Бошқа дунё

5.ДУОХОНЛИК

Харидни катта қилишимизнинг яна бир сабаби бор эди. Уйда ҳар куни меҳмон бор. Реней билан Шёрли инглиз тили ўргатиш учун келишса, Ҳайдар ва  Сергей машина ҳайдашни ўргатиш учун келишади. Қўшниларни ҳам таклиф қиламиз. Уйга меҳмон келдими, қозон қайнаши шарт. Қозон қайнадими, дастурхон неъматларга тўлиши лозим. Ўзбекнинг азалий одати бу.

Аммо америкаликда бундай одат йўқ. Масалан, инглиз тилини ўргатишга келган одамни ҳам иш билан келди, деб ҳисоблайди ва нари борса бир стакан сув таклиф қилади.  Ўзбекда эса бировдан муттаҳам бўлиб қолмаслик туйғуси кучли. У бизга яхшилик қилмоқдами биз ҳам қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Бу – хислат.

Дарвоқе, ҳозирча қўлимиздан келгани меҳмонларга ёқадиган таом пишириш ва яхшилаб меҳмон қилиш.

Лекин Орегонда биз таниган америкаликлар ҳам ўзимизга ўхшайди. Уйингизда тўйиб овқатландими, эртасига ё уйига, ё ресторанга чақиради.

Ренейнинг уйига борганимиз қизиқ бўлган. У аввал бизни ўзи қатнайдиган черковга олиб борди. Черков деган жойга умримда биринчи боришим эди. Қўрқинчли жойи йўқ, буларнинг чойхонасидай гап экан. Бир томонда мусиқа, бошқа томонда ёшлар ўйинга тушмоқда, бир хонада кексалар суҳбатлашиб ўтиришибди, ичкарида эса “мулласи” ваъз ўқимоқда.

-Бизнинг черковда Ўзбекистонни билишади,-деди Реней ва деворга осиқли харита ёнига бошлади. Харитага байроқчалар михланган. Шулардан бири “Тошкент” деган ёзувнинг устида.

-Биз Тинчлик корпуси орқали бориб инглиз тилини ўқитаётган бир муаллимга ойлик маош бериб туришни бўйнимизга олганмиз,-деди у.

Ўзимча булар миссионерга маош тўлашса  керак ва у Тошкентда буларнинг динини тарғиб қилиб юргандир, деб ўйладим. Хаёлимдан “Бу бизни бу ерга бекорга олиб келмадиёв, уйимизга ҳам бекорга бормаётгандир?” деган гаплар кечди ва ташқарига чиқишга ҳаракат қилдим. Худди хаёлимни ўқигандек, Реней “шахсий таржимоним”-қизимга׃

-Бу ерга келганимиздан мақсад бугун турмуш ўртоғим навбатчи эди, у келолмайди, уйда Барбикю пиширмоқда, сизларни кўрсатиб, меҳмонларим борлигини айтиб, навбатчиликни бошқа кунга кўчирмоқчи эдим,-деди.

Унинг уйига келсак, эри аллақачон гўштларнинг ёғини жиззиллатиб, ҳаммаёқни тутунга қоплатиб турган экан. Биз киришимиз билан яна беш-олти киши келди.  Булар айтилган соатда, мунут-минутини тўғирлаб келишаркан. Дарҳол овқатлар дастурхонга тортилди. 15-16 киши ўтирадиган узун стол атрофига тўпландик. Бирдан ҳамма қўл ушлашди.

Нима гап дегандек Роҳилага қарадим.

-Булар дуоларини ўқимоқчи, овқатдан олдин шундай қўл ушлаб, дуо ўқишади,  киноларда кўрмаганмисиз?-деди у.

-Ишқилиб бизни ўз динларига киритишмаяптими? Аввал черковга олиб боришди, энди эса…

Пичирлаб гаплашган бўлсак ҳам Реней биз томога қарадида қўлларини ёнидаги одамнинг қўлларидан ажратиб׃

-Аввал Жаҳонгир ўз дуосини ўқисин, кейин биз,-деди.

Динни ўзгартириш қанақа бўлишини ва динимга эътиқодим қанақалигини кўрсатиб қўйгим келди.

Бир қанча сурани ёддан биламан. Арабча калималарни теран-теран айтиб, аввало шайтонни лаънатладим. Давомидан “ҚулҳуАллоҳ…”ни қойиллатиб, унга “Фотиҳа” сурасини ҳам улаб, орасида “Алоф. Лом Мим”ни ҳам қолдирмай, “Моида” сурасининг бешинчи оятидан “Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомингиз улар учун ҳалолдир” деган жойини ҳам қўшиб “Субҳоналло” билан якунладим. Сўнг ўзбекчалаб ўтган пайғамбарлару қариндош уруғларни дуо қила кетдим.  Агар Роҳила секин биқинимга туртиб׃

-Овқат совиб кетди,-деб пичирламаганида ҳали-бери тўхтамасдим.

Дуохонликни “битириб” кўз қирим билан билан атрофга қарасам, меҳмонлар бардош билан бош эгиб туришган экан. “Омин” деб қўлимни юзимга тортдим,  улар ҳам “Амин” деб  юзларини силаб қўйдилар. Кейин яна қўл тутишдик. Уларнинг дуоси жуда қисқа экан׃

-О, Тангрим, берган ризқингга шукур!

Шундан кейин қаерга борсак, мен ҳам улар каби қисқа йўл тутдим ва фақат “Бисмилллоҳир раҳмонир раҳим” дейдиган бўлдим.

Гапнинг очиғи ўшанда улар бизнинг динимизни ўзгартирмоқчи деган гаплар хаёлимга келганидан уялдим. Туркияда ҳар қадамда шу ҳақда гапирилгани учунми, кўнглимда шубҳа пайдо бўлган экан.

Аслида Совет даврида зиёли-атеист оилада катта бўлганман. Дадам динга ишонмасдилар. Онам  оғир хасталаниб қолганлар. Бунинг устига беш боланинг ташвишлари… Онамнинг вафотларидан кейин дадам аламларини арақдан олганлар. Биз ҳам қийинчиликларни Худодан деб билганмиз. Чунки “Ҳамма нарса Худо томонидан бўлади” деган гапни ҳам ҳар қадамда одамлардан эшитардик. Давр ҳам бизни араб босқинчилари, улар келиб динимизни ўзгартиришгани, оналару болаларни қирғинбарот қилишгани, Муқанна қаҳрамонлиги каби факторларга ўргатган. Бошқача айтганда, биз диндор бўлиб туғилмаганмиз ва диндор бўлиб етишмаганмиз. Лекин эътиқодимиз бор. Худога ишонамиз. Бу дегани ҳар қандай одамнинг ўз манфати йўлидаги диний гапларига ишониб кетавериш, отган қармоғига лаққа балиқдек илиниш дегани эмас.

Шунга қарамай, Туркияда бешта диний китобни таржима қилганим билан юқоридаги каби ҳолларда кулгили вазиятларга ҳам тушиб қоламан.

Шубҳа ёмон нарса. Вақт ҳам исботладики, биз таниган одамлар ким бўлишидан, қайси динга мансублигидан қатъий назар кимгадир ёрдам қилишга ўзини бағишлаган инсонлар экан.

Бу гапларни эслаганимда ёдимга Вашингтонда юз берган бир воқеа келади.

2001 йил. Нью Йоркдаги даҳшатли портловлар ҳамманинг оғзида. Шундай кунларнинг бирида радиодаги ҳамкасбимиз уйига меҳмонга чақирди. Даврада Туркия, Саудия Арабистони, Афғонистон орқали бу мамлакатга муҳожир бўлиб келган ўзбеклар билан бирга икки америкалик ҳам бор эди. Саудия Арабистонидан келган ўзбек оқ иштон ва оқ кўйлак кийган, давранинг тўрига чиқиб олган. Кўринишидан анча ёш бўлса ҳам давранинг тўрини эгаллаганди. Ҳамма тўплангач, у дуохонлик қилди. Америкаликларни одам ўрнида ҳам кўрмади. Бунинг устига инглизчалаб тинмай Американи ёмонлаяти.

-Тақсир сиз  шу ерликмисиз?-деб сўрадим ундан ўзбекчалаб.

-Алҳамдулуллоҳ америкаликман, ситезенликни (фуқароликни-ЖМ) ҳам оганман, кеча кеган кегинди эмасман,-деди.

Бу гап менга оғир ботди. Лекин меҳмондамиз, индамай саволимда давом этдим׃

-Қаерда ишлайсиз?

-Кампитурда ишайман. Праграм тузаман.

-Шу ерда ўқиганмисиз?

-Қатта бўларди, шетта бўлмаса?

-Американи фалон-фалон деяпсиз.Бу худди нонкўрликка ўхшаяпти, ундан кўра, қўйинг, ўзингиз ибрат кўрсатиб, Саудия Арабистонига бориб яшанг ва бу ердагилар ҳам бир кунларини кўрсинлар,-дедим.

-Сиз Ўзбакистондан кеган ўзбакларнинг мияси ювилган, мана бу америкаликка ўхшайсизлар,-деди у қўлини бигиз қилиб.

-Агар сиз ҳам шу америкаликка ўхшаганингизда таомдан олдин унга ҳам сўз берармидингиз, у ҳам дуосини айтармиди?-дедим.

-Айттимки миянгиз ювилган деб. Аллоҳ битта. Бизнинг динимиз охиргиси. Мен ўқиган дуо унга ҳам тааллуқли. Бошқа тилда такрорлашга бало борми?

Унинг бу гапи кўпчиликка ёқмади ва меҳмонларга қараб дуосини айтишни сўрашди. Улар ҳам шуни кутиб ўтиришган эканми, Худога берган ризқи учун раҳмат айтиб, қўлларини дастурхонга узатишди. Бунда орегонлик дўстларимнинг ҳам таъсири бор. Тушундимки, улар тоқатлиликка, бардошга, бир-бирига ҳурматга ўргатишган экан. Зотан бу емрилиб бораётган дунёмизни сақлаб қолишга интилиш. Бошқача айтганда халқ дипломатияси.

Орадан ўн йил ўтиб, Реней ва Шёрлини Вашингтонга таклиф этдик. Шёрлининг 70 ёшга кирганини биргаликда нишонладик. Реней ўша кунни эслади ва  “Қироатини жуда келтирган эдинг, яна бир ўқимайсанми?” деди.

Дарвоқе, бу ҳам қизиқ воқеа. Лекин унга 10 йил кейинги воқеалар ёзилган бўлимида тўхталамиз.

Ҳозир эса 1998 йилга қайтсак. Тил ўрганганим, машина олганим ва ҳайдашни  бошлаганим.. ҳақида тўхталмоқчиман.

(Давоми бор).

ЖМ.

1.Аэропортдаги “марш-бросок”

https://jahonnoma.com/2012/09/12/boshqa1/#more-3211

 2. “Жет лаг”

https://jahonnoma.com/2012/09/13/boshqa2/#more-3225

3. Мерит

https://jahonnoma.com/2012/09/14/boshqa3/#more-3235

 4. Пост Меридиан

https://jahonnoma.com/2012/09/18/boshqa4/#more-3253

7 Responses

  1. Yuqori qiziqish bilan o’qiyapman. Davomini tez-tez yozib turing. 🙂

  2. […]  4. Пост Меридиан https://jahonnoma.com/2012/09/18/boshqa4/ 5.Дуохонлик https://jahonnoma.com/2012/09/26/boshqa5/  6. Тил-туннинг моҳитоби https://jahonnoma.com/2012/10/02/boshqa6/ 7. […]

  3. […] 5.Дуохонлик […]

  4. […] 5.Дуохонлик […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: