6. Тил-туннинг моҳитоби
Тил билмаган дил билмайди, дил билмаганни эл билмайди. Бошқача айтганда бировнинг тилини билмасангиз унинг дилини ҳеч қачон англай олмайсиз. У ҳам сизнинг кимлигингизни англамайди. Тилмочлар сўзларни ўгирадилар, лекин сўзлар соҳибининг нафасини, ҳиссини, туйғуларини чевира олмайдилар. Таржимонлар ёрдамидаги суҳбатлар эса дипломатиядир – тавозе, манзират ва ҳоказо. Қолаверса, бир умр ёнингизда таржимон бўлмайди.
Бир куни қўшнимиз:
-Америкада кўп йил яшадим, лекин энди тилни ўқияпман. Бунга йўл миршабининг тўхтатгани сабаб бўлди. Унга ҳақлигимни тушунтириб беролмадим. Индамайгина жазога рози бўлдим. Кейин билсам, у мени судга юборган экан. Бордим. Таржимон ҳам менинг айтганларимни судьяга англата олмади. Шундан кейин тил ўрганишга қатъий қарор бердим,-деди.
Қўшним бу гапларни чуқур хўрсиниш билан айтди. Ўйланиб қолдим… Бунинг устига овқат учун берадиган купонини ҳеч “ҳазм” қила олмадим. Дўкондан бир нарса харид қилганимизда худди ҳамма бизга қараётгандек ва:
-Текинхўрлар,-деяётгандек туюларди.
Шунинг учун дўконга борадиган кун юрагим “жизиллаб” турарди.
Бир кун Роҳила ўйлаб юрган гапларимни айтиб қолди:
-Қачонгача бундай яшаймиз? Иккаламиз ҳам илмли-билимли бўлсак, наҳотки инглиз тилини ўргана олмаймиз? Ўрганмасак, уй-жой ҳам қилолмаймиз, машина ҳам ололмаймиз, қаддимизни кўтариб ҳам юролмаймиз. Дўконга бормай қўйганингизни энди тушундим, бу купонидан тезроқ қутулишимиз керак.
У ҳақ. Турган турган жойида тугар. Ҳаракат қилиш керак.
Роҳила билан ҳар куни Бивертон деган шаҳарчадан автобусга миниб, Портландга борамиз. Автобус жуда оз ва қатнов оралиғи узоқ. Айнан бекатдаги таблога ёзилиб қўйилган вақтда келади ва бир дақиқа ҳам кутмай кетаверади. Ҳатто югурсангиз ҳам тўхтамайди. Қоида шу, олдинроқ келиб, кутиб туришингиз керак. Автобус шоферига йўловчи борми, йўқми, фарқ этмайди. Бир киши билан ҳам, йўловчисиз ҳам бориб-келаверади. Ҳар куни шу ҳол: автобусда биздан бошқа деярли ҳеч ким бўлмайди. Ҳамманинг ўз машинаси бор ва янги келганлар ҳам автобус машмашасидан қутулиш учун эски машина бўлсада харид қилиб, “тириллатиб” юришибди.
Портланддаги Муҳожирлар идорасигача иккита автобусга чиқишимиз керак, бир соатдан кўп юради.
Идора бошлиғига кирдик:
-Бизни бу ўқиш қониқтирмайди, кунига бир соатлик дарсда ҳеч нарса ўргана олмаяпмиз, ўттизта одамдан исмини сўрагунча бир соат ўтиб кетади,-дедик русчалаб. У асли рус.
-Ҳукумат овқат пулини бераятими?
-Ҳа.
-Ёрдам пулини-чи?
-Бериб турибди.
-Ҳомий ташкилот ҳолингиздан хабардорми?
-Хабар олиб туришибди, бизга бир неча кексаларни беркитган, ёрдам бериб туришибди. Меҳмонга, дўхтирга олиб бориб келишади.
-Ундай бўлса мазза қилиб юраверинглар! Биз сизларга иш топгунча ана шу бир соатлик дарсга қатнаб турасизлар. Қачон иш топсак ўшанда айтамиз.
-Бизнинг мақсадимиз чинакамига тил ўрганиш, бизга ёрдам беринг.
-Бошқа имкониятимиз йўқ.
-Биз моддий ёрдам сўрамаяпмиз. Бизга тил ўргатинг. Бизни Америкага нимага олиб келишди бўлмаса?
-Биз олиб келмадик сизларни, олиб келган ташкилотга боринг, улар идорамизни лойиқ топишгани учун ҳукумат билан келишиб сизларни бу ерга йўллашган.
-Наҳотки бизга йўл кўрсата оламасангиз…
Бошлиқ охири бизни бир аёлга топширди. У ҳар томонга телефон қилди. Портланд шаҳрида уч жойда бепул курслар топилди. Биттаси Портланд университетида экан. Бордик. Ҳамма ёшлар. Уларнинг тиллари келишиб ҳам қолган. Бизнинг эса кўзимиз олма-шафтоли теради, ҳайронмиз. Бир соат олдин ўрганганимизни ҳам эсдан чиқариб тураверамиз. Қирқ ёшдан кейин тил ўрганишга бало борми, деган гапларни ҳам эшиттик. Лекин 70 ёшли америкалик рус тилини ўрганаётганини ўқиб таскин топдик. Зотан, юзга кирсанг ҳам билим билан юзлаш, деган гап бежиз эмас. Биз ҳали энди элликка қараб “эмаклаяпмиз”.
Эрталаб “Ирко”га бориб, у ердан чиқиб, югурганча Университетга ўтамиз. Тушлика вақт қолмайди. Елкамизга осилган сумкаларимизга уйдан овқат олиб чиққанмиз, бекатда ёки Портланд марказидаги сайлгоҳда тезда “томоқдан ўтказиб юборамиз”. Вақтни қизғанамиз. Мана шу ишимиз америкаликларга ўхшаб кетмоқда. Улар оч қолдиларми, сумкаларидан бир нарса топилади.
Баҳор келмоқда. Гоҳо этни чимчилаб кетадиган салқин. Гоҳо қуёш милтираб қолади. Ёмғир ёғмаган куннинг ўзи йўқ. Қуёш кўринган пайтда Портландда ишлайдиганлар гуриллаб шаҳар марказидаги сайлгоҳга чиқадилар. Ўртада амфитеатр бор. Ҳамма зиналарда қатор ўтириб олиб овқатини ейди. Баъзан биз ҳам уларга қўшиламиз.
Бунинг бошқа фойдасини эса кейинчалик билдик. Америкада турли витаминлар ичиб туриш керак экан. Агар витаминдан қочсангиз унинг ўрнини тўлдириш ҳақида ўйлашингиз лозим. Масалан, бу ерларда Қуёш кам кўрингани учун организмда “Д” витамини етишмайди. Ҳаво совуқ бўлса ҳам Қуёш кўриндими, кўпчилик ундан фойдаланиб қолишга уринади. Бизнинг эса дардимиз бошқа. Тил ўрганиш керак. Битта черковда ва кечки ўрта мактабда тил курслари борлигини айтишди. У ёққа ҳам югурадиган бўлдик. Ҳафта охири “муаллимларимиз” Реней ва Шёрли уйга келишади.
Роҳиланинг тил ўрганиш қобилияти яхши. Туркияда ҳам иккита романни ўқиб чиқиб, гаплашиб кетаверган ва у “Ўзбекистондан келдик” деса, гапирганини кўриб, ишонмаганлар ҳам бўлган. Мен тилни лаҳжасидан бошлайманми, қоидали қилиб гапиргунимгача вақт керак. Қолаверса, аввал ўзбекча ўйлаб, кейин таржима қилиш одатим ҳам панд беради.
Хаёлда эртагим, хаёлим тентагим дегандек, инглиз тилини тез ўрганиш учун жуда кўп “ҳунар”ларни ўйлаб топдик. Масалан, уйдаги ҳамма нарсанинг устига қоғозчалар ёпиштирилган турарди. Қоғозда ўша нарсанинг номи ёзилган. У ёққа ўтсак ҳам овоз чиқариб ўқиймиз, бу ёққа ўтсак ҳам. Ўқиймиз деса унча тўғри бўлмайди. Ёдлаймиз. Чунки инглизчада жуда кўп сўзлар бошқача ёзилиб, бошқача ўқилади.
Баъзи калималарни ўзбек, рус, тожик, турк тилларига яқин сўзларга мослаб эслаб қолишга уринардим. Баъзан эса бу сўзлар мазмунан ҳам жуда яқин келиб қоларди. Масалан, сигирни “кав” (cow) дейишади. Тожикча эса “гав”. Қиз фарзандни дотер (daughter) дейишади, тожикчада эса “духтар”. Ёки “zip” деган сўз бор. Бу ўзимизда “зип этиб” дегани, олдига феъл ясовчи “то” қўшимчасини қўшиб “to zip” дедингизми, бу “зипилламоқ” бўлади.
Ана шундай сўзларнинг қўлбола луғатини тузиб олдим. Кейин халқаро калималарни ёзиб чиқдим. Улар ҳам айни. Лотин ва испан тилидан келган аксар сўзлар ҳам ўзгаришсиз қолган. Лекин кўпларининг этимологиясига қарасангиз форс тилига бориб тақалади. Арабча сўзлар ҳам анчагина.
Хуллас, икки ой деганда унча-бунча гаплашадиган бўлдик. “300 та сўзни билсанг гаплашиб кетаверсан” деган “гап” бор. Мингдан зиёд сўзни билганимда ҳам гаплашиб кетишим қийин бўлган. Бу ерда инсоннинг ўз-ўзига талаби ҳам рол ўйнар экан. Гапираётганда хато қилмаяпманми, деган ҳадик кучли бўлгани учун ўйлаб-ўйлаб барибир хато қилавераман. Демак, “Хато қилаяпман” деб ўйламасдан гапиравериш керак. Ўшанда тилни тезроқ ўрганиш мумкин.
Қизиқ бир воқеа бўлган. Келган кунларимиз эди. Беш олтита сўзни ўрганиб олдим. Дўконга борганда қизимга:
-Қани ўзим гапирайчи, сен қараб тур,-дедим.
Кичкина радио олишимиз керак эди.
-Take me that recorder,-дебман.
“Take” сўзи “ол”, “give” дегани эса “бер”. Каллам ўзбекча ишламайдими, “бер”нинг ўрнига “ол” деб айтибман. Қизим қўлимдан тортқилаб:
-Дадажон нима деяпсиз, “мани олгин” деяпсизку,-деб қиқир-қиқир кулди. Сотувчи эса лабини тишлаб турибди. Кейин билдимки, у кулса, харидорни камситиш ҳисобланаркан. Бечора кулгисини ҳам яшириб турибди. Қизим тушунтириб бергандан кейин уялиб қолдим. Лекин ўзбекчада׃
-Ана уни бу ёққа ол,-дейиш ҳам мумкин. Инглизчада эса бу кулгили чиқиб қолади. Демак, сўзлардан кўра жумлаларни ёдлаш афзалроқ экан.
Дарвоқе, Роҳиланинг тажрибаси шундай, у аввал сўзларни эмас, жумлаларни ёдлаганди ва грамматикани ўрганиб мендан тезроқ, пухтароқ гаплашиб кетди.
Аслида тилни болалардан ўрганиш керак, чунки улар тезроқ эгаллашади. Бизникилар ҳам бир ойга қолмай чуғурлашиб кетишди. Мактабда ҳам, маҳаллада ҳам инглизча гапиришади. Улар она тилини йўқотишмасин, деб биз уйда тинмай ўзбекча гапиришга қарор қилдик. Ҳатто дарсларига оид саволларни сўрашса ҳам ўзбекча жавоб қилардик. Эгизларимиз Ўзбекистондан чиққанимизда беш ёшда бўлганлари учун ўзбек тилида қийналиб гапиришарди. Аммо биз гапиравергач, улар ҳам “илдириб” кетишди. Барибир улар учун инглиз тили биринчи, ўзбек тили иккинчи бўлиб қолди. Муҳитни бутунлай енгиш мумкин эмас экан.
Шуларга қарамай, ўзимиз икки ой деганда “ичкарига чиқ” ёки “ташқарига кир” дейишдек кулгили аҳволга тушмайдиган бўлдик. Бошқача айтганда йўл миршаби тўхтатса, ўз ҳақимизни ҳимоя қила оладиган даражага етдик.
“Ирко”да ҳам:
-Сизларга мактаблар ёки илмий марказлардан иш қидирмоқдамиз,-дейишгани бизни қувонтирди. Лекин иш деган “жонивор” топилавермади…
Ўшанда 1998 йил эди. Орадан ўн йилча ўтиб, АҚШда 6 та китобим чиқди. Неча йиллик орзуим – “Ўзбекча-инглизча мукаммал луғат”ни нашр эттик. Роҳиланинг ўзи яна “Ўзбек тили феъллари” ҳақида инглиз тилида илмий рисола битди. Агар овқат учун берадиган купонига кўникиб, тил ўрганмасдан юраверганимизда бугун АҚШда ўрта синфнинг юқори поғонасига кўтарила олмаган бўлардик.
Хуллас, тил моҳитоб ўлароқ тундек кўринган келажагимизни ёритди.
(Давоми бор).
ЖМ.
Олдинги бўлимлар׃
1.Аэропортдаги “марш-бросок”
https://jahonnoma.com/2012/09/12/boshqa1/#more-3211
2. “Жет лаг”
https://jahonnoma.com/2012/09/13/boshqa2/#more-3225
3. Мерит
https://jahonnoma.com/2012/09/14/boshqa3/#more-3235
4. Пост Меридиан
https://jahonnoma.com/2012/09/18/boshqa4/#more-3253
5.Дуохонлик
https://jahonnoma.com/2012/09/26/boshqa5/#more-3304
Filed under: Бошқа дунё |
[…] https://jahonnoma.com/2012/10/02/boshqa6/ […]
[…] https://jahonnoma.com/2012/09/26/boshqa5/ 6. Тил-туннинг моҳитоби https://jahonnoma.com/2012/10/02/boshqa6/ 7. Биринчи машинам […]
[…] 6.Тил-туннинг моҳитоби […]
[…] 6.Тил-туннинг моҳитоби […]
[…] 6.Тил-туннинг моҳитоби […]