Бошқа дунё

4. Пост Меридиан

Мерит бизни Реней, Шёрли деган аёллар ва Вен деган оқсоқол билан таништириб қўйди. Реней ва Шёрли уйимизга келиб инглизча сўзларни ўргата бошлашди. Вен эса шоферимиз, қаёққа борамиз десак, хизматда. Баъзан уйига ҳам меҳмонга олиб боради. Уйи тоғнинг тепасида, дарахтлар орасида. Хотини билан ёлғиз яшайди. Хотини ҳам унинг ўзига ўхшаган меҳмондўст.

Бир куни Вен бизни ҳукумат идорасига олиб борди. Бир қанча қоғозларни тўлдирдик. Камбағаллар рўйхатига киритишди. Озиқ-овқат харид қилишимиз учун купонлар тўпламига ўхшаган китобча беришди. Бу пул ўрнини босар экан. (Ҳозир унинг ўрнига пластик карта беради-ЖМ). Ҳар бир кишига 120 доллардан ҳисоблаб, 720 долларлик купон берди. Шунча пулга озиқ-овқат харид қилишимиз мумкин экан.

Ана шу купонлар билан катта дўконга бордик. Ўзбекнинг ўйлагани палов. Дастлаб паловга гўшт олмоқчи бўлдик. Ўраб, қутичаларга чиройли қилиб солиб қўйибди. Биттасини олдим. Калламда нархини сўмга айлантирсам, анча арзон кўринди.
-Гўшт бу ерда Ўзбекистондагидан ҳам арзон экан, -дедим Роҳилага.
У ҳам ҳайрон. Аммо қўлимдагининг устига 2 рақами ёзилгани билан ҳеч икки килога ўхшамас эди.
-Наҳотки буларда ҳам тарозидан уришса?
-Хўжайин қизиқмисиз, ахир ўраб, қутичага солиб қўйибди-ку?-деди умр йўлдошим.
У оила қурганимизнинг илк кунларидан “хўжайин” дейишга ўрганган. Ҳазиллашиб, “муомалаларингиз феодалчасига-ку”, деганлар ҳам бўлган. Лекин раҳматли қайнонам ҳам қайнотамни “хўжайин” дер эдилар. Онасининг қизи…
-Мана қара, бу икки кило келмайди,-дедим гўштни Роҳилага узатиб.
-Ҳақиқатдан ҳам енгил-ку?
Қизим қутининг устига “кг” эмас, “лб” ёзганини айтиб, сабабини Вендан сўради. Вен тушунтира кетди׃
-Америка билан СССР иккита бошқа дунё эди. У ёқда ҳамма нарса грамм, килограмм билан ўлчанса, бизда оунс, поунд билан ўлчанади. У ёқда метер, километр бўлса, бу ерда ярд ва мил.

Хуллас, аранг тушуниб олдикки, қўлимиздаги икки кило эмас, 907 грамм экан.

Аввалига хижолат тортдик. Шунинг ҳам фарқига бормабмиз. Кейин эса Вен қолган соҳаларни ҳам тушунтира бошлади. Ҳамма нарса бошқа. Ваҳима босди. Тушкунлик бошланди. Ватанда шунча ўрганганимиз, шунча билганимиз бир зумда бир тийинга чиқиб қолди. Билимларимиз шамолга учиб калламиз ҳувиллаб қолгандек ҳис қилдик ўзимизни. Ҳаммасини бошидан бошлашимиз, ҳаммасини қайта ўрганиишимиз кераклигини англадик.

Аслида бир нарсани билмаган одамнинг ўрганиши осон. Лекин биз каби айни нарсани бошқа номда ва бошқа ўлчовда билган одам учун янгисини ўрганиш қийин. Чунки ҳамма нарсани автоматик тарзда эскисига айлантириб тушуниш бошланади.

“Ҳаво ҳарорати 32 даража дейди. Бу фарангейтда. Биз уни “ўзимизники”га айлантирамиз. Нол даража бўлиб чиқади. Калла эмас жиннихонага аланади. Ҳали уни, ҳали буни айлантир, таққосла, инглизча номини ёдла…

Охири қўлимга қўлланма қилиб олдим:
1 ярд=91.44 см
1 метер-39.37 инч
1 фут =30.48 см
1 инч=2.54 cm
1 тиспун(чойқошиқ)=5 гр.
1 тейблспун(ошқошиқ)=15 гр.
1 чашка (cup)=250 гр.
1 кг=2,2 поунд
1 поунд=453.6 гр.
1 оунс=1/16 поунд=28.4 гр.
1 оз-29.57 миллилитер

Тана ҳарорати:
Бизда 37 бу ерда 98
Бизда 41 бу ерда 105

Бензин олсангиз литер билан эмас, галон билан ўлчанади.
1 галон=3,7 литер

Жуда қиммат-ку, десангиз литерга ағдарилганда, арзон бўлиб чиқади.

Хуллас, бу қўлланманинг охири йўқ эди. Чунки ҳамма нарса бошқа. Ҳатто пул санаш ҳам. Бир кун 3 доллару 25 сентга нарса олиб, беш долларлик бердим. Дўкончи қўлимга пул қайтарар экан:
-Эллик,-деб 25 сентликни қўлимга берди. Кейин:
-Етмиш беш,-деб яна биттасини узатди. Ундан кейин:
-4 доллар,-деб яна биттасини берди ва битта бир долларликни узатиб:
-Беш доллар,-деди.

Бошим қотиб қолди. Мен ўзим бунга беш доллар берган бўлсам, бу яна нега беш доллар қайтарди? Қўлимга қарайман. 1 доллару 75 сент. Нега бу беш доллар деяти?

Кейин билсам, булар қайтимни олинган нарсанинг устига ҳисобларкан. 3 доллару 25 сентга қўша бориб беш доллар чиқарар экан.

Битта дунёда яшасагу ҳамма нарса бошқа, бу нима деган гап? Ҳатто соатни ҳам биз каби айтишмайди. Соат 15 деб кўринг, оғзи ланг очилиб қолади. Бу ерда эрталабки соат ва кечки соат бор. Тунда 12.01 бўлса, эрталаб бошланган. Тушда 12:01 бўлдими, кечки соатга ўтасиз. Фақат рақамларнинг орқасидан “Эй-эм“ (AM) ёки “Пи-эм” (PM) деб қўйишади. Бу “Анте Меридиан” (Кун ўртасидан олдин) ва “Пост Меридиан”(кун ўртасидан кейин) деган сўзларнинг бош ҳарфлари. Кўрдингизми, Американи ҳар ким ўзи кашф қилади деган гап қаердан пайдо бўлган?

Хуллас, ўша кунга қайтадиган бўлсак, қўлимизда етти юз йигирма долларлик купон бор деб нарсаларни ўзбекча бозорлик қилиб олавердик. Ўзбек бир бозорга бордими, бир ойлигини ёки ўн беш кунлигини “запас” қилади-да.

Одамларга қарасак олмани доналаб олмоқда. 2-3 та. Биз 10-15 тасини халтага солдик. Қолган нарсаларни ҳам шундай олаяпмиз. Венга қарасам оғзи очилиб қолган. У бир аравчадаги нарсаларга ва бир бизга қарайди. Охири қизимга бир нималар деди.
-Дада бу нарсалар ҳар кун шу ерда туради, ҳар кунлигини ҳар кун олса ҳам бўлади. Бугун битта мевани татиб кўрсак, эртага келиб бошқасини олишимиз мумкинлигини айтаяти. Кейин меҳмонга боришимиз, ошхонадан овқат ейишимизни ҳам ҳисобга оларканмиз.

Ўзимча ўйладим, бечора америкалик, билмайдики, биз олти жонмиз, уч кунга қолмай бу нарсаларнинг “қорасини ўчирамиз”. Бунинг устига у билмайдики, бизда “запас” деган нарса бўлиши керак…

Лекин ўзбек ҳар қандай шароитдан чиқиб кетади. Қизимга:

-Унга айт, биз уни ўйлаб иш қилаяпмиз, ҳар куни уни сарсон қилишни истамаймиз, шунинг учун бирданига бир икки ҳафталигини олаяпмиз,-дедим.

Америкалик ҳам бизга ўхшаганларни кўравериб пишиб кетмаганми, нима дейди денг:

-Бу дўкон уйингизга яқин, озгинадан олсангиз пиёда келиб кетса ҳам бўлади, пиёда юрса соғлиққа ҳам фойда.

Хуллас, “Олинган нарса олинган жойида” деган оталар сўзига амал қилдик. Уйга келгач америкалик ҳақ эканлигига ишонч ҳосил бўлди. Чунки музлатгич деярли тўла. Нарсаларни сақлаш учун махсус ертўла йўқ. Буниси ҳам майли. Бу нарсалар тез еб битирилмаса бузилиб қолар экан.

Ўзбекистонда рўзғор юритишда “запас”га ўргангандим. “Бир ойлигини келтириб ташла ва қулоғинг тинч” деган нақл ҳукмрон эди. Бу ерда кунлигини кунлик ёки эскирмайдиганини ҳафталик тарзида олиб келишга ўргандик. Бошқача айтганда, рўзғор юритишимиз ҳам бу ернинг қоидаларига уймади.

Хуллас,вақт Пост Меридианга ўтди ва “гунгалак”  ТВ томошаси бошланадиган вақт бўлди.

(ДАВОМИ БОР).
ЖМ.

Олдинги бўлимлар׃

1.Аэропортдаги “марш-бросок”

https://jahonnoma.com/2012/09/12/boshqa1/#more-3211

2. “Жет лаг”

https://jahonnoma.com/2012/09/13/boshqa2/#more-3225

3. Мерит

https://jahonnoma.com/2012/09/14/boshqa3/#more-3235

6 Responses

  1. […] 4.Пост Меридиан […]

  2. […] 4.Пост Меридиан […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: