам.

Орегон, 1998 йил.

***

ЎЗБЕК

У Ўзбекдир,
Ўз юртида Ватансиз у, Ватанидан айрилган,
Учай деса уфқларга, қанотлари қайрилган.

У Ўзбекдир
Мансабдорни кўрганида қалтирайди тиззаси,
Кучи етар қардошига, ҳамсояга иззаси.

У Ўзбекдир
Жаҳли чиқса тоғни талқон қилар ҳайбат азми бор,
Миллатдоши қон ютса ҳам элу юртга базми бор.

У Ўзбекдир
Доно асл- насиҳату маслаҳатнинг устози,
Аммо уни керак бўлса бошқаради бир този.

У Ўзбекдир
Оти фақат ўзига бек-мағрурликнинг муроди,
Аслида у таҳқирланган элнинг бўғиқ фарёди.

Вашингтон, 1999 йил.

***

ТАРКИ ВАТАН

Тарки Ватан-санъатмас,
Йиллар умрингни ютар.
Тарки Ватан -жаннатмас,
Дўзах қаршингда турар.

Тарки Ватан -зулмдир,
Томирингдан қон оқар,.
Тарки Ватан -ўлимдир,
Тобутинда жон ёқар!

Орегон, 1998 йил.

***

ОСМОН ВАТАНИМ

Соғинч сарғайиб хазон тўкади,-
Соғинч умргинам,
Хазон-кунларим.
Оғоч букчайиб соя тўшайди,-
Оғоч -вужудгинам,-
Соя – тунларим.

Чақмоқ бўралаб обдон сўкади,-
Чақмоқ-отагинам,
Оловдир таним.
Осмон ўксиганча кўз ёш тўкади,
Осмон онагинам,
Осмон-Ватаним!

Истанбул, 1994 йил.

***

ҚИЗҒАЛДОҚЗОР

Қизғалдоқзор-
Юлдузларим сўнмаган дала.
Қизғалдоқзор-
Оҳларимдан ёғилган жала.

Қизғалдоқзор-
Осмонимдан йиқилган шафақ.
Қизғалдоқзор-
Нигоҳларим тўкилган варақ.

Қизғалдоқзор-
Лабларимни ёндирган ёноқ.
Қизғалдоқзор-
Бўйнимдаги айлана сўроқ.

Қизғалдоқзор-
Ҳисларимни титратган фироқ.
Қизғалдоқзор-
Тунларимда ўчмаган чироқ.

Қизғалдоқзор-
Кўзларимнинг тубида ҳалак.
Қизғалдоқзор-
Юрак қоним сачраган фалак.

Баку,1993 йил.

***

ТУШЛАРИМДА

Тушларимда учиб кетаман,
Нурнинг этагига осилиб.
Соямни қувалаб етаман,
Оёқлар остида босилиб.

Тушларимда учиб келаман,
Сочларингни тараб қўйгали.
Киприк каби шаҳид бўламан,
Жаннат кўзга қараб тўйгали.

Тушларимда туш кўрсам агар,
Саҳар чоғи ўлиб қоламан.
Сўнг ўзимни тобутдан аранг,
Тонгга ўраб тортиб оламан.

Тушларимда от сураман, от,
Зулфиқорни тутиб қўлимда.
Уйқу босган дунёни ҳайҳот,
Туш кўраман ҳатто ўнгимда.

Истанбул, 1994 йил.

***

ХИЁНАТНИНГ ЯРАСИ

Ёмғир ёғар ғўр майсани ўйнатиб,
Кўкда чақмоқ қўшиқ авжини айтар,
Қирғоқларнинг қўш лабини қонатиб,
Сел келади пойқадами хавф, хатар,
Сел ювса-да унар майса сараси,
Фақат…
Фақат, битмас хиёнатнинг яраси.

Ўрмон кенгиш яхшиси бор, ёмони,
Шер измини бериб кетди тулкига.
Дунё айқаш-қайда рости, ёлғони,
Ҳайвонгоҳда султон сабаб кулгига,
Шер қайтса гар қайтар ўтли наъраси,
Фақат…
Фақат, битмас хиёнатнинг яраси.

Юртда шодлик Наврўзойнинг тўйидир,
Ел келинчак сочларини ўради,
Бир йигит бор, йигит боши қуйидир,
Юрагига севги санчиғ уради.
Вақт қилич, оламларнинг арраси,
Фақат…
Фақат, битмас хиёнатнинг яраси.

Дўст саноқиз, дардкашини изларман,
Ишонганим ишонтириб сотади,
Ватан дардин сарҳадида бўзларман,
Ёғий эмас, дўстим пойлаб отади.
Ўқ юлса гар ёдгорликка қараси,
Фақат…
Фақат, битмас хиёнатнинг яраси.

Баку, 1993 йил.

***

НОМОЗ БОТИР га

Она ўлса бепарводир одамлар,
Ота ўлса бепарводир одамлар,
Бола ўлса бепарводир одамлар,
Ажал ҳалқасида юртим-нодирим,
Қаердасан, Номозгинам, ботирим?!

Зарафшоннинг бағри қора майхундир,
Оролидан айро тушган Жайхундир,
Қорақумда сарсон-сароб Сайхундир,
Ичган сувим заҳар- заққум, қотилим,
Қаердасан, Номозгинам, ботирим?!

Ўғлонларим оти бору ори йўқ,
Карвонларим юки бору нори йўқ,
Ҳофизларим куйи бору тори йўқ,
Зулфиқорим дами ўтмас-қодирим,
Қаердасан, Номозгинам, ботирим?!

Бўзқурт увлар Боботоғнинг ғорида,
Шаъним куйди Туркистонинг зорида,
Бошим ҳамон Оқ пошшонинг дорида,
Олов ичра ёнар Ватан чодирим,
Қаердасан, Номозгинам, ботирим?!

Тошкент, 1993 йил.

***

МАНИМ ВАТАНИМ

Бир ғамим бор минг одамга оғирдир,
Минг одам бор битта ғамга боғирдир,
Бир Ватан бор елкалари яғирдир,
Бир Ватан бор ватанида сағирдир,
Бу маним ғамим.

Бир азоб бор садоқатда ягона,
Бу азобдан минглар қочар ҳар ёна,
Бир Ватан бор азоб чекар мардона,
Бир Ватан бор Ватанида бегона-
Менинг азобим.

Бир савол бор юрак ҳаттида ётар,
Бу саволдан минглар хаёлга ботар,
Бир Ватан бор савол бўйнидан тутар,
Бир Ватан бор Ватанида қон ютар-
Маним саволим.

Бир Ватан бор абадиятга мерос,
Вужудида зулм мулкига қасос.
Бир Ватан бор ноласига қулоқ ос,
Бир Ватан бор Ватанида қайғу, ёс,
Маним Ватаним.

Истанбул, 1994 йил.

***

ЁЛҒИЗЛИК

Пешонамда толеъ дафтари,
Варақлайман, кўзим кўрмайди.
Учиб кетган орзу кафтари,
Нигоҳимни дорга ўрайди.

Сайроқи қуш дилнавосида,
Юрагимнинг саси илинган.
Субҳи косиб тонг навосида,
Қорачиғим бағри тилинган.

Хаёлимнинг муаттар гулин,
Капалаклар четлаб ўтади.
Умр деган бир қарич йўлим,
Ғам- ғуссалар ямлаб ютади.

Яширади дунё рафторин,
Ёлғизликни келаман бошлаб.
Пешонамнинг ажин дафтарин,
Толеъ шунда кетади ташлаб.

Баку, 1993 йил.

***

ВАТАН МАНСИЗ…

Сароб сув нигоҳида мунг жовдирар,
Кўзлари ёлғонга тўлган боладай.
Соғинч ташнасини кўз ёш қондирар,
Лабим тилим-тилим, тароқ лоладай,
Саҳрода саргардон кезаман сансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Майса япроғида шабнам ясариғ,
Бераҳим офутоб ханжар санчади.
Эркимни истадим чумоли янглиғ,
Ёлғизлик оёғи кўксим янчади.
Руҳим озод фақат-вужудсиз, тансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Қайрағоч жонига тортилса арра,
Қай тараф шохлари, қай тараф кунда.
Хирмон чош, донман бир орзукаш зарра,
Тегирмон тоши йўқ бу даҳри дунда.
Хаёл гужум асли, асли тикансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Юртим кўҳна қалъа бойўғлиси шоҳ,
Ҳаромхўр қузғуннинг омади олчин.
Ўзбекнинг ўзлиги бўғзимдаги оҳ,
Элфуруш қаҳрамон, Эрйигит “сотқин!”.
Токай бегонаман, дарбадар, шансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Азоб бош кўтарди маргидир айроқ,
Бу дунё банавбат, айрилиқ навбат.
Юрак пардасидан кўтариб байроқ,
Озод Туркистонга келаман албат.
Йўлдан қайтсам магар, кўминг кафансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Баку, 1993 йил.

***

ҚАЛБИМ…

Қалбим- дара
Гувиллаган садо келар бир ёндан,
Қалбим-яра
Оғринади зардоблару гирёндан.

Қалбим-озод
Атрофимда панжаралар-бандиман.
Қалбим-фарёд
Овозини ютган элнинг дардиман.

Қалбим-қилич
Занглаб ётар Амир Темур қинида.
Қалбим нотинч-
Қанотлари қайрилган қуш-инида.

Қалбим уммон
Оқиб ётар Шаҳриёрнинг шеърлари,
Қалбим ўрмон
Кезар эркнинг моматалоқ шерлари.

Қалбим бу Ман-
Шоҳ ҳукмила отилган-отилмаган.
Қалбим Ватан-
Қайта-қайта сотилган…
Сотилмаган!

Баку, 1993 йил.

***

ЎЗБЕКИСТОНДА

Тасодиф машъали- юксалди байроқ,
Ҳилоли Византдан, юлдузлари сир.
Талаб талвасаси-мадҳия сайроқ,
Оломон мулкида занжирсиз асир.
Мустақил байроқ йўқ “мустақил” хонда,
Ўзбекистонда.

Кимлар нутқ ёздилар, ким ўқиб берди,
Сўзнинг зулфи зари мосланди унга.
Овозлар ўчдию сукут гул терди,
Жимжитлик хос эрур ахир бу тунга.
Қўрқув-шайтон лайн ҳукмрон жонда,
Ўзбекистонда.

Қулнинг тегирмони сувсиз айланди,
Ақли ўроқларнинг боши ўроқда.
Сайловда шер эмас, тулки сайланди,
Ватан севганларнинг умри сўроқда.
Аҳволинг англамас биров бу онда,
Ўзбекистонда.

Уйда дардинг айтсанг, девор ёзади,
Бир томчи тўкилса қоғоз бўялар.
Зиндонда эр йигит ёниб, тўзади,
Дўстинга сим қоқсанг бўҳтон жўялар.
Ҳатто айғоқчи бор гунг телефонда,
Ўзбекистонда.

Юртбоши миллати иллат аслида,
Миллат заковати қорнига кўчган.
Дунё фотиҳлари ўтган наслида,
Бугун хотирадан ҳаммаси ўчган.
Ҳаёт-нон, қувонч-нон, озодлик нонда,
Ўзбекистонда.

Тошкент,1992 йил.

***

БЎЙНИМГА ОСИЛГАН СОҒИНҒЧ

Қишлоғимнинг тупроқ кўчасин
Ташлаб
Кетдим-асфалт йўлларга.
Юрагимнинг титроқ гўшасин,
Бошлаб,
Кетдим-сароб чўлларга.

Онам тандир ёнида ўзин
Ёқар
Орзулардан узоқда.
Отам қабр тошидан маҳзун
Боқар
Нигоҳлари тузоқда.

Югурардим тоғу- қирлардан
Ошиб
Булутлар оёғим остида.
Бугун кўзим йироқ нурлардан
Тошиб
Томчилар оқади ёстиқдан.

Дум-дароз, зим-зиё тунлар,
Саҳарда
Уйғониб кетаман нотинч
Қишлоқда кечган у кунлар
Шаҳарда
Бўйнимга осилган соғинч.

Истанбул, 1996 йил.

***

ЁДГОР ОБИДга

Зарафшон, сени севдиму
Қорақумда қум бўлмадим.
Жайхуним умид дедиму
Орол янглиғ гум бўлмадим.

Сайхун ортидан қувдиму,
Соҳилда тош мунг бўлмадим,
Сароб сувда юз ювдиму
Халқим каби гунг бўлмадим.

Истанбул, 1997 йил.

***

ЗИНДОНА СОЛДИНГ-А…

Шоҳ Алибек сўрмас кимнинг ўғлиман,
Ёнда ёрим, амирманми, ўғриман.
Аллоҳума ансур вожиб тўғриман,
Зиндона солдинг-а Амир Темурни.

Туркон хотин сочлари тароқ излар,
Қурт-қумурсқа гирдида каниз қизлар.
Зах жаложин вужудини бигизлар,
Зиндона солдинг-а Амир Темурни.

Эллик кун-ки, эллик йилнинг имдоди,
Унсиз зулмат ёруғ куннинг фарёди,
Юрагимда Турон заминнинг доди,
Зиндона солдинг-а Амир Темурни.

Кўкдаги ой қилич бўлгин қўлима,
Ҳазрати Нўҳ қалқонимсан ўлима,
Турк Ясафнинг йўлини бер йўлима,
Зиндона солдинг-а Амир Темурни.

Аллоҳ, синаб кўрдинг етар, бас энди,
Ноҳақликка умрим мани қасд энди,
Мушкулимни айла ўзинг паст энди,
Зиндона солдинг-а Амир Темурни.

Қутб жонин ўғирлаган Шаҳлондир,
Сиғинганим шайтон эмас, Раҳмондир,
Мусибатга нечун қалбим тахмондир,
Зиндона солдинг-а Амир Темурни.

Эҳ, Алибек зиндонингни бузарман,
Икромият билмас бошинг узарман,
Бил, барибир Турон юртни тузарман,
Зиндона солдинг-а Амир Темурни?!

Ашгабат, 1993 йил.

***

…САНИ ДЎСТЛAР СОТДИЛАР

Қирқ саккиз кун чор девор сирдош сана,
Қирқ саккиз кун вассалар гўр тош сана,
Қирқ саккиз кун гул шароб кўз ёш сана,
Амир Темур, сани дўстлар сотдилар.

Сабр тариқ андин сулук айладинг,
Ҳусайнни қавмим дединг, райладинг,
Дуч келганга қучоқ очиб, найладинг,
Амир Темур, сани дўстлар сотдилар.

“Ўлдиринг!” деб ёрлиқ битилди уч бор,
Азроил ҳам айланади хуш рафтор,
“Бек йўғинда сиз бек!” деганлар афгор,
Амир Темур, сани дўстлар сотдилар.

Осмон камон тақдир ёйдир фаслида,
Парвардигор камончидир аслида,
Хоинлик бор одамзотнинг наслида,
Амир Темур, сани дўстлар сотдилар.

Ёстиқ-кунда, бошинг хатарда бугун,
Уйқу-жаллод келар ётарда бугун,
Тахт жилови дўстин сотарда бугун,
Амир Темур, сани дўстлар сотдилар.

Ашгабат, 1993 йил.

***

ЖАҲОНГАШТАЛИК НЕ?

Машриқдан Мағрибга қисмат қувлади,
Тоғларда йиқилиб қолди Қуёшим.
Йўлимда бўзқуртлар ҳориб, увлади,
Айлана ирмоқдек оқди кўз ёшим.
Дунёни арқонга тортгил, ўрагил,
Жаҳонгашталик не, мендан сўрагил!

Қабарган оёғим тошни парчалар,
саҳродан қутулсам, бошланар ўрмон.
Умид япроғини ювар арчалар,
Қаршимда аждаҳо, қаршимда уммон.
Дунёни арқонга тортгил, ўрагил,
Жаҳонгашталик не, мендан сўрагил!

Юрган дарёмиш, юрмаган армон,
Денгизга айландим сарсон юрмоқдан.
На ҳузур ҳаловат, на роҳат дармон,
Саҳарни бездирдим саҳар турмоқдан.
Дунёни арқонга тортгил, ўрагил,
Жаҳонгашталик не, мендан сўрагил!

Қушлар учиб етолмаган Чамбил эл,
Қўҳиқофнинг пойгоҳида қўл силтар,
Елкасига миндирганча дул-дул, дев.
Билмам мени яна қайларга элтар.
Дунёни арқонга тортгил, ўрагил,
Жаҳонгашталик не, мендан сўрагил!

Орегон, 1998 йил.

***

ЁМОН

Нега кулолмайсан, суюкли юртим,
Кўксингни вулқонлар ёқарми
Ҳамон?
Нега қаддинг эгик Алпомиш бўрким,
Елкангни алдовлар босарми,
Ёмон?

Ёмон, ёлғонларга айланса япроқ,
Ёмон
Адолатга ҳеч қонолмасанг.
Юрагингда зилзила, титроқ,
Ёмон
Мудрайверсанг, уйғонолмасанг!

Вашингтон,2001 йил.

***

ЮРТИМ

Сен ахир, асрлар жангоҳларида,
Оташу олимга, балогардонсан.
Сен ахир тарихнинг санггоҳларида,
Ҳаётга йўл олган улуғ карвонсан.
Қирғоқлар емирилиб суви тошгунча,
Кўзларингни оч, юртим,
Миллатнинг бардоши тошни ошгунча,
Нафратингдан қоч юртим.

Вашинтон, 1999 йил.

***

МЕНИНГ ХАЁЛИМ СЕНДА

Чучмомо дардини айтади
Онамга,
Оймомо довдираб қайтади
Хонамга,
Менинг хаёлим сенда.

Оёғим остида йиғлайди
Мунис қор,
Қоялар устида увлайди
Бўзқурт зор,
Менинг хаёлим сенда.

Деворнинг қўллари бўйнимда
Воҳ, илон,
Гўзалим ухлайди
Қўйнимда,
Хўп нолон,
Менинг хаёлим сенда.

Умримиз занжирбанд тузоқда
Хор зотан,
Сен эса кўкдан-да узоқда
Ёр, Ватан,
Менинг хаёлим сенда.

Виржиния, 1998 йил.

***

ОҒОЧ У…

Ватан…
Байроғини байроқ қилган
Қирмизи қондир.
Тупроғини Ватан қилган
Берилган жондир.
Жон бергувчи топилмаса
Ватан Ватан эмасдур.
Тупроқ учун жон бермаса,
Оғоч у-
У, тан эмасдур!

Истанбул, 1995 йил.

***

ВАТАН, ВАТАН, ВАТАН!

Йўл айрилиқ умид висоли,
Чўл саробнинг кўзи- жилоли,
Эл Хуршиддир, унинг Ҳилоли-
Ватан, Ватан, Ватан!

Тўлқин келиб урилган қирғоқ,
Шамол севиб топинган япроқ,
Киндик қоним тўкилган тупроқ,
Ватан, Ватан, Ватан!

Сув сойланиб оқар макони,
От айланиб топар арқони,
Дил бойланиб қолар аркони,
Ватан, Ватан, Ватан!

Истанбул, 1995 йил.

***

ЎЗБЕКНИНГ ҚОЗОНИ

Эрмитажда кўзларимни боғлаган,
Ўз билмаган ўзларимни боғлаган,
Амриқода сўзларимни боғлаган,
Ўзбекнинг қозони.

Оқ мойи не зиғирни ҳам доғлаган,
Муҳожир шоҳ Бобурни ҳам доғлаган,
Юрт танимас зоҳирни ҳам доғлаган,
Ўзбекнинг қозони.

Асрлардир оши тўла қайнаган,
Қўй сўйилса, боши тўла қайнаган,
Ночор кунда тоши тўла қайнаган.
Ўзбекнинг қозони.

Машриқда-ми, Мағрибда ҳам қайнасин,
Тўй-маърака, шарифда ҳам қайнасин,
Нони ярим, ғарибда ҳам қайнасин,
Ўзбекнинг қозони.

Виржиния, 1998 йил.

***

ҒУРБАТДА…

Армонлари тоғ эди,
Тоғлар лаб тишлаб қолди.
Чекканлари доғ эди,
Доғлар куз, қишлаб қолди.

Бир ҳовуч нам тупроққа.
Етолмади кўзлари.
Айрилиғу титроққа,
Қоришди ўт сўзлари.

Олисда унут улар,
Ватанда йўқ ерлари.
Юртнинг ўзлиги қулар,
Ғурбатда гар гар эрлари.

Вашингтон, 2000 йил.

ВАСИЯТ

Бир пайтларнинг мужоҳиди-бугун Истанбулдаги ўзбеклар таккасида мангу уйқусини олаётган Усмонхўжанинг ўғлига васияти:

Мен Ватанни олиб кетдим,
Юрагимга солиб кетдим,
Олисларда қолиб кетдим,
Сен қолма болам!

Ғурбат элда ғариб кездим,
Гоҳо сокин, гоҳо тездим,
Соғинч жанггоҳидан бездим,
Сен толма болам!

Истанбул дилга дур оро,
Табриз ҳам холи нигоро,
Устун Самарқанд, Бухоро,
Сен бўлма, болам!

Ол руҳимдин фарёдимни,
Даъводаги зурёдимни,
Туркистонга ёй додимни,
Сен сўлма, болам!

Дунё малак, чаккасида,
Турон замин Маккасида,
Беватанлар таккасида,
Сен ўлма болам!

Истанбул, 1995 йил.

САМАРҚАНДНИ СОҒИНИБ

Зулфи кокил Зарафшон,
Юзлaрингни силайди.
Бошин эгган минорлар
Елдан дуо тилайди.

Кошиндор зар кўзларинг,
Севгимдан чарақлайди,
Қуббалари Қуёшни
Ёндириб ярақлайди.

Жилмаяр Регистоним,
Шердорга боққанича,
Улуғбек соқчи гўё,
Қўлда шам ёққанича.

Ҳайрони расадхона
Кўкка нарвонин қўйди,
Эрк деган султонини
Қурбон қилиб эл сўйди.

Айрилиқ ханжаридан
Қалби пора-пораман,
Тиллакори қошига
Бўзлаб-бўзлаб бораман.

Дардларимга шерикдир
Ҳурлиқо Бибихоним,
Сиёб дастурхонида
Қирмизи шароб қоним.

Боғи майдон тарафдан
Қирқ қизнинг саси келар,
Афросиёб йилдирим,
Турон заминда елар.

Оби Раҳмат, Қорасув
Тун кўксидаги кундуз,
Дарғом соҳилларида
Чайла қуради юлдуз.

Чўпон ота таёғин,
Ташламайди қўлидан,
Туркистоннинг карвони
Қайтмасин деб йўлидан.

Боғишамолдан кечар,
Хаёл отли тулпорим,
Пулимурғобда ётар
Чанг босганча дуторим.

Шоҳизинда зиналарин,
Санайвериб адашдим,
Руҳобод руҳларини,
Синайвериб адашдим.

Боғи Эрам, Боғи чинор
Боғи дилкушо қайда?
Боғи биҳишт, Боғи равон
Боғи мулкишо қайда?

Саволларим саргардон
Девори кўндалангда.
Каварзордан ўтаман
Ўтган каби Салангдан.

Оби сужда ювилган
Қилич Ишратхонада,
Санграсон ғорларининг
Ситами тул онада.

Ошиқонда сўфилар
Дари занжирга интиқ,
Пойқобоқ дарвозабон
Кўксимга тирар милтиқ.

Коризонга бош урдим
Миёнқул фарёдидан,
Кўҳакғор нураб кетди.
Чаҳордаҳўм додидан.

Мадрасаи сафедда,
Оппоқ рўмолли қизлар,
Нодир девонбегида
Қаландару қундузлар.

Работхўжа саждада,
Нуротадан нур эмар,
Давлатобод давлати
Жўшга боғланган камар.

Намозгоҳ пештоқида,
Оҳаликни оҳ, ёқар,
Қора дарё хун бўлди,
Мотрид Даҳбедга оқар.

Конигилда тўй экан
Жомбой жомини отди.
Жаҳонгири кетганда
Ғаму- ғуссага ботди.

Қўчқор ариқ, тор ариқ,
Қумтепага ёр ариқ,
Сочакдан келин келди
Дийдорига зор ариқ.

Боғизағон боғлари
Ургутни асир олган,
Бобожиззах тоғлари
Ғўбдиндан айри қолган.

Панжоб панжасин урди
Кўшки жаҳонарога,
Амир мақбарасида
Сабоқ берди Дорога.

Эски равотлар унут
Янгиравот янгидир,
Йиллар силоҳли аскар
Бесамар боз жангидир.

Йўқотаман давомин
Тонг отаркан ҳушимда,
Висолингга не дариғ,
Қовушаман тушимда.

1995 йил, Истанбул.

***

БОЙМИРЗА ҲАЙИТ…

Атрофингда дўст-душман еб қўйгудек боққанда,
Хиёнатнинг ханжари юрагингни ёққанда,
Ойнинг ҳам қиличидан қирмизи қон оққанда,
Бош учингда йиғлаган Боймирза Ҳайит, ахир,
Уни Ватандан қувдинг, шўринг қурсин, эй, ғофил!

Икки дунё бир бўлиб, ўзлигинг йўқолганда,
Севган жигарларингни ёбоний ўқ олганда,
Вужудунг чўккан маҳал, ботмаган қўл қолганда,
Сени инграб уйғотган Боймирза Ҳайит, ахир,
Уни Ватандан қувдинг, шўринг қурсин, эй, ғофил!

Турон кўксида ё, Рабб, кеча кундуз жанг экан,
Туркистоннинг тарихи ойболтада занг экан,
Ўзбекистон аҳволинг ночор, мажруҳ, танг экан,
Сенга истиқолол, деган Боймирза Ҳайит, ахир,
Уни Ватандан қувдинг, шўринг қурсин, эй, ғофил!

Анталия,1993 йил.

***

МЕН САМАРҚАНД

Мен Самарқанд- Турон элда тек эмас, шошим маним,
Мен Самарқанд- Зарафшонда сув эмас, ёшим маним,
Мен Самарқанд- камалакда ёй эмас, қошим маним,
Мен Самарқанд- кўк юзида ой эмас, бошим маним.

Вашингтон, 1999 йил.

***

ВАТАН ҲАСРАТИНИ…

Чучмома чечагим қор остида,
Баҳорни соғиниб музлаб ётибди.
Машраби қўшиғим дор остида,
Халоскор қаламни кўзлаб ётибди.

Мудроқ булоқларим тош остида,
Шаклимни соғиниб юзлаб ётибди.
Бир жуфт жажжи бола қош остида,
Саҳарга сиғиниб бўзлаб ётибди.

Қақраган лабларим туз остида,
Қисир булутларни сизлаб ётибди.
Оғочраф вужудим ўз остида,
Бир парча сояни излаб ётибди.

Кулала шайтоним тил остида,
Роҳат-фароғатдан сўзлаб ётибди.
Умид жаҳонгирим дил остида,
Ватан ҳасратини тузлаб ётибди.

Истанбул, 1993 йил.

***

ҚАЙДАСАН ЭЙ, ОР!

Бошим деворга урсам,
Девор йиғлади зор-зор.
Кўзимда дард яширсам,
Киприк симлари тор-тор.

Оғоч шохини тутсам,
Хазон тўкилди сор-сор.
Қуёшдан оташ кутсам,
Сочди бошима қор-қор.

Заминга қулоқ боссам,
Карвонида ғам нор-нор.
Осмонга чироғ оссам,
Икки қўлим дор-дор.

Дунё кенгиш сардоба,
Охир мозори тор-тор.
Юрак ботди зардоба,
Шайтон бошлади ёр-ёр.

Ҳайқириғим бўғзимда,
Умрим кечар хор-хор.
Ҳали жоним ўзимда,
Қайдасан эй, ор-ор!

Баку, 1993 йил.

***

МУҚАННА ҚЎШИҒИ

Айро тушдим Ватандин,
Ватан суйганим учун.
Айро тушдим руҳ, тандин,
Ўтда куйганим учун,
Ватан суйганим учун!

Кофир, деб жар солдилар,
Севсам-да Аллоҳимни.
Кофир, деб жон олдилар,
Тингламасдан оҳимни,
Севсам-да Аллоҳимни!

Олов бўлди Ватаним,
Йўлларим айрилган кун.
Олов бўлди кафаним,
Умидим қайрилган кун,
Йўлларим айрилган кун!

Мен келаман уйингга,
Гулханинг ёниб турса.
Мен келаман тўйинга,
Ватан Ватанинг бўлса,
Гулханинг ёниб турса,
Ватан Ватаним бўлса…

Баку, 1993 йил.

***

МУРОД ЖЎРАга

Саҳар қучоғида йўқолган тушнинг,
Изларин излайди мубтало хаёл.
Жаҳл булоғида сув ичган қушнинг,
Патларин юлади саргардон шамол,
Изларин излайди мубтало хаёл.

Жаҳлини сочади Қуёш найзада,
Соянинг обрўйи ошар бемалол.
Одамлар офтобдан дилхун, дилзада,
Шаршара пойида тўкади жамол,
Соянинг обрўйи ошар бемалол.

Фозил кишиларнинг жаҳли қафасда,
Кўкрак майдонида кўкарар камол.
Бир дўстим жаҳлини илиб нафасга,
Ҳатто Тангри узра тортади савол,
Кўкрак майдонида кўкарар завол.

Ашгабат, 1993 йил.

***

ЕТТИ МАШҲАР…

Етти машҳар бир бўлиб
БИРЛИК истаганим кун.
Бўйнимга илон каби
Ўралдинг сен- Тарқоқлик.
Аросатда бўғилиб
ЭРКни қўмсаганим кун,
Елкамда шайтон -лайн
Турардинг сен -Қўрқоқлик.
Бошим урилиб тошга
АДОЛАТ излаган кун,
Қиличини чархлаган
Ё дўст эди, ё ғофил.
Хоин бу олам учун
Маломат сўзлаган кун,
Сурнай чалиб тахтида
Кўз бойларди Исрофил!

Истанбул, 1994 йил.

***

2.ЎЗБЕГИМ

***

ОНАИЗОРИМ

Пахта экиб, ҳосил куни толасидан, айрилган
Адолатинг қани деса, боласидан айрилган,
Аллоҳим, деб дод соларкан, ноласидан айрилган,
Онаизорим!

Сочларини юла-юла, мажнунтолга айланган,
Ҳақни излаб юра-юра қадди долга айланган,
Тиззасига ура-ура қўли шолга айланган,,
Онаизорим!

Ҳижрат, дея кетган эрни кутавериб тул бўлган,
Зурёдининг йўлин пойлаб остонага қул бўлган,
Айрилиқнинг тандирида ёнавериб кул бўлган,
Онаизорим!

Зулм ранги қора магар дунёсига ингандир,
Адолатнинг чиноридан умид шохи сингандир,
Йиғлайвериб кўз ёшлари, Орол каби тингандир,
Онаизорим!

Дунё оний, гадолар ҳам султонлари онийдир,
Бу кун кеcар салтанатнинг мўлтонлари онийдир,
Бошинг кўтар, ғаму ғусса арконлари онийдир,
Онаизорим!

Вашингтон, 2000 йил.

***

Ўнта бўлса ўрни бошқа
Қирқта бўлса қилиғи.
Бири тошга…
Бири ошга…
Қуримайди уруғи!
Битта бўлса кўтар-кўтар,
Нозик бодом, ташвиш, ғам,
Дерлар умринг сарсон ўтар
Туғавергин, туғ, онам!
Ҳазил десанг, майли ҳазил,
Жиддий гапим ўлмайди,
Сенга туғма, деган разил,
Фарзанд недир билмайди.
Истасанг туғ!
Истамасанг, туғмагил!
Онам, бу эрк сеники,
Ўтинчим шу:
Бешигингда бўғмагил,
Онам, бу Эл сеники!

Вашингтон, 2000 йил.

***

КЕЛАЖАГИНГ….

Туғруқхона панжасида қотилликлар бўларкан,
Ўйлайвериб юрак бағринг зардоб билан тўларкан,
Сен дод солиб дардга малҳам топмасанг,
Ўз қўлингда ўз жигаринг, келажагинг ўларкан.

Вашингтон, 2000 йил.

***

ХЎРЛАНГАН ОНАМ

Боши очиқ юрса агар,
Сочлари оқ- қорланган онам,
Ҳижобини ўраса магар,
Миршабидан зорланган онам,
Шўроларнинг мулкида,
Қулдан баттар хўрланган онам,
Энди , ўзин ҳур элида,
Тақдиридан орланган онам!

Вашингтон, 2000 йил.

***

КАМТАР…

Камтарингга камолдир, дейдилар асли,
Камтаринлик жамолдир, дейдилар асли,
Не дариғ, камтарин бўлган инсонни,
Кемириб, кемириб ейдилар асли.

Шунга қарамасдан она камтардир,
Лаблари куларкан киприк намтардир,
Онанинг дардлари дарё бўлса ҳам,
Юзида шодлигу кўнгли ғамтардир.

Вашингтон, 2000 йил.

***

ЕЛКАСИДА…

Елкасида дард тоғлари
Худди пахта карвони.
Юрагида ғам доғлари,
Синар бардош нарвони.

Саҳар чиқса даласига
Қуёш қайтар у қайтмас,
Азобларин боласига,
Ҳамма айтар у айтмас.

Вашингтон, 2000 йил.

***

ҚОРЛАР…

Қорлар тоғга эмас, бошингизга ёғди, Онам!
Дорлар ёвга эмас, болангизга боқди, Онам!
Умрингиздан яна бир йил кетаркан,
Торлар куйга эмас, нолангизга оғди, Онам!

Ўрнингиз бошимиз устида дедик,
Оёқлар остида қолдингиз, Онам!
Жаннат оёғингиз остида дедик,
Жаҳаннам бағрида ёндингиз, Онам!

Вашингтон, 2001 йил.

***

ШОҲПАРАСТ ҚУЛ

Бошингга дур ёғилар сепганида,
Оёғини ўпасан тепганида,
Изига гул экасан кетганида,
Шоҳпараст қул!

Қил суғурса юмшоқ хамир бўласан,
Иш буюрса, золим амир бўласан,
Фитна туғса, тамал-замир бўласан,
Шоҳпараст қул!

Е деса у, суягини чайнайсан,
Бир жилмайса, оловида қайнайсан,
Элни эзса, қўлида сен, карнайсан,
Шоҳпараст қул!

Тош отганда, “Тутинг нон!” деб айтасан,
Зулм қилса “Ёруғ он” деб айтасан,
Бош кесганда,”Қутлуғ қон!” деб айтасан,
Шоҳпараст қул!

Душман лозим бўлган кун душманисан,
Юртга ҳисоб бераркан, пушмонисан,
Дўпписи тор келганда, қурбонисан,
Шоҳпараст қул!

Истанбул. 1995 йил.

***

БИРЛАШМАДИ ЎЗБЕКЛАР

Ўнг кўзи чап кўзин ўйганлар,
Ватанда бир-бирин сўйганлар,
Қардошин мозорга қўйганлар,
Ғурбатда бирлашди,
Бирлашмади ўзбеклар.

Шоҳ ила гадонинг гарди бир,
Оқ билан қаронинг марди бир,
Айрилиқ дилларнинг дарди бир,
Ғурбатда бирлашди,
Бирлашмади ўзбеклар.

Вашингтон, 1999 йил.

***

Халқим ўша-оша,
Ози ҳам ўша.
Ҳалқум ўша-ўша,
Сози ҳам ўша.

Маддоҳ ўша-ўша,
Този ҳам ўша.
Золим ўша-ўша.
Қози ҳам ўша.

Вашингтон, 1999 йил.

***

БУ НЕ ХАЛҚ…

Қайда бугун Туркистонни аллалаган насмлар,
Аму дарё мавжларида қотиб қолган расмлар,
Ака-ука икки қирғоқ, ака-ука душмандир,
Аму дарё соҳилида бедор энди хасмлар.

Ат- Термизий битиклари олтину таъриф бугун,
Термизликка бегонадир Мозори Шариф бугун,
Ҳайратонда ҳайрон қолган ўзбекнинг болалари,
Гоҳо Дўстим, Гоҳо Маъсуд, гоҳида ҳариф бугун.

Қайда энди Навоий ҳам Бойқаро салтанати,
Қайда энди Мирзо Бобур, Беҳзодбекнинг санъати,
Афғон элда фиғон улар, ноафғонда афғондир,
Наҳотки бу гуноҳларга Улу Тангри лаънати.

Баҳонадир Жума Намоз, баҳонадир толиблар,
Асли сизнинг орангизга ғулғулани солиблар.
Бир онанинг болалари жангга кирса ўзаро,
Мағлуб бўлар, бўлмас асло ғолиблар.

Бу не халқ, Аллоҳи бир қабристони мингтадир,
Бу не миллат Турони бир, Туркистони тўрттадир,
Айби аниқ: дўстини ҳам душманини танимас,
Ўзига бек, ўзига хон,еру яксон – биттадир.

Вашингтон, 1999 йил.

***

ЎЗБЕГИМ
Эркин Воҳидовга

Тарихингдур бу асрда бунча пинҳон Ўзбегим,
Сенга тегди қўш-омочу пахта кетмон Ўзбегим,

Сўзласин Ленин бобою сўзласин Охун бобо,
Туркистондин айро тушиб, бўлдинг талон Ўзбегим,

Ёғий сенга қаҳрамону алпомишлар босмачи,
Шўроларнинг тарихида қонли достон Ўзбегим,

Даҳри дунда даллолликни касби-корон деб билдинг,
Олис Сибир музларида қабри Чўлпон Ўзбегим,

Олтин қўллар оти бирла оппоқ тоғлар тикладинг,
Кафан излаб етти мулкда кездинг сарсон Ўзбегим,

Мустақиллик келган замон шаҳаншоҳни сайладинг,
Сиғинганинг шайтон экан, қайда Раҳмон Ўзбегим,

Темир сенга бир жаҳону Мирзо Бобур бир жаҳон,
Лек Ельциндек тоғанг бордур, кўкси қалқон Ўзбегим,

Комфирқанинг йиртиқ тўнин ечиб зарбоф кийгиздинг,
Мақтовлардан сўнг пойига қўйдинг нарвон Ўзбегим,

Эрк йўлида эркинларинг эркларини бердилар,
Оқ саройда шоирларинг кайфу мастон Ўзбегим,

Болаларинг белларидан этак тушмайдур ҳамон,
Эгат аро оналаринг хаста карвон Ўзбегим,

Дарди тоғу нони ярим, суви заҳри қотилдир,
Ҳол сўрасанг, шукур дейди, умри шукрон Ўзбегим,

Ўзбегим, деб не учун мен дунёга жар солмайин,
Фарғонаю Паркент Ўшда кўкси вайрон Ўзбегим,

Мен ҳам ўғлингман қабул эт, савол бермоқ ҳаққимдур,
Қачон бошинг кўтаргайсан, Ўзбекистон Ўзбегим!

Баку, 1993 йил.

***

КИМСАН?

Муборакнинг эрк деган Муродини урдилар,
Нохос отилган ўққа кўкрагингни кермадинг.
Жиззахда Мелибойнинг қўлларини бурдилар,
Оламда нима гап?- деб саволингни бермадинг.

Эр йигит Самандарнинг йўлин тўсиб чиқдилар,
Ёлғонларга ишониб унга қарши тош олдинг.
Абдували Қорини зиндонларда йиқдилар,
На дод солдинг ва нада кўзларинга ёш олдинг.

Обидхон қориларни виждоним, деб юргандинг,
Виждонинг йўқолган кун байрамингдан қолмадинг,
Эврил Турон Ўзбекнинг овози, деб тургандинг,
Овозинг бўғилган кун томошадан толмадинг.

Ёдгор Обид қаерда? Бу саволдан тош қотдинг,
Юсуф Жума хоин, деб миршабларга ён босдинг,
Дўсти бўлиб кўриндинг, дўсти бўлиб тош отдинг,
Арқони ҳам ўзингдан “осий” болангни осдинг.

Аҳмаджон Мухтор ўғли юриб туриб йиқилса,
Ёнидан ўтар экан, ким эди, деб сўрмадинг.
Эмин Усмон қамоқда қийноқлардан жон берса,
Вужудида таёқнинг изларини кўрмадинг.

Санайверсам саноқнинг сандиқлари тўлмоқда,
Кимсан?
Балки, қўли қон, болакушсан аслида?
Ё, Алҳазар,
Ўз қўлида ўзининг келажаги ўлмоқда
Кимсан?
Наҳот, уйғонмас мангу тушсан аслида?

Вашингтон, 2000 йил.

***

ЎЗБЕКИСТОНДА

Тасодиф машъали- юксалди байроқ,
Ҳилоли Византдан, юлдузлари сир.
Талаб талвасаси-мадҳия сайроқ,
Оломон мулкида занжирсиз асир.
Мустақил байроқ йўқ “мустақил” хонда,
Ўзбекистонда.

Кимлар нутқ ёздилар, ким ўқиб берди,
Сўзнинг зулфи зари мосланди унга.
Овозлар ўчдию сукут гул терди,
Жимжитлик хос эрур ахир бу тунга.
Қўрқув-шайтон лайн ҳукмрон жонда,
Ўзбекистонда.

Қулнинг тегирмони сувсиз айланди,
Ақли ўроқларнинг боши ўроқда.
Сайловда шер эмас, тулки сайланди,
Ватан севганларнинг умри сўроқда.
Аҳволинг англамас биров бу онда,
Ўзбекистонда.

Уйда дардинг айтсанг, девор ёзади,
Бир томчи тўкилса қоғоз бўялар.
Зиндонда эр йигит ёниб, тўзади,
Дўстинга сим қоқсанг бўҳтон жўялар.
Ҳатто айғоқчи бор гунг телефонда,
Ўзбекистонда.

Юртбоши миллати иллат аслида,
Миллат заковати қорнига кўчган,
Дунё фотиҳлари ўтган наслида,
Бугун хотирадан ҳаммаси ўчган.
Ҳаёт-нон, қувонч-нон, озодлик нонда,
Ўзбекистонда.

Тошкент,1992 йил.

***

ИСЁНКОР СЎЗИМ БОР

Қўлимда на қилич, на қалқон,
Остимда на дулдул, на файтон,
Ортимда на аскар, на шайтон,
Исёнкор кўзим бор!

Йўлимда на йўлдош, на сирдош,
Элимда на умид, на бардош,
Шафақда на Қуёш, на бир бош,
Исёнкор ўзим бор!

Орзуга на Чўлпон, на Заҳро,
Тутарга на олтин, на қаҳро,
Курашга на майдон, на саҳро,
Исёнкор рўзим бор!

Ёдлашга на қўшиқ, на достон,
Сўйлашга на замин, на осмон,
Тинглашга на марду на мардон,
Исёнкор сўзим бор!

Истанбул, 1997 йил.

***

ЮРТБОШИ

Отлар имиллаб эшакка айланмас,
Хўтик ҳам югуриб от бўлмас бешак.
Бироқ шаҳаншоҳга бу шарт саналмас,
Гоҳида отдир у гоҳида эшак.

Ой ёнсин лек қуёш олдида зарра,
Юлдузлар чиққанда уялар Хуршид.
Аммо тентак шоҳга бу эмас марра,
Истаса Тангри у истаса муршид.

Адирлар товонда тоғ эса юксак,
Бунинг фарқидадир ҳатто кўр-сўқир.
Лекин подишоҳга булар … не десак?!
Баъзида ўнқир-у базида чўнқир.

Зилзила ортидан эргашган гулдур,
Ким учун чақмоғу кимга сўнг паймон.
Бизнинг юртбошига бу ҳам бир пулдир,
Чунки ўзи девдир, ўзи Сулаймон.

Истанбул, 1997 йил.

***

ҚИЛИЧ

Оташга отдилар чатнади бағрим,
Бағримдан юлдузлар кўкка сачради.
Обдонга отдилар қайнади қаҳрим,
Қаҳримдан бу олам нурдан ажради.

Бошимни эздилар темир кундада,
Кундада заминнинг юзи қорайди.
Сўнг қинга солдилар, қиндада,
Қиндада кунларнинг рўзи торайди.

Кимнингдир кўксига санчдилар ногоҳ,
Ногоҳ қонга ботдим, қонли зулфиқор.
Не қасосинг манда темирчи Аллоҳ,
Аллоҳ яна қандай жазоларинг бор?!

Истанбул, 1994 йил.

***

БЕЗДИМ

Олимин зулми сиғонидин бездим,
Косибин нола фиғонидин бездим,
Боши эгик бало остонасида,
Осифин оташ муғонидин бездим.

Оқилин умри сарсонидин бездим,
Зоҳирин афру-афсунидин бездим,
Чарху кажрафторнинг ўйини токай,
Ўйинин ҳар даму ҳар сонидин бездим.

Инсонин ёлғона ботғонидин бездим,
Дўстини дўсти сотғонидин бездим,
Ҳақ йўлида овозини бўғсалар,
Улусин ғурури ётғонидин бездим.

Юрагин кўзаи зардобидин бездим,
Тақдирин туҳмату гирдобидин бездим,
Аҳлу ишқ, аҳлу ҳақ мастки нетай,
Мансабин май-у шаробидин бездим.

Ҳар тунин гувоҳи Моҳидин бездим,
Мардумин тарки силоҳидин бездим,
Бу дунё магар жаннат десанг,
Тангрининг даргоҳидин бездим.

Баку, 1993 йил.

***

БУГУН ВАТАНДИР ЗИНДОН

Оёқларим оғрийди сайргоҳни соғиниб,
Киприкларим тўкилар қовушмаслик дардидан.
Бир ҳовуч нур киради панжарадан сиғиниб,
Зулмат тортқилаб олар бу умидни бандидан,
Бугун кул шамдир зиндон!

Осмон сувоқ девор лек юлдузлари йўқолган,
Ойнинг акси юракда қиличдай занглаб ётар.
Қуёш парда туйнукдир қўлларини оқ олган,
Кўнгил мулкида чиқиб, кўнгил мулкида ботар,
Бугун кул тандир зиндон!

Мор девор дарахтларнинг ўрнин босмоқ истайди,
Шохларида тош қушлар учмоққа шайланади.
Майсалар қовжираган… тиканлари тилсайди,
Оёқдан оққан қоним шафаққа айланарди,
Бугун гулшандир зиндон!

Олисдаги ёримнинг фиғони қулоғимда,
Сочларини эркалаб афғон билан сўзларман.
Деворларни сийпалаб гарангсиган чоғимда,
Туш кўриб йиғлаб турган қизалоғим изларман,
Бугун сим тандир зиндон!

Темир эшик чақмоғи орзуларни қитиқлар,
Эркнинг элчиси дея тутиламан ёлғона.
Ватан дардини ёзсам девордаги битиклар,
Исёнкор ўғиллардай отландилар майдона,
Бугун Ватандир зиндон!

Тошкент, 1993 йил.

***

БУ ДУНЁ ТУЗАЛСА…

Алдов алла бўлиб тебратар бешик,
Волида овози бўғзида қотган.
Ҳийла камол сифат очади эшик,
Падар ғаму ғусса лойига ботган.
Алдов қўшиқ экан-ҳийлакор санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.

Нокасу номарднинг ошиғи наргиз,
Фозил машоғини терар саргардон.
Ноҳақ ҳақ устида музаффар ҳаргиз,
Ҳақиқат саробдир, ҳақиқат армон.
Одил ғариб экан, ғофили санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.

Зулм манзилида парвона қуёш,
Ҳуррият йўлида шамчироқ йўқдир.
Мардум қозонгани нон ила бардош,
Дил сўзи ўзига отилган ўқдир.
Улуси қул экан, зулуми санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.

Номус-у адолат ол-берчи бозор,
Шоҳи жони чиқмай номи бақода.
Бу дунё боғида битгани озор,
Адашиб юрган биз дорулфанода.
Банда худоликни қилибди санъат,
Бу дунё тузалса менга денг лаънат.

Тошкент, 1992 йил.

***

Отаси қамалган қизалоқнинг ноласи…

Дада…
Адолатнинг ўроқлари ўтмас-ей,
Юрагимдан ғашлик сира кетмас-ей,
Арзу додим шаҳаншоҳга етмас-ей,
Дада сизни қандай қилиб асрайин?!

Дада…
Бошим кесиб кўкка шафақ айлайми?
Исёним деб, инжа белим бойлайми?
Шум хабарнинг қаро йўлин пойлайми?
Дада сизни қандай қилиб асрайин?

Вашингтон, 1999 йил.

***

БИР БОЛА ЙИҒЛАЙДИ…

Бир бола йиғлайди , зор бўлиб,
Шодликмас, соғинчга ёр бўлиб,
Кўз олди, бу дунё тор бўлиб,
Бир бола йиғлайди зор бўлиб.

Саҳрода саробни кўрганлар қанча,
Боладан аҳволин сўрганлар қанча,
Ўзини эр дея, ўзгани ер билган,
Буғдойни пишмасдан ўрганлар қанча,

Қанча бу дунёда ноҳақ инсонлар,
Уларнинг юрагин Аллоҳ тиғлайди.
Аммо тугаб борар битмас имконлар,
Бола кулмай қўйди, бола йиғлайди.

Вашингтон, 1999 йил.

***

ОСМОН УЗОҚ…

Зоғлар эмин сайраган жойда,
Булбул ўрни қафасда, э, воҳ,
Зулм қилич қайраган жойда,
Инсон умри нафасда, э, воҳ!

Осмон узоқ, қаттиқ ер,
Юм-юм йиғлайди она.
Зулм орзуларни ер,
Сим-сим йиғлайди она.

Осмон узоқ ер қаттиқ,
Дарднинг кўзаси синмас,
Бу не қилич, бу не тиғ,
Она фарёди тинмас.

Вашингтон, 1999 йил.

***
Оқ кўринган ҳар бир нарса осмонмас,
Юртни еган юртига ҳеч посбонмас,
Болам дея, кўз ёш тўкканлар айтар:
Бу дунёда Она бўлиш осонмас!

Вашингтон, 1999 йил.

***

ОБИДХОННИНГ ОНАСИ

Зулмат кўксин тила-тила чақнаган,
Аёл зотин қудратини сақлаган,
Ўзи қолиб боласини мақтаган,
Обидхоннинг онаси!

Бугун қишдир, ҳатто баҳор фаслида,
Шоҳга қуллик ҳисси йўқдир наслида,
Аллоҳидан нажот кутар аслида,
Обидхоннинг онаси.

Вашингтон, 1999 йил.

***

УЛАР ЭСА КУЛДИЛАР

Кўзларингдан оққан ёшни қилич билан силдилар,
Қулоғингга ҳалқа эмас, мотам сасин илдилар,
Юрагингдан бир томирни шиддат билан юлдилар,
Сен йиғладинг онагинам, улар эса кулдилар!

Вашингтон, 1999 йил.

***

Олимни кутади ота жонсарак,
Она нажот излаб, йўлларда ҳалак,
Бола қўшиқ эмас, марсия айтар,
Ўлим бир фалак-у, ўлим бир малак!:

“Отам сизга ўлим ҳукми не учун,
Онам сизни дардлар букди, не учун,
Оиламиз шодлигини ўғирлаган ким ахир,
Шоҳим сизга қувонч юкми, не учун?

Не учун, деб сўзлагайман токай мен,
Отам йўлин кўзлагайман токай мен,
Мардлар қани, фиғонимни эшитсин,
Соғинч билан бўзлагайман токай мен!”

Вашингтон, 1999 йил.

***

ҚЎРҚОҚ

Ўзингдан қочасан,
Орқангда баҳайбат сиртлонлар.
Кўзингни очасан,
Олдинда заҳарли илонлар.
Ўзингдан қочасан,
Сиртлонинг қўйнингда,
Илоннинг бўйнида.

Ўзингдан қочасан,
Сичқондек пилдирар юрагинг.
Туну кун чопасан,
Гурсиллаб йиқилар терагинг,
Ўзингдан қочасан,
Юрагинг арқонда,
Терагинг орқангда.

Орегон, 1998 йил.

***

СЕВГИНИНГ ҚУРБОНЛАРИ

Гул жон беради ўпич мисоли
Ёндира –ёндира фироғни.
Ўпич жон беради гул мисоли
Ёндира ёндира дудоғни.
Дунё шу, ким олар, ким қолар,
Тинмайди суронлари,
Қабрсиз мозорсиз йўқолар,
Севгининг қурбонлари.

***

ЖАҲОНГИРИ ЎЛМАСИН…

Тирноққа зор одамнинг
юраги портлар “Болам!”
Тўрт қизи бор отамнинг
армони ўғил-олам.
Остонасида кузнинг
йиғлаб келдим дунёга,
Отам тўртинчи қизин
бағишлади Аллоҳга.
Исмин қўяркан падар,
Дўсти “Таласма!” дейди-
“Оғир ном ўкинч, кадар,
Дардларга тасма”,- дейди.-
“Мозийни ёдга солай,
Темурбек қолди дилгир,
Йигирма бирни олмай,
Ерни қучди Жаҳонгир!..”
Отам қайтмас аҳдидан:
“Осмонда ой ўроғим,
Мулки Турон сатҳида
Сўраб олган сўроғим,
Йигирма бир ёшида
Темур ўғлидек бўлса,
Розиман Раб қошида
Отдан йиқилиб ўлса!”
Вақт кечди жонсарак
ўттиздан ошди ёшим.
Дунё ҳалак, мен ҳалак
кечиб борар қуёшим.
Йигирма бир ёшимда
нетай-ки ўлолмадим.
Амир Темур қошида
Жаҳонгир бўлолмадим.
Балки юрт ҳолин кўриб,
Тангри қаҳрга минди.
Туронга жаннат бериб,
Дўзахни кўрар энди.
Деди, тарихни ёдлаб:
“Жаҳонгири осийлар…
Бу халқ дардини қоплаб,
Елкасига осинглар.
Туронгулим сўлмасин,
Тангриси бор бошида,
Жаҳонгири ўлмасин,
Йигирма бир ёшида!”

Баку, 1993 йил.

***

АСКАР

Силкиниб
Силкиниб боради тобут
Қабр юлиб қолгач одамни.
Силкиниб
Силкиниб йиғлай олмадим,
Кўмиб келгандилар отамни.

Силкиниб
Силкиниб ўқийман хатни
Мактуб-отам,
Қўлларим тобут.
Силкиниб
Силкиниб тош бўламан
Қабрнинг устида йиғламоқ учун,
Қабрнинг устида ухламоқ учун.

Истанбул, 1994 йил.

***

ЁН!

Ловуллаб ёнасан,
Ёндирадилар,
Ёндир…
Ён!
Ўзинг исина олмайсан ўз оловингда
Мудраб қоласан,
Музлаб қоласан,
Қола…
Қол!

Истанбул, 1994 йил.

***

ҲАФТА

Душанба-
Caхарда шаклимни яширган шабнам,
Япроқ алласини тинглаб ухлайди.

Сешанба-
Шамол этагига илинган қадам,
Ер қолиб Хуршиду Моҳни йўқлайди.

Чоршанба-
Пули сирот-ҳақиқатнинг сафтари,
Ғиротнинг ёлига илинган бола.

Пайшанба-
Тангри чўт қоқади, ҳисоб дафтари
Варақлари оппоқ, хатлари ола.

Жума-
Умр осмонига ёйилган шафақ
Қорачиғ рангини бўяган алам.

Шанба-
Эшигимни ногоҳ очиб келган ҳақ,
Қўлида қилич ё нуқтабон қалам.

Якшанба-
Қисмат чопқиллаган дам олиш куни-
Оқшомда шаклимни йўқотган шабнам.

Ашгабат, 1993 йил.

***

Осмонга айландим,
Бағримни ёндирди Қуёш,
Уммонга айландим,
Кўксимни тўлдирди кўз ёш,
Заминга айландим,
Кафтимда қабрлар зил тош,
Инсонга айландим…
Чеврамда одамлар бе бош!

***

Осмон бўлолмадим,
Бағримни ёндирди Қуёшим.
Уммон бўлолмадим,
Кўксимни тўлдирди кўз ёшим.
Замин бўлолмадим,
Кафтимдан тушмади зил тошим.
Одам бўлолмадим,
Елкамда бор эди ўз бошим!

Истанбул, 1994 йил.

***

Кўнгил душман олиб қочар орзу бола- тойчоқни,
Югураман орқасидан асфалт йўлни чангитиб.
Бир аждаҳо пайдо бўлар кўтарганича тоғни,
Босиб келар майсаларни, сокин ерни чангитиб,
Уйқу ипи узилар.

Кўнгил душман тут остига бўғжамани солади,
Силкитаман шохларини дупур-дупур кўпкари,
Малаксиймо илон нохос қучоғига олади,
Йиқиламиз бўғжама йўқ, замин йўқ, бўшлиқ сари,
Уйқу ипи узилар.

Кўнгил душман хазонрезги чорбоғларга етаклар,
Кўзларимга ранг тортади япроқнинг мўйқалами.
Хазонрезги орасидан чиқиб келар эртаклар,
Синдаобод камонида Гурдафарид олами,
Уйқу ипи узилар.

Кўнгил душман олисдаги музтепага бошлайди,
Оёғимни тилар яхнинг игнабодом пўчоғи.
Аҳволимдан сумалаклар дудоғини ёшлайди,
Сўнг бошимга санчилади тиғи олмос пичоғи,
Уйқу ипи узилар.

Истанбул, 1994 йил.

***

ЙЎҚОЛГАН КУНЛАР

Қуёш аравасин чархи айланмас,
Ўрлар тутунлар.
Оқшомнинг қўлига бойланмас,
Йўқолган кунлар.

Замин дул-дул отин йўқдир наҳали,
Йўлда нигунлар.
Шапалакка ҳавасманд ой маҳали,
Йўқолган кунлар.

Саноқсиз юлдузлар жилмаяр аста,
Умри тугунлар.
Бурчакда букчайиб ўтирар хаста,
Йўқолган кунлар.

Саҳар сабо этагига ёпишар,
Бағрини хунлар.
Қабрга қайтмоққа ошиқар, шоҳсар,
Йўқолган кунлар.

Баку, 1993 йил.

***

ДАДА

Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Етимликнинг ситамидан чекиниб.
Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Уқубатнинг лашкаридан ўкиниб.
Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Сиз ўтқазган дарахтга сув бергали.
Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Мушфиқ онам дардларини олгали.
Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Ҳақсизликнинг жўяларини бузиб.
Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Курашимнинг тикан симларин узиб.
Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Умид йиртар одамлардан қочгали.
Дада,
Болаликка қайтмоқ истайман,
Бу дунёга кўзни қайта очгали.

Истанбул, 1994 йил.

***

Муҳожир беканинг ноласи

Кўзларимда ёш қотиб қолди,
Қаердасиз, моҳ, онажоним,
Кўксимда ғам, тош қотиб қолди,
Қаердасиз, оҳ, отажоним?

Нечун қувлар ортимдан нолам,
Нечун қувлар ортимдан алам,
Нечун синар қўлимда қалам,
Қаердасиз мададкор онам?

Қуёш ботар тўкилар мотам,
Дунё сочим бўлди бир тутам,
Роҳат кунлар истайман мен ҳам,
Қаердасиз интизор отам?

Тоқат битар топилмас малҳам,
Тилим лолдир, кўнгилда алҳам,
Қачон келар мен кутган у дам,
Қаердасиз меҳрибон отам?
Қаердасиз соябон онам?

Истанбул, 1996 йил.

***

УМИД

Саррин сабодек кирасан кўнглимга
Бўрон янглиғ чиқиб кетасан-
Тоғларимни йиқиб кетасан.

Юмшоқ қор бўлиб ёғасан бошимга,
Бағримни музлатиб кетасан
Ёзимни кузлатиб кетасан.

Осилиб келасан тонг этагига
Кўзларимни ўйиб кетасан-
Кунларимни сўйиб кетасан.

Гул каби ёқасан дудоқларимни
Боғимни сўлдириб кетасан-
Ва мени ўлдириб кетасан.

Истанбул, 1997 йил.

***

ҚАБРЛАР

Бош учимда дафтар турганда
Илҳом келмайди.
Атрофимда илҳом юрганда
Қўл остида дафтар бўлмайди.

Шу зайл қанча шеърлар
Ўлиб кетди болалигида.
Дўппайиб-дўппайиб қолди тошсиз қабрчалар
Сўлган гул мисоли лолалигида.

Бу азоб бир ҳечдир
Адирлар кўкарди абру найсонимда.
Қанча-қанча тошли ва тошсиз
Қабрларни кўтариб юрибман
Қизғалдоқли қабристонимда.

Истанбул, 1997 йил.

***

УХЛАБ ҚОЛАМАН

Йўлдан адашаман,
Адашмоқ учун.
Ўзимни қайтадан
Топмоқ истайман.

Майдон қидираман,
Савашмоқ учун,
Ўзимни синовга
Отмоқ истайман.

Чопаман йўлларда
Йўл солмоқ учун
Оёғим боғланиб
Тўхтаб қоламан.

Бедорман уйқудан
Ўч олмоқ учун-
Уйқу панжасида
Ухлаб қоламан.

Истанбул, 1995 йил.
***

СЕН ЭСА…

Дарахтлар ухлайди,
Сокинлик қўйнида.
Сочларин тарайди,
Юлдузнинг қўллари
Дарахтлар- юлдузнинг байроғи!

Қуёшнинг қиличи
Келганда бўйнига
Дарахтлар уйғонар
Кундузнинг қўйнида,
Дарахтлар кундузнинг байроғи!

Денгиз ҳам ухлайди
Уммонга ошуфта
Бешигин тебратар
Тўлқиннинг ялласи
Денгизлар рўёнинг чироғи!

Шамол торларини
Чертса оҳиста
Денгиз ҳам уйғонар
Дунёнинг алласи-
Денгизлар дунёнинг чироғи!

