Яхши одамлар (9)

Амаким Ҳамроқул Муртазоев

“РАИС БОБО”

Амакимни “мулло” дердик. Ҳақиқатдан ҳам мулло одам эдилар, раҳматли.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлганлари учун ҳам Горбачев замонида у кишидан:
-Немисларга асир тушиб, кейин Туркистон озодлиги учун курашчига айланганлар ҳақида биласизми?-деб сўрадим.
-Мен ҳам асир тушганимда Туркистон озодлиги учун курашчига айлантириб қўйишарди,-дедилар одатларига кўра ним кулги билан. Кейин менинг қизиқишим жиддийлиги учун фикрларини ётиғи билан тушунтирдилар.-Шуни билки, асир тушиш ихтиёрий бўлмайди ва бўлмаган ҳам. Кимки шундай деса, “бекор айтибди”нинг ўнтаси уники. Кимнинг ҳам душманга асир тушгиси келади? Бир томони ватанпарварлик.
-Ватанпарварлик, бу қип-қип қизил гап эмасми?
-Ҳей, болам, уруш кетаётган пайтда қип-қизил гап бўлмайди. Қаршингдаги душман сен болаликдан бирга ўсган дўстингни қарсиллатиб отиб турганда қанақасига қип-қизил гап бўлади?

Мен амакимни баҳсга тортишни яхши кўрардим. У киши жуда самимий баҳс қилардилар ва гаплари юракларининг тубидан оқиб чиқарди. Гаплари менинг қарашларимга мутлоқ зид бўлса ҳам мазза қилиб эшитардим. Кейин-кейин англардимки, қарашларимда нуқс бўлган, у кишининг гапларида эмас.

-Хуллас, биттаси ватанпарварлик. Иккинчиси, орқада бола-чақанг, ота-она, қишлоғинг бор. Ҳаммасидан воз кечиш осон эмас. Чунки сен асир тушсанг уларни тинч қўймасликларини яхши биласан.

Учинчиси эса, қаршидаги душман қаттолу баттол – фашист. Унинг тилини билмасанг, унинг динини билмасанг, унинг маданиятини билмасанг, у билан яшаш осон бўладими? Бунинг устига сен ҳам фашист бўлмасанг у билан ош-қатиқ бўлолмайсан. Гапинг ёқмаган куни отиб ташлайди.

-Шундай дейсизу, асир тушганлар бўлган, немислар билан бирга яшаганлар ҳам бор. Ҳатто немисларга уйланиб, бола-чақа кўрганлар ҳам бўлган…

-Тўхта, тўхта! Уларнинг бирортаси ўз ихтиёри билан асир тушмаган. Масалан, Власов сотилганда унинг қўл остидагилар мажбуран ўша томонга ўтиб қолишган ёки немислар босиб келиб взвод, рота, баталонларни ўраб олиб, “ҳендихох” деганда, қўл кўтаришга мажбур бўлишган. Улар асир тушгандан кейин Гитлер бу кучдан фойдаланиш учун “Туркистон легиони”ни тузган. Гитлернинг одамлари жуда айёр бўлишган. Биз томондагиларнинг орасидан ўқимишли, зиёли бўлганларини тўплаб “Легион” туздирган. Сен уларнинг таржимаи ҳолларини синчиклаб ўқиб кўр. Аксарияти фаол коммунист – советларнинг идеологиясини тарғиб қилувчилар бўлишган. Уруш пайтида ҳам улар фронтнинг олд қисмида шу иш билан шуғулланганлар.

-Демоқчисизки, урушгача уларнинг хаёлида Туркистон озодлиги деган гап бўлмаган…

-Кимдадир бўлса бордир? Аммо кўпчиликда бўлмаган. Кейинчалик соғинч ва хорижда туриб илм олиш, ўрганиш улардан баъзиларини бу курашга олиб кирган. Бошқа катта гапларни бир четга қўйиб, мана шу ростини айтсалар ҳам шунинг ўзи етрали. Чунки ҳали ким ғолиб бўлиши маълум эмас эди, СССР ютиб чиққандан кейин эса унинг қўли ҳамма жойга етарди, шундай шароитда “Туркистон озодлиги” деб гапириш осон эмасди. Сталин керак бўлса, Канадага одам юбориб, оғзи катталарни ўлдиртирган. У томонга ўтиб кетганлардан баъзилари турли ҳукуматларга ишлашган.

Масалан, Америка, Германия, Эрон, Франса разведкаларига ишга ўтиб кетганлар ҳам бўлган деб эшитамиз. Улар Туркистон озодлиги учун эмас ўша мамлакатларнинг манфаати учун хизмат қилганлар. Мен уларни айбламайман, яшашлари керак эди, кун кўришлари керак эди. Немисларга, фарангларга, инглизларга уйланиб жон сақлаб юрганлари ҳам бўлган. Улар ўша мамлакатларнинг фуқаролари ва уларга хизмат қилсалар, қилибдиларда, чунки ўша жой уларнинг ватанлари.

-Лекин биз уларни бир кун ўз она-ватанларига қайтариб олиб келамиз…

-Ўзинг кетсанг ҳам қайтиб келмайсан, болам, ҳалики улар. Уларга бу ерда олтиндан қовурдоқ пишириб қўйсанг ҳам қайтиб келмайдилар. Инсон ҳам дарахт, қаерда илдиз отдими, ўша ерда яшнайди. Улар ўша томонда илдиз отганлар. Дарахтни кўчирсанг ё олади, ё йўқ, инсонни кўчирсанг, ё қолади, ё йўқ. Фақат “Менда Туркистон озодлиги учун кураш ғояси бор эди, шунинг учун немислар томонга ўтиб кетганман” деган гап ёлғон, “Мажбуран ўтгандим, кейин бу ғоя учун курашдим” деган гап эса рост.

Ана шу суҳбат ҳеч ёдимдан чиқмайди. Худди бугунги ҳолатни ўшанда олдиндан кўрган каби гапирган эканлар. Ҳатто мен ҳам кетдим ва ҳалига қадар қайта олмадим.

Бир куни Истанбулда шу суҳбатни раҳматли Боймирза Ҳайитга айтганимда у киши:
-Амакингиз доно одам эканлар, ҳақиқатдан ҳам ихтиёрий равишда асир тушиш бу ўлим дегани эди, жонидан тўйган одам шундай қиларди,-деди.

Кейин Ислом Каримов режими Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан хориждагиларни бир-бирига душманга айлантиргани, аслида эса улар Совет давридаёқ амаким каби масалани тўғри идрок этишганига урғу бердилар.

Бугунгача юзлаб воқеалар амакимнинг фикрларини тасдиқлади. Мана энди у авлод ўтиб, бизнинг авлод ҳам айни ҳолатни яшамоқда. Бу кетишда кейинги ва кейинги авлодлар тақдирида ҳам шундай ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Балки бу дунёнинг асл тузилишидир? Ахир Америка дейилган жойда бир пайтлар ҳеч ким яшамаган. Ҳиндулар келишган, кейин испанлар, кейин инглизлар ва ҳоказо бугун миллион-миллион одамлар яшашмоқда. Майли, бу энди бошқа мавзу…

Дадам ва онам уй-жой қилиб чиқиб кетгунларига қадар амакимнинг оиласи билан бирга Муртазо бобомнинг уйларида яшаганмиз. Мен амакимнинг ўғиллари билан бирга катта бўлганман. Амаким учун мен Аббос акамдан кейингиси, лекин бошқа фарзандларидан азизроғи эдим. Чунки уларга баланд овозда гапиришлари, уларни сўкишлари мумкин эди, аммо менга доим дўст назари билан қарардилар. Мактабда яхши ўқишимни уларга ўрнак қилиб кўрсатардилар. Гапларимни эринмай эшитардилар ва иккаламиз ҳамма мавзуларда тенқурлардек суҳбат қила олардик. Мени кўрсалар севинардилар, мен ҳам у кишини кўрсам севинардим.

Менга энг ёққан хислатлари – ҳеч кимдан қўрқмасдилар. Ҳар қандай гапни ҳар қандай одамнинг юзига тикка айтаверардилар. Агар бир нарса деса, икки оғиз гап билан мот қилардилар. Мен бундан ғурурланардим.

Бир куни бир даврада қишлоғимизнинг имоми Мажид бобо билан тортишиб қолдик. Мен унга диний масалада эътироз қилгандим, у ранжиди. Шунда амаким:
-Мулла Мажид, сиз ҳали кеча имом бўлиб қолдингиз. Арабчани ҳам ўқий олмайсиз. Аслида қорисиз, ёдлаб олганингизни айтасиз. Бу ёшлар ўқиганини айтмоқда. Уларга ҳам қулоқ солиш керак, бекордан-бекорга ранжиб, уларни ҳам ранжитманг…,-дедилар.

Мажид бобо “хуп-хўп” деб кулиб қўйди ва шундан кейин менинг гапларимдан ранжимайдиган, аксинча баъзида менга мурожаат қиладиган ҳам бўлди. Амакимнинг бунчалик таъсир кучлари борлигига ҳайрон қолардим. Лекин Мажид бобода ҳам ёшларнинг фикрини тан оладиган мардлик бор эди.

Болалигимда, амаким дам олишга кетсалар ёки бошқа шаҳардан қайтсалар, совғанинг олди меники эди.

Катта бўлиб, Тошкентда ўқиб юрган кезларимда ҳам баъзан ётоқхонага келардилар. Бир кун тонгга қадар гаплашиб ўтирибмиз. Хонада биздан ташқари мен билан журналистика факултетида бирга ўқийдиган дўстим Комил ҳам бор эди.
Комил эрталаб уйғониб:
-Ҳали ҳам гаплашиб ўтирибсизларми, нимани бунча баҳслашаяпсизлар, ухламадингизларми?-деди.
-Уйқуни сенга сотгандик-ку, қани пулини чўз бу ёққа,- дея ҳазиллашдилар амаким. – Сени отанг ҳам уйқучи эди.
-Э, отамни қаёқдан биласиз?,- деб ажабланди Комил.
-Ўғилда бўлмаса ота нишони,
Унда бордир бировнинг қони…

Бу амаким яхши кўрадиган, кўп такрорлайдиган, қишлоғимизда ҳамма биладиган гапларидан бири эди.

У кишининг халқ орасида худди шундай тарқалган яна бир гаплари: “Яхши яхши кунингда, ёмон ёмон кунингда ярайди”.

Ҳамма ёмон кўрадиган одам билан ҳам яхши гаплаша олардилар ва муносабат сақлардилар.

Урушдан астма касалини орттириб келгандилар. Агар суҳбатлашиб ўтирсалар, йўтал тутмасди. Лекин жим қолсалар тўсатдан жуда қаттиқ йўтал тутиб, қизариб кетардилар. Энди ўйласам, доим яхши бир суҳбатдошга эҳтиёж сезганлар ва имкони топилганда ухламай тунни тонгга улаганлар.

Бир кун Самарқанддаги “Республика” касалхонасида ётгандилар. Кўришга бордим. Ўша куни яна бир фарзандли бўлгандим.

Амаким ётган палатага киришим билан:
-Янгилик борми?-дедилар.
-Бор..
-Қизми, ўғилми?
-Қиз…
-Ҳей, табриклайман, умри билан берган бўлсин, бахти билан берган бўлсин, нега шумшайиб турибсан, балконга чиқиб шляпангни осмонга отар, қайтиб тушмаса ҳам хурсанд бўл! – дедилар.

Бироздан кейин эса:
-Мана бир ойдан бери шу ердаман. Аканг ҳар куни бир марта келади, сен ора бир кун келасан, қизлар эса кунига уч марта хабар олишади, яна куёвларни ҳам эргаштириб юришади. Саҳарги нонушта, тушлигу кечки овқатни ўзлари пишириб келишади, касалхонага куним қолган эмас. Хуллас, қизлар атрофимда гиргиттон. Ўғиллар эса хотини билан банд, агар қайнатаси касалхонага тушса, ўша ёққа кунига уч марта қатнайди. Ўзимиз ҳам шундай эдик…,- деб қаҳқаҳа отиб кулдилар.

Амаким урушдан келгандан кейин колхозда раис бўлганлар, кейин узоқ йиллар Туман ерларини ўлчаш идорасига раҳбарлик қилганлар. Ҳамма у кишини “Раис бобо” дерди, жумладан мен ҳам баъзан ҳазиллашиб, шундай мурожаат қилардим.

Ҳар кун ишдан келаётиб, амакимни бир кўриб ўтардим. 1987 йилнинг 18 июн куни эди. Келсам, аҳволлари жуда ҳам оғир. Тинмай йўталятилар. Нафас олиш қийинлашган. Дўхтирлар келиб, “Энди бўлмайди” деб кетишибди.

Менга аранг гапириб, “Нима қилсанг ҳам қил, аканг келганича сақла”, дедилар.

Аббос акам Украинада эди. Унга хабар қилдик ва амакимни касалхонага олиб бордим. Реанимация бўлимида сақлашди. Дўхтирлар таниш бўлгани учун менга ичкарига киришга изн беришди. Кутилмаганда соппа-соғ бўлиб, ўринларидан туриб ўтириб, худди олдинги пайтларидагидек суҳбатлашдилар. Касалхона аэропортга яқин бўлгани учун учқичлар “ғув” этса, ўша томонга қараб қўярдилар. Икки кун ана шундай ўтди. Дўхтирлар ҳайрон. Реанимация бўлимидан оддий палатага ўтказишга қарор беришди. Менинг кўнглим тинч эмас эди. Йўтал бошланиб қолишидан чўчирдим. 20 июн куни ёнларида ўтириб, суҳбат қураётгандик. Бир учқичнинг пастлаётгани эшитилди.
-Ана шунда аканг келди,- дедилар.
Кейин “Мени бобонгни қабрига қўйинглар, бутун қишлоқ кўриниб турсин…”,- дея васият қила бошладилар. Мен у кишини тинчлантиришга уриндим:
-Акам эртага келадилар, бу гапларни ўшанда айтасиз,- дедим.
-Йўқ, у келди, сенга айтдим нима, унга айтдим нима, ўзинг тушинтирасан унга,- дедилар,- Шу самолётда келди, бор кутиб ол!

Хонадан чиқмасам хафа бўла бошладилар. Ташқарига чиқиб, кўнглим бир нарсани сезгандек дарҳол қайтиб кирдим, бир дақиқада аҳволлари оғирлашибди. Дўхтирлар югур-югур қилиб қолишди. Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. Бир пайт, “Бўлмади” дейишди. Шу пайт акам кириб келди. Ҳақиқатдан ҳам акам ўша учқичда келган экан…

Амакимнинг исмлари Ҳамроқул эди. Яратганинг севган қули эдилар…

Мен ушбуни ёзиб, уни биринчи ўқувчим, умр йўлдошим Роҳилахонга бериб, ўзим ташқарига кетдим. У ўқиб, столим устига қўйибди. Қарасам, охирида қуйидаги ёзув:

“Жойлари жаннатда бўлсин ! Руҳлари биздан рози бўлсин! Жуда яхши одам эдилар. Мен ҳам у кишини жуда яхши кўрардим.

Хўжайин, янада кучайтиришингиз мумкин, амакингиз ҳақларида қанча ёзсангиз шунча оз!”

Шундан кейин мен Роҳилахонга “Ҳали бошқалар ҳақида ёзганимда ҳам амакимни кўп эслайман, сен ҳам бирорта хотирангни қўшиб қўйгин” дедим.

Мана бу унинг хотираси, ўзи ёзган:

РОҲИЛАНИНГ ҲИКОЯСИ

Бир куни кечки пайт соат беш-олтилар эди, ҳовлимизга меҳмонлар келишди, мен одат бўйича ошхонага кириб чой-пой тайёрлай бошладим, шунда Санобар синглим “Опа, шулар сенга совчилика келганга ўхшайди-ёв”, деди. Мен “Энди ҳаммани совчига чиқараверасанми, ҳали турмушга чиқмайман”, дедим. У бўлса, “Опа, ану келган одамми кўрдингми, роса чиройли одам экан, агар ана шу киши ўғлига совчиликка келган бўлса-чи?” деди.

Унинг гапи тўғри чиқди. Хуллас, ўн беш кун ичида тўй-тамошалар бўлиб, мени келин қилиб шаҳардан Пулимурғоб қишлоғига олиб кетишди.

Эрталаб келин саломига олиб чиқишганда ана ўша бўй-бастлари баланд, келишган, ҳамиша кулиб турувчи, ҳазилкаш одам қайнатам эканларини билиб, жуда севиндим.

У киши хўжайинимнинг амакилари бўлиб, биздан беш-олти ҳовли нарида турар эдилар, аммо ҳар кун келиб мендан ва умуман оиламиздан хабардор бўлардилар, албатта мен тайёрлаган таомлардан еб “Қўлинг дард кўрмасин, қизим, овқат жуда ширин чиқибти”, деб кўнглимни кўтариб қўярдилар. Менга ҳар доим “Чиройли кийиниб, тараниб юргин, сан мани келинимсан, мани келинларим қишлоқнинг энг олдини”, дердилар.

Тўйдан сўнг қайнатамлар шаҳарли келин эканлигим учун ҳазиллашгилари келдими, “Кўрманага сигир опкелдим”, дедилар. Ҳали янги келинмасмиман, “Йўқ, йўқ” деб қўрқиб кетдим. Ҳатто кўзимга ёш келди. Шаҳарда ўсганман. Уй ҳайвонларининг яқинига бормаганман. Қандай қилиб сигирга қарайман? Шунда у киши ёнимга келиб, “Қўрқма, сени қийнатиб қўймайман, менинг эрка келинимсан, сени бир қўрқитайин дедимда”, деганлар. Кейин ҳамма холалару аммалар у кишининг ҳазилларидан кулишган.

Ана шундан сўнг мен ўзимни у кишининг фарзандиман деганман, ва ҳамиша кўришганимда икки юзларидан ўпиб олардим.

У кишини охирги марта кўрганим касалхонада бўлди. Менинг қўлимда чақалоғим бўлгани учун ташлаб чиқолмасдим, аммо хўжайинимдан у кишига овқат юборардим. Жаҳонгир ака билан иккаламиз касалхонага кириб борсак, у киши вестибюлдаги дам олиш жойида ўша ерда орттирган дўстлари билан суҳбат қуриб ўтирган эканлар. Биз иккаламиз у кишини қучоқлаб ўпдик. Мен узр сўрадим ва ҳар кун келиб кўролмаётганимдан хижолат бўлаётганимни айтдим, шунда у киши “Сан мани эркатой қизим, ўзингга иситиб олгансан мани, орада бир марта келсанг ҳам кўнглимни овлаб кетасан” дедилар ва пешонамдан ўптилар.

Биз анчагача суҳбат қуриб ўтирдик…

Ўша кунлар ҳам ғанимат экан. Мана энди ҳар йил 20 июнда эрталаб туриб, ҳолва қориб ис чиқараман ва кейин Жаҳонгир акадан у кишини эслаб дуо ўқишни сўрайман. Жойлари жаннатда бўлсин!

2 Responses

  1. Assalomu alaykum Jahongir aka, sizdan O’sh voqealari to’grisida so’ramoqchiydim, nima bo’lganini hozirgacha mujmal, kimdir uzbeklar hokimiyatni bosqichma -bosqich qo’lga kiritishga harakat qilgan buni orqasida Uzb MXXsi turgan va qirg’izlar buni bilib qolgan deyishsa, boshqa birovlar esa aksincha buni orqasida Rus Kgb si va kirgiz mafiyasi boshqargan deydi, maqsad deydi rossiya o’zining demografik muammolarini hal qilish bo’lgan deydi o’sha yerdagi odamlarni rossiyaning aholi kam joylariga ko’chib o’tishi , mafiyani maqsadi bo’lsa O’sh va Jalolobodni o’zlarini hukmiga o’tkazish bo’lgan deyiladi, narkotrafik , tovar aylanmasi hammasi ulani qo’liga o’tishi kerak edi, qaysi biriga ishonsa bo’ladi, siz shu haqda o’z fikringizni bildira olasizmi

  2. Assalomu alaykum Jahongir aka, sizdan O’sh voqealari to’grisida so’ramoqchiydim, nima bo’lganini hozirgacha mujmal, kimdir uzbeklar hokimiyatni bosqichma -bosqich qo’lga kiritishga harakat qilgan buni orqasida Uzb MXXsi turgan va qirg’izlar buni bilib qolgan deyishsa, boshqa birovlar esa aksincha buni orqasida Rus Kgb si va kirgiz mafiyasi boshqargan deydi, maqsad deydi rossiya o’zining demografik muammolarini hal qilish bo’lgan deydi o’sha yerdagi odamlarni rossiyaning aholi kam joylariga ko’chib o’tishi , mafiyani maqsadi bo’lsa O’sh va Jalolobodni o’zlarini hukmiga o’tkazish bo’lgan deyiladi, narkotrafik , tovar aylanmasi hammasi ulani qo’liga o’tishi kerak edi, qaysi biriga ishonsa bo’ladi, siz shu haqda o’z fikringizni bildira olasizmi?

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: