Жаҳонгир Муҳаммад:Каримовнинг кирдикорлари

Каримовнинг кирдикорлари

1.”МАЧЧОЙИ”ЛАР

Тожикистонда бир гуруҳ Ўзбек мардикорлари қўлга олиниб, ғайриқоний муҳожирлар сифатида Ўзбекистонга депортация қилинди.( Хабарлар оқимидан).

Болалигимда “маччойи” деган сўзни кўп эшитардим.

“Маччойи келибди, ўтин ёрмоқда!”

“Маччойи келибди, ҳожатхона учун чуқур қазимоқда!”

“Маччойи келибди, ғишт тўкмоқда!”

Мардикорни “маччойи” деганларига эътибор қилмасдим. Чунки у пайтда мардикор деганини ҳам унчалик тушунмас эдим-да. Раҳматли бувим жуда раҳмдил аёл эдилар. Бир бурда нон қолса ҳам буни “маччойига берамиз” деб олиб қўярдилар. Эски кийимлар, ишлатилган идиш товоқларни ҳам маччойи олиб, бошини эгиб, раҳмат айтиб кетарди.

-Бечораларнинг иши йўқ, йўлига қараган қанча бола-чақаси бор, ўйинг куйгур Москоп шуларга ҳам иш берса бўлади-ку! Биз тутган пиллани улар тута олмайдиларми?!- деб бувим ачинар эдилар.

Шундан менинг кўз олдимда маччойи дегани ўта ғариб, бир бурда қотган нонга ҳам зор одам бўлиб қолган.

Кейинчалик билдим-ки, асосан Тожикистоннинг Масчоҳ ва Панжакент минтақаларидан келган кишилар Самарқандда мардикорлик қилишар экан. Шундан мардикор калимаси “маччойи”га айланган экан.

Мана энди Каримов ўзбекларни “маччойи”га айлантирди.

2. “УЗБЕКИ”

Ўзбеклар Москвaда ва Исроилда ҳожатхонларни тозалашмоқда ва бундан хурсанд.(Хабарлар оқимидан).

Болалигимда ҳамма жойда оёқ кийимларини тозаловчиларни “жугутлар” дейишарди ва ҳожатхонларни тозаловчиларни “иван”лар. Болалар ҳатто ўзаро жанжаллашиб қолганда бир-бирини камситиш учун “жугут” ёки “иван” деб сўкишарди.

Кейин билсам, оёқ кийимларини тозалаш билан асосан яҳудийлар шуғулланишар ва қолган барча “ифлос” ишларни “иванлар” бажаришар ҳамда эвазига бир шиша арақни олиб, хурсанд бўлишар экан.

“Бечора жугутларга қийин, ватанларидан айрилиб беватан қолишган, ҳар қандай қора ишни индамай бажаришади” дейишарди ачиниш билан яҳудийлар ҳақида.

“Иваннинг бола чақаси урисиятда қолган. Ўзи бу ерларда сарсон-саргардон. Аламини арақдан олади, кун бўйи ишлаб, бир шиша араққа қуллуқ қилади. Шўринг қурсин, урусвой” деганларини эшитганман.

Мана энди шу гапни ўзбеклар ҳақида руслар ва яҳудийлар айтишмоқда. Энди ачиниш навбати уларда. Энди уларнинг жаргонида “узбеки” деган гап пайдо бўлди.

Ана шу “узбеки”нинг биридан сўрашибди:

-Шу ифлос ишни қилар экансиз, бундай иш Ўзбекистонда ҳам тўлиб ётибди-ку?

Жавоб эса қуйидагича бўлибди.

-Ўзбекистонда сизни “ТошМИ” (Тошкент мардикорлар истансаси)дан Каримовнинг кучуклари ушлаб олиб кетади, қамаб қўяди, кейин уйидаги ҳожатхонасини тозалатади, иннанкейин бўйнингизга жаримани илиб, орқангизга тепа-тепа уйингизга жўнатади! Урус улардан минг марта яхши! Жугут эса икки минг марта!

3.ҚУЛЛАР

“Қозоғистонда ўзбеклар қул қилиб ишлатилмоқда. Уларга паст назар билан қарайдилар ва ҳақларида кўплаб латифалар тўқилган.(Хабарлар оқимидан).

Бир куни Рашидов Олмаотага борганда ҳожатхонaда қўлини юваркан ёрдамчисига:
-Эҳтиёт бўлиб тур, бир кор-ҳол юз берса, жуда усталик билан, образли қилиб айт, бўлмаса кулгига қолишимиз мумкин,- дебди.

Кейин Кунаев Рашидовни бешмармоқ билан зиёфат қилиб, ортидан палов буюрибди. Палов еб турган Рашидовнинг лабида битта гуруч қолганини кўрган ёрдамчиси:

-Хўжайин боққа булбул қўнди,-дебди.

Нуктафаҳм Рашидов дарҳол сочиқни олиб, лаб-лунжини артибди.

Кўп ўтмай Тошкентга келган Кунаев ҳожатхонада қўлини юваркан, ёрдамчисини огоҳлантириб қўйибди.

Улар ош еб ўтирганларида Кунаевнинг лабида битта гуруч қолибди, шунда унинг ёрдамчиси:
-Ўдағаси, ўдағаси, туалетта айтғанингиз ўлди!-деган экан “маданиятли” қилиб.

Мана энди ҳатто латифалар ҳам тескари айланди .

“Бир куни Каримов, Назарбоев ва Раҳмонов ўзларини мақташ бўйича пойгага кирибдилар:
-Мен Андижонда революционерларни қириб ташлаб, халқимни демократлар келишидан қутқариб қолдим,- дея мақтанибди Каримов.

-Мен Помир тоғидаги музликнинг устига кул сепиб халқимни сув тошқинидан асраб турибман,-дебди Раҳмонов.

-Илгари қозоқлар Келесда, Қўйлиқда мардикор эдилар. Мана энди ҳар бир қозоқнинг уйига биттадан ўзбекни боғлаб қўйдим. Бу билан ҳам халқимга, ҳам Каримовга яхшилик қилаяпман,- дебди Назарбоев. Кейин Раҳмоновнинг қулоғига пичирлабди:
-Шу кетишда бу тeнтакнинг ўзини ҳам эшагимнинг қозиғига боғлайман!

Булар латифалар. Аммо латифа билан ҳақиқатнинг фарқи бўлмаган даврдаги латифалар бу.

Шулардан кейин ҳам Ўзбекнинг Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлари … ва мухолифатга тинмай тош отаётган Чори Латиповлари бор экан, унинг кўргиликлари ҳали бери камаймайдиган кўринади.

Ўткинчи мансаб учун,
Онасин тортиқ этган.
Магар бу чин эмас чин,
Бундан не ортиқ этган?
Ном бердилар “Чори” деб,
Янглишдилар, чўридир.
“Маҳалла”да тўй-тўйлаб,
Ҳақиқатнинг гўридир.
“Қўй” десам гар дод солдинг,
Магар, итсан, талайвер!
Элни титар қозоннинг
Остига ўт қалайвер.
Ҳайвон ва ҳам одамзот,
Тангри учун тенг махлуқ.
Сен барига бўлдинг ёт,
Шайтонга қилиб қуллуқ.
Минганинг бу файтоннинг,
Бир кун байтали толар.
Ўшанда ул шайтоннинг,
Иштони сенга қолар.

4.НАТАШАЛАР

Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида бир гуруҳ ўзбек фоҳишлари қамоққа олинди. (Хабарлар оқимидан).

1982 йилда ёш журналистлар гуруҳида Авропа бўйлаб саёҳатга чиққандик. Гуруҳимизда СССРнинг ҳар бурчидан жаъми 47 киши бор эди. Шундан 30 нафари қизлар эди. Уларнинг кўпчилигини руслар ёки рустилли қизлар ташкил қиларди.

Руминия, Полша, Чехословакия (ўша пайтдаги номи-ЖМ), Венгрия ва икки Олмониянинг қаерида бўлмайлик, рус қизларига мурожат қилганлар׃
-Наташа?-дер эдилар.

Орадан олти йил йил ўтиб, яна ёзган танқидий ва таҳлилий мақолаларим учун журналистлар уюшмасининг ғолиби сифатида бир гуруҳ ёш журналистлар билан Туркияга бордик. Ҳар икки ҳолда ҳам сафарни СССР Журналистлар уюшмаси ташкил қилгани боис ҳайъатда кўпчилик руслардан иборат эди.

Ўрта Осиё жумҳуриятларидан бир кишидан, Кавказ жумҳуриятларидан икки кишидан олинганди. Озарбайжондан борган журналист қиз гуруҳдан қочиб кетиб, Туркиядан сиёсий бошпана сўраганди. Гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, бу ерда ҳам рус қизларига׃

-Наташа,-деб мурожаат қилишарди.

“Наташа” дегани фоҳиша деган маънога келиб қолган экан.

СССРнинг охирги йилларида иқтисодий қийинчиликлар кучайиб кетганди. Бу эса рус қизларини Авропа бўйлаб бузуқликка бошлаганди. Улар фоҳишалик-пул топишнинг осонроқ йўли деб билган бўлсалар керак-ки ўзларини сотувга қўйгандилар. Бутун дунёни “Наташалар” босганди. Аммо ўша пайтда бирорта ўзбек қизи уларга қўшилгани ҳақида хабар бир ёқда турсин, миш-миш ҳам эшитмаганмиз.
Бугунчи? Бугунга келиб ўзбек қизлари бузуқчилик учун бормаган мамлакатнинг ўзи қолмади. Ғарбдаги аксар яланғоч ўйналадиган салонларнинг раққосалари ҳам ўзбекистонлик қизлар. Ўзини сотганлар Дубайдан Кореяга қадар… мана энди Ҳиндистонга ҳам етиб боришибди.

Уларни маънавий бузуқликда истаганингизча айблашингиз мумкин. Зотан шундай ҳам бўлмоқда. Лекин уларни шу куйга солган сабабни эса айтмаяпмиз. Бу ахир Каримовнинг, унинг қизи Гулноранинг кирдикори-ку?! Уларнинг “ўзбек фоҳишлари” оқимини яратишгани ҳар воқеа билан баробар эсланиши керак.

Аммо яна бир параллелга диққат тортмоқчиман. СССР йиқилиб кетишидан олдин рус қизлари дунёнинг “Наташлари”га айлангандилар. Балки бугун ўзбек қизлари “Наташалар”нинг ўрнини эгаллагани бу ҳам ниманингдир белгисидир? Наҳотки, Ўзбекистон деган давлат хотирага айланади? Худо сақласин!

Балки, бу – режимнинг интиҳосидан дарак? Бунга эса ишониш қийин. Чунки Каримов режимни ҳам фоҳишага айлантирди. Бу фоҳиша ундан кейин келадиган кучларнинг ҳам тўшагида ётавериши мумкин

5.ҚАМОҚДА ЧИРИТИШ

“Ўзбекистонда ўн минглаб одамлар қамоқларда абадий сақланмоқда. (Хабарлар оқимидан).

Мактабда ўқирдик. Ёзда ғишт тўкиб, беш-тўрт сўм пул қилмоқчи бўлдик. Синфдошим Қаҳҳор ва биздан бир синф кейинда ўқийдиган Қосим деган йигитлар билан бирга Самарқанд-Панжакент йўлида, Регистондан икки километр узоқликда бир кишининг энди қурилаётган уйида иш бошладик.

Ишимиз тугай деб қолганда уй эгаси Ўзбекистон Ички ишлар вазири Ҳайдар Яҳёевнинг укаси эканлигини билдик. Гапнинг очиғи, Ҳайдар Яҳёев деган одамнинг ўзи кимлигини билмас эдик. Аммо уйга келиб, бизлар вазирнинг укасиникида ишлаётганимизни айтиб, мақтангандим, дадам׃

-Йиғиштир бу ишни,- дедилар.

Ҳайрон бўлдим.

-Ҳайрон бўлма, нима, қамоқда чириб кетмоқчимсан, уччалангни ҳам пулингни ўзим бераман, борманглар.

Қаҳҳорнинг дадаси дадамга амаки ўғил бўладилар. У киши ҳам айни гапни айтибдилар. Қосим ҳам “Бормас эканмиз” деб келди. Биз жуда ҳайрон эдик. Чунки ишлаётган жойимиз жаннат каби жой эди. Тушимизга кирмаган таомлар келиб турар, Сиёб колхоз бозоридагилар мева-чеваларнинг энг сарасини олиб келишарди.

Шуларни айтгандим, раҳматли дадам?

-Булар одамларнинг хуни эвазига келади,-дедилар ва бошимни силаб׃-Ҳали катта бўлсанг тушунасан!-деб қўйдилар.

Катта бўлганимда ҳам Ҳайдар Яҳёев ҳақида жуда даҳшатли гаплар юрарди.

“Кабинетининг остида одамларни қийнайдиган жой бор экан, ўтирган жойидан пастга қараб томоша қилар экан…”

“У одамларни қийнашнинг янги усулларини ихтиро қилган. Масалан, ҳамма томони бетон бўлган хонада ётган одамнинг устига машина билан ахлат тўка бошлашар ва у энди ўламан деганда сув билан ювиб юборишар экан…”

Шунақа одамнинг укасининг уйида ғишт тўкиш оталаримизга нақадар даҳшат бўлиб туюлганини кейин-кейин ҳис қила бошладим. Кейин Ҳайдар Яҳёевни қамашди. Вақт ўтиб Каримов уни пахта иши қурбони дея оқлади.

Дарвоқе, Ҳайдар Яҳёев қўшиқчи шоир ҳам бўлган. Унинг шеърларини куйламган қўшиқчи йўқ эди, айниқса, Ортиқ Отажонов “бопларди”. Ҳозир ҳам унинг шеърлари асосидаги қўшиқлар куйланмоқда. Уни мақтаб турганлар ҳам бор, худди Зокир Алматовни мақтайдиганлар бўлгани каби.

…Бир куни ўзбекнинг келган-кетган журналистлари орасида ўзига хос из қолдиргани – Аҳмаджон Мухторов:

-Жаҳонгир, Ислом ака сизнинг чиқишларингиздан хафа, жим юрмаса “Қамоқда чиритаман”, деб айтдилар,- деди.

Парво қилмадим. Кўп ўтмай айни гапни Исмоил Жўрабеков ҳам айтди׃

-Ука ёшсиз, бирор жойга ҳоким бўлиб борасизми?

-Нега бирдан ҳокимлик таклиф қилиб қолдингиз?

-Жим юришингиз керак. Ислом акам “Агар жим юрмаса, қамоқда чиритаман”, деяптилар.

Кўп ўтмай Каримовнинг ўзи юзимга тик қараб, айни гапни айтди. Қўрқитиш усули деб ўйладим.

Бир куни қашқадарёлик депутат дўстим Мурод Жўраев Каримовннг хонасидан чиқиб, ёнимга келди.

-Нима гап?-дедим.

-Менга суиқасд қилганларни жазолашни талаб қилгандим, “Жим юрмасанг қамоқда чиритаман”, деди…

Мурод Жўрев 12 йилдан бери қамоқда. Муддати битди, дегунча узайтириб қўйилади.

Айни ҳолни собиқ Ўзбекистон халқ депутати Самандар Қўқонов қисматида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекнинг 20- ва 21-асрлардаги энг улуғ адиби Эврил Турон-Мамадали Маҳмудов ҳам Каримов “Қамоқда чиритаман” деганлардан бири.

Санаб битира олмайсиз. 10 мингдан зиёд… балки ундан ҳам кўп одам бугун Каримовнинг қамоқларида. Улар бегуноҳ ётганлари бир томон, балки уларга берилган муддат битиши билан яна узайтириб қўйилади.

Яқинда Тошкент дипломатия олийгоҳини битириб, Америкада мардикорлик қилаётган бир йигит билан танишдим. Билимли йигит. Ундан сўрадим׃

-Наҳотки мамлакатда сизга иш топилмади?

У ҳазин жавоб қилди׃

-Дадам, “Болам, тилинг ёмон, чет элларга кет, бу ерда қолсанг Каримов қамоқда чиритади” дедилар. Шундан кейин бу ёқларга келдим,-деди.

6.”ҚИЙНОҚЛАР ҚИРОЛИ”

Ўзбекистонда маҳбуслар қайноқ сувга солиб қайнатилмоқда. (Хабарлар оқимидан).

Авропа сафари пайтида, 1982 йилда Олмониянинг Веймар шаҳрида Бухенвалд концлагерига боргандик. Ҳитлер бу ерда қарийб олтмиш минг одамни сақлаган экан. Ўша кунлардан икки “нуқта” ёдимда қолган.

Биринчиси, Ҳитлер концлагерларда Б-52 газини қўлланиб, одамларни ўлдирганини айтишганди. Ўша пайтда Ўзбекистонда айни газ ғўзанинг баргини тушириши учун дефолиант сифатида осмондан сепиларди. Бу пайтда касалахоналар сариқ касалидан азият чеканлар билан тўлиб кетарди.

Мен депутат бўлиб сайланган Жомбой туманида оналарнинг 52 фойизи бу касалликка учраганди. Масалани Москвага қадар олиб чиққандик. Марказий телевидениеда менинг ҳам иштирокимда махсус кўрсатув берилганди. СССР халқ депутатларининг дастаги билангина бу газни қишлоқ хўжалигида қўлланиш таъқиқланганди.

Лекин “мустақилик шарофати” – таъқиқ ўз кучини йўқотган ва кейинчалик яна қўлланила бошлабди.

Ёдимда қолган иккинчи “нуқта” шуки, Бухенвалд 1958 йилда музей ҳолига келтирилганда бир кекса одам келиб, 20 йил давомида ҳар кунги сайёҳларга “Ҳитлер қийноқлар қироли, у менинг ўғлимни ҳам қийнаб ўлдирган” дер экан.

Унга музейдан маош тайинласалар олмас, аммо ҳар куни меҳмонларга Ҳитлер ҳақида гапиришни ҳам канда қилмас экан.

Шу одам Бухенвалднинг темир дарвозаси ёнида ўлиб қолган экан.

Мазкур воқеани ўйлар эканман, Ҳитлер-инсофсиз, Каримов эса Ҳитлердан ҳам инсофсиз, деган фикр хаёлимдан ўтади. Чунки Ҳитлер ўш одамнинг ўғлини қийнаб ўлдириб, ўзига тегмаган экан. Каримов эса, нафақат боласини, балки отасини ҳам, онасини ҳам қийноққа солмоқда.

“Ҳе, бунча Каримов, Каримов дейсиз, унда нима айб? Унинг шахсан ўзи мана бундай қилиб қийнайсан, деб ўргатмайди-ку?” дегувчи ҳам топилади. Подшолар “мана бундай қиласан” деб айтмайдилар. Ишора қиладилар. Аммо Каримов айтади.

Эсингиздами, у телевидение орқали “Ота-оналар қаёққа қарамоқда, бундан кейин боласи жиноят қилган ота-онадан ҳам сўраймиз” деди. Шундан кейин бир айбни кимнингдир елкасига илиш керак бўлса, унинг кўз олдида отасини қийнаш ёки онасини зўрлаш учун камерага олиб кириш одат бўлди. Агар энди ҳам боғланиш топа оламасаниз, у ҳолда ҳолимизга вой!

Ироқда Аби Ғрейиб (аслида балки Ғаройиб бўлса керак-ЖМ) қамоқхонасида америкалик бир аёл аскар эркак маҳбусларнинг устидан “кулгани”, уларни қийнагани бутун дунёнинг диққатидан тушмади. Аёл аскарни қамашди. Лекин бугунга қадар ҳамма демократик давлатларда шу ҳақда эсланади. Мусулмон давлатларининг матбуоти эса ҳар куни бу ҳақда ёзадилар, раҳбарлари бу ҳақда тинмай гапирадилар, муллалари маърузани шундай бошлайдилар…

Лекин Ўзбекистонда эркак миршаблар аёл маҳбусларни исканжага солишлари, иззат-нафсларини, номусларини топташлари далиллар билан ўртага қўйилса ҳам бировнинг иши йўқ. Ҳатто унча-бунчага овозини чиқармайдиган БМТнинг вакили бориб, бу мамлакат сурункали қийноқлар ўлкаси экан, деб қайтса ҳам биров пинагини бузмайди.

Яқинда (3 Сентябр, 2006) АҚШнинг “Вашингтон пост” (The Washington post) газетасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Kreg Murrey(Craig Murray)нинг каттагина мақоласи чиқди. У Ўзбекстонда маҳбусларни қандай қийнашлари ҳақида ёзганди. Шунда Ўзбекистон билан яқиндан қизиқадиган америкалик бир кекса одам׃

-Бу сайлов олди ўйини,-деди,- ҳозир бутун мусулмон матбуоти Ироқ масаласида бизни “урмоқда”. Бизникилар кун тартибини ўзгартириш учун бу мақолани чиқаришган. Энди бутун мусулмон дунёси одамларни тириклайин қайнатаётган Каримовга ҳужум бошлайди.

Мен кулдим ва׃

-Адашасиз…-дедим.

-Ҳа, ўқиганман,-деди у.-Ўзбекистонда қийноқнинг инсон боласи хаёлига келтира олмайдиган турлари бор экан. Каримовнинг мухолифларига у мақталган шеърларни ёдлатишаркан. Диндорларга эса Каримовнинг китобига сажда қилишни буюрармишлар. Уларни шарманда қилиш учун уятли деб билинган касалликларни юқтиришаркан. Лекин ёшим саксонга етиб, тирик одамни қайноқ сувда қайнатишлари ҳақида эшитмаганман. Бу даҳшат-ку! Инсоният бунга қандай чидаши мумкин?

-Инсоният чидай олмаслиги мумкин, аммо “мусулмон давлатлари” деб аталадиган мамлакатлар чидайдилар, чунки уларнинг ўзида ҳам айни ҳол. Ҳар бирида биттадан Каримов ўтирибди,-дедим.

-Менимча Каримов уларнинг қироли бўлса керак!-деди чол киноя билан.
Бу киноя ортида “Каримов қийноқлар қиролидир!” деган гап бор эди.

7. ҚЎРҚУВДА САҚЛАШ

Зокир Алматов ва бошқа собиқ раҳбарлар судга қатнаб юрибдилар.(Хабарлар оқимидан).

Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва сенатор Эркин Воҳидовнинг ўғилари тузган ширкатлар шоҳнинг қизи Гулнора Каримованинг ширкатлари билан рақобат майдонига тушиб қолади. Кўп ўтмай Алматовнинг ўғли қонунларни оёқ ости қилиб юргани ҳақидаги ҳисобот Каримовнинг столига қўйилади.

Ўртада миллионлар айлангани боис ва Андижон масаласида фиғони фалак бўлиб юрган Каримов жаҳлга минади, Алматовни қабул қилмай қўяди. Айни пайтда Покистонда элчи бўлган Анвар Солиҳбоевни чақириб׃ “Вазир бўласан” дейди.
Каримов қабул қилмаётганидан кўнгли ғаш Алматов касалхонага қатнайди ва “Умуртқасида рак(саратон) ўсимтаси топилди” деган ташҳиз билан Москвага боради.

Бу хабар Каримовни жаҳл отидан туширади. Чунки унга “Алматов яқинда ўлиши мумкин”лигини айтишади. Докторларга кўра, умуртқа поғонасида саратон пайдо бўлмайди, балки вужуднинг бошқа жойида пайдо бўлиб, умуртқа поғонасига тарқалиши мумкин. Бу ҳолни метастаза дейишади. Бу вазиятда касал узоғи билан бир ойнинг ичида оламдан ўтиши мумкин.

Алматов Каримовни яна ҳам ишонтириш учун Москвадаги ва Берлиндаги танишлари орқали Олмонияга кетади. Оила аъзоларини ҳам Ўзбекистондан олиб чиқади.

Лекин атрофида кўтарилган шов-шув аста-секин унинг фойдасига ишлай бошлайди. У Каримовга ўзининг “муҳим одам”лигини кўрсатади. Тошкентга хабар йўллаб, ўзига “Сиёсий бошпана берамиз, демоқдалар” дея айтади. Бу Каримовни чўчитиб юборади ва “Нима бўлса ҳам, йўлини қилиб, қайтиб келсин”, дейди.

Алматовни мукофоту тантанлар билан нафақага кузатишнинг сири ҳам ана шунда.

Янги вазир ҳақидаги хабар тарқалишини Солиҳбоевдан кўрган Каримов Ички ишлар вазирлигидаги генераллар номидан “Бизга МХХдан раҳбар қўйманг” деган илтимосномани инобатга олган бўлиб, Баҳодир Матлюбовни вазирликка тайинлайди.

Орадан вақт ўтиши билан Каримов “Алматов тузалмоқда” деган гапга ишонмай қўяди ва унинг ўғли ҳақидаги ҳисоботни терговга беради. Алматов ва Воҳидовнинг ўғиллари дарҳол ушланадилар. Каримовнинг “Зокир тўплаган барча бойликларини топширсин!” дегани бўйича тергов Алматов томонга бурилади. Ҳозир у судга қатнаб юрибди.

Аслида ҳам Каримов бир йил олдин Алматовни алмаштирса, уни судга боғлаб қўйиб, тўплаган бойлигини тортиб олиш билан кифояланган бўларди. Алматовнинг ўзини сақлаб қолиш ўйини бу сценарийнинг Каримов томонидан режаланмаган қисми бўлди, холос.

Собиқ Бош вазир ва вице-президент Шукрулло Мирсаидов, Олий мажлиснинг собиқ раислари Мирзаолим Иброҳимов, Шавкат Йўлдошев, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Адҳам Фозилбековлардан тортиб, катта лавозимларда ишлаган ва Каримовга яқинлиги, содиқлиги билан танилган Исмоил Жўрабеков, Ўткир Султонов, Мавлон Умурзоқов, Абдусамад Полвонзода, Пўлат Абдураҳмонов, Азиз Носиров, Равшан Ҳайдаров, Козим Тўлаганов, Қодир Ғуломов ва ҳоказо ва ҳоказо ўнлаб собиқ вазиру нозирлар, ҳокиму ҳакамларни Каримов судга тортиб қўйган.
Ўлдириб ўлдирмайди, яшатиб яшатмайди.

8. БИРИНИ БИРИГА ЕДИРИШ

Мавлон Умурзоқов тўйига Темур Алимовни таклиф қилмабди.(Хабарлар оқимидан).

Бир куни Президент Девонининг бешинчи қаватида қизиқ ҳолга дуч келдим.

Бир куни Президент Девонининг бешинчи қаватида қизиқ ҳолга дуч келдим. Коридорнинг бир томонидан ўрта бўйлик, тўлачадан келган, кулча юзли, истараси иссиқ киши келмоқда. Унга қарши томондан эса озғин, ингичка юзли, истараси совуқ бир киши келмоқда. Улар бир-бирларини кўришлари билан бошларини эгиб, қўлларидаги қоғозларни титкилаб, ниманидир унутган одамлардек шошиб ортга қайтиб, хоналарига кирдилар. Ўрта бўйлиги Мавлон Умурзоқов эди. Озғини эса, Темур Алимов. Мен Мавлон аканинг ҳузурига бораётгандим. Қабулхонасига кирсам, унинг ўзи турибди. Салом-аликдан сўнг׃

-Илон юқорига кетдими?-деб сўради.

Темир Алимовнинг лақаби “Илон” эди. Мен унинг қайтиб хонасига кирганини айтдим.

Юқорида эса, фақат Каримовнинг хонаси.

-Крайновга айтсангиз-ку, навбати билан чақирарди,- дедим мен Мавлон акага.

-Крайнов ҳам ҳар томонга ўйнайди. Баъзан атайлабдан иккаламизни ҳам чақиради,-деди у Президентнинг котиби ҳақида.

Президентнинг икки маслаҳатчиси орасидаги муносабат ана шундай эди. Аввалига Крайновни ора бузувчи, деб ўйладим. Вақт ўтиб, бир кун Каримов билан унинг нутқини кўраётгандик, у тугмани босиб, Крайновга׃

-Ана уларни қабулхонага чақириб қўй, бир-бирини чўқиб ўтирсин,-деди.

Унинг ҳузуридан чиқар эканман, қабулхонада Умурзоқов, Жўрабеков ва Алимов турганини кўрдим. Ҳаммасининг қовоғи солинган, худди қаердадир фалокат юз бергану улар катта ташвиш остида қолгандек, бошларини хам қилиб ўтирар эдилар.

Кейин билсам, Жўрабеков билан Алимовнинг ҳам ораси бузуқ экан.

Бир кун Мавлон ака׃

-Бу аблаҳ телефонларимга қадар эшитади,-деди бармоғини деворга томон найзалаб.

Табиийки, у Алимовнинг хонаси томонни кўрсатаётган эди. Алимов ўшанда ҳуқуқ-тартибот соҳасини назорат қилар эди. Мафиядан тортиб, Алматовгача, МХХдан тортиб, Бош прокуроргача унинг измида эди.

Кадрлар масаласи эса, Умурзоқов билан Жўрабековнинг қўлида.

Каримов уларни бир-бирига душман қилиб қўйиб, ҳамма гапдан бохабар бўлиб турарди. Умурзоқовдан Алимов ҳақида ҳужжат тўплашни сўраса, Алимовдан Умурзоқов ҳақида маълумот талаб қиларди. Кейин бу маълумотларни уларга кўрсатиб׃

-Кўрдингми, нима қилиб юрибсан? Ана у ошнанг олиб келиб берди, ундан эҳтиёт бўл,-дея сейфга ташлаб қўяр экан.

Ана шу иш услуби Олий мажлис, ҳукумат идораси, вазирликлардан тортиб, вилоят ва туман ҳокимликларига қадар сингдирилган. Каримов ҳоким ва ўринбосарини тайинлаш чоғидаёқ уларни бир-бирига душман қилиб қўяди.

Бугунга келиб, бу – жамиятнинг касаллигига айланди. Ҳар икки киши бир-бирига душман. Ҳатто мамлакатдан чиқиб кетиб ҳам бу касалликнинг домида юрганлар жуда кўп.

Аслида Каримов бу масалада катта кашфиёт қилган эмас. Балки зеҳниятни яхши билиб, уни қўлланиб, “кашфиёт”га айлантирган…

Бундан бир неча йил олдин “Бирлик”нинг баҳс марказида кимдир менинг номимдан танишларимдан бирини ҳақорат қилиб ёза бошлади, унинг шахсий маълумотларини эълон қилди.

Дарҳақиқат, у мендан ёрдам сўраб, шахсий маълумотларини юборган эди. Мен унга қўлимдан келгани қадар ёрдам бердим. Бир кун унинг ўзи менга ёзган хатида “Эҳтиёт бўлинг, А.(шартли-ЖМ) Сизнинг адресингизга кирган шекилли, иккаламизнинг ёзишмаларимизни умумий душманимизга етказибди”, деганди.

А.нинг компютер илми яхши эди, лекин электрон почталарни очишига ишонмадим.

Гап бунда эмас. Гап шундаки, ҳалиги танишимиз ўзи ҳақидаги маълумотлар “Бирлик” сайтида чиқиб кетгач, менга душманга айланди. Менинг устимдан шикоят, бўҳтон ёзмаган жойи қолмади. Орадан бир-икки йил ўтиб, билсам, ҳалиги танишим ўзи ҳақидаги маълумотларни мендан олдинроқ ёрдам сўраб, “умумий душманимиз” дегани -Б.га юборган экан. Кейин Б. билан оралари бузилиб қолгач, менга мурожаат қилган. Балки яна бошқага ҳам юборган бўлиши мумкин. Аслида осмон узилиб, ерга тушган эмас. Демоқчиманки, сал нарсага душманлашиш қонимизда бор.

Бир ривоят айтишади. Йилдирим Боязид Авропани босиб олишга шайланган пайтда, 27 мамлакатнинг раҳбари Амир Темурга мактуб йўллаб, ўзларини қайсар Боязиддан қутқаришни сўрашади. Темур парво қилмайди. Шунда Темурга Боязиднинг номидан бир хат боради ва “Сен чўлоқ, менга қарши бош кўтармоқчимисан, ҳали?!” дейилади унда. Айни пайтда бошқа бир хат Йилдиримга ҳам боради. Унда эса “Сен кўр, менга қилич ўқталмоқчимисан, ҳали?!” дейилган экан.

Шундан кейин ўртада қирғин бошланиб, дунёнинг гардиши бошқа томонга бурилиб кетган экан.

Бугун ҳам кимгадир лақаби ёки бир нуқсини айтиб, “Сени кўр” ёки “Сени чўлоқ” деди деб қўйилса, бас, бир-бирини еб ташлайди.

Ўзбекнинг ана шу заиф нуқтасидан Каримов ва каримовчалар жуда усталик билан фойдаланишмоқда.

…Каримов Алимовга׃

-Мавлон сенга “Илон” деб лақаб қўйибди…

Каримов Умурзоқовга׃

-Темур сенга “Тошбақа” деб от қўйибди…

Бу ҳикоя Умурзоқов қамалиши билан битди. Аммо минглаб янги ҳикоялар бошланди ва бошланмоқда!

9.АЙҒОҚЧИГА АЙЛАНТИРИШ

Ўзбекистонда хориждан пул олганлар солиқ тўлаб-тўламаганлиги юзасидан текширилмоқда.(Хабарлар оқимидан).

1990 йилда Олий Кенгашнинг Ошкоралик қўмитасига раис ўринбосари этиб сайланганимдан кейин Самарқанддан Тошкентга қатнаб ишлай бошладим. Менга ўхшаб вилоятлардан қатнаб ишлаётган депутатлар кўп эди. Бизга Вазирлар маҳкамасининг меҳмонхонасидан жой беришди. Меҳмонхона иккига бўлинган экан. Бир томонда доимий яшовчилар учун коттеж шаклида қурилган бино. Бу ерда вазирлар, вазир ўринбосарлари ва бошқа мулозимлар уй олгунча ойлаб, йиллаб яшаб келар эканлар.

Иккинчи бино одатий меҳмонхона шаклида бўлиб, бу ерда вақтинчалик меҳмонлар истиқомат қилишар экан. Бизга ана шу қисмдан жой беришди. Мазкур бинода ошхона, катта ҳовуз ва сауна ҳам бор эди.

Биз 10-12 нафар депутат эрталаб биргаликда чой ичишга тушганимизда баъзи вазир ёки вазир ўринбосарлари бизга яқинроқ ўтириб, суҳбатимизга қулоқ солиб туришганини сезиш қийин эмасди. Буни табиий ҳол, депутатларга қизиқиш деб ўйлардим.

Ишдан кейин ҳовуз бўйида тўпланардик. Сауна қабул қилардик. “ИАК” китобимда ёзганимдек, шу кунларнинг бирида Каримов менга Олий Кенгашдаги гап-сўзларни ўзига етказиб туришимни айтган ва бундан хунобим чиқиб юрган эдим.

Бир кун, саунада эканлигимизда Каримовнинг “талаби”ни депутат дўстларимга айтдим ва сессияда шу ҳақда гапирмоқчиман, қўллайсизларми, дедим. Ўша пайтда “КГБ саунадаги суҳбатни ёза олмайди” деган гап бўларди. Балки бу жойда КГБнинг “қулоқ”лари куйиб кетади ёки КГБнинг “қулоқ”лари иссиқ жойда ишламайди, деб ўйлашган ҳам бўлишлари мумкин.

Қаранг-ки, айни “талаб”ни Каримов яккама-якка суҳбатда бошқаларга ҳам айтган экан. Ҳамманинг иқрори мени севинтирди. Бу бир-биримизга ишонч белгиси эди.

Аммо эртасидан бошлаб ҳовуз бўйида тўпланадиган вақт келганда ҳар кимнинг бир иши чиқиб қоладиган бўлди. Кимдир “уйига бориб келмоқчи”, кимдир “хаста”, кимдир шаҳардаги “дўстиникига ўтиб келиши” керак ва ҳоказо…

-Жаҳонгир, агар сессияда шу ҳақда гапирсангиз, мен сизга қарши чиқишга мажбур бўламан,-деди депутат Эркин Ҳожиев.-Бу Ватанга хизмат масаласи, ватанпарварлик имтиҳони бу! Истасангиз, ҳозир Ислом ака билан боғлайман ва ўз орамизда гаплашиб оламиз.

Биринчи қаватда ҳукумат телефони бор эди. У шундай деб мени ўша томонга чорлади. Бормадим. Хафа бўлдим. Демак, булар келишиб, гапни Каримовга етказган, деб ўйладим. Шу ердаги депутатлар билан бир-бирма суҳбатларимдан кейин, орадан анча вақт ўтиб билдимки, ўзаро келишув бўлмаган, аммо ҳамма бир-биридан чўчиб қолган экан. Лекин..

Ўшанда Ҳамза Эшназаров деган ҳақиқатпарвар депутат

-Жуда қизиқ экан. Муҳим бир масала билан борсанг, қабул қилмайди. Мен депутат Иномжон Турсуновни Тошкент меҳмонхонасида миршаблар дўппослагани масаласида бир неча марта бордим, Крайнов “У киши йўқлар” деб айтди. Ҳозир ҳам ҳар куни бир марта телефон қиламан, учраша олмайман. Лекин фалончи фалон иш қилмоқчи, шуни етказишим керак, ўзлари шундай топшириқ берганлар, десанг дарҳол қабул қилар экан. Баъзи депутатлар шундай деб кириб, бошқа ишларини ҳам бажариб юрибдилар,-деди.

Ҳамза ака оддий ўқитувчидан чиққан тўғри сўз одам эди. 7-сессияда Каримов бизни махсус тайёргарлик кўриб келганликда айблаганда у минбарга чиқиб׃
-Менинг фикримча, президентимиз жуда тўғри гапни гапирдилар, тайёргарлик кўриб келган бўлса керак деб, тайёргарликсиз ҳам келиш мумкин-ми, сессияга?-деган эди.

Ҳамза аканинг огоҳлантиришидан кейин кузатсам, баъзи депутатлар очиқдан-очиқ бориб, бўлаётган гапларни айтиб беришар экан. Вазирлар ва бошқалар ҳам шундай қилишаркан.

Шунда меҳмонхона ошхонасида вазирлар ва вазир ўринбосарлари бизга яқинроқ ўтириб, суҳбатимизга қулоқ тутганларининг сирини англадим. Жамиятнинг ҳамма жойида ана шундай айғоқчилик иш услуби жорий этилганини кўра бошладим.

Мухолифатда бўлганимда ҳам мажлис ёки суҳбатимиз тугаши билан орадан кўп ўтмай президент девонидан телефон қилиб, огоҳлантиришган ҳоллари бўлган. Ана шундан бўлса керак, бугунга қадар мухолифатдаги ҳар икки киши бир-бирини айғоқчи деб айблайди.

Дарвоқе, кейинчалик Каримов бу ишни ўз даражасидан МХХ ва бошқа ташкилотлар даражасига туширди. Ҳозир энди маҳаллаларда ҳам айғоқчилик – бозори чаққон иш.

Бугунга келиб халқни айғоқчига айлантиришнинг минг хил йўллари ўйлаб топилди. Мухолифатга яқин ёки мухолифат орасидаги ишонувчан соддаларни ҳам ҳар турли йўл билан бошқарадилар.

Мана энг охирги мисол. Маълумки, солиқ инспекцияси хориждан пул олганларнинг кейинги йиллардаги даромадларини текшириб чиқмоқда. Яқини шу идорада ишлайдиган бир одамнинг маълумотига кўра, текширув Андижон воқеаларидан олдинроқ бошланган. Текширувчилар солиқ тўланмаган жуда катта миқдорларни аниқлашган.

Аммо аксар ҳужжатларни МХХ олиб кетган. Нега олиб кетади? Табиийки, текширилган одамларни ўзига ишлатиш учун.

Мухолифатга яқин бўлган Х.(фактларни аниқ текшириб чиқиш имконияти бўлмагани учун унинг исмини шартли равишда Х. деб олдим-ЖМ) кейинги йилларда хориждан 78 минг доллар пул олган экан. МХХ унинг бир неча минг долларга сотиб олган данғиллама ҳовлисини текшира бошлаган.
Бирданига барча текширишлар тўхтаб қолган. Лекин мухолифатнинг дўсти бўлиб кўриниб юрган бу одам бирдан мухолифат орасини бузувчига айланди.

Дарҳақиқат, мазкур хабарни олмагунимча унинг ҳаракатлари мени таажжубга солиб юрганди. Буни билиб қолдим. Аммо билмаганларимиз қанча?

Мухолифатни бирлаштиришга уринишимиз билан шундайлар ишга солинади, Каримовнинг ва режимнинг қонли сирлари ҳақида ёза бошлашимиз билан шундайларга кун туғади.

Каримов оз қолсин, бутун миллатни айғоқчига айлантирди. Лекин айғоқчи бўлишни шараф деб билганлар ҳам бор.

1994 йилда Туркияда таълим олган бир талаба Ўзбекистонга қайтиши билан биз ҳақимизда қарийб бир китоб ҳолида ҳисобот ёзиб, МХХга берибди. Буни қаёқдан билдим? Ҳайратланманг. Унинг ўзи айтиб берди.

-Бу менинг Ватанга хизмат қилиш тушунчамдир,-деди у яна Туркияга келганда.

Шундан бери унинг юзини кўрганим эмас. Каримовнинг бу “кашфиёти” бутун миллатни ана шундай юз кўрмас қилиб қўймоқда.

10.МАДДОҲЛАШТИРИШ

Ўзбекистонда маддоҳлик одамлар онгига болалар боғчаларидан бошлаб сингдирилади. (Хабарлар оқимидан).

Талабалик йилларида домламиз, ТошДУ профессори Очил Тоғаев “Таниқли қариндошларингиздан бири ҳақида очерк ёзиб келинглар” деб вазифа берди.

Ўйлай-ўйлай Зоҳид тоғам ҳақида ёзишга қарор қилдим. Аслида Зоҳид тоғам дадамга холаўғил. Дадам “тоға” деганлари учун биз ҳам тоға дердик. Аммо фақат тўй-маъракаларда кўрганим учун у киши ҳақида тайинли бир нарса билмасдим. Ёзолмадим. Кейин Тошкентдан Самарқандга бордим. Тоғам-Зоҳид Нарзиқуловнинг кафедрасига бордим. Раҳматли жуда кўнгли очиқ, ширинсухан, воқеаларга инқилобий кўз билан қарайдиган одам эдилар. Ўшанда мени кўриб қувониб кетдилар:
-Тошкентларга кетиб қолибсиз? Шу ерда ҳам ўқиш топиларди,-дедилар.

У киши ҳаммани сизлаб гапирар эдилар. Микробиология соҳасида катта олим׃ фан доктори, профессор, кафедра мудири…

У пайтда бир талаба учун бу етиши қийин бўлган манзил эди.

Тоғамнинг иш жойларида бир қанча шиша-пробиркаларда махсус сув ичига янги туғилган аммо, териси шилиб олинган қўзилар солиб қўйилган эди.

-Булар илмий ишимнинг давоми,-дедилар менинг ҳайратимни кўриб. Мен эса илмий ишлари нима эканлигини ҳам билмас эканман.

-Диабет касалларига инсулин юбориб туришади. Ана шу инсулинни тайёрлашда тўнғиз ҳужайраларидан фойдаланилади. Мен қўзининг ҳужайраларидан фойдаланиш йўлини кўрсатдим. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. Чунки минг-минглаб қўзилар туғилиши билан қоракўл учун териси шилиб олиниб, ўзи ташлаб юборилади.

Гап бу масалада эмас. Гап тоғам ҳикоянинг давомида айтганларида:
-Москвада докторлик диссертациямни ёқлаётган куни бир киши “Нега КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари Леонид Ильич Брежневнинг бу борада айтган гапларини қўшмадингиз?” деб сўраб қолди. Ҳамманинг нафаси ичига тушди. Мен “Ҳамма китобларни кўриб чиқдим, аммо бу борада иҳтибос тополмадим”, дедим. “Бўлиши мумин эмас, у киши ҳамма соҳада гапирганлар”, деди ҳалиги киши. Муҳокамадан кейин домлам зиёфатга чақирди. Ҳалиги савол берган одам ҳам келди. У мени четга тортиб׃ “Мана буни мен ўзим ёзиб берганман”, – дея Брежневнинг микробиология соҳасида айтган гапини кўрсатди. Ўсал бўлдим. Ўша одам КПСС Марказий Комитетида ишлар экан. Бундан кейин бир нарса ёзганимда Брежневдан иҳтибос келтиришни унутмаслигимни тайинлади.
Руслар бизга қараганда инсофлироқ. Лекин қайнукам илмий иш қилаётганда мақола ёзса, Тошкентдан “Фалончи одам бу соҳанинг пири, унинг номини ҳам муаллифлар қаторига қўшинг”, дейишибди. Танимаса ҳам қўшибди. Аммо журналда чиқишидан олдин биров олиб ташлаганми, тушиб қолганми, хуллас, ўша “пир” ҳалига қадар унга йўл бермаяти. Тағин очеркингизга буни қўшманг, у кейин бир умр доктор бўлолмай қолади…

Тоғам Москвада балки бундайроқ одамга учраган бўлишлари мумкин. Лекин барибир ўша давр бугунги Каримов давридан бешбаттар бўлмаган. Каримовнинг даврида бўлса эди, тоғамнинг илмий иши орқага қайтиши бир томон, балки уни сен юртбошининг номини қўшмадинг, тўнғизнинг ўрнига қўйнинг ҳужайрасини таклиф қилдинг, бу диний масала, дея Жаслиққа жўнатишган бўлишарди…

Каримов ҳокимият теппасига келган пайтларда энг эътибор берган нарсаси журналистлар, ёзувчилар, шоирлар ва олимларни маддоҳга айлантириш бўлди. У уларга катта вазифалар берди ва мукофотлар тарқатиб турди. Вазифа беришдан аввал бир нарсани ёзиш ҳақида топшириқ берарди.

Бир куни мени телерадио қўмитасига раис этиб тайинлаш ҳақидаги фармонга қўл қўйиб:
-Мана числоси ёзилмаган. Ҳозир борсангиз иш кўпайиб кетади. Шунинг учун олдин бир масала бор, шу билан шуғулланинг…,- шаклида гапириб, Шукрулло Мирсаидов ва хотини Дилбар Мирсаидова ҳақида ҳужжатлар тўпланган икки “дело”ни берди. Бундан қандай қутулганим ва числосиз фармон натижаси ҳақида “ИАК” да ёзганман.

Бошқаларга ҳам худди ана шундай топшириқлар берарди ва улар садоқатларини кўрсатиб, бир нарса ёзсаларгина мансабга ўтардилар.

Ўшанда жуда кўп адиблар Каримов ҳақида бирор нарса ёзиб, катта-катта мансаблар ола бошладилар. Кейин у бу борада шуғулланишни маддоҳ маслаҳатчиларига топширди.

Маслаҳатчилар шу қадар уста бўлиб кетдилар-ки, Каримовнинг душманларига ҳам уни мақтаб асарлар ёздира бошладилар.

Каримовдан нафрат қилганлардан бири адабиётшунос Озод Шарафиддинов эди. У билан Каримовнинг қилмишлари ҳақида кўп гаплашганмиз. Лекин бирданига у Ўзбекистон қаҳрамони, ўғли эса Ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлди. Аслида бирданига эмас. У Каримов ҳақида “Президент” деган китоб ёзди. Китоб 2001 йилда нашр этилди, у 2002 да қаҳрамон унвонини олди. Каримовга маддоҳлик-Ўзбекистон қаҳрамони!

Шоира Гулчеҳра Нуруллаева ибораси билан айтганда, “Шарафиддинов “маддоҳизм” калимасининг муаллифи” эди. Аммо раҳматли маддоҳизмнинг бош қаҳрамони, бош маддоҳлардан бирига айлантирилди ёки айланди.

1999 йил феврал воқеаларидан кейиноқ Эркин Воҳидов Каримовга қарата “Сизга отилган ўқ менга тегсин”, деган шеър билан чиқди ва шу йўналишда кўп нарса ёзди. Августга бориб, унга ҳам “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони берилди.

Худди ана шундай ҳолни Абдулла Орипов, Саид Аҳмад, Зикир Муҳаммаджонов, Тулепберган Қаипберганов қаби “қаҳрамон”лар фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

Унвонлар, орденлар, медаллар, мансаблар ҳатто бизнес ҳам фақат ва фақат Каримовни мақтаган кишиларга берилди, берилмоқда. Олимлик ҳам шундай бўлди. Каримовни мақтаб китоб ёзсангиз бас – сиз тарих ёки сиёсатшунослик фанлари доктори.

Боласига “Ислом” деб исм қўйганларга гилам тарқатилгани эсингиздами?

Бугун энди мактаб ва олийгоҳларда Каримовни мақтамаган талабалар тузумнинг душманлари рўйхатига киритилиб, улар жамиятдан узоқлаштирилмоқда.

Яқинда бир танишим айтиб қолди:

-Бир куни болалар боғчасга борсам, энди тили чиққан жажжиларга Каримов ҳақидаги шеър ёдлатилмоқда. Боламни олиб кетмоқчи эдим. Кетмади, “ёдладим”, “ёдладим” деб бақирди. Билсам, ким тез ёдласа, тарбиячи шоколад берармиш.

Қамоқдан ёзилган бир мактубни ўқидим:

“Каримовдан нафрат қилиб, унга қарши курашганларга у мадҳ этилган шеърларни ёдлатишмоқда…”

Каримовнинг маддоҳлаштириш борасидаги “кашфиёти” бу қадар кенг тус олгани ҳақида ўйлар эканман, АҚШ телевидениесида жуда машҳур бўлиб кетган “Қамоқдан қочиш” кўп серияли филмидаги бир манзара кўз олдимдан ўтаверади׃

Қамоқдан қочган кишини ушлаш учун уни тузоққа тушириб, ўраб оладилар.

-Тиз чўк!-деб бақиради унга қурол ўқталган миршаб.

-Менинг китобимда фақат Худога тиз чўкиш ёзилган, бу атрофда эса Худони кўрмаяпман,-дея у қуролига қўл чўзади.

Биладики, шундай қилса, уни отишади…

11. БОШИДАН “ДАРЧА ОЧИБ” ҚЎЙИШ

Ўзбекистонда калтакланмаган мухолифат аъзоси қолмади, ҳисоб. (Хабарлар оқимидан).

1992 йилнинг 1 Июл куни Самарқандда эдим. Чунки бир кун олдин опамникида тўй бор эди ва шунга боргандим. Эртасига эса сессия бор эди.

Самарқандга боришимдан бошлаб, тўйда ўтирганимизда ва кейин уйга қайтганимизда ҳам мени кузатиб юришди. Шу боис яқинларимдан бир-икки нафарини уйда олиб қолдим.

Нимадир бўлишини кўнглим сезаётганди. Чунки сессияга қаттиқ тайёргарлик кўрган эдик ва Олий кенгаш раиси Шавкат Йўлдошевни четлатиб, кейин янги қўйилган раиснинг ёрдамида Каримовга ишончизлик билдириш режасини тузгандик.

Кўп сонли мухолифатчилар шу куни олий Кенгаш биноси олдида митинг ўтказиб, ташқаридан туриб сессияга босим ўтказиши керак эди.

Табиийки, ҳукумат ҳам тинч турмаётганди.

Саҳарлаб йўлга чиқишим керак эди. Биринчи рейсга жой олиб қўйгандим. Аммо кузатишларни кўриб, жиянларимдан бирига саҳарлаб соат беш атрофида келишни ва унинг машинасида Тошкентга боришимизни тайинладим. Кузатишларни сезганимдан кейин хаёлимдан нима бўлса ҳам Тошкентга бормаслигим учун ҳаракат қилишади, деган гап ўтганди.

Саҳар пайти дарвозанинг даричасини очиб ташқарига бир одим қўйишим билан яшил иҳоталар орқасида нимадир қимирлаганини сездим. Дарҳол орқага, ҳовлига қайтиб, ичкаридан, дераза муюлишидан ўша жойга қарадим. Ёш бир йигит дарвоза томонга қараб тиз чўкиб, ўтирибди. Қўлида тайёқчадек қилиб ўралган газета.

Уни ушлашга қарор қилдик. Бирдан ташқарига отилиб чиқиб, унга ташландик. У ваҳимага тушиб қолди. Ҳамма нарсасини ташлаб қочишга уринди. Мен важоҳатда унга Ички ишлар вазирлигидан берилган гувоҳномаси билан кўйлак чўнтагини йиртиб олибман ва қарасам унинг баданида овоз узатгичлар ҳам бор. Уни ҳам узиб олдик.

У қочиб, нариги кўчанинг бурчагида ўзини кутиб турган машинга минганча кўздан ғойиб бўлди. Мен ҳам турли йўлларни қўлланиб, Тошкентга етиб олдим.

ЭРК партияси биносига келсам, матбуот конференцияси бўлаётган, мухолифат аъзоларидан бир қанчаси калтакланган ёки қамоққа олинган экан. Мен мухбирларларнинг олдига Ички ишлар вазирлигининг 7-бошқармасида ишлаган шахс-Иззатдинов номига берилган гувоҳнома ва овоз узатгич жиҳозларини қўйдим.

Воқеани гапириб бериб, Олий кенгашга кетдим.

Ўшанда Ички ишлар вазири Зокир Алматов тентак бўлиб қолаёзганди. У сессия бошланмасдан олдин менга ялиниб, кечирим сўраб:

-Биз сизга ва бошқаларга ҳам ҳужум бўлиши мумкин дея махсус қўриқчилар қўйгандик,-деди.

Аммо мен ундан:

-Шундай бўлса, нега мени огоҳлантирмадингизлар?-деб сўрадим.

-Тўйингиз бор эди, кайфиятингизни бузмайлик, дедик-да…

-Лекин кузатувчиларингиз тўйда ҳам ўтиришганди, биз уларни суриштирсак нега қочиб қолишди?

-Биздан рухсат бўлмаса, сизга айта олмас эдилар…

-Қўриқлайдиган бўлса, дарвозанинг ёнида қўлида арматура билан яшириниб ўтирадими?

-Менга ишонмасангиз, ана Ислом акамдан сўранг, у кишининг топшириқлари бу!-деди сессия олдидан вилоят раҳбарлари билан гаплашиб турган Каримовни кўрсатиб.

Аламатовнинг гапи тўғри эди. У топшириқни Каримовдан олган. Фақат Каримов “Қўриқланглар” деган эмас, балки “Бошини ёриб қўйларинг” деган. Чунки айни гапни у сессияда ҳам айтди. “Керак бўлса, икки юз, уч юз кишининг калласидан дарича очиб қўйиш керак” деди у.

Шундан кейин мухолифатга алоқаси бўлганларни арматура билан уриб кетиш одатга айланди. Нега арматура? Нега бошига уриш? Шу ҳақда ўйлар эканман, ёдимга 1991 йилги воқеа тушди.

Бир куни Каримовнинг хонасида эканимизда у телефонда Бош вазир ўринбосари Бахтиёр Ҳамидовни сўка бошлади

-Каллангдан дарча очиб қуйдираман!-деди у Ҳамидовга.

1992 йил ёзида эса бу гапни сессияда айтди. Дилдаги тилга келди.

Бугунга қадар рўйхатини қилсангиз боши ёрилганлар сони минглардан ошиб кетди. Мустақиллик келган кунлардан бошланган бу тажриба бугун ҳам давом этмоқда.

12. СИРЛИ-СИРЛИ ЎЛДИРИШ

Ўзбекистонда режимга мухолифатда бўлганлар орасида сирли ўлимлар кўпайиб бормоқда. (Хабарлар оқимидан).

1970 йилларнинг бошида Самарқандга вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби қилиб юборилган Владимир Николаевич Қодиров (У етимхонда ўсгани учун унга урусча ном беришган-ЖМ) инқилобий ишлар бошлайди. Жуда қисқа вақтда порахўрлик, талон-тарож, адолатсизлик, ҳақсизликнинг олди олинади. Ҳуқуқ-тартибот соҳасидагилар, қассоблару каззоблар, савдо ходимлари-ю мафия қаршилик кўрсата бошлайди.

Бу ҳолнинг ип учлари вилоятда узоқ йиллардан бери ижроқўм раиси бўлиб ишлаётган Синдор Ҳамроқулов(Шароф Рашидовнинг тоғаси-ЖМ)га бориб тақалаётгани учун Қодиров у билан келишмай қолади.

Халқ орасида мисли кўрилмаган даражада обрў қозонган Қодировни четлатиш мақсадида Ҳамроқулов унинг масаласини Марказий Комитет бюроси муҳокамасига киритишга муваффақ бўлади.

Бунда Марказий Комитетда ишлаган урус оғайниларни ишга солади. Аммо Рашидов Қодировга енгил жазо бериш ва уни ишдан четлатмаслик керак, деган нуқтада тўхтайди.

Лекин бюро мажлисидан олдин Қодировни ошхонага чақиришади. У овқатлангандан кейин ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Бюрода саволларга жавоб беролмай ҳолсизланиб қолади ва дарҳол Самарқандга қайтади.

Эртасига эрталаб физкултура қиламан, деб йиқилиб қолади. Унинг ўлими сирли ўлимга айланади.

Ўша кун мен Тошкентдан Самарқандга борсам, кўчалар одамларга тўлиб кетган. Эски шаҳардан Аэропорт томонга қараб халқ оқиб бормоқда. Ҳамма бош эгган ва хафа.

“Уни заҳарлабдилар…”

Бу гап тез-тез қулоққа чалинарди. Уйга борсам, опамнинг жажжи ўғилчаси югуриб келди׃

-Тоға, тоға, Ленин ўлибди,-деди у.

Ўшанда Ленинга адолат тимсоли деб қаралгани учун Қодировни Ленинга тенглаштиришган ва бу ҳатто жажжи болаларнинг қулоғига қадар етган экан.

Қодировнинг номи афсонага айланиб кетганди. Унинг қассобларни қўлга туширгани, ўзи таксига миниб, таксичини ушлагани, милиция ходимига пора узатиб, қўлга туширгани… ҳақида гаплар қулоқдан қулоққа ўтиб юрарди.

Бу ҳақда “Самарқандни титратган 525 кун” деган китобда Аҳмаджон Мухторов билан ҳаммуаллифликда батафсил ёзганмиз. Бу китоб 1990 йилларнинг бошида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида ҳам чоп этилганди.

Қодировдан кейин Самарқанд вилоят партия комитетининг мафкура бўйича котиби Тоғаев, ундан кейин савдо идораси раҳбари Шаропов ва бошқалар ҳам сирли равишда ўлдилар.

Охир оқибатда Синдор Ҳамроқуловнинг ўлими ҳам сирли ўлимга айланди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин тарих буларни унутди. Балки булар унуттирилди.

Мен Самарқандни билганим учун унинг тарихидан бир-икки мисол келтирдим.

Бундан воқеалар Тошкентда ва бошқа вилоятларда ҳам юз бермаган, деб ҳеч ким айта олмайди. Чунки тарих ўрганилмади, ундан хулоса чиқарилмади. Шунинг учун бу нарсалар Каримовга янги “кашфиётлар” учун замин яратди…

1993 йилда бир муддат Туркманистонда турганимизда Мурод Жўраевнинг оиласи ҳам бир неча кун биз билан турганди. Шундан унинг ўғлини яхши биламан. Унинг ажойиб овози бор эди. У менинг Амир Темур номидан ёзган шеърларимни куйга солиб, қўшиқ қилиб айта бошлаганди. Жуда қобилиятли бола эди. У онаси билан Муборакка қайтгач, кунларнинг бирида нафаси бўғилиб қолади. Касалхонага олиб боришади. Аммо “Отаси келсин” деган шарт қўйишади. Отаси бу пайтда Туркиядан Алматига борганди.

Ўғлининг ўлим куни Муборак атрофи ўраб олиниб, Мурод Жўраевни пойлашгани ва чегараларда уни қидиришгани ҳам унинг ўғлининг ўлими сирли ўлим эканлигини кўрсатади. Зотан, 14-15 ёшлардаги қўнғироқдек овозли ёш бола нафас етмай қолишидан ўлишига мен ишона олмайман.

Бухорода 90-йилларда “Эрк”нинг Когон тумани котиби Мирзо Ўринов ва Жондор тумани котиби Чули Хидировлар 40 ёшга кирмай сирли равишда ўлиб кетган эдилар…

1990 йиларнинг бошида диний партия тузган Абдулла Ўтаев сирли равишда йўқолиб кетди.

1994 йилда таниқли уламо Абдували қори Тошкент аэропортида сирли равишда ғойиб бўлди.

Каримовга қарши чиққан собиқ Ўзбекистон халқ депутатлари Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, кейин адиб Эмин Усмон…

Бу рўйхатни давом эттиравериш мумкин. Қанчадан-қанча ёш йигитлар диндор дея терговларда, авахталарда ёки кўча-куйда ўлиб кетдилар…

Энди сирли ўлимлар чегараларни ҳам ошмоқда.

Ҳали Марказий Осиё жумҳуриятларида, ҳали Россияда ва мана Америкада ҳам…

Андижонлик қочқинларга “Қайтманглар” дея уларнинг орасида тарғибот олиб борган икки барваста йигит – Олимжон Собиров ва Зоҳиджон Маҳмедовларнинг ўлими…

Тарих адолатли ҳукм қиламан деса, бу бедодликни батафсил текшириб чиқиши керак.

Бир ривоят бор. Девонбеги шоҳни ўлдирмоқчи бўлган кишини йўқотишни буюради. Бундан хабар топган шоҳ дарҳол девонбегини дорга осдиради.

-Нега бундай қилдингиз?-дея сўрайди севган хотини.

-Унинг ўрнида сен бўлганингда ҳам дорга осилардинг,-дейди шоҳ.

-Сизнинг душманингизни йўқотсам ҳам-ми?

-Ҳа! Лекин мен буюрган бўлсам, мукофот олардинг! Мен буюрмаган бўлсам, дорга тортиласан! Чунки бу ишинг билан менинг ваколатимга шерик бўлиш истагинг борлигини сездириб қўясан. Олдини олмасам, бир кун менга қарши буйруқ беришинг ҳам мумкин!

Ҳа, яккаҳокимлик шароитида ҳеч бир амалдор ўз ташаббуси билан бундай ишларга қўла ура олмайди. Чунки қилган ишидан диктатор хабар топиб қолса, ўзининг ҳам боши кетишини билади.

13.МАЪНАН ЙИҚИТИШ

Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни маънавий жиҳатдан ҳам йиқитиш одат тусига кирган. (Хабарлар оқимидан).

1980-йилларда Ўзбекистон телевидениесининг Москвадаги мухбири бўлиб ишлаган Раимжон Султонов Шароф Рашидовнинг сўнгги кунлари ҳақида шундай ҳикоя қилганди׃

-Шароф Рашидович кутилмаганда Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонасида бир неча кун туриб қолди. Ҳеч кайфияти йўқ эди. Билишимча, ҳар куни эрталаб Андроповнинг қабулхонасига телефон қиларди. Кейин у ердан кун бўйи жавоб кутарди. Бир ҳафта ана шундай ўтгандан кейин у қабулга боролмай Тошкентга қайтди. Аэропортда Ҳиндистонга кетаётган Ҳайдар Алиев билан учрашди. Кейин Хоразмга борди. У ердан Қорақалпоғистонга ўтиб, ўша ерда ўлиб қолди…

Ислом Каримовга устозлик қилганлардан бири Ғафур Ғуломнинг куёви Қудрат Ахмедовдир. 1990 йилларнинг бошида у Сайлов комиссиясининг раиси эди. “ИАК” да ёзганимдек, бир кун Каримов ҳужжат юритувчи, асосий ёрдамчиси Равил Абдуқодировга׃
-Равил, бу қарияни инфарктгача олиб бор!-деганига гувоҳ бўлганман.

Шундан кейин Каримов Ахмедовни қабул қилмай қўяди ва у юрак хуружидан вафот этади…

Мустақиллик декларцияси қабул қилинганда Олий кенгашга раис бўлган Мирзаолим Иброҳимов сессиянинг эртаси куни кабинетида ёмонлашиб қолди. Маълум бўлишича, Каримов телефон қилгандан кейин у юрак хуружига учраган…

“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторовни журналистикадан четлатган Каримов унга ҳеч қаердан иш берилмаслигини буюрган. Ҳаётини журналистикасиз тасаввур қила олмайдиган бу одам қийналиб юриб, мияга қон қуйилишидан вафот этди…

Убайдулла Абдураззоқов Каримовга энг астойдил хизмат қилганлардан бири. 1993-1994 йилларда Туркияда элчи эди. Ташқи ишлар вазири вазифасидан элчиликка бадарға қилинганди. Кутилмаганда уни Тошкентга чақиришди. Учқичдан тушиши билан дипломатик паспортини қўлидан олиб қўйиб, ўзини Ташқи ишлар вазирлигига оддий бир ишга тайинлашибди. У Каримов қабулига кираман, деб кўп уринган, аммо қабул қилинмаган. У ҳам Каримовга чин дилдан хизмат қилиб маънан йиқилиб оламдан ўтган…

Каримовнинг командасида бўлиб, кейин маънан йиқитилганларнинг сон-саноғи йўқ. Озгина ёқмай қолса ёки биров бир гап етказса тамом, ўша одам учун Каримовнинг эшиклари ёпилади.

Каримов нафақат ўзининг атрофидагиларни балки мухолифатдагиларни ҳам маънан йиқитиш чораларини кўрди. Уларга иш бермаслик, агар мустақил иш қилсалар, тинимсиз текширавериб тинкаларини қуритиш, ҳар нарсани баҳона қилиб терговга тортиш… шу йўллар билан ўзгача фикрловчиларни жамиятдан, одамлардан узоқлаштиришга уринди ва бунга муваффақ ҳам бўлди.

Ўзгача фикрловчиларнинг ўзлари-ку ўзлари қанчадан-қанча яқинлари ҳам маънан йиқилдилар.

Бизнинг оиламизга қилинган зуғумлар, умр йўлдошимни судга тортиш, доимий тазйиқлар, айрилиқ уқубатларини кўтара олмай қайнонам, истеъдодли олима Саломат Қодирова 1995 йилда 58 ёшда юрак хуружидан оламдан ўтдилар.

Мухолифатчилар ва режимдан куйганларнинг ана шундай маънан йиқитилган ота-оналари, қариндошлари озми? Буни ўйлаб ҳам кўрмаймиз ва бунга парво ҳам қилмаймиз.

Бу аслида халқимизнинг асрлар давомида маънан йиқитилгани билан ҳам боғлиқдир. Саҳрода ялпиз ўсарми?!

Таёққа мансаб бериб қўйсангиз, ўшанга ҳам эгилиб, салом беришади.

Халқ ҳақида ёниб-куйиб, мансабидан айрилган одамни халқ ўша куни тарк этади.

Халққа қарши туриб, бойлик тўплаб, кейин мансабдан кетганларнинг эса зиёфатини, ошини еб юраверади.

Пул ва мансаб унинг учун Тангридан ҳам баландроқ туради. Албатта, сўзда эмас, амалда.

Каримов ана шу нуқсдан усталик билан фойдаланди ва фойдаланмоқда.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, қишлоқда кимнингдир тўйи эди, тўйни очиш учун “оғзи катта”лардан бирига сўз беришди. Ўшанда КГБдан чиққан Андропов СССРнинг раҳбари бўлган пайт эди. “Оғзи катта” мамлакатга ана шундай қаттиққўл раҳбар кераклигини айтиб, уни узундан узоқ дуо қилишдан гап бошлаганди.

Шунчаки сиёсат бўлса керак, деб ўйлагандим. Орадан кўп ўтмай Андропов ўлди. Ҳалиги “оғзи катта” уни кўзда ёш билан эслаб юрди.

Кейинчлик шу одамнинг Усмонхўжаев “латта”, Нишонов “лапашанг”, мана Каримовга ўхшаган қаттиқўл раҳбар керак, деганини ҳам эшитдим.

У менга ҳам дашном бериб, Каримовга қарши чиқма, оилада ота маҳкам бўлмаса, болалар талтайиб кетади, оила барбод бўлади, деганди. Яқинда эшитсам, ўша “оғзи катта”нинг болалари чет элларга кетиб қолишган, у бир ўзи ғариб, бечораликда яшаб, ўлганини ҳам бир неча кундан кейин билиб қолишибди…

14. САЗОЙИ ҚИЛИШ

Ўзгача фикрловчиларга улар истиқомат қиладиган маҳалла, қишлоқларда босим ўтказилмоқда.(Хабарлар оқимидан).

Қишлоқда уйимизнинг қаршисида нонвойхона бор эди. Нонвойхона жуда катта залнинг бир бурчагини эгаллаганди. Бу ерда баъзан турли йиғинлар ҳам ўтказиларди. Ҳатто очиқ судлар ҳам шу ерда бўларди. Бир мартасида қишлоқдаги бригаданинг табелчисини суд қилишди. У одамларнинг соатидан, ҳақидан урган экан. Текшириш давомида бу ишни билмасдан қилгани, у табел юритишни билмагани ҳолда табелчиликни қабул қилганидан келиб чиққани аниқланган.

Одамлар барибир ундан ғазабда эдилар. У ўмарган пулларидан бир қисмини судяга берган, деган фикрда бўлганлар ҳам йўқ эмасди. Судя табелчини қамаб юбормоқчи эди. Амаким уни жамоатчилик тарбиясига беришни сўрадилар. Судя жазони шартлига алмаштириб, ҳукмни ўқиб чиқиб кетди.

Амакимни ҳамма ҳурмат қиларди. Оппоқ сочлари ва оппоқ соқоллари ўзларига жуда ярашар, гапирганда мантиқ билан сўз юритар эдилар. Одамлар ҳурмат қилиб, амакимни “Раис бобо” дер эди. Илгари колхозда раис бўлганлар. Туманда узоқ йиллар бош заминдор лавозимида ишлаганлар.

Амаким мени жуда яхши кўрардилар. Иккаламиз яқин дўст эдик. Мен ҳам ҳазиллашиб “Раис бобо” десам, кулиб қўярдилар.

Одамлар шовқин-сурон этиб, табелчини муҳокама қила бошладилар. Кимдир уни “Қишлоқдан қувиш, сазойи қилиш керак,” деб қолди. Одамлар шовқин сурон қилишар экан, амаким ўртага чиқиб, гапира бошладилар׃

-Бир гап айтишдан олдин дўппини бир четга олиб қўйиб, ўйлаб кўриш керак. Хўп, буни сазойи қилайлик, қишлоқдан қувайлик, деяпсизлар. У осмондан тушган одам эмас. Ана қабристонга бориб кўринглар, отаси, бобоси шу ерда ётибди. Кўз ўнгимизда ўсди. Бирор марта ўғирлик қилганини ёки бировнинг ҳақини еганини кўрдик-ми? Йўқ. Отаси ҳалол одам эди. Буни ё шайтон йўлдан урган ёки ўзи иқрор бўлганидек, адашган. Биз уни қишлоқдан қувиб чиқарсак, қаерга боради? Қаерга борса ҳам унга эмас, бизга лаънат айтишади. Бу-масалнинг бир томони. Иккинчи томони эса, у ростдан ҳам адашган бўлса-чи? У дунёи бу дунё гуноҳкор бўлмаймизми? Суд бизга ишонди, биз кафилликка олдик. Кир бўлди, деб бармоғингизни кесиб ташлай олмайсиз. Одамларни сазойи қилиш, қишлоқдан қувиш ваҳшийлик давридан қолган. Бугун унинг бошига тушган кулфат эртага бошқанинг ҳам бошига келиши мумин. Ҳаммани қуваверсак, яккамохов бўлиб қолмаймизми?

Хуллас, амаким анча гапирдилар. Халойиқ у кишининг фикрига қўшилди. Табелчи йиғлаб юборди. У қишлоқдан қувиш ҳақидаги гапдан йиғламаганди. Аммо қишлоқда қолишини эшитиб йиғлади.

Мен амакимнинг ақлли инсон эканликларидан ғурурландим.

“Америка овози” радиосида ишлаганимда бир қанча инсон ҳуқуқлари фаолларини ўз маҳаллаларида муҳокама қилишганини эшитдим. Буни юқоридаги воқеа билан буни солиштириб бўлмайди. У ерда ўғирликда айбланган кишини адолат билан муҳокама этишди. Бу ерда эл-улусга адолат истаган инсонларни ўз Ватанидан бадарға қилиш ҳақида гап борган.

Хуллас, ким Каримовга “Инсофли бўл” деса, у ўша одамни маҳаллаберун қилишга интилди.

Бу яқин йилларнинг ҳикояси. Аммо Каримов бу ишни 1990 йилларнинг бошида бошлатганди.

Бир кун Ошкоралик қўмитасининг котиби Тойиба Тўлаганова менга ва Эркин Воҳидовга:

-Бугун мени маҳаллада муҳокама қилишар экан. Эркин ака, сиз раисимиз ва Жаҳонгир ака, сиз ўринбосар сифатида бориб, бир нарса демайсизларми?-деди.
-Борамиз,-дедик.

Кечга бориб, Эркин акани тополмай қолдим. Ҳар доимгидек, қандайдир шошилинч иши чиқиб қолган эмиш. Олий Кенгашда ишлаётган депутатлардан бир-икки нафарини олиб, Тойибанинг маҳалласига бордик. Мажлис мактабнинг залида экан. Асосан чол-кампирлар чақирилган ва ҳаммаси хафақон. Мен телевидениеда чиқиб юрганим учун баъзилари танишди. Мажлисни туман раҳбарларидан бири очди ва бир кекса одамга сўз берди. У Тойибани Президентга қарши чиқиш учун сайламаганлари, балки ўзларининг муаммоларини ҳал қилиб бериш учун сайлаганларини айтди. Қолганлар ҳам айни гапни такрорлаб, сўзни “бунақа депутат керак эмас”, деганга олиб келишди.

Шунда раҳматли амаким ёдимга тушдилар. Қишлоқдаги муҳокама ҳақида гаплашиб қолганимизда׃

-Ўшанда нега қабристон ҳақида гапирган эдингиз?-деб сўрагандим.

-Одамлар қабристонга борганда ва қабристон ҳақида ўйлаганда самимий бўладилар,-деган эдилар амаким.

Шуни эслаб, мен ҳам сўз сўрадим. Қабристон ҳақида бир ривоятни айтиб бердим.

-Қадимда бир шоҳ яшаган экан. У қабристонга боришни ёмон кўрар экан. Яқинлари ўлганда ҳам бормас экан. Бир ундан бунинг сабаби сўрашганда у:

-Мен умр бўйи ёлғон гапирдим ва ёлғон эшитдим. Отам қабристонга ёлғон билан кириб бўлмайди, кирсанг қабр азобига дучор бўласан, дердилар,- дебди…

Чол-кампирлар бу ривоятдан сергак тортиб қолдилар. Кейин мен гапни соддалаштириб׃

-Яқинда маошлар оширилди. Унга президент қўл қўйди. Орқасидан нархлар ҳам ошди. Унга президент ўзи қўл қўймай, Бош вазирга қўл қўйдирди. Ўшанда Тойиба: “Бунақа ўйинлар қилиб юрмасдан маошларни бозор нархига боғлаб қўяйлик, айниқса, пенсионерларнинг маоши шундай қилиниши керак, бозор нархи кўтарилса, маош ҳам кўтарилсин” деб айтгани учун президентдан дашном эшитди.

Кейин Тойиба׃ “Ҳукуматнинг бюджети шаффоф бўлсин, пул қаерга кетмоқда? Нега йўлларни таъмирлашга, мана бу мактабларни таъмирлашга пул йўқ”, деб сўраганди яна президент унга дашном берди. Сўнг Тойиба׃
“Милиция, суд қачон адолатли идора бўлади? Одамларнинг умри шу идораларнинг эшигида ўтиб кетмоқда”,деганди Президент׃ “Сиз депутатсиз, бизнинг ижро ҳукумати назоратидаги бундай ишларга аралашманг”,- деб унга дакки берди. Яна бир кун Тойиба озиқ-овқат талонлари ҳақида гапирди:
“Халқни озиқ-овқат талонларига боғлаб қўйдингиз. Лекин одамларнинг қўлида талон бор, магазинда эса ёғ йўқ, пахтани ўзимиз экамиз, ёғи қаерга кетмоқда?” деб сўраганди, президентга ёқмади. Бошқа бир кун Тойиба президентдан׃
“Сиз ҳам бир кун автобусда юриб кўринг, бир марта қассобдан гўшт сотиб олинг, қишнинг совуғида оддий одамлар яшаётган домга кириб кўринг”, деганди Президент уни ҳақорат қилди. Кейин мана бу- менинг ёнимда ўтирган раҳбарларни сизларнинг уйингизга юбориб, Тойибани муҳокама қилиш керак, деб буюрди. Бор гап шу, дедим.

Залда ғала-ғавур бошланди.

-Нега ҳақорат қилади?

-Бизнинг депутатимиз бизнинг дардимизни айтибди, раҳмат унга!

-Тўғри гап, президентни ўзи мана бу ерга келиб, жавоб берсин!..

Туман раҳбарлари шошиб қолишди ва мажлис депутатнинг сайловчилар билан учрашуви деб эълон қилиниб, Тойибанинг фаолиятини қониқарли, деб баҳолаш билан тугади.

Икки кундан кейин Каримовнинг топшириғи билан Олий Кенгаш раиси қонунларга хилоф равишда Ошкоралик қўмитасини ёпиб қўйди. Қўмита ҳам сазойи қилинди.

15.ПОРА БЕРИБ, ПОРА ОЛУВЧИГА АЙЛАНТИРИШ

Пул билан битмаган иш, кўп пул билан битади.(Қўшиқдан).

1980 йилларнинг охирига келиб, жамият сиёсий жиҳатдан уйғониб қолганди. Ошкоралик кўп иллатларнинг пайини қирқа бошлаганди. Одамлар пора беришни ожизлик белгиси, пора олишни эса ўзлигини сотиш, деб тушуна бошлагандилар.
Қисман эркинлик бўлгани одамларни қимирлатиб қўйган ва даромад борлиги учун ўқитувчидан ҳукумат мулозимига қадар ҳамма бугунги каби умидини порага тикмаганди.

Ўшанда бир кун Каримовнинг ёрдамчиси Крайнов телефонда кимгадир:

-Аввал Президент фондига боринг, келганингизда қўлингизда квитанциянгиз бўлсин,-деганини эшитиб қолдим.

Президентнинг фонди бор экан-да, деб ўйладим.

Бошқа бир кун Олий Кенгаш биносининг ёнида Жомбой туманига ҳокимликка номзод қилиб юборилган кишини кўриб қолдим. У Исмоил Жўрабековнинг қабулига киролмай қайтаётган экан. Унга “Аввал атаганингни Президент фондига ўтказ”, дейишибди. Шундан кейин бу қанақа фонд экан, деб қизиқиб қолдим. Крайновдан сўрасам׃

-Бунақа саволларга жавоб беролмайман, ўзларидан сўраш керак,-деди.

Олий Кенгашнинг Иқтисод қўмитасида солиқлар ва маошлар борасида ҳукумат лойиҳасига қарши тайёрланган икки қонун таклифи муҳокама қилинаётганда Каримов кириб келди. Анча савол-жавобга бориб қолдик. Ўшанда ундан׃

-Ислом ака, қанақадир Президент фонди бор экан, ишга тайинланган раҳбарлар олдин ўша фондга пул ўтказишлари шарт қилиб қўйилибди. Сизнинг отингиз билан боғлиқ бўлгани учун сўраяпман, шундан хабарингиз борми?-дедим.

Каримов қизариб кетди. Депутатлар орасида жонланиш пайдо бўлди. Демак, уларнинг ҳам хабарлари бор.

-Спортчиларни рағбатлантириш керакми? Спорт иншоотлари қуриш лозим-ми? Президент бирор жойга борса, ҳадя олиб бориши даркорми?..

Каримов ана шундай саволларни қалаштириб ташлади. Шунда депутлардан бири

-Бюджетда бу нарсаларга ҳам пул ажартилган-ку! –деди.

-Сиз бюджетни қаерда кўрдингиз? Бюджетдан хабарингиз борми ўзи, ука? У ерда ҳамма нарса умумий қилиб ёзилади…

Каримов гапни шу билан бюджет томонга буриб юборди ва шу ҳақда узоқ гапирди. Аммо мен Каримов томонидан расмий фонд тузилгани ва бу пора олишнинг янгича усули эканлигини англадим. Бу фикримни бошқаларга ҳам айтсам, улар ҳам айни фикрда эканлар. Комиссия тузиб, фондни текширишга қарор қилдик. Каримов депутатлар ижро ҳокимияти ишига аралашмоқда, деб жанжал кўтарди. Охири у “Фонд масаласини ўзим текшириб чиқаман”, деб босди-босди қилди. Унинг шунақа одати бор эди. Масалани орқага суриб-суриб, кун тартибидан чиқариб юборарди.

Каримов узоқ йиллар Давлат планлаштиирш қўмитаси(“Госплан”)да ишлаган. Бу идора пора бериш ва пора олишнинг марказига айланган. 1991 йил охирида Иқтисод олийгоҳида бўлган сайловолди учрашувида Каримовнинг ўзи бу ҳақда айтиб қолганди׃

-Ҳамма нарса Москвага кетади. Мана мен “Госплан”да ишлаганман, ўзим биламан, вилоятлардан дипломатга солиб, олиб келинади ва “Госплан”дан дипломат билан Москвага олиб борилади. Битта дипломатга Ленин бободан (Ленининг сурати бўлган қизил 10 сўмликдан-ЖМ) бир миллиони (Бир миллион рубл-ЖМ) сиғади. Ўзим ташиганман. Олиб бормасак, ҳеч нарса беришмас эди. Оддий мехчани планга киритиш учун ҳам дипломат олиб боришимиз керак эди.

Ана шундай тажрибага эга бўлган Каримов ҳам 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошида очиқ пора олишга қўрқиб қолганки, фонд масаласини ўйлаб топган. Фондга пул ўтказишда ҳар бир лавозимнинг ўз баҳоси бўлган. Аммо кейинчалик бу фонднинг кераги бўлмай қолган. Чунки бутун жамият пора беришга ва пора олишга ўргатилди. Бугунга келиб пора берилмайдиган ва пора олинмайдиган жойнинг ўзи қолмади. Ҳатто етарли пул бўлса, Каримовнинг ўзини ҳам кетгазиб берамиз, деган одамлар бор. Шунинг учун ҳам қизиқчи Мирза “Пул билан битмаган иш, кў-ў-ў-п пул билан битади” деб қўшиқ айтади-да!

…Университетда ўқиганимизда Гадоев деган бир домла бўларди. Агар курс староста(курсбоши)си унга берган рўйхатда исмингиз бўлмаса, ҳатто саволга жавобни китобдан ёдлаб кирсангиз ҳам “Саволни четлаб ўтиб кетдингиз-ку”, дерди.

Бир кун унинг ана шу гапини эшитиб, зачёт ололмай, қўлимдаги телпагимни ўйнатиб чиқаётгандим, ҳазилга ўч бўлган курсдошим Дилором Исҳоқова кулиб׃

-Гурсиллаб йиқилиб чиқаяпсизми? Мана шу телпагингизни берсангиз-ку йиқилмасдингиз,-деди.

Унинг ўзи ичкарига кирар экан׃

-Ўзингиз ҳам йиқилиб чиқманг, тағин,-дедим.

-Ўтмасам, мана шу телпакни ташлаб чиқаман-да,- деди у бошидаги қундуз телпагига ишора қилиб.

-Нима, Гадоев аёлларнинг телпагини ҳам оладими?-десам, Дилором бир нарса демоқчи бўлди-ю, кулиб, ичкарига кириб кетди.

Кейин юқори курсдагилардан эшитсак, уч сўм берсангиз ҳам, бир сўм берсангиз ҳам Гадоев индамай олиб, зачёт қўйиб берар экан. Пора олиш унинг касаллигига айланган экан.

Бугун-чи? Бугун бутун ўзбек жамияти ана шундай вазиятда. Исми-жисмига монанд Гадоев қамалиб кетганди. Аммо бу жамият нима бўларкин?

16.ДУНЁНИ ЧАЛҒИТИШ
Ўзбекистонда қабул қилинган қонунлар амалга кўчмай қолади.(Хабарлар оқимидан).

1991 йилда Ўзбекистон мустақиллиги қонунлаштирилгандан кейин илк расмий ҳукумат ташрифи Россияга бўлди. Ҳайъатни ҳукумат раҳбари – Вице президент Шукрулло Мирсаидов бошқарди. Мен ҳайъат таркибига қандай қўшилганимни ҳалига қадар билмайман. Чунки Каримов охирги дақиқада менинг номимни ўзи қўшганини айтганди. Шукрулло Раҳматович эса, “Мустақиллик учун курашганлардан ҳам бирортасини қўшайлик”, деб менинг номимни қўшганига ишора қилганди.

Аниғи шу эдики, мен Россияга борадиган расмий делегацияга қўшилганимни охирги кун билгандим. Гап бунда эмас.

Бизни жуда катта тантана билан кутиб олишди, музокараларда Борис Елциннинг ўзи бевосита қатнашди ва охирида катта зиёфат берди. Анчагина ичилди. Мен Мирсаидовга яқин ўтирган эдим. Қарши томонда ўтирган Елцин қўлида қадаҳи билан ўрнидан туриб, биз томонга ўтди. Шукрулло ака ўрнидан турди. Биз ҳам турмоқчи бўлгандик, Шукрулло ака қўлини елкамга қўйиб, ўтираверинг, ишорасини қилди. Буни кўрган бошқалар ҳам қайтиб ўтиришди.

Елцин Мирсаидовга:

-Шу ўзингникини яхши биласан-ми?-деди.

-Бўлмаса-чи?

Гап Каримов ҳақида бораётганини англадик.

-Кеча менга телефон қилиб, “Комсомолская правда”да танқидий мақола чиққан, газетанинг танобини тортиб қўйишга ёрдам беринг, деди. Мен унга биз мустақилмиз, матбуотимиз ҳам мустақил, мана сен ҳам мустақилсан, десам ҳам тушунмади. Кейин бу мустақиллик қонун билан мустаҳкамланганини айтдим. У бўлса, қоғоздаги гап бошқа, амалдагиси бошқа, деди. Мана бу – сиз билан имзолаганимиз ҳам қоғозда қолмайдими? Мен умуман қонунларни ҳурмат қиламан. Лекин у…

Елцин Шукрулло акани четга тортиб қулоғига нимадир деди. Шукрулло ака ноқулай вазиятда қолди. Елцинннинг гапини биз эшитдик, деб ўйлади, шекилли, бошини эгиб индамай тураверди. Лекин биз эшитмаган эдик.

Кейин Елцин айланиб жойига қайтди-да: “Қонунлар бажарилиш учун қабул қилинади, бажарилмаса, қоғозга айланади, қоғознинг ўрни қаердалигини ҳаммамиз биламиз”, деди. Ҳамма бош силкиб қўйди. Ҳатто менинг ёнимда ўтирган Конституциявий суд раиси Шавкат Ўразаев ҳам “Тўғри” дегандек бош қимирлатиб қўйди.

Худди шунга ўхшаш вазият Украинага борганимизда ҳам юз берган. Қрим турклари ҳақида икки томонлама келишув матнига Украина томони жиддий ўзгаришлар киритди. Биз қарши бўлдик ва Президентнинг Миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов Каримовга телефон қилди. Каримов “Рози бўлаверинглар, қоғозда қолиб кетади, барибир”, деди.

Сессиялар ва сессия олди мажлисларида кўп гувоҳи бўлдим, бирор ҳужжат ҳақида гап борса, Каримов׃

-Биринчи галда халқаро стандартларга мос бўлсин, кейин ўзимизнинг шароитга мослаймиз,-дерди.

Шунинг учун ҳам ўша пайтда қабул қилинган жуда кўп қонунлар ва ҳатто Конституциянинг ҳам сирти демократик дунё стандартлари даражасида эди. Лекин Каримов икки юзи бўлган қонунчиликни кўзлаган экан. Қоғозда бошқа, амалда бошқа.

Айтишингиз мумкин, бутун мамлакатни телефон билан бошқариб бўлмайди, қонун қабул қилингандан кейин кўп жойларда барибир унга мурожаат қилинади, деб.
Йўқ. Каримов дунё тарихида бўлмаган янгилик яратди. Ҳар бир қонун қабул қилингандан кейин, мазкур қонун ижроси ҳақида ҳукуматнинг қарорини чиқарарди. Ана шу қарор парламентдан чиққан қонундан устун бўлади. Қарорнинг бир жойига “Ушбу ҳужжат билан қонун орасидаги тафовутлар ҳукуматнинг кейинги қонун лойиҳаларида инобатга олинсин”, деб қўшиб қўйилади. Қонунга ҳам, бу қарорга ҳам Каримовнинг ўзи имзо чекади.

Каримовнинг бу қарори барча идораларга мажбурий тарзда бажарилиш учун юборилади. Натижада Парламентдан чиққан қонун қоғозда қолиб кетаверади. Масалан, қонунда “Ўзбекистонда цензура бекор қилинган” деб 1991 йилдаёқ ёзиб қўйилган ва ҳукуматнинг қарорида эса, акси бўлгани учун цензура яшайверди ва ҳоказо.

Каримов бу билан дунёни чалғитишга, дунёни алдашга уринди ва бунга эришди ҳам. Ҳалига қадар ҳам содда дунё Ўзбекистонда қабул қилинган баъзи қонунларга ишонади!

Бир кун сессияда судлов асосларини белгилайдиган қонунлар қайта қабул қилинаётган эди. Мен “Бир айб учун-бир жазо” принципига ўтиш таклифини айтдим. Буни Олий суд раиси Муҳаммад Бобур Маликов, Бош прокурор Бўритош Мустафоев ва Қонунчилик қўмитаси раиси Эркин Халиловлар ҳам тўғри деб топишди. Ҳатто Муҳаммад Бобур Маликовнинг׃

-Жаҳонгирнинг таклифи тўғри,-деган гапи ҳалига қадар ёдимда.

Орадан бир неча кун ўтгач, ҳужжат газетада чиқди. Қарасам, менинг таклифим киритилмаган.

Олий Кенгаш девонининг раҳбари Омон Олимжоновга (шоир Ҳамид Олимжоннинг ўғли-ЖМ) мурожаат қилсам, у шуни ҳам билмайсизми, дегандек мийиғида кулган бўлиб׃

-Қонун қабул қилиндими, тамом, бизнинг қўлимиздан чиқади. Уни Президент имзолаб, матбуотга жўнатади,-деди.

-Лекин матбуотга сиз жўнатибсиз,-дедим мен баъзи ички жараёнлардан хабардор эканлигимни кўрсатиб.-Охирги тузатишлар киритилган вариантни кўрмоқчиман.

У ноқулай вазиятда қолди.

-Биз ҳамма тузатишларни киритиб, Президент девонига олиб бориб бергандик…

-Бўпти, бориб, Ислом аканинг ўзидан сўрайман,-деб чиқиб кетдим.

Орадан кўп ўтмай Омон Ҳамидович эшикнинг ёнига келиб, мени имлаб чақирди-да хонасига бошлади.

-Орамизда қолсин. Мана охирги вариант. Мана сизнинг таклифингиз. Қўшилган. Лекин Ислом акам қўшмабдилар. Кўнглингизга келмасин, фақат сизникини эмас, бошқаларини ҳам, аввал бир кўриб чиқинглар, деб қўшмадилар. Илтимос, шу гап шу ерда қолсин,-деди.

Мен охирги вариантдан нусха сўрадим. Омон Ҳамидович “касал” бўлиб қолди.

Сессия стенограммасини талаб қилдим ва бу гапни сессияга олиб чиқдим. Лекин стенограмма топилмади, деган баҳона билан масала йўққа чиқарилди. Мен телевидениенинг ёзувларини олиб келдим. Каримов шундан кейин׃

-Шу нарса сизга керак-ми, ўша қўшимча киритилган билан бир нарса ўзгарармиди? Ахир сиз юрист эмас-ку, балки ўша қўшимчанинг салбий оқибатлари бўлиши мумкин. Қўйинг, ҳаммасини ўрганиб чиқайлик, керак бўлса, кейин қўшиб қўямиз.Таклиф айтган битта сиз эмас! Шунча одам ахмоқ-ми, улар масаланинг шу томонини тушунадилар, сиз нега жанжал қиласиз? Ахир бу мамлакатнинг, бу парламентнинг, бу қонунларнинг обрўйи менинг ҳам обрўйим?!-деди.

Каримов қонунчиликда ана шундай жиноий йўлни танлади ва жиноят қилишни обрў деб билди.

17.ҚОН БИЛАН ҚЎРҚИТИШ ёки АКУЛА

Ўзбекистон халқи руҳий қўрқув ва депрессияга йўлиқтирилмоқда.(Хабарлар оқимидан).

Болалигимда бир кун ҳовлимиздаги дарахтдан мева тушириш учун тош отаётгандик, опам улоқтирган тош менинг пешонамга урилди. Бир сесканиб кетдим. Опамнинг ранги учиб кетган, ерда ўтириб олиб йиғлай бошлади. Менинг юзимдан иссиқ бир нарса оққандек бўлди. Қўлим билан силиб қарасам, пешанамдан қон оқаяти. Бирдан вужудимни қўрқув босди.  Опам қонни кўриб, қўрққанидан йиғлай бошлаган экан. Мен ҳам опамга қўшилиб йиғлаб юбордим.

Ўшандан биламанки, одамда қондан қўрқиш инстинкти бор. Балки одам катталашиб борган сари бу инстинкт кучсизланиб борар. Аммо болаликда бу жуда кучли бўлади. 4-5 ёшларимдаги ўша воқеа худи кечагидек ёдимда тургани унинг руҳиятга таъсирини кўрсатади. Бу таъсир шу қадар кучли бўлганки, хотира уни бир умрга ўз хазинасига муҳрлаган.

Америкага келганимиздан кейин баъзи филмлар, телевидение дастурлари олдидан ”Болаларингизга кўрсатманг, ўта қонли жойлари бор” деб огоҳлантиришганини кўрдим ва демак, қон кўринишининг инсон руҳиятига таъсири асосли  эканига инондим.

1990 йилларнинг бошида ҳар куни Ўзбекистон телевидениесида Тожикистонда юз берган қонли тўқнашувлар ҳақида соатлаб дастурлар берилар экан, вужуддан узилиб кетган бош, бир четга тушиб ётган қўл, пешанадан шариллаб оқаётган қон тасвирланган кадрларни такрор ва такрор кўрасатишарди. Орқасидан “Бизда ҳам вазиятни Тожикистондаги каби даражага етказувчилар йўқ эмас” дейиларди. Кейин Бўкада, Паркентда йиғлаётган аёллар… Заминга қоришган қон..

Бир кун Телерадио қўмитаси раиси Ганжа Ёқубовга׃

-Ҳеч кимни ўйламасангиз ҳам болаларимизни ўйланг, бу даҳшатни кўриб, қўрқиб кетишмоқда,-дедим.

-Агар мен сизларнинг болаларингизни ўйласам, менинг болаларимни ким ўйлайди?,-дея Ганжа ака жуда тагдор гап қилди.

Кейин׃

-Ўзи кўриб ўтиради. Телевизорчасини қучоқлаб ётади. “Шу жойларини қайта-қайта кўрсат!”, деб талаб қилади. Шунда ҳам ишонмай, ҳар куни бир-икки кишини жўнатиб назорат қилади,-деди у Каримовни назарда тутиб.

Асли хоразмлик бўлган Ганжа Ёқубов кўнглидагини ана шундай очиқ айтиб, демократияга, ошкораликка мойил эканлигини яширмайдиган одам эди.  Тагдор гапларнинг ҳам устаси эди. Бир кун мен унга׃

-Ганжа ака? Сиз ҳам Хоразмдан, бугуннинг маддоҳбошиси Эркин Самандаров ҳам Хоразмдан, бир жойдан ҳам ундай, ҳам бундай одам чиқар экан-да,-дедим.

У дарҳол жавоб қилди.

-Сиз ҳам Самарқандан, у ҳам…,- Ганжа ака бармоғи билан теппани кўрсатди.

-Нима у Худога айландимики, осмонга ишора қилаясиз?,-дедим.

-Қараб туринг, Худо қолиб, унга сиғинамиз ҳали…

Хуллас, қонли кадрларни ҳар куни кўрсатиш Каримовнинг бевосита топшириғи экан. Бу билан у одамларни қўрқитиб, “Шу кунингга шукур қил, бўлмаса мана бунақа кунга қоласан”, деган фикрни каллаларга қуяётган экан. Кейинчалик ҳам қаерда қон тўкилса, Ўзбекистон телевидениеси энг даҳшатли нуқталарини боз-боз кўрсатар ва орқасидан бир икки мулозим ва албатта битта мулла чиқиб, тинч яшаётганимизни эслатишарди.

Вақт ўтиши билан Тожикистондаги каби воқеалар атрофда юз бермагач, Каримов ўз тажрибасини такомиллаштирди.

1999 йилнинг 16 февралида Тошкент шаҳрида юз берган портлашлар ҳақида Абдусаид Кўчимов раҳнамолигида олинган икки қисмли ҳужжатли филм ёдингиздадур? Бир марта аранг кўрасиз. Бу филмни кўрганлар депрессияга тушиб қоладилар. Шу қадар кўп қон, шу қадар кўп кўз ёши…

Депрессия-бу одамнинг маънан яроқсиз бўлиши, маънан бичилишидир. Каримов шу йўл билан бутун халқни маънан бичиб ташлашни режалаган шекилли, бугунга қадар Ўзбекистон атрофидаги давлатларда юз берган воқеаларнинг энг қонли нуқталарини бот-бот кўрсатиб, одамларни қон билан қўрқитмоқда.

“Огоҳ бўлинг”!-деган жарангдор овоз янграйди. Орқасидан қон оқаверади, оқаверади…Бу нафақат кўрсатилади. Мажлисларда айтилади, газеталарда ёзилади, ҳатто қўшиқларда янграйди…

Кеча АҚШ телевидениесининг илмий изланишлар асосида олинган бадиий филмларни намойиш қиладиган канали эрталабдан кечгача акулалар ҳақидаги филмларни кўрсатди. Акула ташқи кўринишдан жуда сокин, ҳужумкорга ўхшамайди. Аммо қон исини билади. Ёқтиради. Қон оққан жойга етиб боради. Одамлар чўмилаётган соҳилга келганда эса, бировни тишлаб ё оёғини, ё қўлини ўзиб кетади. Сувни  қонга қориштиради. Қўрқув сочади. Соҳилдаги одамлар тум-тарақай бўлиб қочадилар. Ёзда одамлар океан соҳилларига борамиз, дейишса, болалари Интернетдан ўша жойларда акула бўлиб бўлмаганини қидиришади. Акуладан қўрқишади. Чунки  акула деганда ҳар кимнинг кўз олдига қон келади-да!

18.ДЕМОКРАТИЯНИ АЛАБЎЖИ ҚИЛИБ КЎРСАТИШ

Бутун дунё эътироф этган қадриятлар ҳам Ўзбекистонда рад этилади. (Хабарлар оқимидан).

Йиғлаб, ухламаётган болага “Ёт, ана, Алабўжи келаяти” деб айтилганини эшитмаган одам бўлмасa керак. Бунинг ёнида қишлоқдаги қўрқинчли ёки қандайдир қилиғи билан овоза бўлган бир одамнинг номини айтиш одати ҳам учрайди.

Бизнинг қишлоқда эса “Ёт, бўлмаса, Ғулом Алиев қаматади” дейишарди. Мен Ғулом Алиев кимлигини катта бўлиб билдим. “Ленин йўли” газетасида фотомухбир экан. Бадбашара эмас. Аксинча келишган. Болалар кўрганда қўрқадиган кўриниши йўқ. Истараси иссиқ. Аммо биров билан жанжаллашса, ўша одамни ҳеч кечирмас, у билан ҳеч ярашмас экан.

Бизнинг болалик йилларимизда у қўшниси билан жанжаллашиб, бутун қишлоқни айланиб, ҳамма уйга кириб “Отасини ҳам, ўғлини ҳам қаматаман” деб айтиб чиққан экан. У илгари ҳам кимни қаматаман, деса ўша одамни қаматар экан. Лекин битта қўшниси билан беш-олти йил судлашиб, уларни қамата олмай қолибди. Шундан кейин қишлоқдагилар уни масхара қилиб, “Алабўжи” ўрнига қўйишган экан.

Биз бир неча йил бу одам билан бирга ишладик. Жанжал қилганимиз йўқ. Ундан ёмонлик ҳам кўрганим йўқ. Яқинда билсам, у 75 йиллигини юбилей қилибди. Юзга кирсин!

Юбилейидан олдин бошидан ўтганларни бир китоб қилиб ёздириб, Тошкентга олиб бориб, ўз ҳисобига 200 нусхада чоп эттириб келиб, қишлоқда тарқатибди. Гап қамата олмаган одамлари ҳақида экан. Яна у ўзининг устози, уни газетага ишга олган, ёзиш-чизишни ўргатган, уй-жойли бўлишида қўллаб қувватлаган, аммо Каримовнинг қувғинига учраб бир неча йил олдин оламдан ўтган таниқли журналист Аҳмаджон Мухторовни гўрдан олиб, гўрга солибди.

Яхшилик қилиб, ёмонлик олган Аҳмаджон Мухторов ҳақида ўйласам, газетада ишлаб юрганимиздаги бир воқеа ёдимга тушди.

Кеч соат бешдан кейин редакцида қолиб ишлайдиганлар учун бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторовнинг уйидан овқат келарди. Бир кун Аҳмаджон ака чет эл сафаридан қайтиб келиб, ана шу соат бешдан кейинги “зиёфат” устида у томонлардаги ҳаёт ва технология ҳақида ҳавас билан гапириб берди. Бош муҳаррир ўринбосари, ёши бир жойга бориб қолган Манноп ака деган киши негадир фақат у томонларда аёллар, қизлар қандай кийингани ҳақида сўрай бошлади.

“Қизлар яланғоч юрар экан, шу ростми?”

“Аёлар кўчада кетаётган эркакни дарахтнинг остига тортишар экан, бунақасига учрамадингизми?”

“У ерда болалар ота-онани ҳурмат қилмас, бетгачопарлик қилишар экан, шундайми?”

“У ерда пора бериш ҳадя бериш билан бир хил экан…”

Аҳмаджон ака аввалига саволларни кулгига олди. Кейин жаҳли чиқа бошлади ва охирида׃
-У ерда ҳар ким ўзининг кимлигини яхши билар экан, одамлар ғулом эмас экан,-деди.

Бу гап бошқача оҳангда Ғулом Алиевнинг қулоғига бориб етибди. Балки энди китоб чиқариб ғулом бўлмаганини кўрсатиб қўймоқчидир? Лекин нега Аҳмаджон ака тириклигида эмас, ўлгандан кейин? Бу ҳам савол. Савол бўлганда ҳам ўзбекнинг зеҳнияти билан боғлиқ жуда катта савол. Ҳали кўрасиз, Каримов ўлгандан кейин у ҳақда ёзадиганлар қанча кўп бўлади!

…Мен Манноп аканинг тагдор саволларини тез-тез эслайман. 1990 йиллар бошида Ислом Каримов Туркия сафаридан қайтиб келган кунда ҳам эслагандим. Ўшанда у Туркияда колбасанинг турини санашда адашганини айтар экан, лекин у ерда демократияни бетгачопарлик деб тушуниш ҳам борлигини қистириб ўтганди.

Кейинчалик билсам, ўшанда у Истанбулда Туркистон жамияти фаоллари билан учрашганда, жамият раиси, тиббиёт фанлари доктори Аҳад Андижон׃

-Диктатура йўлини эмас, демократия йўлини танланг, ҳозир хато йўлга бош суқдингиз, бу йўлга кирган одам чиқолмай қолади,-деган экан.

1994 йилда Каримов Анталияда таътилда бўлганида ҳам юқоридаги ҳикояни эсладим. Каримовдан суҳбат олиш учун борган Камол исмли журналист айтиб берганди׃ Улар боришса, Каримов телевизорга қараб, жаҳли чиқиб турган экан.

-Шуми, демокаратия?-дебди журналистлар бош вазир Тансу Чилларнинг йўлини тўсиб, уни ўраб олиб, саволга тутаётганларини кўрсатиб.-Бунақа демократиянинг бизга кераги йўқ!

У телевидениеда қизлар ярим яланғоч бўлиб чиқишини ҳам демократиянинг айби, деб баҳолаган экан. Дарҳақиқат, Тошкентга қайтгач׃

-Ана Туркияда кўрдим, телевидение эмас, бузуқхона,-деганди Каримов. Бу гап анча вақт Туркия матбуотида “айланиб юрганди”.

Ўшандан бери ўзбек матбуоти икки хил демократия ҳақида ёзади. Шарқнинг ўзига хос ва ўзига мос – “иштонли демократия”си бор эмиш. Ҳар ҳолда “Диктатура” калимаси ўрнига “Шарқ демократияси” иборасини қўлланишмоқда! Нима эмиш, Ғарб демократияси -яланғочмиш. Бугун ҳам шу ҳақда гап бормоқда ва мактабларда ҳам бу ўқитилмоқда. Яъни Ғарб демократияси жамиятни бузиб юборадиган унсур, деб тушунтириб келинмоқда.

Яқинда Каримовнинг ана шу тарғиботи асосида улғайган тошкентлик бир талабадан хат олдим. У мени Ғарб демократиясини ҳимоя қилишда айблаб, нима, қизларимиз ярим яланғоч юришларини истайсизми, дея савол қўйган.

Кеча эса рус сайтларидан бирида Тошкентга таътилга борган бир киши туширган суратларни кўрдим. Ўнлаб суратлар. Ҳаммасида ўзбек қизлари ярим яланғоч. Наҳотки, Тошкентга Ғарб демократияси кириб борди? Агар кириб борган бўлса, ота-оналар болаларини “Ёт, ухламасанг Каримов келиб, қаматади ёки отиб ташлайди!” деб қўрқитаётган бўлсалар керак?! Лекин ишониш қийин. Чунки бу номдан болаларидан ҳам кўпроқ ўзлари қўрқадилар!

19.ХУСУСИЙЛАШТИРИШ

Ўзбекистонда хусусийлаштириш ниҳоясига етиб қолди. (Хабарлар оқимидан).

Бундан 20 йил олдин Ўзбек тилида “хусусийлаштириш” деган калима йўқ эди. 1981 йилда нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу калима бўлмасада, аммо “хусусий” деган сўз бор. Унинг биринчи маъноси “Бирор шахснинг ёлғиз ўзига қарашли, тегишли бўлган, шахсий” эканлиги айтилади.

Демак, “хусусийлаштириш” ана шу “хусусий” калимасидан ясалган ва бу янгилик эмас. Бунга мустақил Ўзбекистоннинг 15 йиллик тарихи ҳам гувоҳ. Шу даврда Ислом Каримов бутун мамлакатни хусусийлаштирди.

Менинг бу фикримга қаршилар ҳам бор. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

Аввал хусусийлаштиришнинг “яқин тарих”имиздан олдинги давридан бир ҳикоя келтирмоқчиман.

Совет даврида бирорта прокурор, судя, миршаб, ҳукумат мулозимининг шахсий машинаси йўқ эди. Ҳа, расман йўқ эди. Бунга маоши етмас эди. Лекин ҳаммаси шахсий машина минар эди.

Совет даврида бирор прокурор, судя, миршаб, ҳукумат мулозимининг данғиллама уй-жойи йўқ эди. Ишонинг расман йўқ эди. Бунга маоши изн бермас эди. Лекин ҳаммаси данғиллама уй-жойларда яшарди.

Бир куни газетага ёзилган шикоят хати юзасидан Каттақўрғон туманига бордим. Ёзган одам, қўшнисидан шикоятчи эди. Бир неча йилдан бери қарзини тўламас экан. Бу ҳақда туман ва вилоят ҳуқуқ идораларига шикоят ёзса, ўзини 15 кунга қамаб қўйишибди. Боргунча бу одам жанжалчи бўлса керак-ки уни қамаб қўйишибди, деган фикр ҳам ўтди хаёлимдан.

Борсам, бу киши дунёдаги энг мўминқобил одамлардан бири эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Меҳнаткаш одам экан. Қўшнисининг оиласидан биров касал бўлиб, эшигининг ёнига “Тез ёрдам” машинаси келса ёки тўй-маърака қилса, ундан қарз сўрар экан. Бечора кўнгли ҳам юмшоқ одам, бераверар, аммо қайтиб ололмас экан. Қўшниси ҳам буни атайлаб қилмас экан. У ҳам жуда камбағал, уй-жойи йиқилиб кетай, деб турибди. Хоналарда гилам эмас, оддий шолча бўлиб, у ҳам илма-тешик.

Шу қадар камбағал-ки, раҳмингиз келади.

-Мен ҳам қарзларимни сўрамай қўйгандим, аммо яқинда билиб қолдим, номида машина бор экан,-деди қўшниси.

Туманга бориб текширсам, ҳақиқатдан ҳам номида машина бор. Унинг ўзидан сўрасам, “Узоқ бир жияним паспортимни олиб кетганди, кейин қанақадир қоғозга қул қуйдириб олганди”,- деди. Ўша жияни вилоят прокурорининг ўринбосари экан. У камбағал одамнинг номидан ёзилган ишонч варақаси билан машина миниб юрган экан. Шунинг учун шикоят ёзган одамни хулиганликда айблаб, қамаб қўйишган.

Бу ҳам майли, яна суриштирсам, вилоят прокурорининг ўринбосари Самарқандда данғиллама ҳовлида яшар ва бу ҳовли ҳам ҳалиги пахтакор амакининг номида. Бу бир феълетонимнинг қисқача изоҳи. Аммо кейин билсам, бутун мамлакат ана шундай тарзда яшар экан.

Михаил Горбачев даврига келиб, “приватизация” деган гап чиқди. Бу – давлат тасарруфидаги мулкни одамларга ўтказиш эди ва буни “хусусийлаштириш” деб атай бошладик. Горбачев дастлаб ўқитувчилар яшаган уй-жойларни хусусийлаштирганди. Ислом Каримов ҳам шундан илҳомланиб 1990 йиллар бошида  ўқитувчилар ўзлари яшаб турган квартираларни хусусийлаштириб олишлари ҳақида Фармон чиқарганди. Менинг ҳам умр йўлдошим мактабда ўқитувчи бўлгани учун, кўп қатори, биз ҳам ўзимиз яшаб турган “дом”даги уйимизни ўрнатилган қоида асосида хусусийлаштирдик ва бутун харажатларини тўладик.

Ўша кезларда вилоятлардан Тошкентга ишга чақирилган одамларга қонуний тартибда кўп қаватли бинолардан навбат билан квартира беришарди. Мен ҳам Олий Кенгашнинг Ошкоралик қўмитасига раис ўринбосари этиб сайланганимдан кейин 6 ой Самарқанддан қатнаб, меҳмонхонада яшадим. Сўнг 18 қаватли бинодан квартира беришди.

Каримовга қарши чиққанимдан кейин:

-Мен ёмону фармоним яхшими? Уйини тортиб олларинг,-деб буюрибди. Тортиб олиб қизи Гулноранинг ширкатига беришди.

Менку мол-давлатга келиб-кетадиган нарса деб қарайман, шунинг учун ҳам уй-жойга боғланмаган, кўчманчи, дарвеш кайфиятидаги одамман. Оилам ҳам менга мослашган. Лекин ҳаёт-мамоти – шу битта уйи бўлганлар-чи?

Бу веқеани эслашимнинг икки муҳим жиҳати бор. Бири, Каримовнинг “Қонун эмас, мен устун!” деган характерини, иккинчиси эса, хусусийлаштириш деганда, у нимани тушунганини кўрсатишдир.  Демак, у бутун Ўзбекистон меники, мен имзо чеккан ҳужжатлар асосида бирор бир қулайликка эга бўлган одам менга садоқат билан хизмат қилиши шарт деб тушунган.

Шундан келиб чиқиб у юзлаб-минглаб мухолифларининг қонуний тартибда хусусийлаштирилган уй-жойларини очиқдан-очиқ босқинчилик йўли билан тортиб олди. Чунки, яна бир марта такрорлашга эҳтиёж бор: у ўша кездаёқ бутун мамлакатни ўзининг шахсий мулки, ўз оиласига оид деб ҳисоблаган.

Унинг қизи Гулнора Каримова ўнлаб корхоналарни “сотиб олгани” ва кўпларини Россияга сотгани, бошқалрининг марказларини ўша томонга кўчиргани ҳақида хавотир билан гапириб, “Каримов бутун Ўзбекистонни хусусийлаштириб олди”, деганимда, бир танишим кескин қарши бўлди. У “Ўзбекистон жуда катта мамлакат” эканлиги ва “Гулнора ҳамда отаси олган нарсалар уммондан ҳатто зарра ҳам эмас”лигини айтди.

Ваҳоланки, бугун Ўзбекистоннинг бутун энергетика комплекси Россияга боғланди. Ер ости ва ер усти бойликлари Россия билан ҳамкорликда тузилган ширкатлар томонидан ишлатилмоқда. Битта-ярим Америка билан ишлатилганлари ҳам тортиб олиниб, Москванинг қозиғига боғланмоқда.

Муборак газни қайта ишлаш комплексидан тортиб, Тошкент авиасозлик заводига қадар асосий йирик корхоналарнинг яримдан кўп ҳиссаси русларга ўтди. Олтин ишлаб чиқаришдан бошлаб телекоммуникация тармоқларига қадар Москва назоратида.

Россия Америка эмас. Америка маданиятли, унга “Чиқиб кет” десангиз ва қонуний йўлини кўрсатсангиз чиқиб кетади. Аммо Россия кетмайди ва қайтармайди. Ҳатто Ўзбекистон тўла демократик давлат бўлганда ҳам буларни қайтариб бўлмайди. Чунки ҳаммаси доимийга қилиб, қоғозда халқаро қонунларга мосланган. Бошқа йўл билан олиш эса, Россия билан уруш дегани. Кўраяпсизки, Каримов оиласининг олгани оз эмас.

Бундан ташқари Каримовнинг командасида бўлган тўралар мамлакат бўйлаб, қариндош-уруғлари номига кўчмас мулк, корхоналар ва бозори чаққон бизнесни расмийлаштирганлар. Уларни тортиб ололмайсиз. Ҳаммаси қонунлар доирасига туширилган. Кўплари иш марказларини қўшни мамлакатларга кўчиришган. Тортиб олиш учун сиз ҳам диктатор бўлишингиз керак. Қонуний йўл билан кучингиз етмайди.

Ўзбекистонда каримовчасига хусусийлаштирилмаган нарса фақат қуруқ ер қолибди-да, дейишингиз мумкин. Бугун ўша ер ҳам унинг измида. Ундан кейин режим ўзгариб қолди, дейлик ва ўша режимга ана шу ер қолсин ҳам дейлик. У ҳолда ҳаётини ерга кетмон уриб бошлаган ибтидоий жамоа давридаги аждодларимиз каби ҳамма нарсани нолдан бошлаш керак бўлади. Шунинг учун, бугун Каримовнинг хусусийлаштириш кирдикорини назарга олмаслик, ибтидоий даврдаги каби таёқ кўтариб югуришга олиб боради.

20. ИСЛОМЛАШТИРИШ 

2006 йилнинг 28 Сентябр куни Россия ва Ўзбекистон махсус хизматлари экстремизмга қарши биргаликда кураш учун шартнома имзоладилар. (Хабарлар оқимидан).

Экстремизм деганда биринчи галда Ислом фундаментализми тушунилади. Шундай эмасми? Лекин Ислом давлати бўлгандан кейин Ислом фундаментализми – экстремизм кучаймасдан заифлашсинми?

1990 йилларнинг бошида бир латифа ёзгандим. У “ЭРК” газетасида чиққач, машҳур бўлиб кетганди.

Мазмуни шундай эди׃ Каримов диндорлар билан учрашганда уларга Ислом давлати қуриб бериш ҳақида ваъда қилади. Орадан йиллар ўтиб, унга сўзининг устидан чиқмагани эслатилади. Шунда у׃

-Мен сўзимнинг устидан чиқдим, Ўзбекистон Ислом давлатига айланди, яъни менинг давлатимга,-деб жавоб қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда Ислом кўрсатмаларига кўра парламент тузилган ва Исломий низом асосида қонунлар қабул қилинади, ҳукумат ҳам Ислом тартиб қоидалари асосида ишламоқда. Давлат ишлари Исломнинг фитратидан келиб чиқиб бошқарилади. Ислом фундаментализми шу қадар кучайиб кетди-ки, ҳамма нарса ошкора қилинадиган ва халқдан ҳеч нарса яширилмайдиган бўлди. Исломий ошкоралик жамиятнинг ҳамма қатламларига сингиб кетди.

Совет даврида миршаблар бировни атайлабдан ушлаш учун унинг уйига яширинча кириб, гиламининг остига наша ташлаб чиқишган ва кейин қайтиб келиб, уни топишган. Ҳозир эса, керакли одамни “Ёнидан наша чиқди”, деб катта кўчада ушлашади.

Овора бўлиб нашани ташиб юришмайди. Тағин чекиб қўймасин, деб бошлиқлари оддий миршабларга бермаса керак-да! Ёки бекатда турган мухолифатчининг қўлига бир пакет тутқазишади-да, “Доллар билан пора олди” деб ушлаб кетишади. Бошлиқлар аҳмоқ эмас, оддий миршабларга доллар берса, доллар қайтиб келмаслигини билишади. Шунинг учун ишни ошкора, насияга бажартиришади. Қани пора олмадим, деб кўрсин. Бекатда турганларнинг ҳаммаси унга қарши гувоҳ бўлади.

Ҳукумат мулозимига сўз қайтарган ёки уни танқид қилиб ёзган одамни халқнинг кўз олдида ушлаб, жиннихонага тиқишади. Уни биринчи бўлиб докторнинг ўзи койийди׃ “Аҳмоқ, жинни бўлмасанг ҳукуматга қарши чиқасанми?”.

Мана ҳозир сиз ҳам шуни ўқиб туриб айтаяпсиз, “Ҳақиқатан ҳам жинни, ахир бу ҳукуматни танқид қилиб бўлади-ми? Мана мендан ўрганиб жим юрмайдими?”.

Баъзан мени ҳам “Бу жинни бўлиб қолган шекилли, фақат Ислом ҳақида ёзади” деб ўйлашингизни ҳам биламан. Аммо хафа бўлмайман. Чунки булар Ислом фундаментализмининг ҳолвалари. Унинг шундай тошлари бор-ки, ана ундан Худо асрасин. Аслида бу борада ҳам ошкоралик.

Ўзбекнинг дардини айтган шоири Юсуф Жуманинг уйига МХХнинг вакили боради ва очиқчасига айтади׃

-Жим юринг, топшириқ бор, аварияда ўласиз, агар ўлмай қолсангиз, бошқа вариантини кўрамиз!

Ёки инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламан, деб ташкилот тузмоқчи бўлган шахснинг уйига келиб׃

-Шу йилнинг ичида ташкилотингизга кирган барча фаолларни қамаймиз. Биттаси порахўр, иккинчиси жинни, учинчиси туҳматчи ва ҳоказо айблар билан қамалади. Бундан хулоса чиқармаганларни бошини ёрамиз, ўғлини қамаймиз! Буни олдиндан айтиб бера оламиз. Кейин навбат сизга келади. Сизни эса тирик қўймаймиз, қандай касалингиз бор, биламиз,-дейди.

Буни очиқ айтади. Чунки ошкоралик. Чунки бу Ислом фундаментализмининг муҳим принципи.

Ўқиган бўлсангиз, Исмат Хушев, ўғлининг “қайсидир жиҳатлари билан унга ўхшашини ният қилиб” исмини Ислом деб қўйганини, ёзганди. Ўша йилларда Исломлаштириш энди туғилаётганди. Исм қўйиш алоҳида кампанияга айлантирилди. Бу кампаниянинг шайхул-уламоси Исмоил Жўрабеков эдилар. Телевидение орқали “Ҳамма боласига Ислом деб исм қўйсин”, дея буйруқ берилмасди. Бу жуда ҳам нокамтаринлик бўлишини ким-ким Исмоил ака яхши билардилар. Шунинг учун телевидение орқали махсус программа берилиб, унда ўз фарзандига Ислом деб исм қўйган оила мақталарди, кўз-кўз қилинарди, бу оилага юртбоши номидан Хива гиламини тақдим этаётган Исмоил Жўрабеков ёки Мавлон Умурзоқов ташриф буюргани кўрсатиларди.

Бизнинг халқ ер остида илон ўтса биладиган. Бир томонда Хива гилами. Иккинчи томонда казо-казоларнинг ташрифи, учинчи томонда телевизорга чиқиш…

Уйланмаганлар уйланшга бошлашди, хотини билан ётмай қўйганлар жойдан турмай қолишди… Мақсад битта׃ ўғил туғилсин ва унга Ислом деб исм қўйилсин.

Бир кун Афанди болаларни алдамоқчи бўлиб, “Ана у муюлишда бепул ширинлик бермоқда” деганидан кейин ҳамма болалар гуриллаб ўша томонга югурганидан сўнг “Балки бераётган бўлса-чи?”, деб ўзи ҳам югуриб кетганини биласиз. Исломлаштириш шу қадар кенг қулоч отди-ки, ҳатто юртбошининг ўзи ҳам “Бир гап бор, шекили?”, деб неварасига “Ислом”, деб исм қўйиб юборди.

Бугун истаган газетани очиб кўринг, ҳамма мақолада “Ислом” деган сўзни топасиз. Бир эмас, ўнлаб.

Фақат таъзияномалар эълон қилинадиган бўлимдан тополмасангиз керак. Бу ҳам ҳозирча!

Бугун истаган партиянинг вебсайтини очиб кўринг, биринчи жумласидаёқ “Ислом” деган сўзни кўрасиз.

Мамлакатнинг қаерида бўлмасин, ҳар қандай учрашувга боринг сўз бошлаган одам албатта “Ислом” деган калимани ишлатади.

Кўчаларни айланинг ва шиорларга қаранг, шу сўзни топасиз.

Мактаб китобларини очиб кўринг.

Мана-ман деган шоирнинг шеърларини ўқиб чиқинг.

Парламентнинг очилишидан ёпилишига, телевизорнинг бошланишидан тугашига қадар, хуллас, ҳамма жойда шу сўз.

Ҳатто БМТнинг минбаридан ҳам шу сўз баралла айтилади. Ишонмайсизми? Узоққа борманг. Ана Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг 2006 йилнинг 25 Сентябрда БМТда қилган нутқининг 4-бандига қаранг. Шу калима турибди.

Совет даврида Брежнев ҳамма жойга “Хуш келибсиз!” деб ёзишни буюрганидан кейин Туркманистонда умумий ҳожатхона теппасига шундай шиор илинган экан. Кулгандик. Кейин нафасимиз ичимизга тушиб кетди. Чунки Ўзбекистонда қабристон дарвозасининг теппасига “Хуш келибсиз!” деб ёзиб қўйилганди-да. Шунақа халқмиз. Буйруқ бўлса бас. Бугун буйруқ-Исломлаштириш…

Бу кетишда эртага бир кун Эшматлаштириш ёки Эшаклаштириш даврини ҳам яшамасак бўлгани!

21. РУСЛАШТИРИШ

Ўзбек тили давлат тили бўлгани ҳолда Ўзбекистонда давлат бошқаруви рус тилида юритилади. (Хабарлар оқимидан).

Бундан беш йил олдин Бразил-Амазон гуруҳига кирувчи Суруваҳа тилида гаплашувчилардан саккиз киши заҳар ичиб, ўз жонига қасд қилганди. Маълум бўлишича, улар ўзаро муомала воситаси, дунё билан алоқа кўприги ва Худога сиғинишда руҳиятларини ифодалайдиган она тиллари йўқолиб кетаётганига қарши исён сифатида ана шундай аянчли қисматни танлаган эканлар.

Она тили инсонга жон қадар азиздир. СССР йиқилиб кетаётган кунларда Ўзбекистонда ҳам ўзбек тилини давлат тилига айлантириш ҳаракати бошланган ва бу ҳаракат миллионлаб одамларни бирлаштирган эди.

Ўшанда бир кун телевизорда академик Аҳмадали Асқаров, академик Эркин Юсупов ва Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг бўлим мудири Шохобиддин Зиёмов рус тилининг аҳамияти ҳақида гапирдилар. Аҳмадали ака ўзининг Наманганнинг бир қишлоғидан чиққани ва рус тилининг қудрати билан дунёга танилган олим бўлганини айтди. Кейин айни гапни Эркин Юсупов ҳам уқтирди.

Марказком вакили эса, хулоса қилиб, Ўзбек тилига давлат тили мақомини беришни сўраётганларни қоралади.

Мухолифат, зиёлилар, оддий одамлар ўз сўзларидан қайтмадилар. Аммо кечаги билимдонлар ўз сўзларидан қайтдилар. Эртасига улар яна телевизорга чиқиб, ўзбек тилининг аҳамияти ҳақида гапирдилар.

Мен ўшанда тепада нимадир ўзгарганини ҳис қилдим. Чунки тепанинг энг тепасидан топшириқ бўлмаса, икки танилган академик бир кунда тўнларини тескари, тўғриси тескари тўнларини ростасига ўгириб киймасдилар. Айтилган сўз отилган ўқ. Улар ана шу отилган ўқни бир кунда қайтиб олдилар.

Бунинг сабабини Олий Кенгашнинг сессиясидан чиққан қонун кўрсатди. Ўзбек тилини билмайдиган Каримов кутилмаганда ташаббусни қўлга олиб, бутун мамлакат талаб қилаётганидан ҳам ўтказиб, фавқулодда муҳим ўзгаришлар киритган эди. Ҳатто Ўзбекистондаги русийзабон одамларга Ўзбек тилини ўрганиш учун саккиз йил вақт таниганди.

Бугун баъзилар халқнинг кучи билан Каримов ана шундай қилишга мажбур бўлганди, дейишади. Тўғри. Таъсир бўлмаса, акс таъсир бўлмайди. Лекин вақт шуни кўрсатдики, Каримов ўшанда ўйин қилган экан.

Кейинчалик саккиз йиллик муҳлатдан бошлаб, бошқа талаблар ҳам аста секин қонундан чиқариб ташланди. Ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилгани билан бутун бошқарув ҳужжатлари рус тилида ёзилиб, рус тилида тарқатилди. Бугунга қадар ҳам қонун лойиҳаларидан тортиб, президент фармонларига қадар барча давлат ҳужжатлари рус тилида тайёрланади ва кейин ўзбек тилига ўгирилади.

Ўзбек тилининг аҳволи бугунга келиб, ўша 1989 йилдагидан ҳам ёмон. Бугунги ёшлар билан 1989 йилдаги ёшларнинг она тилини билиш даражаларини солиштириб кўрсангиз, ваҳимага тушасиз.

Жуда кичик бир мисол. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон билан боғлиқ очилган вебсайтларни бир рўйхат қилиб чиқинг. Қани қанчаси она тилида ва қанчаси рус тилида?

Ўзбек тилидаги вебсайтлар билан рус тилидагиларнинг савиясини солиштириб чиқинг, қани қай бири тил қонуниятларига жавоб беради? Ёзилаётан мақолалар, фикр-мулоҳазалар ҳам айни даражада.

Ўзбек мактабларида бугун ўқувчилар етмай қолмоқда. Чунки ҳамма боласини рус мактабларида ўқитишга интилмоқда. Нега?

Яқинда Америкага келган бир ҳуқуқшунос билан гаплашдим.

-Мени вилоят судидан Олий суд идорасига ишга олишди. Ўзбек тилида яхши ёзардим. Ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек тилида мукаммал қилиб ёзадиган одам жуда кам. Олий судда протокол бўлимида ишловчилардан бири узоқ вақтга касал бўлиб қолди. Унинг ўрнига мени ўтказишди. Ҳукуматдан келадиган ҳамма ҳужжатлар рус тилида эди. Жавоблар ҳам рус тилида бўлиши талаб қилинганди. Аввалига ажабландим. Кейин бир-икки қарши гапиргандим, раҳбарларга етиб борибди. Ишдан қувишди…,-деди у.

У энди Америкага иш қидириб келган. Ана шундай. Бугун ўзбек тилини мукаммал биладиганлар Ўзбекистонда ишдан қувилади.

Совет даврида партия қўмиталарига “руслит”ни битирганларни олишади. Иш эмас ҳужжат муҳим эди. Самарқанд вилоят партия қўмитасининг қишлоқ хўжалик бўлимида ҳам “руслит”ни битирган одам ишлаганига ўзим гувоҳ бўлганман.

Бугунга келиб ҳам ҳукумат ишларига олинаётганлардан рус тилини билиш талаб қилинади. Рус тилини билсангиз иш тиқилиб ётибди. Нафақат қуйи идораларда балки энг юқори жойларда ҳам…

Владимир Норов, Руслан Мирзаев, Светлана Иномова, Элёр Ғаниев, Рустам Азимов ва ҳоказо ва ҳоказо вазиру уламолар асосан рус тилида гаплашадилар. Каримов уларнинг бирортаси билан ўзбек тилида гаплашмайди. Президентдан бошлаб вазирларгача қаерга бормасинлар ҳукумат номидан қиладиган нутқларини рус тилида ирод этадилар.

Ўзбекистон ана шунақа боши пастда, оёғи теппада бўлган мамлакатга айланди. Расмиятда ўзбек тили-давлат тили. Амалда эса рус тили-давлат тили. Бу ҳам Каримовнинг “тарихий” кашфиётидир.

Мен бундан бир неча йил олдин

Ўзга тилда дод солмоқ ихтиёрдир,

Она тилни ёд билмоқ ифтихордир!

деб ёзгандим. Афсуски бугун тескарсини кўриб турибман.

Яқинда бир ўзбекдан рус тилида ёзилган мактуб олдим. Унда жумладан шундай дейилган:
-Режим ҳақида зўр нарсалар ёзаётган экансиз. Агар ростдан ҳам бу режимга мухолиф бўлсангиз нега шуларни ҳамма ўқийдиган ва ҳамма тушунадиган рус тилида ёзмайсиз?!

Шундан кейин, Бразил-Амазон гуруҳига кирувчи Суруваҳа тилида сўзлашувчи саккиз киши ўз жонига нега қасд қилганини англагандек бўлдим.

22.КЎЗ-КЎЗ ҚИЛИШ

Ўзбекистон усти ялтироқ, ичи қалтироқ бир мамлакат экан.(Сайёҳнинг хотираларидан).

Бир кун “тошдан ҳам қаттиқ” деб ном олган танишимиз уйига ошга чақирди. Ҳаммамиз ҳайрон бўлдик. У умрида чўнтагидан бир сўм чиқармайдиган одам эди. Битта кўйлакни ҳар куни кийишига қараб, “Бечора-да, деб индамас эдик. Агар овқатланишга борсак, “Қорним тўқ, сизларга ош бўлсин” деб индамай ўтираверарди. Аммо унга ҳам овқат буюрсак, ўзиникини тугатиб, бошқалардан қолганини ҳам еб, яна “Савобини ҳам олай” деб косаю товоқларнинг остида қолганларини нон билан суртиб олиб, еб, идишларни ялтиратиб қўярди. Баъзан унга “Бугун сеникига борамиз”, деб ҳазиллашардик. Ранги учиб кетарди. Дарҳол хотини касал эканлиги ёки боласи бетоблиги ва ҳоказо баҳоналарни қалаштириб ташларди.

Ана шундай одам бирданига ўзи таклиф қилиб қолса ва “Келмасингизлар дўстлигимиз тамом” деб маҳкам туриб олса, табиийки ҳайратланасиз. Бордик ва янада ҳайратда қолдик. У жуда катта, ҳашаматли уй сотиб олибди. Бизни айлантириб, уйини кўрсатиб чиқди ва кейин уйнинг орқасида турган янги машинанинг ёнига олиб келди.

-Лотореяга ютдингизми?-дея ундан сўрадик.

-Игна билан қудуқ қазган каби тўплаб, сотиб олдик,-деди у.

Мен умр йўлдоши ва болаларига разм солдим. Бир ҳол-бир аҳволда. Жажжи болаларнинг эгнида ямоқ, жанда-жунда кийимлар, пойабзаллари тешилган, умр йўлдоши ҳам мункиллаб қолган кампирга ўхшарди. Уйнинг ичи ҳувиллаб ётибди. Билмадим қаерда ётиб туришади?

Хуллас, у бизни айлантириб, бир пиёла чой бермай жўнатиб юборди. “Ош қани?” дейишга иймандик.

У ҳеч машинасини минмас эди. Сўрасак, “Правам йўқ” дер эди. Кейин билсак, фақат одамларни олиб бориб, уй-жойини ва машинасини кўрсатар экан.

Бу ҳам касаллик. Зеҳниятдаги касаллик. Кўз-кўз қилиш касаллиги. Бу касаллик одамларда ҳар турли кўринишда мавжуд. Жумладан Каримовда ҳам.

Биласиз, тарихда ўтган ҳукмдорлар ҳаммавақт ҳашаматли бино қуришга ошиққанлар. Улар бундан икки мақсад кўзлашган, бири шу билан куч-кудратни намойиш этмоқчи бўлган бўлсалар, иккинчиси тарихда номлари қолишини исташган.

Каримов ҳам балки ана шу нуқтаи назардан йўлга чиққан бўлиши мумкин. У биринчи бўлиб 1990 йилда Марказком биноси-ҳозирги Президент девони биқинида алоҳида безакли қабулхона биносини қуришни бошлатганди. Шу билан параллел равишда мазкур бинодан озгина ичкарида ўзи яшаши учун уч қаватли бино қурдиришга киришди.

Кейин Алишер Навоий боғидан бошлаб, Амир Темир мажмуасига қадар кўз-кўз қилувчи қурилишлар қилдирди. Эътибор берсангиз, ҳеч бири оддий халқ манфаатига хизмат қилмайди. Ҳаммаси унинг зеҳний манфаатига-кўз-кўз этишга қаратилган.

Бу билан мен қурилиш, ободонлаштиришларга қаршиман, демоқчи эмасман. Балки ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатиши керак, деб ўйлайман.

Хабарингиз бор, Ургут туманида йўлларнинг ики томонига нақшиндор ғиштлар терилгани Каримовга ёқиб қолгани. “Ҳамма жойда шундай қилинсин”, деб буйруқ берилди. Мамлакат нақшиндор ғишт музейига айланишига оз қолди. Бунинг учун давлат ёки Каримовнинг хазинасидан бир тийин чиққан эмас. Ҳаммаси бечора халқнинг гарданига тушди. Кейин ҳаммасини бузиб, бошқа нарсага айлантиришди.

Мен Америкага келганимда ҳайратланиб қолдим. Бирор жойда усти ялтироқ бино кўрмадим. Кўзимиз ўрганган-да, ҳамма бинолар пештоғи ёки гумбази, ҳеч бўлмаганда кириш қисми ялтироқ бўлиши керак. Бошқа нарсанинг кераги йўқ, кўзимиз қувнасин. Одамларнинг кўзини қувнатайлик. Кўз-кўз қилайлик.

Туркияда Отатуркни “Жамиятни ўзгартирган раҳбар”, дейишса, Тургут Ўзални “Мамлакатни ўзгартирган раҳбар”, деб эслашади. Тургут Ўзал ҳашаматли бинолар қурдирган эмас. У мамлакатда жуда кўп магистрал, шоҳ йўллар қурдирган.

Йўл нафақат бир жойни иккинчи жойга боғлайди. Балки иқтисодни, бизнесни йўлга қўяди.

Йўли яхши мамлакатнинг иқтисоди, бизнеси ҳам яхши бўлади. Қолаверса, йўллар нафақат ҳукмдорга, балки халққа ҳам хизмат қилади. Бу-халқ манфаатини назарда тутиб қилинган иш. Ана шу нуқтаи назардан қараб айтинг-чи, Ўзбекистонда 15 йилда қанча магистрал, шоҳ йўл қурилди?

-Хайриятки афғон уруши бўлган экан,-деганди Жамол Сирож деган дўстим.-Ахир Шўролар Тошкентдан Сирхондарёга қадар олиб борадиган “бетонка”ни шу уруш туфайли қуришган-да. Урушга “хайрият” демайдилар. Аммо Афғон уруши СССРнинг бошини еди ва бизга мана шундай йўл қолдирди.

Ҳалига қадар миллат ана шу йўлдан фойдаланади. Унинг бир бўлагини қозоқ тортиб олса, ҳатто шунинг ўрнига ҳам янги бўлак қурилмайди. Кўп нарсага ақли етган Каримовнинг йўллар масаласида ақли ожизми? Йўқ. У билади. Янги йўллар қатновни кўпайтиради, бизнесни яхшилайди, халққа хизмат қилади. Бу эса унга ташвиш келтиради. Қанча кўп йўл қурилса, шунча кўп назорат қилиш муаммоси туғилади-да! Бунинг ўрнига маъмуруй бинолар қурса, уларни ялтиратиб қўйса, бир кунмас-бир кун биттаси чиқиб, “Буларни Каримов қурган” дейиши мумкин!

Яқинда бир йигит билан гаплашдим. У жуда ҳам ачинарли бир воқеани айтиб берди׃

-Ака, тўрт яшар синглим “Ичим оғрияпти” деб, додлаб, буралиб қолди. “Тез ёрдам” чақирдик. Келавермади. Охири синглимни кўтариб, йўлга чиқдик. Биз енгил машинада туман марказига қараб юрдик. Йўллар шу қадар ёмонки, машина ҳар бир қаллоққа урилганида синглим “Дод” деб юборар ва биз ҳайдовчидан норози бўлардик. Ҳайдовчи “Бу йўлни мен қурибман-ми ёки мен бузибман-ми?”, дегандек елка қисиб қўярди. У ҳар қанча айланиб ўтса ҳам барибир машинанинг бирорта чархи ўйилган жойга қарсиллаб тушиб кетарди. Бунинг устига яна биз тезроқ ҳайдашини талаб қилардик. Касалхонага келсак, ҳали у йўқ, ҳали бу йўқ. Жанжал кўтардик.

Шунда бир доктор, синглим кўричак бўлгани ва амалиёт учун камчиликлар борлигини айтди. Вақт ўтиб бораверди. Охири синглим кўзини очмай қўйди. Доктор׃ “Касалхонага келгунларинча кўричак ёрилиб кетибди” деди. “Дод” дедик, “вой” дедик, ширин-шакар синглимдан айрилиб қолдик.

Ака, ҳозир кўричакдан ўладиган замон-ми? Бунинг устига роса қарзга ботдик. Иш йўқ, қарзнинг устига қарз олиб, қарзни узиш учун бу ёқларга келдим…

Сингилжонидан айрилган йигитнинг кўзларида ёш мўлтираб айтган бу гапларини ички оғриқ билан эслар эканман, машинада чинқириб кетаётган қизалоқ ва Каримов қурдирган, қурдираётган ялтироқ бинолар кўз олдимга келаверади…

23. МАМЛАКАТНИ ОБРЎСИЗЛАНТИРИШ 

Бир пайтларнинг машҳур Ўзбекистони ҳатто Қозоғистон соясида қолиб кетди. (Хабарлар оқимидан).

1990 йилда Ошкоралик қўмитасида ишлаганимда, “Озодлик” радиосининг мухбири Фурқат Яквалхўжаев қарийб бир соатлик суҳбат ёзиб олди. Кўнгилдаги ҳамма гапларни очиқ айтдим ва саволларга ҳам ошкора жавоб бердим. Радиода бу суҳбатни бир неча кун давомида бериб боришди. Ўшанда КГБ (МХХ) хорижий радиоларда Ўзбекистон ҳақида чиққан материалларнинг матнини ҳар кун брошюра-китобча ҳолида нашр этиб, биринчи раҳбарга тақдим этиб боришини билиб қолган ва бу китобчани ҳаммага тарқатишни талаб қилгандик. Ҳамма бўлмаса ҳам Олий кенгашнинг барча қўмиталари ҳам ола бошладилар.

Кейинчалик тўхтатишди. Хуллас, Каримовнинг столига қўйиладиган ана шу китобчанинг бир неча сони менинг суҳбатим матни билан тўлганди.

Ўша кунлари Каримов׃

-Одамлар жуда катта вазифаларда ишлаётганларини билишлари керак. Олий Кенгаш қўмитаси раисининг ўринбосари бу жуда катта лавозим. Бу лавозимдаги одамнинг ҳар бир гапи расмий гапдир. Баъзилар буни билмай бизни дунёга шарманда қилишмоқда. “Озодлик” радиосини бутун дунё эшитади, уни минбар қилиб олиб, бутун дунёда мамлакатимизнинг обрўйини тўкишмоқда,-деди.

Бу гап менга тегишли эди. Каримов исмимни очиқ айтмагани учун мен ҳам умумий тарзда жавоб қилдим. Ошкоралик ҳақида эслатдим. Танқидни бўғишга ўргансак, жамиятни бўғишга ҳам ўрганамиз, дедим.

Ўшанда Каримов шу қадар соддамидики, “Озодлик” радиоси бутун дунёга эмас, фақат Ўзбекистонга қаратилгани, уни ўзбекларгина тинглаши ва ҳатто Ўзбекистонда ҳам уни ҳамма эшитмаслигини, дунёнинг мана-ман деган марказларида ўзбек дастурини эшитиш у ёқда турсин, ўзбек тили нима эканлигидан бехабар одамлар ўтирганини билмаса, деб ўйладим. У биларди. Лекин мақсади мамлакатнинг обрўйини сақлаш эмас, балки танқидни бўғиш эди. Буни вақт ҳам исботлади.

Кейин ҳам у радиолар ва бу радиоларнинг мухбирлари ҳақида гапирганда уларнинг мамлакатни обрўсизлантираётганлари борасида гапириб, уларни ҳатто сотқин, дейиш даражасига қадар етиб борди. У илдизига уриб, шохини зирқиратиш режасида бўлган. Чунки хорижий мухбирларга айтган ҳар бир гапи маҳаллий телевидениеда албатта кўрсатиларди. Қолганлар бундан ўзлари хулоса чиқариб олардилар.

1990 йил эди. Назарбоев қаердадир Ўзбекистон биздан буғдой олмоқда, дея мақтанибдими, ёки нархи ҳақида гапирибдими, нима бўлса ҳам Каримовнинг қулоғига келиб етибди. У сессияда Қозоғистон ҳақида, унинг раҳбарияти ҳақида қўлини “пештахта” (Каримов “пеш” сўзини “пештахта” деб ишлатишига ишора-ЖМ) қилиб гапирди.

Биз Туркистон бирлиги учун, деб югуриб юрганларга бу оғир ботди. Мен сессияда Каримовга савол бердим׃

-Қўшниларимиз билан шундай муаммолар чиққан тақдирда ҳам уни катта минбарга олиб чиқмай, ўзаро мулоқотларда ҳал қилиш мумкин эмасми?

Каримовнинг жаҳли чиқди ва׃

-Бу мамлакатимизнинг обрўйи. Агар сиз ватанпарвар бўлсангиз, бу обрў учун керак бўлса, бошни кундага қўйиш лозим!-деди

Каримовнинг ана шу гапидан кейин “Кундага қўйилган бош” деган катта мақоламни ёзиб, марказий нашрларда эълон қилгандим. Аммо унда бошни кундага қўйишнинг бошқа муҳим талаблари борасида, яъни Каримовнинг гапларининг тескариси ҳақида гап борганди.

Каримов ўша кездаёқ ҳам ички, ҳам ташқи танқидни бўғишни бошлаган ва мамлакатни обрўсизлантириш масаласи унинг ниқоби бўлган. Мана бугунга келиб, маълум бўлдики, Ўзбекистон жаҳондаги ҳамма ҳисоботлар ва рўйхатларда шармандали ўринларда. Қайси бир соҳада бўлмасин, Ўзбекистон энг обрўсиз мамлакатлар қаторида. Мана Каримовнинг ватанпарварлиги!

Бир пайтлар Каримов менсимай, танқид қилиб юрган Қозоғистон лидери ҳам баъзи масхарабозлик жабҳаларида Каримовни қувлаб етишга уринаётган бўлсада, лекин Қозоғистонни Марказий Осиёнинг, балки МДҲ мамлакатларининг лидери, деб аташмоқда.

Яқинда Назарбоевнинг Вашингтон сафари олдидан Би-би-си га берган суҳбатида(2006, 28 Сентябр)ги мана бу гапларга энди Каримов нима дейди׃

Би-би-си: Жаҳонда Қозоғистонни заиф ва беқарор минтақада барқарорлик ороли сифатида кўрадилар. Қирғизистонда сиёсий инқироз давом этмоқда, Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатини Ғарбда қаттиқ танқид қилишади ва қоралашади. Сиз ўзингизнинг қўшниларингиз билан қандай муносабат қурасиз ва бу муносабатларни ривожлантириш Сиз учун нақадар муҳим?

Нурсултон Назарбоев: Минтақамиздаги сиз айтган давлатлар – Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон жуда яқин давлатлар. Бизнинг тарихимиз бир, маданиятимиз, тилимиз, динимиз бир.

Қозоғистон сиёсатида ҳар доим устун ғоя минтақани интеграциялаш бўлган. Бизнинг асосий вазифамиз – ихтилофли вазият юзага келишига йўл қўймаслик ва барқарорлаштирувчи давлатга айланиш ва биз бунинг уддасидан чиқаяпмиз.

Би-би-си: Қозоғистон иқтисодий ривожланиб бориши баробарида аксар экспертлар мамлакатингизга қўшни давлатлардан муҳожир ишчилар оқиб келиши муқаррар демоқдалар. Бу жараён ҳозирнинг ўзидаёқ давом этмоқда. Аммо келажакда балки сизнинг Ўзбекистондек мамлакатлардан чиққан сиёсий муҳожирлар муаммоси билан тўқнаш келишингизга тўғри келар. Сиз бунга тайёрмисиз?

Нурсултон Назарбоев: Биз ҳозир Қозоғистонда ишлаётган ноқонуний муҳожирларни легаллаштираяпмиз. Фикримча, уларнинг сони бир миллион атрофида. Бундан ташқари биз Ўзбекистондан ва бошқа давлатлардан яна бир миллион одамни жалб этишга тайёрмиз. Улар бизда ишлаб ўзларининг оилаларига йилига 300-500 миллион доллар юборишади…”

Каримов ўзини обрўсизлантириш баробарида, мамлакатни ва минг афсуски, халқниҳам обрўсизлантирди.

Бугунга келиб, мана шундай одамнинг ҳукумат теппасида қолаётгани халқнинг ҳам қусури, деб қаралмоқда ва бу ҳақда очиқ айтила бошланди.

Яқинда бир америкалик׃

-Қаердансиз?-деб сўради.

-Ўзбекистондан,-дедим.

-25 миллион одамни бир киши эшак қилиб миниб ўтирган мамлакатдан экан-да,-деди у киноя билан.

Мен унга׃

-Бироз адашадингиз,-дедим.

У фактларни қалаштириб ташлаш учун бармоқларини санашга чоғлаганди, мен׃

-25 миллион эмас, қарийб 28 миллион,-дедим…

Табиийки, у эшак деганда “меҳнаткаш одамлар” деган фикрни назарда тутган. Чунки эшак Америкада меҳнаткашлик рамзи.

Яна ким билсин, балки у эшакнинг биздаги рамзидан ҳам хабардордир?! 

24. ЁЛҒОН САНЪАТИ 

Ўзбекистонда гап бошқа, иш бошқа. (Хабарлар оқимидан)

Баъзилар бир одамни илк кўришдаёқ кимлигини билдим, деб мақтанишади. Бу мумкин бўлмаган нарса. Ҳеч қачон бир кўришда ёки бир суҳбатда бировнинг кимлигини билиш мумкин эмас. Балки бутун ҳаётингиз давомида ким биландир бир марта учрашган бўлсангиз ва ўша одам ҳақида 20 йилдан кейин гапириш маврида келиб қолса, унинг ё яхши одамлигини сезгандим ёки илк кўришдаёқ унинг аблаҳлигини билгандим, дейишингиз мумкин. Бу шунчаки гап омади айтиладиган сўзлар.

Яқинда шундай ҳодиса бўлди. Бир танишим׃

-Мен Каримовни бир кўришдаёк таниганман ва кейин унга ҳеч ишонмаганман,-деди.

Гапни айлантирсам, у Каримов билан бир марта юзма-юз учрашган ва Каримов уни кўп қатори назарга олмай, чиқариб юборган ва кейин таклиф ҳам қилмаган экан. У одам энди орадан 15 йил ўтиб, ўшанда ўзининг авлиё бўлганини айтмоқда.

Мен авлиё эмасман. Каримов билан минг мартадан ҳам зиёд юзма-юз учрашган бўлсамда шундан икки мартасида унга чин дилдан ишонганман.

Биринчиси, унинг 1989 йилда Каттақўрғон туманида сайловчилар билан учрашувда русларга қарши, Москвага қарши айтган гапларига ишонгандим. Бу ҳақда “ИАК”да батафсил ёзганман. Ўшанда у жуда ҳам самимий гапирганди. Қолаверса, мен у пайтда бир катта жумҳуриятнинг раҳбари халқни очиқ алдаши мумкин деган хаёлдан йироқда эдим.

Иккинчиси, 1991 йил 7 сессиядан ўн кунлар кейин у бир неча депутатни кабинетига чақириб, кўзига ёш олди׃

-Мана сессияда кўрдингизлар, менинг ёнимда ҳеч ким йўқ эди. Хўш, мен кимга суянишим керак? Булар билан ишлаш осон эмас. Ҳаммаси интриганинг устаси бўлиб кетган. Мени кўзимни очдингизлар… Мен ҳам одам, менинг ҳам оилам, болаларим бор. Уларнинг кўзига ота сифатида тик қарашни истайман…

Ижодкормиз. “Бировнинг кўнглини оғритмоқ Каъбага ўт қўйиш ва Қуръонни куйдиришдан ҳам оғир” деган советона фалсафалар таъсирида улғайганмиз. Ҳатто бугун ҳам одамларнинг 15 йил давомида қилган ўта жиддий хатоларини кечиришга чорловларни эшитганимда ўша кунлар ёдимга тушади.

Каримовнинг׃

-Ким хато қилмайди? Мен ҳам хато қилдим. Аслида сизларга, ёш авлодга, янгича қарашларга ишонишим керак экан! Мени кечиринглар!,-дея қилган илтижосидан кейин ҳаммамиз бошимизни эгиб қолганимиз ва кўнглимиздан эса бугунги каби “Тангри кечиргувчи, биз нега кечирмайлик” деган таниш фалсафа кечган.

Ҳа, ўшанда Каримовга иккинчи марта ишонгандим. Кап-катта одам кўзига ёш олиб турса, қандай қилиб ишонмайсиз? Сиздан ёши улуғ одам ёлвориб узр сўраб турса, қандай рад этасиз?

Ўша кун уйга жуда хафа қайтдим. Биз балки хато қилмоқдамизми, деб ҳам ўйладим. Ўшанда илк бор юрагим санчган ва илк бор “валерианка” деган нарсани ичганман.

Каримовнинг йиғлагани ҳақида телевидениеда шоир Шукрулло билан мулоқот пайтида ҳам эслатиб ўтганман. Каримовнинг байроғи остида ишлашга самимият билан рози бўлганимдан кейин унинг буюк ёлғончи эканлигини кашф қилиш учун кўп вақт керак бўлмади. 4 ойда ундан юз ўгирдим ва бор гапнинг ҳаммасини ёзма равишда истеъфономамга битганман, жумладан Каримовнинг ёлғонларини ҳам. Бу истеъфономанинг нусхасини “Эрк” газетасининг биринчи саҳифасидан цензура юлиб олганди.

Ана шу қисқа вақтда ўтган икки даврдаги алғов-далғовли воқеаларни муқояса қилиб, тушундимки, Каримов рақибларини алдашда жуда маҳоратли артист экан. У алдашни санъат даражасига кўтарган ва бу борада жуда ва жуда қобилиятли. Бундай одамдан узоқ туришгина унинг макридан асраши мумкин.

Биласиз, у минбарга чиққанда шунақа жўшиб гапирардики, телевизордан буни кўриб турган ҳар қандай одам ҳам ишонарди.

-Каримовга қийин, у ерда Жўрабеков, Алимов деган катта-катта бўрилар ўтирибди, бечоранинг куйиб-пишиб гапиришини қаранг!- деган гапларни жуда кўп эшитганман.

Бир кун у таниқли арбоб Назир Ражабовни чақиртирибди.

Назир ака қамоқда эканлигида самарқандликлар Каримовни уни ҳимоя қилишга чақирдилар.

Ўшанда Каримов׃

-Мен Назир билан бирга ўқиганман. У яқинда қамоқдан чиқибди. Оқлангани ҳақида қоғозни олсин, уни ишга тикламасам, номарад одамман,-деди.

Аммо Назир Ражабов оқлангач, уни ўз ишига тикламади. Чунки Каримов ўзини Марказкомнинг пленумида ҳимоя қилиб чиққан Пўлат Абдураҳмоновни бўшатиш нияти йўқ эди. Вақт ўтиб, Назир акани чақирди. Назир ака унга ишонмас эди. Аммо ўша кун Каримовнинг қабулидан чиқиб, менинг хонамга келди ва׃

-Самарқандга бирга борамиз, менга ким билан ишлайсиз деган эди, сизни айтдим, биргалашиб Самарқандни кўтарамиз,-деди.

-Ишондингизми,-дедим мен унга ўз иборасини қайтариб.

Чунки ҳар сафар бу сўзни бизга Назир ака айтар эди. У Рашидов пайтида Бухорода, кейин Марказкомда ишлаган, Наманган ва Самарқанд вилоятларини бошқарган, халқ ичида яхши ном қозонган тажрибали одам эди. Қамалиб, оқланиб чиққач, Бухородан мустақил депутат этиб сайланганди.

-Кўзига ёш олди. Талабалик йилларимизни эсладик. Атрофида одам йўқлиги, ҳамма иш бир ўзига қолганини айтди. Эркак киши осонликча кўзига ёш олмайди,-деди Назир ака.

Аммо у 1991 йилдаги сайлов олдидан Назир акани ҳам алдаган экан. Кўп ўтмай уни қувғинга олди.

Яқинда Каримовнинг 1990 йиллар бошида бир гуруҳ чет эллик мухбирлар билан учрашгани тасвирланган видеони кўрдим. Таржимон – Фотиҳ Тешабоев. Таржимонликдан бирданига Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, кейин Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлган одам.

Каримовнинг׃

-Нега мен кўп гапираяпману сен қисқа таржима қилаяпсан?,-деб таржимонни койигани бу учрашувни кузатганларнинг ёдида бўлса керак.

Ана ўшанда Каримов Фарғона, Паркент воқеалари ҳақида гапириб, кўзи намланиб, “У ерларда менинг жигарбандларим ўлди” деган экан.

Менинг эса ёдимга Паркент комиссияси топган ҳужжатлар ва бу ишнинг бошида Каримовнинг ўзи тургани, кейин бу комиссиянинг ишини ёпиб ташлагани келди.

Ана шуларнинг ҳаммасини бир жойга тўплаб, унинг Андижон воқеаларидан кейин Республика прокуратурасида ўтаётган матбуот конференциясига кириб бориб, айтган гапларини эсладим ва ҳалига қадар у артислик маҳоратини усталик билан қўлланмоқда, деб ўйладим.

Ана шу маҳорат жамиятнинг барча қатламларига юқди. Матбуотдан бошлаб, туман ҳокимларига қадар ҳамма-ҳамма кўзда ёш мўлтираб халқни алдашни одат қилди. Эркин Воҳидовлар кўзда ёш билан “Сизга отилган ўқ менга тегсин” дейишга қадар етиб боришди…

1992 йил. Январ. Тошкент шаҳар партия фаоллари йиғилиши. Мавзу Талабалар шаҳарчасида юз берган қонли воқеа. Минбарда Ислом Каримов׃

-Менга олти ой вақт беринглар! Агар мана шу олти ойда ҳаётларингни тузатиб бермасам, бу мансабни мана ўзим ташлаб кетаман, номардман, агар сўзимдан қайтсам!

2006 йил. Яна минбарда Ислом Каримов׃

-Мен бу халқ, бу мамлакатнинг келажаги учун жонимни беришга тайёрман!

Жуда кўп такрорланган гап бу. Ғайриқонуний равишда эгаллаб турилган тахтни бу халқ, бу мамлакатнинг келажаги учун бера олмаган одам, жонини бера оладими?

Ёлғон ҳам эви билан-да! 

25.СИЁСАТДАН УЗОҚЛАШТИРИШ 

Ўзбекистонда сиёсат ҳақида гаплашиш энг таҳликали ишдир.(Хабарлар оқимидан).

Қайнотам 76 ёшда. Исмлари Олим. Ўзлари ҳам олим, ўқимишли одам. Ҳали ҳам тинмай китоб ўқийдилар. Аммо сиёсатдан гап очмайдилар. Мен ҳам гаплашганимизда бу тамойилга тўла риоя қиламан.

Бир кун буқоқ бўйича таниқли олим Ражаббек Исломбековнинг рус тилида ёзилган ҳужжатли-романи ҳақида гапириб, унда муаллиф иккинчи жаҳон уруши пайтида талаба экан, Мирзачўлга тошбақа тергани олиб боришганини ёзганини айтдилар.

Кейин׃

-Бу менга бир воқеани эслатди,-дедилар,-Уруш йиллари темир йўл хизматида ишлаганлар ҳарбий соҳага оид одамлар ҳисобланарди. Халқ ҳақида ҳеч ким ўйламаса ҳам, темирйўлчилар ҳақида ўйлашарди. Бу Сталиннинг топшириғи эди. Самарқанд вокзалига ҳафтада бир марта, бир вагонда тошбақа олиб келишарди ва вокзал ёнидаги “Гигант” ошхонасида, бу ҳозир ҳам бор, тошбақани пишириб, темирйўлчиларга беришарди. Улар  “Товуқ егандек бўлдик” дейишарди. Бир кун тошбақа ортилган вагонни қаршилаган бир темирйўлчи русчалаб “Ана Сталиннинг товуқчалари” (“Сталинские курочки”) келди деган экан, уни ушлаб кетишди. Шу-шу ундан дарак бўлмади…

Қайнотаминг уйлари вокзалнинг ёнида бўлгани учун ҳам кўп хотиралари шу жой билан боғлиқ. Мен у кишининг хотираларини эшитдим-да, индамадим. Чунки менинг хаёлимга бошқа нарса, бугунги сиёсат билан боғлиқ гаплар келганди.

Бугунги сиёсат ҳақида гапириб, кекса одамни таҳликага солмаслик учун яхшиси индамай қўяман. Чунки бугун сиёсат ҳақида гапириш сиёсатчилар, журналистлар, зиёлиллар билан бирга кекса одамларга ҳам таҳликали.

Хоразмлик 70 ёшли машҳур тадбиркор Исоқжон ота Абдуллаевни ўйладим. Кексайиб қолган отахон аввалига Каримовга хат ёзиб, адолат истади. Орада кимдир унга “Агар сиз Каримовни мақтасангиз, у сизни қийнаётган одамларнинг додини беради” деган экан. Шундай ҳам қилиб кўрди. Бўлмади. Унинг саволлари, адолат йўлидаги интилишлари доим ўзининг мулкига айланиб қолаверди. Охири у сув қулоғининг бошида Каримовнинг ўзи турганини англади. Уни танқид қила бошлаганди, шавқатсиз қўл уни панжара ортига ташлади-11 йилга! Чунки Каримовнинг номини айтиш, уни танқид қилиш – сиёсат. Сиёсатга аралашдингизми, тамом!

Кейин қашқадарёлик 70 ёшли Ёдгор Турлибеков ҳақида ўйладим. “Америка овози”да ишлаганимда бу инсондан кўп суҳбатлар олганман. Унинг дунё қараши кенг, мулоҳазаси чуқур. У бир қанча мақолалар ҳам ёзди. Мақолалари халқ дарди билан йўғрилган. У ҳам калаванинг учи кимга бориб тақалишини билиб, буни очиқ айта бошлаганди, зиндонбанд этишди.

1991 йил Ўзбекистон телевидениесида “Наврўз марафони”ни ўтказдик. Журналист Дадахон Ёқубов билан иккаламиз 36 соат тинмай, жонли дастурни бошқардик. Бутун мамлакат оёққа қалқиб кетди. Одамлар бир неча жойда ўрнатилган телекамералар ёнига келишга ошиқардилар. Шоиру санъаткорлардан тортиб, диндору атеистларга қадар ҳамма бу дастурга қўшилишни истарди. Ҳатто Каримовнинг ўзи ҳам кекса отахонлар ўтирган сўрининг ёнига келиб, “Қани бир қўлларингни очиб, дуо қилинглар, ишларимиз ўнгидан келсин” деганди. У ўшанда отахонлар ҳақида гапириб, уларни “Баҳосини белгилаб бўлмайдиган хазина” деган эди. Аммо бу хазина ўзигагина оид бўлишини истади. Ҳамма жойда отахонлар уни мақташларини қўллади. Озгина савол бериб, сиёсатга аралашганларини таҳқирлади, жазолади.

1990 йилларнинг бошида Каримовнинг туғилган кунида унинг белига олтин камар тақишди. Бу ишни оқсоқоллар номидан вакил қилинган ҳофиз Ориф Алимаҳсумов бажарди. У Каримовни “Бошимизга қўнган ҳумо қуши” деб атади. Шундан кейин бу отахон Каримов билан тез-тез бирга кўринадиган ва тез-тез мукофотлар олиб турадиган бўлди. Аммо бирдан кўринмай қолди. АҚШга келиб, мардикорлик қилишга мажбур бўлган фавқулодда маҳоратли дуторчи ва таниқли олим Абдураҳим Ҳамидовдан у ҳақда сўрагандим, қуйидаги воқеани айтиб берди.

-Бир кун оқсоқол “Катта”нинг ҳузурига бориб, халқнинг бир – икки арзи-доди битилган хат бор эди, шуни ўзингиз бир кўрсангиз, одамлар аҳволимиз оғирлашиб кетмоқда, дейишмоқда, дебди. “Катта” хатни қўлига ҳам олмай, ўрнидан туриб, Ориф отани кабинетининг деразаси томонга чорлабди. Улар пастга Анҳор устидан ўтадиган йўлга қарашибди.

-Чол, қани сананг-чи, ана у ўтаётган машиналардан нечтаси “Мерседес”?

“Катта”нинг “Чол” дейишидан Ориф ота қўрқиб қолибди ва׃

-Манимча ҳаммаси “Мерседес”,-дебди.

-Ундай бўлса, ана у аризани бирор жойингизга тиқиб қўйинг,-дебди “Катта”.

Шундан кейин Ориф ота анча ётиб қолдилар. Охирги марта гаплашганимда ўша хатни олиб борганларига пушаймон эдилар…

Кечагина бухоролик 72 ёшли Салим Шарипов ҳақида ўқидим. Адолатсиз суд унга бир йил жазо берган. У норози ва адолатни тиклай олмай сарсон-саргардон экан.

Шунинг учун ҳам мен қайнотам билан сиёсат ҳақида гаплашмайман. Ҳар ҳолда сиз ҳам отангиз ёки қайнотангиз билан Каримов ҳақида гаплашмасангиз керак. Деворнинг қулоғи бор. Ёки улар бирор даврада гапириб юборсалар борми?

Кўрдингиз-ми, нақадар эҳтиёт бўлдик. Демак, Каримов мақсадига эришди. Унинг кашфиёти унга иш берди. Бунга яна далил керак-ми? Марҳамат׃

2006 йилнинг 19 августида журналист Давлат Қудрат Би-Би-Сида Самарқанддан ҳикоя қилди. Унинг мана бу гаплари ҳам Каримовнинг кашфиёти қанчалик иш бергани борасида׃

“…Эртаси куни Тоҳир бобо мени қишлоқдаги қариндошининг тўйига таклиф этди. Биз айтилган вақт – эрталабки соат 7 да тўйхонага кириб бордик. Тўйга келганларнинг аксарияти кекса кишилар эди… Даврадаги суҳбат эса аввал нарху-наводан бошланиб, мардикорлар-у Россияга иш излаб кетган қўни-қўшниларга уланиб борарди. Кимдир яқинининг Россиядан майиб бўлиб қайтганини, бошқаси эса кимнингдир жасади келтирилгани ёки бедарак йўқолгани ҳақида гапирарди. Суҳбат қанчалик қизимасин, даврадагилар сиёсат ҳақида лом-мим демас, олдин кузатганим – Ўзбекистон президентининг хизматлари тўғрисида ҳам оғиз очишмади. Мен Ўзбекистондаги сиёсий вазият ҳақида улар фикрини билиш учун эндигина саволга оғиз жуфтлагандим, Тоҳир бобонинг имоси мени тўхтатди”.

 26. ВОЗ КЕЧДИРИШ

Ўзбекистонда сиёсий сабаблар билан судга тортилганлар адвокат ёрдамидан воз кечмоқдалар.(Хабарлар оқимидан).

1990 йилларнинг бошида миршаблар инсон ҳуқуқлари фаоли Абдуманноб Пўлатовни Бишкекдаги халқаро анжумандан ушлаб келишди. Суд бошланди. Катта шов-шув кўтарилди.

Яқинда ўша кезда президентнинг матбуот котибиятида ишлаган бир танишим билан гаплашиб қолдим. Унинг айтишича, шов-шувни кўриб Каримов ҳуқуқ тартибот соҳаси бўйича маслаҳатчиси Темур Алимовга׃

-Тўхтат! Йўқот! Бас қил! –дея бақирган экан.

Дарҳақиқат, президентнинг амри  билан Абдуманноб Пўлатовни суд залидан чиқариб юборишди. У дарҳол хорижга кетди. Казо-казоларнинг сарсон-саргардон бўлиб ушлаб келганлари эса ўзларига қолди.

Шундай кейин бу борада ҳар одимни ипидан-игнасига қадар спектакл тарзида олдиндан ёзиб, Каримовнинг ўзи билан маслаҳат қилиб олингандан кейин томоша кўрсатишга ўтилди.

Маълумки, ҳуқуқшуносликда “Вишинский услуби” деган гап бор. Буни Берияга боғлаб ҳам айтишади. Нима бўлганда ҳам Сталин даврида кашф этилган бу услубга кўра, маҳбуснинг ўзи ҳар қандай айбга иқрор бўлади. У ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ҳолда ҳам ўзини “сотқин”, “қотил”, “Сталинга қарши суиқасдчи” деб баралла айтади, ёзади, имзолайди. Шундан кейин уни отиб ташлашади ёки умрбод зиндонбанд этишади.

Каримов режимининг дастлабки 14 йили давомида ана шу усул қўлланилди. Минг-минг одамлар “емаган сомса учун пул тўладилар”. Албатта Каримов “Вишинский услуби”ни такомиллаштириб борди. Унинг янги-янги қирраларини очди. Масалан, маҳбус иқрор бўлмаса ҳам суд унга׃ “Сен шуни қилгансан” деб айбни бўйнига осиши шулардан биридир.

Сирдарёда ўтган бир ёпиқ суд ҳақидаги хабарлар ёдингизда бўлса керак. Яширин камера билан видеотасмага туширилган бу суд жараёнида шундай ҳол кузатилади. Судя маҳбусга׃

-Сен “Ваҳобий”сан ва сени конституциявий тузумга тажовуз қилишда айблаб, 159 модда билан 20 йилга жазолаш талаб қилинмоқда,-дейди.

Шунда маҳбус׃

-Ҳа, мен бу тузумга қаршиман. Лекин ўша “ваҳобий” деган жойини тузатинглар. Мен Худога ҳам, ваҳоб-паҳобга ҳам ишонмайман, мен коммунистман, Сарвар Азимов тузган Коммунистик партиянинг аъзосиман, мен Каримовнинг гапларига ҳам ишонмайман, унинг ўзи ҳам аслида коммунист, унга қарши бўлганим учун мени “ваҳобий” деб қаматмоқчи,-дейди.

-Сен осмондан келма,-дея унга қаршилик кўрсатади ёпиқ судга раислик қилаётган ҳакам.- Прокурор сени “ваҳобий” дедими, унинг далили етарли. Мана ҳозирги гапларинг ҳам буни исботламоқда. Сен “ваҳобий”ликнинг таъсирига тушгансан ва бу режимга қарши бош кўтаргансан. Аслида бунинг жазоси-отув!

-Майли отувга ҳукм қилинг, лекин “ваҳобий” эмас, коммунист бўлганимни айтинг!

-Коммунистга отув ҳукми чиқариш ёки 20 йил жазо бериш ҳақида ҳали қонун чиқмади. Шунинг учун ҳозирча сенга “ваҳобий” деб 20 йил бераман ва янги қонун чиқса, кейин ишингни қайта кўриб чиқамиз…

Бу латифанамо суд. Аммо бу суднинг видеотасмаси дунё айлангач, Каримов судларни янада такомиллаштириш устида бош қотирди. Дунёни ишонтиирш учун энди маҳбусдан мажбурий тарзда олинган иқрорни видеотасмага ёздириб, суддан олдин телевидение орқали кўрсатишга ўтилди. 1999, 2004 портлашлари ва Андижон воқеалари судларидан олдинги телекўрсатувларнинг ўзи ҳам бунга мисол.

Улуғ адиб Мамадали Маҳмудов(Эврил Турон)нинг Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилган иқрори ёдингиздадур. Бу махсус филмга ҳам киритилган. Бу видеоёзувни суратга олишда қатнашган ИИВ полковниги Азиз Эрназаров׃

-Бу кадрни ёзгунча ҳамманинг она сути оғзига келди,-деганини Ўзбекистон телевидениесида ишлайдиган журналистлар эшитиб қолгани ҳақида ўқигандим. Адибнинг ўзи ҳам қамоқдан ёзган ва умумнинг диққатига тушган мактубларида буни тасдиқлаган.

Андижон воқеалари юзасидан тайёрланган томоша-судлар ҳам олдингилари каби Каримовни қониқтирмаган. У мазкур судлар ҳақида дунё матбуотида ёзилганда Вишинский ва Бериянинг номлари тилга олинишидан норози бўлган.

Ана шуларнинг ҳаммасидан кейин Каримов кашфиёт яратди. Шов-шувларга асос бўладиган судлар бошланишидан олдин маҳбуслар адвокат ёрдамидан воз кечадилар ва суд ими-жимида, маҳбуснинг талаби билан ёпиқ тарзда ўтади.

Далилларга мурожаат қиламиз׃

“Суд жараёни очиқ деб элон қилинганди, лекин суд раисининг талаби билан ёпиқ ҳолда ўтказилмоқда. Суд бошидаёқ Дадахон Ҳасанов юқори мансабли мулозимларнинг босими остида ўз ҳимоячилари ва адвокатдан воз кечди. Суд раиси Илҳом Жалолов, маслаҳатчилар Раҳимов, Исоқов, айбловчи Ҳайитовдан иборат “тўртлик” томонидан ўтказилди.(Суръат Икромов, 2006 йил, 11 сентябр, http://www.uzbekcongress.org).

Малумки, 2005 йил Андижон воқеалари бўйича “Бирлик” партияси фаоллари Ҳамдам Сулаймон (партия раисининг ўринбосари), Акбар Орипов (партиянинг Андижон вилояти ташкилоти раиси) , Мусажон Бобожонов (партиянинг Марҳамат туман ташкилоти раиси), Нурмуҳаммад Азизов (айни замонда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли), Дилмурод Муҳиддинов (айни замонда “Эзгулик”нинг Марҳамат туман бўлими раиси), Муҳаммадқодир Отахонов (айни замонда Шахс ҳуқуқи ҳимояси комитетининг фаоли) қамалишганди. Уларнинг суд жараёнларини назарда тутиб, (2006 11 Сентябрда “Бирлик” сайти Дадахон Ҳасанов ҳақида хабар қилар экан-ЖМ), қуйидагиларни ҳам ёзганди׃

“Тошкентдаги иш бўйича фақат бир айбланувчи бор эди – бу Дадахон Ҳасан. У киши юмшоқроқ жазо олиш учун бир нарсани қурбон қилдилар, яъни ошкораликни. Биз ўзбеклар учун ошкоралик “ҳаводек” лозим бўлмагани учун, бу воқеа жамият томонидан нормал қабул қилинса керак, дейди мухбиримиз. Қолаверса, Дадахон ака биринчи мисол эмас. Ўтган йили суд қилинган 5 нафар “Бирлик” фаоли ҳам шу йўлни танлашган эди.(2006 йил, 11 Сентябр. http://www.harakat net).

Бу ерда Дадахон Ҳасан ёки бошқа судга тортилганларга дакки бериш эмас, балки бу кашфиётнинг муаллифини айблаш мантиқли бўлади. Чунки режим мана шундай натижага эришмоқ учун ҳамма нарсани ишга солади ва юқорининг кашфиётини амалга ошириш йўлида ҳар қандай инсонни синдиради.

“Нигора Ҳидоятованинг синглиси маълум қилишича, судланувчи ўзини ноодатий тарзда тутган. Қўлида Библия бўлган ва адвокатдан воз кечишини айтиб, суднинг ёпиқ ўтишини талаб қилган. (Би-би-си, 25 Январ, 2006).

“Жиззахлик журналист ҳибсга олинганидан ўн кундан кейингина катта қийинчиликлар билан Ҳайдаров билан учрашишга эришган рафиқаси унинг саломатлиги бирдан ёмонлашганини сезган: Улуғбек ўзини яхши тута олмаган, унинг диққат жамлаши қийин бўлиб қолган, ўзини паришонхотир кишилардай тутган, тўхталиб-тутилиб гапирган ва психотроп дорилар берилган кишидай кўринишда бўлган. Хотинининг “Сизга қандай муносабатда бўлаяптилар?” деган саволига жавобан Улуғбекнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетган ва бунақа нарсалар ҳақида мутлақо сўрамасликни ўтинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовга кўра, Ҳайдаровни ўз айбига иқрор қилаётган пайтда “куч ишлатар тузилма ходимлари тергов ҳибсхонасида унга босим ўтказган ва адвокатлардан воз кечишга мажбур этган бўлишлари мумкин”. Улуғбек маҳкама жараёни бошланишида ана шундай қилган.”(www.ferghana.ru).

Аслида бундай судлар ҳақида интернетда батафсил маълумотлар бор ва улар олимлар томонидан жамланиб таҳлил қилиниш вақтини кутмоқда.

Хуллас, ҳеч шубҳа йўқ-ки золим Каримовнинг бу “кашфиёти” судлов тарихига кечади ва Вишинский, Бериялар услуби каби умрбод қораланади.

27. ИҲОТАЛАШ

Ўзбекистонда режимга мухолиф бўлганлар жамиятдан ажратиб қўйиладилар.(Хабарлар оқимидан).

Бир кун Тошбўри Қиличев телефон қилди׃

-Эртага Раҳматулла Абдуллаевич келяптилар, вақтингиз бўлса, сиз ҳам Советободга келинг, у киши сизни ҳам таклиф қилишимни айтдилар,-деди.
Советобод ҳозирги Нуробод тумани. Тошбўри ака шу районда биринчи котиб эди. Кейин Самарқанд вилоят ижроия қўмитасининг раиси бўлди. Хокисор, камтар ва самимий одам эди. Доим юзи кулиб турарди. Адабиёт унинг иккинчи ҳаёти эди. Шунинг учун ҳам журналистлар, адибларни жуда ҳурмат қилар ва вақтининг аксар қисмини улар билан ўтказишга интиларди. Туй қилганда давранинг тўрида партия арбоблари эмас, Ўзбекистоннинг деярли барча ёзувчи-шоирлари ўтирганди.

Раҳматулла Абдуллаев эса, Самарқанд туманида биринчи котиб бўлган ва кейин Мева-сабзавотчилик вазири эди. Раҳматулла акани 1980 йиллардан бери танирдим. Тошбўри ака ҳам буни биларди ва балки шунинг учун мени ҳам таклиф қилмоқда, деб ўйладим. Айни пайтда Советобод тумани чўл жойда ва асосан чорвачилик ҳамда дон маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган туман бўлиб, Мева-сабзавотчилик вазирининг бу жойда нима иши борлигини ҳам тушунмадим.

Кейин билсам, Тошбўри ака чўлда бир совхозни сабзавот ҳамда полизчиликка ихтисослаштирмоқчи бўлиб, вазирни таклиф қилган экан. Шу боис мен “Совет Ўзбекистони” газетасининг вилоят бўйича мухбири бўлганим учун янгиликни ёйиш мақсадида таклиф этган бўлса керак, деб ўйладим. Аммо бу ҳали режа эканлигини айтиб, бу ҳақда ёзмай туришимни илтимос қилди.

Гап шундаки, бир кун баҳслашганимизда Раҳматулла ака мендан

-Иҳота дарахтини кўрганмисиз?-деб сўраган ва мен

-Йўқ,-деган эканман. У киши менга ана шу иҳота дарахтларини кўрсатишни дилига туйган экан.

Советободда Тошбўри ака айтган совхозга яқинлашганимизда бир жойда тўхтадик ва Раҳматилла ака менга׃

-Жаҳонгирбек, мана шу иҳота дарахти,- бўлади деди.

Гапнинг давомини Тошбўри ака илиб кетди:

-Аслида “иҳота”, “иҳоталаш” дегани атрофни ўраб олиш дегани. Мана бу дарахтларнинг эса илдизи ер тагига кириб кетади ва қидириб қидириб ўзига сув топади. Чўлу биёбонда ўсаверади. Асосан гармсел, шамолдан тўсиш учун экилади. Биз аввал бу атрофни ўраб олдик, мана энди полиз қилмоқчимиз, халқимизнинг дастурхонидаги қуруқ ноннинг ёнига бошқа нарса ҳам қўшилсин…

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ким режимга, Каримов сиёсатига қарши бўлса, жамиятдан ажратиб, иҳоталаб қўйиш тажрибаси қўлланила бошланди.

Бунда биринчи галда ишингиз кўз остига олинади. Сизни бу ишдан четлаштиришади.

Иккинчи галда доим назорат остида бўласиз. Атрофингизга кўринмас “иҳота дарахтлари” экиб ташланади.

Учинчи галда йилда бир неча марта ҳар нарсани баҳона қилиб, уйингизда тинтув ўтказишади. Агар мухолифат мажлисларида ёки бошқа тадбирларида кўзга ташланиб қолсангиз, иҳота чегарасини бузганингиз учун жазоланасиз. Уйдан ҳар бало чиқиши мумкин.

1992 йилда Президентнинг шахсан ўзи иҳоталаниши керак бўлган шахслар рўйхатини қилди. Ўша йилнинг охирларида Каримов қўл остидаги рўйхат бўйича ҳар куни “Фалончи қаерда, нима билан шуғулланаяпти” деб сўраб турганини эшитгандим. Кейин бу рўйхатнинг нусхасини бош ёрдамчи Равил Қодировда кўрдим. Чунки у мендан ҳар куни қаерда эканлигимни суриштирарди.

Бир куни Девонга бориб, у билан тортишиб қолдим. Охири у “Мана, ака, мажбурман” деб қўлидаги рўйхатни кўрсатди ва “Буни кўрсатганимни билсалар, бошим кетади”, деб айтди. У асли Мирсаидовнинг одами бўлгани учун ҳали ҳам Каримовга нисбатан совуқроқ эди. Акс тақдирда калласидан ажралса ҳам кўрсатмаслиги аниқ.

Бир неча йил Каримовнинг қаватида бўлган ва ҳозир АҚШга келиб сиёсий бошпана олиш умидида юрган бир киши ўша рўйхатнинг нусхасини яқинда менга юборди. Рўйхат рус тилида тайёрланган ва алфабет бўйича тузилгани учун асл ҳолатини бузмадим.

1.Абидов Ядгар
2.Атаджанов Палван
3.Ахунов Пулат
4.Бурханов Ринат
5.Джураев Мурад
6.Инаятова Василя
7.Исхаков Файзулла
8.Ишназаров Хамза
9.Йигиталиев Садикджан
10.Кабилов Мели
11.Кадиров Бахтияр
12.Каримов Шади
13.Каримов Алим
14.Куканов Самандар
15.Кучкаров Алиджан,
16.Мадаминов Салай
17.Маматов Джахангир
18.Маматова Айгул
19.Мирсаидов Шукрулла
20.Мухтаров Ахмаджан
21.Назаров Абид
22.Назиров Раджаб
23.Нусратов Шухрат
24.Пулатов Абдуманнап
25.Пулатов Абдурахим
26.Рузимурадов Шаврук
27.Саидов Насрулла
28.Туляганова Тайиба
29.Турсунов Инамжон
30.Умарова Мукаддам
31.Усманов Анвар
32.Утаев Абдулла
33.Файзиев Имам
34.Хасанов Дадахон
35.Юлдашев Тахир
36.Яквалхаджаев Фуркат

Бу ерда Каримов ўзи бевосита таниган ёки билган, ўзи шубҳа қилган ёки қўлга олиш керак бўлган мухолифларинигина рўйхатга киритган.

Худди шу тартибда вилоятларда ҳокимларнинг ҳам ўз рўйхатини туздирган. Кейин ҳаммасини бирлаштириб ИИВ ва МХХ назоратига олдирган. Шу зайл бутун мухолифлар чор атрофдан иҳоталаб қўйилган.

21 нафари халқ депутатлари бўлган юқоридаги рўйхатда исми келтирилган собиқ Ўзбекистон халқ ноиби Насрулло Саидовнинг бир мақоласидан олинган мана бу парча эса, иҳоталаш сиёсатининг давомийлигини кўрсатади.

“1990 йилдан хозиргача тинмай мендан сўрашади, сўроққа тутишади… 1993-1994 йилларда мен бошлиқ бўлган қурилиш ташкилоти (ПМК)ни 1 йилу 2 ой мобайнида тафтиш қилишди. Катта бир қурилиш ташкилоти раҳбарининг ўт билан ўйнашиб, мухолифатга ўтишида бир сир бор, деб уйлади улар. Тафтиш давомида топилган нарса шу бўлдики, ташкилотнинг 250 ишчисининг ҳаммаси “Эрк”ка кирган, уларнинг ҳаммаси ташкилот ҳисобидан “Эрк” газетасига обуна қилинган. Тергов иши енгил жазо билан чегараланди, чунки оғирлари ҳали олдинда эди.
1994 йил 20 февраль (туғилган куним) ярим тунда уйга 20 га якин милиция ходими бостириб келди. Қўлида Вобкент туман прокурори У.Ҳамидовнинг санкцияси, “Эрк” газетасини излаб, тинтув ўтказилармиш. Тинтув эрта тонггача давом этди, аммо газета топилмади. Бирок 5 гўдагим ётадиган, болалар хонасидаги шкафдан, қизчаларимни кийимлари орасидан жанговор граната “топилди” (2006 йил, 21 Сентябр, http://www.uzbekcongress.org).

Худди ана шу манзара барча мухолифатчиларнинг бошига келди ва келмоқда. Бугун режимга мухолиф бўлганлар иқтисодий жиҳатдан жуда қийин шароитларда яшаётганлари ҳам ана шундан.

28.КАЛЛАГА КЕЛГАНИНИ ҚИЛИШ

Ўзбекистон сиёсатида юз берадиган воқеаларнинг ҳар бири битта латифадир. (Хабарлар оқимидан).

Каримов “кашфиётлари” борасида гап кетар экан, битта шахс шунча нарсани ўйлаб топса ва амалга оширса, демак унинг қобилиятига қойил қолиш керак, деганлар ҳам бўлиши аниқ. Бунинг устига ҳаммамиз “Тарихда шахснинг роли йўқ, шахсни муҳит етиштиради” каби назариялар таъсирида улғайганимизни ҳисобга олсак бу савол янада бўртиб кўринади.

Иккинчи бир гуруҳ эса, ҳамма нарса Худодан, балки Каримов ҳам бу халқнинг бошига Худонинг юборган балосидур, айбни ўзимиздан ҳам излайлик, дейиши мумкин.

Яна бир тоифа эса, ҳар қандай одамнинг камчиликлари ва ютуқлари бор, Каримовга ҳам шу нуқтаи назардан қараш керак, дейиши мумкин. Нафақат дейиши мумкин, балки шундай саволларни тез-тез олиб ҳам тураман. Ана шунда олис бир қишлоқдаги отахон ёдимга тушади.

Бир кун Жомбой туманининг Ғўбдин адрлари этагидаги бир қишлоғига бордик. Қудуқ ёнида ўтирган кекса бир отахон кўзимизга хўжаи Хизирдек кўринди. Оппоқ соқоли кўксига тушган, сочлари ҳам қор каби оқ, эгнида ҳам оппоқ кийим. У қудуқ атрофига терилган харсанг тошлар устида ўтириб, биз келаётган томонга термулиб турарди. Биз сув ичиш баҳонасида отахоннинг ёнида ўтириб, бироз суҳбатлашдик.

У бизнинг кимлигимизни сўрамади, аммо׃

-Шу янги пошшога бориб айтсангизлар, мана бу йўлни аспалт қилиб берса!,-деди.

-Отахон бу гапнинг пошшога нима дахли бор? Мана мен депутатман, ўзим шу ердаги раҳбарларга айтиб, йўлингизни асфалт қилиб бердираман,-дедим мен.

-Ҳе, болам, пошшо айтмаса, битмайди, амир пошшодан келиши керак!-деди отахон ўчакишиброқ.

-Ҳозир бошқа замон, мана кўрасиз, пошшо айтмаса ҳам битади,-дедим мен ҳам ўчакишган оҳангда.

Отахон менга қараб туриб жилмайди-да׃

-Сен келишинг билан таниган эдим. Биламан, сен бизнинг депутат эмас, сен нариги томонга қарайсан. Бизни депутат эса Келдиёр. У биз томонга келмайдиям, келгани билан ҳам барибир пошшонинг амри керак,-деди.

Дилимга гарчи бу томон менинг округимга кирмаса ҳам шу йўлни асфалт қилиб бердираман, деган ниятни туйдим.

-Болам, пошшонинг йўлида юрларинг, бўлмаса ишларинг чатоқ бўлади, сен ҳозир дилингга мана шу йўлни асфалт қилишни туйдинг, аммо пошшо билиб қолса, ундан сўроқсиз қилингани учун бу йўлни бузиб ташлайди,-деди.

Ҳақиқатдан ҳам хўжаи Хизирга учрадим-ми, деб дилимдагини уқиб олганидан ҳайратланиб қолдим. Отахон эса, сўзида давом этди׃

-Агар бир қозиқни тахтга қоқиб қўйса, ўшанга ҳам қулоқ солиш керак, унинг измидан чиқмаслик, арбоб билан ўйнашмаслик лозим!

Мана шу гап отахон хўжаи Хизир эмаслигини, аммо кўпни кўрган, ўзимининг жайдари отахонлардан бири эканлигини кўрсатди. Мен барибир ўша йўлни асфалт қилдирдим. Орадан анча ўтиб, йўлим ўша томонларга тушганда отахонни зиёрат қилдим ва ваъдамни бажарганимни эслатдим. Шунда у׃

-Каримоф бобога ҳам саломимни, ҳам раҳматимни айт. Агар унинг амри бўлмаса, бу иш битмасди,-деди.

-Отахон бу ишдан Каримоф бобонгизни хабари йўқ,-дедим мен.

-Ер остидан илон ўтса, унинг хабари бўлади, бу унинг сезгирлигидан эмас, агар тахтга битта болакайни миндириб қўйсанг, у ҳам сезади. Қулоқ, бурун, кўз уники эмас, тахтники. Тахт бу-эшак. Халачўпинг бўлса бас, ниқтадингми, кетаверади. Олдиндан чиққанга ҳанграйди, орқадан келганни тепади. Биз минг йиллардан бери ким бўлса ҳам тахтга минса, бас, қуллуқ қилганмиз. Бундан кейин ҳам омадини бериб, ким ҳам минса, Каримоф бободан қолишмайди…

Ўшанда отахон билан анча гаплашган ва барибир унинг фикри-қарашини зарра қадар ҳам ўзгартира олмаган эдим. Ахир кўп гап эшакка минган одамга ҳам боғлиқ! Эшакка минган одам шавқатсиз бўлса, эшагини ниқтайвериб қонталаш қилади, раҳмдил одам бўлса, эшагининг ҳолига ҳам қарайди. Гап ман шунда.

Аслида Каримовнинг “кашфиётлари” – бу Карримовнинг кирдикорлари. Кашфиёт бирдан каллага келиб қолган нарса, Расулов деган физика ўқитувчимизнинг яхши кўрган гапи бор эди:

׃-Нютон олма дарахтининг тагида ётганда, бошига битта олма келиб тушган, шунда унинг “Нега бу олма теппага қараб чиқиб кетмади-да пастга тушди?” деб ўйлагани Ернинг тортиш кучи деган оламшумул қонун яратилишига дебоча бўлган!

Каримов ҳам калласига келганини қилмоқда. Лекин бирортаси оламшумул кашфиёт даражасига етмади. Ҳаммаси кирдикорга айланди. Агар Нютоннинг ўрнига олма дарахтининг тагида бизнинг Каримов ётганда ва бошига олма тушиб кетганда, у албатта бошқа нарса-ўзига суиқасд қилингани ҳақида ўйлаган ва бу олмани эккан одамни зиндонга тиққан, дарахтни эса, қўпортириб ташлатган бўларди. Фарқ мана шунда.

Буни ҳаётда кўриб турибмиз.

Каримов машинасида кетаётганда бирдан машина икки томонида чинорлар экилган йўлга киради. Чинор барглари орасидан Қуёш нурлари липиллай бошлайди. Хаёл суриб кетаётган Каримов бундан чўчиб тушади ва барча чинорларни кесиб ташлаш керак, деган гап хаёлига келади. Бу унга кашфиётдек туюлади ва воқеани мажлисда айтиб беради. Ҳамма унинг топқирлигига қойил қолиб, бош қимирлатади, унинг кашфиётини маъқуллайди. Қарабсизки, нафақат Тошкентда, балки Самарқанд ва бошқа жойларда ҳам чинорлар нафақат кесилади, балки илдизи билан қўпориб ташланади.

Ёки, у бир кун ўйланиб қолади. Нега шунча йўқотганим билан мухолифларим кўпайиб бормоқда? А, ҳа, чет элликлар уларга пул бериб, уларнинг уруғини кўпайтирмоқда! Дарров калласига келган бу гапни мажлисда айтади. Эртасидан бошлаб, чет эллик ташкилотларнинг жангалига ўт кетади. Лекин мухолифлар сони камаймайди. Энди, рўйхат қилиб, банкларга бериш керак, дейди. Қарабсизки, рўйхат ҳам ҳозир

Ўзбекистонда бутун ҳаёт мана шундай, бир кишининг калласига келгани билан давом этмоқда. Калла эса кашфиётлар қозони. Бир каллада минг хаёл деб бекорга айтмаймиз-да!

Сталин ҳақида эшитгандим: у кечаси уйқуси қочиши билан калласига ҳар турли хаёллар келар ва бирорта раҳбарга  телефон қилар экан׃

-Нима қилаяпсан?

-Ухлаётган эдим, ўртоқ Бош қўмондон!

“Уруш пайтида ҳам ухлайдилар-ми?”

Шу билан ҳалиги раҳбарнинг иши битди.

Сталиннинг бу одатини эшитган бошқа раҳбарлар ухламасдан телефонга тикилиб ўтиришади. Бирдан биттасининг телефони жиринглайди ва у׃

-Ухламасдан, ишлаб ўтирибман,- деб жавоб беради.

“Ҳали сенми ухламаганини менга миннат қиладиган!”

У ҳам кетди.

Бошқаси׃

-Ҳам ухлаб, ҳам ишлаб ўтирибман, ўртоқ Сталин,-дейди.

“А, ҳа, демак, мени алдаяпти”.

Бугун Ўзбекистонда ҳам ана шунақа вазият. Ҳақиқатни айтсангиз ҳам балога қоласиз, айтмасангиз ҳам. Чунки эшакни минган одам калласига келганини қилади.

29. ТАҚЛИД

Ўзбекистонда демократиядан бошқа ҳамма нарсада Ғарбга тақлид қилинар экан.(Сайёҳнинг кундалигидан).

Бир куни Каримов кабинетига кирадиган эшикнинг ўнг томонидаги у ёқ-бу ёққа силжитиладиган шкафда турган телевизор ва видеомагнитофон ёнига келди-да׃

-Сизлар мени қандайдир шоҳга ўхшатибсизлар, латифа айтиб юрган экансизлар,-деди хафақон қиёфада.

Мен аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин Эркин Воҳидовга айтиб берганим латифа ёдимга тушди׃

Бир киши тўсатдан шоҳ бўлиб қолибди. Тахтга ўтириши билан ҳамма тиз чўкиб, унинг амрига қулоқ тутибди.

-Бугундан бошлаб барча амалдорлар тўп ўйинини ўргансин!-деб буюрибди.

Эртасига ҳам шоҳдан амр кутганлар айни фармонни эшитибдилар. Кейинги кун ҳам. Шу зайл орадан бир ой ўтибди ва бир куни девонбеги:

-Шоҳим бу қанақа ўйин?-деб сўрашга жазм қилибди.

-Бу қанақа ўйин?-дея шоҳ вазири аъзамга юзланибди.

Вазир елкасини қисиб қолибди.

-Аҳмоқ, бу саволни сен бошқага йўлла! У эса бошқага! Бошқаси яна бошқага! Ана шу-тўп ўйини бўлади!-дебди шоҳ.

-Вазир ҳайрон бўлиб׃

-Шоҳим, тўп қани?,- деган экан, шоҳ қиличини чиқариб, унинг калласини узиб׃

-Мана!-деб жавоб қилибди…

Каримовга биз депутатлар иқтисодий ислоҳотлар борасида бир қанча саволлар йўллаган ва у саволларни Мирсаидовга, ўз навбатида Шукрулло Мирсаидов хатимизни Олий кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимовга юборган. Мирзаолим ака эса, қўмита раисларини бир-бир чақириб, улардан биз билан гаплашиб қўйишни сўраган.

Қўмитамиз раиси Эркин Воҳидов саволларимиз ҳақида гап очганда, мен ҳалига латифани айтиб, саволларни яна қайтадан Каримовга жўнатган эдим.

Шундан кейин Каримов мени чақирган ва ўзи жуда ҳам банд эканлиги, ҳатто спорт билан шуғулланишга вақт тополмаётганини айтиб, шунинг учун бошқа мамлакат раҳбарлари олдида изза бўлиб қолаётгани, бунда бекордан-бекорга унинг вақтини ўғирлаётган бизнинг айбимиз катталигини айтди. Шундан кейин у видеомагнитафон тугмасини босди.

Россия президенти Борис Елцин ва Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев теннис ўйнашмоқда. Атрофда эса, бир неча президент томоша қилиб туришибди. Шулардан бири Ислом Каримов.

-Кўрдингизми, қозоқларнинг раҳбари қандай ўйнаяпти? Борис Николаевич ҳаллихлаб қолмоқда, шундай катта мамлакатнинг раҳбарини чарчатиб қўйиш учун катта тренировка керак. Тренировка-вақт!

Бироз тортишдик. У барибир саволларимизга жавоб бермади. Лекин…

Самарқандда Сиёб кўчасида яшар эдик. Дам олиш кунлари Самарқандга борардим ва ҳар куни эрталаб вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов кўчамиздан ўтганини кўрардим. Бир кун у мени кўриб, тўхтади ва озгина нарида теннис майдончаси бор эканлигини айтди. Ҳар куни у эрталаб шу ерга келиб, ўйин ўрганар экан. Бирдан у бу жойга қатнамайдиган бўлиб қолди. Эшитсам, Сўғдиёнага қатнаёттган эмиш.

Сўғдиёна массивида санъаткор Насиба Абдуллаева яшайдиган уйнинг қаршисида теннис майдончаси бор эди. Ҳар ҳолда бу майдонча қурилиши уй-жой массивидан олдин бошланган ва кейин тўхтаб қолганди. Атрофи ўраб олинган бу жой йиллар давомида ўт босиб ётди. Демак, бу теннис корти ишга туширилибди.  Маълум бўлишича, бошқа вилоят раҳбарлари ҳам тенис ўйнашга бошлабдилар.

Тошкентда Олой бозорига яқин жойда яшар эдик. Бир кун эрталаб бозорнинг ёнидан ўтиб, қарши томонга бораётгандим, теннис майдончасини кўриб қолдим. Қарасам, атрофда ҳукумат машиналари, бир қанча вазирлар шу ерда… улар ҳам теннис ўрганаётган эканлар.

Шу зайл Президент кубоги, мамлакат чемпионатлари, дунёнинг теннисчиларини чақириб, мукофотлар бериш бошланиб кетганди. Каримовнинг ўзи теннис ўйнашни бошлагандан кейин қовун-қовундан ранг олади, деганларидек бошқалар ҳам киришиб кетган эканлар.

Мустақилликдан кейин теннис ўзбекларнинг “миллий” спортига айланиб қолгани ана шундай ўзига хос тарихга эга.

Россиянинг Елциндан кейинги подшоси Путин теннисга эмас, бошқа нарсаларга қизиқар экан. Масалан, Путин курашга қизиқаркан. Путин даврида Ўзбекистонда миллий курашга эътибор кучайганига ҳеч диққат қилдингизми?

Американи сўкишади-ю аслида ҳамма нарса Америкага тақлидан қилинади. Клинтон президентлиги даврида у итини ҳам Оқ уйга олиб келиш билан чегараланмай, сафарларга ҳам олиб чиқди ва ҳатто олий даражали меҳмонларни қабул қилишда ити “иштирок этди”. Буни Путин ҳам илиб олди. Яқинда эшитсам, Тошкентдаги Оқсаройда ҳам ит пайдо бўлибди.

Буш президент бўлгандан кейин кўп вақтини Техасда ўтказа бошлади. Олий даражали меҳмонлар ҳам учрашув учун ўша жойга боришди. Қарабсизки, Путин муҳим қабулларни Санкт-Петербургда, Каримов эса Самарқандда ўтказишни одатга киритди.

Мустақиллик байрами оқшоми кўкка мушаклар отилиши анъанаси ҳам руслардан олинди, деб юрардим. Хато қилган эканман. Америкага келганимдан кейин билдим. Бу ерда ҳар йили АҚШнинг Мустақиллик куни-4 Июл оқшомида Вашингтонда, барча штатлар марказларида, турли шаҳарларда кўкка мушак отиш одати бор экан.

Президент сайланганидан кейинги қасамёд маросими ҳам Америкага тақлид. Айниқса, 1990 йилда ҳали Коммунистик партиянинг лидери бўлган Ислом Каримов парламентда президент этиб сайлангач, қўлини Қуръоннинг устига қўйиб, қасам ичганди. Бу ҳам тақлид. Фақат Библия ўрнида Қуръон.

Оқ уй- Оқсарой..

Сенат-Сенат..

Диснейланд-Тошкентланд…

Ва ҳоказо ва ҳоказо!

Ҳамма нарсага тақлид қилингани ҳолда демократияга келганда, “Шарқнинг ўз демократияси бор” дейилиши табиийки, янгилик, ўзига хос “кашфиёт”дир.

30. ЙИЛЛАРНИ НОМЛАШ

Ўзбекистонда қайси йил қандай ном қўйилиши ўша йилда ўша соҳада ўпирилишлар юз беришидан дарак бермоқда. (Хабарлар оқимидан).

1988 йилда журналистик сафар билан Афғонистонга бордик. Пулихумри шаҳрида бир тепаликда икки аср олдин қурилган ғарбона саройда тўхтадик. Бино худди тўрт-беш қаватлига ўхшасада, аммо икки қаватли эди. Биринчи қавати асосан кириш жойи׃ кенгиш, мажлислар залига ўхшайди. Иккинчи қаватда эса, ётадиган хоналар. Ҳар бир хонанинг каттагина балкони бўлишига қарамай, яна битта умумий, усти очиқ балкон бўлиб, зиёфатлар шу жойда ўтказилар экан. Маҳаллий аҳоли бу саройни “Ёлғончи шоҳ”нинг саройи дер экан. Журналист халқи қизиқувчан халқ бўлади. Нега бундай дейишганини билиб олмагунча, уйқу келадими? Афғонлардан бири энди ҳикоя бошлаганди тоғ томонда отишма бошланди. Қоп-қоронғу осмон бир зумда худди мушакбозлик қилинаётган каби ёришиб кетди. Ўқларнинг визиллаб учганини кўриб турасиз. Биз дарҳол ўзимизни ичкарига олдик. Аммо афғон йўлдошларимиз жойларида ўтиравердилар.

Ярим соатлардан кейин отишма бир муддатга тинди. Шу орада ривоятни эшитдик.

Бир ёлғончи подшо бор экан. У касал бўлиб, тўшакка михланиб қолганда, ўғлига васият қилибди׃

-Бу халқ тўғри гапни ёмон кўради. “Ҳақиқат”, “ҳақиқат”, дегани билан ҳақиқатни айтсанг, сендан юз буради. Рост гап отангга ҳам ёқмайди, дегани ана шундан. Рост гапирсанг, энг яқин дўстларингдан ҳам айрилиб қоласан. Улар ҳам рост гапни эшитишни истамайдилар. Рост гапни айтган одамни гиначи, иғвогар, туҳматчи, дейдилар. Чунки рост гап уларнинг этагини кўтариб қўйиши мумкин-да! Ёлғон эса, халқнинг ярмига ёқмаса ҳам, ярмига ёқади. Ҳатто гапнинг ёлғонлигини билиб турса ҳам, унга ишонишга ҳаракат қилади. Чунки бу ёлғон унга умид беради, унинг орзуларига мос тушади, унинг ниятларига яқин келади. Лекин ўлимим олдидан бир марта рост гапни айтаман. Биламан, шундан кейин сен мени ёмон кўрасан. Аммо айтмасам, бўлмайди. Мен бир умр ёлғон гапирдим. Ҳатто сени ҳам доим алдаб келдим. Аслида сен менинг ўғлим эмассан, қўшни мамлакатни босиб олганда отанг ва онангни ўлдириб, сени асраб олганман. Ҳозир бу гапни айтишимнинг боиси эса, менинг ўрнимга қоласан, агар мамлакатни ёлғон билан бошқармасанг, халқни алдамасанг, подшолик қила олмайсан! Ўғли жаҳл отига миниб, кўзлари қонга тўлиб, қиличини қинидан чиқарган экан, ёлғончи подшо׃

-Ишондингми, наҳотки мен рост гапирсам, ўлаётиб ҳам сени алдаб кетмоқчи эдим, ўзимнинг белимдан бўлган ўғлимсан-ку, ахир!,-дебди.

Ўғли қиличини қайтариб қинига солган экан, подшо׃

-Кўрдингми ёлғоннинг кучини, керак бўлса, қилични ҳам синдиради!-дея жон берибди.

Бу ривоят. Балки ростдан ҳам Афғонистонда шундай ёлғончи шоҳ ўтган бўлиши мумкин. Чунки шоҳлар азалдан халқни алдаб келганлар ва бугун ҳам бунинг мисолини кўриб турибмиз. Узоқда эмас, ўзимизнинг Ўзбекистонда. Мустақилликдан кейин халқ тарихга, миллийликка ўч эди. Тарихий шахслар номини эшитганда, совуқдан дилдираб ўтирган одам Қуёш чиққанда севинганидек, шод бўларди. Каримов бу туйғуни қўлга олиш учун ҳар йилни тарихий шахслар номи билан атади.

Масалан, 1994 йил-Мирзо Улуғбек йили, 1996 йил Амир Темур йили бўлгани каби. Энди муаммолар кўпайиб кетди. Қолаверса, йилларни тарихий шахслар номи билан аташдан манфаат келмаётганини кўриб, бошқача иш тутди ва йилларга ўзига хос ном бериш билан одамларни алдаш бошланди.

1997 йил-Инсон манфаатлари йили. Ўша йили ўзбек халқи жуда катта манфаатларидан айрилди.

1998 йил-Оила йили. Ўша йили Ўзбекистон бузилган оилалар сони жиҳатидан МДҲда биринчи ўринга чиқди.

1999 йил-Аёллар йили. Аёллар қон қақшатилди.

2000 йил-Соғлом авлод йили. Соғлом авлоддан ном-нишон қолмади.

2001 йил-Оналар ва болалар йили. Оналар ва болалар мардикорга айландилар.

2002 йил-Қарияларни қадрлаш йили. Қариялар ҳам қатағон қурбонига айландилар.

2003 йил-Обод маҳалла йили. Обод маҳалла қолмади. Маҳаллалар ҳукуматнинг“кўз” ва “қулоғи”га айлантирилди.

2004 йил-Меҳр-мурувват йили. Меҳр-мурувват кўрсатиш афсона бўлди.

2005 йил-Сиҳат-саломатлик йили. Тиббиёт даргоҳлари порахўрлик мактабига айланди, “Пул бўлса, сиҳат-саломатлик бўлади” деган бошқарувга ўтилди.

2006 йили-Ҳомийлар ва шифокорларйили. Шоҳнинг оиласига ҳақ бериш ҳомийликка айланди.

Яқин кунларда 2007 йилга ҳам ном берилади. Эсингиздами, юқорида саналган номланишлар эълон қилинганда қанча одамлар ишонишганди. Балки сиз ҳам ишонган бўлишингиз мумкин. Бу сафар ҳам ишонганлар бўлади.

Мана шу ҳақда ўйлар эканман, Каримов халқни алдашда бу сафар калласига келганини эмас, балки узоқ вақт ўйлаб юрганини амалга ошириб, ўзига хос ва ўзига мос йўл топган, деган фикрда тўхталаман. Агар сизда бошқа фикр бўлса, йилларнинг номланишига қараб, шу йилларда шу соҳаларда қилинган ишларни бир сарҳисоб этиб кўринг-чи, ёқангизни ушлаб қолмайсиз-ми! 

31.ОЛТИНХЎРЛИК

Яна бир неча йилда Ўзбекистоннинг олтин запаслари тугайди.(Хабарлар оқимидан).

Қадим ўтган замонда, Туронзамин томонда бир Олтинбосган исмли аждарҳо ўтган экан. Олтинбосган жуда ҳам юҳо экан. У бир шаҳарга келиб, катта тепаликнинг устига ўтириб олибди. Ўша ердан халққа ваҳшат сочармиш. Уни ҳайдаймиз дейишса, ҳеч кетмас эмиш. Ўлдирамиз дейишса, ҳеч кимнинг кучи етмас экан. Унинг оғзидан отилган олов бутун шаҳарни ёндириб, кулга айлантирибди. Шунда қўшни шаҳарларда ҳам ваҳима бошланиб, улар бу аждарҳони йўқотишга киришибдилар. Унинг бир бошини кесишса, иккинчи, учинчиси ўсиб чиқарамиш. Ҳар узилган бошдан эса, аждарҳочалар туғилармиш. Улар катта аждарҳонинг атрофини қўрғон қилиб ўраб, уни қўриқлаб ўтирашар ва ҳеч қандай куч уни енголмас экан. Шу зайл йиллар кетидан йиллар ўтиб, бир куни аждарҳо ўз ажали билан ўлибди. Шунда халқ аждарҳочаларни тор-мор қилибди.

Кейин нима гап, нега аждарҳо бу ерни ҳеч тарк этмади, деб тепаликнинг орқасига ўтишса, ҳамма ёқ ўпирилган эмиш. Бунча тупроқ қаёққа кетганига ҳайрон бўлишибди. Ўша жойдан бир бўлакча олтин топишибди. Шундан сўнг тушунишибдики, бу тепалик остида олтин кони бўлган ва аждарҳо ана шу олтинларни топган. Ўлган аждарҳонинг қорнини ёришса, тўла олтин эмиш.

-У олтин еб, бўкиб ўлиб қолган экан-да,-деб ўйлашибди баъзилар.

-Йўқ, у олтинхўр бўлган, олтин тугагандан кейин ўлиб қолган,-дермиш қолганлар.

Шу зайл унинг номи Олтинбосган бўлиб қолибди. Халқ шундан келиб чиқиб, олтин бор жойда илон бор, дер экан.

Илк бор бу эртакани 1990 йилларнинг бошида Каримов Олмалиққа борганда эслагандим. У олтин ёмби(тахтачасимон қуйилма)лар ёнига келиб, кўзлари чарақлаб кетганди. У бирданига ёмбилардан иккитасини икки қўлига кўтармоқчи эди, бир зум эгилиб қолди. Кейин׃

-На бунча оғир?,-деди.

-Ҳар бири 12 килограмм деди,-ёнидаги одам.

Шундан кейин у ёмбиларни икки қўлига кўтариб, севинчини яшираолмай суратга тушди. Бу сурат ўшанда ҳамма газетларда босилди. Телевизордан ҳам кўрсатилди. Кимб илсин-ки ўшандаёқ Каримов ўзини бу олтинларнинг соҳиби деб эълон қилган ва халққа қараб “Кўриб қўй, бу олтинлар меники!” деяётган экан.

Аммо шу нарса аниқ эди-ки, Каримов ўшанда ёмбиларни илк бор кўрганди. Табиийки, совет даврида мана-ман деган одам ҳам фақат олтиннинг тангаси-ю майда-чуйдасини кўрган. Қуйма ёмбиларни эса, КГБ нинг махсус бўлими назоратида Москвага жўнатишган.

1990 йилда Шукрулло Мирсаидов ҳали бош вазир эканлигида ундан׃

-Ўзбекистонда қанча олтин чиқади?-деб сўрагандим.

-Буни ҳатто Ислом акам ҳам билмайдилар,-деб жавоб қилганди у.

Демак, Каримов олтин ёмбиларни ўшанда кашф қилди. Кашф қилдигина эмас, устига ётиб олди.

Совет давридаги маълумотларни фақат Москва билгани аниқ ҳол. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ҳам олтин борасидаги маълумотлар сир сақланмоқда. Каримовнинг ўзи бир нутқида йилига 80 тонна олтин ишлаб чиқарамиз деса, иккинчи нутқида 70, учинчисида 85 деб юборади. Аммо бу олтинлар қаерда ва қаёққа кетди, буни сўрайдиган одам йўқ.

Олтин запаслари ҳақида эса кимдир Ўзбекистоннинг икки минг тонналик олтин запаси бордеса, бошқабиров 3,5 мингт онналик дейди. Аммо шуниси аниқ-қи, Ўзбекистондан қазиб олинадиган олтин жаҳондаги энг юксак сифатли олтин ҳисобланади. Бу борада аниқ маълумот бўлмагани учун турли манбаларга қулоқ тутилади.

Юртбошининг ўнг қўли, унинг барча кирдикорларини билган Зелемхон Ҳайдаровга яқин манбаларга кўра, Каримов 1990 йилларнинг бошида худди Бухоро амири ёки араб қироллари каби Швецария банкида 38 тонна, Франциядаги бир банкда 10 тонна ва Англиядаги яна бир банкда 17 тонна олтинни ўз номига қўйган.

Фақат у Францияга борганда ўн тонна олтинни Ўзбекистонга сармоядорларни жалб этиш ва шунга кафолат сифатида келтирганиниайтган эди.

Эълон қилинмаган бошқа маълумотларга кўра, Каримов даврида 1,5 минг тоннадан зиёд олтин қазибо линган. Каримов бу ишни шу қадар тезлаштиришни талаб қилган-ки, қазиб олинган олтиннинг анчаси чиқиндига қўшилиб кетган. АҚШнинг Нюмонт компанияси ана шу чиқиндидан дунёнинг олтинини ажратиб олди. Бунинг ҳам асосий қисми Каримовнинг ҳисобига ўтиб кетди.

“Америка овози”да ишлаганимда, бир куни Жанубий ва Марказий Осиё бошқармасининг котибиятида бир қиз пайдо бўлди. У қисқа муддатга практикага келган экан. Америкада практикага келадиган талабаларга катта имкониятлар беришади.

Хуллас, иш соатларим ҳақидаги табелни олиб тушсам, у қиз ҳисобчимизнинг ўрнида ўтирган экан. Яхши саломлашди. Аммо исмимни айтишим билан авзойи бузилгандек бўлди. Шундан кейин мени кўрса, юзини бошқа томонга бурадиган бўлди. Ёш қиз, кўнглига келганини қилади, деб индамай қўйдим.

Бир кун бошлиғимиз ҳалиги қиз билан унинг отасини бошлаб келди ва унинг отаси Нюмонт компаниясининг муҳим одами эканлиги ва Ўзбекистонда ишлашини айтди. Табиийки, у аввал раҳбарият ҳузурида бўлган ва уларнинг таклифи билан бизнинг хонамизга ҳам мажбуран ташриф буюргани билиниб турарди. У тумшуғини осиб олди ва саволларимизга ярим-ёрти қилиб жавоб берди. У Каримовдан мамнун эди. Мен унга׃

-Диктаторнинг авзойи бугун яхши, эртага бузуқ, бир кун сизларни ҳам ёндириши мумкин эмасми?-дедим.

У׃

-Сиёсат бошқа, бизнес бошқа, Каримов бизнесни билади,-деди.

Мен бошқа савол бермадим.

Мана бугунга келиб, ўша бизнесни биладиган одам бу ширкатга 40 миллион доллар жарима тортиб ўтирибди. Бу “еганини қорнини тешиб бўлса ҳам қайтариб олиш” дейилади…

Ўзбекистон олтин конларини иккига бўлиш мумкин. Бири аниқланган конлар ва иккинчиси тахмин қилинган конлар. Аниқланган конлардаги олтинларни бугунги тезликда қазиб олинса, 5-6 йилда битиши айтилмоқда. Бу 15 йил давомида эзилган ўзбек халқи учун жуда узоқ, аммо олтинхўр учун жуда қисқа муддат.

32.СЎКАҒОНЛИК

Ўзбекистонда барча раҳбарлардан тортиб, мухолифат сафларига қадар сўкағонлик касали тарқалган экан. (Ўзбек тилини ўрганган америкаликнинг айтгани).

СПИД асрнинг вабоси, миллионларнинг кушандаси бўлса, сўкағонлик Ўзбекистоннинг вабоси, ўзбекнинг кушандасидир. Дейишингиз мумкин׃ сўкағонлик ўзбекка бешикда теккан, ҳар бир оилада унинг илдизи чуқур. Ҳа, шунинг учун бу иллат тобутга қадар яшайди.

Илгари энг кўп сўкинадиган ва сўкишларга бети қалин халқ руслар деб ўйлардим. Чунки улар унча-бунча гапни бемалол сўкиш билан ифодалай олардилар ва унча-бунча сўкишни бемалол ҳазм қилиб кетаверардилар.

Кейин-кейин билсам бизнинг халқ русларни ярим йўлда қолдириб кетар экан. “ИАК” да Каримов халқнинг онасини сўккандаги воқеаларни ёзганман. Атрофидаги раҳбарларни сўкишини ва оиласидаги сўкинишларни эса, ”ҚУВҒИН”да бундан 12 йил олдин битган эдим.

Ўтган йил Америкага келган бир мулозим мен билганларимга қўшимча қилди:
-Мустақиллик байрами куни эди. Ҳамма казо-казолар тўпланган. Ўзини Каримовга яқин деб ҳисоблаганлар умр йўлдошлари ва болаларини ҳам олиб келишган. Каримов биринчи қаторга келиб ўтирмоқчи эди, унга нимадир ёқмади. У Мирзиёевга қаради. Бу пайтда Бош вазир бошқа томонга қараб турган экан. Юртбоши уни шунақа сўкди-ки, ҳамма тўпланганлар эшитди. Мен орқароқда бўлсам ҳам Каримовнинг бақиргани қулоқларимга келиб урилди, қулоқларим қизариб кетганини ҳис қилдим. Жуда ёмон сўкди. Бунақа сўкишни мен ҳаётимда илк бор эшитаётган эдим. Қарасам, Мирзиёев индамай бош эгиб турибди. Қолганлар ҳам бошларини эгишган. Бир неча аёл қойил қолган каби Каримовга маҳлиё бўлиб қараб қолишган. Шунда мен атрофга разм солдим, фақат битта аёл қизалоғининг қулоғини бекитиб олибди. Ургани ур оши, сўккани сўк оши дегандек, қолганлар худди ҳинд кинофилмини кўраётгандек диққат билан Каримовнинг сўкишларини эшитишмоқда. Мен одамларда орият, ҳиссиёт ўлганини ўша кун идрок қилдим. Бизнинг ўзлигимиздан зарра ҳам қолмади. Таҳқир ва ҳақоратга чидай олмаган халқ таҳқир ва ҳақоратнинг маҳлиёсига айланди…

Бу гапларни айтган одам йўлини қилиб ҳукуматдан кетишни излаётгани ва имконини топиши билан четга чиқиб кетишини айтганди. Лекин яқинда у ҳукуматда яна бир поғона тепага кўтарилди. Энди қулоқлари ҳар куни қизариб тураётган бўлса керак!

Каримов Эркин Воҳидовни онангни деб сўкканда у “Мени сўкди бир зот, мен кечирдим, сен кечиргил” дея Худога мурожаат қилиб шеър ёзгани ҳақида “ИАК”да батфасил битгандим. Ўқувчилардан бири мулоҳазаларини ёзар экан, худди мана шу нуқтага эътироз билдирганди׃
“Бундай пайтда Худога ҳавола қилиш керак, Худо ўзи жазосини беради”.

Мен унга орадан шунча йиллар ўтиб кетди, аммо жазодан дарак йўқ, деган маънода жавоб қилдим. Кейин у׃
“Ҳа, нима қипти, раҳбар ҳам отадек гап, раҳбар бўлгандан кейин бир қўли билан силайди, бир қўли билан уради, бугун сўкса, эртага севади. Отам сўкди, деб унинг тилини кесмайсиз-ку! Худога солинг, Худо бу дунёда бўлмаса, у дунёда жазо беради”, деб жавоб қилди.

1990 йил. Олий кенгаш сессияси танаффусида Каримов вазирлар ва вилоят раҳбарлари билан мажлис ўтказди. Ўшанда Хоразм вилоятининг раҳбари бир аёл эди. Унинг олдида Каримов шунақа ёмон сўзларни ишлата бошлади-ки, эшитиб уялиб кетар эдингиз. Мен ўша сессияда котибият раиси бўлганим учун тасодифан бунга гувоҳ бўлиб қолганман. Кўзим ўша аёлга тушди. У ҳеч нарсага парво қилмай эшитиб ўтираверди. Кейин унинг ўзини сўкканда ҳам чивин чаққанчалик ҳам парво қилмай бошини эгиб ўтираверди.

Ўша йили бир сессияда Каримов Академик Аҳмадали Асқаровга қараб гапирар экан, Тойиба Тўлаганова ҳақида шунақа ҳақоратомуз сўзлар ишлатдики, бирор киши миқ этмади. Фақат олдингисидан фарқли равишда бу воқеада Тойиба йиғлаб, сессияни ташлаб чиқиб кетди.

1990 йиллар бошида Туркия президенти Тургут Ўзал Тошкентга келганда, озарбайжон-арман уруши ҳақида савол тушди. Каримов “бу уруш Озарбайжон раҳбарияти орасидаги тахт талашуви туфайли давом этаяти” дея “Абулфайз Элчибейни назарда тутиб, думини тагини қисиб ўтирсин”, деган эди.

Юзлаб, минглаб ана шундай мисоллар келтириш мумкин. Каримов тағин оғзини катта очиб, маданиятли халқмиз, дейди. Агар сўкиниш ёки сўкишларни эшитиб жим ўтириш маданият бўлса, у ҳолда дунёда энг маданиятли халқ биз бўламиз.

Мустақилликдан олдин Ўзбекистонда бирорта раҳбар қўл остидагиларни очиқдан-очиқ сўка олмаган. Мустақилликдан кейин ўзимизга бек, ўзимизга хон бўлдик ва оилада, кўчада ишлатиладиган сўкинишлар аввал президент девонига, кейин, ҳукумат ва Олий мажлис идоралари, ундан вазирликлар ҳамда вилоят, туман, маҳалла идораларининг расмий сўзлашув тилига айланди. Илгари луғатларга киритилмаган ва жамоат жойида ишлатишга ҳар қандай одам ҳам уялган сўзлар энди оммавий калималарга айланди.

Совет даврида фақат миршаблар сўкиниш сўзларини очиқ ишлатганлари учун уларнинг обрўйи оёқ учида эди. Бугун энди миршаблар бу борада авлиё бўлиб қолдилар. Чунки ҳамма сўкинишлар оммавийлашди. Ҳамма Каримовдан сўкиниш тарбиясини олди. Ҳатто мухолифат ҳам. Баъзилари Интернетда сўкинишни хабарлар орасига ҳам ташидилар. Шу билиб-билмаган ҳолда Каримовнинг содиқ ворисига айландилар. Хуллас, 15 йилда сўкағон ва сўкиш эшитадиган миллатга айланиб қолдик.

Туркияга келганимда маданият пешволарининг сўкиниб гапиришларини кўрдим, филмларда ҳам шу аҳвол.
-Нега бундай?-деб сўрасам.
-Ғарбга тақлид, Америкага тақлид,-дейишди.

Лекин Америкага келиб сўкинишлар Туркиядагидан юз чандон озлигини кўрдим. Биз яшайдиган штатнинг сенатори АҚШда жуда машҳур. Ҳозир сайлов олди кампаниясида араваси тортмай қолди. Ҳаммаси унинг бир сўкиш сўзини ишлатганига боғлиқ. Бир сўз билан у одамлар наздидан тушди ва Ноябр ойидаги сайловда қайта сайланиши савол остида турибди.

Ўзбекистонда эса тескариси. Сўкинадиган раҳбарни ота ўрнига қўйишади.

Каримовга қарши курашни қандай бошлашни билмай турган бўлсангиз, энг осон, балки кимлар учундир энг қийин йўли – сўкинмасликдан, сўкинганларни Каримовнинг юқумли тарбиясидан халос этишдан бошланг. 

33. “СУЯК” ТАШЛАШ

Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Олмония сиёсатига норозилик сифатида бу мамлакатнинг Ўзбекистонга келган ҳайъати билан учрашишдан бош тортди. (Хабарлар оқимидан).

Каримовнинг чет элликлар ҳақида айтган ажабтовур гаплари кўп׃

“Бизга думини кўтарганлар Россияга думини кўтарган бўлади”.

“Аввал ўзингга боқ, кейин дўмбира қоқ!”

Бу гапларни яқинда эшитдингиз. Аммо 1990 йилларнинг бошида ҳам у худди мана шундай ажабтовур гапларни кўп айтар эди. Шулардан бири׃

“Ҳаммаси “суяк” тишлайман, деб келади, аммо катта “суяк” ташламанг”.

Бу гапни у қўл остидаги мулозимларига айтганди. Ҳукуматнинг мажлисида, чет эллардан келадиган меҳмонлар ҳақида гап борганда айтганди.

У ана шу гапига содиқ қолдигина эмас, балки ўзи сафарга борганда “суяк” олиб боришни ҳам эплади.

Катта бир мамлакатдан бир меҳмон келмоқда. Унинг саволларига жавоб топиб қўйиш учун мухолифатдан ёки инсон ҳуқуқлари фаолларидан бирини қамоқдан чиқаради. Икки томонлама суҳбат демократияга келиб тақалганда ана шу “суяк” билан меҳмоннинг оғзига уради. Меҳмон ҳам мамнун, у ҳам.

Кейин Вашингтон каби катта марказларга боришидан олдин ҳам худди шундай иш тутадиган бўлди. БМТ ёки Авропа анжуманларида Ўзбекистондаги масала кун тартибига келиб қолганда ҳам шу усулни қўллади. Ҳамма ёқда номи айланиб турган бир кишини авф этиб, шу билан эшагини лойдан ўтказиб, ишини битириб қайтаверди. Йиллар ўтиши билан буни ҳам зиёд деб билди.

Энди келадиган меҳмонларга мухолифатдан икки-уч киши билан учрашишга изн бериш билан чекланди.

Кимдир айтиши мумкин, унинг нима иши бор, меҳмон истаган одами билан учрашади, деб. Ассалому алайкум! Агар у истамаса, мухолифатнинг бобоси бўлсангиз ҳам уйингиздан чиқа олмайсиз ёки чиққан тақдирда ҳам ўғирлаб кетиб, кечгача сарсон қилиб, кечқурун уйингизга ташлаб кетишади.

Бундай ҳолларни 15 йиллик тарихда миллион карра кўрдик, эшитдик. У келган меҳмонга ишонса ва меҳмоннинг кўнглида унга нисбатан қаршилик бўлмаганини билса, унинг мухолифат фаоллари билан учрашувидан кўз юмади.

Баъзан эса, “Бор учрашавер, қўлингдан нима ҳам келарди”, қабилида иш тутади. АҚШдан борган сенатор Макейн ва сафдошларига худди ана шундай муомала қилганди.

Эсингизда бўлса, бундан 3-4 йил бурун хорижий радиоларнинг мухбирлари Ўзбекистонда эркин қушларга айланишди.

Радиоларга ҳатто ўрта тўлқиндан жой берилди. Мухбирлар қамоқларга кириб сиёсий маҳбуслар билан ҳам учрашиб, туркум эшиттиришлар қилдилар.

Сиёсий маҳбуслар қийноқлар, азоблар ҳақида очиқ, баралла гапирдилар. Қамоқда туриб, қамоқ раҳбариятининг пўстагини қоқдилар. Ўшанда мен жуда ажабланган эдим.

Орадан йиллар ўтиб, Президент девонида ишлаган бир танишим Москвага борганда менга телефон қилиб қолди. Гап ораси ўша туркум суҳбатлар ҳақида сўрадим. Унинг жавоби қуйидагича бўлганди:

-Ўшанда Каримов Мурод Муҳаммад Дўст ва Хайриддин Султоновларни чақириб, маҳбусларни бирорта радиога чиқарларинг, истаган гапини айтаверсин, кейин матнини таржима қилиб, олиб келларинг, деган экан. Таржима қилганлар баъзи жойларини ўгиришга қўрқиб қолишганди, ҳатто. Аммо ипидан-игнасига қадар таржима қил, дейишгани учун қўллари қалтираб, ўгириб беришганди. Кейин билсам, Каримов бу матнларни Ғарбга олиб кетган. У ерда “ғинг” деган одамга, сизлар ўзбек тилини билмайсизлар, мана маҳбуслар бизда қанчалик эркин, деб ҳалиги матнлар ва кассеталарни ҳадя қилган экан.

Дарҳақиқат, БМТда қийноқлар масаласи муҳокамасида ҳам шу кассеталар иш берганди. Инсон ҳуқуқлари марказининг директори Акмал Саидов бу суҳбатларни тарқатиб, бизда муаммолар бор, совет давридан меърос, шунинг учун одамларни тарбиялашимиз керак, бунда маҳбусларнинг танқидлари бизга олтин каби иш бермоқда, деган эди.

-Наҳотки хорижий радиолар шундай ўйинга рози бўлган?-деб сўрадим танишимдан.

-Улар ўйин ҳақида, Каримов кимларгадир “суяк” ташлаш ниятида бўлгани борасида билмаганлар ҳам. Журналистга нима керак? Долзарб мавзу. Улар қамоқларга боришга изн берилганидан хурсанд бўлишган ва вазифаларини бажаришган. Ахир Мамадали Маҳмудов, Зайниддин Асқаров, Муҳаммад Бекжон каби сиёсий маҳбуслардан қамоқхонага бориб, интервю олишга ҳар қандай журналист рози бўлади-да. Бу унга шуҳрат келтиради…

Маълумки, Олмония умум сиёсатда АҚШга рақиб бўлган давлатлар сирасига киради. Гарчи юзада билинмасада, зимдан буни ҳамма билади. Жумладан, Каримов ҳам.

Қолаверса, Андижон воқеаларидан кейин Авропа Иттифоқининг виза бермаслик қарори бўлишига, демократик дунё оёққа қалққанига қарамай Олмония қонли воқеаларнинг калтакбошиси Зокир Алматовга эшикларини очганди.

Кейин уни ими-жимида яна Тошкентга кузатиб қўйди.

Шундай экан, бу ўлкадан келадиган одамларнинг Каримовга таҳликаси йўқ. Керак бўлса, ҳамма нарсани кўрсатади ҳам.

Шундай пайтда ўзбекнинг бир мухолифатчиси чиқиб, “Мен сизнинг сиёсатингизга қарши исён қиламан ва сиз билан учаршишни рад этаман” дейиши бу момоқалдироқ гулдураги каби кўпларнинг дилига ларза солди, лекин Олмонияга бурга чаққанчалик ҳам таъсир қилмади. Чунки Олмонияга инсон ҳуқуқлари, адолат эмас, ўз мақсадини яшириш учун “суяк” керак.

Фақат Олмониягами?

34. ЎТМИШНИ ТИТКИЛАМАСЛИК

 

Тарихини билмаган миллат, келажагини кўра олмайди.(Ҳикмат).

1990 йилда Ошкоралик қўмитасида имтиёзлар масаласини муҳокама қилдик ва имтиёзларни бекор этиш ҳамда тарихни қайта ёзиш ҳақидаги масалани сессияга олиб чиқишни қарорга боғладик. Турли баҳоналар билан ўша кунги мажлисда қатнашмаган раисимиз Эркин Воҳидов эртасига׃

-Жуда яхши таклиф,-деб айтди ва бориб, Каримов билан маслаҳатлашибди. Кейин келиб׃

-Таклифингиз оқсоқолга ёқди, сизни кутмоқдалар,-деди.

-Таклиф меники эди, аммо уни қўмита аъзолари қўлладилар ва энди қўмитанинг таклифига айланди,-дедим Эркин аканинг бориб, Каримов билан гаплашганидан норози бўлиб.

-Мен ўзим борганим йўқ, чақирдилар, таклиф сиздан чиққанини ҳам оқсоқолдан эшитдим,-деди Эркин ака.

Борсам, Каримов׃

-Имтиёзлар деганда нимани назарда тутаяпсиз?,-деди.

-Совет даврида мулозимларга берилган барча имтиёзлар, жумладан, қаҳрамонлик унвонларидан тортиб, барча орденлар ҳамда адиб ва ёзувчиларга берилган ҳамма унвонлар…Чунки ҳар қандай орден, медал ва унвон ортида имтиёз бор. Москвада ва Болтиқ бўйи жумҳуриятларида ҳам ана шундай имтиёзлардан воз кечилмоқда. Чунки бу имтиёзлар коммунистик партиягагина хизмат қилганларга берилган, халққа хизмат қилганларга эмас,-дедим.

Мана шу гап Каримовга ёқмади. Чунки юзида ва гапириш оҳангида ўзгариш юз берди, лекин барибир ўзини тутиб гапирди׃

-Партия кимдан иборат эди? Халқдан. Партияга хизмат қилиш, бу халққа хизмат қилишдир. Имтиёзлар эса ўз-ўзидан йўқолади. Орден-медалларнинг номини алмаштирамиз. Шу билан уларга боғлиқ имтиёзлар ҳам йўқ бўлиб кетади. Бу ишни аста-секинлик билан амалга оширишни ўзимга қўйиб беринглар. Лекин тарихни қайта ёзиш деган гапга қўшилмайман. Ўтмишни титкиламаслик керак, олдинга қараб кетавериш керак. Ўтмишда хатолар бўлса, қолиб кетаверади. Орқага қарашдан, хато қидиришдан фойда йўқ!

Гапнинг очиғи менга “ўтмишни титкиламаслик” ибораси қаттиқ ботди. Ўтмишга тўғри баҳо бермасдан, олдинга кетиш мумкин эмас. Хатоларни таҳлил этмасдан, хато қилмаслик йўлини топиш мушкул.

Мана шу фикрлар тинчлик бермагани учун Лениннинг одамларни қириб юбориш ҳақидаги сирли буйруқлари, амирлик ва хонликлар давридаги аянчли аҳволимиз, совет давридаги вазият ҳақида бир нечта мақолалар ёздим. Лекин бу мақолалар газеталар билан бирга сарғайиб кетди…

Сессияда Каримовни президентликка сайлаш чоғида фарғоналик депутат Иномжон Турсунов бир даста қоғозни кўтариб, ўртага чиқди ва Каримов Қашқадарёда коммунистик партиянинг биринчи котиби бўлганда қўшиб ёзишлар авж олгани, аммо негадир унга чора кўришмагани ҳақида гапира бошлади.

Сессияга раислик қилувчи Мирзаолим Иброҳимов׃

-Ука, ўтмишни титкиламанг, бугундан гапиринг,-деди.

Залда ўтирган ҳукумат одамлари ҳам бу иборани такрорлай бошладилар. Менга яқин ўтирганлардан бири׃

-Титкилаш товуқнинг иши,-дедида “хи-хи”лаб кулди.

Шу билан Каримовнинг қилмиши титкиланмай қолди. Бу эса, Ўзбекистонга, ўзбек халқига қанчалик қимматга тушганини кўриб турибмиз…

Сурхондарё вилоятининг 348-Қумқўрғон сайлов округудан сайланган халқ депуати Алив 1991 йил, 7-сессияда׃

-Шу йилнинг 18-21 Август кунлари мамлакатда давлат тўнтариши бўлди. Шу масала бўйича ҳам Ўзбекистоннинг адресига жуда кўп тошлар отилди. Мен бу борада бошқа жумҳуриятларда бўлгани каби бизда ҳам депутатлар буни муҳокама қилиб, ўз фикрларини билдиришларини илтимос қилардим. Чунки мен ўзим “Ахборот”да кўрдим, мана шу ерда ўтирган катта мансабли депутатлар Янаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонда тартиб бор, деган гапларини “Мана, бу Янаев томонидан бизга берилган катта баҳо” дедилар ва бу гаплари менинг қулоғимдан кетгани йўқ. Адашган бўлсам кечирим сўрайман, лекин шу масала бўйича фикрларингизни билдиришларингизни сўрайман,-деди.

Ўшанда Каримовнинг давлат тўнтарувчилари билан ҳамкорлиги-жинояти масаласи Москвада кун тартибида эди. Каримов жавобгарликка тортилиши учун бир қадам қолганди.

-ГКЧП августда бўлган бўлса, орадан қарийб уч ой вақт ўтди, бу орада биз мустақил бўлдик, бу одамларга нима бўлган ўзи, нега ўтмишни титкилайдилар?,-деган эди ёзувчи Примқул Қодиров ўшанда сурхондарёлик депутатга жавобан.

1990 йилларнинг бошида баъзи ёш ёзувчилар Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон ва бошқалар ҳақида ҳақиқатни айтайлик, Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Мирмуҳсин кабилар ҳам ўлиб кетмасдан уларнинг кимликларини юзага чиқарайлик дейишганда׃

-Ўтмишни титкиламанг,-деган жавоб олишганди…

Инқирозга учраган ўзбек мухолифати тарихини таҳлил этайлик, хатоларимизни кўриб чиқиб, шундан хулоса қилайлик деган фикрларга қўшилдим. Чунки бутун тарихимиз ёлғонларга тўлиб кетгани учун мухолифат тарихини ҳам бир-икки одам ёлғонга айлантирмоқда эди. Шунинг учун мухолифат фаолиятида қатнашганларнинг ёзганларини тўплай бошладим. Ҳамма ўз билганини айтса ва ёзса, уни таҳлил қилган тарихчилар ҳақиқатни топиб оладилар. Қолаверса, ўзимиз ҳам буларни муҳокама қилиб, хатолардан сабоқ олишимиз мумкин. Аммо ҳар томондан садолар кела бошлади׃

-Ўтмишни титкиламайлик!

Кўраяпсизми, 70 йил олдинги гап ҳақида гапирилса ҳам, 7 йил олдингиси ҳақида айтилса ҳам, 7 кун олдинги хатолар тилга олинса ҳам айни ибора ишлатилмоқда.

Демак, Каримов ўтқазган дарахт мевасини берибди. Чунки ўтмишини титкиламаган миллат ўзининг кимлигини билмайди. Кўзи кўр бўлиб қолади. Бу эса манқуртлик демакдир.

“Ўтмишни титкиламанг!”

Бу гапни айтиб келаётганларга нима дейиш мумкин׃ модомики, манқуртликни ихтиёр этаётган бўлсангиз, демократия, нима ҳам деймиз, ўтмишдан қўлингизни ювиб, қўлтиғингизга уринг ва олдинга қаранг, қоп-қоронғу келажакни кўрасиз!

35.МИРШАБЛАШТИРИШ

Ўтган 15 йилда Ўзбекистон полиция давлатига айланибди.( Тошкентдан 1990 йилда чиқиб кетиб, 2006 йилда борган америкалик ўзбекнинг гапи).

Совет даврида қозоқлар устидан кулиб тўқилган латифалардан бири шундай эди׃

Ўзбек қозоқдан сўради׃

-Ўғлинг ҳам улғайиб қолгандир, нима иш қилаяти?

-Улим укемет!-деди қозоқ.

Қозоқ дўстининг ўғли ҳукуматда ишлашини эшитиб, Ўзбек ҳавас қилиб ўтирганди, ўғилнинг ўзи кириб келди, миршаб кийимида…

Бугун бу латифа кулгили эмас. Аммо совет даврида миршабга энг паст даражали одам деб қаралгани учун қозоқнинг савияси шу йўл билан кулги қилинган.

Амирлик ва хонликлар даврида тунги шаҳар соқчиси ва унинг бошлиғини “миршаб” дейишган. Шўролар даврида милиционерни “миршаб” ҳам дейишган. Маълумки,“мир” калимаси арабчадан олинган “амир” сўзининг қисқартмасидир, “шаб” эса, келиб чиқиши форсча бўлиб, “тун”, “қоронғулик”, “зулмат” дегани. Ана шу икки сўздан ясалган “миршаб” сўзи “зулмат амири” маъносини беради. Мустақилликдан кейингина бу калима ҳақиқий маъносини топди…

Ўзбекистон мустақил бўлган кунларда Каримов “укемет”нинг маошини ошириш ва ИИВ штатларини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳасини сессия кун тартибига киритди. Демократ депутатлар қарши бўлдик. Бошқалар ҳам фикримизни қўллашди ва сессияда бунга йўл қўймаслик учун тайёр бўлиб келдик.

Сессия бошланишидан олдин депутатлар орасида шивир-шивир гап бошланди. Дўрмондаги уйидан келаётганда, Каримовга суиқасд бўлибди. У бир амаллаб омон қолибди. У шунинг учун миршабларнинг маошини ошириш ва ИИВ штатини кенгайтирмоқчи бўлса, бир нечта депутат қаршилик қилаётган экан. Каримов суиқасднинг ип учи шуларда бўлса керак, деган тахминда…

Ўзбек депутатларининг аҳволини тасаввур қилган бўлсангиз керак. Бунинг устига׃

-Бунақа хайрли ишни муҳокама қилиб ўтирмасак ҳам бўлади. Қаршилар йўқ, қабул қилинди,-деди қарор лойиҳасини тескари ўгириб, бир томонга қўйган Олий кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов. Залдан бўлган бир икки овозга эса эътибор ҳам бермади…

Бугунга келиб, миршабларнинг сони, қанча маош олишини ҳеч ким билмайди. Бу давлат сири. Фақат нафақага чиққан миршаб оддий одамдан беш марта кўп пул олиши ҳақида гап-сўзлар бор, холос.

Биргина форма кийиб юрган милиция ходимларини миршаб деб ўйлаётган бўлсангиз, хато қиласиз. Юртбошининг советчасига айтганда ҳуқуқ-тартибот ва каримовчасига айтганда миршаблар бўйича маслаҳатчиси бор. Аслида бу маслаҳатчи ҳеч қандай қонуний мақомга эга эмас. Лекин узоқ йиллар бу вазифада Темур Алимов бўлганини эслашнинг ўзи кўп нарсани англатади. Каримов бутун миршаблар армиясини-ишга яроқли аҳолининг учдан бир қисмини ана шу маслаҳатчининг назоратига берди. Бу дегани ўзининг қўл остига олди. Албатта бу қадамба-қадам қилинди.

1990 йилда ИИВни тарқатиб юбориш ва вилоят, туман кенгашларига бериш ҳақида таклифлар бор эди. Бу таклифлар ўртага чиқа бошласа, қаердадир қон тўкилар ва ҳамма бу борада гап очишдан қўрқиб қоларди.

1991 йилда КГБни Олий кенгашга бўйсундириш ҳақида таклифлар бўлди, аммо Каримов Конституцияга хилоф фармон билан бу идорани ўзига бўйсундирди. Бу ҳақда ўшанда 7-сессияда депутат Шуҳрат Нусратов шундай деган эди׃

-Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 Сентябрда Ўзбекистон Хавфсизлик хизмати ташкилотини қайта тузиш борасидаги Фармонининг бу ташкилотни Олий кенгашни четлаб ўтиб, тўппа-тўғри президентга бўйсундириш борасидаги қисмини бекор қилиш.

Умуман бу фармонни халққа қарши, конституцияга қарши, демократияга қарши бўлгани ва диктаторона бўлгани учун бекор қилиш.

Шу фармоннинг 2-моддасини ўқиб бермоқчиман. Миллий Хавфсизлик хизмати тўпа-тўгри президентга бўйсундирилсин, дейилади бу моддада ва бундай ҳол бирор демократик давлатда юз бермайди. Ҳатто бирор тоталитар давлатда ҳам бунчаликка борилмайди. Мамлакатнинг разведка, контрразведка бошқармалари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга Олий Кенгаш назоратидан чиқарилиб, бир кишининг қўлига берилмоқда. Бу тасаввур қилиш ва бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаган нарса. Ёки бизни 30-40 йиллар кутмоқдами? Оқибатларни тахмин қилиш мумкин эмас. Айниқса, бизнинг президентнинг қуюшқонга ҳам сиғмайдиган характери билан…

Лекин 7-сессия нима билан тугагани ҳақида “ИАК”дан биласиз.

Яқинда бир ҳуқуқ ҳимоячиси  билан шу ҳақда мулоҳаза қилдик. У׃

-МХХнинг вилоят бошқармасида илгариги бошлиқ бўлган Александр Марозов билан ўтган йили жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари талаби билан учрашув бўлган эди. Ўшанда мен ундан “Жиззахда қанча ИИБ ходимлари ва қанча МХХ ходимлари бор?” деб сўраганимда қуйидаги рақамларни айтди. Жиззах вилоятида 2994 та миршаб ва 67 та МХХ ходими ишлармиш. Менимча бундан кўп. 2002 йилдаги маълумотга қараганда биргина Тошкент шаҳрида 50 минг миршаб бор эди,-деди.

Ана энди мен сизга халқни эмас, Каримовни, яъни бош қонунбузарни халқдан, адолат жазосидан қўриқлайдиган миршаблар армиясининг номларини санайман ва сиз бу соҳаларда қанча одам “тариқ теришини” тахмин қилинг׃

-генерал Руслан Мирзаевнинг мудофаачилари;

-генерал Баҳодир Матлюбов раҳбарлигидаги ИИВ;

-генерал Рустам Иноятов бошлиқ бўлган МХХ;

-генерал Рашид Қодировнинг прокурорлари;

-генерал Владимир Норов вазир бўлган ТИВ зобитлари, генерал элчилар ва ҳоказолари билан;

-генерал Бўритош Мустафоев раҳнамолигидаги Адлия азаматлари;

-генерал Элёр Ғаниев йўлбошчилигидаги Ташқи алоқалар маХфиячилари;

-генерал Қобил Бердиев қўл остидаги Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги;

-генерал Содирхон Носировнинг божхоначилари;

-генерал Ботир Парпиевнинг солиқчилари;

-генерал Тоҳир Муллажонов бошлиқ бўлган академия курсантлари;

Бунга қўшимча қилинг׃

-судлар;

-халқ билмайдиган ва халқни кузатадиган 7-бошқарма;

-Президент гвардияси;

-темир йўл зобитлари;

-ҳаво йўллари зобитлари;

-иқтисодий разведка;

-маҳалла посбонлари;

-диний жамоаларда ишлайдиган “погон”лилар;

-мухолифат орасидаги айғоқчилар;

-жанжал чиқариб турадиган ва ўзгача фикрловчиларнинг ёқасини йиртадиган аёллар баталони;

-хабар ташийдиган фоҳишалар;

-тинтув пайтида, судлар ва терговларда қўлланиладиган яширин хизматчилар;

-юқоридаги соҳалардан саралаб туманларга тайинланган зобит-ҳокимлар…

Эҳ-ҳее! Ҳали битган эмас. Албатта, буларнинг орасида Каримовнинг кирдикорларидан норози бўлганлар ҳам бор. Дардлари ичида. “Ғинг” деб кўрсинлар-чи? Кунларини кўрадилар!

Хуллас, Ўзбекистонни тўла миршаблаштириш ҳали давом этмоқда. Сўнгги маълумот׃

2006 йилнинг 13 Октябрида Андижон вилоятининг ҳокими Сайдулло Бегалиевни вазифасидан озод этган генерал Ислом Каримов унинг ўрнига шу пайтгача Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган генерал Аҳмад Усмоновни тайинланди.

Шулардан келиб чиқиб, ҳеч таб тортмай, Ўзбекистоннинг номини Миршабистон деб ҳам аташ мумкин. Фақат Каримовнинг шу ҳақдаги фармони бўлса, бас!

36. МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ

Ўзбекистонда президент бирор муаммо учун масъул эмас!(Ёзилмаган қонун).

Аслида Ислом Каримовнинг фаолиятига ҳеч ким Ислом Каримовнинг ўзичалик мукаммал баҳо берган эмас.

15 йил давомида у 76 марта вилоят кенгашларида кенгайтирилган нутқ ирод қилди. Бу нутқларнинг бир сатрини ҳам унинг ўзи ёзмаган бўлсада, у ўқиб бергани, қўшимчалар қилиб гапиргани унинг ўз айбини ўзи очганини кўрсатади.

Табиийки, бу нутқлар тайёрланишидан олдин ўнлаб казо-казолар вилоятга бориб, ҳамма ёқни “илма-тешик” қилиб, камчиликларни топиб қайтадилар.

Шунинг учун ҳам ҳар бир нутқда вилоятнинг барча жабҳаларидаги ўпирилишлар очиқ айтилади ва ишдан олинадиган ҳокимнинг бўйнига илинади.

Каримов 15 йилда вилоят раҳбарларини ишдан олгандаги нутқларини кўрсатиб, ”Мана сизга ошкоралик!” деб мақтанса бўлади.

Зотан унинг вилоят кенгашларида қилган нутқларини битта китобга тўпласангиз, Ўзбекистоннинг даҳшатли манзарасини кўрасиз.

Яна бир бор таъкидламоқчиман, буни “Каримовнинг ашаддий танқидчиси” деб дакки эшитадиган мен эмас, балки Каримовнинг ўзи чизиб берган.

У ҳатто баъзи вилоят кенгашларида сиёсий масалаларни ҳам таҳлил қилиб, бу борадаги вазият нақадар аянчли эканини кўрсатиб берган.

Масалан, унинг Сурхондарё вилоят кенгашида сўзланиб, икки йил оғиздан тушмаган нутқи ёдингиздадур. Ўшанда Каримов коррупция масаласи билан бирга демократик ислоҳотлар борасида ҳам вилоятда ҳеч иш қилинмагани, сўз эркинлиги бўғилгани, инсон ҳуқуқлари топталганини жуда чиройли қилиб айтганди.

1990 йилларнинг бошида у Қашқадарё вилоят кенгашининг йиғилишида аҳолидан тушаётган шикоятлар ҳақида гапириб׃

-Бирорта раҳбар шикоятдан қўрқмасин. Шикоятни иғвогарлар ёзади. Энди Кремлга ёзиш пайти ўтиб кетди. Биз мустақилмиз, энди ёзадиган бўлса, мана менга боради. Мен эса, муммоларни марказлаштирмайман. Муаммо умумлашиб марказлашдими, у ҳал бўлмай қолади. Муаммони умумлаштириш, марказлаштириш эмас, муаммони маҳаллийлаштириш керак ва жойида ҳал этиш лозим. Шунинг учун менга борадиган шикоятлар ўзингизга қайтиб келади,-деганди.

Шундан бери у камчиликларни тўла маҳаллийлаштиришга ўтди.

Эсингизда׃
-Бизда муаммоларни кўтариб чиқадиган жасоратли журналистлар йўқ,-деганди Каримов.

Бу нима дегани? Бу муаммони журналистларнинг гарданига ташлаб, маҳаллийлаштириш дегани.

Эсингизда׃
-Халқ дардини айтадиган депутатлар борми ўзи? Чиқсин бу ерга, халқ уни нега сайлаган, нега гапирмайди?,-деган эди бир куни сессияда у.

Шундан кейин ҳамма жойда депутатларни айблаш бошланиб кетган ва ҳатто хорижий радиоларда ҳам “Депутатлар нега жим?” деган мавзу олти ой чайналган эди.

-Ҳар қандай жамиятда мухолифат бўлиши керак. Қани ёшлар орасида бизнинг сиёсатимизни конструктив танқид қиладиган мардлар борми? Чиқсин майдонга!-деганди бир кун.

Шундан кейин мухолифат мавзуси муҳокаа қилиниб, ҳатто бир ҳафтада “Фидокорлар” деган партия ҳам тузиб юборилганди.

Агар ўтган 15 йилга яхшилаб разм солсангиз, Каримов ҳамма соҳада муаммоларни ана шундай маҳаллийлаштиришга урингани ва бунга эришганини кўрасиз.

Самарқандда вилоят ҳокими Алишер Мардиевни ишдан олишда қариндош уруғчилик, порахўрлик, ўзбек-тожик муносабатлари, ҳуқуқ-тартибот соҳаларидаги адолатсизликлар очиқ айтилган бўлса, Тошкент вилоят ҳокими Козим Тўлагановни ишдан олишда қишлоқ хўжалиги оқсаётгани, саноатдаги парокандалик, кадрларни танлашдаги хатолар саналганди.

Узоққа бормайлик, мана яқинда бўлиб ўтган Андижон ва Фарғона волоят кенгашларининг сессияларидаги нутқларни ўқиб кўринг. Ўзбекистондаги аянчли вазиятнинг сувратини кўрасиз.

Ўзбекистон осмондаги ўлка эмас, Ўзбекистон вилоятларнинг йиғиндиси. Вилоятлардаги дардлар тўпланиб, Ўзбекистоннинг умум дардини ташкил қилади.

Каримов вилоятлардаги муммоларни гапириб келмоқдами, демак 15 йилдан бери у ўз айбини очиқ айтмоқда. Аммо жазони бошқалар тортмоқда.

Кадр танлашда бир марта адашсин, икки марта адашсин, ахир бир умр адашадими?

Ўзбекистонни Каримов танлаган кадрлар ботқоққа айлантирган бўлса, бунинг учун Каримовнинг ўзи ҳам жавоб бериши керак эмасми?

У муаммоларни маҳаллийлаштиргани билан ҳокимларни танлаш ва тайинлашни марказлаштирди. 15 йил давомида ҳар бир вилоятга камида тўрттадан ҳоким тайинлади ва уларни тайинлашда роса мақтаган бўлса, ишдан олишда ҳамма айбни уларга тўнкади. Барча вилоятларда айни шу ҳол кузатилди.

“Агар ҳамма камчиликлар учун ҳокимлар, вазирлар айбдор бўлишса, Каримов-чи?”, деган савол ўз-ўзидан туғилади, ёки у мусича-и бегуноҳми?!

Йўқ, аслида ҳамма айб унинг ўзида. Каримов ишдан олган вилоят ҳокимларидан бири билан гаплашгандим. У:

-Ўзингиз биласиз, ҳатто битта хўжаликка ўзимиз мустақил равишда раҳбар тайинлай олмаймиз. Туман ҳокимларидан тортиб, корхона раҳбарларига қадар ҳаммасини Каримовнинг ўзи, унинг идораси тайинлайди. Биз орадаги ижрочи. Бир куни битта университетнинг ректори пора истаётганини айтиб, миршаблар шу ҳақда амалиёт ўтказишни сўрашди. Мен рози бўлдим. Ректорни иш хонасида пора билан ушлашди. Ярим соат ҳам ўтмай Каримовнинг ўзи телефон қилиб, на онам, на отам қолмай ҳақорат қилиб, “Нега ҳамма ёққа бурнингни тиқасан?” деб койиди. Мен ишдан кетдим, лекин ректор қолди. Кейин уни катта ишга кўтаришди. Аммо кўпга чидамади…

Беданани ушлаб, бўйнидан бўғиб олиб, кейин думини бураб, ундан “питпилдиқ” деб сайрашни кутгандек гап бу.

Ҳокимларнинг ҳаммаси бедананинг аҳволида. Беданавоз уларни бўйнидан бўғиб олган. Охирида яна “Бу сайрашни билмайди”, деб калласини узиб, кабоб қилади…

Бундан бир неча кун олдин Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдуллаев БМТ Бош ассамблеясининг учинчи қўмитаси Тошкентда ўтказган учрашувда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда БМТ ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтди.

Агар Каримов ростдан ҳам Ғарб билан “рақс”га тушгиси келиб қолса, Адлия вазирини ишдан олади-да׃

-Чет эл ташкилотларини ёпиб ташлаб, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланишни оқсатиб қўйган одам мана шу бўлади. У ўз ҳаракатлари билан нафақат инсон ҳуқуқларига зарба урди, балки мамлакатга инвестиция келишини тўхтатди ҳам. У халқнинг душмани. Миллионлаб одамларнинг ризқига чанг солган шу бадбахт бўлади,-дейишига ҳеч шубҳа йўқ.

Кимдир кулиб қўяди. Кимдир ишонади. Вазирнинг ўзи эса бошини эгиб туради. Чунки шунга ўхшаган танқидни Бош прокурор бўлган даврда ҳам, Марказий Сайлов комиссиясида ишлаганида ҳам эшитган.

Дарвоқе, Каримовни беданачига ўхшатган, ўзи муаммоларни маҳаллийлаштириш сиёсатининг ижрочиси бўлган собиқ ҳоким ҳам бугун катта бир идоранинг бошлиғи. Ҳа, у ўзини беданага ўхшатганди.

Совет даврида “Бедана ва баданабоз” деган бир латифанамо ҳикоя бўларди.
Беданавоз беданасини сийпалаб ўтирганда боласи кириб келади.

-Нима қилиб юрибсан. Бор дарсингни қил!-дейди Беданабоз.

-Тушунмаяпман, китобим йўқ, дарсларимга ёрдам беринг,-дейди боласи ялиниб.

-Ахмоқ, сен тушунмасанг мен тушунаман-ми, “Китобим йўқ”, деб бунча мана бу беданага ўхшаб сайрайсан, сенга “Пулим йўқ” деб юз марта айтганман, бунинг устига менда бўш вақт нима қилсин, бир онангга айт, ёрдам берсин!-дея ўшқиради отаси.

Бола онасининг олдига боради. Кир ювиб ўтирган онаси:

-Болам, ҳали нон ёпишим, кейин сигирларни соғишим, хўрагини беришим, ундан кейин сизларга овқат қилишим керак. Қўлим бўшаса, ёрдам қиламан, лекин олдинги каби саволларингни тушунмайман-да!-деб зорланади.

Эртасига бола “икки” олиб қайтади. Беданабознинг жаҳли чиқади:

-Сен одам бўлмайсан! Каллаварам! Ўлдираман сени! Каллангни узаман! Беданага ўхшаб сайрамасдан, китоб ўқисанг ўласанми? Ҳе падарингга лаънат!

Буни эшитиб ўтирган онаси ўзи-ўзига пичирлайди:

-“Падарингга лаънат” дегунча, “Беданабозга лаънат!” десанг-чи, ер ютгур!..

Аммо фарқи нима?!

Худди ана шу латифада бўлгани каби бугун Ўзбекистонда ПАДАР ҳам, БЕДАНАБОЗ ҳам бир киши!

37. ДИНИЙ ЧАЛАСАВОД ҚИЛИШ

Ўзбекистонда диний эркинлик йўқ. (АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар бўйича йиллик (2006) ҳисоботидан).

Бугун Ўзбекистонда диний экстремизм таҳликаси борми? –БОР!

Диний эркинлик эса, йўқ.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлгунига қадар Ўзбекистонда диний экстремизм таҳликаси бормиди?- ЙЎҚ!

Аммо диний эркинлик бор эди.

Бугун баъзилар 1980 йиллар ўртасида Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетида идеология масалалари бўйича котиб бўлган Раъно Абдуллаевани қаҳрамон деб ёзмоқдалар. Унинг ўзи ҳам ўзини Ислом дини тарафида турган қаҳрамон аёл қилиб кўрсатмоқда. Жумладан, 2006 йил Март ойида “Озодлик” радиосида ана шу ҳақда гапирганини ўзим эшитган ва ёқамни ушлаб қолгандим.

Чунки унинг даврида коммунистлар ва ҳукуматда ишлаганлар ота-оналарининг ўлим маросимида тўн, дўппи кийиб, белларига белбоғ боғлаганлари учун партиядан қувилиб, ишдан олиниб, ҳатто қамалганларининг гувоҳи бўлганман.

Буни бизнинг ёшимиздагилар жуда яхши билишади ва ўша даврда қабристонларда Қуръон тиловати ўрнига коммунистик нутқлар ирод қилишни талаб этишганини ҳам кўпчилик яхши эслайди. Совет давридаги энг қақшатқич йиллардагидан ҳам ёмон бўлган ишнинг бошида бевосита Раъно Абдуллаева тургани кўпчиликка маълум.

У учта-тўртта эркакнинг кучини ўзида мужассам этган бир аёл эди. Ҳамма ундан қўрқарди. У Самарқандга келганда мен журналист сифатида уни кўп кузатганман. Қишлоқ хўжалик институтида бир талаба қизни “Нега иштон кийдинг, маданиятсиз?” деб койиганини, Самарқанд туман раҳбарлари (Мўмин Шерқулов ва бошқалар)ни бир диний мажмуа қурилишига ғишт олишга рухсат этишгани боис партиядан ўчириб, ишдан ҳайдатганини бевосита биламан. Лекин гап бунда эмас.

Гап шундаки, ана шу аёл кетгандан кейин Ўзбекистоннинг кўксига шамол тегиб, диний эркинликлар йўли очилганди.

Истаган одам истаган мачитига борадиган, хоҳлаган маҳалла хоҳлаган ерида ибодатгоҳ қурадиган, диний мавзуларда исталгани қадар баҳс юритиладиган, китоблар чоп этиладиган бир замон бўлганди.

1990 йилларнинг бошига келиб, мусулмон жамоаларнинг раҳнамолари миллат вакили этиб сайланган, радио ва телевидениеда эркин диний минбарлар ташкил қилинган, ҳатто баъзилар Ислом уйғониш партиясини тузиб, сайловларда қатнашиш истагини ҳам кўрсатишганди.

Эсимда, Каримов ҳокимият тепасига келиши билан демократик ташкилотлар баробарида диний гуруҳларни ҳам қатағонга олди.

У 1990-йилларнинг “Раъно Абдуллаева”сига айланди. Фақат, Раъно Абдуллаева ҳамма нарсани очиқ қилган бўлса, Каримов тилда динни улуғлаб, амалда унга қарши курашди…

Бир кун Бешёғочда демократик ташкилотлар, мухолифат ва диний гуруҳларнинг йўлбошчилари халқаро журналистлар учун матбуот конференцияси ўтказдик. Мен ўшанда тарихчи-профессор Файзулло Исҳоқов билан бирга бошқарганимиз Демократик ислоҳотлар ташкилотининг раисдоши сифатида қатнашгандим.

Конференцияга Ислом уйғониш партиясининг амири Абдулла Ўтаев ҳам келди.

Ташқарида у билан беш-ўн дақиқа гаплашиб қолдик.

Мен унга:

-Сайловда қатнашамиз, деб айтдингиз, агар қатнашсангиз, диний партия деб ҳозирги шароитда ростдан ҳам анча-бунча тарафдор тўплашингиз мумкин, ҳатто сайловда ютиб ҳам чиқдингиз, деб фараз қилайлик, лекин Ўзбекистонни ким билан бошқарасиз, қандай режим бўлади, кадрларингиз борми, агар шариат ўрнатадиган бўлсангизлар, дунёда бунинг бир модели мавжудми? Бу режимни халқ истайдими?-дедим.

Чунки ичкарида ҳам худди ана шунга ўхшаш саволлар бўлган ва у аниқ жавоб бера олмаганди. Бу нозик масала дея саволлар ҳам мужмал, жавоблар ҳам мужмал эди.

Шу боис мен Абдулла Ўтаевдан очиқчасига сўрадим. У׃

-Дунёда тўла шариатга асосланган бирорта мусулмон давлати йўқ. Ўзларини мусулмон давлатлари деб атаганлар ҳам шариатдан узоқдалар. Менимча бундан кейин ҳам шундай бўлади. Мен мана бу ерга келиб демократлар билан бирга юрганимнинг сабаби ҳам биз ўз бошимизга ҳукумат қила олмаслигимизни тушунганимиздандир…,-деди.

У билан анча гаплашдик ва унинг ўзи ҳам дилдан демократларнинг йўлини қўллаётгани сезилиб турарди.

Орадан кўп ўтмай, унинг Мисрга кетгани, қайтишда Қозоғистондан Тошкентга кираверишда қамоққа олинганини эшитдим. Шу билан у дом-дараксиз йўқолиб кетди.

Мен Абдулла Ўтаевдан сўраганимни жуда кўп диний уламолар ва диний гуруҳларнинг лидерларидан ҳам сўраганман. “Америка овози”да ишлаганимда 2000 йилнинг Октябр ойидаги интервюда айни саволни Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бошида турган ва кейинчалик Толибонга қўшилиб, террористик йўлга кирган Тоҳир Йўлдошевга ҳам қаратганман ва ҳатто у ҳам: “Бугун ер юзида Расулуллоҳ алaйҳи ва салламдан қолган ислом модели бугун йўқ”, (Uzbek Islаmic Debats, 2006, USA, Dunwoody press, 432-бет) деб жавоб қилганди.

Демак, ўша даврда аксар исломий гуруҳларнинг Ўзбекистонда шариат давлати қуриш ҳақида аниқ тасаввурлари ҳам бўлмаган.

Шундай экан, улар Каримов режимига унинг дунёвийлиги учун эмас, балки унинг золимлиги учун қарши бўлганлар ва бу режим қулаган тақдирда ҳам ҳокимиятни бошқаришга тажриба, режа ва халқ орасида оммавий дастаклари йўқлиги боис демократик мухолифатга яқин бўлишга интилганлар.

Ҳа, 1990 йилларнинг бошида Каримов муроса қилиш, тил топишиш ва сиёсий йўллар билан уларнинг жамиятдаги ўринларини топиб бериш ўрнига қатағон йўлини танлади.

Таъсир-акс таъсир қонунияти бор. Бир киши ноҳақ қамалса, унинг ортида болалари, қариндошлари адолатсизликка қарши бош кўтарганлари каби диний лидерларнинг қанчадан-қанча яқинлари, шогирдлари режим душманига айландилар.

Дарвоқе, агар улар таҳлика даражасига етмаган бўлсалар, Каримов нега уларни қувғинга олди, деган табиий савол туғилади. Кўпчилик мана шу саволга жавоб беришда Каримовнинг 1991 йилда Наманганда Тоҳир Йўлдошев гуруҳи билан учрашувини бурилиш нуқтаси сифатида кўрсатади.

Менимча, бурилиш нуқтаси Каримов Ҳолландияга боргандан кейин юз берди. Ҳолландияда унга׃

-Сизларда исломий экстремизм борми?-деб савол беришди.

-Бор! Илдизи жуда чуқур ва таҳликали! Биз бунга қарши курашга тайёрмиз ва ёрдамга муҳтожмиз,-деди Каримов.

Унинг бу гапи бутун дунёда акс садо берди. Ҳамма ёқда шу ҳақда баҳслар бошланди. Табиийки, СССР йиқилишидан кейин унинг ўрнида пайдо бўлган давлатларнинг қайси йўлдан кетиши мавзуси кўпчиликни қизиқтирар эди.

Кимдир “Каримов ҳақ гапни айтмоқда” деса, кимдир “У дунёни алдамоқда”, дер эди. Уни қўллаганлар ва ёрдам беришга тайёр бўлганлар ҳам бор эди.

Ўшанда Каримов ҳали кўкармаган ниҳолнинг мевасини сотганди. Бозор чаққон экан. Насияга бўлса ҳам олишди. Ана шу пайтда Каримов дунё диққат марказида туриш учун ўзига йўл танлади. Диний гуруҳлар, жамоалар, лидерлар худди мана шу мақсаддан келиб чиқиб, қувғинга олиндилар.

Бу жараёнда ҳам баъзи халқаро ташкилотлар, давлатлар Каримовни танқид қилсалар, баъзилари уни қўлладилар.

Аста-секин диний гуруҳларнинг норозилиги кескин қаршиликка айлана бошлади. Бугунга келиб эса, ҳукуматнинг қаршисида ўзига ўхшаган “гапга кирмайдиган” гуруҳлар ҳам пайдо бўлди. Буни ҳукуматнинг ўзи туғди ва вояга етказмоқда.

Демак, бугун Ўзбекистонда бир-бирини мутлоқ кўра олмайдиган, бардош ва тоқатдан мутлоқ узоқ бўлган икки жабҳа мавжуд. Буни Каримов ҳам билиб, ҳам билмай яратди. Билгани бу масалада дунёни чалғитиб, ўз диктаторлик ҳокимиятини сақлаш, баҳона кўрсатиш бўлса, билмагани баъзи диний жамоалар бу қадар кучланиб кетиб, Ўзбекистон келажагини таҳлика остига қўйиш даражасига етишлари мумкинлиги эди.

Агар АҚШнинг Афғонистонга ҳужуми юз бермаганда бугун Ўзбекистоннинг вазияти нима бўларди, Худо билади.

Каримов диндорларни иккига бўлди, унинг эълон қилинмаган шиори қуйидагича эди׃

“Худога эмас, фақат менга сиғинганлар – менинг дўстларим!”

Менга эмас, фақат Худога сиғинганлар – менинг душманларим!”

Биринчи гуруҳни икинчи гуруҳга қарши ишлатди ва ишлатмоқда. Отилганлар, қамалганлар, қамалаётган ва йўқолаётганлар ҳақида ҳар куни ўқиб турибмиз. Ўқимаганларимиз ва билмаганларимиз қанча, балки келажакда билармиз?

Шунинг учун ҳам АҚШ давлат депаратаменти ҳар йилги ҳисоботида Ўзбекистонни диний эркинлик бўлмаган давлатлар қаторига қўяди. Лекин 2006 йилги ҳисоботда Каримовнинг диндорларага берган қулайликлари ҳам саналади. Масалан, ҳисоботда Ўзбекистонга 2003 йили қайтган муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз диний асарларини нашрдан чиқараётгани, радио орқали ислом ҳақида дастурлар олиб бораётгани, унинг бошчилигида фаолият кўрсатаётган “islam.uz” интернет сайтига тўсиқ қўйилмагани ва унинг Ислом Университетида мударрислик қилаётгани мисол тариқасида келтирилган.

Дунё бозори ана шундай маҳсулотни ҳам олишга иштиёқманд бўлгани учун Каримов бугун ўз томорқасининг бир четига бунақасини ҳам экиб қўйган.

…Туркияга келганимда телевидениеда диний баҳсларни кўриб, оғзим очилиб қолганди. Диндорлар ва дунёвийчилар орасида жуда кескин баҳслар бўлар экан.
Бугунга қадар бу мамлакатда диний тамалдаги партиялар бир неча марта ҳокимиятга келдилар. Аммо мамлакатнинг демократик йўлини ўзгартира олмадилар. Баъзилар буни Туркиядаги ҳарбийлар уларнинг йўлини тўсиб туради, деб изоҳлайди. Менимча, асл сабаб бу ерда диний баҳслар очиқ бўлгани ва ҳамма истаган гапини айта олишидадир. Фақат битта одамнинг оғзига қараб қолган жамият ва жамоаларда ривожланиш бўлмайди.

Туркияда диний партия мансублари парламентда кўпчилик бўлганда ҳам, ҳукумат бошига келганда ҳам ҳеч нарса қила олмадилар. Чунки улар жамиятнинг анчагина қисми демократик тузумни ёқлашини ва шариатнинг ислоҳга муҳтож қоидалари билан бугунги замонда узоққа бора олмасликларини яхши тушунадилар.

Бизда эса, бу мавзуларда гап очган одам кофирга чиқарилади. Каримов режими ҳам, диний жамоалар ҳам бу мавзуни “зиндонбанд” этишган. Катта таҳлика мана шу!

Яқинда ўқувчиларнинг биридан мактуб олдим. У мен ёзган латифаларда муллалар кулги қилингани ва диний мавзуларда эҳтиёт бўлишга чақирган.

Нима, Каримовни латифа қаҳрамони қилиш мумкину муллаларни мумкин эмасми?

Ёки муллалар одам эмасми? Одам бўлгандан кейин латифанамо иш қилиши турган гап. Ҳар қандай муҳофаза қилинган нарса ҳам барибир ошкор бўлади. Бу ишлар вақтида бўлса, фойдаси кўпроқ. Кечикдими, кўп нарса кечикади.

Бошқа бир мисол. Каримов даврида 15 йил унинг мафкураси остида яшаб четга чиққан бир кишига мактуб ёздим. Одатда электрон мактубларда қисқартиришлар ишлатаман. Масалан, “Ассалому алайкум” калималарини “АС. АЛ.” деб ёзишга одатланганман. У менга бу муборак калималарни қисқартириб, худбинлик қилганим, ўзи қатнаётган мачитдаги имоми ҳам шу фикрда эканлигини ёзди.

Мен эса унга׃

-Бўлмаса, имомингиздан “саллалоҳу алайҳи ва саллам” ўрнига “С.А.В.” деган қисқартириш ҳақида ҳам сўраб беринг-чи!,-деган киноя билан чекландим.

Яқинда Рамазон ҳайити арафасида ундан хат келиб қолди. У мени Рамазон эмас, Қурбон ҳайити билан қутлаганди…

Бугун дунёни қонга ботираётган нарса эса, диний чаласаводликдир! Каримовга ва уники каби режимларга худди ана шу нарса керак.

38.ЧЎЧИТИШ

Ўзбекистон режими жуда кўп одамларни чўчитиб, четга чиқариб юборди. (Хабарлар оқимидан).

1992 йилнинг 16 Январ куни Талабалар шаҳарчасида исён бостирилганда, Каримов жуда катта сиёсий-идеологик ҳаракат бошлатди. Жумладан, Тошкентдаги эркин руҳли талабалар муҳитини йўқотди. Минг-минглаб талабаларни уйларига жўнатди, кейин вилоятлардан марказга қайтармади.

Ўша кунлари у тинимсиз мажлислар, фаоллар учрашувлари, матбуот анжуманлари ўтказар эди. Шундай учрашувлардан бирида русчалаб жуда қизиқ бир гап айтди׃

-Мен аҳмоқ эмас, кеча сайланиб, бугун одамларни оттирсам. Бир жойга қарғалар тўпланган бўлса, ўша томонга яхшилаб битта тош отиш керак, ҳаммаси “пир-шир” этиб учиб кетади. Агар тош биттасига тегса, унинг бошини ёрса, бу сизга яна ташвиш, яна бош оғриғи бўлади. Агар отган тошингиз қарғалардан биттасини ўлдирса, қарғалар кетмай, айланиб ётаверадилар, бунинг устига, ўлганининг ўлиги сасиб кетади. Бу ҳам етмагандек, ўша жойга ўлаксахўрлар келадилар. Шунинг учун тош отишда ҳам кўзга қараш керак. Буни эса мен яхши биламан!Ўшанда Каримов бу гапи билан одамларни қарғага ўхшатганидан хафа бўлгандим. Айниқса, бу сўз русчасида қулоққа ёмон эшитилиши билан бирга, ёмон одамларга нисбатан айтилиши мени ғазаблантирганди. Мана бугун ўша гапни эсласам, Каримов ўз “кашфиёт”ини яширмай, очиқ айтган экан.

У Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига биринчи котиб бўлган кундан бошлаб худди мана шу сиёсатни юрғизганди. У одамларага қора қарғалар деб қараган. Унинг 1990 йиллар бошида тез-тез такрорлайдиган “қора кучлар” деган ибораси ҳам ана шу билан боғлик эканлигини мана энди тушуниш қийин эмас.

Унинг одамларни чўчитиш сиёсати ҳамма жабҳаларда қўлланилди. Масалан, у бир кун телевидение орқали одамларга мурожаат қилиб, “пулингизни турли тошларга айлантириб, ёстиқнинг остида сақлайверманг, эрта-индин пул алмашса куйиб қоласиз, банкка қўйинг, ҳар нарса сотиб олманг, ваҳима бошланади, ҳамма бирдан нарса сотиб олса, қимматчилик, қаҳатчилик бўлади” деди. Кейин 5-6 кун давомида “пул алмашаркан” деган шов-шув бўлди. Одамлар омонат кассалари ёнида турнақатор эдилар. Ҳамма пулини ҳисобларга қўйди. “Пул алмашади” дегани олдинги минг сўм янги бир сўмга айланиши экан. Ҳамма куйиб қолди. Чўчитиш йўли билан халқ алданди.

Ўзбек халқи худди ана шундай чўчитишни 1990 йилларнинг бошида бир неча марта яшаб кўрди.

Ҳаётнинг турли қирраларида чўчитиш кашфиёти Каримовга катта иш берди ва бугунгача 2,5 миллион одам бу “кашфиёт”нинг қурбони сифатида четга чиқиб кетди. Бошқа соҳаларни қўйиб турайлик-да, биргина мана шу – мамлакатдан чиқиб кетиш масаласига разм солайлик.

Мамлакатдан чўчиб чиқиб кетганларни бугун учга бўлиш мумкин׃

1.Бевосита диктатор томонидан чўчитилганлар.

2.Режим яратган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва бошқа муаммолардан чўчиганлар.

3.Мамлакатнинг ва ўз тақдирларининг келажагидан чўчиганлар.

Ҳар уччаласи ҳам Каримов билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлса-да, иккинчи ва учинчи ҳолатларда қарорни чўчиган инсоннинг ўзи беради. У иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва бошқа муаммолардан чўчиган пайтда бошқа бир ердан барқарор жойни қидиради, кўради ёки топади. У шу билан қисман бўлсада мақсадига етади. Истаса, она-ватанига келиб-кетиб юради. Истаса, бошқа жойларда яшайверади. Хуллас, масалани қисман бўлса-да ҳал қилади.

Биринчи ҳолатда эса, Каримов “кашфиёт”ининг ижрочиси бўлган режим кўпинча ўз мухолифларини чўчитиш йўли билан улардан қутилишга ҳаракат қилади. Бу ҳолатда чўчиб кетганлар бошқа жойларга кўника олмайдилар ва доим ортга қайтиш ташвиши, дарди билан яшайдилар.

Табиийки, мухолифлар орасида ҳам иккинчи ва учинчи гуруҳга мансублар бўлганидек, иккинчи ва учинчи гуруҳлар орасида ҳам ўзини биринчи тоифага тааллуқли қилиб кўрсатувчилар бўлади.

Бир йигит Ўзбекистонда экан, менга жуда мактублар ёзиб, қандай қилиб четга чиқиб кетиши мумкинлги ҳақида маслаҳат ва ёрдамлар сўраб юрди. У билан мактублашмаларимиз давомида у четга кетиб, болаларини ўқитиши, ўзини оёққа қўйиши, Ўзбекистонда бунинг имкони йўқлигини рўкач қиларди. Мен эса, биз ҳаётимиз таҳликага кириб, ўлим билан юзма-юз қолганимиз учун кетдик, мана ватан дарди деган тоғнинг остида эзилмоқдамиз, сизга у қадар таҳлика йўқ, иқтисодий жиҳатдан ҳам вазиятингиз ёмон эмас, агар ҳамма кетаверса, ватан кимга қолади, дея уни четга кетиш ҳирсидан совутишга уринардим.

Худди бутун дунё меники-ю мен эса бир қисмини унга беришга қизғанаётгандек у мендан ранжиди. Имкон пайдо бўлиб, четга чиқиб кетди. Четга чиқиши билан Ватан ҳақида фарёд қила бошлади.

Бу менга эриш туюлди. Чунки у қайтиб борса, ҳукумат унга тегмайди. Уни таҳлика деб ҳам билмайди. Лекин бу ерда мен уни айбламоқчи ёки маънавий судга тортмоқчи эмасман. У ҳолда исмини ҳам ёзган бўлардим. Охир оқибатда ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беради! Мен фақат чўчиганларни гуруҳларга ажратишда мана шундай ҳолатлар ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқ ниятида бу мисолни келтирдим.

Асл гап биринчи гуруҳ ҳақида. Нега Каримов ўз мухолифларини дарҳол ўлдириш ёки дарҳол қамаб ташлаш қарорига келишдан олдин уларни чўчитиб, мамлакатдан чиқариб юборишни режалаганди?

Чунки 1990 йилларнинг бошида ҳали демократия учқунлари бор ва қолаверса, Каримовнинг ўзи ҳокимиятини тўла мустаҳкалаб олмаган эди. Шунинг учун ҳам кимларнидир ўлдириб, қамаб юборишдан олдин чўчитиб кўришни афзал билди. Бу икки-уч йил давом этди. Кейин қатағонларга айланди. АҚШ, Авропа билан яқинлашгандан кейин қатағонларни яна чўчитишга айлантирди. Бу икки “кашфиёт” унинг гоҳ чап, гоҳ ўнг қўли сингари навбати билан ишлади.

1990 йилда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раислигига номзодимни қўйганимда, бир кекса журналист Асқар Жалилов׃

-Сизга қарши овоз бердим, балки шу билан ҳаётингизни сақлаб қолдим,-деди.

-Қандай қилиб?-ажабландим мен.

-Аҳмаджон ака танаффусда мени ёнларига чақириб, “Агар Жаҳонгирни сайласак, Каримов уни ўлдиради, ўзимга телефон қилиб қасам ичди” деб айтдилар. Аҳмаджон ака бу гапни айтаётганда титраб кетдилар…,-деди у.

Устозимиз, улкан журналист Аҳмаджон Мухторов бу гапни бошқаларга ҳам айтганларини эшитдим. У киши Каримовнинг важоҳат билан айтган гапларига чин дилдан ишонган… Чўчитишнинг қудратига қаранг!

1993 йил, 6 Январ. “ЭРК” партияси биноси яқинида “номери” олиб қўйилган оқ рангдаги “Жигули” машинаси шиддат билан йўлимни тўсди, мен четга қочгандим, устимга ҳайдади, яна ҳам четга қараб югургандим, йўл четлари бўйлаб қува бошлади. “ЭРК” партияси жойлашган бинонинг орқа томонидан панжара дарича бор экан, ўша жойга кириб, қутулиб қолдим. Бу ҳақда эртасига “Известия” газетасида Мария Лебедева имзоси билан чиққан мақолада суиқасд ортида ҳукумат тургани ёзилганди.

Шунга ўхшаш жуда кўп воқеаларни яшадим. Энди уларни бирма-бир таҳлил қилсам, ўшанда Каримовнинг мақсади ҳали ўлдириш бўлмаган. Бу билан Каримов ўшанда шавқатли бўлган демоқчи эмасман. У айёрлик қилиб, барча мухолифаларни чўчитиб, мамлакатдан кетказишни режалаган. У буюк шоир Юсуф Жума тинмай айтаётгани-руҳимиздаги чўчиш фитратидан усталик билан фойдаланди ва фойдаланиб келмоқда.

1990 йилларнинг мухолифатчилардан бири Ўзбекистондан чиқиб кетишини ёзаркан, ИИВга чақириб кун бўйи ушлаб туришгани, кейин орқасидан кузатиб юришгани ва тунда дўстлари келиб “Кетмасангиз, бўлмайди” дегандан кейингина чўчиб, мамлакатдан чиқиб кетганини айтади.

Бошқа бири ўз тарихи ҳақида гап кетганда, бошини ёришгани, кейин касалахонага олиб боришгани, у ерда даволанишдан чўчиб Ватандан чиқиб кетганини ҳикоя қилади.

Баъзилар эса, аввал қамашгани, кейин авф этишганидан кейин “яна қамаймиз”, деб чўчитишганини ва кетишга мажбур бўлганларини таъкидлайдилар.

Бу айни пайтда ўшанда Каримов минглаб мухолифатчиларни ўлдириб юборишга қўрққанини ҳам кўрсатади. Айниқса, номи чиққанларни ўлдиришга қўрққан. Шунинг учун ҳам аввал чўчитиш усулини ишга солган.

Бир кун Эркин Воҳидов менинг ҳаракатларимдан Каримов норози бўлганини айтиб׃

-Кетсин, мени тинч қўйсин, бўлмаса, ёмон бўлди, деб айтдилар,-деди ва менинг авзойим бузилганини кўриб ўзини ҳам орага қўшди׃-Ростдан ҳам бир муддат кетсакмикан? Мени бирор элчиликка юборсалар, кетардим. Сизнинг ҳам кўзлаб юрган жойингиз бўлиши мумкин? Бу одамлар барибир яхшиликни билмайдилар. Бунинг устига ўрмонга ўт кетган пайтда жонни сақлаб қолиш керак. Барибир, ҳаммани қутқариб бўлмайди…,-деди.

Ўшанда жуда хафа бўлганман. Икки йилдир бир хонада ишлаб юрган ва ўша кезда миллатнинг виждони, деб билинган бир одамдан “кетишингиз керак” деган гапни эшитиб, жуда хафа бўлдим. Ҳатто кетмоқчи ҳам бўлдим. Бу ҳақда сессияда ҳам гапиргандим. Лекин кейин фикримдан қайтдим. Токи ўлим фармонини ўзим эшитмагунча кетмайман, деган гапни кўнглимга туйдим.

Мени қамоққа олишган кун генерал Эркин Тўхтаевнинг кабинетида бу фармон бир неча марта янгради, телефонлардан эшитилиб турди. Баъзан ўйлаб қоламан, балки бу ҳам чўчитишми-ди? Йўқ, агар чўчитиш бўлганда дўстларим мени қамоқдан олиб қочиб кетишгандан кейин қариндошларим, ҳаттто мен йиллаб кўрмаган синфдошларимни зиндонбанд этишармиди, “”топиб бер” деб уларни уриб, тишларини синдиришармиди, ҳар куни телевизордан “Давлат аҳамиятидаги алоҳида махсус жиноятчи қочди” деб, ушлаб берган одамга миллионларни ваъда қилишармиди?! Демак, Каримов бу нуқтага келиб, бошқа усулни ишга солган.

Илгари Самарқанд ички ишлар бошқармасида ишлаган ва кейин тузумдан норози бўлиб, АҚШга келиб, сиёсий бошпана топган Турсунпўлат Назаров׃

-Ўша кунлари бошқарманинг ҳар бир хонасида суратингиз деворга осиқлик эди. Сизни ушлаш учун ҳамма сафарбар қилинган эди…,-дейди ўша кунларни хотирлаб.

-Худога шукур!,- дейман,-жаллоднинг қўлидан қутқазгани учун!

Зотан Каримов унинг чўчитишини  писанд этмаган сафдошларимиздан баъзиларини ўлдиртириб юборди.

Шунинг учун ҳам менга хатлар ёзган ҳалиги ёш йигитга ўшанда “Ватанда тураверинг”, деб бекор айтган эканман-ми, деб ўйланиб қоламан.

Яқинда яна бир танишимдан хат олдим. “Туронзамин рўзномаси”да чиққан бир мақолани ундан кўришибди, уйига келиб “Буни сиз ёздингизми?” деб сўрашибди.

-Чўчиб қолдим, кетмасам бўлмайди, кетишнинг йўлларини кўрсата оласизми?- деб ёзибди у.

Нима дейишимни билмай турибман…

39. МУТТАҲАМЛИК

Одил Ёқубов 80 йиллик юбилейида унвон олмади. (Хабарлар оқимидан).

1992 йилда ёзилган “Ламбада” сарлавҳали мақоламда янги қабул қилинган Конститутция муносабати билан Тошкентдаги “Наврўз” ресторанида ўша йили 8 декабр оқшомида берилган зиёфатда ўзбек зиёлиларининг демократларга қарши қатағонлар бошлатган Каримовга хушомадлари ҳақида ёзгандим.

Унда қуйидаги сатрлар бор׃

…Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.

-Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

Саид Аҳмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:
-Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш, дарди оғир эди. Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди. Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…

Балки вақт кечиб адибимиз “Ўшанда мен образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деган гапни айтгандим дейишлари мумкин ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки “ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради. (“ЭРК” газетасининг 1994 йил, 16 Май, 5(104) сонидан).

Кейин 1993 йилда Одил Ёқубов Каримов ҳақида “Парвоз” деган туркум ёзди ва у билан чет элларга қилган саёҳатлари, учқичдаги мулоқотлари пайтида унинг буюклигини кашф қилганини айтди.

Маълумки, Одил Ёқубов Совет даврида Поп бирлашмасининг бош директори Аҳмаджон Одилов ҳақида китоб ёзганди. Аҳмаджон Одилов қамалиб кетганда, бу китоб учун уни анча олиб бориб-олиб келишганини биламан. А. Одилов қамоқдан чиққач, “Амир Темур партияси”ни тузди. Ташкилий мажлисда Одил Ёқубов ҳам қатнашганди. Шу билан у Каримовнинг қора рўйхатига тушди. Каримов бир-неча йиллик қадрдонликни бир зумда сувга оқизганди.

Дунёнинг ишларини қаранг, Одил ака 80 ёшга кирганда юбилейини ўша “Наврўз” ресторанида ўтказибди. Ҳар ҳолда бир пайтлар худди ана шу жойда Саид Аҳмад билан бирга Каримовни улуғлаганлари ёдига тушган бўлса керак?! Агар у адашиб, Аҳмаджон Одиловнинг машваратига бормаганда, 80 ёшли юбилейида балки “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлармиди? Йўқ, бўлолмасди. Нега?

Чунки у ҳам КПСС Марказий Комитетининг иккинчи котиби Егор Лигачев 1989 йилда “Ислом Каримовнинг акаси қамалган” дея номзодини ортга қайтарганда, “Акалар учун укалар жавоб бермайди” дея Михаил Горбачевнинг йўлини тўсган ва Каримовга кўк чироқ ёқдирган бир неча СССР халқ депутатларидан биридир. Каримов ўзига тахт олиб беришда қатнашганларнинг бошига итнинг кунини солди. Уларнинг орасида калтак емай, саксондан сакрагани Одил акадир.

Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири ва вице президенти бўлган Шукрулло Мирсаидов гапириб берганди׃

-Исломнинг номзоди қайтгач, у Қашқадарёда ичкиликка берилиб, дачадан чиқмай қолди. Биз кўп йиллик яқин дўст эдик. У оиламизнинг бир фарзанди каби эди. Тўй бўлса хизматкор, ўлимда бел боғлар эди. Шунинг учун унинг аҳволидан мен ташвишга тушдим. Солижон ака (Асли андижонлик, ўша кунлари Сурхондарё вилоятида биринчи котиб бўлган Солижон Мамарасулов-ЖМ) билан битта маҳаллада яшардик. Каримовнинг номзодини қайтариб, уникини олишганини эшитдим. У Москвага боришидан олдин ҳовлисига келганда, ташқаридаги сўрида ўтириб, узоқ гаплашдик. У ҳам Каримовни қўллайдиган бўлди. Кейин Москвага бориб, СССР халқ депутатлари Аҳмаджон Мухторов, Одил Ёқубов ва яна 2-3 киши билан гаплашдим. Улар Горбачевни кўндирдилар. Горбачев “Тошкентда пленум ўтказинглар, агар Ўзбекистон Компартиясининг Марказий Комитети аъзолари Каримовни қўллашса, биз ҳам қўллаймиз” дебди. Пленумни тайёрладик. Сўзга чиқувчилардан тортиб, қарсак урувчиларгача…

Каримов аввалига Мирсаидовни Бош вазирлик, вице-президентликка тавсия қилди. Аммо охирида уни ишдан олиб, кўча-куйларда калтаклатиб, бадарға қилиб, бошига солмаган куни қолмади.

Аҳмаджон Мухторовни ҳам қувғин қилди. У ишсиз қолиб, сарсон саргардончиликда миясига қон қуйилиб оламдан ўтди.

Мамарасулов Сурхондарёдан Тошкент вилоят партия комитетига биринчи котиб этиб келтирилди ва Каримовнинг қаҳрига учраб, ижроқўмга туширилди, кейин саҳнадан четлатилди.

Каримовни ёқлаб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг пленумида сўзга чиққанлар ҳам қатағон қилиндилар.

Нега? Бу саволга Каримовнинг бир куни сессия танаффусида Мирсаидов билан тортишиб қолганида айтган гаплари жавоб бўлиши мумкин. Каримов бақириб׃
-Менга муттаҳамсан, дегандек бунақа тикилиб қараманг. Мен кимдандир муттаҳам эмасман ва муттаҳам бўлиб яшашни истамайман…

Демак, у муттаҳамлик нима эканлигини ҳис қилган ва билган. Бу яхши, ўз камчилигини ҳис қилиш, кўра олиш бу жуда ижобий ҳолат. Киши кимдан қарздор эканлигини билиши ва уни кўрганда қарзи ёдига тушиши ўша одамнинг одамгарчилиги ўлмаганини кўрсатади.

Каримов эса муттаҳамликдан қутилишнинг янги йўлини кашф қилди. У кимларнидир кўрганда, ўзини муттаҳам деб билмаслик учун уларни кўздан ёки умуман ҳаётдан йироқлаштирди. Бугунга қадар ким Каримовга яхшилик қилса, ўша одам жуда тез саҳнадан ғойиб бўлганини кўриб келмоқдамиз.

“Америка овози”да ишлаганимда бир хат олгандим. Унда жумладан шундай дейиларди׃

“Ўғлим Зокиржон ҳурматли Ислом Абдуғаниевичнинг энг яқин телехранители эди. Бир марта у кишига ҳужум бўлганда вужуди билан қўриб қолган. Шундан кейин ”Сен мени ўғлимсан” деган эканлар. Бирдан нима бўлдию, ўғлимни бошқа ишга ўтказишди. Кейин қамаб юборишди. Тинмай Каримов отамизнинг номларига хат ёзаман. Лекин хатларимни у кишига етказишмаётганга ўхшайдилар. Илтимос, шуни радиодан айтсангиз, балки Каримов отамиз эшитиб, ўғлим, ўзлари ўғлим деганлари – боламни қамаганларни жазолаб, уни озод қилиб юборарлар”.

Биз жуда камтар, хокисор халқмиз, бошимизга нима келса, худди мақолларимизда айтилгани каби ўзимиздан кўрамиз, ҳатто тепиб-тепиб дор остига олиб боришса ҳам, ҳукм берган ҳукмдор эмас, дор остига олиб келган оёғим айбдор деймиз! Балки шунинг учун ҳам шоир ”Бу-халқ эмас, илҳом париси” деб ёзгандир?!

40.ҲАММА НАРСАНИ ЎЗИНИКИ ҚИЛИШ

Ўзбекистонда ит ҳуриши учун ҳам диктатор Каримовнинг изни керак. (Халқ орасидаги гаплардан). 

“2006 йилнинг 1-Ноябр куни Каримов В.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори Вадим Кучеровни ишдан олди. Унинг ўрнига бош вазирнинг собиқ ўринбосари, сўнгги вақтларда бош вазир маслаҳатчиси лавозимида ишлаб турган Ўткир Султоновни тайинлади”.

Бу хабар чиқмаган ва айтилмаган жой қолмади. Аммо ҳеч ким “Нега бу ишни Каримов бажарди, бу унинг ваколатига кирадими, йўқми?”,  деб сўрамади. Бу табиий. Чунки одамлар ҳожатхона қоровулини ҳам Каримов тайинлаб, Каримов ишдан олишига кўникиб қолишди.

Тошкент Авиация бирлашмаси аслида акциядорлик корхонаси бўлиб, раҳбарни пайчилар тайинлаши ва пайчилар сайлаши керак.  Аммо бугун Ўзбекистонда ҳамма нарсанинг аслига эмас, васлига қарамоқ керак. Қуйидаги уч мисолнинг ўзиёқ кўп нарсани ойдинлатади.

…Ўзбекистон телевидениесига раҳбар сифатида иш бошлаганим кунларимда эрталаб мажлис ўтказаётган эдим, ҳукумат телефони жиринглади. Олсам, бир киши жуда юмшоқ салом-аликдан кейин׃

-Мен Салим бўламан? Юлдузхоннинг концертларини тез-тез бериб турсангиз,-деди.

-Ким?-дедим.

-Салим, наҳотки эшитмаган бўлсангиз? Салимбойвачча ҳам дейишади…

-Биз мажлисдамиз. Қолаверса, Салим деган одамни танимас эканман, аммо истагингиз учун раҳмат,-дедим-да телефон гўшагини жойига қўйдим.

Қарасам, менинг ёнимда ўтирган Элбек Мусаевнинг ранги оқарган. Парво қилмай мажлисни ўтказдим.  Мажлисдан кейин Элбек ака менга насиҳат қилган бўлди ва Салим деганга ўхшаганларнинг юзига телефонни бекитмаслик кераклигини айтди.

-Мен телефон дастасини атайлабдан қўйганим эмас. Гап битгач ҳам телефон гўшагини тутиб турмайсиз-ку! Истаган одам, ҳар бир томошабин телевидениега телефон қилиши, хат ёзиши ва ўзи истаган санъаткорнинг кўпроқ чиқишини талаб қилиши мумкин,- дедим.

-Аммо Юлдуз Усмонова Салимбойваччанинг изнида. У айтган тўйга боради ва у айтган ишни қилади. У ҳам ўз навбатида ёрдам қилади…

Менинг диққатимни бу масала эмас, балки унинг ҳукумат телефонидан қўнғироқ қилгани тортганди. Хаёлимдан икки фикр ўтди. Мафия ҳам ҳукумат телефонига эга ёки ҳукумат ичидан кимдир ўйин қилмоқда…

Бошқа куни айни телефондан Ислом Каримов қўнғироқ қилиб қолди. Совуққина салом-аликдан кейин русчалаб׃

-Нега Ҳалимани бўшатдингиз?-деди.

Мен ўзбекчалаб жавоб қилдим:

-Ҳалимахонни бўшатганим йўқ. У сатрларни ҳижжалаб ўқигани учун дикторликдан Ахборот бўлимига мухбир сифатида ўтказдим. Дикторлар ўзбекчани яхши билишлари ва яхши гапиришлари керак…

-Менга киноя қилаяпсизми? Бунақа ўзбошимчаликка чек қўйинг ва бугун Ҳалима “Ахборот”да чиқсин!,-деди Каримов.

Гапнинг очиғи ўшанда Салим мафия Каримовга нисбатан анча дуруст одам экан, деб ўйладим.

Биринчидан, дўқ урган эмас, иккинчидан, талаб қўйган эмас, учинчидан, шунчаки истак билдирди. Агар мафия дегани шу бўлса, демак  қўрқмаса ҳам бўлади, деб ўйладим.

Аммо Каримовнинг ўзбекча ёзувни ҳижжалаб ўқиб жонга теккан, ўз вазифасига лойиқ бўлмаган оддий бир дикторни бошқа ишга ўтказганимга аралашганидан жуда хафа бўлдим. Ахир у Президент ва катта мамлакатнинг катта вазифалари билан шуғулланиши керак.

Йўқ. Аслида мафия у эди. Дикторлар ўша кезда казо-казоларнинг “томорқаси” деган гаплар юрарди. Рост экан, деб ўйладим. Менимча, казо-казоларнинг эмас, Каримовнинг “томорқаси”  бўлишган. Акс тақдирда мендан кутилмаган жавоблар олиши мумкинлигини билгани ҳолда Каримов бунақа муомала қилмасди. Мен унинг “томорқаси”га ҳамла қилгандек кўриниб, жаҳли чиққан.

Мен ҳам ўчакишиб Ҳалимахонни қайтармадим, Каримов ҳам бу масалада бошқа телефон қилмади. Унинг “Ҳап, сеними?” деб кин сақлайдиган одати бор. Буни ҳам кин дафтарчасига ёзиб қўйган бўлса, не ажаб?! Телевидениедан тез кетганим учун Салимбойвачча билан ҳам қайтиб гаплашмадим, лекин мен кетгандан кейин Ҳалимахон дикторликка қайтди, у ҳижжалаб ўқишда  ва Юлдузхон ҳар оқшом оинажаҳоннинг юлдузи бўлишда давом этдилар.

…Ўзим депутат бўлиб сайланган Жомбой тумани марказида китоб базаси бор эди. Унинг директори жуда яхши бир одам эди. Бир куни уни бўшатиб, ўрнига туман раҳбарининг “одами”ни тайинлашмоқчи бўлишибди. Ҳар ой бир марта Жомбойда қабул куни ўтказардим. Ана шу директор зорланиб келди׃

-Бу ерда фойда йўқ. Китоб савдосидан қандай фойда келсин? Мени бўшатиб, бошқа иш берса майли эди, аммо бекор қолдиришмоқда,-деди аризасини узатиб.

Бу одамнинг гапига кулгим келди. У жойни биламан. Номи база, аммо бир катта хонадан иборат омбор. Ичида кичкина ойнаванд хоначада директор – яъни омборчи қишда музлаб, ёзда нафаси қайтиб ўтиради. Китоб келса, тушириб олади, дўконлар ва кутубхоналар учун  юклашга ҳам ёрдам қилади. Чунки кўп ҳолларда аёллар келишади. Аммо номи улуғ-директор. Лекин бундай жойдан бўшатганига зорланишга ҳам арзимайди. Шунда ҳам индамадим-да ёнимда ўтирган ижроком раисига қарасам, елкасини қисди. Директорнинг аризасини олиб, унга бераман десам, олмади.

Туман раҳбарининг “одами” тайинланаётган жойга ижроком раиси аралаша олмаслигини айтди. Мен хатни вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов номига жўнатдим. Тошкентга келсам, бир-икки кундан кейин Каримов телефон қилди׃

-Биз келишганмиз, депутатлар одамларни ишга тайинлаш ва бўшатиш ишларига аралашмайди,-деди ва омборчи ҳақида гапира бошлади.

Мен унга қабулимга келган ҳар қандай кишини эшитишим шартлигини ва уларнинг аризаларини ҳокимият идораларига юборишга ҳаққим борлигини айтишга ҳаракат қилдим. Ниҳоят Каримов׃

-Ўша жой сизга керак бўлса, мана манга айтинг, ўзим сиз айтган одамни тайинлаб бераман,-деди.

Шунда кўз олдимга Олий Кенгашдаги вазият келди. Сўзга чиққан депутатлар Каримовдан йўл қурилишига ёрдамдан тортиб, янги трактор олишгача бўлган майда-чуйдаларни сўрашарди. Ҳатто 7-сессиядан кейин Каримов билан депутатлар орасида протокол тузилганда ҳам бир қанча депутатлар катта сиёсий масалалар қолиб кетиб, ана шундай майда-чуйдалар борасида ёрдам сўрашгани ҳалига қадар кўз олдимда.

…Бир куни таниқли адиб Мамадали Маҳмудов чойга чақирди. У Маданият фондининг раиси эди ва шу фонд меҳмонхонасида Туркиядан келган ишбилармонларга чой бераётган экан. Шу ерда танишганим-эртасига Туркияга жўнаб кетаётган ишбилармон, Туркистон дарди билан ёнган бир турк׃

-Бугун дунёга хом-ашё сотсангизлар бирларинг икки бўлмайди. Тайёр маҳсулот сотиш керак. Пахтани шу ернинг ўзида қайта ишлаб, маҳсулот қилиб сотилса, бир неча баравар фойда кўрилади. Халққа иш бўлади, пул бўлади, келажак бўлади. Бизнинг буни йўлга қўйиш учун пулимиз ҳам бор, техникамиз ҳам, одамларимиз ҳам. Сурхондарёда бир тўқимачилик комбинати қурмоқчи эдик. Вилоят ҳокимияти, вазирликдан рухсат чиққан. Ҳукуматда ҳам Жўрабеков даражасида гаплашганмиз.

-Ундай бўлса бошлайвериш керак,-дедим мен орага гап қўшуш учун, аслида эса, гап қайси томонга кетаётганини англаб тургандим.

-Аммо Каримовнинг хонасидан ҳужжатларимиз чиқмади. Икки йилдан бери кутдик. Қачон сўрасак, “Ишлари кўп, ҳали навбат келмади”, дейишади. Бу аҳволда ватанни тузата олмайсизлар. Ҳамма нарса битта одамга боғланса ва битта одам ҳамма нарсани ўзиники деб билса, оддий бир ишхона очиш учун ундан йиллаб изн кутилса, бу мамлакат минг йил орқага кетади ва охирида чўкади!-деди оғир хўрсиниш билан.

Бугун ўша туркнинг гапларини бот-бот эслайман ва у қанчалик ҳақ бўлиб чиқди.

Турк ишбилармони айтгани каби Ватанни тузата олмадик, ҳамма нарса битта одамга-диктаторга боғланиб қолди, мамлакат орқага кетди ва чўкди! Чўкканда ҳам жуда ёмон чўкди.

 

41. “ЎЗБЕКЛАШТИРИШ”

Тожик тилига ҳам давлат мақоми берилиши керак! (Ислом Каримовнинг 1990 йилда айтган гапи).

-Мавзуни қанча давом эттирасиз?-деб сўради бир куни Муҳаммадбобир Маликов.
-Ёмоннинг қир қилиғи деганларидан келиб чиқиб, Каримовнинг қирқ кирдикори билан битираман,-дедим.

-Битиролмайсиз, Каримовнинг кашфиётлари қирқдан ҳам зиёд,-деди Бобир ака.

Ҳақиқатдан ҳам Каримовнинг қирқта “кашфиёти” ҳақида ёзиб бўлганимдан кейин ҳали кўп нарса ёзилмаганига ишонч ҳосил қилдим ва мавузни давом эттиришга қарор бердим…

…Ҳар қандай халқ дунёнинг ҳар қандай нуқтасида эмин-эркин яшасагина унинг инсоний ҳуқуқлари таъминланган бўлади.

Лекин дунёда шундай мамлакатлар борки, уларнинг ҳудудларида яшаган халқлар гарчи бу замин уларнинг азалий истиқомат жойлари бўлсада, озчилик вазиятига тушганлар ёки ҳуқуқлари топталган. Турон заминида юзага келган ўнлаб мамлакатларда юз йиллардир ана шундай ҳол ҳукм сурган. Рус инқилобидан кейин Туркистон заминида тузилган ва сунъий номланган республикаларнинг ҳар бири бундан 15 йил муқаддам алоҳида давлатга айлангандан кейин бу ҳол янада мураккаблашди.

Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва бошқа бир қанча ҳудудларида тожиклар азалдан яшаб келганлари каби Тожикистоннинг бир қанча жойларида ўзбеклар муқим халқ ҳисобланадилар. Ўзбеклар Қирғизистонда диаспора эмас, балки ўша ернинг туб халқи, ўзлари яшаган заминнинг соҳиби. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам шундай. Демак,мустақиллик сиёсати якка халқлик эмас, балки умум Туркистон ҳудудида яшаётган барча халқларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда амалага оширилиши керак эди. Афсуски шундай бўлмади.

1990 йилларнинг бошида Каримов ўзининг тожик эканлигини яширарди. Ваҳоланки, буни ҳамма биларди ва бунинг уят жойи йўқ эди. У азалдан бошқа халқлар қатори тожиклар ҳам муқим яшаган Самарқанддан бўлгани учун ўз миллатини яширишга эҳтиёж сезмаслиги керак эди. Қолаверса, Ўзбекистон президенти шу мамлакат ҳудудида яшаётган озчиликлардан чиқмаслиги керак деган таъқиқ ҳам қўйилмаганди. Зотан тожиклар ҳам дунёнинг қадим ва маданиятли халқларидан бири ва улар ҳам азалдан яшаб келган жойларида ҳамма ҳуқуқларга эга бўлишлари шарт.

Маълумки, бизда раҳбарга ёқиш учун минг бир тусга кириб чиқилади. 1990 йилларнинг бошида Каримовга ёқишни истаганлар ўзбек тили қаторида тожик тилига ҳам Давлат тили мақоми берилишини илгари сурдилар. Бу ишнинг бошида Олий кенгаш Маданият ва тил қўмитаси раиси Примқул Қодиров турганди. У тайёрлаган қонун лойиҳасига баъзилар сиртдан қаршилик билдирсалар, ёш депутатлар қатори мен ҳам очиқ ва кескин қарши чиққан эдим. Бу билан тожик тилига қарши чиққаним йўқ. Тожик тилини яхши кўраман. Жуда кўп тожик дўстларим бор. Ҳатто опаларимдан бири тожикка турмушга чиққан. Болалари ва неваралари икки тилни ҳам бурро билишади. Ўзим АҚШда илмий кўламда чоп этилган Тожикча-Инглизча йирик луғатнинг муаллифларидан бириман. Лекин айни пайтда ўта жиддий масалаларда ҳиссиёт ақлдан устун келмаслиги тарафдориман. Чунки Ўзбекистонда тожик тилига давлат тили мақомини берамиз деяётганлар билиб-билмай икки халқни бир-бирига едирмоқчи эдилар.

Бунинг устига ўшанда Ўзбекистонда тожик тилига давлат тили мақоми берилса, айни заминда худди тожиклар каби азалдан яшаб келаётган қозоқ, қирғиз ва туркманларни камситган бўлардик.Улар ҳам ўз тилларига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб чиқардилар. Худди шу манзара гулхан каби ёниб турган Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам юз берарди ва шундай ҳам бирлаша олмаётган Туронзамин халқлари янада парчаланиб, бир-бирларига қарши янада душманлашиб кетардилар.

Биз тожикларни ҳам ўз ичига олган Туркистон-Турон бирлиги(номи бошқача ҳам бўлиши мумкин)га интилиш нуқтаи назаридан ҳам бу нозик масалада эҳтиёт бўлиш кераклигини истардик. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини биринчи галда рус тилидан қутилиш сиёсати деб билгандик. Бошқа давлатларда ҳам шундай деб билинганди.

Хуллас, ўшанда соғлом қараш ғолиб келиб, Каримов ва Примқул Қодировнинг таклифлари кун тартибидан чиқиб кетганди.

Кейинроқ Каримов хорижий журналистлар олдида “Менинг қонимда тожик қони бор” деб юборди ва бу унинг тожиклигини расман тан олишига йўл очди. Худди ана шу нарса тожик тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф қайта кун тартибига келишига монелик қилди. Чунки энди Каримов ёмон вазиятга тушиб қолиши мумкин эди.

Ҳар бир халқнинг ва тилнинг фидойилари бўлгани каби тожик тили учун курашганлар ҳам бор. 1990 йиллардан аввалроқ ва ҳозирга кунга қадар Ҳаёт Неъмат, Жамол Мирсаидов кабилар бу йўлда фаоллик кўрсатдилар. Ўз тилини ҳимоя қилган ҳар қандай одам мақтовга сазовордир. Аммо бугунга келиб, Каримов “Тожикларнинг ҳуқуқларини йўқотиб, ўзбеклаштириш” сиёсатини амалга оширмоқда, дейишлари мантиққа зиддир. Каримов олдинги бўлимларда ёзганимиздек, аслида руслаштириш сиёсатининг фаолидир.

У Туркистон халқларнинг бирлигига қарши. У Турон ва Туркистон ғоясига қарши. Ана шу ғояни ўлдириш учун гўёки “ўзбеклаштириш” сиёсатини топди.

1991 йил Парламентда ўзига қарши чиқишни “тошкентликлар исёни” деб номлагани каби бугун ўзбеклар, тожиклар ва бошқа халқларнинг ҳуқуқлари топталишини “ўзбеклаштириш” сиёсати деб халққа миш-миш сифатида едирилмоқда. Бунга энг яхши мисол қуйидадир.

“Туронзамин” сайтида 2006 йилнинг ноябрида “Таҳрирсиз мактублар” рукни остида бир хатни бердик׃

“Мен ҳам кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари каби оила-ю Ватанидан айрилиб, чет элда сарсон бўлиб юрганлардан бириман. Мен Самарқанд шаҳрида тожик оиласида туғилганман, лекин кўпчилик каби ҳужжатимда “ўзбек” деб ёзилган.

Мен ушбу мамлакатда бирор-бир бошпана топиш илинжида юрибман, чунки айнан тожиклигим сабабли мен органнинг “каттароқ итлари” билан жанжаллашиб қолганман ва сал қолган улар мени (берган ваъдасига мувофиқ) “турмада чиритиб юборишларига”.

Шулар дастидан мен қочиб, ўзга юртларда мардикорлик қилиб юрибман. Мен сиздан Ўзбекистонда “ўзбеклаштириш” сиёсати қандай ютуқлар билан олиб борилаётганлиги, бошқа миллатларнинг, айниқса тожикларнинг ҳақ-ҳуқуқи умуман йўқлиги ҳақида 4-5 фактлар беришингизни илтимос қилиб сўрайман.

Мен ушбу илтимос билан ИГНПУ раиси Сурат Икромовга мурожаат қилгандим, ўзини Баҳодир Элибоев деб танитган ёдамчиларидан жавоб келди ва икки-уч хат олиб жавоб ёзганимдан кейин умуман жавоб келмай қўйди. Сизнинг сайтингиздан электрон почтангизнинг адресини топдим-да, дарҳол сизга, катта умид билан ёздим.

Ҳақ йўлида қилаётган буюк ишларингизга ютуқлар тилаб Салим.”

Мен таҳририят номидан унга қисқа бир жавоб ёздим׃

“Салимжон, Ўзбекистонда ўзбеклаштириш сиёсати йўқ, балки фикри бор ҳар қандай одамни манқуртлаштириш ёки йўқотиш сиёсати бор. Каримов ўзи тожик бўлгани ҳолда қандай қилиб тожикларни ўзбеклаштириш сиёсатини юргизиши мумкин? Унинг учун инсонларнинг миллати эмас, фикри таҳликалидир. Сизга ҳам тожик бўлганингиз учун эмас, балки органдагиларга гап қайтариб, фикрингиз борлигини кўрсатганингиз учун зуғум бўлган бўлса ҳақиқатга мос тушади. Сиз ҳақиқатни бошқа жойдан изламоқдасиз. Бугун Ўзбекистонда ҳамма миллат вакиллари бирдек эзилмоқдалар.”

Ундан эътироз мактуби келди.

“Ассалому алайкум!!! Мен яна бир бор сизга мурожаат қилишга мажбурман. Сизга саволимга берган жавобингиз учун беҳад миннатдорчилигимни билдираман.

Лекин, ушбу жавобингиздан кейин менда яна бир қанча саволлар туғилди (кечирасиз мен фақат тожиклар мисолида гапираман, чунки бу мен шахсан ўзим кўрганларим, лекин бу келтириладиган мисоллар ҳудди шундай рус миллатига ҳам мансуб, бошқа миллат вакиллари ҳам худди шу аҳволдалигига ишончим комил):

1.”Ўзбеклаштириш” сиёсати мавжуд бўлмаса, нега 28-33% аҳолиси тожик миллатига мансуб бўлган мамлакатда олийгоҳларда тожик факултетлари, тожик гуруҳлари (ёппасига деса ҳам бўлади) ёпилди.

2. 100% аҳолиси тожик миллатига мансуб бўлган жойларда ҳам тожик мактаблари ёпилди. Ўқиш бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблардаги тожик синфлари ёпилди.

3.Тожик (рус ва бошқа) тилида чоп этиладиган рўзномалар ёпилди.

4.Телевидениеда тожик тилидаги намойишлар, радиодаги эшиттиришлар умуман барҳам топди. Ҳозирги кунд арус тилида фақатгина янгиликлар олиб борилади, холос.

5.Бирор ишга борсангиз (асосан яхшироқ жой бўлса) аввало миллатингизни сўрашади. “Каттароқ” ишларда то паспортингизда “ЎЗБЕК” деган ёзув бўлмаса умуман яқинлашмайсиз…
ва ҳоказоларни кўплаб мисол келтириш мумкин.

Сизни жуда чуқур ҳурмат қилган ҳолда ушбу эътирозларим тўғрилигини қабул айларсиз.

Тўғри Сиз Ўзбекистондан кетган даврда бу нарсалар унчалик ривожланмаган эди, лекин ҳозирги кунда бошқа миллатларнинг аҳволи йиғлагулик даражада!!!
Сизга саломатлик тилаб Салим”.

Унга ёзган жавобимда тожикларга нисбатан ўзбеклаштириш сиёсати йўқлигини яна бир бор урғулашга ва далиллашга тўғри келди׃

“Ўзбеклаштириш сиёсати йўқлигига жуда катта мисол шуки, тожиклардан чиққан Баҳодир Матлюбов Ички ишлар вазиридир. Ҳукуматда ана шундай вазирлар жуда кўп. Шундай экан, вазири тожик бўлган ҳолда қайси оддий ходими ўзича сиёсат ўрната олади?

Ўзбекистонда сиёсатни фақат бир киши белгилайди – Каримов, ва яна бир киши ижро этади-Матлюбов. Буларнинг иккаласи ҳам тожик.

Кейинги йилларда ўнлаб ўзбекча газеталар ҳам ёпилди. Мухолифатнинг газеталарига ҳам умуман йўл берилмайди. Мактаблар ва тожикча китоблар масаласи эса, пулга ва диктатура фитратига боғлиқ. Агар Тожикистондан дарсликлар олинса, уларда Раҳмонов улуғланган. Бу эса, Каримовга ёқмайди. Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги ўзбеклар ва тожикларнинг ҳам аҳволи айни. Бу диктаторлик сиёсатининг маҳсулидир.

Диктатура ҳамма нарсанинг, жумладан миллий озчиликларнинг ҳам кушандасидир”.

Ундан қайтиб хат келмади. Демак, у мендан ранжиди. Бу табиий ҳол. Чунки фақат у эмас, бошқалар ҳам 15 йилда ана шундай вазиятга тушдилар. Дод денг, вой денг фойдаси йўқ. Улар Каримов “кашфиё”тларининг қурбонларидир.

Эътибор қилинг, бугунга қадар туркий жумҳуриятлар орасида бир бутунлик йўқ. Бу ҳам Каримовнинг айби билан бўлмоқда. Бир бузғунчи оламни бузишга етиб ортади, деган гап бор. Бугун Туркистоннинг бир бўлаги-Ўзбекистонда яшаган туркий халқларнинг мансубларига “Сен турксан” деб кўринг, ёқангизни йиртиб беришади. “Мен Ўзбекман” дейишади. Мана буни ўзбеклаштириш дейиш мумкин. Яъни Каримовнинг “ўзбеклаштириш” сиёсати фақат тожикларга эмас, балки бутун Турон-Туркистон халқларига қаршидир. Кўрдингизми, ўзбеклаштириш шу даражага етдики, одамлар ўзларининг асл кимликларини рад эта бошладилар. Мана буни “кашфиёт” деса бўлади.

42. КАМБАҒАЛЛАШТИРИШ

Ўзбекистонда бойлар бўлмайди.(Ислом Каримов).

Эсингизда бўлса керак, 2005 йилнинг декабр ойида Конститутция қабул қилинган кун муносабати билан гапирган Ислом Каримов “Ўзбекистонда бойлар бўлмайди” деган эди. Буни икки хил шарҳлашди. Баъзилар “Каримов социализм йўлига қайтмоқда” дейишса, баъзилар “Энди халқнинг қолган-қутган нарсаси ҳам тортиб олинади” дейишди.

Биринчи қараш бўйича шуни айтиш керакки, Каримов зотан коммунистик-социалистик йўлдан бир қадам ҳам чекинган эмас, балки анча илгари кетди. Шўролар бу режимни қаттол бир тузумга айлантирган бўлсалар, Каримов “қаттол”нинг қаватига “баттол”ни ҳам қўшди. Иккинчи фикрни айтганлар анча нарсани кўра оладиган эканлар, ҳақиқатдан ҳам Каримов халқнинг қўлида қолган қолган-қутганини ҳам тортиб олди.

2005 йилнинг Конституция байрамигача Ўзбекистондан чиқиб кетганлар сони 1,5 миллион атрофида эканлиги айтилаётганди. 2006 йилнинг айни кунига озгина қолганда АҚШ ҳукумати Ўзбекистондан чиқиб кетганлар сони 3,5 миллион атрофида бўлганини айтди. Менимча, бундан ҳам кўпроқ. Бугун тўрт миллиондан зиёд ўзбекистонлик дунё бўйлаб сарсон-саргардон. Каримов, унинг режими ва Ўзбекистонда қолган аҳоли ана шунинг ҳособига яшамоқда.

Кимдир 4 миллион одам ойида бир доллардан юборса 4 миллион, 100 доллардан юборса мамлакатга 400 миллион доллар кирмоқда, демак, Ўзбекистон камбағаллашмаяти, балки бойимоқда, дейиши мумкин. Зотан ҳукумат ҳам одамларнинг калласига ана шу фикрни суқмоқда. Лекин пул кириши кўпайгани билан Ўзбекистон камбағаллашмоқда ва одамларнинг ҳаёти ит ётиш, мирзо туришга айланмоқда. Бунга четга чиқиб кетганларнинг ҳам 99 фойизи киради.

Нега?

Яқинда телевизорда Мексикадан тайёрланган бир соатлик кўрсатувни томоша қилдим. Ўйлаб юрган жуда кўп хаёлларимнинг тасдиғини топдим. Қишлоқлар ҳувиллаб қолган. Ҳаммаёқ хароба. Уйларда бир икки аёлни учратиш мумкин. Қолгани болалар. Лой кечиб юришибди. Мактаблар бўм-бўш. Аммо марказда ҳаммаёқ гуллаб яшнаган. Умум аҳолининг жуда ва жуда оз қисми шоҳона яшамоқда ва қолган аксарият қисми қашшоқ. Кўз олдингизга Ўзбекистон келмоқда, шундай эмасми?

Дарвоқе қишлоқлар ҳувиллаб қолган бўлса, эркаклар қаерда? Қаерда бўларди, Америкада. Бутун Американинг қора ишини шулар бажаришади. Қурилишдан тортиб, кўча супуришга қадар ҳамма жойда шулар. Бир уйда 10-20 киши бўлиб яшашади. Кўз олдингизга Россия ва Қозоғистондаги ўзбеклар келмоқда, шундай эмасми? Чунки мен ҳам кўрсатувни кўриб, шу ўзбеклар ҳақида ўйладим.

Америкада норасмий яшаётган испанлар сони бугун 10-15 миллион экани айтилмоқда. Улар тонг отмасдан кун ботганга қадар ишлайдилар. Нақд пул оладлар. Қўлларида телефон. Унга тўлайдилар. Машиналари йўқ. Ташувчига тўлайдилар. Уйлари йўқ. Ижарага тўлайдилар. Уйда овқат пишириш йўқ, ошхонага тўлайдилар ва ҳоказо. Қолганини ватанга жўнатадилар. Ватандагиларнинг ҳам қорни оч – келган пулни еб битиришади. Тўйга, ўйин-кулгига сарфлашади. Ошхонага сарфлашади. Келиб турибди, келаверади деб ўйлашади-да! Қарзни ҳам қайтариш керак. Ахир боласи Америкага бориш учун 15-20 минг доллар қарз олиб йўлга чиққан-да. Яна Ўзбекистон кўз олдингизга келди-а?

Испанларнинг мана шу манзараси 50-60 йилдан бери давом этмоқда.

Уларнинг жуда оз қисми оиласини олиб келиб, муқим ҳаётга киришган. Мана эндигина улар ўз ҳақлари учун курашиб, АҚШдан ҳаммаларига фуқаролик берилишини талаб қилмоқдалар. Бу ҳам афсона.

Мексикада илгари зулм ҳукмрон бўлган, аммо бугун демократия. Лекин вазият ўзгармаяпти. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан кетмоқда.

Бундан бир неча йил олдин жиян бўлмиш танишим четга чиқиб, пул ишлаб, уйига юбора бошлади. Уйдагилар роҳатда, у эса дўззах азобида. Бир куни унга׃

-Ёшинг ўтиб кетмоқда. Аввал беш-тўрт сўм тўплаб, ўқигин. Кейин яхши иш топиб, ота-онангни ҳам олиб чиқасан. Агар улар чиқмасалар, ёрдам қилиб турасан. Биринчи галда ўзинг оёққа тур,- дедим.

Ёш болада, мен айтган гапларни оқизмай-томизмай ота-онасига айтибди. Улар унга мендан узоқ туришни маслаҳат қилишдими, ҳар ҳолда беш йилки у телефон қилмайди. Яқинда суриштирсам, аҳволи ўша-ўша экан. Қора иш қилиб юрибди ва топган пулини Ватанга жўнатмоқда. У пул айланиб-айланиб Каримовнинг хазинасига тушмоқда.

Бугун Ўзбекистондан чиққан 4 миллиондан зиёд одамнинг акасарияти худди ана шу йўл билан Каримов режимига ишламоқда. Улар бу режимни халқ ташвишидан озод қилиш билан бирга, унинг хазинасини ҳам тўлдирмоқдалар.

…1990 йилларнинг бошида Каримов барча колхоз-совхозларга “Тойота” енгил машинаси сотиб олишга буюрди. Йўллар ёмон. Таъмирлаш хизмати йўқ. Эҳтиёт қисмлар келтириш йўлга қўйилмаган. Машиналар қисқа вақтда тўкилиб, йўқ бўлиб кетди. Мамлакатнинг миллионлари кўкка совурилди.

Кейин Каримов Япониядан тўқимачилк корхонлари учун 4-“авлод” техникасини сотиб олишга буюрди. Ҳаммаёқни станок босиб кетди. Ишлатадиган, таъмирлайдиган мутахассис йўқ. Бу ҳам майли, японлар аллақачон мазкур жиҳозларнинг 8-“авлоди”ни чиқаришга ўтишганди. Дунё бозорида ана шу “авлод”нинг маҳсулотлари.

-Нега бундай қилдик?,-деб сўрадим бир мажлисда Каримовдан.

-Бу иқтисод, бу бизнинг ишимиз, битта саккизинчи “авлод”нинг пулига 20 та 4-“авлод” станогини беради…,-деди Каримов худди сири очилиб қолганда жаҳли чиққан одамдек заҳарханда оҳангда.

Ҳаммаси йўқ бўлиб кетди.

Каримов шундай бўлишини билмаган деб айта олмайман. У билган. Мен иқтисоддан узоқ бўлган бир одам тушунган нарсани иқтисодчи Каримов тушунмайдими? Тушунган ва тушунгани учун ҳам шундай қилган. Унга халқнинг бойиши эмас, балки камбағаллашуви керак бўлган. У мана шундай битимлар орқасидан ўзига оладиганини олган. Халқ эса қашшоқлашмоғи зарур. Бугун ҳам Россия билан қилинаётган шартномларни қаранг, ҳаммаси Каримов ва оиласининг бойишига, халқнинг таланишига қаратилган.

У бекордан бекорга “Камбағал халқ итоаткор бўлади” деб айтмаган эди. У бугунга келиб, Ўзбекистон халқини қашшоққа айлантириб бўлди. Лекин халқ очдан ўлаётгани йўқ. Ўлмайди ҳам. Қанча камбағаллашаса, шунча кўп четга кетади. Қанча кўп кетса, шунча кўп пул келади. Қанча кўп пул келса Кааримовга яхши. Айланиб хазинасига тушади. Мана сизга “кашфиёт”!

43. ФОЛБИНЛАШТИРИШ

Каримов уч йилдан кейин ўлади. (Украинада яшаётган ўзбек фолбиннинг башорати).

1990 йилларнинг бошида бир кун Президент девонига кириб келаётганимда, ўрта бўйли, семиз бир одамга дуч келдим. Танимадим. Аммоуменитанирэкан׃
-Ассалому алайкум Жаҳонгир ака,-деди менга қўл узатар экан, худди деворлардан қўрқаётгандек атрофга аланглади. Атрофда ҳеч кимйўқлигига ишонч ҳосил қилиб, сўзида давом этди׃

-Сиз мени танимайсиз, аммо мен сизни яхши биламан, сиз ҳақингизда ҳам фол очганман…
Негадир ўша пайтга қадар фолбинлар фақат аёл бўлади, деб ўйлар эканман. Фолга ва фолбинларга ишонмаганим учун ҳам бу соҳага қизиқмаганман. Шунинг учун эркак кишининг “Мен сизга фол ҳам очганман” деган гапи эриш туюлди в агапни чўзмадим. У эса׃

-Келажакда менинг хизматим керак бўлса, бош устига,-деди қўлини кўксига қўйиб. Кейин пичирлаган оҳангда׃

-Ўзларига ҳам фол кўрдим,-деди бармоғини юқорига ишора қилиб ва қаддини ростлаб ташқарига чиқиб кетди. Юқорида эса Каримовнинг кабинети.

Бу кичик воқеа бўлсада, хаёлимда бир қанча саволлар уйғотди. Бу одам агар фолбин бўлса ва Девонга чақирилган бўлса, нега бир ўзи чиқиб кетмоқда? Уни кимдир олиб келган ва кимдир кузатиб қўйиши керак эмасми?

Иккинчидан, у қандай қилиб Девон ичидаги йўлларни билади? Агар билмаганда ўзини бу қадар эркин тутармиди?

Ўшанда Девонда ишлайдиган жиззахлик бир кишига бу ҳақда гап очдим. У Девонга бир фолбин ишга олинганини эшитганини айтди. Девонда биров бир нарсани аниқ билса-да мана шу нарса шундай деб айтмайди. Фақат “эшитдим” деб айтилади.

Масалан, Каримов Самарқанд вилоят ҳокимини ишдан олмоқчи. Буни билган одам дарҳол танишига “Эшитиб қолдим, Нурмуродов кетди”, дейди. У одам дарҳол бошқа танишига югуради. Учунчиси ичкарида гапиришга қўрқиб дўстини чойга бошлайди. Шу зайл ҳар қандай гап девонда тез тарқалади. Ҳамма ўзини ҳамма нарсадан хабардор қилиб кўрсатишга уринади. Шунинг учун ҳам мен танишимнинг “эшитдим” деганидан “Девонга бир табиб ишга олинди”, деган хулосага келдим.

Жиззахлик танишим яна׃

-У наманганлик экан, эшитишимча ҳамма айтганлари тўғри чиқаётганмиш,-деди.

Орадан қарийб бир йил ўтиб, ҳалиги наманганлик фолбинни Девон ҳовлисида кўриб қолдим. У энди жуда совуқ кўришди. Тўғрироғи, менинг саломимга аранг алик олди.

Демак, мен Ўзбекистондан кетиб қолишимни у ўша вақтда билган. Йўқ. Менимча, у ўша вақтда мени қамалиб кетади, деб ўйлаган. Балки фол кўрдим, шундай чиқди, деб бировга айтган бўлса ҳам не ажаб? Лекин Каримов унга нимадир деганини англадим…

Бир куни Каримов москвалик бир фолбинни чақирганини айтиб қолишди. Жуда зўр эмиш. Ҳамма гапни олдиндан билар ва айта олар экан. Ҳатто Каримовга қарши давлат тўнтариши қилмоқчи бўлганларни ҳам айтиб берган эмиш. Бу гапни менга айтган одамга “Наҳотки сиёсат фолбинларнинг айтганига қараб қолди?” деб жавоб қилдим. У одам Девонда жуда нуфузли эди ва ҳалига қадар ҳам нуфузини йўқотгани йўқ.

У׃

-Эртага ўша фолбин Ички Ишлар вазирлиги биносида саноқли одамларга фол очади, бир синаб кўринг, сиздан нима кетди, мен ҳам бораман, истасангиз оилангиз билан келинг, мен ҳам оилам билан бораман, чунки у фолбин биргаликда кўриши керак экан,-деди.

Мендан нима кетди, дедим-да умр йўлдошимни олиб, ҳалиги одам айтган жойга бордим. Биргаликда кирдик. Фолбин бир аёл экан. Бизни қатор қилиб қўйиб, электрни ўчириб, кичик бир шамни ёқди. Кейин бир нималар деб бизни ухлатишга уринди. У бизни ухлатиб, келажагимизни кўрар эмиш. Бу фолбин эмас, гипнозчи бўлса керак, деб кулгим келди. У роса уринди, аммо уйқум эмас, негадир кулгим келаверди. Охири у׃

-Сизнинг елкаларингизда фаришталарингиз бор экан, менга ҳужум қилиб, йўл бермаяпти,-деди.

Шу билан бизга жавоб бўлди. Аммо бошқалар унинг кучли эканлигини анча гапириб юришди.

Кейин Каримовнинг фолбинларга жуда ишониши ҳақида ва у “фолбинман” деган одамни ҳузурига чақириши тўғрисида кўп эшитдим. Бугун бу гапнинг қизиғи йўқ. Чунки бутун Ўзбекистон фолбинга ишонадиган бўлиб қолди. Диктатура шароитида Худога ва ҳукуматга ишонмаган одамлар фолбинга ишонадилар. Деярли ҳар бир қишлоқ ва шаҳарнинг ўз фолбинлари бор ва уларнинг эшиги ёнида турнақатор одамлар туришади.

Яқинда Тошкентдаги танишимдан мактуб олдим. Унинг ёзишича, шу кеча-кундузда мамлакатдаги фолбинлар Каримовнинг қачон ўлишига жавоб қидиришмоқда.

Гап шундаки, Украинада бир ўзбек фолбини бор экан. У Украина президенти Юшченкога сайловдан олдин заҳарланиши, аммо барибир президент бўлишини айтган ва бу тўғри чиққач, унинг яқин дўстига айланган экан. Ана шу ўзбек фолбин׃
-Ислом Каримов уч йилдан кейин, йилнинг биринчи ярмида тўсатдан ўлиб қолади,- деб айтибди.

Айтганлари тўғри чиқадиган бу фолбиннинг башоратини Юшченко МДҲ лидерларининг яқинда Киев учрашувидан кейин “Соғлигингизга қаранг”, деган маънода Каримовга етказибди.

Шундан бери Девондаги фолбинлар украиналик ҳамкасбларининг башоратини ёлғонга чиқаришга уринишаётган экан. Улар бунинг йўлини топа олишмаган шекилли, вилоятлардаги бошқа фолбинлар ҳам бу ишга сафарбар этилган.

Уларнинг кўпчилиги Украинадаги фолбинга тан беришиб, унинг Каримовдан кейин ўрнига у жуда ҳам қўрққан 19 кишидан бири келиши мумкинлигиниайтганига ҳам ишонишмоқда.

Бу хабарни менга етказган танишим катта бизнес бошламоқчи эди. Негадир ишни орқага ташлабди. Сабабини суриштирсам׃

-Уч йилдан кейин…,-деди.

Мен уни тушунгандек бўлдим, лекин ўйланиб қолдим. Балки бу ҳам Каримовнинг кашфиёти бўлса-чи? Буни эшитган одамлар “Яна уч йилгина қолибди, чидаймиз-да”, деб ҳамма нарсага кўз юмишлари ҳам мумкин-да. Лекин…

Дам олиш куни АҚШдаги Атлантик Ситига бордик. Океан бўйидаги тахта тўшалган йўлдан юрарканмиз диққатимни ўнлаб фолбинхоналар тортди. Фолнинг ҳам ҳар турлиси бўлар экан. Аммо энг кўпи мусулмон дунёсидаги мамлакатларнинг номи билан боғлиқ. Масалан, биттасининг пештоқига “Мисрчасига фол очиш” деб ёзилган. Ичкарида ўтирган жувон ҳам мисрлик. Қизиқиб қараганимиздан фойдаланиб, у бизни қўярдақўймай хонасига чақирди.

Ҳалиги Тошкентдан келган хабар ёдимга тушди ва׃

-Фақат битта савол бор, биз диктаторимиздан қачон қутуламиз ва мен Ватанга қачон қайтаман?,-дедим.

У қўлимни ушлаб туриб, гапни ҳар томонга олиб қочаётган эди, биз дарҳол у билан хайр-хўш қилдик. Аммо у юзимга қараб туриб׃

-Диктаторинг уч йилдан кейин кетади, ҳов нарёққа,-деди.

Тасодифни қаранг!

 

44. “ТУЗ”ЛАРНИ ЙЎҚОТИШ

 

Яна бир ҳоким аризасини ёзди. (Хабарлар оқимидан).

Қарта ўйинида ҳар қандай қартани ура оладиган козирлар бўлади. Козирлар одатда ташқи куч таъсиридан пайдо бўлади. Аммо козирдан ташқарисини ура оладиган доимий қарта бўлмиш тузларга нисбат бериб баъзи одамларни ҳам халқ орасида “туз” дейишади. Каримов ана шундaй “туз” ларни йўқотишга уста.

1990 йилларнинг бошида унинг учун асосий “туз” Шукрулло Мирсаидов эди.

Биринчидан, у халқ орасида тажрибали раҳбар сифатида танилган.

Иккинчидан, бошқарув тизимларида ўз тарафдорларига эга. Учинчидан, мухолифат билан ҳам тил топиша олади.

Аслида Каримов бу “туз”ни ҳам бошқалари каби фақат ўзи ўйнагиси бор эди. Аммо у Каримовга тобе бўлиб қолишни истамадигина эмас, балки “козир”ни урмоқчи бўлди. Лекин уролмади. Каримов унинг ҳар уччала илдизига ҳужум қилди. Аввал раҳбар сифатида майдондан четлатди. Кейин бошқарув тизимларидаги тарафдорларини йўқотди ва ниҳоят мухолифат билан ҳам алоқасини кесди.

Каримов учун яна бир “туз” Назир Ражабов эди.

Мен Назир Ражабов ҳақида илк бор 1970 йилларнинг охири 1980 йилларнинг бошида у Бухорода (у асли ромитанлик-ЖМ) ёнғинга учраган бир йирик корхона биносини қайта тиклаш лойиҳасини тайёрлаб, СССР Давлат мукофотини олганда эшитгандим. Кейин у жуда ёш бўлишига қарамасдан жуда катта вазифаларда ишлади, Қурилиш вазири бўлди, Наманган вилоят партия қўмитасининг биринчи котиблигидан Самарқанд вилоятига айни вазифага ўтказилганда, уни бевосита танидим.

У янгича фикрлайдиган, ташаббускор, тиниб-тинчимас, адолат томонида маҳкам турадиган, адолатсизликка чидай олмайдиган бир раҳбар эди.

Илгари Самарқандда худди ана шундай бир раҳбар бўлган – Владимир Николаевич Қодиров. Уни 43 ёшида заҳарлаб ўлдиришган. (Болалар уйидан чиққан халқпарвар Қодиров ҳақида ёзган китобим ошкоралик йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида давомли ўлароқ эълон қилинганди-ЖМ).

Менга Қодировни эслатган Назир Ражабовнинг тақдиридан ҳам қўрқардим. Коммунистик режим пайтида ҳам халқ томонида бўлган саноқли раҳбарлар етишган, лекин уларни тезда йўқотишган. Ўғрилар, милиция, мафия, ҳатто партиянинг ичидагилар ҳам Назир Ражабовга қарши эдилар.

У адолатпеша раҳбар бўлиш билан бирга адабиётсевар ҳам эди. Машраб шеърларини тўлалигича ёддан биладиган, Навоий асарлари борасида ҳаммани ҳайратга солиб, лол этадиган бир инсон эди.

Мен ёзган юзлаб фелъетонлар бўйича у текширишлар ўтказдириб, бегуноҳ қамалган юзлаб одамларни озодликка чиқарган, букилган ҳақиқатни тиклаганди. Аммо бир кун қўрққаним бўлди. “Обком”биносига келсам, ҳамма саросимада. Идеология котиби раҳматли Фароғат Шукурованинг хонасига борсам, у йиғлаб ўтирибди:

-Назир акани қўлига кишан солиб олиб кетдилар,-деди у.

Кейин Назир ака ҳикоя қилишича, уни қурилиш машинасининг бетон қориштириладиган қутиси ичига ташлаб, айлантира-айлантира бир жойга олиб бориб, у ердан Москвага етказиб, зиндонбанд этишган.

Унга қўлланилмаган қийноқнинг ўзи қолмаган. “Спорт билан шуғулланганим жисмонан ва Навоий ҳамда Машрабни ёддан билганим маънан мени қутқазди” деган эди у. Қийноқлардан ҳар куни ҳушидан кетиб, ҳушига қайтган.

Биз Самарқандда “Назир Ражабовни озод қилиш ва ўз иш жойига тиклаш қўмитасини” туздик.

Ислом Каримов келиб, уни роса мақтади, бирга ўқиганлиги ва ватанпарварлигини, миллатпарварлигини, ҳақиқатни ҳимоя қилувчи инсонлигини айтиб, “Мана қамоқдан чиқди, оқлангани ҳақидаги қоғозни олиб келиши билан жойига тиклаймиз” дея Самарқандда “биринчи”ликка Пўлат Абдураҳмоновни тайинлади.

Назир ака оқланди. Аммо Каримов сўзида турмади. Назир ака ҳақида уни ёмон отлиқ қиладиган тарғибот юрғизди ва кейин ҳам Абдураҳмоновни қайта тайинлаб кетди.

Назир ака Каримовнинг қаршиликларига қарамасдан 1990 йилда Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланди. Аммо Каримов унга нисбатан оғир зуғумни бир кун ҳам тўхтатмади. Уни ҳатто Бухорода ўзи илк бор бошқарган қурилиш ташкилотида ҳам ишлашга қўймади.

Кейин унинг Москвага кетиб қолгани ҳақида эшитдим ва бу ташкилотчи ҳамда адолатсевар одамнинг бундан сўнгги тақдири ҳақида бошқа маълумотга эга эмасман.

Каримов бевосита ўз командасидан чиққан ёки командасидагилардан “туз”лиги иддао қилинганларни ҳам “каллаклаб” турди.

Ким бўлишидан қатъий назар халқ орасида Каримовдан кейин унинг ўрнига келиши ҳақида гап тарқалса, унинг боши “сапча” бўлиб кетаверди. Узоққа бормайлик, Зокир Алматов, Қодир Ғуломов, Козим Тўлаганов ва бошқалар ана шундай номлари президентликка тахмин қилиниб, ҳар томонда гапирила бошланган қўлбола “туз”лардан эдилар.

Янги ”туз”лардан бири ҳақида 2006 йилнинг 29 июл куни Демократик Ўзбекистон Конгрессининг Интернет саҳифасида қуйидагилар ёзилган эди׃

“Каримовдан кейин Ўзбекистонни бошқаришга қодир раҳбарлар йўқ деган гапларни эшитамиз. Бор ва анчагина. Баьзи манбаларга кўра яқинда Ислом Каримов бундан бир неча айил олдин 2500 йиллиги нишонланган Самарқанднинг 2750 йиллигини ўтказиш ташаббуси билан чиққан вилоят ҳокими Мамаризо Нурмуротов (паспортда: Мамаризо Бердимуратович Нурмуратов)нинг таклифини қабул қилган ва уни чақириб гаплашган. Унинг Бош вазир этиб тайинланиши ва Каримовдан кейин мамлакатни бошқариши мумкинлиги айтилмоқда. Бунга ҳатто Путин ҳам қарши эмас экан.

Чунки 1960 йилда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган Нурмуротов Ленинграддаги молия-иқтисод институтини битирган – Путининг маҳалласида. Яна мутахассислиги иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди. Бу биринчи омил.

Иккинчи омил эса, Каримов ўз отаси асли Пайариқдан эканлигини айтади ва Нурмуротовни отасига жиян-невара деб билади. Шунинг учун ҳам уни топиши билан тез “тепа”га кўтарди.

Нурмуротов меҳнат фаолиятини 1982 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида (Каримовнинг жонажон олийгоҳида) ўқитувчиликдан бошлаган. 1985-1988 йилларда Москва молия институтининг аспиранти бўлган. Москвадан қайтгач, 1988 йилдан 1991 гача Тошкент халқ хўжалиги институтида ўқитувчи, 1991-1993 йилларда Тошкент молия институти доценти бўлган.

Бу ёғига қаранг:

1993-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси маслаҳатчиси, ўринбосари, биринчи ўринбосари вазифаларида ишлаган. Кейин 2000-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси молия вазири. 2004 йил июл ойидан буён Самарқанд вилояти ҳокими.

2005 йил январ ойидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Каримовнинг кўнглида ётган номзодлардан бири ана шу! Йўқ десангиз важингизни айтинг!

Мамаризо Нурмуротовни яқиндан таниган кишилардан бири:

-У Самарқанд Университети олдидаги ҳеч ким жураът эта олмаган “Булвар”даги қадимий чинорларни қўпориб ташлади. Фалакнинг гардиши билан президент бўлиб қолса, Каримовнинг “чинор”ларини ҳам қўпориб ташлаши мумкин!-деди.

Лекин яна самарқанддан “пошшо” чиқиши қандайдир норозиликларга сабаб ҳам бўлиши турган гап. Аммо битта самарқандликнинг хатосини иккинчиси тузатса бу қадимий шаҳримиз обрўси учун яхши бўлади.

Аслида ҳам у президент бўлиб қолса, у реформатор деб иқтисодий ислоҳотлар қилиши ва демократик мухолифатга ҳам йўл очиши мумкинлигига ишонганлар бор. Аммо бу йил ҳам ўтган йилги каби Самарқанд вилояти пахта планини бажара олмаса, бу унинг йўлини тўсувчиларга қўл келиши ва Мирзиёевлар уни Каримовнинг кўнглидан чиқаришлари ҳеч гап эмас…”

Тахмин тўғри чиқди. Каримовга кириб, “Нурмуротов президент бўламан” деб юрибди ва бу ҳақда хабарлар ҳам чиқармоқда, дейишган экан, Каримов унга телефон қилиб, жуда қаттиқ ҳақоратлаган ва аризани ёзишни буюрган. Нурмуротов бу хабар чиқиб кетишидан бехабар эканлигини тушунтирииш учун Каримовнинг қабулига киришга ҳарчанд уринмасин, қабул қилинмаган. Натижада ишдан кетиш ҳақида аризани ёзиб топширган. Яна бир “туз” йўқотилди…

Вашингтон-2005-2007

Advertisements

8 Responses

  1. […] Каримовнинг кашфиётлари […]

  2. […] 2.Karimovning kashfiyotlari […]

  3. […] 2.Karimovning kashfiyotlari […]

  4. […] 2.Karimovning kashfiyotlari […]

  5. […] 41. Жаҳонгир Муҳаммад. Каримовнинг кирдикорлари. 6.”ҚИЙНОҚЛАР ҚИРОЛИ”. […]

  6. […] 41. Жаҳонгир Муҳаммад. Каримовнинг кирдикорлари. 6.”ҚИЙНОҚЛАР ҚИРОЛИ”. […]

  7. […] Жаҳонгир Маматов. Каримовнинг кирдикорлари, (узбекском языке). https://jahonnoma.com/2007/12/01/1-3/ […]

Comments are closed.

%d bloggers like this: