Жаҳонгир Муҳаммад׃ Фикр ирмоқлари (7)

ЖУРНАЛИСТИКА ВА ТАРАФКАШЛИК
*Тарафкашлик – Ўзбек тилидаги ахборот воситаларининг бугунги энг катта фожиаси.

*Тарафкашлик шахсга сиғинишнинг бешигидир.

*Тарафкашлик-маҳаллийчиликка ўйнаш.

*Агар бир миллатнинг журналистлари тарафкаш бўлсалар, билинг-ки бу миллат кўп зарар кўради.

*Ахборот воситасида ишловчи шахс тарафкашлик қилса, бу унинг журналист даражасига кўтарилмагани, ҳатто маошини ҳалол қилиб олмаганига шорадир.

*Тарафкашлик қонида бўлган киши журналистлик эмас, аравакашлик қилса, ўзига ҳам, миллатига ҳам фойда.

*Ўзига ёққанини кўриб, ёқмаганини кўрмасликка олиш журналистнинг тубан кетишидир.

*У кўриб кўрмасликка олган воқеаларни халқ кўриб туришини ҳис этмаслиги унинг ички “мени” ўлганидан дарак.

*Тарафкаш журналист ҳақиқат деб билган нарса ҳақиқат эмас, балки у кўз юмган воқеа ҳақиқатдир.

*Фақат шоҳига, бошлиғининг қовоғига, акахонига, ҳамюртига, манфаат келадиган томонга қарайдиган қаламкашнинг бўйни ҳам, кўнгли ҳам эгри бўлиб қолади.

*”Биз холисмиз, биз бор гапни айтамиз!” дея такрорлайверсалар, билинг-ки улар тарафкашдирлар. Чунки холислик гапда эмас, амалда намойиш этиладиган нарса! Уларнинг холислигини улар эмас, бошқалар айтиши керак.

*Халқ тан олмаганидан эзилган қаламкашларга даво – тарафкашликдан қутилиш!

%d bloggers like this: