Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор.Муаллиф.
ТОЖИК ХОЛА
Бизнинг қишлоқни салкам байналминал қишлоқ деса бўларди. Ён қўшнимиз Соня опа-татар. Унинг ёнида уч хонадон – Саид, Воҳид, Восе акалар-тожик. Воҳид аканинг мен тенги Рафиқ деган ўғли бор эди. Яқин дўстим эди у.
Рафиқ яшаган ҳовлининг қаршисида колхознинг гаражи бор эди. Ҳозир бу гаражнинг ўрнида минг кишилик тўйхона қурилибди. Соҳиби Рафиқнинг укаси Равшан.
Гаражга кираверишда икки хонали, бир айвонли уй бўлиб, унда қоровул оиласи билан истиқомат қиларди. Қоровулнинг исми Ашраф. У тожик, хотини эса озарбайжон. Дунёнинг энг озорсиз урушқоқ аёли. Шунақаси ҳам бўладими, деманг, у ҳақда алоҳида ҳикоя қилиб бераман, ҳали. Унинг ўғли Раббим ҳам биз тенги эди. Болалигимиз биргаликда ўтган. Рафиқ, Раббим ва яна бир дўстим Қаҳҳор билан доим бирга ўйнаб ўсганмиз.
Бир куни қаттиқ қор ёғиб, ерлар музлади. Биз мактабдан қайтаётган эдик, Рафиқ йиқилиб тушди ва ўрнидан тура олмай, йиғлай бошлади. Атрофдан иккита чўпни топиб, қўлларимиз орасида кўприк ясаб, уни ўтқаздик ва амаллаб дўхтирхонага олиб бордик. Уни ўша ерда қолдириб, хабар бериш учун уйига югурдик.
Ичкаридан чиққан Тожик хола гапимизни охиригача ҳам эшитмасдан бизни сўка кетди. Кейин у бизни туртиб-туртиб қувиб юборди. Мен хафа бўлиб уйга келдим. Дунёда онадек сезгир зот бўлмас экан. Ҳар қанча яширишга уринмайин онам нима гап бўлганига қизиқдилар. Тожик хола онам билан дугона эди. Шунинг учун айтгим келмасди. Охири Рафиқ йиқилгани ва биз уни дўхтирхонага олиб борганимизни айтдим. Онам дарров дўхтирхонага бориб келдилар.
-Оёғи синган экан, касалхонага олиб кетишибди-дедилар ва бошимни силаб қўйдилар.
Мен Tожик холанинг важоҳатидан кейин ўзимни гуноҳкор ҳис эта бошлагандим. Кечаси билан ухлай олмай чиқдим. Балки биз шошганимиздан нотўғри гап айтиб қўйдикмикан ёки у бизни тўғри тушунмадими? Бир тарафдан Рафиқни ўйласам, иккинчи тарафдан Тожик хола нега бизни қувганига ақлим етмасди. Мурғақ қалбимни нимадир тирнаётгандек эди.
Эрталаб мактабга йўл оларканман, Қўчқор ариқ, биз уни қисқартиб “Қўчариқ” дердик, ана шу Қўчариқ томонга қараб юролмадим. Мактабимиз ўша томонда эди. Орқамда кимдир тургани сездим. Қарасам онам, қўллари билан қарши томонга ишора қилдилар. Орқа томонда Рафиқнинг уйи. Индамай Қўчариқ томонга эмас, Рафиқнинг уйи томонга қараб юрдим.
Мен уларнинг дарвозасига яқинлашганда, йўлнинг у бетидаги очиқ дарвозадан Раббим чиқиб келди. Гаражнинг дарвозаси доим очиқ турарди. Раббим ҳам мен каби ухламай чиққанми, ёки деразадан қараб турган эканми, ёнимга келди. Бир-биримизга гапирмай, кўк дарвозанинг ёнида анча туриб қолдик.
Воҳид ака ва укаси Саид ака уста эдилар. Қишлоқдаги кўп уйларни шулар қуришган. Дарвозаю деразаларни нақшиндор қилиб қуришарди. Ўзларининг дарвозалари эса оддий эди. Аммо ичкарига кирсангиз ҳаммаёқни нақшиндор қилиб ташлашган. Худди музейга киргандек бўласиз. Ташқариси қалтироқ, ичкариси ялтироқ, яъни мақолнинг тескариси каби.
Бир пайт дарвозанинг дарчаси очилиб, Тожик хола кўринди.
-Вой бачаларим, чуба бу ерда хунук хўрда турибсизлар? Қани дарумба киринглар? Мани бахшида қилинглар! Шаб силарни хафа қилдим!
Тожик хола ўзбекча билан тожикчани аралаштириб гапирар эди. Биз уни кўриш билан қўрқиб орқага чекинган бўлсак-да, унинг бу гапларидан кейин олдинга қараб қадам ташладик. У дарчадан чиқиб, бизни бағрига босди ва ичкарига бошлади:
-Жўретон нағз, оёғи шикаста қилибди, шуморо сўрагани-сўраган, силага раҳмат, раҳмати калон,-деб юзимиздан чўлпиллатиб ўпганча ҳовли тўридаги хонага ишора қилди.
Биз ўша томонга қараб югурдик. Тожик хола эса:
-Ҳой, йиқилатон, эҳтиёт шаветон,-деганча бақириб орқамиздан югурди.
Ичкарига кирсак, Рафиқ бизни кўриб қувониб кетди. Кеча уни шикастахонага олиб бориб, оёғини гипслаб келишибди.
-Бийим сизларни хафа қилибдилар-а?-деди у мунгли овозда, у онасини “бийи” дер эди.
Кейин менга қараб:
-Кечаси ўнам келгандилар…,-деди. Менинг онамни эса “ўна” дерди.
Тожик хола Рафиққа деб “Оши орд” пиширган экан.
Биз Тожик холанинг ана шу “Оши орд”ини яхши кўрардик. Уни “ўгра” ҳам дейишади. Биз эса уйда бу овқатни қийма шўрва дер эдик. Тожик хола нимадир қўшардики, косанинг тагига етганимизни ўзимиз ҳам билмай қолардик. Терлаб-пишиб ичганимизни кўриб, у севинарди ва:
-Яна оворамми-а? -деб қайта-қайта сўрарди. Биз индамай ўтирсак, у яна ярим косадан олиб келарди. Кейин шишиб қолган қоринларимизни силаб-силаб аранг кўчага югурардик.
Рафиқ билан анча гаплашиб, Тожик хола хатоси учун кечириб сўраганидан кўнглимиз равшан тортиб, мактабга кетдик…
Уйимиз ёнидан ўтарканман, қарасам онам ҳали ҳам ўша жойда турибдилар. Бошлари билан имлаб, “қалай” дегандек ишора қилдилар. Мен кулиб қўйдим. Онам ҳам кулиб қўйдилар…
Бугун раҳматли онамнинг аксар дугоналари ҳам оламдан ўтган. Улар жаннатда ҳам байналминал давра қурган бўлсалар керак ёки худди Пулимурғоб қишлоғида яшагандек бир-бирларини ҳурмат қиладиган, камситмайдиган дўст бўлсалар керак, деб ўйлайман…
ЖМ
Filed under: Yaxshi odamlar |
Leave a Reply