Бошқа дунё

8.Ҳислар туғёни

Машина олганимизни эшитган Реней ва Шёрли хурсанд бўлиб, бизни Портланд шаҳридаги Симфоник Концертлар Саройига таклиф қилишди. Концертдан олдин сув устида қурилган ресторанга олиб боришди. Бу жойда уммон маҳсулотларидан таомлар пиширилар ва қиммат таомлар маскани ҳисобланаркан. Роҳиланинг севган таомлари, аммо менга ёқмайди. Билдирмасликка ҳаракат қилдим. Айтсам бўлар экан, улар менга ўхшаб бу таомларни ёқтирмаганлар учун оддий овқатлар ҳам пишираркан. Буни кейинчалик ўргандим ва Америкада энг маззали оддий таомлар денгиз маҳсулотлари пишириладиган ресторанларда бўлади, десам лоф эмас. Ҳар ҳолда менга шундай, ҳамма балиқлару шунга ўхшаган нарсаларни еб турганда оддий овқат олтин овқатда!  Хуллас, бу ресторандан қутулиб концерт саройига келдик.

Рахманинов ва Шостакович симфонияларининг ижро кечаси экан. Томошабинлар орасида нафақат инглизлар, балки ўнлаб миллат ва элатларнинг вакиллари бор эди. Ҳашаматли ва гўзал нақшлар билан безатилган саройдаги шовқиннинг ўрнини дирижёрнинг қўлига қамчисини, яъни таёқчасини олиши билан кириб келган сукунат қоплади.

Турли маданиятларга оид, тўғрироғи, ўзларида турли маданиятларни яшатган инсонлар яквужуд бўлиб Шостаковичнинг бешинчи симфониясини тингладилар. Навбат Рахманиновга келди. Нафақат муаллиф исми шарифида, балки мусиқасида ҳам қандайдир Шарққа яқинлик бор. Дирижёр таёқчасини кўтариши билан скрипканинг ингроқ саси ёйилди. Сўнг бу сасни пианинонинг ўйинқароқ товуши юлиб кетди. Бирдан виолончелнинг титроқ оҳанги олдинга ўтди, аммо у контрабасснинг бўғиқ сасига қоришиб, уммонда ғарқ бўлгандек, оҳанглар қўйнига сингиб кетди. Аввалига ғайриодатий туюлган овозлар бирдан уйғунлашиб сокин уммон устида орқама- орқа келган тўлқинлар каби бир йўлга кирди.

Симфония тўлқинлари туйғу қирғоқларига урилар экан аллақандай ҳис тийран, тиниқ ва дарин уммоннинг сеҳр ипларига осилди. Ўртада омонсиз кураш бошланди. Тафаккурнинг тахмонларидан қалқиб келган куч бу ҳисни тизгинлаб ортга тортқилай бошлади. Ортда мозийнинг битикларидан саслар ўлароқ оёққа қалққан қичқириқлар аввал фарёдга, сўнг ҳайқириққа айланди. Ўрхон битиклари тилга киради: ЎЗЛИГИНИ ЎЗЛАГАН КЕЧИККАН ОДАМДИР. ЎЗЛИГИНИ АСРАГАН ЎТМИШИНИ ЎЛДИРМАГАН, КЕЛАЖАГИНИ БЕШИГИДА БЎҒМАГАН ИНСОНДИР.

Ўзлигим, деб йиғладим,
Сенга топинар экан,
Ўзлигим, деб йиғладим,
Бошим чопилар экан!

Ўрхон битикларидан келгани каби қалбда уйғонган бу сас бутун туйғуларни жумбушга келтиради ва бугуннинг ҳайқириқига айланади:

Ўзлигим, деб ҳайқирдим,
Довул, бўрон эсса ҳам.
Ўзлигим, деб ҳайқирдим,
Қилич бошни кесса ҳам !

Тафаккурнинг деворларига Абу Наср Форобийнинг сатрлари ёзилади гўё: Сен боқийсан, аммо ҳиснинг ортидан кетсанг фонийга айланасан ва ғарибликлар қўйнида онийдан йўқоласан. Ҳатто мозор тошингни бошқалар у ёқда турсин, ўзинг ҳам қидириб тополмайсан…

Симфониянинг шиддатли бонги мозийдан келаётган бу нидони ютиб юборади, гўё. Тўлқинларга қўшилиб, гоҳ кўриниб, гоҳ ғарқ бўлиб, гирдобнинг панжасидан қутулмоқ учун мужодалага кирган бу нидони қутқармоққа, ёрдамга келгандек, Абу Райҳон Беруний ҳазратларининг ёдгорликлари оёққа қалқади.

Залворли, оғир тошли, босиқ бир сас долғаларни парчалаб юборади: Замин уммонларнинг қуриган нуқтасидир. Замин инсонларнинг улғайган маконидир. Замин курашга кирганларнинг суянган тоғи, жони-жаҳонидир…

Симфония тобора юксалиб борар экан, бу улкан тоғни ҳам кўмиб юборишга уринади. Аммо тоғ шу қадар мустаҳкамки, унинг пойини емирмоққа симфония ожиз эди. Тоғ шу қадар юксакдаки, уммон ҳар қанча юқорига талпинмасин, барибир унинг оёқларига бош қўярди.

Ва… тоғ ортидан “Чўли ироқ”нинг қиличдек ўткир тиғли оҳанглари мудраган туйғуларнинг юрак пардасини тирнаб, ўлган ҳислар устидан фарёд тортиб, нолаларни гирёнларга кўмиб, эзғиловчи устунлиги билан борлиққа ҳукм эта бошлайди.”Чўли ироқ”нинг мунис ва маъсум ҳайқириғи “Муножот”нинг оловли овози билан кучланади, “Муножот” оҳангининг карвонида не-не жаҳонгирлар, соҳибқиронлар, давлатмонандлар, юртбошилару -элликбоши, ўнбоши ва шоири замонлар қўллари, оёқлари занжирланган ҳолда дардлар ортидан судрала- судрала келардилар.

“Муножот” инсонни эзиб-эзиб бир нуқтага, бир заррага айлантириб юборар экан, унинг зулмидан заррага айланган инсон не-не қудрат соҳибларидан устунроқ кучга эга эканлигини англайди. Чунки у зарра ҳисларга қул бўлмайди ва фақат “Муножот”нинг қулидир у!

“Муножот”нинг ортидан “Тошкент ироғи”, сўнгра “Сегоҳ” ва “Самарқанд ушшоғи” ундан сўнгра эса “Наво” оқиб кела бошлайди. Бу куч, бу қудрат олдида бўйин эгган симфониянинг тўлқинлари тобора синиб, ўз гўшасига чекила-чекила, борлиқ қўйнига сингиб кетди ва залда гулдурос қарсак янгради.

Инглизлар, испанлар, японлар, руслар, украинлар, хуллас оқ танли-ю қизил танли-ю қора танли инсонлар бир вужуд бўлиб Рахманинов симфониясини олқишлаётган эдилар. Бир кун улар “Чўли ироқ”ни, “Муножот”ни ҳам олқишламоқларини истарди кўнгил. Аммо қаёқда?! Атлантиканинг нарёғида, Ҳинд уммонига яқин бир ерда бу соатда Ўзбекистон ухлаётган эди. Америка эса уйғоқ, оёқда. Ўзбекистон балки дарин уйқудан сўнг ёлғон туш оғушида… Балки тушнинг мудроқликка айланган бир пайти бу. Чунки Қуёш чиқиб келмокда… уни уйғотмоқ учун!

Концертдан қайтар эканмиз, кўнглимдан кечган бу ҳисларни Роҳилага айтолмадим. Шундай ҳам унинг соғинч ўртаган кўнглини бузмоқни истамадим. Балки у ҳам айни шу ҳақда ўйлаб бораётган бўлса-чи?  Ахир соғинч инсонни бир зум ҳам тарк этмайдиган “мен”лиги эмасми?

Нима бўлганда ҳам Реней ва Шёрлидан мамнун эдик.  Улар бизга соғинч юкини кўтаришда кўмаклашаётган эдилар.

(Давоми бор).

ЖМ.

Олдинги бўлимлар׃

1.Аэропортдаги “марш-бросок”
https://jahonnoma.com/2012/09/12/boshqa1/
 2. “Жет лаг”
https://jahonnoma.com/2012/09/13/boshqa2/
3. Мерит
https://jahonnoma.com/2012/09/14/boshqa3/
 4. Пост Меридиан
https://jahonnoma.com/2012/09/18/boshqa4/
5.Дуохонлик
https://jahonnoma.com/2012/09/26/boshqa5/
 6. Тил-туннинг моҳитоби
https://jahonnoma.com/2012/10/02/boshqa6/
7. Биринчи машинам
https://jahonnoma.com/2012/10/10/boshqa7/

5 Responses

  1. […] 8.Ҳислар туғёни […]

  2. […] 8.Ҳислар туғёни […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s

%d bloggers like this: