Жаҳонгир Муҳаммад: Фикрлар ирмоғи (13)

АРАЛАШ

*Одам ўзига ўзи қарши юрганда тезроқ ўлиб кетади. Чунки жанг аёвсиз бўлади.

*Футболни оз одам ўйнайди, кўз одам севади,
Сиёсатни кўп одам ўйнайди, оз одам севади.

*Ким учундир шуҳратнинг тоғидан қулаган куни ўлган кунидир.

*Курашга майдон йўқ дейсиз, ахир бутун дунё майдонга айланиб кетган-ку?!

*Кимки сиёсатни пул учун эмас, қалбининг амри учун қилса, у ҳақиқий сиёсатчидир!

*Зарар келтиришга интилган одам яхшиликни ёйиш учун маош олиб ишлаганда ҳам зарар келтираверади.

*Таппончани гўзаллик учун тақиб юрмайдилар

*Жуда мағрурланиб кетсангиз уммон соҳилига боринг, нақадар зарралигингизни ҳис этасиз. Ҳа-я, бизда уммон йўқ-ку!

*Ўзингизни зарра ва ожиз ҳис этсангиз, осмонга осилган баланд тоғларга чиқинг, кўнглингиз мағрурликка тўлади. Лекин бизда бундай баланд тоғлар ҳам йўқ ҳисоби.