Яхши одамлар (3)

Дунёнинг яхши одамларга эҳтиёжи бор. Муаллиф.

“ХУДОНИНГ ЭЛЧИСИ”

Самарқандда у пайтда шаҳар (“Городской”), вилоят (“Областной”) ва республика (“Республиканский”) касалхоналари бор эди.

Онам 1963 йилда вилоят касалхонасида ётганларида бирдан юраклари ҳаракатдан тўхтаб қолган. Дўхтирлар ўлди деб “Морг”( жасадлар сақланадиган жой)га жўнатишган. Шу орада касалхонани ҳафтада бир келиб кўрадиган Нина Игнатевна онамни суриштирган.

Мен бу дўхтирнинг фамилиясини аниқ билмайман. Ёдимда қолгани “Нина Игнатевна”. У дунёнинг энг буюк одами, ўлганларни тирилтира оладиган қудратга соҳиб бир сиймо ўлароқ хотирамга муҳрланган.

Гап шундаки, у бир ҳарбийнинг хотини экан. Ҳарбийни Россиядан Самарқанд горнизонига вақтинчалик ишга юборишган. Хотини вилоят касалхонасига ҳафтада бир кун келиб тавсиялар берар экан. Унинг мутахассислиги оққон хасталиги бўйича бўлиб, шу соҳада илмий ишлар билан банд экан. Онамни онкология марказига юборамиз деб туришганда у олиб қолган. “Ўлди” деб “морг”га ўтказишган кун унинг зиёрат кунига тўғри келган. Онамни суриштирса, “морг”да дейишибди. У “Бўлиши мумкин эмас, ҳали касаллик кучаймаганди”, деб жаҳли чиқибди ва қайтариб олиб келишни талаб қилибди. Бундай воқеа касалхона тарихида бўлмаган экан. “Морг”дан фақат экспертиза учун ёки яқинларига бериб юбориш учун олиб чиқилган.

Аммо Нина Игнатевнанинг эри ҳарбий горнизонда катта одам бўлгани учун унинг талабини бажаришган. У дарҳол ўзи оқ халатни кийиб, дўхтирларнинг қаршилигига қарамай онамга қон берибди. Буни тасодиф деб бўлмайди. Бу яратганнинг мўъжизаси, қаранки, онамнинг вужуди қонни қабул қилибди.

Бу пайтда ташқарида жасадни олиб кетамиз, деб келганлар жанжал кўтаришган, нима бўлаётганига тушунишмаган.

Шундан кейин, Нина Игнатевна олти ой давомида онамни ўзи даволаган. Аввалига ҳар куни юрак устига ўзи муз қўяр ва ўзи уйида тайёрлаб келган музқаймоқдан беҳуш ётган онамнинг лабларини ҳўллар экан.

Уйимизда эса ҳар кун одамлар тўпланар ва тортишувлар бўларди. Кимдир Москвадан келган рус аёл ўлган одамни қийноққа солаётганини айтса, кимдир тунда бориб ўғирлаб келиб, кўмишни ҳам таклиф қилган. Лекин амаким ва дадам уларга кескин жавоблар қилишарди. Мен гап нима ҳақда бораётанини тушунмасам ҳам, ҳар кун бу суҳбатларга қулоқ солиб ўтирадим.

Кечаси билан хаёлимда Нина Игнатевнага ялиниб чиқардим. Бувижонимдан айрилдим, энди онаизоримдан ҳам айрилишни истамасдим. Онам уйда бўлганларида опаларим менга иш буюра олмас, мени сўка олмас, ура олмас эдилар-да! Мен энди эркатойликни йўқота бошлаган ва опаларим буюрган ишларни қилишга мажбур эдим.

Биз касалхонага борсак, киритмасди.

-Нина Игнатевна “Ҳеч ким кирмасин” деб айтган!

Бундай пайтда уни ёмон кўриб кетардим. Опам билан касалхонанинг деразаси ёнига борардик. Опам мени кўтариб турарди, мен ичкарига қарардим. Ҳеч нарса кўринмасди. Деразани худди бўяб қўйгандек эди. Кейин мен кўтариб турардим, опам қарарди. “Мен кўрдим”, “Мен кўрдим” деб бир-биримизни қизғантириб қайтиб келардик.

