Яхши одамлар (8)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

Қаҳҳор

Қаҳҳор болаликдаги энг яқин дўстим, қариндошлигимиз ҳам бор: унинг дадаси менинг дадамга амаки ўғил.

Қаҳҳор билан мактабда бир синфда ўқиганмиз. Ўн йил битта партада ёнма-ён ўтириб таҳсил олдик.

Биз энди мактабга қатнай бошлаган пайтда унинг онаси (у “ая” дерди) касал бўлиб қолди. Қаҳҳорнинг аяси шаҳардан келин бўлиб тушганди. Шаҳарнинг Боғишамол минтақасидан кўп келин олишарди.

Келин келди Боғишамол дапасидан,
Уни кўриб куёв чиқди капасидан…

деб юрардик. (Лаҳжамиз бугунги Туркия туркчасига яқин бўлгани учун бу ерда “тепа” сўзи “дапа” деб ишлатилган-ЖМ).

Қаҳҳорнинг аяси ҳам боғишамоллик эди. Уни биз “оянга” дердик. Болалар ихтирочи бўлади, “янга” сўзидан “оянга”ни ихтиро қилишган. Яъни “Ҳов, янга”ни “оянга”га айлантириб юборганмиз. Дадасини эса “амилло” деб чақирардик. Бу энди “амакимулло” сўзининг болаларга хос бузиб айтилиши. Бобосининг исмлари Раҳмон, дадаси Ғаффор, ўзи эса Қаҳҳор. Ҳаммаси Худонинг сифатларидан олинган исмлар.

Биз уни ҳеч қачон урғуни “ҳ”га қўйиб уни “Қаҳҳор” демаганмиз, оддийгина қилиб “Қаҳор” деганмиз, “ҳ” ҳарфини биттага қисқартириб. Унга исмининг шу талаффузи ёқарди, шунинг учун бу ёғига мен ҳам “Қаҳор” деб ёзаман.

Қаҳорнинг аяси жуда чиройли аёл эди. Умуман Боғишамолдан тушган келинлар тўйларнинг тўрида-гўзаллик рамзи эди. Ким билсин, қидириб-қидириб чиройлисини топишармиди ёки шаҳарлик бўлгани учун кўзимизга шундай кўринармиди, нима бўлганда ҳам болалар тили билан айтганда “во” бўлишарди.

Қаҳорнинг аяси ширин сўз, меҳрли ва бизни ҳурмат қиладиган фаришта аёл эди. У онам билан қалин дугона эди. Касал бўлиб қолганда онам унинг ёнидан жилмай ўтирардилар. Шунинг учун мен ҳам мактабдан келаётиб, жилдимни дарвозадан ичкарига отардимда Қаҳор билан бирга уларникига кетаверардим.

Дунёнинг “касали” бизда ҳам бўлиб, синфимизда доим жанжал бор эди. Бир куни мактабнинг боғида ишлаётгандик, Баҳронча деган бола орқадан Қаҳорнинг кўйлагига лой сачратди. Қаҳорнинг кўзидан олов чиқиб кетгандек бўлди. Ахир уйда кир ювадиган аяси тўшакка михланган. Дазмоллайдиган одам йўқ. Бу ишни ўзи қиламан деб уринганида “уттик”нинг ичидан чўғ тўкилиб кетиб, қарийб ҳамма ёқ ёниб кетадиган бўлган экан. (Ўша кезда ичига чўғ солинадиган дазмоллар ишлатиларди-ЖМ).

Қаҳор жаҳл билан Баҳрончага томон юрган эди, у мени кўрсатди.
-Ана ўзингни жўранг отди!

Ваҳоланки мен Қаҳорни ҳимоя қилиб Баҳрончага отиш учун ердан лой олаётгандим. Қаҳор бирдан менга ташланди. Иккаламиз уришиб қолдик. Баҳронча қўлимни ушлаб турди, Қаҳор бир икки муштлади. Дўстингдан мушт есанг ва бу ноҳақдан бўлса, алам қилар экан. Синфга кириб жилдимни олдиму уйга кетдим.

Бироздан кейин кўчадан хиргойи эшитилди. Қарасам, Қаҳор. Девордан ҳатлаб ташқарига чиқдим, девор остида катта хода ётган экан. Шуни даст кўтариб, Қаҳорнинг бошига урдим. Хода синиб, майда-чуйда бўлиб кетди. Қаҳор бошини қучоқлаганча ётиб қолди.

-Иби, бачаро кушдику,-деб қўшнимиз Саид аканинг хотини тожикча ва ўзбекчани аралаш қилиб гапирганча югуриб келди.

Мен қўрқиб кетдим. Наҳотки Қаҳорни ўлдириб қўйдим? Наҳотки дўстимдан айрилдим? Энди ким билан мактабга бораман? Ким билан чўмилишга борамиз? Аясига нима дейман энди?

Ўша пайтда бировни ўлдириш даҳшатли жиноят эканлигини тушунмайман ҳам. Фақат яқин дўстимдан айрилиб қолдим, деб хаёлан ўзим билан ўзим “жанг қилганим” ёдимда.

Саид аканинг хотини уни кўтариши билан Қаҳор сапчиб ўрнидан турдида менга ташланди.

Бизни аранг ажратган аёл қўлимиздан ушлаб:
-Унжоба аянг ўлаяпти-ю шумо уриши када юрибсанлар,- деди.

Иккаламиз ҳам тош қотиб қолдик. Кейин бирдан Қаҳорларникига қараб югурдик. Келсак жимлик. Онам оянгамга нималарнидир гапириб ўтирибдилар. Бизни кўриб, ўринларидан туриб келдилар ва Қаҳорни четга тортиб, бошини тозалай бошладилар. Унинг боши қумурсқага тўла эди. Мен уни урган хода ёмғирда қолиб, пўкка бўлган ва майдаланиб ичидаги қурт-қумурсқалар унинг бошига тўкилган экан.

Ўша кун биз бўлган воқеани айтмадик. Аммо қишлоқда гап турадими, гап юради. Эртасига анча танбеҳ олдик.

Орадан кўп ўтмай Қаҳорнинг аяси озиб кета бошлади. У ётган каравотни ўраб, уни кўрсатмай қўйишди. Унинг чап юзида бир сочли холи бўлиб, шуни кестирган, бу эса саратоннинг ўчоғи экан. Дўхтирлар “аҳволи оғир” дегандан кейин уйга олиб келишган ва бу унинг охирги кунлари экан.

Қаҳор унинг бош фарзанди эди. Демак, ўша кезда у аёл ҳали ўттизга ҳам кирмаган.

Уни бизга кўрсатмай қўйишганда бир куни Қаҳор билан аста пойлаб, унинг ёнига ўтдик. У шу даражада озиб кетган экан-ки, таниб бўлмас эди…

Ўша кун Қаҳор билан иккаламиз бошимизни бир-биримизнинг елкамизга қўйиб йиғлаганмиз. Катталарнинг шундай қилганларини кўрганмизми ёки ғам болаларни ҳам елкадош қиладими, хуллас, бир-икки кундан кейин яна йиғладик. Бу пайтда фақат биз эмас, кўпчилик йиғлади.

Шундан кейин Қаҳор ўзгариб қолди. Унинг олдинги қувноқлиги йўқолди. Энди чўмилишга борсак у соҳилда сувга тикилиб, тупроқ кўчада ўйнасак у бир жойда ер чизиб ўтирадиган бўлди. Болаларга бу ёқармиди? Секин-секин ундан узоқлаша бошлашди.

Бир кун онам:
-Биласанми Қаҳорга жуда қийин. Мана мен борман, опаларинг бор, сени кийимларингни ювиб, дазмоллаб қўямиз, овқатингни пиширамиз, сен билан гаплашамиз, у эса оиланинг каттаси, минг биз бориб кўмаклашганимиз билан барибир унга қийин. У сенинг яқин дўстинг, у билан гаплашиб юр,-дедилар.
-Мен гаплашганим билан у гаплашмайди-да.
-Қарагин болам, ман мен ҳам касалман, бугуним бор, балки эртам йўқ, мен кетиб қолсам нима қиласан? Худо кўрсатмасин, ўшандай бўлиб қолса Қаҳор сени ёнингдан жилмайди…

Шундан кейин мен ҳам Қаҳорнинг ёнида ё сувга тикилиб, ё ер чизиб ўтирадиган бўлдим. Зерикиб кетсам ҳам чидардим. Кейинчалик у яна ўзига қайтди.

Бир кун Ғаффор аммилломни уйлантирадиган бўлишди. Яна Боғишамолдан келин келди. Энди бу келин кўзимизга чиройли кўринмас, биз унинг келишидан хурсанд эмас эдик. Айниқса, Қаҳор хафа эди. У қабристонга борди. Мен ҳам унга эргашиб бордим. Аясининг қабри ёнига борганда ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Уни юпатиш осон эмас эди. Дардини айтмайдиган, ичига оладиган эди.

Ўгай онаси билан ҳам анча вақт чиқишмай юрди. Сингиллари туғилгач, тил топишиб кетишди.

Қаҳорнинг ўз аясидан Олим ва Эркин деган укалари бор эди. Эркин бироз тортинчоқ, аммо Олим ҳамманинг кўнглини топадиган “мировой” бола эди. Ўзи ширин, сўзи ширин, жуда юмшоқ, нима иш буюрсанг “хўп” дерди, доим кулиб турарди. Катта бўлиб ҳам шундайлигича қолди.

“Бундай болани дунёдан топиш қийин” дейишарди у ҳақда гап кетса. Ҳақиқатдан ҳам бугун бундай болани бу дунёдан топиш қийин. Мен Америкада эканимда, у тўсатдан оламдан ўтибди. Онасига ўхшаб жуда ёш вафот этибди. Хафа бўлдим, эзилдим, бу сафар шундай оғир кунида дўстим Қаҳорнинг елкасига бош қўя олмадим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, биз 9-синфда ўқиганимизда Қаҳор билан пул топмоқчи бўлдик. Ғишт тўкамиз дедик. (Ғишт қуйишни бизнинг шевада “ғишт тўкмоқ” деймиз-ЖМ). Қабристон гўркови бизга иш топиб берди. Кун иссиқ бўлгани учун ғиштни тунда тўкишарди. Биз ҳам шундай қилмоқчи бўлдик. Кечга томон қабристонга борсак, дарвоза ёнидаги хонанинг шифтида илон кўриб қолдик. Қўрқиб орқага қайтдик. Кейин кундузлари бориб, қуёшнинг тиғида қолиб бўлса ҳам бир неча минг ғишт қуйдик.

Иш битгач гўргов:

-Бу ғишлартни лаҳадларнинг оғзига терамиз. Қаҳор, аянг раҳматли оламдан ўтганда ҳам ғишт терганмиз. Сени бувинг ўлганларида ҳам ғишт терганмиз. У ғиштларни бошқалар тўкканди, сизлар ўша қарзни уздингизлар, бировнинг қарзини биров узадиган дунё бу,-деди.

Пулимизни ололмай, жаҳлимиз чиқиб гўрковдан хафа бўлиб қайтдик. Уни кўрсак салом ҳам бермай ўтиб кетадиган бўлдик. Чунки бизни алдади…

Лекин орадан икки йил ўтиб, онам вафот этганларида қабр бошига келтириб қўйилган ғиштларни кўриб, гўрговнинг гаплари ёдимга тушди. Ҳақиқaтдан ҳам бировнинг қaрзини биров узадиган дунё экан бу! Бу сафар бу ғиштларни ким қуйдийкин?

Хуллас, мактабни битиргач, мен Тошкентга кетдим, Қаҳор шоферликка ўқиди. Сут заводида ишлади. Машинада дўконларга сут маҳсулотлари тарқатарди. Қишлоқда бир муддат яшаганимда у эрталаблари бир-икки шиша кефир ташлаб кетарди. Хурсанд бўлардим.

Қаҳор оилали, болалари ҳам уйли-жойли, невараларининг роҳатини кўрмоқда.

Балки болаликдаги кунларимиз баъзан унинг ҳам ёдига ҳам тушар?

Дарвоқе, мактабни битирганимиздан кейин орадан 15 йил ўтиб, синфдошлар Фарҳод деган дўстимизнинг ҳовлисида тўплангандик. Ҳазил-ҳузул қилиб ўтиргандик, Қаҳор чирик хода воқеасини эслаб қолди:

-Мени машина босиб кетди, ўлдим деб ўйладим ўшанда,-деди у.-Кейин ўлмаганимга роса севиндим…

Мен-чи, мен ҳам севингандим, жўра!

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: