САИД БОБО
Саиднинг отаси Термездан Афғонистонга ўтиб кетган экан. У оилали бўлгач, Америкага олти боласи билан келди. Америкада бир боласи бўлганларнинг фиғони фалакда бўлган бир пайтда Саидни кўришганда унга қанчалик ачинишганини тасаввур қилиш қийин эмас. Саид аввалига оилани ўзи билганидек бошқарди. Болаларини истаса сўкар, истаса урар, истаса суяр эди. Вақт ўтиши билан болалари мактабдан янгиликлар топиб кела бошладилар:
-Ота-оналар болаларини уриши мумкин эмас экан,- дейишди улар.
-Бекор айтибди ўқитувчиларинг,- жавоб қилди Саид.
-Агар ота-оналар болаларини урса, улар дарҳол полицияга телефон қилиши керак экан, -деди болалар.
-Ўқитувчингни падарига лаънат, -деди Саид ва мактабга борди.
-Болаларим оиладан узоқлашаяти,- деди у,- бизнинг йўлимизга юришлари учун сизлар ҳам ёрдам қилсангизлар дегандим.
-Кечирасиз, биз уларга ўз йўлларини кўрсатишга уринаяпмизу сиз бўлсангиз тескарисини талаб қилаяпсиз. Болалар мустақил бўлишлари керак, ўшанда мамлакат ҳам мустақил бўлади.
Саид бошини деворга урса қон чиқмас ҳолга тушди. Болалари “ғиди-биди” қилишганда яна ураверди.
Бир куни ўғли 9-11 рақамини терганди, уйининг олдига бир зумда уч-тўртта полиция ҳамда ўт очириш ва тез ёрдам машиналари шовқин-сурон билан етиб келди. Қамоққа кетишдан аранг қутулиб қолди.
-Дада, агар яна уришсангиз уйдан чиқиб кетишим керак экан,-деди ўғли орада таржимонлик қилиб,- ота-онаси билан келишмаганлар учун махсус уй бор экан. Ҳамма нарсани бепул беришар экан.
-Керак бўлса яна ураман, деди Саид,- мани қамайди деган эдинг, олиб кетишмадику!
-Мен “Урганлари йўқ, урмоқчи бўлдилар” , деб айтдим,-деди боласи.
Энди Саид жаҳли чиққанда “Болама-болам”, деган ашулани хиргойи қиладиган бўлди.
Охир оқибат ёши бир жойга етганда болалари уни уйидан қувишибди. Яқинда уни катта бир дўконда кўриб қолдим. Икки йилдирки, ўзи тенги бир қора танли чол билан ижарада яшаётган экан.
-Отам 103 кирган. Мен отамдан ўтаман,-деди у.-Ҳар куни мана шу ерда икки соат тўхтамасдан у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юраман. Саломатлигим мустаҳкам.
Оиласи ҳақида сўрагандим׃
-Улар ўз йўлига, мен ўз йўлимга. Ҳар ким ўзи учун яшаши керак!-деди ва шахдам қадам ташлаб йўлида давом этди.
2003.
2012 йил қўшимчаси׃
Орадан қарийб ўн йил ўтиб уни айни жойда кўриб қолдим. Ҳаёти ҳали ҳам ўша-ўша экан.
Лекин сўзларида пушаймонлик бор эди.
-Бу мамлакатга болалар ўз истаклари билан келмадилар. Уларни мен олиб келдим. Агар Афғонистонда бўлганимизда балки қирилиб кетардик, балки яшаётган бўлардик ва болаларим менинг йўлимга юришган бўлишармиди? Бу ерда эса болаларнинг йўлига юришим керак эканми, деб ўйлаб қоламан.
“Бориб болаларингиз билан гаплашсаммикан?”, деган фикримни у кескин рад этди.
-Мен тузалмасам керак. Гўр ҳам тузатолмайди энди…
У шундай деб инқиллаганча ўз йўлида аранг давом этди. Қадди букилиб, чўкиб қолибди…
ЖМ.
Filed under: Kundalik |
Leave a Reply