Бошқа дунё

9. Қарсаклар

Ўзбекистонда машина ҳайдамаганман. Тўғриси бир марта чамаси икки километр масофага ҳайдагандим. Ўшанда Ориф деган дўстимнинг машинасида Самарқанд туманининг Ражабамин қишлоғидан район марказига борадиган йўлда ҳайдашни машқ қилдик. Катта йўлда машиналар кўп бўлгани учун қишлоқ йўлига ўтдик. Тупроқ кўчадан чангитиб кетаётгандим, бирдан ёзадиган мақолам ҳақида хаёлга толибман, онийдан машина йўлдан чиқиб кетди. Ёнгинамизда катта сой оқаётган эди. “Фургон” ағдарилиб сувга тушди. Машинанинг “оёқлари” осмонда, бизнинг бошларимиз пастда, сувнинг ичида. Кўзимни юмиб олганман. Худди сув остида нафас олмай турган одамдек рақамларни санаяпман. 20, 21… 33, 34… 44, 45… Қандайдир куч мени машина ичидан тортқилай бошлади. Шу пайт ичимга сув ўта бошлади. Нафасим қайтди. Бир пайт ўзимга келсам, бош устимда бир қанча одам. Ориф ҳам бор. Ранги учиб кетган.

-Айтмадимми, ҳеч нарса бўлган эмас,-деб бақирди у севинганидан.

Машинанинг “балони” йўлда ётган учли темирдан тешилиб, онийдан ағдарилганда шу ердаги далада колхозчилар карам узаётган эканлар.

-Ҳалиям шукур қилинг, сув камайган пайти…,-деди колхозчилардан бири.

Улар машинани сувдан чиқариб, балонни “запака”си билан алмаштиришди. Орифнинг уйи шу Ражабамин қишлоғининг ўзида эди. Унинг уйига келиб, кийимларни алмаштириб, бир пиёла чой ичгандан кейин ваҳима босди. Шу бўлдию қайтиб машина ҳайдашга ҳаракат қилмадим.

Мана энди Америкада машина ҳайдашни ўрганмаса ҳаёт йўқ.  Дастлаб табризлик йигитлар билан маҳалла ичида ҳайдаб кўрдик. Лекин бўлмади. “Сергей деган рус йигит бор, бир ҳафтада ўргатади”, деган гапни эшитиб, уни топдик.

Сергей ёш бўлса ҳам ўзини катта олар ва қоидачи экан:

-Биринчи қоида: ҳайдашни бировнинг машинасида ўрганиш мумкин эмас. Бу ер Америка. Иккинчи қоида: машинанинг суғуртаси бўлиши шарт. Суғуртасиз йўлга чиқдингми, албатта авария қиласан. Бу Худонинг ёзилмаган қонуни. Учинчи қоида: аввал DMV (Имтиҳон топшириб, ҳужжат олинадиган идора-ЖМ)га бориб оғзаки имтиҳондан ўтиб келасан. Тўртинчи қоида: менга нақд пул тўлайсан, соатига саккиз доллар. Ҳар куни бир соат ўргатаман ва варантия: бир ҳафтадан кейин DMVнинг ҳайдаш имтиҳонидан кам деганда 90 балл билан ўтасан,-деди у.

“Гарантия” деган сўзни эшитган эдим, аммо “варантия”сини билмасдим. Бу чалароқ гарантия дегани экан.

Айтганини қилдим. Тинмай имтиҳон китобчасидаги савол-жавобларни ёдладик ва бориб топширдик. Қўлимизга “права” олдик. Бу “чала права”. Бу билан мустақил равишда машина ҳайдаш ҳуқуқи йўқ, ёнингизда  “ҳақиқий правали” бир киши бўлсагина сиз ҳайдашингиз мумкин.

Сергейдан ўзим ўрганиб олиб кейин Роҳилага ўргатаман, деган фикр билан унга беш кун учун қирқ долларни олдиндан тўладим. У кечга томон келди ва машинамга миниб олиб газета ўқий бошлади. Мен ҳайрон, қараб туравердим.

-Бир соат вақтим бор, уже беш минути ўтди,-деди у.

-Нима қилишим керак?

-Нима қилмоқчисан ўзи?

-Ҳайдашни ўрганмоқчиман.

-Бўлмаса нега қараб турибсан, ўтир, ҳайда!

Сергейнинг “чапга”, “ўнгга” дегани билан бир шоҳ йўлга чиқиб қолдик.  Юзлаб машиналарнинг орасига кирдик. Рулни маҳкам ушлаб олганман. Роботлардек кетаяпмиз.

Бир пайт Сергей:

-Чапга ол!,- деса, мен ҳам шартта буриб юборибман. Бу катта трассадан биз келаётган шоҳ йўлга чиқадиган бир томонлама йўл экан. Қаршимда  сон-саноқсиз машиналар пайдо бўлди.  Юрак так-пука. Бундай пайтда калима айтишга ҳам тил айланмас экан. Ваҳимада тормозни босиб, “ғийқиллатиб” машинани тўхтатдим.

Сергей:

-Машинани орқага бур,-деди бамайлихотир.

Жуда қийинчилик билан ҳали у томонга, ҳали бу томонга ҳайдаб, машинани буриб олдим. Бошимдан, юзларимдан пишқириб тер оқмоқда.

Машинани бурдиму эшикни очиб, ташқарига чиқдим.

Қаршидан келганлар тўхтаб, кутиб туришган экан. Машинани буриб олишни ниҳоят бажара олганим учун қарасак чалиб юборишди. Ҳар ҳолда улар энди ўрганаётганимни билишганди.

Мен уларнинг қарсак чалганларига ҳайрон, Сергей эса хурсанд׃

-Биринчи синовдан ўтдинг,-деди.

Унинг ана шунақа анча-бунча синовлари ортда қолди ва бир ҳафтадан кейин DMVга бориб имтиҳонни топшириб, машинани “ғизиллата” бошладим. “Қийин жойи йўқ-ку” деб Роҳилага ўргатишга киришдим. Катта йўлга чиқаркан, “Чапга” дедим. У эса ўнгга буриб юборди. Йўл бўм-бўш эди. Бирданига қаршимиздан ўнлаб машиналар чўмолидек бостириб кела бошлади. Бир томонлама йўлга кириб қолибмиз. Қизил чироқда туришган экан. Дод-вой, бақир-чақир билан машинани орқага аранг буриб олдик. Улгурмасак ўлган кунимиз эди.

Орадан беш  йил ўтиб бу воқеани руслардан бирига айтиб берсам׃

-Ўша ерда бўлмабманда, авария қилиш учун қулай вазият пайдо бўлган экан,-деди кулимсираб.

Тушундимки, бунақа пайтда баъзи “шумтакалар” атайлабдан тўқнашиб, бош-оёғини чангаллаб ётиб оларкан. Шу йўл билан суғуртани “соғади”, дунёнинг пулини ундиради. Суғурта эса майдалаб-майдалаб сиздан тортади. Лекин бу Америка. Қармоқни ташлаб қўйиб, узоқ бўлса ҳам кутади. Кўза кунда эмас, кунида синади. Балиқ сузади, сузади, қармоқ илинган жойини узади. Бу Американинг қонуни.

Телевизорда ҳозир шунақаларни кўрсатиш модага айланган. Биттаси аварияда “Белим букилиб қолди” деб ишга бормай, суғуртадан пулни жарақлатиб олибди. Пойлашса, уйига мебел ташимоқда. Видеога олишибди. Бошқасини эса, ростманасига кўринсин, деб дўхтир соғ жойини кесибди. Дўхтирнинг ўзи қармоққа илингани учун сохта жарроҳлик видеога тушиб, ҳалиги “шумтака шофер” ҳам қўли кесилиб, ҳам ўзи кесилиб кетди.

Бундай қонунга хилоф ишларни асосан четдан келганлар қилишади. Пул топишнинг осон йўли деб ўйлашади. Лекин қармоққа илиниб турганларини билишмайди. “Илинсам ҳам ўз юртимдаги каби қўл билан битмаган иш пул билан битади, делони ёпиб юбораман” деб ўйлашади. Билишмайдики, бу ерда орага ҳатто президент ҳам киролмайди.Бунинг устига муҳожирлар ҳақида ёмон фикр уйғотишади ва ўз умрларига завол бўлишади.

Портландда бир фаластинлик йигитнинг тақдири ҳақида гапириб беришди. Унинг қўлида “Грин картаси” бўлиб,  йилда бир марта АҚШга келиб машинада кўчаларни айланиб юраркан. Бойроқ,  кекса одамни кўриб қолса, олдига ўтиб, бирдан тормозни босаркан. Орқа томондан урган айбдор. У шу зайл суғуртадан катта пулни ўмариб, яна Фаластинга кетаркан. Бир сафар келганида қимматбаҳо машина минган бир кишининг  нотўғри жойдан бурилаётганини кўриб қолибди. Газни босиб унинг ёнидан “туртибди”.Шофер машинасидан югуриб тушиб, ўзини жароҳат олганга уриб ётган фаластинлик йигитни ва  унинг шерикларини ҳам отиб ташлабди. Ёнидагилар унинг отаси, онаси ва акаси экан. Тергов жараёнида маълум бўлса, у саккиз марта шунақа “авария” қилибди. Қонуннинг кўзидан қочса ҳам Қонунийнинг кўзидан қочолмайди, дегани мана шу.

Бечора, қимматбаҳо машиналарни  фақат бойлар эмас, жиноятчилар ҳам минишини билмаганда!. Дарвоқе, фақат жиноятчи эмас, аксар одам қуролини машинасида олиб юради. Шунинг учун қоидаларни бузганда буни ҳам назарга олиш керак. Ўзимиз яшаб турган жойда бир воқеа юз берди. Кўк чироқ очилиб, олдинги машина секин жилган экан, орқадаги “бабиллатиб” сигнал бераверибди. “Тошбоқа юриш қилган” шофер шартта машинасини тўхтатиб, сакраб тушибдида “сигналчи”ни отиб ташлабди. Хотини билан жанжаллашиб келаётган экан, аламини “сигналчи”дан олибди.

Ҳали алоҳида бир бобда тўхталадиганимиз, йўл қоидалари билан бирга ана шунақа “қўзиқорин қоида”ларни ҳам билиш керак. Америкада инсоннинг кўп вақти машина билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам бу масалада лоқайд бўлса,  “лиқиллаб” қолиши аниқ.

Хуллас, биринчи машинамизни эсон-омончилик билан тўрт ой миндик. Бир неча марта Портланддан Тинч океани соҳилларига қадар ҳам бориб келдик. Гарчи эски бўлсада яхши чиққани, фойда “ташлаб кетгани” билан ҳозир ким маслаҳат сўраса, “Эскисига эгилма, янгисини ол!” дейман. Бунинг ҳам сабаби бор.

(Давоми бор).

ЖМ.

Олдинги бўлимлар׃

1.Аэропортдаги “марш-бросок”

2.“Жет лаг”

3.Мерит

4.Пост Меридиан

5.Дуохонлик

6.Тил-туннинг моҳитоби

7.Биринчи машинам

8.Ҳислар туғёни

5 Responses

  1. Туркистон диёри олис юрт бугун…
    (Жаҳонгир Муҳаммадга бағишланган)

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Аламлар тутқазди қўлимга қалам,
    Такрор ҳижрон этар кўнглимда исён,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Ғанимлар кўпдирлар атрофда бугун,
    Дўстларга жой қолмас улар армонда,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Қодирий, Фитрату Чўлпон яна бириси,
    Олисда кўзи мунг Жаҳон Муҳаммад,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Танада қолгандир орзу умидлар,
    Кўкармай сўлган бу ташна кўнгиллар,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Ўз қалбинг ўзингга ишонмай боқар,
    Чироғингда бошқалар оловин ёқар,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Оғанг ила ининг душманга ёрдир,
    Бу орада жой сенга ҳам бордир,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Қайтариб аламлар айтади азон,
    Ўлай дейсан, ўлолмай нолон,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мен шоир эмасман аммо не қилай,
    Туркий қавмларнинг туркий қавми бу,
    Қай қавм шундайдир – тарқоқ қавм бу,
    Туркистон диёри олис юрт бугун.

    Мистер Қалампир
    http://zamondosh.blogspot.com/2012/10/blog-post_1858.html#more

  2. […] 9. Қарсаклар […]

  3. […] 9.Қарсаклар […]

  4. […] 9.Қарсаклар […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: