Яхши одамлар (1)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

МУНАВВАР

Онам бувимнинг кенжа қизи. Онамнинг икки опаси бўлиб, бирининг исми Кимё, иккинчисиники Сокина.  Аслида Сокина исмини Кимё холамга бериш керак эди. Чунки Кимё холам дунёдаги энг сокин инсонлардан бири – мингта гапга битта жавоб берадиган ва жуда секин ҳаракат қиладиган аёл эди. Шунга қарамай турмуш ўртоғи вафот этиб, бева ҳолида колхозда кетмон чопиб, пилла тутиб, икки фарзандни катта қилган.

Раҳматли дадам ва онам бош бўлиб холамнинг қизи Гулсум ва ўғли Жўрақулнинг тўйларини ўтказган эканлар. Буни Гулсум холам(холақизи) ва Жўрақул тоғам(холаўғли) бот-бот эслашарди.

Гулсум холам биздан 4-5 километр олисдаги Сочак қишлоғига “тушган”. Ўша ердаги бошланғич мактабда узоқ йил ўқутувчи бўлиб ишлаб, нафақага чиққан. Жўрақул тоғам эса қишлоғимиздан ўйланган. Унинг хотини келинчаклик пайтида ҳар куни бизнинг уйимизда эди. Уни “янгамулло” дердим. У мени “укабегим” дерди. Онам ўттиз ёшда эканликларида  икки фарзандни – Ҳасан-Ҳусан – укаларимни йўқотганлар. Ўшандан кейин камқонлик ва сўнгра оққон хасталиги билан оғриганлар.

Мен саккиз ёшда эдим. Онам анчадан бери касалхонада эдилар ва бир кун эрталабдан уйимизда йиғи-сиғи бошланди. Ҳамма йиғларди. Опаларим “ҳиқ-ҳиқ” йиғлаб ҳовлини супуриб-сувлашарди. Онам касалхонага кетганларидан бери бизга овқат пиширадиган, нон ёпадиган  янагамуллом  хоналарни йиғиштириб, кўрпача тўшаётган эди. Унинг ёнига бордим. У ҳам йиғлаётганди.

-Нима бўлди янгамулло?-десам мени қучоғига босиб, бошимни силади.

Ҳеч ким менга нима гаплигини айтмас эди. Шунинг учунмикан ўша кун менинг ёдимда ўчмас бўлиб қолган.

Дарвозамиз олдида автобус бекати бор эди. Бизнинг ошхона деворига “суяниб” ўсган иккита тол оғочи бекатга “соябон” эди. Дарвозамизнинг кичик даричаси бўлиб, ундан чиқишда ўнг тарафдан Қумариқ оқарди. Йўлнинг остидан йирик қувур тўшалган ва қарши томонида ҳамда биз томонда бетон “ҳовузчалар” бор эди. Нариги томондагисини “Гирдоб” ва биз томондагисини “Қайнама” дер эдик. Қувур 4-5 метр чуқурликда бўлгани учун сув биз томондан худди қайнаб чиққан каби кўринарди. Ҳар ҳолда шунинг учун “Қайнама” деб номлашган бўлишса керак. Қайнамадан чиққан сув девор остидан бизнинг ҳовлимизга кириб, ҳовлининг  ортидан нариги қишлоққа оқарди.

Қайнаманинг атрофи бетон қилинган ва одамлар бетон устида ўтириб автобус кутардилар. Мен ташқарига чиқаётсам, Сокина холамнинг эри-Раҳмат поччам юк машинасидан сакраб тушдида кимгадир:

-Бор, кўрпача олиб чиқ,-деди. -Кейин ўзи югурганча ичкарига кириб, кўрпа-кўрпача олиб чиқиб, юк машинасига ташлади.

-Қаерга кетопсизлар, мени ҳам олиб кетийлар,-дедим.

-Биз ўйнагани эмас, ўлик олиб келиш учун кетоппиз,-деди Раҳмат почча.

-Ким ўлган?-дедим мен.

-Билмайсанми, онанг ўлибди?

У менга шундай дедида кейин кимгадир:

-Мозорга одам юборинглар, тобутни олиб келишсин, хабарчи чиқаринглар, гўрговни топинглар,-деб машинага ўтириб кетворди.

Мен машинанинг орқасидан югура бошладим. Ўшандагани додлаб йиғлаётганимни ва бир-нималар деб бақираётганимни ҳис қилдим.  Ҳозирги хотирамда қолгани шуки, ўша кезда кўчада на одам, на бошқа машина бор эди. Бутун ҳаёт тўхтаб қолган, дунё кимсасиз кенгликка айлангандек эди.

Ваҳоланки, дарвозамиз ёнидан ўтадиган бу йўл бир томони Ургут ва Панжакентга, иккинчи томони Самарқанд шаҳрининг Регистонига туташадиган шоҳ йўл бўлиб, доим гавжум. Мен эса осмону ерни йўқотиб, гангиб қолган боладай гандираклаб келиб қайнаманинг бетон ўриндиғи устида ўтириб, Регистон томондан келадиган юк машинларини санардим. Юз… минг… балки неча марта адашиб ҳам кетгандирман.. Худди, ойлар, йиллар ўша ерда ўтирган кабиман. Лекин кўрпа-кўрпача ташланган машина ҳеч келмасди. Мен йиғлаб ўтирардиму кўзимдан ёш чиқмасди. Балки йиғлайвериб қуриб қолгандир? Билмайман. Шаҳарга ва мактабга бораётганларнинг мен билан иши ҳам йўқ эди. Бирортаси менга бир нима демасди. Ҳовлимизга кириб-чиқаётганлар эса кўпайган, йиғлаётганларнинг овози тобора кучаётган бўлсада мен учун дунё ҳувиллаб қолган каби эди.

Мен аслида бувимнинг уйларида яшардим. Бувим бир ўзлари бўлганлари учун мени олиб кетганлар. Лекин бир кун бувим кўричак бўлиб қолдилар. Касалхонага олиб боришди. Кейин одамлар келди, йиғлашди.

Эсимда қолгани эса, менга амиркон этикча, чиройли тўн  кийгизиб, белимни боғлаб қўйишгани. Ким билсин, болаликка бориб, роса хурсанд бўлганманми, шу манзара хотирамда муҳрланиб қоган ва мана орадан эллик йил ўтиб ҳам худди кеча юз берган воқеа каби эслайман буни. Кейин оломон тўпланиб, тобутни кўтарганда, Жўрақул тоғам қўлимдан тортиб, мени олдинга олиб чиқди ва қулоғимга  “Одамлардан олдинда борасан”, деди. Мен орқага қарагандим, тепадаги тобутни кўриб, қўрқиб кетдим.

-Бормайман,-дедим.

Аниқ эслолмайман, кимдир қўлимдан қаттиқ чимчиб, олдинга суриб қўйди. Дод деб йиғлаб юбордим. Чунки қўлимнинг оғриғига чидай олмагандим. Назаримда ҳаммани кимдир жуда қаттиқ чимчиб олгандек кўринганди ўшанда. Ҳамма  йиғлаётганди-да…

Хуллас, бувимнинг вафотларидан кейин уйимизга қайтгандим. Аслида икки ҳовлининг орасида ўша битта шоҳ йўл бор. Лекин саккиз ёшлик бола учун бу икки дунёнинг орасидек гап. Чунки катта йўлдан ўтиш мумкин бўлмаган.

Раҳматли бувим доим чўнтагимга бир нарсалар солиб қўярдилар. Уйимизга келганимдан кейин онам ҳам мени эркалаб чўнтагимни тўлдириб қўярдилар. Боланинг кўнгли ширинликда…

Тўртта қиздан кейин туғилганим учунми азиз бўлганман, шекилли, доим эркалатар эдилар. Опаларимдан каттасининг исми Майрам. Ундан кейингиси Меҳринисо. Анор деган опам эса 3-4 ёшида қизамиқдан вафот этган.

Бувимдан кейин онамга энди ўрганганимда касалхонага кетиб қолдилар. Мана энди эрталабдан бери қайнама устида кутиб ўтирибман.

Бирдан мен кутган юк машинаси келди ва Раҳмат поччам машинадаги кўрпачаларни кимгадир берар экан, қулоғимга “Тирик” деган гап эшитилди. Атрофимга қарасам,  дунёнинг одами, қайнама устида ҳам бир қанча одам, ёш болалар, опаларим, сингилларим – Истатой ва Нусратойлар ҳам кутиб ўтиришган экан. Шу пайтгача уларни кўрмабман.

Бир пайт янгамуллом келиб, мени бағрига босди ва:

-Укабеги, юринг овқат тайёр,-деди.

Ўшандагина қорним оч қолганини ҳис қилдим.

Бу воқеадан ўзим бевосита гувоҳ бўлган бошқа нарсалар эсимда қолган эмас. Аммо кейинчалик эшитганларим асосида хотирамда узилиб-узилиб қолган “лентанинг” ҳамма “кадрлари”ни  тиклаб олдим.

Дарвоқе, онамнинг исмлари Мунаввар эди…

ЖМ

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: