Австрияда яшаётган таниқли ўзбек шоири Ёдгор Обиднинг яна бир китоби босмадан чиқиб, қўлимизга етиб келди.
Бу китоб шоирнинг 200 атрофидаги шеърларини жамлаган.
Китобнинг нусхалари АҚШ Конгресси кутубхонасига ҳам тақдим этилди.
Ушбу китоб интернет орқали ҳам сотувга чиқарилган. Қуйида китобга ёзилган ўнг сўзни ўқишингиз мумкин.
Шашти баланд шоир
Бир куни Ёдгор ака билан Ҳазар денгизининг соҳилида суҳбатлашиб бораётгандик, у киши тўлқинларнинг соҳилга урилиб, кейин ортга қайтишига тикилиб қолдилар.
-Бунда ҳам катта фалсафа бор-а, Ёдгор ака,- дедим мен.
-Ҳа, биз ҳам тезроқ орқага қайтишимиз ҳақида ўйлаяпман. Қаранг, шашти тез тўлқинлар ортга ҳам шашт билан қайтмоқда. Шашти сустлари эса соҳилнинг этагини “тутиб” қолмоқда…
Ҳар ҳолда сўзма-сўз айнан бўлмасада, суҳбатларимиздан бирининг мазмуни шундай эди.
Ўшанда мухолифатнинг шашти бугунги каби суст эмас, аксинча шашти анчагина баланд эди. Ҳатто ҳукуматни қўлга олган Озарбайжон мухолифати ҳам ўзбеклардан бир нарса ўрганишга ҳаракат қиларди.
Халқ жабҳаси жойлашган марказий бинода Ёдгор Обид учун махсус жой ажратилган ва у Элчибей бошқарувига Ўзбекистон масаласида маслаҳатчи эди. Жабҳанинг Туркистон деб номланган бўлимида фаолият кўрсатган туркий жумҳуриятларнинг вакиллари ҳам Ёдгор аканинг оғзига қараб туришарди.
Ёдгор ака эса жуда оз гапирадиган, минг марта ўйлаб, кейин бир марта хулоса қиладиган одам. У бир нарса дейишдан олдин чуқур ўйлаб кўрадиган шахс. 20 йил олдин ҳам шундай эди, бугун ҳам. Чунки бирор бир масалада иккиланиб қолганимда, Ёдгор аканинг кўнглига қўл солиб кўраман, у кишининг маслаҳатларини олиб тураман. Ёдгор ака “ҳмм…” деб чуқур ўйга толсалар, демак, мен ҳам ўйлаб кўришим керак, агар фикримни тасдиқловчи бир қанча мисоллар келтирсалар, демак, бу “ Иккиланманг, ҳақсиз!” деганлари бўлади.
Юқорида шашт ҳақида гапирдик. Ёдгор аканинг шеърни қоғозга туширишда шашти баланд эмас. У бир шеърни ойлаб ҳам ёзиб юриши мумкин. Аммо унинг ўша машаққат билан туғилган шеърларидаги шашт жуда кучли, соҳилларга урилганда, бузиб юборадиган даражада кучли.
Боймирза отанинг издоши
Илк бор Ёдгор акани Тошкентда кўрганимда, унинг босиқлиги ва катта файласуфлардек мушоҳада қилишига қойил қолгандим. У билан “Халқ сўзи” газетаси ёпилган кунларда, Талабалар шаҳарчасида қон тўкилган кезларда, мухолифатнинг турли йиғинларида учрашган, суҳбатлашган бўлсакда, уни буюк қалбли инсон сифатида Бакуда танидим.
Биз бир йил давомида бирга бўлдик. Ёдгор Обид, Баҳром Ҳамро – уччаламиз, баъзан эса Мурод Жўраев – тўртталамиз баҳсларни туннинг биқинига михлайвериб ҳафталарни ойларга улаганмиз.
Ёдгор ака кўнгли очиқ ва ҳазилни кўтарадиган одам. Бакуга дастлаб 1992 йилда Турк жумҳуриятлари қурултойига боргандим. Ёдгор ака ўша ерда эдилар. Қучоқ очиб кутиб олдилар. Қандайдир сабаблар билан қурултойни Бакудан Туркияга кўчиришди. Элчибей ажратган махсус учқичда Анталияга бордик. Ёдгор ака билан бўш вақтларимизни иккаламиз ҳам меҳр қўйган устозимиз Боймирза Ҳайит билан ўтказишга уринардик.
Бир куни Боймирза ота ижодкорлар ҳақида гапирдилар׃
-Ижодкор қаерда бўлмасин, барибир ижодига қайтади. Унинг ижод деган миллати бор. У ана шу миллатидан айро тушган куни тугайди. У доим хизмат қилишни истайди. Унинг хизмати ижодидир. Мана мен Ўзбекистонга бордим. Ҳукумат қувиб чиқарди. Лекин ижодкорлардан бошқа одам кузатишга, хабар олишга келмади…
Боймирза ота ижодкорнинг энг улуғи эдилар. Оёқлари ишламай қолиб, қўлларида фақат учта бармоқ ҳаракат қилганда ҳам ижодни тўхтатмадилар. Умрларининг сўнгги пайтларида юра олмас эдилар. Аммо турли халқаро анжуманларга борардилар-ногиронлик аравачасида.
Буни нима учун эсладим. Ноябрнинг охирида Ёдгор акадан ҳол-ҳавол сўрайин, деб сим қоқсам Прагага, халқаро конференцияга бормоқчи бўлиб турган эканлар.
“Саломатлигингизга қарасангиз-чи” демоқчи эдим, лекин Боймирза ота ёдимга тушдилар.
Биламан, Ёдгор ака касал бўлса ҳам бировга айтмайдиган одам. Бакуда бир йил бирга яшадик. Бир кун эрталаб у киши қаттиқ йўталиб тургандилар. Иситмалари ҳам бор эди. Шунинг учун безовта қилмай, Баҳром билан чиқиб кетдик. Кечқурун қайтиб келсак, у киши йўқ. Ярим тунгача келмадилар. У ёқ, бу ёққа телефон қилсак, Панахов деган жабҳачи билан уруш бораётган жойга кетибдилар.
“Кетдик, жангчиларга шеър ўқиб берасиз” дейишса, кетаверибдилар. Шамоллаб қолган ва иститмаси чиқиб турган одам бир ҳафта жангоҳларда бўлиб келдилар. Демоқчиманки, унча-бунча хасталикни оёқда енгадиган паҳлавонликлари ҳам бор.
Элчибей ҳам ҳурмат қиларди
Ёдгор ака ҳазилни кўтарадиган инсон. Кулганда ҳам шунчаки “ўпкадан” эмас, юракнинг тубидан мазза қилиб куладилар. Бакуга борган дастлабки кунларим эди. Қарасам, Ёдгор ака осмонга қараб эмас, ерга қараб, икки оёғини орқадан букиб, худди осмон тушса, ушлаб қоламан, деган каби ухлар экан.
-Бу қанақа ётиш, синчалак ётишми?-дея ҳазиллашдим у кишига.
-Мамлакатда уруш кетмоқда. Том қулаб тушса, ушлаб қолайин, дейманда,-деб секин кулиб қўйдилар.
У кишни ҳазилни ҳам юмшатиб айтардилар. Яъни “бошларингга том қуламасин дейманда” ҳам дейишлари мумкин эди. Аммо секингина кулиб қўйишларидан ҳазилнинг “жияни” борлигини сезиб олардик.
Лекин аслида ҳам Ёдгор ака бировни қутқариш учун керак бўлса томни тутиб қолишга журъат қиладиган инсондир. Ҳафталаб уруш бораётган жойларга бориб, аскарларга шеър ўқиб келиш осон иш эмас эди. Озарабайжон халқ жабҳасида, армиясида Ёдгор акани танимайдиган одам йўқ ҳисоби эди. Айниқса раҳматли Абулфайз Элчибей у кишини жуда ҳурмат қиларди.
Бир куни мухолифатга бошпана бермоқда, деб Тошкент режими Баку билан ҳаво йўлини бекитиб қўйди. Шунда Абулфайз Элчибей агар “У диктатор Ёдгор Обид каби буюк шоирни истаётган бўлса, унинг истаги ҳеч қачон амалга ошмайди” дея баёнот берди. Бу баёнотни шунчаки бирор йиғинда эмас, балки Москванинг “Время” ахборот дастури орқали айтди.
Ёдгор ака баъзан жуда катта масалани ҳам енгилгина қилиб айтиб қўя қолардилар. Москвада “Озодлик”нинг мухбири эдилар. Бир куни ўзбек бўлимининг раҳбари׃
-Тенглаштиринг,-дебди.
Ҳалиги “баланс қилиш керак” деган гап бору, шуни айтганда. Шунда Ёдгор ака׃
-Қандай тенглаштираман? Бир томон зил-замбил, жуда оғир, иккинчи томон енгил. Буни тенглаштириб бўладими?-деб юрдилар.
Бу оддийгина гап, лекин юки ҳийла оғир. Шу нарса у кишининг радиодан кетказишга сабаб бўлганди.
Ёдгорсиз ёрқинлик йўқ!
Ёдгор аканинг жасорати ҳаммада ҳам йўқ. У қамоққа киришдан қўрқмайди. Мустақиллик учун кураш йилларида ҳар бир намойиш ёки митингдан кейин у кишини ушлаб кетишарди. У чўчимасди. Қамоқдан чиқиб, яна олов қайнаётган жойларга кетаверарди. Душанбеда Ленин ҳайкали қулатилган тунда у ўша майдонда эди. Наманганда аскарлар одий одамларни ўққа тутганда у ўша ерга бориб ҳайқирганди׃
Ғазабдан титрар қуёш,
От-а, от, итваччалар!
Қочаётир кекса-ёш,
От-а,от, итваччалар…
Бундай гапларни бугун четда туриб айтиш осон. Аммо ўша кезда мамлакат ичида туриб айтиш осон эмас эди.
Фарғонада икки қардош орасига низо солинганида у ҳам ўзбек, ҳам месхет турки бўлиб йиғлаганди, ўзбек ва қирғизни уриштиришганида у Туркистон каби қон-қон бўзлаганди, ҳали Бўкада, ҳали Паркентда… қаерда бўлмасин, у одамларга Туркистон бирлигидан гап очиб, уларни қон тўкмасликка ундарди. Озарбайжонда туркларнинг қони оққанда у Тошкентда Қорабоғ қўмитасини тузиш учун майдонга чиққанди.. Хуллас, унинг жасорати режимни ларзага солди ва у ўлим билан юзма-юз қолиб, мамлакатни тарк этди. Лекин курашини тарк этмади.
Дарёлар оқмоқда. Дарёлар-
Тинмайди. Тинишни билмайди.
Дарёлар оқмоқда. Дарёлар-
Умридан нолиш ҳам қилмайди.
Унинг ўзи ҳам шеърларидаги дарёлар каби умридан нолимасди. Бакуда ҳокимиятни Ҳайдар Алиев эгаллаб олгандан кейин у ерда нафақат Озарбайжон фаолларига, балки бизга ҳам қадам босадиган жой топилмади. Ҳайдар Алиев телевидение орқали гапириб, Туркистон номи остида бирлашган мухолифатчиларни тезда тутиб, мамлакатларига бадарға қилишни буюрди. Ўша куни дўстларимизнинг талаби билан биз Озарбайжонни тарк этдик. Ёдгор ака Москвага кетди. У ерда ҳам курашини давом эттирди. Лекин Москвани ҳам унга кўп кўрдилар. Унинг товушини ўчириш учун ҳамма йўлларга бош урилди.
Бу элда ҳеч биз кўрмаган ситам йўқ,
Нафс олдида эътиқодга чидам йўқ.
У ситамлар силсиласини енгиб бораверди. Чунки унинг излаётган ёрқин юлдузи бор эди. Бу юлдуз жуда олисларда эди. У озод Туркистонни истарди, у адолат юлдузини истарди.
Маъшум тун қанотин ҳар томон суриб,
Фақат ўз ҳукмини даъво қиларкан-
Мен шўрлик бошини тошларга уриб,
Адолат юлдузин излаб юрибман…
Юлдуз олисда ва унга етиш жуда мушкул. Унинг азоблари ва машаққатлари бир ён, унинг тўсиқлари ўнлаб умрларга тенг. Ака-ука бир-бирини қонга ботириб, айни миллат фарзандлари бир-бирини қириб, бу орзунинг йўлини тўсаверадилар. Шоирнинг дили ўртайди׃
Андижон, Ўш, Ўзганда
Дарё – дарё қон оқар,
Итлар эса ит режа
Тузиб юрар ҳарёнда.
Шоир бу нарсалар бежиз эмаслигини, ўша юлдузга етишни орзу қилганларнинг орзуларини етим қолдириш учун пайдо бўлганини ҳис этади ва “Дод!” деб майдонга тушгиси келади. Худди бобокалони ҳазрат Амир Темур каби, худди буюк Бобур мирзо мисол…
Мезон бўлиб ҳаволанди номус – ор,
Ёт тупроқда энди қандоқ ётайин…
Туроннинг на ҳадди ва на xати бор,
Қиличимни келтир, ўғлим Ҳумоюн!
Ҳумоюнлар мангу уйқуда… Қиличлар қинида занглаб ётибди… Туроннинг, Туркистоннинг ҳоли хароб. Чунки׃
Қора ранг туйғулар чўммоқда кузга,
Қонли ёш доғ бўлди битилган сўзга.
Жафокаш, захматкаш халқимдан ўзга-
Сотилмаган киминг қолди, Туркистон!
Сотилмаган фарзандлар орасида шеърнинг муаллифи ҳам бор. Озчиликка айланиб қолган шоирлар ва озчиликка айланиб қолган халқ…
Баъзан шоирнинг юраги унинг шаштига чидамай безиллайди. У кўксида безиллаб турган юрагини алмаштиргиси келади. Қаердан топсин безилламайдиган юракни? Бу армон. Ана шу армон унга тинчлик бермайди. У салобатли тоғларга ҳайқиради׃
Битта армон билан келдим қошингизга…
Тоғлар, менга берсангиз бас юрагингиз!
Лекин тоғлар ҳам буюк ўлим қаърида, жим ва сокин… хасис в жонсиз… Худди булутларга бош урган улкан ҳайкал каби. Бу ҳайкал қаршисида бош кўтариб тураверишдан ҳолсизланган шоир яна хаёлга толади. Шу топда унинг аламлардан безиллаган юраги тилга киради׃
Кўтаргил қаддингни, дадил боқ бир зум,
Мард келса – номардлик ўлимга маҳкум,
Бошинг эгган саринг ҳаддан ошиб, шум-
Ҳайкаллар юрибди Ўзбекистонда.
Юракнинг бу ҳайқириғидан шоир қаддини ростлаб, ўзи юксакликка, ўзи ибратга айланади. Бу ибрат кимгадир машаъл, кимгадир сароб, кимгадир қоратош бўлиб кўринади׃
Юксакликда турибди сукут сақлаб қоратош,
Еллар унга бепарво, гуллар унга бепарво.
Сен ҳам боқма бепарво, қоратошга қорақош,
Ўша менинг руҳимдан шакл топган бир нидо.
Шоирнинг дунёсига назар солсангиз ана шундай буюк ўзгаришлар ва буюк исёнлару буюк инқилоблар тўлқини соҳилга урилаётганини кўрасиз. Худди Ҳазар соҳилидаги ҳол… Шиддатли тўлқинлар соҳилга урилиб, ортга қайтмоқда, шиддатсизлар эса соҳилга маҳлиё бўлиб, айланиб қолмоқда… Шоирнинг тўлқинлари бу соҳилни сева олмади, ортга қайтиш кучи ниҳоятда кучли. Унинг бу орзуси тинмас, бу умиди синмасдир… Унинг шашти-шиддати шеърга айланиб, соҳилга урилганча ортга қайтиб, уммон бағрига инмоқда.
Орзулар – ўлмади. Умидлар – тирик.
Гарчи кўнгил вайрон. Умрлар – хазон.
Кўзи мўлтиллаган саргардон кийик-
Туркистон бўғзида қилтиллаган жон…
Бу саргардон кийик бир кун Туркистон бағрига қайтишига шоир ишонади ва биз ҳам ишонамиз. Унинг йўлларини бекитсалар ва у жисм бўлиб қайтмаса, исм бўлиб қайтади, унинг қаршисига тўсиқлар солсалар, у шерлигида қайтмаса, шеър бўлиб қайтади… У барибир қайтади. Чунки Туркистон унингсиз Туркистон эмас! Мустақиллик унингсиз мустақил эмас! У бизга Туркистоннинг ва мустақилликнинг ёдгори… Ёдгорсиз ёрқинлик йўқ!
ЖАҲОНГИР МУҲАММАД.
Filed under: she'rlar |
Leave a Reply