ЯҚИН МОЗИЙ

“ҚАЛЪА ИЧИДАН ОЛИНАДИ”

ОДАМЛАР, эл-улус дардидан кўз юмган ўғил – оқпадар, юрт шаъни учун бош кўтармаган ўғил – сотқин, хоин, бахти қаро, волидаси, миллатига хизмат қилмаган ўғил – қўлсиз, оёқсиз, гунг, кар, кўр, қалби сўқир– мажруҳдир!…

Одамлар, эл-улус дардини англаб, юрт ташвишини тушуниб, онаизор аламини англаб, миллат қайғусини кўриб курашга отланишга ожизлик қилган, ўзида куч топа олмаган ўғил эса ўлик, яъни тирик мурдадир!…

Инсон дунёга бир марта келади. У яшаб ўтгач, ким бўлганлигини сағана тошидан билиш мумкин. Бу тошда ё саккизта рақам ва унинг исми – шарифи, икки қатор айрилиқ сатри, нари борса , бир шеър битилар. Аммо одамлар қалбида, юрт дафтарида унинг таржимаи ҳолига ажратилган ўрин анча каттароқ ва кенгроқдир. Бу ерда тоштарош ёки марсия ёзувчи шоир  ҳам ожиз. Чунки қалб дунёсининг қаерида  кимнинг жойи бўлиши жумбоқ . Юрт дафтарининг қайси саҳифасида ким ҳақида ёзилажаги сир. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳақиқат ёзулгусидир. Таассуфки, жуда кўп жой ва жуда кўп саҳифа бўш. Демак, қанча – қанчамизга фақат совуқ сағаналар тарих, холос…

Одам нима учун туғилади-ю, нима учун ўлади ва у нима учун яшайди? Буни англаб етган зот пайғамбардир, англаб етмаган зот эса одамдир!

КУНДАЛИКЛАРДАН.

УЧИНЧИ ОЛОВ

Бирлашмаган халқ, миллат оломонга айланади, бўронлар остида қолади, шунда ҳам бирлашмаса, ёлғиз кимсаларга айланади, бўрилар қўршовида қолади, шунда ҳам бирлашмаса, у йўқолиб, йўқ бўлиб кетишга лойиқ.

ШУ сатрларни ёздим-у ўйланиб қолдим. Кўз ўнгимдан олис тарих Ўта бошлади. Минг йил нари ва минг йил берида ҳам бирлашганлар омон қолишган. Қанча – қанча элатлар тарқоқлик туфайли йўқ бўлиб кетганлар. Агар одамлар уят жойларини ёпишни ҳали англаб етмаган ўша ибтидоий жамоа даврида бирлашмаганларида бугун ер юзида фақат ҳайвонлар яшармидилар?!

Мен тарихнинг илк саҳифасидан бошлаб варақламоқчи эмасман. Фақат бугунги мустақилликка дахлдор кунларига бир лаҳза назар солгим келади, Улуғ Темур даврида ўлкамизга келган юрткезар Клавихо, Шайбонийхон кунларида ташриф буюрган инглиз савдогари Женкинсонларни бир ёққа қўяйлик. Гарчи мустақил юртимизга уларнинг ҳайрат тўла битиклари туфайли совуқ назарлар тушган бўлса-да!  Имомқулихону Иван Хохловнинг ҳам гўрларига ғишт қалаб ўтирмайлик. Гарчи бирлари ўрислар подшоси Михаил Фёдоровичга бизга вакил юборинг, деб илтимос қилган ва иккинчиси 1619 йилда Хива, Бухоро, Самарқандга келиб икки йил ахборот тўплаган бўлса-да. Ҳатто Пётрга совға – саломлар йўллаб, “Бизни қўшиб олинг!” дея ялинган Шоҳниёз хоннинг руҳини чинқиратмоқчи эмасмиз. Бундайлар бўлган. Кеча ҳам бор эди. Бугун ҳам топилади. Эртага ҳам уруғига ўт тушмайди.

Фақат шуни айтиб ўтишим шартки, ўша замонларда ҳам миллат қайғуси, юрт дарди билан ёнган одамлар бўлган. Қанча бобокалонларимиз юртимизга ёт кимсалар кириб келиши олдини олишган. Шу сабаб ҳам, руслар бир неча юз йил давомида бу “чегара”ни бузолмадилар. Сўнг инглизлар бузмоқчи бўлдилар. Бирин – кетин айғоқчию элчилари юртимизга қатнай бошладилар. Бёрнс деган зот Бухорода пайдо бўлди. Эббот деган капитан Хивага келди. Майор Вольф ҳам Бухорога йўл олди. Стоддарт, Конолли деган “меҳмонлар” билан бирга қолганлари ҳам зиндонга ташланди, ўлимга рўбарў қилинди. Айримлари қочиб қутулдилар.

Мустақил юрт, озод заминга жирканч ўйлар билан қадам қўйганлар ўз жазоларини олдилар. Тарихимизнинг бу саҳифалари ҳақида ҳали кўп ёзилажак. Шундан кейин рус давлатининг  қанчадан-қанча олтинтопарлари тақдир биёбонларида жон бердилар. Юрт туйғуси баланд бўлган ана шундай даврда нега бирдан чекиниш, зил кетиш, таслим бўлиш юз берди? Назаримда, рақиб бизнинг энг нозик жойимизни топган кўринади. Яъни қалъани ичидан олиш осонлигига имон келтирган бўлса керак. Ахир Искандар Зулқарнайн қандай қилиб  Самарқандни олганини эсланг, Муқанна нима учун олов даҳшатига ўзини урди?!

Тоғлари олтин , боғлари кумуш, замини кон, юрти кучга макон жойни нима қилиб бўлса-да олиш керак эди. Очкўз ва очофат генерал Черняевнинг  Тошкентга кириб келишини биласизми? Ўрис подшо бу шаҳарни куч билан эмас, ҳийла билан олиш керак деб буйруқ берган эрса-да, генерал иккаласини ҳам ишлатди.

Тошкент сарҳадида ўттиз минг сипоҳий турарди. Жанг деярли бўлмади. Зангота, Ниёзбек, Чинозда дарров таслим бўлишди.  Душманнинг аскари икки минг нафарга ҳам етмас эди. Черняев шаҳарга йўл олди. Бу орада Туркистоннинг ўзида ҳам ички курашлар бошланиб кетганди. Тошкент шаҳри ёшлари жангга отланишганда оқсоқоллар орага тушишди. Ўз фарзандларини, келажакни боғлаб беришди улар.

Ана шу даҳшат, ана шу мерос бугунгача давом этаяпти. Эсингиздами, мустақиллик дея бирлашган юртсеварларга, мустақиллик тарафдорларига қанча оқсоқоллар панд-насиҳат ўқигандилар. Икки – уч йил аввалги рўзномаларни варақласак қанча-қанча ношондорлар, казо-казолар бош эгишга даъват қилишганини ўқиб оласиз. Мустақиллик дея чиққанда уларга отилган тошлар-чи? Охир оқибатда улар андишага боришмагани, оқсоқолларга қуллуқ қилиб чекиниб кетишмагани ўзини оқлади.

Туркистон қон ичида, олов ичида қолган ўтган асрда қанча боболаримиз эшиклар очиб берилиши учун хизмат қилдилар. Туркистонни қиличдан ўтказган генерал – губернатор К.П.Кауфманнинг “яшин тезлиги”да Самарқанд, Каттақўрғон, Зирабулоқ, Бухорони босиб олишини ёдга келтиринг. Ахир амир Музаффариддин ҳимояга отланиш  ўрнига Кауфман билан тил бириктирмаган эдими? Бечора халқдан қанча-қанча ўлпон териб беришда жонбозлик қилмадими?  Бухоро, Хива, Қўқон…

Хайриятки, Абдураҳмон офтобачи сингари улуғлар атрофига бирлашган ғазавотчилар ҳақида ўйласанг, дилинг таскин топади.

Инқилобдан кейин Туркистон иккинчи марта олов ичида қолди. Яна ўша шаҳарлар, қишлоқлар вайронага айланди, ёниб кул бўлди. Энди фақат Кауфманнинг ўрнида Фрунзе ўзининг қонхўр ўтмишдоши сингари тез босиб ололмади юртни. Ҳар қадамда, ҳар сонияда қаршиликка учради. Шунда у ҳам қалъани олиш учун ичкаридан ҳаракат қилиш “қоида”сини ишга солди. Сотқинлар қаҳрамон бўлдилар, қаҳрамонлар сотқин! Юрт эса вассал, мустамлака! Миллат вакилларинининг озодлик учун йигирма йиллик курашлари, бирлашолмаганлари туфайли жуда чўзилиб кетган курашлари талофот билан, офат билан, замоннинг ақли янчиб ташланиши билан тугади.

Негадир биз бугун ана шулардан хулоса чиқариб оломаяпмиз. Фарғона воқеалари илдизига қарамадик. Паркент фожеасига юзаки муносабатда бўлдик. Кейин Ўшдаги оловнинг гулханини ёққанларга сўзимизни айтмадик. Ҳали ҳам бу чўғ ўчган эмас, у тутаб турибди. Нохосдан ловуллаб кетиши ҳеч гап эмас.

Ҳа, мен “учинчи олов”дан  хафдаман. Негаки, биз мустақилликни ҳимоя қилиш, асраб қолиш учун бирлаша олмаяпмиз. Тарқоқлик кимларгадир қўл келиб қолишидан чўчийман. Орамиздан чиқиб қолмасин дейман мустақилликнинг кушандалари…

Наҳотки, наҳотки ҳаммаси ўтмишга юз тутса, наҳотки тарих чархпалаги тағин аввалгидек айланса?! Наҳотки орзуларимиз орзулигича қолади?

АЛҲАЗАР !

…Ўзбекистон мустақил бўлиши керак! Ўшандагина кун сайин емирилаётган, чўкиб қолаётган тоғларимизнинг она заминимизнинг армонини англаймиз! Ўшандагина менинг ғарибгина сайлов мавзеим – Жомбой деҳқони, заҳматкаши ўз мулкига, ўз сўзига эга бўлади. Ўшандагина Жомбойнинг қолган 80 фоиз жойи ҳам газлашади. Ўшандагина Жомбой болалари бир сменада ўқийдилар. Ўшандагина Жомбойда замонавий ҳаммомлар, истироҳат боғи, маданият саройи қурилади. Ўшандагина жомбойликлар дўконлардан истаган нарсаларини топадилар, болалари чойга нон ивитиб ейишдан холос бўладилар. Ўшандагина ҳаётдан бевақт кўз юмган онаизорлар , ота-онасининг умиди бўлиб туғилган ва армони бўлиб жон берган гўдаклар ҳаётини сақлаб қолишга имкон бўлади. Ўшандагина ногирон волидалар, бемор – бечоралар дардига малҳам топилади. Ўшандагина…

(Сайловолди дастуримдан, 1989 йил)

ОЛИЙ КЕНГАШНИНГ саккизинчи сессияси ишини тамомлади. Менинг эса на уйқумда ҳаловат, на ишимда натижа, на ўйларимда тиниқлик бор. Қалбимда ғашлик, кўнглимда адолатсизликка, бебурдликка, виждонсизликка, имонсизликка қарши ғалаён Юрагим гоҳида санчади, гоҳида ғижимланади, гоҳида муштга айланади. Гоҳида хаёллар гирдоби ғарқ айлайди, гоҳида умидсизлик уммони оёғимдан тортади, гоҳида илтижо нидоси бўғзимга тиқилади.

“Алҳазар!” дейман, юртни сотганлар, элни сотганлар, қутлуғ заминни сотганлардан алҳазар!

“ Алҳазар!” дейман, зимдан, орқаваротдан иш тутганлар, дунёни писир-хисирларга, миш-мишларга кўмганлар халқ дардини ўз манфаати учун қурбон қилганлардан алҳазар!

“Алҳазар!” дейман, оғзининг боғичини йўқотганлар, орият, диёнат, имон, эътиқоддан бебаҳра қолганлар, падару волидаси, устозу шогирдини оёқ ости қилганлардан алҳазар!

“Алҳазар!” дейман, кўзингга лўқ термулиб ёлғон сўзлагувчи, борлиғини бўҳтон мағзавасига ботириб олган, одам эканлигини унутган умрини туҳмат йўлларига сочган кимсалардан алҳазар!

Ҳа, қалбим тўфон, вужудим тўфон! Қалбим олов,  бу олов ичида борлиғим ёнди. Туҳматдан, бўҳтондан, бу балои азимни ўйлаб топган бахти қарога нафратдан ловуллаб ёнди вужудим.

Худога минг карра шукур қиламан, мени рост сўзлаш, дилимдагини яширмасдан, қўрқмасдан, қалтирамасдан, ялтоқланмасдан бор гапни кишининг ортидан эмас, юзига айтиш туйғусидан бенасиб қолдирмаганига.

Биз Олий Кенгашнинг VII сессиясига тайёргарлик кўрар эканмиз, ғаразлик, фитна ва иғво деган чаёнлар кўнглимиздан, йўлимиздан узоқда эди. Мақсад – ошкоралик. Мақсад – қувғинлар, “деди-деди”ларга чек қўйиш. Мақсад – мустақилликни асраб қолиш. Кимлардир ана шу соф туйғуларда аждахо комини кўрдилар. Қалъамизнинг ичига нифоқ уруғини сочмоқчи бўлдилар.  Ҳали сессия бошланмасдан олдин марказий ойнаижаҳон орқали “Ўзбекистонда Олий Кенгаш ишлаяпти. Депутатлар Президент истеъфосини талаб қилишмоқда” дея  хабар тарқалганда юрагим шув этди.

“Бизга қарши уюштирилган фитна бу!” – Кўнглимдан ўтган ана шу фикрни Олий Кенгаш раисига ҳам, депутат биродарларимга ҳам айтдим. Кечга томон ойнаижаҳон орқали кечирим сўрашди. Ёлғонга зарба берилди.

Аммо орадан уч кун ўтиб, сессиямиз иш бошлаганда гап чиқиб қолди: “Ойнаижаҳонда бу хабарнинг пешонасида 30 сентябрь куни берилсин, деган кўрсатма турган экан!” Ҳамманинг фиғони кўкка ўрлади. Демак, кимлардир ўта ғаразли мақсадни кўзлашган. Бироқ кейинчалик комиссия ҳам, марказий ойнаижаҳон раҳбарияти ҳам иқрор бўлишича, ўша хабар “манглай”ида ҳеч қандай белги йўқ экан. Даҳшатли жойи шундаки, марказий ойнаижаҳон раҳбари имзоси билан келган хат комиссия аъзолари ўртасида ғойиб бўлди.

Оқибатда VIII сессияда тағин шу гап такрорланди. Кўраяпсизми, қандайдир мантиқ бор бу ерда. Охиригача етмаган масала сессияга олиб чиқилса, тағин ҳужжатлар ғойиб бўлса, сўнг одамларни қўзғаган аввалги гап такрорланса…Томошанинг муаллифи ким бўлса ҳам жуда усталик билан ишлаган.

Бу томоша эмас, дегувчилар топилади. Хўш, унда айтингчи, нега бўлмаса тўйдан олдин ноғора чалиниб депутатларнинг қулоқларига “Эшитдингизми, ҳалиги хабарни фалончи берган экан” деган гап тарқатилди? Бир киши эмас, ўн киши эмас, юзлаб ноибларга ана шу иғво етказилди. Ўша муаллиф бир кишини бадном қилиш баҳонасида жанжал чиқариши керак эди. Улар тағин қалъа ичида ур-йиқит бошламоқчи эдилар. Бунга кечагина кўкрак кериб юрган казо-казолар дастёрлик қилган бўлишса ажаб эмас.  Улар қанча одамларни ёмонлайвериб, “қулатиб” ғолиблик шарбатини ичган эдилар. Бирдан тарих чархпалаги чаппа айланди. Президент “Мен ёлғиз эканман, суянган тоғим йўқ экан, атрофимдагилар пусиб қолишди” деб очиқ айтди. Энди чўрткесарлар Президент атрофига келишса, уларнинг кўйлаклари чокидан сўкилиши ёки йиртилиши мумкин, яланғоч зот эканликлари аён бўлади. Ётиб қолганча отиб қолиш керак! Ана шу ният шимол ва шарқни бирлаштирганга ўхшайди.

Бу не даҳшат?!  Шахсий манфаат йўлида юртни қурбон қилишгача боришади. Бу иллат қачонгача бўйнимизга илон бўлиб ўралади?!

Назаримда, ҳаммасига – қўл силтаб кетишдек одатимиз сабабчи. Бир масаланинг ечимини топмай, охирига етмай бошқасига тармашамиз. Виждон билан, имон билан иш юритиб, оқни оққа қорани қорага ажратиш керак.

Ўшанда нафақат туҳматчи ўз жазосини топади, балки Ўзбекистонга, юртимизга доғ тушираётган, ўз элини, миллатини сотаётган кимсалар номи ҳам аён бўлажак!

Ўшанда эл кимга “Алҳазар!” дейишини яна бир карра англаб олажак!

Ўшанда бу ўйин ортидаги кимсаларнинг мақсадлари фош этилажак!

МУНОСАБАТ

Кишига “Сен улуғ!” деган гап қайта-қайта уқтирилса, у ўз улуғлигини нафақат англайди, балки улуғликка муносиб яшашга одатланади. Агар кишига “Сен ахмоқсан!” деган гап қайта-қайта уқтирилса охир оқибат у ахмоқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳа, кўп нарса муносабатга боғлиқ.

(КУНДАЛИКДАН)

Мактабда бир муаллимимиз “Карл Маркс кўп тилларни билган, аммо араб тилини ўргана олмаган. Уни тилсим деб атаган” дерди. Ўқитувчимиз бу билан араб тилига обрўйига обрў қўшаяпман, деб ўйлаган бўлса ажаб эмас?!

Негадир болаликда эшитганим, – бу сўзлар менга тинчлик бермайди. Чунки, Маркс арабларни ҳурмат қила олмас эди. Бунга унинг ҳаётий, тарихий зарурати, унинг асл миллати, авлодларининг асрий орзулари йўл бермасди. У арабларга қаҳр-ғазаб билан қарашга маҳкум эди.  Унинг мафкураси ана шундай ҳукмронлик қилар эди. Шу сабабли унда араб тилига беписандлик руҳи яшарди.

Маълумки, киши ҳурмат қилмаган, тан бермаган, севмаган тилини ўрганиши жуда оғир кечади.

Рўзнома таҳририятида бўлган йиғилишда узоқ йиллар давомида ўзбек матбуотида ишлаган рус аёли луқма ташлади:

– Бу ерда нима гаплар бўлаяпти, менга қоронғу…

Шоиримиз Эркин Воҳидов ўз таъбирлари билан айтганда, буни андавалаб ўтолмадилар.

-Мана мен олти ойдан бери инглиз тили тўгарагига қатнаяпман, – дедилар. – Ҳозир икки киши инглиз тилида сўзлашса, унча-мунча илғаб оламан. Энди ўзбек тилини ҳам ўрганишга чинакам киришилса, қоронғулик йўқоладию қолади…

Назаримда давлат тили ҳақидаги қонунимизда белгиланган саккиз йил ҳам ана-мана демай ўтади, лекин кўплар ўз тилларида гапираверадилар, биз ҳам уларга ўз тилларида жавоб қиладиганга ўхшаймиз. Чунки тилимизга ҳам, ўзимизга ҳам беписанд қараш ўларнинг қонунларига сингиб кетган.

Уч-тўрт йил олдин фирқа қўмиталарида асосан рус тили куллиётларини битирганлар ишларди. Ақл-идрок, тафаккур, қобилият, ташкилотчилик эмас, тил билиш асосий мезон эди. Оқибатда жумҳуриятимизда қобилиятли кишилар четга чиқиб қолдилар. Мустамлака учун худди шу керак эди. Айтилган гапни ўйлаб кўрадиганлар эмас, индамай бош силкитадиганлар, қўл кўтарадиганлар сулоласи шу зайл пайдо бўлганди.

Эсингиздами, сал бош кўтарсак, қанча дашномлар эшитардик. “Биз инқилоб қилганмиз!” , “Биз маданият олиб келдик!”, “Биз..”.

Хайриятки, бугун инқилобнинг мақсадлари очилиб қолди. Бироқ ўша “Биз…” руҳи ҳали-бери сўнадиганга ўхшамайди.

Тилимизга муносабат ҳам ана шундан. Қонун қабул қилингандан буён икки йил ўтибди аллақачон.  Ўзбек тилини биладиганлар кўпайиш ўрнига камайиб кетмоқда.

Олий Кенгашда ишлаганимда “Оммавий ахборот воситалари ҳақида” қонун лойиҳасини ўзбек тилида ёздим. Бу Олий Кенгашда ёзилган биринчи қонун лойиҳаси эди. Уни рус тилига ўгириш бир йилга чўзилди. Шунда ҳам на маъниси, на мазмуни қолди. Оқибатда лойиҳа ланж, дея бошимизда қанча калтаклар синди.

Яқинда муҳим бир ҳужжатни ўзбек тилида тайёрладим. Рус тилига ўгириш керак бўлиб қолди. ЎзТАГ ( қачон ўзгарган бу ном?) директори Эркин ака Ҳайитбоевга мурожаат қилдим.

Кечга томон бир аёл кириб келди.

– Машинка, машинистка борми, икки минутда ўгириб ташлайман, – деди у.

Хурсанд бўлдим. Шоша -пиша айтганларини муҳайё қилдим. Икки дақиқа икки соатга чўзилди.

– Нима гап? – дедиму, балога қолдим.

– Бу ҳужжат тили эмас, – бақира кетди у. – Рўзномада ишни уддалай олмаган одамлар мана шунақа идораларга кириб олиб, ҳаммани сарсон қилишади…

Котиба қиз ҳайрат ва ҳайронлик билан жилмайиб турарди. Менинг ҳам кулгим келди. Тилимизнинг хазинасидан икки – уч сўзни ҳужжатга қўшгандим. Таржима қилолмай ҳалак бўлди. Икки саҳифалик нарса ўн олти саҳифага айланди. Аммо паст тушгиси йўқ.

Эрталаб Эркин акага “раҳмат” айтдим. Унинг ярасига туз сепиб қўйибман шекилли, машаққатларидан “ бир бош” тинглашга тўғри келди.

Кейин рўзномалардан бирида ишлайдиган таржимонга топширдик. У хамирдан кесак қилиб берди. Охир – оқибат ўзимизнинг қўлбола тилмочлар ишга киришдилар.

Ана шундай аҳвол ҳамма жойда бирдек, десам муболаға бўлмайди. Албатта, бу билан тилни ўрганишга жиддий киришган уч-тўрт кишини ҳам битта қанорга солиб юбормоқчи эмасман. Умуман гап бошқа ёқда.

Бугун Ўзбекистоннинг энг олий даргоҳларидан тортиб, энг қуйи идораларигача тўла ўзбек тилига ўтиш керак. Бугун биз ўзимизнинг бирлигимиз, сўзда қатъийлигимиз, мустақилликка содиқлигимиз билан ўша “Биз… ” деган муносабатни синдиришимиз лозим.

Ҳеч қачон дўқ-пўписа, мушту калтак билан бир нарсага эришиб бўлмайди. Жанжаллару ур-тўполонлар ҳам ҳеч вақо бермайди. Фақат фикран тан олиш, қойил қилиш, ҳурмат қилиш тўфайли тилимизни ўрганишлари тезлашиши мумкин.. Уларда беписандлик муносабати пайдо бўлиши шахсий айблари эмас. Бу “олий ирқчилик” мафкурасининг, ленинча мафкуранинг асоратидир!

“…Кейинги йилларда республикада “тозаловчилар” кўпайиб кетди. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам муҳим жойлар уларнинг қўлида. Самарқанд вилоят партия комитетида, вилоят ижрокомида, вилоят халқ назорати комитетида, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармасида шундай “меҳмонлар” бошқарув калитларини ушлаб турибдилар. Уларнинг “шарофатлари” билан Самарқанд вилоятида кадрлар тизими ишдан чиқди.. Жиноятчилик пасаймади, аксинча ўсди. 1987 йилда содир қилинган жиноятлардан 314 таси, 1988 йилда 639 таси, ўтган йили эса мингдан зиёди очилмасдан қолди. 1987 йилда бедарак йўқолганлардан 79 киши, 1988 йилда 93 киши, ўтган йили юздан зиёди топилмади. Улар ана шундай “тартиб” ўрнатдилар.

Савол туғилади: наҳотки ерли халқ орасидан бирор ҳалол прокурор ёки халқ назорати комитети раиси топилмаса? Ё улар бошқа республикаларга кетиб қолдилармикан?! Эҳтимол, Арманистон пойтахти прокуратураси, Гуржистон пойтахти ички ишлар бошқармасини бошқараётгандирлар?!”

(Сайлов олди дастуримдан, 1989 йил).

Бизга мустақиллик нима учун керак бўлиб қолганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Жумҳурият миқёсида мисоллар том-том китоб бўлар. Мен мақола сўнгида ўзим сайланган мавзега доир саккизта рақамни келтирмоқчиман. Бу халқимиз бошида чақилган “ёнғоқ”ларнинг миллион-миллион халтасидан бир ҳовуч, холос.

Жомбой ноҳиясида қайта қуриш бошланган, 1984 йилда бир гектар ердан 29,9 сентнер пахта олиш режа қилиб қўйилган. Амалда 20,2 сентнер бўлди. Ҳа, одамлар қамалиб кетишди, режа эса қолди. У тағин қамоқхоналарга даъват бўлиб яшайверди. 1985 йилда озгина пасайди – 28,5. Амалда 19,8. 1986 йилда тағин ошириб қўйишди – 29,2. Халқ қийналиб, аранг 19,4 га етказди. 1987 йилда 29,2 – 19,4; 1988 – 25,5 – 22,4, 1989 – 27,3 ва ҳоказо. 1991 йилда режа етмиш фоиз атрофида қолди.

Даҳшатлиси шунда эдики, экилган навнинг толадорлиги 28-29 бўлгани ҳолда, 31-32 қилиб режа қўйилди. Бу халққа қарши жиноят эди. Уни моҳирлик билан “ижро” этишда ўзимизнинг дастёрлардан фойдаланишди. Ниҳоят мусатақилликка эришганимиздан кейин, Жомбойни, унинг заҳматкаш элини бу азоблардан халос этиш ҳақидаги депутатлик сўровимга имзо чекилди. Энди Жомбойда ҳам ўзгаришлар бўлажак, энди Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлажак!

Фақат, қалъани ичидан олишга интилаётганлардан худо сақласин. Улар ҳар нарсага қодир, улар пасткашлик, жиноят, маддоҳлик, қабиҳлик…  мактабларини ўташган. Қалъанинг ташқарисида кимнинг кимлиги аён. Ким билан жанг қилиш ҳам аниқ. Ичкарида эса…

Жаҳонгир Маматов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган журналист.

“Халқ сўзи” газетасининг 1991 йил 10 декабрь 238-сонида “Мустақиллик қисмати ҳақида сўз” рукнида чоп этилган.

Муаллифнинг 14 йилдан кейинги изоҳи:

Бу мақолани ёзганимда Ўзбекистон президенти ва халқ депутатлари орасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўлимининг раҳбари эдим. Ўшанда ёзганларим бугун учун ҳам кечарли ҳолда тургани ҳаётимизда ўзгариш бўлмаганининг исботидир.

Фақат икки ўзгариш бор:

1. Менинг Жомбой қишлоқ хўжалиги ҳақидаги депуталик сўровим юзасидан ҳукумат қарорига Мирсаидов имзо қўйган ва  кейин Каримов ҳам розилик берганди, унга ҳам бечора халқнинг азобини тушунди дея раҳмат айтгандим. Аммо орадан бир йил ўтиб буни менга ўз вазифасини(!) суиистеъмол қилган ва Мирсаидов билан тил бириктирган деб айб қилиб қўйишди.

2.Ўша кезда Ўзбек тилини ўрганиш ҳақида ваъз айтиб юрган Эркин Воҳидов эса бугун Россия тилининг буюк аҳамиятидан гапирмоқда ва сенатда Ўзбекистон ва Россия яқинлашувининг  меъморларидан биридир.

One Response

  1. […] 4.“ҚАЛЪА ИЧИДАН ОЛИНАДИ” […]

Comments are closed.