Сен эса…
На байроқ
На чироқ,
Ва нада
Уйғониш нелигин билмайсан!

Истанбул, 1995 йил.

***

ТАРК ЭТМОҚ…

Тарк этмоқ истайман,
Жодугар оташни,
Вужудим жизғанак этмасми?
Тарк этмоқ истайман
Самарсиз савашни
Бу жанггоҳ йўқ бўлиб кетмасми?

Тарк этмоқ истайман
Ёлғончи рўёни
Мудом қувиб юрар орқамдан.

Тарк этмоқ истайман
Беиймон дунёни
Қўлини тортмайди ёқамдан!

Истанбул, 1995 йил.

***

ИБРАТ

Соғинч чангалида нолийсан,
Сим-сим эрий бошлар ҳолсиз юрагинг.
Ажаб бу фоний дунёда фонийсан,
Баъзан ўзингга ҳам йўқдир керагинг.

Айрилиқ илондир аёвсиз бўғар,
Жонинг ҳам бу дамда сенга бегона.
Ким демиш ҳар замон кўкда кун туғар,
Куннинг-да кўксида олов парвона.

Ёлғизлик ажириқ ўтидек ёвуз,
Вужудинг чирмайди, хазон этади.
Ким ёлғиз эмаски, Тангри ҳам ёлғиз,
Ибратни ундан ол, Сенга етади.

Истанбул, 1996 йил.

***

Шеърнинг миллати йўқ
Ўзи бир миллат.
Ватани ҳам йўқ унинг,
Ўзи бир элат-
Кўнгилнинг ноласи.
Шеърнинг момоси йўқ,
Ўзи доядир.
Шеърнинг асрори у-
Ўлмас қоядир.

3.ТУРОНИМ

ТУРОНИМ

Турон олис
Тоғлар пойлар қорда босилиб.
Ният холис
Йўлга чиқдим, тонгга осилиб.

Манзил узоқ
Оёғимда занжир дарёлар.
Хаёл тузоқ
Юрагимга санчар рўёлар.

Соғинч тошдир,
Тегирмонда янчиб эзади.
Кўзим ёшдир
Уммонида ҳижрон сузади.

Саҳро даҳшат
Тикан бўлиб ичар қонимни.
Дилда Машраб
Шеърга ўраб асрар жонимни.

Ўрмон чиқар
Киприкларим етмаганидай.
Дармон йиқар,
Гўё аввал кетмаганидай.

Бекинмоқ йўқ,
Бўрон қилич каби елса ҳам,
Чекинмоқ йўқ,
Ажал ортдан қувиб келса ҳам.

Жоним Турон
Сени қучоғимга босайин.
Сўнг бу жон-
Танни дорларингга осайин!

Истанбул, 1996 йил.

***

ОТСИЗ
(Ниҳол Отсизга)

Бу дунё кимларни кўрмади?
Бири отда, бирови отсиз.
Ким ўлди кимлари ўлмади,
Бири боқий, бирови отсиз.

Қанча фотиҳ, қанча султонлар,
Мот бўлмасдан қолдилар мотсиз.
Салаф салаф кечди карвонлар,
Йилдиримсиз, Темирсиз, зотсиз.

Шафқати йўқ номарддир дунё,
Ўз йўлига солади ётсиз.
Умр кечар, мисли бир рўё,
Ким уятли, кимдир уятсиз.

Милён-милён одамдан асли,
Айри яшаш азобдир, тотсиз.
Отлилардан яшади айри,
Ва ўлмади, шу боис Отсиз!

Истанбул, 1994 йил.

***

ПОШШАМ

1996 йил 4 август куни Турк мужоҳиди Анвар Пошшанинг ўзи йўлида жон бергани Туркистондан, бугунги Тожикистоннинг туркий қавмлар яшайдиган минтақасидан қабрини бузиб, хокини Истанбулга олиб келдилар.

Сени тупроғингдан,
Мени тоғимдан,
Сени япроғингдан,
Мени боғимдан,
Айирдилар Пошшам,
Ўҳ, Анвар Пошшам!
Юрагим қон йиғлар, қон йиғлар Пошшам!

Сени қиличингдан,
Мени қаламдан,
Сени илинчингдан,
Мени қалъамдан,
Айирдилар Пошшам,
Ўҳ, Анвар Пошшам!

Юрагим қон йиғлар, қон йиғлар Пошшам!

Сени Иброҳимдан,
Мени руҳ-тандан,
Сени даргоҳингдан,
Мени Ватандан,
Айирдилар Пошшам,
Ўҳ, Анвар Пошшам!
Юрагим қон йиғлар, қон йиғлар Пошшам!

Сени қабристондан,
Мени бўстондан,
Сени Туркистондан,
Мени Турондан
Айирдилар Пошшам,
Ўҳ, Анвар Пошшам!
Бошимизда ҳануз қуш-зоғлар Пошшам,
Юрагим қон йиғлар, қон йиғлар Пошшам!

Истанбул, 1996 йил.

***

ХАСТАБОНУ

Хастабону қалъаси бу,
Хастабону қоядир.
Она Турон тўлғоғида,
Хастабону қоядир.

Қўлларим қилич каби,
Булутларни кесарди.
Йўлларим қилич каби,
Рўзгор бўлиб эсарди,
Булутларни кесарди.

Қалбимнинг бир бурчида,
Лов-лов ёнарди гулхан,
Йўқотганим топгандим,
Хастабону ҳам Ватан,
Лов-лов ёнарди гулхан.

Кўзларимга ранг эттим,
Момоларнинг изини.
Хастабонуда кўрдим,
Туркистоннинг юзини,
Момоларнинг изини.

Хастабони, 1996 йил.

***

ФИДОЙИ

Шамолнинг рангини англамоқ учун
Кўзимга денгизни кўмаман баъзан.
Тоғларнинг устидан ҳатламоқ учун,
Булутлар бағрига чўмаман баъзан,
Баъзан девонаман,
Баъзан саргардон.

Дарахтлар қалбини тингламоқ учун,
Нафас олишдан ҳам тураман баъзан.
Ёмғирига қўшилиб инграмоқ учун
Ёмғирпўш киймасдан юраман баъзан.
Баъзан девонаман,
Баъзан саргардон.
Одамлар, шу азиз ҳуррият учун,
Белимга портлатгич бойлайман баъзан.
Кўнгилда яширин бир ният учун,
Дунёнинг кўнглини доғлайман баъзан.
Баъзан девонаман,
Баъзан саргардон.

Баҳайбат танкларни тўхтатмоқ учун,
Кесагу тошларни отаман баъзан.
Дайди ўқ текканда уйғотмоқ учун,
Боламни қучоқлаб ётаман баъзан.
Баъзан девонаман,
Баъзан саргардон.

Виржиния, 2000 йил.

***

ОҚҚУШ

Оққуш кўриб қолди балиқни,
Қанотларин ёйди сатҳи уммонга.
Балиқ топганидай қодир холиқни,
Кўнглида ер йўқдир хатар, гумонга.

Дилрўб қўшиғини куйлади Оққуш,
Тўлқин қарсагидан олам тўлғонди.
Денгиз раққосаси маст эди, сархуш,
Шодлик маҳварида севги уйғонди.

Муҳаббат мулкининг ғор асирига,
Бирга яшамоқни сўзлади ошиқ.
Уммон тор, осмоннинг кенг қасрига,
Кетмоққа ризодир малика-маъшуқ.

Ошиқ олиб кетди ёрин уммондан,
Осмонда жон берди балиқ-умри туш.
Нафсининг дардида асли инсондан,
Ҳийла сабоғини олганди Оққуш.

Истанбул, 1993 йил.

***

АБУЛФАЙЗ ЭЛЧИБЕЙга

Мазлум оломон аро қуллик диёнат экан,
Ватан манимдир демоқ, ё Раб, хиёнат экан.
Халқин ўйлаган ўғлон ўз жонидин кечибдур,
Озодлик олов гўё қойим-қиёмат экан.

Карбало саҳросида Муҳаммад йиғлар ҳамон,
Амир Темур авлоди бир-бирин тиғлар ҳамон.
Бирлашганлар бирлашмас, миллатнинг матни қайда,
Оналари овора, оталар биғлар ҳамон.

Қуёшга боқсам магар кўзимни боғладилар,
Ойнинг доғи бор, десам сўзимни боғладилар.
Кишанларини ечиб улоқтирсам чор тараф,
Ўша кишанлар билан ўзимни боғладилар.
Ажални Холиқ эмас, халойиқ сайлаб келди,
Ханжарни ёғий эмас, жон дўстим қайраб келди.
Ҳуррият сўқмоғида бошим бўлак, тан бўлак,
Заҳарни илон эмас, малойик пойлаб келди.

Эрксизликда кўкарган қул боғидан тўйдим ман,
Мусулмон тарқоқ тариқ миллатимдан куйдим ман.
Бошим кесиш ўрнига боз тортдилар сунната,
Ҳақ йўлинда охири ўз-ўзимни сўйдим ман.

Баку, 1993 йил.

***

АЛ ҚАСОС…

Қорабоғда она увлар:
“Тангри нечун қўримас!”
Тушларимда кимдир қувлар,
Бу оромнинг шўримас.
Уйғон Турон, уйғон-қалқ,
Ал-қасосу минал ҳақ!

Ергуношда қизғалдоқнинг
Симиргани сувмас, қон.
Етти ёшли қизалоқнинг
Бўғзида узилди жон.
Уйғон Турон, уйғон-қалқ,
Ал-қасосу минал ҳақ!

Фузулида замин нолон,
Бобо руҳи чинқирар.
Мен ухлайман, қора илон,
Тунда қўйнима кирар.
Уйғон Турон, уйғон-қалқ,
Ал-қасосу минал ҳақ!

Уйқу ғафлат фарёдлардан,
Баҳри Ҳазар тўлғанар.
Қон оққанда дарёлардан,
Тошлар ҳатто уйғонар.
Уйғон Турон, уйғон-қалқ,
Ал-қасосу минал ҳақ!

Ўзбек отли Алпомишман,
Қирғиз қавмиман-Манас.
Қозоқ номин олмишман,
Туркман, дея солдим сас.
Уйғон Турон, уйғон-қалқ,
Ал-қасосу минал ҳақ!

Ухлайверсанг дунё ғафлат,
Ғаним сафо суради.
Турк тупроғин босар нафрат,
Сўнг Тангри ҳам уради.
Уйғон Турон, уйғон-қалқ,
Сарбадору минал ҳақ!

Баку, 1993 йил.

***

Озарбайжон онасининг фарёди

Юрагимни доғлаб кетдинг,
Кипригимни боғлаб кетдинг,
Билмам кулиб, оғлаб кетдинг,
Во жигарим, во жигарим!

Учдинг нозик япроқ бўлиб,
Отанг ётар тупроқ бўлиб,
Онанг кўкси титроқ бўлиб,
Во жигарим, во жигарим!

Қайда қайри қанотларинг,
Гўрўғлихос ғир отларинг,
Қулоғимда сас-додларинг,
Во жигарим, во жигарим!

Айрилиқ, ўҳ, ёмон-ёмон,
Тизза урдим замон-замон.
Сочим ёйдим камон-камон,
Во жигарим, во жигарим!

Юртни бермоқ гуноҳ бугун,
Шаҳид ўғлим гувоҳ бугун,
Қасос қўлда силоҳ бугун,
Во жигарим, во жигарим!

Қайғу ситам етар энди,
Сансиз қолиб нетар энди,
Онанг жангга кетар энди,
Во жигарим, во жигарим!

Баку, 1993 йил.

***

ШАКАРПОРА

Чамбил элда куй ғолиба
Дардни мағлуб айлади.
Кўрўғлибек гулизордан
Гулизарни танлади.
Шакарпора юрагида
Муҳаббати порадир,
Шакарпора, Шакарпора
Севги юзи қорадир.

Чамбил элда гулнинг ҳиди
Анқиб оламни тутди,
Кўрўғлибек масту майдон
Хўжасини унутди.
Шакарпора ойнинг қизи
Душманига борадир,
Шакарпора, Шакарпора,
Зулми сайсон сорадир.

Чамбил элда қушнинг саси
Юракларни уйғотди,
Ёғий ғафлат уйқусида
Ўзи узук йўқотди.
Шакарпора қоши камон
Камон сана чорадир.
Шакарпора, Шакарпора,
Сочи арқон дорадир.

Чамбил элда тўй бошланди
Гулизарнинг дили зар.
Кўрўғлининг дул-дул отин
Кўпкарида кўр ўзар…
Шакарпора қолди ханжар
Ханжар кўксин ёрадир.
Шакарпора, Шакарпора,
Жаннат томон борадир.

Истанбул, 1994 йил.

***

Ў, БОЛАМ…

Боболар ўтдилар талашиб тахтни,
Ханжар қонга тўйди оқча қанотдай.
Ака тилкалади ука бадбахтни,
Мозорлари айри, руҳ айри, ётдай.

Оталар кечдилар шу тахт ишқида,
Ўғилнинг бошини кундага қўйиб.
Қилич ярақлади ўлим кўшкида,
Қабрлар қолдилар айри, сўппайиб.

Биз ҳам, во ажабо, тахтнинг хастаси,
Дўстнинг орқасидан пойлаб отамиз.
Қўлларимиз ёғоч-милтиқ дастаси,
Хилхона айридир, айри ётамиз.

Авлодим чопқиллаб келмоқда ана,
Қўнжида силоҳу бомбалар тутиб.
Тахтнинг можароси бошланар яна,
Гўрков лаҳат қазар хун-шароб ютиб.

Ў, болам, бомбангни портлатиб юбор,
Гўзал тахт жаложин- бўғилсин иллат.
Муҳаммад туғилар ўшанда такрор,
Балки миллат бўлар ўшанда миллат.

Баку, 1993 йил.

***

САЛОМ ДЕНГИЗ

Салом денгиз болаликнинг сўнгсиз ариғи,
Чанг кўчада оёғимни куйдирган идо.
Салом денгиз, хаёлотнинг дўнмас қайиғи,
Орзуларни олиб қочган мафтункор видо.

Камолу мулк шоирмишсан дорулзамонда,
Жавоҳиру ҳақиқа тош ғазал ул садо.
Ҳофизларнинг даврасида тўлқин камонда,
Шовуллаган куй чаласан нодира нидо.

Тиниқ ҳуснинг кўрса Ширин, Зулайхо ғариб,
Фарҳод ғариб, Юсуф ғариб,Гўрўғли гадо.
Хуршид кечар, Барчиной ҳам кечар бўзариб,
Ўн саккиз минг ранги ёйиқ камалак адо.

Соҳил мазлум,елкасини силайсан аста,
Биз шаклини чизолмаган садоқат фидо.
Дунё бугун хоинларнинг қўлида хаста,
Ёлғиз бир сен хиёнатдан айрисан, ридо.

Салом денгиз, мен билмаган учинчи дунё,
Момо Ҳаво, Одам Ато жаннати жудо.
Балиқмидик, ферузами бағрингда зурёд,
Биздан кеcган, балки сенсан ул илкин Худо

Истанбул, 1994 йил.

***

БИЗ ЁЛҒОНЧИЛАР

Ёлғон нонга ўхшайди,
Нонсиз яшолмайди одамзот.
Ёлғон жонга ўхшайди,
Жонсиз яшолмайди одамзот.
Ёлғон қонга ўхшайди,
Қонсиз яшолмайди одамзот.
Ёлғон хонга ўхшайди,
Хонсиз яшолмайди одамзот.
Ёлғонсиз яшасак
Балки бола нонга тўярди…
Балки одам жондан тўярди…
Балки замин қонга тўярди…
Балки Ватан хонга тўярди?
Ҳар ҳолда ёлғонга қўшилиб,
эшилиб
яшаяпмиз
Ёлғон дунёда
Биз ёлғончилар.

Истанбул, 1994 йил.

***

ҚРИМ ТУРКИ

Кокилингни тарай-тарай
Қораяди Қораденгиз,
Соҳилингга қарай-қарай
Тораяди кеча-кундуз
Қрим бағринг тошмиди-ё,
Кўнглинг тўла ёшмиди-ё?!

Қояларинг куя-куя
Қаро бўлиб қолдилар.
Севганларинг суя-суя
Яро бўлиб қолдилар.
Қрим бағринг тошмиди-ё,
Денгиз сувмас- ёшмиди-ё?!

Оёғимга бошин қўйган
Тўлқин соғинч ялласи
Сенга қараб кўзин ўйган
Момо ҳасрат алласи
Қрим бағринг тошмиди-ё,
Тош кўтарган дошмиди-ё?!

Осмонингда бўзлай-бўзлай
Оққушлар қайтиб кетди
Қулоғингга сўзлай-сўзлай
Эл дардин айтиб кетди.
Қрим бағринг тошмиди-ё,
Шарт кесилган бошмиди-ё?!

Истанбул, 1996.

***

КИМЛАР…

Кимлар ўтмадилар дунёдан?
Лек…
Даъво қолди.
Нелар кечмадийкин рўёдан?
Тек…
Наво қолди.
Уфққа солланган денгиздан,
Сир…
Дарё қолди.
Умрини яшаган юлдуздан,
Бир…
Само қолди.

Қўшиққа айланган баётдан,
Хуш…
Сабо қолди.
Зардобга кўмилган ҳаётдан,
Туш…
Вабо қолди.

Истанбул, 1995 йил.

***

ИСТАНБУЛ КЕЧАЛАРИДА

Ой осмондан тушар узилиб,
Ой денгизда сузар сузилиб,
Ой фоҳиша кезар бузилиб.
Истанбул кечаларида,
Истанбул кўчаларида.

Тун шарманда ой билан ётиб,
Тун йиғлайди ғуссага ботиб,
Тун кулади қаҳқаҳа отиб,
Истанбул кечаларида,
Истанбул кўчаларида.

Тонг сочлари оқарган малак,
Тонг гуноҳни бекитган палак,
Тонг сен каби саргардон, ҳалак,
Истанбул кечаларида,
Истанбул кўчаларида.

Истанбул, 1996 йил.

***

ИСТАНБУЛ

Боши тошу тоши олтин,
Кўзларида дарди ботин,
Қиш кунлари ёлғиз хотин,
Ёз келганда сўргин отин,
Истанбулнинг.

“Тўпқопи”да минг бир жило,
“Мармара”да мармар зилол,
Қораденгиз гўё ҳилол,
Минорида жўшар Билол,
Истанбулнинг.

Фотиҳ Султон хизматида,
Ўзбек такка иззатида,
Шаҳид бошлар узлатида,
Нелар йўқки қисматида,
Истанбулнинг.

Али Қушчи юлдуз санар,
Ёз қўлида қолмиш Фенар,
Соҳилида кўшклар ёнар,
Ўз ўғли ҳам баъзан тонар,
Истанбулнинг.

Ҳар одимин оти кўйдир,
“Гежақўнди”- чайла ўйдир,
Тилло тақсанг, демак тўйдир,
Гоҳо ўзи қурбон қўйдир,
Истанбулнинг.

Мағриб Машриқ қучоғида,
Сонсиз тепа дудоғида,
Ўн беш милён ётоғида,
Ўзи куяр ўз доғида,
Истанбулнинг.

Истанбул,1996 йил.

***

ЧАНОҚҚАЛЪА

Оғочлар ёнарди
жовуллаб,
ловуллаб,
шовуллаб…
Қўллари осмонга чўзилиб,
Саслари тутундан бўғилиб,
Оғочлар ёнарди жовуллаб.
Гар инсон ёнсайди-қочарди-
Фарёди кўкларга етарди
Эллардан элларга шовуллаб.
Оғочлар
Оёғидан боғланган аскар,
Занжирбанд шер каби ёнарди
ловуллаб,
шовуллаб,
жовуллаб!

На ердан
На кўкдан ёрдам бор,
Оғочлар шаҳидларнинг ер устида
ёнган руҳлари,
Кўмир бўлиб қолган қўллари,
етимчалари….

Истанбул, 1994 йил.

***

БИЗ КИМ…

Биз ким, мулки Турон,
Мардуми Туркистонмиз.
Биз ким, қалби тўфон,
Сийми зари бўстонмиз.

Биз ким, миллат сурон
Байналминал дўстонмиз.
Биз ким, ғусса-ғурон,
Шодликлари достонмиз.

Биз ким, озод даврон,
Эрк йўлида зиндонмиз.
Биз ким, гоҳи гаврон,
Дор остида хандонмиз.

Биз ким, марду мардон,
Тўйхонада гирёнмиз.
Биз ким, абру найсон,
Карбалода ҳар ёнмиз.

Биз ким, гап тожири,
Сўз тахтида султонмиз.
Биз ким ранги сариқ,
Битиклари Ўрхонмиз.

Биз ким, мулки ёлон,
Мардуми Туркистонмиз.
Биз ким Турк-ки талон,
Амири ҳуркистонмиз.

Ашгабат, 1993 йил.

***

КИМЛАР…

Кимлар севинчидам масту мастондир,
Кимлар зиндонларда чекади озор,
Бу дунё ким учун тахти аркондир,
Ким учун умиди кўмилган мозор.

Вашингтон, 2001 йил.

***

КЎЗЛАРИНГГА КЎМ…

Кўзларингга кўм жоним,
Жаннатингда яшайин,
Кўзларимга чўм жоним,
Бу дунёни ошайин.

Сочларингга боғлаю
Тиканзорда судрагил,
Юрагимни доғлаю
Қўлларимда мудрагил.

Лаб деган моҳларингга
Осмон бўлай нигорим,
Оҳ, чексанг оҳларингга
Достон бўлай нигорим.

Дол айла оёғингда
Бошим қайроғинг бўлсин
Хол айла ёноғингда
Қоним байроғинг бўлсин.

Мен сукутни кўндириб
Сени кутдим бўроним,
Соғинчларни сўндириб,
Уйғона қол, Туроним!

Истанбул, 1995 йил.

***

КЕЛДИ НАВРЎЗ…

Келди Наврўз ўйнатиб жамалагин,
Уфқ аро ёйганча камалагин,
Юртга бериб баҳорий гул малагин,
Келди Наврўз, ўйнатиб жамалагин.

Келди Наврўз, куну тунни тенг қилиб,
Бағри торнинг юрагини кенг қилиб,
Бобо Қуёш нурларини енг қилиб,
Келди Наврўз, куну тунни тенг қилиб.

Келди Наврўз, ёлғонларни лол этиб,
Озод элнинг байроғини ол этиб,
Қаддин букмас ғаддорларни дол этиб,
Келди Наврўз, ёлғонларни лол этиб.

Вашингтон, 1999 йил.

***

ЯХШИЯМКИ…

Оғоч бўлсанг йиқилардинг
Болталарнинг зарбидан,
Ўрду эсанг безиллардинг
Ёғийларнинг ҳарбидан,
Элат бўлсанг қувилардинг
Шарқидану Ғарбидан,
Яхшиямки, сен байрамсан, Наврўзим!

Осмон бўлсанг қалдироқлар
Юлар эди қошингни,
Хирмон бўлсанг қора зоғлар
Кўмар эди чошингни,
Инсон бўлсанг туҳмат тоши
Ёрар эди бошингни,
Яхшиямки сен байрамсан, Наврўзим!

Вашингтон, 2000 йил.

***

ҚОР ОСТИДА…

Қор остида ухлаган
Замин сўлгўқда бугун,
Оғочида мудраган
Куртак тўлғоқда бугун,
Музлаб ётган ирмоқлар
Уммон чўлгўқда бугун,
Наврўз кириб келса ҳам
Қўллар боғлоқда бугун.

Майсанинг япроғидан
Шабнам сизламас бугун,
Лола гул титроғида
Баҳор музламас бугун,
Қаҳри қаттол кимсадан
Омад тизламас бугун,
Наврўз кўчама-кўча
Душман изламас бугун.

Соғинч қиличи ёмон
Тилкалар тошни бугун,
Зулм хасталик асли
Кемирар бошни бугун,
Оналари йиғласа
Ким тутар ёшни бугун,
Наврўз мўйқалам олиб
Чизмагай қошни бугун.

Сумалакни қайнатган
Қозон қорадир бугун,
Иймонларни уйғотган
Азон ародир бугун,
Миллатини суйганлар
Сарсон сародир бугун,
Наврўз ҳам менинг каби
Бағри яродир бугун.

Вашингтон, 2001 йил.

***

НАВРЎЗ МУБОРАК СИЗГА

Ҳей, оғир кин ҳам Аллоҳини ўйлаган,
Ҳей, ёлғон эмас рост сўзини сўйлаган,
Ҳей, зардоб ютиб курашини қўймаган,
Диллар
Наврўз муборак сизга!

Ҳей, мансаб учун дўст ёрини сотмаган,
Ҳей, қабоҳатнинг ботқоғига ботмаган,
Ҳей, Ватаним деб кечалари ётмаган,
Диллар
Наврўз муборак сизга!

Вашингтон, 1999 йил.

4.ИРМОҚЛАР

ШОИР

Гоҳи ўжар болага,
Бағри хуноб лолага,
Ҳеч битмаган нолага
Ўхшайди шоир.

Баъзан ёнар ўтинга,
Лаби тинмас отинга,
Туғаётган хотинга
Ўхшайди шоир.
Ўхшайди фақат…
Сен ўхшама шоирга!

Орегон, 1998 йил.

***

БИРИНЧИ…

Биринчи бўлишни даъво қилмадим,
Иккинчи, учинчи бўлишни
Сиғдира олмадим кўнгилга.
Сен ўлдинг
Мен эса ўлолмадим,
Жонимни ҳалқумда ташиб юрибман.

Орегон, 1998 йил.

***

БИР УМРГА…

Бир умрга
Минг дард битаркан.
Дард битмас
Умр битаркан.
Лек сенга
Бермам кетаркан.

Орегон, 1998 йил.

***

ЎЛИМ ҚАДАР

Уйқуни енгасан,
Душманни тор-мор этасан,
Бу бир қадар.
Лекин ўзингни енголмайсан,
Ўзинг ўзингдан кучли
Ўлим қадар.

Орегон, 1998 йил.

***

САВОБ ИШ…

Савоб иш айладим,
Шукур этмоқ учун.
Бош олиб дунёдан
Сенга кетмоқ учун.

Баъзан гуноҳ этдим,
Тавба қилмоқ учун.
Бўйинга сен тутган,
Ипни илмоқ учун.

Ўзимни кўрмадим,
Сени кўрмоқ учун.
Қотилим номини
Сендан сўрмоқ учун.

Орегон, 1998 йил.

***

РЎЁ

Оёқ сасларингда юрагим гўё,
Осилиб қолгандай гуп-гуп уради.
Уйқунинг ажали раҳмсиз рўё,
Тун бўйи устимдан тушмай юради.

Орегон, 1998 йил.

***

ҚЎШИҚ

Кўзларингда
Шовуллаган шаршара
Балогардон дарадир.
Юрагимда
Алғов-далғов ғарғара
Ўқлар изи ярадир.

Нигоҳингда
Жайир-жайир ёнғиндир,
Сендан ёдгор саҳарлар.
Дод-оҳимда
Ёнмаганлар ёнсин бир,
Тонгни кутган Заҳролар.

Истанбул, 1997 йил.

***

БЕШИГИМ

Бешигим Самарқанд,
Бошимда аллагўй Турон.
Тобутим Самарқанд,
Бошимда йиғлар Туркистон.

***

ЎЗИМ

Қидириб тополмадим ўзимни,
Тупроқ кўчкилари остидан.
Ўзим қаерда?
Қаер…
Қай…
Тупроқ бўлиб кўчди ногаҳон?
Тушим-ми?
Туш…
Ҳушим-ми?
Ҳуш…
Жавобини топсам топаман ўзимни
Ўзим…
Ўз!

Истанбул, 1994 йил.

***

ШАПАЛОҚ

Шапалоқ тарсакига айланди,
Дунёнинг қизариб кетди юзлари
Юзлар…
Юз!
Мушт зарбидан зилзилалар уйғонди,
Уйғон…
Уй!
Осмон парчаланиб кетди,
Юлдузларга, юлдузчаларга,
Юлдуз…
Юл!

Истанбул, 1994 йил.

***

ТОШ МАРД

Тош мард
Осмон азоблари остида қолиб
Айланиб кетмайди уфоққа.
Сен эса,
Сен эса номард,
Қорин ташвишлари дастидан нолиб,
Қоришиб кетасан туфроққа.

Истанбул, 1994 йил.

***

КУТИШ

Кутасан
Нонга кетган отангни кутасан
Кут-а…
Кут!
Ютасан
Қотган нонни чайнамай ютасан,
Юта …
Ют!
Кутиш дунёнинг эри,
Ютиш- ўйнаши,
Сен эса ўгай боласан.

Истанбул, 1994 йил.

***

СОЧЛАРИМ ТЎКИЛДИ

Сочларим тўкилди,
Заминга қадалди игналар.
Юрагим сўкилди
Оғриқдан момоер ингранар.

Чарчамай тепаман
Оёғим остида кўзимни.
Сўнг уруғ сепаман,
Ўриб олмоқ учун ўзимни.

Истанбул, 1994 йил.

***

КЎТАРИБ ТОБУТИМНИ

Йўлда ташлаб қочдилар,
Ўғирлаб дул отимни.
Саҳро узра сочдилар
Орзуи собитимни.
Бугун аҳли садоқат-
Элнинг кўзи уларда,
Дўстликдан сўз очдилар,
Кўтариб тобутимни.

Истанбул, 1994 йил.

***

ЗАМОН

Буюкларни
Англар хотинлари…
Буюкларни
Замон англамас.
Чунки
Замон буюкларнинг
Хотини эмас!

Истанбул, 1994 йил.

***

КЎКСИМ…

Кўксим тоғ кўринар баҳайбат,
Сел босади дараларини.
Кўнглим боғ эсада не ҳайрат,
Қушлар чўқир яраларини.

Кўзимдан нур оқсада осмон,
Ўйиб олар қараларини.
Йилларимга таянсам, замон,
Маҳв айлади сараларини.

Истанбул, 1994 йил.

***

ДОД, ДЕЯ..

Ў, қайта йиқилдинг қоядан,
Тутиб қоладиган ҳалаф йўқ.
Кўзингни излайсан соядан,
Топиб берадиган салаф йўқ.

Сени истамайди бу қоя,
Умидни узмайсан эртангдан.
Бу сафар қўлларинг дод, дея,
Узилиб кетади елкангдан.

Истанбул, 1994 йил.

***

ҚОШ..

Қош қаламга қўшилиб қаро қошинг ўйнайди,
Тош қалам азобидан аро қошинг ўйнайди,
Бармоқларинг қошингни силамоққа талпинар,
Зулфиқорнинг дастидан яро қошинг қўймайди.

Соч тароқ қучоғида қаро сочинг ўйнайди,
Оч тароқ дудоғида саро сочинг ўйнайди,
Бармоқларим сочингни тарамоққа талпинар,
Тилим-тилим минг тилим заро сочинг қўймайди.

Бармоқларим ёндирсам қаро қалам бўларди,
Панжаларим йўндирсам тароқ тарам бўларди,
Қаро қошу сочингга етиб борганим билан,
Вужудингни қуёшнинг бармоқлари силарди.

Истанбул, 1994 йил.

***

МЕН СЕНИ КУТАМАН

Мен сени кутаман,
Йўлакларда оёқ остида қолиб.
Сен мени кутасан,
Хаёл отли дор оғочга осилиб.

Мен сени кутаман,
Кечалари тош болишга лаб қўйиб.
Сен мени кутасан,
Шаршаранинг жамалагин майдалаб.

Мен сени кутаман,
Қадамларим чор деворнинг шарпаси.
Сен мени кутасан,
Нигоҳларинг деразанинг пардаси.

Мен сени кутаман,
Афғонимни асов отга миндириб.
Сен мени кутасан,
Мусиқанинг ханжарини синдириб.

Мен сени кутаман,
Айрилиқнинг арқонини тортқилаб.
Сен мени кутасан,
Тушларингда тиканзорда чопқиллаб.

Мен сени кутаман,
Кўкрагимни найзабанд санчиғ тутар.
Сен мени кутасан,
Фарёдимдан Тангри уйғониб кетар.

Баку, 1993 йил.

***

РОҲИЛАГА

Ҳилолимсан олис осмон боғида,
Қучоғимдан саҳар сани юлади.
Хуршид куяр юрагимнинг доғида,
Ойдин кунлар боз устимдан кулади.

Япроғимсан юрагимнинг шохида,
Кўкрагимдан шамол сани олади.
Бош ураман илдизимнинг оҳида,
Замин ёниб қаро бўлиб қолади.

Нажотимсан қийноқ қийнар чоғида,
Шодлик сани ўғирлайди ёнимдан.
Ёлғизликнинг булут йиртар тоғида,
Ирмоқчалар сизиб чиқар жонимдан.

Илоҳимсан сиғинаман гоҳида,
Рашкчи Тангри улоқтиради сандан.
Билар аммо, руҳимиз даргоҳида,
Қовушгали айрилади Ватандан.

Сан манимсан, ман санингман Роҳила,
Айрилиқлар тўфонида умримиз.
Ўзга бир нур туша олмас доҳила,
Ҳаммасидан ёруғ бизнинг нуримиз.

Баку, 1993 йил.

***

ЙЎҚОЛГАН КУНЛАР

Қуёш аравасин чархи айланмас,
Ўрлар тутунлар.
Оқшомнинг қўлига бойланмас,
Йўқолган кунлар.

Замин дул-дул отин йўқдир наҳали,
Йўлда нигунлар.
Шапалакка ҳавасманд ой маҳали,
Йўқолган кунлар.

Саноқсиз юлдузлар жилмаяр аста,
Умри тугунлар.
Бурчакда букчaйиб ўтирар хаста,
Йўқолган кунлар.

Саҳар сабо этагига ёпишар,
Бағрини хунлар.
Қабрга қайтмоққа ошиқар, шоҳсар,
Йўқолган кунлар.

Баку, 1993 йил.

***

ЁЗ…

Ёз ёмғири,
Кимнинг умри,
Кимнинг кўз ёши-
Лаҳзаларда қуриб қолган сой.

Кўкда шафақ,
Кимнинг қони,
Кимнинг боши-
Булутларни кунда қилган ой.

Тонгги шабнам,

Кимнинг кўзи,
Кимнинг бардоши-
Япроқларни ўраб олган ёй.

Гўзал малак,
Кимнинг ёри,
Кимнинг дард тоши-
Тобутларни йўлга солган “Вой!”

Истанбул, 1996 йил.

***

КЎЗ ЁШСИЗ КУНДА

Ёмғир ёғар майдалаб,
Майдалаб юрагимни
Хаёл қочар парчалаб,
Парчалаб тилагимни,
Қуёшсиз кунда.

Ёлғиз қолиб бўзлайман,
Бўзлайман Сени излаб.
Ўз-ўзимга сўзлайман,
Сўзлайман Сени ўзлаб,
Бардошсиз кунда.

Дунё ўрмон мен ғойиб,
Мен ғойиб кун ораси.
Осмон қолар сарғайиб,
Сарғайиб кўз қораси
Кўз ёшсиз кунда.

Истанбул, 1996 йил.

***

СЕН КЎРОЛМАЙСАН

Ирмоқлар оқади,
Юлдуз наҳрига,
Дарёлар узанган,
Осмон бағрига
Сен кўролмайсан!

Оғочнинг сочлари
Ўриб қўйилган,
Япроқлар йиғлайди,
Кўзи ўйилган,
Сен кўролмайсан!

Менинг юрагимда
Тоғлар кўмилган,
Қирмизи уммонда
Дунё чўмилган,
Сен кўролмайсан!
Истанбул, 1994 йил.

***

САСЛАР

Яланғоч бандалар навбатда,
Ҳаммомга қийиндир, албатта.

ххх

Қуёш севиб нур бағишлар Ой жонига,
Моҳтоб эса тунда қочар Ер ёнига.

ххх

Ошиқ оқшом мастдур гўшагида,
Яланғоч кун ухлар тўшагида.

ххх

Оқшом ханжарини санчди Қуёшга,
Қуёш қонга ботиб, бош қўйди тошга.

ххх

Қоронғу бостириб келади,
Нурдан қоча-қоча…

ххх

Зулмат ухлар саҳар қўйнида,
Қўллари оқшомнинг бўйнида.

ххх

Эшик ёпиқ етмайди қўлим,
Додлай десам, айланмас тилим,
Ташқарида гурунг ҳукмрон,
Деразадан бош суқар ўлим.

ххх

Дақиқалар аскар мисоли
Қиличини яланғочлаган
Шаҳид тушар орқама-орқа…

ххх

Осмондан тош ёғилди,
Ердан олов ўрлади кўкка
Сурнайини чалди Исрофил.

ххх

Кетасан
Сўппайиб қолади уйинг
Парвосига келмас шаҳарнинг
Ётаверади,
Парвосига келмас саҳарнинг
Отаверади.

ххх

Бой бой бўлай дейди,
Камбағал ўлай дейди.

Вашингтон-2002 йил

One Response

  1. […] 29.Самарқандни соғиниб […]

Comments are closed.