Ҳодисот:Чақириқлар

1 Mай, 2011 йил

1 Mай… Болаликда бу кунни ухламай кутардик.

Биринчидан, янги кийим киярдик, иккинчидан, шаҳар сайлига чиқардик. Ана одам, мана одам.

Кимлардир гердайиб параднинг олдинги қаторларида борарди.

Кимлардир охирги қаторда ва олдингиларга ҳавас билан қараб ўша томонга талпинарди.

Параднинг икки томонига автобус ва юк машиналари терилган. Хотин-халаж, бола-чақа уларнинг устига чиқиб олишган.

Бир томонда рангли тухумларни уриштирганлар…
Бошқа томонда “фокус-мокус” кўрсатганлар…
Яна бир ёқда сувга, музқаймоққа, кинога навбат кутишлар…
Бошқа ёқда “качели-карусел” …

Айниқса, болалар мамнун. Уларнинг қўлларида қизил байроқчалар ва шиширилган балон-шарлар…

Аслида бу байрам худди ана шу шиширилган балон-шарга ўхшарди. Жуда тез тугарди. Ҳамма шалпайиб-палпайиб уйига қайтарди.

Шўролар халқнинг бу қадар оммавий тарзда кўчаларга чиқишидан қўрқишмаган эканда-а? Устига устак буни уларнинг ўзлари ташкил қиларди. Чиқмасангиз жазоси бўларди. Ҳатто биз ўқувчилар ҳам чиқишга мажбур эдик. Лекин бари-бир шу кунни орзиқиб кутардик.

Кейинчалик биз ўзимиз парадда қатнашадиган бўлганда бу жонимизга тега бошлади. Чунки параднинг бошланишини узоқ кутишингиз керак бўларди. Парад бошланиши билан тезроқ минбар ёнидан ўтиб кетишни ўйлардингиз. Биринчи сафдагиларга ҳавасингиз келарди. Улар сиздан олдинроқ озод бўлардилар. Нарёқда сизни кутиб турган дўстларингизга қўшилишни истардингиз.Чунки автобуснинг устида ўтирволиб томоша қилиш бошқа эканлигини англардингиз…

Номи намойиш эди. Меҳнаткашларнинг Биринчи май намойишлари. Бугун эса, “намойиш” деган сўздан қўрқадиган бўлишди.

Майли “Биринчи май” келгинди байрам экан, ҳатто мустақиллик куни ҳам номойиш қиламан десангиз қамоққа кетасиз. Тасаввур қилинг, ҳукуматнинг ўзи ҳаммани қувиб кўчаларга олиб чиқиб, намойиш ташкил қилдирса, айтиб бўладими бирдан халқ “Йўқолсин зулм” деб бақира бошласа, нима бўлади?

Илгари ҳам шундай гаплар айтиларди, аммо империалистлар назарда тутиларди. Бугун энди ҳар бир халқнинг ўз империалисти бор. Улар эса “Йўқолсин” деган сўзни эшитишни истамайдилар. Шунинг учун намойишлар ҳам йўқ.

Дарвоқе, ўша пайтларда ҳамма газеталарнинг биринчи саҳифасида “КПСС Марказий Комитетининг “Биринчи Май чақириқлари” эълон қилинарди. Унда жумладан:
-Бутун дунё меҳнаткашларига озодлик!
-Ҳаммага тенглик!
-Бойлар йўқолсин!
-Империалистлар йўқолсин!
-Фалон жойдан қўлингни торт!
-Фалон одамни озод қил!
-Пролетарлар бирлашингиз!
-Мазлумлар биз сиз билан биргамиз!,-каби баландпарвоз чақириқлар бўларди. Ҳозир ҳам бор бундай чақириқлар, аммо онда-сонда, у ҳам интернетда.

Илгари хўп замонлар эканми-а? Тағин ким билсин?

Айтмоқчи, бугун дунёнинг биринчи номерли террористи ўлдирилди. Уни ўлдириш ҳақида ўн йилдан бери чақириқлар бор эди. Ниҳоят чақириқлар амалга ошди.

У энди қабрсиз одамга айланди.

Сабрсиз одам-қабрсиз одам…

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: