Бошқа дунё

8.Ҳислар туғёни

Машина олганимизни эшитган Реней ва Шёрли хурсанд бўлиб, бизни Портланд шаҳридаги Симфоник Концертлар Саройига таклиф қилишди. Концертдан олдин сув устида қурилган ресторанга олиб боришди. Бу жойда уммон маҳсулотларидан таомлар пиширилар ва қиммат таомлар маскани ҳисобланаркан. Роҳиланинг севган таомлари, аммо менга ёқмайди. Билдирмасликка ҳаракат қилдим. Айтсам бўлар экан, улар менга ўхшаб бу таомларни ёқтирмаганлар учун оддий овқатлар ҳам пишираркан. Буни кейинчалик ўргандим ва Америкада энг маззали оддий таомлар денгиз маҳсулотлари пишириладиган ресторанларда бўлади, десам лоф эмас. Ҳар ҳолда менга шундай, ҳамма балиқлару шунга ўхшаган нарсаларни еб турганда оддий овқат олтин овқатда!  Хуллас, бу ресторандан қутулиб концерт саройига келдик.

Рахманинов ва Шостакович симфонияларининг ижро кечаси экан. Томошабинлар орасида нафақат инглизлар, балки ўнлаб миллат ва элатларнинг вакиллари бор эди. Ҳашаматли ва гўзал нақшлар билан безатилган саройдаги шовқиннинг ўрнини дирижёрнинг қўлига қамчисини, яъни таёқчасини олиши билан кириб келган сукунат қоплади.

Турли маданиятларга оид, тўғрироғи, ўзларида турли маданиятларни яшатган инсонлар яквужуд бўлиб Шостаковичнинг бешинчи симфониясини тингладилар. Навбат Рахманиновга келди. Нафақат муаллиф исми шарифида, балки мусиқасида ҳам қандайдир Шарққа яқинлик бор. Дирижёр таёқчасини кўтариши билан скрипканинг ингроқ саси ёйилди. Сўнг бу сасни пианинонинг ўйинқароқ товуши юлиб кетди. Бирдан виолончелнинг титроқ оҳанги олдинга ўтди, аммо у контрабасснинг бўғиқ сасига қоришиб, уммонда ғарқ бўлгандек, оҳанглар қўйнига сингиб кетди. Аввалига ғайриодатий туюлган овозлар бирдан уйғунлашиб сокин уммон устида орқама- орқа келган тўлқинлар каби бир йўлга кирди. Continue reading