Шоир Омон Матчон бир шеърида “ҳали бирор бир ўзбек Ўзбекистондан кўчиб кетган эмас,” деб ёзсада, бу шоирнинг ҳис-туйғуларини англатгувчи ифодадир. Аслида эса айрим ўзбеклар тарихнинг ўйинлари ва давр зулми туфайли бир неча маротаба ўз киндик қонлари оққан она тупроқларини қолдириб, чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.
Масалан, Чор Россияси Ўрта Осиёни забт этган пайтда Туркистон зиёлилари сафида бир қанча ўзбеклар ҳам чет элларга кетдилар.
Биринчи жаҳон урушидан олдин эса Россия орқали кўчган 150-200 ўзбек оиласи Измирнинг Урла деган қисмида жойлашган. Бу жойнинг расмий номи Ўзбек қишлоғидир. Бу ерда истиқомат қиладиганлар ўзларини “бухороликлар” деб ҳам аташади.
Сўнг “босмачи” дея тамға урилган даврда ҳам жуда кўп ўзбеклар ҳижрат қилиш мажбуриятида қолдилар. Улар Ғарбга эмас Шарққа қараб интилдилар. Яъни Афғонистон, Покистон, Шарқий Туркистон заминларидан бошпана топдилар. Ҳатто Ҳиндистонга кетишди.
Дунёнинг ҳар ерида зулм қаршисида қолган ўзбеклар аста-секин Туркияга кела бошладилар. Кейинчалик, бу ердан Саудия Арабистонига кетганлари ҳам вақт ўтиши билан яна қайтиб келдилар. Улар асосан Туркиянинг Истанбул, Коня ва Адана вилоятларида жойлашдилар.
Истанбулда Туркиядаги ўзбекларни бирлаштиришга уриниб келаётган “Туркистон жамияти” бор. Уни турк ўзбеклари орасидан етишиб чиққан машҳур жарроҳ профессор, доктор Аҳад Андижон бошқаради.
Бугун Истанбулнинг қайси бир тижорат марказига бормасангиз, бир ўзбекка дуч келасиз. Ҳеч бўлмаганда қаршингиздан “Ўзбек отели” ёки “Ўзбек дўкони” сингари ёзувлар чиқиб қолади.
Туркияда ўзбеклар Ўзбекистонни рус асоратидан қутқариш йўлида доим ўз сўзларини айтиб келдилар. “Туркистон” деб номланган журнални турк ва инглиз тилида чоп этиб, ўзбек халқининг дардини дунё жамоатчилигига етказиб турдилар. Измирда Бурҳониддин Самарқандий, Истанбулда Солиҳ Ойнурал, Маҳмад Юлдуз каби ўнлаб ўзбеклар илм, тижоратда, миллий кураш жабҳасида танилдилар.
Бугун Туркияда ўзбек палови кенг ёйилгандир. Туркистонликлардан тортиб, қозоғу қирғизларга қадар бир маросим ўтказсалар, албатта ўзбек паловини пиширадилар. Бугун ҳатто қрим турклари ҳам тўй-тамошаларида шу анъанани қўллай бошладилар. “Ўзбекларни ўзбек оши бирлаштиради” деган гап “Туркларни ўзбек оши бирлаштиради”га айланиб бормоқда.
1982 йилда афғонистонлик тўрт минг беш юз киши Туркиядан бошпана суради. Буларнинг аксарияти ўзбеклар эди. Улар Туркиянинг Тоқат, Қайсари ва Урфа вилоятларига жойлашдилар. Бугунга қадар Афғонистондан кўчиб келган ўзбекларнинг сони олти – етти мингдан ошади.
Туркияга келган ва Истанбулнинг Зайтунбурни деган туманида яшовчи Абдурашид Ёрқин “Ҳалигача ҳеч ким биздан қаерликсан, деб сўрамади. Ўн уч йилда етти фарзандимиз туғилди ва Туркия бизнинг Ватанимиздир,” дер экан, бошқаларнинг ҳам фикрини ифода этади.
Кейинги йилларда ҳам Туркияга бир қанча ўзбеклар кўчиб келди. Уларнинг аксарияти Қирғизистон, Қозоғистон орқали келиб яшамоқдалар.
Туркияда ўзбеклар билан суҳбатлашсангиз, фақат битта ташвиш борлигини, у ҳам бўлса Ота Ватанлари Ўзбекистонга бориб-келиш қийинлигини айтадилар. У ердаги режимдан нолийдилар.
Сўнг эса бирлаша олмасликдан сўз очадилар. Қон-қонимизга сингиб кетган маҳаллийчилик бу ерда ҳам яшамоқда дейдилар. Тошкентликлар, андижонликлар, самарқандликлар, бухороликлар… ликлар-ликлар… Туркистон не ажабки, “…ликлар”га айланиб кетган. Ҳатто хорижда ҳам.
Ўзбеклар ўзбеклар билан бирлашишдан кўра, бошқа бўй, бошқа қавлар билан тезроқ бирлашиб кетар эканлар. Буни Туркия мисолида ҳам кўриш мумкин.
Руслар улусни босмачилар дея қатлиом этган вақтда Туркистондан еттита боласи билан йўлга чиққан Ҳалима момо Истанбулга етгунга қадар олти боласини ерга кўма-кўма борган экан. Фақат бир боласини бағрига босиб қолган она бугун сон-саноқсиз невара-эвараларнинг момоси эканлигини ўқиб қолдим. Ким билсин, тутдай тўкилган Туркистон ҳам бир кун келиб ана шундай ўз-ўзидан кўпаяр? Яхши орзуга нима етсин?!
(“Озодлик” радиоси, 1995 йил, Сентябр).
ЖМ.
Filed under: Turkiya turkumi |
Ergash Shermat(Buloqboshi)
haqida nimalar bilasiz.
U amerika ovozida ishlagan ekan.
Kolumbiya universitetlarida ma’ruzalar o’qigan,qolaversa siyosatchi…
Va ikkinchi jahon urushi askari..?
Etirom ila shohi darvesh. (rustam,o’zbekcha dars muallifi)