Бошқа дунё

10. ЁЛҒОНГА ИШОНИШ

Орегонда қизилтанли(ҳинд)лар билан боғлиқ кўп жойлар ва афсоналар бор.  Бу штатда  ҳаммаси бўлиб беш ой яшаган бўлсакда, деярли барча тарихий жойларини бориб кўрдик. Шулардан бири Крейтер кўли. Бу Америка тарихига кирган ва федерал миқёсда шарафига танга пул чоп этилган кўлдир.

Бир куни Меҳмет бизни шу кўлга олиб борди. Фавқулодда гўзал жой. Баъзилар бу кўлни “Инсоннинг ёлғонга ишонишининг ҳужжати” ҳам дейишаркан.

Гап шундаки, қизил танлиларнинг бир қабиласи шу минтақага келиб жойлашибди. Кўлнинг суви жуда тиниқ ва осмондаги булутларни кўлнинг тубига боқиб томоша қилиш мумкин.

Қизил танлиларнинг болалари кўл бўйига келиб, булутларга ошиқ бўлиб, кўкда учган қушларни кўл тубидан ушлайман деб чўкиб кетаверишибди.

Қабила бошлиғи бу ҳолга чек қўйиш учун кўлда қўрқинчли яратиқлар борлигини айтибди. Аммо болалар бунга ишонармиди? Шунда қабила бошлиғи яратиқлар кўпайгани учун болаларнинг кўл томонга боришини мутлоқ таъқиқлабди. Агар бирор бола қочиб ўша томонга ўтса, у ерга қўйилган қоровул ўша болани сувга чўктираркан. Аста-секин катталар ҳам кўлдан қўрқиб, ўша томонга бормайдиган бўлишибди.

-Биз ҳар ҳафта охири шу ерга келамиз. Баъзан қизчам билан кўлда чўмиламиз ҳам,-деди Меҳмет.-Лекин олти йил давомида бу ерда битта ҳам қизилтанлини кўрмадим. Бу кўлнинг “одамхўрлиги” ҳақидаги ишонч уларнинг нафақат қонларига, балки руҳларига ҳам сингиб кетган. Мактабларда махсус дарслар ўтилгани, илмий оммабоп филмлар қилингани, тушунтиришлар олиб борилгани билан фарқи йўқ, улар бу ерга келишмайди.

Дарҳақиқат, азалдан кимларнидир ишонтириш учун мўъжизалар тўқишган. Аслида ҳеч ким ўша мўъжизани кўрмаган. Лекин айтилавериб, айтилавериб ёлғон ҳақиқатни ҳам кемириб, унинг ўрнига чиқиб олган. Ким билади, балки одамзот тузилишидан ёлғонга ёнбосардир? Баъзан бир нарсанинг ёлғонлигини била туриб ҳам унга ишонади инсон. Чунки ўша нарса ё унга ёқади ёки уни хурсанд қилади.

Балки шунинг учунмикан, Америкада ёлғонлар кўп. Дунёнинг қаерида инсоннинг оғзини ланг очадиган бир мўъжиза бўлса, нусхасини Америкада яратишган. Айни пайтда дунёнинг буюк кашфиётларига ҳам қўл уришганки Ер куррасининг қаерига борманг, Америкадаги ҳақиқатнинг ёлғонини кўришингиз мумкин.

Бошқа жойнинг ҳақиқатини эса аслидан ҳам мукаммалроқ қилиб олишади. Америка кўчаларига қарасангиз асосан Узоқ Шарқ ва Авропа мамлакатларининг машиналарини кўрасиз. Хорижий машиналарга жуда каттиқ талаблар қўйилган ва улар Америка бозорига кириши учун бу талабларга жавоб беришлари керак.

Масалан, Америкадаги энг яхши машиналар “Мерседес Бенз”, “БМВ”…“Тойота”… Олдинги иккитаси ўта қиммат. “Тойота”нинг ҳамма қатламларга яраша машиналари бор. Бозорнинг асосий қисмини эгаллаган. Минсангиз 300 минг километргача “ғинг” демай кетаверади. Аммо Американинг ўзига оид машиналари 100 минг километрдан кейин “инқиллаб” қолади.

Портланд шаҳрини “Кичкина Россия” ҳам деб аташади.

Руслар бор жойда қоидабузарлик, қонунларни писанд қилмаслик ва ёлғон авжига чиқади. Улар Россияни қай аҳволга туширган бўлсалар, бу ерда ҳам қаерда яшасалар ўша ерда “ҳунар”” кўрсатадилар ва кичик Россияга айлантирадилар. Ё ўта ваҳший ёки ўта аҳмоқона жиноятлар қиладилар.

Бир куни йўл миршаби соатига 190 км тезликда келаётган енгил машинани тўхтатибди.

Рулда Станислав Баканов деган “баран”…

У машинани қанча тезликда ҳайдаб келаётганини видеога ҳам олаётган экан.

-Нега видеога олаяпсан?-деб сўрашса у:

-Ютуб(Youtube)га қўймоқчиман,- дебди.

Видео тасмани қараб кўришса,  у ўзининг ҳатто соатига 225 км тезликда ҳайдаганини ҳам суратга олган экан.

Орегонда катта тезлик соатига кўпи билан 104 километр. Урус-да… ўзининг келажагини маҳв этибди.

Буни сабоқ бўлсин, дея Америкага яқиндагина келган йигитлардан бирига айтиб берсам у:

-Аҳмоқ урус экан-ку?-деди.

Бундан хурсанд бўлдим. Демак, биз урусларга ўхшамаймиз, ақллимиз, бундай аҳмоқона ҳаракатларга тўғри баҳо бера оламиз. Бир зум шундай ўйларга толдим. Ҳалиги йигит эса сўзини давом қилди:

-Монтана штатига бормайдими? Шундайгина ёнгинасида…

-Монтанада нима қилади?

-У ерда тезлик чегараланмаган…

Бунга эътибор қилмаган эканман, бир ой олдин келган йигит буни биларкан.  Ана буни тезлик деса бўлади. Демак, урусдан ўтиб кетибмиз…

Август ойининг илк куни Вашингтонга қараб йўл олдик.  Ҳали Орегон ҳақида ҳикоялар кўп ва уларга қайтамиз. Ҳозир гап машина масаласига қадалгани учун вақт соатини кейинроққа сурдик.

Бир кун оқшом афғонистонлик ўзбеклардан Абдулманнон Кескин деган яхши одам бир жиянининг минибусини ҳайдаб келди. “Тойота”…

-Минг доллар,-деди у.

“Озодлик” радиосида штатсиз мухбир сифатида ишлаётгандим. Азизуллоҳ Орол 3-4 ойлик қалам ҳақини тўплаб, жўнатиб юборди. Бой бўлиб қолдик. Қўлимдаги минг долларни санамасдан Абдулманнон акага бердим. У пулни олиб, санадида  100 доларини қайтарди ва׃

-Савдолашиш керак эди!-деди.

Кейинчалик Америкада яшашнинг кўп қоидаларини шу одамдан ўргандим. Бизга уч ойга жой берган Мансурбек исмли қрим туркларидан бўлган яхши инсондан ҳам кўп қоидаларни билиб олдик.

Иккинчи машина кўп нарсага ўргатиб, кўзимни “ланг” очиб қўйди. Қурғур “Тойота” шунчалик эскирган эканки, эрталаб икки чети нураб тўкилганни кўриб ҳайратда қолдим. Километрига қарасам  беш юз мингга етиб қолибди.

Биринчи кун ҳайдаб чиқишимиз билан суви қайнаб, отилиб кетди. Ваҳимага тушиб қолдик. Бундай пайтда америкаликлар дарҳол ёрдам учун тўхтайдилар. Машинани тузатиб, радиаторига сув қуйиб беришди. Уйга келдик.

Иккинчи куни бир жойга бориб қайтаётсак, ёмғир қуйиб қолди. Қарасак, машинанинг томидан сув чакиллаб оқмоқда. Хайриятки, шамсиямиз бор экан. Ишонинг ишонманг машинанинг ичида зонтик билан ўтирганмиз.

Учинчи куни ойнани тозалайдиган “қўлчалар” ишламай қолди… Икки томондан ип билан боғлаб, ҳали у томонга, ҳали бу томонга юрғизиб аранг уйга етиб олдик.

Хуллас, ҳаётни эски машина билан бошлаб, янги машина билан давом эттириш  керак деган хулосага келдим.

Амаллаб “Тойота”ни ўша кезда энди очилган “Ҳундай”(Hyundai) диллершипига олиб келдик.

-Бир пулга қиммат, машиналар қабристонига олиб бориб ташла,-дейишди.

Лекин унинг ҳам “тобуткаши” ва “гўркови”га пул тўлаш керак экан. Ундан кўра шуларнинг ўзига “бир пул”га бериб юбордик. Кейин битта янги машинани “текинга” сотишди. Савдолашмасдан олдик. Чунки хурсанд эдик, машинани бир тийин ҳам тўламасдан олдикда… Аммо текин дегани ёлғон деганини, айтилган нарх қўлингизга берилган қоғозлардагидан фарқ қилишини билмасдик. Оёқнинг остида янги машина турганда ким унинг қоғозларини инжалаб текширади?  Шуни билишади-да!

Бошқача айтганда, Америкада энг кўп ишлатиладиган ”Текин” деган ёлғоннинг ҳужжатларини ҳурмат-эҳтиром билан қўлимизга тутқазишганини ўшанда илк бор кўрдик.

(Давоми бор).

ЖМ.

Олдинги бўлимлар׃

1.Аэропортдаги “марш-бросок”

2.“Жет лаг”

3.Мерит

4.Пост Меридиан

5.Дуохонлик

6.Тил-туннинг моҳитоби

7.Биринчи машинам

8.Ҳислар туғёни

9. Қарсаклар

4 Responses

  1. […] 10.Ёлғонга ишониш […]

  2. […] 10.Ёлғонга ишониш […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: