2 Май, 2011 йил
Бин Ладен шундайгина Исломободнинг биқинидаги кошонода яшаганини ҳеч ким билмаган деган гапга ўзбекнинг беш ёшли боласи ҳам ишонмайди. Бунга америкаликлар ҳам ишонишмайди. Шунинг учун ҳам улар доим Покистон раҳбарларига буни таъна қилишарди. Телевизорда “Муттаҳам, пулни олаяпсан, аммо душманимизни қўйнингда илон қилиб асраб ўтирибсан” дейишган.Бу гапдан ўша кездаги президент Парвез Мушарраф дод деб юборган ва “Бин Ладен балки Вашингтондадир?” деб бақирганди.
Бундан икки ҳафта олдин АҚШ Қуролли Кучларининг раҳбари Исломободга ташриф буюриб, Покистон Хавфсизлик хизмати идорасини террористлар билан алоқада очиқдан-очиқ айблаб баёнот берди.
Орадан кўп ўтмай, Покистон яшириб юрган “кўзири”дан воз кечди. Лекин Покистон ўн йиллик “кўзири”дан осонгина воз кечадиган аҳмоқлардан эмас.
Менимча, бу воқеани яқин келажакдаги жиддий ўзгаришларнинг ип учи дейиш мумкин. АҚШ Афғонистондан чиқиб кетишга ҳозирлик кўрмоқда. Кетаркан жиловни кимгадир бериши керак. Толибон Покистоннинг “ур-қоч” боласи. Агар жиловни Покистонга берса, у ҳолда Афғонистон яна Толиблар ҳукмига ўтади.
Шундай бўлса, АҚШ кўп нарса ютиши мумкин. Маълумки, Афғонистон Ғарб назоратига ўтгандан кейин бағрида дунё бойликларининг катта резревлари ётган Марказий Осиёдаги диктаторлар ҳар мақомга йўрғалай бошладилар. Уларнинг бу ўйини шу қадар эркинлашиб кетдики, Россия ва Хитой бу минтақанинг газ, нефт, уран каби бойликларини ҳеч қийналмай ўз измига ўтказа бошлади. Хитойнинг тап тортмай минтақага миллирдлаб пул ташлаши Авропа ва Вашингтонни ўйлатмайди дейиш мумкин эмас. Агар Афғонистонда Покистон бошқарадиган Толибон ҳукмронлик қила бошласа, Марказий Осиё диктаторлари учун нажот қалъаси Вашингтон бўлади.
Бу жуда катта ўйин. Ким билсин дейсиз, балки катта жойда ўтирганлар бунақанги катта ўйинларни ўйлаб ҳам кўришмас. Улар бу ҳақда ўйлаб кўрганми, йўқми яқин орада маълум бўлади. АҚШ Афғонистондан кетаркан Карзайнинг “думи тугилса”, демак Покистон “Бин Ладен” деган “кўзири”ни бекорга бермаган бўлиб чиқади.
ЖМ
Leave a Reply