Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.
РУБОБА
У ҳаммани сенсираб гапирарди, ҳамма ҳам уни сенсирарди. У одамлардан ҳазар қилади, шунинг учун уларни сенсирайди, одамлар ҳам унга ўзига яраша муомала қиладилар, деб ўйлардим. Катта бўлганимдан кейин англадимки, хулосам хато экан. Рубоба янга озарбайжон бўлгани учун уларнинг маданиятида фақат ғирт бегоналарни сизлашиб, қолганларни сенсираб гапириш анъана экан. Биз эса буни тушунмай уни камситиб, сенсирар эканмиз.
Назаримда Рубоба янганинг уришмаган одами йўқ, ундан энг кўп гап эшитадиган эри Ашраф амаки эди. Ашраф амаки Самарқанд шаҳрида яшаган ва армияга хизматга бориб, Рубобага уйланиб қайтгач, ота-онаси сиғдиришмаган. Шунда у бизнинг қишлоққа кўчиб келган. Уй-жойи йўқ бўлгани учун уни колхоз гаражига ҳам қоровул, ҳам диспетчер қилиб олишган. Ашраф амаки жуда кам гап ва жуда юввош одам эди. Рубоба янга акси.
Агар бирорта унинг ўғли Раббим ёки қизи Гулсарага ёмон гапирсин ёки уларни туртсинчи, кунини кўрарди. Боласини ўша хонадоннинг дарвозаси олдига олиб бориб тинмай сўкаверарди. Токи одамлар тўпланиб, масала нимадалиги аниқланмагунча. Шунинг учун ҳам кўпчилик унинг болаларига гапиришга қўрқарди. Баъзилар уни жинни деб ҳам гап тарқатишганди. Лекин у жинни эмас эди. Ўғли билан дўст бўлганимиз учун биламан, у болаларини жуда яхши кўрарди ва ўғлининг дўсти бўлганимиз учун бизни ҳам ҳурмат қиларди.
Ёшимиз бир жойга етганда унда сўраганман:
-Нега Раббимни биров сўкса, сиз ҳам сўкардингиз?-деб.
-Нима, мен бориб бировнинг боласини сўкайинми? Кучим ўзимнинг боламга етади. Шундан улар ҳам хулоса чиқариб оладилар…
Бу унинг ўзига хос услуб эди.
У саҳарлаб гаражнинг дарвозаси очилгандан то ярим тунда бекилгунга қадар овқат пишираётган жойида, ҳовли супураётган пайтида, сув ташиётган ёки кир юваётган бўлса ҳам-хуллас ҳар қадамда шоферларни қарғаб юрарди. Озарбайжончалаб қарғарди. Ўзбекча гапирмасди умуман.
Бунинг ҳам сабабини орадан йиллар ўтиб кетгандан кейин билдим. У ёш келинчак эканлигида гаражда катта қозонда овқат қайнатиб, саҳар келган ёки ярим тунда ишдан қайтган шоферларга ҳам мулозимат кўрсатар экан.
Эркак зоти орасида ҳайвонсифатлари ҳам бор. Улар оддийгина яхшиликда ҳам баъзан қинғир ифодани кўрадилар. Унинг мулозиматини бошқача тушунган ҳирсимохов шоферлар унга кўз олайтира бошлашибди. Бир-икки марта у ётадиган уйга ҳам киришибди. Шунда у уларни калтакбўрон қилиб, қувиб чиқарибди. Лекин улар унинг у ёқ-бу ёғидан ушлаб, тегажоқлик қилаверишгач, баъзиларини ерга юмалатиб урибди. Кейин мелиса чақирибди. Эркакнинг эгари ошнаси. Ишни ёпиб юборишибди.
Бу ҳол яна такрор бўлибди. У яна шикоят қилибди. Терговчи келиб кетаркану шу билан иш тамом. У охири эрталабдан кечгача ҳаммага бақирадиган бўлибди.
Ўйлаб кўрсам, у шў йўл билан ўз қадри, иффати, оиласини ҳимоя қилган экан. Унинг эрини “латта” деб ҳақорат қилишлари ҳам шундан экан.
Лекин уни энг ёмон кўрадиган шоферлардан бирортаси ҳам “Рубобани қўлини ушлаганман” деб айтолмайди. Ҳаммаси ҳам унинг оиласига, фарзандларига содиқлигини тан олади. Зотан, эркакнинг шундай мардлиги бўлмаса, эркаклиги ҳам битади.
Ўтган йил уйимиз ёнидаги арчасимон дарахт устида қалдирғоч ин солганини кўрдим. Қарасам тухум ҳам қўйган. Қарадиму балога қолдим. Иккита қалдирғоч шунақа қаққилаб айлана бошладики, агар бошимни эгиб, уйга кириб кетмасам, кўзимни ўйиб оладигандек эди.
Бу менга Рубоба янгани эслатди. Бегона жойда ин қуриб, ўзини ва болаларини ҳимоя қилиш унга осон бўлмаган. Айниқса, адолатсизлик шундайгина қаршисида турса-ю у бир умр шу адолатсизликнинг юзига қараб яшаса. Инсон учун бундан оғир нарса бўлмаса керак.
Адолатсизлик одамни жинни қилиб қўяди деган гап бор. Рубоба янга умрининг охирида оиласига алоҳида уй-жой солди. У ерда ўғлини уйлантирди. Қизини узатди. Фарзандлари қишлоқда бахтли оилалар соҳиблари.
Бугун қишлоғимизнинг қалдирғоч аёлини фақат мен эмас, кўпчилик эслаб, дуо қилиб турса керак. Чунки у шунга муносиб.
Албатта, қишлоқдагилар тилимиз, маданиятимизни дарров ўзлаштириб олган (мен кейинги ҳикояда ҳақида тўхталадиганим) украин келинни севишарди, аммо Рубоба янгани унча ёқтиришмасди.
Лекин у одамларга фавқулодда қийин шароитда ҳам ўз она тилини, ўз маданиятини ва ўз иффатини асрай олишни ўргатиб кетди. Бугун биз ўзбеклар дунёга сочилиб кетган, бошқа халқлар орасида ёлғизланиб яшаётган бир пайтда Рубоба янганинг қанчалик кучли иродага соҳиб эканлигини идрок қила оламиз.
Filed under: Yaxshi odamlar |
juda ham dolzarb masala,tug’risi bazan uzbekiston kelajagini uylaganimda yuragim qorong’ilashib ketadi,lekin halqni dardini uylaydigan mard jurnalistlar kupligini kurib tinchlandim,iltimos yoshlarga shunaqa ibrat bula oladigan haqiqatni aytishga qurqmaydigan insonlar kerak,adolatparvar uchun bu dunyo tor,zulmkorga keng kurinadi,balki bu ham bizning yutugimizdir?!!alloh siu-bizni adashtirmagani uchun ming shukr…samimiyat ila muhlisangiz
Раҳмат Сизга Жаҳонгир ака!
Ушбу ҳикояни ўқиб, тўлқинланиб кетдим. Яқиндан буён ёзаётган шу мазмундаги ҳикояларингизни ўқисам, Андижоним, Онам ва туғилиб ўсган маҳаллам кўз олдимга келябди. Айниқса, бугун ёзганингиз, ” Бугун биз ўзбеклар дунёга сочилиб кетган, бошқа халқлар орасида ёлғизланиб яшаётган бир пайтда…”, деган сатрларни ўқиб, тўғриси, Европадан қанот чиқариб Андижонимга учиб кетгим келябди. Жаҳонгир ака, ёш бўлсамда, соғинчдан, айрилиқдан ёмон чарчадим, ёмон чарчадим. Ёлғизлик, дарбадарлик, Ватансиз яшаш, даҳшатли, чидаб бўлмас азоб экан. Ушбу ёзганларимни юрак қоним билан ёздим, ака. Омон бўлинг! Ташаккур!