Янги китобдан боблар

БОШҚА ДУНЁ

2. “Жет лаг”

Бир жойда тўхтадик. Тун оққани учунми атроф қўрқинчли эди. Уйлар  армия казармасини эслатади. Ҳар бир уйда олтитадан квартира. Шулардан биттасини Мерит биз учун ҳозирлабди. Ичкарига киришимиз билан Мерит қизимни чақирди ва бизга квартирани “таништирди”׃ Учта ётоқхонаси бор, битта катта зал ҳамда ошхона. Залда мўрили печка ўрнатилган бўлиб унга ўтин ташлаб ёқиларкан. Мерит балконга бошлаб:

-Сизлар учун ўтин ҳам жамғариб қўйдим,-деди.

Биз Америкага келдикми ёки адашиб Мексикага ўтиб кетдикими, деб ўйлаб қолдим. Наҳотки уйни ўтин ёқиб иситамиз? Атрофга аланглаб, охири деворнинг бир четидан ҳаво келадиган жойни кўриб қолдим. Кейин билимдонлик қилган каби сўрадим:

-Иссиқ-совуқ ҳаво узатадиган кондиционер бўлганда печканинг нима кераги бор?

Мерит жилмайдида:

-Печкани истаган вақт ёқасизлар, бу ҳавас учун. Олов ёқиб, унга термулиб ўтириш мазза.

Кейин у  баландлиги бўйимдан баландроқ, кенглиги ҳам икки қулоч келадиган катта музлатгични очди. Лиқ тўла. Дунёда нима истасангиз бор.

-Фақат чўчқа гўшти йўқ, шунингдек, чўчқа гўшти қўшилган маҳсулотлар йўқ, чунки мусулмонлар чўчқа гўшти емаслигини биламан, -деди Мерит.

У ошхонадаги стол устини ҳам турли меваларга тўлдириб қўйган  экан.

Сўнг бизни ётоқларга бошлади.

-Мана, эр-хотин сизларга,-дея келин-куёвнинг уйидек безатилган хонани кўрсатди. Яп-янги чойшабларни матрасга тортиб, тўшаб қўйибди.

Кейин болаларга уларнинг хоналарини кўрсатди. Залда катта телевизор, диван ва креслолар қўйган экан.

-Ҳар куни томоша қилаверинглар,-деди,- аввал қулоқ ўрганиши керак, кейин маъносига тушуниб оласизлар.

Шундан сўнг ўша ўрганиб олиши керак бўлган қулоққа гап ёқмай қолди.

-Буни “жет лаг” дейдилар, учқичдан тушган одам уч кунгача ўзига келолмайди, майли сизлар дам олинглар, биз кетдик,-деди  Мерит аҳволни сезиб ва шахдам одим билан чиқиб кетди.

Уч кун бўлмаса ҳам уйғонганимизда нақд бир ярим кун ўтганди. Секин эшикни очсам, бир қанча тўрва-халталар турибди. Ҳайрон бўлдим. Атрофга қарадим, ҳеч ким йўқ. Бировникидир деб сал нарироққа суриб, ташқарига чиқдим. Уйимиз икки қаватли экан. Тепада бошқа оила яшаркан. Деворлари тахтадан. Кўриниши нақд казарманинг ўзи. Кўнглим яна чўкиб қолди. Атроф қуюқ ўрмон билан қопланган.

Бир икки қадам юргандим, қўшнимиз чиқиб қолди. У инглизча гапириб кўрди, бўлмади.

-Русчани биласанми?-деб қолса бўладими.

Кўнглимнинг осмонида қуёш порлади. “Урре” деб юборишимга оз қолди.

-Хуш келибсизлар, мен ишга шошиб турибман, келганимда гаплашамиз, ўғлим ва қизим уйда, хизмат бўлса  айтинглар. Ҳа, Мерит келганди, бозорлик қилиб келган экан, ташлаб кетди.

Орқага қайтиб тўрва-халталарни ичкарига олдим. Роҳила карамни кўриши билан дўлма пиширишни бошлаб юборди. Мен эса атрофни “разведка” қилишга чиқдим. Сал нарида машинасини тузатиб турган икки йигитни кўриб қолдим. Улар ҳам бизнинг келишимизни билишаркан, дарров салом-алик қилишди. Табризлик турклар экан.

-Бизни ҳам Мерит кутиб олган, у ҳаммамизнинг онахонимиз, биз уйғонишларингизни кутиб тургандик, паст-баландни тушунтириб беришимиз керак,-деди Ҳайдар исмлиси. Ёнидагиси укаси экан.

-Биз ака-ука келганмиз, Оятиллонинг зулмидан қочиб келганмиз.

Ҳайдар туркча билишимдан жуда хурсанд эди. Мени айтмайсизми? Нега Мерит бу йигитларни таржимонликка олмабди, десам Мояд инглизчани яхши билгани учун муҳожирларга хизмат кўрсатадиган идорадаги вазифани эгаллаб олган экан.

Ҳайдар бир зумда машинаси билан атрофни айлантириб, дўконлару кутубхоналарни кўрсатиб келди. Кейин бизга ҳамқават бўлган уйда сауна, ҳовуз борлигини айтиб, қандай ишлатиш кераклигини тушунтирди. Бу орада Мерит келиб қолди ва худди ўз фарзандини қучоқлаб олгандек бағрига босди ва “домком”га боришимизни айтди. “Домком” ҳам қўшнимиз экан. Ҳайдар таржима қилиб турди, мен қоғозларга қўл қўйдим. Ҳамма қоғозлар олдиндан тўлдирилиб қўйилган экан. Кейин Мерит билан уйга кирдик.

Дўлманинг ҳиди хонани “ишғол қилганди”. Мерит ҳам бизга қўшилиб, мазза қилиб дўлма ер экан, Ленинградда юз берган бир воқеа ёдимга тушди. Ўшанда  Роҳила ва икки қизим билан Ленинград яқинидаги Луга санаторийсига бораётгандик. Ленинградда бир хонадонда тўхтадик. Роҳила дўлма пиширди. Оқ тунлар пайти эди. Ётиб ётолмаймиз. Бир пайт мушук “қитир-қитир” этгани каби товуш эшитилди:

-Мушук овқатни паққос тушираяпти,-дедим Роҳилага.

Секин ўрнимиздан туриб бориб қарсак, уй эгалари кострюлкадаги дўлмани еб бўлиб, остидаги сувига нон ботириб “юмалоқ ёстиқ” қилишмоқда.

-Умримизда биринчи марта бунақа тотли овқат едик,-деганди улар.

Худди шу гапни Мерит ҳам айтиб қоладиёв деб турсам, ростдан ҳам айнан шундай деса бўладими? Ўзбекнинг мева-чеваси ширинлиги унинг қуёшли ўлка эканлигида дейишади. Лекин овқатларимизни еган одам ҳам лаби-лунжини ялаб қолади. Бундай пайтда инсон қандайдир ғурур туяди.

Меритга қарайман, у музлатгични тўлдириб қўйгани ва бозорлик қилиб келганидан мамнун эди. Ўзидаги одамийлик фазилатидан ғурур туяётган эди…

ЖМ.

(ДАВОМИ БОР).

7 Responses

  1. […] “марш-бросок” https://jahonnoma.com/2012/09/12/boshqa1/  2. “Жет лаг” https://jahonnoma.com/2012/09/13/boshqa2/ 3. Мерит https://jahonnoma.com/2012/09/14/boshqa3/  4. Пост Меридиан […]

  2. […] 2.“Жет лаг” […]

  3. […] 2.“Жет лаг” […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: