Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.
Мунаввар
“Самарқанд шаҳридан Панжакент кўчаси бўйлаб Ургут тарафга тўрт километр чамаси юрилгач “Обимашҳад” деган ёзувга кўзингиз тушади. Шу ердан бир неча метр пастликда булоқлар, чашмалар сувини жамлаб Обимашҳад ариғи оқади. Ер остига “ўрамлаб” кетаётган бу ариқ ёқасида тарихи минг йилларга бориб тақаладиган “Пулимурғоб” қабристони бор. Мен учун жуда азиз зотларнинг жасади шу ерга қўйилган. Сағана тошларидан бирида шундай ёзувларни ўқийсиз:
“Бувим қайда” деса неварангиз гоҳ,
Сув бўлиб оқаман, қалбимда зорим,
Номи Мунаввару, ўзи эса, оҳ…
Дардларга қул бўлган онаизорим!
Онам вафот қилганларида 17 ёшда эдим. Лекин қабр тошидаги бу сатрларни орадан ўн йил ўтиб ёзганман. Ана шу ўтган ўн йилларда онамнинг қадрини чуқур англаб етганман.
Мен ёшлик қилиб, баъзан онам ҳақида унутиб қолсам, атроф-муҳит бу хатоимни тузатарди.
Қишлоқ кўчасида юриб бораётганимда мен танимаган аёллар ҳам:
-Онанг олтин аёл эди-да!-деб эслатишарди.
Амакимникига борсам, амаким ва аям гапни онамдан бошлашарди:
-У келин бўлиб келдию хонадонимиз нурга тўлди, гулга айланди…
Холаларимникига борсам:
-Онанг бўлганда сени бағрига босиб, севиниб юрарди…,-деб салом аликдан ҳам аввал онамни ёдлашарди.
Тўй-маъракаларда ҳам айни сўзларни эшитардим.
Мактаб томонга йўлим тушса ўқитувчилар, шифохонага борсам дўхтирлар, нонвойхонага ўтсам новвойлар… хуллас, ҳар қадамда онам ҳақларида жуда илиқ, самимий гапларни эшитардим.
Чунки дарвозамиз автобус бекатига қарагани учун онамнинг қўлидан сув ичмаган, яхшиликларини ҳис қилмаган одам кам эди. Балки, раҳматли оғир дардни енгаман деб доим одамлар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёки одамлар ўн гулидан бир гули очилмай оғир дардга учраган онамга ҳамдарлик қилишга интилишганми, хуллас, муносабат фавқулодда илиқ бўлган.
Эсимда, қачон мактабдан келсам, уйда камида иккита ёки учта аёл чой ичиб ўтирган бўларди. Автобус “ғийқ” этиб тўхтатиши билан улар кетиб қолишар, аммо бир зумдан сўнг бошқалари ҳол сўраб бош суқишарди. Онам дарҳол уларни ҳам дастурхонга чорлардилар.
Дарвозадан ичкарига кирилганда “гуриллаб” оқиб турган ариқнинг устида иккита катта тут дарахти бор эди. Шунданми, иссиқ кунлари ҳам ҳовлимизда салқин эди. Дарахт остида катта сўри. Кўрпачалар ташланган ва дастурхон доим очиқ. Уйимиз қаршисида нонвойхона бор эди. Иссиқ нондан келтириб қўярдилар. Тут пишган пайт эса ҳовлимиз, айниқса, гавжумлашиб қоларди. Тутхўрликка келишарди.
Бир куни:
-Мактабни битираяпсан, бу ёқда тут ҳам тугаяпти, эртага синфдошларингни таклиф қил,-дедилар.
Битирувчиларнинг иккита синфи бор эди – “А” ва “Б”. Ҳар иккала синфдагиларни ҳам таклиф қилдим. 40-50 киши бўлиб тутхўрлик қилдик. Онам ҳамма учун етарли жойни тузатиб, иссиқ овқатлар ҳам пишириб қўйган эканлар. Анча гурунглашиб ўтирдик.
-Шунча чиройли, дилбар қизлар бор экан, бирортасини келин қилайлик,-дедилар бир пайт.
Қизлар аввалига гув этиб қизаришди, кейин бошларини эгишди… сўнг: “Мени келин қилинг”, “Мени келин қилинг”, деб ҳазиллашиб кулганлар ҳам бўлди.
Мен эса ўшанда онамдан бироз хафа бўлгандим. Энди тушунсам, ўша кезларда хасталик авжга чиқа бошлаган, қондаги оқ таначалар кўпайиб бораётган ва биттаю битта ўғлимни тезроқ уйлантириб, тўйини кўрайин, деб ўйлаган эканлар…
Онам уруш йиллари 12-13 ёшда бўлсалар ҳам опалари билан бирга далада кетмон чопганлар. Тонгдан тунга қадар тинмай ишлашар экан. Сокина холамнинг бир кун айтган гаплари уларнинг меҳнатлари қанчалик оғир бўлганини англатади:
-Қизлар иссиқ кунлари ҳориб-чарчаб, йиқилиб қолган пайтлари ҳам бўлган. Шундай пайтларда баъзилари “Ана дарахтнинг тагида фаришта ўтирибди. Сочларини тарамоқда” деб алаҳсирарди. Қўрқиб кетардик. Бир томондан Қуёш, иккинчи томондан оғир меҳнат уларни ана шундай аҳволга солганди…
Ўшанда дадам ҳам ўсмир бўлганлар. Ҳам далада ишлаб, ҳам табелчилик қилганлар.
-Даданг Мунавварни кўз остига олиб юрганини билардим,-дегандилар Сокина холам.- Урушдан кейин Мунавварга бир қариндошимиз совчи қўйди. Яхши йигит эди. Лекин Мунавварнинг кўнгли дадангда эди. Унга хабар бердим. У дарҳол ишга киришди. Шу зайл 17 ёшларида оила қуришди.
Мен мактабни битириб Тошкентга ўқишга кетаман деганимда, онамнинг ўзлари олиб бордилар. Тез юролмасдилар. Нафаслари етмай қоларди. Ўтириб, бироз дам олардилар. Мен эса шошардим. Талабалар шаҳарчасига келиб, қабул комиссиясига учрашдик. Ҳужжатларни топшириш билан овора эканман онам атрофни айланиб, менга дўст қидирибдилар. Бир пайт бир болани бошлаб келдилар.
-Мана, қидириб-қидириб сенга йўлдош топдим. Бу йигит ҳам Самарқанд туманидан экан. Исми Нурилла,-дедилар.
Бу йигит кейин бирга ўқиб-бирга ишлаб юрган дўстим Нурилла Остонов, ҳа, бугунги таниқли ёзувчи Нурилла Остон эди.
Шу куни онам Самарқандга қайтдилар. Мен Тошкентда қолдим. Бу орада бир-икки уйга бордим. Ҳар сафар тўйдан гап очардилар, мен эса ўқишни ўйлардим. Индамасдилар, кўзларига ёш олардилар.
Демак, ўша кездаёқ аҳволлари яхши бўлмаган. Кузга бориб, биз ё Жиззах ё Сирдарёда-аниқ эсимда йўқ- пахта теримига чиққандик. Майрам опам келиб қолди. Онам касалхонада эканлар. “Сени сўраяптилар” деб мени олиб кетди. Борсак, онамга касалхонадан жавоб берган, уйдалар. Ҳеч хастага ўхшамайдилар. Лекин уйимизда одам кўп. Гаплашиб, гурунглашиб ўтирдик. Онамни ёстиқларга суянтириб қўйишганди. Мени ёнларига олиб, қучоқладилар, кейин:
-Биттагина ўғлим, пешанаси тор, кўп меҳнат қилади-да, азоб берманглар,-деб сочимни тепага кўтариб, пешанамни силаб қўйдилар.
Қаёқдан билибман-ки, бу охирги сўзлари экан…
Ўшанда кўзимга ҳозиргидек тирқираб ёш келиш ўрнига, кўзим илиниб қолибди, опамнинг қичқириғидан сесканиб кетдим.
Кимдир онамнинг лабларига сув тутаётганди…
Бу 1972 йилнинг 23 ноябрига ўтар кечаси эди. Эндигина 42 ёшга киргандилар…Ўша пайтда бу катта довон кўринганди, бугун англасам 42 ёш ҳеч нарса экан.. Бунинг ҳам ўн йили касаллик билан кураш…
Лекин раҳматли шунча оз яшаб, шунча улкан хотира қолдириб кетибдилар…
ЖМ
(ДАВОМИ БОР).
Filed under: Yaxshi odamlar |
Leave a Reply