ДАВЛАТБОЙ
Қишлоғимизда бир девона бор эди. Исми Давлат. Кимдир уни Давлатбой деса, кимдир Давлат девона дерди. Шунинг ўзи унга икки хил муносабат бўлганини кўрсатади.
Давлатбой мактабда ўқимагани учун саводсиз бўлса-да “Лайло” деган қўшиқни ёддан билар ва ярим тунга қадар кўчаларда айтиб юрарди.
Отаси Эшон ака маҳалла раиси эди. Ўғлига янги уст-бош олиб берса ҳам барибир Давлатбой жулдурини кияр, ҳовлисида алоҳида хона қилиб бергани билан у кўча куйда саргардон эди.
Агар биров унга дўқ урса׃
-Ҳали кўрасан, отим Давлат, бир обком бўлсам- давлат бўлсам, онангни кўрсатаман! – деб жавоб қиларди.
“Обком” дегани ўша кезда вилоят партия комитети дегани эди, яъни бугунги ҳокимлик мақомига тенг идора, маҳаллий давлат эди. Шунингдек, халқ орасида ана шу маҳаллий давлатнинг биринчи котибини ҳам “обком”, “обкомбобо” дейширади.
Давалатбойда бирдан ўзгариш бўлди. У қўлини орқасига қўйиб, мағрур юрадиган, ҳамма билан ҳол-аҳвол сўрашадиган, болаларга насиҳат қиладиган, ўзини ҳаммадан устун кўрсатадиган бўлиб қолди. Ҳатто кийиниши ҳам ўзгарди. Унча бунча одамни писанд ҳам қилмай қўйди.
Бир кун уни автобусда кўриб қолишибди. Регистонда автобусдан тушар экан׃
-Билетинг қани?- деб ҳайдовчи уни ушлаб олибди. У׃
-Мен обкомда ишлайман, обкомда ишлаганлар –давлат, давлатдан билет сўралмайди,-деб жавоб қилибди.
Одамлар ҳайдовчига унинг девоналигини айтишган экан, шундан кейин қўйиб юборибди.
У энди ҳаммага׃
-Мен обкомда ишлайман,- дейдиган бўлди.
Одамларнинг Давлатбойнинг устидан кулган қисми уни кўрганда׃
-Ҳа, обкомбобо, қалайсиз, вилоятда ишлар қалай?-деса у׃
-Худога шукур, ҳозирча тинчлик,-дерди вазбинлик билан.
Бир кун Тошкентдан келган меҳмонлар билан “обком”нинг дачасига бордик. Машинадан тушиб, ичкарига кираётганда кўзим дарахтлар остини тозалаётган кишига тушиб қолди. Бу бизнинг Давлатбой эди. У ҳақиқатдан ҳам “обкомда” ишлар экан!
Дунёнинг ишлари шунақа. Бугун у борми-йўқми билмайман. Аммо ҳаёт бўлса, балки замонавийлашиб, энди Давлатбобо “президент бўлмоқчиман” деб юрган бўлса ҳам ажаб эмас!
2006.
ЖМ.
2012 йил қўшимчаси:
Давлатбой оламдан ўтганини эшитиб қолдим. Ҳақнинг раҳматига қовушган бўлсин. Лекин бугун дунёни турли давлатбоболар босиб кетган. Уларнинг тахтлари Давлатбойнинг оёқ тирноғидан ҳам пастда…
Filed under: Kundalik |
Leave a Reply