4 May, 2011 йил
Кеча шогирдларимдан бири “Фейсбук”(Facebook)да ўзига “жой очганини”, ҳамма ўша ёқда эканлигини айтиб, мени ҳам ўша томонга “кўчишга” чақирди.
-Жоним билан “кўчар”диму лекин у ёқда “яшаш” учун вақт етмайди-да,- деб жавоб қилдим.
У энди нафақат бу ижтимоий сайт, балки “Твиттер” (Twitter)га ҳам “кириб” туришимни маслаҳат берди. Раҳмат айтдим.
Аслида бу сайтларга бундан бир неча йил олдин “кириб”, кейин “эски ўйимга кўчиб кетгандим”. Чунки у пайтда у ерда ҳали бизникилар йўқ эди. Бу масаланинг бир жиҳати. Бошқа муҳим жиҳати эса, жуда кўп ўралашиб қолиб кетасиз, бунга вақт деган “жонивор” чидамайди. Ишим компютерда, илмий иш-вақтнинг кушандаси. Кунига 11-12 соатлаб ишлайман. Ишхонадан бу сайтларга киролмайман. Киришим мумкин, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан “кириш мумкин эмас” деб қўйилган. Қоидами қоида. Қонунлар ижро этиш учун, қоидалар риоя қилиниш учун яратилади.
Демак, уйдагина бунга имконим бор. Уйга келганимда эса, киприкларимга уйқу “осилиб” қолган бўлади. Саҳар бешда туриб, ишга кетган одамнинг ҳоли шу-да. Лекин хабар каналларидан беш-олтитасини “айланиб” чиқмасам, киприклар “михланмайди”.
Турли сайтлардан “илинган” дуруст нарсаларни “Киндел”(электрон китоб ўқигич)га жўнатиб қўяман, бўш пайтда ёки ҳафта охирида ётволиб “варақлаш” учун.
Натижада “замондан орқада қолишга” мажбурмиз, агар ўша иккита сайт замонавийлик рамзи бўлса. Бу гапим қўполроқ чиқди, маданийроқ қилиб айтсам, насиб этиб, пенсияга чиқсам, замонни қувлаб етиб олишга уринаман.Сўзми сўз!
Ҳозирча бўш вақт тополсам “Жаҳоннома”(jahonnoma.org)ни “кўкартиришга” сарфлаяпман, қўл тегмаса чўкартиришга қараб кетиб қолади.
Вазиятдан чиқишнинг битта йўли бор. Ўша замонавий икки сайтдаги меҳмонлар бу ёққа ҳам назар ташлаб қўйишса, олам гулистон. Менимча, шундай қилишмоқда ҳам, шунисига ҳам раҳмат.
Шогирдим наздида консерватив (муҳофазакор) одамга ўхшаб қолсам ҳам майли. Аслида ҳам шундай. Анча муҳофазакорман. Балки шунинг учун ҳам у мендан ҳали кечган эмас?
Дарвоқе, бир неча кундан бери умр йўлдошом “Фалон олийгоҳга кириб бўш вақтимизда ўқишимизни давом эттирайлик” деб туриб олган. Мен унга ҳазиллашиб:
-Нима, нарёққа академик бўлмасак қўймас эканми?-дейман.
У эса қарорли. Ниманидир биладики, қарорли. Аммо мен ҳам қарорли, шунча ўқиганим етади, вақт топсам, “Фейсбук” билан “Твиттер”ни ўқийман, бунинг устига “Одноклассники” бор, ўша пайтга бориб тирик қолган синфдошлар топилиши мумкин, “Мой мир” дегани бор…
Дарвоқе, унгача ҳалиги сайтларга ҳамоҳанг “Узфайсбук”, “Турибтур”, “Модноклассники”, “Ҳой, амир” деган каби сайтлар ҳам чиқиб қолиши мумкин яна.
ЖМ
Leave a Reply