МАРАТУ
Самонийларнинг тўнғичи бўлган ҳукмдор тоғ этагида яшаган Мазанги қабиласининг бойликлари қоялар остидаги ғорда эканлигини тахмин қиларди, аммо бу ғорнинг оғзи қаердалигини билмасди. У қабила бошлиғини, унинг аёлини ҳар қанча қийнамасин, бирор гап ололмасди. Уларнинг икки ўғли бор эди. Бири қийноқларда жон берди, иккинчиси эса ҳукмдорнинг оёғини ўпди. Унинг пулга, мансабга ошиқлигини сезган ҳукумдор аврай бошлади:
“Сени қабилага раис этиб тайинлайман. Бойликлар қаерда эканлигини айтсанг, бас. Ярмини сенга қолдираман.”
”Отам Мурунта тоғидан олтин кони топганди. Ана шу олтинларни ғорларга яширди. Кириш йўлларини ҳатто бизга ҳам кўрсатмади”.
”Наҳотки, ҳеч кимнинг хабари бўлмаса?”
”Кундуз кунлари отам олтинларни қояларнинг этагига қадар ташитарди, кейин ярим тунда онам билан уларни қаергадир олиб бориб яширарди. Бизга эса бу олтинларнинг ғорларга яширганини ва уларни мерос қолдиражагини айтарди.”
”Дунёда қандай қийноқ, қандай исканжа бўлса отангга ва онангга қарши қўлладим, лекин миқ этишмади. Мен эртага эрталаб узоқ сафарга кетаман, агар сен бу ишнинг уддасидан чиқсанг нафақат бу қабиланинг, балки қўшни қабилаларнинг ҳам хирожини теришни сенга топшираман.”
”Ғор оғзини билса-билса онам билади. Лекин унинг бардоши отамникидан ҳам юксак. Ўлдирсангиз ҳам бир сўз олиш қийин.”
”Аёл зотидан гап олишнинг йўллари кўп. Сен отангга жуда ҳам ўхшайсан. Гавданг, товушинг, кўринишинг қуйиб қўйгандек отангникига ўхшайди. Ярим тунда онангнинг қўйнига кирасан. Унга ҳукмдор бошингга урганини, ҳамма нарсани унутганингни айтиб, ғорнинг оғзига олиб борадиган йўлни сўрайсан.”
”Барибир айтмайди. Бунинг устига мен онамнинг қўйнига киролмайман.”
”У ҳолда укангга ўхшаб қийноқнинг қули бўласан. Аввал кўзингни ўйиб оламан, кейин бармоқларингни кесаман. Сўнгра эса шакар томирингга чўғ босаман. Танла, бу азоблар яхшими ёки қабиланинг раиси бўлиш-ми? Истасанг, фармонни ва олтинларнинг ярмига эгалик қилишинг ҳақидаги қароримни ҳозироқ чарм терига ёзиб, қўлингга берай. Белингга боғлаб ол. У сенга куч беради.”
“Онам барибир айтмайди.”
“Оқшом онангни сўроқа чақириб оғзига шароб тўкамиз. Сен қоронғуда унинг қўйнига кирасан. Уни эркалайсан. Нозик туйғуларини жунбушга келтирасан. Мени лаънатлайсан. Бу азоблардан яқин орада қутилишини қулоқларига шивирлайсан. Бутун истакларини қондирасан. Ана ундан кейин олтинлар ҳам, мансаб ҳам сеники.”
Марату хукмдорнинг айтганини қилди. Онасидан ғорга олиб борадиган йўлни ўрганиб, чодир ташқарисида пойлаб турган ҳукмдорнинг ёнига югурди.
”Сен мард бола экансан. Менга кўп фойданг тегади. Бу қабилага раис қилиб қўйсам, ноинсофлик қилган бўламан. Сени ўзимга хазинабон этиб тайинлайман. Халқдан солиқ йиғасан.”
”Қуллуқ, қандай амрингиз бўлса, ҳаммасини бажараман.”
”Ундай бўлса ота-онангни йўқот. Ўғли билан ётган она бошқалар билан ҳам ётади. Отанг эса сенга душман бўлади. Чунки мен билан бирга бўлишингни хоинлик, деб ҳисоблайди.”
Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек, Марату қилмиши ҳам халқ орасида тиллардан тилларга кўчиб юрди. Маратунинг девонбеги бўлгани, ундан кейин Бош вазирга қадар юксалгани пайтида одамлар бу мудҳиш воқеа ҳақида овоз чиқариб гапиришга қўрқишарди. Аммо бир кун ҳукмдор халқнинг олдига чиқиб:
-Мен Маратуни ҳалол, пок инсон, деб билгандим. Унинг ота-онаси ва укасини ўлдиришгач, бу оилага ёрдам қилмоқчи бўлдим. Бу болани Бош вазирликкача кўтардим. Лекин ўлимга ҳукм этдим. Чунки у бир пайтлар ўз онасининг қўйнига кирган экан. Буни эътироф этди. Шу боис Маратунинг жасади бутун қиш бўйи дорда осиғлик туришини буюраман. Ҳамма бундан ибрат олсин. Бу нафақат хоиннинг жазоси, балки бу ярим тунда алданган онанинг қарғиши ҳамдир, – деди.
Одамлар ҳукумдордан қўрққанлари учун “Уни бу ишга сен бошлагандинг. Иккаланг ҳам лаънати шайтоннинг дарсини олгансан” деб айтишолмади. Аммо “Марату” афсонаси эллардан элларга, йиллардан йилларга кўчди. Ривоятга айланиб яшади. Кимдир бу ривоятдан дарс олди, кимдир ўз билганидан қолмади…
ЖМ.
(“Қувғин” романидан).
Filed under: Rivoyatlar |
Leave a Reply