Кейин билдикки, пайшанба куни борсак Нина Игнатевна келар экан. Бориб, онам ётган палатанинг деразаси остида ўтирардик. Дўхтирларнинг ҳам бизга раҳми келардими, улар Нина Игнатевнага айтишарди. У келиб ўзи бизни ичкарига олиб кирарди.

Аввалари онам кўзларини очмасдилар. Кейинчалик кўзларини очиб, жилмайиб қўярдилар. Ундан кейин қўлимни қўллари билан силайдиган бўлдилар. Кейин бошимни…

Ана шундай ҳар ҳафта, балки ҳар ой бир янгилик бор эди.

Бир куни дадам хафа бўлиб келдилар. Касалхонадаги беморлардан бири Нина Иганатевнани Москвага ёзибди. “Нега бу касалга алоҳида қарайди, нега уни онкология марказига юбормайди?” деб.

Москвадан “Здоровье” деган журналдан мухбир келиб текшириб кетибди.

Яна бир кун дадам хурсанд бўлиб келдилар, ҳалиги мухбир адолатчи экан, Нина Игнатевнани мақтаб, “Ўлганни тирилтирган дўхтир” деб ёзибди.

Булар олти ойнинг ичида бўлган воқеалардан бир шингили, холос. Онам энди-энди юра бошлаганларида Нина Игнатевнанинг эрини бошқа жойга ишга тайинлашибди. Улар кетадиган бўлишибди. Дадам “Қандай қилиб миннатдорчилик билдирамиз”, десалар Раҳмат поччам “Уйига бир халта картошка, бир халта сабзи олиб бориб ташлаймиз” дебди. Уйининг адресини сўрасалар бермабди. Бир кун орқасидан пойлаб, қаерда яшашини билиб, нарсаларни олиб борсалар, олмабди. Ўша кунларда бутун қишлоқда шов-шув бўлган, ана ҳақиқатчию, мана ҳақиқатчи, ана тўғри одаму мана тўғри одам…

Озгина пул ҳам олиб боришган экан, Нина Игнатевнанинг дадамга: “Бу кўзи жовдираб турган болаларнинг ҳақи, мен уни ололмайман” дегани оғиздан-оғизга кўчиб юрди. Мен учун бу дўхтир аёл фариштага айланган эди, ҳозир ҳам кўзимнинг олдида ўша фаришта аёлни кўраман. Оқ халатда, қўлида дафтари… ҳақиқат тимсоли гўё!

Ўшанда бу фаришта аёл онамни уйимизга эрининг қора “Волга”сида ўзи олиб келганди. Уни меҳмон қилиш учун қўшнимиз Соня опанинг уйида тайёргарлик қилинганди. Келиши билан битта қўйни олиб чиқиб, оёғига сўйишганди. У яна дадамни койиб, меҳмонга келмаганини айтиб, уйимизга кириб, онамга нималарнидир тайинлади.

Кетаётганда эса бизни битта-битта қучоқлаб, бағрига босган эди. Русчалаб бир нималар деганди, аммо биз унча тушунмаган эдик. Тушунганимиз “Онангни азоб бермаларинг, эҳтиёт қилларинг” дегани бўлганди.

Кейинчалик билсам, у Москвадан келган мухбирга:

-Мен бу касални илк бор кўришга кирганимда атрофида тўртта бола жовдираб ўтирганди. Диққатимни тортган биринчи нарса шу бўлганди. Иккинчиси эса, илмий ишим шу соҳада эди,-деган экан.

Кейин кимдир “Унинг фарзанди йўқ эди” деса, кимдир “Олисларда бир қизи бор экан” дерди.

Нима бўлганда ҳам дадамнинг иборалари билан айтганда, “Худонинг элчиси” бўлган ва биз учун ҳар бир ҳаракати афсонага айланган бу докторнинг ҳаётимизда ана шундай ўрни бор.

Шундан кейин онам яна тўққиз йил яшадилар…

Агар Нина Игнатевна ҳам  оламдан ўтган бўлса, улар балки жаннатда кўришгандирлар?! Агар тирик бўлса, умри узоқ бўлсин!

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: