Жаҳонгир Муҳаммад׃ ҚЎШНИЧИЛИК ҚОИДАСИ

JM_2016AvgustИкки қўшни орасида жанжал чиқса, атрофга жар солиб, “булар бир-бирини емоқда” дейдиган ҳамсоя яхшими, ёки уларни тинчитишга уринганими?

Кейинги пайтда сал нарсага “ўзбек ва қирғиз орасида уруш чиқди” дея жар солаётганларга қараб, буларнинг нияти бузуқ деган фикр хаёлимдан кечмоқда.

Эътибор қилган бўлсангиз, икки халқ ёки икки миллат демадим. Чунки ўзбек ва қирғиз бир миллатнинг-турк миллатининг фарзандлари. Отлари бошқа-бошқа бўлган ака-укалардир. Шундай экан, “Қирғизистонда қирғиз ва ўзбек орасида миллатлараро уруш чиқди!” дея аюҳаннос солиш нақадар мантиқсиздир. Бу бир миллатни иккига бўлганлар, бўлаётганлар ва бўлишни истаганларнинг иши.

Бугун дуёнинг етти бурчида ўзбеклар ва қирғизлар яшамоқдалар, ўқиш ва меҳнат қилиш учун борганлари қанча. Сонлари бир неча миллионларга етади. “Қирғизистонда қирғиз ва ўзбек орасида миллатлараро уруш чиқди!” деган ёвуз гап уларга қанчалик таъсир қилишини бир ўйлаб кўринг-а! Бири ғазабга минса, бири ташвишга ботади. Бири ёнидаги ўзбекка ёмон қараш қилса, иккинчиси ёнидаги қирғизни туртади. Шу зайл ака-укалар орасига раҳна солинади.

Бугун “ўзбекчилик”, “қирғизчилик” ёки “қозоқчилик” тарафдорлари ҳам бор. Бундайлар доим бўлган. Ақлли одам бор жойда, калтафаҳм ҳам доим бор. Одатда калтафаҳмнинг гапига эътибор берилмайди. Лекин унинг гапидан қон ҳиди анқиса, унга ўрнини кўрсатиб қўйиш лозим.

Ҳали баъзилар Қирғизистонда бошланаётган воқеаларни инқилоб садоси деб ҳайқираётган ўша кундаёқ мухолифат аъзоси ёки сиёсатчи бўлмасамда, оддий бир мустақил фикрловчи сифатида ёзганим – “Лоланинг бағри хун” деган мақоламда қардошларимиз демократия- халқ бошқаруви тизимини ишлата олмаганларини ва уларнинг зўравонлик билан ҳокимиятни эгаллашлари ёмон оқибатларга етаклашини таъкидлагандим. Бу нарса фақат уларгагина тааллуқли эмаслигини ҳам урғулаган эдим. Минг афсус, тахминларим ҳақиқатга айланди. Кошки эди бундан бу буёғига қонунлар устивор бўлса? Афсуски бунинг йўллари бузилди. Бу борада оптимист эмасман.

Шундай шароитда ёнма-ён яшаётган ака-укаларга осон бўлмайди. Кимдир манфур манфаати учун уларни ўйинга солади. Кимдир уларни қиздиради ва кимдир уларга тош отади. Шуларни назарда тутиб, биз Қирғизистонда яшаётган ўзбекларга ҳам, қон-қардошимиз – қирғизларга ҳам ота боболаримиз минг йиллар давомида такрорлаганлари каби “Оғир бўлинглар!”, “Ўзларингни босиб олинглар!  Жаҳл келганда ақл кетади” дейишимиз керак. Шундагина қўшничиликнинг қоидасини ардоқлаган бўламиз. Уларга “Оғир бўлинглар!”, дер эканмиз, бу гап ўзимизни ҳам четламаслиги лозим. Яъни бировга зарбоф тўн ёпганнинг ўзи йиртиқ чопонга муҳтож бўлгани каби ҳолга тушмайлик, демоқчиман.

www.turonzamin.org

%d bloggers like this: