Ҳодисот: Асаб!

5 Май, 2011 йил
Ҳар йили апрел ойининг охирги дам олиш оқшоми “Оқ уй”да фаолият кўрсатадиган мухбирлар жамиятининг йиллик анжумани бўлади. Мана ўн йилдирки, буни қолдирмай томоша қиламан. Чунки бу расмий анжуманлик қолипидан чиқиб, сиёсий сатира, сиёсий юмор, сиёсий аския кечасига айланган. Ҳатто президент ҳам келиб ўзини, оиласини, атрофдагиларни сатира йўли билан танқид қилади.

Буни кўриш, айниқса, бизнинг зеҳниятимиздаги одамга кўп нарса беради.

Бу сафар йўлда бўлганим учун кўролмай қолдим. Аммо технология асрида яшаяпмиз. Кўролмаганингизни телевизорингиз сиз учун ёзиб қўйиши ёки интернет орқали кейинроқ ҳам томоша қилишингиз мумкин.

Шунинг учун 30 апрелда бўлган “сиёсий сатира” томошасини бугун кўрдим. Бир йил давомида Америкада ва дунёда юз берган воқеалар, президент ва унинг командаси, уларнинг мухолифлари одатдагидек сиёсий сатиранинг масаллиғи. Кулавериб кўзингиздан ёш чиқиб кетмаса, қон босимингиз кўтарилиб кетиш турган гап.

Бу йилги анжуманда менинг диққатимни тортган нарса Президент Обама ҳам, даврани қизитиш учун таклиф қилинган сатира устаси ҳам “сайловда қатнашмоқчиман” деган бир бойларнинг бойи-қурувчига шундай ташланишдики, унинг ўрнида ўзбекнинг ити бўлса ҳам бунақа “аччиқ қалампирдан” акиллаб юборарди. У эса орқасини стулга босиб, чидаб ўтирди. Шунақа, номзодликни чидаганга чиқарган.

У-Доналд Трамп деган одам. Миллиардер. Шовмен – ТВ “юлдузи”. Биласиз, қурувчиликдан миллиардер бўлган одамнинг шувоғидан ҳам, увоғидан ҳам гап топиш мумкин. Аслида у кўпчилик қатори менга ҳам ёқмасди. Музей учун “вакс”дан ясалган сунъий одамга ўхшайди. Лекин “сатира кечаси”дан кейин унга қойил қолдим.

Унинг ўзини ҳам бу ерга таклиф этишган экан. Хотини билан келибди. “Республикачилардан номзод бўларман” деган бу одам “Обама Америкада туғилмаган” деб айтиб келинаётган эски гапни байроқ қилиб олди ва Обамани Ҳаваи штатида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини эълон қилишга мажбур этти. Бу жуда алам қилган эканми, Обама уни ер билан яксон қилиб ташлади. Қулоғидан ушлаб ерга урди, оёғидан тутиб кўкка улоқтирди. Устидан роса кулди.

Кейин сатира устаси ҳам уни мазах қилишга ўтди. Камералар ҳам Доналд Трампга “ташланган”, ҳамма унга қараб қорнини ушлаб кулади. Сатирачи гапни “юмалатиб” уни ўғри ҳам дейди, мутаҳҳам ҳам дейди, халқнинг киссасини қуритган ҳам дейди… Хуллас кулгига ўраб, уни аввал “ғажиб”, кейин “ютиб юборишди”.

Ёмон кўрган одамимга аввалига раҳмим келди. Кейин унинг бунча нарсага жилмайиб, бардош берганига эса қойил қолдим.

Чунки бизда бунча гапни қўйиб туринг, битта киноя қилсангиз номзод бўлмиш, остига нина ботган кишидек жиззакилик билан ўрнидан сапчиб турадида, таклифномани президиумга отиб, анжуманни ташлаб чиқиб кетади. Кейин бу ҳаракати билан қаҳрамонлик қилганини тўлқинланиб айтиб юради. Бу ҳам камлик қилади. Бошқаларни ўшанда ўзига эргашмагани учун айблай бошлайди…

Президент бўламан деган одамда жуда кучли асаб бўлиши керак. Агар унинг асаби емрилган бўлса, унинг ўрни президентлик курсиси эмас, балки асабни даволаш уйи.

Бу йилги “Сатира кечаси”дан олинган хулоса ана шу бўлди.

ЖМ

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: