Ҳодисот:Йўқлик

3 Май, 2011 йил

Маълумки, кўп одамлар айтган гапларини қилмайдилар. Бу нарса улар оддий, кўп қатори фуқаро эканликларида бошқаларга унчалик зарар келтирмаса ҳам бир мамлакатга раҳбар бўлиб қолганларида улкан зиёнга айланиши мумкин. Чунки уларнинг айтган гаплари сиёсатга кўчади ва одамларнинг тақдирини ҳал қилади.

Узоққа бормайлик, бугундан гапирайлик. Бугун умумжаҳон матбуот эркинлиги куни. Бу гап осмондан тушиб қолган эмас, 1993 йилда БМТ буни махсус резолюция билан эълон қилган. Бунга рози бўлиб, имзо отганлар орасида Ўзбекситон ҳам.

Мана 1994 йилдан бери шу кун – Матбуот эркинлиги куни. Ўзбекистон режимининг отаси бунга рози бўлганда “Ҳа, нима қипти, бир йилда бир марта эркинлик берсам берибманда” деб ўйлаган ҳам бўлиши мумкин. Лекин шу  бир кунлик эркинлик ҳам йўқ. Демакки, шуни ҳам ўйламаган.

“Ўзбекистон Конституцияси бир парча қоғозку, БМТнинг қандайдир резолюциясини жорий қиламанми?”, деб ўйлаган бўлиши мумкин.

“Мандан нима кетди, қўл қўйсам, қўйибманда” деб ўйлагани ҳақиқатга яркинроқ бўлса керак.

Хуллас, гапнинг қисқаси шуки, Ўзбекистон кеча ҳам, бугун  матбуот эркин бўлмаган мамлакатдир.

Худога шукур, интернет бор экан, ўйлаганимизни ёзамиз. Лекин Каримов режими бу эркинликни ҳам бўғишга киришган.  Мана шу сиз ўқиб ўтирган сайтга ҳам “блок” қўйилган. Лекин озми-кўпми одамлар барибир ўқишмоқда. Мана бугун олис Сурхондарёдан бир хат олдим:

“Ассаломи алайкум Жаҳонгир ака. Сиз мени танимайсиз, аммо мен сизни танийман. Мана шу сайтингиз орқали ҳамма ёзганларингизни ўқиб тураман. Кирадиган йўлларим бор. Сизни Матбуот эркинлиги куни билан чин дилдан қутлайман” дейилади бу хатда. Раҳмат бу хат муаллифига.

Ҳа, бизни қутласа бўлади, чунки биз учун ҳар кун матбуот эркин бўлган кун, ҳар кун байрам. Лекин мен ҳам ўша сурхондарёлик йигитни ва умуман бутун ўзбек халқини қутлашни истайман. Во дариғ, қутлай олмайман. Чунки йўқлик билан қутлаб бўлмайди. Бир кун қутлаш ҳам насиб этар!

Ош жонга тегмайди, аммо субутсизлик ва ёлғон жонга тегади, БМТ деган ёлғончилар жамияти ҳам ўзини ислоҳ қилар, Ўзбекистонда ҳам айтилган гапининг устидан чиқадиган мард топилар?  Ўлибдими, 28 миллиондан ичидан топилмаса?

Бир эшик ёпилса, минг эшик очилар деган гап бор. Бир номард йўқолса, минг мард топилар!

Дарвоқе, гап қутлов ҳақида бораётган экан, бугун ҳам дунёнинг биринчи номерли террористи ўлдирилгани билан Америкада одамлар бир-бирларини қутлашмоқда.

Демак, шундай яшаш керакки, сен ўлган кунда одамлар қутилганлари учун бир-бирларини табриклаб, байрам қилмасинлар! Бу гап Матбуотни бўғган кимсага ҳам тегишли.

ЖМ

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: